Юсуф Расул: Мансуралар

yr1

Ўзликдан қочиш

Одамлар ўзларидан қочиш учун динларга интиладилар.

Дин – ўзликни унутиш учун бир восита .

Бу жафокор дунёдан ўз қалбларини соғ- омон олиб ўтиш учун, улар шундай қилишга мажбурдирлар.

Маънисизлик …

Жазирама қуёш тиғларидан қочиб, соя – салқин жойларни излаб юрган саҳройи пайғамбарлар нималарни орзу қилишган эди?

Қуддус деворлари ортида оловда ёнаётган мурдалар бизга нималарни эслатади!?.

Жаннат ва жаҳаннам ҳақидаги афсоналар қаердан келиб чиққан?

Инсонлар келган жойларига қайтиш учун йўл изламоқдалар.

Бироқ, қалбларини босиб олган зулмат ичида “йилт” этган нур кўринмайди.

 

Ёмон одамлар

 

Улар бадфеъл, қўпол, жиззаки ва сотқин одамларми?
Улар қотиллар, жиноятчиларми?

Биз ёмон деб билган бу одамлар, аслида, ёмон эмас.
Биз яхши деб ўйлаб юрганлар, аслида, яхши инсонлар эмасдир.

Бизни кўзимизга ёмон бўлиб кўринганлар, ўз асл моҳиятларини уялмасдан, ошкора кўрсата олган, мард кишилардир. Улар ўзларини кимликларини қўрқмасдан фош этадилар.

Улар алдайдилар, ўз дўстларини сотадилар, хиёнат қиладилар. Бу билан ҳар бир инсонга хос бўлган иккиюзламачиликни, риёкорликни ошкора намойиш қиладилар.

Улар одам ўлдирадилар, қон тўкадилар, жиноят қиладилар. Бу билан одамлар ҳар қандай ёвуз махлуқдан кам эмаслигини очиқча кўрсатадилар.

Инсон ўз моҳияти билан ёвузликка алоқадор эканлигини қўрқмасдан ифодалаш, бу жасоратнинг ўзи-ку!

Ким уларни ёмон одамлар дейди?

Аслида, ёмон одамлар ёмон эмас, улар ҳамма ҳавас қилса арзийдиган жасур инсонлардир.

Биз яхши деб билганлар эса, ўз қалбларидаги ёвузликни қўрқоқларча, иккиюзламачилик қилиб, бошқалар кўзидан яширишга зўр бериб уруниб келадилар.
.
Яхши одамларга баъзилар ҳавас билан қараши мумкин. Лекин атрофдагилар қалбида уларга нисбатан ҳурмат эмас, балки ачиниш туйғулари устувор эканлиги ҳар лаҳзада сезилиб туради.

Яхши одамлар ўзларининг феъл – атворларидаги яхши томонларини бошқаларга кўз- кўз қилишар экан, уларнинг қалбларида муқим яшаётган ёвузликлар, худди қоронғу уй ичида яшириниб олган қора сиртлондек, ҳар дақиқада сизга ташланишга шай бўлиб туради.

 

Итларнинг ҳуқуқи

 

Дўстим, сен итларнинг ҳуқуқлари ҳақида гапирасан. Мен эса сенга инсонларнинг ҳақ – ҳуқуқлари мунтазам поймол этиладиган давлатлар борлиги ҳақида гапирсам, пинак ҳам бузмайсан-ку!

”Бу биз учун муҳим эмас, ҳуқуқлари бузилаётган бўлса ўша жойда яшаётган одамлар ўзлари курашиб, бу ҳуқуқни қўлга киритишлари керак. Биз эса итларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаймиз, чунки итлар ўз ҳақлари учун кураша олмайдилар!” деб туриб оласан.

Қайдан ҳам шу митти ”вов -вов”ни сотиб олдим. Бир ойдирки бошим ғалвадан чиқмайди. Сал узоқроқ ”вовуллаб” қолса, полиция югуриб келиб, ”Сен итингга қарамас экан. Уни кунига икки марта сайр қилдириш керак. Егулигидан доимо хабар олиб туриш керак. Бекорга ғингшиб ётмагандурки, қўшниларинг бизга телефон қилишаяпти” деб ҳоли жонимга қўймайди.

”Жаноб, бу ит ўзи шунақа чиқди. Тинмай ҳургани ҳурган. Кўзига жин- ажиналар кўринса керак-да… Бекорга безовта бўлмаяпти..”, десам, ”Бунақа баҳонанг бизга кетмайди. Итингга яхшилаб қара! Шампунлаб чўмилтир! Овқатини вақтида бер! Сайр қилдир! Швецияда итларнинг ҳам ҳуқуқлари борлигини унутма. Бу ҳуқуқларни бузсанг, жавобгарликка тортиласан! Эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилинишинг мумкин”, дейди.

Сен менга итларнинг ҳуқуқлари ҳақида гапирасан. Мен эса ўз юртимда инсонларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиши ҳақида ўйлайман. Кунига тўйиб овқат емайдиган гўдаклар кўз олдимга келади. Қашшоқлик ва етишмовчиликдан ўзга юртларда сарсон бўлиб юрган юртдошларим ёдимга тушади. Ночорликдан ўзига ўт қўяётган аёллар ҳақида ўйласам ўзимни қўярга жой топа олмайман.

”Улар ўз ҳақ -ҳуқуқлари учун курашишни билишлари керак. Ахир сени юртингдаги одамларнинг тили бор, онги, тафаккури бор. Итлар эса ўз ҳақ- ҳуқуқлари учун кураша олмайдилар. Улар забонсиз ва саводсиз”, дейсан.

”Бўлди, бас қил бу дийдиёнгни. Мен сенга инсонлар ҳуқуқи ҳақида гапираяпман. Сен эса итларнинг ҳам ҳуқуқлари бор деб бошимни қотирасан! Сенга ит керак бўлса мана, ол, мени эса тинчимга қўй!”

Шундай дея полиция ходимини уйимдан ҳайдаб юбордим…

 

 

”Муҳим” масала

 

Буларнинг қиладиган иши йўқми? Катта бир мамлакат парламенти депутатлари балоғат ёшига етмаган қизларнинг неча ёшдан жинсий алоқага киришишлари мумкинлиги ҳақида баҳслашиб ўтиришибди.

”Олдинги қонунларимизда қизлар ўн беш ёшдан жинсий алоқага киришишлари мумкинлиги ҳақида ёзилган эди. Мен энди ўн тўрт ёшни таклиф қиламан. Чунки, бу ёшда улар айни етилган бўлади. Тиббиёт ходимлари ҳам буни тасдиқлашди”, деди семиз бир депутат хоним.

Наҳотки бу нозик масалани бутун мамлакат кўрадиган марказий телевидения орқали очиқдан – очиқ муҳокама қилишса! Уят эмасми? Ахир инсонлар ўртасидаги нозик муносабатлар никоҳдан кейин амалга оширилиши лозимлиги Худонинг китобларида ёзиб қўйилган-ку! Булар муқаддас китобларни, илоҳий қонунларни тан олишмайдими?

Депутатлар эса бу ”муҳим масала”ни муҳокама қилишда давом этишар эди.

Улардан бири қўшимча қилиб, шундай деб қолди: ”Қиз болаларга ўн тўрт ёшни белгилаб олдик. Ўғил болалар ўн беш ёшдан жинсий ҳаётни бошлашлари мумкинлигини қонуний қилиб қўяйлик унда! Чунки, эркаклар аёлларга қараганда сал кечроқ етилади. Лекин узоқроқ яшашади…” деди бўйи узун, малласоч бу халқ вакили. (Кўринишидан у эркак киши эди).

Ҳамма депутатлар бир овоздан уни таклифини қўллаб -қувватлашди.

Шундай қилиб, янги йилдан бошлаб қизлар 14 ёшдан, ўғил болалар эса 15 ёшдан бемалол жинсий алоқа билан шуғулланишлари қонунлаштириб олинди.

Демократия деганлари шу экан-да! Очиқ муҳокама. Яширин сир йўқ. Ҳаё, ибо деган нарсаларни гапирсангиз сизга ажабланиб қарашлари турган гап.

Орқа ўриндиқлардан бирида ўтирган жиккакина аёл ўрнидан туриб, минбарга кўтарила бошлади-ку. У нима ҳақда гапирар экан?

”Жаноблар! Мен аёллар клиникасида ишлайман. Балоғатга етмаган қизларнинг саксон фоизга яқини ўн тўрт ёшга етмасдан ҳомиладор бўлиб қолишаяпти. Аборт қилдиргани келаётганларнинг аксарияти 11 ёшлилар. Бу масалани ҳам ўйлаб кўриш керак шекилли…”

Бу воқеалар Швецияда содир бўлаётган эди… Баҳс давомини кўрмаслик учун секин телевизорни ўчириб қўйдим…

 

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn