Юсуф Расул: Онамга мактублар

yr5Бадиҳа

1.

Онажон!

Йилларни бу қадар тез, шиддат билан ўтишини қаранг. Куни кеча ёш бола эдим. Дунё кўз ўнгимда ваҳимали ва қўрқинчли кўринарди. Бугун ёшим қирқдан ошган, энди биз яшаб турган бу олам назаримда кичрайиб бораётгандек. Одамлар ҳам майдалашиб кетгандек туюлади. Қалбимда ҳаёт ва дунё олдидаги қўрқувлар чекинган. Руҳимни босиб ётган оғир юклар энди йўқ.

Мен кўпинча руҳиятимда юз бераётган бу каби ўзгаришлар боисини тушунмай, ҳайратга тушаман. Болаликдан ўсмирлик ёшига ўтиш лаҳзалари бу қадар ажабтовур бўлмаган. Ёшликдан ўрта ёшликка кўчишда ҳам ўзимдан ҳайратланмаганман. Нега энди ҳаётимни ярмидан кўпини яшаб бўлиб, кексалик томон кетаётган пайтимда руҳиятимда кутилмаган ўзгаришлар содир бўла бошлади?.

Мен гўё яна болаликка қайтиб бораётган одамдекман. Туйғуларим ўша – болалик чоғидагидек тиниқ ва тоза. Ўй- хаёлларим, орзу – умидларим ҳам болаларники каби содда ва беғубордек. Энг муҳими – қалбим борган сари шаффофлашиб бормоқда.

Мен ҳаётимда содир бўлаётган бу каби ҳодисалар моҳиятини худди туманли йўлда кетаётган адашган йўловчи сингари элас- элас ҳис қила бошлайман. Узоқ йиллик муҳожирлик сабаб шууримда янгиланиш содир бўлдимикан, деган хаёлларга бораман. Шундай лаҳзаларда негадир сиз ҳақингизда ўйлагим келади. Сизни маҳзун чеҳрангиз кўз ўнгимда қотиб қолган. Мунис қалбингиз урушларини ҳис қилиб тургандек бўламан.

…Йиллар тез ўтиб кетди. Кечагина қишлоқ кўчаларида чангга беланиб ўйнаб юрардим. Бугунги кунда катта ўғлим ўзим билан тенглашади. Ҳаётимнинг ярмини яшаб бўлгандекман.

”Нега йиллар бу қадар шошқин? Наҳотки, умримнинг кўпини бой бериб қўйдим?”, деган оғриқли саволлар менга тинчлик бермайди. Наҳотки, менга ўлчаб берилган вақтни қадрига етмадим? Тирикчилик ташвишлари деб кун ўтказдим? Ўтган умримдан бир кун келиб пушаймон бўлмайманми?

Энди эса вақт ўтган, ҳеч ким умрдек бебаҳо неъматни бизга қайтариб бериш қудратига эга эмас. Кўнгилга таскин берадиган бир юпанч бор: Худога беҳад шукрлар бўлсинки, бу дунёга инсон қиёфасида туғилдик. Бир инсон каби яшадик. Нима бўлса ҳам бу ёруғ оламга келганимиз, шу қуёш остида яшаб юрганимизнинг ўзи бир бахт, омад эмасми? Шулар менга таскин беради, холос.

Лекин… яна хаёлларга толаман. Ахир, ҳозирги тушунчаларим, айни пайтда юрагимда йиғилиб қолган ғалаёнлар нега олдин йўқ эди? Ёки мен кечикиб яшашни бошладимми? Ёки, ўзимни, ўз ҳаётим ва умрим моҳиятини жуда кечикиб англаб етдимми? Ажабо, ахир, бундан сал олдинроқ, ҳеч бўлмаганда, сизга яқин жойда-Тошкентда яшаб юрганимда ўз ҳаётимни таҳлил қилиб, бошқача яшашни бошлаганимда, ҳамма нарса ўз жойига тушиб кетармиди, деб ўйлайман. Афсуски, яшашга кечикдим. Балки, фикрларим, дунёқарашим энди ҳаётга мослашгандир. Олдинлари чин ҳаётдан узоқда юргандирман. Ҳақиқий ҳаётга энди дуч келиб турган бўлсам эҳтимол. Қайдам, ким билади, онажон!

Мен эса сизни соғинаман. Ҳар куни кўргим келади. Меҳрибон қўлларингизни кўзларимга суртиб йиғласам, бу дардли дунёда қалбим оз бўлсада фароғат топармикан, деб орзу қиламан…

…Швецияда яшар эканман, сизни қанчалик яхши кўришимни тушуниб етдим. Дунёда онадек мўътабар инсон йўқ экан. Оналар ҳамиша фарзандлар учун яшашар экан, фарзандлар эса бу ҳақда кўп-да ўйлаб ҳам кўришмас, ўз нафсу эҳтиёжларини биринчи ўринга қўйиб кун ўтказишар экан. Йўқса, сизни туғилган кунларингизда ёнингизда бўлмасмидим!

Бундан уч йил олдин олтмиш ёшга тўлдингиз. Мени келишимни илҳақ бўлиб кутган эдингиз. Мен эса – хом сут эмган банда, ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб, қишлоққа боришни пайсалга солдим. Пул юбордим-ку, онамни тўйларига шу ҳам кифоя бўлса керак, деб ўйладим Лекин фарзанд дийдори она учун қанчалик азиз эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эканман.

Ниҳоят, ўтган йили узоқ йиллик муҳожирликдан сўнг қишлоққа қайтиб борганимда, сизни мунис чеҳрангиз, меҳрли дийдорингизни кўриш, суҳбатларингизни олиш бахтига муяссар бўлдим. Юз-кўзларингизга йиллар ўз муҳрини босган- ажинлар тушибди. Қўлларингиз ҳам озиб, кичрайиб қолибди. “Наҳотки, мени онам шу қадар тез қариб қолибдилар?” деб ўйладим. Мошинада кетаётганимизда – сиз олдинги ўриндиқда эдингиз- қорайиб, ажинлар қоплаган қўлларингизга тикилиб, беихтиёр кўзларим ёшланди. Сиз ўшанда мени кўзларимдан оқаётган ёшларни сезганмидингиз? Лекин, аниқ биламан, қалбингиз билан ўз фарзандингиз руҳий аҳволини ҳис қилиб турардингиз.

Швецияга қайтаётганимда хайрлашар эканмиз, кўзларингиздан оқаётган ёшларни кўриб, “Онажон, йиғламанг, мен яна албатта қайтиб келаман” дедим. Сиз эса “Ўғлим, бу қувонч ёшларидир, қувонганимдан йиғлаяпман” дедингиз. Лекин, сиз ғаму ғуссалардан, соғинч ва изтиробдан ўксиниб – ўксиниб йиғлардингиз. Энди қайтиб кўриша олармиканман, деган ўй – хаёллар балки сизни қаттиқ изтиробга солгандир.

Йўлда келар эканман, “Наҳотки йиллар шу қадар шафқатсиз бўлса! Наҳотки биз ҳаммамиз бир кун келиб қариймиз? Ўз ҳаётимизни яшаб бўлиб, бу дунёни тарк этамиз? Бундан не маъно бор? “ деган аламли саволлар мени эзиб ташлаганди.

…Кейинги пайтларда бир нарса менга қаттиқ азоб беради. Ўйлаб қарасам биз бир- биримизни йўқотиб қўйишдан қўрқиб яшар эканмиз. Шафқатсиз ҳаёт бизни истак- хоҳишимизга қараб ўтирмайди. Бизни энг катта бойлигимиз бўлган вақтимизни, дақиқалар, соатлардан ташкил топган умримизни юлиб олади. Бундай вазиятда ҳеч ким бизга ёрдам бера олмайди. Биз ҳаёт олдида жуда ожизмиз.

… Кеча Швециянинг Норшопинг шаҳрида жойлашган бир театр труппаси бош режиссёри билан гаплашиб қолдим. Ёзганларимни баъзиларини ўқир экан, “қалбингда нима бўлса, қўрқмасдан ёзишни ўрган, ёз, ҳеч нарсадан чўчимасдан ёзавер, тинимсиз ўзингни фош эт, шунда нимагадир эришасан”, деди. Қизиқ, шу пайтгача ўзимни тинимсиз фош этиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Қўлимга қалам олсам, ўз- ўзимни назорат қилишга тиришардим. “Кимгадир ёқмай қолса, ёки кимдир ранжиб қолса, нима бўлади?”, деб ўз ҳис – туйғуларимни қоғозга кўчиришга истиҳола қилиб ўтирардим. Бу бизни кўплаб ёзувчиларимизга хос иллат эканлигини энди англаб етгандайман. Нега биз ўз – ўзимизни очиқ ифодалашга қўрқиб яшаймиз. Кимдан қўрқамиз, нимадан?

…Онажон, ёзувчилик, шоирлик осон иш эмаслигини тушуниб турган бўлсангиз керак. Ҳар доим мени ёзганларимни ўқиб, юм- юм йиғлар эдингиз. Бунинг сабабини сўраганимда “Сен ўзи жуда таъсирли ёзасан, йиғламаган одам ҳам йиғлайди” дер эдингиз. Ҳозир ўша пайтда ёзганларимни ўқисам, кулгим келади. Улар сохта кўз ёшлардек туюлади менга. Чунки, ўшанда ҳақиқий қайғу, алам ва изтироблар нима эканлигини ўзимда ҳис қилмасдан ёзар эдим. Туйғулар билан ўйнашар, ўзимни қайғули қилиб кўрсатишга тиришар, ташқаридан қараганларга бу ҳолат нотабиий кўриниши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдим.

 

2.

Онажон!

Мен ҳамиша ўз кўнглимдан ҳайратланиб яшайман. Ботиний дунё биз кўриб турган зоҳир оламдан ҳам кенг ва афсункор эканлиги ҳамиша мени таажжубга солади. Биз ўз орзу -хаёлларимиз, ҳис- туйғуларимиз, тушларимиз билан кўнгил дунёсига боғланганмиз. Инсоннинг ботиний дунёсида вақт, масофа деган ўлчовлар йўқ. Ўз ҳаётим давомида бунга кўп бора иқрор бўлганман, буларни ўзимда синаб кўрганман. Инсон, аслида биз кўриб, кўникиб қолган оддий вужудддан иборат бир махлуқот эмас, балки ўқилиши қийин бўлган мураккаб китоб, тушуниб етиш душвор бўлган англаб бўлмас сир, поёнига етиб бориш қийин ҳисобланадиган руҳ, Тангрининг синоати эканлигини ҳар дақиқада ҳис қилиб яшайман.

Мен бу фикрларга кеча ёки бугун келганим йўқ. Инсонни ўз ичимда яшадим ва ҳозир ҳам яшаяпман. Фақат, олдинлари бу каби фикрларни ифодалашга қийналардим. Бунинг учун менда етарли билим ва тажриба йўқ эди. Англардим, ҳис қилардим, лекин ўз туйғуларимни қоғозга туширишга қийналар ёки уларни сўзлаб беришга ўзимда жасорат топа олмасдим. Не тонгки, бугун тинимсиз равишда ўзим ҳақимда ўйлайман, ўзимни таҳлил қиламан, сиз ҳақингизда хаёлга толаману яна ўзимга қайтиб келаман, гўёки бу ёруғ оламда ўзимдан бошқа нарса йўқдек, ҳаёт гўёки ўзим билан бошлангану , бир кун келиб яна ўзим билан ниҳоясига етадигандек, дунё ҳам худди мен борлигим учун бордек, мен кетсам йўқоладигандек туюлади. Аслида ҳам шундай, шунга ўхшаш бир кайфият ҳаммада ҳам бўлиши мумкинми, ёки булар фақат менда кечаётган жараёнларми, негадир бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришни истамайман, чунки ҳар бир инсон Яратганнинг бир мўъжизаси, бироқ у ўзини мўъжиза эканлигини билмайди, деган фикрлар хаёлимда кезиб юради. Мен ҳис қилган туйғуларни бошқалар ҳис қила олмайди, мен яшаган умрни бошқалар яшашга ҳақли эмас, мен бошқалардек эмасман, бошқалар мендек бўла олмайди, бу дунёга ўз қалбим, руҳий ҳолатим, феъл -атворим билан фақат ўзимга хос инсон ўлароқ келганман, ҳаётдан фақат ўзимга хос тарзда яшаб ўтаман, ҳеч ким мендек яшай олмайди, мендек бўла олмайди, чунки Яратган Тангрим фақат бир инсонни қалбимга жойлаган, фақат бир моҳиятни ҳаётимга бахш этган, фақат бир тақдирни менга берган… Болалик чоғларимда узоқ тоғлик бир қишлоқда кезиб юрган хаёлларим, талабалик даврим кечган азим Тошкент, умрим ва ҳаётимнинг энг ёрқин парчалари сочилиб қолган Самарқанду Навоий, Хўжанду Бишкек, Стокҳолму ҳозир ўзим яшаб турган Малмё шаҳарлари, худди вужудимга эмас, қалбимга, руҳимга ошён бўлгандек гўё.

Онажон! Бу ёзганларимни албатта бир кун келиб ўқишингизни, сўзларга айланиб қотиб қолган фикрларим ва сўнгсиз хаёлларимни англаб, она қалби билан тушуниб, ҳис қилишингизни жуда- жуда истайман. Тинмай ёғаётган ёмғир кўлмак ясаган кимсасиз кўчаларга тикилиб, қалбимдан кечаётган бу туйғуларни фақат сиз учун қоғозга тушураяпман. Сиз каби ўз фарзандини соғиниб яшаётган барча оналар бу қалб кечинмаларини ўқиб, қувонишлари ёки қайғуга ботишлари мумкинлигини яхши биламан. Мени ёзганларимни ўқиб, бу дунёга келиб ўзини сарсон излаб тополмаган фарзандлар тақдири қандай кечиши мумкинлиги ҳақида, балки уларда оз бўлсада тасаввур ҳосил бўлар… Оналар ўзлари дунёга келтириб, униб – ўстириб, бу дунёда ёлғиз ташлаб кетадиган ўз болаларининг кейинги қисматлари қандай якун топиши мумкинлиги, ҳаётнинг қанчалик фожеаларга тўла эканлиги ҳақида хаёлга толишар…

Онажон, мен атайин ўзимни фош этиш, кўнглимдан кечаётган тушунарсиз туйғуларни очиқчасига ифодалаш учун бу сатрларни битаётганим йўқ. Мақсадим, инсонни нафақат ерга, балки осмонга ҳам даҳлдор эканлиги ўғил ва она, яъни ўзим ва сиз мисолингизда имкон қадар исботлаб беришдир.

…Талабалик давримда шарқ тасаввуф таълимоти билан қизиқиб қолдим. Қўлимга тушган адабиётларни тушуниб – тушунмай, тартибсиз ўқирдим. Бизга “Таржима назарияси” фанидан дарс ўтадиган таниқли тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов билан яқиндан танишгач, руҳиятим ва тафаккуримда катта ўзгаришлар юз берганини ҳис қила бошладим. Домла бизга инсоннинг ботиний дунёси ранг – баранг ва гўзал эканлиги ҳақида кўп гапирар эдилар. Шарқ адабиётидаги тасаввуфий истилоҳларнинг аксар қисми кўнгил билан боғлиқ эди. Кўнгил -Тангри назар қиладиган муқаддас жой эканлигини, инсон фақат қалби орқали Яратувчига боғланиши мумкинлигини кўп такрорлардилар. Ўзлигини, ўз аслини қидириб, етти водийни босиб ўтган қушлар, излаб юрганлари – Худо, аслида ташқарида эмас, ўз қалбларида эканлигини англаб етадилар. Ҳазрат Навоий Шайх Атторга пайравлик қилиб бу ҳақда достон битганлар. Кўплаб шоирлар Яратувчига муножот қилиб, ашъорлар иншо қилганлар.

Лекин мен ўша пайтда – йигирманчи аср охирларида яшаб, ўқиб юрган оддийгина талаба эдим. Инсон қалбини нега бу қадар сиру синоатларга бой эканлигини тушуниб етмасдим. Шунга қарамай ўзим билан ўзим тинимсиз курашардим. Ўз хатоларимни йўқотишга, қалбимда уя қуриб олган такаббурлик, нафсу таъма, мақтанчоқлик каби тўсиқларни ишқ оловида батамом куйдириб ташлашга бел боғлаган эдим. Бу улуғ мухораба эди. Ташқаридан қараганда тинч ва сокиндек кўринган қалб ичкарида ғалаён қиларди. Ўз- ўзи билан олишарди. Мен бу курашда қалбим томонида эдим.

Бора- бора ўзлик чиркинликлари билан курашда биз ғолиб келдик. Қалбим оғир юклардан халос бўлган, тозаланган, енгил ва ҳузурбахш бир қучоқ оғушида маст эди. Энди ҳаёт кўз ўнгимда батамом ўзгача қиёфа касб этди. Мен жисм дунёсида эмас, қалбимда яшаётгандим. Қандайдир сирли ва сеҳрли ботиний дунёга тушиб қолгандим. Ҳаётни, ҳаётда содир бўладиган воқеа ва ҳодисаларни олдиндан сезар, ҳис қилардим. Инсонларнинг руҳий дунёси, кўнгил кечинмалари кўз ўнгимда кўзгудагидек яққол намоён бўларди.

Бир куни “Чорсу” бозори яқинидаги автобекатда ўқишга бориш учун трамвай кутаётгандим. Ўша пайт кўнглим ниманидир ҳис қила бошлаганини сезиб қолдим. Худди орқа томондан менга таниш бир сиймо яқинлашиб келаётгандек эди. “Мана, у инсон яқинлаша бошлади. Ким бўлдийкин?” дея кўзларимни ювиб, кўнглимга қулоқ сола бошладим. Қадам товушлари тобора яқиндан эшитила бошлаганди. Келаётган киши ким эканлигини аниқ билмасдим. Лекин кўнглим “Бу киши домлам- Нажмиддин Комилов” дея менга хабар бера бошлади. Ўгрилиб қарадим. Не кўз билан кўрайди, Нажмиддин ака рўпарамда синиқ жилмайиб турардилар. Ўша куни кўнглимдан кечган гапларни у кишига айтиб бердим. Домла ҳикояни эшитгач: “Кўнгилда гап кўп. Кўнгил ҳамма нарсани сезиб туради”, дедилар. Кейинчалик бу каби воқеалар ҳаётимда кўплаб содир бўла бошлади. Ўша -ўша мен кўнглимга ишониб яшайман. Инсон кўнгли орқали узоқдаги ўз яқинлари билан боғланиши мумкинлигини, айниқса оналар қалби фарзандлари ҳаёли билан уриб туришини жуда яхши биламан.

Онажон, сиз инсон руҳияти ва кўнгил дунёси қанчалик улуғвор ва безавол эканлигини ўз ҳаётингиз давомида кўп бор исбот этгансиз. Ғайришуурий ҳолда кечадиган табиатдаги бу сирли жараёнлар боиси нимада эканлигини аниқ тасаввур қила олмайсиз, лекин фарзандингиз ҳаётида содир бўлган ҳар қандай машъум кўргуликлар яшин тезлигида сизни онгу шуурингизга бориб етиши мени ғоятда ажаблантиради. Таажжуга солади…

 

3.

 

Онажон!

Биз ҳаётимизда юз бераётган воқеаларнинг Худонинг амри билан содир бўлишига ишонамиз. Қазову қадарга бўйин эгамиз. Ернинг, собиту сайёраларнинг ўз таянч нуқтаси бўлганидек, инсон қалбини тутиб турадиган устунлар бўлиши мумкинлиги ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ажабо, улар қандай устунлар экан?

Одамлар ўз кўнгилларига суяниб яшар эканлар, билмайдиларки, улар шу қалблари орқали Яратувчига суянадилар. Онанинг фарзандга муҳаббати, фарзанднинг она бўлган меҳри, кўнгил орқали – илоҳий дунёга боғланган. Биз бир – биримизни соғиниб яшар эканмиз, ўзимизни, қалбимиздаги илоҳий завқни, Худонинг ўзини соғинаётганимизни тушуниб етмаймиз.

Бу ўткинчи дунёда ўз ҳаётлари, турмуш ташвишлари билан ғимирлаб яшаётган турли мақсадли инсонларни фақат бир нарса – Яратувчига бўлган меҳр ва ишонч бирлаштириб туради. Ҳар куни миллионлаб одамлар ўз ички шуурларига қулоқ солиб, Худога ибодат қиладилар. Улар ўз тоатлари қабул қилиниши, охиратлари обод бўлишига ишониб, шу йўлда яшашда давом этадилар. Агар бу ишонч бўлмаса, одамлар кўланкадек руҳларини босиб ётган зулмоний ҳаётдан, жавобсиз саволлардан ва ўз қалбларида пайдо бўлган ички зиддиятларидан қандай халос бўлар эдилар? Уларни кимгадир, нимагадир ишонч туйғулари, демакки, яхши кунларга, ўз эртанги ҳаётларига, келажакка, келажакда юз бериши мумкин бўлган фаровон ҳаётга бўлган умидлари, бу дунёда соғ- саломат ушлаб тургандир. Балки, одамларнинг руҳий хотиржамликда, қалб ҳаловати билан яшашларига, улардаги умидворлик сабаб бўлаётгандир?

Онажон! Юрагимдан кечаётган бу сўзларни битар эканман, яна ўз тақдирим ҳақида  ўйлагим келади. Ҳаёт бизни, сиз суюб, эркалаб катта қилган фарзандларингизни дунёнинг тўрт томонига улоқтириб ташлади. Укам Москвада, акам Тошкентда, мен эса Швецияда яшаб қолиб кетдик. Булар пешонамизга битилган тақдир ҳукмимиди?

Биз кўпинча ўз умр йўлларимизда дуч келган воқеа ва ҳодисалар сабабини Яратувчидан деб биламиз. Худога таваккал қилиб яшашни хуш кўрамиз. Бу фикрларда жон бордир балким. Лекин мен тақдир кўпроқ инсоннинг феъл- атворига, унинг истак- майлларига , орзу умидларига кўра яралиб боришига ишонч ҳосил қиламан. Талабалик йилларимда Ҳинд Ведаларида инсон тақдири ҳақидаги битикларни ўқиб ҳайратга тушганман. “Веда”ларда инсон феъл- атвори уни тақдирини яратиши ҳақида айтилган эди. Ўйлаб қарасам, бизни характеримиз тақдиримиз қайси томонга қараб ўзгаришида асосий  вазифани бажарар экан. Орзу хаёлларимиз, умид ва истакларимиз ҳам табиатимизнинг энг ноёб фазилатлари ўлароқ, умр йўлларимиз қай томонга қараб кетишида муҳим рол ўйнайди, деган ишонч мени то ҳануз тарк этмайди.

Швециядаги ҳаётим давомида мен бунга кўп марта иқрор бўлганман.

Ўшанда, олис шимол мамлакатига кўчиб келиб, эндигина ўрнашиб олган, қаҳратон қиш кунларидан бири эди. Мен уйга егулик харид қилиш учун машинамда шаҳарчамизнинг нариги бурчагида жойлашган дўконга  бордим. Ўзимга керакли озиқ- овқатларни харид қилиб, уйга қайтаётганимда, кўча бўйлаб кетаётган, икки қўлига оғир тўрхалталар кўтариб олган кекса ёшлардаги бир аёлга кўзим тушди. У жуда толиққан, оғир юклар босимидан елкалари пасайиб, эгилиб қолган эди. Негадир ичимдаги бир туйғу мени тўхташга мажбур қилди.

У мени тўхтаганимни кўриб, иккиланиб, балки саросимага тушиб, довдираб қолди. Кўринишидан қандайдир араб мамлакатидан келган , мусулима аёл эди у. Бошига ёпиниб олган узун румоли, узун ва кенг кийим бошлари ўзимизни қишлоқ аёлларидан деярли фарқ қилмасди. Дастлаб, ундан швед тилида қаерга бораётганимни сўраб, юклари оғир бўлса, уйигача элтиб қўйишга ёрдам беришим мумкинлигини айтдим. У швед тилини яхши тушунмасди. Фақат ёрдам (hjälp) деган сўзни эшитиб, қўзлари қувнаб кетди. Кейин негадир маъюсланиб, бармоқларини бир- бирига ишқаб, “тўлашга пулим йўқ” дегандек пулга шаъма қилди. Мен унга, холисона, юракдан ёрдам қилмоқчи эканлигимни айтиб, ўнг қўлимни чап кўксимга – юрагим уриб турган жойга қўйиб, имо -ишоралар билан бўлсада, ўз фикримни тушунтирдим. Оғир юкларини мошина юкхонасига қўйганимидан сўнг, у хурсанд бўлиб олдинги ўриндиққа ўтириб олди. Йўл – йўлакай уни Сомалидан келганини, ўғиллари ва эри уруш пайтида йўқолиб қолишгани, ўзи бир ногирон ўғли ва ўн етти ёшли қизи билан Швецияга қочиб келишганини ҳикоя қилиб берди. Уни ярим шведча , ярим сомалича қийналиб айтган сўзларининг маъносини илғаб олиш менга қийин эмас эди.

Бу аёл бизга яқин жойда яшар экан. Тезда манзилга етдик. Юкларини мошинадан тушириб, уйигача элтиб берганимда, қувонганидан кўзлари порлар, тинимсиз дуо қилар эди.

Ўша куни бу муштипар аёлга кўрсатган кўмагимдан ўзим ҳам хурсанд эдим. Негадир, бу аёл сиймосида сизни тасаввур қилдим. Худди, бегона аёлга эмас, сизга, ўз онамга ёрдам бераяпман, ўз онамни оғирини енгил қилаяпман, деган ишончда эдим. Ўша пайтда укам Россияга ишлагани кетган, рўзғор ташвишлари асосан сизни зиммангизда эканлигини яхши билардим. Қишлоқ шароити эса осон эмас. Ҳар куни кўчанинг нариги бошидан сув ташиш, мол – ҳолга қараш, уй юмушлари, буларнинг ҳаммаси бир одамга ортиқчалик қилиши аён. Гарчанд, узоқда туриб сизга далда берсамда, тирикчиликнинг бу оғир юкларидан халос қўлишга ожиз эканлигимдан ўксиниб юрардим.

Бу воқеанинг эртаси куни синфдошим Қиёмиддин билан телефон орқали гаплашар эканман, уни сўзларини эшитиб ҳайратдан қотиб қолдим.

“Жўра, кеча даладан уйга қайтаётгандим. Онанглар сув кўтариб келаётган эканлар. Яқинлашгач, мени кўриб, кўзлари ёшланди. “Ўғлимнинг синфдошлари ичидан сени яхши кўраман. Жўранг билан бирга ўйнаб катта бўлган эдинглар. Сени кўрсам ўғлимни кўргандек бўламан” деб йиғладилар. Мен онахонни сув тўла челакларини уйларингга олиб бориб бердим. Шунақанги хурсанд бўлиб кетдиларки, асти қўяверасан. Энди ҳар куни сув ташиб беришга ҳаракат қиламан”, деди у.

Ажабо, куни кеча мен Сомалилик аёлнинг оғир юкларини уйигача олиб келиб берганимда, худди ўз онамни оғир юкдан халос қилаяпман, деб ўйлаган эдим-ку!. Ўшанда ўз онамга ҳам кимдир ёрдам қўлини чўзишини истаганмидим?! Ёки истакларимни бажо бўлишига чин қилдан қилган илтижоларим сабаб бўлдими? Қалбимдаги истакларим наҳотки Яратгувчига етиб борган бўлса!

Мен чексиз ўй – хаёллар оғушида эдим. Яратувчининг синфдош дўстим орқали сизга кўрсатган меҳр – муруввати ҳақиқатдан ҳам мени кўнгил истакларимга мос равишда амалга ошганди. Бу не сир бўлди экан? Наҳотки, биздан юксакликда қандайдир улуғ бир куч бор!.У ҳамма нарсани кўриб, билиб туради. Ҳеч нарса у буюк Зотнинг эътиборидан хорижда эмас? Йўқса, мени қалбимда кечган истак – майллар, орзу – умидлар қандай ўз – ўзидан ижобат бўлиб қолади?. Бу – мўъжизанинг ўзи эмасми?

Онажон! Инсон қалби ва руҳий дунёси қанчалик кенг ва улуғвор ҳамда безавол эканлиги бўлиб ўтган бу воқеалардан сўнг менга янада аён бўлганди. Биз бир – биримиздан узоқда яшасак ҳам, оналик ва фарзандлик меҳри- муҳаббати олдида бу масофалар ўз – ўзидан йўқолар , худди ёнма – ён яшаётгандек, бир – биримизни кўнгил дунёмизни, қалб урушларимизни сезиб, ҳис қилиб турар эдик. Узоқда туриб бўлса ҳам дард ва аламларга ботган кўнгилларимизни кўтариш учун албатта имкон топилар экан. Бунинг учун бизда истак бўлса кифоя.

Айтганча, мен ёрдам қўлини чўзган ўша Сомалилик аёлнинг урушда йўқолган бир ўғли топилиб, Швецияга келди. У онасига ёрдам бериб юрганим учун мендан жуда миннатдор. Кўча -куйда кўриб қолса ”сен мени биродаримсан” деб бағрига босади. Яқин қариндошлардек бўлиб кетганмиз.

Мен яна инсонлардаги меҳр ҳақида ўйлайман…

Худо бизни – ўз бандаларини яратар экан, қалбимизга меҳр -мурувват, раҳм – шафқат каби ўз сифатларини ҳам жойлаган. Бу сифатлар ҳамиша инсонларни ўзаро боғлаб туради. Биз Худонинг сифатлари ва аъмолларини ўз қалбимизга жо қилиб, уларни ҳаётга қўллай бошласак, ер юзида Ҳақнинг қарор топишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз…

 

4.

 

Онажон!

Сулаймон пайғамбарнинг “Бу қуёш остида янги нарсанинг ўзи йўқ” деган фикрлари ҳар куни қулоқларим остида акс- садо бераётгандек бўлади. Наҳотки, биз кўриб турган жамики мавжудлик алмисоқдан қолган эски нарсалардан иборат бўлса! Наҳотки, биз бирор янгиликни кўрмай бу дунёдан ўтиб кетамиз!. Тириклик – қадимдан қолган эскилик, ҳаёт ҳам, ўлим ҳам – янги нарсалар эмас! Унда, одамзоднинг келажакдан умид кутиб яшашидан не маъно бор!

Йўқ, мен дунёнинг маънисизлигига ишонмайман. Ҳар бир айтилаётган сўзда, ҳар бир кишининг ҳаёти ва умр йўлларида ўзига хос маъно ва моҳият мужассам. Яшаш, тириклик маънисизлик эмас, балки бизни қалбимизда ўтмишдан келажакка қараб қўйилган кўприкдир. Биз ўз ҳаётимиз билан ўтмишни келажак авлодларга узатиш учун бир мақсад, восита ёки йўл вазифасини бажарамиз. Оналар эса ҳаётдек бебаҳо неъматни асраб- аввайловчи Худонинг Ердаги кўмакчиларидир.

Тўққиз ою, тўққиз кун ўз қурсоғида митти фарзандини кўтариб юриб, ҳар хил бало – қазолардан асровчи, туғилгандан кейин ҳам жажжи гўдакларига ўз меҳрини бериб улғайтирадиган, улғайгач эса ўз дуолари, яхши ниятлари ва орзу умидлари билан уларни еру кўкка ишонмай, атрофида парвона бўладиган оналар, бизнинг ҳаётимиз қўриқчилари бўлмай ким?

Оналар ҳамиша ҳаётнинг давомийлиги учун курашадилар. Ҳаёт ва тирикчилик учун масъулият доимо оналар зиммасида бўлиб келган. Шу боис ҳам бу ёруғ оламда онадек муқаддас зотнинг ўзи йўқ.

Оналар дуоси биз фарзандларни ҳар хил кўргуликлардан асрайди, деган гапларга у қадар эътибор бермас эканман. Бундан анча йиллар олдин тасодифан оғир касалликка дучор бўлиб қолгач бунга юз фоиз амин бўлдим.

Ўшанда кутилмаганда келган дарддан бошимни кўтаролмай қолгандим. Қандайдир оғриқ зўридан бошим тинимсиз оғрирди. Иситмалар, тинимсиз ичаётган дори – дармонлар таъсир қилмас, маҳаллий тиббиёт бўлимидагилар ҳам менга нима бўлаётганини билмай ҳайрон эдилар.

Ҳароратим қирқ икки даражадан тушавермагач, улар тез ёрдам чақириб, қўшни шаҳардаги каттароқ касалхонага олиб боришди. Касалхонада эса ундан баттар оғриқ ва азоблар мени кутиб турарди.

Бир кечанинг ўзида икки марта жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Ошқозон – ичак йўлида нимадир тиқилиб қолган, у бошимга оғриқ берар, ҳолимни қуритиб юборган экан. Ишонсангиз бир кечанинг ўзида етти килога озиб кетибман.

Тун бўйи оғриқ кучидан ухлай олмадим. Атиги бир ёки икки дақиқа кўзларимни юмаману, яна азобдан уйғониб кетаман. Яна бир дақиқа ухлаб, ваҳимали туш кўриб, кўзларимни очаман. Худди ҳаёт билан ўлим ўртасида сарсон кезиб юргандек эдим.

Ўшанда вақт деган ўлчов жуда ҳам нисбий нарса эканлигига иқрор бўлдим. Кўзларимни юмган чоғим уйқу элитиб, туш кўра бошлардим. Саноқли дақиқалар ичида тушимда жуда кўп воқеа ва ҳодисаларга гувоҳ бўлар, уларни ҳаммасини тасаввуримга сиғдира олмасдим. Миямга кўплаб маълумотлар қуйилиб келар, уларни саралаш, тартибга солиш ва ажратиб олиш бағоят мушкул эди.

Мен ўзимни одам эмас, худди учиб юрган бир шарпадек ҳис қила бошладим. Қанотларим йўқ, лекин учардим. Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлардан учиб ўтдим. Кейин узундан- узоқ паст – текисликлар, қир – адирлар бошланди.

Туш кўраяпману, хаёлга толаман. “Ахир мен ҳозиргина Швецияда эдимку, бу ерларга қандай келиб қолдим?”

Анча вақтга довур учиб, ўзимга таниш жойга келиб қолдим. Синчиклаб назар ташласам, ўзим туғилиб ўсган қишлоқ тепасида турардим. Кейин уйимизни, болалик йилларим ўтган қишлоқ кўчасини излаб топдим. Мана бизни кўк- мовий рангга бўялган дарвозамиз. Мана онам эккан анвойи гуллар.

Ичкарига кирар эканман, сизга кўзим тушди. Сиз қўлларингиз дуога очилган, ибодат билан машғул эдингиз..

“Онажон, мана мен келдим. Сизни соғиндим…” деб яқинингизга борган чоғда алаҳсираб уйғониб кетдим. Тепамда турган оқ халатли шифокорларга кўзим тушди. Улардан бирининг “Хайрият ўзига келди. Юраги уришдан тўхтаб қолдими, деб ўйлаган эдим”, деган сўзларини элас – элас, худди туман ичидан келаётган садолар каби эшитгандек бўлдим. “Энди бироз ётиб ухла, ҳаммаси яхши бўлди, амалиёт тугади”, деди у. Шифокор аёлнинг бу сўзларидан кейин, унга ўз миннатдорчилигимни билдириб, бошимни қимирлатган бўлдимда, уйқуга кетдим. Кейин яна туш кўрдим. Бу гал хотиним ва икки ўғлим касалхона деразаси олдида мени ҳаётга қайтаришни сўраб, Худога илтижо қилиб ўтиришган эди.

Орадан икки кун ўтгач, соғлигим бироз яхшилангач, касалхонадан уйга қайтиб келдим. Сиз билан телефонда гаплашар эканман, кўзларимдан тинимсиз ёш қуйилар эди. “Ўғлим, ишқилиб соғ – омонмисан? Икки кун олдин сени оғир бемор бўлиб қолганингни тушимда кўрибман. Эрталабгача Худога илтижо қилиб, сенга соғлик – омонлик тилаб, дуо қилиб чиқдим”, дедингиз.

Наҳотки, фарзандингиз ҳаётида содир бўлган бу кўнгилсиз воқеа ҳақидаги хабар сизга яшин тезлигида етиб борган бўлса! Бу не сир бўлди? Бу не синоат!

”Инсон уч фоиз жисм дунёсида яшаса, ҳаётининг етти фоизи руҳий дунёда кечади”, деган фикрлар ҳақиқатдан рост эканлигига ишонаман. Кўп одамлар ўз ҳаётларининг руҳоний томонига эътибор бермай, жисмоний дунёда яшаб , умр ўтказсалар керак, деган фикрга бораман.

Руҳий ёки маънавий дунё инсоннинг ҳис- туйғулари, орзу -хаёллари, тушлари яшайдиган илоҳий олам эмасмикан? Тангри таолло ўзининг севган бандаларини бу сирли дунёда яшашлари учун йўл очиб қўйган бўлса не тонг!.

Ёки тушлар олами нариги дунё борлигини исботловчи белгилар, ишоралар эмасмикан? Бир кун келиб, ҳаётимиз ўз интиҳосига етганида, биз келиб қолган самовий дунё тушларимизда кезиб юрган ўша руҳоний оламдан фарқ қилмаслигига гувоҳ бўлсак ажаб эмас…

(Давоми бор)

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn