Танишинг: Тожикистонлик истеъдодли шоир Муҳаммад Суюн

stixiСуюнбой Тилабов (Муҳаммад Суюн) 1959-йил Панжакент ноҳиясида туғилган. 1978- йил ноҳиядаги педагогика билим юртини, 1982- йилда ЛДПИ (ҳозирги ХДУ) нинг тарих-филология факултети ўзбек тили ва адабиёти бўлимини тугатган. Шундан сўнг «Ҳақиқати Ленинабод», «Ленинабод Ҳақиқати» ва «Қадрият» рўзномаларида ишлади. Айни пайтда академик Бобожон Ғафуров номидаги ХДУ ўзбек филологияси факултетида дотсент вазифасида ишламоқда. Унинг илк шеърий тўплами «Хаёлимда бир қиз яшайди» 1996- йил Раҳим Жалил номидаги давлат нашриётида чоп этилган. «Ишқ қасри» (2002) коллектив тўпламига «Сени эслаб» номли туркум шеърлари киритилган. «Настарин ифори» шеърий тўплами эса 2007- йилда нашр этилди.
Тожикистон журналистлар уюшмаси аъзоси, Тожикистон матбуоти аълочиси нишондори.

* * *

Ёнар юлдуз, порлагай юлдуз,
Оқшом чоғи кўкнинг тоқида.
Висолига етолмай ҳануз,
Мен телбаман, далли гоҳида.

Бирам тиниқ сочган нурлари,
Мудроқ қалбда уйғотар ҳавас.
Гўзал мисли жаннат гуллари,
Фариштадан, фаришта нафас.

Бўлса ҳамки мендан йироқда,
Хаёлимдан кетмас суврати.
Унинг эса қиё боқмоққа
Топилмайди, етмас фурсати.

Нечун унда суйибман дилдан,
Гарчи сенга етмайди қўлим.
Ё, хабаринг йўқмиди бундан,
Эй, оқ гулим, эй, оппоқ гулим.

***

Олдимизда кунлар турибди,
Ойли, ойсиз тунлар турибди,
Саф тортишиб йиллар турибди,
Учрашамиз бир куни, жоним.

Висолингга интилдим тинмай,
Парво қилиб ва парво қилмай,
Ишонаман мен билиб – билмай,
Учрашамиз бир куни, жоним.

Шошилмайлик, ҳали вақт эрта,
Сувлар оқиб ўтсин кўп марта,
Ой, йилларни қолдириб ортда,
Учрашамиз бир куни, жоним.

Қалбларимиз бўлиб лахта хун,
Соҳилларда судралиб беун,
Бошқа қайтиб учрашмаслик-чун,
Учрашамиз бир куни, жоним.

* * *

Учрашдик нимаю учрашмадик не?
Фақат ғамгин куйни куйласа созлар.
Ёмғирда занглаган ўтмас пичоқдек,
Қалбни тимдаласа бекорчи нозлар.

Бундайин даҳмаза кимга ҳам керак,
Ҳатто дийдор бизни турмаса боғлаб.
Изтиробда кечса ўтган кунларинг,
Беҳуда қийналиб, беҳуда қийнаб.

Балки сенга ёқар турфа ўйинлар,
Менинг эса бунга етмас имконим.
Қисматга айланган бўлса, агар ишқ,
Афсуски, ер қаттиқ баланд осмоним.

Яна нима дейин сенга билмадим,
Бу саркаш туйғулар ўзингга аён.
Сени тинч қўймайди, мени тинч қўймас,
Ё севги ўтида гулхан каби ён.

* * *

Ўша куни қор ёғди майин
Шоҳ кўчага чиқдик иккимиз.
Нима қилай, нима қилайин,
Келмас эди қайтиб кетгимиз.

Атроф эди оппоқ, фусункор
Кўринмасди ҳатто йўловчи.
Фақатгина иккимиз эдик
Ишқ қўшиғин айтиб, тингловчи.

Аста – аста қўярдик қадам,
Қор устида қолдириб излар
Ўйлаб кўрсам энди ўшал дам
Энг бахтиёр биз эдик, бизлар…

Бугун яна ёғаяпти қор,
Қолиб кетди биз босган излар.
Энди менмас сен бошқага ёр,
Кўчадамиз шунчаки бизлар.

****

ВАТАН ТАНИЙ, ЗАМИН, ЭЛ ТАНИЙ…

Йўллар мени чорлади яна,
Сафар тўни елкамга қўнди.
Менга дуо, ўзингга, она,
Сабр-чидам тилаб тур энди.

Гарчи уйдан узилмоқ қийин,
Отланаман йўлга эртароқ.
Аро йўлда қолмай бетайин,
Борар жойим манзилим йироқ.

Кўз олдимдан ўтар бирма-бир,
Яшалмаган, яшалган кунлар.
Юрагимни тортади ахир,
Олис ўлка, нотаниш эллар.

Мусофирлик, кўп оғир, зилдай,
Лекин таъмин татимоқ бошқа.
Ўзга юртдан бир боқиб кўрай,
Болалигим кечган қишлоққа.

Ватан таний, замин, эл таний,
Хавотирлик чекма, онажон.
Бўлсам дейман матлабим оддий,
Ўз халқимни севолган инсон.

СУВ НАВБАТИ

Ярим кеча,
Ёзнинг иссиқ шамоли эсар.
Шўх ариқча,
Бўйларида ой–аёл кезар.
Қўлда чироқ,
Ўғилчаси суянган тоғи.
Элтиб мудроқ,
Тор йўлларда суринар гоҳи.
Неча марта,
Кўриб қайтди қулоқлар бекам.
Босиб шартта,
Тойчоғини бағрига маҳкам.
Бир чеккада,
Тирсагига хиёл суяниб.
Тунд кечада,
Қолди аёл узоқ ўйланиб.
Тугар азоб,
Зор кутгани қайтса қишлоққа…
Оқар шитоб,
Сув қўшиғи ёқар қулоққа.
Уйқу ғафлат,
Хаёл билан кўзи илинди.
Ўша фурсат,
Бир ғаламис нотинч кўқринди.
Сув йўлини,
Ўз ҳовлиси томон тўғрилаб,
Бир шўрликнинг,
Навбатини олди ўғирлаб.
Кўрган ҳамон,
Юлдузлар ҳам кўкда лол қолди.
Сўнг ул илон,
Тун қўйнига кириб йўқолди.

…Она мудрар,
Чарчоқ енгиб синиқ эслайди.
Бола ухлар,
Тушларида тулпор кишнайди.

* * *

Вақт карвони тўхтамай елар,
Пардаларин туширади тун.
Бир асотир сўзлагим келар,
Ишқ ҳақида узундан-узун.

Сўзларимни тинглагин секин,
Май гулининг бўйларини туй.
Баҳор чоғи қирларда эпкин,
Ўпган гуллар шаробидан қуй.

Кўзларимга тикилгин кейин,
Юрагимга айлагин савол.
Нима учун ҳижрон ғолибу
Дегин, нечун муҳаббат увол?

Нима учун ғам кўп, алам мўл,
Ва уларнинг келиши осон.
Нима учун ҳамон топмас йўл,
Тушунмайди инсонни инсон.

Яралишдан бу кўҳна дунё,
Шу саволлар қаршисида лол.
Балки жавоб топмасман оё,
Бор умримни сарфлаб эҳтимол.

Шундай экан ғаму аламни,
Унутгину келгин яқинроқ.
Шод этайин сендек санамни,
Қўй, кулбангга бўлай шамчироқ.

ЁМҒИР ЁҒАР

Ёмғир ёғар, ёғар ёмғир,
Оқар дарё, тошар дарё.
Ёмғирларга боқмоқ оғир,
Томчиларда яшар дунё.

Ёмғир эди ўша тунда,
Ёмғирларда қололмадик.
Ногоҳ ҳижрон тушди шунда,
Гулхан бўлиб ёнолмадик.

Эснатади мени ёмғир,
Дийдаларим тортар маъюс.
Эслатади сени ёмғир,
Юрак тўлар, ортар афсус.

Ҳаёт ҳам бир тегирмону
Навбатдан сўнг навбат келар.
Балки сен деб ўтарману
Ёмғир эса ёғаверар…

Шиғалайди, қуяр ёмғир,
Ёмғирларда қололмадик.
Ишқимизга куяр ёмғир,
Ёмғир бўлиб ёғолмадик.

БИЗ УЧРАШДИК

Биз учрашдик…
Биламиз бу кун,
Ёдимиздан чиқмас ҳеч қачон.
Ширин, гўзал, лаҳзалар беун,
Тиниқ эди феруза осмон.

Биз учрашдик…
Туташди йўллар,
Термулишга топилди имкон.
Шивирлашдан уйғонди еллар,
Ҳаяжондан титради райҳон.

Биз учрашдик…
Гўё афсона,
Бир-бирини тушунди диллар.
Соҳир ҳисдан олам мастона,
Мастонадир фараҳбахш гуллар.

Биз учрашдик…
Ариқдаги сув,
Шалолага, айланди куйга.
Сиймин борлиқ шунчалар сулув
Тўлиб кетди муаттар бўйга.

Биз учрашдик…
Билмадик шу кун,
Қараб қўйди дарчадан ҳижрон,
Алангага айланди учқун.
Хиралашди феруза осмон.

Биз учрашдик…
Соҳил ўнгу сўл,
Бирин танла, қилгин ихтиёр.
Соҳилларга етакловчи йўл,
Кутаяпти бизни интизор…

Биз учрашдик…

МЕН ЎШАМАН

Бир куни ёдингга тушаман,
Cувратим излайсан шошилиб.
У сўзлар: «Мен ҳамон ўшаман,
Йиғлагин бўйнимга осилиб.

Йиғласанг сен енгил тортасан,
Олислаб кетасан дардлардан.
Йиғласанг ёғдуга ботасан,
Мусаффо бўласан гардлардан.

Ёришиб кетади ўйларинг,
Ва қулоқ тутасан юракка.
Муродга элтади йўлларинг,
Айланиб қолмайсан эрмакка.

Қайтадан уйғонар қонингда,
Мудраган муҳаббат ёлқини.
Билиб қўй энг қийин онингда,
Шу олов асрайди бир куни.

Бир куни ёдингга тушаман,
Ахир мен Суюнман, ўшаман.

Ишқим ТУШДИ

Ишқим тушди бир малакка,
Тушди меҳру ҳавасим.
Тўлғонаман сўз демакка,
Етмас сира нафасим.

Шундай гўзал, сувдай гўзал,
Асир этар шўх кулиб.
Нигоҳларим тушган маҳал,
Лол қоламан термулиб.

Яратганнинг мўъжизаси,
Менинг учун маъбуда.
Сиғинмасам, топинмасам,
Умрим ўтар беҳуда.

Қани энди сажда қилсам,
Бажо бўлса ҳавасим.
Шу гўзалнинг юзларига
Тегиб ётса нафасим.

МУҲАММАД СУЮН

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn