Дада Зафар: Саждагоҳ Ватан

ўгохглмаУшбу шеърларимни узоқ яқиндаги дўстларимга бағишлайман.
Эҳтиром ила Дада Зафар.***

Саждагоҳ қаерда?

Онажоним, Сизни жуда соғиндим,
Уч ойдирки Сиздан олмадим хабар.
Бу кеча тушимдан чўчиб уйғондим,
Баҳона тополмай қолдим бу сафар.

Тушимда кўз ёш-ла мени қучибсиз,
Сиз эмас, мен гина қилар эмишман,
Ишларим кўплигин баҳона қилиб,
Қўлларингиз аста силар эмишман.

Тонггача алахсираб чиқдим мен,
Сиз бўлсангиз маҳкам ушлаб олибсиз.
Руҳим олисларга қўйиб юбормай,
Ортимдан зор бўлиб йиғлаб қолибсиз.

Бу кеча тушимдан чўчиб уйғондим,
Сиз томон қишлоққа йўлга чоғландим.
Тошкентни қор босиб қолибди яна,
Довондан ўтолмай яна боғландим.

Умр ўтиб борар, айланар фалак,
Кексайиб қолгансиз отам билан сиз.
Менинг олимлигим кимга ҳам керак,
Кимларга даркорлир, бу юрак ҳиссиз.

Пайғамбарлар қарздор онаизордан,
Дея ёзмиш илоҳий китоблар такрор.
Тирикликда йўқламай сўнгра мозордан,
Она меҳрин излаб юрмоқлик бекор.

Аллоҳим, онамга узоқ умр бер,
Шунда мен қайтадан гўдак бўламан,
Гуноҳсиз бўламан хажга бормайин,
Шунда мен мусулмон бўлиб ўламан.

Мусофир подшоҳдан гадолик улуғ,
Эъзозлай саройдан отам лой томин.
Саждагоҳ қаерда? Саждагоҳ Ватан.
Киндик қоним томган шу она замин.

 

ТАНДА ЖОНИМ, АНДИЖОН!

Улуғларга сен доимо бўл макон,
Танда жоним, Андижоним, Андижон!
Нуъмонжон Ўринбоев.

Теракзор теварак,
Сўрилик айвон.
Баланддир бу фалак,
Юлдузли осмон.
Сиз бедор, дил халак,
Дўстим , Нуъмонжон.
Битиб эзгу истак,
Кутарсиз меҳмон.
«Деб шоир эмасман,
Мен бунда посбон,
Танда жон, онажон,
Жоним Андижон!

Бобур кетди бундан,
Кетди йироқлаб,
Моҳлар Ой олисдан
Маъюс нур сочар.
Чўлпон қоро тундан
Боқар сўроқлаб.
Улуғларнинг уруғи,
Ширин сўз очар.
Шоирлар юртидир
Бу азиз макон.
Танда жон, онажон,
Жоним Андижон!

“Муҳаббат чаманин”
Боғбони бўлиб,
Илхомим саманин,
Маҳкам қучаман.
Ватаним тупроғин,
Кўзимга суртиб,
Умримнинг ҳар онин
Этгум гул чаман.
Куну тун аллалаб,
Севгувчи макон.
Танда жон, онажон,
Жоним,Андижон!»

 

АВВАЛГИ ОДАМЛАР ЭДИ БОШҚАЧА

Аввалги одамлар эди бошқача,
Минг маъно кўрардим юзу-кўзидан.
Улар жиддий эди, гапи қисқача,
Пур маъно терардим ҳар бир сўзидан.

Устоз Саид Аҳмад кулмасди асло,
Уни тинглаганлар куларди қотиб.
Битта таърифида минг турли жило,
Ҳар ким насибасин кўрарди тотиб.

Саида онамиз маҳзун дил эди,
Ашъорлари нафис, дилларга ором.
Шогирдларга меҳрибон, одил эди,
Ҳар сўзи садоқат, инсоний маром.

Бир кун устоз деди: Саидахоним,
Дадаш шоир шеърин кўриб берсангиз.
Кўрдим деди у, бекор кетди оним,
Неларни ёзмайди қўйиб берсангиз.

Сўзлари терилган, хислари бисёр,
Қофия, жарангига эътирозим йўқ.
Ишқ ҳам бор, унгадир эҳтирослар ёр,
Фикрида етишмас ягона бир ўқ.

Бу баҳор севгили ташлаб кетибди,
Келгуси баҳорда бошқасин топмиш.
Севгида садоқатга ким ҳам етибди,
Хижронни руҳидан бутунлай отмиш.

Шоир бўлармиди, бевафо кимса,
Истироб, хижронсиз шеър ҳам яралмас.
Тайини бўлмаса ҳар қандай кимса,
Жиддий одам дея элда қаралмас.

Мен гилос терардим дарахт шоҳида,
Устоз эса ўйчан боғин кезарди.
Саида онамиз гоҳи-гоҳида,
Фарғона каналда қўлин юварди.

Ногаҳон дод солиб қолди онамиз,
Узуги каналга кетибди тушиб.
Энди унинг кўнглин қандай оламиз,
Афсуслар чекардик бизлар тиришиб.

Бирдан устоз Саид Аҳмад жиддийлашди,
Онамизга бошлади таскин айта:
“Қирқ беш кун” ичида бу режа пишди,
Фарғона каналин қазийман қайта.

Сизга олиб бергум бошқа бир узук,
Қайта янгиланар севгимиз, вафо.
Дадаш шоир шеъри менимча тузук,
Ҳаётда бўлмасин дейди у жафо.

Устоз, хозир шундай буюк иншоат,
Хашар билан қуриларми, қисқача.
Саволимга олдим жавоб — мукофот,
Аввалги одамлар эди бошқача.

 

ДУНЁГА СИҒМАМДИР

Ажаб Мажнундирман ҳар дашту саҳрога сиғмамдир
Дилим дарёи нурдир, мавж уриб ,дунёга сиғмамдир.
МАШРАБ

Машраб каби на осмон , на еру, рўёга сиғмамдир,
Юрт кезиб оқар уммон, мавж уриб, дунёга сиғмамдир.

Шеъримда усул сақли мумтане, хар жумлам-хақиқат,
Ҳар ким идрок этсада, аммо шуарога сиғмамдир.

Тирик солиҳни билмай, ўлгач у, дерлар азиз бўлди,
Мазлум этганлар гар азиз тутса риёга сиғмамдир.

Мен ким гоҳи ўзбекман, мўмину, имони бор инсон,
Борлигим нур наслидан, лек зиму зиёга сиғмамдир.

Дада Зафар мискинман, эл каби, кун кўрарман аста,
Чайқалсам тўфон бўлиб, на дарё, дунёга сиғмамдир.

 

ШУАРО ТАҚДИРИ МАЗЛУМ
( Муҳаммас )

Фиғонким, гардиши даврон, айирди шоҳсуворимдин,
Ғамим чўҳ, эй кўнгил беҳабарсан ҳоли зоримдин.
НОДИРА

Давронлар гардиши шундоқ, айиргай неки боримдин,
Йўқотганим ўрни тўлгай, кўз ёшу оҳу зоримдин.

Солиҳлик йўли машаққат, ҳар қадамда бало, офат,
Наврўзим қор босиб қолди, қиш кулгайми баҳоримдин.

Машраб умри ўтган эди, Ҳўтан даштида қон ютиб,
Шуаро тақдири мазлум, самар борми ашъоримдин.

Башоратга йўймоқ гуноҳ, шоир сўзи тақдиридир,
Нодира аҳволи аён, ҳоли-ла эл диёримдин.

Адашган кимсадек Фурқат, биёбонларда қаҳшайди,
Ҳурликни топмади аммо, олди жой эрк туморимдин.

Кишанларни парчалай деб, кеча-кундуз қон ютиб,
Эл ори Чўлпони бўлди, айирма Ҳақ бу оримдин.

Мен ҳам Усмон Носир каби, бу боғ ичра ҳазон япроқ,
Эзгу наво таралади, маҳзун дилим ва торимдин.

Дада Зафар мазлум шоир, ҳидоятдан йўлим топгум,
Айирмагин Ватанимдин, шу тупроғу мозоримдин.

 

Қулаган тош

(достон)

Минг йилларки, икки қоянинг,
Ўртасида ётар қулаб тош.
Йўллар уни айланиб ўтар,
Унга тушмас ҳаттоки қуёш.

У шунчалар улкан ва чағир,
Ботиб кетган ернинг қаърига,
Даврон юки босгандир оғир,
Азобларнинг чидар барига.

Минг йилларки, бу ердан ўтган
Ҳар бир одам хайрон қолади.
Бу не ҳолат, қандай синоат,
Кўрганларни ўйга солади.

Биров дейди, полвон отган тош,
Ёвлар йўлин ёпган эшикдир.
Биров дейди гўзал қаламқош,
Аллалаган олтин бешикдир.

Қояларда сирли ёзувлар,
Ўрхун хатин25 хира шарпаси.
Жайронларни овчилар овлар,
Сезилади мозий нафаси.

Бир тасвирда аёл ва эркак,
Ой ва кундек этарлар парвоз.
Тошни ёриб чиққан бойчечак,
Ёйин ушлаб турган тирандоз26.

Во ажаб, қадим бир наққош,
Беш панжасин изин қолдирган.
Кафт чизиғин иккиси туташ,
Учинчиси ажин қолдирган.

Қулаган тош суратларга эш,
Тарихдан бир сўзлар ҳикоят.
Беш панжага панжа урдим беш,
Жонланарди кўҳна ривоят.

Тошда қотган инсон кафтига,
Қўлим теккач, сездим харорат.
Чидай олмай меҳрим тафтига,
Ғор туйнугин очмиш ниҳоят.

Ичкарида ёруғ бир олам,
Гўзал водий ясланиб ётар.
Қуёш бериб тоғларга салом,
Жаннатмонанд юртда тонг отар.

Мен эмишман наққош мусаввир,
Қояларга дасҳат солувчи.
Ўяр эдим янги бир тасвир,
Кўп замонлар ёдда қолувчи.

Чиздим машшоқ, қўлида сози,
Карнай-сурнай янгради қирдан.
Чопарларнинг чорлов овози,
Тутиб кетди борлиқни бирдан.

Чўнг отамиз Он 27 Инел28 Ҳоқон29,
Тўйга чорлар тўқсон уруғин.
Найман30, борлос31, азик32 ва кулон33,
Ким эгаллар ботир довруғин.

Тўқсон уруғ, тўқсонта қавм,
Эл тинч, аҳил, одамлари шод.
Яйлов тўла моли қўй, йилқи,
Боғларда бол, гул-чаман, шамшод.

Малика Ой34 вояга етди,
Куёв сайлаш зарур муносиб.
Бу овоза оламга кетди,
Кимга толе этаркин насиб.

Кекса Инел ўй сурур хомуш,
Ҳоқонатга35 ворис ҳам зарур.
Тоғай36, Адигине37 ва Мунгуш38,
Уч ўғилдан кимни эп кўрур.

Уч қўшинга уч ўғил бошдир,
Ичкиликка 39 Сўл 40 ва Ўнг 41 қанот.
Улар кучли, аммо бебошдир,
Борни бўлар гўёки ҳаннот 42.

Доно ота топди ниҳоят,
Бу жумбоққа ягона ечим.
Ҳурсанд бўлдим мен ҳам бағоят,
Ворисликка етмас-ов кучим.

Тўйга мен ҳам ҳиссамни қўшай,
Ишқ достонин тошларга ўяй.
Ботирлар-ку, беллашувга шай,
Мен нотавон қимизга тўяй.

Туркий элда ҳар йили баҳор,
Ерни ёриб чиққач бойчечак.
Тўй сайлдир, ҳаётга наҳор,
Жуфтин топар минглаб келинчак.

Малика Ой осмондаги ой,
Нигоҳлари ёй отар чақмоқ.
Яноғидан гул олмиш чирой,
Кўз қамашар бўлсангиз боқмоқ.

Энг олдинда уч тулпор учар,
Ёр биродар учта чавандоз.
Ҳар бирига ҳамроҳ қирқ навкар,
Жақип 43 ва Кун 44 , Бойбўри 45 шоввоз.

Қирқ қиз йигит давра ушлашар,
Бу сайлда дийдор ғанимат.
Наврўз экан барча хушлашар
Одамларнинг истаги ҳиммат.

Қозонларда қайнар сумалак,
Дастурҳонлар тўла бўғирсоқ.
Пазандалар юраги ҳалак,
Нонвойлари ёпар бўрсилдоқ.

Болалар чун минг хил томоша,
Ширинликлар ҳаммага етар.
Ўйинчоқлар шунга яраша,
Ҳунармандлар борин улашар.

Беллашув бошида уч оға:
Тоғай, Адигине ва Мунгуш.
Не ботирлар қилиб дағдаға,
Майдонларни тарк этар хомуш.

Курашларда қанча ботирни,
Жақип ўзи кўтариб урди.
Муҳораба 46 унга татирми,
Омад энди юзини бурди.

От пойгада Бойбўри ғолиб,
Кўпкарида унинг тенги йўқ.
Мерганликда Кундир муҳолиф,
Нур каби бехато отди ўқ.

Меҳмонларда қолмасин деб кек,
Оқсоқоллар довлашди узоқ.
Овоза қилдилар қорлуқлик,
Шаҳзода Кун ғолибдир мутлоқ.

Ўнгда Жақип, сўлда Бойбўри,
Ўртада Кун шахдам одимлар.
Мендек кимса баланд ғурури,
Йўл бўшатинг, ҳамдам одамлар.

Ҳар ботирга муносиб сийлов,
Бирига от, бирига камон.
Куннинг юзи қизарди лов-лов,
Олтин қилич таққанда Ҳоқон.

Инел деди: ўғлим сиз энди,
Сизга мунтазирдир қизим Ой.
Асранг уни, авайланг элни,
Давлатимни сизга топширай.

Берурмиз қирқ кеча-кундуз тўй,
Қовушсин юрт, ришталар маҳкам.
Барчанинг дилида ягона бир ўй,
Ой ва Кунга бахт ёр чинакам.

Тўй, сайллар авжига чиқди,
Чалинарди соз, учар эди боз 47.
Ишқ қўшиғи мавжига чиқди,
Хуррамликдан борлиқ сарафроз.

Ўз ёрин топибди Жақип ҳам,
Бу сулув қиз Бойбўри жуфти.
Мендан кулар чурвақалар ҳам,
Буришади қизларнинг афти.

Қаршимизга келгач оқсоқол,
Ҳазил-ҳузул тўхтади шу он.
Сўзлар эди башорат-мақол,
Тилак айтар дониш Форсиён.

Ўз уйим, ўлан тўшагимдир,
Қуримасин ёстиғим асло.
Ёв қочса гар, кўпаяр ботир,
Оғир кунда излар тавалло.

Бир балоси бўлмаса агар,
Шудгорда қуйруқ нима қилар.
Бўлинганни бўри ер магар,
Очкўз ҳутни қайирмоқ илар.

Тарқалганмиз Одам Атодан,
Момо Ҳаво бизнинг онамиз.
Муҳаббат ҳам асли худодан,
Биз у оташга парвонамиз.

Атлантида 48 жаннатдай макон,
Бир лаҳзада ер юртди уни.
Фитна, ғайбат бермади имкон,
Узлат билан тўланди ҳуни.

Кимга аза, кимга экан тўй,
Бирён душман, бир тамонда дўст.
Искандарнинг қўлин очиб қўй,
Тирилса гар олсин каму кўст.

Эврилади тўхтовсиз замон,
Ҳатто баланд тоғ ҳам кўчади.
Ўзгаради яхши ҳам ёмон,
Ким ўз қонин ўзи ичади.

Фақат аждар ютар тухумин,
Қарисини этар тановул.
Ўз наслига бўлган чун зомин,
Янчиб кетган уни тош-довул.

Бир-бирингиз севинг одамлар,
Турфа миллат тангридан неъмат.
Бунча ширин тириклик дамлар,
Умрингиздир лаҳза ғанимат.

Бугун кун ҳам тунла тенглашди,
Ҳамал кириб уйғонди замин.
Дуо мустажоб, эл бирлашди,
Башоратдир шунчаки тахмин.

Сенинг фолинг очарман Жақип,
Жуфтинг туғиб берар бир ўғлон.
Қабилангнинг чироғин ёқиб,
Мангу яшар Манас 49 паҳлавон.

Бойбўри сен кўксинг баланд тут,
Нени ўйлаб, бўлдинг фаромуш.
Келгуси кўкламда ўғил кут,
Уни элда дерлар Алпомиш 50.

О, маликам қанчалар сулув,
Узукка кўз, бебаҳо ёқут.
Шаҳзодам ҳам тенги йўқ бўлув 51,
Тақдирингиз тангрим этсин қут.

Таъзим бажо қилди пойимда,
Еру-кўкнинг офтоби, ойи.
Тақдир битмоқ ҳақ-худойимда,
Мен қарияни деманг савдойи.

Кун ва Ой ҳам ҳамроҳ то абад,
Эзгуликка чироқ ёқарлар.
Дoстон бўлиб, тилларда албат,
Мангуликдан бизга боқарлар.

Тўхтанг ота, четда қолдим мен,
Ниятим не, ечингиз чистон?
Дедим, деди: сўзамолсан сен,
Тошни ўйиб, ёзарсан достон.

Қўлингни бер, этай башорат,
Панжаларинг бунчалар қадоқ.
Тенг оғришар, шунга ишорат,
Болға зарбин еса бошмалдоқ.

Бобо дониш сўзлаган ҳикмат,
Сингиб кетди руҳу жонимга.
Оқшом чўккач, қоплади зулмат,
Кимлар келиб қолди ёнимга.

Оғзидан ўт пуркатар қаранг,
Қора либос кийган афсунгар.
У Тундан 52 ёки устаси фаранг,
Балки кўз боғловғич, фирибгар.

Оламонни лол қилди занғар,
Камон ипи илон, уяси садоқ 53.
Аждарга айланди жўнағар,
Қўрқинчли туш бўлсачи адоқ.

Сўнгра бошқа даврага ўтдим,
Жуван-Жуван 54 айлар каромат,
Даҳшат ила ёқамни тутдим,
Томошаси совуқ маломат.

У бировни даврага тортди,
Деди: менинг қўғирчоғимсан.
Ҳа, деди у, бурнини тортди,
Не десам қил, ўйинчоғимсан!

Шунда бирдан ҳалиги одам,
Ўзини ҳам танимай қолди.
Қўғирчоқдек шилқиллаб шу дам,
Ўз бошини суғуриб олди.

Доду фарёд чекди оламон,
Ҳар томонга тум-тароқ қочди.
Маломатчи келиб мен томон,
Фисқу фасод қопини очди.

Деди: сен ҳам манқурт 55 бўлажак,
Дедим: ҳозир қочиб қоламан.
Деди: юртинг гарчи келажак,
Хотирангни сўриб оламан.

Бош бармоғим яна лат еди,
Олов бўлиб ёнди вужудим.
Суҳбатдошим мусибат эди,
Азагамас тўйга келувдим.

Тоғай тўйда азарлаб қолди,
Ўз акасин тан олмас Мунгуш.
Адигине қайга йўқолди,
Иниларга қилмай хайру хуш.

Буюк Ҳоқон норози бўлди,
Уч фарзандин қилган ишидан.
Қабилалар ишончи сўлди,
Жосусларнинг урган нишидан.

Ахир, куёв бўлмас валиаҳд,
Отангизнинг фармони жумбоқ.
Тоғай сизга муносибдир тахт,
Дея кимдир берибди сабоқ.

Мунгуш Қорлуқ 56 ерини босди,
Жануб томон йўл олди Тоғай.
Адигине қиличин осди,
Деди: мен ҳам бир чора топай.

Остун-устун энди Ҳоқонат,
Жануб-Шимол туғишганлар ёт.
Ҳар қадамда фитна-ҳиёнат,
Тамом бўлди осуда ҳаёт.

Буюк Ҳоқон йиғди машварат,
Қабилалар бошин-аъёнин 57.
Беринг деди менга маслаҳат,
Тўкиб солди алам тўғёнин.

Ўғилларим уч оға ини,
Учта бўлмас бир тахт вориси.
Тополмадим бу ўйдан маьни,
Муносибдир улар бариси.

Шу боиским, юртнинг ботири,
Куёв Кунга тахтни бойладик.
Ўтиб кетди дил ҳавотири,
Малика Ой ила боғладик.

Бу ўйиндан ўт чиқди аммо,
Ўғилларим тахтни талашар.
Даҳшат солар бошқа муаммо,
Тун қўшини биз томон шошар.

Айтинг бизга жавоб ҳукамо,
Уруғ-аймоқни қандай йиғамиз.
Вазиятда қудратли ҳимо,
Ўғилларни чорламоқ жоиз.

Ҳар бирига ваъда қилинг тахт,
Дея ечим топди бош вазир.
Қўшин йиғиб, жангга бўлур тахт,
Давлатингиз асрар беназир.

Ҳоқон боши эгилди хомуш,
Бевофодир асли тожу тахт.
Сайраб кетди бошқа маликуш 58,
Тилим тишлаб қолим мен карахт.

Босиб келар император Тун,
Кун қўшини беролмайди дош.
Маликага ёғий ҳам мафтун,
Сулҳ тузар этсак қариндош.

Мажлис аҳлин босди сукунат,
Сипоҳийлар сардори ҳам жим.
Тун элчиси сўзлар иҳонат 59,
Гапни бурди бизнинг мунажжим.

Олтин қозиқ кўринмиш ёрқин,
Катта айиқ юлдузи тиниқ.
Сомон йўлин кесди бир ёлқин,
Демак ёвнинг қиличи синиқ.

Бунча хомушсан, Адигине,
Фикрингни айт, ўғлоним сен ҳам.
Деди: ота йўқ менда гина,
Бошда борин кўрурмиз баҳам.

Деди ота: сўзинг кифоят,
Ичкилик қўшиним мавҳари.
Ўнг ва сўлни боғласанг шоят,
Синглинг Ой ҳам жоним жавҳари.

Қорлуқ элга сўз бериб қўйдик,
Лабзимизда турурмиз албат.
Кўнглимда йўқ заррача ҳадик,
Ой ва Кунни қўллар салтанат.

Қўшинларга Кундир қўмондон,
Ой иккиси душманни тўсди.
Берган эдим розилик фармон,
Тош истеҳком қоядек ўсди.

Сергакланди аҳли машварат,
Ҳоқон айтган сўз баёнидан.
Деди: бизда етишмас қудрат,
Келган чопар Куннинг ёнидан.

Мажлис чўзилгандан-чўзилди,
Ўнг Тоғайдан бўлмади хабар.
Йиғин ҳам қарорсиз бузилди,
Чап қанот Мунгушдан йўқ самар.

Мен мудрайман, сергакдир ёғий,
Босқин учун у шай турарди.
Фитналарин этарди жорий,
Учинчи куч изғиб юрарди.

Тун элчиси Тоғайга ёндош,
Деди: отанг энди қари чол.
Кунни йўқот, бизларга ёндош,
Тожу тахтни ўз қўлингга ол.

Оғаларим бунга кўнарми,
Деди Тоғай отам қилар оқ.
Ҳеч нима ҳунарсиз унарми,
Деди элчи бу дунё жумбоқ.

Кичик битта фитна зарурдир,
Бир ўқи билан икки қуён йўқ.
Дейсан Қорлиқ иши қусурдир,
Кун ҳайдалса кўнглинг бўлар тўқ.

Ўз миллатинг бошингга кўтар,
Бошқа билан нима ишинг бор.
Шунда ота юртинг бирлашар,
Шунда сени чорлагай дарбор.

Қорлуқда ҳам ҳоин эмас оз,
Ўзингдан қўш бир неча одам.
Овулларга ўт қўйсин оз-моз,
Сўнг қил маҳаллани қатли ом.

Уруғ-аймоқ, қавми қариндош,
Қасос ўти билан тўлғанар.
Қорлуқ сари кўтаради бош,
Бирлашасиз оға-инилар.

Лаққа тушди фитнага Тоғай,
Дастлаб ёнди Қўтқар, Тўпойил.
Зулм қилган кимсалар лақай 60,
Ё қорлуқлар шу ишга мойил.

Дея улар тарқатиб миш-миш,
Икки элни қайраб ташлашди.
Худди шундай қорлуқларни ҳам,
Гоҳ ўлдириб, гоҳи талашди.

Олов учун учқун кифоя,
Ёниб кетди еру кўк, фалак.
Менинг кўксиммисан тош-қоя,
Ҳиссизмисан шунчалар юрак?

Қояларга нени ўяйин,
Дард-аламга тўлди-ку ҳар ёқ.
Кимга йиғлаб, кимга куяйин,
Гўдак кўксин босса от-туёқ.

Бу кечада қутурди отлар,
Вафот этди ота Ҳоқон ҳам.
Эгасини танимас итлар,
Бош кўтарди ердан жаҳаннам.

Талаш бўлган тахтни чизайми,
Ё душманнинг ўқи-ёйини.
Ёки достон ёзиб безайми,
Ой ва Куннинг дил-чиройини.

Энг чўққида қирмизи ўтов,
Севишганлар учун қароргоҳ.
Гулҳанларга тўла қир-яйлов,
Қўшинларга эди бандаргоҳ.

Қувонч бунда, ташвиш ҳам шунда,
Висол ила биргадир ҳижрон.
Дўст шу ерда, ҳоин ҳам шунда,
Тўй ва аза турар ёнма-ён.

Чопарларнинг қатнови тинмас,
Хабарлари ташвишли совуқ.
Маликанинг бағри бутунмас,
Кулфат ўрар гўё чирмовуқ.

Бир томонда падари улуғ,
Бандаликни бажо келтирди.
Бир томонда эл аро томуҳ,
Юртни ёвга ризо61 келтирди.

О маликам, дилим чироғи,
Деди Кун танҳо сиз ражо 62.
Иккимизга синов буёғи,
Не десангиз этурман бажо.

Ишонаман сизга шаҳзодам,
Сизни дейман то сўнгги нафас.
Деди: Ой ҳам ёрига шу дам,
Тақдиримиз боғлиқ чамбарчас.

Отам васиятин унутди Тоғай,
Қорлуқлар олдида юзимиз қора.
Тун фитнасин олмади илғай,
Мамлакатни қилди садпора.

Маликам, кўп ўкинманг асло,
Менга керак эмас тожу тахт.
Деди: Кун ҳам васлингиз аъло,
Ишқингизда ўлмоқлик шу бахт.

О фалак, бу қандайин синов,
Келин куёв либоси совут.
Икки элга висолдир сийлов,
Икки элни муҳаббат овут.

Чумолидек ёприлди ёв,
Остонадир шу икки қоя.
Жангу жадал эди беаёв,
Ор-номус чун жонлар ҳимоя.

Ёв ҳамласи беҳуда кетди,
Тиши синди Тундек бўрини.
Босқинчига кўп қирон етди,
Учратмаган Кундек зўрини.

Душман ортга чекинди бироз,
Император макрин чоғлади.
Хоин жилпанглади гўё тоз,
Суяк ташлаб, бўйин боғлади.

Деди: ўз сопини ўзидан,
Чиқармоқлик керакдир бизга.
Одам қўйиб Куннинг изидан,
Йўқотмоқлик тилакдир бизга.

Муродингга етарсан шунда,
Сенга қолур биздан Салтанат.
Жавоб қилди сиз саҳий бунда,
Ишончингиз тенги йўқ ҳиммат.

Мен юқори чўққидан боқиб,
Оғир жангнинг бўлдим гувоҳи.
Ёв лашкарин тўзитар Жақип,
Бойбўри ҳам элнинг паноҳи.

Жасоратда тенгсиз эди Kун,
Ой малика ёнида йўлдош.
Тик қоялар истеҳком бутун,
Тоғли қорлар уларга қўлдош.

Ўткир тиғли ёй ўқи ногоҳ,
Кўз олдимдан шув этиб ўтди.
У томонга ташладим нигоҳ,
Кун чангаллаб кўксини тутди.

Гир айланди еру кўк, фалак,
Шаҳзода Кун отдан йиқилди.
Ёнбағрилар эди яхмалак,
Бўғизимга алам тиқилди.

Малика Ой қучоқлаб ёрин,
Дод солди тоғ қайтарди садо.
Бош кўтарди бўрон изғирин,
Замин титраб этарди нидо.

Ҳар иккисин бағрига олди,
Чўққилардан кўчиб тушган қор.
Сўнгра тошни тошларга солди,
Тун лашкари офатга дучор.

Қулаган тош томон югурдим,
Эл армонин чиздим бу тунда.
Беш панжамни қояга урдим,
Изи қолди унда ҳам бунда.

Ойлар ўтди, кунлар ҳам ўтди,
Ой ой бўлди, Кун бўлди Қуёш.
Армонларга беролмай бардош,
Ҳануз ётар шу қулаган тош.

Ҳануз ғанимлар мўралайди,
Ҳануз дилларни яралайди.
Ҳануз фитналар оралайди,
Тамаддун 63 элаги саралайди.

Олис ўтмиш аждодларимнинг,
Тилларини аранг тушундим.
Аммо биздек йиғи-кулгуси,
Дилларини қаранг, тушундим.

Минг йилларки, икки қоянинг,
Ўртасида ётар қулаб тош.
Қояларда сирли суратлар,
Ишқ достони бизларга йўлдош.

 

Изоҳлар:

25 Ўрхун хати – қадимги туркий ёзув (VI-X асрлар). Улар Ўрхун-Енисейда тошларга ўйиб ёзилган. Турк ва уйғур хоқонликлари даврида Ўрхун-Енисей ёзувлари ва тили барча туркий этник гуруҳлар учун умумий тил саналган.
26 тирандоз – камондан ўқ отувчи, камонкаш
27 Он- Oн оқ эли. Бу давлат Еттисувдан Марказий Тянь-Шань ва Жунгариягача бўлган ҳудудни эгаллаган. Унинг марказий қисми Сирдарё бўйларида жойлашган. Шарқда Олтой, Турфон водийси, Жунгария, Жануби-Ғарбда Марказий Осиёнинг Амударё соҳилларигача, Ғарбда Хоразм, Қуйи Волгабўйи, Шимолий Кавказ даштларини ҳам ўз ичига олган эди. Шимолда эса Жанубий Уралдан Иртиш бўйларигача катта ҳудудни эгаллаган қудратли давлат. Бу хоқонлик (каганат) VII асрнинг биринчи ярмида дунёга келиб, Европа тарихчилари уни Ғарбий Турк хоқонлиги деб номлаганлар. “Он” ўнта катта туркий элни бирлаштирган ҳукмдор деган маънони билдиради. Тан сулоласи (618-907 йиллар) ўзининг қўшниси ҳисобланган мазкур каганатни босиб олиш учун кўп марта босқинчилик урушлари олиб борган. 652 йилда бу хоқонликка қарши Тан сулоласининг 70 минглик навкардан иброрат армияси ҳужум қилган, аммо мамлакатни босиб олишга муваффақ бўлмаган.
28 Инел- туркийлар, қипчоқ, қирғиз ва бошқа этник гуруҳлар учун қабилалар иттифоқи қироли маъносини билдиради.
29 Когон – когон — хоқон салтанат ҳукмдори. Он Инел Когон бирликда Ишбара исмли ҳукмдорни акс эттиради. Аммо тарихий воқеалар бадиий тўқималар асосида ўзгартирилган.
30 найман – туркий, ўзбек қабилаларидан бири. “Манас Саматай” достонида туркий қабилаларнинг 40таси қирғизларга, 30таси қозоқларга ва 20таси ўзбекларга тегишли эканлиги тилга олинган. Найман қабиласи ҳар учала халқнинг этногенесига киритилган.
31 борлос -туркий, ўзбек қабилаларидан бири.
32 азик – туркий, қирғиз қабилаларидан бири. Ўзбек этногенесида “адак” тарзида учрайди.
33 кулон – туркий, дашти қипчоқ, ўзбек, қирғиз қабиласи.
34 Ай – малика исми. Энг қадимий туркий сўз, атама.
35 каганат -хоқонлик бошқа туркий халқлар учун тушунарли бўлиши ниятида “каганат” тарзида қўлланилган (VI-X асарлар).
36 Тоғай – қирғиз халқи уруғларининг ўнг қанотига мансуб ака-укаларидан бири. У бадиий қиёфа тариқасида келтирилади
37 Адигине – тўнғич ака. Воқеалар ва тарихий шахслар у билан боғлиқ номлар бадиий тўқима тарзида берилади (муаллиф).
38 Мунгуш – кенжа ука. Бу ака-укалар номи билан азик қабиласида кичик этнослар ҳам номланган.
39 ичкилик – туркий халқларнинг, асосан қирғиз халқининг марказий уюшмаси.
40 сўл – Чап қанот. Достон воқеалари билан тарихий воқеалар муаллифнинг мақсади тарзида умумлаштирилган.
41 ўнг – ўнг қанот
42 ҳаннот -донфуруш савдогар
43 Жақип – “Манас” достонида Манаснинг отаси номи.
44 Кун – Туркий исм. Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билиг” асарида Кунтуғмиш тарзида келади. Аммо ундан 3 аср олдин “кун” сўзи ёруғлик, яхшилик, ҳаёт рамзи сифатида берилган. Қорлиқ қабиласининг шаҳзодаси (муаллиф).
45 Бойбўри – “Алпомиш” дастонида Алпомишнинг отаси номи.
46 муҳораба – уруш, жанг.
47 боз – бургут
48 Атлантида – тамаддун ўта юқори чўққига етган, фалокатга учраган афсонавий мамлакат.
49 Манас – “Манас” эпосининг бош қаҳрамони.
50 Алпомиш – “Алпомиш” достонининг бош қаҳрамони
51 бўлув – кўркам
52 Тун – қадимги Хитой сулоласининг императори Тан. Қиёсий маънода муаллиф томонидан тун рамзи сифатида келтирилади.
53 садоқ – камон ўқдони
54 Жуван-Жуван – этнограф олим Н.Я.Бичурин ушбу сўзнинг хитой тилидаги таржимасини ўрганар экан, “Жужан” эканлигини аниқлаган. Бу халқ Ғарбий Хитой ҳудудида яшаган. Улуғ адиб Ч.Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асаридаги кўманчи қабила. Одамларни манқуртларга айлантирувчи босқинчи жангарилар.
55 манқурт – Ч.Айтматов томонидан яратилган салбий қиёфа.
56 қорлуқ – туркий қабила, ўзбек халқи этногенесининг шаклланишида асосий ўрин тутади ҳамда қирғиз халқи этногенесида “карлы” тариқасида тилга олинган.
57 аъён – сарой амалдорлари
58 маликуш – ўтмишда энг улуғ шоирларга берилган унвон маъносидан салбий қиёфани ифодалаш учун қўлланилган сўз (муаллиф).

59 иҳонат – менсимай сўзлаш
60 лақай – ўзбек уруғларидан бири
61 ризо – розилик
62 ражо – умид, орзу, тилак.
63 тамаддун – цивилизация

 

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn