ДАДА ЗАФАР: Қиш илҳомлари

кишАссалому алайкум, Юсуфжон дўстим! Сизни ва Сиз орқали барча оила аъзоларингизни, мухлисларимизни янги 2014 йил билан чин дилдан қутлайман. Тақдиримизга чопиб келаётган от йили бахт ва омадлар, умри рисқимизга барокатлар олиб келадиган йил бўлсин. Аллоҳ барчамизнинг мушкулларимизни осон, иқболимизни улуғ қилсин!
Эҳтиром ила Дада Зафар.

ҚИШ

Қайлардандир келди изғирин,
Ҳира тортди осмонда офтоб.
Иссиқ совуқ алмашди ўрин,
Бўралайди қорбўрон шитоб.

Аёз санчар заҳарли нина,
Қалтирайди чумчуқлар ҳорғин,
Оқ чойшабин тўшайди яна,
Аллалайди ухлаган боғин.

Қиш онадек аста тебратар,
Бор оламни солиб бешикка,
Бошларидан сочар майин зар,
Гул солади ойна, эшикка.

Маҳкам ёпиб уйнинг тирқичин,
Ўтирибман ўчоқ бошида.
Ис босади уйларнинг ичин,
Зерикаман жимлик қошида.

Ёруғ олам уйқуга чўмиб,
Куч йиғади баҳорга қадар.
Мени эса ғам-андуҳ кўмиб,
Бедорлигим ошар нақадар.

Жануб, жануб, сенгадир олқиш,
Юз кўрсатди осмонда қуёш.
Тобларидан кўнгил ёзди қиш,
Сумалаклар тўкишяпти ёш.

 

СОҒИНГАНИМ

Деразадан мўралайди қиш,
Ташқарида ёғар оппоқ қор.
Менга одат орзиқиб кутиш,
Соғинганим келақол баҳор.

Келақолгин умидим наврўз,
Сени кутар дала, қир, боғлар.
Тўрт фаслда сенинг нафасинг,
Орзуларим ўшалган чоғлар.

 

Гулим, « Ҳамишабаҳор»

 

Тўрт фаслда бедорим,
Ёдга солар баҳорим.
Очилганим , хуморим,
Тортасан эътиборим.
Гулим, «Ҳамишабаҳор».

Қанча аёз, қиш ўтди,
Бардошингга қойилман.
Бошдан қанча иш ўтди,
Бардошингга мойилман.
Дилим, «Ҳамишабаҳор».

Кўкда қуёш ,ерда сен,
Бойчечакни уйғотган.
Нега яна маъюс мен,
Бахт-ку, кўкламга етган.
Сўлим ,«Ҳамишабаҳор».

Яхшиямки, сен борсан.
Ёдда баҳор соғинчи,
Орзуларим ўшалса,
Муҳаббатга суюнчи,
Гулим, «Ҳамишабаҳор».

Сенга атаб мактуб битаман

Ҳижрон қасри вайрон бўлади.
Дўсту душман ҳайрон бўлади.
Висолингга бир кун етаман,
Сенга атаб мактуб битаман.

Муҳаббатни ўлмайди, дерлар.
Дардсиз инсон бўлмайди, дерлар.
Интиламан, бахтни тутаман,
Сенга атаб мактуб битаман.

Сени жуда соғиндим яна,
Ҳижрон дилда қилур тантана,
Орзиқаман, сени кутаман,
Сенга атаб мактуб битаман.

Ошиқ аҳлин девона дерлар,
Ўтга урган парвона дерлар,
Юлдузларни тошдек отаман,
Сенга атаб мактуб битаман.

ҲАСРАТ

Икки оғиз ҳасратим бор,
Ҳеч бўлмаса сен эшит тош.
Ахир, ётибсан-ку бекор,
Сенда метин ирода- бардош.

Тош дер,ёрилиб кетаман,
Сени тинглаб нетаман.
Тошбақага айланиб,
Ерга кириб кетаман,
Маконимга етаман.

Икки оғиз ҳасратим бор,
Ҳеч бўлмаса сен эшит, дўст,
Дард-сирим сенга ошкор,
Сўрамайман ҳеч камикўст.

Дўст дер, ёрилиб кетаман,
Илон пўстим, нетаман.
Аждарҳога айланиб,
Бор оламни ютаман,
Мақсадимга етаман.

Икки оғиз ҳасратим бор,
Эй, мен севган қиз ,қулоқ сол.
Истасанг сев ёки ўлдир,
Мана юрагим, олақол.

Қиз дер, ёрилиб кетаман,
Шеъринг лағмон,нетаман.
Ҳонзодага айланиб,
Эрга тегиб кетаман,
Муродимга етаман,

Тошга айтиб ҳасратларим,
Тошбақадан совчи қўйдим.
Дўстга айтиб сир-дардларим,
Ўз кўксимни ўзим ўйдим.

Дейман, ёрилиб кетаман,
Алам қилди, нетаман.
Бошим тош, танам илон,
Энди бойиб кетаман,
Ҳасратни не этаман.

КЎРИНМАС ОДАМ

Нималарни ўйлаб топмас одамлар,
Кашфиётлар ортидан яна кашфиёт.
Доҳолар тентакдек, телба олимлар,
Кашшофлар ўз жонин этмас эҳтиёт.

Баъзилар оламни микронга жойлар,
Ёруғликни кимдир қувиб етади.
Ўлмаслик йўлини излайди бойлар,
Авом халқ жимгина ишга кетади.

Алхимиклар энди руҳни парчалар,
Генетиклар тошга ато этар жон.
Фалак гардишида қора дарчалар,
Қўрқувдан оммани босар ҳаяжон.

Ҳорижлик бир олим буғдой донига,
Леанардо до Винчи расмин солган,
Очофат товуқнинг жиғилдонига,
Бир умрлик қилинган заҳмат йўл олган.

Нималарни ўйлаб топмас одамлар,
Энди компьютерлар узик кўзида.
Эртак ҳам қолмади ҳозирги дамлар,
Рақамлар ўйнайди шоир сўзида.

Кунлардан бир кун Алижон дўстим,
Кўзларга кўринмас матони олди.
Ўтказиб тажрибадан илон пўстин,
Негадир ўзи ҳам кўринмай қолди.

Овозаси чиқди денгиз ортидан,
Сеҳирли диёрда эмиш зўр олим.
Кўринмас матога борлиқни ўраб,
Ақлимни лол этиб, олди ҳаёлим.

Болаликда уни олмасдим топа,
Ўйнардик иккимиз”кўринмас одам”.
“Сеҳирли қалпоқча” ва “Қора шляпа”,
Бизни таъқиб этар эди ҳар қадам.

Эртакдан чиқибди ”Кўринмас одам,”
Ҳолингга вой,эссиз,”Бошсиз чавандоз”.
Кўринмас матодан ниқоблар ҳамдам,
Буюкдир кашфиёт, йўқдир эътироз.

Ниқоб тирқичида кўз, бурун, оғиз,
Фақат кўринмасмиш тана билан юз.
Шайтонни пойлармиш, шарпа изма-из,
Кийиб олмасмикан қай маккор-ёвуз.

Нималарни ўйлаб топмас одамлар,
Атом-сатомлари солмоқда даҳшат.
Қанийди Алижон ипак қуртидек,
Бир мато яратса айтардим раҳмат.

Бу мато гуллардек ранго ранг бўлса,
Эзгуликни авайлаб этса тараҳҳум.
Эртакларга қайтиб кўринмас одам,
Ҳаётни аллалаб,этса такаллум.

ҲИКМАТ УЛ ДОСТОНИ БОР

Мискин заиф Ҳожа Аҳмад, етти пуштинга раҳмат,
Форсий тилни билибон, ҳўб айтадир туркийни.
Аҳмад Яссавий.

Ул ломакон ичинда, жумладек макони бор,
Яссавий девонида ҳикмат тўла кони бор.

Ҳўп айтадир туркийни, арабийда табарут,
Малакут, носут, лоҳут, ҳам форсий забони бор.

Одам Ато отамиз, Момо Ҳавво онамиз,
Туркий қавм учун Ҳақдан бешик Туркистони бор.

Дўстларга кўнгли очиқ, меҳмон қиёс отага,
Амир Темурдек қалқон, ёвга ўт вулқони бор.

Мир Алишер яратган шеърият бўстонида,
Гул кўп, чаман кўп аммо, бу мулкнинг султони бор.

Ватан деб жондан кечган қанча ўғил-қизлари,
Зулматларни ёритган юлдузи-Чўлпони бор.

Ҳар тошда,ҳар гиёҳда, қанча дарду алам бор

Туркистон деб бўзлаган Рауф Парфи жони бор.

Туркий маржон шодаси узилган бўлса ҳамки,
Ўзтурклар томирида симоб каби қони бор.

Пантуркчи деб отмангиз, панисломчи эмасман,
Мен элимнинг зарраси, дилида имони бор.

Саҳарларда тилардим, етти пуштимга бешик,
Ҳақ берди қиз набира, тебратмоқ имкони бор.

Она тилимда уни, Азиза деб номладим,
Дада Зафар халқ азиз, шукронага они бор.

Зурриётлар бахтига Ўзбекистон омон бўл,
Бобо мерос гавҳари, ҳикмат ул достони бор.

ЖОНИНГ ФИДО

Берса Навоий, сенга ёре ҳудо,
Сен доғи қил,бошингу жонинг фидо.
Алишер Навоий

Олис замонлардан келур бир нидо,
Ёр ишқида ўзин қилмишлар фидо.

Аллоҳ меҳрлидир, муҳаббат ундан,
Ҳатто қамишлардан чиқармиш садо.

Бу йўлда истироб чекмоқлик аниқ,
Мезонда тенг эмиш шоҳ ила гадо.

Меҳржон бўлмайин, наврўз бўлмайин,
Ишқ буржида бордир фақат ибтидо.

Ошиқлар ҳижронда ўт бўлиб ёнар,
Ахир Қуёш Ойга етолмай адо.

Инсонни жуфт қилиб яратган ўзи,
Ягона риштадан этмасин жудо.

Жаннатдан бутлаган ҳаёт рўзғорин,
Момо Ҳаво бирла ул Одам Ато.

Жаннат Ватан эрса инсон наслига,
Ватанни жаннат қилган ўзи ҳудо.

Дада Зафар боболардан қолган роз,
Ёрга қилғил бошингу, жонинг фидо.

ШУАРО ТАҚДИРИ МАЗЛУМ

( Муҳаммас )

Фиғонким, гардиши даврон, айирди шоҳсуворимдин,
Ғамим чўҳ, эй кўнгил беҳабарсан ҳоли зоримдин.
НОДИРА

Давронлар гардиши шундоқ, айиргай неки боримдин,
Йўқотганим ўрни тўлгай, кўз ёшу оҳу зоримдин.

Солиҳлик йўли машаққат, ҳар қадамда бало, офат,
Наврўзим қор босиб қолди, қиш кулгайми баҳоримдин.

Машраб умри ўтган эди, Ҳўтан даштида қон ютиб,
Шуаро тақдири мазлум, самар борми ашъоримдин.

Башоратга йўймоқ гуноҳ, шоир сўзи тақдиридир,
Нодира аҳволи аён, ҳоли-ла эл диёримдин.

Адашган кимсадек Фурқат, биёбонларда қаҳшайди,
Ҳурликни топмади аммо, олди жой эрк туморимдин.

Кишанларни парчалай деб, кеча-кундуз қон ютиб,
Эл ори Чўлпони бўлди, айирма Ҳақ бу оримдин.

Мен ҳам Усмон Носир каби, бу боғ ичра ҳазон япроқ,
Эзгу наво таралади, маҳзун дилим ва торимдин.

Дада Зафар мазлум шоир, ҳидоятдан йўлим топгум,
Айирмагин Ватанимдин, шу тупроғу мозоримдин.

ДУНЁГА СИҒМАМДИР

Ажаб Мажнундирман ҳар дашту саҳрога сиғмамдир
Дилим дарёи нурдир, мавж уриб ,дунёга сиғмамдир.
МАШРАБ

Машраб каби на осмон , на еру, рўёга сиғмамдир,
Юрт кезиб оқар уммон, мавж уриб, дунёга сиғмамдир.

Шеъримда усул сақли мумтане, хар жумлам-хақиқат,
Ҳар ким идрок этсада, аммо шуарога сиғмамдир.

Тирик солиҳни билмай, ўлгач у, дерлар азиз бўлди,
Мазлум этганлар гар азиз тутса риёга сиғмамдир.

Мен ким гоҳи ўзбекман, мўмину, имони бор инсон,
Борлигим нур наслидан, лек зиму зиёга сиғмамдир.

Дада Зафар мискинман, эл каби, кун кўрарман аста,
Чайқалсам тўфон бўлиб, на дарё, дунёга сиғмамдир.

ИШҚ ЎТИ

Севмоқ бор, севилмоқ бор, бу дард бизга бегонамас,
Ошиқлар ҳижронда зор, гар ёнмаса парвонамас.

Тунлари ойга боқиб, нурларидан арғумчоқ ясар,
Юлдуздай ёниб учса, фалак дарди афсонамас.

Тоҳир- Зуҳра қиссаси фожиали якун топди,
Ишқ йўлида жон бермаган, чин ошиқу девонамас.

Қани Кумуш ва Отабек, қани Анвар билан Раъно,
Қодирий каби ҳеч ким,эл ичра мастонамас.

Навоийдан келур наво, ўз қиссси назмида жо,
Лайли-Мажнун воқифи, достон учун баҳонамас.

Дада Зафар ишқ васфин айтмоққа журъатинг борми,
Ишқ ўтида хоки қолган, билинг фақат парвонамас.

Кўнглим мистар

Туз дурур эгри қили то соз эрур,
Эгри бўлур эмдики, носоз эрур.
Алишер Навоий.

Тортдилар сознинг қилин то соз эрур,
Тўғри бўлғач эмдики, носоз эрур.

Тортдилар сознинг қилин, узилди қил,
Қулоқлари бу зарбдин, бузилди бил.

Тор эмас энди чўмич, оҳангги йўқ.
Ҳофиз уммон қарида, наҳангги тўқ.

Тўғри сўз ёқмади ул туққанингга,
Амал қилмоқ осонмас уққанингга.

Рост сўзли боши баланд, қадди тўғри,
Боши эгик ҳар жойда, ҳадди ўғри.

Бошинг устида қилич, яхши сукут,
Билганингни гоҳида аста унут.

Дада Зафар аслим нур, кўнглим мистар.
Унга ҳамроҳ қаламим, эзгу истар.

“БОЗИРҒОНИ” МАТЛАБИ

Бозирғони куйлайди, қўлида жўр дутори,
Авж пардасин кўзлайди, дилида ёр ҳумори.

Бозин кўкка учирди, келсин овин барори,
Торин шўхга кўчирди, ўйноқлайди тулпори.

Ишқ савдоси осонмас, ваъдага вафо қайда?
Қўли етмас ҳофизнинг, кўп экан ҳаридори.

“Бозирғони матлаби”, қўшиқ бўлиб таралар,
Ёр дардида жони боз, бахшида иқтидори.

Дада Зафар тинглайман, вужудим қулоқ бўлиб,
Ҳофиз эса бўзлайди, ҳониши оҳу зори.

ЯХШИДИР

Яхшидир меҳмон келгани, келган меҳмон яхшидир.
Соғиниб борсанг кўргани, бағрикенг мезбон яхшидир.

Ғам юклари босганида, ким сенга мадад бўлар,
Дўстларми, ё бегоналар, этган осон яхшидир.

Мулозимга ишинг тушса, қўйиқ саломинг кутар,
Топилса гар беминнати, қилмас сарсон яхшидир.

Қарз балоси бошга тушса, ким ўз ҳаққин кечибди,
Ундиролмай қийналгандан, этган эҳсон яхшидир.

Қариндошлар аразлашса, бегона бўлар яқин,
Ярашмоқ учун топилган, бор важ-карсон яхшидир.

Дада Зафар ҳеч кимсага, ёмон сўзинг айтмагил,
Ундан кўра ҳонумонинг, бўлса яксон яхшидир

САНАБ

Санамай саккиз деган, сўнгра чекар озор санаб.
Етти ўлчаб бир кессада, вақт ўтказар бекор санаб.

Боболар ҳикмати дер, одам оласи ичида,
Ичини қандай кўрарлар, юрган билан ангор санаб.

Одам терисин кийган, қанча айёр тулки бор,
Ёмон йўлларга бошлар, эргашармиз дўст-ёр санаб.

Ёлғонни кўп сўзлаган, ўзини алдар оқибат,
Ростига ишонмаслар, кўплар уни ғаддор санаб.

Юзга чопар кимсалар, албатта бир кун ейди панд,
Даврага аҳли суҳбат, қўшмагайдир беор санаб.

Ошиқлар дарди оғир, панд-насиҳат кетар зое,
Ишқи сасиқ алипда, қурбақани дилдор санаб.

Қинғир ишнинг қийиғи, дерлар чиқар қирқ йилда ҳам,
Охир пушаймони душман, ҳақиқатни инкор санаб.

Гуноҳни қилиб пинҳон, савоб қилдим деганлар бор,
Савобли ишдир пинҳон, юрмагайлар ошкор санаб.

Яхшилар кўп жаҳонда, уларнинг борлиги ибрат,
Ҳар инсон ҳавас қилар, ўзига ҳам даркор санаб.

Дада Зафар санаб-санаб, ушбу ғазални битказдим,
Ваъз айтмоққа журъат йўқ, нуқсонларим такрор санаб.

ЙЎҚ…

Тиғи ўткир яроқнинг,бир нафас ҳам тини йўқ,
Ўтмас яроқ кўл кесар, бунин ҳам талқини йўқ.

Эзгулик тўла қалбнинг, ўзгага тўсқини йўқ,
Ўзгани ўзидек кўрар, шубҳага замини йўқ.

Яхшилик бирла номин, ҳам нонини топгайдир,
Меҳнат-ла ўтар умри, юзда ғам, ажини йўқ.

Фирибгарни дўст тутиб, кўплар қолар қон ютиб,
Шайтонга малай бўлар, умрининг тайини йўқ.

Мусичанинг ёри бор, мусичадек жони бор,
Тухумларин асрашга,битта дуруст ини йўқ.

Қалампир таъми аччиқ, ҳар таомга лаззатдир.
Аччиқ сўз дўст танбеҳи, дорининг ширини йўқ.

Булутлар зар безакдир, шамолнинг касби наққош,
Гуллар солайин деса, осмоннинг кошини йўқ.

Ҳовузда йўқдир қопқоқ, кўрпада енг не қилсин,
Улар каби энг зарур, ошпичоқнинг қини йўқ.

Кўнгли очиқ одамни, адаштирмоқ осондир.
Солиҳлар ичра балки,бир бағри бутуни йўқ.

Дада Зафар соддадил, атроф ўргамчак тўри,
Имонидан бошқа бир, дилида таскини йўқ.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn