Дада Зафар: ШУ ДАМ…

stixiНавоий ҳазратлари айтганларидек, ҳаёт дегани шу бир дам, бир лаҳза. Шоир эса ана шу қисқа умрдан ҳам маъни қидиради.

****

Тонгла била чун куна кундир адам,
Балки сенга қолди бу кун бал бу дам.

Алишер Навоий

Бошимда бор экан бу ғам, бу алам,
Нима қилдим кўзим ёшлаб, чекиб ғам.

Тақдирда не бўлса , кўраркан одам,
Оғирни тан олмай топаркан чидам.

Ўтган кунлар сабоқ қолдириб ўтди,
Бўлиб умрим йўлларига у ҳамдам.

Келажакни мавҳум дерлар, у абас,
Лек анга интиқар дил нечун илдам.

Шу бир нафас, шу онни дерлар ҳаёт,
Шоир ундан мани топаркан шу дам.

Аҳли маний гоҳ назм, гоҳи наср қумсар,
Мани топгач, этурлар лутфи карам.

Навоий дер: “Тангри каломида назм”,
Ундан маъно терур араб ва ажам.

Дада Зафар қондирурман чанқоғим,
Мен учун бу уммон оби зам зам.

****

 

ЙИҒЛАТМА

Эй, тонгда куйлаган ҳофиз, чалиб мунғлиғ тор йиғлатма,
Қани Ҳожи Абдулазиз, узтоздан ёдгор йиғлатма.

Гулузоридин жудолар, оҳанглардин шифо излар,
Биз каби бедаволар шу малҳамга зор йиғлатма.

Она тўлғоқ-ла жон бўлар,вужудин бўлар, тан бўлар,
Эй, аччиқ дард, кўз ёрар, туғилган ашъор йиғлатма.

Эй, қўшиқ, армонлар уни, елкангда истамлар юки,
Инъом этиб мисқолини, мухлисинг такрор йиғлатма.

Васфинг маст айлаган эй ишқ,ҳижрон ўтинг ёқди дилим,
Вужудимни чирмаган ашқ, қўлим етмас ёр йиғлатма.

Эй, дўст,борлигимда бор эдинг,йўғлигимда қайда
қолдинг,
Ёруғ оламни тор этдинг, бўлиб сен ағёр йиғлатма.

Эй, қондош миннатинг кўпдир, ҳатоларимдин сўзлама,
Ўлганга тобуткаш кўпдир, тирикни нисор йиғлатма.

Эй, жонимга жонсан Ватан, тупроғинг кўзга тўтиё,
Сенга қурбон бу жон ва тан, лек этиб инкор йиғлатма.

Эй табиат,ҳаётбахшсан, нидоинг момақалдироқ,
Булутлар кўз ёшин тўкиб, гулларни баҳор йиғлатма.

Дада Зафар тинглаб қўшиқ, яратгандан ножот сўра,
Оҳанглардан малҳам қидир, сўзларни безор йиғлатма.

****

 

ВАҚТИ КЕТГАЧ

Пушаймонликдан фойда йўқ, бесамар вақти кетгач,
Бахт қушин маҳкам ушлар, беҳабар вақти етгач.

Ўтаверар лаҳза-онлар, хонлар, даври давронлар,
Надомат қилгай жаҳонгир,безафар тахти кетгач.

Истиробда ошиқлар хамон,ишқ йўлида жон чекиб,
Аммо афсус чекмагайдир, мард лашкар аҳди етгач.

Қайда бўлса номардга хос, қўрқоқлик ҳам ҳоинлик,
Сўнг умри хасратда кечар, алҳазар нақди кетгач.

Қўлдан кетганга ачиниш,доноларнинг иши эмас,
Нодонлар ҳаддидан ошгай, шу қадар бахти етгач.

Мезонда олам яралган, ломаконда ҳисоб бор,
Шамчироқ қувват бўлармиш, ул қамар шахди кетгач.

Дада Зафар тирикликнинг ҳар они савоб иш қил,
Хар бири гулдай очилгай ул машҳар вақти етгач.

****

 

ТЕППА ТЕНГ

Бир қозонда қайнамас, икки калла теппа тенг,
Лек тарози қийнамас, икки палла теппа тенг.

Оила тотув бўларми,болалик уй бозор-да,
Ота –она меҳри ила, айтар алла теппа тенг.

Оламнинг мавҳарида, бутун борлиқ муаллақ,
Ҳақ чарҳи грифторга, сочган ғалла теппа тенг.

Фасллар тенг тўрт бўлак,кун кулар, тун маъюсдир,
Наврўз ё Меҳржон буржи, куйлар ялла теппа тенг.

Ёш эдим, кўкли эдим, кексаликда юз ажин,
Ичимга кўчди кўклам, ақли тилла теппа тенг.

Аммо тақдир турфа ҳил, ҳар кимсада ўзгача,
Гоҳи ташвиш, гоҳ қувонч, келар жилла теппа тенг.

Биров шоҳ, биров гадо, шоҳни кўрдим гадодек,
Тупроқ бағрида ётган, чаноқ калла теппа тенг.

Нафси бузуқ ҳўкизнинг, кўринар хум калласи,
Икки қазонда қайнар, битта калла теппа тенг.

Дада Зафар масални, пуфак каби шиширдим,
Қозон бўш, тарози бўш,икки палла теппа тенг.

****

 

ДЕБ

 

Бу юртда яхши кўпдир, ёмонлар ҳам топилур,
Кимлигим билмасман аммо,куларлар ардона деб.

Кимда бўлса гар юмуш, мен ҳозир у нозирман,
Эркалатар баъзилар, бесамар мардона деб.

Мискинлар дилин овлаб, саҳоват қилсам агар,
Топилар насиҳатчи, бу ишлар ҳуфёна деб.

Тўйга айтарлар мени, бу маросим савдодир,
Даллол ишим битказар, ўлчанар тўёна деб.

Бир кун бошга тушди иш, чақимчи чақди ёмон,
Дўстлар қилдилар ташвиш, ўзи шўр пешона деб.

Кўксимда қатор орден, тақмагандим ҳеч қачон,
Суд аҳли бўлди ҳайрон,кулдилар афсона деб.

Жавоб ўрнига ашъор, ўқидим қисқа қилиб,
Сўзим кесди прокурор, телба бу девона деб.

Мажлис аҳли чалғиди, менинг устимдан кулиб,
Жазони тайин этди, сўзинг бир баҳона деб.

Бизнинг иш жазо бериш, адаб ёт мактабдадир,
Оқловчига ошди ташвиш, ечармиз “дўстона” деб.

Тилим узун суяксиз, бошим чиқмас ғалвадан,
Баъзан ўйлаб қоламан, мен сиғмас замона деб.

Дада Зафар ҳам бир кун, куларсан чин юракдан,
Яхшиларнинг яхшиси, ёмонман бир дона деб.

****

 

ҚОЗИҚНИНГ ЎРТАСИ

 

Қозиқ учи жуда тиғли ва ўткир,
Қоқилганда ерга кетади кириб.
Мустаҳкам туриши боиси шудир,
Ҳатто бўшашмайди кетса ҳам чириб.

Қозиқнинг бошига ҳам осон эмас,
Тўқмоқнинг зарбидан ҳамиша ғурра.
Унинг ўртаси эса ҳеч ғам емас,
Жимгина, беташвиш эгаллар марра.

Яхшиямки ерга кирувчилар бор,
Улар бирла ҳаёт устуни маҳкам.
Яхшиямки тўхмоқ ейувчилар бор,
Жамият дардига бўларлар малҳам.

Қозиқнинг ўртаси бўлганлар синмас,
Кўп вақтлар арқон тортиб, илишар.
Ундай одамларнинг иши кўринмас,
Лек қандай яшашни яхши билишар.

****

 

“ТИТАНИК”
( фильмини кўриб)

 

Чиндан ҳам Титаник эди Титаник,
Инсон қўли билан ясалган кема.
Музқоя ҳасад- ла йўлин тўсди тик,
Эй океан, инсонни ютма ва ема!

Дейдилар, сув бағрида яралган ҳаёт,
Демак сен онасан инсон наслига.
Чўккан кемалардан келар дод фарёд,
Муз бағринг қайтарку яна аслига.

Қаҳринг келганида бўларсан тўфон,
Тўлқинларинг сиғмас ҳадсиз косага.
Гоҳи жаллод, гоҳи ўликларга жон,
Гоҳи қон қўшарсан ширин бўсага.

О, одамларга ҳам эмасдир осон,
Ҳаёт уммонида қанча тўфон бор.
Тақдир кемалари ғарқ бўлар, яксон,
Бу ваҳшат олдида сен эса ночор.

Соҳилда қолган қизчамни зор ўйлаб,
Ҳасратим тўкканим кимга ҳам ёқар.
Кўзим юмсам яқинларим зор бўзлаб,
Гўё армон билан мен томон боқар.

Телевизор кўрсатар “Титаник” фильмин,
Муҳаббат, садоқат, ҳижрон ва висол.
Кўрсатарлар ҳаётни севмоқлик илмин,
Оҳангсиз шивирлар қизчам эҳтимол:

“Тушми бу, ё рўё?
Ёнимдасан гўё,
Демак,Сен тириксан, омон…

Орамиздир олис,
Ҳижрон йўли-ҳадсиз,
Лек Сен тириксан, омон…

Узоқларда бўлсанг ҳам,
Юрагинг уриб турса бас, омон…
Меҳринг дардимга малҳам,
Жоним жонигга пайванд,
Руҳингга ошиён…”

****

 

ЁЛҒОН ДУНЁ

 

Қанча қаттиқ йиғласа булут,
Шунча шодон кулар эмиш гул.
Йиғлайверса бетўхтов ҳайҳот,
Кулги нобуд қилармиш бутгул.

Кимга керак отиқча ғулғу,
Кимга зарур менинг кўз ёшим.
Туғилганда йиғлаб туғилиб,
Кулиб қўйгум тупроққа бошим.

Армонларда йиғладим юм-юм,
Заҳматлардан чекдим оҳ-фироқ.
Ахир, дерлар ёлғончи дунё,
Ёлғонмикан кечмишим бироқ.

Йўқ-йўқ, сароб эмас тириклик,
Ота-она, аждодлар рўё.
Демак, рости йўқотмоқ-соғинч,
Мен йўқ жойда яшовчи дунё.

Кимга керак ортиқча ғулғу,
Бир сиқим лоймиз – одамсимон.
Рост-жисм эмас, руҳдаги туйғу,
Йўқликни бор этгувчи имон.

Қанча қаттиқ йиғласа булут,
Шунча шодон бўлар эмиш гул.
Йиғлаяпман,демак тирикман,
Ёлғон дунё борлигимдан кул.

 

АЛЛА БОЛАМ, АЛЛА-Ё

( Ўш марсияси)

Болам қўрқиб йиғлама,
Жажжи кўнглинг тиғлама,
Бешигинг бугун синиқ,
Бағримда ухла тиниқ,
Алла болам, алла-ё,
Асрар бизни ҳудоё.

Бўжи келди, изғийди,
Эл безовта тўзғийди,
Қирғиз халқи аҳли лол,
Осмонда йиғлар ҳилол,
Алла болам, алла-ё,
Асрар бизни ҳудоё.

Ғафлатда қолди Манас,
Айёр ёвлар қилди мас,
Ажал жонларга қонди,
Тобутлар ўтда ёнди,
Алла болам, алла-ё,
Асрар бизни ҳудоё,

Алпомиш қайда қолди,
Чўл- ироқ найда қолди,
Ўзбек айтмайди алла,
Гўр тепадир маҳалла,
Алла болам алла-ё,
Асрар бизни ҳудоё.

Манас яна қайтади,
Қирғиз ирин айтади,
Она буғи елади,
Бешик олиб келади,
Алла болам алла-ё,
Асрар бизни ҳудоё.

Алпомиш бирла Манас,
Битта аждод-ҳамнафас,
Ёвлар яксон бўлади,
Сотқин Бўжи ўлади,
Алла болам, алла-ё,
Асрар бизни ҳудоё!

****

КАТТА ЎЙИН

Ёғочнинг бўштини қурт ейди доим,
Дея мақол сўзлар ўзбек мулойим.
Ҳорижда мақоллар андиша билмас,
Дер: “Кучли ожизни назарга илмас”.

Шарқ ва Ғарб дунёнинг икки қутуби,
Шарқдан кўтарилар унинг офтоби.
Мағрибда севарлар”Катта ўйин”ни,
Доим тўлдирганлар шундай қўйинни.

Гўдаклар, миттилар гўё ўйинчоқ,
Катталар ўйинида синганлар пачоқ.
Буғдой дони каби бирлашмаганлар,
Ун каби янчилгач, ажрашмаганлар.

Аммо юмшоқ ҳамир кимларга ёқмас,
Ва қайси очкўзлар суқланиб боқмас.
Қайхусрав ҳам, Доро ҳам, Искандар ҳам,
Хатто Қутайба ҳам топмаган тўҳтам.

Ватан тупроғидан майсалар мисол,
Униб чиқаберди ўғил-қизлар ол.
Улар Тўмарис, Широқ , бўлиб Спитамен,
Чингизни довдиратган Жалолиддин-Мен.

“Катта ўйин” худди қиморга ўхшар,
Шатранж тахтасида шоҳлари қахшар.
Номард-нокасларга тутқазиб ҳанжар,
Мардлар орқасидан ниш уриб қочар.

Фитналар, урушлар, бало офатлар,
Одамлар бошига солди кулфатлар.
Ер талаш ўртада, яна талаш жон,
Юртга зарур эди йўлбошчи хоқон.

Барлос уруғидан Баҳодир Темур,
Элу элатлардан бир давлат тузур.
Катта ўйинчилар этилди мағлуб,
Келган жойигача ташланди қувуб.

Унинг қудратидан титради ёвлар,
Амир шавкатидан дунё боҳабар.
Юксалди шаҳарлар илму маърифат,
Миллат адолатдан топди шарофат.

Ғарбдан то Шарққача, Жануб ва Шимол,
Савдо карвонлари кезди бемалол.
Бошин кўтарса гар ҳар қандай аждар,
Соҳибқирон лашкарлари инига ҳайдар.

Бу юртга келганлар кўплари элчи,
Биров сайёҳ, биров эди айғоқчи.
Сиёсий маддоҳлар тили қирқилди,
Сергак посбон ҳоинларни ҳам қилди.

Тарихчилар ёзмиш, аммо кўп жумбоқ,
Ал Яздий ва Арабшоҳни солиштириб боқ.
Клавихо учун бу юртда не бор,
Кимлар эди Боязитдан умидвор.

Темурийлар замонида “Катта ўйин”,
Ўйнашга журъат йўқ, ёғийга қийин.
Улуғбек жадвали юлдузни кўзлар,
Назмида Навоий Ватандан сўзлар.

Беҳзод рангларида самимий ораз,
Камалак жилосидек бахт эди фараз.
Лек хиссиз қўғирчоқлар ичида араз,
Барибир мўраларди ўйинчи мараз.

Хиндистон томонга бадарға Бобур,
Ўз юртин гадоси, подшоҳ мусофир.
Бухоро Қўқондан устинман дерди,
Халқи деб Нодира жонини берди.

Хива осмонида ой хорғин боқар,
Узаро урушлар чаёндек чақар.
Тўрт тарафда душманлар пайт пойлайди,
Фурсат етгач хайвондек нимталайди.

Денгиз, уммонларда кемалар сузар,
Инглиз тўплари тинчликни бузар.
Ҳиндистон бўлмаса, йўқ Британия,
Қироллик қуввати бу калония.

Қиролича Виктория бедордир,
Кохинурга Россия ҳаридордир.
Шимолдан ҳавф ҳатар кўплиги маълум,
Ҳатто Напалион ҳам айлар такаллум.

Аввло Афғонда, сўнгра Қўқонда,
Ҳивада ёҳуд Бухоро томонда.
Кимнинг қўли устун, унгадир омад,
Сирли бу ўлкада мўмай даромад.

Ўнгда катта айиқ, чапда йиртқич шер,
Ўртада Афғон шоҳи қутқаринг дер.
Ўзбек хонликлари чуқур уйқуда,
Одамлар фарёди эди беҳуда.

Афғон ўз юртига бўлолди қалқон,
Инглизла босқинин айлади яксон.
Оқ подшоҳ Сайҳундан то Жайҳун қадар,
Тўплар ила ютди гўёки аждар.

Мағриб бу Мағриб, Машриқдир бу Машриқ,
Тамаддун садоси, шиддат-ҳайқириқ.
Ҳеч бири қўзғалмас, Ер-Осмон каби,
То қиёмат сақлар, олам соҳиби.

Гар бош кўтарса ёвузлик нафрат,
Юзма юз келганда куч бирла қудрат,
Шарқ ҳам йўқ, йўқдир ғарб, бенишон Ватан,
Уруғ аймоқ ғариб, беиз дафатъан.

Ушбу мисралардан кўп нарса аён,
Ҳатто романларда этилган баён.
Мажозий ўхшатма”Катта ўйин”га,
Ёзмоқ насиб бўлмиш адиб Кеплингга.

Романлар афсона, эртаклар мисол,
Чорлайверди дунёни дея, бўлиб ол!
Урушлар, даҳшатлар, талон тарожлар,
Мазлумлар жонидан тўланган божлар.

Олтин, кумуш, ёқуд ,зумрад кам эмас,
Ноёб китоблар йўқ,хеч ким ғам емас.
Беҳзод суратлари денгиз ортида,
Ҳикматли битиклар ҳориж портида.

Уруғни уруққа гиж-гижладилар,
Хонлар юракларин ғижимладилар.
Бировни вассал қилди, бошқани осди,
Ниҳоят ўлкани дажжоллар босди.

Отасини от, боласига нон бер,
Ерини тортиб ол, гоҳида ён бер.
Ўзинг жароҳатла, ўзинг давола,
Оқ подшоҳ саҳоват этмиш ҳавола.

Ҳаммасидан ошиб тушди большовой,
Ватан тилка пора, халқ ҳолига вой.
Миллатлар номида давлат-тузилма,
“Катта ўйин” учун ноёб топилма.

Туркистон, Турон десалар отди,
Бухоро, Хива деса энсаси қотди.
Пантуркист, панисломист тамғасин қўйди,
Не-не ерликларнинг кўзини ўйди.

Уч хонлик ўрнида беш республика,
Советлар замонида яна тахлика.
“Катта ўйин” қатағонга айланди,
Юртпарварлар қурбонликка сайланди.

Буюк салтанатлар учун ҳам қийин,
Уларнинг доясидир”Катта ўйин”,
Гуркови ҳам аслида унинг ўзи,
Мунофиқнинг доим қорадир юзи.

Рус империясин синдирмоқ учун,
У Советларга сарф этди бор кучин.
Отасига ҳиёнат қилгач, оқпадар,
“Совуқ уруш” дея янчди пайдар-пар.

Марказий Осиёда ҳуррият янглиғ,
Қуёш кўтарилди кўнгиллар ёруғ.
Аммо катта ўйин заҳарли илон,
Тўрт томондан яна ўрмалар нолон.

Яна эски ҳаммом, яна эски тоз,
Глобализм мўралар гўёки устоз.
Миллат элатларни пинҳона қайрар,
Текин томошадан вужуди яйрар.

Беш оға инилар, беш яқин қардош,
То қиёмат йўлдош, биргамиз жондош.
Ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман,
Бирга очилсалар, дерлар гулчаман.

Тарихнинг ўзидир огоҳ қўнғироқ,
“Катта ўйин”лардан бермоқда сабоқ.
Ёғочнинг бўштини қурт ейди доим,
Тўнка бўлмоқликдан асра Ҳудойим!

Олиб Амир Темур бободан ибрат,
Шу тупроқ бағрида бўлсак ҳамжиҳат.
Англаб етсак агар, Машриқ бу Машриқ,
Оламни тўлдирар бизнинг ҳайқириқ.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn