Юсуф Расул: Бегона (хикоя)

yrkievБу дунё кўланкага ўхшайди. Биз ўзимизни чин дунёда яшаётгандек ҳис қиламиз холос…

1.

«Сен бир кун келиб шу аёлга бутунлай таслим бўлишни ҳеч тасаввур қилмаган эдинг. Бироқ, қанчалик уринма унга устун бўлиш қулингдан келмади. Гулруй ўз ҳусну латофати билан эмас, ўз ожизлиги билан сени ўзига асир қилиб олганди.
Сен ҳеч ўйлаб кўрмагандинг дейиш у қадар ишонарли чиқмайди. Чунки, ҳар куни, баъзан турмуш ташвишларига берилиб ахийри ҳолдан тойган бир алфозда ўз-ўзингга савол берардинг-«Мен шу аёлни севаманми?» деб. Лекин бунга қадар орадан кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ҳам ўтиб улгурар, аксар саволларинг вақт ғилдираги остида эзғиланган чумоли мисол мажруҳ бир аҳволда қоларди – бу саволларга жавоб йўқ эди.
Тўғрироғи, сен журъат қилиб, ўз саволларингга ўзинг жавоб бера олмасдинг.Саволлар ичида бундан-да муҳим, ёдинга тушганда қалбинг-у шуурингни алғов далғов қилиб юборадиган бошқа сўроқлар ҳам бор эди ва улар бошқаларига ўрин қолдирмасди.
Сен Гулрўйни гўзаллиги, хусну латофати учун эмас, азбаройи ожиз бир аёллиги учун яхши кўрардинг. Аёллар табиатдан ожиз бир мавжудот эканлиги, ҳамиша улар учун ҳимоячи, жилла қурса бир йўлдош лозимлигини билганинг ҳолда, ундан ажралишни хаёлингга ҳам келтира олмасдинг. Чунки, сен жуда-жуда раҳмдил ва мурувватли инсон деб санардинг ўзингни. Бироқ орадан йилар ўтар экан, бу раҳмдиллингинг ўзинг учун кўп хатоликларга замин яратганлигини англаб даҳшатга туша бошлардинг. Ҳар не қилма сен ўзинг яратган бу муҳитдан қочиб қутила олмасдинг. Бу муҳит ичида сен бор эдинг. Фақат сен…
Борган сари вақт имиллаб ўтар экан, сен бир нарсани қаттиқ англаб борардинг. «Бу муҳит ўзгармас экан. Бу муҳитни ўзгартириш менинг қўлимдан келмайди!»

2.

«Ўшанда замҳарир куз ҳавоси атрофни тутиб, оламни чуқур бир сокинлик ўраб олган эди. Дарахтлар барги аста-секин сарғайиб, узилиб тушар, улар умр парчаларига ўхшаб кўринарди.
Сен узилаётган япроқларга қараб кўнглингда ҳам нималардир узилаётганини аниқ –тиниқ ҳис қилардинг. Узилаётган сенга тушунарсиз бўлган қандайдир ҳислар-туйғулар эди.
Кўп ўтмай бундай сокинликка басма-бас атайин қилгандек ёмғир қуйиб юборди. Ҳувиллаган бир парча осмондан шовуллаб тушаётган ёмғир томчилари хаёлингга унутилган кунлар хотирасини олиб қайтаётгандек эди.
Ёдингда бор…. Ўшанда ҳам куз эди. Сен ўпканг шамоллаб касалхонага тушиб қолганингда дераза ортидаги хиёбонга назар ташлаганча нуқул хаёлга толиб ўтирардинг. Хаёлингга эса қанча урунма фақат Гулруй кириб келар, сира шубҳа-ю гумонлардан халос бўла олмасдинг.
«Етар шунча уни қийнаганим, бечора қийналиб кетди. Унинг ҳам бошқа аёлларга ўхшаб ўз орзулари бор. Унинг ҳам яхши яшагиси, яхши кийиниб юргиси келади. Мен эса лоақал турмуш ташвишларидан бечора Гулрўйни халос қила олмаяпман-ку!» деган ўйлар сенга азоб берарди.
Хиёбонда эса одам сийрак эди. Осмонни тўлдириб қарғалар галаси учиб ўтар экан, қиш яқинлашганлигидан башорат қилишаётгандек ёқимсиз унда қағиллашар, уларнинг саслари эса шундоқ ҳам ғамзада кўнглингга қоронғулик соларди.
Сариқ япроқларни шатирлатиб босганча узун бўйли, басавлат бир одам деразанг олдидан шошганича ўтиб кетади. Унинг ортидан қараб қолар экансан, кўзларинг дарахтлар панасидаги икки йигит билан қизга тушади. Улар бир-бирини худди йўқотиб қўядигандек маҳкам қучоқлаб олишганди.
Уларга тикилиб «Қанийди шафқатсиз ҳаёт сўқмоқларида бу бечоралар бир-бирларини йўқотиб қўйишмаса эди! » дея ўйлардинг. Шунда бирдан хиёбоннинг узун йўлагидан аста-секин юриб келаётган Гулрўйга нигоҳинг қадалади. Гулрўй нимадандир норозидек юриб келар, жимитдайгина вужуди оғир юклардан зада бўлгандек эгилган алфозда эди. Унга қараб кўнглинг ўксийди. Буғзингга нимадир тиқилгандек бўлади. У сени ҳолингдан хабар олмоқ учун бугун ишдан эртароқ чиққан кўринарди. Қўлидаги тўрхалтасида нимадир солиб олган. «Эҳтимол нон ёки мева –чевалар олиб келаётгандир» , деб ўйлайсан.
«Бечора, бир ойда оладиган моянаси ишга қатнаш учун йўл пулига етмайди. У эса тушлик учун сақлаб қўйган пулларига ҳам сен учун нарса олади. Сен эса унга ёрдам бериш, оғирини енгил қилиш ўрнига касал бўлиб ётиб олгансан. Шу ҳам инсофданми? »
«Барибир бу кунларнинг интиҳоси бордир. Қачонгача мен уни қийнайман? Қачон тугайди бу кунлар?» Бу саволларга дабдурустдан жавоб топиш мушкул эди.
Кейинги кунларда сен касалхонада даволанар экансан, нимадандир шубҳалана бошлагандинг. Гулруй нимагадир ўзини ғалати тутар, қандайдир оғир ўйларга ботиб юрарди.
«У нимадандир норози. Балки сен билан кечган кунларини сарҳисоб қилаётгандир? Балки унинг ҳаётига қандайдир бир одам суқулиб кириб олмадимикин?»
Бироқ бу саволлар қанчалик оғир бўлмасин сен уларни ичингга ютдинг. Гулрўй ишдан чарчаб келаётганини айтаркан, ишхоналарида бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида гапирди. Гулрўй оддий муҳаррирликдан бўлим бошлиғи лавозимига кўтарилибди.
«Бундан кейин ўзбек халқ оғзаки ижоди ҳақида туркум эшиттиришлар тайёрламоқчиман.Мақсадим шу пайтгача эътибордан четда қолиб келаётган оғзаки ижодимизнинг пайдо бўлиш тарихини қайтадан ўрганиш», деди у.
Гулрўйнинг кўзлари жуда ҳам чиройли эди. Уларга тикилар экансан, фақат бир нарсани ўйлардинг: «Ундан ажралиб қолмасмиканман?»
Бироқ қанча ўйлама, сен бир нарсани аниқ билардинг: Борган сари тобора Гулрўйдан узоқлашиб бораётгандинг. Сабабини эса ҳеч тушуна олмасдинг. Кўнглингни қандайдир мавҳум ўйлар эгаллаб олган – беқарор бир алфозда эдинг.
Балки, булар, зерикишдан пайдо бўлган туйғулардир? Балки, кейинги пайтларда касаллигим туфайли ўзимни шундай ожиз, тушкун ҳис қилаётгандирман?» деган хаёлларга борардинг.
Бироқ қанча уринма буларнинг сабабини ҳеч тушуна олмасдинг».

3.

«Бир кун келиб сен ўйлаган, орзу қилган нарсалар саробга айланса, кўнглинг осмон янглиғ бўм-бўш бўлиб қолса, барибир ҳамма нарсага кўниккан одамдек жимгина яшайверардинг. Бироқ, сен орзу фуқароси эмассан. Қалбингда бирор нарсага эришиш, ёки нимадандир воз кечиш орзуси йўқ. Сен орзусиз, бундай қараса мақсадсиз бир одамга ўхшайсан. Шу пайтгача бирор аёлни чин кўнгилдан севмаганинг, сева олмаслигингни фақат ўзинг биласан. Бир гал Гулрўйга ҳам буни очиқ-ойдин айтгандинг. У сенга кўнгли ийибми, «Мени севасизми?» дея сўраганида , шартта тўғрисини айтиб қўя қолдинг. «Ростини айтсам, мен сизни чин кўнгилдан севмаганман. Нимагадир одам боласини сева олмайман. Сабабини эса сўраманг, барибир буни ўзим ҳам билмайман».
Гулрўй буни кутганмиди ёки йўқми, буниси сенга қоронғу. Бироқ у шундан кейин тақдирга тан берган одамдек хомуш бўлиб қолганди.
Аёл киши кимдир ўзини севишини хоҳлармикан? Унинг ўзи ҳам бировни чин дилдан сева оладими? Афсуски, аёлларнинг , жумладан Гулрўйнинг ичига кириб чиқмаганинг боис буни яхши билмайсан. Шунга қарамай, Гулрўй сен учун англаб бўлмас сирли бир жумбоқдек. Унинг қалбида нималар борлиги, хаёлида қандай туйғулар яшаётгани ҳам сенга таниш эмас.
Бундай аҳволда кун ўткариш сен учун осон эмаслигини яхши биласан. Шунга қарамай яшайверасан. Бошқа иложинг ҳам йўқ».

4.

Орадан қанча йилар ўтганига қарамай У қандайдир тушунарсиз одамнинг Гулрўй исмли аёлни эслаб ёзган бу ҳикоясини қайта-қайта ўқийди. Бироқ, ҳикояни ёзган одам ким эканлиги, нима мақсадда бундай ғамгин жумлаларни битиб, хиёбондаги ўриндиққа ташлаб кетганлигини тушуна олмайди.
«Балки, шу йўл билан ўз дардларини бироз енгиллатмоқчи бўлгандир?! Ёки ўз сиридан кимнидир огоҳ этиш мақсади уни шундай қилишга мажбур этдимикин?»
У ўз хаёллари билан андармон бўлар экан, яна нотаниш одам ҳикоясини қўлга олади. Бироқ, ҳикояда тасвирланган табиат манзараси, ёки ҳикоя қаҳрамонлари Унинг ўзига танишдек туюла бошлайди.
«Бу манзарани қаердадир кўргандайман?! Ҳикояни ёзган одам ҳам менга танишга ухшаб кўринаяпти?»
У кўнглига яқин олган ёзувларни қайта ўқир экан, хаёллари-ю хотираларини бир жойга жамлаб, чуқур ўйга толади. Бироқ, на табиат манзараси ва на ҳикоя қаҳрамони кимлиги Унинг ёдига тушмайди.
«Бу одам ким бўлди экан? Нимгадир унга қизиқишим орта бошлади. Менга таниш ва жуда ҳам яқин одам бу!»
Орадан кунлар судралиб ўтар экан, У бир нарсани тушуна олмаётганлигини англайди. Бу- «ҳикоя қаҳрамони ҳақиқатдан ҳаётда бор нусхами?» деган савол эди.
Баъзан, ҳикоя қахрамонининг ҳаётда бор -йўқлигига шубҳа қилса, яна ўша нотаниш одамнинг Гулруй исмли аёлга ёзган мактубларини қўлга оларди. Ҳикоялар эса Унга жуда-жуда таниш манзарани эслатарди. «Буларнинг барчаси ахир менинг ҳаётимда, кўз ўнгимда содир бўлган воқеалар-ку?» деган ўйлар хаёлига келса, У ўз-ўзидан ҳам шубҳалана бошлар, шубҳа гумонлардан қандай халос бўлишни билмай боши қотарди…
Шундай пайтларда яна нотаниш одам ҳикоялари Унинг жонига аро кирарди.

5.

«Гулрўй, биласанми, мен ҳеч қачон бу бош оғриғидан халос бўла олмаяпман. Юрсам кўз ўнгимда шу манзара намоён бўлади, ётсам тушларимда яна ўша – кимдир нуқул мендан ёрдам сўрайди, илтижо қилади, ялиниб ёлворади.
Кеча ғалати туш кўрибман.Қарасам, ялангликда яна ўша кимдир…(Мен унинг кимлигини билмайман). Унга яқинлашар эканман, Кимдир «пиқ»қилаб, «ҳиқ»қиллабми йиғлаб ўтиради.
«Ҳа, биродар, нега, нимадан бунча хомушсиз?» деб сўрадим бу одамдан.
У менга ғоятда маҳзун кўзларини тикиб, илтижо билан: «Илтимос, мени қутқаринг!» деди.
“Сизни? Нимадан?”-дея олдим халос.
Унинг кўзларида дунёнинг барча кўргуликлари, азобу уқубатлари, бор, жамики даҳшатлари қотиб қолгандек эди.
«Илтимос, мени ўзимдан, ўзимни ўзимдан қутқаринг! Бу ҳолда узоқ яшай олмайман. Қийналиб кетдим».
У гапирар экан, осмонни қоплаган қора булутлар бирдан ёмғир томчиларига айланиб ерга туша бошлади.Кимдир эса ёмғир томчиларини худди биринчи бор кўриб тургандек, атрофга ҳайратомуз назар ташлади.
Шунда у ёмғир томчилаётган осмонга қарата «Мени қутқаринглар! Қутқаринглар!!» деганча баланд овозда бақира бошлади.
«Қутқаринглар!» деган сўзни эшитиб яқин атрофдаги одамлар бу ерга тўпланишди.
«Мени қутқаринглар, мени ўзимни ўзимдан қутқаринглар» дерди бечора Кимдир «ҳиқ»қиллаб.
Одамлар бақираётган бу кимсанинг мақсадини, ё-да сўзлари моҳиятини англай олмай, елка қисиб тарқалишди.
Яна худди атайин қилгандек ивиб қолган Кимдирнинг устидан челаклаб ёмғир қуйди…
…Бу бир туш эди. Шундай дейману кейинги пайтларда тушни ўнгидан фарқлай олмаганим ёдимга тушади. «Балки Кимдир билан бўлиб ўтган воқеа тушимда эмас, ҳаётда, кўз ўнгимда содир бўлгандир?»,деган фикрлар ўтади шууримдан».

6.

«Гулрўй, мен худди узоқ йўл юриб чарчаган одамдекман. Бироқ шундай дейману, мен юрган йўларнинг боши ёки адоғи бормикан, деб ўйга толаман.Шундай пайтларда сенинг сўзларинг хаёлимда жонланади: «Бу йўлларнинг боши ё-да охири йўқ. Вақт мисоли ҳеч ким бу йўллар қайдан бошланиб қайда тугашини билмайди».
Бешафқат Вақт бошимиз узра ўзининг узун қамчисини ўйнатиб, худди иккимизни масхара қилаётгандек туюлади менга. Шу вақт ичидан мен сени топганман, Гулрўй! Шу вақт ичида мен сендан жуда ҳам олислаб кетдим. Сен авваллари бундай эмасдинг. Мен сендан ёнингда туриб булса-да узоқлашиб борар эканман, бир кун буни осонгина тушунтириб бергандинг. «Сизни мендан узоқлаштираётган нарса – шахсий камчиликларингиз, худбинлигу зеҳниятингиз билан боғлиқ қусурларингиз. Сиз аслида мендан эмас, ўзингиздан, ўз аслиятингиздан узоқлашиб бораётган одамсиз» дегандинг ўшанда, Гулруй».

7.

У бундай маҳзун сатрларни ўқир экан, дабдурустдан «ҳикоя қахрамони ёки муаллиф руҳий касал эмасмикан?» деган хаёлга борди. Унинг назарида сўзловчи ўз-ўзини унутган , дунёнинг жамики адолатсизликларини билиб ундан воз кечган одамга ўхшаб кўринарди.
Бироқ Гулрўй… Бу гўзал аёл нега ўз турмуш ўртоғини ғалати, одамови ёки телба бўлиб қолганини билган ҳолда уни ташлаб кетмайди?
Бир қарашда Гулрўй бу одамни севмайдиганга ўхшайди. Негадир шунга қарамай ундан ажралолмайди. Гўёки ҳаммаси шундай бўлиши керакдек…
У ўйлаб ўйларининг адоғига ета олмасди.
Ҳикоядаги воқеалар атайин кимнидир чалғитиш мақсадида ўйлаб чиқарилгандек туюларди. Ёки телба-тескари хаёллар асосида қурилган бир муҳаббат қиссасига ўхшарди у.

2002 йил, Чирчиқ.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn