”Ислом ва Замон” рисоласидан боблар

habibullo hakimҲабибулло Ҳаким

ЯГОНА ЧОРА – АСЛГА ҚАЙТИШ

Ниҳоятда олижаноб, баландпарвоз далил ва даъволаp билан даъват қилинишига қарамай, бу ҳаракатларнинг Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳаракатлари каби ижобий самара бермаётганининг сабабларини ушбу ташбиҳ орқали ифода қилиш мумкин:
Мавжуд исломнинг бугунги ҳолати яхши пишган катта карамга ўхшашдир. Пайғамбаримиз с.а.в. олиб келган Ислом унинг ўзагидир. Ўзакни ўраб олган сон-саноқсиз баргларни эса Пайғамбаримиздан 150-200 йилдан кейин одамлар ижтиҳод ва маҳорат билан ўрай бошлашган ва ҳозиргача ўрамоқдалар.
Тўғри, ҳар бир барг ўзакка боғланган…
Мусулмонларнинг ўз динларига нисбатан қилаётган ишлари ҳам, одамларнинг карамни ишлатишларига ўхшайди. Карамнинг баргларини тўғраб, майдалаб, жуда эътибор билан ишлатишади, ўзакни эса эътиборсиз ташлаб юборишади. Мусулмонларнинг бутун эътиборлари шу баргларга бурилиб қолгани, ислом деганда аслни, ўзакни эмас, балки ўша ўзлари қўшган ва қўшиб олаётган қўшимчаларни тушуниб, ўзакни эътиборсиз ташлаб қўйганлари – ҳамма балонинг бошидир.
Инсоният тарихида кўп ҳолатлар спиралсимон тарзда такрорланар экан. Насроний дини тарихида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлиб ўтган. Ўз даврида черков одамларнинг ҳар бир қадамини, ҳаракатини назорат қилган, ҳатто, илмий саволларга ҳам дин номидан жавоблар бераверган.
Қачонки илм-фан ривожланиб, черковнинг кўп фатво ва жавоблари хато экани юзага чиқиб қолгач, черков ва олимлар ўртасида қонли жанг бошланган.
Инквизиция бир қанча кашфиётчи олимларнинг бошини еган. Бора – бора ҳақиқат ғолиб келиб, черков ўз обрўсини мутлақо йўқотган. Кишанлардан озод бўлгач, илм-фан жуда юқори тезликда ривожланган…
Кейинчалик, Аллоҳ таоло одам руҳиятига қўшиб қўйган руҳонийлик туйғуси талабига мувофиқ, одамлар яна қайтариб черковни ўз ҳаётларига киргиздилар. Фақат, энди тараққиётга тўсқинлик қилмайдиган, инсоннинг Аллоҳга мақбул ҳолатда яшаши асосларини лўнда, аниқ дастур асосида тушунтириш билан шуғулланадиган дин ҳолатида қабул қилдилар.
Яъни, ўз динларидаги қўшимчаларни, ўралган баргларини ташлаб юбориб, соф ўзакни – асл моҳиятни маҳкам ушладилар. Уларнинг бу ишларининг тўғрилигини воқеълик ўзи кўрсатиб турибди…
Мавжуд исломий мафкурада ҳам, ислом мусулмонлар ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, ҳар бир соҳасини назорат қилиши лозим, акс ҳолда комил мусулмон бўлиш ва исломнинг ғалабаси, муваффақияти амалга ошмайди деган хато тушунча ғолиб.
Рамазон ойида, халқаро радиода ишловчи бир яхши танишим телефон қилиб, – бир диний суҳбат уюштирмоқдамиз, бир-икки “диний саволларга” жавоб берсангиз. Гени ўзгартирилган маҳсулотлар (ГМП) ҳақида қандай диний фатволар, фикрлар бор, айтиб берсангиз – деб сўради.
Мен -“Бу саволга диний одам эмас, балки, медицина ва селекция олимлари, химик, биолог, хуллас моддаларнинг инсон организмига таъсирини ўрганувчи илм вакиллари жавоб беришлари керак”- деб радиога чиқишдан бош тортдим.
Бироқ, аксар, ислом ҳаётнинг ҳамма соҳаларида, ҳар қандай саволга жавоб бера олади деб диннинг ҳаётдаги Аллоҳ юклаган ролини, ўрнини тушунмаган гапдон уламолар ҳар қандай саволга дин номидан жавоблар, фатволар беришаверади.
Бу майдонда ўзини шер билган баъзи “мужтаҳидлар” эса ҳалолни-ҳаром, ҳаромни-ҳалол дейишдан ҳам қўрқмайдилар. Натижада диннинг, исломнинг ва исломий фатволарнинг обрўсини кеткизадилар.
Ҳозирги мавжуд исломнинг дунёвий илмларга қаршилиги очиқ-ойдин бўлмасада, бутун ислом оламини қолоқликда ушлаб келишда давом этмоқда. Ислом уламолари  -“Ислом тараққиётга қарши эмас”- деб даъво қилишади ва бунга 4 аср илгари Андалус давлатида, ислом ҳокимияти даврида илм-фан ниҳоятда ривожланган деб сийқаси чиққан далилларни келтиришади ҳам.
Аммо, амалда, воқеъ ҳаётда аксар ислом уламолари илм-фанга кескин, қўпол тарзда қаршилик қилмасаларда, илм-фанга берилган, илм-фаннинг инсон ҳаётидаги ўрнини муҳимлаштиришга уринган одамларни “илмонийлар”, яъни илмпарастлар, илм-фанга ружу қўйганлар, деб таҳқирона, камситувчи атамалар қўйишади. Натижада, ислом ўқув юртларида уларга ўхшашдан чўчиш, ҳазар қилиш туйғуси, фикрати ғолиб.
Расулуллоҳ с.а.в олиб келган, омонат қўйган ихчам, лўнда асл-ўзак устига беҳисоб қўшимчалар қўшиб, ўраб, миллионлаб исломий китоблар ёзилиб, -“исломий илмлар инсонни бошқа ҳар қандай илмлардан беҳожат қилади”- деб, илм изловчиларни ўзларидан узоқлаштирмай тутиб туришга ҳаракат қилингани сабаб, исломий юртларда илм-фан ҳурмати пасайиб, ривожланиш тўхтаб қолган…
Ислом юртларида ҳам илм-фанни бундай кишанлардан озод қилинмас экан, мусулмонлар таназзул ва қолоқлик ботқоғидан чиқа олмайдилар…
Неча асрлардан бери баландпарвоз ваъдалари-ю даъволари воқеъликка тўғри келмай, умматни жар ёқасига олиб келиб қўйган, охир-оқибат таназзул ва қолоқликни фазл қилиб тушунтиришга уринишга ўтган, -“Бу дунёни бой берганимиз етар, охиратни ҳам бой бермайлик”- деган андишада уламоларнинг уммат устидан ўтказаётган тажрибаларига чидаб келаётган холис, содда халқнинг иймонини, ишончини суистеъмол қилаётган, исломий мафкура ва унга эгаликни, гўё ўзларининг монополиясидай тушуниб олиб, бу соҳадаги ҳар қандай янги фикрни, ислоҳотга уринишни исломга душманлик деб салбий муносабат билдираётган “уламолар” агар ўз вақтида кўзларини очмасалар, қолоқлик ва таназзулдан тоқати тоқ бўлган тараққийпарвар кучлар тарафидан қаттиқ қувғинга учрашлари эҳтимолдан узоқ эмас…
Ўрмонга ўт кетганда эса хўлу-қуруқ баробар ёнади…
Ақлию фикри тош қотган, ҳар қандай янги, илғор қарашларга қаршилик қилаётган “уламо ва уламопарастлар” агар ўзларининг тааcсубларини, қалбларини тўлдириб турган кибру ҳаволарини, нафрат-адоватларини ташлаб, кўзларини каттароқ очиб, ўз мафкураларида инқилоб ясаб, илғорлик, тараққиёт томон юзлансалар ва умматни бирлик, тараққиёт, юксалиш сари етаклашда раҳнамолик қилсалар, ўзларининг умматни бугунги аянчли аҳволга солиб қўйишдаги айбларини бир қадар ювган бўлардилар…
Зора, Аллоҳ олдида, уммат, эл-юрт олдида сал юзлари ёришса…
Исломни асл ҳолига, одамлар қўшган қўшимчалардан тозалаб, тараққиётга тўсқинлик қилмайдиган, инсоннинг Аллоҳга мақбул тарзда яшаши асосларини лўнда, аниқ дастур ҳолида тушунтириш билан шуғулланадиган дин ҳолатига қайтариш лозим.
Мусулмонлар ҳам ўз динларини, ҳар қанча мазали, гўзал туюлмасин, ўша барглардан, қўшимчалардан тозалаб, ўзакни маҳкам тутсалар, барча ихтилофлар, бўлинишлар йўқолади. Пайғамбаримиз с.а.в баён қилган лўнда, конкрет дин атрофига бирлашадилар. Ўз-ўзидан бир, ёки бир нечта баргни маҳкам ушлаб олиб, уларнинг ўзакка боғлиқлигини рўкач қилиб, ўз баргининг мазасидан маст оқимвозликлар ҳам йўқолади.
Мусулмонларни тараққиётдан тўхтатиб турган кишанлар ҳам ўша қўшимчалар – барглар билан бирга даф бўлади. Фақат шундагина мусулмонлар ҳам дунёдаги ўз қадри, шавкати, куч-қудратига эга халққа айланадилар.
Токи, қанчалар сингишиб кетган бўлмасин, ўзакни шу чирик барглар-қўшимчалардан тозалаб, аслни, ўзакни маҳкам тутмас эканлар, бу дунёни ҳам, охиратни ҳам бой берадилар!
Аллоҳ таоло ислом динини бутун оламга раҳмат, умматнинг ҳаёт кураши, мусобақаси майдонида энг илғор, намунали, яхши уммат бўлиб яшашлари асосларини баён қилувчи кўрсатма, хуллас умматнинг тўғри, ҳидоятда яшаши асосларини ўргатувчи бир восита қилиб юборган.
Ҳозир эса инсоннинг дунё-ю охиратдаги саодати йўлларини баён этувчи восита бўлган бу диннинг ўзини асл мақсад қилиб ушлаб олинган. Бутун ҳиммату эътибор шу восита асосида асл мақсадга, яъни “одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат” даражасига етишга эмас, балки шу воситанинг ўзини “чуқур ўрганишга” бурилиб қолган. . Мақсад бир четда қолиб воситани ушлаб олингани мусулмонлар ҳаётидаги барча қадриятлар ва мезонларни бузиб юборган.
Умматни мақсадга етиши, юксалиши учун зарур соҳа вакиллари ҳар қанча муҳим ва керакли хизматлар қилишаётган бўлмасин, халқ эътиборидан четдалар. Воситани “чуқур ўрганишни” тарғиб этиб, шу воситани мақсад даражасига кўтариб ҳаммани чалғитаётган одамлар ҳурмат-эҳтиромдадирлар.
Бу ҳолат кундалик ҳаётда, айниқса маҳалла-кўйдаги ҳар хил йиғинларда яққол кўзга ташланади. Чаласавод маҳалла масжиди имомига нисбатан кўрсатилаётган ҳурмат эътибор олдида мактаб, институт ўқитувчиларига, олий маълумотли, халқ хизматидаги соҳалар вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат эътибор анчагина паст даражададир. Чунки омма онгида ҳақиқий мақсад ва унга етишиш йўлидаги хизматчилар эмас, восита ва унинг хизматчилари эътиборлироқдирлар.
Шундай бузуқ мезонлар, бузуқ қадриятлар таъсирида ўсиб улғаяётган авлод ҳам жаҳонда ибрат бўларлик энг яхши уммат, энг яхши жамият қуриш мақсадини унутиб, энг ҳурматли касбга айланиб қолган “восита билимдонлигига” интилиб яшамоқда.
Омма фикрати, тушунчаси ҳақидаги ўзининг масъуллигини унутган, “анбиёлар меросхўрлари” бўлган уламолар эса халқнинг эътиборини, интилишини керакли тарафга йўналтириш ўрнига ўзларини ва ўзларининг илмларини баҳосини ошириш, нақадар инсониятга керакли, аҳамиятли ва зарур эканликларини уммат онгига сингдириш билан оворалар.
Қолаверса шу восита ҳақида ҳам фикрлари бир жойдан чиқмай, якдилликка, иттифоққа кела олмайдилар.
Натижада асл мақсад у ёқда қолиб, восита устида бир-бирлари билан тинимсиз талашиб-тортишаётган, баҳслашаётган уммат, боши қотиб ҳозирги аянчли аҳволга тушиб ўтирибди.
Қуръони каримда тушуниш бир қадар қийинроқ баъзи оятлар бор. Пайғамбаримиз с.а.в ҳам бу оятларни Аллоҳ таоло тарафидан қандай нозил бўлган бўлса, шундайлигича еткизганлар, саҳобалар ҳам ортиқча саволларга берилмай шундайича қабул қилишган, яъни, ҳозирги олимлардай Қуръони каримнинг ҳар бир ҳаракати, ҳарфи ва калимаси устида баҳс юритиб умрларини, ҳаракатларини зое кеткизишмаган.
Лекин, улар Қуръон, Дин талабига мувофиқ қандай одам бўлиш, нима амаллар қилиш зарурлигини жуда яхши тушунишган ва шу тушунчалари асосида ҳаракат қилиб, мақсадга етишишган.
Шу ўринда умматнинг ҳозирги ҳолатини бир ташбеҳ орқали ифодалаш мумкин.
Энг охирги моделдаги, барча қулайликларга эга автобусга бир гуруҳ йўловчилар чиқишди. Ҳайдовчи уларга кўзланган манзилга етиш учун автобусда одамлар ўзларини қандай тутишлари ва бир-бирлари билан қандай муносабатда бўлишлари кераклиги, қулайликлардан қандай фойдаланиш йўлларини қисқача, лўнда услубда тушунтирди, кўрсатмалар берди. Шу кўрсатмаларга риоя қилингани сабаб ҳеч қандай ҳодисаларсиз ўз вақтида, эсон-омон кўзланган манзилга, мақсадга етиб боришди…
Энди шу автобусга бошқа ҳайдовчи тайинланди. Бу инжиқ ҳайдовчи чиққан йўловчиларнинг ҳар бирига юқоридаги кўрсатмалардан ташқари автобуснинг ҳар бир қисмини нақадар керакли ва зарур қисм эканини, ҳар бир деталнинг бажарадиган ишини, уни қандай эҳтиёт қилиб ишлатиш лозимлигини, бузилиб қолса қандай тузатиш кераклигини тушунтиришда давом этди. Буларни билмаслик қандай ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан қаттиқ огоҳлантириб, ҳаммани ваҳимага солиб қўрқитди.
Йўловчилар ҳам ҳайдовчининг гапларига ишониб асосий мақсад, манзил эсларидан чиқиб уриниб-суриниб, талашиб-тортишиб, бир-бирлари билан баҳслашиб автобусни ипидан-игнасигача, ҳар бир винтигача ўрганиш мақсадида уни бузиб-сочиб юборишди.
Энди автобусни асл ҳолига келтиришолмай ҳаммалари йўл четида лолу-ҳайрон, бир-бирларини айблаш билан машғул, бошқа ўткинчиларга баъзилари ҳавас, баъзилари ҳасад билан қараб туришибди…
Бу ҳолатга тушишнинг асл сабабчиси бўлган калтабин ҳайдовчи ва унинг тарафдорлари эса ҳали ҳам ўзларининг қилган ва қилаётган ишлари тўғри, пухта эканини зўр бериб даъво қилиш билан овора…
-“Кўзланган мақсадга ўз вақтида етиш учун бу ортиқча маълумотларнинг кераги йўқ, улардан воз кечиб тезроқ йўлга чиқиш зарур”,-
-“Одамларни ўз вақтида манзилга етказиш учун ўша ақли расо биринчи ҳайдовчи услубига, аслга қайтиб ҳаракат қилиш лозим”- деган одамни “иш бузуқи”, “дин бузуқи” деб одамларга ёмон кўрсатиб фитна, фасод қўзғамоқдалар…
Диний илмларни айнан шундай ўта мураккаб ҳолатга келтирилгани баъзи нопок, нохолис “дин пешволари”нинг халқни ўзларининг ҳоҳлаган кўйларига солиб ўйнатишларида жуда қўл келмоқда.
Ўзларининг шахсий ғаразларини, мақсадларини ҳам диний баҳоналар билан “ибодат” даражасига кўтарадалар. Бундай нопок мақсадларига етиш йўлида ўз эргашувчиларининг ихлосларидан ҳам унумли фойдаланадилар.
Уларнинг бу ишларининг тўғри эмаслигини айтган одамни эса “куфр айтдинг” деб дин душманига чиқаришдан ҳам тоймайдилар.
Шу ўринда Машрабнинг;
Неча мулло илм ўқиб роҳи шаётинни топиб,
Чун рибойу ришвани ерлар ҳушторлиқ билан ,
Рост сўз айтсанг аларға зарра қилмаслар қабул
“Куфр айтдинг” деб урарлар неча озорлиқ билан.
деган сўзлари нақадар ҳақ экани, бугунги кунга ҳам мувофиқ экани кишида афсус ҳиссини пайдо қилади…
Етмиш йиллик худосизлик тузуми инқирозга учраб йиқилгач, Ўрта Осиёда дин ва диний даъватлар гуркираб ривожлана бошлади. Биз ҳам даврнинг бу кенглигидан руҳланиб диний илмларни ўқиш, ўқитиш ишлари билан қўлдан келганча шуғулландик.
Шу ўринда диний дарсларнинг одамнинг руҳияти ва хулқ-атворига бўлган таъсири босқичлари ҳақидаги кузатувларимни баён қилсам…
Аслида бу ҳолатлар жуда кўпчиликка маълум ва равшандир.
Исломнинг номидан бошқа ҳеч нарсасидан бехабар одамларга биринчи исломий дарсларни ўтганингизда, аксар одамларда жуда катта ўзгариш ва ўнгланиш бўлади. Чунки биринчи дарсларда ҳудди Пайғамбаримиз с.а.в баён қилган алфозда фақат рукнлар, фарзлар, ҳалол-ҳаромлар ўргатилади.
Натижада ҳудди саҳобалар сингари тўғри, содда, бошқа мусулмонларга кўнглида ҳеч қандай ғиллу-ғаши йўқ, ҳамма мусулмонлар бир хил ака-ука биродар эканмиз деб тушунадиган бир мусулмон юзага келади…
Бироқ шу саҳобалардай тоза кўнгилли мусулмон бир-икки йил “илмли” мусулмонлар орасида юриб, гўё ўзининг диний илмини, маълумотини оширгани сайин, “иймонини мустаҳкамлагани” сайин, диндош биродарларини тафтиш қиладиган, ҳар хил гуруҳларга ажратадиган, сал фитнароқ мусулмонга айланиб боради…
“Диний илми” ривожлангани сари ўзининг гуруҳидан, ҳамфикрларидан бошқа барча мусулмонларнинг айбларини санаб, хатоларини анализ қилиб, фақат ўзининг гуруҳи ҳақ йўлда эканини исбот қилишга ўтади….
Бора-бора йўлнинг бошида ҳамма мусулмонларга ўз ака-укасидай муҳаббат билан қараган бу шўрлик “диний дарсларни мукаммал ўрганиш, иймонини мустаҳкамлаш” жараёнида, натижасида ўз гуруҳидан бошқа мусулмонлар билан ҳатто бир дастурхонда ҳам ўтиролмайдиган катта бир “фитначига” айланади…
Пайғамбаримиз с.а.в.дан 150-200 йил кейин ёзилган китоблар асосида таълиф этилган бидъат илмвозлик ва масалавозлик дарсларининг мусулмонларни қанчалар аслдан узоқлаштириб, исломнинг энг асосий, олижаноб хулқларидан маҳрум этиб, жоҳил, мутаассиб зомбиларга айлантириб қўяётганини кўрмаслик, инкор этишлик учун одам фақат кўр, кар, соқов бўлиши керак холос!!!
Мавжуд “диний дарслар, диний илмлар” ҳақида танқидий фикр эшитмаган, чуқурроқ мулоҳаза юргизмаган одам учун бу гаплар оғирроқ, албатта.
14 аср илгариги содда, оми, бадавий араблар Росулуллоҳ с.а.в.нинг асл ўзакдан иборат диний таълимотлари туфайли ҳар бири биттадан юлдузларга айланган, саҳобаи киром деган олий мавқеъга эга бўлган эдилар.
Аллоҳ таоло ўзининг охирги дини, охирги Пайғамбарини ер юзига жўнатиш арафасида алоҳида, ғайри оддий, ўта заковатли супер инсонларни яратган эмас. Саҳобалар ҳам ҳар бири ўзига яраша фазлу камчиликка эга, ўша даврнинг оддий одамлари эдилар. Фақат уларга диний таълимот тўғри берилгани туфайли шу улуғ мавқеъга эришдилар.
Хўш, нима учун 14 асрлик ҳаётий тажриба, табиий ривожланиш туфайли онги бир қадар ошган ҳозирги давр инсонларини мавжуд диний илмлар холис, умматпарвар, фидойи инсонларга, ҳавас қилгудай жамиятга айлантира олмаяпти?
Чунки ҳозирги даврда ислом деб ўргатилаётган диний таълимот ўша Пайғамбаримиз с.а.в. ўргатган асл-ўзакдан иборат диний таълимот эмас. Ҳозирги ўргатилаётган ислом-Пайғамбаримиз с.а.в.дан 150-200 йил кейин ёзила бошлаган ва ҳалигача ёзилаётган бир-бирига зид, керакли – кераксиз ҳаддан зиёд кўп маълумотларнинг аралашмаси- қоришмасидирки, бу маълумотларни ўқиб, одам бир муайян фикрга тўхталиши, конкрет тушунчага эга бўлиши амри маҳол.
Шунинг учун содда, оми саҳобалар бемалол англай олган динни ҳозирги энг зукко алломалар ҳам 20-30 йиллаб ўқиб-ўрганиб ҳам мукаммал тушунчага эга бўла олмаяптилар.
Сон-саноқсиз мавжуд исломий китобларда шу қадар турфа маълумотлар кўпки, улар ичидан ҳозирги мавжуд бир-бирини адашгандан тортиб дин бузувчи дейишгача айблаётган ҳар ҳил оқимлар ўзларига керакли далилларни топа олади ва топишмоқда ҳам.
Бу китоблардан уммат равнақи йўлида изланаётган, ҳаракатдаги, энг фидойи инсонни дин бузувчи деб исбот қилувчилар ҳам ўзларига далил топиши, умматни қолоқликда ушлаб туришни, изланишдан, ҳаракатдан тўсишни дин йўлидаги энг олий хизмат деб исбот қилувчилар ҳам ўзларига керакли далилларни топиши мумкин ва топмоқдалар ҳам.
Ўрта даражадаги олимларини қўйинг, энг олий тоифадаги алломаи замонларнинг гаплари бир-бирига тўғри келмай, бир-бирини бетақволикда, адашишда айблаётгани сир эмас. Саудиянинг энг мўътабар олимлари Араб амирликлари ва Миср олимларини, ўз навбатида улар ҳам буларни, фатволари ва ҳукмларини тан олмай, масхара қилиб юришлари ҳаммага маълум.
Ибн Синодай инсоният тарихида ёрқин юлдуз бўлган, хатто ғайридинлар ҳам ўта ҳурмат билан тилга оладиган аждодимизни ислом оламидаги “энг эътиборли мужтаҳидлар” кофир деб исбот қилганини ҳам оқлайверадиган калтафаҳм “дин куюнчакларининг” қачон кўзлари очиларкин?
Умматни ҳозирги тафриқа, қолоқлик ва адоват ботқоғига ботираётган диний таълимотларни қайта кўриб чиқиб, сарасини – саракка, пучагини – пучакка ажратиб, асрлардан бери ўз зарарини қайта-қайта исбот қилган қўшимчалардан тозалаш, Пайғамбаримиз с.а.в давридаги ихчам, умматни бирлаштирувчи ҳолатига қайтариш энг долзарб масала.
Консерватив қарашдаги, ҳар қандай ислоҳотларга фақат қора кўзойнак билан қаровчи диндошларимиз бу таклифларга ўта қаршилик қилишмоқда. Лекин бу масалавозликлар ва илмвозликларнинг умматни орқага тортишидаги ролини бир қадар ўйланиб кўрсалар фойдадан холи бўлмас эди.
Шу кунларда, Саудия Арабистони ва умуман Араб оламида олий тоифа ислом уламолари орасида бўлаётган талашиш-тортишиш, ўзаро айблов ва даҳанаки жангларга сабаб бўлаётган бир масалани эътиборингизга ҳавола қилсак.
Асл моҳияти умматни икки дунё саодатига эриштириш бўлган мукаммал динимизнинг вазифасини тушунмаган консерватив фикратдаги уламоларнинг тош қотгани, ҳар қандай ўзгариш ва ислоҳотларга душманлик кайфияти ва таъсири туфайли халқ орасида жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган.
Шулардан бири эркакларнинг гарданига юкланган вазифаларнинг ўта оғирлаштириб юборилганлиги, шароитга қараб, юзага келган муаммоларни ўз вақтида ечишга ҳаракат қилинмаганлиги сабаб эркаклар уйланишдан, 2-3 чи аёлга уйланишдан қочиб қолишганидир. Натижада оиласиз ёлғиз аёлларнинг сони жуда кўпайиб кетган.
Ҳаёт лаззати, оналик бахтини талаб қилган аёллар ҳокимиятга “Мисёр”га рухсат беришларини сўраб қаттиқ мурожаат қилишган. Уларнинг сўровлари ҳақли эканини тушунган ҳокимлар баъзи кенг фикрли уламоларнинг маслаҳати билан “Мисёр”га рухсат беришган.
“Мисёр” – аёл кишининг ўз ихтиёри билан ўзининг шаръий ҳуқуқларидан воз кечиб оила тузишидир. Яъни, эркакдан нафақа ва адолат талаб қилмаслиги. Ўзининг тирикчилиги ўзига етарли бўлгани учун эрдан нафақа талаб қилмайди. Эрининг биринчи хотини тарафидан қаршилик бўлмаслиги учун адолат талаб қилмайди, яъни кечаси ётиб қолиши ва ўз вақтида келишини талаб қилмайди ва шу ҳолатга рози эканлигини никоҳда эълон қилади.
Жамият ҳаётида юзага келган бу муаммонинг ечимига, яъни “Мисёр”га рухсат берилишига аксар консерватив қарашдаги, олий тоифа уламолар қаттиқ қаршилик қилиб, рухсат берган уламоларни ҳаромга рухсат беришмоқда деб айбламоқдалар.
Ваҳоланки ислом дини, одамларнинг муаммоларини ечиш, хараждан чиқариш, ҳаётини енгиллатиш, ўзаро муҳаббат, ҳурматни кучайтириш, ҳар бир инсонни, ҳоҳ аёл, ҳоҳ эркак бўлсин, ҳалол йўл билан бу дунёдаги насибасидан баҳраманд бўлиши йўлларини очиб бериш учун келган…
Пайғамбаримиз с.а.в. олдиларига бир саҳоба аёли билан келди.
-“Ё Росулуллоҳ мен шамол бўлиб, аёлимнинг этаги кўтарилиб кетиб, аёлим билан рамазон рўзаси кунида яқинлик қилиб қўйдим. Энди нима қиламиз?”- деб сўради.
Росулуллоҳ с.а.в; –“Икки ой узлуксиз рўза тутасизлар”-деб жавоб бердилар.
Саҳоба; – “Ё Росулуллоҳ, биз бир ойлик фарз рўзани аранг тутамиз. Бизга бошқа чорани айтинг”- деди.
-“Унда 60 та мискинга таом берасизлар”.
-“Ўзимиз зўрға тирикчилик қиламиз. Бизга яна бошқа чорани айтинг”-.
-“ Унда байтулмолга бирон нарса келса бераман, мискинларга садақа қилиб юборасизлар” -деди Росулуллоҳ с.а.в.
Саҳоба – “Ё Росулуллоҳ! Мадинанинг шарқидан ғарбига, шимолидан жанубига қадар қидирсангиз биздан мискинроқ одам йўқ. Шунинг учун ўша молни ўзимиз ишлатсак-чи ?”- деб сўради.
Росулуллоҳ с.а.в. озиқ тишлари кўринган ҳолда завқланиб қаттиқ кулиб юбордилар ва унинг сўзига розилигини ифодаладилар.
Бу ҳолат, бизнинг динимизнинг моҳиятини, одамларни қийнаш, боши берк кўчага киритиб, ҳайрон ташлаб қўйиш учун эмас, одамларнинг ҳар қандай муаммоларини ақл ишлатиб, кенглик билан, одамларга меҳрибонлик билан ечиб, тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминловчи, инсонпарвар дин эканини кўрсатувчи ёрқин далилдир.
Айниқса, ислом динидаги иймон ва намоздан кейинги энг муҳим ўриндаги, ҳар қанча қаттиқ турилса ярашадиган фарз ибодатни бузган одамларга шу қадар кечиримли бўлиш, чекинишлар (уступкалар) қилингани ҳозирги ўта тор, зиқна, консерватив, реакцион олимларнинг ниҳоятда қолоқ, жоҳил инсонлар эканини, ислом шариатига “дўстлар” кўринишидаги душман бўлиб “айиқнамо” хизмат қилаётганларини кўрсатиб турибди.
Бир қўлига Қуръони карим оятларидан ясалган қўлқоп, иккинчи қўлига Пайғамбаримиз ҳадисларидан ясалган қўлқоп кийиб бир-бири билан “бокс” ўйнаётган, бир-бирининг бурнини қонатиш, нокаут қилишдан завқ олаётган бу “айиқполвонларнинг” динимизга кўрсатаётган “хизмат”ларини нима деб тушуниш мумкин?
Рақибининг бурнидан оққан қонга бўялган қўлқоплари, бу ҳолатларга гувоҳ бўлиб турган бошқа “бокс ишқибозларининг” кўзларини очмаётганига, ўзлари ҳам шундай боксчи бўлишга бўлган ҳавасларини синдирмаётганига ҳайронсан. Ахир, Аллоҳ таоло Қуръон ва шариатни мусулмонларга бир-бирларини калтаклаш воситаси қилиб, мусулмонлар қонига бўялиши учун жўнатган эмас-ку!
Ҳар қандай баҳоналар, баландпарвоз шиорлар билан қаршилик қилинмасин, динимизни, шариатимизни Пайғамбаримиз с.а.в давридаги асл ҳолига – ихчам, лўнда ҳолига қайтармас эканмиз, кейинги қўшилган, “боксчилар” қўлида залворли қўлқопга айланаётган қўшимчалардан воз кечмас эканмиз, бу дунёмизни ҳам, охиратни ҳам бой бериб, хор, жоҳил ҳолатда ўтираверамиз…
“Боксчи” уламоларимиз эса ўз маҳоратларини ошириш билан машғул, келгуси босқич мусобақаларида навбатдаги рақибининг бурнини қонатиш, иложи бўлса нокаут қилиш умидида…
Фақат буларнинг олажак “мукофотлари” нима бўларкин?
Бу “боксчилар”нинг “курашларига” маҳлиё, -“шариат шундай мураккаб нарса бўлар экан-да”-деб алданиб юрган, “бокс ишқибозларига” айланиб, тарафкашликни касб қилиб олган халқнинг тушунчасига ким жавобгар?…
Оддийгина, эрсиз аёлларнинг ҳалол оила қилишига йўл очувчи масалада ҳам кенглик, инсонпарварлик қилиша олмай, бир-бирини айблаш билан шуғулланишдан қайтара олмаган, энг олий тоифа уламоларнинг ҳам бошини бирлаштира олмаган мавжуд диний таълимот умматнинг бошини бирлаштириши, юксалтириши амри маҳол.
Маҳаллий босқичдаги қуйи тоифа “боксчиларнинг” шиддатли ва шармандали “жангларини” айтмай қўяқолай.
Айниқса оминни жаҳрий ёки махфий айтиш каби арзимас масалалар борасидаги шиддатли қарама- қаршиликлар, дўпписиз намозхонни масжиддан ҳайдаб чиқариш каби шармандали ҳолатлар ислом мафкурасини нақадар тубанлаштириб, олижаноб инсоний ҳислатлардан узоқлаштириб юборилганининг ёрқин ифодасидир.
Буни кўрмаслик, англамаслик, бу йўлдаги янги фикрларга қаршилик қилиш – ҳақиқий калтабинлик, қолоқлик ва ноинсофликдир.
Ҳижратнинг 9 йили Росулуллоҳ с.а.в. Табук жангидан қайтиб келаётганларида, Мадинада янги масжид “Масжиди Зирор” қурилганининг хабари етди. Уни бир жамоа мунофиқлар мусулмонларнинг жамоасини бўлиш, бирлигини йўқотиш учун қурган эдилар. Улардан бир гуруҳи Росулуллоҳ с.а.в. олдиларига келиб, шу масжидларида намоз ўқиб беришларини сўрандилар.
Росулуллоҳ с.а.в. бу масжиднинг қурилиши сабабини сўраганларида, улар фақат яхшиликни ирода қилганларига қасам ичдилар. Лекин Росулуллоҳ с.а.в саҳобалардан бир гуруҳини жўнатиб у масжидни буздириб ташладилар…
Росулуллоҳнинг бу ишларида уммат учун жуда ибратли ҳолатлар бордир. Демак қайси-бир иш бўлмасин, унга баҳо беришда унинг ташқи кўринишигагина қараб баҳо беравермай, унинг натижасига, жамият учун, жамият бирлиги учун фойдали ёки зарарли эканига яхши эътибор қилиш зарур.
Модомики, мусулмонлар бирлигига путур етказар экан, ўзаро яхши муносабатларни йўқотиб, душманлик, тафриқа ва адоватни юзага келтирар экан, бу амалларни шайтон қанчалик фойдали, гўзал қилиб кўрсатмасин, булар барчаси “масжиди зирор” қабилидандир.
Бундай, зарарлари асрлар давомида исбот бўлиб келган бидъат “амал ва ибодатларни” баҳридан ўтиш ҳақиқий жиҳоддир. Ваҳоланки Росулуллоҳ с.а.в. катта бир жиҳоддан ғалаба билан қайтаётганларида –“Энди олдимизда энг қийин, энг муҳим жиҳод турибди. У нафс билан жиҳоддир”- деб бежиз айтмаганлар.
Нафсимиз қанчалик маъқул, фойдали, гўзал топмасин уммат бирлиги, иттифоқи учун зарарли барча амаллардан воз кечиб, Пайғамбаримиздан ўрнак олган ҳолда дадил ҳаракатлар қилиш лозим.
Нафсни кўйига кирмай барча нарсани ақл, тафаккур билан ўлчаб, оқилона тадбир қилмас эканмиз, нарсаларни, амалларни зоҳирига алданиб юришни бас қилмас эканмиз, нафақат бу дунёни, балки охиратни ҳам бой беришимиз шубҳасиз.
Нарсаларнинг, амалларнинг моҳиятини англаёлмайдиган, шаклига маҳлиё, алданиб юрган содда, шаклпараст, калтабин мусулмонларнинг талвасаларидан, қаршиликларидан чўчимаслик керак.
Тўғри, Ислом дини, Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Аксар толиби-илм юртдошларимиз диний мавзуда фақат араб уламолари гапиришга, фикр билдиришга ҳақли деб ҳисоблайдилар ва фақат ўша тарафдан келган китобларни, фикрларни тан оладилар.
Ҳолбуки, ислом умматининг бугунги аянчли аҳволга тушишида, исломий таълимотга эгаликни монополия қилиб олган араб уламоларининг “хизматлари” катта эканини ҳам унутмаслик керак.
Аслида бу ДИН бутун оламга РАҲМАТ бўлиб келган ва шу РАҲМАТ номига муносиб ҳолатда бўлишига ўз ҳиссасини қўшишда, миллати ва ирқидан қатъий назар, ҳар бир соф ниятли, соғлом ақл эгаси ҲАҚЛИДИР.
Қуръони каримнинг жуда кўп жойида ақлни ишлатиш ва фикрлашга чақириқлар бўлишига қарамай, ўқиган ёки эшитган фикрини ўз ақл тарозисига солиб кўрмай, фақат тўтидай ўша минг йиллик китоблардан иқтибослар (цитаталар) келтиришдан бошқага ярамайдиган, ўз иймонига, ақлига, фикрига ишонмайдиган “шаллақи тақводорлар”дан бирор жўяли нарсани кутиш қийин.
Ўзлари мусулмонларнинг аҳволини ўнглаш ҳақида бирор муайян дастур таклиф қила олмай, умумий тарздаги тушунарсиз, ноаниқ тавсиялар келтиришдан бошқага ярамасаларда, ҳар қандай янги, илғор фикрга ашаддий қаршилик кўрсатишда ҳар қандай ғирромлик ва юзсизликдан, туҳмат-бўҳтондан қайтмайдилар.
Пайғамбаримиз с.а.в. олиб келган ихчам, лўнда динни бундай, англаб етиш, қамраб олиш имкони йўқ даражадаги “гигант”, беўхшов ҳолатга олиб келингани, ислом динини оммавий динликдан чиқариб, хос тоифанинг динига айлантириб қўйган.
Бирор китобсиз оми, содда, бадавий саҳобалар англаб етган, тушуна олган динни ҳозир 10-20 йиллаб ўқиб ҳам ўрта босқич тушунчасидаги, сал жиддийроқ саволга жавоб беришга журъат этолмайдиган уламочалар зўрға тушунмоқдалар. 30-40 йил таълим олиб олий тоифа шайхулислом бўлганларнинг аҳволини эса юқорида баён қилдик.
Ҳар қандай одам бемалол фаҳмлаб, тушуна оладиган, содда, оммавий бўлган динни беқиёс даражада мураккаблаштириб, фақат бир ҳовуч одамларнинг хос динига, уларнинг монополиясига айлантирилгани тўғри эмас.
Аллоҳнинг омонати бўлган бу динни, хосликдан чиқариб яна оммавийликка, барча мусулмонлар бемалол тушуна оладиган содда, ихчам ҳолатига қайтариш лозим. Бу йўлдаги уринишларни исломни бузиш эмас, балки исломни ўз аслига қайтариш, омонатни ўз ўрнига қўйиш, ўнглаш деб тушуниш лозим.
Аллоҳ таолонинг Қуръони карим “Моида” сураси 3 оятида
-“Бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим ва неъматимни бутун қилдим ва сизларга (шу мукаммал, бутун) исломни дин бўлишига рози бўлдим”- деган қатъий ҳукмига иймонимизни, тушунчамизни маҳкам қилиб, кейин қўшилган барча ёт нарсалардан воз кечмас эканмиз, аслга, Аллоҳ ишониб топширган бутун, мукаммал динга қайтмас эканмиз, ихтилофлар ва адоватлар ботқоғидан чиқа олмаймиз.
Азал ва абаднинг ҳақиқий, танҳо эгаси, бу икки чексизлик орасидаги ҳудудсиз маконнинг ҳар бир қаричи, замоннинг ҳар бир сониясини муттасил ўз назоратида тутиб турувчи, ҳеч бир иши беҳикмат бўлмаган Оламлар Тарбиячиси ўзининг охирги ва мукаммал динини ҳозиргидай ахборот ва алоқа замонида эмас, ўқиш ва ёзишдан бехабар макон ва замонда, оми пайғамбари орқали юборганининг ўзи бу диннинг илмвозлик ва масалавозлик дини эмас, балки амал ва ҳаракат дини эканига далолат қилмайдими?!
Динимизни воқеъ ҳаётда тўла даражада амалга ошириб бўлмайдиган, фақат китоблардагина мукаммал ва гўзал ифодаланадаган ҳолга келишига сабаб бўлган барча қўшимчалардан тозалаб пайғамбаримиз давридаги содда, ҳаётий ҳолатига қайтариш ҳақидаги таклифларга ашаддий қаршилик билдираётган, ислоҳот сўзидан талвасага тушиб қолаётганлар афсуски жуда кўп. Улар ортиқча қўшимчалардан воз кечиб, рукну-фарзлар атрофига умматни жамлаш ҳақидаги гапларни динга душманлик, динни бузишлик деб тескари ташвиқот юргизмоқдалар.
Шу ўринда тарихий бир лавҳани мулоҳаза қилиб кўрсак;
Соҳиби шариат Пайғамбаримиз с.а.в саҳобалар билан ўтирганлари ҳолда ҳузурларига бир одам кириб келди ва исломни қабул қилмоқчи эканини, исломни қабул қилгач унга нималар вожиб бўлишини баён қилиб беришларини сўранди.
Росулуллоҳ с.а.в унга барча вожибларни баён қилиб бергач, агар ҳоҳласа шу фарз ибодатлар устига ихтиёрий-нафл ибодатларни зиёда қилиши мумкинлигини айтиб ўтдилар. Лекин бу одам Росулуллоҳ с.а.в дан барча фарз ибодатларнинг баёнини эшитиб бўлгач, бу фарз ибодатларни заррача ҳам зиёда қилмай, ва на камайтирмай адо этиши ҳақида қасам билан гапириб чиқиб кетди.
Росулуллоҳ с.а.в унинг ортидан саҳобаларга, -“Агар шу одам айтганини қилса, у жаннатийдир” – деб башорат бердилар.
Пайғамбаримиз с.а.в нинг фарзларнинг ўзи билан кифояланишга қасам ичиб гапирган одамга жаннатни ваъда қилганлари ҳолда, ҳозирги аслга қайтиш, рукну-фарзлар атрофига умматни жамлаш, динни ортиқча қўшимчалардан тозалаб ихтилофларни йўқотиш, бирликка, якдилликка харакат қилиш ҳақидаги уринишларни динни бузиш, динга душманлик деб ғавғо кўтараётганлар ўзларини бир тўхтатсалар…, ўйланиб кўрсалар…, тавба қилсалар, истиғфор айтсалар….
Зора, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул этса…, тўғри йўлга ҳидоят қилса….
Аллоҳ ғофурун, роҳийм
Зеро, бугунги кундаги диннинг долзарб, стратегик йўналиши айнан аслга қайтиш, Пайғамбаримиз с.а.в дан ўрнак олган ҳолда умматни рукну-фарзлар атрофига жамлаш, бирлик ва якдилликка эришишдир.
Исломий илмларни асл ҳолига қайтариш, ихчамлаштириш, соддалаштириш сабабли бўшаб қолган барча ресурсларни – ақлларни, зеҳнларни, ҳиммат, маблағ ва имкониятларни ўз ўрнига, яъни дунёвий илмларни ўрганишга, ривожлантиришга буриш лозим.
Жуда катта маблағлар, интеллектуал қувватларни банд қилиб турган cон-саноқсиз исломий ўқув юртлар, мадрасалар ва университетлар ўзларининг бор имкониятларини ва ресурсларини ислом уммати қўлдан бериб қўйган дунёвий илмларни ўрганишга, ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантиришга сарфласалар, кўзланган мақсадни, ислом умматининг дунё аренасида юқори мавқеъга эга бўлишини таъминлаган бўлардилар.
Неча асрлардан бери титкиланаётган, чайналаётган диний масалавозлик мавзулари учун дунё бўйича ягона бир марказ қилинса ва ҳозиргидай ҳар бир саволга бир неча хилдан эмас, балки бир хил жавоб бериб турилса, умматнинг бирлашиши учун ҳам жуда таъсирли восита бўлар эди.
Шу ўринда, динимизнинг бугунги ҳолати ва янги бир исломий уйғониш ҳаётий заруратга айланиб қолгани ҳақидаги, нафақат назарий, балки амалий фаолиятда бўлган нуфузли инсоннинг матбуотда эълон қилинган, эътиборли бир мақоласини келтириш ўринли бўлса керак:

***

Бизга янги ислом уйғониши зарур.

Доктор Мухозир бин Муҳаммад. 1981 йилдан 2003 йилгача Малайзия бош вазири бўлган.

Шундай бир болалар ўйини бор. Унинг иштирокчилари бир доира бўлиб ўтиришади ва улардан бири ўз қўшнисига ниманидир пичирлаб айтади, у эса – кейинги иштирокчига. Шу тариқа доира бўйлаб айтиб чиқилади. Охирги бола ўзи эшитган нарсани биринчи болага айтган вақтда биринчи ўйинчи томонидан айтилган иборанинг маъноси бутунлай ўзгаришга улгуриб бўлади. Кўринишидан, Ислом билан шунга ўхшаш ҳолат юз берган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ва фақат биргина динни олиб келганлар. Шунга қарамай, биз бугунги кунга келиб мингга яқин “исломларни” кўришимиз мумкин.

Ўз эътиқодларининг турлича талқинлари билан ажралиб кетган мусулмонлар қачонлардир дунёда тутган мавқеларига энди эга бўлолмаяптилар; аксинча, улар заифлашиб, нисбатан ривожланган миллатларнинг қурбонига айланганлар. Шиа ва аҳли сунна ўртасидаги ихтилоф шу даражада чуқурки, ҳар бир томон рақиб тарафдорларини ҳақиқатдан бурилиб кетганликда айблайди.

Рақиб томоннинг дини – Ислом эмаслиги, унинг тарафдорлари эса – мусулмон эмасликларига қаттиқ ишониш кўп ҳолларда кўплаб одамлар ҳалок бўлган ва ҳалок бўлишда давом этаётган ички зиддиятларнинг асосий ўзагига айланган.

Ҳатто аҳли сунна ва шиаларнинг ўз ораларида ҳам бўлинишлар бор. Булардан бошқа алоҳида йўналишлар ҳам бор.

Бундан ташқари, айрим уламоларимиз бизга уларнинг сўзларини танқид қилиш мумкин-маслигини, Исломга ишониш кифоялигини, бу ўринда ақл ва мантиқ умуман ортиқча эканлигини ўргатишади. Аммо Исломнинг ҳар бир шўъбаси бошқа барча йўналишларни адашган деб ҳисоблаётган бўлса, биз нимага эътиқод қилишимиз керак? Ахир, Қуръон иккита, учта ёки мингта эмас, битта Китоб бўлса.

Қуръонга мувофиқ, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берган ҳар қандай одам мусулмон бўлади. Агар бундан бошқа ҳеч қандай қўшимча шарт талаб қилинмайдиган бўлса, бу даъвони ҳақиқат деб ҳисобловчи барча одамларни Исломга мансуб кишилар деб санаш лозим бўлади. Бироқ биз, мусулмонлар бунга яна турли манбалардан келиб чиқадиган ҳар хил шартларни қўшишни яхши кўришимиз сабабли динимизнинг бирдамлиги парчаланиб кетган.

Аммо эҳтимол энг катта муаммо бу – умуман олганда, бошқа дунёдан Ислом илмий тафаккурининг ва маълум даражада мусулмонлар ҳаётининг тобора кучайиб бораётган яккаланиши бўлса керак. Биз одамлар девор ортидаги нарсани кўра оладиган, коинотнинг яширин сирларини тадқиқ қила оладиган ва ҳайвонларни клонлаштира оладиган илм-фан даврида яшаяпмиз. Буларнинг барчаси, гўё бизнинг Қуръоннинг ҳақлигига бўлган иймонимизга зид кўринади.

Бу шунинг учун юз беряптики, Муқаддас Китобнинг замонавий муфассирлари фақат диннинг ўзининг қоидалари, амрлари билангина таниш бўлиб, бироқ замонавий илм-фан ютуқларини идрок қилишга лаёқатли эмаслар. Улар чиқараётган фатволар кўпинча унчалик ишонарли эмасдек кўринади ва илм-фандан хабардор одамлар томонидан қабул қилинолмайди.
Бир муҳтарам хатиб, масалан, одамнинг Ойгача учиб чиқа олганлигига ишонишдан бош тортганди. Бошқалари дунё 2000 йил аввал яратилган деб даъво қиладилар. Коинотнинг ёши ва ўлчамлари ёруғлик йилларида ҳисобланади – бу ҳақиқат соф диний маърифатга эга баъзи олимларга мутлақо тушунарсиздир.

Ушбу тушунишга лаёқатсизлик маълум даражада мусулмонларнинг ҳозирги аянчли аҳволига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда Ислом аҳлининг эзилиши, ўлдирилиши ва камситилиши бизнинг аввалги асрлардаги диндошларимиздан фарқли ўлароқ ўта заиф эканлигимиз боисидан юз бермоқда.

Биз уммат яна бахтли ҳаёт кечириши учун бизни ёмонловчилардан ўзгаришларини ўтиниб сўрашимиз керакмас, балки ўз бахт-саодатимиз учун ўзимиз ўзгаришимиз лозим.

Шундай экан, биз нима қилишимиз керак? Ўтмишда мусулмонлар кучли бўлишган, чунки билимларга эга бўлишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп китоб ўқишни буюрганлар, бироқ Қуръонда айнан қайси китобларни ўқиш ҳақида гапирилмаган.

У вақтларда “ўқиш” дегани – мумкин бўлган барча нарсани ўқишни англатган. Аввалги мусулмонлар юнон олимлари, математиклари ва файласуфларининг ишларини ўқишган. Улар, шунингдек, форслар, ҳиндлар ва хитойларнинг ишларини ҳам ўқиганлар.

Натижада Ислом дунёсида математика ва умуман фаннинг гуллаб-яшнаши бошланган. Бизнинг олимларимиз фанни ривожлантиришган ва астрономия, география каби янги фан соҳаларини ҳамда математиканинг янги бўлимларини яратишган. Улар ҳисоблашларни соддалаштириб ва уларнинг қўлланиш доирасини ҳаддан ташқари кенгайтириб, муомалага рақамларни киритганлар.

Бироқ, тахминан, ўн бешинчи асрга келиб, баъзи Ислом олимлари турли фанларни билишда ўзларини чеклай бошладилар. Улар фақатгина диннинг ўзини ўргана бошладилар ва фақат шундай қиладиган кишиларгина охиратда мукофотга эга бўлади, деган сўзни маъқуллаб туриб олдилар. Бундай ёндошувнинг натижаси Европа дунёвий фан билимларини фаол тушуниб етишни, ўзлаштиришни бошлаган бир даврда интеллектуал таназзул бўлди.

Мусулмонлар интеллектуал, ақлий жиҳатдан таназзулга юз тутаётган, орқага кетаётган бир вақтда европаликлар уларга охир-оқибат бутун дунё устидан ҳукм юргизишга имкон берган қурол-яроғ ишлаб чиқаришга дохил саноатнинг янги усулларини ишлаб чиқиб, ўз Уйғониш даврларини бошладилар.

Мусулмонлар эса, аксинча, дунёвий фан ва математикани ўрганиш тўғрисида унутиб, баъзи ҳолларда эса улардан умуман бош тортиб, ўзларининг мудофаа қобилиятларини мутлақ заифлаштиришди. Бу қотиб қолиш бугунги кунда Ислом аҳли чекаётган жабр-зулмнинг биринчи навбатдаги сабаби бўлиб қолмоқда.

Қуръоннинг ҳақиқий ва асосий рисоласини, номасини тушуниш ва талқин қилишга лаёқатсизлик мусулмонларга кўп бахтсизликларни олиб келган. Ўз ўқиш доирамизни фақатгина диний китоблар билан чеклаб ва замонавий илм-фан тўғрисида унутиб, биз Ислом маданиятига улкан зарар етказдик ва ўзимизнинг бу дунёдаги йўлимизни йўқотиб қўйдик.

Қуръонда токи биз ўзимизнинг аянчли аҳволимизни ўзгартиришга ҳаракат қилмас эканмиз, Аллоҳ уни ўзгартирмаслиги айтилади. Кўпчилик мусулмонлар бу ўгитни назар-писанд қилмасликда давом этмоқдалар ва унинг ўрнига фақатгина бизга нажот сўраб, аввалги асрларда ўтган шараф қайтарилишини ўтиниб дуо қилмоқдалар.

Аммо Қуръон ёвуз кучлардан сақланиш учун бўйинга осиб юриш мумкин бўлган тумор эмас. Аллоҳ ўз онгини ривожлантирган кишиларга ёрдам беради.

* * *

“Мусулмон Ўзбекистон”

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn