Ромиз Равшан: СУТ ТИШИНИНГ ОҒРИҒИ

ramiz ravshanДостон

Фузулийга, яна болам Равшанга

Биринчи сентябрда, мактабда дарслар бошланганда мааълум бўлдики, тўртинчи синфнинг ҳамма ўқувчилари қимирлаб қолган сут тишларини бу ёз тушириб қайтибдилар. Ўша синфда фақат бир боланинг оғзида бир дона сут тиши қолган эдики, бу ҳам Самад эди. Самад оғзини очиб салом берган заҳоти ўқувчилар бу тишни кўрдилар, кулдилар.

Сўнгра қалин бир ипнинг бир учини Самаднинг тишига боғладилар, бир учини – синфхонанинг эшигига.

Ўша ёз қишлоққа шаҳардан янги муаллима келганди, жуда гўзал қиз эди, исми Чимноз эди. Биринчи дарс ана шу Чимноз муаллиманинг дарси эди ва, ўзингиз тушуниб етгандай, эшикни очиб Самаднинг тишини суғурган ҳам Чимноз муаллима бўлди.

Тўғриси, Самад қўрқоқ эмасди, аммо эшикнинг орқасидан Чимноз муаллима туфлисининг пошначалари тақиллаганда Самаднинг юраги жойидан қўзғолди, эшик тортилиб очилганда Самаднинг ўзи ҳам жойидан қўзғолди, ўқдай учиб Чимноз муаллиманинг қучоғига тушди. Самаднинг бўйи зўрға Чимноз муаллиманинг кўкрагидан келарди, шунинг учун Чимноз муаллиманинг юраги тўғри Самаднинг қулоғи остидан дукурлаб тепарди.

Самаднинг тишига боғланган ип ҳам узилганди, бир учи эшикда осилиб турарди. Ип узилганди, аммо узилган сут тиши ҳам Самаднинг оғзида эди.

Сўнгра Самад ўтиб жойига ўтирди; Чимноз муаллима дарсда нималарни ўтди, нима деди, Самад эшитмади – қулоғида фақат Чимноз муаллима юрагининг дукурлаши эшитиларди. Самад оқшом тўшакка кириб ётганида ҳам у юракнинг дукурлаши ҳали қулоғидан кетмаганди.

Ёндош уйда чироқ ёнарди, отаси милтиқ тозаларди, эҳтимол, саҳар-мардонда яна овга чиқса керак. Девордаги қора гардишли суратдан онаси суқланиб отасига боқарди.

Онаси Самадни туғаётганда ўлганди. Самад бу дунёга келиб кўзларини очганда, онасини ўша қора гардишнинг орасидан, ўша ўлим панжарасидан суқланиб боққан ҳолда кўрган эди.

Онаси отасини жуда ҳам яхши кўрар экан, айтишларича, бу қишлоқда ҳеч ким бу қадар кучли севгини кўрмаган экан. Балким, Самад туғилганд а онаси у севги туфайли ўлгандир, у севгисини тўққиз ой юрагининг остида асраган ўз фарзанди билан ҳам бўлишгиси келмагандир.

Ҳалигача Самад онаси юрагининг уришларини ёдида асраб келарди, энди эса, қанча уринмасин, у дукурлашларни ёдига келтиролмасди, энди Самаднинг қулоғида Чимноз муаллиманинг юрагигина сас берарди.

Шу лаҳзаларда Самаднинг ўз юрагида ҳам нимадир куртак отар, ўсиб, гуркираб борар, энтиктирарди. Самад буни бутун жону тани билан ҳис қиларди, аммо унинг нима эканлигини ҳеч хаёлига келтиролмасди ва қалбини тўлдирган у энтикишдан ҳам лаззат оларди, севинарди, ҳам бир боладай қўрқарди.

Ҳали меваси на бўлишидан хабарсиз, умрида илк барг чиқарган ёш дарахтдай ўз жонида бўртган биринчи мевадан еган боладай ҳам лаззат олар, севинар, ҳам бир боладай қўрқар.

… Самаднинг юрагида куртак отган у меванинг исми СЕВГИ эди…

 

Бу нечук севгидир, тушди бошингга,

Аллоҳдан қўрқмади, менинг болам?

Боқмади гўдак ёшингга,

оғзингдаги сут тишингга боқмади, менинг болам –

бу нечук севгидир тушди бошингга?!

Бу кекса дунёда шу ёш ёшингда

тишладинг ҳар нени шу сут тишингда.

Тотдинг бу дунёнинг кўп аччиғидан,

ўтдинг йўталидан, қизамиғидан,

севгисига

тутилдинг бу дунёнинг.

Золим севги, боққил, сени найлади,

бундай золим ўлим йўқдир, дард йўқдир.

Қўлингда қораяр эмлаш пайванди,

болам, севгидан эмлаш – пайванд йўқдир.

Бу севгидир, менинг болам,

умрлардан узун севги:

бир қўлида

бешикларни тебратган,

бир қўлида

қабрларни қазган севги.

Бу севгидир, менинг болам, –

бир асов тулпордай

ортимиздан чопган севги,

қайда бўлсак, ўлим каби

келиб бизни топган севги.

Бу севгидир, менинг болам,

минг йилдирки – омон севги,

кўзидан ёш томчилаган,

қўлидан қон томган севги…

… О, сен кимсан, менинг болам:

бу чандиқли юзинг таниш,

ямоқ тушган тизинг таниш.

Чимрилганда – қошинг таниш,

йиғлаганда – кўзинг таниш.

Болаларнинг, гўдакларнинг

энг фақири, сиқилгани,

ҳаммадан ҳам секин юриб,

ҳаммадан кўп йиқилгани.

Эҳтимол, секин юргин деб,

севги сени хоҳлади,

йўлларингни тўрт тарафдан боғлади.

Энди шундай, бу севгидир

сувларинг ҳам, емагинг ҳам.

Сумбул каби юрагингда

бу севги дон боғлади.

Қисқагина умримизда

дунёга боқа-боқа,

болам, минг йиллардан буён

яшаяпмиз шунақа.

Минг йиллардир

юрагимиз томир-томир

севгига боғлидир бу ер юзида.

Чангидан юлдузигача,

ўғлонидан қизигача

бари ҳисоблидир бу е юзида.

Бу дунёнинг севгиси ҳам

ўлчовли, ҳисоблаб чиқилган, болам.

Барчамизга бўлакланиб,

бўйимизга бичилган, болам.

Аммо, урфдан қолган чопон кўргандай,

кўпдир бу дунёда севгидан кулиб,

афтин буруштирган, лабин бурганлар.

Кўпдир бу дунёда қўл-қўл ушлашиб,

яланғоч кезганлар, ишқсиз юрганлар.

Севгисиз ўпичлар яланғоч,

қизларнинг ёноқлари

япроқдай қурийди оч –

кўпдир дарахтнинг илдизидан кириб,

шохида барг каби ҳиссиз юрганлар.

Кесилган ўрмонлар каби,

қуриётган уммонлар каби

севги ҳам тугайди бу ер юзида.

Дунёда қўли бўш, тиланар севги,

у ёнга-бу ёнга бўйланар севги,

севганларни излар кўзи – тополмас,

йигитни топганда қизни тополмас –

севганлар ёлғиздир бу ер юзида.

Менинг болам, сен-да ёлғиз,

ёлғиз, ер юзинда ёлғиз,

ой каби, кун каби ёлғиз,

тупроқда дон каби ёлғиз,

боғда шамол каби ёлғиз,

жонда юрак каби ёлғиз.

Сен ҳам ёлғиз, менинг болам,

бу кўкнинг остида ёлғиз,

Дунёда севги аталган

бир юкнинг остида ёлғиз.

Лабларинг нимадир дейди, пичирлар,

кўзларингдан ёш тўкилар, менинг болам.

Суякларинг қисирлайди, ғичирлар,

белинг букилар, букилар, менинг болам.

Аллоҳнинг кўзи қийдими –

шошди бу кўкнинг эгаси.

Севги сенинг юкинг эмас,

қани бу юкнинг эгаси?!

Тангр ўзи енг шимариб

кирсин бу юкнинг остига,

Курагини, юрагини

берсин бу юкнинг остига.

… Воҳ, эҳтимол, жоним болам,

йўқликка бақирган менман.

Ўзим бунда қараб туриб,

ўзгани чақирган менман.

Балким, бу кўкнинг остида

мен ҳам гуноҳга ботганман.

Сен кирган юкнинг остидан

елкамни олиб қочганман.

Поёнсиздир дунё юки:

севгиси – юк, нафрати – юк.

Учрашганда суҳбати – юк,

айрилганда ҳасрати – юк.

Дунё – бир юк дарахти,

ҳар юкнинг кўки инсондир.

Инсоннинг юки – бу дунё,

дунёнинг юки инсондир.

Пешонага битилганмиш

елкамизга тушар юклар.

Болагинам, бу ёзувдан

қочмоқ мушкул экан-да.

Юк остидан елкасини

олиб қочса катталар,

болаларнинг елкасига

юк тушар экан-да.

Билмай қолдим, жоним болам,

мен ориқни кечиргин,

Елкамдаги қабариқни кечиргин!..

 

“Кечир!”… Гапга қара, Аллоҳ! Ҳамма бир-бирига: “Кечир!” – дейди, аммо ҳеч ким ҳеч кимни кечирмайди.

Бироқ оёғимизга теккан тошлар бизга “кечир” демади.

Биз тош билан урган қушга “кечир”демадик.

Шунақа яшаймиз: тошлар, қушлар, одамлар. Бизни оғритганлар, биз оғритганлар.

Қушлар ва болалар бир-бирига ўхшайди. Болалар ҳам тушларида уча олади. Тушида учган боланинг бўйи ўсади, дейдилар.

Туш йўқ нарса, тушнинг жони йўқ. Эҳтимол, ҳар учган қуш жони кириб қанотланган тийра кўзли бир тушдир – бир гўдакнинг тушидир. Бас, шунда й экан, болалар нега қушларга тош отадилар, қушларнинг оёғидан дарахт шохига боғлаб қўядилар.

Менинг болам, кўраяпман, сен ҳам шу болаларнинг орасидасан.

Бир дарахт теварагида давра қуриб ўтирибсизлар. Шохлардаги чумчуқлар сизга боқади – оёқларига боғланган ипдан хабарсиз, шўрлик чумчуқлар. Болалар тўсатдан қичқиришади, чумчуқлар ҳуркиб қўзғолади.

 

Сен ҳам қичқирдингми, менинг болам?!

Бу дунёда болаларга алданган

қушлардан ҳам шўрлик не бор, илоҳим?

Оёғидан бутоқларга боғланган

қушлар нега қанот қоқар, илоҳим?!

Шўрлик қушлар типирчилар, уринар,

бутоқлардан қанотлари тилинар.

Кўкдан ерга эланган қуш патидан

болаларнинг сочларига оқ тушар.

Дарахтларни қўпоролмас ўрнидан,

шўрлик қушлар чарчаб, чирқироқ тушар.

У болалар, у кичик жаллодларнинг

оёғи остинда, азоб ичинда

ўлган қушлар қон томирга осилиб

юрак каби титрар ипнинг учинда.

Қушлар эмас, ўлган бизмиз, эҳтимол.

Ким билади – ўлган кимдир, тирик ким?!

Унда турган

қўллари қон гўдак менман, эҳтимол,

унда ўлган у қуш – менинг юрагим.

Барглар тушар

у қушларнинг очиқ қолган кўзига,

ботиқ-ботиқ оёқлардан

қонли иплар ечилмас.

Энди шундоқ бу қушларнинг юзига

осмон ҳам бир қулф эшикдай –

очилмас.

Чумчуғини айирмайлик булбулдан,

қуш сиёқли юракларга йиғлайлик.

Не замонсоз шоирларнинг қўлида

қўшиқ ёзган лайлакларга йиғлайлик.

У қушлар ҳам бироз бизга йиғласин,

бу юраксиз умримизга йиғласин.

Балким, биздан хабарсиздир у қушлар,

ёмонимиз, яхшимиздан хабарсиз,

бу оқарган сочимиздан хабарсиз,

бу тиришган юзимиздан хабарсиз.

Устимизда доғлар қолмиш

у қушларнинг қонидан,

юз бир кийим алмаштирсак

энди у қон кетмагай.

У ипларнинг изи ҳам

жизиллайди бутоқларнинг жонида.

У қушларнинг саси ҳали

дарахтларнинг қулоғидан кетмагай.

Балким шундай, қушлар сўнгги фурсатда

ўла-ўла бизни севган, қарғаган.

Балким, Аллоҳ бизни ип-ла у пайтда

у қушларнинг оёғига боғлаган.

Балким шундай, у дунёда тупроқдан

ҳар саҳар ул ипнинг учидан тутиб

уйғотар,

уйғотар бизни у қушлар,

ипга осиб қўйган ўйинчоқ каби

ўйнатар, ўйнатар бизни у қушлар.

Пешонамиз тиришидан,

бағримизнинг бошидан

биз у ипни ечолмаймиз ўлгунча.

Бу дунёнинг тупроғидан, тошидан,

Хотинларнинг нозидан, қарғишидан

озод-эркин учолмаймиз ўлгунча.

Йиғлагаймиз – бизга кулар у қушлар,

Яширинсак – яна кўрар у қушлар.

У қушларни кўрмайин, деб

кўзимизни юмармиз –

келиб тушимиша кирар у қушлар.

У қушларнинг оёғига йиқилиб

ёлворармиз: ёқамиздан йироқ кет.

Кеча-кундуз тинчлигимиз йўқолди,

бирор оқшом уйқумиздан йироқ кет!..

… Тушимизда ўлик қушлар тирилар,

қанот қоқиб тебратар кўк юзини.

Оёқларин қонли ипи чўзилар,

ғичирлатар дарахтнинг илдизини.

Қушлар тортар дарахтларни ортидан,

чинорни ҳам, ёнғоқни ҳам қўпорар.

Тупроқ ерни қаттиқ ушлар дарахтлар,

қушлар тортар –

тупроқни ҳам қўпорар.

Қушлар тортар, қалқар уйлар-эшиклар,

бир-бирини қувлар итлар-мушуклар.

Хотинлар ҳам, ушоқлар ҳам қичқирар,

қўрқоқлар ҳам, қочоқлар ҳам қичқирар.

Қичқирамиз: – Қутқар бизни, Аллоҳим!

Қушлар қайга тортар бизни, Аллоҳим?!

Балким, қушлар торта-торта обориб,

йўқликларга отар бизни, Аллоҳим!..

Тош келтириб, излагаймиз қушларни,

битта-битта кўзлагаймиз қушларни.

Учган қушлар кўк юзидан тўкилар,

тош отармиз бир дона қуш қолгунча.

У битта қуш яна биздан зўр келар,

яна тортар дунёмизни толгунча.

Ўзи ростдан битта қушми, илоҳим,

бу дунёни шаҳар-шаҳар, ўлка-ўлка кўтарган?!

Бу дунёда энг охирги шоирнинг

юрагидир, балким, бизни кўтарган.

Биз у қушга, Аллоҳ, нега тош отдик?!

Хотин, гўдак ҳам кеса-ю ёш отдик.

Бу дунёда энг охирги шоирнинг

юрагини тошлагунча тош отдик.

У қушнинг ҳам сўнгисини отайлик, –

кимнинг тоши тегар, қани, у қушга?!

Кўзимизни катта очиб боқайлик

кўк юзидан кўчиб келган у қушга.

Кўк юзининг узанар ҳар қаричи,

бу не ишдир, айт, кўкларнинг Эгаси?

Нечун, айтгил, дунёнинг ҳам, қушнинг ҳам

ҳеч тузалмас, ҳеч тузалмас яраси?!

Қўл бер, бу дунёнинг тоғу тузин тут,

тоғу даштнинг, ахир, недир гуноҳи?

Бу дунёни ўзинг ушла, ўзинг тут,

йиқилармиз, йиқилармиз, илоҳи!

Балким, бир дам кўролмадик у қушни,

Балким, ўзга дунёларга тўқнашиб,

парча-парча тўкилади бу дунё.

Кўк юзидан у қуш ғариб тушади.

У қуш охир қайга бориб тушади,

охир қайга йиқилади бу дунё?1

Қутқар бизни бу қўрқувдан, Аллоҳим,

Уйғот бизни бу уйқудан, Аллоҳим!..

… У уйқудан телба каби уйғониб,

кўзимизни очганда,

Қўрқа-қўрқа кўтаришиб кўрпани,

қуш ўлигин ахтарамиз

тўшагимиз ичида…

Ўлик қушлар ерга қатор-қатор тушиб ётарди.

 

Болалардан бири:

-Тезроқ бўлинглар, қочдик, – деди. – Чимноз муаллима келяпти!…

Ростдан ҳам йўлнинг у четидан Чимноз муаллима келарди, ўзи ҳам тўғри улар томонга келарди. Эҳтимол, у қушларнинг бошига тушган савдони кўрганди.

Болалар ердаги ўлик чумчуқларни йиғиштириб, тезда кўздан ғойиб бўлдилар. Дарахтнинг остида фақат Самад қолди, яна бир – ўлик чумчуқ.

Чимноз муаллима келди, ўлик чумчуқни ердан кўтарди ва Самадга ўгирилиб:

-Эртага ё отанг, ё онанг мактабга келсин! – деди.

Самад индамади.

-Гапиимни эшитмадингми?!

Самад яна гапирмади.

Шунда Чимноз муаллима Самаднинг қўлидан тутди:

-Қаерда яшайсизлар? – деди.

Самад боши билан имлади.

Чимноз муаллима Самаднинг қўлидан тутди:

-Кетдик! – деди.

Самад эгилганча Чимноз муаллиманинг ёнида йўлга тушди.

Кетдилар, етдилар, Самад эшикни очди, ичкарига кирдилар.

Самаднинг отаси йўқ эди.

Чимноз муаллима қўлидаги ўлик чумчуқнинг боши ни силади:

–Ҳеч қиси йўқ, кутиб тураман! – деди.

Шундай айтдики, гўё Самаднинг отаси келиб, бу чумчуқни тирилтиради.

Сўнгра Чимноз муаллиманинг кўзи девордаги суратга тушди:

-Онангми? – деди.

Самад бошини қимирлатди.

-Онанг ҳам уйда йўқми?

Самад бошини тебратди.

Чимноз муаллима суратга суқланиб боқди:

-Қандай гўзал онанг бор-а, – деди. – ростдан ҳам гўзалми ё суратда гўзал чиққанми?

Самад охири тилга кирди:

-Билмайман, – деди, – кўрганим йўқ!

Чимноз муаллима суратнинг қора гардишини энди кўрди, сесканиб ўлик чумчуқни қўлидан ерга тушириб юборди.

Самад тез эгилиб, қушчани ердан кўтарди. Шу пайт эшик очилди, отаси ичкарига кирди, елкасида милтиқ бор эди, қўлида у овлаган бир жуфт қирғовул.

Самад отасининг ёнидан суқилиб ўтиб, ташқарига чиқди.

Чимноз муаллимаўлик қушларни кўтарган Самаднинг отасини кўриб, ўзини йўқотиб қўйганди.

Чимнеоз муаллима бу ёш умрида ҳали ҳеч бир кишидан қўрқмаганди, аммо энди ҳис қилдики, бу одамдан қўрқади, энг оғири шу эдики, бу қўрқув унга лаззат бахш этарди.

Чимноз муаллима бехосдан бу одамнинг қўлидаги бир жуфт қирғовул билан, яна бу киши овлаган барча қирғовуллар билан, какликлар, беданалар, жайронлар билан, бошқа шундай жониворлар билан ўзининг қондошлигини, яқинлигини ҳис қилди ва бир жуфт қирғовулни кўрсатиб, юраги дукурлай-дукурлай:

-Овчимисиз?- деди.

Самаднинг отаси Чимноз муаллиманинг оёғидан бошигача термулиб:

-Ҳа, – деди. – ОВЧИМАН!..

 

Бир ов майдонидир бу қишлоқ, шаҳар,

милтиқсизу ўқсиз бу қандай овдир?!

Бир озча овчидир ҳамма эркаклар,

хотинлар ҳаммаси бир озча овдир.

Бу маккор боқишнинг қурбони бўлай,

аёллар овланар, қизлар овланар,

Узун киприклари ёрдам беролмас,

ола кўзлар, қора кўзлар овланар.

Қандай соз, эшикни очиб келибсан,

сен менинг овимсан –

танидим сени.

Балким, бахт қушисан, учиб келибсан,

бас, қани елкангда қанотинг сени?

Деворлар гул очар – қўлинг тегинса,

Тортилар Тангрининг қўли бу уйдан.

Бироз тутун ҳиди, порохнинг дуди,

Бир озча қон хиди келар бу уйдан.

О, ёмон тикилар кўзинг деворга –

суратга боққанда ёшланар кўзинг.

Бурайлик суратнинг кўзин деворга,

бу шаҳид севгининг руҳи ёнмасин.

Балким, бир туш эрур у ўлган аёл,

юмсам кўзларимни – қайтади, балким.

Севги илоҳийди у ўлган аёл,

усиз илоҳсизман дунёда, балким.

Ўлганга барибир, шўрлик – қолгандир –

Ўлган ўлди, қолган энди найласин?!

Дейдилар: худолар ўлмас…

ёлғондир!..

Худо ўлган ерда банда найласин?!

Ярим зор, ярим ҳуш кетар ўлганлар,

Ким айтар, қўли бўш кетар ўлганлар:

Қўли текканидан оборар қўли,

Кўзи кўрганидан оборар кўзи.

Қабрлар кўпаяр – дунё камаяр,

Ўлганлар парчалаб оборар бизни.

Бироздан обкетар ҳар ўлган одам

ҳар қолган одамнинг тириклигидан.

Ноннинг таъмидану

сувнинг тотидан,

Чечакнинг исидан, гулнинг хидидан.

Тирилар ҳаммаси бироз-бироздан,

бир қуруқ соямиз,

бир бўш алвасти.

Аллоҳим, чиқажак ахир қачондир

тупроқнинг устига

тупроқнинг ости.

Биламан, ўлганлар тирилмас –

аммо

Менинг у дунё-ла олди-бердим бор:

Эҳтимол, ўлимни ўлим олгайдир,

Ўлимни ўлим-ла алмашмоқ даркор.

Сен ҳам, гўзал хоним, мени кечиргин,

сени қўрқитмасин қўлимдаги қон.

Менинг овлаганим у барча қушлар

у ўлган аёлга қурбондир, қурбон.

Юз қушнинг, минг қушнинг ўлими, балким,

унинг ўлимига тенг кела билса,

Охири кунлардан бир куни, балким,

уни у дунёдан мен ола билсам.

… Балким, сени унда Тангрим кўндирмиш,

Балким, у дунёдан келган малаксан?!

У аёл ўлганда ўлгандим, ўлган –

Эҳтимол, сен мени тирилтирарсан…

Сочларинг бунчалар юмшоқдир, юмшоқ,

сочингга тегинса –

қўлим тирилар.

Мен ўлган эдим-ку, не бўлди, Аллоҳ,

балким, танимдаги Ўлим тирилар?!

Тирилар кўксимда юрак, Аллоҳим,

Тирикман!

Тирикман!

Тирикман яна!

Тириклар яшаши керак, Аллоҳим…

Ўзинг раҳмат қилгин ўлганларингни…

 

…Самад мурғак тирноқлари билан боғда ерни ковлаб, ўлик чумчуқни кўмиб қўймоқчи бўларди.

Тупроқ жипс эди, Самаднинг бармоқларини оғритарди…

 

Илтижо қиламиз минг-минг тил ила –

Дунёнинг тош сабри каби сабр йўқ.

Қабр йўқдир,

бир боланинг қўли-ла

Қазилган қуш қабри каби қабр йўқ.

Бир ҳовуч қора тупроқ

бас эди,

Қушлар биздан кўз ёши ҳам сўрамас.

Бир қаричдай қабр қазсак,

бас эди,

Бир бармоқдай гўр тоши ҳам сўрамас.

Бунча ўхшаш қушларнинг, болаларнинг ўлими –

Иккисидан ҳам дунёда бир юк қолар:

Болалардан – тўйгунича яшолмаган бир умр,

У қушлардан тўйгунича учолмаган кўк қолар.

Одам ўғли, сабаб будир, эҳтимол,

болаларнинг

тобути тош кабидир.

Балким, бу зил тобутларга юкланган

болаларнинг яшалмаган умридир.

Яхшиямки, тобути йўқ қушларнинг,

у тобутни юклаб қандай кезардик?

Бутун осмон у тобутга юкланиб,

балким, нозик елкамизни эзарди.

Балким, етди додимизга болалар,

Ўлга қушга қабр қазган болалар

бу тобутдан елкамизни асради.

Тепамиздан босиб турган бу кўкдан,

Бу қуёшдан, бу юлдуздан, бу ойдан,

бу булутдан елкамизни асради.

Яхшиямки, яшаяпмиз шунақа,

ҳар гуноҳни ювган, тузган топилар.

Яхшиямки, бу дунёда бир парча

чумчуққа ҳам қабр қазган топилар.

… Балким, менинг қабримни ҳам қазган бор,

кундуз қазар,

кеча қазар қабримни.

Чумдуги-ла чўқиб-чўқиб тупроқни

бирор митти қушча қазар қабримни.

Ахир, ҳали мен оз умр сурганман,

Ўлим, балким – узоқ, балким, яқиндир.

У қушчани, балким юз бор кўрганман,

айтганманки,

излагани дон-дундир.

У чумчуқнинг еми, балким, менман, мен,

У чумчуқнинг чумдугинда донман мен,

чўқилар, чўқилар мени у чумчуқ.

Кунларимни, йилларимни чўқилар,

Қора сочим, қўлларимни чўқилар,

чўқилар, чўқилар мени у чумчуқ.

У чумчуқнинг чумдугидан қутулиб,

бекинмоққа ҳеч бир макон топмадим.

У чумчуқнинг қабоғинда тутилиб,

чидамоққа жонимда жон топмадим.

Чўқилайди, чўқилайди бу чумчуқ,

бу танимдан

неча жонлар айрилар.

Мендан қўпиб,

қават-қават шилиниб,

яна янги,

янги танлар айрилар.

Чўқилайди, чўқилайди бу чумчуқ,

оғриқ чиқар танимдан.

Танимдаги оғриқлардан кўкариб,

қизим чиқар,

ўғлим чиқар танимдан.

Одам ўғли, бас, сен нечук, мен нечук,

бас, мен кимман,

бас, мен қайдан туғилдим?!

Балким, шундай отамни ҳам

чўқилаган бу чумчуқ,

Мен отамнинг танидаги

оғриқлардан туғилдим.

Балким, шундай на таниш бор, на ёт бор,

бу дунёда

ҳаммамиз бир баданмиз.

Балким, шундай биз одамлар, одамлар,

насл-насл чўқиланган бир танмиз.

Не бўлгайки,

ҳовуч-ҳовуч дон сепилган ҳар ерда,

Не бўлгайки,

бошдан-охир

ҳовли-ҳовли сочилдик.

Балким, шундай битта тандир

бу дунёнинг аввали,

Балким, “Аллоҳ” дейилган дам

шундоқ бирдан очилдик.

Балким, шундай минг йиллардир

у чумчуқнинг тумшуғидан

тушиб-тушиб келармиз.

Минг йиллардир шундай,

чўқиланган бадандан

сачраб-учиб келармиз.

Пешонада ҳали бундай

минг-минг оғриқ-аччиқ бор,

минг-минг кундуз-кеча бор.

Бир ўлимсиз ТАН бор бу ер юзида,

бир ўлимсиз ЧУМЧУҚ бор…

 

Самад чумчуқни кўмиб келганда Чимноз муаллима уйда отаси овлаган қирғовулнинг патини юларди.

Отаси деворга суяниб, бир қониқиш ила кулиб қараб турар эди.

Аммо онасининг девордаги йиллар бўйи боқимб турган сурати ўгирилган эди, қора гардишли суратнинг юзи деворга буриб қўйилганди.

Самад шошди, бир суратга, бир отасига термулди.

Отаси бирдан ҳушёр тортди, суратнинг юзини бу ёнга ўгирди. Самад бадтар шошиб қолди: суратдан термулиб онаси жилмаярди

Самад суратдан кўзини олди. Ўша куни қирғовул гўштини оғзига ҳам олмади.

Ўша кундан кейин Чимноз муаллима гоҳи-гоҳи Самадларникига келиб турадиган бўлди, бироқ ҳар гал у келганда, Самад секин орадан чиқиб кетар, уйга жуда кеч, Чимноз муаллима чиқиб кетганидан сўнг қайтарди, ҳар гал қайтганда отасини хурсанд, бахтиёрликдан жилмайган ҳолда кўрарди.

Бир гал Самад уйга қайтиб, эшикни ҳарчанд итармасин, оча олмади.

Эшик ичкаридан берк эди.

Самад оёқларининг учида чўзилиб деразадан қаради ва отаси ҳамда Чимноз муаллимани кўрди. Чимноз муаллима йирик, оқ-оппоқ қуш каби тўшакка узала тушганди. Бу, эҳтимол, отаси овлаган энг гўзал қуш эди. Бироқ у тирик эди. Чимноз муаллиманинг оппоқ қўллари отасининг чайир бўйнидан қучарди, Самаднинг тушларига кирган чарсилдоқ лаблари отасининг оташ юзидан, кўзидан ўпарди, оёқлари, бўлиқ оёқлари…

… Қарама, болам, ёш бола бунақа ишларга қарамайди!.

Аммо Самад қараб турарди.

Девордаги қора гардишли суратдан онаси ҳам қараб турарди, қараб куларди, гўё отасининг бахтиёрлигидан у ҳам севинарди. Нега севинарди, Аллоҳ?!

Сўнг Чимноз муаллима чиқиб кетди, уйда ёлғиз отаси қолди, яна онасининг сурати.

Ўша куни Самад отасига бир оғиз ҳам гапирмади, бош кўтариб суратга ҳам боқмади.

Эртасига Чимноз муаллима Самадни доскага – ёзув тахтаси олдига чиқарганда Самад тош каби сукут сақларди.

Чимноз муаллима:

-Ёз, – деди.

Аммо Самад бу қора тахтага ҳеч нима ёзмади, кўзини у қора тахтанинг қоронғулигига тикканча тураверди: гўёки бу қора тахта деразадай ярқ этиб очиларди, чексиз йўқликка, бош-охирсиз зим-зиё қоронғуликка очиларди. Самад у деразадан боқиб, қоронғуда кимнидир кўрарди.

КИМНИ?!

 

Бешикдан тобутгача

умримиз оқ узра қора билан ёзилар,

Бас, нечун, менинг болам,

бу тахтанинг юзи қора,

нега оқ-ла ёзилар?

Ҳаёт деганлари – узун ё қисқа –

Дунёнинг энг қийин дарси экан-да.

Бу қора, қоп-қора ёзув тахтаси

Бизнинг умримизнинг терси экан-да.

Юлдуз-юлдуз йиртилган кўк юзидай

У тахтани сўз-сўз йиртган биз бўлдик.

У қора тахтанинг

қора бетидан

Тўкилган сўзларни тутган биз бўлдик.

Ёздик ва ўчирдик бўйи-энинда,

Ул қора тахтанинг ҳар қаричинда

қўлимизнинг изи намоён.

Алдандик, менинг болам,

у ёзув тахтасига,

Энди билдик, ҳар ёзувнинг ўчмоғи аён.

Ёздик ва ўчирдик –

севинчу ғамимиз

Ҳар сўздан, ҳарфдан, чизгидан ўтди.

Ул қора тахтадан ўтдик ҳаммамиз,

билгинки, бир қора кўзгудан ўтдик.

У кўзгудан қўлимизда ёзилган

неча-неча исм, отлар ўтди,

туғишганлар, ётлар ўтди.

“От” деб ёздик,

“Ўт” деб ёздик, –

У кўзгудан

йилқи-йилқи отлар ўтди,

чаман-чаман ўтлар ўтди.

Ўтган ўтди – бир дам дўниб

У кўзгудан сўролмадик.

Минолмадик у отларни,

У ўтларни ўролмадик.

Менинг болам, бу не ишдир,

боқдим, йўл тута билмадим.

У кўзгудан ҳамма ўтди,

сен нега ўта олмадинг?!

Талпинарсан, уринарсан,

у кўзгунинг ичиндасан,

Балким, ҳозир от чопарсан,

балким ўроқ-пичандасан.

Нега бунча ивигансан –

терданми ё кўз ёшидан?!

Бирор фурсат сувинг чиқмас

у кўзгудан қирғоққа.

У кўзгу босар бошингдан,

бўйинг чиқмас у кўзгудан қирғоққа.

Қуриган, ёрилган лабларинг билан

чақирарсан, сас бермаслар сасингга,

талпиниб, кучаниб урён соларсан.

Нозик қўлларинг-ла, оёқларинг-ла

у ёзув тахтасига

михланиб қоларсан.

У қора тахтада йўқолар, йитар

қоп-қора кўзларинг, болам.

У қора тахтада кўкарар, битар

япроқ-япроқ сўзларинг, болам.

У сўзларни теролган – йўқ, билган – йўқ.

Юз чақирсанг,

ёрдам қилиб келган – йўқ.

Кошки, биров мадад берса додингга,

у чормихни ўзинг суғур, воҳ, болам.

Дор куни ўз исминг етсин додингга,

ўзинг ўз отингни чақир, воҳ, болам.

Йўқса, тилинг дудуқланар, шошарсан –

ўз отинг тилингга ботмайди гўё.

Уринарсан, талпинарсан, тошарсан,

ўз отингга кучинг етмайди гўё.

Кел, қийнама бировни ҳам, ётни ҳам –

кучинг етмас ўз муқаддас отингга.

Менинг болам, оғир кунда оти ҳам

бу дунёда мадад бермас одамга.

Ким қолар дунёда?

Умр йўли

дунёнинг энг кетса-келмас йўлидир.

Менинг болам,

бу дунёда ўлгунча

ҳар ким шундай ўз исмининг қулидир.

Ўлгунча жонимиз-ла

боқажакмиз исмимизни,

Этимиз, қонимиз-ла

боқажакмиз исмимизни.

Майли, жони бўлмаса-да,

Гўшти, қони бўлмаса-да –

Яна, яна бу дунёда ҳар ненинг

исми ўз жонидан чиқар.

Тошнинг, сувнинг, ернинг, кўкнинг

исми ўз жонидан чиқар.

Ўз исмига кетар кучи,

ҳар не кучдан тушиб қолар.

“Сув” дегунча – сув чарчайди,

“Тош” дегунча – тош юмшалар.

“Ер” дегунча –

ер ҳам бироз ботар ерга,

“Кўк” дегунча

кўк ҳам бироз кўкдан тушар.

Ичимизни бир севги еган каби,

Титраб-қақшаб “севаман” деган каби

севгимиз чарчаб қолар.

…Бас, сен нечук, менинг болм,

Ўз исмингни чақирмоққа,

У ёзув тахтасидан

талпиниб чормихни суғурмоққа

ҳали кучинг қолдими?

Ер юзида

оёқ қўйиб турмоққа

ҳали бир қарич еринг,

Кўк юзида

боқмоққа бир қарич кўкинг қолдими?

Бир қарич ер-осмон орасида

ўсмоққа,

қалқмоққа бир қарич бўйинг қолдими?

Ерда – еринг,

кўкда кўкинг қолмаса, болам,

Ўз исмингни қичқирмоққа

яна кучинг қолмаса –

Энди қўрқма,

чақирмоққа яна бир от топарсан,

ундан кўмак, ундан имдод топарсан.

Уни чақир оғир кунда, оғир дамда,

ўз дардингни унга де, болам,

Бу қора тахтага, бу кўр тахтага

юзингни тут:

-Она!.. – де, болам.

… Қора тахта, кўзингни оч,

Кўр мени, қора тахта.

У қоракўз, у қорасоч

Онамни бер, қора тахта.

Қора тахта, худодан қўрқ?!

“Йўқ” – дема, йўқ, қора тахта!

Қора тахта, онамни туғ,

Онамни туғ, қора тахта!..

 

Ўша кун Самад мактабдан қайтганда, онаси яна жилмайиб девордаги суратдан боқарди.

Отасининг қўшоғиз милтиғи ҳам деворда осиғлиқ эди, бироқ отасининг ўзи йўқ эди.

Самаднинг кўзлари ёшга лим тўлганди, Самаднинг йиғлагиси келарди. Онасига ўгирилиб: -Кулма! – деди.

Аммо онаси ҳали ҳам кулиб боқарди.

Самад курсини оёғи остига қўйиб кўтарилди, онасининг юзини деворга ўгирди.

Сўнгра милтиқни девордан олиб келди, ўқларнинг жойини биларди, борди, бир жуфт патрон келтирди, милтиққа жойлади, тепкиларнинг иккисини ҳам тортиб, пастга қўйди.

Кейин бир қалин ипнинг учини милтиқ тепкиларига тугиб, иккинчи учини эшикка боғлади, юзи деворга ўгирилган сурат остидаги курсига ўтирди, милтиқнинг қўндоғини ерга тираб, қўшоғизни нақ дукурлаётган юрагига қадади.

Самаднинг чеҳрасида ғалати бир тус бор эди: гўёки бу пайтда у умрида ҳеч қачон ўйнамаган энг қизиқ ўйинини ўйнаётган эди.

Самад боғлаган ип милтиқ ва эшик орасида таранг тортилганди, эшик очилган заҳоти ўқ унинг юрагига отиларди. Самад гоҳ ипга, гоҳ эшикка термулағтермула кутарди: НИМАНИ кутарди, Аллоҳ?!

 

Ўлгунча

қанча-қанча эшикдан ўтар одам,

Дунё –

юзимига тутилган эшикларга тўлиқдир.

Эҳтимол, юзимизга

ёпилган эшикданмас,

Юзимизга очилган

эшикдан қўргуликдир.

Болагинам,

ҳаммамиз ҳам туғилганда йиғлармиз.

Оналарнинг танидан

қувилганда йиғлармиз.

Балким яшамоқ эмас,

дунёга келмоғимиз,

Балким, туғилган куни

бошланар ўлмоғимиз.

Оёғимиз ерга теккан заҳоти

Қадам қўйиб, йилдан-йилга ўлармиз.

Бу дунёда бир дафъалик ўлгунча,

худо билан, неча бора ўлармиз.

Бир нозли хотинга айланган куни

бир гўзал қиз ўлар, болам,

Мўйлови чиққан куни

бир ўсмир – қувноқ – ўлар.

Бу дунёда оз яшаган

оз ўлар, болам,

Бу дунёда кўп яшаган кўпроқ ўлар.

Ҳеч ким кўрмас марҳумларнинг қонини,

Бизлар соғмиз, соғ одамга ким йиғлар?

Ким билади,

қўл-оёғи титраган бу кампир

бир нозли хонимнинг олмиш жонини,

Бу шўрлик чолнинг букри белида

навқирон йигитнинг, балким, қабри бор.

Ҳам ўликмиз, ҳам тирикмиз, Алолоҳим,

биз нечук инсонлармиз?!

Бу дунёда кезиб юрган

жонли қабристонлармиз.

Болам,

ҳайрон боқарсан, пешонам ажинига,

Бир вақт мен ҳам бола эдим – сенинг ёшингда.

Йиллар ўтди, ўлди-кетди у бола,

Кўмдим у болани пешонамнинг тиришига.

У болага ҳеч ким аза тутмади,

Туққан онам ҳам ҳеч йиғламади,

Ҳеч ўзим ҳам йиғламадим, ўзим ҳам –

Ҳеч билмадим,

у боланинг қўли қачон

тушиб қолди қўлимдан,

у боланинг юзи қачон

йитди-битди юзимда.

Болам, золим ажал бу ён чопгунча,

Келиб бизни бу дунёдан топгунча,

Исмимизни билгунича

оламнинг қабртошлари,

Умримиз чўзилгунча чўзилади,

Ортади пешонамизнинг ажинлари,

Пешонамизда

янги-янги қабрлар қазилади.

Тақдир отиб ўйнар

бизни сомон чўпидек,

Ойлар, йиллар

гуруҳ-гуруҳ ўтади устимиздан,

Қўлимиздан

қанча қўл узилиб тушади,

Қанча-қанча юзлар тушиб кетади

юзимиздан.

Ўзимизни

қанча алдаб овутсак, фойдасиздир.

Юзимизни,

қўлимизни тутсак, фойдасиздир.

Фойдаси йўқ, гўзалмисан ё хунук –

Туғилгандан ўлгунча

ойлар, йиллар юзингни

Қисмат ёзиб-чизиб, қоралагунча

ҳамманинг юз-кўзини,

Юзимиз ҳам вароқ-вароқ йиртилар.

Тунлар боқиб биз термулган кўзгулар

бу кун танимайди бизни.

Яхшиямки, бу дунёда биз

ҳали таниб олаяпмиз ҳар кун, илоҳим,

таниб олаяпмиз бир-биримизни.

Яхшиямки, ўзимизни

таниб олаяпмиз, шукур,

Кўзгуларда юзимизни

таниб олаяпмиз, шукур.

Ҳали оқарганмас қора сочимиз,

пешонамиз тиришиб қат-қат бўлмади,

Ҳали пешонамиз тиришларидан

кўзгулар чарсиллаб қарс-қурс синмади.

Ҳали ботмаганмиз минг-минг гуноҳга –

Болам, вақти келди,

бу дунёдан кетайлик,

бир гўзал юз билан кетайлик

Аллоҳнинг даргоҳига…

 

Эшик очилиши билан милтиқ отилди.

Эшикни очган одамни сен кўрмадинг, болам. У одам ким эди?!

Балким, қўшни болалардан бири эди, сени ўйнамоққа чақириб келганди.

Балким, Чимноз муаллима эди, яна сизларникига келганди.

Эҳтимол, эшикни очган отанг эди.

…менинг болам, балким, у эшикни очган МЕН эдим…

 

Аслиятдан Карим БАҲРИЕВ таржималари

http://karimbahriev.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn