Шаҳодат Улуғ: ҒАНИМАТИМ (қисса)

Shahodat va NurhonҲолландияда яшовчи адиба Шаҳодат Улуғдан саҳифамиз ўқувчилари учун ажойиб совға: Инсон қалбида оналарга бўлган муҳаббатдан ўзга азизроқ туйғу бормикан? ***

Биринчи қисм
Қачонлардир аждодларидан мерос қолган жавоҳир унга инъом этилди. Аммо бир
саркор, бир халоскор топилмади – уни ўлим чангалидан қуткаргучи нажоткор
топилмади. Бахт уқубатга айланишини англаган далли хаёли, йиллар ўтиб, алалоқибат,
фақат якунида шодлик эшик қоқишидан огоҳ бўлганди, бироқ кўнгли таскин топмади.
Ва шунда юраги исён кўтарди. Кўнгил иши ҳамиша мушкул юмуш саналган.
Қалб ғалаёни – бу дард чекишдан шиддатлироқ бир азоб. Юрак исёни – ҳасрат ва
надоматдан юксакроқ, изтиробдан бино бўлган титратма – бир шиша-ю шаффоф
тўлғамадир. Агар-чи, ўша юрак тўлғамалари зарб билан кўксингни беаёв
тепкиламаганида, эҳтимол, сен бу қадар ҳушёр тортмасдинг. Чап кўксингда қўзғолган
исён икки қошинг ўртасига беаёв чизиғини тортган чоғ, сен ўзингни ўнглаб олгансан.
Ўша юрак қўзғолони сени мангу бедорликка мубтало этган.

Ҳаёт сенга арзигулик ашъор инъом этгани йўқ, лекин кўп ҳикматларни ўргатди.
Кўнгилда меҳр-шафқат уйғотди. Сен эса ҳамиша беқиёс чексиз ва шаксиз гўзал бир
кенгликни истаган эдинг. Бу кенгликка ям-яшил барҳаётлик уруғини қадамоқ эди
муддаонг. Токи бу эзгу уруғдан умид билан алафлар туфроқ ёриб чиқсин. Сўнгра бу
гиёҳ кўнгилга нақшлансин, юрак эса кўзга айлансин ва курраи заминга теранроқ
нигоҳла боқсин.

Сен имкониятларга бўйсунишни ҳоҳларми эдинг? Билъакс, ўша имкониятларни
ўзингга бўйинсундириб, улардан оқилона фойдаланишни истайсан. Бироқ баъзан бу
икониятлар ўз-ўзидан чекиниб, ўлим қаршида лол қолади. Яхлит хулоса шулки, инсон
тақдиридан ва ўлимдан қутула олмас экан. Ҳаётни қадрлаб, уни кўкларга кўтарган, ўз
иззат нафсини авайлаб, эркалаб ўстирган бувим ҳам, ҳатто дорилфанони тарк этиб,
дорилбақога йўл олди. Мана бу муҳташам, кўркам уй, унинг ўриндиғи, бежиримгина,
оёғини тўпиғига қадар ёпиб турувчи, одамнинг кўзига ярқ этиб ташланадиган
шиппакчаси эшик поёнида ўз бекасини кутиб ётибди. Бироқ у энди бошқа қайтмайди.
Мен эса айни бу чоғда Оллоҳ томонидан бани башар қавмига ҳадя этилган инсон онги-
шуурининг илоҳий қудратига таҳсин ўқийман. “Кўп синовдан ўтган бувим, манзилига
етган бувим”, дейман ўксиниб. Кўз олдимда бувим гавдаланаверади. Ана, нозик
бўйнида ҳарир рўмоли ҳилпирайди. Мана, енгилгина, бироқ виқор билан қадам
ташлаши эшиталаётгандек.

Ҳа, ҳа, ҳарир рўмол ичига ўралган бош ичра ақл-заковат, ўзига ярашиб турувчи кўйлак
ичида оташин қалб яширин эди. Эндиликда буларнинг барчаси қора тупроққа қорилди.
Шуларни кўз олдимга келтирар эканман, борлиғим музлаб кетаётир. Туйқусдан
бувимдан умрбод ажралиб қолганимни, энди уни қайтиб кўра олмаслигимни ожиз
тафаккурим билан ҳис эта бошладим. Бундай пайтда мен заифа ожиз қолиб, нима
қиларимни билмай қоламан. Юрагим аллақандай қудратли кучнинг таъсирида шижоат
билан бонг уради ва етмиш икки томиримга бир шиддатли тўлқин қуйилади.
Борлиғимда мавжланиб, яна қайта янгиланаётган тўлқин топаман. Бу тўлқин уммонга
қўшилмоғи учун мангу бедор оқмоғи даркордир. Мен барибир имкониятларга
бўйсунишни хоҳламайман, билъакс, ўша имкониятларни ўзимга бўйсундириб, улардан
оқилона фойдаланишни истайман. Бир лаҳза – бир сония бувимни кўрсам бас. Шунинг
ўзи менга кифоя…

Абадий айрилиқ заминида униб чиқаётган ўлик сукунат ҳукмини ўтказди. Дилафгор,
дилгир тарзда диванга чўкдим.

Бувим тенги йўқ инсон эди. Нима иш қилмасин тўғри, нима гап гапирмасин маъноли,
ҳатто ғазабида ҳам ўзига ярашадиган, фақат бувимгагина хос жозиба бор эди. Уни
шунчаки унутиб бўлмайди. Унута олмасман…

У ўлмасидан икки кун илгари мени ёнига имлаб чақирди. Жуда муҳим гапи бор киши
каби аввалига бироз жимиб қолди, сўнг ниҳоят томоғини енгилгина қириб сўзланди:
– Мен ўлсам, – у қўлларимни омонатгина ушлади, – тузлагани тузи йўқ, йиғлагани қизи
йўқ бувим, деб йиғлагин.
– Буви, бувижон, қайдаги гапни айтасиз-а! Сиз ўлмайсиз!
– Қўявер… гапимни эшит…
– Ҳали узоқ яшайсиз. Бу нима деганингиз: “тузлагани тузи йўқ, йиғлагани қизи йўқ!”
Мен қизингиз эмасманми? – дедим.

Бувимнинг кўзларида ўкинч ёшлари ғилтиллайди.
“Демак , – дея ўйлардим мен, – бувим ҳам армон қиларкан-да. Йўқса мен унинг невара-
қизиман. У менга суяниб қолган. Мен ундан ҳеч ажрамасдим ва у ҳам мендан ҳеч
нарсани аямасди. Лекин барибир ўз қизи йўқлигидан армон қилар экан-да!”
Бувим жимиб қолди. Ёши саксондан оғиб қолган бўлса-да, қошлари бахмалдек майин
ва тимқора. Қуюқ, бироқ қисқа киприклари орасидаги кўзлари мавжланиб турар,
кейинги кунларда унинг юзи янада тиниқлашангдек эди. Кўзимга бувим янада кўркам
кўринди. Одатда инсон ўлими олдидан шунақа тиниқлашиб, кўркамлашади, деб кўп
эшитган эдим. Мен далли хаёлимда кезинган бу дайди ўйдан ўзимни чалғитмоқчи
бўлдим.

У азалдан чиройли ва дилбар аёл эди. Шунингдек мағрур ва киборлиги менга жуда
ёқарди. Бундан ташқари, аёлларда кам учрайдиган ноёб аломатлар унда мужассам эди.
Бу аломатлар унинг насли тозалигидан далолат бериб турар, ўзини тутишидан билса
бўларди бу аломатларни.

У кенг хонанинг тўридаги диванда ётарди. Ниҳоят, жойидан енгил қўзғалиб, камзули
чўнтагидан бир калит олиб менга тутқазди.
– Ётоққа кир, – унинг овози ҳазин ва титраб чиқди. – Мен ётадиган диван тепасида
қўлда тикилган кашта бор, биласан–а?
– Ҳа, – дейман унга тикилган кўйи, гўё ўзимга-ўзим гапираётгандек.
– Ўша каштани илмоқларидан ол. Унинг тагида худди каштада тасвирлангандай бир
соат бор. Соатнинг қоқ ўртасига – миллари бирлашган ерига калитни сол. Кейин у ерда
нима бўлса ҳаммасини олиб кел,- дея буюрди.

Бувим ўладиган кимсага сираям ўхшамасди. “Ё товба, наҳотки бувимнинг куни битган
бўлса-я?”- деб ўйлардим мен.

Мен ётоқхонага ўтдим. Бувим ётадиган диван тепасида қўлда шоҳи матога тикилган
соат осиб қўйилган. Буни у ўз қўллари билан тиккан. Бувим қўли гул, моҳир каштадўз
эди. Каштани нафис ипакларга жило бериб тикарди. Қўл чўзгандим, каштага қўлим
етмади. Диван устига уч-тўрт ёстиқни қўйиб, бир амаллаб каштани олдим. Соат сурати
қаймоқранг қалин шойи матога нақшланган, унинг икки четида кўзга кўринмас ипдан
илмоқлари бор, бу илмоқлар орқали кашта михга илинган эди. Ё Раббим! Кўзларимга
сираям ишонмасдим – каштада нақш бўлган соатнинг айнан ўзи деворга чизилган экан.
Гўё битта нусхадай. Каштани олиб тахладим ва бир тутам матони халатимнинг
чўнтагига солдим. Кейин бувим қўлимга тутқазган калитни деворда нақш бўлган
соатнинг қоқ ўртасига – миллар жойлашган ерига солдим. Калитни солиб бурашим
билан “жиринг” этган жаранг эшитилди. Ё товба! Соат очилиб, ҳайратдан ўлаёздим!
Шунча йил бувим билан бирга яшаб, ётоғимиздаги каштали соатга кўп бор кўзим
тушганди, бироқ унинг тагида, айнан девор ичида бувимга аждодларидан мерос қолган
жавоҳир яширинганидан бехабар эдим. Бу гўё тафаккурга яширинган бир синоат эди.
Бунинг сири шунда эдики, агар кашта олинган тақдирда ҳам унинг тагида шу каштада
тасвирланган соат борлигини киши кўрса-да, унинг ичида беҳисоб бойлик яширингани
хаёлига келмаган бўлар эди. Бадавлат инсонлар ақл билан иш юритадилар, деган
гапнинг маъносига етаётгандек эдим.

Мен ҳайратдан ёқа ушладим. Хуллас, ихчам соат эшик очилиб, девор ичида ёғочдан
ясалган икки бежирим сандиқ ва қалин муқовали дафтарга кўзим тушди. Мен уларни
авайлаб қўлимга олдим ва кўксимга босган кўйи бувим ётган хонага ўтдим.
Мени мўъжиза кутарди. Бувимнинг бадавлат аёл эканлигини унинг ўзидан эмас, айнан
бошқалардан кўп эшитганман. Лекин бувим менга бу ҳақда оғиз очмаган, у ниҳоятда
камтарин ва камгап аёл эди. Ҳар кимга ҳам очилавермасди. Қўлимдаги бу сандиқчалар
ичида нима яширинган бўлса? Менинг далли хаёлим ўғирланди.

Ниҳоят, мен уларни бувимнинг қўлларига тутқаздим.
Бувим мени қучди. У кўзимга тик қараб, паст овозда секин ва дона-дона сўзлай
бошлади.
– Мен сени қизим деганман! Шундай бўлиб қоласан. -У ёнида турган сандиққа қўлини
чўзиб, қопқоғини очди. Қопқоқ очилиши билан, гўё унинг ичидан нур таралди ва
кўзларим қамашди. Турли хил шаклда, жило берилган олмос тошлар ўз атрофига бир
ажойиб нур йиғмоқда эди. Бир зиё мавжланиб, қайтадан шаффоф, кўзни бениҳоя
қамаштиргучи шуълаларга айланиб, атрофга тарқала бошлади. Мана энди Яратганнинг
яна бир мўъжизасига мафтун бўлмай кўринг-чи! Беҳисоб бойлик кўзимни қамаштириб,
мени буткул ўзига асир этди.

-Мана шу олмос тошларни сенга ва дадангга тенг бўлиб бераман!
Мен ҳушимни йиғиб олдим.
– Наридаги столни олиб кел!- Бувим хонанинг бир бурчида турган столга ишора
қилди.
Мен столни кўтариб бувим ёнига олиб келгач, уни диванга бақамти сурдим. Бувим
сандиқчаларни стол устига қўйди ва олмосларни иккига ажратди. Улардан таралаётган
жило яна ҳушимни ўғирлади. Мен ақлимни пешлашга ҳаракат қилдим. Бувим қўлини
иккинчи сандиқчага олиб борди. У ҳам қимматбаҳо тақинчоқларга тўла эди. Мен яна
титраб кетдим. У сандиқча ичидан иккита олмос, иккита зумрад кўзли ва тағин бир
жуфт сариқ лаъл ва ёқут кўзли узукни ажратиб қўйди.

Мен ҳамон ҳайрат ичида эдим. Эҳтимол беҳисоб бойлик қаршисида лол қолиб,
сармаст бўлгандирман! Нега етмиш икки томиримдаги қон жўшиб кетмоқда?! Нега
ақлим шошмоқда?! Қай жило кўзларимга қуйилмоқда?! Нега юрагим кўксимга торлик
қилмоқда?!

Бойлик ва шуҳрат инсонни кибрлантириб, дилининг ва тилининг қулф калитини очади.
Ёки кишини мушоҳадага чорлаб, улғайтириб, вазмин қилиб қўяди. Мен эса қайси
бирига мансуб эканлигимни билмасдим. Ниҳоят ўзимни ўнглаб олдим. Камдан-кам
инсонларгина бойлик ва шуҳрат қаршисида ўз самимийлигини сақлаб қоладилар ва
камтарона ҳаёт кечириб, кўкка сапчимасдан, бир маромда сокин нафас оладилар…
Лўндасини айтганда жуда кам кимсаларгина бойлик қаршисида суст кетиб, ўзларини
йўқотиб қўймайдилар.

– Даданг билан ойингни чақир!
Дадам билан ойим турган хонага қай йўсинда етиб борганимни билмайман. Мен улар
қаршисида гўё тилдан қолган киши каби жимиб турардим.
– Ҳа, мазанг йўқми оқариб кетибсан, гапир, нега бундай жим турибсан? – Ойим менга
тикилди. Яна нималардир деди, бироқ ҳеч вақони англай олмасдим, шу тоб қулоғимга
гап кирармиди?!

Ниҳоят ўзимни қўлга олдим ва уларни бувим ҳузурига чорлаётганини айтдим.
– Сизларни-.- ҳаяжонимни яширолмай дудуқланиб қолдим. – Сизларни… бу-увим
чақиряпти…
– Тинчликми? – cўради ойим.
Мен елка қисдим.
– Сизларни тезда кесин деяпти…
Улар бир-бирига маъноли қараб олишди. Дадам ва ойимнинг юзи туйқус қум тусини
олгандек. Ҳар иккиси юракларини ҳовучлаб бувим турадиган уйга ҳаллослаб киришди.
Улар диванда аллақандай ўйлар ичига ғарқ бўлиб ётган бувимга, кейин стол устида
кўзларни қамаштираётган олмос тошлару тақинчоқларга қараган кўйи ҳангу манг
бўлиб қолишди.

Бувим менга ишора билан “эшикни беркит” деди. Мен ичкаридан эшикни беркитдим.
– Бери кел,-деди у дадамга.
Дадам сўзсиз, итоаткорона бувимнинг ёнидаги курсига бориб чўкди.
Ойим эса эшик ёнида тахтадек қотган.
Бувим хиёл қалтираган қўллари билан дадамнинг қўлларини ушлаб, вазмин ва ҳазин
товушда сўйланди:
– Кўпи кетиб, ози қолди…
– Қайдаги гапларни айтасиз! Оттайсиз…
– Ҳа энди, тўримдан гўрим яқин келяпти.
– Ундай деманг, ҳали кўп яшайсиз.
– Эшит, менинг куним битган кўринади, безовтаман.- Бувимнинг кўзларида тиниқ,
айни пайтда шаффоф сув қалқий бошлади. Кейин бу шаффоф сув халқаланиб,
юзларига оқиб тушди.

Мен ҳали ҳеч қачон уни бугунгидек чорасиз ва танг ҳолда кўрган эмасдим.
Гўё борлиқ қоронғулашиб, кўзларимдан сонсиз-саноқсиз юлдузчалар чақнаб чиқди-ю,
қаддим хиёл оғди. Бу дилгирлик менинг кўз ёшларимни беаёв соғди. Унинг кўзларида
тағин ёшлари ғилтиллади. Бу ўкинч кўз ёшларимиди? Ғам ва ҳасрат ёшларимиди? Ёки
шукроналик ёшларими? Нима эди бу? Буни мен не деб атай? Буни англашда далли
хаёлим ожиз қолди.

– Қўйинг, ундай деманг. Мениям сиздан бошқа кимим бор. Мана қизингиз, – дадам шу
гапни айтиб, мени нигоҳлари билан кўрсатиб сўзланди, – уни одам қилинг, ўзингиз
уйли-жойли қилинг.
Мен уялиб кетдим.
– Кўзим очиқлигида ота-боболарингдан қолган омонатни сен ва қизингга тенг бўлдим.
Агар уни асраб-авайласаларинг етти пуштларингга етади. – У стол устида иккига
ажратилган олмоснинг бир қисмини олиб, дуррага тугиб дадамга узатди.
Мен аминманки, дадам ўзини зўр бериб босиб турган эса-да, бойлик қаршисида
ҳайратда эди. У дуррага қўл чўзиш-чўзмаслигини билмай, довдираб қолди.
– Болам, мен буларни гўримга олиб кетмайман-ку! Ол, ота-боболарингдан қолган бу
давлат ҳалолинг бўлсин! Лекин авайлаб ишлат. Худо хоҳласа, бу етти пуштингга
етади.

Дадамнинг кўзларида ёш ғилтиллай бошлади.
Энди бувим нигоҳларини деворга суяниб турган онамга қаратди-да, уни имлаб ёнига
чақирди.

– Ке, сенгаям берадиган омонатим бор. Бери кел, болам…
Онам унинг ёнига борди, бироқ бир сўз қотмади.
– Сен менга бегона эмассан. Келинимсан, унинг устига аммамнинг неварасисан. Томир
– томирда барибир, бир-бирига туташ бўлади. Ҳеч ажралгиси кемайди. Томир томирни
тортади. Давлатим бегонага бўлинмасин, деб сени келин қиганман. Энди
тушгунгандирсан. Ота-боболаримдан қолган жавоҳирлар бегоналар қўлида хор
бўмасин деб.
Онам йиғлаб юборди.
– Энди эшит, қўй, йиғламасдан эшит сен! – Ҳеч кимнинг овози бувимники қадар
жаранглаб чиқмагай. Ҳеч ким бувим каби вазмин бўлолмагай. – Ма, бу узукларни ол.
Лекин қўлингдан туширмасдан тақ. Қолган зебу зийнатларни, – у мени нигоҳлари билан
кўрсатиб, яна ойимга қарата деди,- Кунтуғмишга қолдиряпман. Берган бойликларимни
асранглар. Иймонларингни ҳамиша бутун, дастурхонларингни тўкин тутинглар…
Онам пиққиллаб йиғлай бошлади…

Бувим ойим ва дадамга кўп насиҳатлар қилди. Охирида барчамизга қарата деди:
– Авайлаб ишлатинглар. Фақат керак бўлганда, тежаб ишлатинглар. Лекин асло хор
қилманглар, ниманики хор қилсанглар, шунга бир кун зор бўласизлар. Бойлик –
бойлик чақиради. Зинҳор булар ҳақида бировга оғиз оча кўрманглар, вазмин
бўлинглар. Мақтанманглар, ғанимларинг кўпаяди. Сир тутинглар. – Бувим кафтини
ёзиб, бизга яна шуларни айтди: – Қўлинг меъёридан ошиб очилиб кетмасин, бор
ризқинг тўкилиб кетади, бироқ муштинг маккам тугилмасин, ризқинг қирқилади. – У
кафтини очиб, кейин беш панжасини хиёл ёпиб, бизга “кўринглар” дегандек
намойишкорона ишорат этди. Беш панжасида гўё коса ҳосил қилди. – Қўлинг фақат
мана шундай турсин. Шунда ризқинг тўкилмайдиям, қирқилмайдиям. Лекин
дастурхонларинг ҳамиша очиқ бўлсин. Худони рози қиламан десанглар, беш вақт
намозни канда қилманглар, болаларим…
Бувим бизга яна кўп насиҳатлар қилди.
* * *
Ниҳоят ойим ва дадам уйдан чиқиб кетишди. Ҳовлимиз кенг ва кўркам қилиб
қурилган. Нарида – беш хонали катта уйда дадамлар, бу ёқда яна беш хонали кўркам
уйда мен ва бувим яшаймиз. Улар уйдан чиқиб кетгач, атроф ҳувиллаб қолгандек
туюлди менга. Мен эшикни ичкаридан беркитдим, кейин бувимнинг ёнига қайтдим.
Бувим мени суйиб бир нималар деди. Худойим-эй!.. Қани энди қулоғимга унинг
гаплари кирса…

У стол устидаги жавоҳирларни йиғди ва сандиқчага жойлади. Бошқа сандиқча ҳам
зумрад, ёқут ва лаъл кўзли узук ва исирғаларга тўлиқ эди.
– Буларнинг бари сенга, – у менинг бўйнимга олмос тошлари билан безалган
тақинчоқни ўз қўли билан тақди. – Буни тўйимиз куни раҳматли холам бўйнимга
таққан эди. Мана энди мен сенинг бўйнигга тақиб, хотиржам ўлсам бўлади.
Менинг тағин кўнглим бузилди. Эй Худо, бунча эзғин, бунда дилгир бўлмаса унинг
гаплари! Бу қимматбаҳо тақинчоқни анча аввал бувим менга кўрсатган эди.
– Сенга ярашишини билардим.- У ҳавас билан менга қараб турарди.
Бироқ бу сийлов шу топда менга татирмиди? Бўйнимда ярақлаган бу бебаҳо туҳфа
менинг кўнглимга сиғармиди, аслида? Бу сийлов менга татирмиди.
Бувим сандиқчанинг ҳар иккисини яхшилаб беркитди. Сандиқлар ёнида қалин
муқовали бир дафтар ҳам бор эди. У қўлларимга ўша дафтар ва сандиқчаларни тутиб
буюрди:
– Буларни жойига қўйиб кел, каштани тағин жойига илиб қўй.
Мен бувимнинг айтганларини бажардим.
Қайтиб келгач, калитни бувимнинг қўлларига тутдим, бироқ у калитни олмади.
– Ёстиғингни олиб кел.
Мен сўзсиз унга итоат этиб, ётоғимдан ёстиғимни олиб келдим.
– Пахта солиб тикилган жойини сўт,- деди.
У айтгандек қилдим. У ёстиғи тагида турган тахлам-тахлам пулларнинг бир қисмини
тутқазиб, қолганини яна ёстиғи тагига беркитиб қўйди-да менга юзланди.
– Қўлингдаги калит билан манов пулларни дуррага ўра, қизим. – У қўлидаги пулларни
ва калитни пайпаслаб пахта ичига жойлади ва ёстиқни менга тутқазиб:
– Ма, ушла, буни тикиб қўй,-деди.
Мен игна олиб келгач, бахмал ёстиқнинг сўтилган жойини қайта тикиб қўйдим.
– Энди бу ёстиқни ишлатма, тахмондаги тўшаклар қаватига қўй, қизим. Лекин доим
унинг жойини эсингда тут, – дея менга уқтирди бувим.
Мен бу ҳарир рўмол остида ақлу зако, бежирим либосларга беркинган вужуд тубида
оташин қалб садо бериб турганини ҳис этмоқдаман. Унинг оташин юрак ҳарорати
менинг ҳам қалбимни илитиб турибди. Ўша қалбдан таралаётган илоҳий шуъла
менинг ожиз танам ичра қуйилиб, сўнг тўлқиндек таралиб-таралиб, мавжланиб
оқаётир. Бу ёниқ ёмби шуъла ботинимга қуйилмоқда эди.
Бувим менинг қўлларимни ушлаб:

– Сен ҳалигиларни асра, жойини зинҳор ҳеч кимга, ҳеч қачон айтмагин. Ўзингдан
бошқа ҳеч кимга ишонма! – деди гўё гапини биров эшитиб қоладигандек пичирлаб.
Ёш қизалоқни опичлаб суйган она каби бағрига босиб, меҳр билан пешонамдан ўпди.
– Чиройлисан, кўзга яқинсан! – дерди у. Ҳа, ҳа, у мени ҳамиша ўз қизи каби суйган, ўз
қизи каби еру кўкка ишонмасди. Болалик чоғимда қўлларимдан ушлаган кўйи ўзи
сабоқларга олиб бориб, олиб келарди. Бу меҳрибонлиги учун мен ундан умрбор
қарздорман. – Бойликларнинг бариси, энди сеники. – дея таъкидлади. – Камроқ
гапириб, кўпроқ эшитгин. Бироқ доим сукутда бўлмагин. Ўзингнинг айтар сўзинг
бўлсин.

Орага бироз жимлик чўкди.
– Одил ҳалиям сенга хушомад қилиб юрибдими? – Кутилмаганда савол қотди у менга.
Мен индамадим.
– У яхши йигит. Тарбияли оиланинг фарзанди. Зоти тоза. Бизга қариндошлиги бор.
Мен унга қараган кўйи яна жимиб туравердим. Мен азалдан шундайман, бувим
гапирса, унинг гаплари менинг борлиғимга бир жило бўлиб қуйилади, шунда мен гўё
сеҳрланиб қоламан ва унинг таъсиридан ҳеч чиқа олмайман. Буни қандай
тушунтирсам, нима гап гапирмасин ундан ҳикмат ахтараман. У нима иш қилмасин,
доим тўғри туюлади. Аслида ҳам шундай эди–да.
– Агар қўлингни сўраса, унга йўқ демагин, қизим! – Кўнглим алланечук бузилиб,
кўзларимда тиниқ, шаффоф сув қалқий бошлади. Сўнг улар шудрингларга бўлиниб,
лабим четида тўхтади. Мен ютундим.- Мени десанг, шундай қил қизим, унинг сенда
кўнгли бор. Тағин сенга бир гап айтай, дарсхонамда яна бошқа бойликларим бор. Бу
менинг маънавий бойлигим. Уларни кўз қорачиғингдек асраб-авайлагин. – Бувим
бироз ўйланиб қолди. – Ҳалиги кўк муқовали дафтарни сандиқчалар билан бирга олиб
қўйгандирсан?
– Ҳа, ҳа беркитиб қўйдим…
– Балли, қизим. Ўша дафтарниям асрагин, керак бўлганда ўқирсан.
– Шундай, шундай қиламан, бувижон!
Шундан кейин бувим кўп яшамади. Орадан икки кун ўтди. Пешинни ўқиб бўлгач,
кўнгил ҳам юмшаб қолганди. Ором курсида кўзим мулгиб, ухлаб қолганимни сезмай
қолдим…

Дарё десам, янглишган бўламан, боши–кети кўринмас чексиз бир уммон эди бу.
Тўлқинлар таралиб, мавжланиб қирғоққа урилган маҳал, ажойиб шовуллаб менинг
хаёлимни ўғирлайди, сўнг соҳил қумларини ювган кўйи тағин уммон тубида ғойиб
бўлмоқда эди. Мен эса ҳув олисларга тикилиб қолган эдим.

Кўзимга узоқда оқарган кема, ичида ярқираган бир ёмби кўрина бошлади. Бу маёқ
тобора соҳил томон яқинлашиб, кўзимга яққол ташлана борди. Оқ кеманинг тўшида
эса ҳамон ёмби ўзидан бир ажойиб шуъла тарқатиб, ловуллаб турарди. Аввалига
англай олмадим, кема одамлар билан тўла эди. Сўнг одамлар туйқус ғойиб бўлиб,
ичида танҳо бувим кўринди. У қўлини тепа кўтарган эди, атрофи ёришиб кетди. Мана
энди кўзимга тиниқ кўринди. Бувим қўлида Илоҳий Каломни – Қуръонни кўтариб
кемада сузиб келаётир эди. Ниҳоят кема соҳилга етиб келди. Мен бувимнинг ёнига
шошилдим, шунда бувим қўлимга Қуръонни тутди, мен Каломни маҳкам қучиб,
кўксимга босдим ва кемага чиқмоқ учун олдинга қадам босган эдим, бувим мени
итариб, “Қўлингдаги Каломни эҳтиёт қил. Тилинг ва дилингдан Биру Бор Эгам
тушмасин. Икки нафсингни ҳамиша тўқ тут. Одамлардан бир поғона пастда юр. Бир
поғона пастда юр! Оллоҳ кўкка сапчиганларни суймайди!” дея хитоб этди ва мени
қуйига итариб юборди. Мен Каломни қучган бўйи қум устига чўкка тушиб, ўтириб
қолдим. Кема шиддат билан сузиб кетди. Мен қирғоқда бир қўлим Қуръонни қучган,
бир қўлим бувим томон чўзилган ҳолатимда қолиб кетдим.

Чўчиб уйғондим. Қарасам уммон ғойиб, атроф эса жим-жит эди. Ич–ичимдан
дарбадар жўш, оташзабаржон олов тошиб келди. Далли хаёлим тентираб, тағин мантиқ
ва чегарани йўқотиб қўйдим. Мен ожиза, мен бир заифанинг тафаккури буни
англашда ожизлик қилади. Мен бундай ҳолга аввал ҳам кўп тушганман. Ва ҳар гал
Қудратли, барчасига Қодир Эгамнинг қўлловида оёққа турганман.
Оромкурсига михланганман-у, кўзларим кўкка ногирон, қабоғим қабаргандек,
қорачиғимда эса сукунат қотиб қолганди. Мен тилдан қолгандим. Ҳа, ҳа, бу ҳоли
хазинимни қай қўсинда таржима қилсам… Юқорида ўз аксимни тиниқ кўра бошладим.
Шифтга жипс ёпишиб турган иккинчи аксим, шундоқ тепадан менинг ич-ичимга
зимдан назар ташлаб турарди. Шунда кўрдимки, чап кўксимдаги митти юрагимга ўз
қини торлик қилмоқда эди. У ўзидан қирмизи тиниқ қонларни ҳайдаб, таним ичра
оҳиста қуймоқда эди. Ҳа, ҳа, мен буни худди шундай кўргандим. Ва шу оний лаҳзада
мен борлиғимда бир тўлқин топдим. Бу қирмизи тўлқин токи охирги томиримга, энг
ингичка ва нозик , энг гўзал ва… томиримга етиб боргунига қадар етмиш икки томирим
узра тинмай жўшиб оқмоғи даркорлигини тафаккурим ила ҳис эта бошладим.
Маҳорату инкишофдан яралган юрак эса тиним билмай танам ичра олранг оби ҳаёт
қуярди. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим. Ўз кўзларим билан кўрдим. Шу он мен
кўнглимда беқиёс чексиз ва шаксиз гўзал бир кенгликни истаган эдим. Шунда
танамдаги бу кенгликка эзгулик уруғини умид билан қададим. Бу эзгу уруғдан умид
билан алафлар туфроқ ёриб чиқа бошлади. Мана, кўринг, ўша гиёҳлар кўнглимга нақш
бўлди. Юрагим эса потирлаб, ожиз танамдан оҳиста сирғалиб чиққан кўйи курраи
заминга теранроқ нигоҳ ташлай бошлади… Ва тилимдан Илоҳнинг сўзлари учди…
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қул аъузу бироббиль – фалақ.
Мин шарри ма холақ.
Ва мин шарри ғосиқин иза вақоб.
Ва мин шаррин – Наффасати фил – ъуқод.
Ва мин шарри хасидин иза ҳасад.
Фалақ сурасини такрор ва такрор қироат этдим… Сўнг шифтдаги аксим кўзларимга зар
нигоҳила боқиб турди-ю, сўнгра қайтиб танамга кўчди.
– Субҳаналлоҳ! Алҳамдулиллоҳ! Аллоҳу Акбар!
Тўқсон тўққиз бор ҳамд сано ўқидим.
Мен эса инсон онгининг илоҳий қудратига таҳсин ўқиб, ўрнимдан тураман. Узоқ
уйқудан қониб турган кимсага ўхшаб қолгандим. Чор тарафим чиндан ёришиб кетган
эди. Оромкурсидан секин қўзғалдим, ёнимда бувим бир маромда пишиллаб ухлаб
ётарди. Кун асрга оғар маҳал бувим безовталана бошлади.
Дадам билан ойимни чақириб келдим. Бувимнинг куни битган эди. Ўртада розичилик
сўралди. Унинг юзи тобора ёришиб кетмоқда эди. Кўп эшитганман, Оллоҳни тилида
ва дилида, беш вақт намозида поклаб юрувчилар ана шундай гўзал хотимага муносиб
кўрилар экан. Мен бунга амин бўлдим. Бувим Оллоҳни тилида ва дилида ёд этган бир
аёл эди. Сўнгги бор унинг тилидан гўзал сўзлар янгради.
“Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад унинг расулидир!”
Унинг шаҳодат бармоғи тепага кўтарилган кўйи қотиб қолганди. Дадам ҳиёл
қалтираётган қўлларини бувимнинг тепа кўтарилган бармоғига олиб борди-да, пастга
қаратмоқ истаб, икки-уч бор силади. Бироқ бувимнинг шаҳодат бармоғи шаҳодат
бериб тепада муаллақ қотиб турарди. Бу шаксиз Биру Бор, Жаноби Ҳақнинг мангу
барҳаётлигига бир ишорат эди… Биз мотам ичида қолдик. Йўқ, йўқ, мен Оллоҳдан
қўрқаман, чор тарафимиз ёришиб кетганди… Тўшакда бувим ётарди. Қарилик
ажинлари буткул ғойиб бўлиб, юзидан гўё нур таралмоқда эди. Фақат Оллоҳ
билгучидир. Ёлғиз Угина суйган бандаларини сийлаб, уларга чиройли хотима, энг
гўзал ўлим насиб этади…

Бувим оёқларини хотиржам ёзганча бақо кемасига чиқиб кетди, биз эса фано ёбонида
чайқалиб қолдик.
* * *
Бувимнинг барча маъракалари ўтказилди: келди–кетдидан сўнг, эзғин ва ҳорғин
қиёфада ётоғимга кираман. Ўлим ҳақдир, бувимнинг қазосидан сўнг кўк, қалин
муқовали дафтар кўз ўнгимдан сира кетгани йўқ. Унда нималар битилган бўлса, дея
тинмай ўйлайман. Фақат ўқигани фурсат томолмайман. Айни бу чоғда ўша дафтарни
олиб ўқиш фурсати етганди. Баайни ўзимни бир муҳим маросимга чоғлаётгандек
эдим…
Ўрнимдан илкис туриб, тахмонда тўшаклар қатига қўйилган белгили ёстиқни олдим ва ўзим тикиб қўйган еридан сўта бошладим. Дуррага ўралганлар ичидан калитни оҳиста оламан. Сўнг ётоқхонага ўтаман. Девор ортига беркитилган хазина ичидаги дафтар энди менинг қўлимда.
Битикларни ўқир эканман, етук ақлнинг маҳсули экани шундоқ билиниб турган
ёзувлар мени оҳанрабо каби ўзига тортади. Ва мен битиклар тўлқинида оқа
бошлайман…

Иккинчи қисм
Бувимнинг битиклари

Отам уйга шоша–пиша кириб келди. Унинг авзойи бузуқ эди. Онамга нималардир
деди. Онамнинг рўйи–руҳсори ўзгариб, гўё қум тусини олгандек. Бояқиш ҳолсиз,
турган ерида чўккалаб ўтириб қолди. У йиғларди…
– Иложимиз йўқ! Куним битган.
– Ундай деманг, биз-чи, биз қандоқ қиламиз? Қандай кунларга қолдик?!
– Чорасизман. Мени эртага олиб кетишади.
– Йўқ, йўқ! Элдан бурун ваҳима қилманг!
– Қулоқ сол, жуда ҳушёр бўл, айтганларимни қил.
– Қўрқиб кетяпман.
– Оғзингга маҳкам бўл. Қизимизни яхши тарбият этгин. Сизлар энди бошқа бу ерда
қололмайсизлар.

Дадам онамни нариги хонага олиб чиқди. Мен эса уларнинг кетидан, қия очилиб
қолган эшик тирқишидан ичкарига мўралайман…

Дадам беқасам чорсини ечган эди, ичидан гўё олов тошиб чиқандек кўринди менга.
Ялтироқ тошларнинг саноғи йўқ эди. Ушбу ёмби мени ўзига оҳанрабо каби тортмоқда
эди.
– Пахтали камзулинг билан Ойзоданинг тўнини олиб кел. – буюрди у онамга.
Онам дадамнинг айтганларини бажарди. Ҳалиги ялтироқ тошларни пахтали
камзулининг астарини ёриб чиққач, ораларига жойлаб тикди-да, сўнг астари билан
қавиб чиқди. Кейин менинг тўним астарини ҳам ёрди–да, яна ялтироқ тошларни пахта
ичига беркитиб, тикиб чиқди.
– Ошиб қолди, – у дадамга тикилди.
– Тезда пахта олиб кел-да, эски матодан тўшакча тикиб, қолганларини пахтаси ичига
жойла… – У даста-даста пулларни онамга тутиб, буни ҳам камзули чўнтагига солиб
яширишини уқтирди. – Ҳали булар сизларга кўп асқотади.
Шом тушди. Кетидан қаро тун қуюн каби бостириб келди. Ҳориб қай йўсинда ухлаб
қолганимни билмайман.
Саҳар чоғи онам мени уйғотди. Ташқарида дадамни олиб кетгани тўрт миршаб шай
турарди.
– Сен чиқа кўрма, кўриниш ҳам берма. Тағин таниб қолишмасин, дод-вой ҳам қилма,
фойдаси йўқ. Буларнинг қўлидан ҳар бало келади. Менинг эса умримни қамоқда
чиритишлари тайин. Шу бугунга қадар қилган сўроқ-саволидан мен буни тушуниб
бўлдим. Босмачиларнинг гумаштаси, деган тамға қўйишяпти.
– Шўрим…
– Омон бўлсак кўришармиз.
Онам аламини ичига ютиб, йиғлай бошлади.
Дадам мени ўпиб, бағрига босди. Бир нималар деб суйди. Онам бу гал уввос тортиб
йиғлай бошлади.
– Йиғидан фойда йўқ! Айтганларимни қил, онаси! Оғзингга маҳкам бўл. Бу ердан
иложи борича зудлик билан кетинглар… – пичирлади дадам.
Онам кўзи тўла ёшларини қўли билан сидириб:
– Шундай қилгаймиз…- дерди дори-дунёси зимистон бўлиб.
– Омон бўлсам, ўзим сизларни топиб оларман.
– Бўл тез, муттаҳам бой, энди беклигингни онангга қиласан! Куттирмасдан чиқ бу ёққа!
Дадам ташқарига чиқмоқ учун қадам ташлади, лекин эшик ёнига етганда, дилафгор
бўлиб ортига қайтди-да, мени бағрига маҳкам босди, пешонамдан ўпди. Доим кишига
теран боққучи кўзлари ёшдан нам эди. Музтар кўзларида қалққан ёшлари юзига оқиб
туша бошлади. Дадажоним! Менинг дадажоним!
– Дадажон, кетманг! Уларни уриб, ҳайдаб жўнатинг. Токи бошқа бизнинг уйга қайтиб
келмасинлар…
– Қани энди сени айтганинг бўла қолса. Иложим йўқ–да, қизим. Эсли бўлгин. Яхши
одам бўлгин! Оллоҳ суйган банда бўлгин!

Дадам зўрға мендан айрилиб чиқиб кетди. Кетди, уйдан бош олиб чиқиб кетди–я!.. У
уйдан бош олиб чиқиб кетгани йўқ! Уни биздан зуғумла айириб, олиб кетишди. Мен бу
кулфатнинг нақадар мислсиз эканлигини эсимни танигач, тушиниб етганман…
Биз дадамнинг кетидан ўртаниб–ўртаниб йиғлаб қолавердик. Онам–чи? Унинг ҳолини
тасвирламоқ учун сўз ғойиб кетади. Бир йўла оташ ўтида ёниб кетди. Бечора онам,
жаҳаннам ўтида куйиб соб бўлди. У йиғлар эди. Бироқ у бу йиғиси билан ҳеч вақони
ўзгартира олмади. Қани энди барчаси ўзгарганида… Тортган азоблари-ю, тунги
уйқусизлик уни буткул адойи томом қилганди. У гилам устига гўё ҳолсиз йиқилди–да,
қалтироқ қўлларини ғулу бошига олиб борган кўйи, худди ёш бола каби ҳўнграб–
ҳўнграб, алам ва ҳасрат ичида ёниб, йиғлай бошлади.

Ташқарида эсган шамоллар эса дадамнинг кетидан хиёл қия, гўё илҳақ очилиб қолган
эшигимиздан ичкари кириб, ўртаниб йиғлаётган онамнинг сочларини тўзғитиб, олов
кўксини совутди. Мен эса алмойи–алжойи қадамлар билан онамнинг ёнига бордим.
Қандай фожеа рўй берганини у қадар теран ҳис эта олмасам-да, айни чоғ онамнинг
аҳволи ниҳоят оғир эканлигини кўриб турардим.
– Обида, ҳай Обида!
Бу холамнинг овози эди. Онам ҳушини йиғиб олди-да, овоз келаётган тарафга
ўгирилиб қаради.
– Вой шўрим! Бўла қол, тонг ёришмасдан бурун жўнайлик.
– Ҳозир. – Онам беҳол, зўрға оғриниб ўрнидан турди.
У камзулини устига илди, сўнг менга тўнимни кийгизди. Бошимга рўмолимни ўраб
қўйди. Оғирлашиб кетгандекман. Тўшакчамни ва тағин алланималарни тўрвахалтага
жойлади. Шундай қилиб дадажонимни олиб кетишгач, кетидан биз ҳам қадрдон
уйимизни мангуга тарк этдик.

Аравага иккита от қўшилди. Онам, холаваччам Раҳмонали ва мен аравага чиқдик.
Холам эса отларни бошқариб кетди.
Миямга мана шу ҳашаматли уйдан, уни ҳам қўя туринг, севимли дадажонимдан жудо
бўлиш фикри келиши билан, дадам дунёдаги жамики нарсалардан қимматлироқ
кўриниб кетганди. Ўша кезлар менинг митти, ожиз тафаккуримга қандай яширин
ўйлар келганини танҳо ўзимгина биламан.

Мовий гумбаз қатида гўё тун бўйи дам олиб ётган қуёш мана энди тоғлар тепасидан
биз томонга қараб, оҳиста мўралай бошлади.
Даралар қаъридан муздек, совуқ ҳовур кўтарила бошлади. Ҳув нарида, олис тоғлар
орасидан сакраб–сакраб оқаётган сой ором билмай пишқирмоқда. Менинг эса дилим
хуфтон. Бир дақиқа, лоақал бир сония дадамни кўрсам, кенг елкаларига осилиб,
қучсам, сўнг қалин ва узун–узун киприклари орасида доим қуёш каби порлаб турувчи
кўзларига тикилсам. Мен унсиз нола қилардим.

Тошлоқ йўлдан елдек учиб кетаётган отларга холам яна қамчи солди. Мен янаям
оғирлашиб кетдим. Буни онамга айтгандим, у устимдаги оғир тўнимни ечди. Тоғ
бағридан келаётган шамоллар менинг сочимни тўзғитмоқда.Тўйиб-тўйиб мусаффо тоғ
ҳавосидан нафас оламан, бироқ кўнглим ғаш. Сўнг ором топмаётган ғулу кўнглим
баттар ғашланиб, донг қотиб ухлаб қолганимни билмай қолдим.
Бекободдан Самарқанду Бухоро томонларга қараб от сурган эдик. Онамнинг айтишича,
йўлга чиққанимизга уч кун бўлди. Яна тун оламни қора чиммати билан ўрай бошлади.
Отларга дам берилди.

Мен онамнинг пинжига суқиламан. Кўкда ой чароғон кўринди. Атрофида ёнарқурт
ёмбилар чамандек кўзни қамаштиради. Мен уларга қараган кўйи, ўйлай-ўйлай ухлаб
қоламан. От кишнаган чоғ чўчиб уйғондим, ҳарчанд уринмай кўзимга уйқу келмади.
Бир маромда эсаётган шамоллар эса тағин тоғ бағридан совуқ ҳовурни ҳовучлаб
пуркайди. Уфқ шарқ тарафдан тобора оқариб, юлдузлар битта–битта йиғиштирила
бошлади. Шарқда шафақ бўзарган сари, гўё борлиқ ҳам оҳисталик билан уйғона
бошлаётгандек. Ўнг ва сўл томонимиздаги жарликлар гўё қизил машъала ичида қолиб,
шафақ рангини ола бошлади. Биз тағин йўлга тараддуд кўрдик. Тонгги шаббодалар
шамолдек елаётган отлар ёлини тарайди. Анча йўл босилган эди.
Холам отларнинг жиловини тортди ва улар юришдан тўхтади. Холамга ачиниб кетдим.
У бедорликдан адои тамом бўлган, кўзлари киртайиб, юзлари сўлғин ва ҳорғин,
заъфарон тусда эди. Онамнинг кўзига уйқу илинган экан, туйқус кўзларини очиб
опасига қаради.

– Опа, энди сиз дамингизни олинг, мен отларни бошқариб кетай.
– Отларгаям пича дам берсак девдим.
– Унда аравага чиқинг, силлангиз қуриб, кўзларингиз киртайиб кетибди.
Холам аравага чиқиб, онам ётган жойга узала тушди–да, пича вақт ўтгач, донг қотиб
ухлаб қолди.

Ниҳоят кўзланган манзилга етиб келгандик. Қўним топгунимизга қадар кўп сарсон
бўлдик. Биз макон топган қишлоқнинг номи “Мастон қишлоқ” деб аталар экан.
Мастонликлар ниҳоятда соддадил ва самимий, дилкаш кишилар эди. Дастурхонлари
доим очиқ, лекин биз бу ерда узоқ туролмадик. Қўшни қишлоққа кўчиб ўтдик. Бу
Жадир қишлоғи эди. Одамлари ҳам жайдари, соддадил, самимий. Холам ва онам
жадирлик Санам исмли аёл билан опа–сингилдек, иноқлашиб кетганди. Санам хола
меҳнаткаш, қўли очиқ жувон эди. Унинг икки қизи ва бир ўғли бор. Эри қишлоқда
чўпонлик қилади: субҳи содиқда сурувларни яйловга ҳайдаб кетар, кейин елкаларига
шомни қўндириб уйга қайтарди.

Уларнинг уйи уч хона ва бир даҳлиздан иборат бўлиб, чеккадаги бир хонани бизга
ажратиб берди. Онам, мен, холам ва Раҳмонали мана шу хонада яшай бошладик…
Бир кун Санам холам болалари ухлагач, биз турган хонага калла суқди.
– Ҳали ётмадингларми?
– Ҳали ётгани эрта, қани киринг ичкарига.- Онам уни уйга чорлади.
Раҳмонали бир чеккада ухлаб қолганди, холам унинг устига ёпинчиғини суриб, кейин
мен томон ўгирилди:
– Cенам ухламайсанми? – дея сўради. Мен йўқ ишорасида бош қимирлатдим. Санам
холам онамлар билан узоқ гаплашди. Улар жуда эрта ота–онасидан етим қолишган
экан. Аммаси уларни вояга етказган. Акаси Ботир жуда эпчил ва ишбилармон чиқиб,
бойиб кетгач, уни қулоқ қилишган экан. Ўшанда у онамларга қараб:
– Ўзига тўқ бўлгани учун қулоқ қилишди. Мана энди ўзи қамоқда, болалари бу ёқда
кўзлари тўрт бўлиб ортидан йиғлаб қолган, – дерди куйиниб. У ўртаниб-ўртаниб
йиғлади. Онам ва холам ҳам унга қўшилиб йиғлашди.

Санам холанинг кўзлари маъюсланди, ундан оқаётган ўкинч ва алам ёшлари сирғалиб
тушиб, сўлғин юзларини юва бошлади. У ҳам, онам ҳам, холам ҳам сўлиб қолганди.
Унинг кўзлари мунгга тўла эди. Кулча юзли, қош ва киприклари сийрак, пешонаси
кенг, сочлари малларанг, бурни пучуқ, дилкаш аёл эди у. Санам хола менинг
хотирамда одамийликнинг ёрқин намунаси бўлиб қолди. Ва мен уни ҳеч қачон эсимдан
чиқара олмасман.

Қўшниларига бизни қариндошимиз дея таништирди.
* * *
Cанам холамнинг кетидан эргашдим, у қўйларни қўшоқлаб чиққач, бирин-кетин соға
бошлади. Онам эса соғилган сутларни бўшатиб келди. Ҳув нарида холам ўчоққа қозон
осганди. У онам пешма–пеш олиб бораётган сутларни пишира бошлади.
Пешиндан сўнг учови қатиқдан ёғ ажратишди: онам кувида қатиқдан ёғ ажаратиб
олгач, айронини тулупларга солди ва ичига жамбил ва шивит қўшди. Санам холамни
айтмайсизми? У жуда эпчил ва чаққон аёл, кувини даст кўтариб, ҳув наридаги
омборхонага қўйиб келди. У тиним билмайдиган, шижоатли аёл эди. Онам ва холам
ҳориб, сулайиб қолишган, Санам холам эса, урчуқда қўй жунидан ип йигира бошлади.
Мен унинг ип йигиришига ҳавасим келиб, урчуғини қўлимга олиб, бир-икки уриндим,
лекин йигира олмагач, урчиқни қайтариб бердим.

У ҳаш–паш дегунча, бир чуйка жунни йигириб бўлди-да, ипни калавалай бошлади.
Ўчоққа бўёқ қозонини осди ва ипларни бўяшга тушди.
Эртасига ўрмак қўриб, олача тўқий бошлади. Онам ва холам ундан кийгиз босишни
ҳам ўрганиб олди…

Санам холам ўзи тўқиган гиламларни Нурота бозорида пуллаб, қайтишда рўзғорга
ҳаражат қилиб келар эди.

Шанба куни у яна бозорга тараддуд кўриб, бир жуфт олача, тўртта кийгиз, сузма ва
қуртобларни ҳозирлаб қўйди.
Онам холамнинг ёнига бориб, бироз ялингансимон оҳангда :
– Cанам опа, эртага бозорга борасиз-а? – дея cўради.
– Ҳа, эртага тонг саҳарлаб, қўшни хотинлар билан жўнай деяпмиз.
– Унда мана буни олинг, – холамга бир даста пул тутди. – Рўзғорга ул–бул олиб
келарсиз.
У пулларни кўриб, довдираб қолди.
– Вой-й, бунча кўп!
– Ҳа, энди ишлатасиз. Олаверинг опажон. – Онам қўлида тутиб турган пулларни
қўярда–қўймай камзули чўнтагига солди.
Саҳар чоғи Санам холанинг овозидан илкис уйғониб кетдим. Ҳали атроф ғира–шира,
тонг отишига анча бор эди. Онам чироқ кўтарган, унинг шуъласи атрофни ёритмоқда
эди. Мен ётган жойимдан турдим.

– Cен ухла, қизим, – деди онам, бироқ уйқум очилиб кетганди. Санам хола эшакка
аравани қўшди. Кейин онам иккиси олача ва кийгизларни, сариёғ тўла идишларни
аравага юклашди. Санам холам шерикларига қўшилиб, Нуротага қараб йўл олди.
* * *
Беҳудуд яйлов қўйнида қад кўтарган қишлоқ олисдан кўзга худди дўппидек кўринади,
ён–атрофи қир–адирлар билан ўралган, узоқда Нурота тоғлари қўр тўкиб турарди.
Баайни кўклам чоғи қишлоқ янада кўркамлашади. Гардсиз ва мусаффо ҳаводан тўйиб
нафас олмоққа не етсин. Қуёш ҳам ийиб кетган, борлиқни обдон сийлайди. Ана энди
кўринг: яшил бахмалга бурканган қирлар товланиб, атроф ярақлаб кетади. Бироз
юргандим, саксовулзорга дуч келдим. Шабада унинг ҳидини димоғимга ҳовучлаб
пуркади, кўксим тўлгунича чуқур нафас олдим. Ортимдан Раҳмонали, уларнинг
кетидан Санам холамнинг қизлари югуриб келди-да, ер қатидан кокил ўйнатиб чиққан
чучмомаларни тера бошлашди. Мен эса қирнинг энг тепасига чиқиб, кўкка боқаман.
Бошим узра булутлар кезинмоқда. Қаймоқранг булутларга қўл чўзаман. Ана, қирнинг
шундоқ устида Санам холамнинг эри ва ўғли сурувларни ўтлатиб юрибди. Орзиқиб
кетдим. Ўшанда Бекобод қирларига дадам билан бирга чиқардим… У эса мудом
чорсисига қанд–қурс тугиб оларди. Бир қўлида шарбат солинган кўза… Ўшанда дадам
иккимиз қир тепасида майсалар устига узала тушган кўйи ширинликларни еб, ҳордиқ
чиқарар эдик.

Мен қирдан пастга эниб туша бошладим. Санам хола бозордан келгандир. Рости,
уйимиздан дарбадар кетиб, бу ёқларда сарсон юрганимиздан буён, дадам чорсига тугиб
келадиган ҳолваларни, майиз ва ёнғоқларни қўмсайдиган бўлганман. Тамшаниб
қўяман.

Уйга етиб келсам, онам ёғоч чўмичда сутни шопириб пиширяпти. Холам эса сигир
сутини бўлак, қўй сутини айри идишларга солиб, қатиқ ивитиш билан овора.
Раҳмонали эса Санам холамнинг қизлари билан қирда чучмома териб қолганди.
– Ие, бир ўзингмисан?
– Ҳа.
– Ўйнамадингми?
– Йўқ.
– Раҳмонали қани?
– Cанам холамнинг қизлари билан ўйнаб қолди.
– Ҳа майли, қатиқ ичасанми?
– Майли.
– Ҳозир олиб келаман.
Онам ёғоч чўмичда тўла қатиқни қўлимга тутди. Симириб ичдим. Мазаси оғзимда
қолди.
– Бора қол, энди болалар билан ўйнай қол…
Негадир ўйнагим келмас, бошқаларни билмадиму, лекин мен Санам холанинг
Нуротадан қайтишини интизорлик билан кутаётган эдим. Аксига олиб, ундак дарак
йўқ. Кун пешиндан оғди. Аср ҳам ўтиб кетди. Шом тушар маҳал эшак ҳанграб қолди.
Хотинлар бозордан қайтишганди. Улар орасида Санам холам ҳам бор. Онам ва холам
югуриб чиқишди, эшак аравадан ажратилди. Онам аравани судради, холам эса эшакни
оғилхонага боғлагани етаклаб кетди. Биз болалар чуғурлашиб, Санам холани ўраб
олдик. Бозордан бизга нималар олиб келган бўлса?

Сўрим қанд, ҳолва, туршак… Қувончимиз чексиз эди. Орадан икки кун ўтгач, Санам
холам, эри ва Гулнора холам Нуротага отланиб қолишди. Онам эса биз болаларга қараб
қишлоқда қолди. Кейин билсам, улар Нуротага бежизга кетишмаган экан.
Нуротада янги уй сотиб олинган эди. Чоршанба куни биз Нуротага кўчиб кетдик.
Янги уйимиз кўркам, тўрт хона ва бир даҳлиздан иборат бўлиб, олди айвонли эди.
Сал нарироқда каттагина ошхонаси ҳам бор.

Қўшни хотинлар танишмоқ учун бизни йўқлаб киришди. Мен ва Раҳмонали қўшни
болалар билан тезда иноқлашиб кетдик.
Орадан уч–тўрт ой ўтди. Тушлик қилиб бўлгандик, онамнинг тоби қоча бошлади. У
қайт қилди, кейин беҳол бошини ёстиққа ташлади.
– Деразани оч қизим, тағин кўнглим айнияпти.
Мен ўрнимдан туриб деразани очдим–да, онамнинг ёнига қайтдим. Унинг бўздек
оқариб кетган юзига узоқ тикиламан.
– Cув олиб келасанми?
– Ҳозир.
Даҳлиздаги пақирдан сув олиб келиб, унга тутаман.
– Ўзимнинг дастёргинам.
Онам сувдан ичиб бўлгач, мени бағрига босиб узоқ ўтирди. Бироқ бир сўз қотмади.
Нималарни ўйлаётган бўлса?
Кейинги кунларда онам тез–тез оғрийдиган бўлиб қолган. Мен эса негадир безовтаман.
Онамнинг ёнидан нари кетгим келмасди.
– Бери келчи, хафамисан?
Мен унга яқин келдим.
– Биров хафа қилдими ё ?
– Йўқ.
– Унда нега жимсан?
– Ўзим.
– Холанг қайда?
– Нарида, овқат пиширяпти.
– Раҳмонали–чи?
– Кўчада болалар билан ўйнаяпти.
– Бор, сенам ўйнай қол.
– Ўйнагим келмаяпти.
Мен онамнинг синиқиб кетган, рангпар юзига боқаман. Бир пайтлар ёқут каби қип –
қизил лаблари, кейинги кунларда қум каби туссиз эди. Сочмой суриб таралган сочлари
силлиқ, бошига рўмол танғиб олганди. Бир толим сочи эса пешонаси оша тушиб
турарди. Шу туришида онам кўзимга жуда ожиз кўриниб кетди.

Мен онамнинг ёнидан нари кетгим келмайди. У бошини ёстиққа ҳолсиз ташлади.
Аҳён–аҳён узун киприкларини кўтариб менга қараб қўяр, кейин яна кўзлари беҳол
юмиларди. Унинг аҳволи оғир эди. Дам–бадам ҳолсизланиб, тез–тез сув сўраради.
Онам табиатан камгап аёл эди. Кўп ҳолларда холам гапирганда сукут сақлаб, жим
тингларди.

Холам тушликда мастава кўтариб кирди. Хонтахта устига дастурхон ёзиб,
овқатландик. Тушликни қилиб бўлгач, холам уйдан чиқиб кетди.
Орадан пича вақт ўтиб холам бир аёлни бошлаб келди. Айни бу чоғ онам ҳолсизланиб,
ухлаб қолганди.
– Майли қўяверинг сингилжон, ухлайверсин.
Холам нотаниш аёл билан паст овозда нималарнидир гаплашиб олди.
Онам уйғонгач, бояги аёл онам билан сўрашди–ю, уни обдон сўроққа тутди.
– Синглингиз сариқ бўлиб қолипти. – деди у холамга қараб. – Сут, қатиқдан кўпроқ
ичсин. Чашма зиёратига борсанглар яхши бўларди. Эртага мен унга малҳам дори
тайёрлаб келаман.
– Шундай қилинг, барака топинг. Ёрдам бермасангиз бўлмайди.
Онам яна безовталана бошлади. Табиб аёл онамнинг ўнг қўлини ушлаб, бош
бармоғини томири устида анча босиб турди–да, савол қотди:
– Синглим, юрагингиз безовта уряпти. Аввал ҳам тез-тез шудай бўлармиди?
– Йўқ. – деди онам бош чайқаб.
– Юракни эҳтиётлаш керак. Зўриқтирмаслик керак, бундан фойда йўқ. – У холамга
бурилиб қаради–да, сўнг тайинлади. – Туршак қайнатинг, сувидан тез-тез ичиб
турсинлар. Юрагига қувват бўлади.-дея тайинлади.
– Ҳа, айтганингиздай қиламан ўргулиб кетай. Ўзи биттагина қизи бор, бахтига омон
бўлсин энди.
Онамнинг кўнгли бузилди, у овоз чиқармай юм–юм йиғлай бошлади. Кўнглим
бузилди.
– Ҳай, ҳай бундай қилманг-да сингилжон! Дардини берган Худо, шифосини ҳам
жўнатади. Товуқ шўрва ичинг, айниқса, сутли овқатдан еб турганингиз маъқул, аммо
оғир нарса кўтармай туринг.- тайинлади у онамга.
Табиб аёл кетди. Кетаётиб у бизга бир дунё хавотир ташлаб кетганди. Шанба куни,
ҳали кун ботмасдан бурун Санам холам бизникига кириб келди. У ҳар ҳафта Нурота
бозорига у бу сотгани келади ва бизникига албатта қўниб ўтади. Баъзан шомда келиб,
ётиб қолади, эртаси, саҳарда бозорга йўл олади.

Уч–тўрт олача ва кийгизни, яна алланималарни аравадан туширдик. Гулнора холам
сиқилиб турган эди, уни кўриб бир қоп семирди.
У Санам холам билан сўрашгач, онамнинг касаллиги хусусида узоқ гаплашди.
– Чашмага борайлик деб турибмиз. – Холам негадир сўлиб қолди.
– Чашма – табаррук жой! Шунинг учун Нуротага жуда олислардан зиёратчилар
келишади. Шифобахш суви минг дардга даво. Эртага саҳар бозорга бориб, у-буларни
сотиб келай, кейин ўзим сизларни чашмага бошлаб бораман.
– Менга қаранг, ўргулиб кетай сиздан. Бозорга отланиб юрманг, олачаларингизни
ўзимиз сотиб оламиз. Хонамизнинг бири бўм–бўш, олача сотиб оламиз деб юргандик,
мана Худонинг ўзи етказди.
– Ҳа йўғ-а, сизга сотаманми?
– Ундай деманг, менинг ҳам мушкулим осон бўлади, бозордан олача излаб юрмайдиган
бўлдим. Сиздаям болалар бор. Эртага бизни Чашмага олиб боринг. Зора Обида дардига
шифо топса.

Эрталаб, холам ўчоқда сув иситди, онам ювиниб, покланиб олди. Кетидан холам бизни
ювинтириб қўйди.
Биз чашмага етиб борганимизда, қуёш кўкда чарақлаб турарди. Зиёратчиларнинг
саноғига етолмайсиз. Нур булоғига Оллоҳнинг назари тушган. Унинг инояти билан
ердан биллур сувлар қайнаб чимоқда эди. Сув ичида балиқлар жўш уради. Чашманинг
тўрида бир мақбара бор. Ушбу мақбарага ислом оламида юксак мартабага раво
кўрилган зот Нур ота кўмилган. Онам Қуръон тиловат этди. Нур булоғининг саҳни
кенг, мармар ётқизилган йўлакдан юриб бориб, сўлга бурилдик, у ер ҳам зиёратчиларга
тўлиқ эди. Бу ерда қудуқ бор. Қудуқнинг ичидаги беш панжа ичидан сув қайнаб
чиқмоқда эди. Нон ташлаган эдик, балиқлар бир-биридан қизғониб, нон бўлакларини
тортқилашади.

Атрофда қўзғалган енгил ва оромбахш шамол сочимни тўзғитиб, юзларимни силайди.
Чашма тепаликда жойлашган. Тепаликнинг орти қир-адиларга туташиб кетган, адирлар
эса Нурота тоғларига елка тутган. Осмон ҳам тиниқ, атроф эса сокин ва осойишта,
барчаси беқиёс гўзал ва дилтортар эди. Чашма қўйнида, далаларининг ҳиди анқиб
турган, мусаффо ҳаводан кўксинг тўлиб нафас олишга не етсин?!
Онам пичирлаб, дуога қўл очди. Биллур сув ичида жавлон ураётган балиқларга меҳр
билан боқди. Туйқус одамлар тўзиб қолди: миршабларнинг эса саноғига етолмайсиз.
– Қани бу ердан жўнанглар, бидъатчилар.
Улар барчани чашма ичидан ҳайдаб ташқарига чиқаришди.
Аёлларнинг икки қўли ёқасида пичирлашиб, “Динсизлар, астағфируллоҳ,
астағфируллоҳ!” дея жўнай бошлашди.
Биз уйга қайтдик. Руҳиятимиз соғлом, кўнгилдаги ғуборлар буткул тарқаган эди.
Онамни айтмайсизми? У тетиклашиб, захил юзига қизиллик югурди. Санам холам
қишлоққа жўнаб кетди.
* * *
Кейинги кунларда онам жудаям ўзгариб қолганга ўхшайди. Ҳар гал синиқиб кетган
рангпар юзига қараган чоғим дилим хуфтон бўлади. Саломатлик нишонаси бўлган
нақшин ва лўмбиллама ёноқлари энди сўлғин, узун қайрилма киприклари ичидан
порлаб турувчи кўзларидаги чўғ сўник, у кишига вазмин ва ҳорғин нигоҳ-ла боқиб
турарди.

Баъзан онам ўртаниб йиғларди. Бир гал у пичирлаб, “Уйинг куйгурлар, даданг билан
бобонгнинг умрини хазон этди” деди. Онам бундай пайтларда, гапини биров эшитиб
қолишидан чўчигандек, паст овозда сўйланар эди. Кейин азбаройи аламини ичига
сиғдира олмаганидан, йиғлашга тушарди.

Мен эса бир мудҳиш ҳақиқатни англаётгандекман. Гўё атрофимизда кўзга кўринмас
парда бордек, онамнинг кўзлари эса шу парда ортидан динсизларга нафратла боқиб
турарди. Бироқ не тонг, не ажбким, юртимизни динсизлар эгаллаб олганди. Мен эса
ота-онамнинг умидли бир бўлаги эдим, эҳтимол сўнгги бўлаги эдим.
Онам бир қўли кўйлаги ёқасининг ичида, бир қўлини эса лабига босган кўйи бир
нуқтага тикилиб жимиб қолди. Мен қўрқиб кетдим. Шунда унинг бармоқларини
қалтироқ босаётганини кўриб қолдим. У шу қадар тушкин ва асабий эдики,биргина
ножўя айтилган сўз унинг ҳувиллаб ётган бўм–бўш қалбига бешафқат таъсир ўтказиши
тайин. У аллақандай оташ ичида беомон куярди.
Мен эса хавф-хатардан ҳоли бўлган, Бекободдаги бахтиёр кунларни кўз олдимга
келтираман. Ўша ўтган кунлар, бахти бекам, дили беғам онамнинг елдек ўтиб кетган
ҳаёти эди. Ўша бахтли онлар тонгги насим каби беғубор, оромбахш, тонгги насим каби
ўткинчи эди. Ундан тўйиб нафас оласану, аммо изини, қолдиғини топа олмайсан.
Унинг эпкинлари юзингни силайди,бироқ ёнингда қололмайди, елади, кетади.
– Ўтди даврон, кетди даврон, энди даврон қайдадир! – унинг лаблари пичирлади.
Нега у мудом пичирлаб гапиради? Нега бунча умидсизлик уйғотади унинг бу маҳзун
ҳоли?!

Янги ҳовлимиз кенг ва сўлим эди. Лекин бу онамга татимас, мудом кўнгли бир
нимадан тўлмай яшарди. Бир нима унга етишмаётгандек, сиқилиб юрарди. Онам
қўлимдан тутди ва мени ташқарига бошлади. Бодом тагида қўйилган сўрида бироз
ўтиргач, “юр ялангликка чиқайлик, пича ўтириб қайтамиз” деб қолди. Бекободнинг
сўлим ва ям–яшил қир-адирларини соғинган эдим, мен суюниб кетдим. У менга
жилмайиб қаради. Охирги кунларда унинг жилмайганини ҳали кўрмаган эдим. Мен
онамнинг беғубор жилмайганини кўриб ўзимда йўқ суюниб кетгандим. У шундай
жилмайган эдики, гўё юзида қуёш чарақлаб чиқди. Унинг юмшоқ ва нозик
бармоқлари менинг қўлимни тутиб кетмоқда эди. Кокиллари рўмоли тагидан
пешонасига ёйилиб тушган, бу кўркига чирой бағишлаб турарди.
У сўл қулоғига хиёл оғиб тушган рўмолини тўғирлаган бўлди. Шунда кўрдимки, унинг
кайфияти ниҳоятда чоғ, буни унинг чақнаб турган кўзлари кўрсатиб турарди.
Онамнинг қўлларини тутган кўйи атрофга боқаман, мовий гумбаз кўм-кўк ва тиниқ,
борлиқ осойишта ва сокин… Онамдан сўрадим:
– Онажон, яхши бўб қолдингизми?
– Онанг ўргулсин сендан, тузалиб қолдим.
– Энди сираям оғриманг, доим шундай юринг.
– Доно қизим, бўпти сен айтгандай юраман.
Яланглик кенг ва бепоён яйловга бориб тақалган. Олисларда қўйлар ўтлаб юришарди.
Атрофни шунчаки айланиб юрдик. Мен оёғим тагидаги пайдо гулларни тера
бошладим. Онам эса чим устига узала тушиб ўтирди.
Мен бир даста гулни унинг қўлларига тутдим. Онам ўзида йўқ суюниб кетди. Мен ҳам
чим устига чўкдим. Нарида қудуқ бор эди. Қудуқдан сув тортиб, пақирларини
тўлдириб олган кўҳликкина бир келинчак онамга салом берди, кейин бироз қаддини
ростлаб, тағин йўлида давом эдди.
Қарасам, онамнинг кайфияти ҳалиям аввалгидек. Юрагим қатига яшириб қўйган
ҳисларимни ошкор этдим.
– Онажон!
-Ҳа, Ойзода, гапир қизим.
– Бир нима сўрасам майлими?
– Сўра жоним қизим.
Чим устига чўкка тушиб, онамнинг қўлларини ушлаб:
– Бир нима сўрасам…- дея иккиланиб, ўйланиб қолдим.
– Нима экан, сўра.
-Ўшанда улар дадамни қаёққа олиб кетишди?
Онам менга ялт этиб қаради-да, бироз индамай турди, афтидан у мендан бу тахлид
савол кутмаган эди.
– Келади даданг, келади, – чуқур нафас олди ва маъюсланиб қолди.
Онамнинг кўз ёшлари потраб чиқди, сўнг ўзини тутолмай, йиғлади. Мен тилимни
тишлаб қолдим, унинг дарди тағин янгиланган эди.
– Яшамагурлар! Яшамагурлар, бединлар, уларнинг ҳам уйи куйсин! Даданг билан
бобонгни қамаб қўйишди.
У бобонг деб Раҳмоналининг дадасини назарда тутмоқда эди. Бобом ва дадам
амакиваччалар бўлиб, опа – сингилга уйланишган. Бу опа – сингил: онам ва Гулнора
холам эди.
Онам ўнг қулоғимга эниб:
– Биз бу ерда янгимиз, зинҳор буларни бировга айта кўрма. Ўзи замон нотинч, биров
алдаб сўрасаям, билмайман дегин.
– Шундай қиламан, – дейман мен тушкин ва ғамгин оҳангда.
Онам хўрсиниб қўйди.
– Унда уйимиз, йилқиларимиз кимларга қолди?
Онам уҳ торди, бироқ жавоб қайтармади…
Орадан кунлар ўтди. Онамнинг эса аҳволи тобора оғирлашди. У товуш чиқармай уҳ
тортарди. Менинг эса юрагим кўксимга торлик қилаётган каби, нотинч уради. Гулнора
холам ҳам онамга қўшилиб кўп азоб тортди. Кечки пайт у бироз ўзига келгандек
бўлди. Холам билан гурунг қилди, лекин бу узоққа чўзилмади.
Ҳолдан тойиб, кўзлари киртайиб кетганди.

Эртасига эрталаб, аллақандай юмуш билан ташқарида юрган холамни чақиртирди.
Холам унинг ёнига етиб келди ва қўлларини онамнинг пешонасига қўйиб сўради:
– Ҳай Обида, бунча пешонанг иссиқ, бошинг оғрияптими?
-Йўқ, лекин қизиб кетяпман.
-Cуяб ташқарига олиб чиқайми ? Тоза ҳавода ўтир–чи, совуб қоларсан.
– Йўқ, шу ерда ётганим маъқул.
– Опа, тўғриси менинг мазам йўқ, – Шу гапни айтиб, бироз жимиб қолди.
– Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади, мазанг бўлмаётган бўлса тузаласан, муздай қатиқ
олиб келайми?
– Ичгим кемаяпти. Сув беринг.
Мени даҳлиздаги челакдан чўмични тўлдириб сув олиб кирдим.
Онам сувдан ютоқиб ичди-да, холамга идишни тутаётиб сўзланди.
– Мазам йўқ, узоққа бормайман, деб қўрқаяпман.
– Туф деб оғзингдан тупириб ташла бу гапингни. Мазанг бўлмаса тузаларсан, бу нима
деганинг?
– Энди ўзимни ўзим биляпман–да опа, сиз эшитинг. Худоям белги бериб қўяркан.
Узоққа бормайман.
Онам унсиз бош чайқади. Холам унинг бошида турарди, шу чоғ у беихтиёр,
қалтираётган қўлларини онамнинг ғулу бошига қўйди. Мен қўлларимни онамнинг
қўлига олиб бораман. Унинг қўллари қайноқ эди. Беш бармоғим аллақандай оташ
ичида исиб кетганди.

У аввал ота–онасини ёд этди, кейин дадамни эслаб бир нималар дерди.
Шўрлик холамнинг қадди оғди, бу дилгирлик унинг кўз ёшларини беаёв соғди. У
ёшларини сидириб ташлагани сайин, шудринглар яна потраб чиқаверди. Холам
бақириб-бақириб, ўзини чор тарафга отиб йиғлагиси келаётган киши каби ўрнидан
туриб кетди–да, хонани бир айланиб чиқди. Кейин онамнинг бошида тўхтаб ерга
чўккалаб ўтирди ва қўлларини унинг бошига қўйди. Онам эса қимирламай, шифтга
икки кўзини қадаган кўйи жимиб қолди. Унинг ранги синиққан, кўзлари маъюс
тортиб, бир нуқтага тикилиб қолганди. У буткул ҳолдан тойгандек, нафас олиши зўрға
эшитиларди. Анчагача шу тахлид ётди, сўнг мудрай бошлади.
Холам баъзан ҳадиксираб, бошларини қуйи эгиб, унинг нафас олишини эшитар, сўнг
секингина “Худога шукур” деб қўярди.

Онам уйқудан кўзларини очди, бироқ ҳеч вақо демасдан, анчагача жим ётди. Ниҳоят у
холамга маҳзун нигоҳларини қадаб деди:
– Мен барибир кўпга бормайман опа! Қизимни сизга, сизни Худога топширдим.
Қизимни авайланг, катта бўлиб бўйи етгач, уни Раҳмоналига келин қилинг. Қизим
бегоналар қўлида хору зор бўлмасин. Ётдан ёруғлик чиқмас. Ҳалиги тошларни асраб
қўйинг, уларнинг яхши кунларида ишлатинг, илоё!
– Жоним синглим, ундай дема. Яхши ният қил! Тузалиб кетасан.
– Энди Худоям дилга солиб қўяркан-да, ўзимни ўзим билиб турибман. Узоққа
бормайман. Мендан рози бўлинг.
Холамнинг юзи дока каби оқариб кетди.
-Сен ҳам мендан рози бўл!
Холам шу гапни айтди–ю, қайтиб чидаб туролмади. Қақшаб-қақшаб, бироқ овоз
чиқармай, елкалари силкиниб йиғлади. Ўрнидан туриб, яна хонанинг у ёғидан бу ёғига
бориб келди, сўнг деворга суяниб қолди.
Кейин онам мени ёнига чақирди, суюб бир нималар деди.
Менинг ундан ҳеч ажралгим йўқ, уни маҳкам қучиб олдим, кўзимдаги ёшимни
билдирмай артдим.

– Қизим, изим изсиз кетмасин! Ортимдан қол. Динсизлар сени отангдан, уйингдан
айирди, лекин динингдан айира билмаслар. Ақлли қиз бўл! Мудом икки кўзим йўлга
нигорон ўтди, бир ёруғлик истаб яшадим. Мен кўрмаган кунларни сен кўр. Изим изсиз
кетмасин. Ортимдан қол…
* * *
Эртаси куни бодом тагида ҳалинчак учаётгандим, аллақандай бўғиқ овоздан чўчиб
тушдим. Бу холамнинг ҳасрат ва надомат ичра қилган ноласи эди. Ҳалинчакдан
жонсарак тушиб, онам ётган хонага югурдим. У омонатини Оллоҳга топширган эди.
Биз учун мутлоқ бегона, ота-боболарим, момоларим ҳокидан йироқда бўлган, ҳувиллаб
ётган бир қабристонга онамни кўмишди. Онамнинг бевақт ўлими холамни буткул
йиқитди. У тўшакда узоқ хасталаниб ётди. Юзлари сўлиб, эти суягига ёпишиб кетди.
Баъзан жуда тўлиб кетар, у бўзлаган маҳал йиғиси ҳовлимизни тутиб кетарди. У
куйиниб йиғларди, бундай пайтда Раҳмонали иккимиз нима қилишимизни билмай
қоламиз. Шунда Раҳмонали мени чеккага тортади ва мен орзу армонларимни митти
юрагимга жойлаб, унсиз бошимни қуйи эгаман. “Хафа бўлма,-дейди у менга далда
бўлиб. – бизни ҳам дегучилар топилиб қолар. Меҳрибон Худо бизни шундай ташлаб
қўймас“. Мен эса унсиз йиғлайман. Унсиз йиғлаш нима эканлигини биласизми?
Гуноҳи йўқ гуноҳкор бўлмоқлик–чи? Гуноҳинг йўқ, лекин сен буни исботлай
олмайсан! Отам гуноҳсиз гуноҳкор бўлиб, динсизлар қурбонига айланди. Онам эса бу
кулфатни кўтара олмай жувонмарг кетди. Биз ортидан қақшаб қолдик. Қўшни аёллар
онамнинг кетидан қақшаб қолган холамни юпатиб кетишар эди.
Мен ҳам хасталангандекман: эрталаб этим увиша бошлади, пешин чоғи бир йўла ётиб
қолдим. Кеч кириб, қош қорая бошлаган маҳал иситмалай бошладим. Бошим
лўққиллаб оғрирди. Нафсилабрини айтсам – онамнинг ўлганига сираям ишонгим
келмасди. Гўё у бирор муддатга кетгану, фурсатлар ўтиб, қайтиб келадигандек, мудом
деразага кўзларим нигорон боқиб ётаман. Ха, ҳа у ўлмаганди, бир кун қайтиб келади
ва мен ўзимни унинг қайноқ бағрига отаман. Шунда у мени қучоқлайди. Мен униинг
кўксига бош қўйиб, тўйиб–тўйиб нафас оламан. Бу ҳид бир илоҳий ҳиддир. Бу
муҳтарам онанинг ҳидидир. Бу онамнинг иси, ушбу ҳидни бошқа ҳеч кимсадан топа
билмасман.

Мен ухлаётиб, ўзимни онамнинг иссиқ бағрида ётибман, дея ҳис этаман, бироқ кўз
очган оним холамни кўраман. Шунда даҳшат мени ўз комига тортади. Бу ҳол ҳар гал
яна ва яна такрорланади, такрорланаверади. Даҳшатга тўлиқ кунларимни санашдан
кўра, уларни тасаввур этмоқлик янаям қўрқинчлироқ туюлади. Шундан кейин юрагим
сиқилиб, диққинафас бўладиган бўлиб қолдим. Рости, холамдан миннатдорман, мени
оқ ювиб оқ таради, вояга етказди. Фақат у бир нимани менга бера олгани йўқ; буюк
зот аталмиш онагина берадиган илоҳий илиқликни улаша олмади у. Бу илоҳий
илиқликни кўз илғай билмас, инсон буни фақат қалб ҳарорати билан ҳис эта олади.
Менинг руҳимни жудолик эгиб қўйганди. Оллоҳ мени яратмасдан бурун мен ҳақимда
қайғурадиган икки улуғ зотни яратган, бу отам ва онам эди. Улар мен ҳақимда
қайғуришарди, мен ҳақимда ўйлашар эди. Энди уларнинг ҳар иккиси ҳам йўқ, йўқ эди.
Мен унсиз нола қилдим, юрагим эса чор тарафга жар солиб, исён кўтарган эди. Ҳафта
бўйи эзилиб ётдим.

Орадан йиллар ўтди. Мен эса ота-онамсиз яшашга кўникдим. Раҳмонали ҳарбий
хизматга чақирилди, саноқли кунлардан сўнг у рус ўлкаларига жўнайди.
Бугун жуда эрта уйғондим. Деразани очгандим, димоғимга шафтоли гулининг ифори
урилди, мен эса бу муаттар ҳиддан тўйиб ва қониб нафас олдим. Шу пайт деразам
тагида оёқ дупурини эшитдим, қарасам Раҳмонали экан.
– Нонуштадан сўнг булоқ бўйига чиқ, сени кутаман.

Чой ичаётиб у холамдан бекитиқча, менга маъноли қараб қўяди. Нонуштадан сўнг
иккиланиб ташқарига чиқдим. Кўкда бир мужда тарқалган – бу ёмби ўзидан заррин
нур ва илиқлик таратиб, борлиқни чороғон этганди. Атрофда кўча симёғочига тизилган
қалдирғочлардан бўлак ҳеч зоғ кўринмасди. Чор тараф сокин ва осойишта, кун ботар
томонда эса Нурота тоғлари мағрур ва кибор қад ростлаганди. Азим тоғлар тобора
юксалиб, Лангар тоғларига қўшилиб кетган. Шаҳар марказига тушиб, булоқ томон йўл
солдим. Ўзбек ҳамда тожик тилида сўзлашувчи нуроталиклар гапи қулоғимга
чалинади. Чашмага етай деб қолгандим, бир тўда аёлларга дуч келдим. Мен уларга
қўшилиб, булоқ томон юрдим. Мармар ётқизилган йўлак барчани булоққа етаклайди.
Чашма суви шилдирайди. Негадир ортга ўгирилиб қарагим келди, шунда ҳув нарида
ўриндиқларнинг бирида мени кутиб турган Раҳмоналига кўзим тушди. У оппоқ кўйлак
ва тўқ жигарранг шим кийган. Мармар йўлакдан аста–аста юриб, унинг ёнига бордим.
У мени кўриб, ўрнидан турди.
– Келмайсанми деб қўрқувдим.
– Лекин келдим.- дедим мен мийиғимда кулиб.
– Жуда яхши-да, – таъкидлади у сирли оҳангда ва анчагача жимиб қолди.
У ўзига хос олифта: доим дазмолланган оппоқ кўйлак-шим кийиб юради. Қадди
қомати келишган, пўрим йигит. У сочини силаб, томоғини билинар-билинмас қириб
қўйди. Мен ҳали унга ҳеч қачон бугунгидек яқин туриб тикилмаган эканман. У
кўзимга ғойибдан улғайиб қолган йигитга ўхшаб кўринди. Лаблари устида
мўйловлари сабза уриб чиққан, кўзлари эса ёниб турарди. У баъзан жиддий ва кибор
бўлиб қолар, юзидаги бу ниқобини олиб ташлаган чоғ, жудаям самимий ва хушъфел
йигитга айланиб қоларди.
– Уч кундан сўнг хизматга жўнайман.
–.
– Мени кутасанми?
– Нега энди кутишим керак экан.
– Ие, бу нима деганинг?
– Мен кутаман деб сизга қачон ваъда берганман?
– Шунақа де?
– Шунақа.
– Унда нега бу ерга келдинг?
– Иссиғида кетишим мумкин.- Мен ўрнимдан турдим.
– Бўлди, бўлди, кечирасан, билмай қолиб гапирдим.
У юмшаб қолди.

– Мени кутасан–а?
Индамай туравердим…
– Ахир раҳматли холамнинг васиятини эсингдан чиқардингми? – сўради у юмшоқ
оҳангда.
Мен тағин индамадим.
– Кўзга яқинсан, чиройлисан. Тағин мен ҳарбийга кетгач, битта яримтаси бошингни
айлантириб юрмасин. Мени кутасан-а?
У менга шундай тикилдики, бу гал мен нигоҳларимни олиб қочишга мажбур бўлдим.
– Жавоб бер қийнамай, нима ундай жим турасан?
– Ҳаракат қиламан.
Унинг кўзлари шодликдан чарақлаб кетди:
– Сенга хат ёзиб тураман.
Мен хўп деган маънода бош силкидим.
Шундан кейин гапимиз узоқ чўзилмади. Мен негадир, холам учрашувимизни билиб
қоладигандек, хавотирда эдим.

Кўзимни очсам, тонг отган, ўрнимдан туриб дераза ёнига келдим. Кўкда саросар
булутлар момақалдироқ гумбуридан дарак бериб кўчмоқда эди. Бир зумда чақин
чақиб, гулдираги оламни тутди ва ёмғир ёғиб берди. Ёмғир тингач, кўк ҳам, атроф
ҳам тинчиб қолди. Қуёш хира чиқиб, яна булутлар оша ғойиб бўлди. Уфқ тутаб
ёнаётган машъалани эслатади. Қуёш атрофида илонизи, қизғиш булутлар тўлғаниб,
буралиб сузади. Менинг борлиғимда аллақандай туйғу юксалиб бораётгандек.
Нега мен мутлоқ тушиниксиз, ёт хавотирга тушмоқдаман? Муддаом не ўзи? Нима, мен
Раҳмоналини севаманми? Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку! Агар шундай бўлса,
ўзгалар иродаси ва қалбига ҳоким бўлиш ҳисси қани, қайга ғойиб кетди? Кучли
ироданинг ўзига тортувчи кучи қаёққа зумда қаёққа ғойиб бўлди? Наҳот мен севиб
қолган бўлсам?

Холам бозорга жўнади. Кўкка тикилганча узоқ туриб қолдим: уфқ тутаб ёнаётган каби
тасаввур уйғотмоқда эди. Булутлар қуюқлашиб, ёмғир майдалаб ёғди. Очиқ деразадан
ёмғир шивирига қулоқ тутар эканман, ботинимдаги ғашлик лаҳза сайин
тарқаётганини ҳис этаман. Бу ажиб шивир шу қадар қувонтирдики, борлиғимга яна
жўшқинлик қайтаётганидан мамнун эдим.

Очиқ деразадан шафтолининг ҳиди анқиб ичкари кирди, мен тўйгунимча нафас олдим,
бошқаларни билмадим-у, лекин мен бундай пайтда кўнгил чигалини бир лаҳза бўлсин
унутаман.

Кеча Раҳмонали ҳарбий хизматга жўнаб кетди. Бояги ғашлик унинг жўнаб кетиши
туфайли туғилмадимикан, дея ўйга толаман. Атроф эса жим-жит. Онда-сонда
қумрилар учиб қолади. Юрак қатига яшириб қўйган ҳисларимни ошкор этиб, ким
биландир дардлашгим келди.

Орадан икки ой ўтиб, Раҳмоналидан хат олдик. Холам хатни менга ўқиттирди.
Мактубда умумий гаплар ёзилган эди: яъни, аввал бизнинг соғлигимизни сўраган ва
ўзининг ҳарбий хизмати ҳақидаги тафсилотлар…
* * *
Мен мактабни тугатгач, сиртдан ўқишга кирдим ва ўзим ўқиган мактабда биринчи
синф ўқувчиларига дарс бера бошладим. Ишимдан мамнунман. Энг асосийси,
ўқувчиларсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Мен уларга шу қадар ўрганиб
қолдимки, баъзан улар тушларимга кириб қолади. Раҳмонали менинг мактабда
ишлаётганимни билгач, иш жойимга мактуб ёзадиган бўлди. Кейинги кунларда
ўзимдан жуда хурсандман. Директор дарсимни кузатгани кирди. Дарс ўтиш услубим
унга ёқди. Ўқитувчилар кенгашида мен ҳақимда илиқ фикр билдирди.
Мактабимизга янги ўқитувчи келган, у юқори синф ўқувчиларига физикадан сабоқ
беради. Кейинги кунларда менинг йўлимни атайлаб пойлаб турганини сезиб қолдим,
бироқ буни сезмаганга оламан. Дарс тугагач, дафтарларни тартибга келтираётсам,
синфга у кириб келди.
– Кирсам майлими?
– Кириб бўлдингиз.
У иккиланиб, менга тикилиб қолди. Бу ўнғайсизликка чек қўйиб, уни гапга тутдим.
– Ўқувчилар билан ишлаш қийинмасмикан?
– Йўғ-е, бошида бироз қийналдим, лекин ҳозир уларга ўрганиб қолдим. Мана, сизга
ҳавас қилиб турибман, кеча педсоветда директор нуқул сиз ҳақингизда гапирди.
Мен азалдан шундайман, ўзимга мен ҳақимда гапиришса, ҳижолат тортиб қоламан.
Шунинг учунми, бу фикр бошимга қайдан келиб қолди ҳайронман, Муродга қараб
дедим:
– Яқинда, Содиқ деган бир ўқувчимнинг онаси ўлиб қолди. Шу денг, онасининг
вафотидан кейин ўқишиям ўзгарди, дарсдан кўнгли совуб, мактабгаям қатнамай қўйди.
– Содиқ деганингиз Махсум аканинг ўғли эмасми? Яқинда унинг хотини қазо қилганди.
– Ҳа, Содиқ Махсум аканинг ўғли. Шу денг, бугун уларнинг уйига бориб, дадаси билан
ўғлининг ўқиши ҳақида гаплашмоқчи эдим.
– Менинг йўлимда экан, юринг бўлмаса, сизни уларникига кузатиб қўяй.
Тараддудланиб тургандик, мактабимиз котибаси Солиҳа опа синфга кирди-да,
Муродни кўргач, мени имлаб чақирди. У баланд бўйли, буғдойранг аёл эди. Кенг
пешонасига малла кокиллари тушиб турар, бошига эса кўк гулли рўмол танғиб
олганди. Қип–қизил лаблари ичидан садаф тишлари маржондек терилиб, яққол
кўриниб турарди. У жуда соддадил ва дилкаш аёл, мактабга ишга кирганимдан буён,
бўш вақт топганда доим бирга бўламиз. Ҳар гал Раҳмоналидан хат келса, мендан
суюнчи олиб, номани қўлимга тутқазади.
У менга пичирлаб:
– Cизга суюнчли салом бор, ўргулиб кетай…
– Қани?
– Ҳай –ҳай, ҳамма нарсанинг олди-бердиси бўлади, шошилманг-да, аввал соққасини
узатинг, соққасини…
– Кўндим, ойлик чиқсин… Шашликка эридим…
– Ҳа, майли ҳазиллашдим. Мана, сизга хат бор.
– Раҳмат.
– Арзимайди.
У синфдан чиқиб кетди, мактуб эса қўлимда. Юрак эпкинларини эшитаётгандирсиз?!
Юрагим севинчдан ҳапқиради. Негадир ҳаяжонлаётганимни Мурод сезиб
қоладигандек, ўзимни вазмин ва бепарво тутишга уринаман ва мактубни сумкамга
беркитиб қўйдим.

Шундай қилиб синфни берикитиб, Содиқларнинг уйи томон йўл оламиз. Уларнинг уйи
кўчанинг ичкарисида экан, анча юриб, ниҳоят, унниқиб кетган ёғоч дарвоза ёнида
тўхтадик.
– Шу Маҳсум аканинг уйи.
Содиқнинг отаси билан унинг ўқиши хусусида гаплашиб уйга қайтдим.
Дарвозадан ичкарига кирсам, холам сўрида тўшак қавиб ўтирган экан.
– Мунча ҳаяллаб қолдинг.
– Иш чиқиб қолди, бир ўқувчимнинг уйига бориб, дадаси билан гаплашиб қайтдим.
– Ҳа, қозонда хўрда бор. Иссиғида ичиб ол.
– Ҳозир, кийимимни алмаштириб чиқай.
– Тезроқ чиқа қол, совиб қолмасин. Ҳамсоямиз Мавлуда “Мушкул кушод’’ қиляпти,
шунга чиқмоқчи бўлиб турувдим.
Холам қўшниникига чиқиб кетган. Сабрим чидамай, сумкамдан хатни олиб ўқишга
киришдим.

Мактаб жамоаси кенгашиб, ҳафтанинг охирида, тоққа ҳордиқ чиқаргани борадиган
бўлди..
Белгиланган вақтда барчамиз мактаб ҳовлисида тўпландик. Кейин қир томон пиёда йўл
олдик. Қир борган сари тепа кўтарилиб, тоғга туташиб кетганди. Барча ўзида йўқ
шод.

Қуёш ҳам кўкда жилва қилади. Бу жило менинг танам ичида кезиниб юргандек.
Атрофда кўклам нафаси, борлиқ знгори бахмал кўрпага бурканган. Қаймоқранг
булутлар кўчади, кейин ғойиб бўлиб, яна кўриниш беради. Мовий гумбаз баайни
кўклам гўзаллигига уйғунлашиб кетганди – барчаси беқиёс дилтортар эди. Баҳор чоғи
тоғ чўққисида ҳордиқ чиқарган бир кунинг ўн икки ойга татийди.
Солиҳа опа билан гурунглашиб, жамоадан орқада қолиб кетган эканмиз, қичаб юргач,
уларга етиб олдик. Барчамиз тўпланиб, тушликка ош, кечга шўрва пиширадиган
бўлдик.

Ёши кексароқ икки аёл мактабда хизматчилик қилади. Биз уларни хола деймиз.
Шундай қилиб, Ойша ва Набира хола ошпазимиз. Кўпчилик эмасмизми, ҳаш–паш
дегунча, сабзилар арчилиб, наргази қилинди ва гуручлар тошидан тозаланди. Кейин
тоққа қараб иккита-иккита бўлиб тарқалдик. Шу атрофда ғор бор, кўпчилик шу
ғорнинг ишқибози. Биз ҳам ишқибозлар кетидан эргашдик. Ёнимизга Мурод билан
Матлуба етиб келди. Мурод кўк кўйлагига мос кўк шим кийиб олган, ҳали оҳори
тўкилмаган, янги ва ялтироқ қора туфлиси кўзга ярқ этиб ташланиб турибди. У
сочларини ўнг қўли билан уч-тўрт бор силаган кўйи менга маъноли назар ташлайди.
Матлуба ҳам бугун ўзига бошқача оро берган. Шона атлас кўйлак кийиб, бошига
пушти гулли ҳарир рўмол ўраган. Қошига қалам чизиб, кўзига сурма тортган. Бўяниб-
безанган. Унинг Муродда кўнгли бор. Бутун борлиғи билан Муродга ёқиш иштиёқида.
У Муроднинг менда кўнгли борлигини сезган, шу сабаб менга эътиборини
кучайтирадиган бўлган.

– Бахтимизга, қуёшнинг чарақлаб чиққанини қаранг. –деди Матлуба бизга қараб.
– Ҳа, бугун мазза қилиб ҳордиқ чиқарадиган бўлдик,-дедим.
– Тўғри айтасиз. Баҳор чоғи ҳордиқ чиқарганга не етсин.- гапга қўшилди Мурод.-Иш,
мактаб деб дам олишниям унутганмиз…
Пича юриб, тепа кўтарилдик. Мурод билан Матлуба биздан анча илгарилаб кетди.
Кейинги пайтлар Матлуба Муроднинг орқасидан соядек эргашади. Лекин Муроднинг
ўзига бефарқлиги ғашини келтиради. Баъзан менга ичи қоралик ва ҳасад билан
қарайди. Гарчи у бу ҳисларини яширса–да, буни сезиш мушкул эмас. Биз сўқмоққа
етдик. Мен баъзан ўзимни мана шу сўқмоққа ўхшатаман. Бу илонизи ингичка сўқмоқ
бир кун катта йўлга қўшилмоғи даркордир. Анча юриб, пишқираиб оқаётган сойга
етиб келдик. Умримда бунақанги кўм-кўк, тиниқ ва зилол сувни кўрган эмасман.

Қуёш Нурота тоғлари томон оғиб, тепа кўтарила бошлади. Гоҳида булутлар унинг
юзини тўсиб, яна осмон денгизида ғойиб кетди. Ҳаво исий бошлади. Сой эса юзимизга
муздек ҳовур пуркамоқда. Ҳориб, чанқаб кетгандик. Иккимиз ҳам кафтимизни
тўлдириб муздек сувдан сипқорамиз, қани энди чанқоғим босилса… Сув шаффоф
яратилган ва бу оби ҳаёт ҳеч қачон кўнгилга урмайди. Мен тағин кафтим тўла сув
сипқораман. Қалбим салқин, ҳузурбахш нафас билан лиммо–лим тўлди.
Биз ғорга қараб йўл олдик. Азалдан қороғуликдан қўқаман, негадир ғор ичига тушгани
юргагим бетламай, тўхтаб Солиҳа опага айтдим:
– Солиҳа опа, шу негадир юрагим бетламаяпти, ўзингиз туша қолинг, мен сизни шу
ерда, сой бўйида кутиб тураман.
– Ихтиёрингиз.
Солиҳа опа кетгач, мен секин–секин пастга туша бошладим. Сўқмоқ йўлдан юриб
сойга етиб олдим.
Муздай, зилол сувдан тағин ичдим.
Сой бора-бора шалола ҳосил қилиб, ўзига манзилу макон истаб олисларга қараб йўл
олганди. Сув оқимига қарши қўл соламан, муздек сув қизиб турган кафтимга тегиб
урилади. Кафтим тўла сув билан қизиб турган юзимни ювдим. Кўнгилга яна муздек
сув тегиб, сокин ва осойишта бўлиб қолдим.
Оёқ дупури эшитилгандек бўлди. Ўгирилиб қарасам, Мурод мен томон яқинлашиб
келаётир.
– Сойнинг шошқинлигини қаранг…. – дедим унга.
– Ҳа, нега ғорга тушмадингиз? – сўради у.
– Тўғриси, қўрқдим.
– Ие, – деди у ҳазил оҳангда, – юракдан ҳам бор экан – да.
Мен кулиб қўйдим.
У атрофга боқиб сўзланди.
– Қаранг, атрофни, оҳори тўкилмаган бахмалга ўхшайди–я.
– Ҳа, менам кўкламни, кенгликларни яхши кўраман. Қарасангиз кўнгилдаги ғуборлар
бир зумда тарқайди, кетади.
– Ие, кўнгилдаги ғубор? Билсак бўладими, севинчи мудом тошган қизнинг кўнглида
қандай ғубор бор экан?
– Ҳа, энди гапнинг келасини айтдим қўйдим-да, гап йўғида буям бир гап-да.
– Тўғри табиатнинг кўркамлигига қойил қолмай илож йўқ.-деди у яна.
У орзиқиб мовий осмонга кўз тикди.
– Қаранг, кўкка қўл чўзсанг етадигандек.- У гапираётиб, нигоҳларини кўкдан қайириб
менга қаратди. Мен бундай қарашларни жуда яхши тушунаман.
Аввал юрак сўзлайди, бу ҳис кейин кўзларга кўчади, улар ўз кучини ўтказа олмагач,
тил гапира бошлайди.
– Биласизми, баъзан мен ўзимда бир завқ манбаи борлигини сезаман. Бу завқ сизни
кўрганимда янада юксала бошлайди. – деди у тантанавор оҳангда.
Ўзимни кулгудан зўрға тийиб қолдим. Яхшиямки, у буни сезмади.
– Нега жимсиз?
– Нимаям дердим.
– Шунақа, мени кўрсангиз, бепарво бўлиб қоласиз.
– Ҳеч-да,-дедим ҳафсалам пир бўлиб.
– Бу совуққонлигингиз билан бунча мени қийнамасангиз… Сизга бўлган
муҳаббатимни, энг покиза ҳисларимни доим масхаралагандай бўласиз.
Энди бу гапи ортиқча эди. Менинг иззат-нафсим оғринди:
– Нима деб ўйласангиз шуман. Шундай кимсалар борки, табассуми нимадандир
далолат берса, кўзлари унинг аксини англатиб туради. Сиз шундайлардан қолманг.-
Мен бу гапим билан Матлубани назарда тутмоқда эдим.

Гапимиз шу ерга етганда Солиҳа опа, унинг кетидан қолганлар ҳам етиб келишди ва
барча ғордан олган таассуротлари ҳақида гапира кетишди. Матлуба сойга қўл солиб,
кафтларини тўлдириб сув ичди, бошқалар майса устига узала тушиб ўтирди.
Ўтирганлар, Матлубадан бир қўшиқ хиргойи қилишини сўрашди. Матлубанинг майин
овози бор. У куйлаганда барча сеҳрланиб, куй ичида оқади. Барча уни айлантириб ўраб
олди. Матлуба эса жамоа қуршовида, берилиб ашула айта бошлади. Фурсатдан
фойдаланган Мурод улар орасидан сирғалиб чиқиб, менинг ёнимга келди. У бир
нимадан кўнгли тўлмаган, норози қиёфада эди. Мен эса чиндан унга бепарвоман,
унинг гаплари ғашимни келтиради. Шунинг учун нигоҳимни Матлубага буриб, унинг
ҳиргойисига қулоқ тута бошладим.

– Менга қаранг, Ойзода, мени қийнаб лаззатланасизми? Бу рост-а, фақат тўғрисини
айтинг?- У бошқалар эшитиб қолмасин деган ўйда пичирлаб айтди.
Мен Матлубага қараб турган нигоҳларимни унга қайирдим.
– Нега сиз менга бугун нуқул бундай гапларни гапириб қолдингиз. Нима, мен сизни
умидвор қибманми?
– Баъзида ўйланиб қоламан, сиз севишнимас, кўпроқ севилишни истайсиз, тўғри
топдимми?
– Наҳотки, юрак қурғур фақат шунга яраса…
– Мен эса-.
– Эшитиб қўйинг, қалбим ўткинчи бахт ёки дилхушлик ахтармайди…
Матлуба ашулани тугатиб, ўрнидан турди. Унга ширали овози ҳақида олқишлар
ёғилди. У биз томонга яқинлашиб келди.
– Жуда чиройли овозингиз бор-да! – дедим.
– Айтган ашуламни эшитмаган бўлсангизлар ҳам, мақтов учун каттакон раҳмат.
У боя ашула айтаётиб, биздан, тўғрироғи Муроддан кўзини узмай турганига кўзим
тушганди. Бу гапи унинг биздан ўпка–гина қилгани эди.
– Нега энди, берилиб эшитдим.
– Раҳмат.
– Куй ва қўшиқ руҳиятга сокинлик бахш этиб, кишини улғайтиради.
Мурод биздан узоқлашиб, бошқа ўқитувчилар ёнига борди.
Тўғриси, у менинг нимамни яхши кўради, ҳайронман. Нега энди мен уни умидвор
қилишим керак. Ахир мен уни алдамоқчи эмасман-ку. Нози карашмани менга ким
қўйибди. Йигитлар ҳақида икки оғиз сўз айтгим келди.

Қизғин бир паллада, ажиб бир ҳисга мубтало бўлиб, бир қиздан бошқасига кўчиб
юрувчи бу туйғуни, сўнмас ва оташ муҳаббат аташади. Уларнинг дилдорига бўлган
севгиси куртак очиб гуллай бошлайди. Улар учун баайни бу чоғда қизларга бўлган
ишқибозликнинг ажиб бир жозибаси бор. Кўҳликкина, қайсарроқ, боз устига
мағрурроқ қизни учратиб қолгач, мана шунда кўринг уларни. Дилбарига ёқиш учун
куйиб пишади. Ўлиб, гўё тирилади. Уларга шундай йўл тутиш керакки, сен ҳақингда
бемаъни хаёлларга бориб юргани учун, ўзлари ўзларига калака бўлишсин.
Шундай ошиқ йигитнинг аввал кўзлари гапиради, бас, улар таъсир кучини ўтказа
олмагач, тили сўзлайди.

Кимнингдир хаёлини қочириб, ҳаяжонга солиш ниятим йўқ, инсон кези келганда ўзини
тақдирлаб, кези келгач, ўзини жазолаб турмоғи даркор, шундагина у ўзини юксак
даражада тушиниб етади.

Баъзан мен ўзимни бўшлиқ бир манзара ичида кўраман. Лекин аллақандай ўткинчи
эҳтиросларга берлишнинг вақти эмаслигини тушунаман. Инсон азоб билан бирга
роҳатни ҳам татиб кўрмоғи даркор. Момақалдироқ бўлмаса, ердан қўзиқорин потраб
чиқмайди. Қасирғанинг кетидан эса, албатта ёмғир ёғади. Ғунча –чи? Ғунча қуёш
кўрмаса, ҳали очилмасдан бурун сўлиб нобуд бўлади.

Торгина сўқмоқ йўлдан орқага қайта бошладик. Киши нашъасини очувчи оромбахш
шаббода юзимга урилади, чуқур нафас олган эдим, кўксим мусаффо ҳавога тўлиб,
қаъримдаги лойқа жўш уриб, чиқиб кетгандек туюлди. Мен яна, яна тўйиб нафас ола
бошлайман.

Аҳён – аҳёнда шамол ҳув узоқдаги ўқитувчиларнинг пойма-пой гаплари-ю, баъзан
таажжубли ҳайқириқларини қулоққа олиб келади.
Тушликдан сўнг бироз дам олдик. Шу бўйи Мурод менинг ёнимга қайтиб келмади.
Аллақандай ўйчан бўлиб қолган, Матлуба эса унинг ёнидан жилгани йўқ.
Кўзимни мовий осмонга тикаман, борлиғимда бир кураш жўш ураётгандек. Инсон эса
қалб биланмас, ақли билан яшашга мажбурдир. Шу сабаб, кўнгилда кечаётган ғалаён,
юзимда акс этмайди. Анчагача кезиниб юрдим. Аллақаерларга келиб қолганимни
англаб, ортга қайтдим.

Кунларнинг саноғига етаолмайман. Ойлар, кетидан йиллар шошқин сувдек ўтиб
кетганди. Сабоқ тугагач, директор хонасига кирмоқчи бўлиб тургандим,Солиҳа опа
қўлимга мактуб туқазди.

Мен директор қабулидан чиқиб, синфим томон йўл олдим. Сабрим чидамай, хатни
очиб ўқий бошладим…
“Салом азизам, дилбарим Ойзода!!!
Мана, Мен ва Сен орзи_иб кутган, бахти очилган кунларимиз я_инлашиб келаётир.
Нафсиламбрини айтганда, Сен билан Сенинг хаёлинг билан кечган ҳар бир куним, ҳар
бир лаҳзам қиёси йўқ бахтиёр дамлар бўлиб, қалбимга мангу муҳрланади ва менинг
қалбимга муҳрланган бу илоҳий битикларни замонларнинг-да мақтанчоқ,
даврларнингда димоғдор эпкинлари ҳеч вақт сидириб ташлай олмайди. Керак бўлса,
бизнинг қалб қудратимиз ушбу анчайин калондимоғ эпкинларни йўқлик қаърига
улоқтира олади.

Мен ҳарбий хизматда улоқиб, сенсиз адашиб юрган бўлсам-да, бир нарсани теран ҳис
этаман. Мен аминман, мен бунга ҳеч қачон шак келтирган эмасман. Тангрининг дунёи
салтанатида фақатгина икки зот бор, ушбу барҳаёт дунёда бир-бирларига ўхшаш.
Икки қалбгина муқаррар, барҳақдир. Бу Мен ва Сен!
Ўзи яратиб қўйган икки зотни охир-оқибат бир қилишга қарор қилган Яратганнинг
марҳаматидан чексиз бахтлиман.
Мен Сени ўртаниб–ўртаниб соғинаётирман.
Мен Сен билан ҳар қандай захматни доғда қолдира олгум.
Мен Сенсиз чумоли қадар дардга бардош бера олмайман.
Юрагим кўксимга тор келди.
Мен Сени, агар бундан–да юксакроқ, қудратлироқ, дилбарроқ сўз топа олмасам айта
қолай: Cеваман! Севаман! Мен Сени севаман, жоним! Тез кунларда кўришгунча!”

Мен мактубни кўксимга босдим. Кейин сумкамнинг сўнгги чўнтагига солиб, синфни
беркитдим–да, мактабдан ташқарига чиқдим.

Мен ҳамон тоқатсизланиб, уйимиз томон шамолларда сузиб кетмоқда эдим. Раҳмонали
ҳамма нарсадан –ҳаётимдан ҳам азизроқ, қимматлироқ туюлиб кетди. У келаркан, дея
пичирлар эди лабларим. Кўча муюлишига етгандим, жон қушим гўё бўғзимда
талвасада эди, мен ҳолсираб қолдим. Атрофимда эсаётган шабада ўртаниб кетган
бошимни силаб, сочимни тарайди, ютоқиб нафас оламан. Кўксим тағин мусаффо
ҳавога тўлади.

Уйга етиб келганимда, ҳовлимиз жим–жит, холам қўшниларникига чиқиб кетган
кўринади. Юрагим кўксимга торлик қилаётган бўлса–да, ақлу хушим жойида, ўзимни
оромкурсига ташлайман…

Бугун якшанба, шунинг учун кеч турдим. Холам ясан-тусан қилиб, оҳори тўкилмаган
кўйлагини кийиб олганди. Ахир бугун у Жадирга кетмоқчи. Санам холамнинг қизига
совчилар келишади, фотиҳа тўйи бўлади. Холам қишлоққа бораман, деб уч кундан
буён тараддуд кўради, кеча бахмал кўрпа қавиб қўйганди. Тўяна учун бир кийимлик
атлас ва афғони рўмол қўшиб қўйди. Шундай қилиб, у Жадирга қараб йўл олди.
Мен уйда ёлғиз қолдим. Тут тагидаги сўрига хонтахтани олиб чиқдим, сўнг
ўқувчиларимнинг дафтарларини текширмоққа киришдим. Кун бирам исиб кетди-ей!
Челак тўла сувни сўри тагига сочаман. Муздек ҳовур ва атрофда эсган шабада
кўнгилга хуш ёқади. Қудуқдан сув тортаётгандим, дарвоза очилди. Бурилиб қарайман,
ва шодликдан тош қотаман, оёқларим михланган-у, юришга имкон тополмаётгандекман… Ҳайрат ва ҳаяжондан йиқилиб тушишимга оз қолди. Қаршимда
икки қўлида жомадон кўтариб… Раҳмонали турарди. У ҳарбий хизматдан қайтганди.
Қўл бериб кўришдик.
Саломлашиб бўлгач, у жонсарак атрофга боқди.
– Онам қани?
– Санам холамникига тўйга кетган.
– Қанақа тўй?
– Қизига совчилар келадиган, бугун фотиҳа тўйи.
– А, шунақа де!
– Ҳм…
Жимиб қолдик.
– Ўзгариб, очилиб кетибсан.
Мен индамадим.
Биз тут тагидаги сўрига етиб келдик.
Раҳмонали бир нималар ҳақида гапиради. Унинг товушини эшитган он болиғимни
кўпдан унут бўлган бир титроқ босди. Ва бу титроқ менинг борлиғимни забтига ола
бошлайди. Унинг кўзлари менинг кўзларимга қадалаган, мен эса нигоҳларимни олиб
қочаман.

У улғайиб, кўркамлашиб кетибди. Сочлари пешонасига тушиб турар, билакларига куч
тўлган, юзида бахтиёр соғломлик барқ уради. Кўзида эса севинч ўйноқлайди. Худди у
юрагимга қараб тургандек.
У ёнидаги жомадонга қўл чўзди.
– Cизларга аталган совғам бор.
У икки дона рўмолни менга узатди.
Кўки онамга, пуштиси сенга.
– Бунча чиройли, раҳмат.
– Буям сенга.
– Вой…
– Қопқоғини очгин.
– Ҳидини…

Мен атир идишининг қопқоғини очгандим.
Лола, мен севган, хуш кўрган лоланинг ҳиди. У буни қаердан била қолди экан? Унинг
дидли эканлигини билардим. Атрофни лола, тоғ лоласининг ҳиди тутиб кетганди.
Раҳмоналининг ташрифи холамни чексиз қувонтирди. Орадан ҳафта ўтар –ўтмас тўйга
тараддуд бошланиб кетди. Холамнинг гапдон бўлиб кетганини айтмайсизми? У
Раҳмоналини йўқлаб кирган қўшниларга тинмай гапирар эди. Менга билдириб–
билдирмай роса сеп йиғган экан. Тўйимизга яқин қолди.
Мактабдан уйга қайтаётсам, Солиҳа опани учратиб қолдим.
– Ие, очилиб кетибсизми? – тегишади у.
– Ҳа энди…
– Тўй қачон?
– Шанба кунига белгилашган. Чеварга кўйлак ташловдим, вақтингиз қанақа, юринг
кўйлакларимни бирга олиб қайтамиз.
-Ҳа, майлингиз, бирга бораман.
Биз кўча муюлишига етиб келгандик, Солиҳа опа гапириб қолди.
– Cизга бир гапим бор эди.
– Қанақа гап экан?
– Кеча директорга ўқитувчилар ойлик маоши ҳақида ҳисоботни топшириб чиқсам, очиқ
деразадан кимларнингдир гурунгини эшитиб қолдим. Кимлар денг?
– Кимлар экан?
– Айтсам ишонмайсиз.
– Айтинг, ишондим.
– Ҳа, йўқ, ишонмайсиз.
– Ичимга ғулу солмай айта қолинг-да энди.
– Ғулу тушиб қолдими? Ҳай, майли, айта қолай. Уларнинг бири Раҳмонали, иккинчиси
Мурод эди.
Юрагим шувиллаб кетгандек бўлди:
– Қизиқ.- дедим елкамни қисиб.
– Менгаям қизиқ туюлди. Дераза пардаси ёпиқ бўлмаганида очиқ деразадан мени кўриб
қолиши тайин эди, мен эса уларнинг гапини эшитолмай доғда қолардим. Мен парда
орақасидан гапларига қулоқ тутаман. Гап сиз ҳақингизда эди.
– Ойзодани севасиз деб эшитдим.- Бу Раҳмоналининг овози эди.
– Ҳа, севма деб, биров қонун чиқариб қўйибдими? Ёки бу айбми,- жавоб қайтарди
Мурод.
– Айб иш деганим йўқ, лекин мен ҳам уни севаман, яқинда тўйимиз бўлади.
– Табриклайман, тўйларинг бўлса, чин кўнгилдан табриклайман.
– Мени бир нима қизиқтиряпти, муносабатларинг қанақа эди, ўзи?
– Қанақа муносабат? Бизда ҳеч қанақа муносабат бўлган эмас. Тўғри, мен уни севаман,
лекин у мени умидвор қилган эмас, менга ҳамиша бепарво бўлган.
– Ҳимм.
– Айтишим мумкин, у жуда яхши қиз. Лекин ҳаммадан ётсирайди. Ҳаммага ҳам
қўшилавермайди. Бу одати аслида менда қизиқиш уйғотган, бора-бора севиб
қолганимни билмай қолганман. Мана, ҳозир сизга ҳавасим келиб турибди.
Эшик очилиб, директор кириб келди. Мен шошиб қолиб, иш столим ёнига қайтдим. У
менга боя ўзим унга киргизган ҳисоботни қўлимга тутиб, ”Буни қайтадан печатланг,
ҳозир эса тезда ҳисобчини ёнимга чақириб келинг“ дея буюрди. Мен буйруқни
бажармоқ учун хонадан чиқиб кетдим.

Пича йўл юриб, чеварнинг уйига етдик. Тикилган кўйлакларни олиб қайтар эканмиз,
Солиҳа опа шаҳар кутубхонасига қараб йўл солди, мен эсам маҳалла оралаб, уйга
қайтдим.

Мен баъзан ғалати бўлиб қоламан. Ўзим ҳақимда эзмаланиб гапиришни ёқтирмайман.
Майли, деб қўйдим ичимда. Раҳмонали ҳам, Мурод ҳам мен ҳақимда истаганларича
гапираверишсин. Истаса севайверсинлар, лекин номимни булғашмасин. Буни четдан
кузатмоқ маъқул туюлди.

Мен эса беғуборликни истаганман. Модомики шундай экан, бу беғуборлик
Раҳмоналига қалб нисор бўлсин.
Ўзларини фавқулодда туйғулар, юксак ҳисларга тўлган, ҳар бир гапингизга тез ва
ҳашамдор жавоб ҳозирлаб қўядиган Муродга ўхшаганларни жиним суймайди.
Бошидан мислсиз азобларни ўтказгану, лекин уни барчани лол қолдирмоқ учун
сўзланиб юрувчиларни ҳам хуш кўрмайман. Мурод эса ана шундай кимсалар хилидан
эди. У гапингизни тугатмасданоқ гапириб кетар, гапираётган гапи гўё сиз айтиб ўтган
гапларга алоқаси бордек туюлади- ю, лекин ўз қобиғидан чиқа олмайди. Аслида, у
инсоннинг ўта нозик ва заиф жойларини билмайди. Баъзан эса кўзимга, рости, кулгили
туюлади.

Тўйимиз ажойиб кунларинг бирида бўлиб ўтди. Раҳмонали пойтахтга сиртдан ўқишга
кирди. Кейин мен ҳам Тошкентга сиртдан ўқишга кирдим. Фалсафага қизиқар эдим.
Орадан икки йил ўтиб, ўғил фарзанд кўрдик. Холам уни Муҳаммадали деб атади.
Бизнинг сўнгги умидимиз чиппакка чиққанди. Биз доим дадам ва амаким ҳақида ўйлаб,
улар ҳақида қайғурардик. Улар гўё бизни излаб, улоқиб юришгандек туюлаверарди.
Раҳмонали ва мен Тошкентга ўқишга киргач, тинимсиз суриштирдик. Қаерга
бормайлик, улар ҳақида маълумот йўқ, деб жавоб қайтаришади. Охири архивда
ишлайдиган, ёши олтмишга бориб қолган бир ходима мени имлаб чақирди:
– Ўргулиб кетай, бу жуда махфий, агар билиб қолишса, нақ каллам кетади, – деди
менга овозини хиёл пасайтириб
– Биз ҳам уларнинг изини излаб юрибмиз, зора бирор хабар чиқиб қолармикан , деб.
Кўрганларимни ҳеч кимга айтмаслик шарти билан у менга униқиб кетган бир варақ
кўрсатди. Амаким ва дадам “Босмачиларга моддий ва маънавий кўмак берган хавфли
шахслар” сифатида “тройка” қарори билан ўлимга ҳукм қилинган эди.
Мен уйга етиб келдим, аҳволимни кўрган холам қўрқиб кетди.
Мен ўртаниб-ўртаниб йиғладим.
– Бу қотиллик учун улардан ўч оламан. – Дедим мен оташ ўтида куйиб.
– Эсингни йиғиб ол.- деди Раҳмонали.- Нима деяётганингни биласанми? Шу биргина
гапинг учун тағин сениям халқ душмани, деб отувга ҳукм этишмасин.
Икки кўзим икки чашма, йиғлаб қолавердим…

Муҳаммадали бир ёшга етгач, Нуротани тарк этиб, Тошкентга кўчиб кетдик.
Мен ўзимда бир туганмас манба борлигини сезгандек бўламан. Муддаом эса,
аллақандай майда турмуш тарзига шўнғимаслик, айни пайтда ғурбат ва ғийбатга
муккасидан кетган муҳитнинг қурбонига айланмасллик эди. Олий ҳурликларга элтувчи
ҳислар, тоза ва тиниқ туйғулар рутубат ичида қолиб кетмаслиги учун инсон ўзини
аямоғи, эҳтиёт қилмоғи даркор. Янгиланиб, мавжланиб турувчи покиза эпкинларни
кўпдан соғинганим рост эди. Мен эса бу эпкинлар аро бафуржа, осойишта нафас олай.
Йиллар ўтиб биз ҳам улғайдик: Раҳмонали севимли бобога, мен сочларига оқ оралаган
бувига айландим.

Бирин-кетин невараларим Отаёр, Дилором, Кунтуғмиш, Абдуллолар туғилди.
Сўнгги умидим шулардан… Неварагинам, қизгинам Кунтуғмиш. Ой ҳам энди отувга
ҳукм этилиб, бевақт ном-нишонсиз жувонмарг кетган оталаримдан қолган авлодларга
туғсин, кун ҳам энди сизларга туғсин. Сен туғилгач, шу эзгу ниятларни дилга тугиб,
сени Кунтуғмиш атадим. Кунтуғмиш! Боболаринг бу юртни озод ва обод кўрмоқни
соғиниб ўтган. Бу эзгу ниятни армонли вужудига беркитиб кетган боболарингнинг
қонли заволини авлодларга етказ. Бир хабар етказ, етказ! Сен хабар етказ!
* * *
Бувимнинг дафтари ёпилди. Кенг ва муҳташам уй ичида кезиндим. Майли энди
жисмим бир лаҳзага ўзин йўқотсин, урён руҳим эса самога кўчсин. Юрагим кўксимга
торлик қилмоқда. Кўзларимдан ёш сачраб чиқди. Дилимдаги тилимдан самога учди:
– Орқангиздан қолган авлодингиз аждодларимиз шажарасини давом эттиражакмиз. Ва
бизнинг кечираётган ва кечиражак кунимиз, ҳар бир лаҳзамиз қиёси йўқ бахтиёр
дамлар бўлиб, авлодлар қалбига муҳрланажак.
Деразадан ташқарига қарайман. Узоқда Отаёр акам тик турган кўйи Дилором опамга
бир нимани уқтиряпти. Ошхонада онам таом пиширмоқ билан овора. Дадам сўрида
шунчаки, хаёл суриб ўтирарди.

Ана, дарвозадан акам ва опамнинг болалари ичкарига киришди, қий-чуви гўё оламни
тутиб кетди. Мана, улар бир этак болаларини олиб, ўз уйларига жўнашди. Ҳовлимиз
тағин сув сепилгандек, салқин ва сўлим бўлиб қолди.
Мен эса ҳалиям бувимнинг битиклари тўлқинида сузяпман, таъсирида муаллақ
чайқалмоқдаман.

– Токчада тузи қолган, йиғлаблар қизи қолган, бувим! – пичирлади лабларим. Мен
унинг ётоғи ёнида тўхтадим. Чор тарафим ёришиб кетгандек, унинг жойида эса
шаҳодат бармоғи тепа кўтарилган бўйи қотиб қолганди. Ҳа, ҳа, унинг шаҳодат бармоғи
ҳалиям шаҳодат бериб, тепада муаллақ қотиб турарди. Бу шаксиз Биру Бор Барҳақ,
Жаноби Ҳақнинг мангу барҳаётлигига бир ишорат эди. Мен гилам устига чўкка тушиб
қолдим, сўнг бироз эниб, бувимнинг тепа кўтарилган бармоғига қўлимни олиб
бордим, сўнгра пастга қаратмоқ истаб икки бор силадим. Тўшак устида унинг бармоғи
ғойиб кетди. Қўлимни эса иссиқ тўшаги устида кўрдим. Ё Раббим, мурувватли Мавло,
қудратингдан! Унинг ётоғи иссиқ эди. Гўё бувим жойида ором олиб ётарди. Танҳо
Оллоҳ билгучидир. Ҳадиси Шарифда битдилар:
“Улар ўлганда уйғонадилар”.
“Қўлингдаги Каломни эҳтиёт қил. Тилинг ва дилингдан Биру Бор Эгам тушмасин.
Икки нафсингни тўқ тут. Одамлардан бир поғона пастда юр. Бир поғона пастда юр.
Оллоҳ кўкка сапчиганларни суймайди!” – бу бувимнинг сўнгги хитоби эди.
Ич-ичимдан дарбадар жўш, оташзабаржон олов тошиб келди. Йўқ, йўқ, далли хаёлим
ўғирлангани йўқ. Мантиқ ва чегара ҳам ғойиб кетмади бу гал. Ҳа, ҳа, мутлоқ
ҳушёрман. Мен буни тафаккурим ила ҳис этмоқдаман. Кўзларим кўкка нигорон,
қабоғим қабариб, қорчиғимда сукунат қотди. Шунда кўрдимки, чап кўксимдаги митти
юрагимга ўз қини торлик қилаётир! У ўзидан қирмизи қонларни ҳайдаб, танам ичра
оҳиста қуя бошлади. Ҳа, ҳа, мен буни боз-қайта кўрдим. Ва шу оний лаҳзада мен
борлиғимда янгиланиб турувчи бир ажойиб тўлқин топаман. Бу мавжланиб, сокин
оқувчи тўлқин токи энг охирги томиримга, энг ингичка ва нозик, энг гўзал ва сўнгги
муаззам томиримга етиб боргунига қадар тинмай, жўшиб оқмоғи даркор. Маҳорату
инкишофдан яралган юрак эса таним ичра олранг оби ҳаёт қуярди, қуяверарди… Мен
буни кўрдим. Ўз кўзларим билан кўрдим.

Мен кўнглимда беқиёс чексиз ва шаксиз гўзал кенгликни истайман. Ушбу кенгликка
эзгулик уруғларини умид билан қадаб чиқдим. Сўнг мурувватли Мавло мени умидсиз
умидлардан умидвор этди. Бу эзгу уруғдан умид билан алафлар туфроқ ёриб чиқа
бошлади. Танам ичра қулфи сумбул гиёҳлар унди, зубарижат зарлар инди. Мана
кўринг, улар кўнглимда нақш бўлди! Кўнгилда нақш унди!
Нега юрак тағин потирламоқда? Унинг эпкинларини эшитаётгандирсиз? У қинидан
отилиб чиқди ва ожиз танам ичра сирғалиб оқди ва курраи заминга теран нигоҳила
боқди…

Кўп синовдан ўтган бувим, манзилига етган бувим! Мен мотам ичида қолдим. Йўқ,
йўқ, мен Оллоҳдан қўрқаман. Чор тарафим чароғон эди. Тўшакда эса ҳалиям бувим
ётарди. Ана кўринг, қарилик ажинлари буткул ғойиб бўлиб, юзларидан нурлар ёғилди.
Бувим оёқларини хотиржам ёзганча бақо кемасига чиқиб кетди, мен эса фано ёбонида
чайқалиб қолдим…Тақвойимни кўксимда қучиб, чайқалиб қолдим.

(тамом)

2004 йил.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn