Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар

quronikarim saboqlariАхмад ҳожи Х о р а з м и й

(Қайта ишланган ва тўлдирилган иккинчи нашри)

Л о н д о н – 2010

М у қ а д д и м а

Аузу биллаҳи самиал алиманаш-шайтонир-рожийм.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Биз бандалари учун муқаддас ва илоҳий китоб – Қуръони каримни нозил қилган буюк илм ва қудрат соҳиби – улуғ Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!

Унинг ҳабиби ва охирги пайғамбари, Қуръони каримни биз умматларига етказган Муҳаммад алейҳиссаломга дуруду саловотлар бўлсин!

Истиқлолнинг берган энг улуғ неъмати эътиқодимиз ва динимиз асоси бўлмиш Қуръони каримнинг қайтиши бўлди. Даҳрийлар тузуми давридаги 70 йилдан ортиқ вақт мабойнида Қуръони каримни ўрганиш ва ўқиш жуда озгина эътиқодли кишиларга (катта хаф остида) насиб этган. Шу боис кўпчилик унинг нузули, ёзилиш тарихини билишда ва уни тушинишда қийинчилик сезадилар.

Ушбу китобда Қуръони каримнинг нузули, ёзилиши, тафсири ва ҳар бир сурасининг маъносини қисқа ва тушинарли қилиб баён қилишга ҳаракат қилинди. Ва шунингдек, истимолда кўпроқ учрайдиган, ҳамда намоз(ибодат)ларда кўпроқ ўқиладиган сура, оят ва дуоларнинг қисқача маъноси ҳам берилди.

Китоб Ислом ва Қуръони карим ихлосмандларига мўлжалланган.

 

I-Боб

ҚУРОЪНИ КАРИМ, УНИНГ НУЗУЛИ ВА ЁЗИЛИШИ

Қуръони карим Аллоҳнинг сўзи бўлиб балоғат ва фасоҳатнинг юқори услубида айтилган. У ўқиб, уқиб амал қилмоқ китобидар. Қуръон сўзи “қироат”, яъни ўқиш маъносига эга бўлиб унинг тиловати ибодат ҳисобланади.
Қуръони каримнинг асосий мақсади 3 га бўлинади:

1. Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналигининг исботи ва ақидани тузати;.

2. Ислоҳ қилиш ва ибрат олиш учун келтирилган қиссала;.

3. Шариат ҳукмлари.

Қуръони карим 114 та сура, 6666 та оятдан иборат бўлиб – “Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушларлар” (56-сура, 79-оят), деб таъкидланади Қуръонда.

Қуръони карим суралари икки қисмга бўлинади:

1. Маккада 610-622 йилларда нозил бўлган (90 сура) сурала;

2. Мадинада 622-632 йилларда нозил бўлган (24 сура) суралар.

Маккий оятлар Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қуръон ва Пайғамбарнинг ҳақлиги, мушруклар танқиди, ўтган умматлар қиссаси, мусулмонларнинг аҳлоқи қандай бўлиши, қиёмат куни, Одам ота ва шайтон қиссаси, эътиқод масаласи каби мавзуларни баён қилади. Маккий оятлар одатда қисқа бўлади, ичида “Калла” лафзи, “Яаа аюҳаннасу” жумласи кўпроқ учрайди.

Мадиний оятларда эса шаръий ҳукмлар, ибодатлар, жиноятчиларни жазолаш, мунофиқлар ҳақида, жиҳод ва урушлар ҳақида сўз юритилади. Мадина суралари кўпинча узун-узун, кўп оятлардан иборат бўлади.

Қуръони карим икки босқичда нозил бўлган. Биринчи босқичда у Pамозон ойининг Лайлат-ул-қадр кечасида Лавҳи маҳфуз (юқори осмон)дан тўлиғи билан дунё осмонига нозил бўлган (97-сура, 1-оят). Иккинчи босқичда 610-622 йиллар (23 йил) мабойнида пайғамбаримизнинг ҳожатларига қараб Жаброил фаришта воситасида нозил бўлган.

Қуръони карим араб тилининг Қураш лаҳжасида 23 йил мабоинида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят, олдинма –кейин, паст-баланд, аралаш–қуралаш бўлиб тушган. Пайғамбаримизнинг ўзлари қайси оят қайси оятдан сўнг қўйилишига ишорат қилиб, оят ва сураларнинг тартибини ҳам тайинлаб берганлар.

Қуръони каримдаги ҳар бир сура ва оятнинг нозил бўлиши бирор тарихий воқеага боғлиқ бўлиб унга ёки бир диний, ёки ижтимоий масала сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам унинг айрим сура ва ояатларни тушунишида (тафсир қилишда) унинг нозил бўлиши сабабларини билиш зарур. Қуръон оятларини Пайғамбаримиз фариштадан эшитиб ёдлаб олиб, саҳобаларга айтиб берганлар, улардан эса бошқалар ёдлаб олганлар. Шу билан бирга Убай ибн Каъб, Маоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Зайд каби саводли Саҳоба(котиб)лар нозил бўлган сура ва оятларни ёзиб ҳам борганлар.

Қуръони каримнинг ёзиб олинганлари ва ёд олинганлари асосида ҳазрати Умар маслаҳати билан Абу Бакр Сиддиқ ҳазратларининг халифалик даври(632-634)да Зайд ибн Собит ва Умар ибн Ҳаттоб томонидан Қуръон жамланиб кийик терисидан бўлган саҳифаларга ёзилиб мусхаб шаклига келтирилган ва у Абу Бакр нусхаси, деб юритилган.

Бу нусха аввал Абу Бакр Сиддиқда, кейин Умар ибн Ҳаттобда, ундан кейин эса унинг қизи – пайғамбаримизнинг хотинлари бўлмиш Хафса онамиз қўлида қолган. Уммавийлар ҳалифалиги даврида бу нусха куйдириб юборилган.

Ҳазрати Усмон даври(644-656)га келиб мусулмон давлатларининг чегараси кенгайди, ажам (арабмас) ҳалқлари ҳам мусулмон бўлдилар. Натижада Қуръони карим оятларини ўқишда ихтилофлар чиқабошлади. Шу муносабат билан уни кўпайтириш зарурати туғилди.

Ҳазрати Усмон раҳбарлигида Зайд ибн Собит ва бошқа Қуръон билимдонлари иштирогида Абу бакр нусхасини асос қилиб олган ҳолда Қуръони каримнинг (24 ҳижрий йилда) 6 та нусхаси таёрланди ва уни ўқиш фақат шу нусхалари асосида бўлиб бошқа барча манба ва ашёлар ёндириб йўқ қилинган.

Абу Бакр ва Усмон нусхалари қадимий Куфий хатида, ҳеч қандай ишора (зеру-забар) ва аломатларсиз бўлган. Ҳазрати Усмон томонидан ёздирилган бу 6 та нусха Макка, Дамашқ, Басра, Кўфа, Мадина умумий ва Мадина хос (Халифа) нусхалари деб аталган ва юқоридаги шаҳарларга юборилган.

Замона зайли билан бу мусхаблар шаҳардан-шаҳарга, давлатдан-давлатга кўчиб юрган. Ҳозирги кунда жаҳонда 4 дона Усмон мусхаби бўлиб улар қуйидаги жойларда сақланмоқда:

-Тошкентда – Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли “Мўйи муборак” кутубхонасидa;

-Қоҳирад – имом Ҳусайн макқбарасидa;

-Истанбулда – ислом ёдгорликлари музейида;

-Истанбулда – Топи-Капу музейида.

Усмон мусхаби Тошкент нусхасининг Мавораннаҳр (Ўзбекистон)га келиб қолишида қуйидаги фикрлар мавжуд:

-Миср подшоси Зохир Байбарс мўнғуллардан исломни биринчи бўлиб қабул қилган Баракатхонга тортиқ қилган.

-Мисрни забт этган Амир Темур ўзи билан Қоҳирадаги нусхасини олиб келган.

-Кўп йиллар Ироқда истиқомат қилиб илм ўрганган ва кўплаган шогирдлар таёрлаган имом Абу Бакр Каффол аш-Шоший ва унинг шогирди – Хожа Ахрор Валийнинг катта бобоси – Хожа Муҳаммад Номий(Хоразмий)лар келтирган.

Бу нусха Хожа Ахрор Валий ихтиёрида бўлган ва 1869 йилгача Самарқанддаги масжиду-мадрасаларда сақланган. 1869 йил 30 майда Туркистон генерал губернатори, Фон Кауфман уни Петербургга юборган. 1917 йилда мусхаб Россия мусулмонларига берилган. 1924 йилда у Уфадан Тошкентга келтирилган.

75-ҳижрий йилга келиб халифалик чегараси кенгайиб шимолий Африка, Эрон ва Ўрта Осиёга кириб борди. Бошқа миллатлар томонидан Қуръонни тўғри ўқий олмасилик ва бошқа сабаблар Қуръони каримга аломатлар қўйиш ва унинг нусхаларини кўпайтиришга эҳтиёж туғдирди.

Биринчи марта чўзиб ўқиладиган ҳарфлар устига кичкина “Алиф” қўйилди. Ҳижратнинг 3-асрига келиб Абул Асвад ад-Дуалий томонидан ҳарфлар остига ва устига ҳаракатлар қўйилди ва бу 3-аср охирига келиб Қуръони карим ҳарфларига зеру-забар қўйиш камолатга етиб тугади. 4-ҳижрий асрнинг охирига келиб Кўфа хати ўрнига насх хати пайдо бўлди ва Қуръони карим нусхалари тез суратлар билан кўпайиб кетди.

1640 йилда Қуръони карим биринчи марта Венецияда чоп қилинди. 1694 йили Гамбургда иккинчи марта чоп қилинди. 1787 йилда Россияда, кейинроқ Қозонда, Эронда, Истанбулда, Ҳиндистонда ва бошқа ерларда чоп қилинган.

Қуръони каримнинг ҳамма талабларига жавоб берадиган, Хафснинг ривояти бўйича, Осим қироати асосида босмадан чиққан нашри 1923 йилда Қохирада амалга оширилган. Ҳозирда ҳам Қуръони каримни чоп қилиш ва кўпайтириш шу нашрга асосланади.

 

II – Боб

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТАФСИРИ

Қуръони карим Аллоҳнинг балоғат ва фасоҳатнинг юқори услубида айтган сўзи бўлганлиги учун унинг маъноларига тушиниб етиш шарх ва тафмирга мухтождир. Тафсир сўзи тушинтириб бериш, маъносини очиш, шархлаш маъноларини касб этади.
Қуръони каримнинг биринчи муфассири Пайғамбаримизнинг ўзлари бўлганлар. Саҳобалар ичида эса Абдуллоҳ ибн Аббос кучли муфассир бўлган. Биринчи мустақил тафсирни 140-ҳижрий йилларда Ибн Журайди ёзган.

Қуръони карим оятдларини шархлашда асосан 3 хил йўналишда борилган:

1. Тафсир бил маъсур – йўналишдаги тафсирда саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари асосида тафсир қилинган. Бу йўналишдаги тафсирларнинг асосийлари, Имом Муҳаммад Табарийнинг “Жамоил-ул баён фи тафсирил Қуръон”, Имомаддин ибн Касирнинг “Тафсир –ул Қуръон-ул азийм”, Жалолиддин Суютийнинг “Аддирул мансур фи тафсир бил мансур” китоблари.
2. Ат- тафсиру бир-рай – йўналишдаги тафсирда муфассир ўз илми ва ижтиҳоди асосида тафсир қилади. Бу йўналишдаги қилинган асосий ишлар Имом Маҳмуд Заҳмашарининг “Кашшоф” деб танилган китоби, Фаҳрутдин Розийнинг “Мафотихул ғайб”, Насафийнинг “ Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” китобларидир.

3. Тафсир-ул ишора – йўналишдаги тафсирда Қуръони карим оятлариннинг зохирий маъносига қарамай ундаги яширинган маънолар шархланади. Бу услуб фақат тасаввуф арбобларининг йўли бўлиб ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермаган. Бу йўналишдаги асосий тафсирлар Низомутдин Хурсонийнинг “ Ғаройиб – ул Қуръон ва рағоиб- ул Фурқон” ва Имом Шерозийнинг “Ароис-ул баёон фи ҳақоиҳ-ул Қуръон” китобларидир.

Ўрта Осиёдан ҳам тафсир илмида катта олимлар етишиб чиққанлар:

-Имом Муҳаммад Бухорий “Тафсир-ул-кабир” номли китоб ёзганлар, лекин у бизгача етиб келмаган.

-Имом Абу Мансур Мотрудий ўзларининг “Таъвилоту аҳли сунна” тафсирларида Қуръони карим оятларини ақидада, аҳли сунна вал жамоа мазҳабини қўллаб тафсир қилганлар.

-Имом Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” номли киобида Қуръон оятларини саҳиҳ ҳадислар асосида тафсир қилган.

-Имом Махмуд Замахшарий “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ит-танзил ва уйун ил-ақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл” (Қуръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш) китоби Тафсир-ул-Кашшоф номи билан машҳур бўлиб дарслик сифатида ўқилади. Ўз ижтиҳоди бўйича ёзилган бу китобда муфассир Қуръони карим оятларини асосан фасоҳат (тил) ва балоғат қоидалари асосида тафсир қилган.

-Имом Фахрутдин ар-Розий “Мафотих-ул Ғайб” китобида Қуръони каримни унинг оятлари орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни ҳисобга олиб тафсир қилган.

-Имом Насафий “Модарик танзил” китобида аз-Замахшарий йўлидан бориб, унинг Кашшофидан фойдаланган.

-Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол” китобида Қуръони карим оятларини шархлашда нафақат ўзидан олдинги муфассирлар китобидан ва шунингдек ҳозирги замон фан-техника ютуқларидан ҳам кенг фойдаланган.

-Булардан ташқари Ўрта Осиёда “Итқон”, “Тафсири Нўъмони”, “Тафсири Тибён”, “Тафсири Мавлона Чархий”, каби маҳаллий (татар, тожик, ўзбек) луғатларида ёзилган тафсирлар ҳам мавжуд.

 

III – Боб

ҚУРОНИ КАРИМ СУРАЛАРИНИНГ МУХТАСАР БАЁНИ

1.Фотиҳа (очувчи) сураси – 7 оятдан иборат бўлиб Маккада нозил бўлган. Бу сура Қуръони каримнинг асосий маъно моҳиятини ўзида мужассам этгани учун ҳам у Қуръон мазмунини очувчи деб номланган ва Қуръон шу сура билан очлади .
Бу сурада яагона Аллоҳга бўлган эътиқод, Унинг ўзигагина ибодат қилиш, охиратга ишониш,ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад ва ёрдам сўраш, ҳақ дин ва тўғри йўлни Унинг ўзигина кўрсата олишига иймон келтириш каби Ислом динининг асосий талаблари ўз аксини топган. Шунинг учун ҳам бу сурани “ Уммул Қуръон” ­­­­­­– Қуръоннинг онаси деб атайдилар.
2. Бақара (сигир) сураси – Мадинада нозил бўлиб, 286 ояатдан иборат. Бир кишнинг қотили топилмаганда Аллоҳ таоло Мусо алейҳиссаломга “ Қавминга айтгин, бир сигир сўйиб унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар”, деб буюради.Шунда ҳалиги ўликка жон кириб қотил кимлигини айтиб беради. Шу муносабат билан бу суранинг номи “ Сигир” деб номланган.
Бу сурада эътиқод, ибодат, муомула, аҳлоқ, никоҳ, талоқ, идда ва бошқа шариат хукумлари борасида сўз кетади. Бундаги оятларнинг қарийиб учдан бир қисмини ахли китоблар (Таврот, Инжлга иймон келтирганлар), ҳусусан яҳудийлар ҳақдаги маълумотлар ташкил қилади.

Суранинг хотимасда эса мўминларни Аллоҳ таолога тавба-тазарру қлишга ва унинг ўзидангина мадад тилашга чақирилади.

3. Ол-и Имрон (Имроннинг хонадони) сураси- Мадинада нозил булиб 200 оятдан иборат. Бу сурада Марямнинг отаси бўлмиш Имрон ва унинг ахли-оиласи ҳақдаги қисса зикр қилнганлиги учун у Ол-и Имрон деб номланган.

Бунда диннинг асосларидан бўлган Аллохнинг бирлигига алокадор далилу –хужжатлар, шариат қонунлари ва хусусан Аллох йўлидаги кураш-жиходга тааллуқли амри фармонлар ёритилади. Насронийларнинг Ийсо алейхиссаломни Худо деб эътиқод қилишлари хато эканлиги таъкидланади.

4. Нисо (аёллар) сураси –Мадинада нозил бўлиб 176 оятдан иборат. Бунда аёлларга оид шариат ҳукмлари кўп ва батафсил баён этилганлиги сабабли унга “Нисо” номи берилган.

Бу сурада аёл, уй, оила, давлат ва жамиятга алоқадор бўлган муҳим масалалар ҳамда мерос ҳукмлари батафсил баён қилинади. Эр-хотин ўртасидаги алоқалар, уларнинг бир-бирлари олдидаги ҳуқуқ ва бурчлари, хамда эр оилада бошлиқ эканлиги ва унинг бу хуқуқдан қандай фойдаланиши лозимлиги ҳақда йўл-йўриқлар берилади. Жамият мустахкам бўлиши учун кишилар ўртасида бирдамлик ва мехр-шафқат, бағрикенглик барқарор бўлиши зарурлиги ўзига хос услубда уқтирилади.

5. Моида (дастурхон) сураси – Мадинада нозил бўлиб 120 оятдан иборат. Бу сурада Ийсо пайғамбарга осмондан моида тушган воқеаси бўлганлиги учун бу сура шундай ном олган.

Бунда кишилар ўртасидаги ахд (битим, келишув) муомалалари, таҳорат қоидалари, ичимлик ва ислом шариатининг бошқа ҳам кўплаган ҳукм ва қонунлари ҳақида муфассал маълумот берилади. Бу сурада мусулмонларга панд-насихат ва ибрат бўладиган қиссалар ҳам ҳикоя қлинади.

6. Анъом (чорвалар) сураси – Маккада нозил бўлган ва 165 оятдан иборат. Унда чорва хайвонлари ва улар ҳақдаги ҳукмлар хам баёон қлингани учун шундай аталган. Фақат шу сура бир кечада тўла нозил бўлган.

Бу сурада асосан Аллоҳнинг зоти ва сифатлари, ваҳий ва пайғамбарлик моҳяти, қиёмат кунида бўладиган ҳисоб-китоблар сўзланади. Шунингдек Иброхим алейҳиссалом ва унинг зурриёотидан бўлган бир қанча пайғамбарлар ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Бу фоний дунёда инсон Аллоҳнинг ердаги халифаси эканлиги таъкидланади.

7. Аъроф (оралик) сураси –Маккада нозил бўлиб 206 оятдан иборат. Бу сурада қиёмат кунидаги аҳли жаннат ва аҳли дўзахлардан ташқари килган сабоби-ю гунохлари баробар бўлганлар ахли аъроф дейилиб улар Аллоҳ тамонидан жаннатга ёки дўзахга ҳукм қлинишини кутиб турадилар.

Аллоҳ берган билимни мол-дунё топиш учун, бировларга зиён етказиш учун ишлатадиганлар қораланади. Шуайб ва Мусо пайғамбарларнинг қиссалари ҳам баён қилинади.

8. Анфол ( ўлжалар ) сураси – Мадинада нозил бўлиб 75 оятдан иборат. Бу сурада асир ва ўлжа олиш хусусида ҳам оят борлиги учун у шундай номланган.

Бу сурада сўз асосан ғазот – жанг ҳақида бориб ҳарбий қонун – қоидалар, ўлжа ва асир ҳақидаги ҳукмлар ҳам баён қилинади. Унда Бадр жанги батафсил баён қилинган, шунинг учун ҳам у Бадр сураси ҳам дейилган. Мўминлар бир уммат
эканлиги, шу боис ўзаро дўст –биродар бўлиб яшаш лозимлиги уқтирилади.

9. Тавба сураси – Мадинада нозил бўлиб 129оятдан иборат. Қуръон суралари ичидан фақат шу сура “Бисмиллох” сиз бошланади. Бу ҳолни айрим саҳобалар Анфол сурасининг давоми дейишса, бошқалари бу сурада шангу –жадал ва мунофиқлар ҳақида сўз борганлиги учун деб тушинтирилади.

Сура ниҳоясида Аллоҳ мўъминларининг тавбаларини қабул етиш эълон қилинганлги учун бу сура шундай деб номланган.
10. Юнус сураси – Маккада нозил бўлиб ва 190 оятдан иборат. Бу сурада бир неча пайғамбарлар қатори Юнус пайғамбар қиссаси бўлганлиги учун у шундай деб номланган.

Бу сурада илоҳий китобларга, ҳусусан Қуръони каримга иймон келтиришга қизғин даъват этилади. Бу китобнинг ҳақиқий мўъжиза эканлиги таъкидланади. Худо ва банданинг ҳақиқати баён қилиниб, яратган (Ҳолиқ) ва яралган (Махлуқ) ўртасидаги алоқа қандай бўлиши кераклиги айтилади.

11. Худ сураси – Маккада нозил бўлиб ва 123 оятдан иборат. Унда Од қавмига юборилган Худ алейҳиссалом ҳақида ҳам зикир қилингани учун сура унинг номи билан аталган.

Бу сурада ҳам ёлғиз Алоҳга, пайғамбарларга ва улар келтирган динларнинг ҳақ эканлигига иймон келтириш таъкидланади. Бунда Қуръони каримнинг айбу –нуқсонлардан пок, назму – мағзига ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан путур етмаслиги айтилиб пайғамбарларнинг юборилишидан кўзланган ҳикматлар баён қилинади.

12. Юсуф сураси – Маккада нозил бўлиб 111 оятдан иборат. Бу сурада асосан Юсуф ибн Яъқубнинг ҳаёти зикир қилиниб унинг бошига тушган оғир кўргиликлар ва сабр-тоқат қилишлари натижасида яхши кунларига эришганлиги таъкидланади.
Ислом оламидаги энг буюк қалам аҳллари ундан мутаассир бўлиб шеъру достонлар битганлар, уламолар эса бу сура хусусида жилд –жилд китоблар ёзганлар.

13. Раъд ( момоқалдироқ) сураси- Мадинада нозил бўлиб 43 оятдан иборат. Бу сурада момақолдироқ ҳақида ҳам зикр қиллиниб, ҳатто у ҳам Аллохга тасбих айтиб туриши баён қилинади. Шу боисдан бу сура момоқалдироқ деб номланган.
Шунингдек бу сурада Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига иймон келтириш фоний дунёда қилинган яхши – ёмон барча ишларга боқий дунёда жавоб бериш кераклиги таъкидланади.

14. Иброҳим сураси – Маккада нозил бўлиб 52 оятдан иборат. Бу сурада пайғамбарлар отаси Иброҳим алейҳиссаломнинг Маккага келишлари ва у ерда Аллоҳга қилган дуо – илтижолари хусусида хикоя қилинган.
Сурада пайғамбарлар зиммасига юклатилган вазифа инсониятни зулматдан ёруғллика олиб чиқувчи эътикод, ваҳий, тавхид ҳақида ҳам оятлар келтирилган.

15. Ҳижр ( Ҳижр водийси) сураси – Маккада нозил бўлиб 99 оятдан иборат. Бу сурада Солих пайғамбарнинг қавми бўлмиш Самуд қабиласи Ҳижр ( Мадина ва Шом ўртасидаги водий)дан эканлиги зикир қилинганлиги учун бу шундай номланган.
Сурада осмон, замин, тоғ, булут, шамоллар барчаси Аллох томонидан инсонга ҳизмат қилиши учун яратилганлиги ҳамда Иброҳим, Лут, Шуайб ва Солих алейҳиссаломларнинг қиссалари ҳам ҳикоя қилинади.

16. Наҳл (асалари) сураси – Маккада нозил бўлиб 128 оятдан иборат. Бунда асалари ва унинг ибратли ҳаёт тарзи ҳақида ҳикоя қиладиган оятлар бўлганлиги учун бу сура шундай номланган.
Бу сурада киёмат куни якинлашиб келаётгани, Тангри таоло якка – ёлғиз экани, еру – осмонда ҳеч нарса унга шерик бўла олмаслиги уқтирилган.

17. Ал-Исро (тунги сайр) сураси – Маккада нозил бўлиб 111 оятдан иборат. Бу сурада меърож ҳақидаги оятлар келтирилгани учун шундай номланган. Бунда Мухаммад алейҳиссалом шахсиятлари ва унга берилган мўъжизалар таърифланади.
Мусулмонлар Аллоҳга ибодат қилганидан кейингина энг зарур амал –ота- онага яҳшилик қилиш, уларнинг ҳузурида таъзим – тавозеъ билан туриши, буюрган ишларини қулоқ қоқмай бажариш лозимлиги уқтирилади.

18. Қаҳф (ғор) сураси – Маккада нозил бўлиб 110 оятдан иборат. Золим ҳоким истибодидан дину –иймонини сақлаб қолиш учун бир неча йигитларнинг бир ғорга кириб, у ерда 300 йил қолиб кетганлиги ҳикоя қилинганлиги учун бу сура “ғор” деб аталган.

Шунингдек бу сурада Мусо ва Хизр алейҳиссалом ва адолат, илм ва тақвода беназир буюк шох – Зул – Қарнайин (Алеқсандр Македонский) Искандар ҳақида ҳам қиссалар келтирилган.

19. Марям сураси – Маккада нозил бўлган ва 98 оятдан иборат. Бу сурада Марям ва унинг отасиз дунёга келган ва бешикдаёк тилга кириб ўзини кимлигини айтган фарзанди – Ийсо алайҳиссалом қиссаси баён қилинади. Шу сабаб бу сура Марям деб аталган.

Шунингдек бу сурада қиёматнинг айрим манзаралари, у куннинг даҳшатлари баён қилинади.

20.Тоҳа сураси – Маккада нозил бўлиб 135 оятдан иборат. Пайғамбаримизнинг (Муҳаммад, Аҳмад, Амин) бир неча исмлари бўлиб “Тоҳа” ҳам унинг исмларидан бири эканлиги учун бу сура шундай номланган.

Шунингдек бу сурада Мусо ва Хорун алейхиссаломнинг, Мусо, Фиръавн ва сеҳргарлар ўртасидаги мубораза – мусобака ҳақида ҳам ҳикоя килинади.

21.Анбиё ( пайғамбарлар) сураси – Маккада нозил бўлиб 112 оятдан иборат. Бу сурада Исҳоқ, Яъқуб, Лут, Нуҳ, Довуд, Сулаймон, Айюб, Исмоил, Идрис, Зулкифл, Зуннун, Закарё ва Ийсо алайҳиссаломлар тўғирисида ҳам хабарлар бўлганлиги учун у Пайғамбарлар дейилган. Шунингдек бу сурада Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бутпарастлар ўртасида бўлиб ўтган мажоролар ҳам ҳикоя қилинади.

22. Ҳаж сураси – Мадинада нозил бўлган ва 78 оятдан иборат. Бу сурада ҳаж ибодати, эски уй – Байтуллоҳ хусусида батафсил баён қилинади. Шу сабаб бу сура Ҳаж, деб номланган.
Ва шунингдек бу сурада қиёмат олди даҳшатлари ҳам тасвирланади.

23. Мўминлар сураси – Маккада нозил бўлиб 118 оятдан иборат. Бунда Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига, Муҳаммад алейҳиссалом охирги пайғамбар эканлигига иймон келтирганлар жаннатдаги Фирдавс боғларига меросхўр бўлган мўминлар эканлиги қайд қилинади.

Сурада ҳаётларини куфр билан ўтказган кимсаларнинг “Сакорат – ул мавт” (ўлим талвасаси) чоғида тортадиган азоблари ҳам баён қилинади. Қиёмат кунида одамлар асосан икки тоифага бахтли ва бадбахтларга бўлиниши, насл – насаб, қариндош-уруғчиликдан тонишлари ҳам баён қилинади.

24. Нур сураси – Мадинада нозил бўлган ва 64 оятдан иборат. Бу сурада Аллоҳ ер-у осмонларнинг нури эканлиги ҳақидаги ғўзал оятлар ўрин олгани учун бу сура Нур деб номланган. Сурада баён қилинадиган асосий мавзу Исломий жамиятдаги аҳлоқ-одоб қонун-қодалар ҳисобланади.

25. Фурқон (Илоҳий китоблар) – Маккада нозил бўлиб 77 оятдан иборат. Ҳақ билан ноҳақни ажратиб берувчи Аллоҳ томонидан нозил қилинган барча илоҳий китоблар Фурқон деб аталади. Бу сурадаги фурқондан мурод эса Қуръондир.

26. Шуаро (шоирлар) сураси – Маккада нозил бўлган бўлиб 227 оятдан иборат. Бу сурада шоирлар ҳақидаги сўзлар ҳам ўрин олганлиги сабабли у Шуаро деб номланган. Сурада Қуръон оятларининг жинлари келтирган чўпчак, ёки шорлар биттган шеър эмас, балкий Аллоҳнинг Жаброил фариштавоситасида очиқ араб тилида нозил қилган илоҳий китоб эканлиги таъқидланган.

27. Намл (чумоли) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 93 оятдан иборат. Бу сурада чумоли ҳақида ҳам оят келтирилгани учун у шундай номланган. Сурада Сулаймон алейхиссалом пайғамбар бўлиши билан бирга жамийки инсу-жинс, паррандаю- дарранда оламига подшох қилингани ҳам ҳикоя қилинади. Шунингдай Қуръондаги панд-насиҳат, ибрат эслатмалардан фақат кўзи очиқ кишиларгина фойдаланиши мумкинлиги таъкидланган.

28. Қасос ( қисса) сураси – Маккада нозил бўлиб 88 оятдан иборат. Бу сурада Мусо алейҳиссаломнинг туғилишларидан тортиб, қандай пайғамбар бўлганлари ва кўрган – кечирганлари муфассал баён қилинганлиги сабабли уни Қисса деб аталган. Сурада золим подшо Фиръавн, зиқна бой Қорунларни сув ва ер ютганлари ҳикоя қилинади.

29. Анқабут (ўргимчак) сураси – Маккада нозил бўлган ва 69 оятдан иборат. Ўзлари қўл билан ясаб олган бутларига сиғиниб улардан илтижо кутган мушруклар ҳудди ўзи тўқиган тўридан панох истайдиган ўргимчакка ўхшашлиги тўғирисдаги оят ҳам ўрин олганлиги учун бу суара Ўргимчак деб аталган.

Сурада дину-иймонга даъват қилувчи кишилар зиммасида жуда шарафли ва ўта мушкул вазифа борлиги, ҳақ йўлида курашган зотларга Аллохнинг ўзи ёр бўлиши ҳақида ҳам оятлар келтирилган.

30. Рум сураси – Маккада нозил бўлиб 60 оятдан иборат. Сурада Рум (Туркия) ва Форс (Эрон) давлатлари ўртасида бўлган уруш тасвирланиб, 7 йилдан кейин Рум ғалаба қилиши башорат қилинган. Шунинг учун ҳам бу сура Рум деб номланган.
Сурада мўминларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чорлади.

31. Луқмон сураси – Маккада нозил бўлган ва 34 оятдан иборат. Бу сурада Луқмон ҳаким тўғирисидаги хабар ва унинг ўз фарзандларига қилган ўгитлари ҳам ўрин олганлиги сабабли у Луқмон сураси деб номланган.
Сурада Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қиладиган турли оят- аломатлар мавжудлиги ёзилади ва барча мавжудот Аллоҳ томонидан белгиланган тартибга бўйсиниши кўрсатилади.

32. Сажда сураси – Маккада нозил қилиниб 30 оятдан иборат. Бу сурада сажда ояти мавжудлиги сабабли у шундай номланган.
Сурада охират ва қиёмат ҳақ эканлиги, ҳамда ҳаётларини иймон ва эзгу амаллар қилиш билан ўтказган мўминлар учун Аллоҳнинг ажру-мукофотлари борлиги уқтирилади.

33. Аҳзоб (фирқалар) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 73 оятдан иборат. Сурада Пайғамбар алейҳиссаломнинг аҳли-аёллари тўғрисида ҳамда уларнинг зиммаларидаги айрича вазифалар ва алоҳида ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида ҳам сўз юритилади. Шунингдек улар барча мўмин мусулмонларга она мақомида эканликлари, шу боис мусулмонлар уларни эҳтиром билан тилга олишлари лозимлиги уқтирилади.

34. Сабаь – сураси Маккада нозил бўлган ва 54 оятдан иборат. Сурада Сабаь қабиласи ҳақида ҳам ҳикоя қилинганлиги учун у шундай номланган.

Шунингдек сурада қиёмат кунида бу дуёда қилинган ҳар бир иш учун жавоб берилиши, одамларни Ҳақ йўлидан оздириб ботил йўлга бошлаган кимсалар у дунёда даҳшатли азоб тортажаги уқтирилади.

35. Фотир (илк яратувчи) сураси – Маккада нозил бўлган ва 45 оятдан иборат. Бу сура Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири бўлмиш Фотир номи билин аталган.

Сурада Аллоҳнинг осмонлар ва ерни йўқдан бор қилгани ҳамда инсонларни Ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун ўзи билан инсонлар ўртасидаги фаришталарни элчи-воситачи қилиб қўйгани ҳақида хабар берилади.

36. Ёсин сураси – Маккада нозил бўлган ва 83 оятдан иборат.

Сура ўзининг илк ояти (Ё син) номи билан аталган бўлиб, унинг Қуръони каримда тутган ўрни, мартабаси ҳақида Пайғамбар алейхиссалом -“Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Мен бу сурани умматларимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истардим”- деган ҳадис ривоят қилган.

37. Вас- саффот (Саф тортиб турувчиларга қасам) – Маккада нозил бўлган ва 182 оятдан иборат.

Бу сурада яратганнинг барча буйруқларини дарҳол ижро этиш учун саф тортиб турадиган ҳақиқий иймон-эътиқод эгаларига қасам билан бошланганлиги учун шундай деб номланган.

Сурада Иброҳим алейҳиссалом Аллоҳ томонидан ўз ўғли Исмоилни қурбон қилишга буюрилиши ва бу амирга ҳар икаласи сўзсиз итоат этгани ҳам баён қилинади.

38. “Сод” сураси – Маккада нозил бўлиб 88 оятдан иборат. Сура ўзи бошланган Сод ҳарфи билан бошланганлиги учун шундай номланган.

Сурада мусулмонларни кибри-ҳаво иллатидан йироқ бўлишга даъват этилиб, Иблиснинг жаннатдан қувилишига сабаб бўлган нарса Аллоҳнинг амрига итоат этишдан бош тортиб мутакаббирлик қилгани эканлиги таъкидланади.

39 Зумар (гурухлар) сураси – Маккада нозил бўлган ва 75 оятдан иборат. Сурада Машҳар кунидаги ҳисоб-китоб тасвирланиб, у кунда ҳеч кимга зулм қилинмаслиги, иймонли ва яхши амаллар қилиб ўтганлар тўп-тўп бўлган ҳолда жаннатга, куфр билан ўтган кофирлар эса тўда-тўда бўлиб жаҳаннамга ҳайдалиши ҳақида хабар берилади. Шунинг учун ҳам бу сура шундай номланган.

Шунингдек Аллоҳ ҳар бир нарсага ўзига хос сурат ва сийрат ато этгани, ҳамда уларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа юклаб қўйгани баён қилинади.

40. Ғофир (мағфират қилгувчи) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 85 оятдан иборат. Ғофир Аллоҳнинг улуғ сифатларидан бири бўлиб сура шу ном билан номланган.

Сурада фаришталар куну-тун дуою-тасбеҳларда яратгандан мўминларнинг гуноҳларини махфират қилишни сўраб дуо-илтижо қилишлари ҳақида хабар берилади.

41. Фусиллат (муфассал баён қилинган сура) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 54 оятдан иборат. Сурада Қуръон оятлари онгли-ақилли кишилар учун муфассал баён қилиб берилганлиги уқтирилганлиги учун бу сура Фуссилат деб номланган.
Сурада қиёмат кунида ҳар бир инсоннинг ҳар бир азосига тил-забон берилиб қилган ишлар ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик бериши ҳақида огоҳлантирилади.

42. Шўро (маслаҳат) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 53 оятдан иборат. Сурада аҳли иймоннинг гўзал фазилатларидан бўлмиш ҳар бир ишда маслаҳат-кенгаш билан иш тутиш ҳислатига даъват этадиган оятлар ҳам мавжуд бўлганлиги учун бу сура маслаҳат деб аталади.

Бу сурада аввалу-охир барча пайғамбарлар келтирган шариатлар моҳияти жиҳатидан бир бўлиб, ёлғиз Аллоҳга сиғиниб ибодат қилишга буюргани ҳақида ҳам хабар берилади.

43. Зухруф (зеб-зийнат)сураси – Маккада нозил бўлган бўлиб 89 оятдан иборат. Сурада бу дунё олтин-кумушлари ва зеб-зийнатлари Аллоҳ наздида қандай (паст) мартабада эканлиги баён қилинганлиги учун бу сура шундай номланган.
Сурада Муҳаммад алеёҳиссаломнинг салафларидан Иброҳим ва Мусо пайғамбарларнинг даъватларидан ва чеккан азиятларидан айрим лавҳалар тасвирланади.

44. Дуҳон (тутун) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 59 оятдан иборат. Қуръондан шак-шубҳада бўлган мушруклар осмондан тутун- ғубор ёғилдиган кун билан огоҳлантирилгани учун бу сура тутун деб номланган. Сура қофираларга тушадиган дўзаҳ даҳшатлари ва мўминлар учун таёрлаб қўйилган жаннат манзаралари тасвирланган.

45.Жосия (тиз чўкувчилар) сураси – Маккада нозил бўлган ва 37 оятдан иборат. Сурада қёмат кунида рўй берадиган ахвол тасвирланади ва у кунда ҳар бир уммат тиз чўккан ҳолда Аллоҳ тарафидан бўладиган ҳукумга кўз тутиб турилиши баён қилингани учун бу сура жосия деб номланган.

Шунингдек сурада осмонлар ва ердаги ҳар бир нарса ва воқеа ҳодисада ягона Яратувчининг борлигига далолат қиладиган аломатлар мавжудлиги уқтирилган.

46. Аҳқоф (қумтепалар) сураси – Маккада нозил бўлиб 35 оятдан иборат. Сурада Ҳуд алейиссаломнинг Яман юртидаги қумтепаларни маскан тутган Од қабиласининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этганлари, улар эса куч-кувватига ишониб пайғамбар даъватига бўйсунмаганликлари баён қилинади. Шу сабаб бу сура Аҳқоф деб номланади. Шунингдек Қуръон Аллоҳ томонидан нозил қилинганлиги таъкидланади.

47. Муҳаммад сураси – Мадинада нозил бўлиб 38 оятдан иборат. Бу сура Пайғамбар алейҳиссалом номлари билан аталган. Яна шунингдек унда сўз асосан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва унда риёя қилиниши керак бўлган тартиб интизом, қонун-қоидалар ҳақида ҳам сўз боргани учун бу сурани “Жанг” сураси деб ҳам атайдилар. Сурада мўминаларга агар улар Аллоҳ динига ёрдам берсалар Аллоҳ ҳам уларга ёрдам бериши таъкидланган.

48. Фатҳ (ғалаба) сураси – Мадинад нозил қилинган бўлиб 29 оятдан иборат. Сурада пайғамбар алейҳиссалом билан Макка мушруклари ўртасида ҳижрий 6-йилда бўлиб ўтган Худайбия сулҳи ҳақида ва бу сулҳнинг мушруклар устидан қозонилган ғалабанингбошланиши бўлиб қолгани тўғрисда ҳам оятлар борлиги учун бу сура шундай номланган.
Шунингдек сурада Аллоҳ ўз пайғамбарининг кўрган тушларини рост қилгани (ўнгидан келгани) ҳақида ҳам оятлар келтирилган.

49. Ҳужурот (ҳужралар) сураси – Мадинада нозил қилинган бўлиб 18 оятдан иборат. Бу сурада пайғамбар алйҳиссаломнинг жуфти халолари бўлмиш оналаримиз истиқомат қиладиган ҳужралар ҳаида ҳам оятлар мавжуд бўлганлиги учун у шундай номланган. Сурада кўплаб исломй одоб-аҳлоқга оид қонун-қоидаларни қамраб олучи оятлар ҳам ўрин олган.

50. Қоф сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 45 оятдан иборат. Сура биринчи оятнинг илк калимаси (ҳарфи) бўлмиш қоф билан бошланганлиги учун у шундай номланган. Сурада сур чалиниб қабирлардан ҳисоб-китоб учун чиқадиган кунда бўладиган воқеа-ҳодисаларни баён қилиш, бу дунёда қилиб ўтган барча амалари учун ҳисоб-китоб қилиши ҳақ эканлиги ҳақидаги оятлар ҳам ўрин олган.

51. Ваз-зориёт (суриб кетгувчи шамолларга қасам) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 60 оятдан иборат. Бу сура ўзининг илк ояти номи билан аталган. Сура инсу-жинснинг яратилишидан кўзда тутилган бирдан-бир мақсад уларнинг яратганини таниб, ёлғиз ўша зотгагина сиғиниб ибодат қилиб ўтишлари лозим эканлиги таъкидланган.

52. Ват-тур (Тур тоғига қасам) сураси – Маккада нозил бўлган ва 49 оятдан иборат. Сура ўзининг илк ояти билан аталган.
Сурада Қуръони каримга иймон келтирмаган ва пайғамбарни ёлғончи қилган кимсаларнинг барча даъволари пуч ва асоссиз эканлиги очиб берилади. Пайғамбарни эса Аллоҳнинг ҳукми илоҳийсига сабир қилишга буюрилиб, эрта- кеч Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтишига даъват этилган.

53. Ван-нажм (юлдузларга қасам) сураси – Маккада нозил бўлган ва 62 оятдан иборат. Сура ўзининг илк оятиннинг номи билан атлган.

Сурада Муҳаммад алейҳиссаломнинг Мерожга чиқишлари ва у даргоҳда ақл шуурни лол қилгувчи манзара тасвирланади. Яна шунингдек ўтмишда куфру-исён билан ўтган қавмларнинг қандай ҳалокатларга дучор бўлганликлари эслатилган.

54.Қамар (Ой) сураи – Маккада нозил бўлган бўлиб 55оятдан иборат. Сура пайғамбаримизга ато этлган мўжизалардан бири – Ойнинг бўлиниши ояти борлиги учун бу сура шундай деб номланган. Шунингдек сурада тақво эгаларнинг Аллоҳ ҳузурида таёрлаб қўйилган гўзал оқибат – жаннат тасвирланади.

55. Раҳмон сураси – Мадинада нозил бўлган ва 78 оятдан иборат. Сура Аллоҳнинг исми бўлган Раҳмон билан бошланган ва шунинг учун бу сура шундай номланган.

Сурада Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган ҳар бир жумладан сўнг (сура давомида) 31 марта инсу-жинга қараб: “Бас, Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?” дея хитоб этилган.

56. Воқеа (воқеъ бўлгувчи –қиёмат) сураси – Маккада нозил бўлган ва 96 оятдан иборат. Сурада қиёмат қойим бўлиши ва ўша пайтда рўй берадиган даҳшатли ходисалар ва у кунда кишилар 3 турга бўлиниб қолишлари ҳақида ҳабар берилади ва ҳар бир тоифанинг топажак оқибатлари баён қилинади. Шу сабаб бу сура қиёмат деб номланган.
Барча мўмин-мусулмонларни улуғ Аллоҳ номини поклаб тасбеҳ айтишга амр этилади.

57. Ҳадид (темир) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 29 оятдан иборат. Бу сурада кишиларнинг тинчлик кунларида ҳам, ҳарбу-зарбларида ҳам бирдек зарур ва фойдали темир моддаси ҳақида ҳам зикир қилингани учун у шундай номланган. Сурада борлиқдаги барча нарса мудом яратганга тасбеҳ айтиб, улуғлаб туриши ҳақида ҳам ҳабар берилади.

58.Мужодала( мунозара) сураси – Мадинада нозил бўлиб, 22 оятдан иборат. Бир аёл ўз эрининг қилмиши тўғирисида шикоят қилиб пайғамбар алкйҳиссалом билан мунозара қилган оятлари ҳам ўрин олгани учун бу сура мунозара деб номланган.
Шунингдек сурада пайғамбар алейҳиссалом билан қиладиган момулаларда риоя этишлари лозим бўлган одоб-аҳлоқ борасида ҳам йўл-йўриқлар кўрсатилади.

59. Хашр (жамлаб сургун қилиш) сураси – Мадинада нозил қилинган бўлиб 24 оятдан иборат. Сурадан яҳудийлардан Бану назийр номли қабиланинг хиёнаткорликлари сабабли ўз диёрларидан сургун қилингани ҳақида ҳам оятлар ўрин олганлиги сабабли у хашр деб номланган.

60. Мумтаҳана (имтиҳон қилингувчи аёл) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 13 оятдан иборат. Бу сурада мушрукларнинг қўлларидан қочиб Мадинага келган аёлнинг иймонларини имтиҳон қилиб кўриш буюрилади. Шу сабаб бу сура мумтаҳана деб номланган.

Шунингдек мўминларни мушруклар билан дўст бўлмасликка даъват этилади.

61. Саф сураси – Мадинада нозил бўлган ва 14 оятдан иборат. Бу сурада Аллоҳнинг ўз йўлида саф бўлиб курашадиган кишиларни суйиши таъкидланадики, бу ушбу суранинг саф деб номланишига сабаб бўлган.

Сурада Мусо ва Ийсо пайғамбарларнинг бани Исроил қавми томонидан кўрган озор-азиятлари ҳам зикр қилинади. Иймон келтирган мўминларнинг Аллоҳ йўлида молу-жонлари билан жиҳод қилишларига даъват этилади.

62. Жумъа сураси –Мадинада нозил бўлган ва 11 оятдан иборат. Сурада жумъа намознинг аҳкомлари баён қилиниб дунё матоларига учмасдан яхши амаллар қилишга ундалади.

Шунингдек бу сурада ўзларига ато этилган Таврот кўрсатмаларига амал қилмаган Яҳудийларни устларига китоб юкланган эшакларга ўхшатиб, уларнинг золим қавм эканлари таъкидланган.

63. Мунофиқун (мунофиқлар) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 11 оятдан иборат. Бу сурада мунофиқларнинг тубан ахлоқларини, ярамас сифатларини, тиллари билан диллари бошқа-бошқа эканлиги фош этилди. Шунинг учун ҳам бу сура мунофиқлар деб аталган.

Сурада Мўминларни дунё зийнатларига алданиб қолмасликка, ўзларига ато этилган нарсалардан эҳсон қилишга буюрилади.

64. Тағобун (бир-бирларини алдаш, зиён етказиш) сураси – Мадинада нозил бўлиб 18 оятдан иборат. Сурада бу дуёда
мўминларни алдаб, уларга зиён етказиш ҳаракатида юрган кофирлар у дунёда дўзахга гирифтор қилинишлари таъкидланади. Шу сабаб бу сура тағобун деб аталади.

Мўминларга топган мол-мулк ва бола-чақалари улар учун бир имтиҳон эканлиги, бунинг эса шукурни билиш лозимлиги таъкидланган.

65. Талоқ сураси – Мадинада нозил бўлган ва 12 оятдан иборат. Бу сурадаги оятлар асосан оилавий аҳволга таллуқли шариат хукумларидан талоқ ва унинг қонун-қоидалари устида борганлиги сабабли бу сура шундай номланган.

Шунингдек идда ва унинг турлари ҳамда иддадаги аёлни жой ва нафақа билан таъминлаш тартиблари ҳам баён қилинади. Эр ёки хотиннинг бирортасига зулм бўлмаслиги учун Аллоҳдан кўрқиш зарурлиги таъкидланган.

66. Тахрим (ҳаром қилиб олиш) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 12 оятдан иборат. Сурада жорияларни ўзлари учун ҳаром қилиб олган пайғамбар лаейҳиссаломга танбеҳ берилади. Шу боис сура таҳрим деб номланган.
Сурада мўминлар ўзлари ва аҳли оилаларини гуноҳлардан сақлашга ҳамда ҳолис тавба-тазарру қилишга давъат қилинади.

67. Мулк (ёки таборак) сураси – Маккада нозил бўлган ва 30 оятдан иборат. Сура барча оламлар мулки ўз қўлида бўлган Аллоҳ беҳад буюк барокатли зот эканлиги таъкидланади. Шу боис бу сура мулк деб аталади.

Пайғамбар алейҳиссалом: “Дарҳақиқат Аллоҳнинг китобида ўзи фақат 30 оятдан иборат бўлган бир сура ҳам борки, у (ўша сурани ўқиб, амал қилиб юрган) кишини шафоат қилур ва ҳатто қиёмат кунида уни дўзаҳдан чиқариб, жаннатга киритур. У таборак сурасидир”, деб марҳамат қилганлар.

68. Қалам сураси – Маккада нозил бўлган ва 52 оятдан иборат. Сурада Аллоҳ инсон зотига ато этган буюк неъмат – қалам ва у билан битикларга қасам ичиб Муҳаммад алейҳиссаломнинг ҳақ йўлида эканларини таъкидлайди.

Сура пайғамбар алейҳиссаломни кофирлар томонидан етагидан озор-азиатларга сабир-тоқат қилишга даъват этади.

69. Ал-ҳаққа (аниқ рўй бергувчи) сураси – Маккада нозил бўлган ва 52 оятдан иборат. Сурада асосан қиёмат кунида содир бўладиган воқеа ҳодисалар ҳақида оятлар ўрин олган, шу боси бу сура ал-ҳаққа деб номланган.

Сурада ўтмишда куфр йўлини тутган миллатларнинг топган оқибатлари, сур чалинадиган кунда рўй берадиган дахшатли ҳодисалар тасвирланади.

70. Маориж (поғоналар – осмон қаватлари) сураси – Маккада нозил бўлган ва 44 оятдан иборат. Сурада осмон қаватлари хақида оятлар келтирилгани боис бу сура маориж деб аталган.

Сурада инсоннинг хафачиликни ҳам хурсандчиликни ҳам кўтара олмайдиган ожиз вужуд эканлиги уқтирилиб фақат тақво ва эзгу амалгина инсонни бундай ожизликдан омон сақлай олиши мумкунлиги айтилади.

71. Нуҳ сураси – Маккада нозил бўлган ва 28 оятдан иборат. Сурада пайғамбарлар оқсоқоли – Нуҳ алейҳиссаломнинг қиссалари, у зотнинг пайғабар қилиб юборилишларидан тортиб то қавимларининг орасидаги кофир бўлган кимсалар тўфон балосига дуч қилишларигача батафсил ҳикоя қилинади. Шу сабаб бу сура Нуҳ деб аталади.

Шунингдек Нуҳ алейҳиссаломнинг Аллоҳга илтижо қилиб бу кофирларга ўз балосини юборишини сўраганлари (дуоибат қилганлари) ҳақидаги оятлар ҳам ўрин олган.

72. Жин сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 28 оятдан иборат. Бу сурада жинлар олами ҳақида, Муҳаммад алейҳиссаломнинг инсу-жинсга баробар пайғамбар эканлиги таъкидланади.

Жинлар айрим кишилар ўйлаганларидек инсонларга бирон фойда ёки зиён етказишга, ёки ғайб сирларини билишга қодир эмасликлари, уларнинг ичида ҳам инсонлар каби яхшилари ва ёмонлари, мусулмонлари ва кофирлари борлиги очиқ ойдин баён қилинади.

73. Музаммил (ўралиб олган зот) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 20 оятдан иборат. Сурада Муҳаммад алейҳиссаломга: “Эй (кийимларга) ўралиб олган зот”, деб ҳитоб қилингани боис бу сура шундай деб номланган.

Шунингдек сурада пайғамбаримизни кечалари тоат-ибодат қилиб уни бедор ўтказишга ва бу билан нозил бўлажак “Оғир сўз – Каломуаллох” ни башариятга етказиш учун руҳий таёргарлик кўришга буюрилади.

74. Мудассир сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 56 оятдан иборат. Сурада оятлар асосан пайғамбар алейҳиссалом шахсиятлари ҳусусида бориб унга даъват юкини ўз зиммасига олишлари амир этилади ва бу йўлда кофирлар томонидан ўзларига етадиган озор-азиятларга Аллоҳ учун сабир-тоқат қилиш буюрилади.

75. Қиёмат сураси – Маккада нозил бўлиб 40 оятдан иборат. Сурада сўз асосан қиёмат куни ва қайта тирилиш ҳусусида боради ва шунинг учун ҳам у қиёмат деб номланган. Бунда қиёмат кунинг аломатлари зикр қилинади.
Қуръонда нафс калимаси уч хил сифат билан келади:

1-Нафси аммора (гунохга) буюргувчи нафс (12- сура, 53-оят), 2- Маломатгўй нафс (75-сура, 2-оят), 3-Хотиржам-сокин нафс (89-сура, 27-оят).

76. Инсон сураси – Мадинада нозил бўлган ва 31 оятдан иборат. Бу сурада Аллоҳ инсон зотини қай тарзида йўқдан бор қилгани ҳақидаuи оятлар ҳам ўрин олганлиги учун бу сура инсон деб номланган.
Сурада Қуръон оятлари фақат бир эслатма эканлиги ва ҳоҳлаган кишилар бу илоҳий эслатмадан панд-насиҳат олиб Аллоҳга йўл топишлари таъкидланади.

77. Вал-турсалот (юборилган шамолларга қасам) сураси – Маккада нозил бўлиб 50 оятдан иборат.
Сурада қиёматда рўй берадиган ҳориқул-одат, ҳодисалар баён қилинади. Динсизлик оқибатида ҳалокатга дучор бўлган аввалги қавмлар ҳақида хабар берилиб кишиларни иймон-эътиқодга даъват этилади.

78. Набаъ (хабар) сураси – Маккада нозил бўлган ва 40 оятдан иборат. Сурада ўлгандан кейин қайта тирилиш, боқий дунёда мўминларга насиб қилажак мангу саодат, ҳамда кофирлар топажак абадий азоб ҳақида хабарлар бор. Шу сабаб бу сура хабар деб номланган.

Шунингдек сурада қиёмат кунини “Ҳақ билан ботил ажратиладиган кун” деб аталган.

79. Ван-нозиот (жон олгувчи фаришталарга қасам) сураси – Маккада нозил бўлган ва 46 оятдан иборат. Сура ўзиниг илк ояти номи билан аталган.

Сурада кофирларнинг туғён ва қайсарликларидан озор чекаётган пайғамбар алеёҳиссаломга таскин-тасалли бериш учун ўзларининг салафлари бўлмиш Мусо пайғамбар ҳақида ҳам оятлар келтирилган.

80. Абаса (қош читирди) сураси – Маккада нозил бўлиб 42 оятдан иборат. Сурада ҳузурларига келган кўза ожиз бир кимсага рўйхуш бермай қошини чимирган Муҳаммад алейҳиссаломга танбех берилади. Шу сабаб бу сура абаса деб номланган.
Шунингдек сурада инсонга ўзининг қаердан келганидан тортиб, то қаерга бориш ва кейинги ҳоли нима кечишигача баён қилинади.

81. Таквир (ўралиш) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 29 оятдан иборат. Сура қиёмат кунида бутун ер юзини ёритиб ва иситиб турадиган қуёш ҳам ёрилиб, нурсизланиб қолиши хусусидаги оятлар ўрин олгани учун у шундай номланган.

Сурада инсонларга хитоб қилиниб улардан қўлларида ҳақ йўлини кўрсатиб турган шундай буюк китоб бўла туриб унинг қадрига етмаётганликлари, бу китоб Жаброил келтирган илоҳий сўз эканлиги таъкидланади.

82. Инфитор (ёрилиш) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 19 оятдан иборат. Сура қиёмат кунида осмон ёрилиб – очилиб қолиши хусусидаги оят билан бошланганлиги учун ёрилиш деб номланган.

Сурада жазо куни ҳақ эканлиги айтилиб ҳар бир кишининг қилган амалини ёзиб турадиган улуғ фаришталар номаи аъмолни ёзиб боришлари таъкидланади.

83. Мутаффифун (уриб қолувчилар) сураси – Маккада нозил бўлган бўлиб 39 оятдан иборат. Сурада бировларнинг ҳақларини ўлчов ва тарозидан уриб колувчи кимсалар борасида ҳам оятлар борлиги учун у шундай номланган.

Сурада охират ҳисоб-китобидан қўрқмаганлари учун бировларнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган кимсалар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиши ҳам баён қилинган.

84. Иншиқоқ (ёрилиш) сураси – Маккада нозил бўлган ва 25 оятдан иборат. Сурада қиёмат қойим бўлган куни само ёрилиб замин эса ёйилиб теп-текис бўлиб қолиши баён қилинади. Шу боис бу сура ёрилиш деб номланган.

Бу сурада инсон зоти ўзи билса-билмаса, ҳоҳласа-ҳоҳламаса Аллоҳ томонга, одил ҳисоб-китоб сари интилиб бориши таъкидланади.
Инсонлар ўлгандан кейин ваъда қилинаётган даҳшатли ҳолатларга босқичма-босқич йўлиқишлари баён қилинади.

85. Буруж (осмондаги буружлар) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 22 оятдан иборат. Сурада асосан иймон-эътиқод мавзуси ёритилган.

Шунингдек яратганнинг қудрати нақадар буюк эканлигига далолат қилувчи оятлар зикир қилингач, Қуръони мажид ҳеч қачон бирон харфи ўзгармайдиган – бузулмайдиган китоб эканлиги таъкидланади.

86. Ториқ (тунги йўлчи юлдуз) сураси – Маккада нозил бўлган ва 17 оятдан иборат. Сурада ҳар бир инсоннинг қилган амаллари маҳсус фаришталар орқали мунтазам ёзиб борилишлари, қиёмат кунида жамийки одамлар қайта тирилиши ҳақ эканлиги таъкидланади.

87. Аъла (энг олий зот) сураси – Маккада нозил бўлган ва 19 оятдан иборат. Сурада барча нарсадан олий ва юксак бўлган зот – Аллоҳнинг номини пок тутишга амир этилади ва шу боис бу сура аъла деб номланган.

Сурада ўзини пок тутиб Парвардигорини ёд этиб, намоз-ибодатни канда қилмайдиган ҳар бир киши нажот топиши хақида ҳабар берилади.

Бу сура ўз ичига кўплаб илимлар ва яхшиликларни олгани учун Расулуллоҳ бу сурани яхши кўрганлар ва витт намозларининг биринчи ракатида Аъла, иккинчи ракатида Кафирун, учунчи ракатида Ихлос сурасини ўқир эканлар.

88. Ғошия (ўраб-босиб олувчи) сураси – Маккада нозил бўлган ва 26 оятдан иборат.

Бу сурада қиёмат кунида ахли дўзах ва аҳли жаннатларнинг аҳволлари баён қилинади. Ва шунингдек Аллоҳ ўз пайғамбарига ваъз-насихат ва иршодда мажбур қилмаслик лозимлигини эслатади.

Агар ким насиҳатга қулоқ солмаса, фоний дуёда куфр йўлида юрса, қиёматда уларнинг хисоб-китобини Ўзи қилиши таъкидланади. Ҳадисларда Расулуллоҳ ийд (ҳайит) ва жума номозларида Ғошия сурасини ўқиганликлари қайд қилинган.

89. Вал-фажр (тонга қасам) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 30 оятдан иборит. Сура ўзининг илк ояти билан номланган.

Сурада узоқ ўтмишда ўтган ва Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган айрим қавмлар ва Аллоҳ бандаларини бойлик билан ҳам, камбағалик билан ҳам имтиҳон қилиши ҳусусида ҳам оятлар келтирилган.

90. Балад (шаҳар) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 20 оятдан ташкил топган. Сурада Аллоҳ хусусан сўнги пайғамбарининг она маскани бўлган улуғ шаҳар – Маккаи мукаррама ҳақида ва инсон зоти бу дуёга мехнат-машаққат чекиш учун келганлиги баён қилинади.

Қўлларидаги мол-мулкини фақат иймон ва эътиқод билан Аллоҳ буюрган жойларга сарф-ҳаражат қилиш лозимлиги уқтирилади.

91. Ваш-шамс (қуёшга қасам) сураси – Маккада нозил бўлиб 15 оятдан иборат. Бу сура ўзининг илк ояти билан номланган.

Сурада Аллоҳ ўзи яратган бир қанча мавжудотга ва ўз зотига қасам билан ўз жонини иймон билан пок тутган киши нажот топиши, уни куфр билан хор қилган киши эса номурод бўлиши ҳақида хабар беради. Ана шундай ҳалокатга учраган қавимлардан Самуд қабиласи мисол қилиб келтирилади.

92. Вал-лайл (кечага қасам) сураси – Маккада нозил бўлган ва 21 оятдан иборат. У ўзининг илк ояти номи билан аталган.

Сурада инсонларнинг туриш-турмушлари ҳам, саъйу-ҳаракатлари ҳам турли-туман эканлиги хусусида оятлар келтирилиб тақво эгаларининг топажак ажрлари таъкидланади.

93. Ваз-зуҳа (чошгох вақтига қасам) сураси – Маккада нозил бўлган ва 11 оятдан иборат.

Бу сура пайғамбар алейҳиссалом шахсиятларига хос сура бўлиб унда Аллоҳ таоло ўзининг сўнги пайғамбарига нисбатан бўлган меҳр-муҳаббати ва раҳм-шафқати ҳақида хабар беради ва унга илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатади.

94. Шарх (очмоқ, кенг қилмоқ) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 8 оятдан иборат.

Сура бошидан охиригача пайғамбар алейҳиссаломга хитоб бўлиб, Аллоҳ томонидан унга берилган фазл-марҳаматлар зикр қилинади. У зотнинг машаққатларга сабр-тоқат қилишга, ҳамда Аллоҳнинг ибодатига мудом рағбат кўрсатишга даъват этилади.

95. Ват-тийн (анжир мевасига қасам) сураси – Маккада нозил бўлган ва 8 оятдан иборат. Сура ўзининг илк ояти билан номланган.

Сурада Аллоҳ яратган энг гўзал ва мукаммал ҳилқат инсон эканлиги, лекин айрим кимсалар куфру-исён ботқоғига ботиб пасткашлашиб қолишлари бу дунёдан эзгу амаллар билан яшаб ўтган инсонлар эса ажр-мукофотга эга бўлишлари баён қилинади.

96. Алақ (лахта қон) сураси – Маккада нозил бўлган ва 19 оятдан иборат. Бу сурада инсон қуюқ (лахта) қондан яратилганлиги тўғрисида илк бор айтилгани сабаб бу сура шундай номланган.

Сурада инсон табиатидаги бир қуср, ўзини бой-беҳожат кўриши билан туғёнга тушиши тўғрисида сўз юритилиб, ундай кимсалар Аллоҳ ҳузурида ҳисоб бериши борлиги таъкидланади.

Бу сура Хиро тоғида биринчи нозил бўлган ва у сажда ояти билан якунланади. Пайғамбаримиз: “Банда Аллоҳга энг яқин бўлган пайти – сажда пайтидир, у пайтда дуони кўп қилинглар” –деганлар.

97. Қадр сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 5 оятдан иборат. Сурада сўз инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча хақида инсонларга бу дунёда эзгу ишлар қилиб ўтадиган, йўл-йўриқларни кўрсатиб берадиган Қуръони карим нозил
бўла бошлаган кадирли бир кеча ва унинг фазилатлари ҳақида боради.

98. Баййина (аниқ ҳужжат) сураси – Мадинада нозил қилинган бўлиб 8 оятдан иборат. Бу сурада сўз ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигагина ихлос билан ибодат қилиш лозимлиги тўғрисида ва охиратда кофирлар дучор бўладиган азоб ҳамда иймон ва яхши амаллар билан ўтган зотларга муяассар қилинадиган мангу бахт хусусида боради.

99. Залзала (зилзила) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 8 оятдан иборат. Бу сура дастлаб қиёмат қойим бўлганда замин зилзилага тушиб, титраб-ёрилиб тилга кириши ҳақида қикоя қилади.

Сўнгра у кунда бу фоний дунёда қилиб ўтилган зарра мисоли яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам оқибатсиз қолмаслиги баён қилинади. Шу боис пайғамбаримиз бу сурани Қуръоннинг ярмига тенг келади деганлар.

100. Вал-одиёт (чопқир отларга қасам) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 11 оятдан иборат. Сурада динсиз, эътиқодсиз инсонлар албатта Аллоҳ ато этган неъматларга ношукурлик қилувчи ашаддий дунёпарастлар бўлишлари таъқидланади. Булар эса жазосиз қолмаслиги уқтирилган.

101. Ал-қориа (қалбларни қаттиқ қоқувчи) сураси – Мадинада нозил қилинган бўлиб 11 оятдан иборат. Суранинг номи бўлмиш ал-қориа калимаси қалбларни қаттиқ қоқувчи – қиёмат деган номни англатади.

Сурада қиёмат даҳшатлари тасвирланиб у кунда ҳар бир инсон ўз қилмишига қараб мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлиши ҳақида хабар берилади.

102. Такосур (тўплаб кўпайтиришга берилмоқ) сураси – Маккада нозил бўлиб 8 оятдан ташкил топган.

Сурада кўп одамларнинг то қабрларга киргунча мол-дунё тўплашига ва ўша арзимас матолар билан мақтанишга машғул бўлишиб Аллоҳ буюрган ҳақ йўлдан юришдан юз ўгирганлари баён этилиб уларга бу қилмишларининг оқибати ёмон эканлиги уқтирилади.

Шу боис пайғамбаримиз бу суранинг минг оятга бробар эканлигига ишорат қилганлар.

103. Вал-асри (аср намозининг вақтига қасам) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 3 оятдан иборат.

Сурада Аллоҳ таоло аср намозининг вақтига қасам билан инсоният ҳақиқий бахт-саодатга эришиш учун 4 нарсага: иймонга, эзгу амалга, ҳақ йўлга ва шу йўлда чекиладиган машаққатларга сабр-тоқат қилишга мухтож эканлигини таъкидлайди. Бу сура мусулмонларнинг сифатини, ҳақиқатини, вазифасини баён қилади.

Шу боис Имом Шоъфий р.а.: “Агар шу сурадан бошқа сура тушмаганида ҳам одамларга кифоя қиларди”, деганлар.
104. Хумаза (бўхтончи) сураси – Маккада нозил бўлган ва 9 оятдан иборат. Сурада тўплаган мол-дунёлари билан қувонишиб, ўша моллари ўзларини ҳарқандай бало-офатдан сақлайди деб ўйлаб бировларнинг обрўларини тўкиб юрадиган ғийбатчи-бўҳтончи кишилар албатта дўзах азобига грифтор бўлиши таъкидланади.

105. Фил сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 5 оятдан иборат. Сурада Кабатуллоҳни вайрон қилиш ғаразида келганлари сабабли Аллоҳнинг ғазабига учраб ҳалок бўлган асҳоби фил – фил минган лашкарлар ҳақида оятлар келтирилган.
Аллоҳнинг уйи – Каъбани бузиш учун келган Яман ҳокими Абраха бошчилигида бостириб келган кофирларни Аллоҳ ўзининг махлуқлари бўлмиш қушлар тумшуқларида келтирган майда тошлар билан ҳалок қилгани баён қилинади.
Расулуллоҳ фил воқеасидан 50 кун кейин дунёга келганлар.

106. Қурайш сураси – Маккада нозил бўлиб 4 оятдан иборат. Бу сурада пайғамбар алейҳиссаломнинг қабилалари бўлмиш Қурайш қабиласига Аллоҳ томонидан ато этилган улуғ неъмат – тинчлик-омнлик, тўқлик-фаровонлик зикр қилиниб Қурайшликларни бу неъмат учун Байтуллоҳнинг Парвардигорига ибодат қилишга даъват этилади.

107. Моъувн (рўзғор буюмлари) сураси – Маккада нозил бўлган ва 8 оятдан иборатдир. Сурада диннинг моҳияти ҳақида сўз юритилиб, ўзларини диндор ҳисоблайдиган айрим кимсаларнинг мискинларни озорлайдиган, бечоралар ҳолидан хабар олмайдиган кимсаларни эса динни инкор қилувчилар дейилади.

108. Қавсар сураси – Маккада нозил бўлган ва 3 оятдан иборат. Сурада Муҳаммад алейҳиссаломга Қуръон ва пайғамбарлик ато этилгани таъкидланиб, бундай илоҳий марҳаматнинг шукронаси учун намоз ўқишга ва қурбонлик қилишга даъват этилади.
Кимда-ким пайғамбар алейҳиссаломни ёмон кўриб, душманлик қилса ана ўша кимса беному-нишон йўқ бўлиб (думи қирқилиб) “абтар” бўлиб кетиши таъкидланади.

109. Кофирун (кофирлар) сураси – Маккада нозил бўлиб 8 оятдан иборат. Бу сура кофирлар пайғамбаримиз олдига келиб –“Бизлар сизларнинг Худойингизга ибодат қилайлик, сизлар ҳам бизларнинг бутларимизга ибодат қилинглар” – деганларида нозил қилинган.

Пайғамбарни ва унинг умматларини кофирларнинг (ва ғайри динларнинг ҳам) бундай таклифларига учмасликка, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этилади.
Пайғамбаримиз бу сурани Қуръоннинг тўртдан бирига тенг келади деганлар ва бомдот намозининг икки ракат суннатларида кофирун ва ихлос сурасини ўқиганлар.

110. Наср (ёрдам) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 3 оятдан иборат. Сурада пайғамбаримизга ва барча мусулмонларга Аллоҳ ўз динини барча динлардан ғолиб қилган кунга гувоҳ бўлганларида берган мадад ва ғалабаси учун махфират сўраш, тавба-тазаррулар қилиш лозимлиги баён қилинади.
Имом Насафий ривоятларида бу сура Қуръони каримниг тўртдан бирига тенглиги ҳақида хабар бор.

111. Масад (пишиқ тўла) сураси – Маккада нозил бўлган ва 5 оятдан иборат. Сурада гарчи ўзи пайғамбар алейҳиссаломга амаки бўлса ҳам, пайғамбаримизга ҳаддан ташқари азиятлар етказган “Абу-Лаҳаб – дўзах ўтининг отаси” –деган лақабга эга бўлган ашаддий кофр ва куфрда ундан қолишмайдиган хотини ҳақида сўз юритилади.

112. Ихлос сураси – Маккада нозил бўлган ва 4 оятдан иборат.Бу сура бир гурух Макка мушруклари пайғамбаримиз олдиларига келишиб Аллоҳнинг таъриф-тафсифини қилиб беришни сўрашганда, ўшаларга жавобан нозил бўлган.
Бу буюк сура мўминларга Аллоҳни қандай танишни ва унга қандай ихлос – эътиқод қилишни ўргатади.
Пайғамбаримиз бу сурани Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади, деганлар ва ихлос, фалак, нос сураларини ўқиб дам солар эканлар.

113. Фалак (тонг) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 5 оятдан иборат. Бу сура ўзининг илк ояти номи билан аталган.
Сурада Аллоҳ таоло пайғамбар алейҳиссаломга ва барча мўминларга еру-осмондаги барча ёмон нарса ва ҳодисалардан ёлғиз ўзига паноҳ сўрашларини таълим беради.

114. Ан-нос (инсонлар) сураси – Маккада нозил бўлган ва 6 оятдан иборат. Сура ўзининг илк ояти билан аталган.
Бу сура ўзидан олдинги суранинг узвий давоми бўлиб жинлар ва инсонлардан бўлган кишиларни вас-васага солиб, йўлдан урадиган шайтонларнинг ёмонлигидан ёлғиз Аллоҳга сиғиниб панох сўраш лозимлиги уқдирилади.

 

IV Боб.

Қуръони каримнинг асосий оятлари

Сура. Оят

2. 125 – Эсланг, Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилиб қўйдик.
2. 144 – … Юзингизни масжид ал-Ҳаром (Макка) томонига буринг.
2. 149- …У шубҳасиз Парвардигорингиз буюрган ҳақ қибладир.
2. 173 – У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларни ҳаром қилди. … Кимки ночор аҳволда (булардан озроқ еса) гуноҳкор бўлмайди.
2. 187 – Ва тонгдан, оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар (саҳарлик қилаверинглар).
2. 208 – Эй мўъминлар, тўла ҳолдаги (исломнинг баъзи хукумлариги итоат қилиб, баъзилариги итоат қилмай эмас) исломга кирингиз.
2. 215 – … Қандай яхшилик қилсангиз ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилинглар.
2. 219-220 – …Булар(ароқ ва қимор)да катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гунохи фойдасидан каттадир. Ва сиздан (эй Муҳаммад) нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар, ўзингиздан ортганини, деб жавоб беринг.
2. 238 – Барча намозларни, хусусан ўрта (аср) намозни сақланглар – ўз вақтида адо этинглар.
2. 251 – Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини, айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз ер фасодга дучор бўлади.
2. 253 – Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик.
2. 275 – … Холбкуи Аллоҳ бай (олди-сотди, савдолашиш)ни ҳалол, судхўрликни харом қилган.
3. 3-4 – …Сизга ўзидан аввалги тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу китоб (Қуръон)ни ҳақ билан нозил қилдик.
3. 14 – Одамларга аёллар, болалар, бойликларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди.
3. 19 – Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир.
3. 67 – Иброҳим алейҳиссалом яҳудий ҳам, насроний ҳам, мушрик ҳам эмас.
3. 80 – Аллоҳ барча пайғамбарлардан: “…кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этгувчи бир пайғамбар (Муҳаммад САВ) келгач албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз”, деб аҳду паймон олгач уларга: “Манашу аҳду-паймонни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?”, деди. У пайғамбарлар “Иқрормиз”, деб жавоб қилишгач Аллоҳ айтди: “Гувох бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман”.
4. 31 – Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил – жаннатга киритурмиз.
4. 34 – Эркаклар хотинлари устидан раҳбардирлар:
… Ибодатли-итоатли ва эрлари йўқлигида (эрларининг мол- мулкини ва ўз иффатларини) сақлагувчи хотинлар яхши хотинлардир.
… Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз аввало уларга панд-насиҳат қилинг (у кор қилмаса) уларни ётоқларида тарк қилингиз (бирга ётмангиз), у ҳам кор қилмаса уринглар.
4. 43 – Эй мўъминлар, токи гапираётган гапларингризни билишингиз учун маст ҳолди намозга яқинлашманглар.
4. 136 – Эй мўъминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарларига ва шу пайғамбарларга нозил бўлган китобларга, … иймонингиз комил бўлсин.
4. 148 – Аллоҳ ёмон сўзларнинг (дуоибатнинг) ошкора айтилишини суймайди. Магар мазлум томонидан бўлса (жоиздир).
5. 3 – …Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон-тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим…(Бу Мелодий ҳисобда 632 йилда Арофатда, охирги нозил бўлган оятдир. А.Х.).
5. 48 – …Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик.
5. 90 – …Эй мўъминлар, ароқ, қимор, бутлар ва чўплар шайтон амалларидан бўлган харом ишлардир.
5. 93 – …Сўнгра ўзларини (у ҳаром нарсалардан) сақлаб иймон келтирсалар (илгари) еб-ичган нарсаларидан гуноҳ йўқдир.
6. 92 – …Бу китоб Макка аҳлини ва унинг атрофидаги кишиларни (охират) азобидан огохлантиришингиз учун ўзимиз нозил қилган китобдир.
6. 119 – …Магар музтар (мажбур) бўлиб қолган ҳолингиздагина (у ҳаром нарсалардан истемол қилишингиз мумкин).
6. 128 – …Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари (фолбинлар): “Парвардигор, бизлар бир-биримиз (бизлар жиндан, жинлар биздан А.Х.)дан фойдаландик… деганларида “Жойингиз дўзахдир!” дер.
6. 152 – …Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз.
7. 11 – Аниқи биз сизларни (ердаги халифаларимни) яратдик. …фаришталарга амр қилганимиз заҳотиёоқ улар сизларга сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилмади.
7. 12 – Аллоҳ сабабини сўраганда : “Мени оловдан, одамни эса лойдан яратгансан, шунинг учун мен ундан яхшироқман” –деди шайтон. Бу кибру ҳавоси учун у жаннатдан қувилди.
7. 18 – Қасамки, улардан кимда-ким сенга ергашса албатта дўзахни сизларнинг барчангиз билан тўлдирурман.
7. 24 – Аллоҳ айтди: “Бир-бирнгизга (шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман бўлган ҳолингизда жаннатдан тушинглар…”
7. 172 – Бу оятда Аллоҳ инсон зурриётидан мусулмон бўлишга ваъда (ал-мисоқ) олганлиги баён қилинади (А.Х.).
7. 187 – …У (қиёмат)сизларга фақат тўсатдан, кутилмаганда келур.
7. 204 – Қачон Қуръон тиловат қилинса унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз – шояд (Аллоҳ тарафидан) рахматга сазовор бўлсангизлар.
9. 60 – Албатта садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда фақат фақирларга, бўйин(қул)ларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусилмонларга берилур.
11. 40 – Ғарқ бўладиганлар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Қанъон эди.
11. 114 – Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо этинг.
13. 37 – Шунингдек (яъни илгари ўтган пайғамбаримизга ўз тилларида ваҳий юборганимиз каби)биз уни (Қуръонни) арабий ҳукум ҳолида нозил қилдик.
15. 18 – Магар (у жинлардан) биронтаси (осмондаги маликларнинг сўзларини)ўғиринча эшитиб олса, бас (уни ердаги фолбинларга етказмоқчи бўладилар).
16. 67 – Сизлар маст қилувчи(ароқ)ни ҳам гўзал халол ризқни ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар.
16. 74 – Бас Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар (Унинг ўхшаши йўқдир).
16. 98 – Ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг албатта қувилган –маълун шайтон (вас-васаси)дан Аллоҳ панох беришини сўрагин.
17. 1 – Меърож кечасида (ҳижратдан бир йил олдин) Аллоҳ Муҳаммад умматлари учун 5 вақт намоз фарз қилди.
17. 78 – Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонги ўқиш(бомдод намози)ни ҳам (тўкис адо этинг). Зеро тонги ўқиш (кеча ва кундиз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир. (Ушбу оят 5 вақт намоз фарз эканлигига ҳужжатдир).
17. 106 – Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
18. 23-24 – Ва бирон нарса ҳақида: “Мен албатта эртага келгувчиман” деякўрманг. Магар Ишаоллоҳ , Аллоҳ ҳоҳласа (денг).
19. 64-65 – Оятлар Жаброил алейҳиссалом сўзлари (А,Х,).
21. 35 – …Биз сизларни (сабир тоқатингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам (шукур қилишингизни билиш учун) яҳшилик билан ҳам “алдаб”имтиҳон қилурмиз…
22. 78 – Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни исломни) ушлангиз.
23. 52 – Шак шубҳасиз (барчангизнинг) миллатингиз (яъни динингиз) бир миллат(дин)дир (яъни исдомдир).
23. 53 – Сўнг (одамлар) ишларини (динларини) бўлакларга бўлиб юбордилар.
23. 102 – Энди кимнинг (савоби) мезонлари (гуноҳларидан) оғир келса, бас ана ўшалар нажот топгувчилардир.
24. 26 – Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир.
24. 27 – Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча (берилмагунча) ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз.
25. 59 – У осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб сўнгра ўз аршига ўрнашган зотдир.
26. 196 – Албатта (Қуръон ҳақидаги хабарлар) ўтганларининг китобларида ҳам бор.
26. 222-223 – Улар (жинлар) барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини улар(фолбинлар)га ташларлар. Улар(жинлар)нинг кўплари ёлғончидир. (фолбинларнинг башоратномаларини фақат маълумот учун эшитиш мумкин халос А.Х).
29. 7 – Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг ёмонликларини (яъни аввал қилган гуноҳларини) шак-шубхасиз ўчирурмиз ва албатта уларни қилиб ўтган чиройли амаллари билан мукофотлармиз.
29. 46 – … Ва айтинглар: – Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтирганмиз. Бизларнинг Илоҳимиз ҳам, сизларнинг Илохингиз ҳам бир Илохдир ва бизлар унгагина бўйсингувчимиз.
35. 28 – Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур.
42. 14 – … Албатта улар (Мусо ва Ийсо А.Х.)дан кейин китоб (Таврот ва Инжил)га ворис қилинган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) ҳам унда (ўз китобларидан) шак-шубҳададирлар.
42. 40 – Ёмонликнинг жазоси ҳуддий ўзига ўхшаган ёмонликдир.
43. 4 – Дарҳақиқат у Қуръон бизнинг даргоҳимиздаги асл китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да юксак (мартабали) ва ҳикматли (китобдир).
46. 12 – … Бу (Қуръон) арабий лисондаги (ўзидан аввал нозил бўлган барча илоҳий китобларни) тасдиқловчи бир китобдир. У золим-кофир бўлган кимсаларни (оҳират азобидан) огохлантириши учун ва чиройли амал қилгувчиларга (жаннат ҳақида) хушхабар бўлиши учун (нозил қилингандир).
49. 6 – Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавимга мусибат етказиб қўйиб қилган ишларингизга афсус надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб, тешкириб кўринглар.
49. 12 – Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар, чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир …айримларингиз айримларини ғийбат қилманг.
50. 17 – Зотан ўнг ва чап(томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши ва ёмон сўз ва амалларини) қабул қилиб ёзиб турурлар.
51. 56 – Мен жин ва инсонни фақат ўзимга ибодат қилиш учунгина яратдим.
53. 26 – … Магар Аллоҳ ўзи ҳоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн бергандан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур).
55. 14-15 – У зот инсонни (Одам алейҳиссаломни) сопол каби қуриган қора лойдан яратди. Жин-иблисни эса аланга-оловдан яратди.
57. 3 – Аввал ҳам, охир ҳам, зохир ҳам, ботин ҳам унинг ўзидир.
57. 18 – …Аллоҳга қарзи-ҳасана берганлар учун (Аллоҳ йўлида берган хайру-садақалари) бир неча ҳисса қилиб қайтарилур ва улар учун улуғ ажр-мукофот бордир.
57. 23 – …Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кишиларни севмас.
58. 8 – Ассалому алейкум – сизларга тинчлик омонлик бўлсин.
61. 6 – Эсланг, Ийсо бинни Марям: “Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди.
62. 3 – (Аллоҳ бу пайғамбарни) яна улардан бошқаларга – уларга ета олмаган (энди дунёга келадиган барча инсонларга ҳам юборгандир)…
64. 14 – Жуфтларингиздан ва фарзандларингиздан сизлар учун душман бўлганлари ҳам бордир, улардан эҳтиёт бўлинг.
65. 7 – Аллоҳ танглик ва камбағалликдан кейин енгиллик ва бойликни ҳам (пайдо) қилур.
66. 2 – Дарвоқе, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат – эваз) тўлаб қасамларингиздан қутилиб чиқишни буюрган-ку.
70. 19-20-21-22 – Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир, қачон унга ёмонлик(камбағаллик, кулфат) келса у ўта бесабрлик қилгувчидир.
Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса у ўта манъ қилгувчи – бахилдир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар(яъни мусулмонлар)гина ундоқ эмасдир.
72. 6 – Албатта инс(инсон)дан бўлган айрим кимсалар, жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддидан ошишини, муттаҳамлигини зиёда қилар эдилар.
73. 5 – Зеро биз сизга оғир сўзни – Қуръонни туширажакмиз.
73. 20 – …Бас, (ўзларингизни қинамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар…
87. 8 – Бас, сизни осон (динга) муваффақ қилдурмиз.
87. 9 – Бас, агар панд-насиҳат пайдо берса (кишиларга) панд-насиҳат қилинг. (Яъни насиҳат кор қилмайдиган кимсаларга сўзингизни исроф қилманг).
90. 4 – Дарҳақиқат биз инсонни меҳнат, машаққатга яратдик.
96. 1 – (Эй Муҳаммад барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номи билан (бошлаб) ўқинг! 2. У инсонни лахта қондан яратган (зотдир). 3-4.Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзувни, хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. 5. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди. (Булар Хиро тоғида биринчи нозил бўлган оятлардир).
97. 1 – Албатта биз у(Қуръон)ни қадр кечасида нозил (юқори осмондан паст осмонга) қилдик. (кўпчилик уламоларнинг фикрича қадр кечаси рамозон ойининг 26 дан 27-га ўтар кечасидир. А.Х)

 

V Боб.

НАМОЗЛАРДА ЎҚИЛАДИГА, САНО, САЛОВОТ, СУРА, ОЯТ ВА ДУОЛАРНИНГ МУХТАСАР МАЗМУНИ

Қуръони карим ва у нозил бўлган араб (Қурайш лаҳжаси) тилини билиш ҳар бир мусулмон учун суннат ҳисобланади. Шаръий китобларда ўқиётган намознинг (ундаги сура, оят ва дуоларнинг) маъносини билмай ибодат қилиш намоз(ибодат)нинг фасод бўлишига олиб келиши таъкидланади.

Афсуски кўпгина эътиқодли намозхонларимиз намоздаги араб тилида ўқиётган ояту-дуоларининг нафақат таржимасини, ҳатто маъносини ҳам билишмайди. Албатта, қария ва энди ибодатга киришган намозхонларимиз намозда ўқиладиган сура, оят ва дуоларнинг тўлиқ таржимасини билишга қийналадилар. Шу боис улар ўзлари намозда ўқиётган сура, оят ва дуоларини ҳеч бўлмаса (таржимасини ўргангунча)маъносини билишлари лозим.

Қуйида намозларда ўқиладиган сано, саловат, сура, оят ва дуоларининг мухтасар мазмуни берилган:

Сано – Аллоҳнинг ягона ва улуғ эканлиги таъкидланиб унга ҳамду-сано (мақтов) айтилади.

Азоннинг дуоси – ушбу дуо ва намоз эгаси(Аллоҳ)дан Пайғам баримизга баланд даражани ва қиёматда унинг шафоатини насиб
этиш сўралади.

Саловот – Аллоҳдан Пайғамбаримиз ва унинг оиласини раҳмат ва муборак қилиш сўралади.

Оллаҳумма инни … дуоси – Аллоҳдан яхшиликлар сўралиб, ёмонликлардан паноҳ тиланади.

Раббино атино… – Аллоҳдан икки дунё неъматини ва дўзах азобидан сақлаш сўралади.

Салом бериш – Ўнг ва чап томондаги барча одаму-фаришталарга саломатлик ва раҳмат тиланади.

…Залжалали вал икром – аллоҳ балолардан сақлагувчи буюклик ва раҳмат эгаси эканлиги таъкидланади.

…Ла шарика … – Аллоҳ ягона бўлиб барча мулк, ҳамд ва қодирлик уники эканлиги таъкидланади.
Қунут дуоси – Фақат Аллоҳга сажда, тавба ва шукур қилиш ва ундан ёрдам сўраш, унинг азобидан қўрқиш ва раҳматидан умид қилиш сўралади.

Дуо – Аллоҳдан шу қилган ибодату-илтижоларини, ўқиган намозларини савҳ-хатоларини кечириб ўз даргоҳида қабул қилиш сўралади.

Тиловат-ул Қуръон – Қуръон оятлари тиловқат қилинади. Ундан ҳосил бўлган савобу самарасини Пайғамбаримиз ва бошқа (Сиз ихтиёр қилган)лар руҳи покларига бахшида қилинади.

Дуо – Аллоҳдан хусусан қандай тилакларингиз бўлса сўралади ва Омин! Аллоҳу акбар! деб якунланади.
Фатҳ сураси 10-ояти – Тасаввуф аҳли учун ҳужжат, деб кўриладиган бу оятда Аллоҳга байъат қилиш ва бунинг учун бериладиган улкн ажр ҳақида баён қилинади.

Оят-ул курси – Қуръонннинг қўрғони, деб эътироф этиладиган бу оятда Аллоҳнинг тирик ва кузатувчи эканлиги, унинг буюк илм ва қудрат соҳиби эканлиги таъкидланади.

Моида сурасининг 3-ояти – Охирги нозил бўлган бу оятда инсонлар учун фақат Ислом дини танлангани, бу дин бенуқсон ва комил қилиб берилгани уқтирилади.

Субҳони робби…деб бошланадиган 37-суранинг 180, 181, 182- оятларида Аллоҳнинг нуқсонсиз (пок) эканлиги, Пайғамбарларга унинг саломи, барча ҳамду-сано ёлғиз Аллоҳ учун эканлиги баён қилинади.
Қуръони каримнинг биронта сура ёки оятларини ўқиб дуо қилишдан олдин бу суралар албатта ўқилади.
Объектив ёки субъектив сабабларга кўра ҳеч бўлмаса бомдод намозини ҳам ўқимаётган (имконият бўлганда ибодат қилишни ният қилиб юрган) эътиқодли мусулмонларга қуйидагиларни тавсия қилган бўлардик:

Эрталаб юз-қўлини ювиб нонушта қилишдан олдин пок (жойнамоз бўлса яна яхши) жойда қиблага юзланиб қаъдада (чўккалаб) ўтириб сидқидилдан ихлос билан 1 марта фотиҳа сурасини ва 3 марта ихлос сурасини, кейин 37-сурадаги 180, 181, 182-оятларни ўқиб дуо қилса ҳам катта савобга эришади.

Ваҳолангки, ҳадиси шарифда фотиҳа сураси Қуръонни очувчи (калити), ихлос сураси эса Қуръоннинг учдан бирига (уни 3 марта ўқиш эса Қуръонни хатм қилишга баробар) тенг эканлиги бежиз таъкидланмаган.

Буюк Аллоҳ барчамизни иймон ва исломда собит қадам қилиб қалбимизни Қуръони карим нури билан мунаввар қилсин. Омин, Аллоҳу акбар!

М у н д а р и ж а

М у қ а д и м а ………………………………………… 3

I. Боб. Қуръони карим, унинг нузули ва ёзилиши……… 4

II. Боб. Қуръони карим тафсири …………………………………. 8

III. Боб. Қуръони карим сураларининг мухтасар баёни….10

IV. Боб. Қуръони каримнинг айрим асосий оятлари…….33

V. Боб. Намоз(ибодат)ларда ўқиладиган сано, саловот,
сура, оят ва дуоларнинг мухтасар мазмуни…………40

Ноширдан …………………………………………………………..45

quronxorazmiyМуаллиф (Ахмад ҳожи Хоразмий) энг қадимий Қуръони карим – Усмон мусхаби мутоаласида

Бу китобда Хоразмлик таниқли ижодкор, Нақшбандия тариқати сўфийси, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотлари лауреати, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий томонидан Қуръони каримнинг нозил бўлиши, ёзилиш тарихи, тафсири, Қуръон сураларининг маънолари қисқа ва жуда тушинарли тарзда баён қилинган.
Китоб Ислом ва Қуръони карим ихлосмандларига мўлжалланган.

Н о ш и р

Буюк Британия. Лондон, 2010

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn