БУЮК ҚУШНИНГ ПАРВОЗИ

halima xudoyberdievaҚундуза Ҳусанбоева

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг, ўзи айтмоқчи, мухлислар “кўнглини излаб” тартиб берган навбатдаги шеърдастаси “Буюк қушлар” деб номланади. Шоира поэтик ижодининг асосий қисмини ўз ичига олган етти юз йигирма олти бетлик ушбу тўплам замонавий ўзбек шеъриятидаги энг салмоқли китобдир. Унда шоиранинг бутун умри давомидаги кўнгил кечинмалари, ичкин сезимлари, пўртанали тўлғамлари, ижтимой исёнлари, дарду ҳасратлари яққол акс этган. “Буюк қушлар” шоиранинг илкинчи тўплами “Илк муҳаббат”дан тортиб, энг кейинги “Йўлдадирман” китобига кирган шеърларгача ўз бағрига олган. Булардан ташқари, кейинги йилларда ёзилган юздан ортиқ янги шеърлар, яъни қарийб эллик йиллик назм хирмони уйилган. Бир муқова ичида бунча кўп асарни тўплаб чоп этиш тажрибаси бизда йўқ эди ҳисоб. Умуман, бадиий асар, айниқса, шеър ўқилмаяпти деган қараш оламни тутган бир шароитда бундай улкан шеърий тўпламнинг чоп этилиши ўқиладиган шеърга талабгор ҳамиша бўлишидан далолатдир.
Шоиранинг ҳам поэтик иқтидори, ҳам бўйу бастига яраша салмоқли китобга кирган шеърлар ўқилгани сари мисраларга эврилган фикр ва туйғуларда муаллифнинг йиллар оша камолотга етиб бораётган шахси кўрингандай бўлади. Улкан адабиётшунос И. Ғафуров китобга ёзган сўзбошисида: “Шеър бу – характер. Шоир қандай бўлса шеъри ҳам шундай”,– деган гапни айтади. Шоир бошқа, шеърнинг лирик қаҳрамони бошқа деган назарий қарашга ҳамиша қўшилиб бўлмайди. Бир қанча персонажлари бор насрий асарларнинг қаҳрамонларидан бири ёки бир нечаси муаллифнинг қарашларини ўзида ифодалаши мумкиндир. Лирикада эса асарнинг қаҳрамони кўпроқ шоирнинг ўзи бўлади ва у қоғозга ўз изтироблари, қувончу қайғулари, бахтию бахтсизликлари, ҳайрату надоматларини тўкади. Айнан ўзиники бўлгани учун ҳам бу туйғулар ўзгаларгада таъсир қилади, уларгада юқади. Истеъдодли ижодкор битикларида ўзга шахсиятларга хос бир кўп қирралар намоён бўлади. Куюнчак ижодкорнинг оташли туйғулари ёлқинидан “қорайган” оқ қоғоз эса, бу дардларни ошкор этиб, ундан ўчини олади. Ҳар бир ўқирман бу битиклардаги ҳис-туйғу ва дарду ҳасратларни ўз эътиқоди, дунёқараши ва руҳий-маънавий даражасига кўра қабул қилади.
Истеъдод – ўзи, ўзгалар ва Яратганга муҳаббатдан иборат ҳодиса. Бу муҳаббатнинг миқёси истеъдоднинг миқёсини белгилайди. Катта муҳаббат катта истеъдодни юзага келтиради ёки аксинча. Чин шоирга бутун олам дахлдор. У оламнинг ичида бўлганидай, олам унинг кўнглида. Унинг учун бегона ғам, алоқасиз дард, таъсир қилмайдиган гўзаллик, юксалтирмайдиган эзгулик йўқ. Мана шу дахлдорлик истеъдодли шахс кўзини ўткир қилади. Бу сўзбошида: “…довқур ва кўзлари узоқ-узоқларни кўради. …уфқ нималигини билади. Уфқларда қимирлаган ҳар жонзотни илғайди”,- тарзида тўғри кўрсатилади. Ҳ. Худойбердиева зийрак назари билан кўрганлари, нозик қалби билан туйганларини пардозлаб, сохта одоб либосларига буркамайди. Барча истеъдодли шахслар сингари Ҳалимахоним ҳам максималист: севса, қон ютиб суяди, нафратланса, қон қақшатиб ёмон кўради. Изтиробини изтиробдай, афсусини афсусдай, бахтни чарақлаб, бахтсизликни ўксиниб-ўксиниб, надоматларни йиғлаб-йиғлаб тўкади:
…Таъсир қилмас эди: “Ҳушёр бўл, фарқ қил
Одамларни”,- деб сен қилган ўгитлар.

Шовқин, базмларга ошиқарди дил,
Тушимга кирарди шўхчан йигитлар.
Йиллар ўтди, кимдир қаддимни букиб,
Ҳасса таянтириб белим толдирди…
Қундуз қошларимни рашк билан тўкиб,
Ўрнида саноқли туклар қолдирди.
Энди,
Энди сени ўйлайман беун,
Қўмсаб ҳузурингга чопаётирман.
Онам, сен кирибсан тушимга бу кун,
Тушимда оёғинг ўпаётирман
Китобдаги баъзи битикларда аччиқ қисматнинг одамни синовларга дуч этиши, иложсиз ва ҳимоясиз кўнгил эгасини ўз ихтиёрига зид ишлар қилдириши, неча кўнгилларни вайрон, қанча умрларни кемтик, не бир тақдирларни заволли айлаши дард билан акс эттирилган: “Тақдир улаганда умрлар занжирин Ногоҳда рўпара бўлдик иккимиз. Тушунмай яширин қалбларнинг сирин, Ҳиссиз йўл бошидан бирга тушдик биз. Буни тилим билан олмасам ҳам тан – Биласан, юрагим бегона эди. …Биласан, йўқ эди дилимга ҳоким, Уни ўзга биров этмаганди жалб. Мағрур, қушдай эркин эдим ва лекин, Шунингдек сенга ҳам беролмадим қалб”. Бу ўйчил сатрлар киши руҳиятини жунжуктиради. Негаки, уларда ўзини олам сарвариман деб юрган одамнинг қанчалар ожизлиги, ўзга у ёқда турсин, ҳатто, ўз юрагигада хўжалик қилолмаслиги акс этади. Одатий тасаввурга кўра қўшоғига кўнгилсизлик бировга кўнгил берганлик туфайли деб тушунилади. Шеър қаҳрамонининг ҳолати бу стандарт тасаввурга сиғмайди: юрагида биров бўлгани учун ёнидагига кўнгилсиз эмас, балки қалбини ҳеч ким эгалламаган бўлсада, унга унда жой йўқ. Ҳаётнинг мураккаблиги, кўнгил деб аталмиш коинотдаги йўлларнинг чигаллиги шу жўнгина, аммо бетакрор тасвирларда аниқ акс этади. Бу сатрларда ҳолатнинг қонсиз фожиаси, кўнглига эмас, қисматга қарши боришга журъат қилиб, журъатидан ўзи қўрқиб турган ўзбек қизининг мураккаб ҳолати тасвирланади: “Дил қушимни эркин учирдим – Шундай истак бор эди менда… Уфқ қизариб ёнаётган дам – Мен тарк этдим иссиқ қучоғинг, Ортиқ энди айблама сен ҳам! Тузинг ҳаққи. Мени кечиргил”.
“Мен сен билан хайрлашган тун” шеърида айрилиқнинг бўёғи нафақат севишгану ажралишаётганлар, балки табиатга ҳам кўчган: “Мен сен билан хайрлашган тун қаро эди, қаро эди, Тун бағри бут. Менинг бағрим яро эди, яро эди”. Гўёки, тун айрилиқнинг даҳшатидан қорайган. Аммо барибир, тунга анча енгил. Чунки унинг бағри бут – ҳеч нарса йўқотмаган. Суюклисидан айрилаётган шоиранинг бағри эса ярали. Табиат билан дардли кўнгил ҳолатини бу қадар мувозий кўрсата билиш ўқирманни муаллифга яқинлаштириб, туйғудош қилади.
Очун қаршисида бир чанг каби ушоқ одамнинг кўнгил олами шу қадар бепоёнки, уни кезиб охирига етиб бўлмайди. Ана шу поёнсиз очуннинг қай бурчида севинч гулласа, қаеридадир қайғу булоғи қайнайди. Шоира ҳаммани ёппасига суймайди. Зеро, ҳаммани севиш ҳеч кимни севмасликнинг ўзгинасидир. Асл муҳаббат алоҳидаликни тақозо қилади. Шу боис шоира ҳар бир одамни алоҳида туймоқ ва тушунмоқ истайди. Шу боис ўзини ҳар бир одам олдида бурчли сезади, нелардандир тазарру қилади. Ана шу тазарру, афсус-надомат ижодкор кўнглини тозартиради. Бу туйғу шеърхонгада юқиб уни катарсис – покланишга етаклайди. Зотан, қувонч кўнгилни худбинлаштиради, қайғу эса тозартиради. Шу боис чин ижодкорларда ҳамиша тазарру босим келади.
Шоиранинг айбдорлик ҳисси: “Кўз ёшларинг хуни бўйнимда, Отма, тегар қарғишинг тоши. …Турмуш боғи бўлмасдан гуллаб, Ёғди унга қайта-қайта қор. Барчасига кибор қалб сабаб Барчасига ўзим гуноҳкор. Умр балки шодумон ўтар, Балки… кўргум бошда борини. Бироқ, Сен қарғама, қарғишинг тутар, Кўз ёшларинг сабабкорини” сатрларида бутун самимияти, бор чинлиги билан намоён бўлади. Шеър муаллифи – ўз қалби ва тутумларининг тафтишчиси. Бировни эмас, ўзини текширади, ўзгага эмас, ўзига айб қўяди.
Оламни ё куч ёхуд илм забт этар, лекин кўнгилни фақат самимий иқрор мусаххар қила билади. Чин ҳақида чин ёзгани учун ҳам шоиранинг сезимлари ўқирман кечинмаларига айланади. Айни шу жиҳат шеърхонни унга туйғудош қилади. Шоира туйғуларини юқтиргани боис ўқирман шеърни жўн тушуниб ечим изламайди, балки ўзга кўнгил товланишларини туйгиси келадики, шеърни ёзишдан мақсад ҳам, уни ўқишдан мурод ҳам аслида – шу: “Ўтди, аммо дилда қолди чамаси Азоби, ўзим рад этганим учун. Бу чигал хатони тузатолмайман, Тундай юрагимни очаман тунга”. Одатда юрак ёниқ, алангали тасаввур қилинади. Лекин одамзод программалашган машина эмас, унинг юраги ҳам доим бирдай бўлавермайди. Айниқса, қаршиси ёки ёнидаги зот унга чўғ ташлай олмаса.
Маълумки, юракка йўл фақат юрак орқали ўтади. Шоира самимий бўлгани, туйғуларини пардозламагани, бежаб сохталаштирмагани учун ўқирман кўнглига кириб боради. У донолик қилиб бировга йўл кўрсатмайди, аксинча, ўзи йўл тополмай, қийналаётганини очиқ айтади. Балки, шеърнинг таъсирчанлигини таъминлаган омил мана шу очиқликдир. Кўнгил кўнгилни алдамагани боис кўнгилдан чиққан чин туйғулар иккинчи бир кўнгилдан осон жой топади.
Шоира қисмда бутунни, бутунда бўлаклар шодасини кўра билади. Шу боис шеърларида тасвирни имкон қадар ўзига яқинлаштиради. Чегара билмас шоирона хаёл унга, ҳатто, ўз мучаларидан ҳам бадиий тимсол сифатида фойдаланишда қўл келади. Шунинг учун бодомқовоқлигига дарди кўплигидан тунлари йиғлаб чиқишини сабаб қилиб кўрсатади. Бундай кутилмаган поэтик изоҳ шеърни очиб юборади ва уни ўқирманга, ўқирманни шоирага ёвуқлаштиради: “Ногоҳ бахт уйини осон топганим – Унда мени чорлар дарча бўлгани – Мен эса бепарво – Дарчани ўз қўлим билан ёпганим – Сўнг дардда қалб парча-парча бўлгани – Сезилмасмиш. Танҳо дамларимда ўзим билан банд –минг бир тирилганим – минг бор ўлганим. Йиғлаб чиққанларим узун тун билан, Ва йиғидан бодомқовоқ бўлганим – Сезилмасмиш…”.
Ҳ. Худойбердиеванинг самимий изтироб ҳисси билан суғорилган “Бир дақиқа”, “Сени сўрашар”, “Хайр дейман…”, “Хотирам тумани тарқалаётир”, “Мен сени топгандим”, “Кечаги кун” сингари шеърлари ҳам ўзга дилларни ром этишга қодир битиклар.
Кўнгли кенг одамгина ёқтирмагани, юз ўгиргани кимсадан хижолат бўлади, ўзини унинг олдида айбдор сезади. Чунки севилмаган одам ҳам одамлигини, унингда кўнгли борлигини унутолмайди. Ўзига маъқул бўлмаган одамки бор душман деб тушунилган замонларда ҳам ўшандай кўнгил мағфиратини самимий тасвирлай олган шоиранинг кенгбағирлигига тан беради киши.
Шоиранинг туйғулари ўйлаб топилмагани, чинлиги боис қадрли ва таъсирли. Унинг баъзи шеърларида тақдирга кўникмай, унга қарши исён қилганидан, бундан ҳам ёмони ўзга бир одамнинг ҳаётини синдирганидан айбдорлик ҳисси акс этади, айни вақтда бошқа йўл йўқлиги, чора тўғрилигига ишонч туйғулари ҳам жаранглайди:
Аминманки, авжим билан шу биринчи даврадаёқ,
Ўзимга тонг яратарман, тонгим менинг отар оппоқ.
Шу каби иқрорлар тасвири ўқирманда ёруғ туйғулар ҳосил қилиб, қувончу бахтидан хижолат тортаётган шоирани тушунишга ундайди. Ҳ. Худойбердиеванинг шеърлари одамнинг тақдири ғоят чигал экани, борлиқ олам оқ ё қора эмас, саноқсиз ранглардан иборатлигини, эзгулик ортида ёвузлик, қабоҳат ёнида олижаноблик бўлиши мумкинлигини рангин туйғулар тасвири асносида кишига юқтиради.
Шоира шеърларида астойдил излаганга топилгани, чин дилдан сўраганга берилгани, тинмай интилган эришгани каби кимгадир сояси тушиб, заха етказиб қўйишдан чўчиб яшаган шахс руҳиятида ҳам шодмон туйғулар бот-бот уйғонгани ифода этилади. Асл туйғу ўзи келади, уни ясаб бўлмайди, бутун келади, бўлаклардан қураб бўлмайди. Бу ҳолат тасвири “Ўсма қўйган қора қошларим, Ним қизил, шўх лабларим билан Жовдирашим, гоҳ довдирашим, Кўзда қалққан ёшларим билан Севилдим бирдан. …Билмай қолдим… қай бахтли кун Ғавғо солдим унинг ўйига…” мисраларида ифодасини топган. “Беҳадик қувонсам қанийди” сатрларида эса қимматга тушган бахтини йўқотиб қўйишдан хавотирдаги киши ҳолати акс этади. Тўкислик, мукаммаллик Яратганга хослигини англаб, ўзининг яратиқ эканини унутмаган ҳамма одам каби шеърнинг қаҳрамони ҳам бахти бутунлигидан қўрқиб яшайди.
Ҳар қандай одамнинг ҳаёти нур ва соялардан иборат бўлганидек, бир инсон ўлароқ, шоира ҳам оқ ва қора кунлар қуршовида яшайди. Унинг кейинги йилларда ёзилган шеърларида дунёнинг аччиқ-чучугини хўп тотган кайвонига хос кузатиш, иқрору изтироблар: “Қачонлардир менга зор бўлган бахтга Бугун ўзим зормен, қўлларим чўзиқ…” тарзида акс этади. Бу тасвирлар озурдажон кимсанинг ёзғириғи ифодаси эмас, улар очуннинг моҳиятини англаган ўй кишисининг ҳасратли қарашлари. Бу иқрорлар шунси билан қимматли, айни шу хислати туфайли шахсий қобиқларни ёриб чиқиб, ўзга кўнгилларгада уруғ бўлиб экилишга муносиб.
Ўқирман, умуман, бадиий асарлардан, айниқса, лирик битиклардан кўпроқ муаллиф шахсини, “мен”ини қидиради. Бу шахсиятнинг ибрат бўлгулик жиҳатларини ўзига юқтиришга уринади. Ушбу “мен” қанчалик ўзига хос, бетакрор бўлса, унинг бадииятга эврилган аксида ҳам жозиба шунчалик кучли бўлади. Шоиранинг “Машъала” шеъридаги: “Бу машъала куйиб кетган, Кафтларимда илдиз отган, Ўт кўтариб кетаётган, Бўйсунмас қўлларим куйди” мисраларида ёнаётган ўт кафтида илдиз отган аёл шахсиятининг фавқулоддалиги шеърхонни ром этади. Ўқирман туйғулар йириклиги, ифода қабариқлигидан ҳайратга тушади.
Ҳалима Худойбердиеванинг “Аёл ўтиб борар” шеъридаги:
Сен сўрама, мен ҳам айтмайман,
Курагимнинг синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс
сатрлари тасвирланаётган туйғуларнинг йириклиги билан ўқирманни ҳам сескантиради, ҳам ўйлантиради, сескантириб ўйлантириши орқали юксалтиради.
Ўз ижодий миссияси ва рутбасини яхши билган шоира дунё ишларига дунёларча йириклик билан қарайди. Дунёда яшаб, унинг етагида юргандай кўрингани билан ўз салоҳиятини билгани боис ижоди ёлғончи дунё ёлғонларидан баланд туришини ҳис этади. Бу туйғу “Мен бир куни” шеъридаги: “Гарчанд тишга босиб тишимни, Ўз елкамдан ўзим босиб тек, Гунгдай кетдим Сўнг бекатгача. Лекин ортимда қолган шеърларим Бу дунёнинг ёлғонларидан Қаҳ-қаҳ урар қиёматгача” мисраларида ёлқинланади. Бу сатрларда дунё майдаликларидан баланд турган йирик шахс қаноатлари ўта жайдари сўзлар орқали эсдан чиқмас йўсинда ифода этилади. Шоиранинг жимгина яшаш тутуми ожизлигидан эмас, балки чексиз ички қудрати боис экани таъсирли ифода этилган.
Адабиёттанувчиларнинг “лирик қаҳрамон” ҳақидаги фикрларини қўллагимиз келмасада, шоир билан шеърда туйғулари тасвирланган кимсани битта нарса деб қараш доим ҳам тўғри эмаслигини поэтик далилларнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунончи, “Ўт билан…” шеърида шоира юқоридаги қаноатларини тамомила рад этгандай бўлади: “Яшаяпман, билмай қай рангда сукут – Бетоқат тоқатга тўлдир жомимни, Ўлсам ҳам… қачондир ўлдиради ўт – Ҳаяжон олади жонимни…” Бу сатрлар шоира табиатидаги ёвқурлик, руҳий тўфон бор бўйи билан кўринган. Гўё, бир одамда бир-бирига тамомила терс икки руҳият бордай…
Шоира битикларида ўйчил ва дардчил одам учун яшаш азоблигини, унинг шуларга чидашга маҳкумлигини сезган, яшаш деганда ўзгаларга ҳалал бермай кун кечиришни тушунган зот чин одам мақомига лойиқлиги теран акс этади. “Ўзимни ўргатдим” шеъридаги:
Топталсам-да тўфон туёқларида,
Синиб, сўлмасликка ўзни ўргатдим,
…Кўкдан тушолмаслар менинг дўстиммас,
Мен пастлик, хасликка ўзни ўргатдим,
…Бахтсизнинг олдида ярқиратиб тож,
Бахтли бўлмасликка
Ўзни ўргатдим
поэтик қаторларида бошқа одамлар билан бирга одам бўлиб яшай олиш санъатини эгаллаган одам туйғулари ифодасини топади. Ўзни кўпдан айри кўрмаслик, ўзгани ўздай туя билиш чин ижодкор ва чин инсон моҳиятининг белгисидир.
“Илтижом шу…”, “Ошиқлик” каби шеърларида шоира ва одам Ҳалиманинг “Мен”и яққолроқ кўринади. Табиатан ҳамиша эҳтиёжлар ичида яшовчи инсон доимо нималаргадир муҳтожлик сезади ва унга етишиш учун Аллоҳга илтижолар қилади. Қизиғи шундаки, ҳар кимнинг сўрагани ўзига яраша бўлади. Ҳар ким ўз савияси ва даражасидан келиб чиқиб эҳтиёжманд бўлади: кимдир давлат, кимдир фарзанд, кимдир соғлиқ, кимдир яна нималар…
Шоиранинг сўраганларии ҳам ўз даражасида. У аввало, эл қизи, миллат онаси сифатида: “Иймонимга ўраб юрган бойлигим, Турк элимни шафқатингга зор қилма, …Туркистонни хор қилма”, – деб сўраган бўлса, мўмина аёл сифатида: “Бир қўл суйди қизилини юзимни, Кўзга суртди ҳорғин-ҳорғин изимни. Кетар чоғим шу қўл ёпсин кўзимни, Бошқа бахтдан энди бахтиёр қилма”,– тарзида тавалло қилади. Бир она сифатида эса: “Ишқни гулдай осиб юрсин болалар, Изимизни босиб юрсин болалар, Бизларга муносиб юрсин болалар, Алар ўтар йўлакларни қор қилма…”,- дея ўтинади. У тақдиридан нолимайди, берилган неъматларнинг шукрини қилади. Лекин бир банда сифатида унинг Яратгандан бўлакча тилови бор. Олдинроқ фарзанд сифатида юрт камолини, аёл сифатида оташин ишқ, она сифатида болалар камолини ўтинган шоира сўнгроқ: “Парвонадай ўлганини билмай қол”иш учун “чироққа ошиқлик”, маҳшар куни чалинадиган “қўнғироққа ошиқлик”, сўнгги дамга – “кетар чоққа ошиқлик”, “битта гилга, Бир тупроққа ошиқлик”, “чин дунёга, Ўшал ёққа ошиқлик” рутбаларини тилайди. Шунча сўралаётганлар замирида аслида биргина нарса – Аллоҳга қуллик ва ошиқлик бор. Унда эса, ўзликни англаган баланд шахсият намоён. Шу йирик шахсият шеъриятга кўчгани учун ўқирманга суйимли. Маълумки, суйган кўнгил суюклисига ўхшашга интилади. Демакки, комиллашади.
Бежизга буюк инсонларга бағишланган “Буюк қушлар” шеърининг номи китобга чиқарилмаган. Буюклар ҳақида шоира: “Буюк қушлар – буюк инсонлар ҳамиша, ҳамма замонларда ўзларининг сир-синоатли умргузаронликлари, ғам-андуҳли ва шодумон кунлари, катта бахт ва бахтсизликлари билан бутун инсоният диққатини ўзига қаратиб келган. Қанчалик буюк истеъдод эгалари бўлишмасин, улар ҳам инсон боласи. Шу боис инсонлар ҳаётига неки дахлдор бўлса, уларнинг ҳам ҳаётларига дахлдор бўлиши табиий”,- деб ёзади. Бу шеърда буюкларни аямасликдай инсониятга хос улуғ бир нуқсон ҳақидаги аччиқ ҳақиқат ифода этилган. Чинданда, вақтида аялмагани боис вайрон бўлган тақдирларга доир “ҳақиқатнинг эгилсада, синмаслиги”, “олтин зангламаслиги”, “асл айнимаслиги”, “қўлёзмалар ёнмаслиги”, “ойнинг ўн беши қоронғу бўлса ўн беши ёруғлиги” каби ҳақиқатлар аллаловчи таскинлар, холос. Бундай дейиш, эзгу амалнинг вақтида қилинмаганини хаспўлаб, ўзини алдашдан бошқа нарса эмас. Аслида қўлёзмалар “ловуллаб кул”га айлангани ва уларни битган олтин бошли зотларнинг “хор бўлиб” ўлганига тарих кўп бор таниғ бўлган. Шоира одамизодни “ермас кўкка оид буюк гуманоид” зотлар – буюкларга лойиқ бўлиш, уларни ҳимоясиз ташлаб қўймасликка чақиради.
Буюклар ҳамиша ҳам камчиликни ташкил этиб, оммадан ажралиб турадилар. Омма эса, табиийки, ўзидан ажралиб турганларни кўпда ёқтиравермайди. Шу боис буюклар: “Кўзга тушган чоғларидан, …Бу дунёнинг соғларидан, Бемор бўлиб ўтганлар”. “Соғлар” – ҳисоб-китоб билан яшайдиган кимсалар, ҳаётини ўзига фойда бермайдиган қандайдир ғояларга бағишлаган кишилар эса, уларнинг назарида, беморлар. Бундайлар ўз юкини бировга ортмайди, қадамидан фойда чиқаришга уринмайди, айни шу жиҳатлари билан бошқаларга бегона бўлиб кўринади. Улар, айниқса, меҳрга, ишққа “зор-зор бўлиб ўлгайлар”. Кўпчилик эса, “қўлёзмалар ёнмайди”,- деб ўз қилмишлари учун ўзларига таскин берадиган томошачилар, холос.
Шеърда шоира “буюк қуш”ларнинг “Ўзлари юввошдан ювош” ва “Хотинлари чимирар қош” эканини таъкидлаш орқали кўкка лойиқ улуғларни ердаги майда ташвишлар хароб этиши мумкинлигини кўрсатади. Аёл зоти – табиатан шон-шуҳрат, бойлик ва мартабага ўч. Табиатининг шу жиҳати уни буюклар эътиборини қозонишга ундайди. Буюкнинг меҳрига эришгач, моддий тўкислик талаби пайдо бўлади. Буюк зот унинг мана шу майда талабларини ҳам қондириши керак. Аммо чинакам буюк шахс, ким бўлмасин, бир кишиники бўлолмаслиги билан буюк. Демак, у аёл талабларининг ижрочиси бўлолмайди. “Турмуш бошда шаҳду шакар, Бора-бора у талху тар”лиги сабаби шунда. Улкан орзуларининг йўлига энг яқин кишилари тўсиқ экани боис: “Ёр қўллари тутса заҳар, Беёр бўлиб ўлгайлар” тарзида қаноти қайрилади “буюк қушлар”нинг. Хиёнат ётдану ёвдан эмас, қўйнидаги суйгулидан келгани буюк қушларнинг қанотини қирқиб, уни кунда неча-неча бор ўлдиради. Зеро, улар майда маиший талабларга мослашолмай, тезгина завол топади. Зотан, қанотли қушга қафас эмас, бепоён осмон керак. Уни қафасга тиқиш: “Ёлғиз жони сиғмас кўшкка, Шони баланд, қўли қисқа. Буюк қушлар чимдим ишққа, Зор-зор бўлиб ўлгайлар” тарзидаги якунга олиб келади.
Озод қуш учишдан завқлангани, унинг учун ҳаёт маъноси парвоздан иборат бўлгани каби “буюк қушлар” ижоддан, ишдан паноҳ топадилар. Бундайлар ишдан завқ оладилар, ишлаётганларида яшайдилар, яратаётганларидан бахтли бўладилар. Улар ўзларини аяш ҳақида ўйламайдилар. Шу боис ҳам: “Улар рангпар, улар озғин, Бошдан оёқ сирлардай. Қарашлари сокин, эзгин Пайғамбардай, пирлардай”.
Кўнгилларида эзгуликдан бўлак туйғу йўқлиги боис шоира буюкларни Худонинг элчилари деб билади, пайғамбарларга менгзайди. Шу сабаб буюкларни одамлар орасига эмас, кўкка, Яратганнинг маконига муносиб кўради. Буюкларни туйиб, уларнинг завол кўришини истамаган шоира Яратгандан: “Маҳшар кунигача токи, Элчиларим соғ кетсин”,- деб ўтинади.
Шеър ниҳоясида миллатнинг юксалиши ўз буюкларини туйиши, суйиши ва асрашида экани ғоят таъсирли йўсинда ифода этилади:
Катта ватан, суй, куй десанг,
Тишга босиб тишларни.
Тағин олдга силжий десанг,
Асра, буюк қушларни!
Асрашга арзигулик одамни асрашга чақириқ шоиранинг ижодий кредоси дейиш мумкин. У ҳаммани суйсада, ҳамма учун куйсада, лекин миллатни “олдга силжит”гувчи буюк қушлар унинг учун фарзанлардай ардоқлидир.
Инсон ҳамиша ҳаётини сарҳисоб қилиб яшайди. Топилгану йўқотилганлар, эришилгану бой берилганлар, орзулару армонлар, чақмоқдай лаҳзалик бахтли кунлару йиллардек узун бахтсиз лаҳзалар тафтиш қилинади, хулоса чиқарилади, мўлжал олинади. Умрининг айни етуклик палласида илҳом пайкалларида етилган сара поэтик ҳосилдан улкан хирмонлар уяётган Ҳалимахоним шеър ошиқлари кўнглига тобора чуқурроқ кириб, кўпроқ ҳузур бағишлайверишига умид қиламиз.
Поэтик назарининг ўткирлиги, хаёлот парвозининг юксаклиги, бадиий мантиғининг салмоғи, инсоний дардларининг самимийлиги, ўтлиғ туйғуларининг чинлиги билан шеъриятнинг буюк қушига айланган шоирага юксак парвозлар ёр бўлсин!

*Бу мақола профессор Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ билан биргаликда ёзилган.

www.facebook.com/qunduza.husanboyeva

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn