ЁШЛАРИМИЗНИ КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАШИМИЗ КЕРАК

mahmud yuldoshevМаҳмуд Йўлдошев

(Аъёнлар)

Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади деганда, ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамизу, аммо ушбу оилада ҳар бир ота -она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга на ушбу ота- оналар, на атрофдагилар кўпинча аниқ бир жавоб беролмайди. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак. Психологиянинг асосий қоидаларидан бири ҳам шундаки, ақлли жонзотда мақсадсиз фаолият содир этилмайди. Демак, оиладаги фарзанднинг ким бўлиб етилиши, шу оила аъзоларининг ўз олдига қўйган аниқ савол ва мақсадларидан бошланиши лозим. Шундай экан, биз ўз фарзандимизни жамиятнинг энг илғор кишиси қилиб тарбиялашимизга нималар етишмайди ва нима бизга халақит беради?

Ёритмоқчи бўлган муаммони хаёлимда пишириб юрган пайтимда, менга ўта таниш бўлган, оддийгина тушунча, ёшлигимдан маълум маънода руҳимга оилада сингдирилган, аслида яхши маънода, ижобий хусусиятга эга бўлган, аммо советлар тарбиясида у салбий оҳанг олган кибор (араб тилидан бизга кириб келган катталар, улуғ кишилар маъносини берувчи сўз), аристократ (юнон тилидан яхшилар, аристо ва кратос ҳукумронлиги, яъни яхшилар ҳукумронлиги) сўзлари эди.

Яхши маънодаги бу тушунчаларни халқимизнинг онгидан чиқарилишига уринганлар томонидан маълум натижаларга эришилганлиги туфайли бизнинг онгимизга улар ёмон сўз ва ёмон тушунча бўлиб кириб қолганлигини босиб ўтиш, уларнинг асл яхши маъноларини қайтариш ва шу йўл билан жамиятимизга, айниқса кириб келаётган ёш авлодимиз вакилларининг руҳига ушбу киборлик, аристократлик кўникма ва тушунчаларини киритишга ҳисса қўшишни кўзда тутган эдим.

Биз психологлар, айниқса этнопсихологлар учун илгаридан шахс хусусиятидаги баъзи тарбия белгилари орқали ҳар бир шахснинг жамиятдаги қайси табақадан эканлигини, ундаги тарбия таъсирида сингган белгилари орқали аниқлаш масаласи ҳам амалий, ҳам назарий аҳамиятга эга. Маълумки, шахснинг биргина жамоат жойда, масалан ресторанда пичоқ-вилкани қандай ушлашиданоқ ёки одамлар орасида ўзини қандай тутишига қараб уни жамиятнинг қайси табақасидан эканлигини, унинг оилада қандай ахлоқий тарбия олганлигини аниқлаб олса бўлади.

Аристократик, киборлар руҳидаги тарбия бизда қадимдан бўлган. Масалан, қаршидан келаётган бир гуруҳ одамларга қандай салом беришнинг ўзи ёки бу гуруҳга ўзни қандай тутиб яқинлашув гуруҳ аъзолари ва яқинлашаётган кишининг кимлигини кўрсатиб турган. Бу йўналишдаги мисолларни айниқса “Қобуснома”дан кўплаб келтирса бўлади.

Шахс хулқидаги илгари арзимас кўринган кўпгина ахлоқий ва одоб нормалари, яъни киборлик, аристократик белгилари ҳозирги кунга келиб бизнинг жамиятимизда ҳам жиддий аҳамият касб қилаётганини куриб турибмиз. Ҳа, бу бизнинг бугунги кунимизда янгиликдай туюлаяпти. Аслини олганда яхши тарбия белгилари ҳеч қачон эскирмаган. Ғарбу Шарқ умуман, жаҳоннинг ҳамма тараққий қилган мамлакатларида доимо яхши тарбия соҳиблари қадрланиб келинган ва ҳозирги кунда ҳам бирон корхонага бирон кишини ишга олмоқчи бўлганларида унинг одоб, ахлоқига катта эътибор қаратилади. Чунки яхши тарбия топган киши ҳамма жойда ишга келганидан ўз танишидан, ойлик маошинг қанча, деб срамайди ва у кейинчалик албатта жамоа йиғилишида бировга қараб маоши ёки бошқа бирон сабаб билан ножўя, ноўрин савол билан мурожаат қилмайди.

Психологларнинг ўтказадиган кўпгина сўровларида кишининг ахлоқий нормаларга эътибори ва унинг хусусиятидаги бу кўринишлар, унинг кийиниши, жамиятда ўзини тутиш тарзи ва шунга ўхшаш одоб ва ахлоқ нормалари шахснинг ижтимоий ўсишида, хизмат карерасида амалий ёрдам берадими, деган саволларига 80-90 фоиз респондентлар ижобий жавоб беришади.

Шундай экан, юқорида қўйилган саволга фақат ижобий жавоб берган ҳолда биз ёшларимизни киборлар, аристократлар руҳида тарбиялашимиз керак, деб бу борада амалий ишларга ўтииш вақти келганлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Ғарб мамлакатларида бу йўналишда олиб борилаётган амалий машғулотларга келадиган бўлсак, айтайлик, кўпчиликка маълум ва машҳур Д. Карнегининг машғулотлари, Олмон олими Уве Феннер ва бошқа мутахассисларнинг бизнес фаоллари учун ташкил қилинган амалий семинарлари катта шуҳрат қозонган. Айтайлик У. Феннер семинарида сизга соатлаб фақатгина саломлашиш ёки хайрлаишни ўргатиши мумкин.

Хизмат доирасидаги ҳамкасблар билан бўладиган беозор суҳбат, иш юзасида олиб борилган музокаралар ва айниқса бу музокаралардан кейин бўлғуси яхшигина ҳамкорлик олдидан амалий фаолият сифатида бирон ресторанда ташкил қилинган меҳмондорлик ва бу меҳмондорликда томонларнинг бир бирини кузатишлари қанчалик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтиш шарт бўлмаса керак. Ахир сизнинг ушбу меҳмондорликда ўзингизни тутишингизга қараб ҳозиргина катта амалий ишлар юзасидан сиз билан фикрлашган ҳамкорингиз маълум хулосалар чиқариши мумкинлигини унутманг. Шахсий хулқингиздаги бир неча нуқсонлар ушбу меҳмондорчиликда намоён бўлиб қолса, айтайлик ортиқча спиртли ичимликлар ичишингизни кузатган бўлғуси ҳамкорингиз бу музокаралар “давомидан” кейин шартнома тузишга қайтиб келмаслиги мумкин.

Демак, фақат ушбу мисолларнинг ўзигина ёшларимиз хулқига киборлик унсурларини, ғарбча қилиб айтганда аристократлик хусусиятларини кенг маънода сингдириш вақти етиб келганини кўрсатади.

Яхши одат ва кўникмалар ҳар бир шахсга нафақат ишда, қолаверса оилада, оддий ҳаётий жараёнларда ҳам ўта зарур. Улар сизнинг қадрингизни, обрўйингизни ошириб боради, бошқалар олдида сизга ҳурматни оширади.

Тараққий қилган мамлакатларда учрайдиган психологик муаммолардан бири бу ёлғизлик. Кишининг атрофда қанчалик одамлар кўп бўлишига қарамасдан ўзини ёлғиз сезиши. Бу ўринда қадим юнон файўласуфи Диогенни эслайсан киши. Ёзишларига қараганда бир куни Диоген куппа кундуз чироқ кўтариб кўчада кетаётган экан, ҳайрон бўлган ҳамюртларидан бири, ”жаноб Диоген нима учун куппа кундуз чироқ кўтариб кетаяпсиз?”, деганда Диоген “Одам излаб кетаяпман”, деган экан. Кўриниб туриптики, Диоген ўзига лойиқ ҳамсуҳбат, ҳамфикр киши излаб кетаётгани шундай ҳам кўриниб турипти.

Кўпгина ҳолларда биз жамиятда ўзини ёлғизсираган кишиларни негадир унчалик ёқтирмаймиз, ҳатто баъзи ҳолларда уларни оғир, кибор, қораси босади, кўпга қўшилмайди ва шунга ўхшаш салбий ва ижобий сўзлар билан бирда оқласак бирда қоралагандай қараймиз. Оғир одам, деб бундай кишиларни ҳар ким билан ҳам суҳбат қуравермаслигини айтишимиз мумкин. Кибор, деган ҳолда у кишига бизнинг унга нисбатан қилган қилиқларимизнинг ёқмаганлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ахир, биз советлар даврининг одамлари, “ҳамма бир”, деб тарбия топганмиз. Бугунги кунда ҳали кўпчилигимиз ижтимоий тарбиямиз унчалик замон талабларига мос келиб, яъни жойига тушиб улгурмаган, ҳамма нарсани ўз бойлигимиз билан ўлчаб келаётган кишилармиз.

Аммо буюк бобокалонимиз Форобийнинг фикрича, одамлар орасидаги даража ва мақом маданий жамиятда ҳам табиий (жисмоний ва руҳий) ва иродавий (руҳий, илмий ва тарбиявий) жиҳатларга эга бўлиши табиий ҳолдир. Форобий фикрича, одамлар даража бўйича тенг эмас ва уларнинг тенг ҳуқуққа эга эмаслиги улар тийнатидан келиб чиқадиган ва Оллоҳ томонидан белгиланган табиий ҳодисадир.

Энди баъзи ҳолларда бундай кишиларга қараб “қораси босади” иборасига келсак, қора сўзи аслида туркий асл маъносига қараб катта тушунчасини беради. Қора денгизни биз тим қоралиги учун қора демаслигимизни эслайлик, бу аслида катта денгиз ҳам деганимиз. Ўзбек тилидаги яна бир фразеологик иборада “қора терга тушиш” айтилади, яъни катта тер тўкиш. Бу ҳолда ҳам гап жуда катта тер тўкиш, англанаяпти. Демак, қора сўзи ҳам кибор, катта маъносида келаяпти. Бундай одамларнинг ҳаммаси ҳам биз ўйлаганча оддий, фақат жисмонан катта ёки қўпол кишилар эмас, маълум маънодаги киборлар, ўзини тарбиясида нуқсонлар бор кишилардан сал олиб қочадиган яхши маънодаги киборлардан бўлиши мумкин. Айни шулар кўпинча ўзларини жамиятда, айниқса советлар жамиятида ўта ёлғиз сезишар эди. Бугунга келиб бундай кишиларимиз жамиятимизда сезиларли даражада кўпайиб бораяпти. Уларнинг кўпчилиги ўз бойликлари билан мақтанишмайди, ўзларини камторона тутишади ва жамиятда ўзларига маданий, билим, тарбия борасида етарли даражадаги суҳбатдошлар тополмаган пайтларида ёлғизлик сезишади.

Мана бундай ўзини жамиятда ёлғизсираб юрган кишилар, албатта, ўз атрофида “дўстларим кўп”, деб мақтанишмайди. Аслида тўғриси ҳам шу, кишининг ҳамфикр дўстлари кўп бўлиши жуда қийин ҳол. Жамиятимизда, умуман қадим қадимда ҳам жамиятда ҳамфикр дўст кам бўлган ва кам бўлади. Бундай кишилар доимо одам кўпу гаплашишга киши тополмайсан, деб яшаб келишган. Аммо улар ҳар доим ким билан қандай гаплашишни билади, шу билан бирга бу деган сўз ахир бундай одамлар соатлаб ҳар бир тўғри келган киши билан лақиллашиб туради, дегани эмаслигини тушунишимиз керак. Айниқса, бу ўринда Алишер Навоийнинг мана бу қаторлари ўз ўрнида бўлар эди:

“Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.”

Киборлик борасида фикр юритиб, масаланинг тарихий томонига бир назар ташлайдиган бўлсак, боболаримизнинг қадим қадимдан зиёлиги, киборлиги, қолаверса ўша Оврупо тили билан айтганда аристократлигини кўрсатувчи биргина мисол келтириб ўтмоқчиман. Бу ҳам бўлса қадимий турк битикларидан бизга етиб келган Иданфирснинг сарҳадларимизга бостириб келган ҳатто душманларга ҳам ўта сиполик билан, қолаверса тушунган кишига кибор оҳангларда, улар бизнинг аждодларимизни қўрқоқликда айблаганларида, “бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсанг боболаримизнинг қабрларини топтаб кўрчи, агар шундай қилсанг бизнинг жавобимиз мана бундай бўлади”, деб, бир қуш, бир сичқон, бир бақа ва беш ўқ жўнатишганини эслайлик. Мана бу бизнинг қонимиздаги қадимий асл киборлик намуналаридан бири.

Билмадим, кимга қандай, менга кибор, аристократ, мулоқот сирларидан тўлиқ хабардор, маълум маънодаги “ҳамма бирдай” тушунчасидаги советлар тарбиясидан қутулган кишилар ва улар билан суҳбатлашиш жуда ёқади.

Қизиғи шундаки, бу талаб ва иштиёқ фақат мендагина эмас, кўпчиликда ҳам уйғониб келаяпти. Энди биз ўз фарзандларимизни фақатгина олий ўқув юртларида билим олишгагина қаратмай уларнинг юқори тарбия намуналаридан ҳам хабардор бўлиш тарафдорига айланаяпмиз. Икки институтга кириб ўқиш мумкин бўлиб турган бир пайтда ўша институтларнинг қайбири обрўлироқ ва уларнинг бераётган дипломлариинг қадр қимматларини суриштирадиган бўлдик.

Кўпчилик суҳбатларда баъзан ёшлар ва уларнинг тарбияси ҳақида сўз кетадида ”бугунги ёшлар”, деб баъзилар ҳозирги ёшларимиздан нолий бошлайди. Аслини олганда бу нолишлар тарбия йўналиши учун янгилик эмас. Бундан икки минг йил илгари файласуф Суқрот ҳам ёшлар борасида ана шундай нолишларнинг ўта катта намунасини қолдириб кетган. У шундай ёзади “Ҳозирги ёшлар бойликка ўрганиб қолган. Улар катталарни ҳурмат қилмайди, бообрўларни ёқтиришмайди, ёмон хулқлари билан ажралиб туради, ота-оналари билан можаро қилишади, овқатда очкўзлик қилиб, ўқитувчиларга азоб беради”, деган.

Жамиятимиз табақалашиб бораётган бир пайтда биз ёшлар орасида икки йўналишни очиқ ойдин кўраяпмиз. Бири юқорида айтилгандай яқиндагина жамиятимизда учрайдиган ртамиёначаликдан ҳам тубанлашиб бораётган бўлса, бу албатта яхши эмас, бошқалари, асосан кўпчилик секин аста ўз тилларига эътибор беришдан бошлаб яхши маънода киборлик намуналарини ўз шахсий хусусиятларига сингдириб бораяпти. Бундай ёшларимизнинг тилида ўз ўқишлоғию оиласининг лаҳжасини, вилоятининг шева намуналарини кам учратаяпмиз. Шунинг ўзи ўсиб келаётган авлодимиз ўз келажагини яратишида тўғри йўлдан бораётганини кўрсатади.

Энди масаланинг асосий томонларидан бири, қандай қилиб ёшларимизнинг кўпчилигини мана шу киборлик, аристократлик руҳида тарбиялаш муаммоси. Бу йўналишда мен ўз тарбияга бағишланган мақолаларимда такрорлаб келадиган бир фикр шундаки, биз советлар тарбиявий фалсафасидан, унинг назарий ва айниқса амалий намуналаридан воз кечишимиз кераклиги. Булардан бири, қадим қадимдан одамзод томонидан инобатга олиниб келинаётган ва бугунги кундаги илмий ютуқлар билан тасдиқланаётган ирсий белги, одамларнинг Тангри томонидан баравар қилиб яратилмаганлигини тан олиш. Шундагина биз тарбияга бағишланган буюк китобларимиз Авестодан бошлаб, Қобусномагача, Муҳаммад Солихнинг “Адабул Солихин” асаридан, А. Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобигача, Абушийнинг “Туркий қавмлар тарихи” ёки турк ҳоқонликларига бағишланган китобларидан тортиб “Жавоҳирул ҳикоят”гача ва бошқа минглаб тарих ва тарбияга бағишланган китобларимизни тўғри тушуна бошлаймиз.

Бу борада “Қутадғу билик”, “Қобуснома” , “Адабул Солихин” ва бошқа манбаларни қайтадан кашф қилишимиз бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолганга ўхшайди. Акс ҳолда биз Евроиттифоқга ўхшаб бирикиш, туркий халқларнинг тарихдан йиғиб келган маънавий бойликларини уларнинг ҳаммасига бойлик сифатида етказиш йўлидан эмас, биз бир биримиздан узоқлашишга қараб юз тутамиз. Масалан, усмонли турклардаги “гунойдин” ва қозоқ ва ўзбеклардаги “ойналайин” бир бирини маънавий жиҳатдан тўлдиришини кўрмаслик маънавий жоҳилликдан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Дардлар ичида жоҳилликдан оғирроқ дард йўқлигини боболаримиз бекорга айтишмаган.

Чуқур ўйлаб кўрмасанг ўта тўғридай кўринадиган “биз ҳаммамиз халқдан чиққанмиз” ибораси бизни қаёқларга олиб бормайди. Кечагина бизнинг елкамизда бўлган жамиятда энг ёмон кўрилган табақа бу зиёлилар эди. Рус тилида уларни “вшивий интеллигенция”, “бит босган зиёлилар” дейишиб кўчада шляпа кийган кишини кўришганда баъзилар ундан қўрқса, бошқаси “О, қара, шляпа ҳам кийиб олипти олифта”, деб мазах қилар эди. Галстук тақишганига қараб баъзи ўша ўрталар “маданият иштобоғини ҳам тақипсизда”, дейишдан тоймас ва уларнинг энг топган гапи, “биз оддий одамлар, гапнинг дангалини айтамиз қўямиз”, ибораси бўлар эди. Улар ҳар бир дангал гапнинг ҳам ҳар замон, ҳар жойда, ҳамманинг олдида ҳам айтилиши одобдан эмаслигини қайдан билсин.

Бу тушунча ва ибораларда, уларнинг тагида ётган одат ва кўникмаларда психологларнинг тили билан айтилганда ўзганинг шахсини ҳурмат қилмаслик, педагогик тил билан айтганда тарбиянинг етишмаслиги ётар эди. Бугунги кунда бу камчиликлар ёшларимиз орасида, жамиятимизда табиий ҳолда кун тартибига кўчиб ўз ечимини талаб қилаяпти. Демак бизнинг психологлар ва тарбиячиларимиз бу талабни қондирмаслар экан улар жамиятнинг ўзи томонидан бошқа йўллар билан, албатта катта қийинчилик ва узоқ вақтда, катта меҳнат эвазига қондирилади. Яъни ёшларимиз эртанги кунда дунёнинг энг-энг олий ўқув юртларида таълим олиб, бизнинг жамиятимизга ўша биз юқорида айтган киборлар бўлиб, аммо бизнинг ўзимизнинг мингйиллик урф ва одатларимизни эмас, ўзлари ижтимоийлашиб улгурган жамиятнинг киборлик унсурларини ўзларига сингдириб қайтишни бошлашади.

Бугунги кунда хоҳлаймизми йўқми, жамиятимизда юқори табақа тушунчаси бор, бу тубиий ҳол ва бу тушунча кундан кунга катта кучга эга бўлиб бораверади. Бу табақа вакили бўлиш учун эса кўпчилик ўйлагандай фақатгина катта мол мулк эгаси бўлиш етишмайди. Баъзилар ўша катта бойлик эгаси бўлган ҳолда ўз вақтларини маишатхоналарда ўтказишга киришади ва ўша маишатхоналарда уларнинг баъзилари бир кун бўлмаса бир кун “Ҳой гаплашайин десанг одам тополмайсан киши”, деган оҳларни қилишади. Чунки уларнинг орасида ҳам овқат ейишнинг ўзи биргина физиологик эҳтиёжни қондириш бўлибгина қолмасдан у бир француз мутафаккирининг айтганидай, алоҳида санъат эканлигини тушуниб етадиганлари чиқади. Чунки у ишхонага кийиб борадиган кийимнинг ошхонага кийиб борадиган кийимдан жиддий фарқ қилишини, атрофдагилар эса ошхонага ишхонадаги кийимлари билан келганидан, уларнинг эса ўз ватандошлари эканлигидан виждонан қийналади. Чунки у кечаги “вшивий”, битбосган зиёлилик босқичидан киборлик босқичига ўтаяпти.

Зиёлиликнинг ўзи қанчалик қийин юк, қолаверса оғир меҳнат ва у қанчалик билим талаб қилишини биргина мисолда айтиб ўтиш мумкин. Биргина ўзимдан мисол, ушбу мақолани ёзиш пайтида йигирма ўттиз китобни қўлга қайта олишимга тўғри келди. Айни ҳолда интернетдан қанчалаб маълумотларга аниқлик киритганимни айтмасам ҳам бўлади ва шу мақолани ёзишгача етиб келган давримда умрим бўйи қилган меҳнатларим бунинг ҳаммасига пойдеворлигичи. Бу деган сўз мендаги бугунги ўз билимларим ҳамон бир томондан камлигини кўрсатса, илм излашнинг охири йўқ, мақоламдаги баъзи ибораларнинг, фикрларнинг кимларгадир ёқмаслиги менинг ҳали мақола ёзиш ва фикр билдиришда киборларча ўз билганларимни бошқаларга силлиқ етказа олмаслигимдадир. Такомиллашувнинг ҳам охири йўқ, айтилганидай бир кам дунё.

Шундай экан, кибор, аристократ одамлар юқорида айтилгандай ва баъзиларнинг бундай кишиларни оғир, “катта”, “қораси босади”, ҳатто советлар давридагидай кибор, аристократ дейилган тушунчаларда эмас, аксинча уларни енгил, оддий, фикри тиниқ, теран, суҳбатлашсанг ҳузур қиласан деган ибораларда қабул қилиниши керак.

Бахтли ҳодиса, ўтган асрнинг етмишинчи йиллари мен мириқиб суҳбат қиладиган кишилардан бири ҳам айнан мана шундай кишилардан эди. У киши советларнинг ҳеч қандай институтларини тамом қилмаган бўлса ҳам бир неча фан номзодларига маслаҳатчилик қилган, билимдон киши бўлиб, исми Мулло Мамаризо, деган киши бўлар эди. Бизнинг ота авлодимиз вакилларидан бўлиб менинг билимим ва тарбиямга катта таъсир қилган киши сифатида, жойи жаннатдан блсин, доимо эслайман.

Ҳамма маданият ва маънавиятларнинг, айниқса ўша биз фикр юритаётган киборлик, аристократликнинг асосий қисмини мулоқот маданияти ташкил қилади чоғи. Бу ўринда ўша “ҳамма” билан суҳбатлаша олиш санъатидан, маҳоратидан киборлик бошланса керак.

Олий табақадаги суҳбат деганда бизнинг хаёлимизга катта лавозимдаги кишилар суҳбати келмаслиги керак. Уларнинг кўпчилиги билан на сиёсат ва на ҳаёт тўғрисида суҳбат қуролмайсиз. (Сиёсатдан бошласангиз “юқори”дан қўрқади, ҳаётдан бошласангиз, “сен ким бўлибсан”, дегандай ўзини катта олган тарзда муомалада бўлади.) улар билан ҳатто оврупонинг бу йўналишда айтадиган об-ҳаво ҳақидаги суҳбатини ҳам бошлай олмайсиз. Улар дарҳол мен Гидромет марказга телефон қилдим, ҳаво яхши бўлади, деб бошлаган суҳбатингизни шартта узади. Сиз яна мулзам бўлган ҳолда булар билан нима ҳақда гаплашсам экан, деган хаёлдан чиқолмайсиз.

Аммо психолог сифатида айтишим мумкин, камтарлик ҳам маълум маънодаги касаллик. Бизнинг ёшларимиз руҳидан бу камчилик ҳам катта куч билан қувиб чиқарилиши керак. Ҳозиргина тилга олинган олий мақомдаги суҳбатда сиз суҳбатни давом этдириб туриш мақсадида бирон мавзуни бошласангиз ёнингизда ўтирган ўша “камтар” сиз қийинчилик билан бошлаган суҳбатингиз мавзусини давом этдирмаса ёки ёнингизда турган мансабдор Гидрометрдан гапириб мавзуни узса иккала вариантнинг ҳам номақбуллиги кўриниб қолади. Бундай мажлис пайтида уларнинг бирига “Ҳой, сен суҳбатга фақат овқат ейишга келдингми, деб, иккинчисига эса “оғайни сиз мажлисда эмассиз, ходимингиз луқма ташлаганда қайтаргандай мени жеркияпсиз”, дегинг келади.

Олий табақали мажлисларда ҳатто оддий суҳбатларда ҳам тилга олинмайдиган мавзулар ҳақида бизнинг боболар “Қобуснома”, “Қутадғу билик” ва шунга ўхшаш китобларда жуда яхши айтиб кетишган. Бундай мажлисларда тилга олинмайдиган мавзулар жумласига пул, бойлик, кишининг сиёсий қарашлари, диний эътиқоди ва энг тилга олинмайдиганларидан бири бу мажлис қатнашчиларининг дардлари, касалликлар ҳақида гап юритилмаслигидир.

Бундай суҳбатларда пул, бойлик ҳақида суҳбатлашишнинг ўзи ёмон одат саналган тақдирда пул, бойлиги билан ўтирганлар орасида мағрурланиш нима эканлигига баҳо берилмаса ҳам бўлади.

Суҳбат қатнашчилари сиёисй қарашларининг бундай йиғилишларда муҳокама қилинмаслиги, бу йўналишдаги суҳбат бошланмаслиги кераклиги шуни кўрсатадики, суҳбат қатнашчилари йиғинни ўзлари билмаган ҳолда бузиб қйишлари мумкин.

Диний эътиқод эса шахснинг энг нозик ички тушунчаларидан бири саналгани учун бу борада мажлис аҳли орасида ҳеч қачон очиқ ойдин муҳокама кўтарилиши мумкин эмас. Биз кимнинг қандай дин ва қандай эътиқоди ҳақида муҳокама юрита олмаймиз, бу шахснинг ички дунёси. Жаҳоннинг буюк мутафаккирларидан бири бўлмиш олмон шоири Гётедай инсон, масалан, “Билимли кишида ҳечқандай динга эҳтиёж бўлмайди”, деб ўтиб кетган.

Шундай экан, киборликнинг аниқ белгиларидан бири бу мажлис аҳли бошлаган мавзуни ўзингиз билган доирада давом этдириб туриш ва ҳеч қачон “фалон китобни ўқиганмисиз”, агар мабодо суҳбатдошингиз ўқимаган бўлса “шуни ҳам ўқимаганмисиз”, деб уни ноқулай аҳволга солмаслик. Демак, киборликнинг энг юксак белгиларидан бири бу бошқалар обрўсига путур етказмаслик, уларнинг хижолат бўлишига сабаб блмаслик.

Мен ўз фарзандининг ниҳоятда тарбияли, ниҳоятда билимдон, бир сўз билан айтганда кибор, аристократ бўлишини хоҳламаган ота ва онани билмайман. Бу деган сўз, ўз фарзандимизнинг шундай киши бўлиб етишишига қандай қилиб эришишимизда. Бунинг учун эса оиладан бошлаб ва бугундан бошлаб яхши одатларнинг улар руҳи ва шахсиятига сингдириб борилишини бошлашимизда.

Оиладан, мактабдан, жамиятдан, институтлар ва бошқа тарбия чоқларидан, бир сўз билан айтганда қаердан бўлмасин олинган яхши одатлар ва билимларни шахс амалда, биринчи ўринда оилада қўллай бошлаши зарур. Шундагина у олий табақали мажлисдагина эмас, оддий йиғилишда, ҳатто оиласида ҳам бирон нарсани тўкганни эмас, ҳатто ўша нарсанинг тўкилганини ҳам “сезмайди” ва сезиб қолган тақдирда ҳам “тўкиб қўйдингизми”, деб айтмаса ҳам ноқулай аҳволга тушиб турган кишини бошқа бирон ҳаракат ёки сўзи билан мулзам қилмайди.

Чунки киборлик, аристократликнинг энг юксак намуналаридан бири юқорида айтганимиздай, бошқаларни ноқулай аҳволга солмасликдир ёки бирон ноқулай аҳвол вужудга келганда иложи борича бундай аҳволдан бежирим чиқиб кетиш.

Мулоҳазаларимни ёзар эканман, бир воқеа ёдимга тушди. Ёшликдан бирга ўсган бир ўртоғим бор. Ўзига яраша, советлар тушунчасини олганда қулоқлар оиласидан чиққан, аслини олганда келиб чиқиш авлодлари ўз вақтида анча ўқимишли бўлиб, бугунги тил билан айтганда зиёлилар авлодидан. Ўз вақтида маълум сабабларга кўра ҳатто институтни ҳам битира олмаган. Аммо ўрта махсус билими бор, район миқёсида обрўли кишилардан бўлиб келган. Аслини олганда кўпгина институтни битирганлардан ҳам ўқимишлироқ, мулоҳаза ва муомалада бир сўз билан айтганда маълум маънодаги киборлардан.

Бир сафар у Тошкентга келди ва биз иккимиз бирга бир вилоятга саёҳатга чиқдик. Саёҳатимиз давомида вилоятда менинг яна бир танишим билан учрашиб қолдик. Танишим вилоят раҳбарларидан эди, ўзини бошқалардан бир қадар бошқача тутар, кўпчиликка зимдан баҳо бериб муомалада бўлар эди. Учрашувда иккала томонни ҳам бир биридан хижолат тортмасин деб оддийгина таништирдим. Чунки суҳбатдошлар ўзларини қандай тутишлари ва булар орасида бўлғуси суҳбут мени анча қизиқтирар эди. Ўйлаганимдай суҳбат яхшигина бошланиб ёшлар, мактаблар, спорт ва бошқа соҳаларда давом этиб турди. Мавзу адабиётга ўтди, суҳбатдошлар бир биридан унча паст келмас, районлик танишим ўқимишлиги билан баъзан устун келар ва бундай ҳолатлардан ўта силлиқ чиқиб кетар эди. Ва ниҳоят суҳбат мавзуси негадир театр ва артистларга ўтганда вилоятлик танишим спекталлар ва артислардан гап очиб бир спекталдаги фалон артистнинг ўйини ҳақида анча гап айтди, масала бевосита спектаклга бориб тақалганиданми, район миқёсидан кўп ҳам вилоят ва пойтахтга чиқавермаган танишим фалон артистнинг бевосита ўйини ҳақида унчалик мулоҳаза юритавермаганидан кейин вилоятлик оғайним шумқарашроқ қилдида мавзуни бошқа томонга бурди. Бироздан кейин негадир танишлар орасида турар жой ва иш соҳалари бошланиб вилоятлик танишим райондан келган киши мен билан пойтахтдан келган эмас эканлигини билиб қолгандан кейин ўзини анча бошқача тута бошлади ва бу билан районлик танишимни ноқулай аҳволга солди. Мана сизга асл киборлик ва унинг ноаслроқ намуналаридан бири.

Юқоридаги киборлар, аристократлар ҳақидаги мулоҳазаларни ва мана бу бўлиб ўтган воқеа тафсилотларини ёзар эканман, ўзимча ўйлаб қолдим. Асл кибор бўлиб ўсмаган, аммо ўзини аристократлардан санаб юрган одам ҳам вақти келиб бирон ноқулай ва ножўяроқ ҳаракат ва сўзи билан бошқа бировни анча ранжитиб қўйиши мумкин. Бу деган сўз асли шундай бўлар экан, деб ҳолатни ўз йўналишига ташлаб қйишимиз керакми ёки яшаш тарзимизни, болаларимиз тарбиясини кундан кунга яхшилаш, келажак авлодимизни асл киборлар авлодидан қилиб тарбиялашга бугунданоқ киришишимиз керакми, деган саволга сўзсиз ижобий жавоб бериб тарихий “менимиз”ни тиклаш деган хулосага келасан киши.

Бундай қарасак бизнинг олдимизда икки йўналишдаги йўл турипти. Биринчиси, маълум, ҳозирги ҳолатдан қониққан ҳолда барчасига русча қилиб айтганда “тупуриб” бошқаларнинг орқаси бўлиб яшаш.

Иккинчиси, бу бундай қараганда қийини, аммо, бошқа йўлни танлашнинг иложининг ўзи йўқ ҳолат, шу йўлдан боришимиз шарт, вазиятни ўз қлимизга олиб бугунданоқ ишга киришиш, яъни жаҳон цивилизацияси ютуқларини ўзлаштириб олган халқлар маънавий бойлигини ва ўз тарихимиздаги бойликларни руҳимизга сингдирган ҳолда тезликда ана ўша илгарилаб кетган халқларни қувиб етиш ва керак бўлса ошиб ҳам ўтиш. Бунга бизда тарихий маънавий бойлик, руҳий, ирсий, миллий ва бошқа имкониятлар етарли.

Шундай экан, ким хоҳламайди дейсиз ўз болалариниг ҳақиқий киборлар, аристократлар бўлиб етишишини, ким хоҳламайди дейсиз ҳар бир суҳбатдан маънавий лаззат олишни. Демак, қўл шимариб ишга киришиш қолади холос. Ахир кечагина советлар замонидан кейин қўлтелефонлар тарқала бошлаганидан кейин баъзи “киборлар” оддий ўртоқлар йиғинига ҳам келиб қўшилгандан косасининг ёнига қўлтелефонини чиқариб қўйишларини бир эслайлик. Улар ўз лавозимларини ўртоқлар йиғилишида ҳам давом этдирар, суҳбатдошлари буни унута бошласа “бироз жим бўлинглар, менга юқоридан қўнғироқ бўлаяпти”, деб бирор таниши билан суҳбатни бузишлари ёдимизда.

Суҳбат давомида қўл телефонларда гаплашишни мен кўпинча “Қобуснома”даги “мажлисда ёнингда ўтирганлар билан шивирлашиб гаплашма”, деган маслаҳат билан тенглайман.

Биз мулоқот алоҳида бир санъат эканлигини тан оламиз ва унинг бугунги замонавий кўринишларидан бири бўлмиш телефонда гаплашиш эса ўз ўрнида ниҳоятда шахснинг тарбияси ва киборлигига бориб тақалишини унутамиз. Кибор, аристократ киши билан телефонда гаплашиш ҳам у билан бевосита суҳбатда бўлишдан фарқ қилмайди. Чунки кибор киши телефонда юзи кўринмаяптику, деб кўнглига келган қилиқни телефонда гаплашаётган кишисига қилмайди.

Ҳа, телефонда гаплашиш санъати кейинроқ тарқалган мулоқот санъатларидан бири. Аммо у умумий мулоқот санъатидан узилиб чиққан ёки осмондан тушган эмас. Кибор одам билан бевосита гаплашиш ва телефонда гаплашиш аслини олганда унчалик фарқ қилмайди. Мана бу мулоқот нормаларини болаларимизга, ёшларимиз тажрибасига сингдириш эса бугуннинг долзар масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Мана шу мулоқотнинг маданий, киборлик нормалари ёшларимизга сингдирилса улар дарс пайти ёки аудиторияда домланинг маърузасини бузиб телефонда гаплашмайди. Бу ўринда болаларга телефон олиб бериш ёки олиб бермаслик масаласи ҳам кўтарилмайди. Ахир телефон фақатгина алоқа ва бошқа коммуникация воситаси холос.

Халқ маданияти, тарбия ва тарбиянинг бир қисми бўлмиш инсон хулқини шакллантириш йўналишидаги абадий мавзулардан бирини, киборлик, аристократлик руҳини ёшларимизда тарбиялаш масаласини бошлаб қўйганимга ўзим ҳам унчалик хурсанд эмасман. Чунки буни кўпчилик ёқтирмаслиги ёки “мана бошқаларга ақл ўргатувчи ҳам топилипти”, дегувчилар чиқиши, энг бўлмаганда бу йўналишда фикрловчи бир неча нусхасининг топилиши турган гап. Аммо шу халқнинг, шу миллатнинг бир оддий вакили сифатида кўнглимдаги бу гапларни айтмасдан туролмадим. Бу билан бирон кишини хафа ёки мулзам қилмоқчи эмасман. Жаҳоннинг энг қадимий хақларидан бири бўлмиш туркийлар ва уларнинг асосий бўғинларидан бири биз ўзбеклар бугунги кундаги жаҳон тамаддунининг юқори поғоналаридан ўрин олишимиз, аслини олганда ўзимизнинг ўрнимизни қайтадан эгаллашимиз зарурлиги ва бунинг вақти келганлиги мени ушбу фикрларни қоғозга туширишга чорлади.

Маҳмуд Йўлдошев
Психология фанлари номзоди

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn