Дўстлар ижодига дўстона назар

hasanboyҲасанбой Ғойибов

Соҳиба Ҳайитбоеванинг ”Муҳаммадга эргашиб юриб Хадичага тортдим шекилли” деган гўзал шеърлари туфайли шоира ижодига қизиқишим ортди. Хоним билан суҳбатлашиш жараёнида шунга амин бўлдимки, Соҳибахон самимий, очиқ кўнгил дўст, у кишининг ҳамиша руҳлари тетик, ўзлари қувноқ ва дилбар! Бир неча бор айтишувларимизни (мушоира) ўқиган дўстларимиз ҳам бунга амин бўлган бўлсалар керак. Шоиранинг сатрларини ўқир экансиз дилингизда ҳаётга муҳаббат уйғонади, тирикликнинг ўзи бир байрам эканлигини англайсиз:

Яшаш ишқи солар қалбга чўғ,
Дилни ёқар иштиёқ бирам.
Ха, умрдан буюк неъмат йўқ,
Тирикликни ўзи бир байрам!

Соҳибахоннинг ”Мен сизни Худодан сўрадим”, ”Мусофирликда”, Азон товуши”, ”Ҳижроннинг ранги” каби шеърлари билан танишган шеърхон муслима аёлнинг кечинмалари, покиза тилаклари, армонларини ҳис қилади.
Мен ҳар гал шоиранинг шеърларини ўқисам, худди менинг дилимдагини ёзибди деган фикр кечади хаёлимдан.
Бир куни мен ушбу шеъримни у кишига совға қилдим:

Ҳаё тимсоли

Хижолат тортгандек бўласиз гўё
Қизариб кетади ёноқларингиз.
Чарос кўзларингиз тик боқмас сира
Ийманиб сўзлайди дудоқларингиз.

Ҳаё тимсолини кўраман сизда,
Мени асир этар ажиб туйғулар.
Сиз шунчалар масъум, сизни ўйласам
Қалбимда бокира шеърлар туғилар.

Соҳибахон ”Худди мен учун ёзилгандек экан, рахмат” деб хурсанд бўлдилар. Мен эса севимли шоирамни дилини шод қилганимдан хурсанд эдим.
Менинг шоира Соҳиба хонимга бир нечта тилакларим бор.
Биринчи тилагим, ҳамиша қувноқлик у кишини тарк этмасин! Н. Антарованинг бир асари бор эди ”Наука о радости” деган. Менинг севимли шоирим Валентин Сидоров ўзининг бир китобида шу асардан иқтибослар келтиради. Буни эслашимга сабаб, Соҳибахон ўзининг қувноқлиги, кўнгли очиқлиги билан суҳбатдошига яхшилик қувватини бахш этади. (Буни ўзлари билмасалар, энди билиб оладилар).
Менинг иккинчи тилагим, юқорида зикр этилган мазмундаги шеърларни кўпроқ ёзсинлар, токим аёлларимиз Хадича онамиз, Ойша онамиз, Фотимаи Заҳро онамиз ва Робия Адавия ҳазратлари ҳаётига қизиқсинлар, билмаганлар муборак Оналаримиз тарихини топиб ўқишсин, уларга ўхшашга интилсинлар! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шоирларининг исми Ҳасан ибн Собит(р.а) экан. Яна бизга ўрнакли авлиёлардан бири Робия Адавиййага замондош бўлган зот Ҳасан Басрий (р.а)ҳазратларидир. Қолаверса, Пайғамбаримизнинг набиралари имом Ҳасан р.а ҳазратларининг исми билан аталганимдан фахрдаман. Демак, менинг тилакларимни шу улуғ зотларнинг маънавий фарзанди-муридининг тилаклари ўлароқ қабул қиласиз деб умид қиламан!
Сизни муборак Оналаримизнинг муносиб қизи сифатида борлигингизча яхши кўраман, ҳурмат қиламан!
Доно халқимизнинг ”Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмассан” деган мақоли бор. Мусофирчиликда эл учун қайғуриб мақолалар ёзаётган, яхшилик ва диёнатга чорлаб шеърлар ёзаётган Соҳибахонимни ”Ўз паноҳингда асра” деб Аллоҳимга дуо киламан! Омийн, ё Раббул оламийн!

04.06.2013-йил.

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn