Икки асар ҳақида мушоҳада

umid xolliyevУмид Холлиев

Мурод Карим (Човуш) асарлари.

“Қора денгиз” – асар жуда оғир ўқилади, бир қарашда жуда мураккаб, фикрлар узуқ – юлуқ ва воқеалар маълум бир ғояга қаратилмагандек гўё. Аслидачи, аслида эса асар тўлалигича онг ости воқеаларини тафтиш қилишга қаратилган савол – жавоб, инкор, мушоҳада ва яна савол ва яна жавоб шаклидаги ички монологдан иборат. Фикрлар худди мана шундай назорат остида асар сахифаларига жойлаштирилган. Асарни шу жиҳати билан инсон онгини юксакликка интилиши деб ҳам баҳолаш мумкин. Аммо фикрлар орасидаги бўшлиқлар ўқувчини мушоҳадага чорлаш билан бир қаторда ўқишни оғирлаштиради . Воқеалар ҳар бир инсон онгида кечадиган ҳаёллар каби вақт ва замон бўйлаб эркин сузади ва бир-бирига маънолар кетма-кетлиги билан бирикмайди. Уларни боғлайдиган умумийлик шуки, улар бир одам яъни инсон ички оламини гўзаллик ва ахлоққа чорлаётган инсон қули билан бир ипга тизилишида. Фикримни соддалаштираман. Ж. Румийнинг бир ҳикмати бор: “ Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл”. Асар инсоннинг ана ўша “аслини” уларни аёвсиз тафтиш билан бездириб, мохиятни очишга уринишлари билан онг ости нуқсонларидан узоқлаштиришга интилади. Ўқувчини шу усул билан ўз ботини билан ҳисоблашишга мажбурлайди. Яъни “ҳар бир одам ўзини кўриш учун ойна ясаши керак”. Ҳолбуки, бутун бошли жамият илоҳий ҳукмлардан узоқлашиб афтини бошқаларга хунук кўрсатмаслик пайида.

“ У гўзал ва улуғ. Унинг дўсти дунёнинг гўзал одами. Эслаб йўл юраман. Коинот битта ишқ достони.”

Ижодкор томонидан хар бир воқеанинг тасвирида ана шу “ишқ достонинга” кўп марталаб мурожаат қилиниши асарга яна битта умумийликни туҳфа этади. Тасвирлар мавжуд воқеаликлар билан хаёлан солиштирилади, талвасага, тушкунликка тушилади. “ Бу тушдан уйғонса бўлади, -деб ўйлайди – мени унда кўриб қўйган тушимнинг ваҳимаси билан қандай, қандай аҳволда кун кечирасан?” У кўзини ердан кўтаргиси келмади. “Шу ҳолат тинмай давом этса” -деб ўйлайди. Сўнг дарё оқимини эслай бошлайди: орқага қайтиб бўлмайди, олдинга юриб, ўнга ва чапга ҳам бир жойда туриб, яшаб ҳам бўлмайди.

Мана шу нуқтадан бошлаб ёзувчининг адабий мухит, цензура, ижодкорнинг қадр- қиммати ҳақидаги мулоҳазалари бошланади.
ХХ аср инсониятни мудом ядро қутқулари билан қўрқитиб келган бўлса, янги аср бошлаб келган муаммолар кўлами ундан ўн чандон ортиб кетди. Глобал даражага кўтарилган очлик, диний экстремистик оқимлар, турли хил мафкурафий хуружлар. Бу муаммолар адабиёт ва хукуматнинг қайғуришлар кўлами орасида тафовутни келтириб чиқараётгандек гўё. Мамлакатни издан чиқаришга, тинчликка рахна солишга қаратилган бу оқимлар, мафкуравий тазйиқлар хукуматни хаддан ортиқ хушёр бўлишга ва назоратни кучайтиришга мажбур қилмоқда.

М. Човуш асарларида тахлил қилинган кичик- кичик воқеалар бундай мухитда адабиёт ахлини давр талвасаси олдида эсанкираб қолиши, узлатга чекинишини оқламайди. Оқилона сиёсат ва адолатга чанқоқ адабиётнинг бир-бирига муносабати миллат тараққиётида бир бутун нарса деб хисоблайди. Асарнинг бадиийлигига кўрк бериб турган сиёсий ўзан бору-йўғи шундан иборат бўлсада у барча замонлар талабига жавоб беради. Негаки янги аср тажрибаси шуни кўрсатаяптики, хукуматнинг омма эътиборини адабиётга қаратишидек харакати, адабиётнинг сиёсатга бўлган муносабатидан мухим ва гўзал амал бўлиб қолмоқда. Асар хар қандай шароитда хам ижодкор ўз номига содиқ қолиши керак деб ҳисоблайди ва тимсол ва персонажлар яратиб содиқ қолган ижодкорнинг барча изтиробларини акс эттиради. Афтидан М. Човуш асарнинг бу қисмини дарвешнамо шоир Рауф Парфининг ҳаёти ва ижодидан таъсирланиб ёзган бўлса керак. Асарнинг бу қисмини ўқиб чиқар экансан унинг теран тахлилларида акс этган ҳаққониятга тан бермай иложинг йўқ.

Бу воқеадан кейин яна ижодкор ҳаётга маъно излаб инсон онгининг “қора денгиз”ига шўнғийди. Унинг кенгликларида кўзларини катта очиб тентирайди, туш кўради, телба хаёлларга изн беради. Ўтаётган нарса вақт ва умр эмаслигидан қайғуга тушади. Пировардда ёруғ оламга севги орқали йўл топади. Нигоҳини яна дунёга қаратади ва оғир хаёллардан кейин олам гўзалликларидан завқлана бошлайди.

****

УСТА ВА МАРГАРИТА ЁХУД ТИЛСИМЛАНГАН МОХИЯТ.

УСТА ВА МАРГАРИТА – у менда дастлаб имловий ва луғавий хатоси йўқ тушунарсиз муаллифнинг мақсади мавҳум бўлган бир асар сифатида таассурот қолдирганди. Хақиқатда бу асар жудаям мураккаб ва одатий мен ўқиб юрган асарларга мутлақо ўхшамасди. Булгаковнинг бу асар орқали инсониятга етказмоқчи бўлган фикрини мен биринчи ўқишда англай олмаганман.

Ўзим университетни физика – математика факультетида ўқисамда адабиёт кафедраси ўқитувчиларига мурожаат қилиб ҳам мени қаноатлантира оладиган жавоб ололмагандим. Китобнинг бошланишида келтирилган К. Симоновнинг муқаддимаси ҳар қандай ўқувчига асарни тўлиқ ҳазм қилиш учун керакли бўладиган қувватни бераолмасди. Асар воқеалари турли – туман ва ранг-баранг эди.

Мен асардаги икки минг йиллар аввал Исо Масиҳ нинг пракуратор Понтий Пилат томонидан қатл қилинишга ҳукм этилган тарихий воқеалар билан Маргаританинг парвози тасвирланган фантастик воқеалар ўртасидаги фалсафий умумийликни топа олмасдим. Аммо адабиётшунослар орасида бу асарнинг шон-шухрати анча юқори эди. Мен ҳатто бу асарнинг мохиятини тушуниш қийин эканлиги унга сохта шон-шухрат келтирган деган шубҳага ҳам борган бўлсамда уни қачонлардир тушуниб етишни ўзимга мақсад қилиб олгандим.

Орадан йиллар ўтиб мен бу мақсад йўлида Гётенинг «Фауст»ини, Кантнинг фалсафий қарашларини ва бошқа жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишиб чиқдим. Назаримда Булгаков бу асари орқали инсониятни нимадан огоҳлантириб, нимани башорат қилганини сал-пал англаб етгандек эдим. Мен истардимки кўпилик севиб мутоала қиладиган матбуотда эътиқоди, миллати, урф-одати деган чегараларни ёриб ўтиб, бутун бошли инсониятга ҳақиқат ва адолат тантанаси учун хизмат қиладиган буюк асарлар ҳақидаги баҳс – мунозаралар ҳам бериб борилса. Бу эзгу иш ҳарҳолда баркамол авлод тарбиясида нотабиий «юлдуз»ларнинг мантиқсиз фикр-мулоҳазаларидан кўра фойдалироқ бўларди.

Энди асосий мақсад «Уста ва Маргаританинг» тилсимланган мохиятига қайтсак. Булгаков бу асарни ёзишни бошлаган даврда ер юзасининг катта бир қисмида революцион тўнтариш орқали кўплаб миллат ва элатларни ўз тасарруфига олган янги ижтимоий тузум, янги бир давлат барпо қилинганди. Булгаков фуқароси бўлган бу давлат ва унинг ҳукмдорлари ҳеч қандай эътиқодга ён бермасдилар. Фуқароларига озодлик, мутлоқ ҳурлик, моддий фаровонлик ва яна олам жаҳон афзалликларни ваъда қилган бу ишчи- деҳқон ҳукумати диний этиқоднинг ашаддий кушандаси бўлиб чиққанди. Бу давлатнинг асосчилари ва давомчилари инсоният маънавиятининг юксак чўққисини худоларсиз забт этиб, ҳаёт тарзининг мукаммал шакли деб ҳисоблаганлари коммунизмни қуришни даъво қилардилар. Коммунистлар партиясининг мақсади ўзларига тобе бўлган халқлар онгидан диний эътиқодни сиқиб чиқариш ва барча эътиқод, барча ишончни ўзларига қаратишдан иборат бўлган. Улар бу йўлни энг мақбул ва мақсад сари тез элтгу восита сифатида танлагандилар.

Асар персонажлари мухаррир Бездомний ва ёш шоир Берлиоз ана шу тузумнинг беминнат хизматкорлари эди. Мухаррир ва шоир жамият маънавиятининг гултожлари. Ана шундай башариятга маърифат тарқатиши лозим бўлган мўтабар касб, мўтабар даргоҳ қорни тўқ яшаши учун ҳар қандай тузумга хизмат қилишга тайёр олчоқлар томонидан забт этилганди. Асар воқеалари мухаррир Бездомний ва шоир Берлиознинг ўзларининг зиммаларига юклатилган вазифани сидқидилдан адо қилишга киришган ҳолатларидан бошланади. Уларнинг вазифалари ўз ижодлари, аниқроғи ўз фаолиятлари билан жамиятни атеистик рухда тарбиялаш. Мухаррир Бездомний МАССОЛИТ аъзоси ёш шоирга диний эътиқодга зарба беришга қаратилган катта достон ёзишга буюртма берган ва бу достон тезда матбуот юзини кўриши керак эди. Достонда Исо пайғамбар шахс сифатида дунёда ҳеч қачон бўлмаганлиги, унга тааллуқли гаплар эса оддий уйдурмаю афсона эканлиги исботланиши лозим эди. Мақсад келажак авлодга атеистик руҳни сингдириш.

Булгаковнинг башариятга айтмоқчи бўлган сўзи худди шу нуқтадан бошланади. Эътиқоди таъқибга олинган халқлар ва эътиқоддан айрилган авлодлар билан инсон маънавиятининг юксак чўққисини забт этиш мумкин эдими? Коммунистик тузум ўз фуқаросига ўғрилик ёки фоҳишаликни ўз қонунлари орқали тақиқлаб қўйиши мумкин эдию, аммо ўзининг маъжусий аждодлари бу ишларни гуноҳ эканлигини диний ҳукмлар орқалигина тушуниб етганини англамаган авлодни бу иллатлардан сақлаб қола олмасди. Булгаков ғарбу-шарқ фалсафасининг чуқур билимдони сифатида эътиқод йўқотилган жойда иллатлар ҳомийси Шайтони – Лаъин ҳукронлик қилишини ва бундай муҳит, бундай тузум пировардида ҳалокатга маҳкум эканлигини башорат қилган.

Булгаковдек даҳога коммунистларнинг диний этиқодни рад этишдек мақсадлари остида ҳукуматни диндорлар билан бўлишмасликдек режа яширинганини пайқай олиш ва уни бадиий адабиёт қонун-қоидалари асосида устамонлик билан фош этиш муҳим кашфиёт ҳисобланмасди. Аммо асар шундай бошланганда асар ҳам, Булгаковнинг ижоди ҳам натижаси аниқ бўлган тақиб остига олиниши муқаррар эди. Коммунистик партия ва уни раҳнамоларининг шаънига тегиб кетадиган ҳар қандай бадиий қочириқ у ҳатто арзимас бўлса ҳам асло кечирилмасди. Бу даврга келиб адабиётнинг ҳар қандай тури ҳам партия ташвиқотининг қуролига айланиб бўлганди.

Мана шу сабаблар Булгаковга ўз саховатини эркин намоён этишига йўл қўймасди. Аммо у ҳар қандай қўрқоқликдан қаттиқ нафратланган ва эътиқодсиз жамият, эътиқодсиз давлатни қандай зулмат чулғаб олишини ҳис қилиб турган. Бундай мураккаб вазиятдан у ўз ҳис туйғуларига хиёнат қилмаган ва тарих қурбонига айланмаган ҳолатда чиқиши керак эди. Булгаков асар орқали инсониятга етказмоқчи бўлган фикрни ҳасадгўй ҳамкасблари ҳам ғаразгўй танқидчилар ҳам тушиниб етишини хохламаган ва бу йўлда ўзининг серқирра истедодини, чуқур тафаккурини ишга солган. Натижада асар ошиб ўтиш қийин бўлган илм деворлари, оригинал бадиий услуб ва ғарбу-шарқ фалсафаси билан ҳимояланган ҳолда дунёга келтирилган.

Ижодкорнинг вазифаси аллақандай манфаат ва мақсад қисқа умрли воқеалар билан ҳисоблашиб утирмасдан адолат ва ҳақиқат тантанасига хизмат килиш керак бўлса, у аъло даражада уддаланган. Асарда турли-туман гўёки тушунарсиздек кўринадиган тимсол ва персонажлардан фойдаланилган. Бундай тимсол ва персонажларни ёлғон бадиий тўқима ёки фантастика сифатида қабул қилиш мумкиндек, аммо улар орқали ифодаланган фикр ва ҳақиқатни ҳеч қандай партия, ҳеч қандай тузум инкор этаолмайди.

Асарнинг бошланишида мифологик персонаж Волландни моддийлашуви ўқувчи учун ажабланарли ҳол бўлсада Булгакавга у фақат худонинг мавжудлиги хақидаги фикрларни унинг номидан баралла айтиш учун керак булган. Мухаррир Берлиоз Волланднинг худонинг мавжудлиги хақидаги мулоҳазаларни ҳеч бир мантиқий жавоб билан рад этаолмаганидек хар қандай китобхон ҳам бу мулоҳазаларни рад этаолмайди. Бу мулоҳазаларнинг инсон қалбида иймон уйғотиш кучи Инжилдаги ҳеч бир ривоят ёки Куръони-Карим оятларидан кам эмас. Асар воқеалари орқали Булгаков худонинг мавжудлигини исботлайдиган Фома Аквинскийнинг беш фалсафий далилини ва Кантнинг олтинчи далилини эсдан чиқариб бораётган инсониятга ўзининг фалсафий еттинчи далилини рўпара қилади. Волланднинг ўз тили билан айтганда: шайтоннинг борлигига ишонинг! Ягона илтимосим шу. Билингки, буни исботловчи еттинчи далил мавжуд, у энг ишончли далил! Бу далилнинг ишончлилиги шундаки, уни ҳеч ким кўрмаган аммо ҳамма мавжудлигини хис қилиб туради. Барча халқларнинг қадимги битикларида, барча динларда бир хил сифат билан тарифланадиган ёвузлик ортида тургувчи бархаёт куч, инсониятнинг ошкора душмани иллатлар хомийси. Унинг ҳукмронлигига изн берилган жойда инсониятнинг ҳалокати муқаррар.

Асар вокеаларининг давоми Волланд ва унинг малайлари фаолиятига изн берилган бир муҳитда давом этади. Бундай мухитда юксак манавиятли инсонлар жамияти коммунизмни қуриш мумкин эдими? Асар бу саволга: аксинча бундай жамиятнинг ҳар бир бўғини иллатлар гирдобига ғарқ бўлади-деган жавобни беради ва буни ўзининг ҳакқоний воқеалари билан исботлайди. Бу воқеаларнинг реаллиги шундаки, асар персонажлариниг хулқ-атворига, уларнинг ижодкор томонидан очиб ташланган ички дунёларига ўхшаш бўлган инсонларга ҳаётда дуч келмасликнинг иложи йўқ. Хеч бир китобхон топилмаса керакки, асарни ўқиб туриб ундаги бирор бир воқеа ёки ҳолатга мос тушадиган ҳодисани бошдан кечирмаган бўлса, Ёки асарда Булгаков томонидан қаттиқ сатира остига олинган иллатлардан азият чекмаган бўлса.

Асар муқаддимасида келтирилган К.Симоновнинг ; «Булгаковнинг сахий истеъдодида эҳтимол ёзувчининг бутун адабий фаолияти давомидадир, уч турдаги иқтидор-сатирик иқтидор, фантаст иқтидори ва ўта аниқ психологик таҳлилга суянган реалистик иқтидори қўшничилик қилиб бир-биридан устунликка эришиш учун бахслашиб келган десак хато бўлмайди»-деган фикри асар услубига берилган жуда оқилона жавоб десак янглишмаган бўламиз. Асарда инсоният ҳанузгача қутула олмай келаётган мешчанлик, мунофиқлик, порахўрлик ва қўрқоқлик каби иллатлар Булгаков томонидан аниқ ва бетакрор ҳажв йўли билан фош этилади.

Йигирманчи асрнинг 40-йилларида Москвада ва икки минг йиллар аввал Ер шарида яшаган инсонлар ҳаётини асар этиқодга бўлган эътиборсизлик ва иллатларга бўлган мойиллик каби умумийлик билан бириктиради. Булгаков «Уста ва Маргаритада» инсониятнинг ҳеч қандай ҳокимиятга эҳтиёжи қолмай, ҳакиқат ва адолат салтанатида яшай бошлашини башорат қилган Исо Масих ва унга тарафдор булиб қола олган Устагача бўлган улкан даврда яшаган инсонлар хатоларининг кенг қамровли манзарасини чизган бўлсада ҳукм чиқаришни китобхонни ўзига қолдириб келаверган эди. Асарда бир-бирига қарама-қарши, қарама-қарши бўлганда ҳам жуда теран чуқур мулоҳазали қарама-қаршиликлар мавжудки, ҳатто Уста ва Маргаританинг мухаббати соф мухаббатми ёки инсоннинг эҳтирослар олдидаги ожизлигими қаътий ҳукм чиқариш мушкул.

Уста ва Маргаританинг мухаббати бир жиҳати билан Гётенинг «Фауст»идаги доктор Фауст ва Маргаританинг ишқ мажорасини эслатса, иккинчи жиҳатидан бу манзара Насроний ва Ислом динида хиёнат ва зино деб қаътий ҳукм чиқарилган ҳолатни эслатади. Афтидан Булгаков эҳтирослар уммонига ғарқ бўлишни шайтон измига бўйсунилган чин муҳаббатдан ташқаридаги нарса деб ҳисоблаган. Асарда Маргарита ва бошқа аёллар билан боғлиқ бўлган воқеалар шундай ифодаланганки, уларнинг майллари Аристотелнинг: «Аёлларда эҳтиросли ибтидо доимо ақлдан устун туради»-деган фикрини гўёки қўллаб-қувватлаб тургандек. Узида инсоний ожизлик ва тутриқсизликлар ҳақидаги дунёқарашларни мужассам этган бу асар хулласи калом МАССОЛИТ ва унинг аъзоларининг ҳалокати билан тугайди.

Мана асар илк бора нашр қилинганига ҳам 70-йил бўлибди. Орадан шунча вақт ўтиб инсоният Булгаков огоҳлантирган хатарни пайкай олдими, у фош қилган иллатлардан қутила олдими? Келинг бу саволга жавобни асарнинг ўзидан излаймиз:
– Сенинг ҳузурингга келдим, ёвузлик султони, арвоҳлар ҳукмдори,- деб жавоб қилди девордан чиқкан одам Воландга қовоқ остидан ҳўмрайиб қараркан.
– Баски, ҳузуримга келган экансан, нечун менга салом бермадинг, эй собиқ ўлпон йиғувчи-деди Воланд қаҳр билан.
– Негаки мен сенинг саломат бўлишингни истамайман,- деб жавоб қилди келган одам густоҳлик билан.
– Лекин менинг бархаётлигимга кўникишингга тўғри келади,-деб эътироз билдирди Воланд ва оғзини қийшайтириб истехзо қилди, -сен бу томда пайдо бўлган заҳотинг беъмани иш қилдинг, бу беъманилигинг гапириш оҳангингда. Сен сўзларни шундай талаффуз қилдингки, гўё арвоҳларни, шунингдек, ёвузликни хам эътироф этмайман демоқчи бўлдинг. Сен бир илтифот қилиб, мана шу савол устида бош қотириб кўрсанг: агар ёвузлик бўлмаса , сен хомийси булган ўша эзгулик нима билан шуғулланган бўларди, агар жамики кўланкалар ғойиб бўлса, ер юзи қандай қиёфа касб этган бўлур эди? Ахир буюмлар ва одамзот бор эканки, кўланкалар мавжуд. Мана шамширимнинг кўланкаси. Лекин дов-дарахтнинг ҳам, барча жонзодларнинг ҳам кўланкаси бўлади. Ё сен ўзингнинг ёлғиз зиё билан завқланаман деган хомхаёлинг туфайли ер юзини қиртишлаб, барча дов-дарахтни, бутун жонзодларни йўқ қилмоқчимисан? Сен тентаксан.

У.ХОЛЛИЕВ.

www.facebook.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn