АФСОНАГА БУРКАНГАН “ХИСЛАТЛАР”

TURNALARparvozi1Инсон манзараси

Биз кундалик турмушимизда фурсатнинг етишмовчилигидан ҳамиша нолисакда, лекин кунига ўртача 7-8 соат вақтни уйқуда ўтказамиз. Шифокорларнинг айтишича, инсон ҳаётининг учдан бир қисми уйқуда кечар экан. Нега бундай? Уйқу ўзи нима? Бу жумбоқ асрлар мабойни инсон шуурини банд қилиб келади. Бу муаммонинг илмий ечими борми? Ярим аср муқаддам сомнология деб аталмиш янги фан вужудга келди. Бу фан уйқу сир-синоатларини ўрганади. Ҳозир жаҳондаги қатор мамлакатларда махсус сомнология марказлари мавжуд. Бу борада Москва ва Бутунроссия сомнология илмий марказининг раҳбари профессор Александр Вейннинг уйқу ажойиботлари хусусида журналист Ольга Ганеева билан қилган суҳбати жуда қизиқарлидир.

БОРЛИҚДАН ЎЗИНГНИ АСРА

-Уйқу ҳамиша сир-синоатларга бой ҳодиса ҳисобланиб келинган. У ҳақда тўқилган афсоналар, уйдирмаларнинг саноғига етиб бўлмайди. Наҳотки, энди синоатлар қолмаган бўлса?

-Сир йўқ бўлган эмас. Буни “Уйқу нима учун керак?” деган саволданоқ пайқаш мумкин. Уйқунинг чарчоқни йўқотиш учун кераклигини инсон ўз тажрибасидан яхши билади. У ҳолда мана шу саволни беришга ижот этинг: уйқу жараёнида нима дам олади? Мушакларми? Бироқ уларга бироз ўлтириш ёхуд чўзилиб олиш билан ҳам дам берса бўлади. Юракми? Юрак бундай ёрдамга мухтож эмас. Унинг дам олиши бошчақа йўсинда “ташкил” қилинган. Мия ҳужайраларими? Маиший маънода мия ҳужайралари буткул дам олмайди.

-Хўш, бўлмаса нега биз олтмиш йиллик умримизнинг йигирма йилини, етмиш йиллик умримизнинг йигирма беш йилини уйқуда ўтказамиз? Бу ўта исрофгарчилик эмасми? Уйқу инсонга даставвал ўзини борлиқдан муҳофаза қилмоғи, асрамоғи лозим.

-Башарти ташқи олам инсонга ғанимдек туюлса, у ҳолда унинг борлиқдан ўзини оз фурсатга бўлсада, четга олмоқ, ундан қутилмоқ учун интилишини тушунса бўлади. Аммо ташқи олам билан тўла уйғунликда яшаётган бахтиёр инсонлар учун бундай узоқ дам олишнинг нима ҳожати бор?

– Инсон мияси томонидан қабул қилинган бутун ахборот уйқу жараёнида қайтадан ишланади. Биз онгимизнинг чуқур қудуқларига шунғиб, у ердан ғоя ва фикрлар ҳосил қиламиз. Яна нимани оламиз? Ҳимояни. Уйқу – инсон учун энг муҳим руҳий ҳимоядир.

Эсланг, баъзан шундай ҳам бўлади, кечқурун ҳамма нарса жонга теккандек, ёмондек, беҳоловатдек туюлади, аммо тонг отиши биланоқ яшамоқ истаги сизни яна ҳаётга чорлайди. Кундузи ёруғлик сизга яхши кайфият, куч-қувват бағишлайди, сиз энг мушкул вазиятдан ҳам чиқиб кета оласиз. Хитойликлар: уйқу – даъфи бало деб бежиз айтишмаган.

Уйқу –онгсиз равишда кечадиган ҳаётимиз шаклларидан биридир. Онг – кўчма мустоғ чўққисидир, холос. Мустоғнинг сув остига яширинган қисми кўзга ташланмайди. Бизга бутун руҳий фаолиятимиз гўё онгли равишда кечаётгандек туюлади. Ҳақиқатда эса бундай эмас. Инсон руҳиятининг ичкариликка яширинган жуда муҳим қатламлари мавжуд бўлиб, улар бутун ҳаётимизга катта таъсир ўтказади.

-Инсон руҳиятининг пинҳоний қатламларига фақат уйқу маҳалида, уйқу ёрдамида кириш мумкин эканда?

-Бошқа йўллари ҳам бор – уларни буюк Зигмунд Фрейд топган. З.Фрейднинг даҳолиги, шунингдек, унинг ҳукмдорлар – мамлакат, олам, Коинотни бошқармоқ пайида бўлган одамлар нафратига, адоватига дучор бўлганлигининг сабаби ҳам мана шундадир. Бундай “корчалонлар” онгдан ташқарида бу қадар кўп қатламлар борлигини сира “ҳазм” қила олмайдилар. Зеро “булар”га ҳукм ўтказиб бўлмайди. Бунинг устига “унга” умуман таъсир ўтказиб бўлмайди.
“Ҳақиқий инсон сийратдадир” деган Фрейд. У мана шу ички олам сари йўл излади ва бу йўлни топишга мушарраф бўлди. Биринчи йўл – руҳий таҳлилдан иборат. Иккинчи йўл – оғзаки ва ёзма йўсиндаги тасодифий (тасодифиймикин?) хатоларни, янгилишларни таҳлилдан ўтказиш. Бундай хатолар умумлаштирилса, жуда қизиқ манзара ҳосил бўлади. Бу манзарадан кўп нарса билиб олиш мумкин.

Бундан ўша нарса сийратда, онгдан ташқари оламда мавжуддир, деган маъно келиб чиқади. Сийратда эса маданий, ижтимоий ва бошқа “либослар”га бурканган ёнғин алангаланаяпти. Ёнғин чиндан ҳам мавжуд. У ташқарига чиқмоқчи бўлаяпти. Ташқарига чиқа олса, дуруст. Акс ҳолда асабийликни, зиқналикни кутаверинг.

Биз шу ўринда яна уйқуга қайтамиз. Чунки худди мана шу жараёнда онгдан ташқари ҳолат яққол намоён бўлади. Фрейд тушни “онгдан ташқари олам сари элтувчи шоҳона сўқмоқдир”,- деб бежиз айтмаган.

 

УЙҚУ БИЛАН ДАВОЛАШ ЁХУД УЙҚУНИ ДАВОЛАШ

-Болалигимида бувимнинг “Ухла! Уйқу ҳамма дардлардан фориғ қилади”, дегани ҳамон эсимда. Одам уйқуга қонса, чиндан ҳам ўзини тетик, бардам ҳис қилади. Лекин бунинг акси ҳам бўлади. Ўрнига ётаётганида соғ бўлган одам, уйқудан касалланиб туради. Нега бундай?
-Уйқуни ҳамма анрсага даво деб билиш тўғри эмас. Бир вақтлар ҳамма дардни уйқу билан даволашга ружу қилинган. Бу нарса бизда, айниқса, 40-йилларда жуда хунук тус олган.
Павлов таълимоти бузиб талқин қилинган бу даврда ҳамма шифохоналарда уйқу билан даволаш усули жорий қилинган эди. Деразалари қалин парда билан қопланган қоронғу палаталарда беморлар икки-уч ҳафталаб ётишган. Уларга кунига тўрт мартадан уйқу дориси ичиришгани ҳали -ҳали ёдимда. Бу соғлиқни тиклаш эмас, аксинча уни барбод қилиш эди.
Тўғри яхши уйқу кимгадир фойдали, бу унинг учун даводир. Лекин бошқа усуллар ҳам мавжуд. Масалан, уйқудан маҳрум қилиш йўли билан ҳам даволаш мумкин.

Энди тиббиётнинг янги тармоғи – уйқу тиббиёти яратилганидир. Даволашга оид тиббиёт дарсликларида баён этилган қоидаларнинг ҳаммаси инсон уйғоқлигида юзага чиқадиган касалликларга тааллуқлидир. Аммо шу нарса кўпдан маълумки, юрак инфаркти, мия инсульти, мигрен, тутқаноқ, нафас буғилиши сингари оғир дардлар тунда – уйқуда ҳам содир бўлиши мумкин. Битта номдаги бу касалликлар содир бўлиш вақтига қараб икки тоифага бўлинади. Масалан, бедорлик ва уйқу ҳолатидаги юрак инфаркти. Аниқланишича, бу хасталиклар пайдо бўлиш вақти билан белгиланадиган ўз хусусиятига эгадир. Шу боис кўп ҳолларда уларни даволашга турлича ёндашиш талаб қилинади.

-Мен яқинда ташвишли бир рақамга тўқнаш келдим – инсониятнинг нақ ярми ўз уйқусидан мамнун эмас экан.

-Сал камроғи – қирқ беш фойизи. Бироқ шунинг ўзи ҳам нохушдир. Ахир, гап бу одамларнинг эртанги иш қобилиятлари устида бораяпти. Агар булар ҳайдовчилар, учувчилар бўлишсачи? Ёмон уйқу улар хизматлари учун хатарлидир. Бу нафақат улар учун, балки улар хизматидан фойдаланувчи бошқа кўплаб бошқа кишилар ҳаёти учун ҳам хавфлидир. Бугун бу муаммодан бутун дунё ташвиш чекаяпти.

-Шундай хатарли вазият мавжуд бўлишига қарамай, билишимча, Москвада бор-йўғи битта уйқу клинникаси фаолият кўрсатаяпти.

-Тўғри, айтдингиз. Москвада бир неча йиллардан буён 33- шаҳар шифохонаси биргина махсус сомнология ишлаб турипти. Бутунроссия сомнология марказини ташкил қилиш ҳақида соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи ҳам чиқарган эди. Аммо бу денгиздан бир томчидир, холос.Қиёслаш учун мана бу рақамларни келтираман: Германияда 100 та, АҚШда эса 500 та уйқу маркази мавжуд.

-Александр Моисеевич, сиз “уйқусизлик” сўзини ёқтирмайсиз. Шу боис анча аниқ атама – инсомния атамасини ишлатамиз. Лекин қандай номда аталишидан қатъий назар бу миллионлаб одамларни азобловчи ниҳоятда мудҳиш бир ҳолатдир. Унинг манбаъи қаерда?

-Уйқу бузилишининг таснифи 15 пунктдан иборат. Энг асосийси битта: бу руҳий носозлик, зиқналик (депрессия), хавотирликдир. Яхши ухламоқ учун ички хотиржамлик даркор.

Сиз тунни соатлаб бедор ўтказувчи одамларнинг азобидан ташвишлансангиз, мен шифокор сифатида кўпроқ бошқа нарсадан – уйқунинг бузилиши оқибатида у ёки бу дарднинг кундузи эмас, балки тунда уйқуда содир бўлиб қолишидан хавфсирайман.

 

АФСОНАГА БУРКАНГАН “ХИСЛАТЛАР”

 

-Профессор, Сиз китобларингиздан бирини “Ҳаётнинг уч қисми” деб номлагансиз. Бу шунчаки бадиий истиорами ёхуд ҳаётга нисбатан ўз қарашингизми?

-Униси ҳам, буниси ҳам дейиш мумкин. Бу шу маънодаки, уйқу одамга биз ўйлагандан кўра кўпроқ бардамлик бахш этади. Буни айниқса, санъат аҳллари нозик ҳис этганлар. Кафкани, Жойсни, мен севган Герман Гессни, кинонинг буюк ижодкори Феллинини эсланг. Улар ўз қахрамонларининг уйқу ва тушларини бадиий асарлар мазмунига моҳирона сингдирганлар. Адабиётда тушдаги образлардан нимадир муҳим нарса хақида мукаммал тасаввур бериш учун фойдаланилган, шу усул воситасида воқеалар, улар содир бўлаётган муҳит, вазият хусусиятлари кенг ва таъсирчан гавдалантирилган. Буни Лев Николаевич Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарида айниқса, яққол кузатиш мумкин. Асар қахрамонлари: князь Андрей, Наташа ва Петя Ростов тушларининг ёзувчи томонидан берилган тасвири ўқувчини лол қолдиради.

Уйқу пинҳоний, сирли ҳаётимизнинг ажралмас бўлагидир. Кўз ўнгимизда кейин намоён бўладиган нарса кўпинча дастлаб худди мана шу ерда шаклланади.

– Айримлар биз мутлақо туш кўрмаймиз, дейишади. Мен умр бўйи “шохона сўқмоқларни” четлаб, айланма жин кўчалардан, тентираб юрувчи бундай одамларга жуда ачинаман.

– Ачинмаса ҳам бўлади. Зеро дунёда шундай одамларнинг ўзи йўқ. 60 йил яшаган одам ўз умрининг йигирма йилини ухлаш ва беш йилини туш кўриш билан ўтказади. Ҳамма гап тушларни эслай олишликда.

– Мутлақо ухламайдиган кишилар хақидаги хабарлар хусусида нима дейсиз?

-Бир вақтлар ҳеч қачон ухламаган бир француз савдогари хақида хабар тарқалган эди. Сўнгра бир неча йил мобайнида ухламай яшаган югославиялик дехқон тўғрисида эшитдик. Бизнинг мана шу “бедорлар” билан учраштириш тўғрисидаги илтимосларимиз натижасиз қолди. Шахсан мен бундай кишиларни ўз кўзим билан кўрган эмасман. Айтмоқчи, француз руҳшуноси Пьерон шу муносабат билан бундай деган: “Доимо ухлайдиган одамгина ухламайди”.

 

МЕНДЕЛЕЕВ ЖАДВАЛИ ҲАМ БЎЛМАС ЭДИ.

 

Сеченов “туш мислсиз уйғунликдаги оддий таассуротлардан иборатдир” деган. Башарти, ҳамма нарса мана шу “оддий таасуротларга” бориб тақалса, у ҳолда тушда кашфиётлар вужудга келмаган бўлур эди. Ваҳоланки, Вагнер, Чайковский, Гете, Толстойлар уйқу маҳалида ўзларида аллақандай ижодий кўтаринкилик пайдо бўлгани тўғрисида ёзганлар…
-Маяковсий билан ҳам шунга ўхшаш ҳайротомуз ҳодиса юз берган. У “Шеърни қандай ёзиш керак” деган мақоласида бундай ҳикоя қилади. “Мен сўққабош бўйдоқ одамнинг севимли машуқасига нисбатан меҳри, шафқати қай тарзда номоён бўлиши хақида икки кун ўйладим. У ўз машуқасини паноҳида қандай асрай оларкан? Бу савол менга ҳечбир тинчлик бермади. Лекин дурустроқ бирор нарса ўйлаб тополмадим. Учинчи куни бошим оғриб, шу ҳолатда уйқуга чўмдим. Тунда бунинг таърифи топилди: “Мен сенинг жисмингни урушда мажруҳ бўлган, хеч кимга кераксиз, нотавон бир аскар омон қолган якка оёғини қандай эҳтиётласа, сени ҳам шундай асрайман”. Мен уйқу аралаш ўрнимдан сакраб туриб, оловдан учи қорайган гугурт чўпи билан папирос қутиси устига тун қоронғусида: “Якка оёқ” деган сўзларни ёзиб, яна уйқуга кетдим. Эрталаб папирос қутисидаги “Якка оёқ” ёзуви нимани англатишини, бу ёзув қаердан пайдо бўлиб қолганини тушуниш учун роса икки соат бошим қотди”.

Менделеевнинг даврий жадваличи? Агар у ухламаганда бу жадвални кашф қилмаган бўлар эканда?

-Жуда мумкин. Биз биламизки, буюк Менделеев тушида кимёвий элементлар атом оғирлигининг камайишига қараб эмас (Менделеев аввал шундай қилган), балки кўпайишига қараб жойлашган жадвални кўрган.

Август Кекуле бензол формуласини устида узоқ бош қотирган. Бир кун у тушида бир-бирига чирмашган маймунларни кўрган. Эрталаб уйғонгач, ўзи кўпдан бери кутаётган формулани қоғозга туширган.

Мен бир суҳбатимда тушдаги кашфиётлар хақида тўхталган эдим. Суҳбат матбуотда босилгач, ёшлардан юзлаб хатлар келган. Хатларнинг қарийб ҳаммасида: “Тушда қандай кашф қилиш мумкин?” -деган савол қўйилган эди. Мен: тушдаги кашфиётга фақат бир тоифа – хаёли ҳамиша ўзи қизиқаётган ғоя, муаммолар билан банд бўлган одамларгина муяссар бўла оладилар”,-деб жавоб қайтарганман.

-Уйқу, биз энди буни билиб олдик, миянинг энг муҳим вазифасидир. Уйқунинг келиши муқаррар. Лекин баъзан: қани энди у тезроқ кела қолсайди, деб орзиқамиз…

– Тўғри, одамлар бу хусусда тез-тез маслаҳат сўрайдилар. Лекин ҳамма учун бирдек асқотадиган ягона, тавсия йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бунга доир умумий кўрсатмаларгина мавжуд: уйқу олдидан асабни бузмасликни, ақлий ёки асаб қўзғайдиган бирон бошқа юмуш билан шуғулланмасликни, аччиқ чой ёки қаҳва ичмасликни маслаҳат берамиз.
Ҳар кимнинг яхши ухлаш учун риоя қиладиган ўз амали бор. Кимдир асал қўшилган бир стакан сут ичиб, ширин уйқу оғушига чўмади, кимдир уйқу олдидан илиқ ванна қабул қилишни маъқул кўради, баъзи бировлар тоза ҳавода сайр қилиб, сўнг ёстиққа бош қўядилар. Бошқаларнинг ҳам бу борада ўз шахсий сир-синоатлари мавжуд.
Бироқ, бу тўғрида шунчалик қайғуриш зарурмикан? Уйқу бамисоли кафтимизга қўнган бир қушдир. Уни тутмоқчи бўлганимиз замоноқ пир этиб учади-кетади.

“ШАРҚ ПРЕСС-ТИЖ” ҲАФТАНОМАСИНИНГ 1998-ЙИЛГИ СОНИДАН

Абулфайз БАРОТОВ тайёрлади.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn