ИҚТИДОР ВА УНИНГ ТАРБИЯСИ

mahmud yuldoshevМаҳмуд Йўлдошев

Бизнинг тилимизда онг, ақл, фаросат, иқтидор, қобилият, тушунмоқ, англамоқ уқмоқ ва умуман инсон заковатини билдирувчи сўзлар жуда кўп. Аммо уларнинг қай бири ҳозирги замон психология фанидаги атамаларга тўғри ва тенг келиши, тенглиги ҳақида бизнингча тилчилар психологлар билан биргаликда алоҳида илмий изланишлар олиб боришлари керак. Биз бугун ушбу мақолада инсон иқтидори ҳақида гап юритар эканмиз, демак бу атамаларнинг қай бири илмий психологиядаги лотин тилидан олинган интеллек – тушуниш, англаш, уқиш каби тушунчаларни берувчи атамадан фойдаланамиз.

Яна бир масала, психологларни жуда кўп йиллар давомида қийнаб келган бир савол, инсон шахсидаги унинг хусусияти бўлмиш ақл, иқтидор, қобилият ва талантни ўлчаб бўладими деган савол бўлади. Бу саволга жавоб беришга жуда кўп олимлар уриниб кўрган ва ишонч билан айтиш мумкинки, унинг тўлиқ ечими ҳалигача топилганича йўқ. Шунга қарамасдан бу уринишларга йигиманчи аср вакили француз ва инглиз олимлари Бине ва Ҳ Ю. Айзенклар бир қадар аниқлик киритиб кетишди.
Мана ХХ асрда IQ – русларда интеллект коэффициенти, бизнингча ақл кўрсаткичи тушунчаси жуда кенг қўлланиладиган бўлди.

Биз ёшлар, айниқса болаларга нисбатан “иқтидорли болалар” атамасини кенг ишлатамиз. Бу иборани нимага таяниб шундай деймиз. Одатда бу иборани ўз ёшига нисбатан билими ва кўникмалари жиҳатидан бошқаларга, тенгқурларига қараганда илгарилаб кетган болага, ёшга айтилади. Психологлар боланиг ҳар бир ёшида қандай билимларни билишини аниқлашган, демак мана шу нормани ошириб бажарган болани иқтидорли бола деб аташ мумкин.

Иқтидорли бола атамасини биз умумий қилиб олдик. Чунки фанда қобилиятли, ақлли, иқтидорли каби бошқа атамалар ҳам кенг ишлатилиб келади.

Айни мана шу инсон ақлини, қобилиятини бир қадар ўлчамга олиш масаласида Айзенкнинг хизмати катта. Айзенкнинг ҳисоби бўйича 70 бирликни кўрсатган киши минимал иқтидорли, ундан ками ақли заифлар қаторига кириши айтилади. 180 бирликни кўрсатган киши максимал кўрсатгичга эга бўлиб, ўртача кўрсатгич ҳар бир кишида 100-120 бирликда бўлар экан.
Психология фани ва ундаги изланишлар натижасига қараганда 12-13 фоиз болаларда иқтидор кўрсаткичи ўртачадан юқори бўлади. Бу умий кўрсатгич бўлиб, техник, мусиқий, жисмоний, адабий ва бошқа кўрсатгичлари қўшиб ҳисобланганда, 30-32 фоиз болаларда иқтидор кўрсатгичи ўртачадан юқорилигини кўрамиз.

Шахсдаги маълум қобилиятлар, кўникма ва имкониятларнинг фаолиятдаги умумлашиб, бошқалардагига қараганда юқорироқ даражада намоён бўлиши, иқтидор бўлиб, у биринчи ўринда ирсий имкониятлар билан боғлиқ ҳолда соғлом, ижобий ижтимоий муҳитда шакланади. Бу ўринда ирсий имконият қанчалик катта бўлмасин, у маълум ижтимоий муҳитга тушмаса ёки ижтимоий муҳит қанчалик ижобий бўлишига қарамасдан, шахсда ирсий имконият табиатан берилмаган бўлса, бундай шахсларда юқори иқтидорни кўриш қийин.

Демак, иқтидорли шахсда маълум ирсий имкониятлар табиатан берилган бўлиб унинг ушбу имконияти маълум ижтимоий муҳитда шаклланиши лозим.

Психологларнинг кузатиши шуни кўрсатадики буюк, иқтидорли, талантли инсонларнинг тарихдаги ва жамиятдаги намоёндаларининг ота-оналари, тарбиячилари, уларни шу йўлга бошлаган шахслар талантли бўлишган. Баъзан шундай ҳам бўлидаки, каттагина ирсий имкониятларга эга бўлган бола ота-онасидан эмас, баъзан тарбиячисидан, баъзан эса айни ижтимоий муҳит талабидан келиб чиққан ёки шу ижтимоий талабга жавоб берган ҳолда ўзида катта иқтидорни шакллантиради, талантли инсон бўлиб етишади.

Бу ўринда Алишер Навоийнинг оилавий муҳитини ва унинг ёшлигиданоқ кўплаб шеърларни ёддан билиши, Пушкиннинг энагаси Арина Радионовнанинг таъсири ва бошқа мисолларни келтириш мумкин.

Биламизки, табиатан минглаб катта ирсий имкониятли болаларнинг ижтимоий муҳит йўқлиги натижасида бирон кўзга кўринарли натижаларга эриша олмаганликларини ёки ўзида ирсий имконияти чекланган болаларни баъзи ота-оналарнинг турли мактаб, курслар ва бошқа тўгаракларга етаклаши бирон сезиларли натижа бермаганликларини кўплаб мисоллар билан ёритса бўлади. Аммо юқорида келтирган рақамларимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, 65-75 фоиз болалар ҳаётда катта натижалар кўрсатиши мумкинлиги кўринади.

Албатта ота-оаннинг ижтимоий мавқеи, билим даражаси ва айниқса бола учун муҳим бўлган ирсий имкониятлари болага таъсир қилмай қолмайди ва буни психологиядаги илмий изланишлар натижаси кўрсатади. Бу ўринда ёш авлод учун ирсий имкониятнинг алоҳида таъкидланишини эътибордан қочирмаслик керак.

Иқтидорли болалар ҳақида гап кетганда кузатувчилар шуни таъкидлайдиларки, уларда соғлик, жисмоний ўсиш нормал ва ҳатто яхши бўлади. Ақлий куч қувват имконияти, ҳаракатчанлик, асаб тизимларининг нормаллиги сезиларли даражада бошқаларга қараганда юқорироқ бўлар экан.

Иқтидорли болаларда умумий фаросатчанлик, мослашувчанлик, психик тараққиётининг бошқаларга қараганда устунлиги, ҳаракатчанлик, фаолиятчанлик ва мулоҳазакорликлнинг юқорилиги, баъзан ҳатто флегматик кўринишларда ҳам намоён бўлиши мумкин экан.

Шу билан бирга айтиш керакки, иқтидорли бўлиш учун фақатгина мана шу кўрсатгичлар, айниқса биологик, яъни ирсий кўрсатгичгина асосий ролни ўйнайди, деб айтиш мумкин эмас. Иқтидорнинг тўлиқ намоён бўлиши учун албатта маданий, ижобий тарбиявий муҳитнинг шартлиги таъкидланади. Акс ҳолда ирсий имконият маълум маънода бошқа йўналишларга қараб йўл очади ва шахс, айтайлик, спортда, маълум бирор касбда, формал ёки ноформал гуруҳларда етакчиликда намоён бўлиб асл кутилган натижаларни бермайди.

Иқтидорли шахс ва иқтидорли бўлиб етишиш белгиларига келсак шахснинг билим, билишга қизиқувчанлиги, доимо ўзига ўзи муаммо ва иш топиб уларни ҳал қилиш муаммосида юриши, доимо қандайдир саволларга жавоб қидириб, бошқаларга қараганда кўп китоб ўқиши ва айниқса ақлий фаолиятчанлиги асосий белгилардан бўлиб хизмат қилади. Кўриниб туриптики, шахсдаги бу белгилар ва фаолият биринчи навбатда оилада кўринади ва у ўз имкониятини, фаолият майдонини айнан мана шу оилада топиши шарт. Ёшлигида бундай имкониятларга эга бўлмаган болада кейинчалик иқтидор ва имкониятлар қанчалик кўп ишга солинмасин у қотиб, кечикиб улгурган бўлади.

Иқтидорнинг намоён бўла бошлаганини шахснинг ўз фаолиятини жиддий таҳлил қила бошлаганидан, белгиланган фаолиятни олдиндан режалаштиришларидан, ушбу режаларни кичик-кичик тажрибалар орқали синаб кўришларидан, ўз олдига аниқ мақсадлар қўя бошлаганидан, ҳамма ҳаракатларини мана шу мақсад ва бошланган фаолиятга бўйсундира ола бошлаганидан ва ўз устида доимий ички назорат орқали ўзини кузата билганидан кўриш мумкин.

Бу ҳаракатларнинг ташқи белгилари бўлиб кўп китоб ўқиш, маълум конспектларнинг, чизгилар, ёзмалар, кўчирмаларнинг юритилиши, ўз ёшига нисбатан тўғри келмайдиган илмий асарлар, илмий асбоблар билан қизиқишлар, илмий йўналишдаги конспектлар тузиш, кўчирмалар, иқтибослар йиғиш ва адабий асарлар ёзишга киришишлар бўлиши мумкин.

Бундай иқтидор имкониятлари кўрина бошлаган болаларни тарбиялаш, уларни янада юқори поғоналарга етаклаш алоҳида катта муаммо бўлиб, мана шу муаммонинг ўрта ва бошланғич мактабларда ўз ечимини топмаганлигидан минглаб иқтидор эгалари кейинчалик оддий инсонлар даражасида қолиб кетади.

Масаланинг қийин ва чигал томони шундаки, оилада иқтидор куртаклари кўрина бошлаган болаларни одатда ота-оналар турли репетиторларга етаклай бошлашадида улардаги имкониятларини анча ўстиради, иқтидор куртаклари шаклланиб қолади. Бундай болаларни албатта ҳаммага, айниқса ўртамиёна иқтидорли болаларга мўлжалланган умумий бошланғич ва ўрта мактабларга боришадида у ерда улар ўз иқтидорлари етиб улгурган поғонадан илгарилаб кетиш ўрнига ўртача, ҳатто баъзи ҳолларда ўртачадан ҳам пастроқ иқтидорли болалар муҳитида билим олиш вазиятига тушиб қолади. Натижада ўз вақтида олган билим ва имкониятлари билан мақтанишга тушади, бошқалар ҳали уларнинг орқаларидан етолмайдигандай тасаввурда бўлиб ўз устиларида ишлашни сусайтиради, сусайтиришга кўпинча мажбур бўлади. Қарабсизки, натижада ўсиб келаётган иқтидор энди оддий кўримсиз ҳаммамиёнага айланиб қолади.

Мактаб шароитида ўқитувчилар бундай иқтидорли болалар билан алоҳида ишлашлари лозим. Аммо ўқитувчи нима ҳам қилсин. Ахир у кўп деганда синфдаги ўртамиёна болаларга таяниб дарс ўтади. Аслини олганда синфдаги иқтидори паст болалар синф фаолиятини орқага тортиб асосий вақтни айнан мана шулар олиб қўяди. Идеал ҳолатни оладиган бўлсак ўқитувчи ҳар бир дарсида уч йўналишда дарс ўтиши керакга ўхшайди. Яъни, дарсни аслида иқтидори паст болаларга тушунтириши керак, бу ҳолатни ўртамиёна иқтидорли болалар даражасига кўтарганда дарс сифати анча ўзгариб бунда иқтидори пастроқ болалар энди дарсдаги вазиятни тушунмаётгани аниқ бўла бошлайди. Ўртамиёна болаларга тушунарли бўлиб турган дарс аслида иқтидори юқорироқ болалар учун зерикарли бўлиб улгурди. Агар бу ҳолатни ўқитувчи инобатга олган ҳолда иқтидорли болаларга таянган ҳолда дарс ўта бошласа, синфнинг ярми, яъни иқтидори пастроқлар ва ўртамиёналар дарсни умуман тушунмай қолади. Илгарилаб кетган иқтидорли болалар энди ё зерикади ёки ўз имкониятларини йўқотиб улар ҳам ўртамиёналар даражасига аста секин тушиб кела бошлайди.

Оддий ўқитувчилар тили билан айтганда “иқтидорлар сўлиш” жараёни бошланади.

Бу шароитни қандай қилиб тузатиш ёки иқтидорли болаларни тарбиялашни қандай қилиб яхшилаш масаласига келсак, аслини олганда бу муаммо ҳам жаҳон ҳаётий ва таълим тарбия тажрибасида аллақачон ҳал қилиниб қўйилган масаладир. Чет эл мактаблари, айниқса хусусий мактаблар болаларни синфга қабул қилиш пайтида улани синовдан ўтказишади, яъни, юқорида биз айтиб ўтган Айзенкнинг IQ ақлўлчагич тестини қўллашади ва маълум коэфециент рақамни синовда ололмаган болани мазкур синфга қабул қилишмайди. Шу билан ҳар бир синф ўқувчиларининг маълум маънодаги ақлий тенглиги белгиланади ва бу ҳолат ўқитувчиларга дарс ўтиш жараёнини осонлаштиради, иқтидорли болаларни илгари етаклаш имконини яратади.
Шунга ўхшаш тажриба чет эл олий таълимида ҳам давом этади. Олий таълим тажрибасида ҳам ўқитувчилар асосан юқори иқтидорли, билимга интилувчиларга суяниб дарс ўтишади ва бу ҳолни биз талабаларнинг кўпчилиги белгиланган марраларни эгаллаб боришида, баъзи иқтидори пастроқ талабаларнинг бир неча йиллаб бир курсда, бир институтда ўқиб юрганлигида кўришимиз мумкин.

Шундай экан биз ҳам ўз таълим тарбия жараёнимизга, айниқса иқтидорли болаларни тарбиялаш тажрибамизга жаҳондаги илғор тажрибаларни тезроқ киритишимиз лозим.

Маҳмуд Йўлдошев
Психология фанлари номзоди

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn