МУҲАББАТ ОҲАНГЛАРИ ОСТИДА

 kitobЁКИ “БАҲОРГА ҚАСАМКИ, МЕН СЕНИКИМАН”

Мунаввара Ойматова

Одатда, ижодий кечалар ҳақида ёзилганда фалончи қатнашди, фалон гаплар бўлди дейиш урф. Кечага қатнашган казо казоларга таърифу таҳсин. Самимиятдан узоқ бундай кечаларда ўтириш малол. Расмий мажлис каби кечади бундай кечалар… Аммо шундай ижодий кечалар бўладики, улар ҳақда гапириш эмас, таассуротларни ўртоқлашиш енгил кечади. Кўнгилга фараҳбахш туйғулар ёпирилиб келади. Шошиб қоласан киши. Қайси бир нажиб саҳнани айтсам деб… Бундай ижодий кечалар камдан кам кечади…
Шоир Озарахш ижодий кечасини тасаввур қилиш учун газетхонга кириш сўз.
Қоп қоронғу саҳна… Сукунат. Саҳна пардасида кино кадрлари оралаб ҳофиз қўшиқлари янгради…Жажжи болажон жарангли овозда қўшиқ бошлади. Саҳнага тозалик ва болалик овози кириб келди. Бу овози каби беғубор Ҳумоюн(Шоирнинг ўғли!) эди. Кейин саҳнага нозик ниҳол санама раста қиз чиқди. Мусиқавий овозда шеър ўқишни бошлади. Шоира Фарзона(Шоирнинг рафиқаси) эди бу. Кейин эса… саҳнага ШОИР кириб келди. Куй кириб келди. Қўшиқ келди. Бир шеър. Бир қўшиқ. Бу ОЗАРАХШ эди…

“…Кўзларимда дуо,
Тўлиб тошмоқда
Қалбим, жоним куй ва қўшиқ қурбидан…”

Хуллас, бу бетакрор шоир Озарахш ижодий кечаси ибтидоси. Юракларга оқиб кираётган куй қанотида ШЕЪР гапирарди…
Баҳор нега суюкли фасл? Чунки у кутилмаган совғалар қилади. Қуёшли кунда дабдурустдан чақмоқ чақадию оқ ёмғирлар ёғади. Кейин еру кўкни бирлаштирган жилвалари бир олам бўлиб камалак жамолини кўз кўз қилади. Ҳақиқий талант ва иқтидор ҳам баҳорга ўхшайди. Бетакрорлик чинакам ижод аҳлига хос фазилат. Айни шоир Озарахш ижодий кечаси ҳам сўлим май оқшоми ибтидосида ана шундай бошланди.

Куйга қўшиқ, қўшиққа шеър уланди… Кўнгил кўнгилга ошно бўлди… Ошиқ маъшуққа мадҳия бошлади…

“Ошиқлар – азалдан бедор кўзлари,
Ошиқлар – ёдига мангу бўлар Ёр.
Ошиқлар – бу ҳамма беҳаммаликда,
Ҳаммадан юксакдир, ҳаммадан пойдор.

Улар нафас олар ғайб нафасидан,
Тушнинг назаридан боқади улар.
Юрак тебраниши хаёлида маст,
Шеър айтиб, юракни ёқади улар…”

Шоир Озарахш Шеър ошуфтаси, Шеър ошиғи эканлигини унинг ҳар бир ҳатти ҳаракати айтиб турарди. Унинг туриши шоирона, юриши шоирона. Шу боис бўлса керак, унинг ижодий кечаси ҳам чин маънода шоирона кечди. Унинг бадиҳатан айтган ҳар бир сўзи шоирона. “Шеър мағрибиймас, машриқиймас, Шеър инсонийдир. Қуёш барчаники бўлгани каби, Шеър ҳам барчаники”. Унинг бу сўзларини кўп марта ўзидан эшитганман. Аммо куй қанотидаги Шеър юракка ижозатсиз ҳам оқиб киришини шоир ижодий кечасида чуқур ҳис қилдим.

“Чаманлар булбулнинг номин унутган,
Чаманлар булбулни танийди, аммо,
Майин овозидан,
Булбул созидан,
Таралса кўнгилга яқин бир наво…”

Саҳнада булбул наволари янграрди. Томошабинлар булбул навосидан масту мустағриқ эдилар… Рўдакий…Мавлоно… Камол…Ҳофиз…Саъдий… куйларди…. Булбул куйларди. Шеър булбул эди бу кеча. Шеър ҳофиз эди бу кеча…

“…Ёр бўлиш қандай бахт,
Билармисан, айт?!
Кўрсанг кўзни юмиб, унутиб ўзни:
Номаҳрам нигоҳдан олис гўшада
Йўлингга интизор бўлган бир Кўзни.
Ҳис қилмоқ қандай бахт,
Кўрмасдан туриб,
Кўзга айлантириб очиқ кўнгилни:
Ширин титроғингнинг хаёли билан,
Сени орзу қилган озурда Дилни…”

Шеърга ошиқ кўнгил нафосатидан туғилган оҳанглар садоси остида муҳташам ШЕЪР сел бўлиб кўнгилларга оқмоқда эди бу кеча.

Шеър таржимасиз тушунилиши керак бўлган ижод намунаси. У таржима қилинмаса ҳам ҳис қилиб тушунилади. Шоир Озарахш ШЕЪР ва ҚЎШИҚ кечасида шеърнинг айни шу фазилати ўзлигини тўлиқ намоён этди…
Шоир маҳбуб. Шоир марғуб. Шоир матлуб. Шоир ошиқ. Шоир ҚЎШИҚ эди бу кеча…
Томошабинлар эса ШЕЪРга ҳабиб эди бу кеча…

Озарахшни таниганимдан бошлаб бу кунгача мен бир зариф қалб кашфи билан яшайман. Сўзни заргарона тушуниб шеър ёзадиган шоир У. Камтаринлиги шунчаки, у ўз хос таржимони Одил Икром маҳоратига тан бериб дейди: “Таржимон зўр. Менинг шеърларим ўзбекча зўр чиқибди”. Ҳолбуки, унинг шеърларида таржимасиз ҳам тушунилиши керак бўлган туйғулар шеър ўқилиши асносида кўнгилга сизиб киради. Тоғ чашмасининг зилол суви ташналикни қандай қондирса, унинг шеърлари шеърхонни ана шундай чанқоқлигини боса олади. Бу тасаввур ижодий кеча замирида ҳам мужассам эди. Бу мужассамлик эса ИШҚ сўзининиг эквиваленти бўлган ШЕЪРда ўзини намоён этди.

Шундай ижодий кечалар кўпайишни истаб, шоир Озарахшнинг серқирра ижодкорлигини яна бир таъкидлаб, Ҳофиз Озарахш, Шоир Озарахш КУЙ, ҚЎШИҚ ичра гирёна қалб бўлиб, Шеър қалбида яшаётганини кўриб қувондим. Шоира Фарзонанинг “Баҳорга қасамки, мен сеники” сатри Шеърга ЎЗини бахш этиб яшаётган шоир Озарахш учун мастона Қўшиқдир. Куйдан куйган қалб наволари, Шеърда ёнган кўнгил садолари Озарахш сафоси бўлиб ШЕЪР кечаси Қуёши бўлди бу кеча…

МУНАВВАРА

P.S. Мен жуда севиб ўқийдиган Озарахшнинг қуйидаги шеъри сизга ҳам ёқади деб таассуротларимга ҳамроҳ этдим.

****

ОЗАРАХШ

Хайрли тонг

Тонгингиз хайрли бўлсин,
Отамнинг
Айвони остида саф тортган қушлар.
Хайрли тонг, сизга, эй мусичалар,
Онамнинг ёдидай мушфиқ, муштипар…
Меҳр бахш айлаган дийдорингизни
Кўриб, мен бир лаҳза унутдим ғамни.
Маҳзун дийдорингиз эслатар менга,
Сизлардай муштипар, мушфиқ онамни…
Онам суяр эди мусичаларни,
Мусо Калимуллоҳ қуши, дерди у, –
Улар хайр-барака дуосин ўқиб,
Ҳар қайси даргоҳга тилайди ёғду.
Ҳар гал мусичалар «ку-ку»лаганда,
Уйнинг бурчагида бўлиб бир қисм,
Қуръон бағишларди дуогўй онам,
Барча пайғамбарлар арвоҳига жим.
Ва очиқ кафтидан қушлар олдига
Дона-дона бўлиб тўкиларди дон.
Томчи-томчи бўлиб тўкиларди ёш,
Унинг нигоҳидан ҳайрона, пинҳон…
Билмасдим, нимани гаплашар эди,
Онам қушлар билан узоқ ва узоқ.
Фақат, билар эдим,
Ушбу суҳбатлар
Кечарди бемалол, самимий, қайноқ.
Фақат, билар эдим,
Суҳбатлар гўё,
Сулаймон ва қушлар суҳбати эди.
Ҳикмат кони эди унинг жимлиги,
Ҳар сўзи муҳаббат муҳлати эди…
Исо туғилган кун ўтиб,
Эртаси
Ер-осмон титради тортган ноламдан:
Қордан оппоқ кафан кийган Бир Тонгда,
Менинг онагинам ўтди оламдан.
Тоғлар нола қилди,
Менга қўшилиб
Йиғлади булоқлар, сойлар шарақлаб.
Ёсинхон йиғлади…
Укаларимдай
Ёнимда бел боғлаб турди дарахтлар…
Чорловлар,
йўқловлар, оҳлар, аламлар,
Фарёдлар онамни қайтаролмади.
Кетарди,
кетарди,
кетаверди у,
Мендан,
биздан кетди…
йўлдан қолмади…
«Туғилган айёминг бўлсин муборак,
Каромат соҳиби, Ҳазрати Исо!
Онамни бир нафас бедор айла!» – деб
Худо даргоҳига қилдим илтижо.
Токи, билай дедим, онам тилида
Нечук сўз бор эди?
Олиб кетди у.
Токи, билай дедим, зор-зор дилида
Нечук а срор эди?
Қолиб кетди у…
Ногоҳ жавоб келди,
Айвон остида
Мусичалар ғамгин «ку-ку»лаганда:
«Одам, Ҳаво қани?
Қаерга кетди?..
Биродар, ҳаммамиз – ожиз бир банда.
Онанг келган эди Одам ортидан
Ва Одам ортидан изма-из кетди.
Дунёга Ҳаводай келган эди у,
Ҳавога айланиб, Ҳавога етди.
Исодан сен нима истайсан, ахир,
Дилингни бунчалар тирнамасин ғам.
Охират йўли бир, даргоҳ биттадир,
Марям кетган йўлдан кетди Исо ҳам…»
Оҳ, эй мусичалар,
Эҳ, мусичалар,
Эҳ, айвон остининг мусичалари.
Отам айвонига келиб қўндингиз,
Соғинчимнинг маҳзун мусиқалари.
Кўзимнинг айвони ин бўлсин сизга,
Меҳрингиз дилимдан аритар ғамни,
Онамни соғиндим,
Сизларни кўриб,
Соғиндим
Муштипар, мушфиқ онамни!..

Одил ИКРОМ таржимаси.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn