Қадринг неча пул сўқир дунё?!

barnoБарно ИСОҚОВА – 1974 йили Ўш шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, 1997 – 2002 йиллари Ўш Давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиган.
Журналист сифатида бир қатор маҳаллий газеталарда фаолият олиб борган. Ўш қирғини кунлари воқеалар жойидан репортажлар тайёрлаган. Сўнгра кўплар қатори мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

* * *

Ўзим касбимга кўра журналист бўлганим учун, аввало Қирғизистондаги ўзбекзабон матбуотига доир вазиятга тўхталаман. Ўш воқеаларининг яна бир аянчли оқибатларидан бири бу ўзбек тилидаги матбуот воситаларининг мутлақо яксон этилгани бўлди. Минтақада дастлабки хусусий телеканаллар сифатида фаолият бошлаб, тез орада бутун Фарғона водийсида оммалашган ЎшТВ ва МезонТВ каби студиялар, ўшлик ўзбек журналистларининг муқаддас даргоҳига айланган қатор газета ва журналларимиз талон-тарож қилиниб, мутлақо яксон этилди.

Қолаверса, таълим соҳасида ҳам абгор вазият ҳукмрон бўлиб қолди. Ўзбек тилига ихтисослашган ўнлаб мактаблар мажбуран қирғиз тилига ўтказиляпти, давлат идораларида бармоқ билан санарли ўзбеклар қолди, улар ҳам миллатдошларига нисбатан кўрсатилаётган адолатсиз муносабатларга қарши бош кўтара оладиган аҳволда эмас асло. Шу тариқа бугун ўзбек ўз юртида хору зорликда кун кечиришга мажбур қолмоқда. Эплаганлари юртни ташлаб, узоқ саргардонликларга бош уришдан бошқа чора топа олмаяпти. Бугун Россиядан тортиб бошқа ўлкаларда неча ўн минглаб ўшлик ўзбеклар юртига қайта олмасдан сарсон ва саргардонликда юрганини, уларнинг ич-ичидаги дардларни, қани, ким айтсин?!

Мана, ўша қирғинбарот кунлардан буён уч йил ўтибдики, бирор халқаро ташкилот чинакам воқеликни тўла-тўкис ёритиб бера олгани йўқ, бирортаси ўзбек бечорага қарши қилинган даҳшатли жиноятларга бўй-басти билан ва ишонч билан ҳақиқий баҳо бера олгани йўқ. Менинг бу гапларимга эътироз билдиргувчилар топилар, яъники, ХРВ дейсизми, Амнести Интернешнлми ёки халқаро комиссия дейсизми, ахир ана шулар муносиб ўрганиб чиқишди, тегишли баҳосини беришди, деб эътироз билдиришар. Аммо мен ўша қонли кунларнинг бир тирик гувоҳи сифатида шуни айтаманки, бу барча ташкилотларнинг барча айюҳаннослари Ўшда, Жалолободда содир бўлган воқеаларнинг чинакам даҳшатларини тасвирлаб бера олмайди.

Уларнинг барча ҳаракатлари номуси топталган не-не навниҳолларнинг, тириклайин ёқилган не-не азаматларнинг чирқираган руҳлари олдида аслида ҳеч нарса эмас. Агар кўзи кўр ва қулоғи кар бу дунёнинг айбдорларга қарши муносиб ҳаракатлар қилиш нияти бўлганида эди, шу кунга қадар ўша ҳақиқий жиноятчилар охирига қадар ушланиб, муносиб жазоларини олган бўларди. Афсуски, минг таассуфки асло бундай бўлмади, 90 йилларда отаси амалга оширган жиноятлар изидан борган фарзандлари бу гал ҳам жазосиз қолиб, ўзининг эли ичида қаҳрамонга айланди, қўллари бегуноҳлар қонига ботган бўлса-да, буни парвойига келтирмасдан кўксини ғоз кериб юрибди ҳалиям. Муттасил қирғинларга дучор қилинавериб, бор-будидан айрилган, бошини бироз кўтаргани ҳамон уртўқмоқлар зарбасига дучор бўлаётган бечора ўзбек яна айбсиз айбдор, қамоқхоналарда гулдек умрлари хазон бўлаётганлар ҳам шу шўринг қурғур ўзбеклигича қоляпти. Буларнинг бари бугун ҳамма кўриб-билиб турган энг оддий ҳақиқат, шу оддий ҳақиқатни-да рўёбга чиқаролмаётган ташқи дунёнинг баҳоси неча пуллигини эса айтишга-да қийналаман…

* * *

(Барно Исоқова қаламига мансуб хунрезлик хотираларидан)

…Ҳозиргина ёнимдан югуриб ўтган ўспириннинг бир лаҳзада кулга беланган жасадини кўрдим, ўликлар ҳидига тўйиб кетдим ўша куни… Ҳанузга қадар димоғимда инсон мурдасининг, ёқилган жасаднинг ҳиди анқиб турибди. Кўнглим беҳузур бўлиб, ўқчиб-ўқчиб қусдим, ўксиб-ўксиб дод солдим ўша куни…

Ёнимдаги мана бу келинчак ҳушини йўқотди… унинг 25 ёшли навқирон эри орқа мияси снайпер ўқидан сочилган ва кўзи очиқ ҳолида бу дунёдан видолашган эди. Ана, ўзим тенги бир аёл ақлдан озаёзди, якка ёлғиз ўғлининг жасадини оёғидаги оловда ёпишиб қолган кроссовкасидан таниб олди. Унинг фарёди оламни ларзага солди ўша куни…

Мен кичик шаҳарчамизнинг медпунктида жарроҳлик қилиб, қўллари дағ-дағ титраётган талаба йигитларнинг кўзларида ўлим даҳшатини кўрдим ўша куни… Офисимни бир кун бурун ўғирлаб, сўнг ёқиб юборганларини эшитганимда, иш қуролларимга ачинганимдан уялиб кетдим ўша куни…

Ягона қуролим – мобил телефоним орқали додлаб-додлаб, ваҳшийларни қарғаб-қарғаб интервью бердим ўша куни…
Анови тенгдошимнинг панжалари орасида қотиб қолган майсаларни кўриб, ич-ичимдан фарёд отилиб чикди: «Айланай ўзбегим йигитлари-я, танангиз оловда ёнаётган пайтида нелар хаёлингиздан ўтди?! Жон азобида ерни таталаб, майсаларни юлиб-юлиб олаётганингизда сизни бу дунёга шундай азоблар учун келтириб, орқангиздан доғингизда куйиб қолаётган онаизорингизни неча бор ёдга олишга улгурдингиз-а?! Балки ваҳшийлик олдида ожиз қолганингиздан, аҳли аёлингиз, оилангиз шаъни учун ўлимни афзал билдингизми?!»

Билмадим, ўша куни 28 нафар ёндирилган, 33 нафар снайпер ўқидан жувонмарг кетган маҳалладошларимнинг жасадлари орасида бўзлаб-бўзлаб, сўзлаб-сўзлаб йиғлайвердим, ерни муштлаб–муштлаб, қаламимни тишлаб-тишлаб дод солавердим… Мен ҳеч кимга ва ҳеч ким менга эътибор бермади, беролмади… Ҳамма, эркагу аёл худди мендек бўзлаётган эди ўша куни…
Қулогимда мангу муҳрланди ўша даҳшатли йиғи овозлари… фарёдлар, оҳу воҳлар, исёнлар…

Мен қиёматни кўрдим ўша куни… Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўладиган кун шундай бўларкан-да, деб ўйлашга ҳам улгурдим ўша куни…

Олдимда Алпомишдай йигитлардан саккиз-тўққиз нафари ҳушидан кетиб йиқилди. Мен уларга сув сепиб, ўлганлар орасида яқини бор-йўқлигини сўрадим, улар эса умрида бундай даҳшатларни кўрмаганлигини айта олишди, холос.
Ҳайрон бўлдим, мен ўзим нега ҳушимни йўқотмадим, деб. Рост, мен нега жиннилар бўлиб, ақлдан озмадим ўша куни, ҳамон-ҳануз ҳайрон бўламан ўзимдан ўша кун учун…

Барно Исоқова

http://alishernavoi.net/

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn