Бедорлик қуёши

moonМайли ой нурин сочсин, тим қородир тун ахир,
Майли одамлар етсин, бахт беродир кун ахир.

Бу сафарги чиқишимни “БЕДОРЛИК ҚУЁШИ” деб номладим. Бедор шоирлар Ойни ана шундай номлаганлар. Чунки бедорлик ижодкорларга хос фазилат. Юқоридаги икки мисра Александр Блокдан таржима қилинган, арузда… Севган шоирларимизнинг ижодларидан таржима қилиб, азиз муҳлисларимизга юбораётган сатрларимиз, бедор онларимизни эслатиб турсин.

Дада Зафар.

Дж. БАЙРОН

БЕДОРЛИК ҚУЁШИ

Бедорлик қуёши мунғлик юлдузим,
Сенинг ипак шуъланг ўта бокира.
Усиз зулматда тун , сўқир қалб кўзим,
Сен олислаб кетган ширин ҳотира.

Ўтмишдан нур сочиб турарсан ҳира,
Фақат ёритасан, эмассан қайноқ.
Фалакда ёлғизсан, тунгги асира,
Сафосан, шаффофсан, беҳаёт, узоқ.

Бедорлик қуёши-Ойга мафтунман,
Дея сўзлар Джорж Ноэл Бардон Байрон.
Тафаккур нурила мен ҳам бутунман,
Лек ҳеч нарса билолмай яшарман ҳайрон.

СЕН ЙИҒЛАСАНГ…

Сен йиғласанг, киприкларингда,
Томчилардан таралади нур.
Феруза кўз гўё бинафша,
Шабнам эзган каби ҳўрланур.

Сен кулганда, кўзинг ўнгида,
Ёқут ҳира тортиши аниқ.
Чақноқ нигоҳ, қайноқ истара,
Мовий кўзлар тенги йуқ тиниқ.

ОЛОВ ПУРКАР ҚАЛБЛАРДА ШАФАҚ

Оламни зулматлар қоплаган палла,
Қуёш ботганида ишни дўндириб.
Оқшом булутлари рақси ял-яла,
Борлиқни ёритмоқ бўлар куч йиғиб.

Чиндан қалб абрига боғланса нигоҳ,
Қуёшин топишга бўлар муваффақ.
Ва лек энг сўннги нур сўнса гар ногоҳ,
Ўт бўлиб ёритгай қалбларни шафақ.

СЕВГИ

Севги қачон, қайда туғилар,
Дея мендан сўрамагин ҳеч.
Ҳар бир дилда албат жўш урар,
Сени кўргач, эрта ёки кеч.

Қачон уни йўқотмоқ мумкин,
Буни юрак ҳис этар тиниқ.
Ғам аламлар босса ҳам лекин,
Тирик бўлсам, сўнмагай аниқ.

А.С. ПУШКИН

ҚУРЪОННИ ЎҚИБ…

Нун, қалам ва битикка қасам,
Ва қиёмат кунига қасам.
Зул ҳижжа ойи, тонгга қасам,
Жуфт ва тоқ номозларга қасам.

Ҳа, ўқийман бошим кўтармай,
Фақат сендан топарман ножот.
Ҳар оятгга имон келтирай,
Ғофилликдан этарсан огоҳ.

“Мен эмасми, жазира куни,
Инъом этган оби зам-зам.
Чиқсин дея онгингнинг уни,
Дейсан, тилинг қилдим инаҳам.

Ёмон ва ёлғондан эт ҳазар,
Ҳидоят йўлидан бор дадил.
Қуръонимни сев, етимга назар,
Даъватингдан титрасин ғофил!”

***

Ер муаллақ, осмон жамланган,
Ўзинг қудрат, ўзинг ал-Қодир.
То қиёмат жилмас ўрнидан,
Сенсиз ҳеч не бўлмагай содир.

Сен оламга қуёшни ёқиб,
Еру кўкни ёритган эгам.
Биллур қандил ичига солиб,
Асрайсан биз шаъмларингни ҳам.

Танҳо сенга этиб ибодат,
Фақат сендан сўраймиз ножот.
Шамолларга берарсан шиддат,
Булутларга берарсан қанот.
Оловга сув пуркасанг ҳайхот,
Бизга риск-рўз бўлгай ноботот.

О, Сен раҳмдил, Сендан Муҳаммад,
(саллаллоҳу валейҳи саллам)
Олди Қуръон, нурли Ҳидоят.
Руҳимизга шу зиё монанд,
Онгимизга шу нур иноят!

ДЕНГИЗ БЎЙИДА

Пушкинни ўқидим денгиз бўйида,
Мен бирла китобни варақлар шамол.
Турфаҳил ҳаёллар инсон ўйида,
Қайтадан тирилса шоир эҳтимол.

Нега қояларни чарҳлаган уммон,
Нега майин қумлар тўшаган қирғоқ.
Қора денгиз туби сирлидир ҳамон,
Тўлқинлар шовуллар, тунлар чинқироқ.

Илоҳий китоблар этгандек баён,
Оламни сув ювиб кетгани аён.
Ўша дахшат изин қолдирган ҳар ён,
Аллоҳнинг иродаси тириклик омон.

Сув қайтгач ортида Орол қолибди,
Каттароқ кўлмакдай мавж урар Каспий,
Қора денгиз ўртадан жой олибди,
Ўрта Ер тинганин дейдилар нисбий.

Дунёни қучоқлаб, аллалар океан,
Бир неча номдадир ягона она.
У бешик тебратар, ҳаёт бор экан,
Шу боис булутлар бошда парвона.

Эркинлик рамзидир булутлар, осмон,
Кимсасиз саҳролар гўёки қафас,
Бўронларда йиқилган у соҳибқирон,
Навоийдан таралган эзгу наво-сас.

Қалбимга жойлабон саҳро қумларин,
Ичида жавоҳир ютдим, кемирдим.
Кўнглига жойлаган денгизни Пушкин,
Мен эса дўппим-ла паққос симирдим.

***

Ҳайр эй, алвидо ножилов қудрат,
Сўнгги бор турарман сенла юзма юз.
Мовий тўлқинларни аллала, тебрат!
Тенгги йўқ ҳуснингга тўймоғим жоиз.

Яқин дўстим каби видолашарсан,
Бунчалар қўшиғинг бўлмаса мунгли.
Дардимга шериксан нидолашарсан,
Таскин топсин дейсан шоирнинг кўнгли.

Қалбимдан орзулар тошар лимо –лим,
Қирғоққа урилган тўлқин мисоли.
Бу ерлар азиздир, туманли, сўлим,
Булутлар денгизнинг ҳаррир рўмоли.

Қанчалар севаман сенинг чорлашинг,
Бежаранг шовуллаб, қиларсан нидо.
Ва сокин тунлари ёлғиз зорлашинг,
Ҳамда ғазабингдан асрасин ҳудо!

Балиқчи кайиқлар бунга кўниккан,
Чидайдилар бўлсанг ҳам инжиқ.
Умидга юз тутур ҳар битта елкан,
Сузарлар бағрингда тақдирлар аччиқ!

Мен эса ҳеч қачон тарк этолмадим,
Ҳилватга кўмилган қирғоқларингни.
Тарифингни Байрондек битолмадим,
Ҳис этиб армон у фироқларингни.
Шоир бўлиб васлингга етолмадим.

Сен кутардинг, сен чорлардинг, мен асир,
Фммо беҳудага талпинган юрак.
Интилсам ҳам бу қирғоқлар қасир,
Қанотсиз қуш учмас, қанотсиз тилак.

Қаёққа ҳам бошим урардим яна,
Афсуски бесамар отланган йўлим,
Сенинг ҳадсиз кенгликларингда мана,
Кўксимга санчилди улкан бир ўлим.

Унда бир қоя бор шуҳрат зиндаси,
Унда мангу ухлайди вақт ва замон.
Унда майдалайди узлат кундаси,
Унда сўнган ҳаттоки Напалион.

Унинг ортидан бўрондек шошиб,
От чоптириб кетди Байрондек доҳо.
Тафаккур хукумдори тўлқиндай тошиб,
Дунёни забт этиб, топди интиҳо.

Озодликни қумсаб, истироб чекиб,
Кетди у, қолдириб шоирлик тожин.
Шовқин сол, додлагин, денгиз энтикиб,
Унинг қўшиқларин тўлагин божин.

Сенинг қиёфангга у эди монанд,
Фақат сенинг учун яралганди у.
Сен каби қудратли, тубсиз, ҳафачанд,
Хассослик ўти деб қаралганди у.

Усиз дунё ғариб, қолди ҳувуллаб.
Қайларга бошлайсан мени океан?
Тақдирдан неларни топамиз излаб,
Йилт этган манфаат кўринар экан,
Йўқ унда маърифат, бор унда тикан.

Алвидо денгиз! Алвидо, унутмам!
Мени мафтун этган шу чиройингни.
Тўлқинлар шовқинин асло унутмам,
Тунларинг ёритган тўлин ойингни.

Жим, сокин турувчи ўрмонлар аро,
Ҳам саҳрою даштлар ичра ўтарман.
О, денгиз борлигинг руҳимга жо,
Қалбимни тўлдириб олиб кетарман.

М.Ю. ЛЕРМОНТОВ

ЮЛДУЗ

Фалакда танҳо,
Чақнаган юлдуз,
Тортиб нигоҳ, о,
Аврамас бежиз.
Менинг орзуим,
Юксакка чорлар,
Бўлгач мавзуим,
Шеъримда порлар.
Ҳа шундай эди,
Ўша ҳуш нигоҳ,
Тақдир панд еди,
Этса ҳам огоҳ.
Истиробга у,
Асло сололмас,
Ломаконда у,
Кўнгил ололмас.
Қамашган кўзим,
Юммай тутоқдим,
Олис юлдузим,
Ноумид боқдим.

УЧ ПАЛЬМА

( Шарқ ривояти )

Қумкўчар саҳрода, араб даштида,
Ўсарди уч пальма ҳаёт гаштида.
Шундоққина остидан чиқарди булоқ,
Шу боис яшнарди кимсасиз қумлоқ.
Қат-қават япроқлар қўйнига олиб,
Ўт пуркар иссиқдан эдилар ғолиб.

Анча йиллар билинмай ўтдию кетди,
Бу яшил масканга на аёқ етди.
На бирон бир кимса лаблари қуриб,
Жон сақлашга келмади ўзин уриб.
Япроқлар сарғая бошлади аста,
Қуёшнинг тиғидан булоқ шикаста.

Уч туп пальма ҳудога қилди нолиш,
“Бунда биз кўкардик, бундами сўлиш?
Саҳрода бефойда ўсдик, гулладик,
Шамолда тебраниб, ўтда туладик.
Боқиб қувонмаса на бирор нигоҳ,
Ноҳақ бу ҳукмингдан бизни эт огоҳ!”

Дарахтлар нолиши тугар тугамас,
Борлиқни сўрарди қуюн аямай.
Атрофга ёйилди дахшатли сурон,
Тўзонлардан гилам соларди бўрон.
Келарди чайқалиб, лўк-лўк бемадор,
Қумларни чангитиб туялар қатор.

Туяларга ортилган юклар эмас кам,
Ўркачга боғланган чодирлар маҳкам.
Тизгинда офтобдан қорайган қўллар,
Ҳар чодир ичидан қора кўз чақнар.
Ва чувакдан келган навқирон араб,
Тим қора отини туртар ниқталаб.

Ва от бош кўтарар икки аёқда,
Сапчирди қоплондек ҳар икки ёққа.
Бурмали оқ либос кийганди сарбон,
Шамолда ҳилпирар мато ҳар томон.
Барханда ҳайқириб у отни чопар,
Найзасин отади ва яна топар.

Шу сўлим масканда тўхтади карвон,
Ва улкан япроқлар бўлди соябон.
Булоқлар сувига тўлди кўзалар,
Меҳмонлар улардан олар бўсалар.
Чашмалар шод эди, чанқоқлар қонди,
Дарахтлар ташрифдан жуда қувонди.

Аммо ерга оқшом чўкиши ҳамон,
Илдизлар чопилди,болта беомон.
Юз йиллик дарахтлар жонсиз қулади,
Болалар пўстлоғин шилар, кулади.
Бўйи басти ўтинга айланди дарров,
Секин аста тонггача кул қилди олов.

Туманлар сурилгач Мағрибга томон,
Ўз йўлида кетди, куч йиққан карвон.
Ортда қолди армон, кимсасиз ҳудуд,
Кул-ҳасга айланган бир сиқим мардуд.
Қолган қутганини куйдирди қуёш,
Чор томонга ёйди қуюнлар бебош.

Энди бу жой бўм-бўш, ҳувуллар,
Бунда на булоқ бор,на дарахт, гуллар.
Ношукур йўловчи излаши бекор,
Пишириб қайноқ қум ютар нобакор.
Бошида айланар ўлаксахўр қуш,
Емиш у адашса, йуқотса гар ҳуш.

МОМАҚАЛДИРОҚ

Ўкиради момақалдироқ,
Денгиз юзин ёпар булутлар.
Гўё қайнар кўпиклар оппоқ,
Тўлқинлар ўзаро тирмашар.

Қояларни ёритар чақмоқ,
Ўт илонга ўхшайди чақин.
Офат истар инидан чиқмоқ,
Мен тош қотиб турибман яқин.

Менга нима, чор атроф ваҳшат,
Қора кучлар қилса дағдаға.
Ким ҳаётда алданган албат,
Бошқа емас оғир дубулға.

Туҳматларни дейдилар асли,
Дил тубига урилган оғу.
Ўткир тиғли қоя мисоли,
Унинг дамин кесар қай туйғу?

О йўқ, чақмоқ чақавер ҳар пайт!
Бошим узра увилла шамол.
Қаршингдаман гўё муз, лоқайд,
Қўрқиш менга ётдир эҳтимол.

БУЛУТЛАР

Сузувчи булутлар, жаҳонгашталар
Ложувард осмоннинг жавоҳирлари.
Мен каби сарсонсиз, сиз паришталар,
Йўлингиз Шимолу Жануб қирлари.

Сизни ким кувлади, тақдирми у ё,
Пинхоний ҳасадми, ёки қабоҳат!?
Сизни азоблаган жиноят ё ҳаё,
Ё дўстлар тарқатган заҳарли тухмат!?

Йўқ, йўқ! Сизни бездирган беунум дала,
Сизга бегонадир нафрат, истироб.
Хотиржам сузасиз озодлик ила,
Ватан йўқ, сургун йўқ, бўлмайсиз ҳароб.

ЕЛКАН

Мовий денгиз, туманлар аро,
Кўринади ёлғиз оқ елкан.
Олислардан нени излар у,
Соҳилда у нени унутган?

Тўлқинлар мавж урар, шовуллар,
Шамолларда мачта ғичирлар.
Афсус бунда на бахт топилар,
На денгиз ҳам ширин шивирлар.

Елкан ости ложувард уммон,
Боши узра қуёш, самоват.
У ножилов, топгани бўрон,
Бўронларда бордек ҳаловат.

Александр БЛОК

ҲАДДАН ЗИЁД

Мен севаман ҳаётни ҳаддан зиёд, ҳаддан зиёд,
Тирик жонга тилагим, мангу ҳаёт,ҳаддан зиёд.

Аросатга йўл кўрсатиб, куйлаб баёт,ҳаддан зиёд,
Бўлмаганни бўлдиргим, ижодиёт,ҳаддан зиёд.

Умрим ўтиб азобда, қўрқинчли туш каби эзса,
Кимлардир бардошли деб, этарлар ёд, ҳаддан зиёд.

Александр Блок асли, дейди кам гап, маҳзун дил,
Балки босган фикр кучи, унда собот, ҳаддан зиёд.

Дерлар у борлигича, эзгулик ва нур наслидан,
Куйлагани озодлик,ҳамда шамшод, ҳаддан зиёд.

АХИР…

Майли ой нурин сочсин, тим қородир тун ахир,
Майли одамлар етсин, бахт беродир кун ахир.

Қалбимда ишқ баҳори, булутдек серхун ахир,
Ният тўла эзгулик, умримга устун ахир.

Тун қучоқлаб борлиқни,ташлайди совуқ назар,
Мени босса ғам юки, йиғладим беун ахир.

Ширинлиги алдади,заҳри қотилда суздим,
Эҳтирослар тубига, шунғидим бутун ахир.

Тонг олдидан довдираб, қаҳшайди жони таним,
Юрибман оломон-ла, адашиб маҳзун ахир.

Александр Блок орзуси, мисраларда таралур,
Балки ёруғ юлдуздай, нур сочар бир кун ахир.

БАҲОР

Баҳор чоғи кулбага томон,
Эпкин ўтди ҳувуллаб шу он,
Жаранглади қўнғироқ чунон.

У айвонга бориб урилди,
Тирқич топмай анча уринди,
Очолмасдан эшикни кўнди.

Кўтарилди кўкка у яна,
Борган жойи хилват ва пана,
Унда андуқ қилар тантана.

У ер оққайинларга макон,
Унда бир чол ясарди камон,
Қувонди у сезгани ҳамон.

Тўнкаларга сакраб чиқиб чол,
Ҳиргойи бошлади бемалол,
“Вафодорим кел, бағрингга ол!”

Ажи-бужи илдизлар қамраб,
Сақолини ўриб,ҳам тараб,
Туманларда кетдилар яйраб.

Соғинчлари жон бўлиб сингар,
Висол тўйин бугун нишонлар,
Баҳор билан кекса афсунгар.

СЕРГЕЙ ЕСЕНИН

ТУН

Ҳориди кун, тунга суянди,
Чор атрофда шовқинлар тинди.
Олам узра Қуёш ҳам сўнди,
Маъюс боқиб Ой чиқди энди.

Сокин водий қулоғин тутиб,
Чашмаларнинг сирин тинглайди.
Дарахтлар мудрашар тик туриб,
Бошларида булбул сайрайди.

Қирғоқларин ўпиб, аллалаб,
Дарё оқар шилдираб аста.
Эркаланар эътибор талаб,
Рақс тушади қамиш барваста.

МЕН ЎЗ ГУЛҲАНИМ ЁҚДИМ

Мен ўз гулҳаним ёқдим,
Бирдан ловуллаб кетди.
Унинг авжига боқдим,
Атрофга зиё етди.

Қоронғулик чекинди,
Мўралайди узоқдан.
Кўнглим аста ёришди,
Форуғ бўлди фироқдан.

Ноумид маҳзунликдай,
Чўғ ёнар часр-чусур.
Унга қўшиғим айтай,
Дилдан тарқалсин қусур.

Оловнинг тили узун,
Ҳушнудлик бирла боқдим.
Қушиғим чиқди маҳзун,
Юракда армон ёқдим.

Яна зулмат қоплади,
Ёниб битди гулҳаним.
Ундан куйинди қолди,
Ёнган менинг жон-таним.

КИМДИР ШЎҲ ҚЎШИҚ КУЙЛАР

Мендан узоқ-узоқда,
Кимдир шўҳ қўшиқ куйлар.
Кўнглим ғамли тузоқда,
Жўр бўлолмай қийланар.

Аммо талпинар юрак,
Шу оҳангга ошифта.
Ўртаниб берар дарак,
Яраланган, у ҳаста.

Эрта кетган турнадай,
Учиб кетди дўст-ҳамроҳ.
Бахтим топдим деганда,
Йўқотиб қўйдим ногоҳ!

Жўшқин қалбим жиловсиз,
Бошга ташвиш изладим.
Жўр бўлолмай, иложсиз,
Истиробдан бўзладим.

ТАҚДИР

Бошим узра нур сочар юлдуз,
Туманларда милтирар ҳира.
Қаршимдадир узун йўл ҳадсиз,
Уни босган бурган ва шўра.

Таббассум-ла боқади дунё,
Шубҳаларга тўла у аммо.
Салом дейди,тақдирим гўё,
Инъом этиб кўз ёш, муаммо.

ОРЗУЛАРИМ…

Орзуларим олисни кўзлар,
Унда эшитилар дод-вой, армон.
Унда кимлар хори зор бўзлар,
Мен уларга ҳамдард ва дармон.

У ерда топаман ўзимни,
Завқ унда, ҳаётга тасалли.
Илҳомла айтмоққа сўзимни,
Унда куч йиғарман ақалли.

ШОИР КИМ?

Шоир ким, у ёвга беаёв,
Унинг онасидир ҳақиқат.
Элни севар, у дарё асов,
Чекканлари азобдир фақат.

У иккиланмай ўзин урар,
Ўзгаларнинг дардига шерик.
Шоир у, халқ ичида юрар,
Шоир у, шу тупроқ-ла тирик.

ОҚҚУШ

Тим қоронғу ўрмон ортидан,
Арғувон нур сочиб отди тонг.
Қуёш табассуми шарофатидан,
Безанди чор атроф ранго ранг.

Улкан қарағайлар интилиб,
Кўк осмонга бошини чўзар.
Нина боглар зардўзлик қилиб,
Либос тикиб, кийганлари зар.

Майсаларнинг юзида шабнам,
Қирмизи ранг уриб ялтирар.
Кумуштус кўл устида шу дам,
Қамишлар шамолда қалтирар.

Офтоб чиққач, ўрмон бўлди ҳуш,
Тўқайзорлар ичи ёришди.
Субҳидамда оппоқ бир оққуш,
Сузиб чиқиб нурга қоришди.

Қаторлашиб унинг ортидан,
Эргашганди полапонлари.
Гўё кўлнинг силлиқ сиртидан,
Сийғанарди ёқут жонлари.

Шу боис кўл юзи ўзгарди,
Чуваларди толаларини.
Она оққуш майин сузарди,
Етакларди болаларини.

Полапонлар аста сурилиб,
Ялангликка чикдилар интик.
Сув ўтлари ўсган буралиб,
Жаннатмонанд эди бу култик,.

Гўзал эди ям-яшил соҳил,
Нилуфарлар рақси чиройли.
Емишлар бор бунда хилма ҳил,
Бир ёғи кўл, бир ёғи сойли.

Чорлади у жўжаларини,
Гулга тўлган яшил ўтлоққа.
Ўшлагин дер ўлжларини,
Чўқигани келгин бу ёққа.

Оққушчалар чопишиб қув-қув,
Ўт ўланни тортқилар шу чоқ.
Зар томчилар тўкилар дув-дув,
Гўё ипи узилган мунчоқ.

Атроф гўзал, ложувард осмон,
Гуллар атри таралар бундан.
Оққушчалар бу ерда меҳмон,
Завқланишар ҳушчақчоқ кундан.

Полопонлар сайр этди шодон,
Ўтлоқ жуда кенг, каттадир майдон.
Оппоқ оқ қуш боқар ҳар томон,
У эди жуда сергак посбон.

Йиртқич калхат йўқми осмонда,
Ўрмалаган илон йўқмикан?
Ғағиллар она қуш ҳар замон,
Полапонлар жуда шуҳмикан?

Кичкинтойлар ўзини урар,
Оқ қанотлар қалқон- ҳимоя.
Агар бўрон даҳшати сўнар,
Ўйинларга йўқдир ноҳоя.

Аммо оққуш пайқамай қолди,
Зийрак кўзлар панд берди чоғи.
Қуёш юзи томон йўл олди,
Қора булут кўкнинг йиғлоғи.

Булутларнинг ёриб бағрини,
Қанот ёзди қудратли бургут.
Чақноқ кўзлар кўрар барини,
Ўтлоқ узра ташлабон човут.

Қарағайзор ёнида тепа,
Бир тешикда илон қимирлар.
Офтобшувоқ оромбаҳш супа,
У кулчадек тобланиб ётар.

Қорақирон важохат билан,
Ўзин ўқдай у томон солди.
Аммо илон сезгани ҳамон,
Ўт оралаб кўздан йўқолди.

Қулочларин кенг ёзиб учар,
Булутлар остида қора қуш.
У тирноғин қайрайди, кутар,
Унга қулай муаллақ учиш.

Ўта ўткир бургут кўзлари,
Олисларга ташлайди назар.
Катта кўл бўйидан сал нари,
Кўзга тушди оққуш пати зар.

Шиддат билан қанотин қоқди,
Булутларни турткилаб бургут.
Қора бало каби тутуоқди,
Ер томонга ташлади човут.

Бу пайтда оққуш бечора,
Ойнадайин кўлга боқарди.
Акс этарди қаноти қора,
Гўё сувдан бало чиқарди.

Қаттиқ чўчиб тушди она қуш,
Болаларин қичқирди чорлаб.
Қонотларин остида ҳомуш,
Қучоқлади уларни асраб.

Бургут эса қанотин йиғиб,
Тиғин санчди оққуш қўйнига.
Тумшуғила тортқилаб, чўқиб,
Чангал урди оққуш бўйнига.

Қанотлари ёйилди узун,
Ҳолсиз ётар эди она қуш.
Жон талашган оёқда беун,
Жўжаларин ҳайдар бояқиш.

Болажонлар қочди кўл томон,
Тўқайзорда сақладилар жон.
Она оққуш бўзларди гирён,
Шабнам каби кўз ёшлар маржон.

Қора қушнинг тирноғи ўткир,
Нозик оққуш жисмин нимталар.
Зар патлари ҳар ёққа тўзир,
Қолганини нималар талар.

Тебранади кўл юзи секин,
Шивирлайди қамишлар аста.
Яшил ўтлар остидир сокин,
Унутилди улар бирпастда.

 

Рус тилидан Дада Зафар таржималари.

 

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn