РАСУЛИЛЛОҲ ЎГИТЛАРИ

ibadatУлуғбек Қирғизбоев

Бугун мен бир туш кўрдим, бу жуда нурли туш эди.
Болалигим мудом бобомнинг ёнида ўтган. У зот мироб эди. Савлатли ва кўркам, юзидан эса мудом нур ёғилиб турарди. Қўли очиқ, меҳрибон киши эди. У ётишдан олдин бувимнинг ёнига келиб:
– Кампир, эшикни беркитиб қўйсаммикан? Уни ёпcам, хонадонимизга келувчиларнинг йўлини тўсган бўлиб қолмасмиканман, дея очиқ қўйдим,-деди.
Мен эса:
– Бобожон, ухлагани кириб кетаяпсизми?-деб сўрадим.
У менга “ҳа” ишорасини қилди.
– Унда яхши ухлаб туринг, – дедим унга мўлтираб қаранганча.
Бобом менга меҳри ийиб тикилди. У жуда хушҳол эди.
– Вой сени қара-эй, вой ширин кичкинтойим-эй! -деди. Кейин бувимга ўгирилиб:
– Кампир, қара, бунинг тили ширинлигини.-деди.
Бобом менинг бошимни силаб:
– Тили бийрон болам,- деб суйди яна.
У ётоғига кириб кетаётиб ялтироқ қоғозга ўралган қандни қўлимга тутди.
Бувим ухлагани кириб кетган бобомнинг орқасидан тикилиб қолди, кейин менга қараб:
– Болам, одам қариб, ёлғизланиб қолгандай сезаркан ўзини. Ана шундай пайтда киши бир ҳимога маҳтал бўлиб қоларкан. Яхши сўзнинг гадойига айланаркан.-деди.
Мен бирдан ҳушёр тортиб уйғониб кетдим.
Аммо панжаларим маҳкам қисилган эди. Мен панжаларимни очдим, аммо қоғозга ўралган қандни кўрмадим. Шунда бирдан бобом айтган мақол эсимга тушди. “Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар”.
Бобом ёшлари улуғ юз ёшга яқинлашиб қолган бўлса-да мудом тетик, иродали эди. Энг асосийси иймонларига бой зот эди.
Ҳадиси Шарифда Имом Бухорий айтдилар:
Расулиллоҳ саҳобаларига уқтирдилар:
– Икки жағ ва икки оёқ орасидаги аъзоларингизни яхшиликка ишлатсангиз, мен сизларнинг жаннатга тушишингизга кафилдурман!
– Эй, кўзларидан, юзларидан нур ёғилган бобом! Сиз менинг қўлимга тутган, қоғозга ўроғлик қанд аслида қанд эмас, унда Расулиллоҳнинг бизга йўллаган ўгитини ўқидим.
Сиздан эса менга бир ширин калом қолди. Кўзларимда сизнинг кўзингиздаги нурдан бир акс қолди. Соғинсам, мудом қўлимни очиб қарайман ва унда мудом Расулиллоҳ ўгитини ўқийман…

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn