ЙЎҚОТИЛГАН ВАҚТНИ ҚИДИРИБ

munavvara_oymatovaМутолаа

Мунаввара Ойматова

Мен унинг исмини билардим. Унинг беназир адиблигини эшитгандим. Аммо оғир қисмати ҳақида, ёзган асарлари ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Иттифоқо, бозор-ўчар қилиш учун Панчшанбе бозори сари бордим. Иккинчи қаватнинг қатор магазинларини четлаб, ўзимга керакли буюмни олиш учун жадал кетаётиб, оёғимга нимадир илашганини сезиб оёқ остимга қарадим. Бир парча журнал варағи экан. Энгашиб олдим. Бу – исми мўъжиза каби бўлган Унинг ҳақдаги мақоланинг бир бўлаги эди. Мен Уни шундай танидим. Ҳолбуки, мақола муаллифи ҳам уни мен каби тасодифий таниган экан. У исми йигирманчи аср жаҳон адабиёти саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилган Марсель ПРУСТ эди.

У «Йўқотилган вақтни ахтариб» туркум романлари билан жаҳон романчилиги тарихида инқилоб ясаган адиб экан. Унинг исмини дорилфунун партасида эшитмаганим алам қилди. Талабалигим армонлари ёдимга тушди.

Бизнинг талабалигимиз ўқув дастурлари тез-тез ўзгариб турган бир даврга тўғри келди. Натижада, менинг курсдошларим жаҳон адабиётининг дурдона асарлари саналган рус адабиёти намуналари билан танишмасдан кетишди. Буюк Пушкин, Лермонтов, Толстой, Достоевский каби даҳолар исмини ҳатто эшитишмади. 20-аср бошлари рус адабиётидаги, том маънода, инқилобчилар Блок, Волошин, Бунин, Мандельштам, Ахматова, Цветаева, Пастернак, Мережковский, Шмелев, Набоковлар ҳақида билмаслигимизни гапирмаса ҳам бўлади.

Яқинда ўз талабалигим армонлари хуруж қилиб, дорилфунун ўқув дастурига рус адабиётини киритиш керак деган сўзни айтиб юбордим. Шунда эшитган жавобим қуйидагича бўлди: «Булар ўз адабиётини ўқиб олсин». Наҳотки, адабиётга ҳудуд ва чегара қўйиш мумкин бўлса?

Мен кўпдан Лотин Америкаси насри намуналарини ёзувчи Ўринбой УСМОНдан олиб ўқийман, таассуротларни ҳам унинг билан ўртоқлашаман. Чунки бу гўзал насрни бошқа ҳеч ким ўқишга-да қизиқмайди. Ҳолбуки, бугунги кунда бу наср жаҳон адабиётининг етакчи насри саналади.

Университет фақат ўрта мактаб учун ўқитувчи тайёрлайди деган маҳдуд тушунча ўқув дастурларинигина эмас, балки ўқитувчиларни ҳам четлаб ўтмаган. Натижа, ҳатто ўқитувчи китобхон эмас. Бугунги замонавий ўзбек насри ҳам тараққий этиб бораётир. Бунда шубҳасиз, жаҳон адабиётининг илғор тажрибалари самараси бор. Назаримда, адабиёт миллий заминда илдиз отиб, жаҳоний адабий фазода учмоғи керак. Қолаверса, ҳаётга, келажакка умид билан қараш керак. Балки бугунги кун талабалари орасидан Маркес бўлмаса-да, балки мундайроқ, Лорка бўлмаса ҳам, балки ундайроқ ёзувчи, шоирлар етишиб чиқар. Ҳар ҳолда Достоевский асарларини ўқиган инсон тийнатини тозариб боришининг ўзиёқ ёзувчи қалами қудратидан далолатдир. Шундай бўлгач, ҳеч йўқса, ботинни тарбият этувчи жаҳон адабиётининг ажиб намуналари билан талабани таништириш фойдадан холи бўлмас. Бугун Кафка нима сўроғини берган ўқитувчи, имоним комилки, эртага Қодирий нима дейиши муқаррар.

Бир пайтлар биз айтолмаган гапларни бугун дадил айтаётган талабага ҳавасим келди. Бу талаба Кафка каби буюк мусанниф ижодига қизиқдими, иншооллоҳ, Хўжандзаминда гуркираб ўсаётган ЁШЛИК куни келиб ўз СЎЗини айтади.

Оёғимга ўралашган ўша журнал варағидан эса менга маъюс Марсель ПРУСТ қараб турибди. Парижнинг тор кўчаларидан биридаги каталакдек тор кулбада ярим ётган ҳолда ўзининг дурдона асарларини ёзаётган Пруст: «Вақтни йўқотманглар. Кейин топиш мушкул», – деяётгандек. Мен эса жаҳон адабиётининг нодир асарларини ахтарар эканман, талабалигимда йўқотилган вақтни қидираётганимни сезиб қоламан. Вақт эса Герман ГЕССЕнинг «Чўл бўриси» чўнтагидан минг бир қиёфасини кўрсатиб, билмадим, меними, ёки менга рус адабиёти дарсини ўтмаган ўқитувчиларними… мазах қилади…

2005

****

 

ШАФФОФЛИК  МАНЗИЛИ

Бир яшил тозалик истаган кўнгилларга бағишланади.
Одамлар …шамолдек учиб юришади.
Антуан Сент-Экзюпери

Бир танишим хабар етказди: «Фалончи сизни ёмонлади». Устозимдан ўрганган усулимни қўлладим: «Майли-да». Аммо буни устозимдек юракдан айта олмадим. Чунки мен шогирд эдим. Кўнглим арзимас кимсанинг маломатидан озурда бўлди. Ягона рафиқим безабоним – сен ҳақингдаги «Кичкина шаҳзода» қиссасини олиб ўқий бошладим. Бу нечанчи мутолаа эканлигини Худо билади. Фақат мен яна сенинг шаффоф қалбингнинг мусаффо кенгликларида бир муддат қолгим келгани рост.

Кичкина шаҳзода, сен Гулинг билан аразлашиб қолганингда, бошқа сайёралар сайрини истаганингда Гулингдан-да беғубор яна бир Гул излаганмидинг? Нима топдинг? Фуқароси йўқ подшоҳ сенга қандай сабоқ берди? Ёки ўз шаънига қарсаклар талаб этган шуҳратпараст-чи? Сен мурғак бола қалбинг билан фуқаросиз подшоҳ нечоғлик ночор бандалигини ҳис этдинг. Қарсаклар илинжидаги шуҳратпараст тамагирлиги қанчалар ожизлигини тушундинг…

Сен бу сайёралар фуқаросидан юз ўгирдинг-да кетдинг. Ҳисоб-китобдан бошини кўтара олмаган манфаат бандаси ҳам сенга ёқмади. Кабинет бандаси – географ чол ҳам дидингга ўтирмади. Сен уларнинг кераксиз фаолиятида жонли ҳаётни кўрмадинг, бу ҳам сенга хуш келмади. Улардан-да кетдинг.

Машғулоти ароқ ичиш бўлган пиёниста ҳам сенга ожиз кўринди. Аммо фонус ёқувчи фаолиятида сен бир маъно кўрдинг. Бу маъно фонуслар чароғонлиги эмасмиди? Ҳар нечук бу сайёралар барибир сен излаган нарсани сенга ҳадя этмади.

Сен улардан воз кечиб заминга кетдинг. Сен Саҳройи Кабир кенгликларида илк бор ҳайвонот оламига дуч келдинг. Сен шунчалар зариф эдингки, ҳатто ҳайвонлар билан ҳам тиллаша олдинг. Улар сенга одамлар ҳақида бошланғич маълумотни берди. «Одамлар орасида ҳам ўзингни ёлғиз сезаверасан», – суҳбатдошинг Илоннинг бу хулосаси сени ажаблантирган бўлса, не ажаб. Аммо сен «ҳар қандай йўл одамзот ҳузурига элтади», – дединг-да, одамзот ҳузурига чопдинг. Хайрият, сен қалби ўзингники каби шаффоф ҳарир парда ичидаги инсонга дуч келдинг. Бу қалб ҳам бир вақтлар ўз қалби шаффофлигига зилол булоқ топа олмай, шаффоф оламини бегона нигоҳлардан яшириб, ўзининг беғубор оламини эъзозлаб асрар эди.

У ҳар неки мавжудликнинг мазмуни шаклда эмас, моҳиятда деб билгани боис, ўзи чизган расмлари билан катталарга кулгу бўлганди. Бугун эса сен у чизган расмлар болаларча софлик олами эканлигини эътироф этар экансан, у бир зумга ўшал софлик оламига сайр қилди. Сен у чизган расмлар сийратини кўролдинг. Бола бўлиб эмас, файласуф бўлиб. «Фақат кўнгил кўзигина очиқ, энг асосий нарсани кўз илғамайди, у сийратда, ботинда».

Сенинг бу мушоҳаданг нақадар ўринли. Нақадар рост. Сен ўзинг ҳам «кўнгил кўзи билан излаш лозим» деган сўзингга амал қиласан. Гулзор тўла гуллар сени қувонтирмайди. Сен излаган нарсангни бу гуллардан ҳам топа олмаслигингни биласан.
Сенинг кўнгил кўзи ҳақидаги қарашларинг Мавлоно Румийнинг «Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил» сатрини ёдимга келтирар экан, қўрқиб кетаман. Кўнгил кўзга айланса, барча инсонлар бир—бирининг ботинини худди учинчи кўз билан кўргандек кўриб турсалар яшаш қанча оғир бўларди. Ахир ҳамманинг ботини, кичкина шаҳзодам, сеники каби шаффоф ҳудуд эмас-да.

Аллоҳ кўнгил кўзи очиқларни саноқли қилиб яратган. Бу кўнгил кўзи очиқлар сенга ўхшаб ўзга сайёрадан келиб қолган сайёҳга ўхшайди бизнинг орамизда. Лекин биз уларнинг шаффофлигини ўз ботинимиз чиркинлари билан ифлослантирган бўлсак керак. Чунки ундайлар орамизда тобора камайиб бормоқда.

Кўнгил кўзи…У билан … «излаган нарсани бир дона гулдан, бир қултум сувдан топиш мумкин». Аммо бирон кимса бугун сендек самимий қалби билан эзгу нарса излаяптими?

Кичкина шаҳзодам! Ўз қобиғига ўралиб олган, илинжи курси бўлган кимсанинг ботинига боққанмисан? Унда не бор? Кўришга арзийдими? Буюклик дардига мубтало шахслар қалби ичидаги оламга назар ташла-чи?

Ўз зирҳи ичида яшаётган, янгиликни истамаган кимсалар ботини нени зуҳур этади? Таънаю маломатни ўзига қурол қилиб
яшаётган мансабпараст ўзига юқори томон йўл очаётганда унинг моҳиятида нима акс этар экан? Шундай саволлар ичра қолар эканман, донишманд дўстинг Илоннинг мулоҳазаси менга ўринли кўринди. Бундай кимсалар орасида «…одамлар орасида ўзингни ёлғиз сезаверасан». Ў, бу ёлғизлик!

Сен яна она сайёрангга қайтмоққа азм қилдинг. Чиройли тулкичалари, донишманд илонлари, кўнгли нозик гуллари бор замин ҳам афтидан сенга манзур бўлмади. Чунки сен учратган ягона инсон ҳам қутича ичидаги қўзичоқни кўролмади. Сенинг ўз Гулинг учун масъулиятинг моҳиятини тушуна олмади. Энг муҳими, сенинг ботинингни англаб етмади. Сен заминда атиги бир йил бўлдинг. Сен бу ерда кўпроқ қолишни истамадинг. Чунки сен пок олам эдинг. Сен ўзингни одамлар орасида ёлғиз сезгандан, ўз сайёрангда дунё моҳиятини ўзингча англаб яшашни афзал билдинг. Сенинг ўз Гулинг бор эди. Ҳар куни бир неча марта мағрибига ботадиган Қуёшинг, сайёранг бор эди.

Сен кетдинг. Аммо кўнгилларга бир ёруғлик солиб кетдинг. Ортингдан қараб қолар эканман, митти юлдузга айланган сайёрангни соатлаб томоша қиламан. Такаббур зотнинг маломат тўнига бурканган ғазабини мен иши фақат ҳисоб-китоб бўлган ҳиссиз банда сайёраси томон итқитаман. Ва устоз ҳамиша осонгина айтадиган сўзни қувонч билан такрорлайман: «Майли-да». Кўнглим енгил бир сурур ичра чароғон бўлади. Осмонлар кўнглимга киради. Бу сенинг пок қалбинг саховатидан. Бунинг учун сенга ташаккур!

Сендан кейин мен илдиз ҳақида ўйлайман. Балки одамлар ўзакка етиб бориш учун илдизни изларлар. Балки улар кўнгилга айланиши мумкин бўлган кўзни изларлар. Балки улар маломатлар шамоли билан маст учиб юришар. Балки улар бир-бировларининг моҳиятини англаш учун шамол бўлиб юришар… Аммо сен учиб кетдинг, митти шаҳзодам. Одамзот кўнглига боқишни истамадинг. Ё бу кўнгилдаги фисқу фасод, фаҳшлардан қўрқдингми, шаҳзодам?!
Бугун мен сени, кўнгил кўзи очиқ – дўстни соғинаман, митти шаҳзодам!
Сенга борар йўлларни излайман.

Йўл эса… «Ҳар қандай йўл одамзот ҳузурига элтади!» «Одамлар шамолдек учиб юришади, илдизи йўқ уларнинг…»

2003

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn