Бу боғларнинг булбуллари қаерда қолди?

salomat xorazmiyaСаломат Вафо

Мен, 2009 йил августь ойида Айова штатида Бутун дунё ёзувчиларининг «Бадиий ижод» дастурида қатнашганимда, шоирлар Баҳром Рўзимуҳаммад, Муҳаммад Ғаффорларнинг дунёнинг ҳар бурчагида майпараст дўстлари борлигини гувоҳи бўлдим(ҳазил),улар тун бўйи, май устида гўзал суҳбатлар қуриб эртаси чошгоҳгача уҳлаб ётишарди. Шунда, дунёнинг олисдан олис қишлоғи Моноқда кечган болаликда отамнинг меҳнат фронтида тобланган одатим (шоли, маккажўҳори ўрими, пахта далалари ишлари дегандай) бўйича тонг саҳарда уйғониб, компютеримда Гулсанам Мамазоитованинг “Гулим, мени унутма” деган ашулласини эшитардим. Гусанамнинг гўзал овози кенг йўлаклар, панжарали деразалардан ошиб, бутун дунёнинг орзу фуқаролари ҳисобланган шоир ёзувчиларнинг хоналарини умидсиз қоқа қоқа, шаҳарнинг олмахонлар ўйнаб юрган сокин боғча ҳиёбонларидан ошиб, ўрдаклар сузаётган Айова дарёси тўлқинларига қоришиб, буюк океанлар сари шошиб, жаннатий онамга соғинч ва саломларимни олиб кетарди.

Дастур қатнашчиси, аввалроқ Тошкентда икки уч маротабада сайёҳатда бўлган, ёзувчи Лижа Жонг деган хитой дугонам , “жуда ғалати одамсан Саломат эрталаб ҳеч бўлмаса соат 10гача уҳласангчи, қандай ашуллалар эшитасан (у мени устимдан ҳазиллашиб кулишни яҳши кўрар, кафедан пулини тўламасдан овқат олганимдан тортиб, тухумни макро печда портлатганиму, қофе, чой берадиган жиҳозлардан фойдаланишни билмай қайноқ сувларни оқизиб юборганларимгача куларди), ибтидоий одамларга ўҳшаб, деб ”ҳоҳо”лаб куларди.

Орзу фуқаролари Гулсанамнинг нима ҳақида куйлаётганини билмаса ҳам, мен ҳам ўзимнинг ибтидойи, камбағал инглиз тилимда “бу қўшиқда ҳамма нарса, муҳаббат, умид, нафрат, айрилиқ ва у менига Ватанимни эслатади” дердим.

Ҳуллас, Америкада тўрт ойга яқин муддатда бўлган бўлсам, Айова университетининг меҳмонхонасида, орзу фуқаролари бўлган шоир ёзувчи дўстларим ҳам тўрт ой йўлакларда қўлларида қофе ва пиволари билан “Гулим, мени унутма” дея турли тил акценти билан жўр бўлиб куйлаб юришарди. Буни шунинг учун ҳам ёзаяпманки, Ватандан узоқда яшаганда, “санъатдан яҳши ёр бўлмас ва у ич ичингдан баъзан ўзинг англаб етмайдиган алланарсаларни сақлар экан “.

Менинг “Қўҳна пластинка” деган янги ҳикоямнинг бир қаҳрамони; “… Россиянинг совуқ ва каламушга тўла ертўлаларида тўрт йил яшадим, тўғриси, мен касалликлардан аллақачон ўлиб кетган бўлардим, аммо, менинг ҳаётимни хоразмча ашулалар сақлаб қолди” дейди, асли бу фикр бир “гостербайтер” жиянимнинг кўзида ёш билан айтган иқрори.

Гулсанам ва унинг акаси Отабек Муҳаммадзохид ижодига жуда мехрим баланд, айниқса Отабекнинг “..севги гуноҳкорми…” (номини унутдим) деган янги қўшиғи ошиқ қалбнинг дарди сифатида дунёга келган деб ҳисоблайман.

Умуман, биз шарқ халқлари “ўтда ҳам сувда ҳам қўшиқ айтадиган, санъат билан тирик халқмиз”, айниқса, рухи қўшиқлардан озуқа оладиган биздай ижодкорлар учун миллий маданият ва санъат масаласи ҳаёт ва момот масаласи билан тенг деб ҳисоблайман, чунки санъат, куй, қўшиқлар миллат ўзлигини сақлаб қолишга ҳизмат этадиган фактор.

Ҳозир ТВрадио каналлари кўп, балки, этибор бериб кўрмаётгандирман, ўзбек саҳнасининг булбуллари қаерда, Ўзбекистон Халқ артистларии Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Фарруҳ Зокиров (“Ялла” ансамбили) хонанда Озода Нурсаидова, Насиба Сатторова, хоразмлик Султонпошша Ўдаева, Феруза Жуманиёзова, Хулкар Абдуллаева ва Дилфуза Раҳимова .. баъзи мухлислар уларни саҳнага чиқиши “запрет” этилган дейишади, бутун бир миллий санъат намояндалари қандай қилиб рад этилади, нега ва нима учун? (булар фақат менинг билганларим).

Айтингчи, санъаткорлар қайси мезонлар асосида рад этилади, дунё санъатида бундай тажрибалар борми?. Қўча газеталари “Юлдуз ва Озода тўйларда ҳар хил беҳайё қилиқлар этиб, халқдан пул йиғишган” дейишади. Ундай бўлса, бутун интернет оламини “ ўз ишқий саргузаштлари билан ” ларзага солган Абдуҳошиим Исмоилов ва Зулайҳо Бойҳоновалар шунча тўс тўпалон билан лифтдан эсон омон чиқиб олиб, Абдуҳошим ака ўша ўзининиг сирли табассуми билан скрипкасини тинғиллатиб, Бойхоновахоним ашулласини айтаяптиларку”.

Асли, санъаткорнинг қўшиқ айтиш имкониятидан маҳрум этиш, санъатчи учун энг катта ёвузлик эмасми, аҳир, бутун бир авлод Шер аканинг буюк ижодидан бебаҳра ўсмоқди, Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраев каби буюк санъаткорларнинг акадамия мактабларини яратиш керак эди, аҳир вақт ўтиб бормоқда.

Раҳматли Ҳожибой Тожибоев вафот этиб бир комик инсондан айрилдик, фикримизни давом эттириб, наҳот шу кичкина, ўз тили билан айтганда “яримта одам” Обид Асомов ҳам “запрет” бўлди, буюк қалбли “кичик одам” га, наҳот ўзбек саҳнасининг бир бурчагидан жой топилмади. Унинг радио ТВдаги ҳар бир чиқиши, Тошкент шаҳри йўл бўйларидаги, хўжалик жиҳозлари, эшик, озиқ овқатлар рекламасидаги гоҳ қувноқ, гоҳ анқов қиёфаси, бутун бир миллатда яшашга рағбат уйғотарди, аҳир.
Бугунги кунда Юлдуз Усмонова Туркияда, Обид Асомов Россияда, яна қанча санъаткорларимиз Исроилда, биз билмайдиган яна қанча ўзбек хонандалари, аллақачон забт этилган дунёни забт этаман деб, Америкада энг қора ишларда ишламоқда, воҳ, бечора ўзбегим!.

Ўзбек саҳнаси қачон, ўзбек тилини билмайдиган ёки русча, инглизча акцент билан гапиришдан, қўшиқ айтишдан ва ҳатто ўзбек тилини билмаслигидан фахрланадиган “ ўзбек тилини чала биладиганлар билан алмашиб улгурди, билмадим. Шуни биламанки, баъзи тадбирларда, ҳатто, уларнинг бу “фазилатлари ” рағбатлантирилмоқда ”. Ўзбекистон ТВрадио Бошловчилари ҳам айнан шундай акцентлар билан жарангдор тарзда таништирмоқда “ўзбек санъатининг юлдузлари Рўйхон, Шаҳзада ва Лўла..” ва бошқалар, бу нима деган гап дўстлар, бу нима ўзбек тилидан нафратланишми, жирканишми?.
О, тангри, унда биз шоир, ёзувчи бўлиб нима қилдик, аҳир, шу буюк тил билан яшаб, умримизни бахш этиб, ҳазрат Навоийнинг “..бу чаманда гул кўп чечак кўп” деган сатрларини такрорлаб юрсак”!.

Глобализация вабосидан миллий маданият ва санъатимизни сақлаб қолиш, ўзбекларнинг миллат сифатида ноёб характери ва қалби, гўзал санъати, фольклорини асраш деган масалалар оддий бир фикр эмас, жаноблар.

Саҳналаримизга Америкадай буюк ўлканинг ўзи қутула олмаётган, “A street boy ”ларнинг йиртиқ женси, ўрилган сочлари, ўсиқ соқоли ва аёл хонандаларнинг очиқ кийимлари, шармсиз ҳатти ҳаракати ва ҳатто европа катокомбалари қора сувратларини тарғиб этувчи “гот”ларнинг қора, жигарранг ўлик рангларни ва баъзи бир худодан қайтган, ёши улғайиб, саҳнани тарк этиш вақти яқинлашганидан, ўз пиар рекламаси учун ҳатто худо ва ўз эътиқодидан воз кечишга тайёр Модонна каби, қайси дин бўлишидан қатъий назар, худога шак келтирган одамларни ҳавфли одамлар деб ҳисоблайман, хуллас, унга ўҳшаган санъатчиларнинг имиждларини, ҳаракатларини саҳнага олиб киришга интилаётган ёшларни қандай куч тўҳтатади?.
Ҳозирги кунда, дунё модасининг асосчилари ғарбнинг йиртиқ ямоқ ва ўлик ранглардан чарчаб, шарқнинг кимҳоб, адрас, ипакли шойилари каби ёрқин ранглар намуналарини олмоқдалар.

Шу кунларда, улуғ шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг “Тафсири хилол” номли олтита катта китоблардан иборат тўплами билан танишмоқдаман, (ҳазратнинг ижодларига илгаридан ҳам ихлосим баланд бўлгани учун, ЎзТВда ишлаганимда кўп маротаба интервью олганман)тўғриси, бу борада мен баҳо беришга ожизман, лекин дунё динлари ва ислом тарихидан бир оз хабардор шахс сифатида айтишим мумкинки, хазратнинг бу жасоратини, ислом назарётчиларидан бўлган улуғ Имом Бухорий ва арабларнинг ўзлари “ислом грамматикасининг асосчиларидан бири, буюк хоразмлик чўлоқ” деб эътироф этган Маҳмуд Замаҳшарий ижодидан кейинги, динимиз улуғлиги ва мукаммаллиги ҳақида ёшларга тушунарли тавсиф ва шархлар берилган бебаҳо асар деб биламан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг “Тафсири ҳилол” (3 жуз, 77 бет)да “Худ сураси”нинг яралиш тарихи ҳақидаги шархида “ Юнус ва Худ сурасининг нозил бўлиши …Ислом тарихида “маҳзунлик йили” деган ном ила машхур даврга алоқадор, бу Абу Толиб ва Ҳадича онамиз вафот этган ислом учун мураккаб давр..” дея шарх бериб ўтганлар.
Мени бу фикрлар шунинг учун таъсирлантирдики, “наҳот келгуси авлодларимиз миллат тарихини ўрганганида, бугунги кунларимизни “ўзбек санъати учун маҳзунлик йиллари..” дея ўргансалар дея армон этмоқдаман.

Сўзимнинг бошида эслаганим Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг “Гулим, мени унутма” қўшиғида “…бу боғлардан булбуллар кетиб зоғлар қолди” деганга ўҳшаган сўзи бор эди, чиндан, дўстлар, “бу боғларнинг булбуллари, осмонимизнинг юлдузлари қаерда қолди?”.

www.facebook.com/salomat.vafo
www.munosabat.org

Kommentera