Суҳайлий: Ватан учун яшайлик

suxayliyИМОМ АЛ БУХОРИЙ

Ўтди кўп алломалар, илмга фидоийдур,
Илм-фаннинг йўлида мисли ул суворийдур!
То ҳанузким уларнинг илмлари жорийдур,
Барчалари Ватан, халқ, элнинг ифтихоридур,
Улардан энг машҳури Имом Ал Бухорийдур!

Илм истаб бу одам олам кезди дарбадар,
Ўрта Осиёдан чиқиб, Маккаю Шомга қадар!
Ҳадисчилар кўп эди, бўлди уларга падар,
Бу улуғ алломамиз жаҳон ифтихоридур,
Олимларнинг олими Имом Ал Бухорийдур!

Жаҳонгашта бўлиб у, юрди кўп шарққа томон,
Ниҳоят ардоқлади ул зотни олам-жаҳон!
Тўплаган ҳадислари яшамоқда то ҳамон,
Шу боис алломамиз элнинг ифтихоридур,
Бул ҳадисчи буюк зот Имом Ал Бухорийдур!

Исломга хизмат қилган алломалар бисёрдур,
Аммо бу улуғ зотнинг муносиб ўрни бордур!
Барча ҳадисчиларга алломаи саркордур,
Жумла ҳадисчиларнинг буюк ифтихоридур,
Исломга хизмат қилган Имом Ал Бухорийдур!

Ул зотнинг ишларига олам- жаҳон қойилдур,
Исми шарифи улуғ-Муҳаммад Исмоилдур!
Олам алломалари ишларига мойилдур,
Ҳадисчилик илмида Ислом ифтихоридур,
Бу оламда ягона имом Ал Бухорийдур!

Олимнинг ҳадислари кейин турур Қуръондан,
Хабар берур барчаси буюк илму урфондан!
Асраниб қолди бари неча довул, тўфондан,
Ул зотнинг илмлари фаннинг ифтихоридур,
“Ҳадиси саҳиҳ” пири Имом Ал Бухорийдур!

Алломанинг ишлари жаҳонда мангу қолур,
Неча минг йиллаб инсон улардан баҳра олур!
Суҳайлийнинг қалбига ҳайрат ҳисларин солур,
Ўзбек халқи фарзанди- миллат ифтихоридур,
Кенг бу оламга машҳур Имом Ал Бухорийдур!

….
3. 1Х. 2010 й.

 

ВАТАН УЧУН ЯШАЙЛИК!

1

Бу оламда ягона, Ватан учун яшайлик,
Гўё меҳрибон она, Ватан учун яшайлик!
Бўлиб тун-кун парвона, Ватан учун яшайлик,
Куйлаб қўшиқ, тарона, Ватан учун яшайлик,
Кўҳна ҳамда шарқона Ватан учун яшайлик!

Она Ватан муқаддас, Каъба каби улуғдир,
Мўътабар ва азизки, маъноларга тўлиғдир!
Чунон табаррук даргоҳ,барчамизга қутлуғдир,
Жаннатмакон юртимиз мевалари тотлиғдир,
Меҳнат қилиб мардона, Ватан учун ишлайлик!

Дунёда кўп ўлкалар, ҳар бири жаннатмакон,
Яшаш учун инсонга ҳар бирида зўр имкон!
Табиати, иқлими, ерлари ҳосилга кон,
Аммо бизнинг юртимиз абадий боғу бўстон,
Меҳри бор ошиқона, Ватан учун яшайлик!

Жаннатнинг боғларидек гўзал чаман боғлари,
Меҳри гиёси бордек, яшнаб ётар тоғлари!
Гуркираб яшнамоқда шаҳар ва қишлоқлари,
Асло битмас хазина дала, қир, ўтлоқлари,
Тупроқлари дурдона Ватан учун ишлайлик!

Гулзор чамандек яшнар баҳорда чўллари ҳам,
Оби Кавсар сувидек дарёю кўллари ҳам!
Етажак одамларнинг ойларга қўллари ҳам,
Олам-жаҳон кенг очиқ, бир қадам йўллари ҳам,
Барча учун дўстона Ватан учун яшайлик!

Қуёш тиккага келиб, кетолмайин туради,
Тунда ой ҳам маҳлиё, бизга юзин буради!
Сайёралар узоқдан хаёл суриб туради,
Энг бахтиёр инсонлар шундай Ватан қуради,
Олам ичра бир дона Ватан учун ишлайлик!

Фарзандлари баркамол, барчалари бахтиёр,
Эркин, озод яшайди, ҳар кимда бор ихтиёр!
Ўғил-қизлар Ватаннинг хизматларига тайёр,
Дилда орзу, мақсадлар ниҳоят эрур бисёр,
Қурилган кенг кошона Ватан учун яшайлик!

2

Тарих саҳифасида жуда кўп солномалар,
Ўтмишимиздан қолган минг-минглаб
жангномалар!
Чунки тарихнинг ўзи ажойиб ҳангомалар,
Ўтган қанча боболар, олиму алломалар,
Ҳеч туганмас афсона Ватан учун ишлайлик!

Амир Темур бобомиз изидан бормоқдамиз,
Озод, обод ва гўзал, ҳур Ватан қурмоқдамиз!
Мустақилликнинг ажаб, роҳатин кўрмоқдамиз,
Порлоқ истиқбол сари дадилроқ юрмоқдамиз,
Ҳар ишда ғолибона, Ватан учун яшайлик!

Юртбоши Отамизнинг хизматлари беқиёс,
Улуғ Раҳбар, Саркарда, Темур бобомизга хос!
Мустақиллик йўллари, режалар бизга асос,
Меҳнаткаш халқимизда келажакка зўр ихлос,
Бизлар қаҳрамонона, Ватан учун ишлайлик!

Дўстлик ришталаримиз олам-жаҳонга етди,
Тараққиёт, юксалиш жуда илғорлаб кетди!
Ўзбекистон нуфузи олам аҳлин лол этди,
Дўстлар ва биродарлар мадад қўлларин тутди,
Эллар билан дўстона, Ватан учун яшайлик!

Ота-боболаримдан қолган Ватан-ёдгорлик,
Юртимизда ҳар куни янгилик, бунёдкорлик!
Фан, техника ривожи, эркин, ҳур, ижодкорлик,
Ишбилармонлик билан янгича тадбиркорлик,
Тинч, фаровон замона, Ватан учун ишлайлик!

Юртимиз ободлиги ҳур замондан нишона,
Замонавий иншоот, ҳар томонда кошона!
Кимлар ҳам етгай эди бундай шарафу шона,
Ватан улуғ саждагоҳ, Ватан қутлуғ остона,
Ишлар қилиб мардона, Ватан учун яшайлик!

Асосий таянчимиз эрур илм, маърифат,
Ишлаб чиқаришда-чи, янги навъ, олий сифат!
Ҳар ишда унумдорлик, ҳар ишда бор манфаат,
Барча миллат яшайди дўст, қадрдон, ҳамжиҳат,
Бунга айтиб шукрона, Ватан учун ишлайлик!

3

Фарзандларнинг камоли бизга ғурур, ифтихор,
Чунки улар барчаси ҳур замонда бахтиёр!
Ҳамма нарса муҳайё, ҳар бир нарса ҳам тайёр,
Давримиз тинч ва хуррам, барча одам дўсту ёр,
Кун ўтар байрамона, Ватан учун яшайлик!

Ҳар кўнгилда муҳаббат, дилда Ватан туйғуси,
Гўдакларнинг шодлиги-оналарнинг кулгуси!
Равнақ топиб бу Ўлкам чунон обод бўлгуси,
Истиқболимиз порлоқ, яна равшан келгуси,
Юргаймиз ғолибона, Ватан учун ишлайлик!

Бутун олам-жаҳонда кетаётир рақобот,
Рақобот-бардошликка зарур меҳнат ва сабот!
Ниҳоят ривож топди илм-фан ва табобат,
Аммо барчасидан ҳам юксак экан тижорат,
Тик туриб хушёрона, Ватан учун яшайлик!

Одамларнинг қалбида, онгида билағонлик,
Чунки замонамиз тинч, ҳар жабҳада равонлик!
Ҳар хонадон, ҳар уйда хуррамлик, фаровонлик,
Ҳаётимиз ҳур, озод, юртимда чароғонлик,
Қилмасдан ҳеч баҳона, Ватан учун ишлайлик!

Истиқлол ғоялари бизга дастурул амал,
Тараққиёт, юксалиш юртимизда ҳар маҳал!
Фақат олдинга қараб кетаяпмиз биз жадал,
Ҳар бир ишимиз аниқ, режалар ҳам мукаммал,
Қадам ташлаб мардона, Ватан учун яшайлик!

Аслида қисқа давр йигирма бир йиллик муддат,
Аммо биз олға юрдик серғайрату сершиддат!
Ниҳоят ортиб кетди бизлардаги куч-қудрат,
Нурли Истиқлол берди бизларга бахт-саодат,
Давр суриб дўстона, Ватан учун ишлайлик!

Давр келди яшашга, дадил олға юрайлтик,
Келажак авлодларга обод Ватан қурайлик!
Фароғатда тинч яшаб, давру даврон сурайлик,
Эй Суҳайлий, ҳар қачон хушёр бўлиб юрайлик,
Бу оламда ягона, В а т а н учун яшайлик!

26. 05. 2013 й.

 

ДУНЁНИНГ БОЛАЛАРИ

 

Энг бахтиёрдир бугун
дунёнинг болалари.
Бу жаҳон гулшанининг
очилган лолалари.

Бундай хуррам замонни
кўҳна тарих кўрмаган.
Қувнаб ўйнамоқликнинг
айни ёш паллалари.

Фарзандлар камолини
кўриш қандай қувончли.
Шавқу завқ бағишлайди
о н а л а р аллалари.

Эркин парвоз этишар
олам – жаҳонда улар.
Гўёки учиб юрган
қушларнинг галалари.

Барчаси шод, бахтиёр,
қайғу ва ғамни билмас.
Асло ногаҳон келмас
кўз ёши, жолалари.

Тўқ, фаровон яшайди,
оламда маъмурчилик.
Дилларидан чиқмаса ҳеч,
оҳ, афғон нолалари.

Ўйнаб – кулиб, тўймайди,
то эртадан кечгача,
Шўхи шодон ўйнаши –
сувнинг шалолалари.

Қаҳатчилик йўқ албат,
дунёнинг ҳеч жойида,
Мўл – кўлу серобчилик,
мева, дон – ғаллалари.
Кийим – бошлари ҳар хил,
миллатига муносиб.

Айниқса, бошларида
шапка ё саллалари.

Ҳар қитъа, ҳар гўшада
миллат, элат яшайди.
Тинч ва осойиштадир
юрт – эл, маҳаллалари.

Илм – фан ривожланиб,
чиқди осмон – фалакка.
Компьютерлар билан
ишлайди каллалари.

Инглиз, Хитой, Япон,
Рус, Афғон, Ҳиндистоний,
Ўзбегу Тожик – бари –
дунёнинг болалари.

Олам – жаҳон тинч бўлсин,
бўлмасин асло уруш!
Дунё бўйлаб янграсин
куй, қўшиқ, яллалари.

Олам кенг ва бепоён,
денгиз, уммон, тоғлардир.
Ўрмону дарёлари,
яшнайди далалари.

Тинчлик, дўстлик дунёда
бўлсин албат абадий,
Шунда камолга етар
дунёнинг болалари.

Суҳайлийнинг тилаги,
орзуси жуда катта,
Яшнаб – очилиб турсин
дунё гул – лолалари!
—-

 

УЧАР “ШЕФ”СИЗ!

 

Дўстим, “МАЛҲАМ” халқ табобат маркази раҳбари
Абдуқодир Сатторовга байрам табриги

 

Этик билан дарёларни кечар “шеф”сиз,
Барча жумбоқ-муаммони ечар “шеф”сиз!
Очилмаган асрорни ҳам очар “шеф”сиз,
Ғанимларга заҳрингизни сочар “шеф”сиз,
Шаҳарлардан-шаҳарларга учар “шеф”сиз!

Иш қиласиз етмиш икки ҳунар билан,
Режа тузиб, ҳар нарсадан унар билан!
Компьютер кузатасиз тунлар билан,
Юрмагайсиз ўзгаларни “йўнар” билан,
Кенг оламни кўриб, ҳатто қучар “шеф”сиз!

Эркак-аёл сизга барча дўсту ҳамдам,
Беражаксиз сидқидилдан кўмак, ёрдам!
Кунда келар шифо талаб бемор одам,
Гоҳо бўлар сизга дунё ҳам бир қадам,
Қитъалардан-қитъаларга кўчар “шеф”сиз!

Сиз инсонлар орасида олиҳиммат,
Кундан-кунга ортиб борар обрў, ҳурмат!
Инсонийлик ҳар нарсадан эрур қиммат,
Беминнатдир ҳар кимсага сизда хизмат,
Ёмонларнинг гуноҳидан кечар “шеф”сиз!

Ёру дўстлар, қадрдонлар жуда бисёр,
Барчаси ҳам хизмат учун доим тайёр!
Сиз уларнинг орасида энг бахтиёр,
Ўта нозик, ўта сергак, ўта ҳушёр,
Бўлмагайсиз ҳеч балога дучор, “шеф”, сиз!

Суҳайлий ҳам дўстларингиздан биридир,
Сўз дурларин теришга у моҳиридир!
Давримизнинг алломаи шоиридир,
Олам-жаҳон таниб турган зоҳиридир,
Сиз доимо унга бағрин очар “шеф”сиз!

 

****

 

Т Ў Й  Б О Л А

Mуҳаммадсодиқ Абдуқодир ўғли

 

Бугун ҳурмат, эъзозда,
Сиз бўлибсиз тўй бола,
Энди деймиз биз сизга:
«Шўхликларни қўй, бола!»

Катта-кичик йиғилган
Қутлуғ бу тўйингизга,
Сизга ажаб мунтазир
Барча қўшиқ, куй, бола!

Ҳозир кичик ёшдасиз,
Улғаясиз бағоят,
Ана шунда сиз албат,
Бўлажаксиз бўй бола!

Эрта – индин ўспирин,
Ботир йигит бўласиз,
Юрак шунда айтади:
«Бирор қизни суй, бола!»

Келажакда албатта,
Жасур, қўрқмас бўласиз.
Деймиз тўю-тўркинда:
«Қўйларни ҳам сўй, бола!»

Ёшлигингиз ҳам тезда
Балки ўтиб кетади,
Ана шунда бўласиз
Биздек дуогўй, бола!

Бу Суҳайлий тилайди
Сизга бахту саодат,
Муҳаммадсодиқ, бугун
Сиз бўлибсиз «тўй бола»!

5. 1Х. 2011 й.

Суҳайлий
(Қоражон Қодиров)

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn