15 июнь – таниқли адиб Назар Эшонқул туғилган кун!

nazar akaНазар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ва бошқа асарлари нашр этилган. «Гўрўғли» романининг журнал варианти эълн қилинган. Хуан Карлос. Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

НАЗАР ЭШОНҚУЛ БИЛАН ИККИ СУҲБАТ

САНЪАТ ҚАЛБ ВА РУҲНИ ҚУТҚАРАДИ

Ёзувчининг ижодий контсепцияси кўпроқ нималарда акс этади. Унинг қаҳрамонлари табиатидами ёхуд адибнинг тасвир усулларида? “Сариқ матбуот” эълон қилаётган сохта асарлар ҳақиқий санъат асарларини баҳолаш мезонларига таъсир кўрсатмаяптими? Бу саволлар адабиёт мухлислари билан бирга адабиётчилару адибларнинг ўзларини ҳам ўйлантириши табиий. Олий Адабиёт курси битирувчиси Эътибор Норбўтаеванинг таниқли адиб Назар Эшонқул билан суҳбати шу хусусда баҳс этади.

— Назар ака, аввало суҳбатимизни китобларингиз муқоваларида бериладиган суратлардан бошласак. Негаки, улар шунчаки қараб қўйиладиган суратлар эмас. Уларни ўзингиз танлайсизми ё рассом ихтиёрига топширасизми?

— Китобларимдаги суратларни укам — адабиётшунос Жаббор Эшонқул танлаган. Менинг китоб нашр қилиш уқувим йўқ. Кейинги учала китобдаги суратлар ҳам Салвадор Дали суратлари. Бу суратлар менинг руҳиятимга яқинроқ. Нашр ва безак ишларини укамга топширганман.

— Асарларингизда тез-тез рассом образига мурожаат қилиб турасиз. Бу нима билан боғлиқ? Умуман, ушбу санъат турига нечоғли қизиқиш, ҳурмат билан қарайсиз?

— Рассом образи — бу, менингча, амалга ошмай қолган орзуларимдан бўлса керак. Рассом бўлишни кўп орзу қилганман. Кейин ички “мени”имни рассом образи орқали бериш ўзим учун қулай ва осон. Мен рассомнинг тасаввур дунёсига яқиндайман. Шунинг учун шу йўлни танлаган бўлсам керак. Аслида, рассом бу — менинг ўзим. Умуман, мен ўзимни ҳикояларимда файласуф, олим, рассом, бастакор, қадим қўшиқни айтувчи қиёфасида тез-тез тасаввур қилиб тураман.

Агар санъат асари бўлса, мен ҳар қандай санъат турини ҳурмат қиламан ва ҳайратга тушаман. Санъат инсоният пайдо бўлганидан бери яратган миллионлаб нарса-воситалар ичида Қалбни ва Руҳни қутқариши, даволаши мумкин бўлган бирдан бир восита. Санъатсизлик — ваҳшийликдир, деган кимдир. Мен санъатдан бир қадам узоқлашиш — ёвузликка бир қадам яқинлашиш деган бўлардим. (Менинг санъат ҳақидаги фикримнинг бугун ўзларини “санъат юлдузлари” деб атаётганларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.)

— Ҳозирча ўқувчиларга эълон қилинган тўртта қиссангиз маълум. Лекин шулардан учтаси (“Уруш одамлари”, “Қора китоб”, “Тун панжаралари”) адабий давраларда тез-тез тилга олинади. “Момоқўшиқ” эса деярли эсланмаётгандек. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

— “Момоқўшиқ” журналда эълон қилинмагани учун бўлса керак… Қолаверса, мен бу қиссани қайта ишлашга ўзимда куч тополмадим. 1989 йили биринчи бор қандай нашр этилган бўлса, шу ҳолича ётди ва ҳозир ҳам шу ҳолича босилди. Аслида воқеликка бошқача ёндашмоқчи эдим. Нимадир, ўша даврдаги ҳиссиётларимми, халақит берди. Натижада шу қисса чиқди. Кейин уни ташлаб қўйдим. Менга қизиғи йўқдай эди. Жаббор уни эълон қилишга кўндирди. Қиссадаги Момо образи мени кўпроқ мафтун этганди. “Уруш одамлари”даги катта келин, бу қиссадаги Муаззам мен учун жуда яқин, бир-бирини тўлдирадигандек. Кейинчалик бу асарда топилмаган нарсани “Шамолни тутиб бўлмайди” ҳикоясида Байна момо образида топдим. Аслида, қисса ёзаман деганимда мен учун иккаласи бир образ эди. Қисса айнан “Шамолни тутиб бўлмайди”нинг муқаддимаси бўлиши керак эди.

— Ноанъанавий йўналишда ёзилган асарларингизда тинимсиз равишда тун, қора, зулмат, тобут, ўлик, хароба сифатларига мурожаат этасиз. Бу билан ўқувчини руҳан толиқтириб ё асарингиздан бездириб қўйишдан чўчимайсизми? Умуман, сизнингча ижодкор асар яратаётганда ўқувчини эътиборга олиши керакми?..

— Анъанага қайси томондан қарашга боғлиқ. Агар қуруқ баён қилиб бериш анъанавий бўлса, тўғри, мен бундан қочишга уринаман. Аслида ўта анъанавий ёзаман. Ўзим шундай ўйлайман. Навоий, Бобур, Машраб ёки достонларимизга бир қаранг. Уларни синчиклаб ўргансангиз, мен оддий анъанапараст машқ қилувчи бўлиб қоламан. Уларнинг асарларида ҳам “тун”, “қоралик”, “зулмат” ва ҳоказо сиз санаган рангу образлар (эсингизда бўлса, “Тун панжаралари” Навоийнинг “Бошимға кўрки, не тун келтурибсен…” деган байти билан бошланади) биринчи ўринда туради. Гўрда туғилган Гўрўғли, бир ўғил эр бўлиб етишадиган вақт мобайнида зиндонга маҳкум этилган Алпомиш (Ёдгор балоғатга етиши учун уни шунча вақт зиндонда сақлаш шартмиди? Ёки нега етти йил? Саккиз ёки олти йил эмас! Нимани англатади етти сони? Зиндон-чи?), сандиққа мажбуран оқизилган Тоҳир, Фарҳоду Ширин фожеаси бизга нимани англатяпти? Бу ерда сиз айтган “қора” нарсадан ташқари яна қандай ташбеҳ-ишора, рамз бўлиши мумкин? Не
га гўрда туғилди? Нега зиндон қилинди? Нега шаҳзода бўла туриб ўлим топди? Буюк халқ ва буюк аждодлар тафаккури бизга булар орқали нималар деяпти? Бу ерда қандай фалсафий калит бор? Агар саволларни давом эттирсак, яна кўплаб янги саволлар туғилади. Мен ана шу буюк саволларга иложим етганича, ақлим-идроким қабул қилганича жавоб излашга уринганман, холос. Мени воқеа эмас, унинг моҳияти қизиқтиради. Агар шу моҳиятни — ҳикматни топа олсак, сизу биз “қора” деб таърифлаётган кўпгина нарсалар инсон ақлу шуурини ёритадиган нурга айланади.

Қайси ўқувчини эътиборга олиш керак? Навоийни, Бобурни ўқийдиган, достонларимиздаги ҳикматларни кашф қиладиган ўқувчиними ёки иккита лўли бароннинг бир ўзбек қизини талашгани ёки дайди қизнинг кундалиги акс этган асарни ўқийдиган ўқувчиними?

— Асарларингизда экзистентсиализм мавжудлиги ҳақида айтилган фикрларга қандай қарайсиз?

— Агар танқидчилар шу фикрда бўлса, бу уларнинг иши. Мен Камюни ҳам, Сартрни ҳам ўқиганман ва улар мансуб оқимни ўзимга анча яқин оламан. Экзистентсиализм билан тасаввуримда яқинлик кўп. Мавжудлик фалсафаси, аввало, бу “мен”лик фалсафасидир.

— Кимдир сизнинг анъанавий усулда ёзилган асарларингизни, яна кимлардир эса фалсафий руҳ билан йўғрилган, рамз, ишоралар воситасида ифодаланганларини ёқтириб ўқийди. Ушбу ҳолатдан ўқувчиларингизнинг дидини ажратиш мумкинми, янаям аниқроғи, ақлий ва ҳиссий дидлар орасида тафовут кўпми?

— Ақл ҳиссиёт орқали пайдо бўлади, ҳисга эса ҳамиша ақл йўл кўрсатади. Фақат бу ерда ҳам ҳислар кимникилигига боғлиқ. Агар у билимдон ва маърифатли одамники бўлса, тафовут йўқ. Агар ҳали тариқатнинг бу босқичига кўтарилмаган ҳис бўлса, бор. Осмон билан ерча фарқ бор. Маърифатли одамларнинг ақли ва ҳисси бир мезонда туради. Фақат маърифатсиз ва жоҳил одамлар ёвуз, мустабид бўлишади. Маърифатли онг эса ҳамма нарсадан гўзаллик излайди ва гўзаллик яратади.

— Нима деб ўйлайсиз, илгариги замонда яшаганларга нисбатан бугуннинг одамлари ҳис-ҳаяжон, ҳайратдан кўра кўпроқ ақл-идрокка имкон бериб яшаётгандек. Бу аҳволда адабиётга қизиқиш ҳам ҳаминқадар бўлиб қолмасмикан?

— Бу хавф бор. Бу хавфни биз оломон маданияти бостириб келаётганидан ва барчани қамраб, ўз гирдобига олаётганидан кўриб турибмиз. Бугунги енгил шоу-томошалар, мусиқалару машшоқбозликка қанчалик асир бўлсак, бу хавф янаям кучаяди. Миллат зиёлисининг вазифаси эса, ўз миллатини ана шу хатардан халос эта олишда кўринади. Агар бизнинг зиёлиларимиз миллий онгимизни ва дидимизни бу хатардан халос қилолмаса, унда эртага бизни сиз айтган совуқ ақл ва моддий ўлчовлардан иборат совуқ келажак кутиб турибди. Агар халос этишолса, унда биз миллий виждон ва миллий дидимизни сақлаб қоламиз. Шунда санъат ҳам қолади, китоб ҳам.

— Бугунги танқидчиликдан кўнглингиз тўладими? Миллий адабиётимизнинг эртасини қандай тасаввур этасиз?

— Танқидчиларимиз ўқувчи дидини енгил, олди-қочди асарлари орқали заҳарлаб улгурган “сариқ матбуот” офатидан сақлаб қола олармикан? Улар бу фожеани ҳис қилишаяптими? Танқидчилик ўз ўрнини кўча чўпчаклари “магнат”ларига бўшатиб бериб қўймадими?

Эртанги адабиёт ана шу саволга жўяли жавобдан кейин маълум бўлади.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати » газетаси 24 август 2007 йил.

«МЕН БИТТА АДАБИЁТНИ БИЛАМАН…»

— Назар ака, ижодингиз борасида адабиётшуносларнинг ғарб адабиётининг таъсири сезилиб туради, деган фикрларини кўп эшитганман…

— Ўша адабиётшунослар анча синчков бўлишса керак. Бундай фазилатга ҳавас қилса арзийди. Шахсан мен асар ўқиётганда бу Ғарбники, бу Шарқники деган фикр хаёлимга келмайди. Шунинг учун ҳам саволингизга ўша адабиётшуносларнинг ўзлари жавоб берганлари маъқул. Бирон нарса ёзаётганда ёзувчи бир шарқча, ё ғарбча қилиб, қойиллатиб ташлай, деб ўйламайди. Кўнглига келганни, ўзини тўлқинлантирганни ёзади. Уни турли шаклга солиш мумкин. Яъни ўз дардини тўкиш учун турли воситалар излаши мумкин. Мен, шахсан бунақа воситаларни кўпроқ ўз эртак, достонларимиздан оламан.

Ҳозир асар сал бошқачароқ ёзилса бўлди — бу ғарбча адабиётга тақлид, деб баҳо берадиганлар ҳам бор. Бунақа баҳо беришларда менга кўпроқ «мана, кўраяпсизларми, мен Ғарб адабиётидан ҳам хабардорман» деган иддао бордай туюлади. Агар сал бошқача ифода, бошқача ёндашув учраса ёки кўникмадан чиқилган шакл топилса, бу Ғарб дегани эмас, олдин ўзимизни бир текшириб кўрайлик. Яна ўша эртагу достонларга бир қараб кўрайлик. Ғарбча таъсирларни «фош» қилишга вақтимиз етади. Қолаверса, биз ҳам Ғарбдаги интеллектуал салоҳиятли одамлардан қолишмайдиган, улар билан бир даврда яшаб, улар фойдаланаётган воситалардан фойдаланиб, улар каби фикрлай ва ўйлай бошлаганимизга анча бўлди. Бир даврда яшаб, бир заминнинг ҳавосини олаётган инсонлармиз. Бир-биримизга ўхшаб ўйлашимиз, изтироб чекишимиз, севишимиз табиий. Лекин муҳими бу эмас. Муҳими, нима деб баҳо беришса ҳам асарнинг ўқилаётгани. Ёзувчининг ютуғи шу. Бирон адабиётнинг таъсирини сезиши учун ҳам ўқиш керак бўлади. Ҳозирги пайтда таъсир излаб бўлса ҳам ўқиб туришганига шукр қилиш керак.

— Ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари — Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаев ҳикоячиликда ўзига хос мактаб яратганлар. Улардан кейинги авлод вакиллари ижодий ишларида катта ютуқлар қўлга киритилганми? Кузатганмисиз?

— Ўзбек ҳикоячилигида мактаб яратиш ё маълум бир ўрин қолдириш учун юзлаб ҳикоя ёзиш шарт эмас. Битта ҳикоя билан адабиётда ўринга эга бўлиш мумкин. Мен Шукур Холмирзаевнинг, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоячилик мактабига дахл қилмаган ҳолда айтмоқчиманки, улардан кейинги авлод вакилларида ҳам ҳикоя мактаби бор. Энди бу адиблар каммаҳсул бўлгани учун ҳам мактаб яратмагандек туюлиши мумкин.

Адабиётда битта ҳикоянинг ўзи билан мактаб яратган ёзувчилар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. «Дашту далаларда» ҳикоясининг ўзиёқ Мурод Муҳаммад Дўстни ўзбек ҳикоячилигида ўзига хос йўналишдаги, ўзига хос мактабдаги асар яратган, янги шакл, оҳанг, руҳ олиб кирган адиб сифатида тан олишга тўлиқ асос беради.

— Ҳозирги (кейинги уч-тўрт йил ичидаги) ўзбек адабий жараёнида ҳикоячилик қай ҳолатда?

— Ҳозирги (уч-тўрт йилги) ўзбек ҳикоячилиги бормикан? Кейинги пайтларда чин маънодаги ҳикоя дейилишга арзигулик бирор асар ўқиганим йўқ. Балки, бу менинг айбимдир? Ўқимай қўйганман десам, хато бўлади. Чоп этилаётган ҳикояларни илинж билан ўқишга ҳаракат қиламан. Аммо ярмига етганда, ҳафсалам пир бўлади. Бу ҳикоя эмас. Чўпчак. Ҳозир чўпчаклар даври. Ким қотириб, чўпчак ёзса, ўшанинг харидори кўп. Ҳикоя сотилмайди. Чўпчакни эса сотиш, газета тиражини ошириш мумкин.

Шунинг учун икки йилдан бери Шукур Холмирзаев ҳикояларини қайта-қайта ўқияпман. Бу адибнинг сўнгги ҳикоялари ўзбек адабиётида ўзига хос бир йўналиш, воқеа сифатида ҳали ўз баҳосини олгани йўқ. Шукур ака ичида қуюни бор ёзувчи эди. Мен гарчи баъзи ҳикояларининг боши ё охирини ортиқча ва кераксиз деб билсам-да, ҳар бир ҳикояда адиб ичидаги қуюнни кўраман. Аслида истеъдод дегани ичидаги қуюнни сўз билан кўрсатиб бериш бўлса керак. Шукур ака баъзи бир ҳикояларида қуюнни бўронга айлантира олган. Ҳозирча (кейинги уч-тўрт йиллик) ҳикоячиликда Шукур ака ёхуд Хуршид Дўстмуҳаммаднинг анча олдин ёзилган ҳикояларидан ташқари, сиз айтмоқчи, воқеа бўладиган ҳикояларни ўқий олганим йўқ.

— Адабиёт… бадиий адабиёт санъатнинг бир тури. Санъат асарларини эса истеъдодли ижодкорлар яратадилар. Тарих тан олган истеъдодлар кўп: Софокл, Шекспир, Навоий,Тагор… Бу каби санъат намояндалари камдан-кам туғилади. Ўтган асрда яшаб ўтган қайси адибларни мана шу даҳолар сафига қўшган бўлардингиз?

— Сиз келтирган даҳолар адабиётнинг жуда катта «тоғ»лари. Бу «тоғ»лар олдида «қир»лар бўлиши табиий. ХХ асрда яшаб ижод этган Абдулла Јодирий, Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ойбек ва бошқа «қир»лар ўша «тоғ»ларга бориб бирлашади. Айниқса, ўтган асрнинг 60-70- йилларида адабиётга кириб келган жуда кўп шоир-носирлар ҳам маҳорат, ҳам адабиёт чегараларини кенгайтирган адиблар сифатида, «тоғ»лар ёнида «қир»лар бўлиб туради. Уларни санасак, жуда кўп. Ўша «қир»лар бўлмаса, «тоғ»нинг салобати билинмай қолади.

Тасаввур қилинг, саҳро ўртасида, баланд тоғ қояси қўққайиб турса, қулаб тушиши мумкин. ХХ асрда Навоий атрофида, мазкур «қир»ларимиз, «қоя»ларимиз кўпайди. Масалан, ҳам қисса, ҳам ҳикояда тарихий жанрни бошлаб берган Миркарим Осим, ўзига хос экспериментал ижод қилган (ҳам насрда, ҳам шеъриятда) Асқад Мухтор ва бошқалар бу адабий чегараларни кенгайтирганлар.

— Сиз миллий адабиётимиз устида тўхталдингиз. Мен дунё миқёсидаги адабиёт, катта доирадаги адибларни назарда тутган эдим…

— Мен миллий ё жаҳон адабиёти деб фарқламайман, асар адабий нуқтаи назардан завқ бера олса, бўлди. Сизнинг юқорида келтирган рўйхатингизга адабиётга қўшган ҳиссаси, асарлари одамга берган завқ нуқтаи назаридан кўп адибларни киритиш мумкин. ХХ асрда ҳам табиий равишда «қир»лар рўйхатига кириши мумкин бўлганлар кўп: адабиётни ўрганган сайин чуқур ўргатадиган Кортасар, Роберт Мюзел, характер ва типик насрий тимсол яратиб берган Кафка. Японлардан Кавабата, Кобо Абе, Рюнеско Акутагава, Танидзаки Дзюнитиро. Лотин Америкасидан Борхес, Маркес, Сабота, Карпентьер. Ҳа, яна Онетти. У — стилист (Бу ёзувчини жуда қадрлайман).

Яна Хемингуей, Томас Вулф, Фолкнер — бу адиблар бир Американинг ўзидан чиқаяпти. Европанинг ўзидан қанча. Сартр, Марсел Пруст, Камю… Рус адабиётида Пастернак, Бунин, Булгаков, Шолохов.

Бу адибларни ўқиб, завқ оласиз, адабиётнинг соф, чинакам вазифасини теран англайсиз, ҳаётни, жамиятни, ўзингизни ўрганасиз. Булар бир илм. Бу илмни ўрганган сайин кўнглингиз юксалиб боради, ақлингиз теранлашади, инсоннинг моҳияти ва вазифасини кўпроқ англайсиз.

— Ғарб адабиётшуносларининг эътирофича, европа адабиётини уч устун кўтариб турар экан: Кафка, Жеймс Жойс, Марсел Пруст. Бу таърифга муносабатингиз….

— Бу уч буюк ёзувчининг Ғарб адабиётида табиий равишда ўрни бор. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди. Бироқ Европа адабиётини бу уч ёзувчи билан чегаралаб қўйиш нотўғри. Агар Кафка устунроқ бўлса, Камю қаерга кетади? Сартр-чи?

Кафкада инсон фожеаси, инсон ҳақидаги ихтиролар кўпроқ. Камюда эса шу изтиробни англаш, уни таҳлил этиш кучли. Пруст яхши. Аммо Сартр лўндароқ ва файласуфроқ. Бу адибларни бир-биридан ажратиб, буниси паст, буниси баланд дейишнинг ўзи нотўғри. Мюзелни олсак… унинг ижодида озод одамнинг қиёфасизликка айланган қиёфаси очиб ташланган. ХХ асрда қулдорлик йўқолди, бироқ жамиятга ҳар томонлама қул қилинган —инсонийлик қиёфасини йўқотган одамлар кўз олдингизда гавдаланади. Қиёфасиз одам — озод бўлгани билан барибир маънан қулдир. «Қиёфасиз одам» асари ХХ асрнинг маънавий тарихи, ундан ҳам воз кечиб, ўрнини пасайтириб бўлмайди.

— Ғарб адабиётидаги оқимларда ижод қилган адибларга айрим танқидчиларимиз тақлидчилик, «Ғарб адабиёти соясида қолган» каби айбларни тақашади. Бунга сиз қандай муносабат билдирасиз?

— Шунақа айблов билан чиқаётганлар на миллий адабиётни яхши билишади, на Ғарб адабиётини. Яна айтаман, бирон нарса ҳақида фикр билдиришдан олдин узоқдаги минорага қараб эмас, ёнингиздаги лойсувоқ уйга қараб олинг. Кейин минораларга тақлидда айблайверасиз. Яъни анъаналарни ўрганиш керак. Қайси анъана ғарбча, қайси анъана шарқча, ажратиш керак.

Умуман, шу асар замирида истеъдод борми? Агар истеъдод бўлса, уни ҳеч қачон тақлидчиликда айблаб бўлмайди. Дунёнинг ривожланиши адабиётларнинг бир-бирига таъсирисиз кечмайди. Бир пайтлар Ғарбнинг ўзи Шарқдан жуда кўп таъсирланиб, кўп нарсаларни ўзлаштирган. Мисол учун, Лотин Америкаси. Ҳам Шарқ, ҳам Ғарб, ҳам япон анъаналарини сингдириб олган. Адабиётларни бир-биридан узиб олиб ривожлантириб бўлмайди.

— Модерн, онг оқими, абсурд ва шу каби талай адабий оқимлар ғарбда пайдо бўлган. Адабиёт учун белгиланган юксак мукофот — «Нобел»ни ҳам аксарият Ғарблик адиблар олишади. Миллий адабиётимиз посангиси Ғарбникидан шу қадар енгилми ё бизда таржима йўлга қўйилмаганми? Ёки бошқа сабаблари борми? Нима деб ўйлайсиз?

— Бу ерда ҳамма айтганларингиз тўғри. Замонавий адабиётимизнинг посангиси ҳам енгил, истеъдод нуқтаи назаридан ҳам оқсайди. Шу билан бирга баъзи «Нобел» мукофоти олган адибларга муқояса қиладиган бўлсак, бизда ҳам шу даражадаги адиблар бор. «Нобел» мукофоти ҳамиша адолатли бўлган эмас. Нобелчиларнинг ўзига хос ўйинлари, талаблари, фикрлари бор. Агар Ўрхон Помуқ даражасидаги адибларга мукофот бериш керак бўлса, унда талабгорлар топса бўлади. Дейлик, Айтматовга ҳам берилса бўларди. Шу билан бирга таржима тажрибаларимиз ҳам деярли йўқ. Дунёни ўзига жалб қилган асарларимиз кам. «Нобел» мукофоти тафтиш қилинса, менимча шундан ўттиз фоизи мазкур мукофотга арзийдиган адиблар бўлиб қолади. Модерн, абсурд, онг оқими — бу йўналиш, оқимларни адабиётшунослар ўйлаб топишган. Ёзувчилар қандай ўйласа, шундай ёзадилар. Бошқаси қизиқтирмайди. Мени ҳам қизиқтирмайди.

— «Лаҳад» деган роман ёзган экансиз? Уни нега ҳалигача эълон қилмадингиз?

— Бу романнинг асосий қисми 90-йиллар бошида ёзилган. Романдан қулаш арафасига келиб қолган, инсоннинг ботиний қувватини сўриш эвазига яшаб келган тузумнинг бадбўй ҳидлари анқиб турибди. Мен ўтган йиллар давомида асарни фақат таҳрир қилиш билан шуғулландим, холос. Неча бор уринмай, уни қайта ёзиш, воқеликни бошқа изга солиш ва ҳатто номини ўзгартиришга ҳам, барибир, кучим етмади.

Ўтган йиллар ичида алоҳида асар сифатида ўзини оқламайди деган шубҳада бу машқнинг ичидаги баъзи бобларини мустақил ҳикоя сифатида эълон ҳам қилдим. Узоқ иккиланишлардан сўнг уни қай тарзда яратилган бўлса, ўша ҳолатда қолгани маъқул, деган хулосага келдим. Ўзининг мавжудлигини исбот қилиб беролмаган, одамзотни хўрлаш ва ҳақоратлаш эвазига қурилган мустабид тузумдан чиқариладиган кичик бир сабоқ бўлиб қолиши учунгина уни яқинда эълон қилишга ҳам қарор қилдим. Чоп этилиб қолади.

— Ёшларга айтар гапингиз…

— Кўпроқ ўқишсин. Ўқиган одам ҳеч қачон ёмон бўлмайди. Кўнглида барибир яхшилик қолади. Ўша яхшилик уруғ бўлади. Уруғ ўсиб, эртага мева беради. Инсон учун газетами, журналми, китобми, ўқишга арзигулик асар бўлса, кўнглида нимадир уйғонади. Ёруғликка чорлайди. Мутолаа одамни эзгуликка бошлайди.

Умид Али суҳбатлашди

Миллий ёшлар портали (3 — октабр 2008 йил)

Назар Эшонқул

БЕШ ҲИКОЯ

ТОБУТ

Номаълум сабабларга кўра ўлим кўпайган чекка музофотдаги олис шаҳарга кетаётган текширув гуруҳига нега айнан мени қўшиб қўйишди, меъморчиликнинг ўлатга қандай алоқаси бор (бизга ҳали сира аниқланмаган ўлат деб тушунтиришди) тўғриси, ҳозиргача ақлим етмайди. Ваҳоланки, меъморчиликда ҳам шунчаки ҳаваскор даражасида эдим, бу соҳада ишлай бошлаганимга уч йилдан ошган бўлса-да, ҳали биронта лойиҳамни қабул қилишмаганди, кун узоғи ишимизга ҳеч бир боғлиқ бўлмаган чизмалар билан машғул бўлардик, биз чизаётган лойиҳаларнинг ҳеч кимга керакги йўқлигини ўзимиз ҳам билар, бироқ бошлиқлар тегирмонида айланиб, тушиб келадиган ва тез муддат ичида бажаришимиз зарурлиги таъкидланган, бир чеккада пора-пора қилинган яловдай илова турган қоғозларни изма-из қабул қилаверар, талабалик йилларимнинг орзуси бўлган шаҳарга кўрк ва улуғворлик бағишлайдиган жимжимадор ва серҳашам бинонинг лойиҳасини мен фақат ҳаёлдагина чизиб юрардим. Аввалига гуруҳга тасодифан қўшишаяпти, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор, деб ўйладим, ижроқўмда ўлим сабаблари ҳар томонлама ўрганишга муҳтож, хусусан, биноларнинг жуғрофий жойлашишидан, об-ҳавога чидамлилигигача яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини айтишганда ҳам мен бу ерда бизнинг соҳага боғлиқ бирон нарсани кўрмагандим. «Тажрибали меъморлардан жўнатинг» деган таклифга, хўжакўрсинга мени жўнатишаётганини сезиб турдим. Буйруқни тутқазишгандан сўнг ноилож жўнашга мажбур бўлдим.
– Шаҳар қурилганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Унинг ўрнида олдин ёввойи саҳро бор эди, биз уни бўйсундирдик. Ва бошқа шаҳарлар билан рақобат қила оладиган гўзал макон қурдик. Матбуотда ўқиган бўлсаларингиз керак, биз ҳақимизда роса ёзишди, — деди бизни кутиб олган шаҳар бошлиғи. — Одамларимиз тўқ ва фаровон яшаётганди; ҳатто сайёҳлар хориждан атайлаб биноларимизни тамоша қилиш учун келишарди. Уларни ҳам шаҳримиз лол қолдирганига шубҳам йўқ. Ҳамма бало беш ойча бурун бошланди. Одамлар ишлаб турган ёки ухлаб ётган жойларида, баъзан суҳбатлашиб туриб тўсатдан жон таслим қилишаяпти. Аввалига биз булар ҳаммаси шунчаки тасодифий деб ўйлагандик. Бироқ ўлим тобора кўпаявергач, ташвишга тушиб қолдик. Махсус эмлаш ўтказдик, воқеанинг тагига етиш учун барча касалхоналаримизни назорат остига олдик, бир неча марта уйларни ёппасига кўрикдан ўтказдик, аммо натижа бўлмади — ўлим тўхтамади. Аксинча, уйлар аста-секин бўшаб қолаяпти. Одамларни ваҳимага туширмаслик учун бўшаган уйларга янги одамларни кўчириб олиб келдик, барибир фойдаси бўлмади. Ўлим янги кўчиб келганларни ҳам аямаяпти. Марказдан ҳам, музофотдан ҳам маслаҳатчилар чақириб бир неча марта тиббиёт кенгашлари ўтказдик. Бироқ улар ҳам елка қисишдан нарига ўтишмади. Ҳозир ўлим деярли ҳар бир бинода ўзининг асоратини қолдирган. Ўзимизнинг врачлар ҳеч қандай хулосага келишгани йўқ, улар юқумли касалликдан дарак берадиган бирон аломат топишмади. Бутун умид ҳозирча сизлардан…
– Бундай ҳодиса Фарангларда ҳам бир пайтлар бўлган, — деди гуруҳ раҳбари қилиб жўнатилган профессор шаҳар бошлиғининг тугунтиришидан энсаси қотгандек, — ҳамма бало тиббиётимизни саводсиз ва қобилиятсиз одамлар босиб кетганида. Бошқа сабаб йўқ…
– Марказдан келганлар ҳам «Бндайини биринчи учратишимиз», деб ҳайрон бўлганча қайтиб кетишаяпти, — унинг гапининг охиригача эшитмай, ўз қўл остидаги ҳакимларнинг шаънини ҳимоя қилди шаҳар бошлиғи. У бизга ўхшаш текшириш гуруҳларини кўравериб, тоза пишиб кетган эди, чоғи, ўзини жуда эркин тутар ва эркин гаплашарди, шунингдек, профессорга ўхшаш димоғи баланд олимларни ҳам кўп кўрган, гапларида хуфёна осилган қилич каби «жўжани кузда санайсиз», деган писанда бор эди.
– Масалага чуқурроқ қараш зарур. Профессор индамай бошини туйнукка бурди — у ердан пастда ястаниб ётган қип-қизил саҳро кўринарди ва биз бир пайтлар қуш учиб ўтолмас саҳро устидан қушдай учиб ўтаётганимизни сезиб турардик: профессор бошлиқнинг гапларини шунчаки ваҳима деб ўйлайтгани ва уни эътиборсизлик билан тинглаётгани кўзларидан кўриниб турарди. Одатда бутун умри илми-урфон билан ўтган одамлар амалдорлар билан бурнини жийириб гаплашишади, хусусан, чекка музофотдагилар билан. Шундан сўнг бошлиқ жим кетди. У жуда ораста кийинган эди. «Мен унинг кийим-кечаги-ю аъзо-ю баданидан нафасни бўғиб қўядиган ачимсиқ ҳид анқиётганини йўлнинг ярмини босиб ўтганимиздан сўнг сездим, фаҳмимча, бу ҳид гўё ичида кимдир ўлиб қолгандан унинг ичак-чавағидан чиқаётгандай эди: гапирганда оғзидан гуп этиб атрофга кишини лохас қилувчи ҳид тарқаларди. Ҳидни профессор ҳам сезган бўлса керак, бир-икки марта бошлиқнинг қонсиз юзини ва қиррадор ёқали уст-бошини жиркангандек кўздан кечирди.
Биз тушган вертолёт шаҳар чеккасига бориб қўнди: бизни ҳар эҳтимолга қарши эмлаш зарур эди. Шаҳар четига тикилган тиббиёт чодирларига бир-бир кириб чиққач, нарироқда дарвозаси кўриниб турган шаҳарга қараб йўл олдик. Шаҳарга яқинлашганда улкан маҳлуқнинг катта қанотига ўхшайдиган дарвоза бошлиқ мақтаганчалик эканини кўрдик; унинг олдида биз кичкина чумолига ўхшаб қолгандик ва шаҳар шу кўринишида ростдан ҳам учишга чоғланаётган маҳлуққа ўхшарди. Дарвоза олдида турган соқчилар бошлиқни кўриб ғоз қотишди. У ерда бизни бошлиқ назорат бошлиғи ва тиббиёт мудири деб таништирган икки киши кутиб турарди; иккаласи ҳам бошлиққа тақлид қилиб, соқол қўйишган ва иккаласи ҳам тепакал эди.
– Хайрият етиб келдиларингиз, — деди назорат бошлиғи биз билан кўришар экан. — Бу фалокат бизни адои тамом қилди. — Шундай дея у пилдираб олдинга тушди. Мен унинг қисиқ кўзларида таҳлика ва ваҳм тўлиб турганини кўрдим. Балким ҳар қадамда пайдо бўлаётган ўлим уни шу ҳолатга солгандир. Тиббиёт мудирининг кўзларида кўпроқ қувлик ҳукмрон бўлса-да таг-тагида худди шундай таҳлика тўкилиб ётганини сезиш мумкин эди. Девор баланд бўлса ҳам тўзон шаҳар кўчаларигача бостириб кирган, бинолар қанчалар муҳташам бўлмасин, шаҳар файзсиз ва ҳатто андак хароба тус олгандек кўринди менга, эҳтимол, одамларнинг юзларида тўниб қолган умидсизликни кўриб, бизда шундай ҳис пайдо бўлгандир? Ҳаммасидан ҳам шаҳарга киришимиз билан димоғимизга худди бошлиқнинг нафасидан анқиган ҳидга ўхшаш уфунат урилгани бизни бироз шошириб қўйди: «чиркинлик, хазонрезгилик ва бадан ҳиди қоришиб кетган шаҳарда уфунат худди бу манзилга ташриф буюрганларнинг бурнини куйдириб ташлаш учун атайлаб тарқатилаётгандай эди: фақат лаҳаддагина шундай ҳид анқиши мумкин деб ўйладим мен. Эҳтимол, ўликлар кўпайгани сайин шаҳар шу туришича очиқ лаҳадга айлангандир?! Сабабини сўраганимда шаҳар бошлиғи елка қисди.
– Ҳайратомуз, — деди у, — бирон жойда ўлик қолганми деб бутун шаҳарни қадамба-қадам текшириб чиқдик, ҳеч нарса тополмадик. Энди эса кўникиб кетдик.
Ҳақиқатан ҳам шаҳарда бу ҳид бирон одамни ажаблантирмаётган эди. Балким, ўлатни худди мана шу уфунатдан излаш керакдир?!
– Э, йўқ, — деди шаҳар бошлиғи гапимни эшитиб бош чайқаркан, — ҳид шаҳар қурилгандан бери бор. Ўлим эса беш ой олдин пайдо бўлди.
Унинг гапи мени яна кўпроқ ҳайратга солди. Балким тавқи лаънатга йўлиққан одамзотга тангри дўзах қандай бишини мана шаҳар орқали бир кўрсатиб қўймоқчи бўлгандир? Ростдан ҳам шаҳар жазира ва қум тўзони остида қолган серҳашам дўзах остонасига ўхшарди — бир вақтлар гуриллаб кўкарган дарахтлар ҳам қуёш фаввораси остида ҳаёт учун кураша-кураша сўлгандилар. Биз дарвозадан то маъмурий бинога боргунча ҳавоси сўриб олинган лаҳмни кезиб чиққандай ўпкамиз шишиб, ҳолдан тойиб қолдик.
– Шаҳарда яна икки кун турсак бўғилиб ўлишимиз аниққа ўхшайди, — деди биз билан келган химик томоғини қириб йўталар экан.
Профессор дам олмай ўликхонага кетди — унга химик ҳам эргашди. Тушдан сўнг мен назорат бошлиғи ҳамроҳлигида (шаҳар боглиғи уни менинг адашиб кетмаслигим учун қўшиб қўйганди), гарчи ўлатни касбимга алоқаси йўқ ҳисобласам ҳам, ўлим оғушига олган, тўзиб ётган биноларни шунчаки номига кўриб қўйиш учун айланишга чиқдик:
– Сизга ҳеч бир ёрдам беролмаймиз, — деди шаҳар бошлиғи узрхоҳлик билан елкасини қисар экан. — Шаҳримизнинг бош меъмори касал бўлиб олган, ўрнига бирон тузук одам чиқмаяпти. Энди фақат кўз билан кузатишга мажбурсиз.
Мен унинг ҳижолат чекмаслигини ва шаҳар лойиҳасини кўриш учун умуман зарурат йўқлигини билдирдим.
Шундай деб эрталаб бир неча одамнинг ўлиги чиққан, бир-бирига қўуиб қўйгандай ўхшаш яқин орадаги кўп қаватли иморатларга йўл олдим. Бир қарашда уйлар ғоят дид билан қурилгандек кўринар, бошқа томондан эса худди улкан-улкан қоялар оёғингиз остига тўсатдан қўпорилиб туша бошлагандек уларга қараган сайин ичингизда нимадир қулаб кетаётганини сезардингиз. Ним қоронғу зинада шаҳар кўчаларида кезиб урган уфунат яна ҳам бадбйлашган эди, балким бу ерда ҳаво ўтириб қолгани учун шундайдир, зинадан чиққунча нафасим тиқилиб димоғим ачиша бошлади. Ҳид одамни беҳол қилиб қўядиган даражада ўткир ва заққум эди. Хонадонларда бизни индамай кутиб олишар ва ичкарига бошлашар, ҳужраларга олиб киришар, дарвозаларни, деворларни кўрсатишар, сўнг яна бирон сўз айтмай кузатиб қўйишарди.
Уйлар атайлаб ичкарини салқин сақлаш учун уфққа тескари қурилган: деразалардан тушаётган хира шуъла ҳужраларни ёритишга қурби етмай, Ўлмас Дев билан олишавериб, ҳолдан тойган Ботир мисоли бир бурчакда холсиз тўшалиб ётарди. Мен ўлим сабаблари айнан нурни хўплаб ютиб юборган мана шу заҳлик ва зулматда бўлса керак деб ўйладиму, аммо тезда бу ўйим ҳақиқатга ҳеч бир тўғри келмаслигини англадим: «Ўлим тўрт мучаси бут, бақувват, соғлом кишиларни нам комига тортаяпти», деган эди шаҳар бошлиғи. Ўлатинг бу уйларга ҳеч бир алоқаси йўқлигини тушунгач, ҳафсалам пир бўлиб изимга қайтдим.
Бир ҳафтага қолмай ўлим элчиси кезиб юрган барча биноларни деярли бир-бир айланиб чиқдим — ҳамма ўша ҳид, ҳамма ҳужрада ўша зулмат, ҳамма хонадонда юракни сескантирадиган сукунат ҳукмрон эди. Бу сукунат кўчаларда одамларнинг юзларида ҳам кезиб юрарди — уларнинг кўзлари-ю юзларида шунча мусибатдан сўнг ҳам қилт этган ифодани кўрмадим, араваларга ёки замбилларга солинган ўликларни олиб ўтишар экан, улар арава ёки замбилга ҳўмрайиб кўз ташлаб қўйишар ва индамай йўлларида давом этишарди.
Серажин юзларини босиб кетган ва ёниб бўлган ўрмонга ўхшаб қолган мўйлар аро барқиб турган солиқ қиёфалар менга минг йиллардан буён одам қадами етмаган ташландиқ иморатларни эслатган, бу қиёфалардан аёвсиз ёғаётган жаладек, ҳасрат ва мунг ёғилиб турарди: бу юзлардан атрофга бир қаҳрли совуқлик таралар, мен ҳали шу ёшимгача бундайин солиқ қиёфаларни кўрмагандим, шаҳарга келгандан бери ўзимни қоп-қора булутлар остида қолгандек ҳис этар, бу суви қуриган кўлга ёҳуд сўниб бўлган шамга ўхшаб қолган кўзларга қараб туриб, уларда секин-аста сассиз, садосиз бстириб келаётган ўлимга нисбатан кўникма пайдо бўлганини ва бу кўникмани энди ҳеч нарса билан: ҳатто энг қудратли ҳисобланган сеҳру-жодулар билан ҳам қўпориб ташлаш мумкин эмаслигини англагандим; ўшанда шаҳар одамлари менга қулашини билган ҳолда жарга қараб югуриб кетаётган телбадай таассурот қолдирганди. Уларнинг юзларида ҳаёт хуршиди аллақачон сўниб бўлган; энди бу юзларни ажинлар билан бирга тушкунлик, ҳорғинлик чакалаклари қоплаб олган, бутун чеҳраларни умидсизлик тумани босиб кетганди. Муз йўлакда қандай йиқилиб тушсангиз, бу сову чеҳраларда ҳам нигоҳингиз шундай қулаб тушар, ҳўмрайган кўзлар қопоғон ит каби сизни ҳеч қачон ўзига яинлаштирмасди.

Ўзимни кейинги кунларда рўё ҳукмрон бўлган шаҳарга келиб қолгандай ҳис этар ва ҳар бир кўрган манзарам ақл бовар қилмас нарсалар бўлиб туюла бошлаганди; эҳтимол, булар саҳрода рўё салтанатини қуришгандир?! Нима бўлганда ҳам кўрганларим — шаҳар, ўлар, ҳўмрайган одамлар, тепакал бошлиқлар, маҳобатли бинолар, ҳаммаси жоду бўлса-чи ва биз саробни излаб юргандай рўёни кезиб юрган бўрсак-чи, деган шубҳа куч тўплаб, қайта-қайта жангга кираётган лашкардек хаёлимга бот-бот бостириб кирар ва бутун танамни беҳол қилиб қўярди, алоҳа, бу ерга келиб кўрган-кечирганларимнинг ҳаммаси ғайри табиий ва ғайриодатий тус олганди, зеро, кезиб чиққан биноларда касалликдан дарак берувчи ҳид вва сукунатдан бошқа ҳеч қандайзоҳирот учратмадим, ўлимнинг менинг касбимга ёки мана бу маҳобатли биноларга заррача алоқаси йўқлигига кўпроқ ишониб борар, шаҳар кўчаларида қора девнинг арвоҳдай кезиб юрган чангу тўзонни қанча кўп кўрсам, мени бу ёввойи саҳрога жўнатган оромпараст бошлиқларимга ғазабим шунчалик тошиб борарди. Ўша саҳродаёқ ғазаб ва тўзон бир-бирига нақадар ўхшашини ҳис қилгандим: аслида ғазаб ҳам вужуднинг жунбушидан ларзага келган алб тўзонидир; қанчалик ҳашаматли ва улуғвор бўлмасин, ўзининг заҳмкор сиру асрори билан забт этиб бўлмас қалъани қанчалар эслатмасин, кўчаларида фақат жаннатий манзилларгагина хос сурур ва шукуҳ тўшалиб ётмасин, кишандан озод бўлган шердек ажал ҳайқириб юрган шаҳарга нисбатан ғазаб мени тез-тез жунбушга соларди.
Бир куни қуйи кўчаларнинг бирида (дарвоқе, шаҳардаги кўчалар қуйи ва юқори кўчаларга бўлинарди, кийимлари увада, қадди букик, ҳашамдор ва виқорли, шаҳарни атайлаб масхара қилаётгандай доғ-дуғга беланган узун ҳирқа кийган, юзидаги шиш ва ажинлар қишки қабристонни эслатадиган, сочи кал пешонаси узра осилиб тушган, барваста кишини учратдим; гумбаз шаклида қурилган емакхонанинг ўртасида турганча у оғзидан кўпик сачратиб одамларга қўлини бигиз қилиб ўшқирар, чўғи сўнаётган ўчоқдай тафтсиз бўлиб қолган кўзларини далани босиб кетган кузги қарғалар мисоли жазава ва жунун қоплаб олган эди.
– Ҳаммаларинг унинг чангалидасизлар, шаҳар ҳам уники, — бақирарди у лоқайд ва паришон одамларга. — У менга айтиб турди, мен қуриб бердим.
Бирдан иштаҳам бўғилди ва назорат бошлиғидан бу барвастанинг кимлигини сўрадим.
– Шу кўчанинг жинниси, — деди назорат бошлиғи юзига ғамгин тус бериб. Сўнг мен кутмаган жиддийлик билан ҳикоя қила бошлади. — Асли сизга касбдош. Бошлиқ айтган меъмор шу киши бўладилар. Шаҳримиз унинг лойиҳаси асосида қурилган. У бош меъмор, мен эса унга ёрдамчи эдим. Ўзи жуда ғайратли, саводли ва тиниб-тинчимас одам эди. Шаҳарда бирон ғишт ҳам унинг кўрсатмасисиз қуйилмаган. У мен билган меъморларнинг энг улуғи эди. Классик ва замонавий меъморчилик соҳасида унга тенг келадиган билимдонни топиш қийин эди. У Лотин Америкаси, Цингапурдаги бинолар қурилишини ҳам тинимсиз кузатиб борар, ўша юртлардан унга қалин-қалин хатлар келиб турарди. У «дунёга энг улкан ва одамзот ҳали хаёлига келтирмаган шаҳар қурамиз», деб хитоб қилар, қачон қарамай чизмалар ичида ўралашиб ўтирарди. Ростдан ҳам ақл бовар қилмас шаҳар қурилди. Ҳозир ўлат чиққандан бери шаҳримиз файзсиз бўлиб қолди, у пайтлар эса шаҳарни нақ хаёлнинг жилвалари деб ўйлардингиз: нафис гумбазлар, сержило бўёқлар, нозик ва эҳтиросли қалбнинг парчалари каби мармарлар, абадиятни суяр тура оладиган устунлар, қиз боланинг кўз ёшидай фавворалар — ҳаммаси гўзал бир тарзда уйғунлашиб кетганди. Буларнинг ҳаммаси ҳали қурилиб бўлмасданоқ гўзал санъат асарига айланиб улгурганди. Шаҳар қурилиб бўлиш арафасида бошимизга катта кулфат тушди: меъмор тушида алаҳсираб чиқадиган одат чиқарди. Кейин алаҳсираш ўнгига кўчди. У ҳамма нарсадан шубҳаланарди. Унга васвос касали юққан эди. Биз аввалига эътибор бермадик, буларни буюк одамларга хос паришонлик ва инжиқлик деб ўйладик. Аммо бир куни у ўз устахонасини ёқиб юборгач, унинг телба бўлиб қолганини англадик. У «бутун шаҳарга ўт қўяман», деб бақирарди. Шаҳарни ёқиб улгурмай уни телбахонага жўшатишга тўғри келди. Телбахонадан у мутлақо жинни бўлиб чиқди. Шундан бери у шаҳарни ёқиб юбораман деб ўдағайлагани ўдағайлаган. Ўзи яратган асарни ўзи ёқмоқчи бўлган санъаткорни биринчи бор учратишим. Шундан бери уни маъмурий бинога к
иритмаймиз. Гапи ва васвасаси демаса, ўзи беозор жинни, — назорат бошлиғининг кўзларида телбага нисбатан эҳтиром зуҳур этди.
Назоратчи «касбдошингиз» дегандан сўнг телбага тузукроқ разм солдим: деярли адойи тамом бўлган, кам ухлаганидан қовоқлари осилиб қолган, на кийинишида, на чеҳрасида, на гап-сўзларида аввалги касбидан дарак берувчи бирон аломат қолмаган, фақат олис-олислардан эшитилаётган мусиқа ёхуд вайрон қилинган шаҳар ўртасида харобага шукуҳ ва шавкат бағишлаб ҳилпираб турган ҳарир туғ каби шунча жунбуш ва хаёл тўзонидан сўнг ҳам нозиклигича қолган қўлларигина ўша хушвақт ва дориломон даврларни эслатиб турар, кўзлари ботиб бўлган қуёшнинг шафағидай қизариб кетган, чуқур лаҳмга ўхшаш қора чўғларида йиллар давомида занглаган қилич каби бир телба истеҳзо қотиб қолган, игоҳида олис ўтмишнинг кўланкалари бурдаланган шер каби парча-парча бўлиб ётарди: ўтмиш зулматини ёритолмаган бирпаслик аланга янглиғ бу юзни, бу вужудни ёритишга қурби етмай сассиз-садосиз бўлган эдилар. Хоҳолар экан, ўзига қараб тобора бостириб келатёган шаҳарни эмас, бунда истиқомат қилувчи барча юракларни ҳам аллақачон ишғол қилиб олган сукунат ва қурқувни шу кулгуси билан тор-мор қилиб ташлаётгандек эди ва гарчи телба бўлса-да, шаҳарда мен учратган қиёфалар ичида фақат унинг юзидагина чўғдай табассум ёниб турарди, аммо бу табассум ҳам масхараомуз тиржайишга ўхшаб кетар, ўлимларини жимгина кутиб турган ожиз ва маҳкум одамларнинг, ўлат кезиб юрган шаҳарнинг, қуриб-қовжираб, арвоҳдай сўппайиб қолган дарахтларнинг, сирли ўлим сабабини аниқлаш ва шаҳарга шифо бахш этиш учун келган ва ҳеч нарсанинг уддасидан чиқмай, ҳеч бир сирни ечолмай, шармандаю шармисор бўлиб жимгина жўнаб қолаётган биз каби олифта ва дағдағабоз текширувчиларнинг ва ўзини ўраб турган ҳамда ўзининг бир телба макрига дош беролмай лолу ҳайрон қотган бани башарнинг устидан истеҳзо аралаш кулиб тургандай эди. Учиб юрган ўқдек кўзлари тагидан қўрқа-писа ўқрайиб тикилишларига қараганда, телбани хўрандалар ҳаддан ташқари ёмон кўришар, чоғи, у гапирар экан, ижирғаниб қўйис
ҳарди. Бу мени ғоят ажаблантирди. Телбани одатда ҳеч ким яхши кўрмагани каби ҳеч ким ёмон ҳам кўрмайди. Сабабини назорат бошлиғи ҳам изоҳлаб беролмади:
– Тўғрисини айтсам, — деди у, — бу одамлар менга сира ҳам ёқмайди. Ҳамиша нимадандир норози, ҳамиша тнғиллашгани, тўнғиллашган. Ахир шундай жаннатмакон ва гўзал шаҳар қуриб бердик, яна нима керак экан буларга, ҳеч тушунмайман.Назорат бошлиғининг мушти ғазабдан сиқилиб ккетганини кўриб қолдим, ҳозир қўйиб берса қутурган айиқдай бутун шаҳарни вайрон қилиб ташлайдиган важоҳати бор эди юзида.
Телба эса нимадир эсига тушиб қолгандай, шартта изига бурилди ва деярли югуриб емакхонадан чиқиб кетди; кетиб борар экан, у менга денгизда тобора узоқлашиб бораётган ва сўнгги сафарга жўнаб кетаётган хароба кемани эслатган ва изидан узоқ қараб қолган эдим. Унинг телба нигоҳи ва жазавасли қиёфаси хотирам тароқларида узоқ вақт илашиб юрди: шундай ҳолатга тушдимки, биноларни ҳам йиғиштириб қўйиб, касбдошимизнинг қисмати билан таниша бошладим; унинг тақдири ётган ҳужрага кириб борган сари шаҳардаги палапартиш ҳашаматнинг сири ҳам ойдинлаша борди; назаримда, шаҳар бинолари хам жунун ва жазаванинг ҳосиласи эди, гўё бутун шаҳар телбавор маҳобат касб этганди. Аммо телбанинг шов-шуҳрат шоҳсупасига чиқиш арафасида ақлдан озиб қолгани ҳақидаги маълумотдан бошқа ҳеч қандай янги гап ололмадим; кўплар унга очиқ ҳасад қилиб «Аввалдан телбароқ эди» дейишдан нарига ўтмади; бошқа бирлари эса «Шаҳар шу даражада гўзал ва муваффақиятли қуридди-ку, у буни кутмаганди, бирдан ақли шошиб қолди», дейишдиб бироқ шу нарса аён эди-ки, у кўпларнинг хотирасидан буткул ўчиб кетганди. Кейинчалик ҳам телбани ўша кўйи кўчада икки-уч марта кўрдим: у худди ўзидан қолган хотира шамларини қайтадан ёқмоқчидай ўтган одамга тиржайиб тикилар, ўша бир хил гапни такрорларди. Бошқа куни кўрганимда гўё ўз ақлининг суратига боқиб лол тургандай биноларга тикилганча ғоз қотиб турганди.
У менга қараб жаврамоқчи эди, бироқ олдидан тез юриб ўтиб кетдим — тўғриси, унинг алмайи-алжайи гаплари жонимга теккан, бу сўзлар мен учун маънисини йўқотган эди Бу гал у анча чўкиб қолгандай, шаҳар оралаб юрган ўлим унинг ноқисо ақлида ҳам ниҳоят юз кўрсатгандай, жаврашлари ҳам олдингидай ғазабнок эмас, балки мунгли ва ҳасратли оҳанг касб этгандай эди; унинг жаврашлари менга тавба-тазарру қилаётган гуноҳи азимкорнинг минғирлашидай эшитилганди. Балким у мутлақо телба эмасдир, балким телбаликнинг кўчасидан ҳам ўтмагандир, балки бу хаёл жунбушидир, эҳтимол, ундаги жунун ўзи қурган шаҳар ва биноларга қарши ақл қўзғолонидир?! Нима бўлган тақдирда ҳам телба ваҳм, қўрқув, тўзон ва ўлат ҳукмрон шаҳарнинг уйқус иқрорига ўхшарди.
Мен худди онасига ўчакишиб, ерга ўтирганча биғиллаётган гўдакдек нуқул тақиқланган ишларни қилгим ва одамларнинг жиғига тегиб, тақдир билан ўйнашгим келаверганди. Икки томонига турли шаклдаги бинолар қуриб ташланган, ҳар муюлишга ранги кетиб қолган байроқлар илинган, гўё ўтмас шамширнинг тиғидай шаҳарнинг қоқ ўртасида тўшалиб ётган кўчалардан яёв кетиб борарканман, мени ҳар хир туйғулар чулғаб оларди — ҳозир ер ёрилиб тортиб ккетадигандай ҳар қадамда юрагим бир ҳаприқиб тушар — буларнинг ҳаммаси шаҳарга келиб орттирган васвасаларим эди — шунингдек, қанча юрмайин йўл ҳеч қачон тугамайдигандек, бутун умрим чангу-тўзон қоплаган бесамар ҳаётга ўхшайдиган мана шу йўлга изсиз-садосиз сочилиб кетадигандай туюлаверганди.
Бир куни химик хонамга кириб келди-да, кўзларини юмганча, «Ўлай агар ҳеч нарса тушунмаяпман, деди ва сўнг хона бўйлаб юра бошлади, «қаерга келиб қолдим ўзи?! Худди эртакка ёки қўрқинчли тушга ўхшайди. Кунига қанча одам ўлиб бораяпти-ю, лекин ўлимнинг сабаби нималиги ҳанузгача топилмаяпти. Ҳар куни мурда қиёфасидаги навбатдаги мағлубиятни учратиш жонимга тегди, ўзимиз ҳам мурдага айланмасдан бу ердан кетиш керак».
У тўғри айтаётган эди. Унинг ҳам худди ўзим каби ҳолдан тойганини, умидсизлик уни ҳам бешафқатларча чопиб ташлаганини сездим. Биз шаҳарда ҳеч бир ишни охирига етказиш мумкин эмаслигини, ҳамма ишимиз, текширишимиз охир-оқибат натижасизлик билан тугашини, шаҳардаги ҳар бир кўчада, муюлишда, уйда ўлимга маҳкумлик, номаълумлик пойлаб туришини ниҳоят тушуниб етгандик. Жуда ишонч билан келган кекса профессор ҳам кейинги кунларда сувга бўктирилган товуқдай бирдан тушкун бўлиб қолганди; ўзига, қудратига ишонган одамнинг тушкунликка тушиши жуда оғир кечади, у бизни тез-тез жеркиб ташлар, ўликларга ҳафсаласиз кўз югуртирар, энди олдинги кунлардагидай шаҳарнинг у четидан бу четига елиб-югурмасди.

Аммо ҳаммамиз туни билан ўларнинг сабаби нима бўлиши мумкин, дея баҳслашиб чиқар, профессор энди мунозараларга ҳам қатнашмас, саволларимизга қўл силкиб қўя қолар, мен унинг юзини қуюқ ўрмоннинг ичига кириб қолиб, энди ундан қандай чиқишини билмай ётган кишининг юзига ўхшатардим; дарвоқе, бу сирли ўлим бош-бошдоқсиз оқиб бораётган жилға каби бизни ақлимиз ҳам, шууримиз ҳам етмайдиган номаълум томонларга бошлаб кетганди. Балки шаҳардаги боши-ю охири ўлим билан тугайдиган ҳаёт бизни толиқтиргандир. Балки, қўрқинчли ва серғулу кунларимиздан бир маъно, бир мазмун излаб, туннинг сирли ва бепоён мамлакатини хаёл ва савол тулпорида кезиб юргандирмиз. Ўша пайтларда шундай ҳолатда эдикки, одам бўлиб ухлаб, эрталаб шерга айланиб уйғонсак ҳам унчалик ажабланмасдик: шаҳар ҳаёти тасаввуримиз қалъаларини буткул вайрон қилиб ташлаган, у ерда на чегара, на ҳудуд қолган, у ердаги деворлар кучли зилзила остида қолгандек бир-бир қулаб тушганди, баъзан кўксимизда юрак эмас, қатл ноғоралари гурсиллаб урилаётгандек, бир-биримизга қўрқув ва ҳасрат билан тикилиб қолардик.
Эрталаб мени химик уйғотди:
– Эй, Микиланжело туринг, профессор сизга мана бу нарсани бериб юборди.
Ўрнимдан туриб керишдим, қуёш чиқиб, кўчаларда тонгги салқинни ҳайдаб бўлган, ҳамма иш-ишига кетган эди. Нима у?
– Кеча бир телба ўлган экан. Профессор буни ўшанинг чўнтагидан топиб олибди. Шаҳарга тааллуқли бўлса керак деб жўнатибди.
Мен ўзимга касбдош бўлган телбани дарров эсладим.
– қандай телба?! қуйи кўчадаги телба эмасми?
– Ўша, — деди химик қўл силтаб. — Бечора тик турганча қотиб қолибди. Профессор ҳозир мурданинг ёнида. Ўзиям чўнтагида бир умр олиб юрган, чоғи, — у сумкасидан эзилиб, сарғайиб кетган харита нусха қоғоз чиқариб узатди. — Бу шаҳарнинг телбалари ҳам олим бўлади, шекилли.

Мен шошиб қоғозни очдим: аввалига ҳеч нарса тушунмадим. У чўзинчоқ, ясси шаклда чизилгшан, бир неча жойи доира ичига олиб қўйилганди. Уни уч-тўрт марта айлантириб, кўзларим ўзим кезиб чиққан кўчаларнинг белгиларига тушгач, ҳайрат ва даҳшатдан нафасим ичимга тушиб кетди; аввал кўзларимга ишонмадим; бошимни силкиб-силкиб яна қарадим; йўқ, кўзларим алдамаган эди ва мана шу бир неча сония ичида шаҳарда пайдо бўлган ўлатнинг туб сабабини англаб қолган эдим; титраб кетганимдан қўлимдан чизма тушиб кетди ва шу туришда узоқ вақт донг қотиб турдим. Шу куни қаерларда бўлганим эсимда йўқ, афтидан, чизмадаги кўчаларни ўз кўзим билан кўриш учун шаҳар айланган бўлсам керак — чизма айнан шу шаҳарнинг лойиҳаси эди. Яна шу эсимда-ки, мен текширув гуруҳидан эртагаёқ қайтиб кетамиз деб қатъий талаб қилдим. Энди тажрибаларидан натижа чиқишдан умид узган профессор ҳам гапимни маъқуллади:
-Барибир бу ерда ҳеч нарса қила олмаймиз. Кетганимиз тузук.

Ша ҳар бошлиғи аҳдимиздан қайтара олмади, унинг юзида ғолиб қўшиннинг яловидай зафарли истеҳзо пайдо бўлган, профессорнинг жиғига тегиш учун атайлаб бизни яна бир неча кун қолишга ундар, фарангларникига ўхшаш бу ўлатнинг сабабини топиш унчалик қийин эмас, деб товуш чиқариб минғилларди. У профессор устидан ғалаба қилганидан хурсанд эди. Аммо профессор унга ортиқча эътибор бермади: менинг ҳам, фаҳмимча бутун гуруҳнинг ҳам. Бу ўлакса анқиб ётган шаҳарда бир кун ҳам тургимиз келмаётганди. Биз шу пайтгача ўлим каби буюк ва ўлим каби ёвуз иқтидорнинг кўчаларини кезиб юрган эдик.

Эртасига шаҳарнинг улкан дарвозасидан чиқиб кетар эканмиз, мен бу манзилнинг мангу ўлимга юз тутганини, уни энди ҳеч ким қутқариб қололмаслигини, худди қуёш ботгандан сўнг ту келиши муқаррардай, тириклик қуёши ботган, кўчаларида ўлим ва телбалик кезиб юрган бу шаҳарга вайроналик ташриф буюражаги, узоқ йиллар ҳукм сурган эътиқод бирдан харобага юз тутгани каби бу шаҳар ҳам энди таназзул томон оғишмай кетажаги ҳақида ваҳм ва қўрқув билан ўйладим.

* * *

У хонамга кечқурун кириб кетди: жуда ҳорғин эди, кўзларида даҳшат аралаш жунун ўйнарди.
Бир неча кун ичида у муштдай бўлиб қолибди. Мен уни касал юқтирган чоғи деб ўйладим ва уйга таклиф қилдим. У хонам тўрига қўйилган курсига ўзини ташлади ва юзини қўллари орасига анча вақт яшириб ўтирди, сўнг худди ҳамма нарсани босиб янчиб ўтаётган бўрон каби бир телбавор оҳангда пичирлади:
– Бутун шаҳар тобут шаклида қурилганди. Мен буни лойиҳада кўрдим. Биз шунча кун тобутни кезиб юрган эканмиз…

ХАРОБА ШАҲАР СУРАТИ

Бу сурат хонамда қачон пайдо бўлди, қайдан келиб қолди, тўғриси,ҳозир аниқ эслаёлмайман, лекин мен бу суратни кўчадан, хиёбон бурчагига ўтириб олиб, ўтган-кетгандан садақа сўраётгандек ўзининг чизганларини арзон гаровга сотиб ўтирадиган арвоҳдай озғин ва серсоқол қандайдир қашшоқ рассомдан сотиб олган бўлсам керак деб ўзимни овунтираман; унга айнан қашшоқ, серсоқол, тўғриси, буни ҳам билмайман, балким қачонлардир соқол қўйишни орзу қилганим учундир! Сурат қўпол ва дағал дид билан чизилган, бўёқлар пала-партиш чаплаб ташланганди: гўё рассом суратларни ўзининг кийимидан андоза олиб чизгандай уларга ҳам унинг кўриниши каби умидсизлик ва тушкунлик ранглари ўтириб қолган эди.

Суратда ҳали меъёрига етмаган хира бўёқлар фонида вайронага айланган шаҳар бурдаланган жасаддек бўрттириб тасвирланганди. Суратдаги бирдан-бир менга ёқадиган манзара ҳам аслида мана шу хароба эди: бу шаҳарни ким вайронага айлантирган, ким уни ёқиб кул қилган, мен буни ҳам билмасдим, эҳтимол, рассомнинг ўзи ҳам билмагандир. У бозорбп ва одамларнинг эътиборини тортиш учун шунчаки хаёлига келган харобани чизиб ташлаган, таъсир ҳамда ваҳм бағишлаш учун манзарага қўнғир ва сариқ бўёқларни роса чаплагандир. Шаҳарнинг кўчалари ростдан ҳам шунчалик таҳликали тасвирлангандики, суратга қараб туриб, ҳозир мен турган хонага хам шаҳарни вайрон этган босқинчилар бостириб келса-чи, деган хавотирга тушиб қолардингиз: Суратга қараган сайин сизни бошингизга тушиб келаётган қиличдек бир ваҳима чулғар, худди қиш бўйи оч қолган саёқ итлар каби пала—партиш манзараларни кўтариб турган қўнғир бўёқлар тўсатдан юзингиздан қопиб оларди. Дуд буркаган кўчаларни вайрона бинолар босиб қолган, у ер, бу ерда али ўчмаган аланганинг тутуни осмону фалакка ўрларди. Кўнгилни ғаш қиладиган бу таҳлика ва таназзул билан бирга юракни орзиқтирадиган, қараган сайин яна қараверадиган қандайдир мавҳум маҳлиёлик сизнинг қалбингизнинг эшигини тинмай қоқиб турарди. Мен хона бўйлаб кезарканман, баъзан мана шу хароба шаҳар кўчаларида кезиб юргандай ҳис этардим ўзимни. Ростдан ҳам ўша пайтдаги аҳволу руҳиям билан бу хароба шаҳар ўртасида қандай ўхшашлик борлигини ҳи этардим, фақат бу қандайдир ўхшашлик эканлигини тўғриси, билмасдим. Мен суратдаги вайрона шаҳарга ўзимча Турсория деб ном қўйиб олгандим; нега айнан Турсория, буни ҳам ҳозир изоҳлашим қийин, эҳтимол, бу номда ҳеч қандай маъно йўқтир ва бу ном хотиржамнинг қайсидир бурчагида тун қўйнида лип этиб ёнган аланга каби ўз-ўзидан туғилгандир.

Турсорияни қай мақсадда харобага айлантиришган, нега унда тирикликдан дарак берувчи бирон гиёҳ ҳам қолдиришмаган, буни ҳам билмасдим. Мен фақат шаҳарнинг айнан Турсория деб аталишини жуда ҳам истардим. Қачонлардир гўзал ва улуғвор бўлган бу шаҳар атайлаб харобага айлантирилган деган шубҳа бойўғлиси дамо-дам менинг юрагимга келиб қўнарди. Аста-секин бу шаҳар мени буткул лол қилиб олди. Мен энди эртаю кеч фақат шаҳар ҳақида ўйлардим ва тушларимга кириб чиқарди бу шаҳар.

Суратга қараб туриб доимо дуд ва дан ҳидини туярдим: балким, менга шундай туюлгандир, аммо бу оддий тутуннинг ҳиди эмасди, мен бундай ачимсиқ ҳидни кўп йиллар аввал қишлоғимизга ёввойи айиқ қувлаб юриб келиб қолган бир гуруҳ овчиларнинг қурум босган милтиғида ҳис этган эдим ва суратдаги ҳид ҳақиқатан ҳам хозиргина ортлаган уйқум ҳидига ўхшарди: эҳтимол бу ҳид менинг димоғимда шаҳар ақл бовар қилмас хиёнат ва сотқинликдан сўнг вайрон этилган, деб ўйлай бошлагач пайдо бўлгандир?

Нима бўлганда ҳам Турсория бир қарашда кўнгилга ғулу солиб қўярди, бироқ бўёқлар оқимига тикилиб қарасангиз, шаҳарнинг тош деворлари бориб туташган тепалик узра қорачиқдай қизғиш шуълани кўришингиз мумкин эди: балки, рассом эҳтиётсизлик қилиб бу қорамтир ранглар ора бир томчи қизил рангни билмасдан тўкиб юборгандир, лекин суратни илк бор кўрганимда менга бу ранг энди отаётган тонгнинг илк шуъласи бўлиб туюлганди. Харобага қараб қанчалик таҳликага тушсангиз ва ўзингизни ўпирилиб тушаётган ғор ичида қолгандек ҳис этсангиз-да, бироқ барибир кўнглингизнинг бир четида бояги қизил рангдан пайдо бўлган бир тотли ҳис сизни бир муддат хушбахт қилиб қуярди. Суратда мени яна бир нарса ҳайратга солганди — харобалар ичра қурумга ботган увада харсанглар ортида кўзга зўрға ташланар-ташланмас бўлиб шунча ёнғину алғов-далғовдан сўнг ҳам ҳали бус-бутлигича тўхтаб қолган тегирмон парпари кўринарди: паррак ҳали мустаҳкам эди ва бу ўлик шаҳарга фақат шу парраккина умид бағишлаб тургандай эди. Тегирмоннинг эшиги, ён девори қулаб тушганди. Мен хона бўйлаб кезарканман, дафъатан сурат қаршисида тўхтар ва бирдан тегирмон паррагини айлантириб юборишни, шаҳарга оз бўлса-да ҳаёт бағишлашни жуда ҳам истаб қолардим.

Шаҳарнинг кенг тош кўчасида эса ранглар тўполони ора қоришиб қандайдир ғалати, таҳдидли улкан оёқ излари қолган эди. Суратга қараб турган одам издаги тажовузкорликдан сесканиб кетарди, гўё қандайдир, нозик ҳисларга тўла қалбни бир бетайин гап ёки ошкора ҳақорат билан топтаб, янчиб ўтганидек, бу излар ҳам шаҳарни бошдан охир атайин топтаб ўтганди: тўғрироғи, худди ярадор шерни кишанлаб қўйгандек асорат ёки
истибдоднинг излари каби кўнгилга талваса соладиган бу излар шаҳарни бошдан-оёқ занжирлаб қўйганди. Бу кимнинг оёғини излари, қандайин юраги тош одам қолдирган бу изларни, кўзи тушганларнинг кўнгилларида бир умр ҳилпираб турсин дея ким бу ўлик шаҳарнинг кўчаларига ваҳм ва қўрқув яловларини илиб чиқди, буни ҳам мен билмасдим, лекин ачон изларга кўзим тушса этим жимирлаб жунжикиб кетарди ва шаҳарни орат қилгани каби бу оёқ ҳар қандай қалбни ўйламай-нетмай топтаб ташлаши мумкинлигини ҳис этардим.

Бу ишлар шу даражада дағал ҳамда қўпол эдики, оёқларнинг эгаси қанчалар сурбет ва жоҳил эканлигини билиш учун изларга бир қараб қўйишнинг ўзи кифоя эди — гўё бу оёқ излари эмас, шаҳарга раҳна солган ёвуз кучнинг зуум ва таназзулдан дарак берувчи дағдағали муҳри эди. Бу излар ўлим ва ўлим истаб изғиб юрган қўшиндек вайрона узра намойишкорона чўзилиб ётарди. Бу оёқлар бир силкишда минглаб одамларни янчиб ташлашга, ўнлаб шаҳарларни вайрон қилишга қодир эканлиги шундоқ ботиқ ва зардали излардан кўриниб турарди. Кўчанинг четидаги қизғиш кўлмакда эса хийла катта, чорсидай байроқ тўшалиб ётаврди, бу — байроқдан кўра кўпроқ фоҳишанинг нахс босган исқирт тўшагига ўхшарди: байроқни ҳам эҳтимол, бу ерларга изнинг эгаси кўтариб ккелгандир? Балким Турсорияни айнан мана шу оёқ излари вайрон этгандир? Дарвоқе, Турсория орзуим ва хаёлимнинг олис, мафтункор манзилига айланган, мен кун-тун Турсория деган юртнинг кўчаларини саросар кезиш билан овора эдим.

Турсория мени қанчалик қизиқтирса, бошқаларни шунчалик ажаблантирарди. Улар тайинсиз бир рассомнинг фазлу иродаси билан вайрон этилган қандайдир Турсорияни деб ташвиш чекиб юришим сабабини тушунмасдилар ва буни шунчаки олифтагарчилик деб ўйлашар ёхуд ғирт сафсатага йўйишарди. Мен уларга Турсория ҳақида, унинг яшил боғлари, зангор осмони, туман қоплаган тош кўчалари, одамзотнинг қудратини намойиш этиш учун қурилган миноралари, шаҳардан узоқларда ҳам ҳиди уфуриб турадиган худди қизлари каби дуркун ва нафис гуллари, қирмизи тулпорлар миниб юрадиган йигитлари, хаёлдан кўйлак қилиб кийган қизлари, ҳилол билан бирга ҳилпирайдиган туғлари, саҳар чоғлари хўрозлардан ҳам олдин одамларни уйғотадиган азонлари ҳамда боланинг кўзлари каби тиниқ ва маъсум дарёлари ҳақида гапириб берар ва буларни Турсория бошқаларнинг ҳам эътиборини тортсин дея кўпинча ўзим тўқирдим. Бироқ менинг бу тажрибасиз ва тарқоқ қўшиним — болаларча чўпчакларим билан одамларнинг бефаҳмлик ва лоқайдлик деворлари ўраб олган, ҳеч нарса билан забт этиб бўлмас, тошдек қотиб қолган қалб қўрғонларини ҳеч қачон забт этолмасдим, аксинча, менинг юрагимдан сўзларга қўшилиб чопиб чиққан ҳаяжон ва умид оҳулари уларнинг бефарқлик кўпчиган кўзларининг тойғоқ қояларидан сакраб ўтолмай бир-бир қулаб тушарди. Ҳамиша гапларим уларнинг энсасини қотирарди. Мен танишларимни ҳеч қачон Турсорияга қизиқтира олмадим: бири иши кўплигини, бири бундай жумбоқларни излайдиган ёшдан ўтганини, бири Турсориядан ҳам муҳимроқ ташвишлари борлигини айтиб жўнаб қолар ёки мени ҳафа қилмаслик учунгина бош силкиб, бепарво тинглашар ва номига лунж шишириб қўйишарди. Уларнинг ҳаммаси менда Турсорияни билмай ўтаётганликлари учун ҳам бутунр умр ғафлат ўрмонини саргашта кезиб юрган сарсон одамлардек таассурот қолдирарди. Мен уларнинг кўзларида, юзларида ғофил ва тушкун яшашга маҳкум этилганларни кўрардим. Улар тирикликнинг мангу ва абадий қароқчиларидан қоча-қоча мана шу лоқайдлик в
а танбаллик салтанатидан паноҳ топгандилар ва улар қочиб кирган бошпаналардан ҳам ўзлари каби омонотлик ва харобалик уфуноти анқирди. Одамларнинг Турсорияни билмаслиги мени кўпинча ғазабга соларди. Шундай пайтларда мен умидсизликка ғарқ бўлганча ичкиликка ружу қўярдим — кўчада ярим маст ҳолда ккезиб юрарканман ҳаётнинг ташвишлари парчинлаб ташлаган бу одамлар кўзимга яна ҳам аянчлироқ, ғариброқ кўриниб кетарди, нега улар ўзларидан қолаётган, юзларида лов-лов ёниб турган харобани кўрмаяптилар деб ҳайқиргим келарди.

Жуда катта шов-шув билан бошланган сайлов олди учрашувларининг бирида муносиб номзод саналган таниқли ва кекса шоирдан ҳам тўсатданТурсория ҳақида сўраб қолгандим. Саволим шу даражада ғайритабиий чиқдики, бутун зал бир зум сувга чўккандай жимиб қолди, сўнгра ўзаро шивир-шивир бошланди. Ҳайъатда ўтирган ишончли вакиллар менга ғазаб билан тикилиб туришарди, уларнинг юзларида саросималик кемалари суза бошлаган эди, йиғилганлар мени номзодни атайлаб обрўсизлантириш учун шундай бемаъни савол берди деб ўйлашаётганди. Бироқ шоир саросимага тушмади, у менга тик боққанча бироз нописандлик билан:- Мен, тарих билан етарли даражада шуғулланган одам, сизни бемалол ишонтириб айтишим мумкинки, ҳеч қаерда ҳеч қачон Турсория деган юрт бўлмаган ва у вайрон ҳам этилмаган. Бу чўпчак ва уйдирмадир, — деди.

Зал гулдурос қарсак ичида қолди: менинг ноўрин саволимга жуда муносиб жавоб берилганди, яъни залдагиларнинг назарида шоир мени жангга кирмасданоқ тор-мор қилиб қўя қолганди. Аммо залда ўтирганларнинг ичида фақат менгина ўзимни мағлубиятга учраган деб ҳисоблай олмасдим ва кейинги пайтда мен қайлардадир Турсория деган юрт борлигига заррача шубҳа қилмай қўйгандим. Бўрон кутилаётган денгиз устида учиб юрган оқ чарлоқ каби мен ҳам вақт қуши билан мавжланаётган хаёлларим денгизи устида саргашта учиб юрардим, гоҳи қайсидир томонлардан ёвуз шамоллардан қочиб келган муштипаргина ёз ёмғири менинг хаёлпараст кунларимнинг устидан томчилаб ўтиб, уларни абадият сари етаклаб кетарди.Иттифоқо, у ҳам гарчи тушунмайди деб ўйласам-да, таваккал қилиб, Турсория ҳақида илмий раҳбарим бўлмиш профессорга гапириб бергандим. Бироқ профессор ҳеч бир ажабланмади, ҳатто менга бошқалардек синовчан тикилиб ҳам қўймади, юмшоқ оромкурсига чўкканча қон кўпчий бошлаган ҳорғин кўзларини тикди.- Ҳа, — деди у бироз жимликдан сўнг мутлақо мен кутмаган хайрихоҳ оҳангда. — Менинг ҳам қачонлардир шундай суратга кўзим тушганди, мени ҳам шунга ўхшаш сурат ўзига ром этиб олганди, — у худди алвасти хотинга ўхшайди, сени мафтун қилиб қўяди-ю, ўзини кўрсатмай устингдан кулиб юраверади. Лекин мен тезда бу касалдан қутилиб олдим ва шундан сўнг ҳаётимда бирон марта ҳам керак бўлганини эслай олмайман, сизга ҳам шуни айтмоқчиманки, ўз ишингиз билан шуғулланинг, бу суратни унутинг, қасам ичиб айтаманки, Турсория сизга ҳаётингизда ҳечам керак бўлмайди, аксинча турсория-пурсорияларсиз яшаш осон ва қулай.

Профессорнинг ҳам қачонлардир мени қийнаган саволлар қийнагани ва у ҳам Турсория каби унут шаҳарни излагани мен учун янгилик эди, бироқ мен унинг хулосаларидан даҳшатга тушдим; наҳотки Турсориясиз яшаш мумкин бўлса? Профессор шунча вақтдан бери Турсориясиз қандай яшаб юрибди? Мен унинг юзига ялт этиб қарадим ва профессорнинг юзида ҳам хонамдаги суратда ҳис этган хароба шаҳарнинг аксини кўриб бир зум тошдай қотиб қолдим. Йўқ, бу ерда ҳеч қандай рўё йўқ эди, профессорнинг қисилган нурсиз кўзларида, ажин босган қаримсиқ юзида, аламзадалик ва иззатпарастлик акс этган лабларида мен бу харобани аниқ кўргандек бўлдим.

Унинг ҳаёти давомида эришган барча муваффақияти, жилд-жилд китоблари, мукофоту ёрлиқлари, шуҳрати-ю, шавкати — ҳар бири бу харобани тасдиқловчи рад этиб бўлмас далолатлар эди. У ҳаёти давомида орқа-олдига қарамай кўриб кетаверган ва бир куни ўзи яратган шаҳарни кўриш, у ерда бирпас тин олиш учун изига бурилса, фақат вамли мунғайиб турган харобаларнигина кўрган. Менинг назаримда, у асли ўз умр шаҳрини қурмаган, акёёёёёсинча вайронага айлантирган эди, бу нақадар даҳшат деб ўйлагандим мен профессорнинг олови ўчган ўчоқдек тафтсиз кўзларига қараб туриб.

Излаган нарсасини тополмаган, дея охири асли мен ҳеч нарса изламаганман, дея ўзига-ўзи тасалли бера бошлаган, бироқ бу тасаллидан кўнглининг жуда катта қирлари ва қўрғонлари ўпирилиб тушаётганини билган, умри хазонлик сари юз тутган одамнинг юзигина ана шундай кўказак ва жиззаки бўлади. Унинг қатъий ва совуқ хулосаси мени бир зум сархуш қилиб қўйди, гўё бу хулосага ўткир афюн нави сингдрилгану у мени карахт қилиб ташлаган эди.Профессор менга илмий ишимга оид кўпгина йўл-йўриқлар ва янги чиққан адабиётлар рўйхатини берди ҳамда мени ҳар доимгидай бекатгача кузатиб қўйди. У серилтифот, мулойим, қувноқ эди ва менинг Турсорияни унутиб юборишимга, бу шунчаки ёшликда бўладиган қизамиқдай ўткинчи касаллик эканлигига, ҳамма нарсани унутиб, шу ой ичида илмий ишимни тахт қилиб, қўлига топширишимга заррача шубҳа қилмасди. Бироқ мен унинг гап-сўзларига ва хатти-ҳаракатларига қараб туриб, яна бир нарсани англаган эдим: у ўзининг бой берилган умри билан мени Турсория сари чорларди. Унинг нурсиз кўзларида ва қорачуғларида ўзи боролмаган, йироқ сафарга жўнаб кетаётган ўғлининг изидан тикилиб қолган отанинг нигоҳи ёки янги саргузаштлар излаб олис саёҳатга жўнаётган кеманинг энди ҳилпирай бошлаган елкани янглиғ бир умидбахш чорлов акс этган эди: у менга саф-саф қўшин билан дунёни забт этаман деб кетиб, орадан йиллар ўтгач ёлғиз ўзи тушкун ва умидсиз қайтиб келган мағлуб қўмондонни эслатганди. Хонамга келиб хароба шаҳар сурати билан профессорнинг умрини қиёслагач, мен бунга яна ҳам кўпрокқ амин бўлдим ва ҳамма нарсани — профессорнинг ўгитини ҳам, ўзини ҳам унутдим. Гўё суратдан қандайдир довул кўтарилиб чиққандию, профессор менинг миямдаги торларга ишонч билан илиб қўйган, ғози кетган кўйлакдек яроқсиз бўлиб қолган ўгитлар ва насиҳатларни қайларгадир учириб кетганди.

Шундан сўнг мен профессор билан бошқа кўришмасликка, унинг юзидаги харобаликни кўриб кўнглимни яна бузмасликка аҳд қилдим. Мен энди фақат сурат ва ўзимнинг Турсория ҳақидаги хаёлларим билан ёлғиз қолган эдим. Бу сурат нима ўзи, нега у менинг ақлу шууримни банд этиб олди? Эҳтимол, бу сурат бузилган ва ёвузлашган дунёдан мен каби бир мазмун, бир маъно излаб ўтган одамнинг самарасиз умр ҳақидаги ўкинчларидир? Эҳтимол, умр қалъасининг бузилган деворлари ичра тутаб ётган юракнинг аламнок дудларидир?! Ким билади, шундай ҳам бўлиши мумкин-ку! Суратга қараб турар эканман мени дафъатан бир ҳис қоплаб олди: ростдан ҳам бу суратни қандайдир ёт бир рассом чизганмиди ёки уни менинг ўзим чизиб, ўзим сиғиниб, ўзим ваҳимага тушиб юрдимми: Ва суратдаги шаҳарни ҳам менинг ўзим вайрон этдимми?!Бу шубҳани менда биринчи марта рўзномачи дўстим уйғотганди. У билан кечки пайт учрашиб қолиб, бизникига келган вва ҳар хил нарсалар ҳақида гапира туриб, унинг кўзлари бирдан суратга тушиб қолганди. Суратни кўчадан сотиб олганимни айтдим. У менга бир зум синовчан тикилиб турди.- Яширмай қўя қол, бу суратни сенинг ўзинг чизгансан, тасвирда сенинг услубинг кўриниб турибди, — деди. — Чунки фақат сенгина дунёни мана шундай аянчли манзаралар ичида кўрасан. Одам қандай ўйласа, шундай ёзади, аслида ҳам ҳар бир одам ўз умрининг рассомидир. Бу суратда сенинг умринг акс этиб турибди.Унинг гап оҳангида бироз масхара бор эди, у ҳамиша мен билан бир поғона юқори туриб гаплашарди. У менинг ўттиз ёшга кириб ҳам бирон ишнинг бошидан тутмаганимга, кўпроқ омадсизлигимга ишора қилаётган эди: ўзи ҳеч қачон омадсизлик кўчасидан ўтмаганди — ёзганлари узлуксиз босилиб турар, баъзан унга мукофот ҳам бериб қолишар, рўзномачилар уни энг қобилиятли ва жасоратли ёшлардан деб ҳисоблардилар. У билан тортишиб ўтирмадим ва унга Турсория ҳақида гапириб бердим.- Нега бошқалар бу нарсага эътибор беришмайди, ҳайронман, — дедим гапимнинг охирида. — Аслида бу ҳаммага кўриниб турган ҳақиқат. Кимга Турсория ҳақида гапирсам, елка қисиб менга насиҳат қилиб жўнайди.- Бу ҳам манови суратга ўхшаган нарса, — деди дўстим яна шартта гапимни бўлиб, менга ачинган кўзларини тикиб бориши чайқаб қўяркан. — Сен хонангдан манави бузунчи суратни чиқариб ташла. Шу сурат таъсирида ҳамма нарсани кимдир ва нималардир вайрон этган деган хаёлга борадиган бўлиб қолибсан. Мен жуда катта тарихчи олимлар билан танишман, лекин улар оғзидан бирон марта ҳам Турсория ҳақида эшитмаганман. Аслида ҳам Турсория сенинг хаёлингдан бошқа ҳеч жойда йўқ бўлса керак. Сен кейинги пайтларда васвасачи бўлиб қолибсан. Яхшиси, менинг олдимга кўчиб ўт, ҳар қалай, икки киши бўлиб яшаса кўнгил ёзилади.

Мен ғазабдан унга бақи….юборишдан ўзимни зўрға ушлаб қолдим. Уни бекатгача кузатиб қўйдим. Ўша кечаси Турсорияни излаб топмасам бўлмаслигини англадим. Уни мана буларга, менинг устимдан кулганларга, таниқли шоирга, машҳур профессорга оламда Турсория деган юрт борлигини билмай яшаб келаётганларга ўчма-ўч излаб топишим керак, деб ўйладим. Мен Турсориясиз яшаётган профессорга ҳам, рўзномачи йигитга ҳам ачиниб кетдим: назаримда, осмон қуёшсиз яшай олмагани каби одам Турсориясиз яшаши мумкин эмас эди.

Турсория мени яна ҳам кўпроқ қизиқтира бошлади ва мен жилд-жилд китоблар ёзган, лекин кмри бир варақ қоғозга жо бўладиган профессорнинг ўгитлари, газетасини ёлғон-яшиқ уйдирмалар билан тўлдириб юрадиган рўзномачи дўстимнинг таъналаридан сўнг Турсорияни қаердан излашни билардим: афтидан, Турсория профессор умри давомида четлаб ўтган соҳилда қолиб кетганди ва менинг бундан буёнги ҳаётим Турсорияни излаб топишимга боғлиқ эди.Яна бир нарсани билардимки, Турсория мен ҳали дунёга келмасдан бурун вайрон этилган ва мен бу дунёга ташриф буюрган кунимдан бошлаб мана шу хароба шаҳарда яшашга, унинг вайрона кўчаларида сарсону саргардон кезишга мажбур бўлгандим.Турсория менга ҳеч тинчлик бермай қўйди; денгизда адашиб юрган кемани олис-олисларда кўринган маёқ ўзига чорлагани каби у ҳам мени ўзига чорларди.

Гўё умримнинг муқаддас тиғидай у ҳар тонг ва ҳар кеч бошим узра ҳилпираб турар, китоблар, одамлар, шубалар, гумонлар, таъналар, ўгитлар, умидсизлик, тушкунлик билан бўлган ҳамда бўлажак жангларда мени руҳлантирар, узоқ айрилиқдан сўнг сизни кутиб олиш учун йўлга чиққан ва сизни узоқдан кўриб дуррачасини силкитаётган қиз каби харобалар орасидан менга қараб қўлларини силкитарди.

Бир вақтлар бахт ва истиқбол йўлида ҳижрат этишларидек мен ҳам рагимнинг руҳсиз санамлари, маъбудлари қалашиб ётган водийсидан увиллаб ётган, худди ақлу идрокнинг вайронасидек юрагим деворида осиғлиқ турган бу хароба шаҳарни эртанги кунимни яратганим каби қайта тиклашим, тўхтаб қолган тегирмон паррагини юрдириб юборишим керак эди.Кечқурун менга таниш профессор қўнғироқ қилди:- Менга қаранг ука, сиз Х.ни танир эдингиз. Эҳтимол, турар жойини ҳам биларсиз? Икки ойдан бери ҳеч бир хабар йўқ. Илтимос нима гаплигини аниқлаб келсангиз. Агар шу ерда бўлса, менга зудлик билан учрашсин…Гап оҳангидан унинг жуда хавотирланаётгани сезилиб турарди. Мен уни юпатдим: «Ўзи қароқ йигит эди. Юрган бўлса керак. Унақаларни жин ҳам урмайди». У мендан розилик олгач, душанба куни учрашадиган бўлдик.Эртасига мен қачонлардир — уч-тўрт йиллар чамаси олдин борган уйни зўрға топиб бордим. Эшикни кўзлари салқиб қолган, кишига доим шубҳа билан тикиладиган жуҳуд чол очди.

Ниҳоят, — деди у истеҳзоли товушда бошини чайқар экан, — кетганига қирқ кундан ошди, энди йўқлаяпсизларми:! Зап одамлар борда дунёда, тўсатдан ўлиб қолсанг, суягинг чириб бўлгач йўқлаб келишади! Ҳа, айтгандай, ким келса, мана шу хатни бериб қўйинглар деб айтганди.

Хат бир парча сарғиш тусли қоғозга ажи-бужи қилиб, шошиб ёзилганди:«Мен Турсорияни излаб кетдим. Мени ахтариб ўтирманглар…» Мен бирдан даҳшатга тушдим: яқинда бир шоир ҳам деворга «Мен сўз излаб кетдим» деб ёзиб, ақлдан озиб қолганди.- Нима гап экан? — сўради уй эгаси менинг юзим оқариб кетганини кўриб.- Ҳеч гап йўқ. У ўзини излаб кетибди, — дедим изимга қайтарканман.

ШАРПА

Хонангдаги шарпани сезиб қолганингга анча бўлди. Унинг шарпа эканига энди иймонинг комил эди. У гоҳ ғуслхонада, гоҳ китоб ўқиб ўтирганингда, гоҳ хаёл суриб ётганингда шундай ёнингда пайдо бўлар, совуқ кўзларини сенга тикиб турганини сезиб қолардинг. Дастлаб мен шундай туюлаяпти деб, ўйладинг. Аммо худди саробдай ёнингда шовур ва жимирлашни сезгач, унинг шарпа эканига шубҳанг қолмади. Ёлғиз қолдинг дегунча у, тўғрироғи, унинг шарпаси пайдо бўлар, у қайдан келади, қайдан пайдо бўлади, билмасдинг. Лекин ёлғиз қолсанг, хонада важоҳат билан кеза бошларди. Албатта, сени ғафлатда қолдириш, сўнг бирдан ташланиш учун пайт пойлаб юрганини, худди бошингда қилич осилиб тургандай унинг пайдо бўлиши сен учун хатарли эканини, унинг ҳар бурчакда ва ҳар хилватда, ҳар қадамда мавжуд эканлигини ҳис қилиб турардинг. Қўлингга бирор тиғдор қурол ушлаб, хоналарни зимдан кузатар, қаерда шарпа сезсанг, ўша томонга ташланар, аммо шарпа жуда маккор, у лип этиб орқангга ўтиб олар, сўнг сенинг хотиржам бўлишингни кута бошларди. Унинг хонангда нафас олаётганини ва сенинг вужудингда пайдо бўлган қўрқув билан бирга кундан-кун каттариб-семириб бораётганини ички хавотир билан сезар, бу шарпани ўлдиришим шарт дея аҳд қилар, у тирик экан, тинчлик бўлмайди ва бир куни у мени ютиб юбориши мумкин, дея ваҳимага тушардинг. Унинг тиши борми ёки заҳарлими, ё бўлмаса Африка илонларига ўхшаб фақат бўғадими, буни ҳам билмасдинг. Билганинг шуки, бу шарпа мавжуд ва у сенга ташаланиш учун қулай пайт излаб юрибди, дея ўйлар, бу фикр сени баттар ваҳимага соларди. Унинг жуда айёр ва маккор эканлиги шундан маълум эдики, агар уйингга биров келса, у сездирмай, қайгадир беркиниб оларди. Шарпа икки кишига ҳужум қилиш қалтис эканини жуда яхши биларди, чоғи. Агар меҳмон бир ҳафта ё икки ҳафта яшаб қолса, у шунча вақт мобайнида ўзи намаён қилмасди. Бироқ меҳмон кетиши биланоқ у яна сени таъқиб қила бошларди. У пайдо бўлганда елкангда унинг нигоҳини туяра, негадир уни суякларинг ва теринг жуда қизиқтирса керак деб ўйлардинг. У сени якка ҳолда даф қилишга уринарди; гўё у ҳам бутун дунёдан кўнгил узиб, худди эски кема энди ортиқ сузолмаслигини билиб, ҳалокатга юз тутгани каби ёлғизликка юз тутганингни билгандай, айнан шунинг учун сени бу узлат ва осойишталикдан қувиб чиқармоқчидай эди. Ойлар ўтиб, бу маккор шарпа хонангда ваҳима чироғини ёқиб бўлганда ва сен бу чироқ шуъласида ожиз, афтода ва ташландиқ алфозда кезиб юрганингда, шарпа яна ҳам ваҳший, ҳайбатли, бетакрор қўрқув манбаи бўлиб туюлар, сен эса уни хонангдан ҳайдаб чиқариш учун беҳуда уринардинг. Ортиқ бундай яшай олмасдинг. Сени кўрганлар нега бунчалар озиб кетдинг, дея сўрар, бироқ уларга шарпа ҳақида ҳеч нарса дея олмасдинг, аммо ростдан ҳам гўё қуриб-қовжирашга юз тутган дарахтдек кунма-кун озиб-тўзиб борар, баданингдан заҳиллик, хазон ҳидлари анқий бошлаганди, хаёлинг пароканда, ичинг бўшаб қолган, у ердаги бўшлиқни шарпа ваҳимаси-ю, вас-васаси тўлдирганди.
Бир куни уни қайдан бўлмасин излаб топишга аҳд қилдинг. Қўлингга ханжарни тутганча аввал бурчакларни, сўнг ошхона ва ювиниш хонасини излаб чиқдинг. Унинг нафасини аниқ эшитиб турардинг, лекин қаерда эканини билиб бўлмасди. Эски кийимларингдан тортиб, стол тортмаларигача титкилаб чиқдинг. У ҳеч жойда йўқ эди. Охири излайвериб ҳолдан тойдинг. Шунда сенга бирдан у шарпа жавондаги китболар ичига яширингандай туюлди; икки-уч китобни олиб варақлаб, бунга шубҳа қилмадинг. Китобда унинг излари қолган эди. Изқуварликни бас қилишга тўғри келди. Чунки барча ҳаракатларинг зоя кетганди. Уни топиш учун ҳар бир китобни бирма-бир варақлаб чиқиш керак эди. Бунинг эса сираям иложи йўқ, бир ой ўтириб изласанг ҳам у шарпани барибир тополмасдинг. У китобдан китобга ўтиб юраверарди. Сен у шарпа билан бир хонада яшаб туришга мажбур эдинг. Лекин унинг таъқиби борган сари кучаяр, кечалари ҳам ухламай ҳушёр ётишингга тўғри келарди. Баъзан ҳаддан ташқари ваҳима чулғаб оларди. “Ҳой, сен шарпа, — дердинг унга товуш чиқариб, — сен мени алдай олмайсан, қайсидир бурчакда мени пойлаб ўтирибсан. Сенинг ниятинг менга маълум, шунинг учун мени доғда қолдиришинг қийин. Кел, яхшиси, менинг хонамни тарк эт, кет, менинг хонамдан. Мен осойишта ва тинч яшашни истайман”. Бироқ шарпа ҳужрангни тарк этмасди. У қайсидир бурчакка ўлжасини пойлаб турган мушукдек пусиб олар, сени ғафлатда қолдириш сониясини кутарди; бу сония ҳар қандай дамда содир бўлиш мумкин, сен қандай содир бўлганини билмай қолишинг ҳам мумкин. Сен шарпанинг шакли-шамойилини кўрганинг йўқ, фақат таъқиб этилаётганингни ва таъқиб этишаётганини ҳис қилиб турардинг. Сенинг безовта бўлишингга, шарпа ҳақида ҳар хил хавотирга боришингга шунинг ўзи етади деб ўйлардинг. Фақат уйда эмас, ҳамма жойда ишда, йўлда, томошахонада, меҳмонда, қаерда бўлма, ўша ерда сени нимадир, кимдир таъқиб қиларди. Таъқиб адоқсиз, сўнгсиз эди. Сен бирдан бу таъқиб туфайли ақлдан озиб қолсам керак деб ўйлардинг. Сенга ҳар доим, ҳар лаҳза қандайдир тожавузкор нигоҳ тикилиб тургандай туюлар, у сенинг ҳар бир ҳаракатингни кузатиб турар, гўё сен қаттиқ қўриқланаётган ва баланд деворлар билан ўраб ташланган, қачон озод бўлишинг, қачон деворлар қўпорилиши, қачон сени қўриқлаб ётган посбонлар кетиши номаълум мангу маҳбусликка ва эрксизликка маҳкум этилган қўрғонга ўхшардинг ва бу қўрғон деворларидан ошиб, ёт бир назар ҳеч қачон ичкарига тушиши мумкин бўлмагани каби сенинг ҳам хавотир ва шубҳалардан дилдираб турган таҳликага маҳкум ичкарингга ҳеч ким шарпани четлаб ўтиб киролмас, аксинча, кунма-кун шарпа таъқиби кучайиб, сени ўзининг ожиз ва забун асирига айлантириб борарди, зеро, шарпа энди хонангда сездирмай ўз салтанатини ўрнатган, сенинг ўзинг яккаю ягона фуқороси бўлишингга қарамай, бу салтанатга ёт бўлиб қолгандинг ва ёт бўлиб борардинг. Шарпа ваҳми эгаллаб олган шууринг энди сени ўз мулкидан аста-секин худди ёт қўшинларни мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқараётган лашкардек ҳайдарди. Сен ўзингдан ҳайдалардинг. Юрагингнинг қайси бурчагига боқма, у ерда сени беўхшов ва жонҳалок шарпа ваҳми кутиб олар, сен хотиржамлик деразасини қанчалик урма, сени ичкарига киритмасдилар. Сен шарпа ҳақида ўз танишларинг, яқинларингни хабардор қилиш зарурлигини англадинг. Балким кўплашиб шарпадан халос бўлиш чораси топилар? Шарпа ҳақида биринчи бўлиб гапирган дўстинг сенга ажабланиб тикилди- у сени уйдирма қилаяпти деб ўйлаганди. Бироқ кўзларингга боқиб, ёлғон гапирмаётганингга ишонди ва бир неча ҳафта сен билан бирга яшашга, шарпани ўз кўзлари билан кўришга рози бўлди. Кечқурун у хонангда қурол-яроғ-тўр, олов пуркагич, арқон билан пайдо бўлди ва ваъда берганидай сен билан бир неча ҳафта бирга яшади. У сени ухлатиб, тунлари бошингда қоравуллик қилар, яроғларни шайлаб турарди. Бир неча ҳафта дўстинг уйқусизликдан озиб-тўзиб, абгор қиёфага кирди. Сен унинг садоқатидан ичингда ғурурланардинг. У тунлари ҳар бир хилватни пойлаб тонг оттирар, эрталаблари уйғонар экан, унинг уйқусизликдан кўзлари қизарган, қуролини қўлида маҳкам қисганча, эснаб ўтирган ҳолатда кўрардинг. Охири унинг ҳафсаласи пир бўлди. Асбоб-анжомини жойлаб, жўнаб кетар экан, сенга ачиниш ва бироз мазах акс этган кўзларини тикди.
-Биласанми,- деди у эшик олдида сенинг хайрлашишиш учун чўзилган қўлингни қаттиқ қисар экан.- Бу уйда сенинг ўзингдан бошқа ҳеч қандай шарпа йўқ. Шарпа сенсан!
Дўстинг ўлжасиз қайтаётган овчидай зарда билан катта-катта қадам ташлаб сени яна ёлғиз ташлаб кетди. Шунча пайтдан-дўстинг билан бирга яшаётгандан бери сасини ҳам сездирмаган шарпа эшик ёпилиши билан яна елканг оша сени пойлашга тушди: сен ғайри шуурий тарзда унинг пайдо бўлганини сездинг. Дўстингнинг гапларидан сўнг сен шарпа ҳақидаги гапларингга ўзингдан бошқа ҳеч ким ишонмаслигига ва бу шарпа фақат менга кўринишга ва фақат мени маҳкум этишга мустаҳиқ этилган деган қарорга келдинг ва бошқа бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демасликка ва кулгу, масхарага қолмасликка қарор қилдинг.
Сен кечалари туш-у ҳуш аралаш ихрашларни, шовурларни эшитиб қолар экансан, унга қарши чиқишга ўзингда ҳеч бир умид қолмаётганини сезардинг. Барча умидларингни шарпа ваҳми ўғирлаб олганди. Бироқ сен ўзингнинг хонадан бутунлай суриб чиқарилмаслигинг учун товуш чиқариб, унга уруш эълон қилар, бу уруш эълон қилишдан кўра кўпроқ таслим бўлишга ўхшарди. Сен шарпани енгиш ва хонангдан ҳайдаб чиқариш учун ички бир жасорат топишни истар ва шу истаккина сени ҳаёт билан боғлаб турарди. Аввалига сен у шарпанинг жисми ва шамойилини аниқлаш учун ҳар хил тажрибалар ўтказдинг. Ойна олдида соатлаб елканг оша тўкилиб турган зулматга боқиб турар, зора кўзгуда унинг шамойили кўриниб қолса дея умид қилардинг. Аммо шарпа сендан айёрроқ чиқди, у ойна олдида ўтирганингда бирон марта кўзга ташланмади, сенга ҳужум ҳам қилмади. Бу тажриба натижа бермагач, энди шарпани ҳайдаш ва чўчитиш учун сени олис болалигингдан бери ҳалигача тарк этмаган одатингга кўра деворга қушларнинг суратини чиза бошладинг. Сен бу суратлар билан ўзингнинг ҳали тириклигингни ва яшаётганлигингни, сени ҳали ҳам ҳайрат ва шавқ тарк этмаганини шарпага кўрсатиб қўймоқчи эдинг. Суратларинг аввалига анча беўхшов чиқаётганди, бора-бора қушларнинг суратини чизишга шунчалик устаси фаранг бўлиб кетдинг-ки, хонангга тўсатдан келиб қолган киши сурат эканлигини билмаса, девордаги расмини кўриб, қуш учиб юрибди деб ўйлаши мумкин эди. Сен хонада ёлғиз қолмаслик, шарпага буткул асир бўлмаслик учун хонангни қушлар суратига тўлдириб юбординг. Энди қушлар ерда, деворларда, шифтда, тўшакларингда, ошхонада учиб юришарди, улар эркин ва озод эдилар. Сен уларнинг эмин-эркин парвозини кўриб, қувонардинг. Қушлар гўё сен эришолмаган ва бир умр орзу қилган манзаранинг бир парчаси эди; уйинг оқ чағалайлар уя қурган ва парвоз қилиб юрган денгиз ўртасидаги ёлғиз ва мағрур қояга ўхшарди. Қушлар парвози ва қийқириқлари билан денгиз шовуллаши қўшилиб, ажиб бир гўзаллик пайдо қилар, денгиз чайқалар, қушлар тинимсиз қанот қоқарди.
Бир куни қушларнинг галалаб учиб юриши ҳам сенга ҳалақит бераётганини англадинг, хусусан, сен тасаввур қилган шарпа олдида бу қушлар митти ва ожиз эдилар. Шунда барча қушларни ёқиб ташлаб, тўғри деворнинг ўзига хонангни тўлдириб турадиган улкан қушнинг суратини чиздинг. Чизиб бўлгунча улкан тошга улкан қуш аксини ўйиб солган ҳайкалтарошдек ҳориб-толиб қолдинг. Лекин бу ҳорғинлик лаззатли ва фароғатли эди. Қушнинг қанотлари парвоздагидай кенг ёйилган, кўзларида қатъият ва жасорат акс этарди; у шу учишида бутун ер юзини кўтариб учадиган шаҳди бор эди гўё; уни парвоз ва эркидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмас, у ҳамма нарсадан юксак ва баланд эди. Сенинг-ча уни ҳеч ким ер юзига тортиб туширолмас, парвозидан, эркидан айро қилолмасди; сен қушга қўшилиб, осмонларда учиб юрардинг, ерга қайтиб тушишини истамасдинг. Учиш нақадар завқли ва фароғатли эди. Сен бепоён кенгликда озод ва эркин учиб юрар, юксакликда сенга ҳеч ким дахл қилолмас, ваҳм, қўрқув, ташвишлар, ҳаммаси пастда қолиб кетганди. Сен ўз хонангнинг ва ўз орзуларингнинг қушига айланиб қолганингдан бахтиёр эдинг; уни тўшакда чўзилиб ётганча соатлаб томоша қилар, қушнинг учқур ва бақувват қанотлари хаёлингга парвоз, ўзингга куч ва далда берарди. Бироқ бу қувончинг узоққа чўзилмади; бир куни тонгда кўзингни очганингда қушни қанотлари тўзғоқ, афтода ва забун ҳолатда кўрдинг; унинг патлари хонада тўзиб ётар, ўзи эса жонсиз ва ҳаракатсиз эди; қанотлари юлиб олинган бу қушни кўрганингдан сўнг тунда ухлаб ётганингда шарпа билан мардонавор олишиб ҳалок бўлганини сездинг. Қуш шарпадан сени ҳимоя қилиб, тонггача курашиб, кейин жон таслим қилганини англадинг. Шарпа сенга ўзининг куч-қудратини намойиш қилиш учун ҳам қушни шафқатсизларча ғажиб ташлаганди. У сенинг ёлғиз умидингни ҳам сўриб олишни истаганди. Шарпани енгадиган, уни хонангдан ҳайдаб чиқарадиган куч йўқлигини намоён қилмоқчи бўлганди; бироқ сен бу марта умидсизликка тушишни эп кўрмадинг. Қушнинг ўлими сенда яна умид, қандай бўлмасин ўзингнинг мавжудлигингни, мавжуд бўлиб қолишингни, сени эгиш, бўйсундириш, муте қилиш осон эмаслигини исботлаш истагини уйғотганини шарпа билмасди. Қуш мардонавор ўлими билан сенда қандай бўлмасин шарпага қарши курашиш туйғусини пайдо қилганди. Шарпа эса ёлғиз қолдинг дегунча хонангда кеза бошлар, тунда, айниқса, у яйраб кетарди. Бу эса сендан ҳеч қачон ғафлатда қолмасликни талаб қиларди. Шунинг учун сен хонангдан зулматни ҳайдаб, ҳамиша ёруғ бўлишнинг йўлини ахтара бошладинг. Бу йўлни охири топдинг ҳам. Хонанг шифтига кўм-кўк мовий осмон ва порлаб турган қуёшнинг суратини чизиб қўйдинг; осмон бепоён ва гўзал эди, қуёш эса кеча-ю кундуз ҳеч қачон бу ерларга тун, зулмат келолмаслигидан дарак бериб, порлаб турарди. Сен ўзингнинг кичкина осмонингни ва қуёшингни топган эдинг; хонангда осмон ва қуёш пайдо бўлиши билан шарпа ғойиб бўлди, ниҳоят сен ғалаба қилдинг. Шарпа енгилган эди. Сен шарпадан абадий қутилганингга шубҳа қилмасдинг. Шарпа доимо қуёш нурларига ғарқ хонангга ҳеч қачон ташриф буюролмасди. Шарпа қуёшдан ва осмондан қўрқарди. Сен эса тўшакда ётганча шундай қўл узатса етадиган осмонни, қуёш нурларида ҳам элас-элас кўзга ташланаётган олис юлдузларни томоша қилиб, завқланиб ётардинг. Осмонга яқин, осмон билан бирга яшаш қандай лаззатли эди! Қандайин дилбар эди. Аммо сени бахтсизлик кутиб турганини хаёлингга келтирмасдинг. Ўша куни уйга қайтиб, хонанг зулматга чўкканини кўриб, инграб юбординг. Шарпа қуёшни қопқора бўёққа бўяб қўйган, осмон эса зулматда кўринмай қолганди. Зулмат ичида хонага киришинг билан сени жангга ундовчи шитирлаш эштилди – бу шарпа эди; у сенга оч, ёвуз кўзларини тикиб, уй бурчагида турарди. Энди уни аниқ кўриб турардинг. У зулматга ғарқ бўлгани каби ё зулматнинг бир қисми каби зулмат ичида ғимирлар, озурда, телба, аламзада ва харрос ҳолатда эди; сен уни бир зум кўрдинг-у шу он у яна кўздан йўқолди. Энди у тун-у-кун хонанг бўйлаб тинимсиз кезиб юрар, сени ғафлатда қолдириши учун пайт пойларди. Сен энди маҳкум эдинг, энди у билан бирга бўлишга, унинг ёвуз хавотири ва таъқиби остида бир умр яшашга маҳкум этилгандинг. Гўё тарозининг икки палласидай, шарпа ва сен, бир-бирларингни гоҳ у сени, гоҳ сен уни таъқиб қилиб, сонияларни, лаҳзаларни, дақиқаларни, кунлар ва ойларни қувлаб яшар, шарпа сенга берилган умр тугагунча, ё сен шарпани ё шарпа сени буткул енгмагунча таъқиб ва ваҳм оғушида, у чизиб берган зулматга ғарқ этилган юлдузсиз осмон остида яшашга мустаҳиқ этилгандинг.

ИСТИЛО

У уч кундан бери туз тотмаган, тобора ҳолсизланар, кўнгли айнимоқда эди. Сўл хиёбондаги таъқибдан сўнг баттар тинкаси қуриб, юришга ҳам мадори қолмаган, ўпкаси куйиб кетаётгандай ачишар, гарчи таъқиб этувчиларни бир соатча олдин чалғитиб кетган бўлса ҳам ҳамон ўзини босиб ололмас, олазарак бўлиб, атрофига қарар, ҳар бир шарпадан чўчиб тушар, ҳар бир қадамини шубҳа ва ишончсизлик билан ташлар, кўп югурганидан шишиб кетган ўпкаси ҳансирар, тиззалари қалтирар ва билинар-билинмас боши айланарди . Бу очликдан эди; у уч кунча аввал шаҳар чеккасидаги ахлатлар уюми орасидан бир бўлак чайналмаган гўшт парчасини топиб олгандан бери ҳеч вақо татимаган ва ошқозони ўзини унутиб қўйганидан норози бўлаётгандай ҳар дам-ҳар дамда қулдираб қўярди. Тушдан сўнг негадир ичи дамлай бошлади. Энди эса бутун вужуди қалтирарди. У ўзи ҳам билмайдиган қандайдир жинкўчадан ўтар экан, уфунот анқиб турган яшилтоб ифлос ҳовуздан қониб ичиб олганди. Йўқ, ифлос сувдан иргангани учун шундай бўлаётгани йўқ. У ифлос ва бадбўй нарсаларга кўникиб қолганди. Кечалари билан егулик излаб, ахлат ундуқларини титиб юрар, агар сасий бошлаган бўлса ҳам егулик топилса ўйлаб ўтирмай паққос туширар, бундан ҳатто вужудида лаззат ҳам туярди.
Унинг ошқозон-у ичаклари худди айиқнинг ошқозонидай ташландиқ ва ҳидланган хўракларга кўникиб қолган, энди қўланса гўштларни тишлаётганда вужудида бирон марта жирканиш туймасди: аксинча, баъзи кунлари ана шу егуликни топиш ҳам амримаҳол эди. Эрталаб офтоб тушмайдиган қандайдир кўчадан (кўчалар ва хиёбонларнинг ҳеч қандай маъноси қолмаган эди) ўтар экан омборга ўхшаш, темир-терсак қалашиб ётган бинонинг олдида яшилтоб, атрофини қурбақа йўсини босган ҳовуз кўриб қолган ва бу ерларда ўзини ҳеч ким кузатмаётганига амин бўлгач, ҳовуздан тўйиб ичиб олганди. У ичиб бўлгандан сўнг сувдан мағзава ва балчиқ ҳиди келаётганини сезди, нафасидан ҳам мағзава ҳиди анқий бошлади. Зўриқиб қайд қилгиси келар, лекин бунинг сира иложи йўқ эди; Ошқозони бўм-бўш, қанча ўғимасин ичидан кўкариб кетган сувдан бошқа ҳеч нарса тушмасди- у шундагина пешанаси терлаб кетганини англади. Бу нохуш нарсадан дарак берарди: у шамоллаб ёки заҳарланиб қолган бўлиши мумкин эди. Касал эканлигини хаёлига келтирмаслик ва ўзида умидсизлик ҳис этмаслик учун тинмай юрар ва атрофга ҳеч ким таъқиб этмаяптимикин деган шубҳада олазарак бўлиб кўз ташларди. Таъқиблар уни мушукдай сергак ва чаққон қилиб қўйганди. У иложи борича қоронғуроқ ва овлоқроқ кўчалардан юришга ҳаракат қилар, юзини кўрсатмаслик учун қулоқчинини тушириб олган, увадаси чиқиб, кир-чирга беланган ёмғирпўшининг ёқалари кўтариб қўйилганди.
Гарчи далв ойининг охирларида кун тўсатдан қиш фаслига хос бўлмаган тарзда исиб жўнаган бўлса-да, унга деярли ҳеч ким эътибор бермасди ёки эътибор беришсалар ҳам ўлгудек ичиб олган бўлса керак, деган хаёлга боришарди: кийими, исқирти чиққан ёмғирпўшини айтмаса, иш излаб, дайдиб юрадиган қора ишчилардан фарқи йўқ эди; у негадир ҳеч кимга юзини кўрсатмасликка ёки биров билан дуч келмасликка ҳаракат қилар, агар қаршисидан йўловчи келаётган бўлса, юзини эълонлар тахтасига буриб ўзини худди ўқиётгандай кўрсатиб турар ва яна йўлга тушар, ўзини кимсасиз кўчаларга яширарди. Биров билан тасодифан рўбарў келиб қолса, ерга қараганча тез ўтиб кетишга ҳаракат қиларди: кечалари эса шаҳар чеккасидаги ташландиқ саройда ётиб қолар ва туни билан совуқни енгиш учун юриб чиқарди. У жуда ҳам устаси фаранг эди; бир манзилда ҳа деб ўралашмас, ғанимлар диққатини тортишни истамасди. Кўпроқ кимсасиз хиёбонларда изғиб юрар, шаҳарни беш панжасидай биларди; бироқ кейинги ойларда шаҳар тез ўзгараётган, кундан кун бегоналашиб бораётганди. Дарвоқе, ростдан ҳам шаҳар унга ғирт ёт ва чиройли қилиб қурилган қатл майдонига ўхшаб қолганди. Шаҳар марказидаги махлуқ эса ҳар кеча тинмай ўкирар ва у ажал анқиётган товушдан қочиб шаҳардан узоқларга кетиб қолгиси келарди. Шаҳар бегоналашган сари у ҳам ўзига бегоналашиб борарди: кўчаларга сердаъват шиорлар ва рангли лавҳалар илиб ташланганди. Ғанимлар афтидан, бу шаҳарни шиорлар салтанатига айлантирмоқчига ўхшарди – шиорлардаги ҳар бир сўзда нафрат ва ғазаб уфуриб турар, у шиорларни ўқийвериб, боши айланар, ўзини ўта ожиз ва маҳкум ҳис этар, бу сўзлар унинг бағрини пора-пора қилиб ташлар, шиорлардаги ёпишқоқ ва шилқим сўзларга асир тушаётганини англаб қоларди. Шиорларни эса кўп жилдли китобдай ўқиб тугатиб бўлмасди: аслида ҳам шаҳардаги барча шиорларни бир жойга йиғса, мисли кўрилмаган улкан китоб пайдо бўлиши мумкин эди. Ҳаммаси буйруқ, давъат, хитоб оҳангида жаранглар, ҳаммасидан шаҳар ўртасидаги махлуқнинг товуш саси келиб турарди. Булар аслида ҳам махлуқнинг товушсиз ўкириклари эди. Ҳар бир кўчада, ҳар бир уйда махлуқнинг ҳайқириғи мавжуд эди. Бу ҳайқириқ эмас, қилич, махлуқ қўлидаги истило қиличи!
Ғанимлар сўнгги пайтларда ёвуз ниятларини яширмай қўйган, уларнинг асл мақсадлари шаҳарнинг янги қиёфасида кўчаларда бошдан – оёқ қуролланиб, мажора излаб саф тортиб юришларида намоён бўлар, шаҳар ўтмишига неки дахлдор бўлса, ҳаммасини ёқишар, вайрон қилишар, бузишар, ўрнига ўз дидларига ва таъбларига мос қилиб қуришар эди. Шаҳар кейинги икки-уч ойда кучук катагига ўхшаш авахтанусха бинолар билан тўлган кўримсиз манзилга айланганди. У боши оғрийвергач, шиорни ўқимай қўйди — уларни ўқиб тугатишига барибир бутун умри ҳам етмаслигини ниҳоят тушунганди, янги уйларда ҳамон истило ва ғалабалари шарафига тантана давом этарди, баъзан бутун кўча маст –аласт одамларга тўлиб кетарди, шундай пайтларда у кўчага чиқмай қўяр, ғанимлар маст пайтларида, айниқса, кўпроқ ҳушёр бўлишар ҳамда қутуриб кетишарди. Махлуқ эса бутун шаҳарни ўкириги ва ҳар бир уйгача ўрнашиб қолган ўзининг мавжуд ва мангулигини ҳар лаҳза ёдга солиб турадиган бадбўй ҳиди билан бошқарарди – аслида ҳам шаҳарни ундан олдин мана шу мозор ва шилта ҳиди забт этганди. Махлуқ шаҳарга бостириб кирганда кўчаларда ҳид ақлини оздирган бир-бирининг гўштини еяётган қутурган оломонни кўрганди.
У хиёбондаги дарахтлар орасидаги ўтган йилдан қолган чирик хазонлар уюмига кириб ётар ва токи баданига зах ўтиб, қалтироқ бошланмагунча бепоён ва озод осмонни, ҳар хил шаклларда кўк юзида сузиб юрган булутларни, бу боғ, бу йилги қиш, осмон ҳақида шодон чулдираб, эмин-эркин учиб юрган қушларни, ҳозир унинг руҳиятига яна ҳам ёмон таъсир қиладиган ва хунук кўринадиган ҳамда тинмай хавфли нарсалардан дарак берарак йўлакларда нохуш қағиллаб юрадиган қарғаларни томоша қилиб, ўзининг болалиги, бир пайтлардаги осойишта ҳаёти, дўсту ёрлари ҳақида ўйлаб, хаёлга ғарқ бўлиб ётишни хуш кўрар, доимий таъқибдан қочиб, мана шу хазонлар салтанатига яширинар, оёқларига ором берар, бироқ бир неча дақиқалардан сўнг таъқиб туйғуси уни яна ҳам безовта қила бошлар, худди биров уни кузатиб тургандек ётган жойидан сакраб туриб кетар ва тезда хиёбонни тарк этар, боши оғган ҳилват кўчаларда изғиб юрарди.
Сал олдин сўл хиёбонда ана шу дарахтлар остида қўлга туширишларига сал қолганди: кимдир ўзига тикилиб турганини сезиб ўрнидан туриб кетди ва йўлак тарафдан тажовузкорона қараб турган ғаним кўзларини кўриб қолди. Ғаним уни бутун хиёбон бўйлаб таъқиб қилиб юрди; афтидан, у ҳамон ўзининг кўзларига ишонмаётган, иккиланаётгандек эди. У хиёбондан чиқишда бошмоғининг боғичини боғлаётгандек эгилиб, оёқлари орасидан изига қаради ва таъқиб этувчилар энди икки киши бўлганини кўрди. Қуббаси панжара қилиб қурилган эшикдан бурилди-ю, яқиндаги метро бекатига югурди. У бекатда одамлар орасида юзини ёқалари ичига олиб, ён атрофни олазарак бўлиб кузатди – таъқиб этувчилар шундоқ ёнгинасида турарди. У бир пас кутиб туриб, эшиги ёпилаётган вагонга ўзини урди ва таъқиб этувчилар ҳам югурганини, лекин эшик улардан олдинроқ ёпилганини кўрди. Кейинги бекатда у метронинг нарига бошига қараб кетаётган вагонга чиқиб олди ва то охирги бекатгача вагондан тушмади у метродан чиққанда қуёш ботаёзиб қолган, ерда соялар чўзилиб ётарди. У катта, гавжум кўчадан чиқиб қолган, қаршисида ғайритабиий манзара намоён бўлганди: бир тўда ғанимлар кўчани тўлдириб, ҳарбийчасига юриб борардилар: қандайдир тантанали мусиқа янграрди, ғанимлар шодон қийқиришар, ҳар дам ҳар дамда чапак чалиб қўйишарди. “Бунчалик кўп булар”, — деб ўйлади у дафъатан майдонни тўлдирган махлуқбашара оломонни кўздан кечирар экан. Шундай деб ўйлаши билан юраги санчилиб оғриди ва уни ногоҳан даҳшат қамраб олди. У шундагина бутун шаҳар ғанимлар билан тўлиб тошганини ва булар орасида ўзи ёлғиз эканини ҳис этди – ҳам қўрқув, ҳам очлик бирдан миясига тепди. Ва бутун дунёси қоронғулашиб кетди: кўзи тушган биринчи ўтирғичга зўрға етиб олди-ю, бир елкаси билан унга деярли ағанаб тушди. У боши айланиб, ҳушини йўқотаёзган эди. Ҳозир унинг юзига қараган одам қўрқиб кетарди – юзи қизариб, лаблари қалтирай бошлаган эди. Ғанимларни яқиндан кўрганда у ҳамиша ўзини тутолмай, изтиробдан беҳушлик даражасига етарди. У кўзларини юмиб олди. Шу ҳолатда бир неча сония эликиб ётди. Унинг хаёлига қандайдир чоҳ кўриниб кетди – йўқ, бу чоҳ ниманингдир оқибатидан пайдо бўлгани йўқ, шунчаки ўз-ўзидан, ҳозирги кечинмаларига алоқаси бўлмаган ҳолда пайдо бўлди. Бу чоҳ улкан, тикилиб қарасанг туб-тубида чўғ алангаланиб ётганини кўриш мумкин эди. Балким умидсизлик туфайли шундай хаёлга боргандир?! Ҳар қалай, ҳуши жойида эмас, кўзига яна алламбалоларнинг ваҳмли ва улкан шакл-шамойили кўринди; бу гоҳ чўчқа боласидай келадиган чаённинг соясига, гоҳ эгасининг суягини кемириб ётган итнинг оч кўзларига ўхшарди. Иситмаси кўтарилиб, алаҳсираш даражасига келганди.
У кимдир ўзини чақиргач ва елкасига туртгач, кўзини очиб, бир муддат ҳеч нарсага тушунмай бақрайиб қараб турди – худди маймуннинг орқасидай аввал қизғиш башарага кўзи тушди, сўнг башара ёшгина аёлнинг бироз сўлғин чеҳрасига айланди – унинг олдида ёшгина ғаним аёл турарди. Жувон унга нимадир деб гапирарди. У ўзининг кимлигини бирдан эсига тушиб, сакраб туриб қоронғулик чўка бошлаган бинолар томон юриб кетди. Жувон нималардир деб қичқирди, лекин у қандайдир улкан бино олдига келиб чапга бурилди-да, ер ости йўлидан ўтиб, ҳар эҳтимолга қарши атрофга яхшилаб қараб олгач, ўнг томондаги серсоя кўчага бурилди. Хилват унга бироз ором берди: шунда у бояги жувонни ва “Сизга нима бўлди?! Ёрдам керак эмасми?!” деган сўзларини эслади-ю, юраги шув этиб кетди. Яхшиям аёл унинг юзини кўзларини тузукроқ кўришга улгуролмади, йўқса, қандай қиёмат бўлишини ўзича тасаввур қилди. Майдондаги ғанимларнинг ҳаммаси унга ташланишар, балким бурда-бурда қилиб ташлашарди. У ҳамиша ўзини таниб қолса нима бўлишини тасаввур қилар экан, юраги уришдан тўхтагандай қулоқлари битиб қоларди. Даҳшат! Сўраб-суриштириб ўтиришмайди. Шафқат уларнинг хаёлига ҳам келмайди. У ўз ҳаётини, ваҳима васваса билан ўтаётган кунларини ўйлаб хўрлиги келди. “Қандай бахтли эдим, тинчгина яшаб юрувдим, бировларга ёмонлик ҳам қилмаган эдим. Қўлим очиқ эди. Дўстларим кўп эди. Қани улар?!” У бу саволларга анчадан бери жавоб тополмасди. Умуман, бу саволнинг жавоби бормикан?! Унинг шуури, онги таъқибга, қўрқув ва ваҳимага мослашиб борар, ҳатто оёқлари ҳам чаққонроқ бўлиб кўзлари ўткирлашган, қулоқлари ҳар бир шарпани тутиб юрадиган бўлиб қолган эди – у кундан-кун ўзининг ҳаёти доимо хавф остида бўлган қандайдир ожиз махлуққа айланиб бораётганини ҳис этарди. Сўлагида ҳам кейинги пайтларди ачимсиқ ҳид пайдо бўлган, товонлари туёқдай қотиб кетган, тили эса чўзилиб борарди. Таъқиб уни гунг ва ожиз махлуққа айлантириб қўйганди. Фақат кундузи эмас, тунлари ҳам уни ваҳима тарк этмас, назарида ҳозир ушлаб олиб кетишадигандай, сўнг сўраб-суриштириб ўтирмай тилка-пора қилиб ташлашадигандай туюлаверарди. У бутун бошли тарих харобасига ўхшаш шаҳарда дайдиб юрар экан, жуссаси кичрайиб, терисини жун қоплаб борётганини сезарди: жун аввал қўлтиғи тагидан ўсиб чиқди, сўнг кўкрак ва бўйнини гурра қоплаб олди.
Кеч тушиб салқин бўлиб қолди. Осмон аёз, юлдузлар шеър сатрлари каби тизгин ва сўлғин милтиллар, кеча дилбар эди. Ҳаводан тез кунда ҳар бир дарахтга туғ илажак кўклам ҳиди уфурарди. Зулмат уни бироз хотиржам қилган, бирон ерга ўтириб бироз дам олиб, сўнг саройга жўнаса ҳам бўларди. Бироқ бирдан шундоқ яқинда ғўнғиллаётган товуш эшитилди, — бир неча киши бу тарафга келаётган эди, чамаси орқада чироқ бор эди, йўлканинг четига ўтирғич ўрнатилган, бирдан-бир бекинишга қулай жой ўша ер эди. У бирпас тараддудланиб туриб, ўзини ўтирғичнинг тагига олди – унинг бошқа иложи қолмаган, гаплашиб келаётганларнинг қораси кўринган эди. Ўтирғич ости кенг, қулай эди. У чалқанча тушиб ётиб ола қолди. Шундай қилса ҳам ўзи дам олар, ҳам хавфсизлигини таъминлар эди. Аммо гаплашиб келаётганлар ўтирғич тўғрисига келиб, бир зум тўхташди-да, ўтирғични кўриб шу тарафга йўл олишди. Уларнинг суҳбати ўтирғичда ҳам давом этди. У ясси пошналарнигина кўриб турарди – энди жуда ҳам мушкул вазият пайдо бўлганди: суҳбатдошлар кетмай туриб, ўтирғичнинг тагидан чиқиб бўлмасди. У қўлини боши остига қўйиб, қаттиқроқ нафас олишга ҳам қўрқиб, ҳаракатсиз қотиб ётди.
Бу ерда ҳеч қандай куч-қудратнинг ёки ёвуз бўлишнинг ҳам кераги йўқ,- дерди ўтирганлардан биттаси; у ўтирғичнинг сўл томонида ўтирганди. Улар тагларида ким ётганларидан бехабар бемалол суҳбатга берилгандилар. – Мен шахсан қирғинларга қаршиман. Бугунги маданий дунё инсонпарвар тузумни ёқтиради. Инсонпарварлик – барча ғояларнинг шу жумладан бизнинг ҳам таянчимиздир. Бошқаришни такомиллаштириш керак, холос. Назорат қанчалик кучли бўлса ҳокимият шунчалик кучли бўлади. Жамиятнинг ҳар бир аъзосига назорат туйғусини сингдириш керак. Назорат туйғуси фуқаро кўнглидаги ҳокимиятнинг қиёфасидир. Назоратга барча фуқаро жалб этилиши, фуқаронинг ўзи ҳокимиятни бошқариши керак. Мен тавсия қилган лойиҳамда худди мана шу фуқаролар ҳокимияти жорий этиш масласи кўрилган. Хусусан, фуқаро ўзини ҳокимиятнинг одами деб ҳисоблаши ва кимнидир назорат қилиши керак. Бир фуқаро иккинчи фуқарони, иккинси фуқаро учинчини, учинчиси тўртинчини ва сўнгги фуқаро эса биринчи фуқарони назорат қилади. Буни доира шаклидаги идора усули дейиш ҳам мумкин. Бу усулда ҳамма бир-бирига масъул ва бир-бирига назоратчи бўлади. Бошқача айтганда бир фуқарога бошқа бир фуқаро душман, ҳокимият учун хавфлидир, бу туйғу назорат масъулиятини ошириш учун керак. Хуллас, биринчи фуқаро иккинчи фуқарони таъқиб қилади – яъни назорат қилади иккинчиси учинчини таъқиб этиши ҳокимият хавфли бўлган фитна ва қўпорувчиликнинг олдини олиши зарур. Агар ҳокимият барча фуқароларни мана шу бошқариш усулига жалб этолса у жуда кучли ҳокимият бўлади. Чунки ҳокимиятни бир-бирини назорат қилувчи омманинг ўзи бошқаради. Ишончсизлик бор жойда бошқарув кучли бўлади. Бир фуқаро бошқа фуқарога ишонмайди, аксинча, ҳокимият хавфсизлиги учун уни таъқиб қилади. Менинг лойиҳамда ҳатто ота боласини ҳам ёки бола отани таъқиб этиш ҳуқуқи берилади. Таъқиб бор жойда бошқа ҳамма жамиятда учрайдиган фитна, ғалаён қонунбузишлар ва бошқа жиноятлар содир бўлмайди, таъқиб этиш ҳокимият поклиги учун курашдир. Менинг лойиҳамда таъқиб идора усули жуда мукаммал ишлаб чиқилган: ҳокимиятни қайсидир куч эмас, таъқиб бошқаради. Таъқиб улуғ ва ғоят самарадор машинадир. Ана шу машинани ўзига таянч қилиб олган ҳокимият ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди. Таъқиб бор жойда олий тартиб-интизом қарор топади. Фақат одамларга таъқиб этиш илмини ўргатиш керак. Тасаввур қилинг: бир ўқувчи бошқа бир ўқувчини, у ўқувчи эса учинчини назорат қила бошлайди; ҳокимиятчиликнинг илк куртаклари шу ерда шаклланади. Биз ўз фуқароларимизни болалигидаёқ ҳокимиятни бошқаришга тортган ва уларнинг миясини ҳар хил бузуқ ғоялардан тозалаган бўлардик. Қайси ҳукумат узоқ яшашни истаса, таъқиб усулини ғоят мукаммаллаштирмоғи зарур.
– Мен ҳам уларга бир неча марта айтдим, — деди ўнг томондагиси хириллоқ овозда – Бизникилар замондан орқада қолишаяпти деб. Менимча, сизнинг лойиҳангиз ҳаётий ва илмий асосга қурилган. Сизга овоз беришларига шубҳа қилмайман.
– Қонун – итнинг думига ўхшаган нарса, — деди биринчиси мақтов ўзига ёққанини яширмай. – Ит думига қараб қанча интилса, дум итдан шунчалик узоқлашади. Замонавий тузумнинг қонунлари ана шундай бўлиши керак. Ҳамма нарсаси ойдин бўлган қонун ҳукуматнинг бошини ейди. Қонун ҳам тушунарли, ҳам тушунарсиз бўлсин. Қонуннинг таъсири унинг тушуниқсизлигидадир. Сизга, жигарим, маслаҳатим шу, қонунни ҳеч қачон тушунарли қилиб ёзманг. Дунё ўзининг сирлилиги билан мароқли; муштингизни кўрсатингу ичида нима борлигини ҳеч қачон билдирманг.
Булар ғанимларнинг қонуншунослари эди, чоғи, тилларида қонун каби салобатли ва мавҳум атамалар кўп эди. Улар турли ислоҳатлар, мафкуравий режалар, лойиҳалар ҳақида узоқ суҳбат қурдилар, бора-бора қонуншуносларнинг баҳси унга мутлақо тушуниқсиз тусга кирди. Кундузги таъқиблар ва очлик унинг силласини қуритган эди, кўзи илиниб беозоргина уйқуга кетди.
О, туш кемаси, сен қайларга сузиб бормайсан, сенинг елканларинг қайси юртларда ҳилпирамайди, лангарингни қайси мамлакатларга ташламайсан?! Сенга ҳамду-сано ўқишнинг ҳожати йўқ. Сен шусиз ҳам қудратли ва улуғсан. Тилсимли кўзгу янглиғ гоҳ-гоҳ умримнинг мен тайғониб кетган қирларини кўз олдимга худди кеча содир бўлгандай бот-бот бошлаб келаверасан, мени болаликнинг булоқларига чўмилтираверасан. Бу дунё шафқат қилмаган бандага нега сен мурувват қилмайсан, эй, улуғ туш! Менга эслатиш ва кўнглимда тўниб қолган бўронларни қўзғатиш сенга шартмиди? Сенга зурурмиди мени ул ваҳм оролларига бошлаб бориш, мени уйқуда ҳам таъқиб этиш эй, улуғ туш!
У совуқ қотиб алаҳсиради. Тушига қатл этилаётган майдон кирганди. Ғанимлар бобоси ва отасини тутиб олган ва энди уларни намойишкорона қатл этиш учун йиғилишганди. Бу ҳали қаллиғини қатл этмасдан кўп йиллар бурун содир бўлган эди. Ғанимлар қатлдан олдин ёш болаларни майдонга йиғишган ва ўзларига ғаним бўлганларни не кунларга сола олиши мумкинлигини болаларга ҳам кўрсатиб қўймоқчи эди. Улар қатл этилаётган одамлардан эмас, майдонда қатор тизилишиб, ҳайрат ва қўрқувда турган болалардан қўрқишар ва бу хил “тарбиявий соатлар”ни тез-тез ўтказиб туришарди. Махсус ёғоч тўшакка ётқизилган бобоси ва отасининг аввал бош чаноғини кесиб олдилар: бобоси ва отаси иродали эди, кесишаётганда бирор марта миқ этишмади. Фақат бобоси ҳар куни эрталаб бозорга кетишдан олдин қиладигандек майдонда юм-юм йиғлаб турган унга қараб кўзини қисиб қўйди. Отаси қайрилиб ҳам қарамади; у афтидан ўғлига қараб, иродасизлик қилиб қўйишдан қўрқарди. Бош чаноқларни олишгач иккаласининг ҳам арча бужурига ўхшаш кулранг-оқиш миялари очилиб қолди. Ғанимлар қайдандир (аввал тайёрлаб қўйишган, чоғи) иккита илон топиб келишди. Илонлар тинмай думини ликиллатар ва тилини чиқариб вишилларди. Жарроҳ ғаним илонларни бош чаноққа солиб, уни қайтадан жойига тикиб қўйди: у ишига жуда уста эди, ҳаммасини кўз очиб юмгунча бажарди. Аввал отаси чинқириб юборди. Унинг қўл-оёғини ечиб қўйишди. У бошини ушлаганча, бақирар, силкир, бошига муштлар ва майдонда уёқдан-бу ёққа думаларди. Салдан сўнг бобоси ҳам қўшилди. Илонлар миянинг титиғини чиқаришаётган ва дуч келган жойга заҳрини сочишаётган эди, чамаси. Ғанимлар уларнинг думалашларини кўриб, ҳиринглаб кулишар ва бу манзара болаларга қандай таъсир кўрсатаётганини билиш учун уларга зимдан кўз ташлаб қўйишарди. Қандайдир бола оғзини катта очиб бақириб юборди – унинг чинқириғида телбавор оҳанг бор эди. Тезда оғзидан кўпик келиб, у йиқилиб қолди ва ерда булкиллай бошлади. Ғанимлар болага парво ҳам қилмади. Фақат қандайдир барваста ғаним унинг елкасидан босиб турар, у шу туришда одамдан ҳам кўра ўлжасини чангаллаб турган ёввойи махлуққа ўхшарди. Бобоси ётган ерида ирғиб турди – унинг юзи кўм-кўк эди. Кўзлари оғриқдан катталашган, ифодасиз тусга кирганди. У бошида миясини кемираётган (бошчаноққа нима солишаётганини ўзларига кўрсатишмаганди) очафотни бир уришда йўқ қилмоқчидек, югуриб бориб, бошини нарироқда турган бош деворга урди – бошининг қатиғи чиқиб кетди – ўзи ҳам бир-икки қимиллади-ю, сўнг жимиб қолди. Жарроҳ ғаним уни ағдариб кўриб ўлганига ишонч ҳосил қилгач сўкинди. У қатлни бошқараётган ғанимга “Илонни ўлдириб қўйибди, аблаҳ” деди. Отаси майдон ўртасида чўзилиб ётар унинг боши дўмбирадай шишиб кетганди. Жарроҳ уни бир-икки тепиб кўргач, икки ғаним ёрдамида яна ёғоч тўшакка олиб келди. Бош чаноқни кесиб илонни чиқариб олди. Илон мия ёғига беланган, қуёшда танаси йилтиллаб тириклигини кўрган ғанимлар гувраб юборди. Жарроҳ илонни ўпиб қўйди ва уни махсус қутичага солиб, қайгадир олиб кетишди. Жасадларни эса аравага ортишди ва аравани шаҳарнинг жануб томонига етаклаб кетишди.
Ўшанда унга юраги кичрайиб қолгандек туюлганди, гўё илон унинг юрагининг ярмини еб қўйгандек эди. У юраги санчилиб оғриганда, улар кўкрагимга илон солиб қўйишганмикин деб чўчиб тушарди. Ўша куни унинг сочи битта қолмай оқариб кетганди…
У тагидан зах ўтиб, совуқ қотгач, уйғонди ва бир сония ўзининг қаерда ётганини англолмай турди; сўнг, алоҳа, атрофга қулоқ тутди – ҳеч ким йўқлигига ишонгач, ўтирғич тагидан чиқди ва кўчанинг хилват томони билан шаҳарнинг шарқий қисмига яёв йўл олди – ташландиқ сарой ўша ёқда эди.

* * *

У шаҳар забт этилгач, қабристонда яширинб юрди. Қабрлар орасида ўзига хийла кенг лаҳм қазиб олган, у ер иссиқ ва бехавотир эди. Тунлари танасини аёз ва изғириндан асраш учун устига тупроқ тортиб ухлар, узун ва тубсиз хаёлларга чўмарди. Бу хаёл суришлар унинг бахтли лаҳзасига айланиб қолганди. Бироқ қайсидир кечаси итларнинг қаттиқ ҳуришидан уйғониб кетди. Назарида бутун дунёни ит босгандай эди; ҳуриш чор тарафдан келар, баъзида тантанавор бақириқ-чақириқлар эшитиларди. У ғанимлар яна ниманидир бошлаганини англади ва лаҳмдан секин бош кўтариб қаради – Ой сутдай ёруғ эди ва қабристон устига тирқираб тўкиларди. Ғанимлар бир тўда ит эргаштириб олишган ва қабрларни очиб, у ердаги суякларни итлар олдига ташлашар, нақ эшакдай келадиган ҳиродай итлар суякларни қасирлатиб чайнашар: атрофга бирров кўз югуртириб, ириллаб қўйишар, тумшуқлари билан очиқ қабрларни титишар ва ҳадеб думини ликиллатишарди. У кўрган манзарадан даҳшатга тушди, назарида суяклар эмас, арвоҳлар фарёд қилаётгандек эди. Ғанимлар қабристонни бошдан-оёқ ағдар-тўнтар қилиб чиқишди – шунда у тинчгина, хотиржам ўлиб ҳам бўлмаслигини тушуниб етди: ўлим ҳам уни хўрлигу ҳақорат, тажовузу таъқибдан халос қилолмасди, унинг суяклари ҳам таъқиб этилишига маҳкум эди. Шундан кейин у бошпана излаб шаҳардан бош олиб кетди ва мана шу ташландиқ саройни макон тутганди – у шаҳарга бирон егулик излаб борар, қолган пайтлари саройда чўзилиб ётарди. Сарой худди бошига шунча балолар солган дунё ёки босиб ўтган умри каби сассиқ, қўланса, зах ва қоронғу эди. Аслида ҳам сарой ва дунё айнан бир нарса бўлса, не тонг!
У саройга туйнук орқали кирди – бу ҳар доимги эҳтиёт чораси эди: гарчи сарой ғанимларнинг эътиборига тушмайдиган жойда бўлса ҳам у ўз одатини канда қилмасди. Саройнинг ичи зах, устига устак халталарда қандайдир куйимтик дорилар сочилиб ётар, ўткир ҳиди димоқни ўтдай кўйдирарди. Агар бошқа бўлганда бу саройда яшагандан кўра ғанимнинг қўлида қийма-қийма бўлишни афзал кўрган бўларди. Лекин унинг табиатидаги ўжар бир феъл-атвор қон-қонига сингиб кетган, очдан ёки мана шу дорининг ҳидидан бўғилиб ўлиш мумкин эди-ю, лекин ҳеч қачон ўз ихтиёри билан ғаним қўлига тушишни истамасди, таъқиблар борган сари кучаяр, унга ажабланиб, шубҳаланиб қарайдиганлар сони кундан-кун ошиб бормоқда эди.
Бу сарой — таъқиблардан ҳоли бўлган жой – унга бироз мизғиб олиш учун қўналға эди. Сарой унинг қанчадан қанча кечинмаларига, сирларига ва тушларига шерик бўлмади?! Агар унинг кўрган тушларини бир бошидан изоҳлаб берилса, дунёнинг яралишидан то унинг йўқ бўлиб кетишигача бўлган ўтмиш, ҳозир ва келажакни акс эттирган бир бутун яхлит бир асарга айланган бўларди. Тушларида у нималарни кўрмасди?! У туши орқали Момоҳаво кулбасигача кезиб борган ва бир неча марта фалак қабулида ҳам бўлганди. Тушнинг кўз илғамас арқонларига осилиб, ул олий даргоҳга бош уриб борар, юрагида пайдо бўлган ваҳима-ю ҳасратларни тўкиб солар, умидсизлик ва тушкунлик нимталаб ташлаган пора-пора танасини силкитиб, қиш оқшоми каби кунма-кун қорайиб, ифодасиз, бўлиб бораётган кўзларидан алам ва қайғу ёшларини оқизиб, у сиймо олдида қон-қон йиғлар, таъқиб қилинавериб, тошдай қотиб қолган юраги негадир бу даргоҳда тўлқин емирган қоя янглиғ ўз-ўзидан уқаланар, ҳаётида юз берган сон-соноқсиз фалокатлар, кулфатлар, йўқотишлар, аламзадаликлар, қасос туйғуси асабий инграшлар, руҳий эзилишлар, ўлим ваҳимаси, ёлғизлигида чеккан азобу уқубатлар туфайли ямалавериб, қуроққа айланган чоклари сўкилар ва у ердан Халоскор оёғи остига чексиз ҳасратлар тўкилиб тушар,” Мени у дунёда ёлғиз қолдирар экансан, нега яратдинг? “деб ёлворар, илтижо қилар, у хилқатдан бирон садо бўлмагач, бўйнига тушган совуқ кўз ёшидан чўчиб уйғониб кетар ва ўзини яна ўша бадбўй ва исқирт саройда кўрардию У ўзини алдаш ва овутиш учун узоқларга йўл олган ва олис-олисларда кўз илғар-илғамас нуқта бўлиб кўринаётган алвон елканли кемадек энди ўзидан аста-секин йўқлик қаъри томон сузиб бораётган саодатли дамлардан қолган элас-элас хотираларни онгининг саҳнасига тортиб чиқар ва бу ташландиқ кемада болалигининг овлоқ ва хушвақт қирғоқларигача сузиб борар, сўнг ўсмирлик, йигитлик ва муҳаббат кўрфазлари бўйлаб, яна ўзи турган ёлғизликнинг хароба бандоргоҳига қайтарди: булар унинг юраги тўрига кўмиб қўйган энг севимли хотиралари эди; қиладиган иши бўлмаганидан аянчли шаҳарда ўзининг куни битиб бораётганини, кўксидаги шам таъқиб, ваҳима, очлик, тушкунлик, байроқлари остида секин-секин сўнаётганини англагани сайин идрокининг қоронғулик қоплаган бурчакларини қаза-қаза бу хотирани топиб олар ва хазина топган деҳқондай бу хуш саодат лаҳзалар олдида бир зум гарангсиб туриб қоларди; гоҳида у бадбўй ҳид анқиган хонада бутунлай ақлдан озар, ҳид уни кун узоғи таъқиб этиб юрар, бошда осилиб турган қилич каби ваҳм ва жазава соларди. У ўзини таъқиб этаётган ҳидми ёки кўзлари чақчайган одамларми, билолмай қоларди. Махлуқ қанчалик қўрқинчли бўлса, ҳид ҳам шунчалик бадбўй эди. Ҳид уни қутуртириб юборар, вужудида ёввойи бир ёввойи ғалаён бош кўтарар ва у минглаб йиллар ўзига қараб увиллаётган аждодларининг чорловини эшитгандай бўлар, ўзи ҳам бор товуши билан хароба саройни қоматга келтириб, бўридай увлай бошлар, бу увлашда ёлғиз ҳаётидан зорланиш ҳам, ғанимларга чексиз нафрат ҳам акс этар, гўё бу садо минг йиллар нарида турган, ҳали кўринишлари ҳайвондан кам фарқ қиладиган, кўзлари очкўзлик ва ғазабдан титраб, тоқатсизлик билан ўлжасини пойлаётган, кўзларида яшаш учун курашнинг энг мудҳиш қонуниятлари акс этган, ҳамда минг йиллардан кейин ўзи тўғрисида уйдирмачи тарихчиларнинг чўпчаклари орқалигина биладиган, осмон ўпар иморат тепасидан қараб тургандек, ўзига асрлар оша лоқайд ва масхаромуз тикилиб турган авлодларигача бориб етгандай, қонида аждодлар руҳи аланга олар ва у тинмай увлай бошлар, гўё ўзи билан бутун аждодлари ҳам қўшилиб нола қилаётгандай бўларди; улар ўз наслининг тугаб адо бўлаётганидан нола ва фарёд қиларди. У эса ожиз ва маҳкуми эканлигидан нола қиларди; бироқ биринчи увлаш билан сўнгги увлаш бир-биридан фарқ қиларди; биринчисида бахтиёрлик ва шаън мужассам эди, иккинчисида ҳасрат ва соғинч ётарди. Бу увлаш унинг кундалик ваҳималардан кичрайиб бораётган танасига ҳузур бағишлар, кўз олдидаги мавҳумлик ва таъқиб пардалари сурила-сурила беҳишт кўлидаги қил кўприкдек уни қайгадир бошлаб борадиган, ғалтакка уқувсизларса ўраб ташланган ипдек, чувалатма, айланма, худди аждодлари увлаётган ўрмондан кейин ота-боболари босиб ўтган йўлдек чигал сўқмоқ пайдо бўлар, бирдан қонига ўрмон ҳавоси тепиб йўлга тушгиси, йиқилиб, судралиб бўлса ҳам кўнглининг бир четида очилган бу йўлдан ўша олис манзиллар томон югуриб кетгиси келар, зеро бу йўл унчалик номаълум йўл ҳам эмас, у увлаган сайин тобора яқинлашиб бораётган, боболари ташлаб чиқиб келган ўша олис ўрмон кетидаги йўл эди. У қанчалик увласа боболари ўрмонни ташлаб чиққандан сўнг босиб ўтган замонлар ва асрлар мобайнида бир улуғ ва емирилмас қўрғон каби тиклаган , сайқал берган ақл ва шуурдан қиёфа ва вужуддан шунчалик узоқлашиб борарди-аслида одам қиёфасини ечиб ташлаётган одамзот яратган ва тартиб солган дунёдан на заковат, на ақл бовар қилмас қайларгадир қочиб бораётган ожиз ва маҳкум жониворга ўхшарди.
Биринчи бўлишдан кўра сўнгги бўлиш нақадар оғир. Сен ота-боболаринг ёзиб келган, замонлар чангалида бешафқат ва қутурган селлар ҳаёт қоясидан улкан-улкан халқаларни ҳам суриб кетган, вақти-вақти билан ёғиб турадиган тарих ёмғирлари ҳам ўчира олмаган, қиссага сўнгги нуқта бўлишингни эслашнинг ўзиёқ даҳшат? Нечоғли аламнок бўлмасин, сен ўз аждодларинг яратган достоннинг сўнгги варақларисан-сендан кейин бу жумла давом этмайди, табиат сенинг аждодларингга берган ҳаёт шаъми мана шу жумла билан бирга мангу ўчади!
Таъқиблар ва увлашлар унинг аъзолприни ҳам аста-секин ўзгартира бошлаган эди- унинг қўли ва оёқларида билинар-билинмас панжасимон туёқлар ўсиб чиқаётган, товуши тилига бўйсунмасди, о дариғ унинг увлашга мойил бўғзидан маърашга ўхшаш товуш отилиб чиқаётганини англаган пайтда нақ телба бўлиб қолаётган эди. У уч кеча ўзининг шубҳасини йўққа чиқариш учун тинмай “увлади“. Шубҳага ҳожат йўқ эди, унинг бўғзидан қудратли ва шижоаткор увлаш эмас, ожиз ва заиф маъраш отилиб чиқаётган эди. Унинг товушида ҳам таъқиб асорати сезилиб турарди. Шундан сўнг у увлашни бас қилди. Энди таъқиблардан эсон-омон қутилиб келган кунлари нуқул хаёл суриб ётар ва тушида ҳам хаёлий манзараларни кўрарди. Унинг хаёллари ҳам аянчли эди; унга гоҳида бирдан ер ёрилиб ўзини қаърига тортиб кетадиган, гоҳида қандайдир одамнусха махлуқ уни бир ямлаб ютиб ёки уни ютиш учун қувлаб келаётгандек бўларди. У мана шу даҳшатлар ичра ёлғиз қолгани, ўлим кўзига кўрингани сайин ҳаёт ва яшашнинг қадрини англагандек бўларди. Илгари ўзига зерикарли, шавқсиз бўлиб туюлган лаҳзалар унга энди лаззат бағишлар ва уни энди ҳеч қурса, бир марта хотиржам ва осойишта ҳаётнинг қўйнида бола онанинг қучоғида ағнагандек ағнаб ётсам, мазмунсиз, сийқа бўлса ҳам энг зерикарли китоблар ўқисам, кўчаларни ҳеч кимнинг таъқибисиз худди ўзимни у ернинг хўжайинидай сезиб оёқларимдан мадор кетгунча кезсам, хунук ва бахтсиз қизларга муҳаббат изҳор қилсам дерди. Бир пайтлари унга бачкана туюлган кечинмалар энди уни ўзига чорларди, у ўз вақтида қадрига етмаган нарсалар энди унга қадрдон ва қалбига алланечук яқин эди.
О, қанчалар гўзал эди ҳаёт!
О, қанчалар шукуҳли эди бу ҳаёт! Уни шаҳар ўртасида сасиб ётган махлуқнинг танаси каби дағаллаштириш ва ваҳималарга буркаш кимга зарур бўлиб қолди?! Наҳот фалак шуни истаса?! О, сен қайдасан? Мени нега ташлаб кетдинг? Ўша дарёда нега чўмила қолдинг? Ундан кўра менинг кўз ёшларимга чўмилсанг бўлмасмиди? Менинг кўзларимга чўмилсанг бўлмасмиди? Майдон узра сазойи қилиб олиб ўтишар экан, мен буталар орасидан сени кузатиб турардим; бутун шаҳар сенинг оловдай баданингдан чақнаган аланга ичида қолган эди — бу аланга ҳаммадан ҳам кўпроқ мени куйдирар эди. Сенинг аланганг бу шаҳарни куйдириб кул қилди, энди хароба бу шаҳар, менинг кўз ёшларимга ғарқ бўлган бу шаҳар.
Ў, киприкларинг менинг юрагим чокини ямасанг бўлмасмиди? Юлдузларни бўйнингга мунчоқ қилиб бермасмидим?! Сенинг икки коклинг менинг икки йўлбарсим эди, йўқ, йўқ, икки шерим эди!
О, бу шерлар менинг қўйнимда наъра тортсалар нетарди?! У дунёнинг турфа гуллари сенинг ёноғингдан гуриллаб очиларди. Ахир сенинг манзилинг менинг қучоғим эди-ку?! Сенинг тахтинг менинг юрагим эди-ку?! Сенсиз қолган тахтга кимлар ўтирмоқчи? Сенсиз қолган бу салтанатни кимлар бошқармоқчи? Қани сенинг киприкларинг- менинг –ханжарларим? Қани сенинг кўкракларинг –менинг қалъаларим? Қани сенинг хаёлларинг-менинг тўшагим! Қани сенинг қобоқларинг — менинг кафаним! Қани сенинг орзуларинг — менинг тулпорим! Қани сенинг ҳайратларинг — менинг бўстоним! Қани сенинг ғазабларинг-менинг камарим! Қани сенинг нигоҳларинг-менинг божхонам! Қани сенинг табассуминг-менинг бошпанам! Кўзларингни мозор этиб, мени кўмсанг нетарди! Бу шаҳар шаҳар эмас, бу дунё дунё эмас, сенинг ковушингнинг излари, изингнинг ғуборлари бу шуъла, бу қуёш қуёш эмас, сенинг қалбингнинг тўзонлари…
…У қалтираётган аъзойи баданини сал иситиш учун сарой ичини чангитиб, тез-тез у ёқдан бу ёққа юриб турар, саройни ғуборлашган дори ҳиди қоплаган эди. Сал исигач, қоғозларни тагига тўшади-да, эртага ҳолдан тойиб қолмаслик учун мизғиб олмоқчи бўлди: боши ҳам тарс ёрилиб кетай деб оғрирди. У кўзларини юмиши билан ухлаб қолди; бироқ ора-чора кўзини очиб, эшик ва туйнук томонга қараб қўяр, ҳеч қандай хавф йўқлигига ишонгачгина яна уйқуга кетарди. У алоғ-чалоғ туш кўрарди; тушида онасининг этагига юзини яшириб нимадандир нохақ хўрлангандек йиғлаб ётган эмиш. Онаси нимадир деб овутармиш, у эса баттар йиғлармиш. Кейин туши мутлақо бошқа манзарага айланиб кетди.
У сесканиб уйғониб кетди, ўзига келолмай, гарангсиб турди
“Қаердаман?” деган савол миясига қалқиб чиқди ва туман тарқагандай онги бироз ёришгач, олти ой олдинги манзара қандай юз берган бўлса шундай тушига кирганини англади-ю, вужуди ларзага келди.
Дўстини ғанимлар чўмилаётган жойида-баданидан таниб қолиб ушлаб олишган экан. Шундан кейин у нуқул ўлим ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди; ҳеч нарсага ишонмай ва умид қилмай қўйганди. Дўсти ўзи билан бу дунёдан унинг бутун оромини ва умидини олиб кетганди. Дўстининг жасади шаҳар ўртасида уч кун осилиб турди- унинг буғдойранг танаси занглаган қиличга ўхшарди, ҳатто жасад ҳам ғанимларнинг кўнглига таҳлика солди шекилли, жасадни тезда шаҳар ташқарисидаги жарга апил-тапил кўмиб келишди-кўмган жойидан дўстиниинг мушти монанд буталар ўсиб чиққач, ғанимлар қабристонни тошқум билан суваб ташлашди- у ёвуз кучлар ва таҳликалар орасида ёлғиз қолди.
Ташқарида ғира-шира тонг ўрмалаб юрарди. У саройдан чиқди ва оёғи тортган томонга қараб жўнади. Шаҳар эндигина уйғона бошлаган эди- трамвайлар тарақлаб ўтиб қолар, автолар йўлни аста-секин ишғол қилишаётган эди. У яна ҳар кунги одати бўйича қандайдир кўчаларни саросар кезиб чиқди-қаерларга боргани ўзининг ҳам эсида йўқ эди. Айланиб-айланиб шаҳарнинг шарқ томонидаги анҳорнинг бўйидан чиқиб қолди-анҳор жуда ҳам саёз, ифлос, ҳар хил чиқиндилар ташланганидан ўзан юзакиланиб балчиқ бўлиб қолган, қопқора сув ўзига зўрға йўл топиб юрар, анҳорда сувдан кўра нефт оқиб ётганга ўхшарди. Анҳордан сакраб ўтилгач аянчли равишда бирдан қуя бошлаган толзор бошланарди. Бу ерда кўкламдан нишона берарак, хазон ва чурук новдаларни ёриб ям-яшил майсалар кўтарилиб, яшнаб жўнаганди. У беихтиёр толзор оралаб юриб кетди. Ҳаво рутубатли, новдалар оёқ остида қирс-қирс синар, осмонда булуқ қуюқлашиб борарди. У толзор ичига кириб бир зум тин олмоқчи бўлди. У кундуздан жуда қўрқар, кундуз таҳлика билан бостириб келаётган шердек унга ҳар дақиқа таъқибни, ўлимни эслатиб турарди – умуман, каламуш тушида фақат ўз уясини кўрганидек, у ҳам ҳаётда таъқибдан ўзга нарсалар борлигини тасаввур қилолмасди – ҳатто тушининг шифтлари-ю, кўприклари ҳам ҳозир ўпирилиб тушадигандек, унга ваҳима бағишлаб турарди. Зеро, у ҳамма нарса омонат, йўқлик, саробдан иборат эканлигини англаб қолганди. Бу дунё- сароб бир дашт. Бу дунё- охири улкан ва бесарҳад йўқлик билан тугайдиган улкан саҳро. У мана шу йўқлик ва саробга қоришиб яшашга маҳкум этилган.
У бирдан хаёлининг ертўласига тушиб олди. О, бу ертўлада кимларни кўрмасди, қандай даҳшатларнинг изи қолмаганди бу ертўлада? О, энди мана шу сокин ва олис ертўлада ҳам унга ором йўқ. Бу ертўла ҳам таъқиб руҳи билан тўлган. Бу ертўла ҳам унга ҳар дақиқа ғанимларни ва махлуқни эслатиб турарди. Бу ертўлага ҳам махлуқнинг нафаси бостириб кирган.
У анҳор бўйлаб кетар экан, нарига бетдаги ям-яшил чимзор эътиборини жалб этди. Майсалар бу ерда яна ҳам сўлимроқ эди. Қадим замонларда улуғ дарё бўлган анҳордан ҳеч қийналмасдан сакраб ўтгани ўзига шавқ қилди; бир пайтлар бу анҳордан энг бақувват отлар ҳам сузиб ўтолмасди. У анҳордан сакраб, майсазорга ўтди-ю, ўзини ерга таппа ташлади; бир қадам нарида учта тол тиғиз қилиб экилган, уларнинг шохлари синиб, ерга осилиб тушганди. У ҳар доимги одатига кўра теваракка бир нигоҳ югуртирди. Олти юз қадамлар наридаги бинонинг тагида ғанимлар йиғила бошлаган, улар икки бармоқ орасидан беўхшов чиқиб турган бош бармоқ шаклидаги байроқни кўтариб олишган, кўринишлари тажовузкор эди. У эътиборни тортмаслик учун ўзини тол панасига олди – шохлар орасига кириши билан қандайдир шарпани сезиб тўхтаб қолди.
– Келдингми! – деди жарангдор ва қувноқ аёл овози ва унга ўгирилиб қараркан, юзи қув ўчди – Вой, кимсиз?
У бир зум эсанкираб турди: қаршисида кўзлари чиройли, ўзи ҳам келишган ёшгина аёл унга чўчиб қараб турарди. Аёлнинг кўзларида ўзга кишига аталган меҳр, интиқлик порларди – у бундай кўзларни кўрмаганига ҳам анча замонлар бўлиб кетганди. Бирдан юрагида нимадир эриб бораётганини сезди.
– Вой, сиз…сиз… кўзларингиз бунчалар…- гапини тугатмай ирғиб турди аёл, — сизга нима керак? Вой, худойим…-аёл чинқириб юбориб ўтириб қолди. Афтидан, аёл уни таниб қолган, бир неча сониядан сўнг ўзини бўғизлаб кетишини тасаввур қилиб, беҳад қўрқиб кетган эди: титроқ кирган овоз билан жаврар ва орқага секин силжирди. – Сизга нима керак? Кетинг, мен сизга ҳеч нарса қилганим йўқ… ҳеч нарса. Ҳатто қарғаганим ҳам йўқ.. Кетинг… Ҳозир бақираман, кетинг…
У аёлнинг кўзларидаги меҳрни кўриш учун унга тобора яқинлаша бошлади. У ҳозир ғайришуурий ҳолатга тушиб қолган, таъқиб, ғанимлар, ўзини пойлаб ётган сон-саноқсиз ваҳималар ҳаммаси эсдан чиққан, аёлни эркалагиси, қучгиси, таъқиб ва таҳлика тўла дунё ҳақида, фақат ваҳима ва таъқибдан иборат уруш ҳақида гапириб бергиси, кўнглидаги йиллар қотириб қўйган тош эригунча йиғлагиси келди. Унинг юрагида бирдан бетизгин туйғулар жўш урганди; чеккан азоб-уқубатлари кўнглидаги барча майлларни йўқ қилиб юборган бўлмасин, табиат қўрқувлар ва ваҳималар уй қуриб олган бесаришта ва тўзғоқ қалбидан бу майлни яна қийналмасдан юзага тортиб чиқара олган ва уни ҳам ҳалокат хавф солиб турган, эрта-индин ўлиши муқаррар бўлган қандайдир махлуққа эмас, табиатнинг азалий қонунларига риоя қилувчи ва унга бўйсунувчи жонзотга айлантирган эди. Аёлнинг кўзларида чорлов, саодат ва бахт қоришиб ётарди; у одам эркак эканлигини тўсатдан эслаб қолган, аёлнинг хаёли, нози, эркалиги яширинган сирли қалъага кириш учун унинг иссиқ, титроқли қўлларини ўзига тортди.
– Сизга нима керак, — аёлнинг кўзларида энди унинг кўзларини бир зум тарк этмаган қўрқув ва ваҳима ёнди – Кетинг, бўлмаса… ҳозир чақираман… Қўйиб юборинг… кетинг…
Аёл унинг қўлидан сирғалиб чиқди-ю, ерда ётган бир қулочча шохни олиб ўзини ҳимоя қила бошлади; ҳувуллиб ўтган хивчиннинг учи қўлига тегиб, шилиб ўтгандай ачиштириб кетди ва бирдан хушёр тортди, қаерда ва қай вазиятда тургани эсига тушди, кўз олдига яна саноқсиз ғанимлар қайтиб келди. Аёлга бир зум қараб турди-да, унинг ўзидан қўрқиб, шафқат сўраб ожиз тикилиб турганини кўриб, қўрқиб кетди ва изига шарт бурилиб, катта –катта қадамлар билан юриб кетди; анҳорнинг нариги бетига сакраб ўтгач, у қирғоққа нима мақсадда ўтганини эслай олмади. Изини чалғитиш учун у учта жин кўчага кириб чиқди ва гавжум кўчани кесиб ўтиб, яна қандайдир файзсиз боғ олдидан чиқиб қолди.
Бу унинг ғанимларига қилган иккинчи муруввати эди. Қаллиғини сазойи қилишгач, у алам ва ғазабдан пайт пойлаб турди; сал пайти келса, юзлаб ғанимни бўғизлаб кетмоқчи, қаллиғининг қасосини қон билан олмоқчи эди; шундай пайт келди – туманли кунларнинг бири хиёбонни кесиб ўтаётган саккиз ёшлардаги болага дуч келди ва уни имлаб дарахтнинг қуюқ жойига эргаштириб борди, уни имо-ишора билан авраб, шартта сочидан ушлади-ю бўйнини изига қайтарди; шунда ўзига тикилиб турган беозор кўзларни кўриб титраб кетди. Хотирасига болалиги ва қайсидир ёз кечаси отасидан ноҳақ шапалоқ егани, эрталабгача онасининг овутишига кўнмай йиғлаб чиққани тушди, билагидан мадор кетди, кўз олди тинди. Ханжар тутган қўли ўзига бўйсунмай қолди – бола қўрқиб йиғлаб юборди. “Нега” деган савол миясидан гулдираб ўтди ва бу саволга ёлғиз ўзи жавоб тополмади. Болалар ғаним бўлолмаслиги ҳақида қандайдир шоирнинг шеърини эслади. Ҳар қалай, бола шу кўзлари билан ўзидан кучли эканлигини ҳис этди. Болани қўйиб юборди-ю унга қарамай тез-тез юриб хиёбондан чиқиб кетди. У узоқ вақтгача боланинг кўзларини унутолмади – бу кўзлар у кейинги пайтларда кўрган сўнгги бегуноҳ кўзлар эди.
У боғда кечгача қолиб кетди – чиқиб кетишнинг ҳеч иложи бўлмади — боғда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ғанимлар юрарди: афтидан бугун улар қандайдир санани нишонлаётган эдилар. Боя бино олдидаги каби бу ерда ҳам байроқ кўтариб олишганди. Кўчаларда кажава билан ҳарбийлар ўтиб қоларди, дарвоза олдида ўта синчков кишилар айланиб юришарди: бу одамларнинг кўзлари ўлжасини секин нишонга олаётган милтиқнинг қўшоғзига ўхшарди. У бу синчков кишилардан жуда қўрқар: улар ҳаддан ташқари сершубҳа эдилар. Уларни кўрган дақиқаларда ғанимлар шаҳарни эгаллаган биринчи кун эсига тушарди – улар шаҳарга ўзлари билан бирга қурбақанусха улкан махлуқни ҳам етаклаб келгандилар. Махлуқ шу даражада улкан ва хунук эди-ки, шаҳарга кирганда унга йўл очиш учун кўчалардаги уйларни бузиб ташлашга тўғри келди. Махлуқ харобалик устидан зўрға судралиб ўтди ва шаҳарга кираверишда бирдан кўзларини чирт юмиб ўкириб юборди. Унинг ўкириги кўпгина биноларнинг томларини учириб кетди – у буларнинг ҳаммасини кўприк тагидан кузатиб турарди – ўкирикни эшитиб руҳланган ғанимлар шаҳарга қийқириб бостириб кирдилар. Махлуқ кенг майдонда қон устида ўтирганча кўчаларда кетаётган жангни жимгина кузатиб турарди- унинг бўйи шаҳардаги энг улкан бинодан ҳам баландроқ, унга шаҳар кафтдагидай кўриниб турарди. Махлуқнинг териси зирҳдай қалин, ғадир-будир эди. Қорни кўкузак бўлиб гезариб кетгани учун, қизил ялтироқ мато билан ёпиб қўйилганди. Улкан ва мислсиз оғзини очар экан, тишлар минглаб қилич қинидан бирдан суғурилгандай ялтираб кетганди. Ўсиқ тирноқлари ерни тимдалаб ташлаган, оёқлари остидаги қон халқобларида синиб ётган ярим ой акси кўринади. Думи ўйноқлаб гоҳ у бинони, гоҳ бу бинони харобага айлантирар, бошида кўм-кўк тож ва ҳозиргина ўзи янчиб-босиб ўтган одамларнинг қонига ботириб олингандек туғ ҳилпирарди. Кўзлари эса синчков одамларнинг кўзлари каби чақчайган ва совуқ эди. У бу махлуқ нима деб аталишини, мақсади нима эканлигини билмасди. Ахир фақат бузиш билан кўнгилга ором бериб бўлмайди ёки фақат бузиш учун шаҳарлар забт этилмайди-ку. У кейинчалик ғанимлар орасида пусиб-яшириниб юравериб, махлуқни ғанимлар раҳнамоси эканлигини билиб олди. Махлуқ шаҳар ўртасидаги баҳайбат бошпанасидан чиқмас, гарчи шаҳарни унинг танасидан анқиётган чиркин ҳид тутиб кетган, кўчаларда қон халқобларидан кўтарилган шилта иси кезиб юрган бўлса-да, у ўзининг бадбуриш қиёфасини қайтиб кўрсатмади: баъзи-баъзида махлуқ ўз бошпанасида туриб, мастона ўкириб қўяр, гўё шаҳарнинг барча ноғоралари бирдан урилгандек, кўчалар бир зум ҳаракатдан тўхтар, уни унитиб, ўз ишлари билан машғул бўлаётганларга, ҳеч бир хавф-хатарни сезмай осмонда эмин-эркин учиб юрган қушларга, гўзаллик ва яшнаш ишқида бош кўтара ва ниш ура бошлаган майса-ю навдаларга махлуқ ўзининг мавжудлигини ва абадий мавжуд бўлишини бир кўрсатиб қўймоқчидек бўғиқ ва тажовузкор ўкирарди. Шаҳар ўлаксахўр қузғуннинг уясидек тўзиб, мурда ва таҳликанинг ҳиди билан тўлган, бош суққан ҳар кўчада махлуқнинг оч кўзлари кузатиб тургандай бўларди. Ўлим ва қўрқувни ҳис этиш ва сўнг бир умр шу ҳисга банди бўлиб қолиш учун махлуқнинг сассиқ ва қўланса ўкиригининг ўзинигина эшитиш кифоя эди. Шу ўкирикнинг ўзиёқ ғанимлар нималарга қодир эканини яққол намоён қиларди.
Орадан йиллар ўтиб, кўчаларда махлуқсифат, лекин ҳали таналаридаги ҳид унчалар бадбўйлашмаган, аммо махлуқ каби кўча-куйда увиллаб, мозор иси анқитиб юрадиган тирранчалар пайдо бўлганда у ҳаммаси барбод бўлганини англайди; махлуқ барча аёлларни ҳомиладор қилиб улгурган ва қорни қаппайган, инжиқ, асабий, юзларини доғ босган аёллар шаҳарда кундан-кун кўпайиб борарди – бутун шаҳар махлуқнинг ўзи каби очкўз ва ёвуз ворислари билан тўлиб ташлаётганди. Махлуқбаччалар кўчаларда ўкиришиб, мажоро излаб судралиб юришаркан уларнинг турқларидан ҳозирдан тажовкуз ва таҳлика анқирди – шаҳарнинг келажаги қандай бўлишини у яққол тасаввур қиларди. Унинг кўнгли нафратдан карахт бўлиб қолганди.
У боғ ичида сойлик ва анҳор билан билан туташган ташландиқ дарахтлар орасида кечгача тинмай, бир хил асабий қадамларда кезиб юрди: у юриб-юриб бу сертаҳлика боғдан ғавғоли ва талош дунёдан кўзга кўринмас зиналар орқали осуда ва олис ўзга оламга чиқиб кетгиси келарди. Аммо сершоҳ дарахтлар ҳам чиркин бутоқлар ҳам, хазонрезги боғ ҳам унинг орзуларини тушунгиси келмагандай ҳурпайиб олганди. Қуёш ҳам тафтсиз ва сўлғин эди, анҳорда унинг бурдаланган акси жилваланарди.
У кеч тушгач, боғ этагидаги тош жаридан ошиб ўтди-ю қандайдир автобусга чиқиб олди. Юзини деразага босиб тураркан, шундоқ ёнида гаплашаётган икки кишининг гапи қулоғига чалинди.
– Яна пайдо бўлиб қолишибди… – дерди бирови,- бугун қуйи даҳада анҳор бўйида бир жувонни бўғизлаб кетишига сал қолибди.
– Қаёқдан пайдо бўлишди булар? Газеталаримиз жуда шов-шув қилишди-ку. Биронта ҳам қолмади, катта ютуқларга эришдик, деб, — деди иккинчиси ҳиқичоқ аралаш.
Товушларда ҳам махлуқнинг ўкиришига тақлид борлигини сезиб, унинг юраги орқага тортиб кетди.
– Билмадим, — деди яна биринчиси, — Бугун махсус гуруҳ тузилган. Аёл тасвирлаб берганни ҳар томондан излаб юришибди.
У бирдан ҳушёр тортди. Эшикка қаради – бир неча қадам келар, бироқ эшик оғзида барваста ғаним турарди. Бироз кутишга тўғри келди. Сўнг очилиши билан ўзини эшикка урди: кимгадир, афтидан, барвастага суриниб кетди, кимдир сўкинди; лекин у ҳеч нарсага эътибор бермай, ўзини чироқлар парчалай олмаган бекат орқасидаги тун қўйнига урди.
У шаҳар четидаги очиқ далада узоқ айланиб юрди, секин жимирлаб ёмғир ёғарди; шудгорланган ерда юриш оғир эди; лекин у негадир ўзини қийнаб, нуқул шудгордан юрарди. Шундай қилса, из қолмаслигини у яхши биларди. У саройга алламаҳалда қайтди. Туйнукдан ошиб ўтди-ю бир ички туйғу билан ичкарида кимдир юрганини сезди. Шу пайт “келяпти” деган секин шивирлаш эшитилди: у бир зум тошдай қотиб қолди. Туйнукдан сакраб тушиб, очиқ далага қараб чопди, бироқ тезда бу хавфли эканини билгач, шаҳарга қараб бурилди. Изидагилар аввал шовқин-сурон билан югуришди, бироқ зим-зиё тунда бу қочоққа қўл келишини ўйлашдими, товуш чиқармай қувлашга тушишди; улар оёқ товушларига қараганда, тўрт киши эди. Таъқибчилар тобора яқинлашиб келарди. Улар қанча деса югура оладиган ва югурганлари учун боқиладиган кишилар эди. У тезроқ югуриш учун қанчалик ҳаракат қилмасин, оёқлари чатишиб кетар, йиқилгудай бўлиб суринар, қоронғуда кўлмакларга кириб кетар, ёмғир ивитиб ташлаган йўлда тойғонар, жуда ҳолдан тойганди – икки кун олдинги пешона терлаши ва қалтираган вужуди бугун варажага айланган, агар жони хавф остида қолганини ўйламаса, қулай келган ерга тобора ташлаб уйқуга кетган бўларди, — агар шу маромда кетса тез орада ҳолдан тойиб йиқилиши ва осонгина қўлга тушиши ҳеч гап эмас эди. У изидагиларни чалғитиш учун қандайдир жин кўчани айланиб ўтди, қайсидир кинода тажрибали жосус шундай қилганини кўрган эди. Тор ва деворлари ярим қулаб тушган жин кўча тугаб, қандайдир қутиларсимон бинолар бошланди – бинолар кенг ва кўпқаватли эди, бу ерда айланиб юриш бошини жодига тутиб бериш билан баробар, ҳар қандай эшикдан ғаним чиқиб қолиши мумкин эди. У йўлни чапга олди ва шаҳарнинг эски ва ташландиқ қисмига қараб югурди. Таъқибчилар исковуч итдай чаққон эдилар-изидан қолмай юугуриб келарди. У қандайдир ярим вайрона ҳовли олдида нафас ростлаш учун бир зум тўхтади-ю, кўчанинг икки томонидан ўзига қараб югуриб келаётган кўланкаларни кўрди – яна бир неча сониядан сўнг унинг ҳаёт-мамоти ҳал қилинарди – у сўнгги кучларини тўплаб таваккал қилди: ҳовлига югуриб кирди ва ўйлаб ўтирмай биринчи кўзига тушган тўрдаги кичкина ҳужрага қараб югурди. Ҳужранинг эшиги ичкарига қўпорилиб тушганди, уни кўлмак ва мослиқ ҳиди тутганди. Булутлар остидан секин сирғалиб чиқаётган хира ой нури тушиб турган деразасида каттакон қуш қафаси осиғлиқ турар, болалар ўйнаб солиб кетган бўлса керак, қафасда оёқлари осмондан келиб, қафаснинг панжарасини тишлаганча хийла йирик каламуш ўлиб ётарди – мослиқ ҳиди қафасдан чиқаётганди. Таъқибчилар қулаган қўрғонга ўхшаш ҳовлига югуриб тушишганда у энди тақдирга тан бергандай, ҳужранинг қоронғу қисмига чекинди, чекинаркан, ҳамиша илон солиб қўйишган бўлмасин тағин, деб хавфсирайдиган юраги ураётибдими, йўқми билолмади, балки умуман юракнинг ўзи қолмагандир? У каламушга қараркан, “ҳатто каламуш ҳам менга қараганда мазмунлироқ ўлим топибди”, деб ўйлади ва халқобга чўкка тушаркан, “Ҳаёт қафасдан ҳам торроқ” деган гап хаёлидан лип этиб ўтди.
– Чамамда, шу ҳужрага кирди, — деди ҳужра олдига келган изқувар.
– Менга ҳам шундай туюлди, — деди шериги.
Улар ҳужра эшиги олдида бироз гаплашиб туришди, сўнг барвастаси эшикни гавдаси билан тўсиб ичкарига сал эгилиб кирди. Шериги эшик олдида қолди. Барваста нимагадир қоқилиб, халқобга йиқилиб тушди,у тураркан, жуда ёмон сўкинди, чўнтагидан қўл чироғи олиб, ҳужрани кўздан кечирди.
– Нима гап, — деди шериги эшикдан бош суқиб. Агар унинг шляпаси ва эркакча кийими бўлмаса, овозига қараб хотин киши деб ўйлаш мумкин эди.
– Ҳозир, — деди барваста хириллаб ва ниманидир таппа босди.
– Ёрдамга борайми, — деди шериги олазарак бўлиб, ичкарига яна бўй чўзиб қараркан.
Унга жавобан барваста қўлтиғида ичкаридан нимадир кўтариб чиқди.
– Нима бу, — сўради товуши хотинчалиши.
– Қўзичоқ, -деди барваста, — Биз адашибмиз. Бу ерда ҳеч зоғ йўқ. Афтидан, бу қўзичоқ адашиб кириб қолганга ўхшайди.
У нимжонгина, қўрқувдан дилдираб турган қўзичоқни қўлтиқлаб ташқарига чиқди. Шериги ҳассаси билан қўзичоқнинг кичкина энди кўзга ташланаётган думбасини туртиб қўйди.
Иккаласи қўзичоқни қўлтиқлаганча ҳовлидан чиқдилар. Булут тарқаб, тунни ойнинг ёғдуси ёритиб юборганди; кўчадан ёмғир ва ер ҳиди келар, энди уларга кўниккан қўзичоқ эса барвастанинг бармоғини очиқиб сўрарди.
– Оч қолибди, устига-устак халқобга ётиб, ҳамма ёғини ҳўл қилибди, — деди барваста, аммо ажойиб қўзичоқ экан, бизга дарров элакишиб қолди.
– Ҳа, ювош экан, — шундай деб шериги қўзичоқнинг бошини силаб қўйди. – Териси жуда ноёбидан, шекилли, ялтирашини қара. Уни ўзим парвариш қиламан.
Қўзичоқ ўзаро суҳбатни тушунгандек, кўзларини тантиқлик билан юмиб олди; ҳар-ҳар дамда у кўзларини чўчиб очар, лекин ҳеч қандай хавф йўқлигини сезгач, яна барвастанинг бармоғини очиқиб сўрарди.
Тамом

ҚАЙТИШ

…Сен уйғонганингда қуёш аллақачон ҳовли адоғидаги тутнинг шохлари орасидан мўралаб турар, фарахбахш, осуда ёз тонгининг мусаффо ҳавоси дарахтлар соясини ҳали ҳам тарк этмаган; сен кеча қандай етган бўлсанг сўрида ўша ҳолатда юз тубан тушиб ухлаб қолган эдинг; сенинг бутун вужудинг кечаги ичкиликнинг асоратидан қақшаб оғрирди, кўнглинг айниб, томоғинг қуруқшиб қолганди — сен кеча уйга қай ҳолатда келганингни ҳам яхши эслолмадинг, улфатларинг сени машинага ўтирғизиб юборишганди. Эсингда, фақат машинанинг тез юрганидан гувиллаган товуши ҳамда сенга номаълум бўлган қандайдир лойсувоқ уйлар ва жинкўчаларгина сақланиб қолганди. Бошқасини эслолмасдинг. Тўшак боитб кетиб, елкаларинг уюшиб қолганди. Ўрнингдан туриб, хотининг уч кунча бурун ҳали отасиникига кетмасдан олиб келган бир шиша қатиқни музхона бурчагидан топиб олиб ичганингдан кейин кўнглинг айнигани бир оз босилди, ўзингни бардам сеза бошладинг.
Карахтлигингни ёзиш учун ювиниб олмоқчи бўлдинг, ярим ечиниб жўмракни бураганингда ер остидан узоқ гувиллаган товуш эшитилди ва бугун ҳам сув йўқлигини билиб асабийлашиб тупурдинг. Аксига олиб пақирлар ҳам бўм-бўш эди.
Сўрининг бир четига ўтириб, қуёш нурларига чўмилиб ётган осмонга қарадинг, осмон гўзал ва сенинг хаёлларинг каби бепоён, хаёл каби жозибали эди; тут шохлари орасидан осмон парча-парчаларга бўлиниб кўринарди; тут шохида иккита чумчуқ ўйнаб юрар, бир-бирига қараб ҳадеб чирқиллашарди. Шунда бирдан сенга қўшни ҳовлиларни ҳам, машиналар тинимсиз ўтиб турадиган кўчани ҳам қандайдир ғалати осойишталик қоплагандай туюлди. Сен бирдан хушёр тортиб, атрофга яхшилаб қулоқ солдинг, йўқ, ростдан ҳам атрофга ғайритабиий осойишталик чўккан эди. Бундай бўлиши сира кутилмаган ҳол эди, чунки бугун дам олиш куни, қолаверса, шундоқ эшикнинг тагидан ўтган кўча шаҳарнинг энг гавжум кўчаларидан бири эди. Сен сўрининг четига суяниб, оралиқ девордан бошчиқариб қўшнингнинг кенг ҳовлсига қарадинг, қўшнингнинг кенг ҳовлисида ҳеч ким йўқ, лекин ойнаванд айвоннинг эшиги ланг очиқ турарди — ҳовли ўртасидаги торда чойшаблар ва кир-чир осилган, сўрига худди меҳмон кутишаётгандек атлас кўрпачаларда жой солиб, дастурхон тузаб қўйилган эди, бироқ на қўшнининг ўзи, на ҳовлини ҳар доим бошига кўтариб ўйнашадиган болаларнинг биронтаси кўринмасди.
– Хей, Рашид оға, — сен иложи борича қўшнингга ёқадиган оҳангда исмига «оға» сўзини қўшиб чақирдинг. Тамоғинг қуруқшиб қолганидан товушинг бўғилиб чиқди — ҳовли этагидаги ўзини офтобга тоблаб ётган ит бошини кўтариб, сенга бир назар ташладида, ҳеч қандай ҳавф сезмагач, яна ўша ҳолатда чўзилиб олди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди — балки ичкарида кино-пино кўраётгандир, деб ўйладинг ҳовлингга қайтиб тушаркансан.
Сен бошқа иложи йўқлигидан пақирни олиб, кўча бошидаги водапроводга қараб жўнадинг, у ерда ҳамиша сува бўларди, — сувни вақти-вақти билан иқтисод қилишни ўйловчилар негадир бу нуқтани унитиб қўйишганди. Сен кўчага чиқиб бироз енгил тортдинг — ҳар қалай, кўчада машиналар ўтиб турарди, фақат улардан чиқаётган товуш одатдагидан пастроқдек эди, — балким қулоғинг шанғиллаётгани учун товушлар зўрға эшитилаётгандир. Водопроводгача икки юз қадамча келарди — ҳовлига қараганда кўча иссиқ ва ҳаво бирдан дим бўла бошлаганди; йўлдан ҳовур кўтарилиб, гуп этиб думоққа урар, йўлка четидаги ариқчадан балчиқ хиди анқирди — ёз қуёши эса тобора жазава билан шундоқ шаҳар устида иссиқлик ноғорасини қоқиб турарди; балким шунинг учундир, кўчада йўловчилар кам эди.
Дам олиш кунлари аксарият йўл ва йўлак гавжум, сершовқин бўларди. Бироқ бу нарсалар сенинг диққатингни унчалик тортмади, бошинг оғриб турганидан сен тезроқ ювиниб олишни ўйлардинг.
Сен ўзингга қараб келаётган икки йўловчи билан водапровод олдида учрашдинг; улар нимадир тўғрисида баҳслашиб келишар, сенга деярли эътибор беришмасди ва сен ҳам уларни одатдаги йўловчилар деб ўйлаганинг учун ақилли кўз қирингни ҳам ташламадинг, водапроводнинг тўғрисига келиб, улар сени кўриб қолишди-ю, таққа тўхтаб, бир зум безрайиб қараб туриди. Сен олдинига уларга қарамадинг иккаласи ўзингга тикилиб турганини сезгач, шунчаки нигоҳ ташладинг, нигоҳ ташладинггу юрагинг шув этиб кетди — сенга қараб турган икки йўловчининг ҳам ҳозир тўкилиб тушадигандек кўзлари бежо ва ўта қилтириқ эдилар — агар юриб келаётганини кўрмаганингда эди, болалар устихонга ҳазиллашиб шим-кўйлак кийгизиб, кўчага чиқариб қўйган деб ўйлашинг мумкин эди, — иккаласининг юзида ҳам хеч қандай ифода йўқ, бу юзлар ёзуви ўчиб кетган қоғозга ёки совуқ урган анорга ўхшар, кўзлари бироз чўчиб лекин ҳадиксираб боқиб турарди; улар бир зум каловланиб тургач, сенинг олдингдан тисарилиброқ ўтиб кетишди; — уларнинг иккаласи ҳам бир хил жигарранг кўкрагига қандайдир рақам босилган йўл-йўл пижамалар кийиб олишганди олдингдан ўтиб кетишаркан, ҳовлида улардан айниган гўштнинг ҳидидай зах аралаш қўланса мурда хиди келди-сен йўловчиларнинг изидан қарамоқчи эдинг, бироқ негадир юрагинг дов бермади, сени қандайдир қурқув ҳисси қоплаб олган ва бу қўрқув тонг шафағидай юрагингнинг бир четида секин тўгилиб келарди жўмракни очиб, юзингни сувга босаркансан, оёқларинг орасиджан бирров орқага кўз ташлашга улгурдинг икки йўловчи ҳам орқаларига қараб-қараб тез-тез кетиб боришар ва бир-бирига нимадир деб имо-ишора қилишарди.
Сен йўловчиларга бошқа қарамасликка аҳд қилдинг, пақир тўлгач изингга буриларкансан йўловчиларнинг муюлишдан бурилиб, чап кўчага кириб кетганини кўрдинг… «Булар ким бўлди? — ўйладинг сен ичингда, — нега бундай шубҳа билан қарашди».
Сен негадир, иккаласининг ҳам юзини эслаб қололмагандинг. Асли уларнинг эслаб қоладиган қиёфалари йўқ эди. Сен хаёлинг банд этган саволларни миянгдан бир силкиб тўкиб ташлагандай оғриётган карахт бошингни сарак-сарак қилиб қайта-қайта силкитдинг. Юзингни ювгач карахтлигинг бироз тарқаган, ўзингни енгил ва соғлом ҳис эта бошлаган эдинг; кўча қизиётган бўлса ҳам, дарахтзор ҳовлилардан тонг салқини уфурарди.
Сен худди бояги йўловчиларга ўхшаган учинчи йўловчи билан қоқ остонада — боя «Рашид оға» деб чақирган ҳовлидан чиқиб келаётганда дуч келдинг; бунисининг ҳам кўзлари совуқ, юзи кўнгилни суст қиладиган даражада кўказак, кийими ҳам худди олдинги йўловчиларникидай эди. У ҳам даставвал шошиб қолди, сенга бош оёқ разм солиб чиққач, дарров изига қайтиб эшикни шарақлатиб ёпиб олди. Буниси ёшроқ, лекин бу йўловчининг ҳам эслаб қоладиган қиёфаси йўқ эди, токи сен ўз ҳовлингга кириб кетмагунингча, эшик қайта очилмади. Водопровод олдидаги йўловчиларнинг сен бошим шишиб кетганидан менга шундай туюлган бўлса керак, деб ўйлагандинг, бироқ иккинчи бор дуч келгач, сен ташвишлана бошладинг. Ҳовлингга кира солиб, эшикни тамбалаб қўйдинг, сен ўзинг уйда бўлганингда эшикни ҳеч қачон тамбаламасдинг.
Пақирни бир четга қўйиб, сўридан осилиб, яна қўшни ҳовлига секин узалиб қарадинг, ҳовлида ит ҳали ҳам ўша ерда чўзилиб ётар, саҳнда дарахт барглари орасидан сирғалиб ўтган қуёш шуълалари ўноқлар, сўрида эса уч киши гаплашиб ўтирар ва бир-бирига нелардир деб мулозамат қилишарди: сен қўрқувдан энди батамом серрайиб қолдинг; сўридаги учаласи ҳам бир хил кийинишган эди, учаласининг ҳам юзи совуқ, ифодасиз, гўё юзлари ўрнида бир парча кўкиш ялов хилпираб тургандай эди. қошсиз кўзлари бир-бирига чақчайиб тикиларди.
Оёқларинг бўшашиб, турган жойингга ўтириб олдинг. «Баким менга шундай туюлаётгандир? — ўйладинг сен саросима аралаш. Ё ичимликнинг таъсиримикан?!» Сенинг карахтлигинг бирдан тарқади-ортиқ бошинг ҳам оғримай қўйди. Бошинг-кўзингни яхшилаб ювиб олгач артиндингда, қазноқдан нарвон келтириб, яна қўшни ҳовлига қўрқа-писа кўз ташладинг йўқ ростдан ҳам уч киши сўрида ҳамон гаплашиб ўтирар, тўғрироғи, кўм-кўк қонсиз лабларини очиб юмишарди, — лаблари очилганда қопқора ғордай тишсиз оғизлари кўриниб кетарди. Энди ҳеч қандай шбҳага ўрин йўқ эди: ё сенга, ёки кўзларингга бир гап бўлганди. Шунда хотининг ва болаларингни отасиникига юборганингдан бери биринчи марта хайхотдай кимсасиз ҳовлида ёлғиз эканингни англадинг ва бундан биринчи марта ваҳимага тушдинг. Хотинингни балким отасиникига юбориш керакмасмиди? Балким табиблар огоҳ этганидай сени ичимлик шу ҳолга солган ва кўз олдингга шунинг учун алламбалолар кўринаётгандир?! Карахтликдан асар ҳам қолмаган, кечадан буён шуурингни қоплаб турган хирагина туман ҳам тарқаб кетганди. Озқозонингни бўм-бўш бўлишига қарамасдан ҳеч нарса тортингинг келмади. Сен уйга кириб, ўзингни тўшакка ташладинг ва ўзингга йўлдош бўлиб туриш учун радионинг тугмачасини босдинг, ундан яқин ўтмишда қатлаом этилган одамларнинг оқлангани ва уларнинг ўлими тўғрисида эшиттириш борарди, бироқ сен махсус хабарни охиригача эшитгинг келмади. Радиони ўчираркансан, унинг устида турган қиррали қалпоқ кийган отангнинг суратига кўзинг тушди. Сен ҳеч қачон отангни кўрмагандинг. Лекин отангни олиб кетган кечасидлан буён барибир қайтади деб эшикни доим очиқ қўядиган онанг ҳатто сўнгги паллада ҳам «У қайтади… Мен кутолмадим» деганди. Суратдан кўзингни олиб деразага қарадинг. Шу заҳоти ўрнингдан ўқдек ирғиб турдинг — назарингда деразадан кимдир сени кузатиб турганга ўхшарди, ва кузатаётган, шубҳасиз, бояги қошсиз одамлардан бири эди. Сен деразага тикилганса бир муддат қотиб қолдинг; йўқ, деразада офтобнинг қиё нурларидан ҳосил бўлган ранг-баранг жилвалар аксланарди, сўнг ичкарига тирқираб тўкиларди. Сен бир ички сезги билан югуриб ҳовлига чиқдинг; назарингда кимдир эшикдан сирғалиб чиқиб кетганга ўхшади. Бу ҳолдан қалтираб кетдинг; эшик тамбаланганча турар, лекин у худди сим-симдай очилиб ёпилганини сен аниқ кўрган эдинг. Сен мадорсизланиб қолган оёқларингни зўрға кўтариб ҳовли эшигигача бординг — темир сургуч ҳар қандай зарбага дош бероладиган келбатда содиқ қулдай сал эгилиб турарди. Эшик очилган бўлиши сира мумкин эмас эди. Ташқаридан эса визиллаб ўтаётган машиналарнинг товуши элас-елас эшитиларди.
Темир сургучни очиб ташқарига қараш-қарамасликни билолмай тараддудланиб қолдинг ва таваккал қилиб кўчага қулфнинг тирқишидан мўраладинг ва рангинг оқариб ккетиб, деворга суяниб қолдинг, эшикдан ўн беш қадамча нарида боя сен кўчада кўрган икки йўловчи турар, уларнинг кийимидан ва сумбатидан таниб қолган эдинг ва улар эгнига жигарранг костюм кийган, кийган қиррадор қалпоғига қизил боғич тикилган худди ўзларидек қошсиз, юзи сурп камарли кишига сенинг уйингни кўрсатиб нимадир дейишар ва қўлларини силкиб-силкиб қўйишарди; камарли кишининг қуроли борлиги аниқ эди — икки йўловчи ниманидир ҳавода чизиб, сенинг ҳовлингга ишора қилгач, у қуроли осилган ғилофни ушлаб-ушлаб қўярди — энди ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмаганди; Сен кечаси ухлаганда шаҳарда нимадир содир бўлган, сен эса ғафлатда қолган эдинг. Кўз олдингда содир бўлаётган бу воқеалар юракни сиқадиган даражада ғайритабиий эди — на ўнг, на сўл тарафдаги қўшниларнинг ҳатто ҳамиша бақириб-чақиришадиган болаларнинг ҳам товуши эшитилмасди — Нега сен илгарироқ буни сезмаганингга ҳайрон қолдинг — алоҳа, дарахтма-дарахт учиб юрган чумчуқлар ҳам эҳтиёткорлик билан чуғурлашарди.
Дафъатан нима қилиш кераклигини билолмай каловланиб турдинг; ташқаридагилар нимагадир таёйрланишар, камарли кишининг ёнида милтиқ тутган учта аскар ҳам пайдо бўлган камарли киши уларга ҳовлини кўрсатиб нимадир буюрарди.
Наҳотки улар сенинг ҳовлингни кўрсатишаётган бўлса?! Ҳозир, шу дақиқадаёқ нимадир қарор қилишинг керак; балким алахсираётгандирсан — бироқ бу мумкин эмас, сен хушёр ва уйғоқ эканлигингни жуда яхши англардинг; балким махсус хизматдагилар шундай кийимга ўтгандир? Ҳар нарса бўлиши мумкин, шу дақиқада нимадир қилиши керак, қандайдир фавқулодда чора ўйлаб топишинг керак. Кейин кечикишинг мумкин. Сен уйга югуриб кирдинг, бу фикрингдан ҳатто қувониб ҳам кетдинг — нега олдинроқ шу нарса хаёлингга келмадийкин?! Сен даҳлизга кириб, бошини қорнига қўйиб ётган мушукдай мунғайиб турган телефонга ёпишдинг ва уйи ўзингдан бир кўча нарида бўлган ҳамда ёрдамга етиб келишига кўзинг етган барваста синфдошингнинг рақамини тердинг. Шошиб қолганингдан икки-уч марта чалкашиб кетдинг, ё охирги, ёки ўртадаги рақамни ташлаб кетиб терардинг; ниҳоят тушди, шекилли, нариги томондан, албатта синфдошингнинг даҳлизида телефон жиринглаётганини билдирувчи муддат-муддати билан бўғиқ ғўнғиллаш эшитилиб, енгил нафас олдинг. Телефон узоқ жиринглади — сен суяги оғир синфдошинг, атайлаб узоқ махтал қилиб сўнг олишини ва кейин «биринчи қўнғироқдаёқ олдим» деб туриб олишини, ўзи эса кулиб юбормаслик учун тишини-тишига босиб тиржайиб туришини хаёлингга келтириб, кўнглинг хуфтон бўлиб турганига қарамай тиржайиб қўйдинг. Бу дунёни сув босса тўпиғига келмайдиган синфдошинг сенга бошқалардан кўра кўпроқ ёқар ва сенга ўзини яқин тутарди; гарчи у бироз танбал бўлсаям зарур пайтда дўсти учун ўзини томдан ташлашга тайёр эди. Балким шунинг учун айнан унга телефон қилгандирсан? Телефон узоқ ғўнғиллашдан сўнг шарақлаб кўтарилди ва дўстингникига мутлақо ўхшамаган анча қўпол ва бўғиқ овоз эшитилди. «Терговчи эшитади…» Сен қулоқларингга ишонмаётгандек аввал телефон дастасига тикилиб қўйдинг, сўнг худди овоз эгасини қулоқларинг билан кўрмоқчидек бутун вужудингни диққатга айлантириб, бу қуруқ ва дағал овозга қулоқ солдинг.
– Ким?! Бу ким?! — сўрадинг сен ғалати бир ҳисдан қалтираб кетиб.
– «Терговчи, нима гапингиз бор, гапиринг». Буйруғомуз оҳангда сим тизимчалари орқали оқиб келган товуш сенинг бутун танангни нимталаб ташлади, гўё ўша нариги учдан бир томчи заҳар оқиб келиб, қон томирларингга тушган-у, ҳамма нарсани алғов-дарғов қилиб юборгандай эди — юрагинг шув этиб кетди — бу ҳозиргина кўзларинг билан кўрган манзарадан кўра даҳшатлироқ эди ва сен энди туш кўрмаётганингга, уйғоқ эканлигингга мутлақо ишонган, кўрганларинг эшитганларинг бошингдан кечираётган воқеалар эканлигига энди заррача шубҳа қилмасдинг. Бироқ наҳотки кечагина қуёш ботишидан сал бурун улфатларинг билан майхўрлик учун хиёбоннинг хилват бурчагига кирмасларингдан олдин бошқача бўлган дунё бир кечада шунчалар ўзгарган бўлса?!
Сен энди хаёлингга келган яқинларинг ва танишларингнинг рақамларини терар ва ўша бир хил бўғиқ сур товушда «Терговчи эшитади», «Терговчи эшитади», «Терговчи эшитади» деган бир хил жавобни олардинг. Сен энди даҳшатга тушдинг — юз берган ҳодиса шундай эди: ё бирон руҳий касалга йўлиққан, ё дунё ростдан ҳам бир кечада бошқа, ваҳимали, сертаъқиб, ғайриоддий қиёфага кирган ва сен билган, сен кўрган дунёнинг исми ўзгарган, ёки қандайдир қиёмавт бўлгану сен қайсидир ҳикояда ўқиганингдек ўзга дунёга тушиб қолгансан… О, қандайин ўйин бу? О қандайин машъум ўйин бу? Сен бошингни чангаллаб ўтириб қолдинг. Нима бўлди унга, у ким? Ким эди? қани у билан бўлган, севган одамлар? У севган овозлар қани? У қайси гуноҳи учун бу жазога мустаҳиҳ этилди?
Ҳовлида баъзи-баъзида шитир-шитир қадам товушлари эшитилаётгандай бўларди — уйда ҳам қандайдир шарпалар сени таъқиб қилаётганга ўхшарди. Энди телефонда ҳам, қўшнилардан ҳам, умид йўқ эди; Нима юз берди?! Нега дунё шунчалик ўзгарибди-ю сен бехабар қолибсан? Нега янги дунё бу қадар алоғ-чалоғ, хатарли, қандайдир машхар дунёсида юрганга ўхшайди одам? Ёки нариги дунёга бориб қолдими? Ким унинг бу саволларига жавоб бера олади? Ҳеч ким! Ёлғиз умид ўзидан! Ўзинггина бу мудҳиш манзараларнинг тагига етишинг мумкин; бошқа хеч ким! Ҳеч ким! Сен «нима қилиш кераклигини ўйлай бошладинг, юрагинг худди сеҳрланган дарахтдай лаҳза сайин хавотир ва гумон мевалари тугар, бу мевалар бутун вужудингга ёпишиб олганди, бирдан ҳаёлингга келган фикрдан шууринг ярқ этиб ёришиб кетди. Кечаги хиёбонга боради, балким, дам олиш куни бўлгани учун бугун дўстларингни кўпи ўша ердадир? Улар билан кенгашиб ўзига нима бўлганини маслаҳатлашиб олади. Бу фикр сенга бироз таскин берди, сен гўё бу уйга қайтиб кирмайдигандек эшикларни қулфладинг; Соқолингни олиб ўтирмадинг — бу кўнгилга сиғмас, бундан ташқари сенинг юрагинг хаприқар, вужудингга қандайдир қўрқинчли ҳайвонлар ичида ёлғиз қолгандай бир заққум ваҳима ўрмалаб кирганди. Ҳовли эшигингни олдига боргач, ҳар эҳтимолга қарши тирқишдан ташқарига яна кўз югуртирдинг: уч аскар билан қамарли киши — уларда ҳам деярли қиёфа йўқ эди — тўғри сенинг эшигингга қараб келишар, икки йўловчи қайгадир ғойиб бўлган эди. Сен бир муддат тайсалландинг, агар эшикдан чиқсанг шартта ушлаб олишади, улар важоҳатларидан айнан шунинг учун келишаётган, агар яна бир неча дақиқа ҳовлида қолсанг қўлга туширишлари аниқ!
Балким қўшниларингни шу тариқа ими-жимида олиб кетишгандир? Ўйлаб ўтирмай орқа деворга қараб югурдинг, эшик уч марта қаттиқ урилганда сен девордан ошиб тушаётган эдинг. Ҳовлининг бу томони сердарахт жин кўча эди. Кўчада ҳеч ким йўқ, дарахтлар қилт этмас, бошқа жойларга қараганда бу ер салқинроқ ва хилватроқ эди. Сен дарахтлар оралаб нариги бошидаги очиқ майдонга қараб йўл олдинг — у ер ҳамиша гавжум бўлар, айниқса, дам олиш кунлари ёш ялангга тўлиб кетар, у ерда одамлар орасида бўлиш хавфсизроқ ва хатарсизроқ эди. Сен майдон томон югуриб борардинг. Ёнингдан зувиллаб изма-из иккита машина ўтиб кетди, лекин машиналарнинг ҳайдовчиларини кўришга улгурмадинг лип этиб ўтиб кетди — агар яхшилаб разм солганингда, унда машиналарни ҳам қошсиз одамлар бошқариб бораётганини кўрардинг, ва бундан юз чандон ваҳимага тушардинг, эҳтимол.
Сен очиқ майдонга чиққанингда, ростдан ҳам бу ер гавжум, одамлар бу салқин масканда шунчаки кезиб юришар, фаввора атрофидаги ўриндиқда ястаниб ўтиришар, дарахтлар тагида гуруҳ-гуруҳ бўлиб суҳбат қуришар, музқаймоқ ва ичимликлар дўкони олдида узун бўлиб навбатда туришар, майдоннинг қоқ ўртасида жанговор оркестр жарангларди; у қандайдир тантанали куй чаларди; бу куй одамнинг ҳам ғашига тегар, ҳам негадир кишини жиддий қилиб қўярди, тўғрироғи трубалар ва ноғоралар саси одам эшитиб юрмаган бу куйдаги тажовузкорона оҳангдан эсанкираб қолиши мумкин эди.
Сен дарахтлар ичидан оралаб, ичимликлар дўкони тарафга ўтмоқчи эдинг, тез юрганингдан ва кечаги майхўрликнинг таъсирида жуда чанқаб кетгандинг, бахтга қарши кун ҳам тобора қизиб борарди; қўрқувдан ва шошиб юрганингдан кўйлагинг баданингга чиппа ёпишиб қолганди, — лекин шу дафъа майдонда ўзингга қараб келаётган йигит билан қизни кўриб, шамдай қотиб қолдинг, сўнг шамдай эрий бошладинг; улар сенга яқин келиб қолган, бир-бирини ялаб юлқишаётганидан атрофларига деярли қарашмасди ҳам. қиз йўл-йўл эркакча кўйлак кийиб олганди у ҳаддан ташари гўзалга ўхшар, лекин қошсиз юзи кишини ваҳимага соладиган даражада оппоқ, деярли юз эмас, бош ўрнида рангсиз туғ хилпираб тургандек эди. Йигит ҳам жуда ёш, кўкрагига ялтироқ нишона қадалган, лекин арвоҳдай шарпасиз ва юзи ўта тафтсиз эди. Сен шундан сўнггига майдондагиларнинг юзига ва кийимларига тез-тез разм солиб чиқдинг — гўё бир бичимдан чиқишгандай, сувнинг тагида ётишгандек кўказак юзлар бир-бирига ўхшар, ҳаммаси қошсиз ва балиқдай чақчайган одамлар эди. Боя ҳовли ёнида кўрган икки йўловчи ҳам майдонда кезиб юришар, сен уларни жуссалари ва кийимидан таниб олгандинг, юзларига қараб, майдондагиларни бир-биридан ажратиш қийин эди.
Улар сенга орқа ўгириб турган қандайдир аёлга хушомад қилишарди, афтидан, ҳа деб кулишарди.
Ўзингни дарахтлар панасига оларкансан сени ҳаддан ташқари ваҳима қоплаб олди. Бу нима ўзи? Рўёми? Тушми? Эртакми? Ё қандайдир қўрқинчли суратми? Нима бўлди унга? Нега бу ҳолатга тушди? Ановилар ким? Бу саволларнинг ҳар бири сени оч бўридай кемирарди. Наҳотки гўё вақт ҳам, шамол ҳам, ва юрагинг ҳам тўхтаб қолгандай эди.
Наҳотки бутун шаҳарни баданидан зах ва ўлик ҳиди келаётган одамлар забт этиб олган бўлса? Наҳотки шаҳар шу арвоҳ сифат одамлар тасарруфига ўтган бўлса?
Майдон четидаги байроқ осилган мухташам бинода тенглик ва инсонпарварлик ҳамда фан тараққиёт тўғрисида қандайдир давъаткор шоирлар осилганди, гўё бу шиордаги сувларга ёмғирнинг ҳам ғаши келгандай қизил алвонни оққа бўяб ташлаганди.
Майдондаги одамларнинг кийими ҳам алланечук ғалати эди — кўпининг эгнида эскириб кетган нимдош мундир осилган, аёллар эса бундан қирқ-еллик йил бурунги андозада одмигина кийинишган, лекин ҳаммасининг кўзларида саросима, таҳлика ва гумон аралаш бир қўрқув қотиб қолган, гўё бу қўрқув уларнинг бутун баданидан уфураётгандай эди.
Балким унга шундай туюлгандир? Балким ўзи ваҳимага тушгани учун майдондагилар ҳам қўрқаётгандек бўлиб кўрингандир. Бу ғаройиб ва ёлғончи дунёда ҳар нарса бўлиши мумкин. Сен дарахтзорнинг қуюқроқ жойига кириб, ўзингни бироз босиб олмоқчи, майдондагиларни яхшилаб зимдан кузатмоқчи эдинг, бироқ шундоқ орқангдан, дарахтлар ичидан мозористон қарғасининг қағиллашига ўхшаш ғўнғиллаш эшитилди, сен ўзингни дарахт шохлари орасига олиб, дарров товуш келган тарафга ўгирилдинг. Сен куўмай қолгандинг, сен кириб ўтирмоқчи бўлган дарахтзор четига кенг суянчиқли ўтирғич қўйилган ва у ерда майдондагиларга қараганда бироз замонавийроқ кийинган, бири олифталарча ҳасса тутган икки киши гаплашиб ўтиришар. Сенга томон орқа ўгириб ўтирганлари учун сени кўришмаган эди, ваҳоланки, ораларинг икки қадам ҳам чиқмасди. Улар қандайдир шеърий унсурлар ҳақида гаплашаётган эди. Гоҳ-гоҳида кимларнидир ғазаб билан сўкишар, қоралашарди; Сен иккала суҳбатдошнинг аччиқланганини қулоқлари дилдираб кетганидан билиб қолардинг.
Бу иккала ғалати одамнинг гап сўзидан сўнг сен ниманидир ғира-шира англаётганга ўхшардинг. Англаган нарсаларингдан шунчалар қўрқиб кетдингки, бўғзингдан нимадир ўтиб кетди-да, бутун ичингни уйдириб ўтиб, оёғингдан чиқиб кетди.
Наҳотки, бутун шаҳарни ўликлар босиб олган бўлса?! Бу юзсизлар гуруҳи нега бунча шовқин-сурон қилишаётгани, телефон, қўшни ҳовлидаги шарпаларнинг сабаби буёқда эканда? Сен ниманидир англаганла ўхшардинг ва энди майдондагиларнинг кийимидан, юзидан, баданларидан уфураётган ҳиддан ҳеч бир ажабланмасдинг ҳам.
Бу ердан тезроқ кетиш керак, ҳозир сени шу қизиқтирарди, холос. Бу ерда — ўлик маҳбуслар салтанатида қолиб бўлмаслигини яхши англардинг; шаҳарда қолиш лаҳза сайин хатарлашиб борарди. Кетиш, хотинингни ва болаларингни бу ҳавфдан огоҳ қилишинг керак эди. Токи улар бу даҳшатни кўрмасин.
Майдонда оркестрнинг жанговор куйи жаранглар, қандайдир ҳарбий қисм тантана билан ўтиб борар, улар саф тортиб юришларига қараб, одамнинг эти жимирлашиб кетарди. Гўё улар бирон ҳарбий мақсадда эмас, айнан, одамларни ваҳимага солиш учун саф тортиб ўтишаётгандек эди, атрофда, гулзорларда, соя салқин жойларда юзида қони йўқ, кўзлари ўт бўлиб чақнаган, бўйинлари дарроз одамлар бутун майдон бўйлаб кезиб юришарди. Уларнинг кўзларида умрлари каби шубҳа ва нафрат ёниб турар, ҳеч нарсадан ажабланмай қўйган қорачиқларида бошқа бир ифодани қиш қийин эди. Уларнинг ўзларини тутишлари ава хатти-ҳаракатлари осмонда бирон ўлакса излаб айланиб юрган оч қузғунга ўхшар, фақат буларнинг қанотлари йўқ эди. Баъзан бу кўзларда ҳаётнинг чигал калавалари сочилиб ётганини, гўё одам на тупроқдан, на сувдан эмас, фақат ғазаб ва нафратдан яралгандай, уларнинг бутун вужудида аламзадалик аралаш худбинлик ва жоҳиллик фуриб турганини, синчиклаб қараган одам қорачиқларининг тўрида шамлари учиб ётган абадият меҳробини кўриш мумкин эди ва булар ҳаммаси уларга нисбатан кишида ҳайрихоҳликни эмас, қандайдир қўрқув ва ваҳимани уйғотар, уларнинг кўзларидаги ана шу осойишталик ва махталликка ўхшаш кўникма уларни қандай қилиб бу ақл ва тафаккурнинг харобаси каби на бирон режа, на бирон мақсад билан эмас, балки пала-партиш қуриб ташланган, бинолари қадим даврлардаги — дарвоқе унчалик ҳам қадим ҳам эмас — авахталардан андоза олиб қурилган шаҳарга нега тўсатдан билдирмасдан бостириб келишганини ва ҳеч бир қаршиликсиз бутун шаҳарни эгаллашганини фош қилиб турар, ана шу фош қилишнинг ўзиёқ ваҳимали ва даҳшат эди — ахир уларнинг заҳил, чандиқли юзлари одамни бир зум эсанкиратиб қўяр, ва эътиқод, садоқат, эзгулик деган, одам бир умр сиғиниб келган ўтишга арзийдиган туйғулар аслида пуч нарсадан иборат эканликларини улар ўзларининг қисматларида ва майдонда, шаҳар кўчаларида бесару-пой изғиб юришлари билан исботлаб тургандай бўлишарди; буларнинг барини сен дарахт тагига чўккан кўйи майдондагиларни кузатиб туриб ўйлаган эдинг ва яқингинада сен ўзинг ишлайдиган рўзномада бу ўлик маҳбуслар ҳақида шундай фикрларни ёзган ва мақоланг шов-шувларга сабаб бўлганди. Ўша куни уларга қараб туриб яна неларни ўйлагандинг? Сенинг қалбингда қандай гумон айиқлари ўкирди, бу менга қаронғу. Менга аёни фақат ҳуки, қиёфасиз, ва ўликнусха одамлар шаҳарни ўзлариники қилиб олганларига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. қачон?! қай маҳалда?! Фақат мана шу нарса жумбоқ. Наҳотки, бир кечада шунчалик ўзгарса?? Ёки сен гемеолитлардай ойлаб ухлаб қолдингмикан?! Бўлиши мумкин. Унда хотини бир ҳафтадан сўнг қайтиб келаман деганди, нега улар йўқ? Ёхут бу ўлик шотирлар қўшнилари каби болалари ва хотинини олиб кетишдимикан? қайга? Нега?
Сен яна саволлар тиғи паррони остида қолгандинг, нима қилиб бўлса ҳам бу ердан кетиш кераклиги дамо-дам бутун ҳаёлингни банд этиб оларди. Бироқ қаерга?! Балким булар бутун дунёни эгаллашгандир?
Сенинг кўзинг тиниб, бошинг айлана бошлаганди, сен ҳатто ўрнингдан ирғиб турганингни, дарахт шоҳи чап юзингни тилиб ўтганини ҳам билмай қолдинг, эхтиёткорликни ҳам унутиб қўйгандинг. Хаёлинг паришонлигидан юрагинг ғазаб ўчоғига айланганди. Кўнглингни қоплаган машъум фикрлар, васвасалар оғушида йўлакни телба каби кесиб ўтаётганингни анча кеч — ёнингдан ўнгингдан сўнгингдан қонсиз, совуқ юзлар қаҳр билан еб қўйгудай тикилаётганини алоха сезгач англадинг, юзлари рангсиз, туғ каби хилпираган одамлар ўзларини четга олишар, изингдан балони кўргандай тикилиб қолишар, қий-чув кўтариб, кимларнидир ёрдамга чақиришарди; Хушинг ўзига келганида майдоннинг ўртасига бориб қолгандинг — энди орқага қайтиб бўлмасди; орқада сенга чақчайган кўзларини тикиб турган бир тўп оломон турарди, олдинда ҳам бир гуруҳ қиёфасиз одамлар сенга серрайиб қараб туришарди, фақат ўнг тарафдаги анҳорга қурилган ёлғизоёқ кўприккина бўш эди; Сен буларнинг ҳаммасини жуда тезликда ҳисоб-китоб қилиб чиқдинг, ўзингга қараб турганларни ҳуркитганча, олдинга қараб интилмоқда эдинг, бурақам — одамлар қурозсиз бўлсалар ўзингдан чўчишини билиб қолган эдинг: Бироқ шу пайт бутун майдонни ларзага солган буйруқ янгради.
– Ушланглар! Тириклай ушланглар.
Сен товуш келган томонга қарадинггу олд тарафдан ўзингга қараб югуриб келаётган учта аскарни ва боя уйинг олдида кўрган камарли кишини кўрдинг. Орқада ҳам сени қуролли кишилар қуршаб олганди — фақат битта йўл, кўприк очиқ эди; Сен кўприкдан ўтсанг бўлди, нарёғи қаровсиз, сердарахт хиёбонга чиқиб олишингни билардинг, балки қутулиб ҳам кетарсан? Сен кўприкка қараб югурдинг. Оёқларинг шу даражада чаққон бўлиб қолдики, ўзингда қўрқув аралаш эллик газча келадиган анҳордан ҳам сакраб ўта оладиган куч сездинг. Кўприк зиналаридан икки сакраб чиқиб олдинг ва ички сезги билан овчилар орасига тушиб қолган оҳу каби бирдан ўзингни майдондаги оломон қувлаб жўнаганини билдинг, орқангдан минглаб отлар қувлаб келаётгандек қулоқни қоматга келтирадиган дупур-дупур ва аёлу-еркакларнинг чинқириқлари эшитила бошлади — агар изингдагилар таъқибни шу тариқа давом эттирса тезда кўприкка келиб тиқилиб қолишлари ва бир-бирини босиб янчиб ташлашларини билардинг, бу сенга жуда қўл келарди — токи таъқибчилар ўзларини ўнглаб олгунларича ташландиқ хиёбонга бориб қолишинг, ундан сойлик бўйлаб яшириниб шаҳардан чиқиб кетишинг мумкин эди — бироқ бирдан орқангдаги шовқин бир зум тингандек бўлди ва нақ оёғинг остида нимадир портлагандай гумбурлади, визиллаб келиб чап сонингга нимадир жозиллаб ёпишди ва суягинг бўлак-бўлак бўлиб шарақлаб тўкилиб тушгандай кўз олдинг тиниб кетди, сен сўнгги пиллапояга қоқилиб ағнаб тушдинг, ағнаркансан изингдан қувлаб келаётган жоҳил, ғазабнок оломонни ва қўлида қурол ушлаган, ҳозиргина сенга ўқ узган одамни кўришга улгурдинг, у одам қиррадор қалпоқ кийган ва сенинг уйингда турган отангнинг суратидаги қиёфага жуда ўхшарди, эҳтимол ўшадир, эҳтимол қайтгандир?» деб ўйладинг, аммо бошқасини англай олмадинг ва чакканг зарб билан кўприк панжарасига урилди; Сўнг ҳаммаси тиниб қаергадир ғойиб бўлгандек туюлди, тошиб кўпириб чиққан сув сеҳрли куч таъсирида яна ўз ўрасига қайтиб сингиб кетгани каби, сен билган осмон, ер, дарахтлар, ранглар ва бутун дунё бир-бирига аралашиб кетиб, кичик бир қизғиш, ушлаб бўлмайдиган хира нуқтага айланди — сен ҳушингдан кетаркансан устингга етиб келган қошсиз ва юзсиз чақчайган одамларни, уларнинг жаҳлдан ўзларини йўқотиб қўйгандек шовқин сурон қилишаётганини, сени кўрсатиб нелардир деб кулишаётганини, камарли кишининг бақирганини, оломонни бир четга ҳайдаётганини, замбилга солиб қайгадир кўтариб боришаётганини, атрофингда арвоҳ сифат оломон тантанавор ва зафарли қийқиришаётганини, кимнидир тинмай олқишлаётганини, ва майдонда оркестр ҳамон тажовузкор ва жанговор куй чалаётганини оломоннинг шовқин-сурони ва қийқириғи тобора кучайиб бораётганини, гўё қачонлардир қўргану, энди эсингдан чиқиб кетган ва хотирлаш мушкул бўлган манзарадай элас-елас илғаб қолдинг.
Сўнг ҳаёлингнинг бир четида серфайз ёз оқшомидаги тўлин ой пайдо бўлди ва бир неча дақиқа шуурингни ёритиб юборди, сен бу ой қурмагур бунчалар чиройли, оромбахш нур таратмаса деб ўйладинг, сўнгги дақиқаларда эса кўксингга жавонда турган костюмимни ақалли бир марта ҳам кийишга улгурмадима, деган бир жосусона афсус оралаб ўтди ва сен бошқа бу нарсалар ҳақида ўйламаслик учун осмон акс этиб турган кўзларингни юмиб олдинг.
Оломон шодон қийқирганча сени қайгадир кўтариб боришарди, қаердадир радио карнайдан фаннинг сўнгги ютуқлари ва байрам олди чақириқлари ўқиларди, майдонда эса оркестр сафга чорлаб ҳамон тантанавор куй чаларди…

http://kh-davron.uz

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn