Сукут ҳамиша ҳам ризолик аломати бўлавермайди

mirsharif akaМиршариф Хўжаев

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг “Буюк қушлар” тўплами ҳақида фан доктори Қундуза Ҳусанбоева ёзган тақриз шеър ҳавасмандини бефарқ қолдирмаса керак. Мақолада адабиётшунос Иброҳим Ғафуровнинг “…шоир қандай бўлса, шеъри ҳам шундай”, деган гапи келтирилиб, муаллиф бу фикрни давом эттиради: “Шоир бошқа, шеърнинг лирик қаҳрамони бошқа деган назарий қарашга ҳамиша қўшилиб бўлмайди… Лирикада эса асарнинг қаҳрамони кўпроқ шоирнинг ўзи бўлади”.

Ижодкор ва лирик қаҳрамон хусусида айтилан бу фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Буюк шахсдан буюк ижодкор чиқади. Бунга минг йил бурунги бир мисолни келтирмоқчиман. Улуғ форс шоири Абулқосим Фирдавсий Эронда араблар ҳукмронлик қилиб турган даврда яшагани маълум. Аллома “Шоҳнома”сида:

Зи шири шутур хўрдану суси мор,
Арабро ба ч,ое расидаст кор,
Ки, тахти коёнро кунад орзу,
Тфу бар ту, чархи гардун, тфу!

деб ёзади. (Мазмуни: туя сутини ичиш ва илон этини емоқдан бошқа ишни билмаган арабнинг омади келди. У бугун коёнийлар (сулола номи) тахтини орзу қиляпти (ўтирибди). Бунга йўл қўйганинг учун, эй чарх, туф сенга, туф!).
Шоирни шу ва шунга ўхшаш фикрлари учун мусулмонлар қабристонига дафн қилгани қўймаганлар, у ҳовлисида кўмилган.
Даҳо Лев Толстойчи? Ота-боболари сиғиниб келган православ динига муносабати туфайли у ҳам Муқаддас Синод томонидан даҳрий деб эълон қилиниб, ўз боғида дафн этилган. Александр Пушкин ва император Николай I учрашишганда, подшоҳ 1825 йил 14 декабрда содир бўлган исён (декабристлар қўзғолони) ҳақида гапириб: “Сен ҳам подшоҳинг душманимисан?” деб сўрайди. Шоир: “Ҳеч қачон подшоҳимнинг душмани бўлмаганман, аммо яккаҳокимликнинг душмани бўлганман”, дея очиқ айтади.
Демак, адабиётшунослар ижодкор шахсияти ҳақида фикр юритиб, ҳақиқатни айтишган, дейишга асос бор. Олиманинг: “Шоир бошқа, шеърнинг лирик қаҳрамони бошқа деган назарий қарашга ҳамиша қўшилиб бўлмайди”, дея таъкидлагани, адабиётшуносликда шу пайтга қадар қарор топган фикрга бошқача муносабатдир. Чиндан ҳам, ўзи жумард бўлмаган ижодкордан салмоқли фикр эшитиш маҳол.

Шоира “дунёда яшаб, унинг етагида юргандай кўрингани билан ўз салоҳиятини билгани боис ижоди ёлғончи дунё ёлғонларидан баланд туришини ҳис этади”, деб ёзади адабиётшунос ва қуйидаги мисралар билан фикрини асослайди:

“Гарчанд тишга босиб тишимни,
Ўз елкамдан ўзим босиб тек,
Гунгдай кетдим Сўнг бекатгача.
Лекин ортимда қолган шеърларим
Бу дунёнинг ёлғонларидан
Қаҳ-қаҳ урар қиёматгача”.

Сукут ҳамиша ҳам ризолик аломати бўлавермайди. Шарқда эса донишмандлар номақбул амалга сукут билан жавоб қайтарганлар. Қ.Ҳусанбоева машҳур шоирамизнинг “тишини тишига босиб” жим яшаётгани, ёниверидаги воқеа-ҳодисаларга бефарқлигини эмас, шеърлари, вақти келиб, бу талотумлар ўтганидан кейин “қаҳ-қаҳ” уриши аниқлигини жуда сезгирлик билан баён этади. Мақоладаги бошқа фикрлар ҳам ўқувчини ўйлашга ундайди. Умуман, улуғ шоирамиз шаънига арзирли гаплар руҳимни тоғдек кўтарди. Офарин

www.facebook.com/yurasulov

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn