Танишинг: Тожикистонлик истеъдодли шоир Олимжон АБДУЛЛАЕВ

1 copy copy Олимжон Абдуллаев  1978 йилда Ашт туманида  туғилган.  Хўжанд Давлат Университетининг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. Айни пайтда мазкур илм даргоҳида катта ўқитувчи вазифасида ишлайди.   Номзодлик иши ҳимоя арафасида. 2012 йилда  унинг ”Мезон” номли илк шеърлар тўплами нашр этилган.

 

****

Бугун осмон оппоқ парқу тўшади ерга,
Қандай бахтли қабрингизни қучиб ётган қор.
Гарчанд тақдир ҳар қадами тўладир сирга,
Ишонаман, қабрингизнинг ичида баҳор.

Зеро, баҳор эди асли табиатингиз,
Яйрар эдик қаҳ-қаҳ отиб кулганингизда.
Нурга тўлиқ эди суврат ва сийратингиз,
Янгиқишлоқ яшарарди юрганингизда.

Энди гўё ҳувиллаган, бўм-бўш бу қишлоқ,
Ингранади, бериб қўйиб бир намозхонин.
Совуқ кезар қишлоқ аро солганча титроқ,
Уввос солар шамоллар ҳам ачишиб жони.

Сафарларга жўнасак гар қилиб дуолар,
Бизлар учун биздан кўпроқ қайғурардингиз.
Она, сиздай бўлолмагай ҳеч бир даҳолар,
Қайтсак кулиб, ғамингизни ўлдирардингиз.

Тилингиздан тушмас эди зикрлар доим,
Тасбеҳ бирам ярашарди қўлларингизга.
Умидим бор, ҳузурига олган Худойим,
Олтин тахту сўрилардан жой бергай Сизга.

Ҳар лаҳзанинг тарозида ўлчови бор,
Ҳар сония шоҳидликка турар тайёр.
Кимга Фирдавс, кимга Сақардир интизор,
Кўзингни оч, ўз-ўзингга бўлма ағёр.

Айблолмайсан ҳеч кимсани рўзи маҳшар,
Тилинг гувоҳ, кўзинг гувоҳ, теринг гувоҳ.
Оқланмайсан хоҳи бойсан, хоҳ дарбадар,
Сулаймону Исо каби чекмасанг оҳ.

Яшайверсанг кўчанг билан, кечанг билан,
Ўтаверсанг ғофилликда бўлмай бедор.
Бўлсанг агар манқурт каби руҳи ўлган,
Иброҳимнинг миллатиман, десанг бекор.

Мунофиқдир тили бошқа, дили бошқа,
Мўмин бўлсанг пешонанг-ла ўп заминни.
Гўдакдирсан кирсанг ҳамки милён ёшга,
Англамасанг ҳақу шайтон, дўст – ғанимни.

Фиръавндай увол қилма ҳаётингни,
Гул умрингни – омонатинг қил эҳтиёт.
Иблис тинглаб шодланмасин фарёдингни,
Саждалар қил, сенга Ўзи бергай нажот.

****

Дардларимни ичга ютдим,
Ичим дардлар дунёси.
Оҳ, мен сизни қанча кутдим,
Йўқ зорлик интиҳоси.

Сочларимга кетди қўйиб
Ишқ кумуш тожларини.
Боқмадим-а бир бор тўйиб,
Ашким севги божларими?

Сизсизману ёлғизмасман,
Хотиралардир ҳамроҳим.
Ваъдаларим ҳеч бузмасман,
Етар шунчалик гуноҳим.

Ичим ёнар, ёғдулари
Таралади кўзларимдан.
Дардманд бўлган орзуларим
Яшар энди бўзларимда.

****

Теграмда чақчайган кўзларин қадаб,
Қутирган ит каби изғийди ҳасад.
Совуқ таъналарга тутавериб тўш,
Рубоб торларидай тортилар асаб.
Мен яшайвераман, кўкнинг кўксини
Чок этган чақмоқдай ёниб улуғвор.
Тикилган ғамларга боқаман тикка,
Сабаби, Жонгинам, ёдимда Сиз бор.

Кўзимдаги изи қилгандай камлик,
Пойлайди қадамим исқоти гуноҳ.
Олган нафасимдан дардга чалинган
Руҳим юрагимдан излайди паноҳ.
Мен яшайвераман, мағрур тоғлардай,
Гарчанд бошим узра ёғаверар қор.
Кўнглимдан умидни этмайман қувғин,
Сабаби, Жонгинам, ёдимда Сиз бор.

Юзин икки қилиб, тили буралиб,
Гоҳи оёғимдан чалади ғийбат.
Буқаламун каби минг бир турланиб,
Қалбимга нишларин санчади туҳмат.
Мен яшайвераман оппоқ орзудай,
Пок дилларга умрим айлайман нисор.
Беғубор соғинчим асрайман гулдай,
Сабаби, Жонгинам, ёдимда Сиз бор.

****

Соғиндим-ку,
Мен-ку мен-а,
Ёдидасиз тушларимнинг.
Олис-олис учган хаёл-қушларимнинг.
Бошгинамга ботган ёстиқ хўрсинади,
Сизни эслаб тун кўксимда ўксинади.

Соғиндим-ку,
Мен-ку мен-а,
Бўзлаяпти кўзим ҳайрон,
Вужудимда овозингиз кезар, жайрон.
Ожиз юрак бошин урар тўрт деворга,
Қандай етсин, қандай етсин, Сиз – Нигорга?

Соғиндим-ку,
Мен-ку мен-а,
Адо бўлди сувратингиз,
Силайверар юзларимни юзларингиз.
Келди яна лабларимнинг оғушига,
Кўзларимдан жавоб кутган кўзларингиз.

Соғиндим-ку,
Мен-ку мен-а,
Турибман-ку ўзим тутиб,
Кўзларимнинг ёши излаб кетар сизни.
Хотирамнинг тундай узун қирғоғида.
Кезаяпсиз қучиб ёлғиз дардингизни.

Соғиндим – ку…

****

Келмоқчи эмасдим, қўймади ёдинг,
Тунлари уйқумни ўғирлайверди.
Томирлар ўзандир, томир дарёдир,
Юрагим ҳажрингда қон йиғлайверди.

Келмоқчи эмасдим, кўзларинг соҳир
Хаёлим сарҳадин бузавердилар.
Нигоҳинг ҳаттотдир, ҳаттотдир моҳир,
Юракка исмингни ёзавердилар.

Келмоқчи эмасдим, бечора кўнгил
Висолга интилиб чирқиллайверди.
Ўртада сарсон ишқ, жоним-чи сабил,
Сўнгсиз азоблардан сирқиллайверди.

Келмоқчи эмасдим, руҳгинам ночор
Ашким дарёсига чўкаверди ғарқ.
Ҳижронни кўрмаган туйғулар абгор,
Қайтдим қуёш каби, кўнглимдадир Шарқ

****

Оғочда омонат турган япроқдай
Орзулар шамолга соврилди бир-бир.
Чиниққан ирмоқдай тошга урилиб,
Йигирма еттига етишди тақдир.

Чексиз ҳижронларнинг азобин чекдим,
Чекимга тушгандан чекинмадим ҳеч.
Кечирдим гоҳида мендан кечганни,
Гоҳида ўтиндим: «Гуноҳимдан кеч».

Қорачуғим ичра ураверди чарх
Руҳгинам тирилган руҳзор – алмисоқ.
Умрим ялайверди эрмакталаб вақт,
Жонимдан жон сўрди ажал – олимсоқ.

Кеч дедим. Энди кеч. Ўтган умрим ҳеч.
Ҳеч деди. Ҳеч дема.Ҳечдан кўра кеч.
Қалбимда чечакдай уйғонди умид,
Ойлар ваъда қилди: ўттизи зарпеч.

Гулзорни тўлдирган капалаклардай
Орзулар қўлингга қўнади ҳали.
Самода товланган камалаклардай
Умринг гўзалликка дўнади ҳали.

Қуёшдай қалбида тутганча номинг
Афсона этади кунлар эртага.
Юлдузлар мисоли олиб бағрига
Тарона этади тунлар эртага.

Азон садосидай жонларда ҳузур,
Руҳларда енгиллик этасан пайдо.
Ишққа айланасан, бир гўзал ишққа,
Кўнгиллар кўнглида бўлиб ҳувайдо.

****

Она, боролмадим, минг бора узр,
Юмушлар ютоқиб ютяпти умрим.
Аламлар юракка ёғдирганча сир,
Теграмда кезинар қошини чимриб.

Она, боролмадим, минг бора узр,
Яна этолмадим изингиз тавоб.
Бесамар онлардан егандай таъзир,
Мендан юз ўгириб йиғлайди савоб.

Она, боролмадим, минг узр, гарчи
Дуонгиз ҳар лаҳза бўлди паноҳим.
Ёшларини тўкиб аччиқдан аччиқ
Мўлтирар етолмай Сизга нигоҳим.

Она, боролмадим, гарчи тунларнинг
Бағридан ўтганча етдим саҳарга.
Кўзимдан ёғилди мотамсаро мунг,
Мастондай авраган қаллоб шаҳарга.

Она, боролмадим, кўнгил озурда,
Кўнгил тополмасдан йиғлайди, сағир.
Амалга ошмаган орзулар – мурда,
Узр дардга даво бўлолмас, ахир.

****

Эҳ, Орзу, бунча ҳам олисдасан сен,
Ҳатто яқинроқдир сендан кўҳи қоф.
Ахир ёзолмадим бирорта ҳам шеър,
Ақлим қотирдими манқуртий ғилоф?

Қочдинг, қувавердим, йиллар – исковуч,
Ваъдабоз кунлардан қолдим безиллаб.
Кун кўрмади умрим, кўрмади овунч,
Еллар суягимга етди изиллаб.

Айтиб улгурмадим яроқли фикрим,
Гарчи яроқ эди тилим, сўзларим.
Фирибгарлар – тўғри, тўғрилар – эгри,
Алдашни ўрганди содда кўзларим.

Дунёни сув босар, юрарман кезиб.
Ҳавасларим ўлди, балким ўзим ҳам?!
Энди яшаяпти дунёдан безиб,
Юракка қамалиб олган бир одам.

****

Келиб нима қилдим…
Келганим маҳал,
Қуёшнинг нурлари тутганда илким,
Соям сенга чопар ўзимдан аввал,
Энг гўзал хаёллар тўкилар тим – тим…
Сен жим…

Келиб нима қилдим…
Келганим маҳал,
Гиёҳлар тиз чўкиб айлайди таъзим,
Сувлар пешвоз олар қиқирлаб ҳар гал,
Еллар ҳамдард бўлиб тинглайди арзим…
Сен жим…

Келиб нима қилдим…
Келганим маҳал,
Чумоли ўргатди яшамоқ машқин…
…Дордаги кир каби чайқалар азал,
Юрак ёриғида жовдирар ишқим…
Сен жим…

****

Не учун маломат энди бошимда,
Забонинг – замбарак, отар таъна тош.
Дил бежо, милёнта дард талошинда
Нондай уваланиб кетаётир ёш.

Инграган майсадай товон остида,
Оғир сўзларингдан инграр юрагим.
Лоҳас вужудимда гумон ўқидан
Азоб чекаяпти етмишта рагим.

Fулғули фикрлар қовоқ аридай
Заҳрин солаяпти, бузиб қонимни.
Оромбахш лаҳзалар қани, қайдасиз?
Келинг, эвазига берай жонимни.

Сукунат керакмас, сукунат – ағёр,
Шовқинларга эса беролмайман тоб.
Бехос юрагимни айлади бетоб,
Бадгумон кўнглингдан бўзлаган хитоб.

Ахир гуноҳлардан юрдим-ку қочиб,
Шайтон томиримда урса ҳам туғён.
Балким сочларингни силардим ҳозир,
Бағрим тилмаганда ноўрин исён.

Не учун маломат энди бошимда,
Забонинг – замбарак, отар таъна тош.
Дил бежо, милёнта дард талошинда
Нондай уваланиб кетаётир ёш.

****

Хайр, кетаяпман, юрагим олиб,
Ағёрлар хамирдай кўпчиган жойдан.
Осий нигоҳларга боқишдан толиб,
Узр сўраганча покиза лойдан.

Ялтоқи гуноҳнинг бадбўй нафаси
Тегиб улгурмаган кундузлар, хайр.
Хайр, юрагимга на ўзи сиғиб,
На – да юрагимни сиғдирган дайр.

Кетяпман, гуноҳга бошловчи сеҳр
Тиржаяр теграмда. қадамим азоб.
Алмисоқ дунёга узатиб меҳр,
Топганим дил тўла дарду изтироб.

Хайр, вужудимни яйратган эпкин,
Хайр, сочларимда сирғалган сабо.
Юрагим армондан йиғлагани чин,
Сен нечун телбадай йиғлайсан, само?

****

«Оҳ!» дедим, оҳимдан ёнмади дунё,
Тўкилган қонимдан чиқмади садо.
Мансур бўлолмасам, Машраб бўлмасам,
Маҳшарда қандай бош кўтаргум, Худо?

Тилимни тергадим, тил топмоқ талаб,
Баъзида ҳукмимни ўтказдим танлаб.
Тилим танҳо тилда тиллашганида –
Маҳшарда қандай бош кўтаргум, ё Раб?

Елкамда фаришта, йўлимда олчоқ,
Қаршимда Азроил жонимга илҳақ.
Пулсирот тиконин чархлаб турган Кун –
Маҳшарда қандай бош кўтаргум, эй Ҳақ?

Мезон

Сахий само сочаверар нур,
Тобланади турфа япроқлар.
Кўкрагида соф ният – биллур
Тутаверар хоксор тупроқлар.

Ҳажр ранги юзида зоҳир
Офтоб – ишқдан девона кўнгил.
Қалбидаги орзуси охир,
Барг – оғочнинг илинжи сўнгги.

Алдайверар гўл дарахтларни
Юлғич шамол, ваъдабоз шамол.
Алдовлардан безган дил-япроқ
Заминга бош қўяди беҳол.

Бўзаради осмон жаҳлдан
Нафасидан чиқади оташ.
Жигарига чеккандай нола,
Уввос солиб йиғлайди яккаш.

…Сахий само сочаверар дур,
Товланади рангин япроқлар.
Ёпинганча хазон – кўрпага,
Ширин тушлар кўрар тупроқлар.

Йўл манзараси

Мунғайиб турибди симёғоч,
Симида токи йўқ, тортгулик.
Оғирлик қилмас-ку кимгадир,
Кимгадир беролмас енгиллик.

Дардкаш йўқ ҳолини сўрашга,
Турибди қимтиниб, қисилиб.
Ёки қасд қилдими жонига
Ўзининг симига осилиб.

…Мунғайиб қолибди симёғоч.

****

Чорлайди бағрига тахайюл – сайёр,
Ширин хотиралар энтикар хушнуд.
Яланг оёғимдан гиламда ғубор,
Онам фиғонидан чиқар эди дуд.

Ўшанда қароқчи тароқдан қўрққан
Сочимни авайлаб тарарди шамол.
Пойафзалга ҳушсиз оёқларимни
Меҳр-ла ўпарди замин бемалол.

Мурғак юрагимнинг улкан орзуси
Бирам гўзал эди: милён юлдузлик.
Қўйларни қақшатган қотил қашқирдай
Қалбим қийнамасди қаттол ҳиссизлик.

Бешафқат қонунлар дояси – ҳаёт,
Болалик – очилиб сўлган қизғалдоқ.
Англадим, гиламга қўнган ғуборлар
Замин ўпичидан қолган лаббўёқ.

****

Мен кимни изладим, кимга ишондим,
Кимларга юкиндим ёшим қаримай.
Наҳот ғамга етмоқ шунча осондир,
Бошимдан ғавғолар қолди аримай.

Кечиргин, ёрижон, дардларим оғир,
Ниҳолдай қаддингга келмас юклагим.
Шундоқ ҳам менингмас, туннинг беқадр
Бағрига бошингни қўйиб ухладинг.

Осийлик қилмадим, аламим ортар,
Не боис бошимни чўқир калхатлар.
Умид ёноғингдан ёшингни артар,
Қўлингда титраса қалбим – дастхатлар.

Кимларни изладим, бечора, сағир
Кўчасига боқиб далли дилимни.
Аридай югурдак бўлмадим, ахир,
Наҳотки қалдирғоч узди тилимни?!

****

Қўлимда соғари алвидо,
Кўксимда армонли бир нидо.
Маликам, қайдасан, бер садо,
Севгингни кўтарай бошимга.

Кўзимда сақладим майиноб,
Кел, энди, ичақол, моҳитоб.
Юракда гулдирар бир хитоб:
Севгилим, қувват бер, лошимга.

Жонимда азоби тамуғнинг,
Сен ахир орзуси қамуғнинг.
Ўтсам у ёнига тапуғнинг,
Руҳгинам қайтади қошингга.

Пайт келар, дўнамиз достонга,
Юлдуздай қўнамиз осмонга.
Ҳозирча кўнамиз ҳижронга,
Ва яна кўздаги ёшингга.

****

Кўзлари киртайган Соғинч бемажол
Қароғим қаърида тентирар беун.
Васлингга зор ўлдим, нигоҳи марол,
Ҳижрон бизни бунча севади, нечун?

Ичиккан туйғулар қалбим тирналар,
Орзиққан орзулар қарошида мунг.
Келгил, келганидай таниш турналар,
Руҳимни уйғотсин шалола кулгунг.

Беҳуда ўйлардан безганман буткул,
Ширин умидларини қўйганман қучмай.
Вужудим бўлганди ташвишларга қул,
Сенсиз хаёлим ҳам қўйди-ку учмай.

Чарчадим, теграмда қайнайди шикор,
Умрим – очиқ турган Искандар қўли.
Сезмай ҳам қолибман келганин баҳор,
Нега кетётганин юрагим тўлиб.

Бошимни ёргудай андуҳлар – орсиз,
Кўнгил тилкаланган ғамлар тиғидан.
Алам қилаяпти, бизлар баҳорсиз,
Наҳот қутулмадик қиш аччиғидан.

****

Кўргим йўқ юзларинг, ҳижрони дилкуш,
Совуқ нигоҳингни тикма қалбимга.
Яшагим келяпти висолнинг сархуш
Бодасини даво этиб дардимга.

Юрагим тубида кишанбанд ният –
Субҳидам сабо – ла кезмоқ орзуси.
Қачон тарк этади кўнгилни зулмат,
Қачон жаранглайди ишқнинг кулгуси.

Куннинг ҳадялари бенаф, бесамар,
Кўнгилга шамчалик бермаяпти нур.
Дилкушо боғларда кезмадик, қамар,
Кезмадик висолнинг баҳрида масрур.

Дилдан қувонмади дилнинг ичинда
Бошин балолардан асраган умид.
Наҳотки, осуда жой йўқ очунда,
Наҳотки, имконлар орзумизга зид.

Ҳижроннинг минг битта тишлари ботиб,
Қалбим қачонгача чекади жафо.
Висол, келурмисан, Руҳни уйғотиб,
Ҳижрон, топажаксан қачон интиҳо?

****

Соғиндим, кўзларим тубига қайтди,
Ҳижрон ўпқонига дуч келган нигоҳ.
Юрагим армонли қўшиқлар айтди,
Сел қилди қалбимни, тортавердим оҳ.

Cоғиндим, ҳаттоки йиғлагим келди,
Аммо эркакларга ордир йиғламоқ.
Гарчанд ўз ёғимга ўзим қоврилдим,
Дўстларимга кулиб қарадим, бироқ.

Соғиндим, сенсизман, ҳазилкашим йўқ,
Овута олмайман ҳатто ўзимни.
Босиб келаётган куннинг кўнгли тўқ,
Эринмай кузатар чеккан бўзимни.

Қанча юпатмайин, бешафқат соғинч
Юракда тўполон қилар боладай.
Кунларим қайғули, тунларим нотинч,
Уйқусиз кунларим ранги лоладай.

Соғиндим, бу дарднинг ёлғиз давоси –
Висолга етишмоқ қанчалик оғир.
Бездим, жонга тегди армон дунёси,
Кетяпман, кутиб ол, соғиндим, ахир.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn