АВЛИЁХОН ЭШОН: ТАВБА ЭШИГИ (Шеърлар)

avliyon eshonУшбу китобни падари бузургворим Шукруллохон Авлиёзода хотирасига бағишлайман

ТАСАВВУФИЙ МАЪНОЛАР ОЛАМИ

Бадиий ижод билан шуғулланиш – илоҳий неъмат. У ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Воқеан, ”бадиий ижод” бирикмасидаги арабча ”бадиий” сўзи ”янги, гўзал, нодир, тенгсиз, таъсирли” деган маъноларга эгаки, бу нарса бадиий ижодкорга юксак масъулият юклайди. Ҳақиқий истеъдодлар бадиий ижод масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда ижод қилганлари учун уларнинг асарлари мангуликка дахлдор бўлади. Бадиий ижод тарихига назар ташланса, бунга ўнлаб, юзлаб ва ҳатто минглаб мисоллар келтириш мумкин.
Хўш, мангуликка мансуб ижодкорлар ва уларнинг асарларининг сири нимада? Биринчидан, бундай ижодкорлар туғма, илоҳий истеъдодга эга бўладилар. Иккинчидан, улар ниҳоятда заҳматкаш бўлиб, тинмай меҳнат қиладилар. Учинчидан, бу хил ижодкорлар кўп ёзмайдилар, балки кўп ўқийдилар ва қомусий билим соҳиби бўладилар. Тўртинчидан, бундай истеъдодлар бағри кенг, олижаноб, кўнгли тоза инсонлар сифатида, ҳам бошқаларни ранжитмайдилар, ҳам ранжитганлардан ранжимайдилар. Чунки бундайлар Аллоҳ уларга назар солганлигини ҳис этадилар ва бу илоҳий назардан ажралишни истамайдилар. Шу сабабли улар халқ назарини ҳам эгаллайдилар ва бунга содиқ қоладилар.
Тожикистонда, шўро даврида юзага келиб, истиқлолдан кейин тўла шаклланган ўзбек адабий жараёнида шу хил етук ижодкорлар мавжудлиги қувонарлидир. Истеъдодли шоир Авлиёхон Эшон шундай қаторнинг пешсафларидан биридир.
Авлиёхон ижод майдонига ўтган асрнинг 80-йилларида кириб келди. У ижодий фаолиятда амалий тажрибаларга эга. Адабий-назарий билими етарли. Аждодлари билан боғлиқ тарзда диний илмларни ҳам эгаллаган. Бироқ, муҳими шундаки, Авлиёхон қол илми билан бирга ҳол илмидан ҳам яхши хабардор.
Илми қол дунёвий, зоҳирий илмлар бўлса, илми ҳол тасаввуфий, ботиний билимлар мажмуидир. Дунёвий илмлар туфайли мавжуд олам ва ундаги нарса-ҳодисалар ўрганилади. Тасаввуф илми орқали эса илоҳий моҳият тушунилади. Бошқача айтганда, дунёвий илм Аллоҳ яратган нарса-ҳодисалар ҳақида бўлса, тасаввуфий илм эса Аллоҳнинг ўзи ҳақидаги илмдир. Шунга кўра, тасаввуфий илм ғоят мураккаб бўлиб, Аллоҳни англаш, билиш қийин бўлганидек, уни ўрганадиган ботиний, яъни ички моҳиятга эга бўлган илмни ҳам тушуниш ғоят мушкулдир. Шу сабабли ҳам тасаввуф илмини кенг тарғиб қилиб бўлмайди. Чунки уни тўғри тушунмаган ноқислар нотўғри хулоса чиқариб, тасаввуф аҳлини бадном қилишлари мумкин. Мансур Ҳаллож, Машраб каби тасаввуфга мансуб улуғ шоирларнинг сўфиёна фикрларини тўғри тушунмаганлар қандай ёвузликларга борганликлари тарихдан маълум.
Соддароқ қилиб айтганда, тасаввуф юксак тарбиявий аҳамиятга эга бўлган таълимотдир. Чунки у ҳақиқатни тарғиб қилиб, комил инсонни тарбиялаш ғоясини олға суради. Шунга кўра, у бадиий адабиётдан мустаҳкам ўрин олиб, ҳам тасаввуфий ғоялар сингдирилган адабиётни, ҳам тасаввуф адабиётини юзага келтирди. Бир-бирини тўлдирган бу икки адабиёт минг йил давомида Шарқда юксак адабий-эстетик тарбияловчилик вазифасини бажариб келди.
Шўро даврида тасаввуфга диний тамға урилиб, четга суриб қўйилди. Бундан адабиёт ҳам, омма ҳам азият чекди. Энг катта зарарни шўрочиларнинг ўзи кўрди. Улар адабиётни тасаввуфдан ажратиб, яланғочлаб қўйдилар. Тасаввуфий маънолардан ажралган адабиёт тарбиявий таъсирдан маҳрум бўлди ва шўрога ҳам, халққа ҳам яхши хизмат қила олмади.
Истиқлолдан кейин адабиётда яна тасаввуфий оҳангларнинг юзага келаётганлиги ўзига хос Шарқ модернидир. Албатта, у соф модерн эмас, балки анъаналар асосида янгиланаётган тасвирлардир. Уларнинг янгилиги ҳозирги замон билан ҳамнафаслигида бўлиб, давр иллатларига ботиб қолаётганларни тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Авлиёхоннинг ”Тавба эшиги” тўпламидаги шеърлар алоҳида эътиборга сазовор.
Тўпламдаги шеърларнинг аксарияти сўфиёна мазмунга эга. Шу сабабли улар ички, ботиний маъно касб этган.
Аввало, тўплам номидаги ”тавба” сўзига диққат қаратайлик. Бу сўзда Ҳаққа юз буриш, поклик йўлига эврилиш мужассамланган бўлиб, гуноҳкор банданинг тавба эшиги олдидаги муножотлари тўпламдаги шеърларга сочиб юборилган.
Айтиш лозимки, тавба диний нуқтаи назардан шариат тавбасига, тасаввуфий нуқтаи назардан тариқат тавбасига бўлинади. Шариат тавбасида инсон ўзининг йўл қўйган гуноҳ ишларидан афсусланиб, тавба қилади. Гуноҳни такрорламасликка интилади. Лекин яна гуноҳ қилиб қўйса, бу хатоси учун ҳам тавба қилиб бораверади. Хатокор инсон ҳаётида бундай ҳол такрорланавериши мумкин.
Тариқат тавбаси шариат тавбасидан фарқ қилади. Тариқат тавбаси инсон ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Инсон ҳаёти янги мазмунга эга бўлади. У олдингидек яшай олмайди. Ўз турмуш тарзини фақат поклик, ҳалоллик ва яхшилик сари буради. Чунки тариқат тавбаси инсоннинг ғофилликдан ҳушёр бўлиб, Аллоҳни билиш маърифати ва унга интилиш ҳақиқати билан шуғулланишидир. Тариқат тавбасини қабул қилган инсон устоз (пир, муршид) раҳнамолигида тавба маърифати ва ҳақиқатига кўтарилади.
Тўпламдаги биринчи шеърда тариқат тавбасига қадам қўйган гуноҳкор сиймоси чизилган. Унинг ”Бу фоний дунёга боқиб, Ҳали ҳам қонмайди кўзим чанқоғи” дейиши, ундаги моддий оламга муҳаббат эмас, балки ғафлатдан уйғонаётганлигининг нишонасидир. Тавбакорнинг ”Басир кўзларимдан ғафлат уйқусин ўчирмоқ истайман истиғфор айтиб” муножотида эса унинг чиндан ҳам тариқат тавбасига ўтаётганлиги акс этган.
Шоир талқинича, ҳозирги замонда шариат тавбасидан кўра тариқат тавбасига ўтиш маъқулроқдир. Чунки замон ва макон, ҳаёт ва вақт гуноҳ қилишга кенг имконият яратаётган бир пайтда, шариат тавбаси билан инсонни ҳам, жамиятни ҳам поклаш мушкул. Шунинг учун ҳам бу борада тариқат тавбасининг аҳамияти каттадир. Шеърдаги муршиди комил сўзларида ҳам тариқат тавбасига даъват маҳорат билан сингдириб юборилган. Унинг ботин (ички олам, инсоннинг кўнгли ва руҳи)ни поклаш, ният (мақсад, ўй, истак-орзу)ни пок тутиш, фақр (хоксорлик, йўқсиллик, бечоралик, камбағаллик, ҳалоллик) йўлини танлаб, тажрид (шаҳватдан узоқлашиб, дунёга муҳаббатдан сақланган ҳолда Аллоҳга интилиш. Нафсни тийиб, ғурурни тарк этиш) ҳирқа (поклик либоси)сини кийишга чорлаб, ”Гуноҳга қайтмаслик қасдин қил” дейишида бу нарса ёрқин акс этади.
Таъкидлаш ўринлики, шеърдаги тавбакорлик жузъий ҳодиса бўлса-да, гуноҳкорлик оммавийдир. Чунки нафси аммора (инсонни турли балоларга гирифтор қилувчи нафс) гуноҳкорликни оммавийлаштириб юборган. Гуноҳкорларни тавбага келтирувчи ва гуноҳлардан қайтарувчи муршиди комиллар эса ниҳоятда кам. Шоир шунга ишора қилар экан, ишорасини давом эттириб, муршиди комил аталганлар ҳам аслида гуноҳдан холи эмаслигига имо қилади. Шунинг учун ҳам шеърдаги муршиди комил сиймосида ҳаётийликдан кўра идеаллик акс этганлигини сезиш қийин эмас. Шоир талқинича, ҳаёт, замон етук муршиди комилларга муҳтож. Бундай комиллар жамиятда ҳақиқат тўла барқарор топиб, кишилар, миллатлар, халқлар ўртасидаги дўстлик, тенглик, яхшилик мукаммаллашгач ва энг муҳими, муҳтожлик тугаб, моддий етуклик ва маънавий баркамоллик оламни эгаллагандан сўнг кўпаяди.
Шоир бунга ишонч билдиради. Чунки у Румий каби улкан кўзгуларга боқиб, уларни ўқиб, шундай хулосага келган. Шунинг учун ҳам Авлиёхон ”Бир куни” шеърида ёзади:

Бир куни
Фариштадан ҳам,
Ҳурдан ҳам покиза бўлади одам.

Топ-тоза бўлади –
Кўкси остидан
Кўриниб туради оппоқ юраги.

Инсон қачон шу даражага етади? Шоир ”Вазифа” шеърида бу саволга жавоб беради. Шеърда инсоний ўзликни енгиш вазифаси қўйилган. Биринчи мисрадаги ”Мен ўзимни енгишим керак! ” бадиий ифодаси ғоят чуқур тасаввуфий маънога эга. Мисрадаги ”мен” ва ”ўзимни” сўзларида ”менлик” ва ”ўзлик” тушунчалари мужассамлаштирилган. ”Менлик” инсоний кибрни, ”ўзлик” инсоний нафсни ифодалайди. Бу икки тушунча кимда бирлашса, уни хароб қилмай қўймайди. Улар ҳатто алоҳида-алоҳида намоён бўлганда ҳам, инсонни олижаноб фазилатлардан маҳрум этиб, адойи абгор қилади.
Лирик қаҳрамон инсоний менлик – ўзликни англаган, унинг даҳшатини кўрган шахс бўлиб, тавба эшиги олдига келган ва ўзини енгишга қарор қилган. Аммо бу қарорни амалга ошириб бўлармикин?! Чунки инсоний менлик – ўзликни енгиш ниҳоятда мушкул. Кимдир уни енгса Ҳаққа етади.
Амир Алишер Навоийнинг ”Лисон-ут-тайр” достонида минглаб, миллионлаб инсон тимсолидаги қушлар Симурғ (Аллоҳ)га етиш учун менлик – ўзликка барҳам берадиган риёзат сафарига отланадилар. Улар талаб (талабгорлик), ишқ, маърифат (Ҳақни англаш ва билиш), истиғно (эҳтиёжсизлик), тавҳид (Ҳақ бирлиги ва шу бирликка интилиш), ҳайрат, фақру фано (менлик – ўзликдан тўла қутилиб, илоҳий сифатларга эга бўлиш) каби 7 водийни босиб ўтишлари лозим эди. Менлик – ўзликни енгишга қаратилган бу водийлардан 30 та қуш ўта олди, холос. Қолган қушларнинг бир қисми йўлдан қайтди, бошқа қисми эса риёзатларга чидай олмай ҳалок бўлди ва ҳоказо.
Навоий ”Маҳбуб-ул-қулуб” асарида менлик – ўзликни енгиш манзилларини 10 та – тавба, зуҳд (дунё ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, тоат-ибодат билан яшаш), таваккул (Аллоҳга умид боғлаб, унга такя қилиб яшаш), қаноат, сабр, тавозуъ (камтарлик) ва адаб, зикр (Аллоҳни тилда ва дилда эслаш), таважжуҳ (инсоннинг ҳам ташқи аъзолари, ҳам қалби билан, яъни бутун борлиғи билан Аллоҳга юз буриши), ризо (бошга нима тушса ва тақдир нимага дуч қилса, унга рози бўлиш) ва ишқ тарзида кўрсатган бўлса, уларнинг сонини машҳур сўфийлар Мир Саййид Али Ҳамадоний (1314-1386) 40 та, Хожа Абдуллоҳ Ансорий (1006-1088) 100 та деб, бирма-бир санаб ва шарҳлаб берадилар.
Менлик – ўзликни англаш макон-манзиллари кўп бўлиши билан бирга, уларни эгаллаш ҳам ғоят мушкулдир. Чунки бир мақомни эгалламай, иккинчисига ўтиш мумкин эмас. Баъзан эса бир мақомни эгаллаш учун бутун умр етмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам шеър лирик қаҳрамони ”Мен ўзимни енгаман” деб ишонч билан айта олмайди. Балки ўзини енгиши кераклигини айта олади, холос. Зеро, лирик қаҳрамон ҳам бу ишнинг ниҳоятда қийинлигини ҳис этган ҳолда фикр юритади. У ўз олдига ўзгани енгишни мақсад қилиб қўймаган. Агар шундай ният қилганида, у ўзидаги ўзлик – менликнинг янада кучайишини истаган бўларди. Бу эса унинг ҳалокати эди. Буни тўғри англаган лирик қаҳрамон ўзини енгишга интиладики, у бунга эришса, ўзгани, ҳаммани ва ҳатто бутун дунёни енгган бўларди. Маълум бўладики, ўзини енгиш шу қадар юксак аҳамиятга эга экан.
Тўпламдаги шеърларда мажозийлик, танланган сўзларга тасаввуфий маъно юклаш изчил давом этган. Чунончи, ”Очун” шеърини олиб кўрайлик. Очун дунё деган маънони англатади. Аммо шеърда гап дунё ҳақида эмас, унинг тимсолига айланган аёл ҳақида боради. Нега? Чунки дунёда нафс тажассум этади ва аёлда ҳам бу хислат йўқ эмас.
Шоир аёлнинг гўзал сифатларини таърифлайди. Унинг қоши, сочи, юзи, кўзи, кўз қорачиғи ниҳоятда чиройли. Унга инсонгина эмас, ҳатто табиат ҳам шайдо:

Чиройини лафзида шарҳлаб,
Учар кўклам қалдирғочлари.
Юзларидан улгу ўғирлаб,
Тўлишади осмонда ойлар.
Кўзларида аксим кўрай деб,
Кўзгу тутиб оқади сойлар.
Офтоб ҳар кун ёлғиз уни деб,
Ер-фалакка улашар ҳусн.
Бу аёлнинг қорачиғида
Уйғонади қадимий афсун.

Бу гўзалликка мафтун бўлган лирик қаҳрамон ҳам таслим бўлади. Унинг қулига айланади. Унга бутунлай боғланиб қолади. Дунё – аёлнинг мақсади ҳам шу эди. У сарватини ёйиб, кўз-кўз қилиб, ўз шайдосини ҳалок қилиш пайига тушади. Дунёга берилишнинг оқибати шунга олиб келади. Аммо шоирнинг мақсади шуларни айтишдан иборат эмас. Унинг нияти ўқувчини ботиний моҳиятга тортишдир. Ботинда эса гўзаллик акс этган сўзларга ирфоний маънолар (Аллоҳни таниш, билиш ҳақидаги маънолар) юкланган. Уларни тушуниш ўзликни англашга йўл очади. Натижада, инсон сувратдан сийратни топади.
Воқеан, Авлиёхон ”икки чизиқ” сифатида тасвирга тортган қошда илоҳий ва моддий олам чегараси акс этади. Зотан, шоир ”икки чизиқ” бирикмасини бежиз келтирмаган. Чунки унда Ҳақ ва халқ намоён бўлади. Ҳақ илоҳий сарҳадни, халқ моддий олам, яъни дунёни (аёлни ҳам дейлик) ифодалайди. қошга суртилган қилқалам лирик қаҳрамон қалбидаги нафс ва кибрни англатади. Лирик қаҳрамон олдида уларни англаш, билиш вазифаси туради.
Соч – Аллоҳ зотини билдирувчи ягоналик даражаси. Аммо шеърда у ”қора сочлар” тарзида келиб ваҳдат, яъни Аллоҳ зотини англатувчи бирликни эмас, балки касрат, яъни олам ашёларини билдирувчи кўпликни ифодалаб келган. Касратда акс этган моддий олам нафсоний нарса-ҳодисалардир. Лирик қаҳрамон уларга боғланар экан, соч ранги унинг қалбини ҳам эгаллаб олади. Демак, бу ўринда ҳам хатарли хавф мавжуд.
Юз – илоҳий нур жилваси бўлса-да, шеърда у моддий интилиш ўрни бўлиб келган. Чунки у моддий олам билан боғланган. Шу сабабли юз лирик қаҳрамонга маънавий озуқа беролмайдигандек туюлса-да, унинг асл моҳиятидан воқиф бўлиш бу фикрни инкор эттиради.
Кўз аслида комил инсонни ифодалайди. Чунки унда воқифлик ва шоҳидлик акс этади. Шеърда эса кўз инсонни моддий оламга тортувчи восита сифатида берилган. Бу – зоҳирий маъно. Ботинан олиб қараганда, кўзга кўзгулик, яъни комил инсонлик вазифаси юкланган. Воқеан, шоирнинг уни кўзгу билан ёнма-ён тасвирлаши бежиз эмасдир.
Шеърда поэтик образга айланган яна бир неча сўзлар борки, уларга ҳам сўфиёна маънолар юкланган. Чунончи, кўзгу – тажаллий (намоён бўлиш) майдони. Офтоб — ҳақиқат нури. Ер – фақр олами. Ишқ – камолот йўли. Ҳижрон – ишқ ҳузури. Қафас – нафс ҳудуди. Дор – турмуш ташвишлари. Маржон – балолар гирдоби. Тош – қаҳр-ғазаб. Ип – бевафо умр. Хино – дунё найранги. Бармоқлар – нафс бандалари. Жоди – ҳаёт. Кафан – беғамлик териси. Тобут – ғофиллар уйи ва ҳ.
Тасаввуфдан хабардор бўлмаган китобхон бундай ички маъноларни англаши қийин бўлади. Бу эса шеърни тушунмасликка олиб келади. Хўш, бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун шу тоифадаги шеърхонларнинг тасаввуфий-фалсафий савиясини кўтариш керак. Бу эса тасаввуфий шеърларнинг кўпроқ ёзилишини, уларнинг кенг таҳлил этилишини, сўфиёна асарлар чопи кўпайтирилишини, адабий суҳбат ва йиғилишларда тасаввуфий талқинларга кенг ўрин берилишини тақозо этади. Буларнинг нима ҳожати бор, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, тасаввуфий асарларда китобхон савиясини кўтарадиган, унга юксак адабий-эстетик завқ бағишлайдиган, чуқур маъноли, ижтимоий-фалсафий, маънавий-ирфоний бадиий талқинлар бўлади. Энг муҳими, шеъриятда жўнлик сустлашади. Шеърият ўзининг кўп маънолилигини намойиш этиб, шеърхонлар доирасини кенгайтиради.
Ўзбек ва тожик мумтоз шеърияти тасаввуфий маъноларга йўғрилганлиги учун ҳам ҳаммани мафтун этган эди. Бу шеъриятнинг, ҳозирга қадар мумтоз, яъни аъло даражада деб келинаётганлиги ҳам унинг чуқур ички мазмун-моҳиятга эгалиги, тасаввуфий-фалсафий талқинларга бой, кўп маънолиги билан боғлиқдир. Мумтоз шоирлар анъаналарини давом эттираётган Авлиёхоннинг кейинги йиллардаги шеърияти тасаввуфий талқинларга йўғрилаётганлиги, кўп маънолик касб этаётганлиги диққатга молик. Зийрак китобхонлар тўпламдаги шеърлар билан танишгач, юқоридаги фикрни тасдиқлашларига аминмиз.
Ўрни келгани учун қайд этмоқчимизки, тўпламдаги шеърлар фақатгина тасаввуфий-фалсафий талқинларга, ички ирфоний маъноларга йўғрилибгина қолмай, улар бадиий жиҳатдан мукаммаллиги билан ҳам таҳсинга сазовор. Шеърлар ўзининг образлилиги, ритм воситалари – вазн, қофия, банд, туроқ кабилар жиҳатидан етуклиги, тил ва услубининг ихчам, равон, таъсирли ва аниқлиги, энг муҳими, турли бадиий тасвирий воситаларга бойлиги жиҳатидан талабчан китобхонларни қаноатлантира олади. Бу фикрлар мисоллар билан далилланса маъқул бўларди. Бироқ, биринчидан, аён нарсани баён қилишга ҳожат бўлмаса керак. Иккинчидан, бусиз ҳам чўзилган сўзбошида эмас, балки алоҳида қилинадиган тадқиқотларда бу иш амалга оширилар, деган фикрдамиз. Учинчидан эса, бизнингча, устоз шоир даражасига етган адибларнинг етук ижодкор эканлигини исботлашга унчалик зарурат сезилмайди. Қарийб ўттиз йилдан буён масъулият билан ижод қилиб келаётган, ўз овози ва услубини намойиш этиб, кўп сонли мухлисларига эга бўлган маҳоратли шоир Авлиёхон Эшон шеърияти бадиий етуклиги ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Сўзбоши пировардида севимли шоиримизга янги ижодий парвозлар тилаб, зукко ўқувчиларни эса яхши шеърлар мутолаасига эришаётганликлари билан қутлаймиз.

Абдусалом Абдуқодиров,
филология фанлари доктори, профессор
2013-йилнинг 22-январи.

****

 

СОҲИБИ ҲОЛ ҲУЗУРИДА

1.

– Мен огоҳ эмасман ўз аҳволимдан,
Тузалмас беморман,
Эҳтимол, соғман.
Балки сандиқ тўла дурни яшириб,
Устига тупроғи тортилган чоҳман.
Ҳануз тушунмайман кўнглим лафзини –
Ғалати лаҳжада гапирар тинмай.
Баъзида аразлаб,
Кўчада музлар –
Кўксимнинг ичига кириб исинмай.
Гоҳида аёнман,
Гоҳи ноаён –
Руҳим ойинасин ювилмас доғи.
Тунлари уйғотиб юборар мени –
Шамолда узилган баргнинг ингроғи…
Қаерга боряпман?
Савдойи кўнглим
Қўлимдан етаклар қай манзил сори?
Қачон ошкор бўлар вужудим ичра
Ин қурган юракнинг тилсим, асрори?..

– Аллоҳ дўсти бўлган муршиди комил
Ҳузурига бориб,
Тутсанг илкидан,
Ботин-аҳволингдан этадир воқиф –
Руҳинг халос бўлур тоғдай юкидан.
Бир табиби ҳозиқ сингари
Маржум –
Шайтон панжасидан қутқазади ул.
Ориф суҳбатида бор тугунларин
Ечади Ҳақ зикрин айлаган кўнгул.
Муршид жазба ила,
Гоҳ сулук билан
Руҳингни авайлаб этар парвариш.
Юрагинг ичида илоҳий севги
Уруғи майсадай ура бошлар ниш.
Хожа Баҳоуддин демишлар:
”Мурид –
Ҳолин яширолмас пирнинг қошида.
Бизга аён бўлур ҳар бир толибнинг
Не асрори бўлса
Ич ва тошида…”

2.

– Гуноҳим бисёрдир,
Сой тошларидай
Юрагим тубида ётар қалашиб.
Текин гуноҳларни нафс бозорида
Иблис хуржунидан олдим талашиб.
Ҳавойи истаклар домига тушиб,
Дилимнинг ғуборин қўймадим артиб.
Бобил чоҳи каби қудуқ ичида
Ётибман,
Ким мени олади тортиб?
Ёмон, жуда ёмон гуноҳларим бор,
Ўйласам, бошимда – тошлар чақмоғи.
Воҳ, ажаб,
Бу фоний дунёга боқиб,
Ҳали ҳам қонмайди кўзим чанқоғи.
Аллоҳ кечиргайми хатоларимни,
Не қилсам, ўзига дўст айлар мани?
Эгнимдан ечмоқни истайман,
Пирим,
Гуноҳим шароби томган жомани.

– Тил ва дилинг ила,
Ҳам руҳинг билан
Аллоҳ зикрин қилгин,
Ишқдан бўлиб маст.
Эҳтимол, ўшанда ўзи билгувчи
Барча гуноҳингни кечса, ажабмас.
Нафсингга туҳмат қил,
Зеро, ул золим
Ҳижоби дил кўзин айлайди басир.
Доннинг илинжида юрган қуш каби
Руҳинг
Тузоғига тушмасин асир.
Бу ғоят мушкул иш…
Нафси балони
Тарбият этмоққа етса тоқатинг,
Балки қабул бўлар кечаю кундуз
Сажжода устида қилган тоатинг.
Нафсни олов дерлар,
Қаровсиз қолса,
Ёндириб кул қулар жисму руҳингни.
Сен уни ўчириб, кўксингга қада,
Иймон ипи билан тиккан туғингни.
Гуноҳинг…
Менинг ҳам гуноҳларим бор,
Кечир, деб бир умр тинмайди нолам.
Мағфират сўрайман,
Ғофил бандамиз…
Ёлғиз Аллоҳ ўзи билгичдир, болам.

3.

– Эй муршиди комил,
Қисматим ўйлаб,
Узун кечалари чекаман афсус.
Улуғ Ажр куни ҳолим не кечар,
Қутби Олам билан
Бўлсам юзма-юз.
Бугун тавба қилиб,
Надомат чексам,
Айбим ювиларми озроқ бўлса ҳам?
Хотирам лавҳидан ўчмаган ҳануз,
Ал-Мисоқ кунида ичилган қасам.
Басир кўзларимдан ғафлат уйқусин
Ўчирмоқ истайман истиғфор айтиб.
Менга йўл кўрсатинг,
Кўнглим осмони
Ҳидоят нуридан ёришсин қайтиб.

– Аллоҳ раҳматидан умидинг узмай,
Тавба қил,
Покиза тутиб ниятни.
Шайтонга бўйсунма,
Ул тўғри издан
Чиқазмоқ истайди одамиятни.
Тазарру эшиги доим очиқдир,
Ёпилар ажалнинг қўли етганда.
Тавба қил,
Ул Зотнинг ғазабларидан
Шояд, нажот топсанг,
Гуноҳкор банда.
Улуғ ҳаким айтмиш:
Тилинг истиғфор
Айтишдан бир лаҳза тинмаган пайтда,
Дилда пушаймонлик бўлсин,
Гуноҳга
Қайтмаслик қасдин қил –
Кўнгилдан ҳайда.
Тавба кечикмасин,
Умр
ярмидан
Узилган бир тушга ўхшайди, холос.
Тавба-тазарру қил,
Ҳали жон қушинг
Торгина қафасдан бўлгунча халос.

4.

– Пирим,
Фақирлик не?
Ожиздир ақлим –
Билмадим бу сўзнинг мазмун, шарҳини.
Баъзан адашаман, илғай олмасдан
Асл сийрат ила суврат фарқини.
Балки аҳли аёл,
улус,
бойликдан
Чекинсам –
Бўлмаса дунё ташвиши,
Хилватда куну тун қилсам ибодат,
Бошимга қўнарми саодат қуши?
”Фақирлик фахримдир”,
Бу улуғ ҳадис –
Мени осмонлардан туширди ерга.
Баъзида қурсоғим тўйган маҳали,
Ўзимдан ёзғириб, ботаман терга…

– Гарчи
Бечораҳол умр кечириб,
Эл-улус наздида бўлсанг-да, ҳақир,
Ботининг покиза бўлмаса, демак,
Сен мағлуб бандасан,
Эмассан фақир.
Бу улуғ мақомдир –
Унинг соҳиби
Тажрид ҳирқасини кийган ошиқ, қул.
Аллоҳнинг олдида ўзини ожиз
Ва муҳтож сезувчи фақирдир – йўқсул.
Чекиниб беҳуда орзу, ҳавасдан,
Яшасанг бир ошиқ,
Фақир сингари,
Зулмоний пардалар бир-бир очилиб,
Умид қил,
Жамолин кўрсатар Тангри.

2012.

РУМИЙ

Улкан Кўзгу, улкан Кўзгу,
Кўзларингда акс этай.
Руҳимда Ишқ гулхан ёқур,
Теграсида рақс этай.

Бу қасрни куйдирган ул
Ўт ичинда чўмилдим.
Улкан Кўзгу, қорачиғинг
Уммонига кўмилдим.

Ишқ туғилди – Мен йўқолдим,
Гулим, сендан ”оҳ” қолур.
Қалб ўрнида бизни ютган
Осмон каби чоҳ қолур.

Улкан Кўзгу, соя бўлдим –
Очун йўқдур – Очун бор.
Дил кўзига тошлар отган
Ўз танамда ўчим бор.

Юз йил кутай, очилгунча
Дарчаларнинг кўзлари.
Улкан Кўзгу, юзларингда
Қолди қайғум излари…

1997.

***

Вужудим, аслида туфроқсан, гилсан,
Руҳга тузоқ бўлиб эшилган қилсан.

Ботинимга назар ташлайин десам,
Кўзим пардасига тортилган милсан.

Кўнглим фалакка йўл бошласа гоҳи,
Маҳкам ёқасидан ушлаган қўлсан.

Гоҳи тиғ кўтариб, мулкимни талаб,
Қурсоғин тўйдирган савдойи қулсан.

Йил бўйи ташнасан ёмғир сувига,
Қудуғи қум билан кўмилган чўлсан.

Эй кўнглим ҳижоби, руҳим заволи,
Сендан кечай дейман – гуноҳи мўлсан.

Руҳим севгидан маст, ишқдан бехабар –
Шамолда тўзғиган бир ҳовуч кулсан.

2010.

БИР КУНИ

Бир куни
Фариштадан ҳам,
Ҳурдан ҳам покиза бўлади одам.

Топ-тоза бўлади –
Кўкси остидан
Кўриниб туради оппоқ юраги.

Ойнага термулса –
Ёғилган нурдан
Кўзи қамашади ҳатто кўзгунинг.

Қўлига тош олса –
Куй таралади,
Қўшиқлар чиқади тошнинг ичидан.

Бир ҳовуч сув тутса –
Ўзидан аввал
Илдиз томоғига қуяр тиз чўкиб.

Қайғуга ботсангиз –
Дилингиздан хор-
Тиканларни териб чиқар бармоғи.

Меҳрини улашса –
Юрак сатҳини
Қадоқ кафти билан қўяди артиб.

Бир куни…

2000.

УЙ

(Отамга бағишлайман)

Бир замон – осмон яқин,
Ер юмшоқ бўлган чоғда,
Нурбобо яшаб ўтди
Бизнинг чекка қишлоқда.
Торгина хонасига
Сиғмаса-да чориғи,
Атрофга кетган эди
Бобомизнинг довруғи.
Оддий бир одам эди,
Лек меҳнатни суярди.
Ҳар кўклам шоли экиб,
Тийрамоҳда туярди.
Сўнг ўзи хабар бериб,
Қимирлаган ҳар жонга,
Чорларди одамларни
Кулбасига – хирмонга.
Таъмасиз эди бобо –
Ўз ҳолига қарамай,
Ҳосилни улашарди
Ҳеч кимдан ҳақ сўрамай.
Лекин кулбаси кичик,
Бир ёни вайрон эди,
Нурбобонинг ишига
Одамлар ҳайрон эди.
Бир йил, икки, беш йилмас,
Ўттиз йилки шу аҳвол –
Ҳар кузда топганини
Тақсим қилар нега чол?
Уй қурса бўлмайдими,
Баланд қилиб, кенг қилиб.
Арзийди-ку яшаса
Ўзин элга тенг қилиб…
Ниҳоят, бир кун чоллар
Ёшларни олиб ёнга,
Отланишди Нурбобо
Яшаб турган маконга.
Дедилар: – Уят бўлди,
Бундайин ўйлаб кўрсак,
Майли, десангиз, сизга
Атаб янги уй қурсак.
Деворин пишиқ қилсак –
Ишлатмай ғишт хомини.
Ҳавас қилса арзийдиган
қилиб ёпсак томини.
Нурбобо келганларга
Ҳайрон бўлиб қарайди.
Сўнгра дер: – Ҳали кулбам
Яшамоққа ярайди.
Билсангиз, асли уйим
Ҳув, анови бўстонда –
Ҳамманинг борар жойи –
Қирдаги қабристонда.
Ўттиз йил, фоний дунё
Бойлигидан кечиб воз,
Ўша уй обод бўлсин,
Дея яшадим, холос.

1998.

ИМОМ ҒАЗЗОЛИЙ САБОҒИ

1.

Ўзининг нафсини танимай ҳануз,
Банда танимагай Ҳазрати Ҳақни.
Саодат тухмини қўлга киритмай,
Билмоғинг маҳолдир ўзгани, халқни.
Гар ризо эмассан бундай даъвога,
Бўлурсан эл ичра кулгу, уятлиғ –
Егани нон топмай, шаҳар аҳлига
Ош ваъда айлаган гадо сифатлиғ.

2.

Одам ҳақиқати – маънои ботин,
Дил – подшоҳ, мусаллам тутмиш баданни.
Дорил нажотига интилган руҳнинг
Даргоҳи Аҳадият асл маъдани.
Вужуд – шаҳар бўлса, қўл ва аёғинг
Унинг фуқароси – ҳунарманд улус.
Ғазаб ила шаҳват ханжар кўтариб,
Ҳар тун халойиққа бўлур юзма-юз.
Ул омили хирож, роҳзан ва ёғий,
Ҳеч таслим бўлмасдан подишоҳ – дилга,
Шаҳар аҳлин талаб, кўзларин боғлаб,
Етаклаб келтирар тунги қатлга.
Ул чоғда кўнгилнинг вазири – ақл
Тадбир кўзи ила боқиб атрофга,
Подшоҳ ғанимларин ибодат сори
Етказиб, чек қўяр бор ихтилофга.
Зеро, ақл бирла кенгашиб кўнгил,
Шаҳват ва ғазабни тутса илкида,
Саодат йўллари очилиб, дилнинг
Низоми ҳукмрон бўлур мулкида.
Одам ўз вужуди мамлакатига
Подишоҳлик қилса, Аллоҳга банда –
Бўлмоққа шойиста бўлғай, Ёр юзин
Кўрмоқ насиб этар унга ўшанда.

3.

Дунё мисли соя, яқинроқ борсанг,
Сендан қоча бошлар… Бисёр хатари –
Юзига қизларнинг ниқобин тортган
Кампирдай етаклар ҳалокат сари.
Дунёнинг аҳлини Ҳазрати Исо
Шўр уммон сувини ичавериб, боз –
Чанқоғи зиёда бўлган бир гуруҳ
Ташна одамларга этганди қиёс.
Дунё – карвонсарой, мусофир учун
Тайёр қилиб қўяр йўлнинг озиғин.
Фақат аблаҳ одам таом улашган
Олтин табаққа ҳам қадайди кўзин.
Гарчи бу оламнинг бор лаззатидан
Қўл йиғмоқ равомас, айласанг фикр.
Лекин бори аъмол фақат Аллоҳга
Ибодат қилмоқдир, маърифат, зикр.

2012.

УШШОҚ

Руҳни уйғот, пардани оч,
Чашминг басир бўлгунча.

Ўзингни дон мисоли соч,
Жонинг асир бўлгунча.

Дил ипларин чилтор этгин,
Бармоғинг қон бўлгунча.

Овозингни бедор этгин,
Ростинг ёлғон бўлгунча.

Майхонадан чиқар бўлма,
Ишқидан маст бўлгунча.

Сен ўзингни ғолиб билма,
Нафсингга қасд бўлгунча.

Жисмни еч – дилга юкун,
Дилдорга ёр бўлгунча.

Яшаш ҳечдир, ўзинг бир кун
Ўзингга дор бўлгунча.

1997.

***

Худойим, руҳимни танамга тиқдинг,
Қабоғимни қийиб, бошимни тикдинг.
Қоронғи кўксимга ёқиб қўйдинг шамъ,
Ўлтирсам теграмни ёритди шуълам.
Нафасим очилди – қилдинг иноят,
Манглайим ўйилиб, ёзилди оят.
Одамга эврилиб кирдим очунга,
Қировлар тўкилиб тушди сочимга.
Бошимга шариллаб қуйилди ҳаёт,
Кўнглим оҳу бўлди, оёғим – сайёд.
Изладим, боримни йўқотдим, топдим,
Гуноҳим устини гуноҳ-ла ёпдим.
Руҳга тузоқ қўйдим, юракка – қопқон,
Дилимга сув тутмай едирдим талқон.
Ойнадай қорайиб синди сийратим,
Кўтариб югурдим ёлғиз сувратим.
Ўзимни овутдим, ахир, бандаман –
Нафсим ипларига боғлиқ, бандиман.
Худойим, ўзингга қилай тавалло,
Бир кун ҳузурингга қайтурман, илло.
Ҳозир меҳр кўргаз, йиғлаб уйғонай,
Қабоғим манглайга михлаб уйғонай.
Шармисор-шарманда ўзимни кўрай,
Ойна тут, юз битта юзимни кўрай.
Ҳаловат истаган бадандан кечай,
Бадан ватан бўлса, ватандан кечай,
Озод бўлгунича руҳим қафасдан,
Йўлим тикан бўлсин, ковушим хасдан.

2004.

МАЪВО

”Сен биздан эмассан, маконинг ўзга”, –
Бу калом бўғзингдан ситилди ногоҳ.
Мен эса шод бўлдим – энди халойиқ
Маъво-манзилимдан бўладир огоҳ.

Кўнглим ўз уйидан қочиб, даштларда
Шамолга қўшилиб югурган чоғи,
Бу дилнинг кўксимда яшамоғига
Ўзим ҳам ишонмай қоламан гоҳи.

Ул исён кўтариб, юракка қарши
Чоғланса, баъзида билмай ҳаддини,
Мен ҳам ғамга ботиб, кўнглим кўзига
Кўрсатиб қўяман сарҳад хатини.

Тунлари фалакка юзланиб руҳим
Тамошо айласа нур жилвасини,
Биламан, соғиниб ўртанади ул,
Илоҳий манзиллар ифор-исини.

Сўнгги япроқларин тўккан оғочлар
Бағрин очганида кириб исинсам,
Ахир, нима қилай, дарахт оғушин
Бу ўзимнинг уйим, дея тушунсам.

Кўнглимга осмондан баланд гўшада
Фаришталар чалиб берганида най,
Сархуш қушлар каби учиб ўтаман,
Тупроқда сен чизган чизиқни кўрмай.

Чиндан маъвом бошқа – товоним ерга
Текканида, замин кўринди пастдай.
Одамлар ичида яшаб, ҳали ҳам
Ўзимни сезаман бегона касдай.

Билмадим, қай улус фуқаросиман,
Уйғониб кетаман уйқумдан чўчиб.
Билганлар айтингиз, ўшал гўшага –
Кўнглимни кўтариб, кетарман кўчиб.

2012.

ТАВБА

Тавба деб бошимни тупроққа уриб,
Тазарру қилмоқдан топай оромни.
Сопол синиғидай ўзимни териб,
Қайта ямаб чиқай мингта порамни.

Ҳар бир бўлагимда ҳижрон панжаси –
Жоним ипин тортиб, узмоққа шайдир.
Ҳар бир бўлагимда гуноҳ тамғаси –
Кўкдан узилмаган ойга ўхшайдир.

Етиб-етолмадим юрак буржида
Гоҳ ёниб, гоҳ ўчган энг яқин бахтга.
Чопиб теграсида оёқ учида –
Сингиб боравердим сароб – дарахтга.

Бу дарахт меваси тотли шу қадар,
Фароғат ахтариб, кўзимни юмдим.
Юрак кетмасин деб кўксимдан бадар,
Гуноҳ тошларининг остига кўмдим.

Йўқолдим, соямдан ўзга нимам бор,
Йўқолдим, ахтарай ўзимни қайдан?
Бир ожиз бандаман, айтиб истиғфор,
Гуноҳим кечир, деб сўрдим Худойдан.

Сўнгги нафас қадар тазарру этай,
Тавба эшиклари ёпилмай туриб.
Исмингдан ўзгасин буткул унутай,
Асл ватан ҳиди турса уфуриб…

2006.

***

Ишқ сувига ғарқ бўлурмиз,
Сув юзида ғуссамиз.
Елда учган барг бўлурмиз,
Хазон ичра жуссамиз.

Чиғаноқдай ёмғир кутиб,
Ташна бўлиб ётурмиз.
Ҳовуч-ҳовуч сувлар ютиб,
Юракни уйғотурмиз.

Дил тубидан дур-жавоҳир
Териб чиқар қўлимиз.
Ўзимиздан кечдик охир,
Шу эмасми йўлимиз?

Руҳ учади, ерга эса
Тушмайди оғиримиз.
Ишқ сувида бўлдик тоза –
Кўринмас зоҳиримиз.

2006.

ҲИКОЯТ

Тақдир ҳукми ила йигит чоғида,
Ул ўзини кўрди дард қучоғида.
Оғриқ ишғол этиб жисму жонини,
Куну тун юргизди тегирмонини.
Ҳар икки оёғин босолмай ерга,
Вужуди ғарқ бўлди муздайин терга.
Ҳайрон бўлиб бундай қисмат ишига,
Бошларини қўйди ғам болишига.
Мўъжиза юз бериб қолса деб, шояд,
Йигит тақдирига кўнди, ниҳоят.
Таниш-билишлари кўнглига қараб,
Ҳар куни келишди аҳволин сўраб.
Бир оқшом ҳассага суянган дўсти
Эшик очди, кўнгли осмондай ўсди.
Меҳмон ўзи ҳақда сўзлаб озгина,
Қисмат-кечмишидан айлади гина.
”Дунё ишига боқ, йўлимни топиб,
Кеча ўзгалардай юргандим чопиб.
Бугун эса оғриқ кириб оёққа,
Ишим тушиб қолди қўлтиқтаёққа.
Гарчи умрим ўтди осуда, ширин,
Битта орзу-армон дилда яширин.
Атиги икки кун ҳассамни ташлаб,
Мен ҳам юрсам эди ҳаммага ўхшаб.
Чеккан азобимни чиқазиб ёддан,
Армонсиз кетардим кейин ҳаётдан…”
Дўсти шундай баён қилиб ҳолини,
Юз-кўзига босди дастрўмолини.
Сўнг чуқур хўрсиниб, силаб оёғин,
Титраган қўлига олди таёғин…
Эшик ёпилганда секин ғичирлаб,
Бемор йигит шундай деди пичирлаб:
”Атиги бир марта ўрнимдан туриб,
Жуда ҳам кўп эмас, тўрт қадам юриб,
Дўстимдай суянсам битта ҳассага,
Дилимдан жой бермас эдим ғуссага.
Чеккан азобимни чиқазиб ёддан,
Армонсиз кетардим кейин ҳаётдан…”

2010.

КЎЗГУ

Кўзгуга астойдил қаттиқ тикилиб
Турганимни кўриб,
Кулди хотиним.
Юмушига кетди,
Ҳар ҳолда аёл –
Бирор сўз демади менга ботиниб.

Юмушин тугатиб,
Юз йилдан кейин
Мени тополмади кўзгу ёнидан.
қўлини силтади –
Ташвиш етарли,
Иши кўпроқ эди қирқта жонидан.

Ниҳоят,
Бир куни ёдига тушдим –
Рўмолини тишлаб турар учидан.
Мен эса жилмайиб,
Қўшиқ айтардим
Қаршисида турган кўзгу ичидан.

1992.

БОБОРАҲИМ МАШРАБ

Дунё, дилда садо берган,
Синдирганинг – сафойилми?

Дилдор учун жондан кечмоқ –
Ишқ аҳлига тамойилми?

Ўстирганинг тикангулми,
Улар йўлимда ҳойилми?

Қабр қаздинг чуқур-чуқур,
Дилинг кулфатга мойилми?

Кетар бўлсам, менинг бирла
Армонларинг-да зойилми?

Дорда кўриб кулдинг, дунё,
Топганинг шу шамойилми?

2008.

ОЧУН

1.

Бу ислимий икки чизиқни
Қўймайин деб тўсатдан бузиб,
Бу аёлнинг қошига ҳаттот
Қилқаламни олган юргизиб.
Бирам нозик бармоқлар билан
Эшилган тун – қора сочлари.
Чиройини лафзида шарҳлаб,
Учар кўклам қалдирғочлари.
Юзларидан улгу ўғирлаб,
Тўлишади осмонда ойлар.
Кўзларида аксим кўрай деб,
Кўзгу тутиб оқади сойлар.
Офтоб ҳар кун ёлғиз уни деб,
Ер-фалакка улашар ҳусн.
Бу аёлнинг қорачиғида
Уйғонади қадимий афсун.
Юрагимни сеҳрлайди ишқ –
Мулкни талар ҳижрон қўшини.
Қафасидан айро жон қуши
Ойинага урар тўшини.
Кўзларимдан қора боғични
Ечиб бўлмас – аёл талаби.
Унга таслим бўлурман, бирдан –
Бузилади юрак қолаби.
Бармоғига жонимни ўраб,
Етаклайди, унинг қулиман.
Кўкрагимни тўлдирган ҳаво
Жисмим ердан узар, куламан.
Бу аёлга кўнглимни боғлаб,
Тортилади саноқсиз ришта.
Бу ҳам энди мағлуб бўлди деб,
Оҳ чекади қирқта фаришта.
Энди аёл – ғолиб малика,
Ёйиб ташлар сарват, сепини.
Сувга шўнғиб тошлар тераман,
Маҳкам тишлаб қармоқ ипини.

2.

Бу аёл дор остида
Ўйнаб, тизади маржон.
Маржон тоши тош эмас –
Ип тишлаган қирқта жон.
Борми малҳам истаган
Юрагин ямоғига,
Келсин, хино қўймоқчи
Бу аёл бармоғига.
Бўлса агар харидор
Толим-толим сочига,
Дил қонин суртиб қўйсин,
Аввал дор оғочига.
Кимдир боқиб кўзига,
Қолмоқ бўлса ёдида,
Икки қабоғин ситиб,
Майдаласин жодида.
Бор бўлса талаб аҳли,
Кирмасин олов-ўтга,
Жисмин кафанга ўраб,
Солиб келсин тобутга.

2009.

ХОЖА МУРFОН*

Қуш тилин билмадим, қуш тили – тилсим.
Ҳар баҳор кўзимга уйқу инмади –
Новдадай ялтираб чиқаздим япроқ,
Лекин бирорта қуш келиб қўнмади.

Бошимда айланиб учдилар узоқ,
Улар шиддатидан мен беҳуш эдим.
Юрагим ин бўлди, елкам – қўналға,
Кўзимда сувлар кўп, ерга туш, дедим.

Нигоҳим оч эди, имон бут эмас,
Юрак тўлиқ эди ҳали армонга.
Қушларим чуғурлаб ўзга лаҳжада,
Учиб кетаверди Хожа Мурғонга.

Бу қандай синоат, сирри ниҳондир,
Ҳазратим, ақлимни ўтказ элакдан.
Бу қандай каромат – излаб Хожани
Қушлар тушиб келар ҳар кун фалакдан.

Ўйладим бошимни тупроққа қўйиб,
Кўзимни занжирлаб узоқ ўйладим.
Тилимга тош қўйдим, бир куни, ёраб,
Қушларнинг лафзида ёниб сўйладим:

Хожа Мурғон боғланмай
Ердаги ришталарга,
Тариқатни ўргатар
Ҳар кун фаришталарга.

Юзлаб фаришталар қушга эврилиб,
Учиб ўтар экан бошим устидан,
Нигоҳим судралиб боради тонгда
Ҳаволарда қолган қушлар изидан.

Ўйлайман, ул Хожа ҳануз ҳаётми,
Тариқат йўлига кимларни бошлар?
Учиб кетган бўлса ул ҳам фалакка,
Кимнинг ҳузурига йўл олди қушлар…

1996.

* Абу Тоҳир Хожа Самарқандийнинг ёзишича, Хожа Мурғон мазори Хожа Fунжора қишлоғида жойлашган.

***

Товонимга тикан санчиб,
Югур, дединг, сен эй дунё.
Дилни узиб, илдизларин
Суғур, дединг, сен эй дунё.

Кўнгул – ботил, зоҳири йўқ,
Исёнларин охири йўқ,
Номин дема, юзинг ундан
Ўгир, дединг, сен эй дунё.

Кўзимда ғам алангаси,
Ичимдадир кўланкаси,
Кел, опичла, десам, елкам
Яғир, дединг, сен эй дунё.

Боқмадинг бир, дил ҳам чўкиб
Кетди, ёлғон кўз ёш тўкиб.
Ўтдинг, кўтар кўнглим десам,
Оғир, дединг, сен эй дунё.

Музладим, чўғ-оловинг йўқ,
Десам, менга урарсан дўқ –
Қабрга кир, ўшал иссиқ
Бағир, дединг, сен эй дунё.

2011.

***

Бошимга не келса, ўзимдан кўрдим,
Тилим тутилганда, сўзимдан кўрдим.

Гоҳида бор бўлдим, гоҳида йўқман,
Оқу қаро бўлган юзимдан кўрдим.

Гарчи гумроҳ эдим, туманда кезган
Бир неча ғофилни изимдан кўрдим.

Юзимдан ниқобни ечмай ўйнадим,
Интиҳо билмаган базмдан кўрдим.

Нафсимга ғарқ бўлиб хасдайин оқдим,
Ул бало – дарёи азимдан кўрдим.

Юракка хазонлар тўкилди,Тангрим,
Баҳордан сўнг келган кузимдан кўрдим.

Мен сени танидим, зарраларингни
Кўнглимда очилган кўзимдан кўрдим.

2005.

ВАЗИФА

Мен ўзимни енгишим керак!
Бунинг учун етарли асос –
Бу ёруғ дунёга
Ўзгани эмас,
Ўзимни енгмоққа
Келганман,
Холос.

1997.

***

Ким ёмонлик қилди,
Уни кечирдим.
Тинди кўксим ичра ғамлар қуюни.
Дуога қўл очдим,
Рақибим тағин
Тўлдириб олгунча тошга қўйнини.
Раббим, мени кечир,
Гумроҳ бандани
Уйғота олмадим ғафлат хобидан.
Билмади –
Бўйнига гуноҳим олиб,
Айрилиб қолганин
Бор савобидан.
Ул ҳануз йиғмайди қўлин ёқамдан,
Ҳамон бузолмайди ёмон аҳдини.
Мен дейман –
Юрагим бир умр туйсин –
Кимнидир кечириб яшаш бахтини.
Худойим,
Ул ожиз банда кўксида
Ёнаётган самум оловин ўчир.
Унга –
Бор қилмиши учун қайтарган
Шунча яхшилигим оз бўлса,
Кечир…

2010.

БОҚИЙЛИК
ЁХУД ЧИН РАССОМИ
ҲАҚИДА РИВОЯТ

Бор умрини санъатга
Сарфлаб бўлган мусаввир –
Тун ярмида уйғониб,
Хаёлга тушди асир.
Чизган ҳар сувратига
Қўшиб юрак рангини,
Ювибди кўнгилларнинг
Кўзидаги зангини.
Шон-шуҳрат ҳумо қушдай
Ўлтирар елкасида.
Мухлислари гул узиб,
Ўқийдилар қасида.
Лекин, нимадир етмас,
Кимдадир эҳтиёжи.
Ўйласа, чизилмабди
Ижодининг гултожи.
Ахир, бир куни етса
Узун умри поёнга.
Қайси битта асари
Арзир таҳсин-шоёнга.
Не қолар ундан боқий –
Бу дунёга татирлик?
Мусаввирнинг кўксида
Уйғонар хавотирлик.
Умри шошиб ўқилган
Китобдай ёпилмоқда.
Ҳаёт дарахти ҳар кун
Шай турар чопилмоққа…

Тун тугаб, уфқлардан
Сочилганда ерга нур,
Мусаввирнинг ақлини
Ёритди тонгдай шуур.
Чорлади ўғил-қизин,
Йиғилди қариндошлар,
Шогирдлар, санъатига
Шайдойи қаламқошлар.
Ҳамманинг нигоҳида
Ҳайрат турса-да балқиб,
Не бўлди, деган савол
Тилларга чиқмас қалқиб.
Мусаввир сўз демасдан
Йиғилган аҳли жонга,
Юзини бурди секин
Оппоқ девор томонга.
Гулларнинг расмин чизди,
Чизди қумри қушларни.
(Ҳамма жим, ажабланиб,
Бармоғини тишларди).
Расмдаги дарахтнинг
Шохида қўнғироқлар.
Осмонларнинг бурчида
Порлаб ёнди чироқлар.
Савдойи булбулларнинг
Томоғида хуш садо.
Деворда узун ғорнинг
Суврати бўлди пайдо…
Ниҳоят, суврат битди –
Мўжиза ёки тилсим,
Бундай гўзал санъатни
Кўрмаган эди ҳеч ким.
Мусаввир қалби шодлик
Ва қайғуга ёр эди.
Бир умр излагани
Балки ўша ғор эди.
Юз бердими мўъжиза –
Девор ортга сурилди.
Мусаввир бироздан сўнг
Суврат ичра кўринди.
Ким тутди ёқасини,
Ким ҳайратдан лол қотар.
Йиғилган эл-халойиқ
Эс-ҳушини йўқотар.
Мусаввир ғорга кириб,
Кетди хайр-хушлашиб.
Кузатганлар оҳ урар
Бошларига муштлашиб.
Ҳайрат учқуни ҳали
Сўнмай элнинг кўзидан,
Суврат ҳам ўчиб кетди
Оппоқ девор юзидан…

Бу балки ривоятдир,
Ким тўқиган асотир.
Лек унинг замирида
Қандай маъно, сир ётур?
Ҳар ким ўзича ўйлар,
Мен эса шоирга хос –
Шу расм боқийликка
Дахлдор эди, холос.

2002.

БОЗОР

Оёғимни бердим ёлғиз дарахтга –
Ул хомуш боғларни туртиб уйғотар.
Сайҳонда болалар билан югуриб,
Учраган одамга тинмай сўз қотар.

Ҳовучимдан тўйиб сув ичган қумри
Қўлимни сўроқлаб келди қошимга.
Тилим узиб берсам, парий балиқлар
Ишқ, дея тўш урди дийдам ёшига.

Шоҳона либосин ечган илонлар
Теримни ёпиниб ухлар ойдинда.
Ҳали сархушлигим тарқамай туриб,
Савдойи бошимни соғинди кунда.

Кўзларим – марварид, дурри бебаҳо,
Тақдир чақиб кўрди уни майдалаб.
Томирим ип қилиб эшар созанда,
Танбур қобирғасин ўт ичра қалаб.

Ўзганинг ёдига тушмаган кўнглим –
Саҳро тупроғидай ётибди қизиб.
Ҳеч ким сўрамайди…Кимдир устидан
Бозор аравасин ўтар юргизиб.

1995.

ЮК

Отам кетди…
Кузнинг ёмғири
Юва олмай кўзимдан ғамни,
Бир таскин сўз ўрнига
Қаттиқ
Савалади озғин елкамни.
Ўша кундан дунё юкини
Судраяпман,
Босиб илгари.
Кўтармоғим қийин елкамда –
Бундай юкни
Отам сингари.
Гоҳи арқон узилмасин деб,
Юрагимда қўрқув,
Таҳлика.
Тош остида эзилган майса
Каби қаддим тутмадим тикка.
Отам кетди…
Қўлимда арқон,
Юк судрайман – кўринмас зиё.
Бу ҳолимга кулар –
Отамнинг
Елкасини соғинган дунё.

2010.

***

Юрагим тонг каби борар ёришиб,
Ўчади қорайган эски доғлари.
Илоҳий зиёга сокин қоришиб,
Мевалар тугади кўнглим боғлари.

Руҳимнинг боғланган занжирин узиб,
Саодат бошимга қўнмоқда балким.
Кўксимнинг ичида тинчимни бузиб,
Тонггача ухламай юрди аллаким.

Ишқ келди – боримни бирдан унутдим,
Дийдамда порлади қайтадан ёлқин.
Ўзимдан бир қадам олдинга ўтдим,
Ўзимни ўзимга қилурман талқин.

Ҳижрон, қўлларингни бошқа узатма,
Энди бу юракка келолмайсан бас.
Музлаган тош бўлиб кўксимда ётма,
Арқонни узарман одам каби – маст.

Ё, Аллоҳ, ҳаётбахш насимлар эсиб,
Нурга ғарқ бўлмоқда юрак ичлари.
Оламнинг кўринмас сарҳадин бузиб,
Руҳимга қўнмоқда севги қушлари.

2004.

НИҲОЯСИЗ РИВОЯТ

1.

Уфқ ёришмасдан,
Азон маҳали
Кимнингдир шафқатсиз
Моҳир қўллари
Сокин оқаётган дарё юзидан
Мовий пардаларни олди сидириб.
Сўнг эринмай қоқди зилдай кўрпани.
Савачўп остидан тўкилган тўзон –
Сув ичиб туманга эврилган ҳаво
Мушукдай ўрмалаб тангкўчалардан,
Қаттиқ ухлаб ётган мўъжаз қишлоқни
Ямлаб ютмоқ учун чопди шарпасиз.
Олам ҳам,
Одам ҳам уйқуда эди.
Оқшомда танғилган пашшахоналар
Сузиб бораётган елканлар каби
Оқариб турарди олис-олисда.
Новдага тўшини босган қушчалар
Ҳали етилмаган мева ёнида
Туш кўриб ухларди тонг чеҳрасини.
Кўзи ҳозиргина илинган итлар
Fингшиб қўяр эди уйқуларида.
Қўрғонларга ҳамла айлаган туман
Жуда қуюқ эди –
Кучи етмас эди унга шамолнинг.
Уни чопқи ила бўлмасди чопиб.
Супуриб бўлмасди супурги билан.
Борлиқ туман эди,
Тўзон ва ғубор.
Ҳайқира бошладим:
– Атрофда ким бор?
…Офтоб ҳовучидан тўкилган оҳанг
Оламни эркалаб уйғотганида,
Fаройиб тилсимнинг ечимин билмай,
Чулғаниб ётарди қишлоқ туманга.
Фақат узун-узун тераклар учи
Ҳали енгилмаган лашкар туғидай
Ҳилпираб турарди осмонни йиртиб.
Одамлар юзида таҳлика эмас,
Ҳали зоҳир эди осойишталик.
Гўёки табиат қишлоқ аҳлининг
Синаб билмоқчидай сабр-тоқатин,
Fалати томоша кўрсатган, холос.
Гўёки борлиқнинг юзи ёришгач,
Ҳар битта эшикнинг зулфини қоқиб,
Кимдир бахт улашиб чиқадигандай.
Ҳолбуки, кун кечди.
Ундан кейин ҳам
Туман аримади қишлоқ бошидан.
Қушлар учиб кетди, қиров қоплаган
Бўм-бўш инларининг кечиб баҳридан.
Бўридай увиллаб юрган итларнинг
Кўринмасдан қолди энди қораси.
Важоҳати бузуқ мушуклар эса
Еру кўкка сапчиб, эшикни тирнаб,
Ўқ каби отилиб чиқди кўчага.
Фақат
Одам қолди туман ичида.
…Кимга арз этайлик, кимга юкуниб,
Кимнинг этагини босайлик юзга?
Кимга етмаяпти бир пайса савоб,
Ким йўл топиб берар биздай йўлсизга?
Атроф оппоқ туман, бошимиз тегар
Кўринмас оламнинг деворларига.
Ким таскин беради осмон ва ернинг
Фарқига бормаган беморларига.

2.

Қирқ кун туман ичра қолган гўшанинг
Овозаси кетиб етти иқлимга,
Афсунгар, фолбинлар, кўзбойлоғичлар
Қадами узилмай қолди қишлоқдан.
Ва лекин фалакнинг бундай ёзмишин
Англаб етмоқ учун ожизлик қилган
Найрангбоз тўданинг ғазаб, нафратдан
Бўғриққан юзлари қишлоқ аҳлининг
Шундоққина кўзи олдида бирдан
Ўзгара бошларди аянчли тусда.
Мағлуб бўлган чоғи ўзидан эмас,
Ўзгадан ўпкалаб юрмоқни афзал
Билган бу одамлар қовоғин уюб,
Қўлларини силтаб, лаш-лушин йиғиб,
Тарқалиб кетишди турли томонга.
Яна ёлғиз қолди
Одам ва туман.
Яна ёлғиз қолди, ҳар куни тоғдан
Ўтин териб эмас, қоп-қоп туманни
Орқалаб ортига қайтган ёсуман.
Ҳолбуки,
Атиги икки чақирим
Нариги қишлоқда ўзга эди ҳол.
Осмон тиниқ эди, туман, тўзонлар
Айланиб ўтарди унинг ёнидан.
Гоҳида одамлар юмушларидан
Бир зумга алаҳсиб, бошларин чайқаб,
Қараб қўйишарди Туманқишлоққа.

3.

Еру кўкни туман қоплаб, халойиқ –
Йўл ахтариб, топмай юрган кезларда,
Қишлоқ четидаги кулбада ёлғиз
Умр кечирарди муршиди комил.
Тариқат йўлига кирган ул ориф
Огоҳ эди элнинг кечмиш, ҳолидан.
Шу боис,
Қошига келган улуснинг
Арзини хотиржам тинглади, лекин
Кўксидаги қайғу, ҳасрат оташи
Куйдириб борарди жисми жонини:
– Сизда гуноҳ йўқдир…
Қирқ кун ўтириб,
Тагига етмоқчи бўлдим бу сирнинг.
Китоб варақладим, гоҳ мулоҳаза,
Гоҳи мушоҳада қилдим уззукун.
Умрим саҳфасини варақлаб, афсус,
Кечган ҳаётимдан бўлмадим рози.
Гоҳи ҳою ҳавас сурони ичра
Дунё сувратига бўлиб маҳлиё,
Эшитмасдан қолдим қалб овозини.
Гуноҳим кўп эди –
Нафси ҳайвоний
Ақлмас, шайтонга қилиб итоат,
Мени банди айлаб, судради чоҳга.
Буни кеч англадим…
Ҳақ зикрин қилиб,
Ўз нафсимга қарши бошладим жиҳод.
Ҳозир ҳам бу кураш бир зум тўхтамас,
Гоҳида енгаман, гоҳ енгиламан.
Ҳозир ҳам кўзимни тўсган ҳижобни
Йиртиб юбормоққа етмайди кучим.
Ожизман,
Шафқатга зорман, муҳтожман.
Ўзи муҳтож бўлган мендай бандадан
Тадбир сўрамоқнинг борми ҳожати?
Билмадим…
Эҳтимол, ҳаром луқмадан
Ор қилсак топилар дарднинг чораси?
Эҳтимол, кимнидир чалиб йиқитиб,
Тантана қилмоқдан воз кечсак агар,
Эҳтимол, қалбимиз сирли эшигин
Таважжуҳ, зикр ва фикр, саодат
Калитлари билан очиб бирма-бир,
Дўсти азиз ишқи билан тўлдирсак
Ташна бўлиб ётган кўнгил жомини,
Эҳтимол, сувратдан юз чандон гўзал
Бўлса эди бизнинг сийратларимиз,
Эҳтимол, қувғинди қилсак юракдан
Таъмаи балони, кибри ҳавони,
Эҳтимол, ўшанда
Қишлоқ осмони
Тоза бўлар эди дил ойнасидай…

4.

Ул соҳиби ҳолнинг эл-улус билан
Суҳбати етмасдан ниҳоясига,
Кўнглимнинг ғуборин юва бошлаган
Ривоят тўсатдан тугади. Тамом.
Бироз шошиб қолдим…
Шу пайтга қадар
Ўқиб чиқдим турфа ҳикоятларни.
Ибтидоси мавжуд бўлгани каби
Бор эди уларнинг хотимаси ҳам.
Лекин ўртасидан туйқус узилган
Ривоят, нақлга келмагандим дуч.
…Кейин нима бўлди?
Жавобсиз савол
Ҳозир ҳам бузади ҳаловатимни.
Ҳозир ҳам ипларни боғлай олмасдан,
Ўзимдан ўпкалаб,
Бошимни қучиб,
Ухламай чиқаман мук тушиб ерга.
Ўйлайман, эҳтимол, ориф каломи
Барчани ўзининг ҳолидан воқиф
Айлаб, етаклаган камолот сари.
Балки манглайига муштлаб оломон,
Кўз ёшлари томган кўч-кўронини
Аравага ортиб, бир-бирин туртиб,
Кўчиб ҳам кетгандир ўша қишлоқдан…
Баъзида сочилган фикримни жамлаб,
Ушбу ривоятнинг хотимасини
Ёзмоқчи бўламан, очиғин айтсам.
Фақат бир андиша тўсар йўлимни –
Балки, ишқ бодаси сармаст айлаган
Дили гўё ориф, соҳиби сухан
Етказар нақлни ниҳоясига.
Эҳтимол, туманнинг ичида қолган
Қишлоқнинг борлиги ёлғондир асли.
Эҳтимол, улуснинг қалбига туман
Ҳеч қачон чўкмасин, деган ўй билан
Тунни тонгга улаб, хаёлга ботиб,
Кимдир тўқигандир бу ривоятни.
Билмадим…
Ҳар ҳолда, Аллоҳ арқонин
Маҳкамроқ ушлаган фақр банданинг
Ушбу ривоятми, афсона ҳақда
Тайёр хулосаси бўлса, ажабмас.
Мен эса…
Илоҳий сирлар маҳзани –
Қалбининг доғини юва олмасдан,
Гуноҳи солинган оғир қопини
Ҳар куни орқалаб,
Юз-кўзи терлаб,
Тўрт қадам нарини кўра олмаган,
Туман ичидаги одамман, холос…

2010.

ТўРТЛИКЛАР

1.

Ғайб илми ягона Аллоҳга аён,
Билмакка ожиздир ғофил бандаси.
Куфр аҳли билдим деса, танига –
Ёпишгай шайтоннинг олов жандаси.

2.

Тасаввурда кўрдим дунё аксини,
Тафаккур маҳали қилдим баҳсини.
Фақат тазарруга етган чоғимда,
Англадим дунёнинг асл мағзини.

3.

Руҳим, мени кечир, топмадинг қадр,
Терс маъно кўринди дунё ишида –
Бир умр айланиб тушибман садр,
Тупроқ бўладиган тан ташвишида.

4.

«Ёмонлик ортидан яхшилик қилгин» —
Дилинг ёруғ бўлар, кўзларингда нур.
Ёмонлик соғинган жоҳил кўзига
Оқибат ўзи ҳам душман кўринур.

5.

Дунё маним, деди, нафси қўпганлар,
Дунё ғаним, деди, қўрқиб чопганлар,
Биз-ку аросатда юрибмиз ҳамон,
Бу дунёдан кетди ақл топганлар.

6.

Бу ҳаётда топган ҳикматим шундай:
Яхши сўз қутқазар дунёни ғамдан.
Мен ҳақимда яхши гаплар айтдинг деб,
Ҳеч кимса олмади ҳануз ёқамдан.

7.

Ўз нафсимдан ғолиб бўлмадим ҳануз,
Ёмғирман, садафга тўлмадим ҳануз.
Нечун йиғламайсиз аҳволим кўриб,
Ўз ҳолимга ўзим кулмадим ҳануз.

8.

Эй жон, яхшилик ҳам урф-одат асли,
Юракка тушган нур, ҳидоят асли.
Аллоҳга хуш келган ҳар қандай юмуш –
Энг яхши, энг гўзал ибодат асли.

2007-2010.

ТОШ ИЧИНДА

Мен баҳайбат тошнинг ичинда
Яшаяпман жонимни тишлаб.
Нигоҳларим мангу музлаган
Деворларни қоқади муштлаб.
Тош ёрилмас.
Оғиз жуфтлайман
Ниманидир сўрамоқ учун.
Дарича йўқ –
Бошим чиқариб,
Чор-атрофга қарамоқ учун.
Тош ичинда тошга эврилдим,
Ким кўтаргай энди лошимни.
Юз йил бўлди –
Бечора Сизиф
Думалатиб юрар
Бошимни.

1998.

ЁМFИР

Ёмғир тинай демас.
Булут ичида
Кўзга элас-элас кўринади қир…
Очиқ дарвозадан кирар, шом тушмай
Подадан айрилган бир қари сигир.
Ортида уст-боши ивиб қолган чол –
Қозиққа илади чилвир-арқонни.
Ўзича ғудраниб,
Кампир бузади –
Сандиқ устидаги кичик тахмонни.
Иссиқ кийим-кечак олиб, хаёлан
Чолидан ўпкалаб, уни тергайди:
”Битта сигирни деб…
Ўтган йилгидек
Шамоллаб қолмаса тағин, гўргайди”.
Чоли гапирмайди.
Ўйлаб ўтирар
Усти ёпилмаган тандирхонани.
Ёзда тузатмоққа қўли тегмади,
Кампирига топди юз баҳонани.
Ташқарида ёмғир…
Чол ва кампирнинг
Кафтлари дуога очилар.
Ўчоқ ёнидаги дорга илинган
Чолнинг кўйлагидан томар томчилар…

2010.

ҚИШЛОҚ

Тийрамоҳ. Чойхона.
Бўшаб қолган сўри устига
Чинор тинмай тўкади баргин.
Сал нарида анҳор тоғлардан
Келтиради қишнинг дарагин.
Осмон дайдиб, улоқиб кетган
Булутларни олади тўплаб.
Ҳовуздаги муздай сувларни
Шамол ҳар кун ичади ҳўплаб.
Мевалари пишган новдани
Турганидай кимдир силкитиб,
Тол шохидан чумчуқ галаси
Ерга тушар бирдан дув этиб.
Чойхонага уч-тўрт мўйсафид
Бир-бир босиб келади ерни,
Муҳокама қилишиб қизғин
Кеча ёғиб ўтган ёмғирни.
Енгларини шимарган бола
Ботиради сувга челакни.
Айлантира олмайди анҳор
Тўхтаб қолган чархипалакни…

2010.

***

Юракни ёмғирдай савала, қамчи,
Илоҳий парвозин чиқазди ёддан.
Кўзин боғлаб дорга судра, арғамчи,
Нима илинжи бор телба ҳаётдан.

Кўзи очилмади, кун кўрмади ул,
Сезмади бир жондай бахтнинг нафасин.
Ёруғ кечаларда тополмади йўл,
Синдириб чиқмади кўкрак қафасим.

Хазондай соврилиб куз адоғида
Исмини унутди, ким эди асли?
Куймади бесамар кунлар доғида,
Уни ташлаб кетди яшиллик фасли.

Раҳму шафқат нечун, таскин ахтариб,
Чарчадим – тунлари оғрийди кўксим.
Юрагим иложсиз одамдай ғариб,
Ўйнарми, пойига ўзимни тўксам?

Ул қачон ўзини кўтаргай ердан,
Қай куни бағримда ёқар аланга.
Огоҳ этиб ҳеч ким билмаган сирдан,
Мени олиб чиқар дордан баландга.

2006.

БУ БОFИНГМИ,
ХАЗОНИНГМИ?

Эй даҳри дун, англамас дил,
Бу боғингми, хазонингми?
Бу жонни дон каби эзган
Таёғингми, товонингми?

Ечмадинг ип-арқонингни,
Бўлурсан маст мени судраб,
Кўзим боғлиқ, бу аслида,
Сабоғингми, зиёнингми?

Бошингда не ғалат ғавғо,
Қирон тинмас, суронинг ҳам,
Қулоғимни битирган ул
Сўроғингми, фиғонингми?

Қўлим чўздим неча гумроҳ
Йўлин топди ўзин ростлаб,
Чирмашди сўнг оёғимга –
Гуноҳингми, илонингми?

Муҳаббатсиз дилинг тийра,
Туман қоплаб ётар ерни,
Йироқларда ёниб-ўчган
Чироғингми, нишонингми?

Эшон сенга қўлин силтаб,
Топингайдир фақат Ҳаққа,
Юпун кўксин хароб этган
Яроғингми, замонингми?

2008.

ОДАМ

Тилимда шакар бор, дилимда заҳар,
Бошимда сафар бор, йўлимда хатар.
Жисмим сайёд бўлди, жоним – кабутар,
Ким энди келтиргай юзимдан хабар?

Дил – асир, дил – басир, аҳволи хароб,
Қай томон тикилсам кўрингай сароб,
Йиртилиб бўлгунча бошимда ниқоб,
Ким энди келтиргай кўзимдан хабар?

Тиззамга қайрадим – яйради шамшир,
Йўл юрсам товоним гулларни янчур,
Оёқдан узилиб тушгунча занжир,
Ким энди келтиргай изимдан хабар?

Жонимни бўлаклаб ташладим ерга,
Олам ёруғ бўлди – беландим нурга,
Ўзимдан воз кечиб етдим ҳузурга,
Ким энди келтиргай ўзимдан хабар?

1995.

ТИЛАНЧИ

Юрагимни йўлакка ёзиб
Ўлтираман.
Қайғум етарли.
Бирор киши меҳр кўргизиб,
Рўпарамдан маъюс ўтарми?

Кун ботади.
Шомдай тугайман.
Кўрганим ўнг, эҳтимол, тушдир –
Юрагимни тугиб жўнайман,
Кечагидай бугун ҳам бўшдир.

1993.

БИЗГА КИМ ОЗОР БЕРСА…

”Бизга озор берса ким, роҳати бисёр бўлсин”,*
Кимдан етса ёмонлик, биздан истиғфор бўлсин.

Бизни ким тупроққа тенг этмак аҳдин айласа,
Тош бўлармиз, ўзгалар тепиб, бахтиёр бўлсин.

Кечиб бу даҳри дундан шод этармиз рақибни,
Йўқса, биз каби банда товонида хор бўлсин.

Ким отга минар бўлса, кўзлаб осмон-фалакни,
Биз минган от йиқилган бир пахса девор бўлсин.

Суянмоққа асодин бўлак ошно топмасак,
Аллоҳга шукур, демоқ биз учун шиор бўлсин.

Ким йиқитмоқ қасдида белин боғлагай маҳкам,
Биздан йиқилмоқ чоғи яхшилик такрор бўлсин.

Эй рафиқ, пири комил қошида қилдим дуо:
”Бизга озор берса ким, роҳати бисёр бўлсин”.

2012.

—–
*Бу сатр Мир Саййид Али Ҳамадонийдан.

Босишга рухсат этилди 24.02.2013. Бичими 60х84/1-16. Шартли босма табоғи 3,75. Адади 500 нусха. Буюртма № 169. Шартнома 2. Баҳоси келишилган нархда.

Тожикистон Республикаси маданият вазирлиги
Раҳим Жалил номидаги давлат нашриёти
Спитамен ноҳияси нашриёт-матбаа корхонаси.
735830. Нов шаҳарчаси, Бобожон Fафуров кўчаси, 3.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn