Шаҳодат УЛУҒ: НОМИ ҲАБИБИМ (қисса)

 

moonСўйласам қулоқ тутармисан? Магар англамассан, чорраҳада турмуш ташвишларига шўнғиб яшамоқ нақадар тотли азоб! Тингла, орзуларим хароб ўлмасин. Бўғзимда хитоб тинмасин. Юксал сен, қум ўпқонларига кўмилган муаззам ҳаётим. Минг йил йўлда юрдим. Минг йил юкундим. Минг йил чопдим. Поёнида манзилим топдим. Муқаддас қатл майдонига ўзимни отдим, қил кўприкка етмай бир лаҳза қотдим. Бир муддат ўзни йўқотдим, магар йўқотганим топдим, мен заифа ўзимни топдим.

1. Пешонам битиклари

Қобирғаларини синдириб олмиш. Сўнг авайлаб юрагини қинидан суғуриб тортмиш. Қобирғадан бир қалам йўниб ясалмиш. Потирлаган юрак шўрлик беомон сиқилмиш. Тайёр бўлгай қирмизи сиёҳ. Лаҳм гўштлардан дебоча саҳифа очила борар. Тилга кириб сабоқлар, ҳарфлар маржон мисол тизилар. Аттанг, сўнг битта-битта бежон узилар.

Шундай. Оловбардор офтоб-оламтоб – Шамс қатра мисол қалқиб соб бўлмас. Озиб ҳилол бўлар, тўлишиб тўлин ой – Қамар мунаввар унар, магар тугаб, сўнг хароб ўлмас. Замин ўпирилиб кетмаяжак, ё алалхусус, само ўқчиб-ўқчиб қон қусмас! Магар ҳаёт экан бу ҳаёт, маҳшар қадар куйи тўхтамас.

Ҳаракатдаги қобирға-қалам қўл учида қайтадан ўйноқлар ва бунда ҳаёт безалиб ёзилажак. Ҳарфлар лаҳмгўштлар саҳифасида маржон каби тизилажак. Аммо ҳеч зоғ англамаски, шу кесгир қобирға қон қатралари ила одамларнинг бахт ҳақидаги ажойиб ўйларини бира-тўла сўндириб ташлашга қодир. “Рўё-рўё, ба сари мо, ба сари мо!” ёниб куйлайверди форсийда ҳофиз. Шундай бўлақолсин. Жисман ўзни йўқотиб, ҳеч қаерда ҳеч қачон бўлмагандек тугаб, бўшаб қолдингми?

Тўлқинлар мавжига қараб мантиқ қила бошлайсан. Магар мантиқ ва чегара билмас бу пишқирган тўлқинларга сенинг сабоқларинг чикора. Мавжи дарё ҳайқириб оқаверар. Лекин айнан ўша муамбар тўлқинлар менга ёвузликнинг тахир таъмини туйиб, ундан эзгулик уруғини қандай сочмоқни ўргатмиш. Тўлқинлар соҳилга чиқариб ташлаган қайроқтошлар кўзингга ўзингдан кўра бирнав кўринади. Уммон наъра тортиб, ҳайқирганида уйқу қучоғида эди улар. Тўлқинлар қирғоққа урилган чоғ гунг тошларни чўчитиб юборди. Шундан буён уйғоқ. Шундан буён бедор, беҳаловат сим-сим йиғлаюр.

Тиним билмас тўлқинлар-да уларнинг тусини ювиб, ўчиролмас. На бўронлар-да қайроқтошларни жойидан қўзғата олур. Ҳатто ўзим-да уларнинг шақ-шақ қасирғасига маҳлиё эдим – эрмак учун бирининг устига бошқасини отдим. Лекин ўзим билан олиб кетмоққа ботинолмадим. Бир ҳикматни англадимки, бу англовдан ўзим даҳшатга тушганлигим рост. Исми нима эди?…

…палахмон тоши отган жойингга бориб тушади. Нега мен бу қайроқтошларга бунчалар мафтунман?

Босиб ўтар эканман, учқур тошлар товон тилади. Югураман, тошлар қон, бағирлар қон югураман. Югураман! Исми нима эди? Яна ёдимдан фаромуш тушди.

Лаънати вақт қаҳрабо толқонини гулгун юзига сепиб улгурган, толқон юзли-доғли, ажин оралаб тарашамисол тиришган, ғамдан сочларига бит оралаган ёсуман
кампирмидинг, айт, фалак?

Ва ёки энди туғилган, ҳали шўри кетиб улгурмаган, оҳорли, навниҳол, дир-дир титроқ, кўзлари кўзмунчоқ қўзичоқмидинг? Само оша томчи томган абрмидинг? Сабоқ олган сабрмидинг, айт дунё? Қулоқ тутдим.

Аслида уч-тўрт ойни мўлжаллаб, Дажлага қайиқ солиб эдим, лекин номи хаёлимдан фаромуш кўримсиз кўрфазда қолиб кетиш пешонамда эди. Кўрфаздан чиқиб, қирғоқдаги қайроқтошларни босган кўйи туйқус товонимга қарадим. Тилим-тилим кесик товонимдан қонлар оқса-да, оғриқ сезмадим. Фақат қобирғаларим зирқираб оғрирди.

Тонг ёришай деб қолган, юлдузлар тим қора, қаҳрабо осмон денгизида нурсиз балқийди. Улар хира ханда отиб, сўник ўча бошлади. Фалакдан самодил бир наво келди. Сукунат ичида тебранган сабоҳнинг ўзи-да бу субҳи содиқ чоғ тонгга маҳлиё тушди. Фалак борлиққа дилтортар шаббодалар узатди. Яқин орада бунақа, малойиклар насиму наволардан пок таҳоратлар олган мусаффо, сокин, айни пайтда фаромуш сабоҳни кўрган эмасдим. Субҳи содиқ – саҳар афтодаҳол сўниб, зам-зама, муздек ҳовур тобора пасайди ва фалакда бир мужда чўғ олди. У илоҳий шуълаларини таратмоқ учун тасалло айлаб, сиймин ташлади. Шамс жилоларини саралаб, битталаб узатди. Ҳар гал шундай, офтоб-оламтоб қуёш тилла кокиллари тебраниб, заррин сепини ёйган чоғ хушёр тортаман. Хушёр тортавераман.

* * *

Биз анча йўл юргач, карвонга қўшилдик. Саҳрои Кабир аро нафас ростламоққа тўхтаган карвон яна субҳи саҳар чоғи йўлга чиққани тараддудда эди.

Карвон бошида бўйнига қўнғироқлар осилган нортуя олдинга қараб йўл олади. Қарангки, мис қўнғироқларнинг бир маромдаги куйи одамни ўзидан бездирмайди, билъакс, туну кун аллалаган мисол жаранглаган жило вужуд ичра қуйилиб оқади. Бу оҳанг-жило эса дам олгани чўккан туялар кўзига уйқу илинган кезда ҳам менинг қулоғим остида муаллақ қотади.

Бу чоғ нортуялар яна қайта тотли жилога жўр бўлиб, оёқлари остидаги қум ўпқонларини писанд этмай, олдинга интилмоқдалар. Олислар томон чўзилган улкан издиҳом орасида ҳижобли бир аёл ҳам кўринмоқда эди. Соябон аравада бир маромда чайқалиб борарди. Ҳожаси унга яқинроқ бўлиш учун туяни қичайди. Бека ҳожасига сув узатди.

Зард-олуд рангга бўялган осмон равоқлари оловбардор офтоб-оламтобнинг қизғиш нурлари билан чулғанди. Семурғ учса қаноти, Ҳазрати Хизр-да юрса оёғи куймиш саҳродан ўтиш машаққати бисёрлигини биламан. Бу машаққат мени шодлик номли гўшага олиб боргуси. Узоқда яна қайта кўринмоқ учун тўлғониб, йўқолиб бораётган афсунгар сароб мени сеҳрлаб қўйди. Атрофда эса эсаётган гармсел янтоқ ҳидини димоғимга пуркайди. Ҳижобли аёл ва ҳожаси манзилларига етган эди. Мен бизга ҳамроҳ бўлган бу аёл билан хайр-хўшлашмоққа тўхтадим.

– Хайр, омон бўлсак, кўришармиз!

– Хайр, – деди у.

Мен уни қучиб, сўнгги бора юзига тикилмоқ учун ҳижобини кўтардим ва сесканиб кетдим.

У мохов эди. Юзидаги тошмалардан потраб чиққан зардобни қўлидаги дастрўмоли билан оғриниб артди. Сесканиб кетдим. Чалғиб қолиб, афтодаҳол фаромуш бўлдим.
Қобирғаларим синдириб олдим, авайлаб юрагимни қинидан тортдим. Йўниб тайёрладим кескир бир қалам. Потирлаган юрак шўрлик беомон сиқилди. Сурҳ сиёҳ ила имлоларни маржон қилиб тиздим.

– Бўла қолинг, қараб турибман!

Мен овоз келган томон қайрилдим.

* * *

Начора, аёл бўлгач шу-да. Пешонамга оғиб тушган рўмолни бошга қайта маҳкам танғийман. Сўйласа бўладиган, бироқ ҳаётнинг арзимас икир-чикирларига шўнғиб яшамоқ нақадар тотли азоб!

“Фақат туртма, орзуларим хароб ўлмасин. Бўғзимда хитоб тинмасин! Юксал сен, қум ўпқонига кўмилган муаззам ҳаётим, тотли азобим! Минг йил йўлда юрдим. Минг йил юкундим. Минг йил чопдим, поёнида манзилим топдим. Ўзимни Муқаддас қатл майдонига отдим. Қил кўприкка етмай бир лазҳа қотдим. Ўзлик топдим, мен нодон, мен бир заифа ўзимни топдим.”

– Бўла қолинг, қараб турибман,- яна овоз эшитилди.

Айни чалғиш сабаб карвон аҳлидан орқада қолиб кетгандим. Амаллаб уларга етиб олдим. Ва бунда биз яна узоқ йўлни босиб ўтмоғимиз лозим эди.

Хинодан кафти қизарган саҳронинг поёни қақраб ётган даштга тақалган. Сўнг янтоқзор, туялар оёғи остида шиғиллаб оққучи қум ўпқонлари, тағин сароб…

1. Номи Ҳабибни излаб

Феруза булутларнинг шаффоф томчиларини гўё ўзида мужассам этган бир зам-зама кўринди. Ажабки, кафтдек бу жойдан отилиб чиқаётган сув на ўзидан жилға ҳосил қилган ва на-да ирмоқ. Аҳли карвон навбат билан идишларига сув ғамлади. Туялар ҳам суғорилди. Эндигина кўз очган бу булоқча саҳро қўйнида сувлар сувратини мангу ҳаёт тимсолида ўзида акс эттириб, башар қавмини меҳробга бош қўйиб сажда этмоқ учун иймон шоҳсупаси томон етаклаб бормоқда эди. Ниҳоят, карвон яна йўлга чиқди. Булоқ суви тегиб, ором топган кўнглим юмшаб борарди. Аравада бир маромда чайқалиб,
кўзимга уйқу илинди…

Бир маҳал осмон гулдуради. Қасирға тоғларда акс-садо бериб, чор-атрофни забтига олди. Абри найсонларни кутиб, чиллаи тобистонга бағир очаётган қир-адирлар сув қуйгандек сокин. Қасирға зумда тинди-қолди. Олуд бошларини сағал букиб турган зарғалдоқлар булутлар ортидан кўринаётган қуёшга нимханда отди. Оппоқ кўйлак кийган Ҳувайдо тизза қадар майсалар аро зарғалдоқлар термак билан машғул эди.

У бир қучоқ лолани менга тутқизади. Атрофни муаттар ҳид тутиб кетган эди.

– Ҳувайдо, буёнда нима қилиб юрибсан? – сўрадим мен.

– Лола тераётган эдим. Ўзингиз нима қилиб юрибсиз? Қаерга отландингиз? –
таажжубла боқарди у.

– Мавлои таоло – Мурувватли Худо – Дўсти Ҳабибни излаб юрибман.

– Ҳм-м, – бироз сукут ичида менга тикилиб, – Насиб этса, кўришармиз. – У шуларни айтар экан, даст қайрилди.

-Тўхта, ҳой Ҳувайдо, ўзинг қаёққа кетяпсан?

– Мен ҳам Маҳбуби Ҳабибни излаб кетяпман.

– Шошма, йўлимиз бир экан, менга ҳамроҳ бўла қол.

– Менинг бошқа бир юмушим бор, шуни тугатай.

– Унда номи Ҳабибинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” эсингдан чиқмасин.

– Хуш қолинг, манзилингизга саломат етинг.

– Оқ йўл, йўлинг бехатар бўлсин!

Ҳувайдо икки қўлини ёйиб, қучоқ очганча тобистон қуёшига бағир тутиб, югуриб кетди. “Аллоҳу Акбар!” Атрофда номи Ҳабиб янгради.

* * *

“Аллоҳ буюкдир” – беихтиёр пичирладим мен. Англадимки, бу тушим экан. Кўрдимки, ям-яшил қир-адир қўйнидамас, саҳрои кабирда кетмоқдамиз. Биз анча йўлни босиб ўтдик, аҳли карвон ҳам, туялар ҳам ҳолдан тойган эди. Карвонсаройга етиб олгач, туяларга дам берилди. Йўлга чиққанидан буён иссиқ таом нелигини билмаган сайёҳлар тамадди қилгач, хордиқ учун ҳужраларга жойлашди.

Йўлда тортган азобларни унутиб, донг қотиб ухлаб қолгандим. Кўзимни очсам, ҳамроҳим уйғоқ экан.

Ҳаётимнинг қайси босқичида турибман ўзи? Англай олмасдим. Мен энди туғилиб кўз очган туйғуларимни яна ўша жойга кўмиб, турмоққа шайланаман. Бундан аввал эса ўзни авайлаб олиб қўяман. Шунда аллақандай майда-чуйда турмуш тарзига жўнгина шўнғиб кетаётганимдан сиқилмайман. Шу тариқа инсоннинг қадр-қимматини пастга урадиган, ғурбатга муккасидан кетган муҳитнинг қурбонига айланишдан омон қоламан. Бунда олий ҳурликларга элтувчи ҳислар ва туйғулар аллақандай рутубат ичра қолиб кетмагай. Қўлингдан юксак ва олижаноб ишлар келишини биласан-у, лекин чорасизсан. Бу юксак вазифаларни бажаришга имкон берадиган ички қудрат ва маънавий қувват сени омон қўйсинми энди…

Мен дам олиб турдим, дея олмасдим. Худди икки соат эмас, икки сана ухлаб қолган каби ўзимни нохуш, ланж ҳис этмоқда эдим.

Ҳамроҳим Зулайҳо:

– Бугун карвонсаройда қоламиз, тушликдан сўнг бир ёққа бормайликми? – деб қолди.

– Қай ёққа?

– Одамлар бу ерда Искандар ва волидасининг мақбараси бор эканини айтишди.

Мен бироз ўйланиб, таклифига кўна қолдим.

Уни кўҳна шаҳарлар, тарихий обидалар, мақбаралар қизиқтирар эди. У Осиёнинг барча гўшаларида бўлганлиги ва ҳар жойда Искандар Зулқарнайн ҳақида ривоятлар йиғиб юришидан мени огоҳ қилди.

2. Изларни излаб

Биз ҳужрадан чиқиб, сўл томон юрдик. Бир оздан сўнг қаршимизда нақшлари унниқиб кетган кўҳна дарвоза кўринди. Ичкарига қадам қўйдик. Атрофда биров кўринмасди. Девор-дармиён қўтанларга кўзимиз тушди. Пахса деворли қўтанлар усти лой билан сувалган, бирининг усти шувоқ ва янтоқ билан бостирилган эди. Биз бошқа бир қўтанга бош суқдик. Бу ерда совлиқдан ажратилган қўзичоқлар охурчаларда туз ялашарди. Кейингисига кирган эдик, бошларига рўмол танғиб олган икки жувонга кўзимиз тушди. Улар аввал ҳар икки қўйдан бирининг калласини иккинчисига қаратиб боғлаб чиқишди. Буни қўшоқлаш дейилади. Қўшоқланган қўйларни икки аёл икки томондан соға бошлади. Сутга тўлган идишни четда турган бошқа бири бўшатиб келарди. Биз кутиб турдик. Ниҳоят, улар юмушларини тугатишди. Аёллардан бири бизни Искандар мақбарасига олиб боришни ваъда қилган эди. Шу пайт ўнг томондаги қўтан ичидан бир чол югуриб чиқиб, бизнинг йўлбошчимизни имлаб чақирди. Ҳаял ўтмай, аёл бизнинг қаршимизга беҳафсала қайтиб келди.

– Яна пича кутишларингга тўғри келади, отимиз бетоб. Табибга одам юборгандик, ҳали ҳам дараги йўқ, – деди.
– Нимага? – сўради ҳамроҳим.
– Икки кундан бери пешоб чиқара олмай қийналади.
– Бу жойларда андиз ўсадими? – сўрадим мен.
Чеккада турган чол жавоб қилди:
– Ҳа, ўсади.
– Унда, – дедим мен чолга, – андизни танаси билан кесиб олиб келинг. Малҳам тайёрлаш керак.

Чол чиқиб кетди.

Ҳамроҳим менга пичирлаб, “оббо, энди шу етмай турувди” деди. Йўлбошловчи аёл биздан узр сўраган бўлди. Чиндан ҳам отнинг аҳволи оғир эди, силласи қуриб ер бағирлаб ётарди. Ниҳоят, чол бир сават андизни кўтариб келди. Мен унга гиёҳларни қайнатишни буюрдим. Тайёр бўлган малҳам совугач, отнинг оғзига қуйишди.
От анча ётди. Малҳам таъсир қилди шекилли, туёқларини ерга тарс-тарс урганча у ёқдан бу ёққа югура бошлади. Сўнг туйқус тўхтаб, пешоб чиқарди. Бадбўй сийдикдан кўнглимиз озаёзди. Отга жон кирди.

Искандар мақбарасини кўрсатишни ваъда берган аёл бизни йўлга бошлади. У бири катта, иккинчиси ҳийла кичикроқ мақбара ёнига бошлаб борди.
Бу мақбаралар жаҳонгир Искандар Зулқарнайн ва унинг онасига тегишли эканини айтди. Мақбараларни кўздан кечириб бўлгач, пастда ястаниб ётган текислик томон юра бошладик. Ҳамроҳим эса алланималарни қайд қилиб борарди. Йўлбошловчи бизни Зулқарнайн қишлоғига етакламоқда эди. Сўқмоқ тугагач, ялангликка дуч келдик. Биз турган жойнинг нариёғида тоғлар орасига олиб борадиган торгина бошқа бир сўқмоқ бор. Ушбу сўқмоқ бизни Зулқарнайн қишлоғига элтди. Кўзимиз қишлоқ харобаларига тушди. Биз бир булоқча ёнида тўхтадик. Ҳамроҳимиз гапга анча чечан эди.

– Қаранг, – деди аёл, – мана бу тош атайлаб ётқизиб қўйилганга ўхшайди, аслида эса у азалдан шундай. Булоқчани ўраб турган тошларнинг беш томонидан оқадиган сув йўллари бор. Шу сабаб бу булоқчани “Панж панжа” – “Беш панжа” деб атаймиз. Бу беш панжа Нурота чашмасида ҳам бор. Сув ичидаги балиқлар фақат Нур булоғида, Деҳибаланд, Ғозғон ва мана шу ерда бор. Балиқларнинг ҳаммаси бир хил – уларни тутиб ейилмайди.

Нон ташлаган эдик, бир ҳовуч балиқлар сув бетига чиқиб, ушоқларни бир-биридан қизғонишиб, тортқилаб еб кета бошлади. Биз тағин балиқларга нон ташладик.
Ҳамроҳим қайдларини давом эттирарди.

Зулқарнайн қишлоғининг энг баланд жойига чиқиб, атрофга боқдик. Олисларда Нур қалъаси харобалари, уй томлари кўзга дўппидек кўринмоқда эди. Йўл бошловчи яна гапида давом этди:

– Тонгда бу ерга келиб, Нур чашмасини томоша қилсангиз, кўзингизга тандир ичидан тутун чиқаётгандек бўлиб кўринади.

Шунда ҳамроҳим (унинг исми Зулайҳо эди) ўзини бу ерга бошлаб келган нарса Искандар ва унга алоқадор ривоятлар эканини айтди. Йўлбошловчи бироз ўйланиб, сўнг гапида давом этди:

– Нақл қилишларича, жаҳонгир Искандар мелоддан аввалги 329 йилда булоқ ёнига келиб тўхтайди. Унинг навкарлари тоғлар бағридан бир нур кўтарилаётганини кўриб, ҳайратланишади. Бу ерда чашма борлигини ҳукмдорга етказишади. Момоларимиз ўша пайтлар бу кафтдек жойдан отилиб чиқаётган булоқча ҳийла катта бўлганлигини айтиб беришган. Юринглар, сизларга яна бошқа ерни кўрсатаман.

Биз унинг кетидан эргашдик. Қоятошлар томон илгарилаб бормоқда эдик. Икки қоя орасига кириб борган яланг жойни кўрдик. Ажабки, қоятошлар орасида худди тошлар кўринмас қўллари билан танасини ушлаб турган каби бир оғоч кўкка бўй чўзиб ўсарди. Тоғлар бағридан эсаётган шамоллар уни суғуриб ташламаётганини кўриб ҳайратландим. Йўлбошловчи айни ўша ерни кўрсатиб:

– Биз у жойни “камарча” деймиз. – деди. – Болалигимизда камарчага кириб, беркинмачоқ ўйнардик. У ерда сизни ҳеч ким кўра олмайди. Бу ёқда эса қишлоқ харобалари. – У сўл томонни кўрсатди. – Ўша томондан келадиган йўл бор. Шу йўлдан Искандарнинг онаси қўриқчи навкарлари билан кириб келади. Аёл навкарларга кутиб туришни буюриб, икки қоятош орасидаги камарчага кириб кетади. У ҳомиладор эди. Нимадир сабаб бўлиб, ҳожаси билан тортишиб қолган эди. Жаҳл отига минган аёл шу ернинг ўзида кўз ёриб, боласини ташлаб кетади. Шу қишлоқда яшайдиган бир кампирнинг эчкиси бор эди, у ҳар тонг эчкини ўтлагани йўл олган сурувлар сафига қўшиб, шом маҳали яна уйига олиб кетар экан. Кейинги кунларда эчки сут бермай қўйибди. Шунда кампир “Эчким сут бермай қўйди, сен уни соғиб ичяпсан” дея бояқиш чўпонни айблайди. Ўзига туҳмат ёғилаётганини кўрган чўпон кампирдан дили оғрибди.

Кампир кузатишга қарор қилади. Ҳар куни сурувлар қайтар маҳал қоятош ортидан эчкисини пойлайди. Елинлари сутга тўлиб, яйловдан қайтган эчки камарчага кириб, елинини бўшатиб чиқар эди. “Бу нимаси бўлди” дея кампир қоятош орасига бош суқибди. Не кўз билан кўрсинки, норасида бир гўдак чинқираб йиғлаб ётарди. Тирноққа зор, фарзандталаб кампир гўдакни уйга олиб келади. Унга Искандар деб ном қўяди. Бола ўсиб улғаяди. Кунларнинг бирида Искандар ўйнаётган тош қўшнисининг урчуғига бориб тегади, жаҳли чиққан кампир уни шумқадам, бепадар дея қарғанади. Ҳақоратланган Искандар кампирдан “менинг отам ким?” деб сўрайди. Кампир ўз чолини отанг, деб кўрсатади. Бунга ишонмаган Искандар уйдан бош олиб чиқиб кетади. Ниҳоят, у ўз падарини топади. Туғиб, аччиқ устида ташлаб кетган онаси ҳам охирги бор ўғлини қучиб, жон таслим қилади. Искандар дунёни забт этади. Буларни қайд этиб бўлган Зулайҳо йўлбошловчига тикилиб, “яна нималарни биласиз?”, деди. У елка қисиб, “билганларим шу” дея жавоб берди.

3. Дашт қўйнидаги кориз

Ҳамроҳимга ўзим-да бир афсонани сўзлаб бердим. У юзини қуёшдан пана қилиш мақсадида қўлини боши устига қўйиб, ривоятга сомеъ бўлди.

– Қурғоқчилик мавсуми эди. Вужуди оловга айланган дашт қўйнида жаҳоннинг фотиҳи Искандар кориз қазишга амр этди. Лашкарига саҳрода сув даркор эди. У халққа зулм қилиб, қудуқни зудлик билан қазишга даъват этди. Қазувчилар орасида бир ўспирин йигит ҳам бор эди.

– Бу кунлар ҳам ўтар-кетар, зулмкор бу шоҳни ер ютсин! Олгин, бир қултум сув ич.-деган овоздан у ўзига келди. Қайрилиб қараса, онаизори кўзада сув тутиб турарди.

– Онажон, бу гапингизни асло биров эшитмасин.

Ўғил чанқоғи қонгунча сувдан ичибди. Бироқ, бирор ушоқ нон томоғидан ўтмабди. Ҳолдан тойган йигит боши айланиб, тупроқ оша чўкка тушиб, ўтириб қолибди. Қўриқчилар бўлса йигитни қичаб қўймас эмиш. Кампир бояқиш уйига равона бўлибди. Йигит қудуқ қазир, кўзлари ҳолсизликдан ич-ичига ботиб кетган, юзидан дув-дув тер қуйилар эди. Туну кун қазилган жойдан, ниҳоят, сув отилиб чиқибди. Ўспирин бечора ўзи қазиган қудуқдан бир кафт сув ичибди-да, бошини бемажол ерга қўйибди. Шериклари уни ҳарчанд туришга ундашмасин, ўрнидан қўзғолмас эмиш. У жон таслим
қилган эди.

Дили бежон, бағри қон ётган ўғлини кўрган онаизор “Коризи зулмкор, ўғлимнинг бошини единг, боламнинг уволи тутсин сени, золим шоҳ!” дея дуоибаъд айтибди. Йиғлай-йиғлай фарзандини сўнгги йўлга кузатибди. Шу-шу Нуротада қазилган, не-не ёш йигитларнинг умрини жувонмарг этиш эвазига барпо қилинган дастлабки кориз “Коризи зулмкор” номини олибди.

Ҳамроҳим дафтарига қайд қилар экан, ёзишдан тўхтаб менга тикилди.

– Ҳим-мм, – деди мунгли афсонадан кўнгли хира тортган кўйи.

– Шунақа, – дедим мен бошимни қимирлатиб.

– Ҳа, бурунгиларга қийин бўлган, – дея сўйланди йўлбошловчи аёл. – Бу ерларда Нурота чашмасидан бўлак оқар сув йўқ, шунинг учун ота-боболаримиз коризни ўйлаб топишган. Шуни ўйлаб топиб яхши қилишган, йўқса даштда одамлар нобуд бўлиб кетар эди.
У бир нимани бармоқ букиб санай бошлади, кейин Зулайҳо иккимзга қараб:
– “Коризи зулмкор”, “Конбо”, “Кўнчи”, “Қизилканда”, “Нуробод”, “Матсақ”, “Зулфиқор”, “Чўпчима”, “Боймат кориз”, “Мери” коризлари ҳақида отам раҳматли айтиб берган, унгаям ота-боболари айтган-да. Шу кориз йўллари ҳақида ҳар хил ривоят юради. Баъзилар буни Жаҳонгир Искандар Зулқарнайн қаздирган деса, баъзилар кориз аввал ҳам бўлган, дейишади.
Жаҳонгир Искандар Зулқарнайн мелоддан аввал 329 йили Нур чашмасига келиб тин олади, сипоҳлар ундан бир нур таралаётганини маълум қиладилар. Бу Жаҳонгир кўзда тутган манзил эди. У сирли тошни шу чашма бағрига қўяди. Тарихда бу “Искандар Нур чашмасига зиёрат тоши қўйди”, дея қайд этилган…
Ўша йили бу заминда қурғоқчилик ҳукм сурган. Шу боис Жаҳонгир лашкарларига кориз қаздирган. Ҳамон айтишадики, саҳрода суғоришнинг энг мақбул йўли кориздир. Бу – Искандардан қолган.
Кориз дегани шуки, бир неча қудуқ қазилади, сўнг қудуқ сувига сомон ташланади, сув уни қаёққа олиб кетса, ўша ёқдан яна қудуқ қазилади. Шу тариқа бир-бирига боғлиқ бутун бир тизим яратилади.
Қудуқлар сув чиққан жойга қадар ковланган, улар оралиғи тўрт-беш газдан бўлиб, қудуқлар сони ўн бештага етгач, тизимда яна қудуқ ковлаш давом этган, аммо улар энди чуқур қазилмаган. Шу боис тепа қудуқ деб аталган, ҳар бири кейингиси сатҳига нисбатан фарқ қилиб борган. Охирги қудуқ дастлабки қудуқдан ўн бир газ баландда бўлган ва ундан сув қуйилиб чиққан, шу тариқа саҳрода деҳқончилик қилинган…
Йўлбошловчи бизга қараб:
– Бошида қазилган қудуқларнинг сатҳига тенглаштирилиб, қолган қудуқларнинг тагидан, яъни ер остидан уларни бир-бири билан бирлаштирувчи канал ўтказилган. Шунинг натижасида ер ости сувлари табиий босим билан отилиб чиққан. Cувга етказилмай қазилган қудуқлардан кирган ҳаво туйнук орқали айланиб, сувнинг ҳаракатга келишини таъминлаб берган, – дея гапини тугатди.
– Қойил-а! – дедим мен ўтганлар чўл қўйнида шундай тизим яратганини кўз олдимга келтириб.
– Ҳа-да, форсийлар сув – оби-ҳаёт, дейди. Бунда ҳикмат кўп. Сув бўлмаса, гул ҳам офтобда қовжираб, куйиб битади…
Барча сукутда эди.
Карвонсаройга етиб келганимизда қуёш ботмоққа чоғланиб турарди. Хизматкор ҳужрага кечки овқат олиб кирди. Овқатланиб бўлгач, икковимиз ётишга шайландик. Шеригимни билмадим-у, аммо мен тош қотиб ухлаб қолгандим.

Саҳар чоғи карвон яна йўлга чиқди. Карвон ўтар, ит ҳурар. Ҳали қишлоқдан олислаб кетганимиз йўқ. Саксовулзорга дуч келдик.

Йўл ёқасида бир тўда болалар чуғурлашиб, кўм-кўк бўлиб очилган такасоқолни теришга тушиб кетишди… Чўпон ҳайдаб келаётган қўй-қўзилар, елдор эчкилар, ёлдор серка, унинг бўйнига осилган қўнғироқ жаранги, такасоқол чайнаётган тошбақа…
Кўкчитир, қораяпалоқ, қораўт, шувоқ, янтоқ,ачимия, ёвшан чайнашга тутинган пода ҳам ортда қолди…

Бу ёғига яна дашту биёбон саҳро. Саҳро қўйнида қовжираб қолган каби замин фаромуш. Вужуди оловга айланган замин қўйнида яна кўзга кўринмоқ учун сароб йўқолиб бормоқда. Карвон аҳлига бўйинларига тўрва халталар осилган дарвешлар тўдаси қўшилди. Улар ялангликда зикр туша бошлашди. Аллоҳни улуғлаб куйлаётган байтлари осмонга ўрларди. Карвон аҳли уч-тўрт дақиқа юришдан тўхтади. Дарвешлар зикр тушишар, кулоҳларини кўкка отиб, Аллоҳга ҳамду санолар ўқишарди. Улар давра қуриб ўтиришди. Атрофда янтоқлар-у ёвшан гулларининг хушбўй ҳиди анқийди. Бир дарвеш қумга чўк тушиб ғазал бошлади:

Оқили бекаст, ди набодад вафо дар жаҳон,
Чунки дар ин даҳр, на шоҳ монад, на гадо,
Тоқати зуҳду савобат оқибат оят ба кор,
Не кую кун, номи чики ту монад ёдгор.

Унинг овозида нола бор эди. Ўзига қисмат билиб, дунёни пойи пиёда кезиб чиқишга қасд қилган дарвешлар яна йўлга равона бўлар экан, галма-гал байт ўқий бошладилар. Ушбу байтларни нафақат аҳли карвон, балки янтоқ гулига қўниб, бол йиғишга шайланаётган асаларилар, бошини косалари ичига яшириб, атрофга чўчиб боқаётган тошбақа ҳам мароқ билан тинглаётир эди. Аравада бир маромда чайқалиб, ухлаб қолганимни сезмадим. Туялар тепаликдан пастга қараб тушаётган маҳал туйқус қалқиб, чўчиб уйғондим.

– Чўчиб кетдингизми? – сўради сув ичаётган ҳамроҳим.

– Жуда. Туш кўраётган эканман, – жавоб қилдим мен.

– Кимни туш кўрибсиз? – қизиқди у.

– Дугонамни.

– Ҳмм, хўш, у ҳаётнинг қай бир босқичини босиб ўтаётган экан? – савол қотди.

Мен “билмайман” деган ишора билан елка қисдим. Вужудимни бир илиқлик чулғади. Унга бир воқеани сўзлаб бердим.

4. Дугонаи Ҳабибим

– Ўшанда, – гап бошладим мен, ҳамроҳим эса гўё бутун диққатини бир нуқтага жамлаган кўйи менга тикилди. – Дугонаи Ҳабибимни излаб боргандим. Эшик очиқ эди. Беркитишни унутишибди-да дея ичкарига кирдим. Овоз эшитилди

– Сизга ишониб қанчалар хато кетган эдим-а! Ўзимга ишонган каби ишониб эдим сизга. Қусурларингизни ютуқдайин қабул қилгандим.

– Ҳадеб гап билан калтаклайвермагин.

Ўшанда мен ўйланиб қолгандим. Нафсиламбрини айтсам, улар ҳаётнинг беғубор фаслидан ҳаяжонли дамларига сакраб ўтишган, сўнг ҳаяжон ўрнини аллақандай илиқлик эгаллаши арафасида туришарди. Бу ёшлик ҳовури босилаётганидан далолат эди. Дугонаи Ҳабибим мен каби ҳаётининг қайси босқичини яшамоқда экан, деган саволга жавоб тополмасдим.

Мени кўриб, улар қанчалар суюниб кетишган эди-я. Ўзим билан бирга уларнинг фаромуш кулба-кошонасига қуёш сирғалиб тушиб, ўз тафти билан иситгани рост эди.

Болалари чуғурлашиб:

– Қаердан келяпсиз, хола? – деб сўрашади.

– Сабоқдан. Энди қариганда ҳам илм олишимга тўғри келяпти. Тирикчилик экан-да,- дейман.

Улар қўлимдан тортқилашади. Ташрифим барчасини суюнтириб юборди. Улар ўртасидаги кўринмас парда сурилган эди. Мени хонадон тўрига таклиф этишди.

* * *

Анчадан буён унут бўлган бир ҳис вужудимга қайтди, биз болалигимизни эсладик… Ўшанда сабоқдан сўнг бирга уйга қайтардик. Ўзимга биркитилган юмушни тугатишим даркор эди. Бўлмаса онам ҳеч нарса демасди-ю, Сора опамдан балога қолардим. Унинг устига юмушни тугатгач, опам алифбодан сабоқ ўргатади. Ҳамсоя тарафидан овоз эшитилди:

Дугонам жони дилам,
Зардолия канда гирам.

Девор ортидан келаётган бу овозга жавоб қайтара олмасдим. Чунки ёнимда Сора опам бор. У гуллар ичида ўсган бегона ўтларни ўташ билан овора. Нима қилсам? Фақат ҳабибим ва менгагина таниш бўлган усулни қўлладим. Девор оша икки тош отдим. Сўнг яна бир дона тош отдим. Бу “кутиб тур” деганим эди. Агар тош отмасам, кўчага чиқа олмаслигимни тушунса бўларди. Энди дугонам шўрлик мени кутавериб, тоқати тоқ бўлиши тайин. Опам ўтоқни тугатиб, ошхона томон кетди. Мен юмушимни тугатиб, кўчага чоғландим. Опамнинг қораси кўринмай қолди. Оёғимни қўлимга олиб, ташқарига отилдим.

– Қаёққа ғойиб бўлдинг дарров? – опамнинг овози эшитилди. “Уфф” дердим ичимда, бироқ мен ҳайриятки кўчага чиқиб улгургандим. Бечора кутавериб, хуноб бўлиб турган экан, мени шумшайиб қарши олди. Ўша воқеани эслаб, хўп кулдик.
Болаликнинг бедор эпкинлари ҳаётнинг икир-чикирлари таъсирида ғужғанак бўлиб ўртанаётган юрагимизни овунтириб, елпиб совутмоқда эди. Болаликда кечган ҳар бир кунинг қиёси йўқ бахтиёр дамлар бўлиб, мана шу кўкрагимизга-юрагимизга муҳрланганди. Юрагим саҳифаларига ўз муҳрини босган хотираларни даврларнинг димоғдор эпкинлари-да сидириб ташлашга қурби етмагай. Шу пайт унинг ўғли келиб, қулоғига бир нималарни пичирлади. Меҳмоннинг қорнини гап билан тўйғизяпсизми, демоқда эди.

– Мен онангнинг овқатини эмас, суҳбатларини қўмсаб келганман,-дедим.

Ўртага дастурхон ёзилди. Тамадди қилиб бўлгач, болалар ўйнагани ҳовлига чиқиб кетишди. Биз иккимиз ёлғиз қолдик ва яна қайта болалик хотираларига шўнғидик…

* * *

Тун қўйнида дам олмоққа чўккан туя ва одамлар кўзига уйқу илинди. Кўзимни очсам қуёш тонгни уйғотиб улгурган эди. Биз манзил томон илгариладик. Олисда уфққа туташ тоғлар элас-элас кўзга ташланмоқда.

-Мен отарга тушиб, бир-икки кун қоламан. Амаким бу ерда чўпон. Сиз ҳам қолинг,-мен ҳамроҳимни отарда қолмоққа ундадим.

-Ишим тиғиз, шошмасам бўлмас, эндиги сафарим Қаршида бўлади. – таклифимга рози чиқмади у.

Манзил томон илгариладим. Узоқдан отар кўзимга худди дўппидек бўлиб кўринди. Ҳамроҳим Зулайҳо билан хайрлашиб, отар томон йўл олдим.

5. Тун қўйнида

Кеч тушиб қолган маҳаллар тоғ қўйнида оромланиб, шафақ ботишини кузатганмисиз ҳеч? Қуёш ботмоққа шайланган. Уфқ тубида шафақ олрангда балқийди. Қалқий-балқий бора-бора осмон равоқларида соб бўла бошламоқда эди у. Сўнгги шуъла сиймин ташлади. Киприклар гўё эриниб, оҳиста ёпилаётган кўйи нурлар битта-битта йиғиштирилмоқда. Тоғ тепасида, ёнбағирларида қор эриб битмагани боис сўнгги шафақ атрофни хира ёритгандек. Митти машъала эриниб, гўё уйқу олдидан базўр инжа қанотини қоққан киприк каби уйқу илинжида овора.
Ажабо, қудратингдан. Қуёш ботиб улгурмасидан бурун атрофга тун бостириб кирди. Буни тоғликлар “тошқоронғу кеча” дейишади. Яъни шом кўрмай чиққан ой.
Тўсдек қора осмон уммонига чақнаб турган зарлар қўндириб қўйган қудратингга ким тасаннолар ўқимас! Ёки аллақандай кибр-ла қош чимирган қамарингга ким офарин айтмас! Маҳобатли тоғнинг қўйнида, музаффарлик нашидасини суриб, гул юзларга муаттар мушк сепган насимларни қучиб ким ҳам учгиси келмас!
Осмон денгизида, тошқоронғу кеча қўйнида кишини чорлагучи маёқ – Чўлпон, Зуҳро, Муштарий, Ситора, Етти қароқчи, Катта айиқ ва Чўмич юлдузларингга ким қойил қолмас. Беҳудуд само саҳролари узра Ўзи қўндириб чиққан бу мўъжиза юлдузларга бунчалар мафтун бўлмасам!
Ҳали бунақанги ҳузурбахш, сокин тошқоронғу тунни кўрган эмасдим. Тоғ чўққисидан елаётган шамоллар фараҳбахш тун қўйнига оромбахш мушк пуркаётир. Амакиваччам Малоҳат қўлида чироқ кўтариб келмоқда эди. У ёруғроқ бўлсин учун чироқ пиликларини кўтарди. Ҳар гал шундай – тун қўйнида, унинг устига мовий тоғлар бағрида халоскор шамолларга талпинаман… Ёнимга келган Малоҳат чироқни оҳиста ерга қўйди.
– Марғу, – деди у, – ҳали ҳам шу ердамисан?
– Мало, – дедим мен, – сенга бир нарса айтиб берайинми?
– Ҳа, – деди у қизиқсиниб, – нима экан, айта қол?
Осмон уммонида муаллақ қалқиб турган Чўмич юлдузига ишора қилиб, мен бир ривоят бошладим.

6. Ёрилтош ёхуд Ёдгор қиссаси

Кўкда тўлин ой балқиб, қоронғу тун қўйнини зубарижат заррин нурлари билан ёритган ойдин кечада бир хонадонда қиз фарзанд туғилди. Тошқоронғу кечада, ой ёғдусида туғилган бу қизалоққа Балқия деб исм қўйишди, аммо нечундир отаси уни Ёрқиной деб чақирар, бобоси Тўлганой деб суяр, момоси эса – Ойбалқи, фақат онаси ўз исми билан Балқия дея эркалатарди. Қизалоқ улғайиб, бахти очилган кунлари ҳам яқинлашаверибди. У муборак бир хонадонга келин бўлиб тушибди. Йиллар ўтиб, Балқия қизалоқли бўлибди. Уни Қутфия деб аташибди. Балқия қизини ҳатто шамоллардан-да қизғониб, папалаб ўстирибди. Орадан йиллар ўтгач, у иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлибди.
Кўкда ҳилол ёғдуси. Зубаржат юлдузлар жимир-жимир кўзни олмоқда. Ва ниҳоят осмон равоғида юлдузлар қалқиган кўйи тун қўйнига сингиб кетмоқда эди. Тонг ёришиб, одамзод ер юзида ризқини термоқ илинжида ўрмалай бошлабди. Балқия ширин уйқу қучоғида бир маромда тин олиб ётган қизининг сочларини силаб, суйиб устига ёпинчиғини ташлаганча ўрнидан турди. У ҳовли супасида юмушлар билан куймаланарди. Бўш челакларга кўзи тушди. Сув олиб келиш учун булоқ бўйига отланди. Субҳи содиқ тонг булоқ бўйида ифорини сочаётганди. Атрофда эсаётган еллар Балқиянинг узун ва тутам-тутам сочларини ечиб юборган, у энди сабо ўйнаган сочларини қайта ўрмоқда эди. Тонгги шафақ нурлари атрофга ёйила бошлади. Олут бошлари бироз эгик фаромуш қизғалдоқлар секин-аста бош кўтариб, Балқияга нимханда отган кўйи уни қарши олмоқда. Унинг нигоҳлари эса айни шу тонг каби сокин, осойишта атрофга боқарди. Атроф бир зарбда тинчлантирилган каби ошуфта. Унинг борлиғи туйқус тўлғониб, аъзойи баданида оғриқ пайдо бўлди. Чизиллатган оғриқдан тонг ҳам ларзага тушибмиди, шамоллар янглиғ қалқиб кетди. Аччиқ тўлғоқ азобини вужудида туйган Балқия булоқ бўйида лол турган дарахтга яқинлашди. Онаси айтган:
– Оғочга осил, бошингдан кирган тўлғоқ азоби осилган заҳотинг оёқларинг учидан чиқиб кетгай. “Салавоти Тунажжим”ни такбир қил. Юзинг ёруғ, йўлинг очиқ ва мушкулинг ечилгай.
У дарахтга осилди. Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат, тўққиз дақиқа ва алалхусус, тўққиз оний лаҳзани ўйлаб топган қудратингга офарин! Дарахтга осилган кўйида тўлғоқ азоби тарқала-тарқала ўзи билан бирга ўғил фарзандни муборак заминга олиб тушди. Чақалоқ йиғиси оламни тутиб кетган эди. Ўзидан ўғил фарзанд қолдириб, Балқия жон таслим этди.
“Туғишда ўлган аёл шаҳиддир”.
Ҳожаси ҳаяллаб қолган завжасини излаб, булоқ бошига етиб келибди. Дилгир-дилафгор бағрини ерга босиб ётган аёлини кўрган ҳожа фарёд кўтарди. Оҳи унинг кўкларга ўрлади. У аёлини сўнгги йўлга кузатгач, бир қўлида ушмундоққина гўдак, бир ёнида Қутфия билан лахта қонлар ютиб қолаверди. У чақалоққа Ёдгор деб исм қўйди. Мана энди бояқиш жўжабирдай жонга ҳам оталик, ҳам оналик меҳрини бермоғи даркор. Шу йўсинда йиллар ўтиб борар эди…
Ҳовлининг бир четида гужум дарахтига ҳалинчак осилган. Орзу-армонларини шу митти вужудига жо қилиб, Қутфия укаси Ёдгорни тиззасига ўтқазганча ҳалинчак учмоқда эди. Унинг оппоқ юзига малоҳат бағишлаб турган қизиллик ҳуснига яна ҳусн қўшган. Атрофда эсаётган шамол олов бошини елпиб совутаётир. Қутфия укасининг қўлини ушлаб, ҳалинчакдан тушди. Вассалари текис терилган уй. Айвон устунлари кунгурадор. Болахонали уй пештоқи сарв дарахтидан ясалган. Пардоз берилган. Уйнинг пастида ертўла бор. Хона деразалари уй супасига қаратилган. Сўл томонда супалари баланд қурилган яна бир уй. Қутфия жажжи укаси билан гир-гир айланиб, кенг супа сатҳида ўйнарди. Дарвоза очилиб, отаси ортидан бир нотаниш аёлни бошлаб, ичкари кириб келди.
– Мен сизларга она олиб келдим, – деган эди ота севинчини яшира олмай.
У бир чеккада бегонасираб турган Қутфияни аёлнинг ёнига олиб борди:
– Қани, саломлашгин-чи, бу сенинг онанг.
Аёл ҳар иккисининг пешонасидан ўпди.
Йиллар кетидан йиллар ўтди. Ўгай она қўшалоқ фарзанд туғиб берди. “Жигарбандига топилади йўриғи, ўгай болаларга бўлар юрак буруғи”, деганларидек ўгай онанинг қусурлари вақт ўтган сайин кўпайиб, кўзга ташлана борди. Энди бояқиш Қутфиянинг сочлари супурги, қўллари косов. Харидорлари ҳам бисёр. Вақти-соати келгач, уни турмушга узатишди. Энди Ёдгор бу хонадонда ўзини ёлғиз сезар, ўгай онанинг қарғишларидан безиб, ертўлага қамалиб олар эди. Кунларнинг бирида у Ёдгорни чақириб, болаларига ҳушёр қараб ўйнатишни буюрди. Супада ўйнаётган болакай бехос йиқилиб, пастга қулади. Йиғисини эшитган она Ёдгорни калтаклай кетди. У ўгай она қўлларидан бир амаллаб қутулгач, кўчага отилди.
– Қайтиб келсанг, сен жувонмаргни бурдалаб ташлайман! – дея ортидан қарғанди аёл.
Бир ҳовуч жон, дилафгор ҳолатда опасининг дарвозасини тақиллатди. Укасини бир аҳволда кўрган опанинг ақли шошди. Бўлган воқеани эшитган Қутфия ўйланиб қолди. Укасини уйга олиб кирай деса, ҳожаси-ку тушунар, аммо қайнона-қайнотаси нима дер?
– Йиғлама, – деди у Ёдгорга далда бергансимон укасининг бошини силар экан. – Яратган Эгам сени шундай ташлаб қўймас.
У Ёдгорнинг қўлидан тутиб, ўрмон томон йўл олди. Йўл юриб, ҳолдан тойишган эди. Бир улкан харсанг тошга дуч келишди. Тошнинг устига чўкишди.
Тирамоҳ шамоллари уларга ҳамдард-ҳамоҳанг елар, олов вужудларини елпиб, овунтириб силамоқда эди. Энди нима қилсин? Ўгай онадан қутулиб, ўрмонда бўрилар галасига тутилсинми? Қутфия оташ ичра ёнган кўйи укасини қучиб, унга паноҳ сўраб Оллоҳга нола қилди.
Ҳали одамзот қадами етмаган бир чўққи бор эдики, бу чўққида бирор зот қўли тегмасин, заҳарланмасин учун пана жойга уруғ экилган эди. Мана шу уруғдан бодёни руми ўсиб чиққан. Буйруқни бажармоқ учун фаришта шу чўққига жўнатилди. Малак нозик қўллари билан бу алафни суғуриб олди ва ўрмон томон елди.
Қутфиянинг ноласидан тош тўлғона-тўлғона яна тош қотди. Шунда малойик бодёни руми алафини икки тош орасига қўйиб қисди. Бир томчи оғу оқиб, тошга тушди. Тош ларзага келди. Қутфия укасини қучган кўйи харсанг тошга қарата куйлади:
Ёрилгин тош, ёрилтош,
Ўгай онам бағри тош,
Зулматда эгилган бош,
Ғурбатда уюлган қош,
Укамнинг кўзида ёш,
Митти жонга бер бардош,
Дардлари дилгир-одош,
Йўл кўрсатсин Кўкалдош,
Бошин силасин қуёш,
Ой бўлсин унга сирдош,
Эшитяпсанми, ёрилтош?
Сенинг бағринг эмас тош,
Кўзининг ёши сим-сим,
Ўтиради боқиб жим,
Юраги тилим-тилим,
Атрофи зулмат қора,
Вужуди пора-пора,
Танасига кирсин жон,
Киприк бўлсин соябон,
Қилгин унга мурувват,
Кўрсатгин мудом шафқат,
Сокинликка қил даъват,
Тилида ўкинчу зор,
Термулади интизор,
Дилида армони бор,
Чақир уни чертиб тор,
Қалбида эрисин қор,
Ёрилгин тош, ёрил тош!
Ўгай онам бағри тош,
Қайга олиб кетар бош,
Ғурбатда уюлган қош.

Бояқиш опанинг ноласидан ва бир томчи бодёни руми заҳридан тош яна қалқиди ва охир-оқибат бардоши тугаб, тарсиллаб ёрилиб кетди.

Тош қаъридан нидо келди:
-Ёрилдим-ай, ҳой бола!
Сенга бўлай бошпана,
Ўгай онадан тон-а,
Энди меҳрга қон-а!
Чекилди йўлда шона,
Бошдан қолсин ордона,
Энди меҳрга қон-а!
Сен кетавер, муштипар,
Бўлаверма кўп рангпар,
Укангга бўлайин бош,
Бошқа тўкилмас кўзёш,
Бағрим эмас ахир тош,
Ёрилиб кетдим мен – тош,
Унга бўламан бардош,
Йўл кўрсатар Кўкалдош,
Бошин силайди қуёш,
Ой бўлар унга сирдош,
Энди йиғламас сим-сим,
Ўтиравермайди жим,
Юраги бўлмас тилим,
Атрофи эмас қора,
Вужуди бўлмас пора,
Танасига киргай жон,
Киприк бўлар соябон,
Қилгум унга мурувват,
Кўрсатгайман мен шафқат,
Овунтиргум чертиб тор,
Қалбида эрийди қор,
Сен кетавер муштипар,
Бўлмасин юзинг рангпар.

Тош кўзга кўринмас қўллари билан Ёдгорнинг қўлидан тутиб, ичкарига бошлаб кирди. Қутфия эса уйига равона бўлди.
Юраги ўртаниб, укасини кўргиси келган чоғ у шу ғаройиб харсангтош қаршисига келар ва қўшиқ бошлар эмиш:

Ёрилгин тош, ёрил тош,
Қулоқ тутгин, эй сирдош,
Укамга сен елкадош,
Бағринг кенг, сирли-одош,
Чимирмайсан асло қош,
Ёрилгин тош, ёрил тош!
Мен укамни кўрайин,
Дийдорига тўяйин,
Уйимдан қочиб келдим,
Қайнонам ҳам билмасин,
Қайнотам ҳам билмасин,
Мен укамни кўрайин,
Сўнг уйимга қайтайин.

Шунда тош ёрилиб кетар, Ёдгор отилиб ичидан чиқар ва шу оний лаҳзада опасининг хокисор бағрига ўзини отармиш. Опа-ука дийдорлашиб, яна ажрашармиш.

Қутфия ҳомиладор эди. Тошқорнғу кеча. Кўкда тўлин ой балқирди. Ойдин кечада қиз фарзанд кўрди у, қизалоғига онасининг исмини берди, уни Балқия атади.

Энди у митти, жимиртдек жонни ташлаб, харсангтош ичида ўзини ичикиб-интиқ кутаётган укасига бора олмасди.
Ёдгор эса опасининг фарзанд кўрганидан бехабар эди. Танҳо умиди – опасининг оқ-ойдин йўлларига кўз тика-тика, юраги лахча чўғ мисол соғинчдан ёна бошлабди. У тош ичидан нола қилибди:

Ёрилгин тош, ёрил тош!
Мен опамни кўрайин,
Дийдорига тўяйин,
Ёрилгин тош, ёрил тош,
Муштипарим – жон опам,
Дардларимга сен малҳам,
Хасталаниб қолдингми,
Келавериб толдингми?
Қайнона ва қайнотанг,
Ёки билиб қолдими?
Уйдамисан боқиб жим,
Йиғлаяпсанми сим-сим?
Юрагинг тилим-тилим,
Атрофинг зулмат-қора,
Вужудинг пора-пора,
Ноилож ва бечора,
Шу танангга кирсин жон,
Киприк бўлсин соябон,
Кўрсатгин мудом шафқат,
Қилгин унга мурувват,
Ёрилгин тош, ёрил тош,
Қутфи опам муштипар,
Юзлари сўлғин-рангпар,
Соғинчдан эгилган бош,
Ўтиради тўкиб ёш,
Бағринг эмас сенинг тош,
Ёрилгин тош, ёрил тош,
Унга бўлайин сирдош,
Йўл кўрсатсин Кўкалдош,
Ой унга бўлсин сирдош,
Бошин силасин қуёш,
Танасига кирсин жон,
Киприк бўлсин соябон,
Чақирайин чертиб тор,
Қалбида эрисин қор,
Ёрилгин тош, ёрил тош,
Мен опамни кўрайин,
Дийдорига тўяйин!

Нолаи афғонга чидамаган тош ёрилиб кетди. Тун қўйнида осмон саҳроларида юлдузлар киприкларидан зарлар тўкиб, юм-юм йиғлай бошлади. Шунда Етти Қароқчи унга кўмакка отланди. Бир-бирига эгизак-уйқош тизилиб, Ёдгорга кўмакка отланди. Юлдузлар қаторлашиб-сирлашиб, тизилишиб-тил бириктириб, Ёдгорни олиб қочишди. Ва хотиржам яшасин учун Чўмич юлдузининг ичига жойлашди. Энди ҳар тун, барча уйқу қучоғида ором олар маҳал, Ёдгор муштипар опаси қошида пайдо бўлар эди. Қутфия ва жияни Балқиянинг дийдорига тўйиб, сўнг тун қўйнига ғойиб бўлар эди. Опаси эса ҳар тун қошида пайдо бўлаётган укасига термула-термула қизини қучган кўйи ухлаб қоларди.

* * *

Тун қўйнида ҳукмрон қамарингга, атрофда гиргиттон зарлар-юлдузлар қўндириб қўйган қудратингга яна бир бор офарин! Тўлин ой эса илоҳий нурлари билан яна сиймин ташлади. Ва етти иқлимга зарларини қаричлаб, битталаб саралаб тарқатмоқ билан овора. Алалоқибат, саҳроларда адашган йўловчиларга, уммонларда адашган сайёҳларга маёқ бўлсин учун юлдузларини янада яшнатиб, чарақлатиб қўймоқ билан машғул эди у.

Мана энди, шу сеҳрланган тун қўйнида бир пайтлар онамдан қайта-қайта эшитганим Чўмич юлдузи ривоятини Малоҳатга сўзлаб берарканман, бу воқеа панада жойлашган юрагимни аввал силади, сўнг қитиқлади ва якунида нозик иплар билан бақамти тикиб, тортмоқда эди. Малоҳат устидаги камзулини ечиб, менинг елкамга ташлади. Онам айтган эди:

– Сен ҳам тошқоронғу кечада туғилгандинг. Тун қўйнида мени тўлғоқ тутган эди. Шунда аъзойи баданимда қўзғолган оғриқ гўё бутун оламни ларзага солган. Аччиқ тўлғоқ тарқала-тарқала сени бу ёруғ дунёга олиб тушган, инганг билан атрофга жар солиб, кўз очган эдинг. Қувват бўлсин учун момонг тайёрлаган новвот чойни ҳамшира қўлимга тутиб турар эди.
Тошқоронғу туннинг синоати нимада бўлса? Шом кўрмай чиққан ой!

Малоҳат қўлига чироқни олди. Сўнг боши узра чарақлаб турган Чўмич юлдузидан кўзини узмай:
– Ҳозир Ёдгор унинг бағрида чордона қурганча бизни тинглаётган бўлса не ажаб! – деди.
Мен сукутда эдим. Айни пайтда Оқтоғ чўққиларидан эсаётган тоза ва салқин еллар сочларимизни силар, борлиғимизга оромижон муздек мушк пуркаётир эди.
– Марғу, – деди Малоҳат, – юр уйга, дилдираб қолдинг, салқин тушиб қолди.
– Мало, пича ўтирайлик, – дедим унга. У чироқни яна пастга қўйди.

Борлиқ баайни Салоҳиддин Айюбий иншо этган осойишта ҳаёт каби сокин эди. Атроф чиндан сеҳрланган, гўё бунда Нажим Навабий “Фаизаи Ҳалават”ни жўшиб куйлаётир эди.

7. Фаромуш дашт

Кеча кўкда ой мунаввар кун туғмоқ учун балқигани рост. Тонг отиб, бахти очилган кун бошимиз узра чарақлай бошлади. Малоҳатнинг онаси, яъни амакимнинг  аёли (мен уни янга дейман) тандирдан эндигина узилган нонни дастурхон устига қўйди. Қўй қатиғидан симириб, қонгунча ичдим. Шу сабаб янгамнинг қисташига қарамай, иссиқ нон томоғимдан ўтмади.
Амаким Нуротада донғи кетган чўпонлардан эди. Мени чўпон ҳаётигина эмас, балки  мана  шу тоғ, дала-дашт бағридаги ҳар бир тош қатини ёриб чиққан митти гиёҳ, ўт-алаф ўзига тортаётган эди. Шу сабаб аллақандай бир туйғу мени улар қаршисига ҳайдаб боргиси келаётир.
Ястаниб ётган дала… Унинг қуйруғи Нурота тизма тоғлари – Оқтоғ ва Қоратоғга етаклаб боргиси бор. Оқтоғ, Қоратоғ, Бахилтоғ, Қароқчитоғ, улар Туркистон тоғ тизмасини ташкил этади, Нурота тоғ тизмаси  эса унинг шимоли-ғарбий қуйруғидир.
Мен уйдан сал наридаги қўзичоқлар қамалган бостирмага қараб кетдим. Бир-бирига девор-дармиён пахса деворли бостирма ичида (уни тоғликлар “қўтан” ҳам дейишади) янгам ва Малоҳат эндигина туғилган, ҳали шўри кетиб улгурмаган қўзичоқ тепасида куймаланарди.
– Вой, – дедим мен  дир-дир титраб, бизга беғубор боқаётган қўнғир тусли қўзичоққа қараб, – ҳозир туғилдими?
– Ҳа, – деди  янгам. Кейин Малоҳатга қараб, тўғридаги бошқа бир бўлмани кўрсатиб, –қўтанди эшигини оч, ерга сомон ташла, қўзичоқни ажратайлик, – деди.
Одатда, қўзичоқ туғилгач, ажратилади. Она қўйнинг йўлдоши тушгач, у ҳам қўзичоғи ёнига олиб кирилади. Малоҳат бўш, бошқа бир қўтан эшигини очиб, тўрига сомон ташлади. У  қўзичоқни  икки қўлида даст кўтариб, нариги  қўтан ичига олиб кирди. Кетидан совлиқ маъраб қолди.
– Тек тур, жонивор, эшинг тушсин, кейин қўзичоғинг ёнига борасан, – деди янгам қўйга қараб.
У қўйнинг йўлдоши тушгунга қадар кутиб турди. Агар шундай қилмаса, қўй йўлдошини еб  қўйиши мумкин. Йўлдоши тушгач, қўйга атала ичирди, сўнг қўзичоғининг ёнига  етаклаб борди. Малоҳат эса йўлдошни хийла катта оловдонга супириб солди ва ахлатга олиб бориб ташлади.
Мен бошқа қўтанлар ичини оралайман. Қўтан қуйида бир гала қўзичоқлар маъраганча диконглаб юрибди. Қўзичоқлар учга ажратилган. Эндигина туғилганлари онаси билан бирга. Қўзичоқ ўғуз сутига қониши керак. Сўнг уч-тўрт кун ўтгач, улар онасидан ажратилиб, алоҳида бўлмага қамалади. Энг асосийси, улар тез орада сўйилмаса,  терисининг сифати бузилади. Қўзичоқ кун сайин ўсиб, туклари вақт ўтгани сайин ёйила бошлайди. Яна бошқа бўлмада ширбози қўзичоқлар. Булар сўйилмайди, боқилади. Яна бирида эса эчкидан ажратилган улоқчалар маърашади. Ичкарига бош суқувдим, мен томон бир йўла учтаси югуриб келди. Бири этагимни чайнай бошлади. Мен малла тусли улоқни кўтариб қучдим. Чўзилиб нақ томоғимни ялади. Мен эса бошимни сарак-сарак қилиб:
– Йў-ў-ўқ, ундай қилма, – дейман. У менга  мўлтираб қарайди. Бу дам бошқа улоқчалар ҳам атрофимни ўраб олишди…
Баҳор фаслини чўпонлар қўзилаш мавсуми дейишади. Айни шу мавсумда чўпоннинг қўли қўлига тегмайди.  Иш тиғиз бўлади. Қўйлар бола ташлаши мумкин, агар шундай бўлса, қўзичоқ ўлик туғилади.
Қўтанларга девор-дармиён яна бир  бўлма бор, бу ерда қўзилаш тараддудидаги қўйлар қамалган. Амаким тонг-саҳар анча кун илгари қўзилаган совлиқларни, қўчқору серка ва эчкиларни боққани дала-даштга ҳайдаб кетган.

Малоҳат билан янгам қўтан ичида куймаланишади. Мен эса ташқари чиқиб, яйлов томон юрдим. Ястаниб ётган дашт қўйнидаги ҳар  бир гиёҳ, ҳар бир майса менга бир нима деяётгандек. Оёғим тагида робага кўзим тушди. Роба – шифобахш, ажойиб гиёҳ. Унинг шифобахшлиги илдизида. Татиб кўрсанг, бўғзинг куйгандек ачишади. У энди тупроқ ёриб чиқмоқда эди. Айни  мана шу пайт унинг илдизи ковлаб истеъмол қилинади. Уни ҳатто чорва моллари ҳам ковшаниб-ковшаниб ейди. Чунки улар ҳам шифобахшлиги ўша илдизларда эканини билишади.
Сал нарида татарон, чучри, кўкчитир, қораяпалоқ, қораўт, қизғалдоқ ва исмалоқ ўсиб  ётар эди. Сўл томонда узоқларга чўзилган саксовулзор. Сал кейинроқ, баҳорнинг охирги ойида янтоқ, ёвшан тупроқ ёриб бош кўтаради.
Шувоқни моллар эрта баҳорда суйиб ейишади. Бора-бора унинг танаси қаттиқлашиб, қўйлар хушламай қўяди. Қаттиқ тана қишга  қадар бўй чўзиб туради. Кеч кузак, намчил ҳаво ва ёмғирда юмшаб қолади.
Бир пайтлар раҳматли энам қўлимдан тутиб, гиёҳ теришни ўргатган. Ачимия, қўзигул, наврўзгул, арабигул, чайир, қўнғирбош, исмалоқ… Яйраб гиёҳ терганим ёдимда. Сават тўла гиёҳлардан кўк сомса пишириб еганмиз. Оқтоғ қўйнида эса равот, қонтепаргиёҳ, сассиқчайир, андиз ўсади. Энамнинг бир табибча илми бор эди. ”Равот – буйрак шамоллаши олдини олади, қонтепаргиёҳ қон кетганда даъво бўлади, сассиқчайир йўталга малҳам”, – деб уқтиргич эди.

* * *

Тоғ этагидаги бепоён яйлов бағрида мусаффо ҳаводан нафас олар эканман, юрагим жўшиб кетаётгандек. Кўнглим равшан тортиб, чиройим тобора очилиб бормоқда эди. Сўл томонда дара, унинг устида зангор майсалар қуёш жилосида товланиб ётибди. Ҳар қадамда зулфи қўнғироқ чучмома, уларни териб олгим келади. Аттанг, теша олиб чиқмабман…
Мана шу адоқсиз дала-дашт қўйнида қандайдир туйғу вужудимга меҳр, томиримга қон бўлиб қуйилаётир. Аниқроғи, бир пайтлардаги каби энамнинг қўлидан тутган қизалоқ  бўлиб, гиёҳлар ичига сингиб кетаётгандекман. Қорли тоғлардан келаётган муздай ҳаводан тўйиб нафас олишга не етсин! Саждага бош қўйилган маҳал кўнгил қандай осойиш топса, шу тобда борлиқ ҳам шундай сокин ва улуғвор эди.
Анча илгарилаб кетганимни сезмай  қолибман. Уйга қайтиш керак, шуни ўйлаб, ортга бурилдим. Кўзим нопармон бўлиб очилган узунчоқ гулли такасақолга тушди. Унга томон тошбақа судралиб одимлайди. Такасақол тошбақанинг севимли озуқаси. Мени сезиб қолиб, юришдан тўхтади у. Бошини косаси ичига тортиб, туриб қолди. Мен ҳам жим туравердим. У яна бошини косаси ичидан бир зум чиқарди, сўнг яна ичкари тортди. Мен унга томон яқинлашдим. Қўлимда тутган кўйи тошбақани такасақолнинг ёнига олиб бориб қўйдим. У бошини косаси ичига яширганча қотиб турар эди…

8. Дайди шамол ғулуси

Мен уйга қайтаётган эдим. Яшил гиёҳлар остидаги қумлар қўйнига ғулу солиб, туйқус шамол эса бошлади. Буни даштликлар ”девона, дайди шамол“ дейишади. Бу телба шамол дафъатан  қаердан келгани, қай тарзда пайдо бўлганини билмай ақлинг шошади. Аслида савдойи шамол дашт қўйнида қизалоғини йўқотиб қўйгач, сўнг шамолга айланган бир муштипар, далли-девона она эмиш. Шамол, яъни она дашт қўйнида боласини тополмагач, водийларга кўчар, кейин излай-излай шаҳарлару қишлоқлар оралаб, сарсон-саргардон кезиниб, жигарбандини ахтарар экан. Тополмагач, қайтиб тоғ қўйнига сингиб ғойиб бўлар экан. Бироқ уни ўқтин-ўқтин дард тутар экан-у, шунда яна қизалоғини  қўмсаб, саросар кезина бошлар экан…
Онам сўзлаб берган эди… Оллоҳ ерга гиёҳлар ундириб, ўт-алафга жон бағш этибди. Бандалари қалбига эса Нур-зиё уруғини қадабди. Улар қалбида иймон ва эътиқод куртак ёзибди. Тўхтамас чархи дунё, фалак гардиши тинмай айлана бошлабди. Шаҳару қишлоқ оралаб вабо тарқалибди. Бир қишлоқда икки опа-сингил яшар эди. Кўз ўнгида  ҳожалари, яқинлари ва юртдошлари қирилиб кетаётганини кўриб, даҳшатга тушибди. Лекин улар умидсиз умидлардан умидвор бўлиб, қишлоқни  ташлаб, олисларга бош олиб кетмоқчи бўлишибди. Опасининг Толиб исмли ўғли, сингилнинг эса Карима исмли қизалоғи бор экан.
Улар барча  уйқу қучоғида ором олаётган бир маҳал қишлоқни тарк этишибди. Бояқиш опа-сингил вабодан қочиб, ҳали инсон оёғи етмаган дашту биёбон қўйнига бош олиб кетгиси бор эди. Йўл юриб, тоғ томон кўтарилишибди ва нафас ростлагани тўхташибди. Тўрва халтасидан егулик олиб, тамадди қилишибди. Кеч тушиб, атрофни зулмат қамрай бошлабди. Улар шу тоғ қўйнида бир-бирига елка тутиб, болаларини  иссиқ оғушига олган кўйи ухлаб қолишибди.
Эрталаб кўзини уйқудан очган сингил даҳшатдан ёқа ушлабди. Не кўз билан кўрсинки, опаси ўғли Толибни етаклаб кетаётган кўйи шундоқ қаршисида қизил тошга айланиб қолган эди.
Бояқиш сингил йиғлай-йиғлай қизини  қучиб қолаверибди. У қизалоғини кўтариб, тоғнинг пастида ястаниб ётган яйлов томон йўл олибди. Яйловда яшил бўтакўзлар ўзларини кўз-кўз қилиб кизалоқни қарши олибди. Шунда онаси бўтакўз териб, гулчамбар ясабди ва қизининг бошига қўндирибди. Бироқ не кўз билан кўрсинки, жигарбанди кўз ўнгида сўла бошлаётган эди. Ўлим унинг митти ёстиғига чангал солгани шайланиб турарди. Иситма ичида  ўт-олов бўлиб куяр экан, онасига нола қилибди:
– Онажон, ёниб кетяпман, чанқаб кетдим, сув беринг. Сув…– дер эди.
Она тўрхалтадан сувдонни олиб, ичига қарабди. Хайриятки, идиш тубида уч-тўрт қултум сув қолган эди. Онаси сувни унга ичирибди. Шу атрофдаги гужум дарахтига ҳалинчак қилиб, лаҳза сайин ҳарорати кўтарилаётган қизини суюб, аллалаб, елпиб тебратибди. Қизи ўт-олов ичида беомон ёнар экан, яна сув сўрабди. Аёл уни қучиб, пешонасидан ўпибди.
– Бироз сабр қил. Жоним-қизим, мен ҳозир сенга сув олиб келаман, – деганча сувдонни кўтариб, сув ахтариб кетибди.
Ҳалинчакда беозор ётган митти жонга Яратган Эгам мурувват кўрсатиб, уни саболари билан елпиб сийлабди. Ўн саккиз минг оламдан танланиб, ўн саккиз фаришта – ўн саккиз малойик Кариманинг қошига юборилибди. Бири  ўт-оловда ёнаётган митти жоннинг лабларига сув қуймиш, бири елпиб, оташ вужудини совутмиш, яна бири қувват бағишламиш, яна бири сўлғин юзига нур ато этмиш. Яна бири мушку анбар сочиб, дилидан қутқуни суғуриб олмиш, яна бири митти қалбига эзгулик уруғини сочмиш. Қайсидир бири оёқларига жон, яна қайсидир бири борлиғига нажот, яна қай бири тилига салот бермиш, яна бири авайлаб қучмиш, кўкларга кўтариб учмиш…
Онаси эса сув излаб ўзини тўрт томонга урар эди. Йўллар оёқлари тагига қўйилган тузоқ каби хатарнок туйилмоқда эди. Ёниқ ҳаёт тимсолини ўзида мужассам этган бир булоқ  қаршисига келиб тўхтабди. У сувдонни сувга тўлдириб, ўзи бир кафт ҳам сув ичмай, орқасига қайтибди. Дарахт ёнига етиб келибди. Қараса, ҳалинчак бўш, ичида қизи йўқ. Машаққат билан дашт қўйнида далли-девона кезиб тўлдирилган сувдон қўлидан сирғалиб тушиб, чил-чил синибди. Даҳшат ва ваҳшат ичида қолган онаизор  ўртаниб йиғлай бошлабди. Ақлдан озиб, саросар кезина бошлабди. Шу-шу, саҳро қўйнида қуюнга айланиб, қизини излашда давом этибди. Тополмагач, қуюн водийларга кўчибди.
Алалоқибат, ҳориб-толиб тоғ бағрида ўғлининг қўлидан тутган кўйи қотиб қолган  опасининг оёғига ўзини ташлаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча шамол тинчиб қолармиш. Бироқ ўқтин-ўқтин дарди тутган маҳал яна  қуюнга айланармиш.
Ҳозир ҳам туйқус қўзғалган қуюн фиғони кўкка ўрлаган кўйи тоғ бағри томон елиб,  кўздан ғойиб бўлиб кетмоқда эди.

9. Гулай  момо

Мен қўтанлардан олислаб кетган эканман… Анча йўл юриб, моллар қамаладиган  бостирма ёнига етиб келдим. Бостирма ичидан ҳийла катта тўқима саватни чолмага тўлдириб олган Малоҳат чиқиб келди:
– Мунча узоқ кетдинг? – сўради у.
– Ўзим ҳам олислаб кетганимни сезмай қолибман.
– Ҳа-а, – у қўлидаги саватни ерга қўйди ва қаддини ростлаган бўлди.
Ерга чўкиб, бироз ўтирдик. Кейин иккимиз саватни  икки боғичидан кўтариб, ошхона томон юрдик. Янгам  ошхонада бир таом пиширмоқда эди. Малоҳат ёниб турган оловга яна чолма ташлади.
– Ўғиз сутидан “қоғаноқ” пиширяпман, бир қоғаноққа сени тўйдирай. – янгам қозондаги сутни чўмич билан шопирди.
– Боя туққан қўйнинг сутиданми?
– Ҳа, жонивор енгиллаб олди. Елини сутга тўлиб кетган экан. Қўзичоғи пича эмиб, қарамай қўйди. Сен кетгач, яна олтита қўй туғди.
– Зўр бўпти-ю!..
Ўчоқда олов  гурилламоқда эди. Ниҳоят қоғаноқ  пишди, идишларга солиб уй томон кетаётган эдик, олисда отлиққа кўзимиз тушди. Таомни ичкарига қўйиб, яна ташқари чиқдик. Бора-бора отлиқ деганимиз яққол кўзга ташлана борди.
– Ҳай, Гулай момоми? – нигоҳини қизига бурди янгам.
– Ҳа, шунга ўхшаяпти…– жавоб қайтарди Малоҳат.
Аслида амаким Чўпонобод қишлоғида яшайди. Қишлоқ номини ”Қора қишлоқ” ҳам дейишади. Бу ерда – отарда у чўпонлик қилади. Хуллас, Гулай момо қишлоқда Малоҳатларга девор-дармиён қўшни. Момонинг бир ўғли амакимга ўхшаб қўшни отарда чўпонлик қилади. Одатда амаким ёлғиз ўзи отарда қўй боқарди. Қўзилаш мавсумида иш тиғиз бўлгани учун янгам унга ёрдамлашгани кўчиб келган эди. Бу мавсумда қўл-қўлга тегмайди. Қўйларни соғиш керак, сутини пишириб, уютиш керак. Гулай момо ҳам қўшни отарга ўғлига ёрдам бергани келган. Зерикса амакимникига келиб-кетарди.
У отда эмас, эшак миниб келмоқда эди. Малоҳат иккимиз уни эшакдан пастга тушгани кўмаклашдик.
– Омонмисиз? Қани, хуш кўрдик…– момомга пешвоз чиқди янгам.
– Яхши юрибсизларми, болаларим? Мана, сизларни соғиниб келдим-да!
– Келиб жуда яхши қилибсиз.
Янгам меҳмонни уйга бошлади. Мен унинг хуржунини кўтариб, ортидан эргашдим. Малоҳат эшакни етаклаб, бостирмага кириб кетди.
Ичкарида момо биз билан бафуржа сўрашди. Хонтахта четида ўтирар экан, у  орқасига ёстиқ  тираган кўйи менга савол қотди:
– Танимайроқ турибман, кимди қизисан?
– Қодирбек аканинг…
– Э-э-э, билдим. Одилнинг акаси Қодирбектими?
– Ҳа.
– Яхши, яхши. Бурун болалигингда қишлоққа тез-тез келиб турар эдинг, эслайман.
– Шундай. Ўзингизам яхши юрибсизми?
– Ҳа, энди бир амаллаб юриппан болам, буяғи қаричилик…
Янгам  хонтахта устига дастурхон ёзди. Орқасидан Малоҳат чой олиб кирди. У чойни қайтариб, аввал меҳмонга, кейин бирин-кетин бизга узатди.
– Момо, чарчаб кетибсиз, йўл қийнаб қўйибди, – деди янгам.
– Ҳа, қаридим, болам. Аввал от минардим. От – от-да барибир, тез юради, манзилингга бир пасда обориб қўяди. Отдан бир йиқилдим, шу-шу минмай қўйдим. Сизларникига эшакда келдим, пича толиқдим.
– Толиққанингиз билиниб турибди.
– Ҳе, толиқиш нелигини билмасдим. Бу йўллар менга чўт эмасди. Ёшлигимда отардан қишлоққа пиёда кетардим. Энди қаридик, болам.
– Йўқ, – дедим мен кулиб, – ҳалиям бақувватсиз, йўқса нариги отардан бу отарга эшакда келиш осонмикан?
Момо кулди…
Чой ичиб бўлгач, янгам ва Малоҳат кеча сўйилган ширбоздан қўлбола кабоб пиширгани чиқиб кетишди. Даштликлар бу таомни суйиб ейишади. Ўғиз сутига обдон тўйган, йигирма-ўттиз кунлик қўзичоқни ширбоз дейилади. Гўшт аввал сувда пиширилади, сўнг совутиб қўйилади. Cовуган  ширбози гўшт оловда обдон қизиган ёғда жазиллатиб қовурилади. Мана шу ”қўлбола ширбози кабоб” бўлади…
Янгам катта товоқда ширбоз гўшти тўла таом олиб кирди. Таом юзига кўкатлар майда тўғралган, ёқимли ҳиди иштаҳаларни қитиқламоқда эди. Овқатланиб бўлгач, Малоҳат бўш товоқни кўтариб даҳлизга чиқиб кетди. Ортидан мен ҳам чиқдим. Гулай момо гапга чечан кампир эди, ичи гапга тўлиб кетган чоғи, муттасил гапирарди. Айни пайтда у набираси Қосим ҳақида гап очиб, уни мақтай кетди. Даҳлизда унинг гаплари бизга яққол эшитилиб турарди. Болалигимда ёз келгач, албатта амакимникига, Чўпонободга борар эдим. Эсимда, бир бола бўларди, ниҳоятда камгап, хаёлчан, шоиртабиат бўлганлиги учун Малоҳат иккимиз уни “сўлимбаҳор” дердик. Шуни эслаб, Малоҳатга қарата:
– Қосим ким эди, ҳалиги “сўлимбаҳор” эмасми? – деб сўрадим.
– Ҳа йўқ, – деди у бироз ўйланиб. – Сенга қандай эслатсам экан…
– Бўлди, бўлди, эсладим, – дедим. – Сувчи йигит.
– Топдинг! – деди Малоҳат хандон отиб.
– Секинроқ, – дедим Малоҳатни туртиб, – эшитиб қолса, энаси бошимизда нақ ёнғоқ чақади-я!
Биз кулишдик. Ўшанда Малоҳат иккимиз бўш бидонларни олиб, сувга отлангандик. Артизан уйимиздан узоқроқдалиги учун тўқима хуржунни эшакка ортиб, икки кўзига бидонларни жойладик. Сўнг иккимиз эшакка мингашиб, артизан томон жўнадик. Эшак зўрға қадам ташлар, биз тепаликка етиб қолгандик. Дафъатан иккимиз бир томонга оғиб, янтоққа қуладик. Малоҳатни билмадим-у, аммо менинг бўларим бўлган, баданимга санчилган тиканлар-ку, майли-я, белим зирқираб оғримоқда эди. Малоҳат эшакни бўралаб сўка кетди.
– Намунча, – дедим мен, – бечорани қарғайверма.
– Э, бечора бўлмай ўлсин, – деди у эшакка қўлларини нуқиб.
Эшакнинг қулоқлари динг, худди унинг койишини билгандай жимиб қолди. Сўнг қайта эшакка минишга журъат қилмасдан, уни етаклаганча йўлда давом этдик. Артизанга етай деб қолгандик, бир маҳал аллақандай жонивор инига кўзимиз тушди. Ин юмронқозиқники эди. Малоҳат инни кўрсатиб, “Сув қуямизми?” деб сўради. Рози бўлдим. Артизандан бидонларга сув тўлдирамиз деб бир челак олгандик. Малоҳат артизан ёнидаги симёғочга эшакни боғлагач, хуржундан челакни олиб сув билан тўлдирди. Шу атрофда Гулай момонинг ўғли деҳқончилик қилади. Қарасак, момонинг тўнғич набираси Қосим эгатлар оралаб, сув тараб юрган экан. Эгат бошида бир челакка кўзимиз тушди. Малоҳат ўшани олиб, менга узатди… Юмронқозиқ инига галма-гал сув қуя бошладик. Сувга беш қатнадик-ўн қатнадик юмронқозиқдан дарак йўқ. Кейин билдик – юмронқозиқ бошқа тарафдан йўл очиб, жуфтакни ростлаб улгурган экан.
– Бу жониворлар ўлгундай ювош, лекин ўтакетган шум бўлади. Ўлжасига айланмаслик учун бошқа томондан йўл очганини кўрмайсанми! – деди Малоҳатнинг завқи ошиб.
Ҳафсаламиз пир бўлганча бўш челакларни кўтариб, артизан олдига қайтдик.
Афтидан, Қосим йўқолган челагини излаб, куймаланарди.
– Сувчи йигит шимариб енгини…– деб гап бошлагандим, Малоҳат дарҳол давом эттирди:
– Сув олиб келар дарёдан ноз ила оҳ-ҳо, эҳ-ҳей.
Ҳафсаласи пир бўлиб турган Қосимнинг жаҳли чиқди.
– Ҳэ, энангни сенларни… сатил сенлардамиди?! Мен сенларга сувчи йигит бўлиб қолдимми ҳали?!
– Ҳай, ҳай, шайтонлама, ҳазиллашдик. – деди Малоҳат унинг шаштини пасайтирмоқ учун.
– Ҳазил қилган сенларни изларингни қириб қўяйинми?
– Ўзингни изингни қириб қўяман. Артизанни отанг қуриб қўйгани йўқ. Бу бутун қишлоқники, билдингми? – деди Малоҳат. – Ма, ол сатилингни! – у челакни Қосимнинг оёғи остига улоқтирди.
– Сен нега менга сатил отасан, ҳэй?
– Ўзинг нега бақирасан?
Даҳанаки жанг бошланиб кетди. Малоҳат жаврай-жаврай бидонларга сув тўлдирди. Икковлашиб хуржунни эшакка ортдик. Сўнг бидонларни жойлаб, иззатимиз борида жуфтакни ростладик. Шу-шу, Қосимни кўрсак, сувчи йигит, дейдиган бўлганмиз.
Даҳлизда иккимиз шу воқеани эслаб, хўп кулишдик. Малоҳат иккимиз даҳлизга тўшалган гулли кийгиз устида ўтирган кўйи бироз жим қолдик. Кўпдан унут бўлган болалик хотиралари яна борлиғимизга қайтаётганди. Бу унут бўлган туйғу аввал бизни силаб, ўзига чорламоқда эди. Қалб қатидаги саҳифалар очилиб, шу тобда унга битилган битиклар яна қайта ўқилаётгандек.
– Марғу, – деди у, – эслайсанми, касраткидан ўлгундай қўрқардинг. – Мен уни маъқулладим.
Бир пайтлар карраклар тубидан сақич тўплар эдик, ўшанда иккимиз аразлашиб қолгандик. Мен айри, сен айри қўлларимизда биттадан теша, сақич тўплай бошладик. Каррак тубидан калтакесак пайдо бўлгач, югуриб ёнимга келдинг-да, мени қучоқлаб олдинг.
– Ҳа, – дедим мен ширин хотирлаб, – аразлашганимиз ҳам эсимдан чиқиб кетувди.
Дашт қўйнида япроқлари тиканли ўсимлик ўсади. Уни даштликлар “каррак” дейишади. Биз карракни ер остидан теша билан ковлаб олардик. Танасининг пастки қисмида оппоқ шилимшиғи бор, биз ана шу шилимшиқларни йиғардик. Сўнг чайнаб, эрмак қилиб юрардик.
– Сен, – дедим Малоҳатга қарата, – сақич йиғишга уста эдинг.
– Чунки сен карракларни ажрата олмасдинг. Сақич фақат урғочиси поясида бўлишини билмасдинг.
– Ҳа, шундай, – дедим.
– Эркак карракда шилимшиқ сақич бўлмаслигини кейин билиб қолгандинг.
Эшик очилиб, янгам чиқиб келди.
– Ҳай, нима қиляпсизлар қуруқ кийгиз устида? Якандозни солиб ўтирсанглар-чи.
Биз индамадик.

11. Жадир ёхуд Жарқинлар

Инчунун, кўҳна замин қадар хотира қадим,
Кимнингдир шу ёши оқсоқол Қуёшга уйқош,
Сеҳрланган тилсиз сўқмоқ узра босмоқ-чун қадам,
Қалқиб кетмоқдаман, манинг қаро кўзим тўла ёш…

– Ҳой, Мало, тур, барака топгур, анов туққан қўйлардан бир хабар олайлик, – деди янгам Малоҳатга қараб.
– Ҳозир…– дея у ўрнидан турди. Малоҳат онаси билан даҳлизга чиқди. Мен эса момо билан қолдим. У чигалини ёзмоқ илинжида оёқларини узатиб, силаган бўлди ва дақиқа ўтиб пайпоқларини ечди. Шунда тирноқлари ўсмай тугун бўлиб қотиб қолганини кўрдим, ўнг оёғидаги чандиққа кўзим тушди.
– Вой, – дедим беихтиёр, гўё бошим узра бир челак сув қуйилди-ю, сесканиб кетдим. – Нима бўлган тирноқларингизга?
У “қўявер”, дегандек қўл силтади, мен эса сабрим чидамай унга яна савол бердим:
– Нима бўлган? Айтинг!
– Бир вақтлар тўйда – кўпкарида от босиб кетган. У пайт биз турган мана шу дашт одамга тўла, Жадир қишлоқ деб айтилгич эди. Кейин одамлар сувсизликдан қийналиб, Нурота яқинига кўчиб кетишган. Ўшанда тўй куни Торғил отнинг туёғи тирноқларимни ўйиб кетган, шу бўйи тугун бўлиб ўсмай қолган…
– Шунақаям бўладими? Жонингиз роса оғригандир?
У “ҳа” дегандек бош ирғади:
– Ўшанда худди сендай навниҳол қиз эдим…– дея эслади у. Чеҳраси жиддийлашиб, ўтган кунларини хотирлаш тараддудида, аввалига бир оз жим қолди, сўнг бошини қуйи солиб хаёлга чўмди.
Мен эса ундан кўз узмай, қуюқ қайрилма киприклари ортидаги тим қора кўзларига тикилиб қолган эдим. Шунда унинг ажин босган юзида ҳали ҳам аллақандай назокат уфуриб турганини илғаб, бир пайтлар чиндан-да дилбар ва соҳибжамол бўлганига амин бўлдим. Айни пайтда мен мана шу лобар аёл ҳақида нимадир билгим келмоқда эди.
– Ҳозир мен сенга бир нимани айтиб бераман.
Унинг бу гапи менда ажойиб бир ҳикоя эшитиш завқини уйғотди. Уни Қорақишлоқ аҳли маталчи, достончи момо дейишар эди. Айни шу завқ менда бир умид, бир истакни кучайтирарди. Баайни шу истакнинг зўридан бўлса керак, унга томон яқинроқ сурилиб ўтирдим. Шу пайт “Қани, тезроқ бўлинг” дегим бор эди-ю, негадир бу гапим уни шаштидан қайтарадигандек туюлди, шунинг учун тилимни тийиб турмоқда эдим.
– Гапни қандай бошласам экан, – у ёстиқни деворга тираб суянган бўлди. – Ўшанда мен ёш эдим. У пайтлар Чўпонобод қишлоғи йўқ эди, бу қишлоқ аҳли олис Жадир, Мастон, Қувондиқ қишлоқларидан Нуротага яқин бўлиш илинжида кейинчалик кўчиб келишган. Бир қадим қишлоқ бор эди, бу қишлоқни Жадир деб аташарди. Гапларига “ж” қўшиб гапиргани учун Нурликлар уларни Жарқинлар дейишган.
Агар билсанг, – деди у менга шаҳодат бармоғини нуқиб, – сенинг етти пуштинг шу қишлоқда умргузаронлик қилган. Биласанми, етти пушт нелигини?
Мен бироз хаёлга чўмдим. Отам барибир ақлли инсон эди. Бир гал у мени ёнига чақириб, қоғозга битилган шажарамизни кўрсатиб, улар ҳақида ғурурланиб гапирган, шуни эслаб момога қарата дедим:
– Нега энди билмас эканман, етти пуштимни биламан, улар орасида жўмард полвонлар ўтган, дилларни сел қилган бахшиси, сангтароши, дашт қўйнида дардларга даво излаган табиби, донгдор чўпонлари бўлган.
– Ҳа балли, эслилигингни билардим, буларнинг барисини Қодирбек қулоғингга қуйган-ов?
– Ҳа , – дедим кулиб.
– Ҳа, энди эшит, шу Жадир қишлоғини ҳамма хосиятли қишлоқ дейишар эди. Бошқа бир дашт қўйнидаги қишлоқ аҳли орасида юқумли касаллик тарқалиб, ёшу қари ўла бошлабди.Эккан экинларига ҳам қирғин келибди.Оллоҳнинг қудрати билан икки жўранинг оиласи бу касалдан омон қолишган. Уларга чиндан-да Карами кенг Худованди Карим нажот қўлини чўзган, йўқса, бу лаънати хасталик уларнинг ёстиғини қуритиши тайин эди. Жўралар туяларни аравага қўшиб, оила аҳли билан, яралари қонаб ётган бу бедаво қишлоқни ноилож тарк этишибди. Узоқ йўл юриб, саксовулзор макони бўлган бир дашту биёбон қўйнида қўним топишибди. Айни баҳор пайти эмасми, осмон найсонини шу табаррук заминга беминнат сочар эди. Тупроқ қатини ёриб, майса-ўтлар қулф уриб чиқа бошлабди.
Инсон боласи қанчалик қийналган сари улғайиб, юксалиб, донишмандга айланиб борар экан. Мана шу икки оила машаққатли йўлга митти сўқмоқ очиб, давом эттиришибди. Тупроқни ёриб, жадраб чиққан ўт-алаф сингари, одамзод ҳам дашт қўйнида кўпая борар эди. Аҳли қишлоқ шукрона айтиб: “Жадраб қолдиқ, жайраб қолдиқ”, дейишарди. Фақат Яратганнинг қудрати билан омон қолган икки мўйсафид завжалари билан болалари қуршовида бошларини сағал қуйи эгган кўйи, ўйга чўмиб ўтиришарди. Улар шодликдан дўппиларини осмонга силкитиб, қаҳ-қаҳа отишмади, фақат кўз ёшлари нолон оқар эди, йиғлашар эди. Улар чиндан йиғлашар эди. Чунки бедаво касалликдан омон қолишиб, насллари давом этмоқда эди-да. Лутф билан шукр қилишиб, унсиз йиғлашарди. Улар кийгиз чодир ичида, давра тўрида ўтиришар экан, невара-чевараларига қарата:
– Биз чиндан жайраб қолдиқ, жадраб қолдиқ. Бу қишлоқти оти энди ЖАДИР, – дейишибди.
– Ҳа, – деди момо маъқуллаб, вужудида аллақандай ғурур туйиб, шу икки биродарнинг авлодлари – сену биз бугунги кунда кўпайишиб юрибмиз-да, болам. – у менга маъноли нигоҳларини қадаб турарди.
Маъқуллаган бўлиб бош силкидим:
– Ҳа, отам бир пайтлар болалигимда мени тиззаларига ўтирғизиб, гапириб берган эдилар.
– Ҳа балли, ўзингди ким эканингни билганинг яхши-да. Қўшни Мастон қишлоғидан Жибак чечани кишлоққа келин қилиб олиб келдик, ана шу тўй куни, кўпкари маҳали от оёғимни босиб кетган эди.
– Ҳа-а, – дедим мен унинг пучмак тирноқларини кўз олдимга келтирар эканман. Момонинг ўзи олган жароҳат ҳақида бунчалар олисдан ҳикоя сўзлагани завқимни келтириб юборганди.

12. Дилни сел қилган бахши

Момо бир оз тин олгач, нақлида давом этди.
– Ўша пайтлар тўй кундузи бўларди. Узоқбой акам билан Жибак чечанинг тўйи хўп хушбахшчилик билан ўтган, – хотирлади у.
– Қуралбой акамнинг онаси Ипак момомни айтмаяпсизми?
– Ҳа, топдинг…
– Ҳозир раҳматли бўлиб кетган…
– Жойи жаннатда бўлсин! Ўша, сенинг катта отангнинг ўртанчи укасига келин бўлиб тушган эди.
– Биламан…
– Жарчи жар солган эди, у кун:
– Қани, қайнотаси, суюнчи, келин келди!
Барча келинга пешвоз чикди. Чилбир отга арава қўшилган, Мастон қишлоғидан сеп-сидирлари билан соллана-соллана келин келмоқда. Куёв беқасам тўн кийган, белида келин атаб тиккан белбоғ, йигитлар қуршовида отдан керилиб тушди. Ва аравада ўтирган келинни даст кўтариб, пастга олиб қўйди. Келин ва қудалар хуш кайфиятда кутиб олинди. Қурсия хола чилдирмани ўйнатиб, чалиб қўшиқ бошлади, Ойбалқи опа унга жўр бўлди. Бу оҳангга ҳатто чарчаш нелигини билмайдиган болакайлар-да маҳлиё бўлиб, жимиб қолишган эди. Заррин хуржунларда жилва қилаётган сеплар келин хонадонига олиб кирилди. Янгалар кашталарни ёйди, тугунлар бир-бир ечила бошланди.
Келин пойига бўрдоқи қўй сўйилди. У мушку анбар таратиб, дугоналар қуршовида чимилдиқ томон илгариламоқда эди. Қаердандир эшитилган каклик хониши алёр айтаётган аёлларнинг хуш овозига қўшилиб, уйғунлашиб кетади. Қудалар сийланиб, зиёфат авж олган.
Ташқарида эса гужум дарахти соясида, ёғоч сўрида қўр тўкиб қишлоқ оқсоқоллари, бошқа сўрида куёвжўралар шоду хуррам чақчақлашарди.Ниҳоят ҳамма жимиб қолди. Жадирлик ёш бахши Жўмардбек дўмбирани чертган кўйи хониш қила бошлади:

Сочинг толасин тортиб,
Боғладим мен торимга,
Елкамга ғамни ортиб,
Қўшиқ айтдим ёримга.
Юрагим ришталари,
Боғланганми санамга,
Жадирнинг пушталари,
Қуйилганми танамга.

У дўмбира садолари остида булбулдай берилиб куйлар, мана шу оҳанрабо куй ва қўшиқ ёшу қарини сел қилиб, атрофга таралмоқда эди. Бироз хириллоқ товушда берилиб куйланаётган қўшиқ баайни томирда қайнаб оқаётган оловдек.

Ўтиринг Самия чеча,
Дардим эшитинг пича,
Билдиргайсиз ёримга,
Уйқусиз ўтар кеча.
Билармикан ул санам,
Оҳу кўз қоши қалам,
Дилимни ўртар алам,
Қўшиққа тўлди олам.
Киприги пириллайди,
Юрагим дириллайди,
Эшитарми дардимни,
Овозим хириллайди.

Елкали, хушқомат бу йигит жўшиб, берилиб куйламоқда эди. Маъноли кўзларини узоқларга тиккан кўйи, тобора жўшмоқда эди. У ён-атрофига қарамасди, эҳтимол, ҳеч кимни кўрмасди, ҳеч нарсани англамасди – фақат куйлар эди. Мафтункор куйга нафақат Жадир қишлоғининг ёшу кексаси, балки оламни чулғаб турган маҳобатли Осмону бепоён Замин, ундаги ҳар бир гиёҳ маҳлиё бўлиб қолган эди.

Чертилади дўмбирам,
Вужуд ўртанар бирам,
Сочлари тарам-тарам,
Бу дунё ўзи бир кам.
Турармиди соч тараб,
Булоқ бўйига қараб,
Ҳолимни билмас Ё Рабб
Новвоту шакарли лаб.
Юрак ўтдек бознайди,
Бўзтўрғайдек бўзлайди,
Оҳ, қалбимни тиғлайди,
Юрагим сел йиғлайди.
Жадир-ку жадраб қолди,
Жарқинлар жайраб қолди.
Жомғир ҳам жовиб толди,
Журагимга жар солди.
Бахшиси Жуманбулбул,
Тобланган Пўлкан шоир,
Юракларни сел қилиб,
Тор билан ўтган буткул.
Бекмурод Жиров тутган,
Дўмбирамни чертаман,
Бахшилар куйлаб ўтган,
Куй, қўшиққа ўтаман.
“Қинғир деган қуш ўтирар қиёда,”
Орзуларим бўлар энди зиёда,
Давом этсам бўламан мен дунёда,
Бахтлидирман давомий бахшизода,
“Сувсиз чўлда Ғиркўк от бораётир пириллаб”,
Куйлаганди жўшиб бахши шоир хирилллаб,
Оҳим бўғизимда чиқмаётир дириллаб,
Юрак балқиб-қалқиб тўлғонади потирлаб.
Раҳматулла Юсуф Қоракисадан,
Пўлкан шоир ҳузурига елганди.
Устозидан кўп сирларни ўрганиб,
Қоракиса томон яна келганди.
Ёлғош бахши Қоракиса оралаб,
Терма йиғмиш бамисоли саралаб,
Ул санами – Зиёда сокин қараб,
Чилбир чўлга бир байт битмиш соч тараб.
Оқтовда бор Ғиркўк отнинг охури,
Бахл тоғда Бахл пари яшаган,
“Қинғир деган қуш ўтирар қиёда”
Чилбир чўли, Ойна кўли, Зиёда.
Қантар ойда қор турмасмиш қиёда,
Пистақи қир товланади зиёда,
Пасоб гулим чорлайверар дарада,
Кўкламдайин мавсум борми дунёда?
Нопармоним, қўзигул чечакларим,
Тақиямга қўнибмидинг қиялаб,
Дардим сўраб чиқсангиз чечаларим,
Бисотимни бераман мен туялаб.
Чалоб ичиб, чўлда кетабераман,
Отни қичаб, таяқ билан ниқаман,
Напас олиб қирғовилдай қияда,
Гартак журиб Оқтовимга жетаман.
Сочинг толасин тортиб,
Боғладим мен торимга,
Елкамга ғамни ортиб,
Қўшиқ айтдим ёримга.
Юрагим ришталари,
Боғланганми ёримга,
Жадирнинг пушталари,
Қуйилганми танамга.
Ўтиринг Самия чеча,
Дардим эшитинг пича,
Билдиргайсиз ёримга,
Уйқусиз ўтар кеча…

У куйлаб бўлгач, дўмбирасини авайлаган кўйи ёнига қўйди. Сенинг энанг Улғай чеча беқасам чопон билан белбоғ олиб чиқди. Йигитлардан бири сарпони унга кийгизишди. Cўнг барча кенг яйлов томон, кўпкари томон ошиқди. Кўпкари энди бошланувди, нимаям ғафлат боcди. Торғил отда Мардонқул акам от чоптираётган эди, отнинг туёқлари оёғимни эзиб кетди, ҳушимдан кетгандим чоғи, кўзимни очсам уйдаман, онам қонаётган тирноқларимга қонтепаргиёҳ боғлаб, унсиз менга тикилиб ўтирар эди.
Гулай момо гапини тугатди. Уни аллақандай ўй босган эди, шунда мен унинг чуқур ва оғир нафас олаётганини ҳис этдим.
– Тур, ташқарига чиқайлик, – деди у.
Биз ташқари чиқдик. Турган жойимиздан шимолга қараб кетмоқда эдик. Ўн дақиқа чамаси юриб, саксовулзорга дуч келдик, айланиб ўтиб ғарибгина қабристон ёнида тўхтадик. Бу ер худди тонг каби сокин-у, дашту биёбондек фаромуш эди. Момо ерга тиз чўкди. Илоҳий тиловат тилидан учди.
Кўкда лутф айлаган қуёш нурлари қабрлар оша сирғалиб тушиб, гўё ичкарини саховат-ла ёритмоқда эди. Атрофда мунғайиб ётган қабрлар, ўтганлар хоки поки. Мен ўксиган кўйи жимиб қолдим.
Бир оз фурсат ўтиб биз орқага, уйга томон жилдик. Узоқда амаким сурувларни бостирма томон ҳайдаб қайтмоқда эди. Ошхонада янгам билан Малоҳат нимадир таом пишириш билан андармон…
Атрофда хуш ёқувчи шамол эсар, у гўё жонимдаги оловни елпиб совутмоқда. Қуёшнинг нурлари бир туп шувоққа иниб, яна тарқалаётир. Олисда, бобокалонларим ётган гўшадан бир насим таралаётир, бу насим бизларга ўз тилсим-сеҳрини йўллаётгандек. Бир қўшиқ, бир наво эшитилаётгандек, бу наво томирларим ичига қон бўлиб қуйилаётир. Бу илоҳий қувват томирларим ичра кезинар экан, ёниқ ҳаётнинг давоми вужуд ичра яшамоқда эди. Айни пайтда бу ер чиндан-да тонг каби сокин-у дашту биёбондек фаромуш, ложувард осмон эса кўкдан бизга майин шаббодалар узатаётир эди…
Олисда амаким қўйларни ҳайдаб отар томон яқинлашмоқда эди. У қўйларни бостирмага қамагач, юз-қўлини ювиб, ичкарига кирди ва Гулай момо билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўради. Кечки овқат дастурхонга тортилди. Тамаддидан сўнг у қўлини артиб, момога деди:
– Бугун қўй боқиб юриб, биласиз, қўзилаш пайти бўрилар қуртлаб қолади, билмадим, қайда турган экан, сурувга ҳамла қилиб қолди…
– Вой! – дедим мен хавотир олиб. У эса чой ҳўплаб, пиёлани дастурхон четига қўйди ва гапида давом этди:
– Аввал, сурувлар яйловга ёйилганида мўла* қўйдим, сўнг отдан тушиб, узала тушиб ётдим. Бир маҳал қўйлар тумтарақай бўла бошлади. Юрагимга ғулу тушди. Онангни эмгур, бўри ҳамла қилдими, деб ўйладим. Хавотирим ошиб, таёқни олиб чопаман, чопаман, ҳеч етолмайман-да, бўри бир нимжон қўйга ҳамла қилган экан, бўрибосар эса унинг томоғидан ғиппа бўғиб тинчитган, сал нарида қўй иҳрамоқда. Қарасам, илож йўқ, қўйни ҳалоллаш керак, бўғзига пичоқ тортдим. Дастурхонга дуо ўқинг, момо, шу қўйни сўйиб, бир ёқлик қилай…
Дуо ўқилиб, дастурхон йиғиштирилди. Анча фурсат ўтиб, мен ҳам ташқарига чиқдим, амаким қўйни ҳалоллаб бўлган, сал нарида “қаҳрамон” бўрибосар қизилўнгач чайнамоқда. Ҳайбатидан қўрқасан, қулоғини диконглатиб, думини ликкиллатган кўйи қизилўнгач чайнаб тикилади. Амаким унга ўпка ташлади, ит луқмани ғажий бошлади. Унинг панжалари орқасида тирноғи узун яна бир панжаси бор эди, чўпонлар бундай итни “бўрибосар” дейди. Бўрибосар ниҳоятда қайсар ва мағрур эди, амаким унга ишониб хато қилмаган эди.
Малоҳат иккимиз қудуқдан сув тортиб, пақирларни тўлдириб ичкари кирдик.
– Муздай қудуқ сувидан апке, ай Малоҳат!
-Ҳозир момо!
Малоҳат чумичда момога сув узатди.
– Бай-бай, муздайлигини…- Момо сувдан қонгунча ичиб, чўмични хонтахта устига қўйди ва бизга қаради, – Биз турган Жадир қишлоқ бурун одамга лиқ тўла эди. Агар бу ерларда сув бўлганда борми, ҳозир Жадир қишлоқ катта шаҳарга айланган бўлар эди. Даштда сувсизликдан қийналагн жадирликлар Нурота яқинига кўчиб кетишди. – У Малоҳатга қараб – Фақат отанг Жадирни қора тортиб, шу ердан кетгиси келмай, чўпонлик қилади.Аслида жадирликларнинг ҳаммаси бу ердан кўнгил узолмайди, ўтган бобо, момоларининг қабри атрофига келишиб, Қуръон тиловат қилиб кетишади. Бу ердан ҳеч кўнгил узолмайди.
Янгам хонтахтада турган чироқларнинг пилигини кўтарди, атроф ёришиб кетди.

13. Буюк ва бепоён дашт

Дашт қўйнида тонг ёришди. Найза бўйи кўтарилган қуёш Худо ёрлақаган заминни нурга беламоқ ишқида ёнди. Унинг шуъласи борлиққа битталаб, сараланган каби таралаётган эди. Саҳро икки оламни ёдга солади. Тонг ҳарир чимматини кўтариб, қуёш чирой очар маҳал борлиқ сеҳрли, мафтункор бўлади. Бирдан оламни кўкатларнинг хуш бўйи тутиб кетади. Уни оромбахш насим димоқларга саҳоват-ла пуркайди. Шу дам салқин ҳаводан тўйиб нафас ола бошлайсан… Кун пешинга оғар маҳал қуёш нурлари беармон тўкилиб, гўё қумлар қатини қайнатади. Дашт қовжираб сукутга толади, жазирамада жисми оловга айланади. Буюк даштда азалий, ёзилмаган шундай бир қонун бор – ким ёки нима кучли бўлса, ўша ғолиб келади.
Қишдаги жуфтлашувдан сўнг урғочи бўри ҳомиласини олтмиш тўрт кун олиб юрди. Қантар ойида ўзини яна ҳам эҳтиётлаб қолди, пана жой излаб, болалашга ҳозирлик кўра бошлади. Кимсасиз дашт ичра бу ерни маъқул топиб, ўзи ва туғилажак болаларига ин қазиди. Шу инида болалади. Тўрт боласи эмавериб, силласини қуритиб юборди. Улар бир ярим ойлик бўлганида луқма чайнашни ўргатди. Кейин изғиб юриб, бир шувоқ олдига келиб тўхтади. Шамол ёқимли бир ҳидни димоғига урди. У искаланиб ҳид қаёқдан келаётганини билди. Бир йўла бешта қумқуён боласини еган бўлса-да, ҳали қорни тўймаганини ҳис этди. Лекин у ўз болаларининг ҳоли не кечганидан бехабар эди.
Қовишувдан сўнг нақ бир йил ўтгач, урғочи оқчаён ўн битта болалади. Деярли ўн икки кун бирини қўйиб, бирини суйиб, болаларини устида олиб юрди. Сўнг улар ҳар томонга тарқалиб кетди. Ҳозиргина она чаён нишини юнглари момиқ, ҳали оғзига қон тегмаган беозор бўриваччаларнинг бирига суққан эди. У шу заҳарли игнаси билан ўлжасини фалаж қилди. Кучли оғриқдан бўривачча типирчилай-типирчилай тинчиб қолди. Она бўри болалари ёнига қайтган пайт чаён нашидасини бафуржа суриш илинжида қум қатига кириб, ғойиб бўлган эди. Она бўри талваса ичида талаша-талаша жон таслим қилган боласини индан судраб, ташқарига олиб чиқди. Қайтиб келгач, деярли ярим ҳазм қилинган ошқозонида “пишган” қумқуён гўштини ўқчиб қусиб, болаларини озиқлантирди. Энди бир оз тинчиб, ором олаётган болаларини қўйиб, далли хаёли уни ер қучоқлаб ётган боласи томон етаклади. Ахир у тинчлана олармиди?! Ваҳший, йиртқич вужуди тўлғонди. Боласини судраб, тўп-тўп ва тиғиз ўсган шувоқлар орасига ташлаб келди.
Иттифоқо егулик излаб инига қуруқ қайтган она қумқуённинг хонумони куйди. У “қиюв-қиюв” деган овоз чиқариб, тўзғиб қолди. Аттанг, орзу-ҳавас билан беш болани дунёга келтирган эди-я… Қумқуён, яна уни “қумтовушқон” дейишади, хуллас, бу жонивор йилда икки-уч болалайди. Бу гал у анча тажриба орттирган эмасми, наслини алоҳида тайёргарлик кўриб, қуриган ёвшан ўти тўшалган инда дунёга келтирган эди. Қарангки, қишки тунаш вақтида қум рангини заррача ўзгартиргани йўқ. Катта-катта узун қулоқларини динг қилган кўйи, маржондек юмалоқ кўзлари билан атрофга мўлтираб боқди. Қумранг тусли мўйнасини шамол бир маромда овунтирган мисол силаб елмоқда эди. У болалари ётган жойни дилхун бир тарзда ҳидлаб чиқди. Кейин ғаним оралаган бу бехосият инни тарк этди. Энди у ўзи учун хотиржам жой танлаши керак. Саҳрода изғий-изғий гармселда бир маромда чайқалаётган саксовулзор маконини қора тортди. Жадир қишлоғи яқинидаги саксовуллар ичида ўра ковлаб, ўзига ётаржой ҳозирлади.

* * *

Дашт абру найсон соғиниб қолган. Кориз сувлари ҳам камайган, экинлар буткул сувсизликдан нест-нобуд бўла бошлади. Жадир қишлоғининг оқсоқоли улус билан кенгашиб, Нуротага яқин ерга кўчишга қарор қилган, шунга кўра барча икки кун ҳозирлик кўришди. Одамлар субҳи содиқда йўлга чиқиш тараддудида эди. Карвон бошида бўйнига қўнғироқ осилган нортуя, ниҳоят йўлга тушди. Барча ўз ўйидан ўзи бохабар жимиб қолган, бу жимликни аллалаган мисол таралаётган қўнғироқ жаранги бузаётир. Бу жаранг ҳеч бир зоғга малол келмас, билъакс қулоққа хуш ёқар эди. Атрофда гармсел тафти. Олисларга чўзилган карвон охирида олти чўпон молларни ҳайдаб келаётир. Подалар учга бўлинган – йилқилар, унинг кетида – моллар, охирида – қўй-қўзилар, улар маъраша-маъраша карвонга эш-қўш бўлиб илгарилайди.
Бир кўриниб, сўнг яна қумлар орасига сингиб кетувчи сароб ўз тилсимини намоён этмоқ учун яна қайта жонланади. Шу улкан издиҳом орасида соябон аравада ҳомиладор Гулай ҳам бор. У онаси ва қайнонаси билан бирга. Йўл азоби якунида шодлик кўз тикиб турганини ҳис этиб, жилмайиб қўяди. Тамадди қилиб бўлгач, Гулайнинг кўнгли беҳузур бўла бошлади.
– Кўнглим айниб, қусгим келяпти, – деди у. Қайт қилгач, пешонасидаги терни сидириб, бир оз тин олди. Шунда вужудида оғриқ бошланганини ҳис этди. – Ҳамма ерим оғриб кетяпти, – деди у бу гал онасига.
Ой-куни яқинлашиб қолган. Тўлғоқми бу? Бора-бора оғриқ кучая борди. Қудалар типирчилаб қолишди. Энди нима қилади? Йўлга чиққан, карвонни тўхтатиб бўлмайди. Қайнонаси аравадан тушиб, туяни таёғи билан ниқиб кетаётган ўғлини тўхтатиб, қулоғига бир нималар деб шипшиди. Ўғли туяни қичаб, карвонбошига етиб олди. Қайнонаси қаттиқ бетоб эканини унга тушунтирди. Карвон ноилож нафас ростламоқ учун тўхтади. Хотин-халажнинг шивир-шивири бошланди. “Ҳа, нима эмиш, Гулайнинг онаси касал эмиш…” Одатда, момолар тўлғоқ тутган аёлни пана жойга олиб ўтиб, дард тутаётганини сир тутишади.
Чизиллатган аччиқ тўлғоқ азобидан бутун вужуди қақшаган Гулай беихтиёр тишларини тишларига қўйди. Унинг жағи бўртиб чиқди. Онаси айтди:
– Тўлғоқда тишларингни ғижирлатма, болам, тишларинг тутдай тўкилиб тушади.
У чуқур нафас олди. Дард осон кечиши ва туғилажак фарзандининг саодатини тилаб, онаси ўргатган дуони ўқий бошлади. Қаъридан бир тўлғама келди ва унинг оёқлари керилди. Аввалига дард бўлиб тўлғонди, сўнг икки тош ичидаги талвасали жонталаш жон йиғига айланиб, пастга тушди. Тўлғоқ тарқалиб, ўзидан митти мужда – митти жарчи олиб тушганди… Ўғил туғилган эди. Ҳаёт шундай титратмалардан иборат.
Хожаси кўм-кўк бир тутам исириқни қўлларида тутган кўйи, чақалоқ йиғисига маҳлиё бўлиб лол эди. Ўғли ўғиллик бўлганини эшитган ота ўзича пичирлади:
– Пўлатдан олтин жовар!
Олов селини пуркаган қуёш қумлар қатини тобора куйдирмоқда эди. Саҳро қўйнида митти жарчи онасининг қорнида пўлатдек тоблана-тоблана олтин бўлиб шу муборак замин қўйнида кўз очди. Энди у чиндан бобосининг наздида пўлатдек тобланиб, олтинга айланган эди-да! “Олтин болам” дер эди бобо севинчини яшира олмай. Бурунгилар топиб айтишган: “Ўригидан данаги ширин.” Ҳув нарида Гулайнинг “касал” онаси темир ўчоққа қозон осиб, атала пиширмоқда. Бу кўчманчи улус йўл азоби қийинчиликларини писанд қилмас, фурсат ўтиб, эсон-омон бўшаниб олган қизига атала тутди у. Карвон яна йўлида давом этди…
* * *
Атрофни зулмат-қоронғулик чулғаб олган, янгам хонтахта устида бир йўла учта чироқнинг пиликларини бирин-кетин, ёруғроқ бўлсин учун кўтарди. Хона янада нурафшонлашди.
– Ухлайлик энди, – деди Гулай момо.
Негадир хонтахта атрофидан ҳеч кимнинг жилгиси келмаётган эди.

14. Магар юрак куймас, куй яратилмас

Тушиммиди, ўнгимми – аввалига англай олмадим – аллақандай овоздан чўчиб уйғондим.
На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.
Борлиғим дафъатан бу тилсимий сеҳрга ошно бўлиб, ҳайрат ҳисси билан лиммо-лим тўлди. Бу сеҳр мени ўзига чорлаб, мафтун этди ва яна қўшиқ бўлиб жаранглайверди, далли хаёлим ўғирланиб, ақлим шошди. Яна қўшиқ жаранглади.
На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.
Дилим таскин топди. Бу илоҳий тилсим қалбнинг сарҳадлари узра акс-садо бериб, мени сокинликка даъват этди. Бу даъватда енгиб бўлмас бир қудрат бор эди. Бу инсоннинг сўзлари эмас, беихтиёр пичирладим мен. Ўрнимдан туриб кетдим. Сўл томонда Малоҳат донг қотиб ухламоқда. Тўғримдаги токчада чироқ хира милтирайди. Ёруғроқ бўлсин учун чироқ пиликларини кўтардим. Ёғоч жовондан амаким мудом мутолаа қилувчи – Қуръони Илоҳий Каломни авайлаб олдим… Мен Каломуллоҳни варақлай бошладим. Топдим! Қичқириб юбордим. Хайриятки, Малоҳат буни сезмади. Мен суюниб кетган эдим. Тушимда янграган тилсимий садо, сўнг уйғонгач, қулоқларим остида муаллақ қотган ва борлиғимни сеҳрлаган, юрагимни титратган, ёноғимни яшнатган, куй бўлиб ёнган, оҳанг бўлиб таралган, қалбим эса бу тилсимий оҳангдан қонган… Бу чиндан инсоний калом эмас, бу – Ёсин сурасининг қирқинчи ояти, ўз тилсимини ечиб, энди куй бўлиб янграмоқда эди.
Ё Мавло, қудратингдан! Аввал шишаи шаффоф дилимни танг қилиб, кейин занг уриб чертдинг. Атрофимда чиндан куй ёнар эди. Куй ичида мен оқар эдим.
Магар юрак куймас, куй яратилмас…
Бу ҳол бир воқеани ёдимга солди. Шифохонада энди иш бошлаган кезларим эди. Ўн олти-ўн етти ёшли бир бемор йигитни ота-онаси даволатгани олиб келишди. Бош шифокор ўзи қабул қилиб, унга “фавқулодда руҳий бузилиш” дея ташҳис қўйди. Эртаси куни беморнинг дарди тутиб қолди. Аъзойи бадани асабий қақшаб, устидаги кийимларини йиртиб ташлади. Ҳамширалар бир амаллаб уни жойига ётқизишди, яна бири унинг томирларига тинчлантирувчи эмдори юборди. Жазава икки-уч дақиқа ичида босилди. Энди у қўйдек ювош бир тарзда кўзларини шифтга қадаганча жим ётар эди. Шифохона деразасидан бир аёл унга ўқтин-ўқтин боқиб, кўзидан юм-юм ёш тўкар эди. Бу – кечалари ширин уйқусини бузиб, кўкрак сути тутган, ҳузур-ҳаловат нелигини билмаган муштипари – онаизори эди…
Она ноилож мискин кўнглини шифохонада қолдириб, қуруқ савлатини етаклаганча, хонумони куйиб уйига қайтди. У сўрида кўринишда хотиржам ўтирар, аслида далли хаёли эса савдойи шамол каби тўзғиб, телбанамо кўкка ўрларди.Уйга қайтган хўжайини кўриниши бир аҳвол аёлига разм солар экан, бир йўла ўғлини ҳам кўриб қайтганини айтиб, бир оз кўнглини кўтармоқчи бўлди…
Аёл эрталаб хўжайинини ишга кузатиб, ўзи ишини ҳам йиғиштириб, ғарибу бенаво шифохона томон йўл олди. Бемор ўғли у билан лоқайд бир тарзда кўришди. Ранги синиққан, ҳолдан тойиб, сулайганча шифтга термулиб ётар эди у. Унинг руҳини нимадир енгиб қўйган эди. Бу қай аломат? Ҳеч тарқамас, адоқсиз дард-алам – ғам-андуҳ мужассам эди, унинг нигоҳида.
– Комил, – деди онаси ўғлига қараб, – яхшимисан, болам?
Ўғил “ҳа” ишорасини қилиб, билинар-билинмас бош қимирлатди.
– Сенга овқат опкелдим, иссиғида еб ол.
У яна индамади, онаси ҳам не деярини билмай жимиб қолди. Фурсат ўтиб, Комил “уф” тортди ва тез-тез нафас ола бошлади. Худди алаҳлаётган одам каби бир нима деб тинмай пичирлар эди. У ниҳоят онасининг қўлидан тутди ва “Кетманг!” дея зорланди.
– Мени тинч қўймаяпти.
– Нима тинч қўймайди, ким? – сўради онаси.
– Сариқ илон, – деди у кўзлари ола-кула бўлиб. – Шифтда пайдо бўлаверади, ҳеч кетмайди.
Ё Раббим, унинг юзидан дўлдек тер оқмоқда эди. Ҳўл бўлиб кетган сочлари кенг пешонасига чиппа ёпишган, тиззалари дир-дир титраб, яна алаҳлай бошлади. Ҳамшира етиб келди. Унга яна укол қилди. У яна жимиб қолди. Уйқу элита бошлаган эди.
Юраги садпора она аҳволи абгор бир тарзда шифокор олдига кирди.
– Ўтиб кетади, – дея далда берди у аёлга, – эртадан жиддий муолажага ўтамиз, беморда шундай ҳолат кузатилади. Бир нима кўзига кўринади, ўша билан ўзича гаплашади. Сиз қўрқманг, ўтиб кетади, уйга хотиржам кетаверинг.
Аёл ноилож яна уйига қайтди. Остона ҳатлаб, ичкари кирар экан, эшикни ёпиб, бошини деворга тираб, аввалига товуш чиқармай, сўнг “ҳўнг-ҳўнг” йиғлай бошлади. Ўзи йиғлаб, ўзи овунди.
Ҳаёт шундай долғалардан иборат.
У ақли-ҳушини йиғиб, ўйланиб қолди. Ўғли айтган сариқ илон шифтда пайдо бўлиб, тушида ўзини ҳам таъқиб қилган эди. Бу тушини яхшиликка йўйиб, онаси айтган ўгитни эслади: “Илон тушда кўрсанг – ганж, ўнгда кўрсанг – янч”. Қандай тонг оттирганини билмайди. Аслида у туш кўрмоқда эди…
* * *
Сой деса ҳийла катта, дарё деса кўзига кичик кўрина бошлади. Кимсасиз бир кўл бўйида қолиб кетган эди. Илимлиқ кунлар. Кўчиб ўтиш даврида кўлни қора тортиб, бир жуфт қашқалдоқ шу ерни макон тутиб, қишлагани қолиб кетди. Катталиги ўрдакдек келадиган бу жуфтлик кўлнинг саёз, бир томони ўт, бир томони қамишзор қисмида қуруқ поялардан уя қурди.
Тақир пешонасида оқ доғи кўзга яққол ташланиб, қора тусли патлари офтобда ярқираб кетди. Чўзиқ танасининг ён томонлари баайни сиқилгансимон яратилган эмасми, ўтлар ичига осонгина сирғалиб, бемалол кириб, ғойиб бўлди. У нариги томондан чиқиб, орқага қараган кучли оёқлари билан гўё эшкак эшган мисол бемалол, ҳузурланиб суза бошлади. Суза-суза қирғоқ яқинидаги қамишзор ичида яширин уясига кириб кетди. Урғочи қашқалдоқ уядан тумшуғига нимадир қисиб, тўлқинлар шивирига қулоқ тутиб ўтирган аёлнинг кифтига қўнди. Беихтиёр унинг кафти очилди, шунда қашқалдоқ уч дона седона ташлаб учиб кетди. Аёл чўчиб уйғонди, туши эканини фаҳмлаб, аввал фикр, сўнг шукр қилди.

15. Эгилган бошни қилич кесмас

Расулуллоҳ айтдилар: “Қора седона ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даводир.” Аёл юзини муқаддас Каъбага бурди. Муз қотган вужудини Қуръон оятлари иситди.Тонг отай деб қолган эди.
Унинг ихтиёри ўзидан чекинди. Бир лаҳза, ҳа, шундай, бир лаҳза руҳи осмонга ўрлади. Ё Раббано, қудратингдан, биров унга буни ўқиб бердими?! Ёки бу садо бўлиб янградими? Ёҳуд ўн саккиз минг олам Соҳиби буни дилига солдими? Англай олмади. Фақат тилсиз тўрт девор гувоҳ эди, бу жунунга…
“Кеча ҳам улар учун бир оятдир. Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан улар зулматда қолурлар. Қуёш тинмай ўз қароргоҳи сари сайр бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири – ўлчовидир. Биз Ойни ҳам токи, у эски хурмо бутоғидек бўлиб қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз.
На Қуёш учун Ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. Барчалари фалакда сузиб юрур”.
Аёл йиғлар эди, бироқ у шу дақиқага қадар англаб етмаган эди, у аввал ҳам йиғлаган эди… Атрофида куй ёнар эди. Қуръонни ҳатм қилганида бир пайтлар ёд олган эди, буни. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истар эдим”, деган. Бу ояти карима ўша “Ёсин” сурасидандир.
У тўлқиндек мавж уриб, аёл дилидаги тугунни ечмоқда эди. Ҳабиб Оллоҳ, қудратингдан! Йўлга жумбоғини ечмоқ учун боши-кети кўринмас чигал калава ип ташланган эди. Бу жумбоқни ечмоқ учун бандасидан бир донишлик талаб этилди. Ва адоқсиз йўлда чигал ипни тараб ечмоқ учун тароқ ташланди. Энди чигал ечилгач, йўлида қирғоқларидан сув эмас, бол томиб оқгувчи бир уммон пайдо қилди. Шу болдан тўйиб таомлансин дея. Насрнинг дағал кўринишлари чекиниб, назмнинг нозик тили тилга кирди. Шунда аёл нимадир қоралади.

Қуёш қароргоҳи томон талпинур,
Ой ҳам бутоғига бунча маҳлиё,
Руҳим Аршу Аьло истаб топинур,
Йўқолиб кўринган саробми-рўё?
Вужуд сокиндир-у, қалбим туғёндир,
Бир лаҳза, бир лаҳза излаган имкон,
Нигоҳим хотиржам, ботин урёндир,
Осойиштаману ўйлар саргардон.
Ғулу олов бўлиб чирмашса танга,
Дардлар тутун каби кўкка ўрласа,
Етти иқлимданми етти мўжиза,
Изласа бошлари эгик сожида.
Сочлар ҳам байроқдек ҳилпирар бунда,
Еллар қорачиққа зиё пуркашиб,
Юрак чўғдай ёнар кунда ва шунда,
Ҳаёт боқий деган менга сирлашиб…

Сариқ илон шу адоқсиз йўлнинг давоми эди, қашқалдоқ кафтига уч дона седона ташлагач, у англаб етди – ахир шифоси Ўзидан! Оллоҳ бандасидан бир ҳикмат истаб, шу кўргуликни юборган эди. Нафсиламбрини айтганда, ўғил эмас, ота адашгувчилардан бўлиб қолмаслиги учун, ўғлининг ичига куйдиргулик бир оташ нафас жўнатди. Оташ ўғлининг қалбини куйдирганида у ўзига сиғмай кетиб, кийимларини йиртиб ташлаб фарёд кўтарган эди. Раҳм ҳам, Раҳмон ҳам ўзидир! Шифоси ўзидан, қашқалдоқдан уч дона седона юбориб, сўнг қирғоқларида сув эмас, бол оқгувчи кўл пайдо этди.
Ҳаёт шундай ҳикматлардан иборат.
Ота адашгувчилардан бўлиб қолмаслиги учун унга бир ҳикматни юборган эди, аммо у буни англамади. Сўнг аёли ва ўғлининг тушларида безовта қилиб, ёдига солди буни… Аслида ҳаёт титратмалардан иборат эди.
Атрофда куй ёнар эди. Аёл излаб топди. Бу “Ёсин” сурасининг ўттиз еттинчи оятидан қирқинчи оятига қадар эди. Аввал тилсим бўлиб, сўнг ўғли ва аёлнинг чигал тугунини ечди. Қулф илоҳий оятлар билан очилмиш. Аёл шифохона томон югурди. Ўғли ҳам онаси каби туш кўрган эди. У ҳам кўл бўйида сарсон кезинар эди. Қашқалдоқ унинг елкасига қўнди ва кафтига уч дона седона ташлаб кетди. У тушини айтиб берар экан, ўзини онаси бағрига отди.
Ота ҳаддидан ошди, уни огоҳ этган эди, аммо унинг қалби эримади. Энди аёл ҳаддидан ошган ҳожасини бу йўлдан қайтармоғи даркор эди. Эри енгил пул топиш ишқига тушиб, ота-бобоси ардоқлаган ҳунарини хор этди. Новвой эди у. Ёмонлар даврасига қўшилиб, уларнинг касофати урди. Тушларида худди аввал кўриниб, сўнг яна қумлар орасига сингиб кетаётган сароб тилсимини кўзларга намоён этмоқ учун яна пайдо бўлгани каби тилсим оят тилга кириб, жумбоғини ечиб турар эди. Ота ҳали эгилмаган бошини саждага урди. Эгилган бошни қилич кесмас!

* * *

Ўша куни бош шифокор марказга кетган эди. Навбатчи шифокор ўзим эдим. Аёл шуларни куйиниб айтиб берди, ўғли бу ерда қололмаслигини уқдириб, уни олиб кетди.
Ўз хоҳиши билан олиб кетганлигини тасдиқловчи мактуб талаб қилмадим. Қайтиб келган бош шифокор мени койиди:
– Ҳали янгисиз-да, бундай пайтда ўшандай тилхат олиш керак эди.
Мен индамадим. Ахир мен ҳеч ким эмас эдим-да, бандасига бир синов жўнатиб, ундан донишлик кутганини шифокорга айтиб, маҳмадоналик қилгим келмади. Орадан анча вақт ўтиб, мен ўша аёлни кўчада учратдим. Шу-шу, у билан тез-тез учрашадиган бўлдик. Биз анча иноқлашиб қолдик.
Малоҳат уйқусираб бир нималар деди. Мен унинг ёнига келдим ва очилиб қолган устига ёпинчиқ ташладим
Боболарим тупроғи тўзғиган, чор тарафини дала-дашт ишғол этган Жадир қўйнида тушимда эшитилган каломнинг таъсиридан чиқа олмай, анчагача туриб қолдим. Малоҳат ҳамон қотиб ухламоқда. Тонг отиб қолган эди.
Нонушта чоғи янгам, Малоҳат ва Гулай момога кўрган тушимни айтиб бердим.Кун бўйи таъсирланиб юрдим. Елкасига шом қўндириб, Дашт ҳам тинчиб қолган эди. Тонг саҳарлаб кетган амаким сурувни ҳайдаб отарга қайтди.
– Сафарим қариди, эртага Нурга кетаман, – дедим янгамга.
– Яна бир-икки кун қосанг бўлайди, Марғу.
– Ҳали яна келаман.
– Энди шундан сени яна кўраманми-йўқми? Билсанг, буяғиям пишип келяпти, болам, тўримнан гўрим яқин. Биз томонларгаям ўт, – деди Гулай момо.
– Майли-майли.
Эртасига тонг саҳарда йўлга отландик. Амаким мени Чўпонобод қишлоғигача қўйиб келадиган бўлди, ундан нари Нуротага етиб олиш қийин эмас.
Cўқмоқсиз-йўлсиз йўлда отда кетмоқда эдик. Атроф дашту яланглик, бу яланглик Нурота тизма тоғларига қадар ёйилиб кетган. Ниҳоят, яйлов бора-бора юқорилаб, тоғга туташди.
Отнинг ипакдек майин ёлларини силаб, бўйнига шаппиллатиб уриб қўйдим.
– Яхши, от минишни эсингнан чиқармапсан, – деди амаким.
Дўнгликка етиб қолгандик, отнинг жиловини тортдим, бу турткини англаган от қадамини секинлатди. Дўнгликдан пастга қарадим, узоқда қолган отар кўзимга дўппидек бўлиб кўринди. Димоғимга муздек, мусаффо ҳаво урилди. Мен отнинг жиловини маҳкам тутганча амакимга бир қараб олиб яна йўлда давом этдим.
Мана шу мусаффо Дашт осмони остида, аллаловчи замин устида от суриб кетар эканман, қишлоққа қандай етиб келганимизни билмай қолдим…
Амаким, мени қишлоққача кузатиб, ўзи тағин отарга қайтди. Мен эса чаман ичра бўстоним – Нуротага йўл оламан.
Мени онам кутмоқда эди, майсаларни босиб ўтарканман, унинг даргоҳига шошаман. Томирларимда номаълум бир қон жўш уради. Қон танам ичра кезиниб юраркан, вужудим олов бўлиб ёнаётгандай. Аллақандай бир тушуниксиз ғашлик аҳволи руҳиямни чулғаб олган. Бу ғашликни на қуча оласан ва на арита. Чап кўксимда бошланган санчиқ қошларим ўртасига чизиқ тортганди.

Бир лаҳза ўзимни йўқотгандай эдим. Қорачиғимда сукунат, лабларимда сўзларим қотди.

Руҳим осмонга ўрлаб, булутларга кўчгандек. Ё Мавло, қудратингдан! Ихтиёрим ўзимдан чекинди. Мен “муқаддас қатл” майдони сари ҳур ва озод қадам ташлаб борардим.

Қил кўприкка етиб келдим.

“Тўхта ва томоша қил” деган буйруқ келди. Тонг тун қўйнида эркаланарди. Бунақанги фаромуш, дилтортар тонгни кўрибмидим мен?! Жамолини алланечук эриниб кўрсатаётган қуёш шуълалари тонгнинг майин шаббодасига қўшилиб кетаётир. Осмон равоқларида тонгнинг ҳарир пардалари қия кўтарилиб, Зарнигор кўринди.

– Зарнигор, сени омон кўришимни билардим, – овозим алланечук титраб чиқмоқда эди.-Кўзлари шаҳло қизим.

Мен ўксиниб, йиғлаб юбордим. У қўлларидаги пиёла ва чойнакни токчага қўйди, сўнг шаҳодат бармоғини лабларига босган кўйи менга сўз қотди.

– Ўзидан бошқага эҳтиёжимиз йўқ, йиғламанг. Ўзингизни қийнаманг бунча.

– Ўзидан бошқага эҳтиёжимиз йўқ! Донишмандим, марғуба қизим, – дедим бўғзимга тиқилиб келган аллақандай кучни босар эканман. – Аслида сен менга ҳаётни ўргатиб кетдинг. Мен нодон, мен нодон, ҳаётни мукаммал ўрганолмаган.

Уни қучгани қадам ташладим, қил кўприкдан ўтсам бас. Бир баҳя қолган эди-я!

– Ҳукм сизга эмас, энамга чиқарилган. У ёқда муддатингиз тугагани йўқ. Бу ҳақда амр бор.
Қорачиқларимда сукунат, лабларимда Зарнигорга айтилмай қолган сўзларим қотганди.

“Отанг ва онангни, ўғил ва қизингни танлай олмайсан, улар инъом этилажак кишига. Онангдан хабар ол. Сени яна қайта яратгум ва энди бунда сен ҳур ва озод шамолларни қучиб кўз очгайсан!”

Овоз қулоқларим остида муаллақ қотди. Бир лаҳза, ҳа, ҳа, худди шундай – бир лаҳза қотдим! Фақат булутлар гувоҳ тушди бу жунунга. То ҳаёт эканман, ҳимматингга қасидалар битмишам, Қудратли Мавло!

Шохлари осмонга тегиб тургувчи шамшод дарахти қўйнида паноҳ топгандим. Юзларимга уч-тўрт совуқ томчи ташланди. Сўнг исёнкор шамолларга панд бериб, ҳали инсон оёғи тегмаган тизза бўйи зумрад майсалар қўйнида кўз очдим. Сўқмоққа чиқиб бордим. Бу сўқмоқ мени онам даргоҳига элтмоқда эди.

Бир ғарибдан сўрашган экан:

– Кўз тегмасин, фарзандларинг бири-биридан аъло. Қай бирига кўпроқ меҳр қўйгансан?
У жавоб қилибди:

– Ҳеч бировига. Аввал Аллоҳга, сўнг онамга, кейин отамга меҳр қўйганман.

– Фарзандларинггачи?

– Бу бошқа қўшиқ.-жавоб қилган экан у.

Мункиллаб қолган онамнинг жисмига жон, танига қувват кирганди. Хира кўзлари нурланди. Қўлларини қўлларимга қўйди, қучди. Ўзимни олиб отгандим дарё мисол уммон бағрига…

Дилимдаги сел кўзларимдан оқа бошлади. Томчилар тома бошлайди. Далли хаёлимда изтироб ўрмалайди. Энди музлар эрийди. Қорачиғимда қотган сукунатнинг тили чиқади. Қабоғимда қариб, соб бўлади ўтмиш хотира. Юрагим лақча чўғдай ёнади. У қадоқ қўллари билан сочимни силайди, тарайди.

Пичирлайди:

– Бу дунёда киши йўқдир армонсиз. Ватанда – ватансиз. Ўзи шундай бўлади. Аслида ҳаммамиз меҳмонмиз, мусофирмиз. Барча йўлар бирлашиб, бизни бир муқаддас йўлга бошлагай. Дунё ўткинчи, охират боқий.

Бу шаксиз ҳақ ҳикмат эди. Англадимки, соғинганим, талпинганим – онамнинг даргоҳи. Қадим мазгил – борар йўлим ягона эди. Ҳис этдимки, барча йўллар алалоқибат бирлашгуси ва ўша ягона йўл мени Муқаддас қатл майдонига олиб боражак… Қил кўприкдан омон ўтсанг, бас.

Мен онамга Зарнигорни кўрганлигимни айтдим.

– Вабодан ўлган шаҳиддир. – далда беради у менга.

Мен амр ҳақида оғиз очмайман. Энди дилимдаги ғашлик ариган эди.

* * *

Туннинг қоқ ўртасида онам “Таҳажжуд”ни ўқиди. Шу бўйи тунни тонгга улади. “Салавоти тунажжим”ни қироат қилаётганди… Осмон равоқларида тонгнинг ҳарир пардалари сурилган маҳал тилида Номи Ҳабиб янгради. Руҳи самога шайланиб, булутга кўчди…

Исми нима эди? Лаънати вақт қаҳрабо талқонни гулгун юзига сепиб улгурган, талқон юзли – доғли, ажин оралаб тарашамисол тиришган, ғамдан сочларига бит оралаган ёсуман кампирмидинг, айт, дунё?!

Ва ёки энди туғилган, ҳали шўри кетиб улгурмаган, кўзлари кўзмунчоқ қўзичоқмидинг, айт, фалак?!

Ёки тўсдай қора осмон денгизида бознаб турган беҳудуд юлдузлар, қуёши чарақлаган осмон, гуллари қийғос очилган замин, муамбар тўлқинлари сўлим мажнунтол каби елпиниб, қирғоқларига урилиб тургучи дарё, куймаланиб узунчоқ гулли такасоқолни теришга тутинаётган болакай, шарпамга қулоқ тут. Янтоқлар гулига қўниб, бол йиғишга шайланаётган асаларилар, сиз-да огоҳ бўлинг. Бошини косаси ичига яширган кўйи чўчиб атрофга боқаётган тошбақажон, сен-да ҳайратланма, шарпамга қулоқ тут!
Кулбадами-кошонадами, барчамиз мусофир-меҳмонмиз. Бу йўллар бирлашиб ягона йўлга айлангай, бизни Муқаддас манзил томон йўллагай. Сўйласам, бир лаҳза қулоқ тут. Магар англамассан, чорраҳада турмуш ташвишларига шўнғиб яшамоқ нақадар тотли азоб! Фақат туртма, орзуларим хароб ўлмасин. Бўғизимда хитоб қотмасин. Юксал сен, қум ўпқонларига кўмилган муаззам ҳаётим. Тотли азобим. Минг йил йўлда юрдим. Минг йил юкундим. Минг йил чопдим. Поёнида манзилим топдим. Муқаддас қатл майдонига ўзимни отдим. Қил кўприкка етмай, бир лаҳза қотдим. Бир муддат ўзни йўқотдим, магар йўқотганим топдим, мен ўзимни топдим. Қиблага юкуниб, Ҳабибим топдим. То тирик эканман, сенга қасидалар битмишам, Мурувватли Мавло! Қудратли Худо!
Дунё ўткинчи, охират боқий! Бахтсизлик – бахт, дегувчи ҳам ўзим. Боз устига бахт – бу бахтсизлик, дея оламан.

Майли энди, бу асов ҳайқириқ етти шамшир дамини кесиб ўтсин. Ибтидодан интиҳога қадар юрасан-тин оласан, тўхтаб ҳаёт бўсағасида ҳикмат излайсан!

Кимнидир шоду ҳуррамлик сўнгида – азоб, кимнидир машаққату заҳматлар якунида шодлик кутмоқдадир. Бу ҳайқириқни маконларнинг залвори, замонларнинг димоғдор, эҳтимол, мақтанчоқ-да эпкинлари сидира олмас…

Икки дунё саодатига етишгайсиз илло, онажон!

(тамом)

2007 йил.

www.shahodatulug.wordpress.com

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn