Машрабнинг «Мабдаи нур» асарида авлиёлар тимсоли

munavvara_oymatovaМунаввара Ойматова

(Зиндафил – Аҳмади Жом мисолида)

Бобораҳим Машрабнинг «Мабдаи нур» асари ўзбек адабиётида янгилик саналиб, у Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маънавий Маснавий» асарига шарҳ сифатида ёзилгандир.

Мазкур асарда «Маснавий»дан олинган айрим байтлар шарҳи мушокила йўли билан шарҳланган. Машраб байтлар шарҳидан кейин турли ҳикоятлар келтирган. Бу ҳикоятларнинг аксари авлиёлар ҳаётига доирдир.

«Мабдаи нур»да пайғамбарлардан Муҳамммад с.а.в, Мусо а.с., Исо а.с., Иброҳим а.с., Идрис а.с., Сулаймон а.с.лар ҳаёти билан боғлиқ ҳикоятлар ҳам келтирилган. Аммо асарда кўпроқ авлиёлар ҳақида ҳикоятлар байтлар шарҳига илова қилинган.

«Мабдаи нур»да келтирилган авлиёлар орасида ислом оламида машҳур авлиёлар, жумладан, Зуннун Мисрий, Боязид Бистомий, Жунайд Бағдодий, Абулҳасан Ҳарақоний, Робиъа Аддавийя, Довуд Тойи, Суфён Саврий, Имоми Аъзам, Баҳлул, Фахриддин Розий кабилардан ташқари, номлари унча машҳур бўлмаган авлиёларга доир ҳикоятлар ҳам мавжуд. Шулардан бири Зиндафил номи билан машҳур Аҳмади Жомий ҳазратларидир ( Зиндафил (Жанда фил) (1049-1141) Ҳиротда яшаган форс-тожик шоири).

Ушбу шайх ҳақида илк маълумотларни ўзбек китобхони Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарида ўқиши мумкин: «435. Шайх ул-ислом Аҳмад Номақий Жомий қ.с. Кунияти Абу Наср Аҳмад б. Абулҳасандур ва жарир б. Абдуллоҳ Жабалий фарзандларидандур разиёллоҳу анҳуки, Расул с.а.в. вафот қилган йил мусулмон бўлди. Аллоҳ ундан рози бўлсин, деди: Исломни қабул қилганимдан бери Расулуллоҳ с.а.в. зиёратидан маҳрум қилмади ва доимо менга табассум билан боқарди].

Ва ул баланд қаду бисёр жамил эрди. Амир ул-мўъминин Умар р.а. анга бу умматнинг Юсуфи от қўюб эрди. Ҳазрат Шайхқа Ҳазрати Ҳақ с.т. қирқ икки фарзанд бериб эрди, ўттуз тўққузи ўғил ва учи қиз. Шайхнинг вафотидин сўнгра ўн тўрт ўғул ва уч қиз боқий эрди. Ва бу ўн тўрт ўғул бариси олим ва омил ва комил ва соҳиби тасниф ва соҳиби каромат ва валоят. Ва халқнинг муқтадоси-ю пешвоси эрдилар. Ва ўзи уммий эрди ва йигирма икки ёшида тавба тавфиқи топти ва тоғқа чиқди. Ва ўн саккиз йил риёзатлар тортқондин сўнгра қирқ ёшида ани халқ ичига юборибдурлар ва ладунний илм эшикларин юзига очибдурлар. Ва уч юз той қоғаздин ортуқдурки, тавҳиду маърифат илмида ва сирру ҳикмат маърифатида ва тариқа равишида ва ҳақиқат баёнида тасниф қилибдурки, ҳеч олим ва ҳаким анга эътироз қилмайдур ва қила олмайдур. Бу таснифот барча оёти Қуръоний ва Расул с.а.в. ахбор ва аҳодиси била муқайяд ва муайяддур. Ҳазрат Шайх қ.с. «Сирож ус-соирин» отлиғ китобида келтурубдурки, қирқ ёшимдин берики, мени халқ орасиға юборибдурлар, бу кунгачаким, олтмиш икки ёшдамен ва бу китобни фармон била жамъ қидадурмен, юз саксон минг кишидурки, бизнинг илгимизда тавба қилибдур. Ва андин сўнгра дағи кўп йил Ҳиротда эрмишлар. Шайх Заҳириддин Исоки, Шайхнинг фарзандларидин биридур, «Румуз ул-ҳақойиқ» китобида келтирубдур. Бизинг Шайх илгида умрларнинг охириғача олти юз минг киши тавба қилибдурлар, маъсият йўлидин тоат тариқиға кирибдурлар. Ва Шайхнинг хирқа пири Ҳазрат Шайх Абу Саид Абулхайр қ.с.дур. ва анинг шарҳи будурким, Ҳазрат Абу Саидқа бир хирқа бор эрдиким, анда тоат қилур эрди.

Мундоқ дебдурларки, ул хирқа Амир ул-мўъминин Абобакр Сиддиқ р.а.дин мерос қолиб эрди машойиққа. То навбат аларға етиб эрди, аларға кўргуздилар ва амр қилдиларки, ул хирқани Аҳмадқа таслим қил! Шайх Абу Тоҳирғаким, аларнинг фарзанди эрди, васият қилдиларки, менинг вафотимдин неча йилдин сўнгра бир навхат буюк бўйлуқ, азрақ кўзлуғ Аҳмад отлиғ йигит сенинг хонақоҳингдин киргай ва сен асҳоб орасида менинг ўрнумда ўлтурмиш бўлғайсен, зинҳорким, бу хирқани анга таслим қилғайсен. Аларнинг умри чун охир дамға етти, Шайх Абу Тоҳирға бу орзу бўлур эрдики, валоятеки алардадур, Шайх Абу Тоҳирға топшурғайлар. Алар кўз очиб дедиларки, ул валоятеки, сиз тамаъ қилиб эрдингиз, ани яна биравга топширдилар ва бизинг шайхлиғимиз аламин бир хароботе эшикига урдилар ва ишеки бизда эрди, анга таслим қилдилар. Ва сўзларки, эл билмадики, ҳол недур, то улки, алар вафотидин неча йил сўнгра бир кеча Шайх Абу Тоҳир воқеада кўрдики, бузургвор оталари жамъи асҳоб била мустаъжал борадурлар. Ул сўрдиким, ё Шайх, не таъжилдур? Алар дедиларки, сен дағи келки, қутбиавлиё келадур. Ул тиладики, борғай, уйғонди. Яна бир кун Шайх Абу Тоҳир хонақоҳида ўлтуруб эрдиким, бир йигит кирди, ҳам-ул сифат билаки, Ҳазрати Шайх васият қилиб эрди. Шайх Абу Тоҳир филҳол билди ва эъзозу икром қилди, аммо андоқки, башарият муқтазосидур. Мутааммил бўлдики, андоқ бузургвор ота хирқасин нечук илигидин чиқарай? Ул йигит деди: хожа, амонатқа хиёнат раво эрмас. Шайх Абу Тоҳир хушвақт бўлди ва бориб ул ердинки хирқани Ҳазрат Шайх ўз муборак илиг била қозуқдин осиб эрдилар, олиб келтуруб, ул йигитнинг эгнига солди. Ва дебдурларки, ул хирқани машойихдин йигирма киши кийиб эрди, охир Шайх ул-ислом Аҳмад Жомға ҳавола бўлди. Андин сўнгра киши билмадики, ул хирқа қаён борди? Шайх ул-ислом Аҳмаддин сўрубдурларки, машойих мақомотин эшитиббиз ва кутубларин кўруббиз, ҳеч қайсидин бу навъ ҳолотки, сиздин зоҳир бўлур, бўлмайдур. Дедики, биз риёзат вақтида ҳар риёзатки эшиттик авлиёуллоҳ тортибдурлар, торттик ва анга нима мазид ҳам қилдук. Ҳақ с.т. ўз фазлу карами била ҳар не пароканда аларға бериб эрди, бир йўла Аҳмадқа берди. Ҳар тўрт юз йилда Аҳмаддек бирав пайдо бўлғай, иззу атолонинг инояти осори анга бу бўлғайки, халқ кўргайлар. ҳБу раббимнинг фазлу карамидандир]. Ҳазрат Шайх каромоту мақомотининг шарҳи андин кўпроқдурки, бу мухтасарда адо топқай, не учунки, бовужуди улки, алар мақомотининг жамъини эллик-олтмиш жузв битибдур, улча бор, шарҳ қилаолмайдур ва ул мақомот машҳуридур. Агар ҳолотиға яхши мутталеъ бўлай деган кииш ул китобни ўқимоқ керак. Шайхнинг валодати тўрт юз қирқ бирда эрмиш ва беш юз ўттиз олтида дунёдин ўтубдур».1

Бунга қўшимча равишда, Ҳамиджон Ҳомидийнинг «Тасаввуф алломалари»2 китобида келтирилган маълумотларни келтириб масалага ойдинлик киритайлик: «Шайхул ислом Абунаср Аҳмад бинни Абулҳасан бинни Аҳмад бинни Муҳаммад Номиқий – Жомий – Аҳмад Жандапил тасаввуфнинг буюк алломаларидан бўлиб, 1049 йили Жом шаҳридан унча узоқ бўлмаган Номиқ қишлоғида зодагон оиласида дунёга келган. Аҳмад болалик ва йигитлик палласида ялқовлик қилиб илм ўрганмай, касб эгалламай юради. Бодапарастликка берилади. Ва ниҳоят 22 ёшида бу йўлдан қайтиб, тасаввуфга юз буради: ўн икки йил Номиқ тоғида, 6 йил Безд тоғида танҳолик – гўшанишинликка берилади. Сўнг Сарахсда Зўробод деган шахсдан илм ўрганади; Марв, Нишопур, Бузжон, Ҳирот, Бохарз, Бистом шаҳарларига сафар қилиб, кўп уламолар суҳбатида бўлади, улар билан баҳслашади, Ҳаж зиёратига боради. Сафардан қайтгач, Жом яқинидаги Маъдатобод қишлоғида муқим яшаб, ҳижрий 1141 йили 90 ёшида оламдан ўтади. Унинг хоки Турбат деган маҳаллага дафн этилган. Турбати Жом номи билан машҳур бўлган бу мавзеъ халқнинг қутлуғ зиёратгоҳи ҳисобланади…

Аҳмади Жом Абутоҳири Гурднинг муриди бўлса-да, замонасининг Абдулло Ансорий, Хожа Мавлуд Чиштий, Имом Муҳаммад, Мансур Сарахсий каби буюк шахслари суҳбатидан баҳраманд бўлиб, дуоларини олган, Султон Санжар билан яқиндан алоқада бўлган. «Райҳон-ул-араб» китоби муаллифининг ёзишича, Аҳмад қирқ ёшида уч юз олтмиш минг шогирд ва муридларни ўзига эргаштира олган буюк авлиё эди. Аҳмади Жом – Жандапилдан бизга қадар «Мифтоҳ- ул-жаннат», «Сирож-ул-соирин», «Бурҳон-ул-ҳақиқат», «Эътиқоднома», «Футуҳ-ул-қулуб», «Анис-ал-мазнабин», «Анис-ал-тобеин», «Ал-зуҳдиёт», «Самарқандия», «Футуҳ-ал-руҳ», «Канз-ал-ҳикмат» сингари кўплаб илмий рисолалар; Султон Санжарга атаб тартиб этилган 4 минг байтдан иборат шеърлар девони, «Муҳаббатнома», «Сўз ва гудоз» номли катта ҳажмдаги маснавийлар мерос бўлиб қолган.

Жандапил Шарқда сўфизм назариётчиси, маснавий устаси, ирфоний шеърият пешволаридан бири сифатида ниҳоятда эъзозланган. Шунинг учун ҳам унинг назарияси ва ғоялари барча асрларда донишмандлар, мутафаккирларнинг диққат марказида турган. Аҳмади Жомнинг ҳаёти ва ижодига доир турли даврларда «Нур ал-ҳақойиқ», 5 та «Мақомот», «Мақомоти Жандапил», «Хулосатул-ҳақойиқ», «Хулосатул-мақомот», «Сабз парий» сингари илмий ҳамда бадиий асарларнинг яратилганлиги ушбу мулоҳазаларни тасдиқлайди. Жандапил маснавий ва шеърларида тасаввуфий мулоҳаза ҳамда ақидаларни тарғиб, ташвиқ этиш билан бирга дунёвий ғояларни ҳам илгари сурган. Зероки, ҳаётда у ўз шогирдларини бирон бир касбни эгаллаб ҳалол меҳнат эвазига кун кечиришга ўргатар, фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор берарди. Унинг 3 қиз ва 13 ўғилни комил инсонлар илиб вояга еткизганлиги ҳақида мақоматларда қизиқарли далиллар ёзиб қолдирилган. Ҳатто, у бир неча шеърида рамзий тарзда бўлса ҳам Султон Санжарга васиятлар қилган. Шоир рубоийлари мавзу жиҳатидан ҳам, ғоявий-бадиий хусусиятлари томонидан ҳам юксак фасоҳат ва балоғат намуналаридир»3.

Ҳар икки иқтибос Аҳмади Жом ҳақида керакли маълумотлар бера олган. Биз бунга қўшимча тарзда бобурий малика Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома» асарида келтирилган иқтибосни келтириб, Жандапилнинг машҳурлик даражасига яна бир назар ташлаймиз:

«… Иккинчи марта Ҳазрат амирларидан Субҳонқулини Ҳиндол ҳузурига юбориб, «Мирзога айтинг, бегимни юборсинлар», – дебди. Мирзо: «Мен неча бор айтдим, лекин бормайман деяпти, ўзинг бориб айтгин», – дедилар. Субҳонқули бориб айтган эди, бегим: «Подшоҳларни фақат бир марта кўриш мумкин, иккинчи марта кўриш номаҳрамлик бўлади. Мен бормайман», – деб жавоб берди. қирқ кунгача у рад жавобини такрорлайверди. Аммо подшоҳ амри вожиб деганларидек, Ҳумоюн ўз айтганида қаттиқ туриб олди. Унинг бундай қайсарлигининг яна бир асоси ҳам бор эди.

ўша тушкунликка тушиб юрган кунларининг бирида у туш крибди. «Шундан сўнг подшоҳнинг муборак хотираларига малол етди», – дея ҳикоя қилади Гулбадан бу ишда Ҳиндолнинг кароматини кўриб. – Кўнгиллари олиниб, уйқуга кетган эдилар, тушларида бошдан оёқ сабзаранг либос кийган ва қўлида асо ушлаган бир авлиё келиб, «Мардона бўл, ғам чекма», деб қўлидаги асони подшоҳнинг қўлларига тутқазибди. «Аллоҳнинг марҳамати билан сен бир фарзанд кўрасан. Исмини Жалолиддин Муҳаммад Акбар қўйгин», дебди. Ҳазрат: «Исми-шарифингиз нима?»– деб сўраган эканлар, «Жанда Фил Аҳмад Жомий»,– дея жавоб берибди ва «…у фарзанд менинг наслимдан бўлади», деб қўшиб қўйибди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Ҳумоюн бундай ақидаларга беҳад ишонар эди. Шу йўсин маълум бўлдики, Ҳамидабону Жанда Фил Аҳмад Жомий авлодига мансуб экан. Ниҳоят, «ҳижрий 948 йил жумодил аввал ойининг душанба куни(1541 йил, сентябрь) пешиндан кейин подшоҳ ҳазратлари мунажжимлик китобини ўзларининг муборак қўлларига олиб, унда омадли соатни белгилаб, амир Абулбақони чақиртирдилар ва никоҳни қилишни буюрдилар. Никоҳдан сўнг уч кунгача шу ерда турдилар, сўнг отланиб, кемага ўтирдилар…»4.

Кўриниб турибдики, Жандапил авлоди бўлган Ҳамида бону ва Ҳумоюн фарзандлари Ҳиндистондаги Бобурийлар династиясининг энг машҳур намояндалари бўлган.

Гарчанд Ҳ.Ҳомидий келтирган далиллар Аҳмади Жом ҳақида кенг маълумот бўлса ҳам, бироқ Ф.Атторнинг биз кузатган «Тазкиратул авлиё» асари5да ҳам, шу муаллифнинг «Илоҳийнома»6, яна «Мантиқут тайр»7 асарларида ҳам Жандапил ҳаётига доир бирор бир маълумот учрамади. Ана шунга кўра айтиш мумкинки, тасаввуфнинг бу машҳур уламоси ҳаёти ва ижоди кенг ўрганилмаган.

Жандапил, аниқроғи, Зиндапил ҳақида «Мабдаи нур»да келтирилган ҳикоятлар бошқа манбаларда учрамайди. Зиндафил ҳақида «Мабдаи нур»да учта ҳикоят келтирилган. Хусусан, «Маънавий Маснавий»да ҳам Жандапил ҳақида ҳеч қандай ҳикоят йўқ. Биз Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» асарида келтирилган бир ҳикоят Зинда пил ҳаётига доир бўлиб, бу ҳикоят «Мабдаи нур»га кирган бошқа бир ҳикоятга ўхшаб кетади. «Лисон ут-тайр»даги ҳикоятнинг қисқача мазмуни шундан иборатки, Жом шайхи Зинда пил дўзахда ётган кишиларга назар солибди. қараса, одамлар азобларга дучор экан. буни кўриб унинг ҳиммати жўшиб, бу кишиларни азоблардан озод этишини сўраб Тангрига мурожаат этибди: «Эй Аллоҳ! Барча дўзах аҳлини барча қилган гуноҳидан ўт! Уларни ёрлақаб, дўзахдан озод эт! Агар бунга рози бўлмасанг, менга шундай жисм ато этки, у билан бутун дўзахни тўлдирай. Мақсадинг одамларга азоб бериш бўлса, улар ўрнини мен эгалай!»8

Айни шу ҳикоятга ўхшаш ҳикоят «Мабдаи нур»9да Мусо а.с.дан Аллоҳга ўз тилагига етказишни сўраган мажруҳ киши ҳақидадир. Бу ҳикоятга кўра, мажруҳ киши аллоҳ билан розлашгани кетаёган Мусо а.с.га «Бориб, Аллоҳдан сўра-чи, мен дўзахийманми ё жаннатий», дейди. Мусо а.с.га Аллоҳ у банданинг дўзахий эканлигини айтади. Мажруҳ киши буни эшитгач, дейди: «Эй, Мусо, бориб Худойингга айт, мен дўзахга тушишга тайёрман. Аммо менинг вужудимни шундай катта қилсинки, дўзахга фақат ўзим сиғай. Ҳатто чумоли сиғмасин. Дўзах оловида фақат ўзим куяй!». Буни эшитган Тангри уни жаннат аҳлидан қилди. Аммо бу мажруҳ яна бошқа тилакни изҳор этди: «Жаннат сенинг қавмингга муносиб. Менга дийдорини кўрсатмаса, дўзахга қайтарсин». Аллоҳ бу эрка банда тилагини мустажоб этди.

Ҳар икки ҳикоят ҳам мазмунан бир-бирига ўхшаш. Фақат қаҳрамонлар номи бошқа-бошқа. Умуман, шарқ адабиётида сайёр мавзулар кўп учрайди. Бу ҳолат ҳам шундан далолатдир.

Жандапил ёки Зиндафил ҳақида «Мабдаи нур» ҳикоятларига қайтайлик. Ҳикоятлардан бирининг насрий баёнини келтирайлик.

Ҳикоят

Бир куни Шайх Аҳмад Номақий хонақоҳда ўтирган эди. Бир оёқяланг гадо келиб, оҳ чекиб йиғлади. Йиғлашидан маъно – шайх унга яхшилик қилишини исташ эди. Буни кўриб шайх деди:
– Эй, йиғлаб жонимга тегдинг. Нима истайсан бунча? Мен дардимни айтсам Кўҳи қоф чидамайди.
Шунда ҳалиги гадо Рум юртига шоҳ бўлсам деди. Буни эшитиб шайх деди:
– Ҳимматинг паст экан. Подшоҳликни ҳам тилайдими одам? Шоҳлик – икки оламга гадолик. Сен Мусо қурбини тила. Аллоҳ сирларига ошноликни тила. Илёс қурбини тила. Майли, шоҳлик истаган экансан, шоҳ бўл.
Гадо «Мен халққа адлу адолат қилай. Рум шоҳлиги бас менга», деди.
Шайхнинг ҳиммати ошиб, бор, Рум юртига шоҳ бўл, деди.
Гадо яна шайхдан «Менинг авлодимдан ҳам Ҳақни танигувчи бўлсин. қиёматгача наслимдан авлиё бўлсин».
Шайх: «Майли, ғавслик ҳам насиб бўлсин», деб дуо қилди.
Гадо яна сўради: «Сен менга подшоҳлик тахтини бердинг. Яна бир тилагим, гўрда Мункар, Накир мени сўроққа тутмасин».
Шайх гадога деди: «Сенинг тилакларинг Аршга ҳам сиғмас. Барча умматдан олдин жаннатга кир».
Шом ўтгач, шайх тунда Аллоҳга нола қилди: «Ё Худойи роздон! Мен бу тил билан кўп нарса инъом этдим. Сен мени шарманда қилмагайсан!»
Шунда Ҳотифдан овоз келди: «ғам ема, мен сенга ошноман. Мен сени соҳибихтиёр этдим. Ҳалиям у бандага кам бердинг. У бечорага лутф этгин».
Шайх эрталаб у гадога: «Румга бор», деб айтди.
Шунда гадо яна сўради: «Мен нодонлик қилиб тўлиқ сўролмагандим. Менга исми аъзамдан таълим бер».
Шайх уни хилватга олиб кириб, исми аъзамдан сабоқ берди. Гадода илмлар кашфи ҳосил бўлди. Эртасига гадо Румга кетди. Бу Румга етган эди ҳамки, Рум шоҳи вафот этди. У Рум халқини йиғиб сўради: «Мана шоҳ ўлди. Энди кимни шоҳ қиласизлар?»
Халойиқ деди: «Бизнинг мулкда инсофли одам йўқ».
Шунда гадо уларга айтди: «Мана мени шоҳ қилинглар».
Унинг сиридан хабардор олим бор эди. У гадонинг яқинига келиб деди: «Бундан Аҳмад Жомийнинг ҳиди келмоқда».
Шундан сўнг халойиқ ундан шоҳ бўлишини сўради.
Уни шоҳ ўрнига ўтказдилар. У адлу адолат билан эллик йил шоҳлик қилди. Вафот этар пайтида иймонини топди.10
Юқоридаги ҳикоятдан маълум бўладики, Аҳмади Жом ниҳоятда бағрикенг ва саховатли киши бўлиб, шунинг билан бирга парҳезкор ва андишалидир. У тилаклари оламжаҳон бўлган кишига хайрихоҳлик қиладию яна Аллоҳдан ҳаё қилади. Аммо марҳаматининг даргоҳи кенг бўлган Яратган барча нарсани кўриб билиб тугувчидир. У ўз валийси андишаси ва ибосини англаб, унга эл аро шарманда бўлмагайсан, деб ишора қилади.
Аҳмади Жомнинг Жандапил ёки Зиндафил деб аташларига жавоб айни «Мабдаи нур»да келтирилган икки ҳикоятда мавжуддир. Ушбу ҳикоят насрий баёнини келтирамиз.

Ҳикоят

Аҳмади Жом ҳажга кетаётганди. Каъба Зиндафил(Аҳмади Жомийнинг лақаби)га пешвоз келди. Аҳмади Жомий ҳажни адо этиб бўлган заҳоти отаси ўлгани хабари етиб келди. У шошилиб Жомга шаҳрига етиб келди. У Аллоҳга мурожаат қилиб деди:«Мен бу ерда йўқлигимда отам вафот этибди. Мен отам билан сўнгги марта гаплашолмадим. Мен сен билан машғул эдим, Аллоҳ. Энди менинг арзимга ет. Отамни тирилтир, бир кўрай!»
Шунда Ҳотифдан садо келди: «Эй Зиндафил, қурб бердим. Отангни тирилтириш қурбини бердим».
Ҳақнинг бу лутфидан илҳомланган Аҳмади Жомий жазбага тушди. Отасининг қабрига асо билан бир урган эди. Отаси тирилди. Шайх отасидан сўради:
– Ота, ул жаҳонда не гап? қаригандинг. Энди янги туғилган кабисан. Икки оламнинг сенга ярим арпачалик қадри йўқ. Бунда қолганларни бир дуо қил. Мендан рози бўлгин.
Отаси ўғлига деди:
– Мен икки оламдан кўра гўр яхши эди. Мен Арш узра чарх уриб, Аллоҳга лаббай деяётгандим. Нега мени тирилтирдинг? Бир дуо қил. қайта ўлай. Ҳурлар билан ҳамдам бўлай.
Шуни айтиб жон берди11.
Ҳикоят насрий баёнидан кўриниб турибдики, Аҳмади Жом Аллоҳнинг эрка бандаларидандир. Чунки у «Мен сен билан машғул эдим», деб Аллоҳга эркалик қилмоқда. Ва Яратган ҳам унинг бу эркалигига мукофот қилиб, отасини тирилтириш қурбини ато этмоқда. Иккинчи ҳикоят насрий баёнига диққат қилайлик.

Ҳикоят

Жом юртига Абдураҳмон шоҳ эди. У «Юртга сўроқ бериб билай-чи, ким ориф, ким қутби замон. Агар ўшандай комил инсонни топсам уни ёнида бўлай», – деди. Шоҳ шуларни ўйлаб, юрт олимларига амр этди: «Менинг филим ўлиб қолди. Кимки чин олим бўлса, шуни тирилтириб берсин!»
Етти минг олим бу амрга ҳайрону лол эди. Шоҳ «Агар филимни тирилтириб бермасангиз, ҳаммангизни қатл этарман», – деди.
Олимлар филни тирилтириш учун тўқсон уч кунга муҳлат олдилар.
Муҳлатнинг тўқсон куни ўтди. Аммо шоҳ амрига чора йўқ эди.
Тоғдаги бир ғорда Шайх Аҳмад яшарди. У ғавси Аллоҳ эди. Аммо оддий халқ буни билмас эди. Шайх Аҳмад муроқабада ўтирган эди Муҳаммад с.а.в. руҳлари ҳозир бўлиб, «Эй марди худо, шунча олимлар ўлгунча, бир сен ўлгин. Сенга нур бағишлай, токи сенинг қабрингни ким тавоф этса, қиёматгача қабр азобидан қутулгай».
Шайх Аҳмад Мустафо с.а.в. ваъдалари англади:
– Руҳингиз ҳақи, ё Мустафо, уммат учун жоним бағишлайман, – деди.
Тоғдан шаҳарга тушиб борди. Шайх шаҳар аҳли ғамга ботган эди. Шайх уч болани шаҳар ташқарисида ўйнаб юрганини кўрди. ўша ерда бундан ўттиз йил олдин ўлган эшак хас бўлиб ўлиб ётганини кўриб, унга чўп теккизди. Эшак тирилди. ўйнаб юрган болалар бу ҳолни кўриб, уйларига бориб айтишди:
– Бир ялангоёқ девона саҳрода бир тўда суякларга чўп теккизиб эшакни тирилтириб, миниб кетди.
Шунда етти минг олим шайхни излаб топиб дедилар:
– Эй шайх, бизнинг мушкулимизни осон қил.
Шайх уларга деди:
– Майли, мен шоҳнинг филини тирилтираман. Аммо сизлар мени ўлдиринглар.
Шайхнинг бундай дейишига сабаб, шайх бу ишдан кейин нима бўлишини биларди.
Ўлган фил олдига бориб шайх «қум биизниллоҳ» деб дуо ўқиди. Фил қилт этмади.
Шунда Ҳотифдан нидо келди: «Эй, бандам, «қум биизни», дегил. Мен сенга Зиндафил деб лақаб қўйдим».
Шайх «қум биизни»деганди фил тирилди.
Шайх қайтмоқчи бўлганди, олимни уни тўхтатиб сўрашди:
– «Қум биизниллоҳ» дейишинг керак эди. Аммо «қум биизни» яъни мен Ҳақман дединг. Банда Ҳақ бўлолмайди. Сени ўлдириш керак. Чунки сен Ҳақ даргоҳида манманлик қилдинг.
Олимлар қўлларига тиғ олиб, шайхнинг кўзини ўйиб олишди. Шунда шайх деди:
– Беҳуда гапларни гапирманг.
Аммо олимлар ғавғо кўтариб, уни иймонсизликда айблашди. Шоҳ шайхни ўлдиришга ҳукм этди. Етти минг олим Аҳмади Жомийни қўй каби сўйишга эришдилар. Мурдасини кўтарганларида қони ерга тушиб, «Тоҳо» ояти ёзилди. Шунда олимлар уни ўлдиришганига пушаймон бўлишди.
Шайхнинг бир содиқ муриди бор эди. У Жом шаҳрига етиб келди. Бу мурид Худога нола қилиб деди:
– Эй Худо, Сен менинг пиримни нима қилдинг? Бу халқ пиримни қийнабди. Сендан бир нарса сўрай. Сен подшосан. Мен гадоман. Мен ҳам сенга жанг этай.
қулоғига Ҳотиф нидоси етди:
– Пиринг хун баҳосига бир лак(юз минг) қул гуноҳини бағишладим.
Мурид бунга кўнмади. Шунда Раббим унга шундай ваъда берди:
– Кимки ўлаётганда чоғида «Зиндафил» деса, беиймон кетмагай.12
Аҳмади Жомнинг Жанда пил лақабига Гулбаданбегим ҳам ишора этган. Аммо далил Машраб келтирган ҳикоятда аниқ берилган. Яъни филни тирилтиргани боис у Зиндафил деб аталган.
Юқорида келтирилган ҳар уч ҳикоятда ҳам Аҳмади Жомнинг узоқни кўрувчи, андишали ва ҳар ишда Ҳақ ризосига қараб юрувчи парҳезкор киши эканлиги кўзга ташланади. Келтирилган ҳикоятларнинг биринчисида Рум элига шоҳлик тилаган кишига: « – Ҳимматинг паст экан. Подшоҳликни ҳам тилайдими одам? Шоҳлик – икки оламга гадолик. Сен Мусо қурбини тила. Аллоҳ сирларига ошноликни тила. Илёс қурбини тила…» деган Аҳмади Жомнинг бу дунёдаги мажозий шоҳликни назари илмаганлиги, бу шоҳликдан кўра, Аллоҳ анбиёси бўлиш афзаллиги унинг ниҳоятда парҳезкорлигидан далолатдир.
Иккинчи ҳикоятда Аллоҳнинг амри билан тирилган отасидан розилик сўраши унинг чинакам қобил фарзанд эканлигига ишоратдир.
Учинчи ҳикоятда тушида Муҳаммад с.а.в.нинг айтган сўзлари ижроси учун ўлимни бўйнига олиб подшоҳнинг филини тирилтириш учун бориши унинг ҳақиқий пайғамбар уммати эканлигидан далолатдир. Айни шу ҳикоятда у ўзининг Аллоҳ томонидан филни тирилтириш қудрати борлигини ўз тили билан айтиб, олимларни қутқазиш учун манманликка бормай, буни бегуноҳ болалар гувоҳлигига ҳавола этишида ҳикмат бор. Яъни у ўттиз йил олдин ўлган эшакни болалар кўз ўнгида дуо билан тирилтириб, миниб жўнаши воқеасини болалар уйларига бориб айтиши унинг кейинги воқеа – филнинг тирилтириши учун дебочадир. ўзининг бу нодон олимлар томонидан ўлдирилишини ҳам у ҳолга эришганлардан бўлганлиги учун биларди. Аммо у ўзининг ўлими туфайли яна неча минглаб мусулмон кишиларга яхшилик қилишни ҳам билган. Чунки унинг вафтидан кейин содиқ муридларидан бири Худога нола қилиб, пирининг хунбаҳосини сўрайди. Ва у сўраган хунбаҳосини ортиғини билан олади: «қулоғига Ҳотиф нидоси етди: – Пиринг хун баҳосига бир лак(юз минг) қул гуноҳини бағишладим.
Мурид бунга кўнмади. Шунда Раббим унга шундай ваъда берди:
– Кимки ўлаётганда чоғида «Зиндафил» деса, беиймон кетмагай».
Бунинг каби гўзал ўлим Ажри ҳар қандай авлиёга насиб этмаган.
Зиндафил ҳақида биринчи ҳикоят «Мабдаи нур»да
Асли билсанг, нури жондур тарбият(қурбият),
Гавҳари ҳафт осмондур тарбият,13
Байтининг шарҳига илова қилинган. Бизнингча, бу ўзбекча байт «Маънавий маснавий»дан олинган. Чунки «Мабдаи нур» асарининг матний тузилишидаги тартибга кўра ушбу байт шарҳланувчи байт ўрнида турибди. Шунингдек. Машраб баъзи ўринларда «Маснавий» байтларининг ўзбек тилидаги вариантини бериб кетган.
Иккинчи ҳикоят эса,
Пок кун аввал замири хешро,
То бидони сирри ҳар дарвешро14,
байтига шарҳ бўлиб келган ҳикоятлар қаторида келган.
Аҳмади Жом яъни Зиндафил сиймоси авлиё сифатида ҳам, оддий киши сифатида ҳам юқоридаги ҳикоятларда Машраб томонидан чиройли тасвирга тортилган. Чунки Зиндафил шоҳлик истаган кишига Ҳақ ишқидан ҳам гўзалроқ ишқ дунёда йўқлигига ишора қилади. Шунинг учун у кишига Мусо қурбини, Илёс қурбини сўра, Аллоҳга маҳбуб кишилардан бўл деган маънони билдиради. Аммо ундан дуо сўраган киши ҳам жуда доно эди. У Аҳмади Жом қурби неларга қодирлигини билган. Шу боис шоҳлик истаги билан чекланмади. Аксинча, у ўзининг кейинги авлодидан авлиёлар чиқишини, исми аъзам илмини шахсан Зиндафилдан ўрганишни истади. Аҳмади Жом эса унинг барча тилакларини Тангрининг розилиги билан ижобат бўлишига эришди.
Машраб Зиндафилнинг валийлик каромати ва башорати, кўнгил кўзи очиқлигини ҳар учалла ҳикоят билан далиллаган.
Авлиёлар ҳақидаги ҳар бир ҳикоят замирида оддий халқ ҳаётига тегишли ҳикматлар ва оддий халқнинг авлиёларга бўлган чексиз ҳурмати мужассамдир. Хусусан, «Мабдаи нур»да келтирилган Зиндафил ҳақида ҳикоятларнинг барчасида Аҳмади Жомга бўлган халқ эҳтироми яққол кўзга ташланади. Бу эҳтиром Машрабнинг ҳам эҳтироми. Авлиёлар кароматларини яхши билган Машраб Зиндафил ҳақидаги ҳикоятларда ҳам Аҳмади Жом каромати эътиборини баландга кўтарган. Чунки Зиндафилнинг филни тирилтириши етти минг олимни ўлимдан сақлабгина қолмай, балки юз минглаб мусулмон кишиларнинг Аллоҳ даргоҳида гуноҳларига ҳам каффорат бўлишига олиб келаркан.
Умуман, «Мабдаи нур»да келтирилган шарҳ-ҳикоятларнинг барчасида Зиндафил каби Худонинг суйган авлиёлари тимсоли шарҳланиши керак бўлган байтларни ажойиб тарзда шарҳланиб, изоҳланиб келган.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Фаридиддин Аттор. Тазкират ул авлиё, Тошкент,1997.
2. Фаридиддин Аттор, Илоҳийнома, Тошкент: Мусиқа, 2007.
3. Фаридиддин Аттор, Мантиқут тацр. Тошкент: Фан,2006
4. Румер Годен, Гулбадан, Тошкент, 2007.
5. Бобораҳим Машраб. Мабдаи нур. Тошкент, 2008
6. Алишер Навоий, Лисон ут тайр, Насрий баёни билан.Тошкент, 1991
7. Алишер Навоий, Мукаммал асарлар тўплами, Йигирма томлик. ўн еттинчи том. Насойим ул-муҳаббат.Тошкент: Фан. 2001.
8. Ҳомиджон Ҳомидий, Тасаввуф алломалари.Тошкент,2004.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn