ШЕЪР-ДИЛ ЖАВҲАРИ ТАЗОҲУРИ

 

dilmurod quronovИстеъдодли ёш ижодкор Дилмурод Қурбоновнинг қалингина ”Машқлар” дафтари билан батафсил танишиб чиққач, унинг илк китобини бундан ўн йил муқаддам нашр эттириш мумкин экан, деган хулосага келдим.
Дарвоқе, бундан йигирма йил муқаддам уни ҳамкурси Раҳим Абдураҳмон менинг меҳмонхонамга бошлаб келган ва биз бадиий ижод ва сўз санъати хусусида узоқ суҳбатлашган эдик (1993 й.) Ўшанда эндигина ўн тўққиз ёшга тўлган бу йигитнинг илк машқларида ундаги иқтидор учқунларини пайқагандим.
Кейин… Дилмурод узлатга кетган одамдай узоқ йиллар жим бўлиб кетди. Ҳатто менда, у ўз қобилиятини сўндириб қўйди, шекилли, деган хавотир пайдо бўлди. (Дарвоқе, у адабий муҳитдан анча узоқда–Турсунзода районининг олис тоғ ўнгурларида жойлашган Равот қишлоғида яшайди.)
Шунча йиллардан кейин яна ҳузуримга келган Дилмуроднинг ”Машқлар” дафтарини варақларканман, шунга амин бўлдимки, йигирма йил мобайнида у Шеър устида кўп тер тўккан, тинимсиз изланган, янги мажозлар, ташбеҳлар, талмеҳлар ахтарган, иқтидорини занглатиб қўймаслик учун ҳаракат қилган.
Узлатни эсладик… Аслида шеър узлат мевасидир. Шеър қол билан эмас, ҳол билан ёзилади. Бинобарин, қол анжуманда зуҳр этади. Ҳол эса хилватда (демак, узлатда) инкишоф этилади…
Шеър–ўзингдан Ўзликка қилинган сафардир. Бу йўлни улуғ устозларимиз (жумладан Муҳаммад Иқбол) ”асрори худй”(ўзлик сирлари) дейишган. Дил жавҳардир. Унинг жавҳарлигини англаб етмаган ижодкор Шеърнинг ичига киролмайди. Бундай ижодкорлар Шеърнинг ташқи қиёфасини ўрганиш билан чекланадилар. Шеър шундай бир ҳикматки, унинг ташқи қиёфаси ҳам гўзалдир. Шу туфайли кўпгина ижодкорлар Шеърнинг ташқи гўзаллигидан баҳраманд бўлиш билан кифояланадилар. Ижодий оламнинг бу ҳудудида улар йиллар давомида қолиб кетадилар. Сермаҳсул ижод қиладилар. Қатор китоблар чиқарадилар. Аммо… Шеърнинг сийрати–асл моҳияти англаб етилмайди…
Инсонда нафс жавҳари ҳам мавжуд. (Нафснинг жавҳарлигини ҳатто Ғаззолийдек улуғ алломалар ҳам таъкидлаб ўтишган) Жавҳарни бўлакларга (оразга) бўлиб бўлмайди. Демак нафс жавҳарини синдириш амри маҳол. (Набийлар ва валийлар бундан мустасно.)
Тангри таъоло Инсонда нафс жавҳари билан баробар дил жавҳарини ҳам яратиб қўйган. Ана шу жиҳати билан инсон ўзи билмаган ҳолда имтиҳонга солиб қўйилган. Аҳли қол фақат нафс жавҳари билан машғул одамлардир. Ҳазрат Навоий бу табақани аҳли дунё, аҳли суврат деганлар. Аҳли ҳол эса дил жавҳарини англаб етган, жисмни эмас, руҳни парвариш қилган ва шу йўл билан асрори илоҳийга ноил бўлган кишилардир. Бу табақани орифлар аҳли сийрат, аҳли дил дейдилар. Бу гапларни айтишдан мақсад Шеър жавҳарини англатишдир. Шеър жавҳари дил жавҳари билан уйғунлашиб кетади. Табиий ҳис-туйғу, қувонч ва изтироб, таҳайюр ва тафаккур Шеър жавҳарини ташкил этади.
Шеър қол билан эмас, ҳол билан ёзилади, дедик. Инсоннинг дил жавҳарида шундай бир ҳолатлар мавжудки, уни оддий сўзлар билан ифодалаб бўлмайди. Асл Шеър инсондаги ана шундай ҳолатларни ҳам ифодалай олади. Бундай шеърлар шунчаки ёзилмайди, балки юракдан тўғридан-тўғри қоғозга ”тўкилади”. Шеър жавҳари хусусида узоқ гапириш мумкин. Аммо кичик бир муқаддимада бунинг имкони йўқ, албатта.
Дилмуроднинг ”машқлари”га қайтайлик. У шеърнинг ташқи ва ички асрорини чуқур англашга интилаётган ижодкорлар тоифасидан. Шеъларидаги соддалик ва самимият беихтиёр ўқувчининг эътиборини ўзига тортади. У ёзаркан, ”зўракилик”дан қочади. Мисраларда қалб ҳолатларини ифодалашга ҳаракат қилади. Тўғри, унинг аруздаги машқлари ҳали такмилга етмаган. Бир ғазалда бир неча афойилнинг келиши ва айрим мисраларда сакталар кўзга ташланади. ”Арузнинг нони қаттиқ, уни ейиш қийин” дейишади шеършунослар. Лекин мен Дилмуроднинг яна бир неча йиллик изланишларидан кейин арузнинг ”қаттиқ нони”ни ҳам бемалол ”ушатиб ейиши”га ишонаман. Бармоқ вазнида эса у аллақачон табъи назми тобланган ижодкорга айланиб бўлган. Фақат бундан кейин шеърни қалб латоифларига янада кўпроқ омухта қилиш, сеҳрангез мисралари ва дилчасп шеърлари билан китобхон қалбини музайян қилмоқ учун астойдил ҳаракат қилмоғи керак бўлади.
Дилмуроднинг Шеърдаги ҳозирги аҳволи менга Ўзлик жавҳари эшикларини тақиллатаётган соликнинг шавқли ҳолатини эслатади. Бу қутлуғ йўлда Яратгандан унга сабру бардош ва юксак иқтидор тилайман. Яздони пок унга дил жавҳари тасхирини насиб этсин!..

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим.

****

Дилмурод Курбонов газалларидан намуналар

ИШҚ

Гул хаёлин дилга этдинг қайданам ҳамхона, ишқ,
Айладинг бу хаста кўнгилни нечун девона, ишқ.

Ҳажрида бағрим яро, шарманда бўлдим эл аро,
Тоҳиру – Фарҳод эмас, воҳ, мен бугун афсона, ишқ.

Неча ошиқ ўтди нолон , ишқидин кул хонумон,
Хонумон недур,оҳимдин кенг жаҳон сўзона, ишқ.

Эй шамол, қоши ҳилол қошига еткургил мани,
Ҳажрида ўртандим, айла васл ила мастона, ишқ.

Чиқса ул хуршеди тобон даҳри дун бўлгай ниҳон,
Кул бўлур бу жисму жон тафтида ёна-ёна, ишқ.

Йиғлама Қайс, тўхта бир пас, битта Мажнун сен эмас,
Бир ақлмас, этди менга жонни хам бегона ишқ.

Дилмурод бу не саодат, шукрини қил то абад,
Токи борсан этса ул ой нурига парвона ишқ.

2001 йил.

СЕНИ ДЕБ…

Севгилим, оқди кўзимдин дарёдек ёш сени деб,
Бўлди бағрим лахта – лахта қон, қаламқош сени деб.

Бу кўнгил вайронага айланди ҳажринг дастидан,
Юз эмас , минг бир балони кўрди бу бош сени деб.

Ғам тоғин Фарҳод каби қаздим тиним билмай валек,
Шум рақиблар мен томонга отдилар тош сени деб.

Тун бўйи ой бирла юлдуз сенла ҳамсуҳбат эрур,
Ёлвориб бўлдим ойу юлдузга сирдош сени деб.

Ҳар саҳар сунбул сочингни ўйнатур салқин сабо,
Етказур деб елга розим,айладим фош сени деб.

Ишқ ўтидан Дилмурод оҳ урса, куйгай еру кўк,
Севгилим, оқди кўзимдин дарёдек ёш сени деб.

1997 й. Душанбе.

ЭЙ ГЎЗАЛ…

Эй гўзал, келгил қошимга, айлама нозу фироқ,
Оҳ чекарман, ҳажр шоми дастидан қаддим сўроқ.

Найлайин васлингга зорман,дил қаро,тун зим – зиё,
Кел, мунаввар қил кўнгилни, сен ўзингдирсан чироқ.

Қайта – қайта кўз тутарман сен келар манзил сари ,
Қатра – қатра марвариддин нам бўлиб чашму қароғ.

Ишқ тийғи лола янглиғ айлади кўнглимни хун,
Не қаро кун бошга тушди, ғуссадин бағримда доғ.

Дил мурод этди ул ойнинг васлу ҳажри мадҳини,
Билмадим бўлгай насиб қай кун менга ул гул яноғ.

1993 й. Душанбе.

ҲАРГИЗ

Кўнглим, бу даҳр аро сендек фусункор топмадим ҳаргиз,
Ўзингдек содиғу маҳрами асрор топмадим ҳаргиз.

Неча минг турфа йўлларга бош ургайсан қароринг йўқ,
Ажабдурким, бирор роҳи беағёр топмадим ҳаргиз.

Аламнинг дастидан нолон , гоҳ армон устига армон,
Гаҳи гулзорларинг яксон,мададкор топмадим ҳаргиз.

Гаҳи дард узра дарду ғам тўлиб,ҳолингга йиғлар шам,
Қаламдин ўзга арз тинглар вафодор топмадим ҳаргиз.

Гар орзу ғунчаси кўз очса ногоҳ бахту толедан,
Ўзингдек андалибмонанд суханвор топмадим ҳаргиз.

Ўзинг ёру,ўзинг ағёр, ўзинг орзую армоним,
Кўнгил, шарҳингга мен маънойи пурдор топмадим ҳаргиз.

БОРМИКАН?

Эй кўнгил, Ҳақ олдида сендек гунаҳкор бормикан?
Жонига жабр айлаган мендек ситамкор бормикан?

Қўрқадирман ёзиғимдан раҳм қил Раҳмон эгам,
Йўқса бу ожиз қулингдек ҳоли абгор бормикан?

Неча маҳбублар муҳаббат ўтида ёнди , вале
Энди ишқ аҳли аро содиқ вафодор бормикан?

Дор эмас, Мансур осилган ул биҳиштий тоқидир,
Бу замон Мансур каби бир лойиқи дор бормикан?

Шоҳ Машраб оҳидан ўт тушди еру кўк аро,
Изласанг Машраб каби ошиғи такрор бормикан?

Раббим-о, қилгил ошиқ, ишқ ўтиға зор чулғанай,
Бўлмаса дилда муҳаббат васлу дийдор бормикан?

Дилмурод, қил энди тавба, кеча- кундуз йиғлагил,
Эй кўнгил, Ҳақ олдида сендек гунаҳкор бормикан?

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn