ИСЛОМ ВА ШАРИАТ

habibullo hakimҲабибулло ҳаким

(”Ислом ва Замон” рисоласидан боблар)

Маълумки, шариатнинг асосий манбаълари бўлган Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларнинг муқаддаслиги ва дахлсизлиги шубҳасиз.
Бироқ, мусулмонларнинг ўзаро тортишув ва жанжалларига доимий сабаб қилиб ушланаётган шариат ҳукмлари олимларнинг Қуръон ва ҳадисни ўрганиб ўз ақлларига, тушунчаларига мувофиқ талқин этган қонун-қоидалардир.
Яъни, инсон тушунчасининг, фикрининг маҳсулидир.
Дарвоқеъ, шариат, мусулмон фақиҳлари тарафидан Пайғамбаримиздан кейин 2-3 аср давомида шаклланган. Бундан ташқари, бу жараён ҳозирги даврдан кескин фарқ қилувчи ўзига хос тарихий шароит ва даврда амалга ошган.
Шунинг учун ҳам айнан бир масалада ҳар хил олимлар ўз замони, макони ва шароитига мувофиқ хилма-хил қонун-қоидалар, фатволар чиқарганлар.
Бинобарин, замонавий мусулмон фақиҳлари, шариат асослари бўлган Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифни ҳозирги замон талабларига мос тарзда талқин этган ҳолда замонавий шариат қонунларини ишлаб чиқишлари мумкин ва зарурдир.
Айнан шу соҳадаги оқсашлик ва қотиб қолишлик туфайли ҳам, ислом дини аксар тоифа одамлар тарафидан воқеъликка тўғри келмайдиган эскилик ва қолоқлик деб тушунилишига сабаб бўлмоқда…
Бас, шундай экан, шариат аслида муқаддас ва дахлсиз эмас, балки замон ва макон, шароит тақозоларига мувофиқ ўзгариш ва ўзгартиришлар киритиш мумкин бўлган оддий қонун-қоидалар мажмуасидир.
Айнан шу мезоннинг бузилгани, яъни инсон фикри, тушунчаси маҳсули бўлган шариатни Қуръон ва ҳадис билан бир қаторга қўйиб муқаддас ва дахлсиз саналгани, унинг “ҳимоясини” муқаддас диний амал даражасига кўтарилгани ҳамма балонинг бошидир.
Дарҳақиқат, узоқ ислом тарихида мутаассиб ва нодон дин пешволари калтабинлик ва такаббурона иддаоларини, шахсий эҳтиросларини енга олмаганликлари сабаб, ўз тобеъларига, авом халққа бу ихтилофларнинг табиийлиги ва зарарсиз эканлигини, бу ихтилофларга кенглик ва оқиллик билан ёндашиш лозим эканлигини тушунтириш ўрнига, шу ихтилофлар туфайли аввало ўзлари ўзаро адоватга берилганлар ва халқни ҳам адоватга бошлаганлар.
Натижада ислом тарихи саҳифалари ўзаро ички адоватлар, биродаркушлик урушлари каби шармандали ҳолатларга, қора доғларга тўлиб кетган.
Афсуски, бу “анъана” ҳозирги юқори маданият асрида ҳам, сурункали юқумли касаллик сингари дин пешволарини тарк этгани йўқ. Ҳозирги кундаги дин пешволарининг ҳам шариат талашиб, ўзаро ҳурматсизлик ва айбловлар билан машғулликлари, ҳамда авом халқни ҳам ўзларининг бу “жанг”ларига аралаштириб, халқ орасида носоғлом муҳитни кучайтираётганликлари бу борада кенгроқ фикрлаш, жиддийроқ шуғулланиш зарурлигини билдиради.
Барча ислом оламида бўлгани каби, юртимиздаги мавжуд реакцион оқимларнинг бир-бирлари билан ўзаро адоватларининг, мусулмонларимиз табиатидаги жиззакилик ва торликнинг асослари ҳам айнан шу шариат ҳукмларидаги ихтилофларга ўта жиддий ёндашишликдир. Мусулмонларнинг бирлигини, биродарлигини сақлашдай ғоят муҳим фарз амални бу ихтилофлардан муҳимроқ эканини идрок этолмаганликларидандир.
Шундай экан, бутун оламларга РАҲМАТ бўлиб келган динимизнинг олийжаноб хислатларини йўққа чиқариб, уни мутаассиблик ва нодонлик билан умматни парчаловчи, бўлак-бўлакларга ажратувчи восита қилиб олишни ташлаб, шариат қонун-қоидаларидаги ихтилофларга, фарқларга бирмунча енгиллик, кенглик билан қараб, мусулмонлар бирлигини, жипслигини анча юқори қўйишимиз, энг устувор масала деб қарaшимиз лозим.
Хуллас калом, мусулмонларнинг бирлиги, жипслиги биринчи галдаги фарз амалдир ва ҳар қандай шаръий масалалар ва қонун-қоидалардан устун ва юқоридир.
Фарзни тарк этиб, унинг зарурлигини, муҳимлигини фаҳм этолмай, инсонлар тушунчасининг, фикрининг маҳсули бўлган қонун-қоидаларни баҳона қилиб, ўзаро адоват қилиш, адоват уйғотиш ўта нодонлик, жоҳиллик ва оғир хиёнатдир..
Демак, инсон ўзини Аллоҳнинг ердаги ўринбосари деган юксак унвонига яраша, Аллоҳнинг энг мукаррам махлуқи эканини тўла ҳис этиб яшай оладиган жамият қуришимиз учун, биз ҳам барча бузилган мезонлар ва қадриятларни ўз ўрнига қўйиб чиқишимиз лозим. Бунинг учун;
Аввало, Аллоҳ таоло Ўзи Одамни “Ер юзидаги ўринбосарим” деб улуғлаганини, “Исро” сураси 70 оятида,
-“Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик…, ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”- деб, Ҳазрати Инсонни барча нарсалардан устун қилганини тан олишимиз, эътироф этишимиз зарур.
Бани одамнинг азиз-мукаррамлиги аввало Аллоҳ таолонинг иродасидир.
Аллоҳнинг махлуқотлари орасида ақл, ихтиёр, нафс, нутқ, тамииз (яхши-ёмон, фойда-зарар, оғир-енгилни фарқлаш, ажратиш), танлов ва бошқа жуда кўп неъматлар билан сийлангани ҳам Бани Одамдир. Хатто фаришталарга ва бошқа махлуқотларнинг ҳеч бирига Аллоҳ таоло бу буюк неъматларни берган эмас. Зеро, Бани Одам айнан шу неъматлар, шу сифатлари билан Аллоҳнинг ердаги “Ўринбосаридир”.
Бас, шундай экан, Бани Одамнинг қолган барча махлуқотлардан устун бўлишига сабаб бўлган бу сифатларига, яъни ақлига, ихтиёрига, танловига бизга маъқул келмагани учун ҳурматсизлик билан қараб, унга ўзимизча салбий баҳолар бериб камситишимиз мутлақо ножоиздир.
Бинобарин, юқорида айтиб ўтганимиздай, бу дунё ҳам, динлар ҳам, муқаддас китоблар ҳам инсон учун, инсоннинг сабабидан яратилган экан, демак инсон диндан ҳам эътиқоддан ҳам устундир, юқоридир.
Айнан шундай тушунишгина, инсонни инсонлигининг ўзи учун уни эҳтиром этиш қоидасининг амалига йўл очади, кафолотини беради. Ҳар қандай одамнинг дини, эътиқоди, амали қандай бўлишидан қатъий назар, ўзининг мукаррам инсон эканини ҳис этиб яшашини таъминлайди.
Дарҳақиқат, кишининг эътиқоди ва дини У билан Яратувчининг ўртасидаги алоқадир. Бошқа махлуқларнинг ҳар қандай баҳоналар билан бўлмасин бу алоқага аралашишлари, бурун суқишлари фақат салбий натижалар бериши ҳаётда кўриниб турибди.
Иккинчидан, модомики исломнинг асосларига, рукнларига путур етмас экан, шариат масалаларидаги барча ихтилофларга эътиборсиз қарашни изчил равишда мусулмонлар онгига сингдириш зарур. Бундай тушунча ўз-ўзидан мусулмонларнинг бир-бирларидан айб топиш, бир-бирларига душман бўлишдан сақлайди. Мусулмонлар жамиятининг ичидан емирилишини тўхтатади.
Чунки, мавжуд, бир-бирини кўргани кўзи йўқ сон-саноқсиз оқиму-мазҳабларнинг деярли барчаси ислом асослари ва рукнларида бир-бирларидан фарқ қилмайдилар. Шундай экан, бундай кенг қараш ўзаро ички зиддиятлар ва душманчиликларни йўқолишига, бирликни юзага келишига сабаб бўлади. Ҳатто 14 асрдан бери давом этаётган шиа-сунний муаммосини ҳам барҳам топишига олиб келади.
Қолаверса, Аллоҳ таоло бизнинг ҳар биримизга бошқаларни текшириш, жосуслик қилиб айбларини топиш ва кўпроқ айбдорларни топиб келиш эвазига жаннатга киритишни ваъда қилган эмас.
Аллоҳ таоло мусулмонлар жамиятидаги бўлиши керак бўлган бирлик ва жипсликни гўзал бир суратда шундай сифатлайди;
-“Албатта мўъминлар ака-ука, биродардирлар. Бас, биродарларингиз ораларини ислоҳ қилинглар”- Ҳужурот сураси 10 оят.
Демак, иймон, мўъминлик бизларга ака-укалик, биродарлик шарафини, масъулиятини юклайди.
Шунга кўра, мусулмонларнинг бир-бирларини текшириб, бир-бирларидан айб топиб, бир-бирларига душман ҳар хил тоифаларга, оқимларга бўлиниб олишлари, душманликлари ака-укалик ҳаққига хиёнат ва Аллоҳнинг оятларига хилофдир. Аллоҳнинг оятларига хилофлик ва хиёнат эса сўзсиз хорлик ва заифликка олиб келади.
Воқеълик ҳам буни исбот этиб, кўрсатиб турибди.
Қолаверса, мўъминликнинг, биродарликнинг масъулияти мусулмонлар орасини ислоҳ қилишдир ва бу Аллоҳнинг амридир.
Афсуски, ўрталари бузилганларнинг орасини ислоҳ қилишликни Аллоҳ таоло буюриб турганига қарамай, мусулмонлар орасини яхшилаш, ихтилофларни, тафриқани йўқотиш ҳақида изланаётган, ҳаракат қилаётган одамлар устидан фисқ-фасод юргизиб, тап тормай ҳар қандай иғволарни тўқиб, тарқатиб юрганларнинг “холис хизмат” ларининг мукофоти нима бўларкин?
Ҳали вақт борида кўзимизни очмасак, эртага кеч бўлиши, мусулмонларнинг ички ва ташқи ҳолатлари бунданда ўнглаб бўлмас даражада бузилиб, ҳеч ким бир-бирини тан олмайдиган, биров-бировга қулоқ солмайдиган, назоратдан чиқиб кетган бетартиблик, бошбошдоқлик ҳолатига тушиб қолишимиз мумкин.
Афғонистондаги охири йўқ биродаркушлик урушлари, мусулмонлар ичида бўлаётган террорлар, охирги вақтлардаги Покистон шимолидаги даҳшатли бетартибликлар бу ҳолатнинг бошланишидан даракчи бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.
Албатта, мусулмонлар орасидаги бу ҳолатдан манфаатдор тарафлар ҳам мавжудлигини ҳеч ким инкор этмайди. Буни тан олишлик бизни янаям ўзимизга ҳушёрроқ бўлишимизга, ўзаро аразларимизни, барча хафагарчиликларимизни унутиб янада астойдилроқ бирликка, якдилликка эришишга ҳаракат қилишимиз зарурлигини англатади…
Афсуски, ислом юртларидаги аксар одамлар ислом ва замонавий цивилизация ҳақида жуда юзаки тушунчага эгадирлар. Улар гарчи мусулмонликларини эътироф этиб, шаклан исломий анъаналарга содиқ бўлсаларда, аслида исломнинг маънавий ва руҳий моҳиятини тўла тушуниб, шунга мувофиқ яшай олмаяптилар.
Қолаверса, улар замонавий технология имкониятларидан, афзалликларидан фойдаланиб, замонавийликни иддао қилсаларда, кўплари бу замонавийликнинг асосини ташкил этган қийматлар, фикрлаш ва тафаккур тарзлари тўғрисида тўла тушунчага эга эмаслар.
Бу ҳолатдан илғор ислом олимлари қаттиқ таассуф билдирадилар. Лекин, токи аҳвол ўнгланмас экан, мусулмонлар дунёқарашларида илғор, янгича фикрлашга, изланишга, нарсаларнинг шаклигагина эътибор бериб юравермай, моҳиятни англашга ҳаракат қилинмас экан, диний таассуб ҳали бери ўз ўрнини бўшатмайди, жамиятни ичидан емирувчи кучлар ривожланаверади.
Шундай бўлсада, мен мусулмонларнинг иродаси ва ақлига суяниб аҳвол ўнгланиб кетишига ишонгим келади… Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир.
Йил давомида мукаммал тўрт фаслни кўриш мумкин бўлган, дунёнинг кўп қисмида аср муаммосига айланиб бораётган тоза сув муаммоси таҳдиди йўқ, оби-ҳаётга сероб, нимани эксанг кўкарадиган серҳосил заминга эга жаннатмакон юртларнинг соҳиблари эканимиздан Яратганга шукроналар келтиришимиз вожибдир.
Бу буюк неъматларнинг шукронаси эса, Аллоҳнинг омонати бўлган Динни ихтилофу-жанжалларга, сувни лойқалатишга, фитна-фасод қўзғаб, халқимиз ахлоқини, табиатини, феълини бузишга ишлатмасдан, халқнинг ахлоқини жаҳонда энг юксак маданиятли, кенгфеъл, барчага фақат яхшиликни сунадиган, ҳоҳлайдиган қилиб тарбиялашга ишлатишдир.
Агар халқимиз табиатидаги ибо, андиша, меҳмондўстлик, меҳнатсеварлик устига асл исломнинг энг олийжаноб хислатларини сингдириб, маданиятли, инсонпарвар, тинчликсевар, нафақат инсонларга, балки Аллоҳнинг ўринбосари деган шарафли баҳога лойиқ тарзда табиатни муҳофазасига ҳам қаттиқ эътибор берувчи инсонларни тарбия қилинса бизни юртлардай юрт дунёнинг ҳеч қаеридан топилмаса керак
Дарҳақиқат бизнинг юртлар жаҳон маданиятининг, тараққиётининг ўзагини ташкил этган илм-фанларнинг асосчилари етишиб чиққан, шарқ ва ғарб маданиятлари туташган, иккала тарафнинг маданиятидан, қадриятларидан бохабар инсонлар яшайдиган серҳосият юртлардир.
Шунга кўра ҳам бир томонламалик, ўзининг Аллоҳнинг ердаги ўринбосари эканлигини унутиб, дунёни тарк этиш даражасида динга берилиш ёки дунёни деб диндан, маънавиятдан воз кечувчи манқуртлик (қуруқ материалистик қарашлар) бизнинг юрт одамлари табиатига ётдир.
Шуниг учун ҳам барча мусулмонлар юртларидаги бирлашмаслик ва ихтилофлар манбаъига айлантириб юборилган исломий мафкурани яна асл ҳолига қайтаришдай муборак, оламшумул, буюк бир ислоҳотнинг ҳам бизнинг шу юртларда бошланиши, амалга оширилиши дунёимиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам жуда катта ютуқ бўлгусидир, иншааллоҳ.
Икки дунё саодатига етишнинг гарови бўлган бу хайрли ишга сабабчи бўлишдай улкан бахтни барчамизга тенг насиб этишини Яратгандан умид қилиб қоламан. Аллоҳ Азиз ва Ҳаким зотдир.

(Давоми бор)

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn