“НАСИБ ҚИЛСА ҚАЙТИБ КЕЛАРМАН…”

odil ikrom5Одил Икром

(Асқар Маҳкам таваллудининг 55 йиллиги муносабати билан)

Асқарали ака жуда кам умр кўрди. Кўрган кам умрида ҳам ёруғ кунлари саноқли эди. Балки, шунинг учундир, тунни яхши кўрарди, суҳбатларимизда тунни “фариштасифат ҳолат” дерди. Дарҳақиқат, тунда одам барча ниқоблардан холи кўнгил ҳаётини бошдан кечиради. Кундузи кўзингизга балодай кўринган қаттол душманингиз ҳам ўша лаҳзада содиқ дўст, жонингизни жабборга бериб, ортидан қувган ташвишларингиз ҳам ўша ҳолатда майда, иддаоларингиз беҳуда туюлади. Кимнингдир кўнглини ранжитганингизни ўйлаб, ўзингизни гуноҳкордай ҳис қиласиз. Шафқатли, кечиримли бўласиз. Ҳақ билан кўнглингиз орасидаги масофа яқинлашиб, парда тобора ҳарирлашиб бораверади… Ва беихтиёр суҳбатимиз, кундуз куни чироқ кўтариб, бозордаги гавжум оломон ичра Одам ахтарган донишмандга бориб тақаларди: Эҳтимол, ўша донишманд кундузи эмас, тунда Одам ахтарганида эди, излаган Одамини чироқ ёқмай ҳам топа олган бўлармиди… Дарвоқе, туғилиш ҳам, жон узилиши ҳам, асосан, тунда рўй беради…
Одам… Асқарали ака илк китобини “Одам” деб номлаганди. “Наврўз” деб ўзгартиришди.

Садриддин (Садриддин Ашур) айтади: Асқарали акада далда бериш, айниқса, бошига оғир мусибат тушган чорасиз кўнгилларни кўтариш қудрати бор эди. Мусурмон (Мастчоҳлик курсдошимиз)нинг фарзанди туйқусдан вафот этганда, шўрлик бутунлай чўкиб, ўзини йўқотиб, яшагиси ҳам келмай қолганди. Бу мусибатдан хабар топиб, дўстимиздан кўнгил сўрагани, Тошкентдан Мастчоҳга келдик. Асқарали ака ўзига хос самимият ва куюнчаклик билан, тун бўйи ухламай Мусурмонни тақдирга тан беришга ярайдиган ҳолатга қайтарганди…

Курсдошимиз Абдуҳафиз (Абдуҳафиз Мирзааҳмад)нинг укаси афғон урушида ҳалок бўлганда, Тошкентга эндигина келиб, ҳали ишга жойлашишга улгурмаган Исматулло (Исмат Худоёр)нинг бошига кўргулик тушгандаги Асқарали аканинг изтиробларига, жонбахш таскин-тасаллиларига мен ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Далда берувчилар кўп, аммо, Асқарали акадай дилбардорларни жуда кам кўрдим.

Асқарали ака бағрикенг эди. Одатда, талантли инсонларнинг аксариятига хос бу хислат. Ким нима сўраса, сўзбошими, тақризми, тавсияномами… Ёзиб бераверарди. Унинг бағрикенглик билан ёзиб берган фикрларини дастак қилиб, ўзини етук ижодкор ҳисоблаб юрганлар, унинг қалами тиғидан сачраган кукунлар билан обрў, эътибор, мақом топганлар орасида “эшаги лойдан ўтгандан” сўнг меҳр-оқибатни унутганлари ҳам кўп.

Асқарали ака ижод аҳлини бир муҳит, бир маслак атрофида бирлаштира оларди. Ўтган асрнинг саксонинчи, тўғрироғи, 1983-85 йилларда (ўшанда “Совет Тожикистони” газетасида бирга ишлардик) Асқарали аканинг шарофати билан яхши адабий муҳит пайдо бўлганди. Ҳозир эса… Устоз ижодкорларга оғир ботса ҳам, тўғрисини айтиш керак: Тожикистондаги узбек адабий муҳити бугунги кунда имомсиз масжидга ўхшайди. Тўрт томон – қибла. Сўз – ўгай ота-она қўлидаги хор-зор етимдай гўё…

Асқарали ака худбинлик нималигини билмасди. “Совет Тожикистони”да бирга ишлаб юрганимизда атрофидаги барча ижодкорларнинг асарларини вилоят ва ноҳиялардаги ўзбек тилида чиқадиган газеталарга юборишдан эринмасди. Унинг ҳатти-ҳаракатлари билан бир гал “Қўрғонтепа ҳақиқати” вилоят газетасида менинг ҳам бир туркум шеърларим эълон қилинди. Ҳозир ўн томлик китобим чиқса ҳам кипригим қилт этмаслиги мумкин. Аммо, ўшанда ҳаяжонлангандим… Зеро, ҳар бир ҳодиса ўз вақти-соатида рўй бергани яхши. Афсуски, ҳамиша ҳам шундай эмас. Агар бу ҳикматга амал қилинганида, Асқар Маҳкамнинг талабалигидаёқ камида тўртта китоби чоп этилиши керак эди… Яна бир воқеа: Асқарали ака билан бирга 1985 йилда Тошкентга кетдик. Мақсад аён – Тошкентда қолиб ишлаш. Паспортни қайд қилдириш муаммоси қарийб бир йилга чўзилди. Ва ниҳоят, бир кишини “прописка” қилиш имкони пайдо бўлди. Камтарликни қаранг-ки, орамиздаги ёш, қолаверса, иқтидор тафовути “аз кучо то ба кучо” (еру осмон қадар) бўлишига қарамай, Асқарали ака ўша имкониятни менга раво кўрмоқчи бўлди. Аксинча бўлиши лозимлигига бир амаллаб кўндиргандим ўшанда. Дунёга келиб, қилган бир тузукроқ ишим шу бўлса, ажабмас… Фурсат ўтмай, Худо “ол, қулим!” деди-ю менинг муаммоларим ҳам ҳал бўлиб кетди…

Шеъру шоирликнинг баҳридан ўтиб, Россияда узоқ муддат санқиб қайтганимдан сўнг Садриддинни Хужандда учратиб қолдим. Кўришмаганимизга ўн йилдан ортиқроқ фурсат ўтганди. Ундан Асқарали аканинг бетоблигини эшитган чоғимда, хаёлимга “ҳойнаҳой, талабалик йилларида орттирган лаънати полиартрит хасталигининг навбатдаги хуружи, давоси топиладиган асорати бўлса керак” деган фикр келди. Аммо… Муҳаммад Иқболдан кейин Жалолиддин Румий руҳига мурид тутинган, Мансур Халлождан кейин “нафсда ўлиб, илоҳда қайта тирилиш” жараёнидаги, устоз мақомидаги увайсий бир дўст, бир қадрдоннинг ўлим билан аёвсиз олишаётганидан бехабар эдим… Ўлимидан тўрт ой олдин Асқарали ака билан телефонда гаплашдик…

Вафотидан кейин, 2008 йили худди шу куни Хужанд Давлат университетида (университетнинг узбек филологияси факултети ўқитувчилари Мунаввара Ойматова, Бахтиёр Файзуллоев, Юсуфали Шоназаровларнинг ғайрати ва ташаббуси билан) Асқар Маҳкамнинг 50 йиллиги нишонланди. Асқар Маҳкамнинг душанбелик ва хужандлик курсдошлари ҳомийлигида нашр этилган катта ҳажмдаги “Оқ китоб”(муҳаррир – Абдулло Зуҳур, нашрга тайёрлаганлар – Садриддин Ашур, Абдулла Насриддин)и йиғилиш аҳлига тақдим этилди. Ўша тадбирда иштирок этган болалар шоири Султонмурод Ҳожибоевнинг ушбу гаплари ҳануз эсимда: “Худо – гулчин. У ботил умр чечагидан аввал сара гулларни танлайди. Баъзиларнинг узоқ умр кўриш учунгина ўзини асраб-авайлаши, ростини айтсам, менга бироз эриш туюлади. Гап беш-ўн йил кам ёки ортиқ умргузаронликда эмас, Худо берган умрга, у тўққиз ойми, тўқсон йилми, қай тарзда мазмун бахш этишда. Атиги 48 йил умр кўрган Асқар Маҳкам тимсолида мен шу ҳақиқатга иқрор бўлдим… Асқаржоннинг Жангалободдаги уйида меҳмон бўлганимдаги қават-қават кўрпачалар солиб қилган меҳрибончиликларини, дарё бўйида ўтириб суҳбатлашишимизга шароит яратишдаги жонбозлигини, Тошкентдаги меҳмондўстлигини эсласам хижолат тортиб кетаман… Шундай улуғ одам…”

Асқар Маҳкам ижоди ҳали умуман тадқиқ этилмаган деса ҳам бўлади. Бу йўлда айрим уринишлар (Юсуфали Шоназаровнинг “Асқар Маҳкам” номли китоби, “Сўйладик гоҳ урён, гоҳи мунаққаш” туркум мақолалари, Абдулло Зуғурнинг “Қаттиқ иймон шоири” мақоласи) албатта, қувонтиради. Жумладан, Неъматулло Иброҳим Асқар Маҳкамнинг “Ҳақ” китобига ёзган сўзбошисида шундай дейди: “Асқар Маҳкам ўз асарларида Инсонни бор мураккаблиги билан тасвирлайди. Юзаки тавсиф этиш унинг руҳиятига ётдир. Бошқача қилиб айтганда, у Инсонни нафрат билан севади, инкор билан эътироф этади, оғу билан даволашга, алам билан шодлантиришга интилади…”

Шу ўринда, Асқар Маҳкам ҳаётининг сўнгги йиллари ҳақида ўз хотираларини, таассуротларини ўқувчилар билан баҳам кўраётган айрим дўстларимизнинг ҳиссиётга берилмай, орқаворотдан эшитган асоссиз фикрларига таянмай, ёлғон қўшмай ёзишларини алоҳида таъкидлашни истардим. Бир дўстимизнинг қай бир мақоласидаги “Фалон машҳур ҳофиз Асқар Маҳкамнинг маъракасини (мотам маросимини) ўтказиб берибди” қабилидаги гаплари Исмат Худоёрнинг айтишига қараганда – ғирт ёлғон. Эшитишимга қараганда ҳаётининг сўнгги кунларида Асқар Маҳкам билан Исмат Худоёр, Набижон Боқий, Абдуғафур Маматов, Икром Отамурод, мен алҳол эслолмаётган яна бир гуруҳ дўстлар ва Асқарали аканинг, Садриддиннинг яқинлари бирга бўлишган. Асқарали аканинг Тошкентдаги маъракасига бош-қош бўлган Исмат Худоёр (барака топсин!) билан Тошкентда учрашганимизда шундай деганди: “Асқарали ака билан сўнгги лаҳзада бирга эдим. Менинг қўлимда жон берди. Жисми жондан фориғ бўлгач, юзида, худди нимадандир ҳайратлангандек бир ифодани кўрдим…”

Билмадим, Асқарали ака, нима учундир, толни яхши кўрарди. Қабрлар бошига ҳар хил дарахтлар, гуллардан кўра тол эккан яхшироқ, дерди. Ҳатто, унга бағишлаб ёзган эски бир шеъримда шундай сатрлар ҳам бор: “Менинг соғинганим – энг сўнгги Одам, Бир кун бориб у ҳам мени алдайди. Бир кун… мозоримга бир туп толни ҳам, Ўлмаса, шу шўрлик бувим қадайди…” Ўтган йили Душанбега борганимда Жангалободнинг сал юқорироғида жойлашган Гулмозорбободаги қабрини зиёрат қиларканман, бир нарсага ҳайрон қолдим: Тўқсон етти фойиз ери тошдан иборат бўлган мамлакатда Асқар Маҳкамнинг қабри тепасига ўрнатиш учун кўркамроқ бир тош, наҳотки, топилмаган бўлса?!.. Қизиғи шундаки, тўрт кунлик омонат умримиз учун ҳашаматли қасрлар қуриб ташлаймиз. Аммо, дўстларимиз, яқинларимиз мангу ором оладиган маконни, сал бўлса-да, эпақага келтириш кераклигини англамаймиз ёки жуда кеч англаймиз… Анвар ака (Асқар Маҳкамнинг акаси), Жаъфарбек (Асқар Маҳкамнинг укаси)лар, Худо хайрини берсин, имкони етгунча қабрни обод қилишга ҳаракат қилганлар. Юқоридаги таъна-маломатлар ўзимизга, дўстларга тегишли…

Бизга биздан-да яқинроқ Парвардигор Асқарали аканинг Охиратини обод айлаган бўлсин! Унинг Охиратидан кейинги яна бир обод манзили, яъни, “Асқар Маҳкам саҳифаси” ҳам борки, Асқар Маҳкамнинг яқинлари, дўстлари, мухлислари номидан ушбу саҳифани барпо айлаган салоҳиятли, нуктадон, маърифатли инсон, дўстимиз Олима Набизодага беадад раҳматлар айтамиз ва энг юксак хислатлар Соҳиби, қудрат ва ҳикмат Эгаси Парвардигордан унга саломатлик, хотиржамлик, қадр англаш, савоб йўлидаги ишларида ободлик, қурб-қувват тилаймиз!

Сўз охирида Сизлар билан баҳам кўрмоқчи бўлганим, Лойиқнинг “Шоир қадри” шеъри холис ниятларимизга ҳамоҳанг бўлади, бир кун келиб шеър ва одамийлик мулкида ўзига хос ҳодисага айланган Асқар Маҳкам ўзининг бундан-да баландроқ қадрини топади, деб ўйлайман.

Ошиқлар оҳ тортса хаёлга ботиб,
Зўрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,
Дўстлар бир-бирини кетганда сотиб,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,
Ерда бир ёш юрак тутганда мотам,
Ўзидан ўзини ахтарса одам,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Овчиларнинг ови юришмаган он,
Бошин эгиб қайтса, елкада камон,
Харсанг тош устида ўтирса ҳайрон,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Йўловчи қумлоқдан ўтиб кетганда,
Оҳанги қумларга чўкиб кетганда,
Бир парча шеър ўқиб жўшиб кетганда,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Юрак осмонини қопласа булут,
Сохта гўзалликнинг юзи ҳам шувут,
Эзгулик дунёси бўлганда унут,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Дунё тор келганда зўрлар лошига,
Ҳангомаю ғурур етиб бошига,
Ёзув ахтарганда қабр тошига,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Одамзод қайтадан топса қадрини,
Куйга солиб айтса алам, дардини,
Бир сўздан ахтарса ул дард шарҳини,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn