”Ислом ва Замон” рисоласидан боблар

habibullo hakimҲабибулло Ҳаким (Душанбе)

ИСЛОМ ВА СИЁСАТ

Маълумки, бугунги кунда жаҳонда ҳар хил сиёсий тузумлар мавжуд ва улар ўзаро кураш, мусобақа ҳолатидадирлар. Қай бирлари ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксак чўққиларга етишган бўлса, қай бирлари анчагина ортдадирлар. Албатта уларнинг ҳар бири ўзларининг тузумлари энг афзал тузум эканини иддао қиладилар. Аммо, ҳозирги ахборот-алоқа замонида уларнинг ҳар бирининг қандай ҳолатда эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Афсуски, жаҳон сиёсат майдонида ислом мафкураси башарият етишган барча яхши-ёмон сиёсий тузумларни барчасини маҳв этиб, йўқ қилиб, зўрлик билан ўз тузумини ўрнатмоқчи бўлган ёвуз бир куч қабилида талқин қилинмоқда.
Бунга албатта, исломнинг моҳиятини тўла тушуна олмаган, чаласавод “ислом лашкарлари”, ўта реакцион тушунчадаги “алломалар”нинг ислом динини жанжалкаш, мутаассиб, ўз фикри, тушунчаси йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган қайсар, ақлсиз сиёсий куч қатори намоён этаётганлари сабабдир.
Асл исломнинг кўздан яширилган ўзак қоидаларидан бехабар авом халқ ҳам, бу қаллобларнинг найрангларига ўйнаб, алданиб, ўзаро ички ва ташқи адоватлар ботқоғига ботиб, жаҳон саҳнасида исломнинг энг хавфли куч қатори намоён бўлишига сабаб бўлмоқдалар.
Чаласавод дин пешволари ҳам диний эътиқодни восита қилган ҳолда, ихлосли ёшларнинг ҳиссиётларини барча мавжуд сиёсий тузумларга қарши қайраб, аксар ёшларни озгина ташвиқот юргизилса ҳар қандай қилмишлардан қайтмайдиган тайёр террористларга айлантириб қўймоқдалар.
Аслида ислом дини зўрлик билан ўз тузумини жорий этиш учун юборилган, башарият ўз ҳаётий тажрибалари орқали етишган барча тузумларни йўқ қилиши керак бўлган сиёсий бир тузум эмас.
Айни кунда, жаҳонда бирорта намунали исломий давлатнинг барпо этилмагани ҳам исломнинг бошқа барча тузумларни йўқотиб, ўрнига турмоқчи бўлган ўзгача бир зўравон сиёсий тузум бўла олмаслигини исбот этади.
Ислом динининг сиёсати ва асл моҳияти – ҳар қандай жамият бўлмасин, шу жамият аъзоларини худодан қўрқувчи, эртанги ҳисоб- китоб кунида қилган ҳар бир яхши- ёмон ишларига жавобгар эканига имони мустаҳкам, риёкорлик ва ёлғончиликдан, иккиюзламачиликдан холи, ён атрофига, яқинларига, эл юртига нафи тегадиган, ҳаммага фақат яхшиликни ирода қилиб турувчи, намунали инсонлар қилиб тарбиялашдир.
Зеро, аъзолари шундай тарбияда бўлган ҳар қандай сиёсий тузум гуллаб яшнаши, ривожланиши шубҳасиз.
Зотан, Аллоҳ таоло инсониятни жамоа, жамият бўлиб яшашини ирода этган.
Инсон боласи ўзи туғилиб ўсган, яшаётган жамияти олдида доимо қарздордир. Чунки у ҳали онасининг қорнидалигидаёқ жамият аъзолари ёрдамидан баҳраманд бўла бошлайди. Тиббиёт ходимларининг доимий назорати остида ой- куни етиб ёруғ дунёга келгач, бевосита ўзига кўрсатилажак ёрдамларни олади. Улғайган сари боғча, мактаб, институт даргоҳларида таълим-тарбия олади. Вояга етиб ишга яроқли бўлганида эса, уни ўстириб-улғайтирган, тарбиялаган шу жамият олдидаги қарзларини адо этиши унга вожиб бўлади.
Сарвари олам Пайғамбаримиз с.а.в нинг ”Аллоҳ олдида энг суюклироқларингиз – одамларга нафи тегадиганларингиздир” деган гапларининг маъноси ҳам шудир.
Қолаверса, юқорида айтиб ўтганимиздай Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида иймон келтириш ва яхши амал, яхшилик қилиш ёнма-ён уйғун ҳолда келгани ҳам ислом сиёсати айнан намунали яхши инсонларни тарбиялаш эканини билдиради.
Аъзолари тўғрисўз, инсофли, фидокор, маҳалла-кўйига, шаҳрига, юртига яхшилик қилишни мақсад қилиб яшаётган, риё ва кибру-ҳаводан холи инсонлардан иборат жамиятнинг ўз-ўзидан сиёсати ҳам, иқтисоди ҳам намунали ҳолга келиши шубҳасиз.
Юртимиздаги дин вакиллари, диний устозлар ҳам исломнинг шу жиҳатларига урғу бериб, намунали, кенгфеъл, фидойи, ватанпарвар инсонларни тарбиялаш йўлида тарғибот ва ташвиқот юргизсалар, жамиятимиздаги ғоявий бўшлиқни ислом эътиқоди билан бирга уйғунлашган ҳолдаги, юксак маданиятли инсонни шакллантириш ғояси билан банд этсалар жуда яхши натижаларга эришиш мумкин бўлар эди.
Диний эътиқодни восита қилиб, баландпарвоз шиорлар билан халқнинг ҳиссиётларини қўзғаб, ўз юртларида амалга ошира олмаган даъволарини бошқалар қўли, қони ва жонини қурбон қилиш эвазига амалга оширмоқчи бўлган шубҳали шахслар бир миллионлик бечора чечен халқини бирюз эллик миллионлик Россия давлатига қарши урушга қўзғагани ва беҳисоб мусибатларга сабаб бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Қанча-қанча беҳуда қурбонлар, етим қолган болалар, вайрон бўлган оилалар, бинолар, шаҳарлар, синган тақдирларнинг уволи кимни тутади?
Албатта келгинди “мужоҳидлар” учун бу нарсаларнинг аҳамияти йўқ. Улар ўз “ҳожалари” нинг топшириқларини бажариб, мўмайгина ҳақларини олиб, яна ўз юртларига, тинч хотиржам ўчоқларига қайтиб кетаверадилар.
Улар ҳеч қачон чечен халқининг манфаатини, юртининг энг илғор, энг обрўли фуқаролари бўлишларини ҳоҳлаган эмаслар. Зеро, ҳозирги замон илм-фан, ақл ва иқтидор замонидир.
Қолоқ юртлардан келган шубҳали одамлар ва шубҳали мафкуралар ҳеч қачон бизни илғорликка, кенгликка, юксакликка бошлай олмайди. Уларнинг баландпарвоз, ҳаёлий даъволарига, даъватларига ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз зарур!
20 асрда Европа икки бор, биринчи ва иккинчи жаҳон урушларини бошдан кечирди. Ҳар қандай даъволар билан бошланмасин, уруш-жанжал барча даҳшатли мусибатларнинг сабабчиси эканини, тараққиёт ва юксалиш иттифоқликда эканини аниқ англаб етдилар. Натижа ўлароқ Европа давлатлари, инсоният тарихида биринчи марта ихтиёрий равишда ўзаро чегараларни очиб ташлаб, буюк Европа иттифоқини туздилар.
Бундай ижобий ҳаракатнинг Яратганга ҳам мақбул ва гўзал амал экани шубҳасиздир.
Биз ҳам исломнинг асл моҳиятини, энг муҳим сиёсатини амалга оширган ҳолда, халқимиз қалбига чаласавод дин пешволари томонидан, ғирром услублар билан сингдириб юборилган нафрат-адоватларни, аламзадаликларни чиқариб ташлаб, унинг ўрнига исломнинг инсонпарварлик, ватанпарварлик, бағрикенглик ва фидоийлик таълимотларини сингдира олсак, тез кунда якдиллик, бирлик билан тинчлик-барқарорликка, ижтимоий ва иқтисодий юксакликка етиша оламиз, иншааллоҳ.
Дарвоқеъ, Пайғамбаримиз с.а.в исломнинг сиёсати ва асл моҳиятини қисқача баён қилиб шундай деган эдилар:
“Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим”.
Ривожланган мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий адолат, одамлари хулқидаги камтарлик, ростгўйлик, тўғриликни кўриб, ҳатто одамлари ёлғон гапириш нима эканлигини билмайдиган юртлар борлигини эшитиб, уларнинг қанчалар “мусулмонлашиб”, ислом юртларида эса одамларнинг рўза тутиб, намоз ўқиб туриб асл исломий ахлоқлардан нақадар узоқлашиб кетганларига хайрон қоласан киши…
Беихтиёр Аллоҳ таолонинг “Моун” сурасидаги етим-есир, фақир-мискинларга меҳрсиз, каззоб, риёкор, қизғанчиқ намозхонларга вайл дўзахи билан таҳдид килган оятлари ҳаёлингга келади…

 

ИСЛОМ ВА ЭҲСОН

 

Исломда асл эҳсон, яъни яхшилик қилиш, ўнг қўл берганини чап қўл билмай қоладиган даражадаги бериё, холис яхшилик, муҳтожларга ёрдам деганидир.
Афсуски, бугунги кундаги эҳсонлар аксар ўз кўрсатарга, кимўзарга, риёкорона маросимларгагина айланиб қолдики, бу ҳеч кимга сир эмас.
Дарҳақиқат, халқимиз орасида яхши ниятли, қўли очиқ, саҳоватли одамлар кўп. Улар халқ дардига малҳам бўлиш, муҳтожларга ёрдам бериш каби ишларни қилишдан қочмайдилар. Лекин бу борада самаралироқ бир услубларни билмаганликлари туфайли, халқ орасида урф бўлиб қолган, қорни катта чаламуллаларни чақириб риёкорона, дабдабали зиёфатлар уюштириш билан чегараланиб қолаётганлари кўпчиликни ташкил этади.
Хўш, ҳозирги замонавий дунёда бундай хайрия ишларни самаралироқ, эҳсонкор учун ҳам, муҳтожлар учун ҳам фойдалироқ тўғри йўналишга солишнинг кандай чоралари бор?
Бу хусусда ҳам ривожланган юртлар тажрибаларига назар солсак, хайрия ишлари жиддий, илмий асосларга биноан йўлга қўйилганини кўрамиз. Уларнинг иш услублари исломнинг бериё, холис ёрдам кўрсатиш талабларига тўла мувофиқ келадики, бу ҳам уларнинг тайёр тажрибаларидан фойдаланишимиз мумкинлигини ифодалайди.
Бундан ташқари бир мақсад, бир маслак йўлидаги инсонларнинг тарқоқ ҳиммат, малағ ва имкониятларини жамлаб, кенг кўламдаги режаларни, ҳаракатлар ва уринишларни биргаликда, самарали равишда амалга оширишлари учун ҳам маълум йўналишда иш олиб борувчи хайрия жамиятларининг имкониятлари беқиёсдир.
Айнан маълум бир соҳанинг ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқчи, кўмаклашмоқчи бўлган инсонларнинг тарқоқ ҳимматларини, ҳаракатларини тартибга солиб, самаралироқ натижаларга эришиш йўлида хайрия жамиятлари жуда яхши натижаларга эришганликлари ривожланган давлатлар тажрибаларида яққол исбот бўлгандир.
Биз ҳам ўз диёрларимизда ҳар хил йўналишдаги, халқ дардига, муҳтожларнинг эҳтиёжларига самарали ёрдам берувчи хайрия жамиятлари очишимиз, ўзимизнинг Аллоҳ йўлида қилажак эҳсонларимизни шу хайрия жамиятларига беришимиз, хайрия жамиятларининг ишларига кўмаклашишимиз зарур.
Зеро, бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлган умумий таълимни ривожлантириш, иқтидорли болаларга алоҳида эътибор кўрсатиш, рағбатлантириш, халқ савиясини ошириш, гўзал хулқли инсонларни тарбиялаш соҳасида фаолият кўрсатувчи хайрия жамиятлари фаолиятларига ёрдам қилиш зарур. Чунки халқимизнинг бугунги кунда шу нарсаларга бўлган эҳтиёжи ниҳоятда каттадир.
Ёшларимизнинг замонавий дунёдаги етук инсонлар бўлиб етишишлари, келажакнинг ҳақиқий эгалари бўлишлари, дунё халқлари орасида халқимиз обрўсини, шарафини, қудратини намойиш этишлари учун айнан илм-фан соҳасидаги ютуқлар ниҳоятда муҳимдир. Бунинг учун ҳалқимизнинг бор имкониятларини, ҳимматларини шу соҳага сафарбар этишлик бугунги куннинг талабидир.
Яратганга шукрлар бўлсинким, биз ер юзининг энг гўзал, серҳосил, ер ости ва усти бойликларига мўл, мўътадил иқлимли минтақаларида яшамоқдамиз. Фақат энди илм-фаннинг энг охирги ютуқларини эгаллаб, саноатни, энергетикани, юқори технологияни ривожлантирилса, юртимизда мавжуд барча хом ашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилса юртимиз тез кунларда жаҳоннинг энг обод, энг бой юртларига айланиши шубҳасиз…
Бундан ташқари бошқа йўналишлар бўйича фаолият юргизувчи хайрия жамиятлари очиш ва уларга ёрдамлар уюштириш мумкин. Табиий офат етган жойларга тез ва зарур ёрдамлар берувчи, ногиронларга кўмак берувчи, муҳтожларни қўлловчи, касб-ҳунарсизларга касб-ҳунар ўргатувчи, чекка қишлоқларга тоза сув етказишда фаолият кўрсатувчи ва бошқа барча хайрли ишларда, йўналишларда фаолият кўрсатувчи хайрия жамиятлари очиш ва ёрдам бериш ҳақиқий исломий эҳсондир.
Ўрганиб қолинган, риёкорона, дабдабали маросимлардан воз кечиш ва унинг ўрнига беҳуда совурилаётган бу беҳисоб маблағларни ҳақиқий эҳсон бўлиши учун бериё, холис ўринларга сарфлаш вақти етди.
Албаттта, ҳар қандай янгиликка шубҳа билан қарашга одатланган баъзи одамлар бу хайрия жамиятлари ҳақида шубҳа билдиришлари мумкин. Лекин жаҳоннинг илғор тажрибаларига суяниш ва яхши инсонлар борлигига, яхшилик дунёни обод қилишига, қутқаришига ишонч билан яшаш, ҳаракат қилиш лозим.
Ора-сира учрайдиган қаллоблар сабаб ҳаммага шубҳа билан қараш, шубҳа уйғотиш тўғри эмас.
Агар халқимиз орасида саҳоват ва меҳмондўстлик рамзи сифатида қилинаётган риёкорона, на охират учун ва на дунёимиз учун фойдаси бўлмаган дабдабали маросимларга сарфланаётган беҳисоб маблағларнинг ҳеч бўлмаса ярми холис, беғараз хайрия ишларига сарфланганда эди, халқимизнинг маънавий ва моддий ҳолати анчагина ўнгланган, халқ орасидаги иттифоқлик, бирдамлик, ўзаро муносабат яхшиланган бўлар эди.
Албатта бу фикрлар янгилик эмас. Кўпчиликнинг онгидаги, кўнглидаги гаплар. Фақат бу режаларни амалга оширишга астойдил уринишимиз, ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки биз ўзимиз ҳаракат қилмас эканмиз бу ишлар ўз-ўзидан ҳеч қачон амалга ошиб қолмайди.
Зеро, Аллоҳ таоло -“Албатта Аллоҳ ўзлари ўзгартирмагунларича қавмнинг бирор нарсасини ўзгартирмайди”- деб дунёдаги барча ишларни ўзимизнинг ҳаракатимизга, уринишимизга ҳавола қилгандир.

 

ИСЛОМ ВА АМАЛЛАР

 

Инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун иймоннинг тасдиқи ўлароқ бажариладиган барча иш ҳаракатлар-амаллар деб аталади.
Амаллар икки турли бўлиб биринчиси диний ибодатларга оид амаллардир.Булар ислом динининг асосий рукнлари бўлиб иймон, намоз, рўза, закот ва хаждан иборат.
Ушбу амаллар ҳақида жуда кўп китоблар таълиф этилган бўлиб барча ислом уламоларининг асосий эътиборлари ва иҳтимомлари шу нарсага қаратилган.Диний илм деганда айни шу ибодатларга оид масалаларни чуқур ўрганиш тушунилади.
Асли бу ибодатлар банданинг ўз Яратувчиси олдидаги қарзлари, фарзлари бўлиб банда билан Яратувчиси ўртасидаги алоқа ва амонатдир.
Бинобарин, банданинг бу амалларини баҳолаш, зиёда ва камчиликларини кечиб юбориш Аллоҳ таолонинг раҳматига, марҳаматига боғлиқ иш.
Уламоларимиз бу ибодатлар ва уларга оид масалаларга жуда катта эътибор берадилар.
Баъзи муфассирлар Қуръони каримнинг жуда кўп жойида уйғун ҳолда келган иймон ва амали солиҳ ҳақидаги оятлардаги солиҳ (яхшилик) амаллардан мурод фарз ибодатлардир деб тафсир қилганлар.
Дарҳақиқат, бу амалларнинг аҳамияти жуда муҳимдир.
Бироқ, Қуръони каримда инсонларнинг ўзаро алоқаларига, исломий жамият ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга оид жуда кўп муҳим оятлар, кўрсатмалар ҳам нозил қилинган. Бу оятларда Аллоҳ таоло банданинг бандалар олдидаги, жамият олдидаги ҳақлари ва вазифаларига оид кўрсатмаларни, амалларни баён этган.
Булар иккинчи тур амаллар бўлиб халқнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётларига оид амаллардир.
Бу амалларнинг аҳамияти ва ғоят муҳимлигини Пайғамбаримиз (c.а.в) ва буюк алломаларимизнинг барчалари таъкидлаб ўтганлар.
Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан банданинг ибодатлардаги камчиликларини кечиши мумкин. Лекин банданинг банда ёки жамият олдидаги ҳақларини то шу ҳақдорлар ўзлари кечмагунларича Аллоҳ таоло кечмаслиги ҳақидаги хабарлар бу амалларнинг нақадар муҳимлигини англатади…
Аксар аҳолиси мусулмон бўлган исломий давлатлар орасидаги парокандалик, ўзаро ягона маслак ва ҳаракатларнинг йўқлиги, мусулмонлар ҳаркатларидаги тарқоқлик, бошбошдоқлик ва нотайинликнинг асл сабабларидан бири ишлар ва амалларнинг ўрнини, аҳамиятини билмаганликларидандир.
Тўғри, диний ибодатларга хос амалларнинг мартабалари китобларда аниқ белгилаб қўйилган ва улар дахлсиз ва ўзгаришни қабул қилмайдилар.
Аммо мусулмонларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолиятларига оид ҳукмлар ва амалларнинг аҳамиятлари ҳамда мартабалари замон ва макон тақозосига мувофиқ ўзгариб туриши табиий ҳол.
Зеро, ислом уламоларининг асосий вазифалари ҳам айнан шу соҳаларда бугунги кун талабига мос, энг долзарб вазифаларни аниқлаб, асослаб кўрсатиб бериш йўли билан халқнинг маънавий-ижтимоий аҳволини ўнглашга йўл кўрсатиш, ҳаракат қилишдир.
Мусулмонларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги мавжуд муаммоларга ҳушёрлик билан қараб унинг сабабларини ўрганиш ҳамда бу муаммоларни бартараф этиш йўлида қилиш керак бўлган энг зарур ишларни, амалларни аниқлаб бериш ва айни дамда нозарур мавзулардан одамларни қайтариш ҳақиқий пайғамбарлар меросхўрлари бўлган уламоларнинг вазифаларидир.
Сир эмаски, бугунги кунда ислом юртларида ўз ечимини кутиб ётган жуда кўп ижтимоий-иқтисодий муаммолар қалашиб ётибди.
Шунга қарамай аксар бир тарафлама таълим олган, воқеъликка мувофиқ иш кўришга онги, заковати етмаётган ислом уламолари мавжуд муаммоларни негадир четлаб ўтмоқдалар. Ўзларининг ожизликларини, ноқобилликларини яширган ҳолда фақат ибодатларга хос амаллар ва ҳукмлар ҳақида тинимсиз даъватлар, мавъизалар қилмоқдалар.
Ваҳоланки ислом умматини мавжуд ижтимоий-иқтисодий таназзулдан чиқариш куннинг энг долзарб вазифаси экани ҳеч кимга сир эмас.
Шундай экан уламоларимиз Қуръони каримнинг кўрсатмалари ва Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг суннатларига мувофиқ шу энг долзарб муаммоларни олдинги ўринга қўйишлари ва шу муаммоларни ечими ҳақида тинимсиз иш-ҳаракатлар, даъват ва мавъизалар қилишлари зарур.
Давр, замон ва макон талабларига мувофиқ баъзи амаллар бирламчи ўринга чиқиши, баъзилари эса кейинги ўринга тушиши табиий.
Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг бир хил саволга ҳар хил жавоблар берганларининг ҳикмати ҳам айнан ҳолат тақозосига мувофиқ амал қилишнинг аҳамиятини билдиради.
Айни кунда ислом юртларидаги, мусулмонлар ахлоқидаги нуқсон ва камчиликларни тақрибан шундай тартибда тизмалаш мумкин.
1. Бирлик ва иттифоқнинг йўқлиги
2. Моҳиятни ташлаб шаклпарастлик ва риёкорликка берилиш
3. Дунёқарашнинг торлиги ва бир тарафламалик
4. Дунёвий илм-фанга тарғиботнинг йўқлиги ёки пастлиги
5. Инсоннинг ҳурмати, ҳуқукларининг ҳурматини пастлиги
6. Ўзаро бағрикенгликка, фикр ва сўз эркинлигига тоқатсизлик
7. Такфир-бир-бирларини асоссиз куфр ва муртадликда айблаш
8. Тажассус-жосуслик, бир-бирини текширишга ружу қўйилгани, ғийбат ва гумонга берилиш
9. Таовун-ўзаро ёрдамлашишнинг йўқлиги
10. Адолатсизлик, ёлғончилик ва хиёнатнинг кўпайгани
11. Кибру-ҳавони кўпайгани

Ер юзида ўзининг олижаноблиги, юксак маданияти билан бутун дунёга ўрнак бўладиган “Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат”ни шакллантириш учун мусулмонлар жамиятида ўрнашиб қолган ушбу камчиликларни бартараф этиш куннинг энг долзарб вазифаси эмасми?
Бу тизмадаги муаммоларнинг ҳар бирини муолажа қилиш ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар, кўрсатмалар нозил қилинганини аҳли илм уламоларимиз жуда яхши биладилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам Аллоҳнинг шу кўрсатмаларини изчил равишда қавми онгига, тушунчасига сингдириш ва татбиқ этиш эвазига намунали, юксак жамиятни барпо этгани барчага маълум.
Айни шу долзарб мавзуълардан кўз юмиш, четлаб ўтиш, бутун диққат эътиборни асосан ибодат масалаларига қаратиш туфайли ҳам динимиз ижтимоий ҳаётда деярли таъсири йўқ, меҳроб ва масжид динига айланиб қолмадимикан?
Зеро, зикру-ибодатлар ҳам айнан мукаммал инсонни, мукаммал жамиятни тарбиялаш воситаси ўлароқ вожиб қилинган эмасми?
Зотан, Аллоҳ таоло банданинг бирор нарсасига муҳтож эмас.
Бандаларга буюрган, улардан талаб қилган барча амаллар ва вазифалар фақат шу бандаларнинг ўзлари ва жамиятлари учун фойдали ва зарур амаллардир.
Демак, ўзларини пайғамбарлар меросхўрлари деб ҳисоблаётган уламоларимизнинг ҳар бирлари ўзларига берилган ҳар бир қулай фурсатдан бирламчи навбатда мана шу долзарб мавзуларни муолажа этиш учун фойдаланишлари зарур эмасми?
Бинобарин, халқимиз бугунги кунда айнан зарурни нозарурдан, муҳимни номуҳимдан ажратиб, халқимиз ахлоқидаги мазкур нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш йўлида ҳаракат қилувчи уламоларга муҳтождир.
Халқимизни ижтимоий-иқтисодий қолоқликдан чиқариш йўлидаги ушбу долзарб мавзуълардан чалғитувчи мавъизалару-дарслардан ҳеч қандай фойда йўқ.
“Фойдасиз илмдан ўзинг асра” деган дуонинг моҳиятини тушуна олмаган баъзи ҳурматли уламоларимиз афсуски ўз тобеълари ва эшитувчиларининг қимматли вақтларини, эътиборларини майда масалалар билан банд этиб уларни майдакаш ва шаклпараст мусулмонларга айлантириб қўймоқдалар.
Бор иймону-ихлослари масжид деворлари ичидагина қолиб кетаётган, кундалик ҳаётларида жоҳиллик, худбинлик, риёкорлик, ноинсофлик ва иккиюзламачилик каби иллатлардан қутула олмаётган умматнинг ахлоқига жавобгарликни унутмаслигимиз лозим.
Айтиш мумкинки, диннинг энг муҳим фарз бўлган амаллари ҳам аслида инсонни бунданда муҳимроқ бўлган кундалик ҳаёт ибодатига тайёрлаш учун вожиб қилингандир. Яъни ўз гарданидаги барча ибодатларни бажараётган инсон кундалик ижтимоий ҳаётида, жамиятнинг барча аъзолари билан бўлган алоқаларида энг олийжаноб ва мукаммал, етук инсон бўлиши шартдир.
Акс ҳолда, модомики инсон кундалик воқеъ ҳаётида инсонпарвар, ростгўй, холис, саҳоватли, мукаммал инсонга айланмас экан унинг иймонини ва ибодатларини беҳуда эканини Азиз ва Ҳаким Зот “Моун” сурасида кескин ифода этади:
-“Динни ёлғон деювчини кўринг, у етимни (ёрдамсиз) тарк этади, мискинга таом беришга чақирмайди. Намозларидан ғафлатда бўлган намозхонларга “вайл” дўзахи бўлсин. Улар риёкорлардир ва улар моунни (қизғаниш мумкин бўлмаган нарсаларни) манъ қиладилар ( қизғанадилар )”-.
Демак, модомики ўқиётган намози кишини хайрия ишларни қилишга ундамас экан, у – динда ёлғончи, риёкордир. Намозининг таъсиридан ғофил, риёкор, қизғанчиқ бундай инсонларга Аллоҳ таоло – “вайл” дўзахи билан таҳдид қилмоқда…
“Вайл” дўзахи дўзахларнинг энг чуқури, ёмони ва даҳшатлисидир. Ҳаттоки бошқа дўзахлар унга тушиб қолишдан Аллоҳдан тинмай паноҳ сўраб турадилар.
Азиз диндош биродарлар, Аллоҳ таоло бу қатъий оятларида мусулмончилиги фақат масжиду-меҳроблардагина, ибодатлардагина намоён бўладиган, ўз ахлоқларини, амалларини, дунёқарашларини ҳақиқий юксак исломий таълимотларга мувофиқ ўнглашни эътиборсиз ташлаб қўйган иккиюзламачи мусулмонларни огоҳлантирмаяптими?
Ваҳоланки биз ислом ва мусулмонларнинг афзалликлари, фазилатлари ҳақида ҳар қанча оғиз кўпиртириб, мақтаниб гапирмайлик, агар мусулмонларимиз воқеъ ҳаётларида ўнгланиб, ўрнак бўларли фазилатларга эга бўлмас эканлар, даъволаримиз қуруқ сафсата бўлиб қолаверади.
Афсуски, аксар уламоларимиз халқнинг ижтимоий, маънавий аҳволидан Аллоҳ таоло олдидаги ўз масъулликларини англамайдилар. Динни гўё фақат ибодатлар, қироат ва дуолар билангина чегаралангандек тушунадилар ва тушунтирадилар.
Дарвоқеъ мана шундай калтабин уламоларимизнинг майдонни эгаллаб, фақат бирёқлама ҳаракатлари туфайли ҳам гарчи масжидлар намозхонларга тўла бўлса ҳам халқ ичида жоҳиллик, риёкорлик, жосуслик ва бадгумонлик каби иллатларнинг камаяётгани сезилмайди.
Ҳамма нарсадан хабардор бўлатуриб динни тирикчилик ва обрў воситаси қилиб олган, асосий амаллари кераксиз масалалар билан халқни чалғитиб, аллалаб ухлатиш бўлаётган уламоларимизни қандай тушуниш мумкин.
Ваҳоланки, уламоларимиз ҳозиқ табиб сингари бемор жамиятнинг томирини ушлаб, зийраклик ва ҳушёрлик билан ташхис қўйиб, керакли миқдорда, керакли дориларни беришлари лозим эмасми?
Акс ҳолда, шубҳали таомлардан ўзларини тиёлмай, семириб, томирнинг уришини сезувчи туйғулари ўтмаслашган табибларнинг нўноқлиги туфайли бемор жамиятимизнинг аҳволи кундан кунга бунданда бадтар бўлиши мумкин.,
Демак, жамиятнинг соғломлигини, эртанги кунини, ёрқин келажагини таъминлаш учун биз аввало ҳушёр ва зийрак, ўз вазифаси ва масъулиятини англаган, диннинг шаклинигина эмас моҳиятини ҳам чуқур тушунган, камтар ва умматга меҳрибон ҳозиқ табибларни етиштириб чиқаришимиз зарур.
Оёғи синган беморга бош оғриқ дори, ичи кетаётганга қулоқ оғриқ дори бериб яна ўз билимдонлигини кўрсатиш учун қулоқни қоматга келтириб табоботдан тинмай дарс айтиб сафсата сотаётган табибларнинг баҳридан ўтиш вақти етмадимикан?
Бемор жамиятимизнинг касалини билиб туриб, керакли дориларни бериб даволаш ўрнига, онгли равишда, беморнинг сезгиларини карахт қилувчи дорилар билан ухлатиб қимматли вақт ва имкониятларни зое кеткизаётган уламоларимизнинг қилаётган амалларини қандай оқлаш мумкин?!!

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn