Миршариф Хўжаев: Ҳодарвеш шамоли

mirsharif akaХотира – қисса

(36 -50 қисмлар)

36.

Осон топилган ўлжа қадрсиз бўлади. Буни мен айтганим йўқ ва доно фикрларни ўйлашга қувваи ҳофизам ожизлик қилади. Эркакнинг домига осон илинган аёл «овчи» завқини сусайтиради, деб Афлотун ёзган. Қўқонлик қизни, нисбатан, осон учратдим, деб қувониб, ўзимга зеб бера бошладим. Аксига олгандек, ўша оқшом ўнг кўзим жилдининг қаншар томондаги пастки қисмида говмичча чиқса бўладими. Тонгда туриб, алюмин қошиқнинг дастасини оловда қиздирдим-да, йирингли чиқиқ устига босдим. Кўзимдан ўт чиққандек бўлди. Ёқтирганига ёқиш учун киши нималар қилмайди. Аммо бу дарддан бир умрга қутилдим. (Бу амални ўзингизча қила кўрманг, кўзингиздан ажралиб қолишингиз мумкин. Ўшанда менга бундай маслаҳат берадиган бўлмаган). Биринчи кун, эътибор бериб қаралса, яранинг ўрни билинарди. Бироқ биз қиз билан кечки говгумда учрашдик. Шунинг учун у сезмади. Бу олдинда турган азобларнинг арзимас дебочаси экан.
Шу тарзда ўзимни «ошиқ»лик кўйига солиб, қизни уйлари яқинидаги автобус бекатигача кузатиб юрдим. Навбатдаги оқшом автобус бекатга келиб тўхтаганида у:
–Ие, аям чиқмабдилар-ку, – деди.
–Ундай бўлса, уйларингизгача кузатиб қўяман, – деб, автобусдан тушдим.
Озроқ юргандик, аяси келиб қолди. Мен салом бердим.
–Манга қаранг, йигит, сиз нега бу қизнинг орқасидан пашшадек эргашиб юрибсиз? Манга факультетларингдаги қизлар телефон орқали айтишди, – дабдурустдан дакки берди аёл.
–Безори болалар Матлубани орқасидан тушишган экан…
–Биринчидан, у Матлуба эмас, Матлубахон, иккинчидан, сиз бунинг тенги эмассиз. Бу қанақа оилада тарбияланганини биласизми? Сизни кимлигингизни ҳам суриштирдим. Қашқадарёлик латтабошларга берадиган қизим йўқ! Қолеверса, у холасининг ўғлига бешиккерти қилинган, тушундингизми?
Аёлнинг дамига ҳолва пишарди. «Латтабош» деган иборани эса биринчи марта эшитдим ва унинг маъносини дастлаб тушунмадим. Сухондарё ва Қашқадарё томонлардаги айрим аёллар бошларига кўп рўмол ёки эркаклар салла ўраши назарда тутилган бўлса керак. Аммо бизда унақа рўмол ўрашмасди. Индаллосини айтсам, қизнинг бешиккерти қилинганидан ҳам қашқадарёликларнинг «латтабошилиги» миямга тўқмоқ билан ургандек гангитди.
Қиз қисқа-қисқа учрашувларимиз чоғида таржимаи ҳолидан айрим лавҳаларни айтган эди. У бир ёшга кирганида отаси вафот этган. Бола бир яшарлигида онаси бошқа эрга тегиб, уни бобоси билан бувисига ташлаб кетган; ўрта мактабни битирганидан кейин, ўқишга киритиш мақсадида, Самарқандга олиб келган. Айтишича, бобоси водийда жуда таниқли киши. Сергей Калмиков деган ёзувчининг яқинда (1968 йилда) чиққан «Қуръон ва маузер» деган воқеий (ҳужжатли) романида бобоси Мелибой Абдуллаев ҳақида ёзилган эмиш.
Қизнинг аяси «бу қанақа оилада тарбияланганини биласизми?» дегани бежиз бўлмаса керак. Шундан кейин Мелибой Абдуллаев ҳақида университет кутубхонасидан маълумот излай бошладим. «Қуръон ва маузер» романида ҳақиқатан ҳам Мелибой Абдуллаев тўғрисида ёзилган. У киши ҳақида жуда кўп очерклар, китоблар битилган. «Қуръон ва маузер» ўзбек тилига таржима қилинган. Асар Фарғона водийсида босмачилик ҳаракати қандай бостирилгани хусусида. Мелиблой Абдуллаев ЧК (ОГПУ – илгариги КГБ – Давлат хавфсизлик комитети) да хизмат қилган, ҳатто раҳбар бўлган. Кейинчалик Катта Фарғона каналини бошқарган, Қўқон шаҳар партия комитети котиби, шаҳар ижроия комитети раиси ва бошқа лавозимларда ишлаган. Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати бўлган, Ленин ва иккита Қизил Байроқ (у даврда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони ўрнига шу орден берилган, бундай олиб қарасангиз, икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони дегани) орденлари билан мукофотланган. Қўқон шаҳрининг фахрий фуқароси ва ҳоказо. Дарвоқе, қизиқувчилар учун айтиб қўяй, «Ўзбек совет энциклопедияси» (Тошкент, 1972 йил) да М. Абдуллаев ҳақида маълумотлар берилган.
Буларни билганимдан кейин, бу кунингдан баттар бўл, осилган дорингга қара, лаванд, дедим, ўзимга-ўзим. Қулнинг оғзи овқатга текканида бурни қонайди, деб бежиз айтишмаган. Биринчи «ошиқлигим»да (Луиза билан) ҳам бурним қонагани эсингизда бўлса керак. Хўп, унда оғзидан гап келмайдиган бир сўтак эдим. Энди кимсан, мухбир деган номим бор, бутун бошли Самарқанддек жойнинг катта газетасида «шоир мана бунақа бўлади» деб эътироф этишган, ортимдан бурнининг сувини оқизиб юрган қизлар қанча. Мен, галварс, эса қўлим етмайдиган чўққига интилибман.
Очиғини айтсам, аҳволим оғирлашди; ўзимни ўлдираман деб ўйладим. Навоий, Фузулий, Бобур, Машраб ғазалларини кўп ёд олардим. Икки байтнинг бирини эсласам, ўпкам тўлади. Киши ёшлигида севиб қолса ва кексайганида, бўлар-бўлмасга, хўрланаверишига, йиллар ўтиб, ишонч ҳосил қилдим. Ишга ҳам, дарсга ҳам мунғайиб бориб, мунғайиб келаман. Ҳамхонам – Ғайбиддин Фазлийга йигирма беш ёшда ўламан, икки йиллик умрим қолди, дердим. У киши:
–Ўлмайсан, ҳали устингдан кулиб юраман, – дерди, ҳақ бўлиб чиқди.

37.

Ғайбиддин ака, ёш бўлишига қарамай, кенг фикрлайдиган файласуфга ўхшайди. У киши:
–Сен-ку ўлмайсан, лекин баъзи жонига қасд қилувчиларга ҳайронман. Улар бу билан бировга ибрат кўрсатмоқчи бўлишади. Ваҳоланки, ўз жонига қасд қилган киши бундан рағбат кўрмаслигини тушунмайди. Хато қилганини жон рамаққа келганида англайди-ю, унда кеч бўлади, – дерди.
Иккинчи жўрам – Самижон Соқий деган шоир йигит. У Соқий тахаллуси билан шеърлар ёзарди. Ғайбиддин ака билан ҳарбий хизматга кетишдан олдин, пиллакашлик фабрикасида ишлаб юрганимда, танишганман. Самижон билан ҳарбий хизматдан келгандан сўнг. Унинг айрим фикрлари марҳум Ғуломризо ака қарашларига ўхшарди. Марҳум танишим шеърни ёқтирмасди, бу эса дунёда шеърдан бошқа нарса ҳам борлигига ишонмасди. Минглаб мисраларни, ҳатто Озар совет шоири Самад Вурғуннинг «Комсомолнома» деган катта достонини ёддан биларди. Фақат: «Самад оға шундай истеъдодини комсомол деган аллақандай ношуд ғояларга қурбон қилган-да», деб афсусланарди. Даҳрийлигига гап йўқ. Унинг баъзи ҳаракатларини хаёли жойида одам қилади деб ўйламайсиз. Қирғияк (кузнинг бошланиши) эди, мен ишлайдиган таҳририятга қувониб кириб келди.
–Тошкентда эдим, Рауф (Парфи) билан икки кун юрдик. Яқин орада Суръат (Орипов) ака билан иккаласининг шеърлари битта китоб бўлиб чиқади. Шоири даврон ижодларидан ҳам намуналар беришибди, – ўзига ишора қилди. –Ма, ўқи, сен севган коммунистик партия ҳақида бирон оғиз сўз топсанг, жонимни ол! – деди, қўлидаги «Гулистон» журналининг яқинда чиққан сонини узатиб.
Унда сурати билан бир туркум шеърлари эълон қилинибди. У ҳам бизнинг факультетда кундузи ўқирди. Биринчи босқичда (курсда) Совет Иттифоқи коммунистик партияси тарихи ўтиларди. Шу тарихни ўрганмаслик учун ўқишни ташлаб кетди. Бир кун унга Ғуломризо аканинг: «Худо бўлганида судга берардим», деган гапини айтдим. Роса кулди.
–Менбоп экан-да, аттанг, бевақт ўтибди, – деди-да, ўйланиб қолди. – Қараб тур, бир иш қиламан.
Уни тентак ҳам, соғ ҳам деб бўлмасди. Университетдан кетгач, тиббиёт институти кўп нусхали газетасини чиқара бошлади. Сўнгги учрашувимиздан кейин бирор ой кўринмай кетди. Курсдошим – Абдухолиқ:
–Самижон жиннихонага тушибди, – деб қолди.
Кейин билсам, Худо билан коммунистлар партияси устидан ариза ёзиб, судга борибди…Отаси колхоз раиси эди; югуриб-елиб, жиннихонадан чиқаришган. Орадан кўп ўтмай, «Совет Ўзбекистони» газетасида Самижон ҳақида фельетон босилди. Унда ёзилишича, жўрам тиббиёт институтига пул бериб кирувчиларни тўплаб, бир гуруҳ тузган. Ҳаммасининг маблағини олиб, улар рўйхатини институтга кирганлар рўйхати қаторига илиб қўйган. Бечоралар жамоа билан пахта теримига борган. Мавсум тугагач, дарслар бошланиб, сир фош бўлган. Самижонни қамашди…
Бу воқеани эслашимдан мақсад шуки, Матлуба, кечирасиз, Матлубахоннинг аяси билан учрашувимиздан кейин мени деканатга чақириб, факультет партия ташкилоти котиби, комсомол ташкилоти котиби, талабалар касаба уюшмаси қўмитаси раиси, факультет хотин-қизлар қўмитаси раиси, гуруҳимиз раҳбари ва ҳоказолар иштирокида «ишимни» муҳокама қилишди. Партия ташкилотининг котиби йиғилишни оча туриб:
–Ўртоқлар, бугун биз жуда нозик, яъни, инсон ҳиссиёти масаласи устида мунозара қиламиз, – деди.
У киши ўзини жуда ўнғайсиз сезаётганди. Гап шундаки, бундан бир ойлар илгари, дарсларимиз тугаганидан кейин, аниқроғи, соат 21 дан 40 дақиқалар ўтганда, бир хона эшигини тасодифан очиб, сочларига оқ оралаган шу домла ёш қизни қучоқлаб турганига гувоҳ бўлгандим. Ҳозир партия ташкилоти котиби, бу маънавий масалани муҳокама қилишдан кўра, тезроқ тугатиш ҳақида кўпроқ ўйлаётгани гапларидан маълум эди. Тўғрисини айтсам, у киши ўзини менга хайрихоҳ қилиб кўрсатишга уринаётганди. Баъзи ўқитувчиларнинг факультетимиздаги кўзга яқин қизларга оралиқ синовлардан баҳо қўймай, дарсдан кейин олиб қолишлари ва шунақа бемаъни ҳаракатлар қилишларини кўпчилик биларди. Котиб масалага жиддий тус бермасликка уриниб:
–Коммунистик партия ҳақиқий муҳаббатга қарши эмас. Аммо бу туйғу икки томоннинг ўзаро келишуви ва хайрихоҳлиги асосида рўёбга чиқиши керак. Бу ҳолатда эса бир мунча бошқачароққа ўхшайди. Гражданка Мамлакат Мелиқуловна Абдуллаеванинг бизга қилган оғзаки шикоятига қараганда, Хўжаев гражданканинг оилавий тинчини бузаётган эмиш, – деди.
Шу аснода мен: «Мелиқуловна эмас, Мелибоевна», деб домла хатосини тузатдим.
–Мана, эшитдингларми, – гапга аралашди гуруҳимиз раҳбари Валиев, – айбини ўзи тан оляпти. Шундай бўлмаса, у гражданканинг Мелибоевна эканини қаёқдан билади?
Валиев мен билан ўчакишиб қолганди. Домла ҳам Матлубахонга «дарсдан кейин қол», деганида, у менга арз қилганди. «Қолманг, керак бўлса, кундузи келасиз», дегандим. Гуруҳимиз раҳбари ё ўтадиган мавзусини яхши билмасди ёки тайёргарликсиз келиб, дарсни нуқул дафтаридан ўқиб бериш билан ўтказарди ва, кечки палла эмасми, тез-тез ҳамёза тортиб турарди. Бир кун танаффус пайтида, ўқитувчи турадиган минбарга чиқиб, у кишининг қилиғини қилаётганимда келиб қолган ва ўз ҳаракатларини менинг ижромда анча вақт кузатган. Мен буни сезмай, масхаорабозлик қилаверганман. Ҳозир ўч олиш пайти келганди.
–Бу ер, баъзи бир маҳмадоналар ўйлаганидек, Лайли – Мажнун ролини ўйнайдиган театр эмас, университет дейдилар, – Валиев, имкони борича, ачитиб сўзларди. – Бу ерда фақат билим олинади. Хўжаев масаласига келсак, унинг хаёлида билим олиш эмас, маиший бузуқликдан бошқа нарса йўқ. Бунинг устига, у носоғлом гуруҳлар таъсирига тушиб қолган. Ишонмасангиз, яқин дўстларинг ким деб сўранг-да.
Ўтирганлар аввал менга, кейин бир-бирларига тикилишди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
–Қизиқ, укажон, яқин оғайниларингиз кимлар? – деди.
–Бешинчи босқичдаги Ғайбиддин Фазлиев, гуруҳимдаги Абдухолиқ Ҳакимов…, – дедим.
Партия ташкилоти котиби:
–Уларнинг иккаласи ҳам ажойиб йигитлар-ку! – дея ажабланди.
–Бу асосий жўрасини яширяпти, – луқма ташлади Валиев. – Самижон Соқийни нега айтмаяпсан?
–Ҳа, Самижон ҳам жўрам, – домланинг фикрини қувватладим.
Ўтирганлар орасида аллақандай бесаранжомлик бошланди.
–Бу гапларни протоколлаштириш керак, – кечки пайтда декан қабулхонасида ўтирадиган қизга қараб деди Валиев, – ҳали масхарабозликнинг давомини кўрасиз, Хўжаев университетдан ҳайдалибди, дейишса, ажабланманг.
Йиғилиш иштирокчилари мен билан Матлубахоннинг учрашувимиз мақсадга мувофиқ эмас деган хулосага келишди. Мен, ҳақир эса ҳали-ку университетдан, дунёдан ҳайдашса ҳам бу маслаҳатларига амал қилмаслигимни тушунмаганликларидан кулдим.

38.

Нафсиламрини айтганда, нашъу намо билан яшаган ва яшаётган бу оилага мендек бир «саҳройи»нинг илашиши ғайритабиийдек эди; ҳаловатлари, чиндан ҳам, бузилганди. Ҳаётимдаги шу ғалвали кунларда муҳаррир тумандаги 8-мактабдан танқидий мақола тайёрлашни буюрди. Озурда кўнглимга бунақа гаплар сиғмасди. Ўзимни мардуд (ҳамма жойдан қувилган, рад этилган) дек ҳис қилардим. На илож, топшириқни бажариш керак эди. Мактабда мени директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Орипов кутиб олиб:
–Директоримиз бетоб; сиз у кишини тонисангиз керак, – деди.
–Йўқ, танимайман.
–Иби, «Ҳақиқати Ўзбекистон» (ҳозирги «Овози точ,ик») газетини олбласть мухбири Акбар Усмоновни хоҳарлари-ку (сингиллари)! – ажабланди. – Район марказидаки катта кўча уларни падарлари номига қўйилган, буни билсангиз керак?
–Буниям билмайман.
–Ундой бўлса мани тонийсиз, албатта: ман – Шароф Рашидов билан бир даврга кўп хизматлар қилган машҳур шоир Гулханийни ўғуллари бўламан.
–Ҳа, Муҳаммад Шариф Гулханийнинг «Зарбулмасал»ларини ўқиганман, – дедим, ақалли бир кишини билишимдан қувониб.
Лекин Гулханий Шароф Рашидов билан қандай учрашаркан деб ажабландим.
–Йўғ-е, у Гулханий башқа, падаримиз – Ориф Гулханий.
–Демак, у кишини ҳам танимас эканман.
–Хай, бундой бўлса, сиз бу жойлик эмасакансиз-дия.
Иккаламиз бир неча ўқитувчи дарсларини кузатдик. Бу жараён қандай кечиши кераклигини ўзим билмасдим-у, маъқул бўлмаган ҳолатларни дафтаримга қайд этдим. Директор ўринбосари хонасига келганимизда қайси ўқитувчининг дарси у кишига ёққани, кимларники маъқул бўлмаганини сўрадим. Сочлари оппоқ бу содда киши ишлари кузатилган ўқитувчиларнинг ҳар бири ҳақида батафсил маълумот берди. Ҳаммасини ёзиб олдим-да, «биз кўрмаган ўқитувчилардан кимларнинг дарслари сизга ёқмайди?» деб сўрадим. Орипов яна уч ўқитувчининг номини тилга олди. Дафтаримга буни ҳам илдириб қўйдим.
Танқидий мақола босилиб чиқди. Туман халқ таълими бўлими махсус комиссия тузиб, ўша мактабдаги аҳволни текширди ва таҳририятга «Мақолада таъкидланган фактлар тўла тасдиқланди», дея жавоб қайтарди. Шундан кейин, кўп ўтмай, мени туман судига чақиришди. Борсам, судья: «8-мактабдан уч ўқитувчи устингиздан судга ариза берган. Уларнинг дарсини кўрмасдан танқид қилибсиз», деди. Бу тўғри. Чунки, ўша уч ўқитувчи Ориповнинг гаплари асосида бадном қилинган эди. Судья қандай чора кўришни билмасди. Негаки, газета туман партия қўмитаси ва халқ депутатлари туман кенгашининг органи бўлиб, унга юқори партия ташкилотидан бўлак ҳеч қандай куч таъсир ўтказолмасди. Суд партия органи ходимига тил тегизишга ожиз эди. Судья яна икки марта чақирди-да, охири ишни ёпди.
Орадан бир ойлар ўтгандан кейин таҳририятимизда ваҳима кўтарилди: муҳаррир билан мени туман партия қўмитасининг биринчи котиби чақирибди. Шу пайтгача биринчи котибни кўрмаган эдим. Аммо муҳарриримиз ундан ўлгидай қўрқишини сезардим. Бугун ҳам гап нимадалигини билмаган шўрлик муҳаррирни тер босган ва жуда дилтанг эди. Биринчи котиб хонасига ҳаммадан кейин бордик. Узун, нимқоронғи хона тўрида ўрта ёшлардаги савлатли киши ўшшайиб «Шарқ тонги» газетасининг тўртинчи бетини ўқиётганди. Ўндан ортиқ киши унга тикилиб ўтиришибди. Муҳаррир билан мен эшикдан секин ичкарига кириб, четдаги икки ўриндиққа ўтирдик. Биринчи котиб узоқ ўқиди. У газетанинг тўртинчи бетига назар ташлаб турганлиги учун биринчи бет бизга кўриниб турарди. Зеҳн солиб қарасам, танқидий мақолам чиққан сон экан. Юрагим шувиллаб кетди. Мақолани охиригача ўқишга тоқати етмаган котиб жуда дўриллаган овозда:
–Йўқ-ку!? – деди.
Партия комитетининг идеология бўйича котиби ирғиб ўрнидан турди-да, мақоланинг энг охиридаги хатбошини (ҳалиги уч кишининг номлари ёзилган жойни) кўрсатди. Биринчи котиб уни ўқиб:
–Бор гап шуми? – деди.
–Ҳа, ҳа, Баҳромқул Бўронович, шу гап учун судга ҳам беришганди, –тушунтирди идеология котиби.
–Шундой бўлса, ҳаммангни падарингга наълат! – деди Баҳромқул Бўронович. –Бир абзас гап учун ЦК КПСС (Совет иттифоқи коммунистик партияси марказий комитети) органи – «Правда» газетасига шикоят ёзиб, райкомни бадном қилгандингларми?
У киши узоқ вақт ўйланиб ўтирди. Ҳамма таҳликада эди. Баҳромқул Бўронович столдан кўзларини кўтариб, ўтирганлар томонга қаради.
–Шикоят ёзган ким?
Ўнг қўли гипсланган бир аёл туриб:
–Ман, – деди.
–Мухбир ким?
Ўрнимдан турдим. Котиб шикоят ёзган аёлга қараб:
–Мухбирни тонийсанми? – деб сўради.
–Биринчи бор кўраёпман, Баҳромқул Бўронович.
Котиб менга юзланди.
–Сан бу аёлни тонийсанми?
–Йўқ, – жавоб бердим, овозим қалтираб.
–Ундой бўлса, бу аёлни номини газетга қанедой ёздинг?
–Манга уч кишини номини завуч (директор ўринбосари) Орипов берган эдилар.
–Орипов ким?
Хонадагилар орасида ўтирган Орипов ўрнидан турди.
–Фомиляларни баччага сиз бердингизми?
–Йўқ, Баҳромқул Бўронович, ман бу фомилияларни берган эмасман.
–Бу икави бир-бирини тонимасакан. Сиз бермасангиз, мухбир қаёқдан олади? Сочни оппоқ қилиб, ялғон гапуришга уёлмайсизми? Чиқ, ҳамманг, йўқол! Мухбир қолсун! – ҳукм қилди котиб.
Ёлғиз қолганимиздан кейин Баҳромқул Бўронович:
–Сан, бачча, бағайри ҳақ иш қилганингни биласанми?
–Ҳа, тушундим.
–Ман шуни билиб туруб боз бағайри ҳақ ҳаракат қилдим, буниям тушундинг-а? Газита райкумни органи. Ман сани емас, райкумни шаънини ҳимоя қилдим. Ҳоли ғўракансан. Олдингга катта перспективалар бор. Сан бўлсанг, бақавли жинди заифани кўрмай, танқид қилиб юрибсан, ҳайф санга! Агар у девона бўлмаса, номини газитга ўқуб, йиқилиб тушадуми? Шундан қўли синибту. Ҳозир чиқиб, унга узрхоҳлик қил, билдингми? Бор!
Шахсий ҳаётимдаги талхкомлик етмагандек, бу дард устига чипқон бўлди.

39.

Кўнгил таманноси ҳақидаги гапларни четга суриб, танқидий мақола хусусида ҳикоя қилишимнинг боиси – ўша даврларда муҳаббат можаросидан тортиб, турмушнинг барча муаммо-ю икир-чикирлари партия тасарруфида бўлганини таъкидлаш эди. Биз, журналистман деб кўкрагига уриб юрганлар, дунёда Совет «демократияси»дан бўлак демократия ҳам борлигини билмаганмиз. Ваҳоланки, чинакам демократия шароитида ўзи мустақил ҳокимият саналувчи суд партия ташктилоти олдида ожиз эканини тушунмай, демократия шунақа бўлади деб юрганмиз. Орамизда шу ҳақиқатни ҳалигача англаб ололмаган «журналист»лар борлиги кишини ҳайратга солади.
Шундай талотумлар бошимни гангитиб юрган кунларнинг бирида амаким Тошкентга бораётиб, мени йўлакай кўриб кетиш учун, Самарқандга тушибдилар. Якшанба куни у кишини кузатиб қўйиш мақсадида темир йўл вокзалига бордим. Меҳмонимни жўнатиб, шоҳбекатнинг бир залидан иккинчисига ўтиладиган йўлакдан кетаётганимда аёл киши дабдурустдан:
–Ҳой безбет, бизни тинч қўясанми, йўқми? – деди.
Биров кимнидир уришяпти шекилли деган хаёл билан бурилиб қарасам, Мамлакат Мелибоевна менга айтган экан. Тўхтадим; у кишининг ёнида ҳасса тутган, фариштасифат кампир, икки аёл ва Матлуба бор эди. Шаънимга ёмон гап айтилганлигига қарамай, салом бердим. Кампир билан икки хотин алик олишди. Мамлакат хола жуда важоҳат билан турганди.
–Любахонга сирачга ўхшаб ёпишиб олган сурбет шу-да, ая! – деди у киши кампирга қараб.
–Ҳай-ҳай, қизим, оғзингга қараб гапир. Шу ҳам бировнинг арзандаси-ку, ахир.
–Ҳе арзанда бўлмай ўлсин бу – бебошвоқ, қонимни ичди! Ман сани икккинчи марта огоҳлантиряпман, бола, кейин ўзингдан ўпкала! Йигирма тўрт соатда Самарқанддан изингни қуритаман, уқдингми?
Бошимни пастга эгиб:
–Амакимни кузатгани чиққан эдим…, – дедим.
–Амакинг билан қўшмазор бўл, хўпми? Буни баҳонасини кўряпсизларми? Ҳали безорилар Матлубага ёпишибди, дейди, ҳали амакимни кузатдим, дейди.
Шу гапдан кейин ўзимни тутиб туролмадим:
–Сиз истайсизми, истамайсизми, қизингизга уйланаман!
Безбетлик бундан ортиқ бўлмаса керак. Шундай дедим-у, бурилиб, жўнадим.
–Вой юзинг кўчгур, мана, сизга бировни арзандаси, ая! – деб қолди Мамлакат хола.
–Қурмагурни диди ёмон эмас, Любахон сирачга ўхшаб ёпишишга арзийдиям-да, апа, – қайси бир аёл ортимдан луқма ташлади, шунча дилхираликка қарамай.
Ишларим чаппасига кетди. Матлуба билан на факультетда, на кўчада учрашишнинг имкони йўқ эди. Ўқиш жараёнида, Валиев айтганидек, «мингта кўз бизни кузатарди». Шу пайтгача ақалли қўлидан бир марта ушлаганимда ҳам бошқа гап эди. Шуни ўйлаб, жуда катта гапириб қўйганимни сездим ва ишдан бўш вақт топдимми, «Любахон»нинг уйи томон шошардим; мабодо кўчага чиқиб қолса, учрашиш илинжида, узоқ-узоқлардан уларнинг дераза, эшикларини кузатардим. Бир кун у уйлари ёнидаги ҳовличага кириб, тезда қайтиб кетди. Етиб боришга улгурмадим. Секин ҳовличага яқинлашдим; унинг деворлари паст, дарвозаси очиқ эди. Ичкарида рус кампир куймаланиб юрибди. Дарвоза олдида тўхтаб, томоқ қирдим. Кампир менга қараб:
–Шо ты хотел? – деди.
–Да, так, ничего, – бамайлихотир жавоб бердим. – Недавно сюда Матлюба заходила?
–Люба штоли? – ажабланди кампир, – была. Ты её знаеш?
–Вместе учимся.
–А-а, любовь крутиш? – муғомбирона жилмайди.
–…
–Её позвать?
–Если можно…
–Невозможноҳо ничеҳо нет, сынок; чеҳо ты, как не родной, стоиш у ворот, заходи.
У кичкина даҳлизга кирди. Бу ерда уч пилигли керосинка, битта эски стол, стул қўйилган. Кампир уйчадан ўтиб, ичкарига таклиф қилди. Унча кенг бўлмаган хонада битта темир каравот бўлиб, гулли қоғоз қоқилган шифти паст эди. Деворга илинган гиламга турли расмлар ёпиштирилган ойнали чорчўп осилган. Аёл ёшлигида кўҳликкина бўлгани ўша расмлардан кўриниб турарди. Кампир:
–Я шшас, – деб ташқарига чиқди.
Бир оздан кейин «Любахон»ни эргаштириб келди.
–Вой ўлмасам, сиз бетта нима қилиб турибсиз?! – ҳаяжонланиб кетди Матлуба.
Кампир келганлигимни билдирмай, чақирибди.
–Сизга уйланишим шартлигини айтгани келдим, – темир йўл вокзалидаги сурбетлигимни эслатиш ва бу гапимга унинг муносабатини билиш учун ҳазиллашдим.
–Э ўлинг-е, одамам шунчалик юзсиз бўладими. Ўша куни бувим билан холаларим олдида ерга кирай дедим. Ман сизга тегаман деганмидим?
–У киши сизни тарбиялаган бувингизми? – Суҳбатимиздаги кескинликни юмшатиш мақсадида савол бердим.
–Ҳа, шу бувим бир яшарлигимдан тарбиялаганлар. Холаларим билан Самарқандни айлангани келишган экан.
–Бувингиз фариштага ўхшарканлар.
–Э, нимасини айтасиз, у кишидақа хотин дунёда бўлмаса крак.
–Қўқонда нима гаплар?
–Ҳеч гап йўқ.
У шундай деди-да, ўйланиб турди.
–Сиз бешиккерти қилинган холаваччангизнинг онаси ҳам келганмидилар? – ўсмоқчиладим.
–Вокзалда кўрганингиз – ёшлари каттаси ўша холам эдилар. Ҳа, у киши чақалоқлигимда мени эмизган эканлар.
Бу мен учун асосий гап эди.
–Демак, холаваччангиз сизга уйланолмайди?!
–Бувим ҳам, холам ҳам шундай дейишди.
–Бундан чиқди, навбат меники-да.
–Йўқ, – аллақандай надомат билан айтди бу сўзни. – Кеча курсдош ўртоғим билан мени аям Пайариқ деган жойга олиб бордилар. Данғиллама ҳовли-жойларни кўрсатдилар; жуда чиройли экан. Самарқандга қайтиб келаётганимизда:
–Борган ҳовлимиз шу туман партия комитетининг биринчи секретариники, уни бир ўғли Тошкентда ўқир экан. Секретарь ўша ўғли учун сенга оғиз очди. Рози бўлишдан олдин жойларини бир кўр деб келтирдим, – дедилар. – Кўриб турганингиздек, сизнинг навбатингиз ўтиб кетди.
Бу кутилмаган гап бўлди. Иккаламиз ҳам ўйланиб қолдик.
–Аянгиз балога ўхшайдилар, – дедим, сукунатни бузиш учун.
–Сиз у кишини совунига кир ювмагансиз.
–Нега, икки марта «ювдим» ҳисоби. Хўш, у аянгизнинг танловлари. Сиз нима дейсиз?
–Нима ҳам дердим. Туғиб, ташлаб кетган бўлсалар ҳам, аям-да. У кишидан ўтиб бирон гап айтолмайман. Ман кетай, аям тёт Марусяникига излаб келишдан ҳам тоймайдилар. Қўйинг бежанжал юрайлик.
–Бўпти, бахтли бўлинг. Мени отам биринчи секретарь ҳам эмас, данғиллама уй-жойим ҳам йўқ. Аянгиз яхши қилибдилар. – Шундай дедим-у, хаёлимда юрагим узилиб тушгандек бўлди.

40.

Мени алқамаган, мени алдаган ойлар, йиллар ўтди-ю «ошиқлигимиз» салом-аликдан нарига ўтмади. Фузулий айтганидек, қисмат мирзолари севишганлар бахтини азалдан қора деб ёзганларига («Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар») ишондим. Фақат Матлуба аҳён-аҳёнда, тасодифан учрашганимизда, секин салом бериб ўтишини, камина маҳзун ишқий шеърлар ёзиб, йиртиб ташлашни канда қилмадик. Қўқонлик қиз ҳақидаги орзуларим саробга айланди. Мамлакат холанинг ўзига мос, тагли-тубли қуда-анда топганлиги, қизининг тўкин-сочин шароитда яшашини таъминлаганидан туйғуларим ғалаён кўтарса-да, ақлим ич-ичимдан қувонтирарди. Она сифатида у киши фарзандининг ночор яшашини истамаслиги табиий эди, албатта. Ўз кунини базўр ўтказаётган мен, ғариб, туман партия қўмитасининг биринчи котиби сингари рўзғор нашъу-намосини таъминлаб беролмасдим.
Шу тарзда уч йил юрдик. Мени икки жойга – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ва КГБ (Комитет государственной безопасности – Давлат хавфсизлиги қўмитаси) вилоят бошқармасига ишга таклиф этишди. Табиийки, Ёзувчилар уюшмасини танладим. Кайфиятим бирмунча кўтарилиб, факультетга келсам, эшик олдида, иттифоқо, Матлубани учратдим. Валиевлар отиб ташласа, ташлар деган хаёл билан тўхтаб, бафуржа гаплашмоқчи бўлдим. Салом-аликдан кейин у: «Ман райком секретарининг ўғлига турмушга чиқишга рози бўлмадим», деди. Чўпон йигит бошига бахт қуши қўнганлиги ҳақидаги эртакни эшитгансиз. Ўзимни ўша қўйчивон ўрнида тасаввур қилдим ва Матлубани, ҳамманинг кўз ўнгида, даст кўтариб, айлантиргим келди…
Куёв танлаш масаласида жиддий мунозарадан кейин аяси Матлубани уйдан қувибди. Шўрлик «тётя Маруся»синикида тунабди. Айтишича, бувиси: «саййид авлодидансан, сени ҳар кимга берорлмаймиз. У йигит, жиндек қўпол бўлса ҳам, саййидлардан экан, ўшани танлаганинг маъқул», деганлар… Вақтни бой бермай, онам билан янгамни совчиликка жўнатдим. Мамлакат хола: «тўйдан кейин булар қаерда яшашади?» деб сўраган. Янгам: «биронта уй олишади», деганлар. Мамлакат хола: «ундай бўлса, мана шу биз яшайдиган уйни олақолинглар, биз Тошкентга кўчиб кетамиз», дебди. Хуллас уй пули ҳам бериладиган, тўй ҳам қилинадиган бўлди…
Матлуба ҳаёт йўлини танлашда ниҳоятда жиддий таваккал қилганини ўйлаб кўрганми, йўқми, билмайман. Аммо унинг ўрнида ўзим бўлганимда шундай қила олишимга ишонмайман. Ахир Мелибой Абдуллаевдек киши оиласида тарбия кўриб, туман партия қўмитаси биринчи котибининг келини деган обрў баҳридан кечиш ва мендек, Мамлакат хола ибораси билан айтганда, бир «жулдурвоқи»ни танлаш учун кишида қанчалик журъат бўлиши керак. Мамлакат холанинг алами ичида қолди. Тўйимиз ўтганига қирқ икки йил бўлди; фарзандларимизнинг фарзандлари уйланадиган ёшда. Қайнонам эса ҳалигача: «қизимни бу беюздан ажратиб оламан», дейди.
Тўйимиздан кейин қайнона ва қайнотамиз Тошкентга кўчиб кетишди. Аммо узоқ турмасдан, қайтиб келишди. Бирга тўққиз ой яшадик. Бу муддатнинг қандай ўтганини ичкуёв бўлганлардан сўранг. Тўнғич фарзандимиз туғилишига икки кун қолганда қайнонам мени сотиб олган уйимдан қувди. Битта кўйлак ва битта шим билан чиқиб кетдим. Шу кеча-кундузда кўзи ёришиши мумкинлигига қарамай, Матлуба ҳам ортимдан эргашди. Борадиган жойимиз йўқ эди. Матлубанинг бирга ўқийдиган дугонасиникига бордик. Улар азиз кишиларидек кутиб олишди. Эртаси куни мени Тошкентга, Ёзувчилар уюшмасига, иш юзасидан, чақиришди. Матлуба ўша куни туғруқхонага тушибди. Тошкентдан келиб, ўғилли бўлганлигимни билдим.
Гўримир (Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва бошқалар дафн этилган жой) мақбараси орқасидаги ҳовлидан бир хонали уйчани ижарага олдим. Хотиним билан ўғлимни қайнонам уйига олиб кетди. Чақалоқнинг чилласи чиққанидан кейин Матлуба бола билан аясиникидан қочиб келди. Хонамизда битта темир каравот, иккита кўрпачадан бўлак нарса йўқ эди. Ҳовли эгаси керогаз (керосин билан ишлайдиган плитали ўчоқча), битта темир, битта чинни чойнак, қозонча, капгир, иккита қошиқ, дастурхон, иккита коса берди. Уйчамиз ёнига иккита хода кўмиб, атрофини картон қоғоз билан ўрадик ва ошхона «қурдик».

41.

Ўрта мактабни битириб, Бухоро ва Самарқандда ишлаганим, сўнгра уч йиллик ҳарбий хизматда бўлганлигим боис бирга ўқийдиган гуруҳдошларимнинг аксариятидан беш-олти ёш катта эдим. Энг ёмони, шу ёшгача чеккан уқубатларим, тинимсиз ва пала-партиш ўқиган китобларим феълимда Сенека стоиклигини, Нитсше нигилизмини шакллантирган эди. Оддийроқ қилиб айтсам, ҳар қандай азоб ва омадсизликларни ҳам, ўта катта нуфузни ҳам тан олмайдиган қўрсга айлангандим. Бундан кейинги ҳаётимда, шу терслигим ва маҳмадоналигим туфайли, кўп азиятлар чекдим.
Эртага имтиҳон топширишим керак бўлган кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатининг раиси Комил Яшин имзоси билан номимга телеграмма келди ва Тошкентга таклиф қилинган эдим. Табиийки, телеграммани деканатга кўрсатиб, имтиҳонни бир кун олдин топширдим. Буни барча гуруҳдошларим билишди. Икки кундан кейин хизмат сафаридан қайтиб, ўқишга келсам, бир неча гуруҳдошим факультет кириш эшиги олдида туришган экан. Холиқ Ҳакимов мени қучоқлаб:
–Табриклайман, жўра, зўр бўпти! – деди.
Нима «зўр» бўлганлигини тушунмадим. Шу аснода ургутлик гуруҳдошим Темур гапга аралашди:
–Нега табриклаяпсан, тушунтириб гапир?!
–Жўрамиз Тошкент шаҳар партия комитетини биринчи котиби бўлди, – тушунтирди Холиқ.
Ҳамма, жумладан, ўзим ҳам ҳайрон эдик. Холиқнинг айтишича, мен Тошкентга борган кунда шаҳар партия қўмитасининг пленуми бўлган ва ташкилий масала кўрилган. Асадулла Ашрапович Хўжаев партия қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланган. Бу ҳақда Республика радиоси хабар берган. Фақат унда Хўжаевнинг исми, отасининг исми айтилмаган. Холиқ мени биринчи котиб бўлди деб ўйлаган. Турганларнинг оғзи очилиб қолди. Ўзим ҳам гап нимадалигини тушундим ва биринчи котиб қиёфасига кириб олдим. Турганлар бирин-кетин саволга тута бошладилар. Мени ҳамиша сенсираб мурожаат қиладиган Сафар:
–Сизни қандай қилиб топишди? – деди.
Турқимга жиддий тус бериб:
–Ўртоқ Шароф Рашидович ўртоқ Комил Яшинга: «Тошкентни бошқаришга қурби етадиган ёш ва ғайратли бир йигит керак», дебдилар. Ўртоқ Комил Яшин мени тавсия қилганлар…
–Энди ўқишингиз нима бўлади? – деди қайси бири.
–Ҳа-ҳа, керак бўлса, ректорни ўзи ТошДуга ўтказиб қўяди, –жавоб берди бошқаси.
–Машинангизнинг номери неччи?
Бу саволни кутмаган эдим, бирмунча таҳликага тушдим–у:
–Ноль, ноль, ноль, беш ТНО, – ишонч билан жавоб бердим.
Жўраларим «кўрдингми», дегандек, бир-бирларига маъноли ишоралар қилишди. Шундан кейин ҳаммаси лавозим сўрашга тушишди. Сафар:
–Жўражон, ўқишимни биласиз, менга Оқдарёдаги 24-мактаб директорлигини олиб берасиз-да, бошқасига кучим етмайди, – деди.
–Бу масала ҳал бўлган ҳисоби, – виқор билан ваъда бердим.
Турғунбой:
–Менга Ургут райОНОсини гаплашасиз.
–РайОНО масаласи бирмунча оғирроқ, у жойни олиш учун камида икки-уч йил мактаб директори бўлиб ишлаш керак.
–Жўра, ўн йил деса ҳам директор бўламан, лекин РайОНОни бир марта олишим керак.
–Унда гаплашиб кўраман.
Гуруҳимизда қашқадарёлик икки кўзи ожиз Маҳмуд ака ҳам ўқирди. У киши ҳамюрт сифатида ўзини менга яқин тутиб:
–Миршариф, ука, бизга энди шу вилоят кўрлар жамиятини раислигини гаплашасиз-да, – деди.
Фаросатсизлигим қурсин, у кишига:
–Маҳмуд ака, кўрлар жамияти раислигини олишнинг биринчи шарти – кўр бўлиш. Бу масла бизда ҳал этилган, шунинг учун лавозим меники деяверинг, – дебман.
Шу тариқа сўралган ҳамма лавозимларни олиб беришга ваъда қилдим. Дарсга кириш учун қўнғироқ чалинди. Холиқ билан энг охирги столда ўтирардик. Дарслар жараёнида деярли ҳеч ким домлалар гапига қулоқ солмади. Ҳамма, навбати билан, орқага – менга тикилиб, ҳурмат бажо келтирарди. Камина эса, оёқларимни чалкаштириб, «бу дарсларингни илиб қўйганман», қабилида, у ён-бу ёнга виқор билан тикилардим. Ўша кун эртаклардагидек ўтди. Эртаси дарсга келсам, менга ҳеч ким қўл бермайди. Гуруҳ етакчиси раҳбаримиз Валиевга бориб «янгиликни» айтибди. Валиев ҳайратланиб:
–Гуруҳимиздаги маҳмадона Хўжаев биринчи котиб бўлибдими? Ахир у партия аъзоси эмас-ку?! . – дея, сирни фош қилган.

42.

Ёзувчилар уюшмасига бадиий адабиётни тарғиб қилиш бюросининг мудири деб ишга олишди. Бўлим масъул котиби – шоир ва драматург Душан Файзий:
–Корхона, муассаса, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари жамоалари билан шоир, ёзувчилар учрашувларини ташкил қиласиз, ўзингиз ҳам ижод намуналарингиздан ўқиб берасиз, – деди, ишга қабул қилаётганида.
Бу жуда ажойиб юмушдек туйилди. Биринчи учрашувни корхонамдан унча узоқ бўлмаган вино заводи ишчи-хизматчилари билан ўтказишга қарор қилдим. Москвалик шоир Григорий Иванов билан тошкентлик ҳажвий ёзувчи Лев Белов Самарқандга, яъни ёзувчилар уюшмасига келишди. Иккаласини «Регистон» меҳмонхонасига жойлаштирдим. Бу қўноқхона ўша пайтларда энг арзон ва кўримсиз, хоналари суваракларга сероб эди.
Вино заводи директори серсавлат киши – Ҳайдаров ва ашкинази яҳудийларидан бўлган бош муҳандис мулозамат билан кутиб олишди, раҳбар хонасига киритиб, чой ичиришди, корхона тарихини айтиб беришди. Заводни октябрь инқилобидан илгари Ховренко деган киши ташкил этган экан. Инқилоб юз берганида бир неча минг шиша вино ер тагига – махсус омборга яширилиб, кўмиб ташланган ва талотумлар билан ҳамманинг эсидан чиққан. Раҳбарлар ўлган, кетиб қолган. Хуллас, бу ҳақда биладиган бир киши қолган. У ҳам ўладиган кунигача ҳеч кимга сир бой бермаган. Вафот этишини билганидан кейин ўғлига сирни очган. Шу тарзда завод ҳовлисининг ўртасидаги ертўлада вино яширилганлиги маълум бўлган. Директор бош муҳандисга қараб:
–Азиз меҳмонларга ертўла – музейни кўрсатинглар, кейин халқни тўплаб, учрашув ўтказинглар, – дея топшириқ берди.
Бош муҳандис бизни музейга олиб тушди. У ерда қорайиб кетган темир жавон (стеллаж) ларда жуда кўп миқдорда қадимий вино шишалари тахлаб қўйилган. Ўртада катта стол бўлиб, устида завод чиқарадиган ва дунё вино кўргазмаларидан нишонлар олган турли номдаги ичимликлар – вино, коняк, ромлар намуналари турибди. Сермулозамат бош муҳандис завод тарихини ҳикоя қилиш асносида меҳмонларига юз йиллик винолардан синов (дегустация) фужерларига қуйиб узата бошлади. Иванов билан Белов мезбон қўлини бирор марта қайтармай, ичимликни охиригача сипқириб бераверишди. Мен ҳар бир навдан бир ҳўплам ичиб турдим ва кўп ўтмай, бошим айлана бошлади. Шоир билан ёзувчи аллақачон оёқда туришолмасди. Шу пайт кимдир келиб, халойиқ учрашувга тўпланганлигини айтди. Белов:
–Пошли вы со своей встречей, никуда мы непойдём! –деди.
Бош муҳандис, ичмаганлиги учун, ҳушёр эди.
–Товарищи, как-то не ловко получается, может выйдем? – деб ялинди.
Иванов гандраклаб ўрнидан турди-да, шеър айта бошлади. Ундан кейин Белов кўкрак чўнтагидан қоғоз чиқариб, аллақандай ҳажвиясини ўқишга киришди. Мен ҳам, ширакайф ҳолда, нима қилишни билмасдим. Бош муҳандис менга қараб, уларни олиб кетиш лозимлигини айтганди, Белов эшитиб қолди-ю, унга ўшқира кетди:
–Э, ты, жид, (маҳаллий лаҳжамизда «жуҳуд» сўзи шу «жид» иборасидан олинган. Муҳандиснинг яҳудийлиги фамилиясидан маълум эди) заткнись! Не то юмористическим рассказом опозорю!
Мезбон уч шиша конякни алоҳида-алоҳида қозозларга ўраб, учаламизга берди-да, энди уйимизга кетишимиз лозимлигини айтди. Мен уларни ташқарига чиқишга, бир амаллаб, кўндирдим. Иванов семиз, Белов ориқ, иккаласи ҳам келбатли эди. Уларнинг ўртасига кириб, қўлтиқлаб олдим. Бўйим меҳмонларимнинг елкасидан келарди. Завод дарвозахонасидан ўтаётганимизда, Иванов қўлимдан чиқиб кетди-да, қоровулхонага кириб олди.
–Ещё маленьку извольте выкушать. На дорожку посошок, – деди у мезбонга қараб.
Бош муҳандиснинг тоқати тоқ бўлганди. Шоирлар билан учрашиш умидида тўпланганлар ташқарига чиқиб, бизни томоша қилишаётганди. Мезбон қоровулхонада яна бир шиша конякни очди-да, иккаласига қуйиб берди. Шундан кейин улар мутлақо эплаб бўлмайдиган ҳолатга тушишди. Бош муҳандис мени четга тортиб:
–Убирайся от сюда со своими свиньями! – деди.
Меҳмонларимни қўлтиқлаб, бу ердан унча узоқда бўлмаган «Регистон» меҳмонхонаси томонга судраб кетдим. Оралиқда милиция бўлими идораси бор эди. Унинг дарвозаси олдида милиционерлар туришган экан. Ёзувчиларнинг нигоҳлари уларга тушди. Иванов: «менты поганые» деди. Белов: «хороший мент – мёртвый мент», дея милиционерлар турган томонга қараб югуришди. Учаламизнинг ҳам қўлларимизда бир шишадан коняк бор эди. Мен уларни тўхтатолмадим ва чопиб бораётиб, дарвоза олдида бараварига юз тубан йиқилдик. Шишаларимиз чил-чил синди. Милиционерлар келиб, меҳмонларимни ердан турғазишди. Улар шоирлар эканини, вино заводига учрашувга борганлигимизни тушунтиргандим, иккта лейтенант кула-кула, бизни меҳмохонагача кузатиб қўйишди. Адабиёт тарғиботини шу тарзда бошлаганман.

43.

Айрим дўстлар «Илгари ҳам ёзиб юрганмисиз? Нега сизни Фаесбук орқали биляпмиз? Асарларингиз ундай, бундай», дея саволлар бериб, фикр билдиришяпти. Мазкур биродарларга эътиборлари учун миннатдорчилик айтиб, таъкидламоқчиманки, Фаесбукда ҳали «билинадиган», бунинг устига, «асар» дейишга арзирли бирор иш қилганим йўқ. Гап шундаки, қўлига қалам олган ҳар қандай киши, аввало, бошқаларга ниманидир ўргатаман, мен билганни улар билмайди, деб ўйлайди. Бунинг замирида, истайсизми, йўқми, шуҳратпарастлик аломати бўлади. Шу боис ёзганларимни, деярли, ошкор этмаганман ва улар эълон қилишга арзимайди деб ўйлаганман; чиндан ҳам арзимайди.
Бундан неча йил аввал журналистларнинг катта йиғинида: «Салтанатдан мукофот олиб ишлаган журналистни журналист ҳисобламайман», деган эдим. Самарқандда ўша пайтда чиқадиган «Кўксарой» деган газета биринчи бетининг энг юқорисида Афлотуннинг бир доно фикри билан каминанинг ҳалиги гапимни тўртбурчак ичига олиб эълон қилибди. Бундан бехабар эдим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (яъни, салтанатдан мукофот олган), ҳурматли Сулаймон Ҳусаинов ишхонамга кириб келди. Салом-аликдан сўнг: «Ака, хафа бўлмайсиз, ҳалиги гапингиз учун сизни судга бераман», деди. «Қайси гап?» десам, «Кўксарой»да чоп этилган фикрни айтди. Ҳайрон бўлиб: «У гапни айтганман, аммо газета учун эмас. «Кўксарой» менинг розилигимсиз уни эълон қилган бўлса, муаллифлик ҳуқуқимни бузганлиги учун газетани мен ҳам судга бераман», дедим ҳазил аралаш. Шу билан суҳбатимиз тугади ва Сулаймон судга бермади шекилли, каминани чақиришмади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, иш жойимга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, публицист ёзувчи Нусрат Раҳмат келиб: «Бир иш қилмоқчиман. Ҳозир Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси олдига боряпман. Сизнинг номзодингизни хизмат кўрсатган журналистликка тавсия этмоқчимиз», дедилар. Акага: «Менга тиллодан ҳайкал қўйсангиз, қўйинг-у бу ишни қилманг», дедим. У киши: «Бу – сохта камтарлик», деганидан кеийн ҳолатни тушунтирдим…
Бу гапларни бекорга эсламаяпман. Инсон табиатидаги худбинлик, имкон қадар, ўзини кўрсатишга уринади ва, охируламал, феълдаги табиий камсуқумликни енгиши мумкин. Камина ҳолатимда шундай бўлди. Шунча йил чидаб, шуҳратпарастлик қармоғига илиндим. Юқорида келтирилган мақтов бунинг исботи ва шу битикларнинг ўзи ҳам бировга бир нарсани ўргатаман қабилида қилинаётганлиги ўз-ўзидан маълум. Ёзувларнинг шу қисмигача ўзимни гўл сифат қилиб тасвирладим ва аслида ҳам шундай. Аммо бундан кейинги қисмларда баъзи воқеа-ҳодисалар борки, уларда ўз-ўзимни мақташимга тўғри келади. Бу эса, илгари ҳам бир муносабат билан ёзганимдек, жуда бемаъни амал. Қаҳрамоним номини ўзгартирай десам, ўқувчи ишонмай қўяди. Шу ҳолича давом эттирсам, одамлар: «Шунчалик қаҳрамонмисан?» дейишлари табиий. Шунақа боши берк кўчага кирганга ўхшайман.
Қишлоғимдан чиқаётиб: «мен буларга одам қанақа бўлишини кўрсатаман», деб айтган гапим умрим давомида қулоғим остида жаранглаб турди. Қаерда ноҳақ гап, ҳаракат бўлса, ҳеч тап тортмай, қарши чиқиб, андишасизлик қилаверганман. Шу сабабли ҳурматли ўқувчилардан бундай беўхшов мақтанишларим учун олдиндан узр сўрамоқчиман. Афсуски, бу гапларни ёзмасам, мазкур битикларнинг кераги ҳам йўқ эди. Воқеа-ҳодислар қаҳрамонларининг исми, отасининг исми аниқ келтирилиши каминага, озроқ бўлса-да, таскин бериши мумкинлигини таъкидламоқчиман. Уларни истаган киши текшириб кўриши мумкин ва атайлаб мақтанмаётганлигимни тушунишар, деб ўйлайман.
Ёзувчи биллурдек тоза инсон деган тасаввурда юрганман. Чинакам истеъдод эгаси шундай бўлади. Бадиий адабиётни тарғиб қилиш бюросида ишлаш, номдор ва кўп машҳур бўлмаган шоир-у ёзувчилар билан учрашиш жараёнида фикрим унчлик тўғри эмаслигини англадим. Жумладан, Иванов ва Белов билан шаробхонага адабиёт, маънавият хусусида амри маъруф қилгани бориб, ўзим «чўчқабоқар», шерикларим «чўчқа» сифатини олганимиз, қуйида келтириладиган бошқа шу сингари мисоллар овсарлашган жамиятда авлиё топиш осонлигига, мен сиғинган «азиз»лар ёнимдаги лақманинг бири эканига яна бир карра иқрор қилди.
Жамиятнинг ботиллиги, мунофиқлик инсоннинг хатти-ҳаракатидан бошланади. Тўрт киши – раҳбаримиз Душан Файзий, адабий маслаҳатчи Саноат Нуралиева, котиба Бибисора Туропова ва камина бир хонада ўтирардик. Корхонамиз Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими деб дабдабали номланарди-ю ходимларимиз сони шунча эди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқандда Бобомурод Даминов, Ғулом Исмоил, Болта Ортиқов, Раҳим Муқимов, Ирфон, Абдураҳим Шайхзода сингари, ўз ҳудуди ва ҳатто Совет иттифоқида ном чиқарган, ўнлаб шоир ҳамда ёзувчилар яшашарди. Улар бўлимимизга тез-тез келиб туришар, турли мунозаралар уюштирар эдилар. Ўзаро учрашишганда оғиз-бурун ўпишиб, бир-бировини мақташар, ажралишгач, ғийбатга ўтишарди. Дастлабки пайтларда бу менга жуда ғалати туйилди. Душан ака:
–Шу графоман Бобомурод Даминовнинг роман, ҳикояларини ҳам ўқийдиганлар бормикан? – деди кунлардан бирида.
Ваҳоланки, Бобомурод ака ўзини замонанинг мумтоз адиби деб биларди ва буни очиқ айтарди. Бир кун бўлимда Саноат Нуралиева билан ўтирганимизда Бобомурод ака келиб қолдилар. Гапдан гап чиқиб, қандай қилиб ёзувчи бўлганларини сўзладилар.
–Нашриётлар асарларимни босмаяпти деб Абдулла Қаҳҳорга шикоятнамо хат ёзиб, баъзи ҳикояларимни ҳам қўшиб жўнатдим, – деди у киши ва ён чўнтагидан қоғоз чиқарди. – Абдулла ака жавоб берди. Мана ўша хат. Манг, ўқинг, – қоғозни менга узатди.
Мактубни овоз чиқариб ўқидим. Абдулла Қаҳҳор хатда Бобомурод аканинг ёзувчиликни жуда кеч бошлаганлиги (у киши қирқ ёшдан ўтгандан кейин бу амал билан шуғулланишга киришган), ҳикоялари, ҳақиқатан ҳам, босиб чиқаришга арзимаслиги, вақт борида бошқа касб бошини тутиши лозимлигини ёзганди.
–Тушундингларми? – Бизга мурожаат қилди кекса ёзувчи. – Шу мактубни олганимдан кейин «Рухсора» деган қиссам ва ҳикояларим Москвада, «Советский писатель» нашриётида чоп этилди, демак, бутун Иттифоққа (СССРда) танилдим. Самарқандда Иттифоқ миқёсида китоби нашр этилган фақат мен ва Ирфон. (Ирфоннинг «Кулбаи косибон» – «Косиблар кулбаси» романи ҳам «Советский писатель» нашриёти томонидан босиб чиқарилган эди). Ҳозир «Пешонада бори» номли трилогия устида ишлаяпман. Абдулла Қаҳҳор – зўр ёзувчи, лекин менинг масаламда у киши ҳам янглишди, трилогия ёзиш эса унга насиб қилмади. Бундай улкан ишни Лев Толстойга ўхшаганлар уддалайди…
Ўшанда оқсоқол Бобомурод акани кекса Лев Толстойга ўхшатганман. Аммо Душан аканинг бу одамни «графоман» деганини тушунмаганман. Бугун ўзим Бобомурод ака ёшида «ёзувчилик» билан шуғулланаётганимдан хижолатдаман ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, замонасининг таниқли шоири Душан аканинг шеър, достон, дарамаларини ҳам ҳеч ким ўқимаётганига гувоҳ бўлиб турибман.
«Вафот этганингиздан кейин сизни ўқувчилар неча йиллар эслашлари мумикн?», деб Антон Чеховдан сўрашганда, у киши: «Кўпи билан олти йил эслашар, кейин унутиламан», дея жавоб берган. Тўқсон бир ёшга кирган Бобомурод ака вафот этганига етти йил, саксон бир йил яшаб ўтган Душан ака орамизда йўқлигига беш йил бўлди. Китобхон эса уларни ҳаётлигидаёқ унутган эди. Шуларни билиб туриб, тағин қўлга қалам олиш бемаънилик эмасми?

44.

Меҳнат жамоалари ва талабалар билан уюштирилган юзлаб адабий мулоқотлардан кўп нарсани уқдим: Пиримқул Қодиров билан Александр Удаловдаги самимият ва босиқлик, Назир Сафаровдаги кибрга қоришиқ салобат, Муҳаммад Али ва Ҳусниддин Шариповдаги сермулоҳазалик ҳамда билим, Мавлон Икромдаги миллатчилик чегарасида турган ватанпарварлик, Ҳалима хоним Худойбердиевадаги иффат ва фикрий теранлик, Қуддус Муҳаммадийдаги болаларча соддалик, Камтар ижодидаги жўнлик, Анвар Эшонов битикларидаги кеч уйғонган донишмандлик намуналари хотирамда муҳрланиб қолган. Совет иттифоқининг Москва, Ленинград, Киев сингари шаҳарларидан, Тошкентдан келган барча ижодкорларнинг исмларини, афсуски, эслаб қололмаганман. Бу учрашувлар жараёнида чинакам истеъдод намунасини ҳам, зўрма-зўраки ижод маҳсулини ҳам, шунчаки пул ишлаш илинжида қилинган ишни ҳам кўрдим.
Душан ака:
–Шеърларингиздан ўқинг-чи, – деди бир гал, хонада ёлғиз қолганимизда.
Машқларимдан бир нечасини ўқидим. Устоз ўйланиб туриб:
–Маъқул, фақат булоқнинг кўзи ҳали кўр, уни очиш керак, – дея маслаҳат берди.
Ишим ёқарди-ю бўлимдаги муҳит маъқул эмас эди. Душан ака билан Нуралиева ораларидаги сунъий ишқий назокатлар, иккаласининг адабий учрашувларда иштирок этмасдан, пул олувчилар рўйхатига номларини тиркаб қўйишлари, айниқса, диққатимни оширарди. Бунинг устига шеър нималигини билмаган Нуралиева адабий маслаҳатчи эди. Котиба Бибисора Туропова машинкада Душан ака шеърлари ва ўз машқларини чиққиллатиб чоп этишини айтмаганда, ҳеч иш қилинмасди. Хонада учта стол бўлиб, мен ғариб, ҳамиша диванда ўтирардим. У ашёдан эса фақат жирканардим. Чунки устида турли доғлар жуда кўп эди.
Баъзан бекорчиликдан зерикардим. Кечқурунги дарс яхши эрмакка ўхшарди. Катта-катта ижодкорлар билан мулоқотлардан олган таассуротлдаримни ичимга сиғдиролмасдим. Ўқитувчилар билан бетма-бет тортишардим. СССР халқлари адабиёти фанидан олий ўқув юртлари талабалари учун хрестоматия ёзган, филология фанлари доктори, профессор, шоир ва драматург Раҳим Муқимов дарс жараёнида мавзудан чекиниб:
–Ўзбеклар Алишер Навоийни шоиримиз дейишади. Ваҳоланки, Навоий яшаган даврда ўзбек деган иборанинг ўзи бўлмаган, – деди.
Жўрам – Холиқ Ҳакимовга: «Домла хато гапирдилар, «ўзбек» ибораси Навоий даврида бўлган», дедим. Холиқ: «Жон жўра, шу домла билан тортишма, у сени университетдан ҳайдайди», дея огоҳлантирди. Бари-бир чидаб туролмадим. Домла, Навоий даврида «ўзбек» деган ибора бўлган, луқма ташладим. Профессор ўйланиб туриб:
–Буни исботласанг, ўзбек адабиётшунослигида катта кашфиёт қилган бўласан, – деди.
–Бу исботланган, домла. Уни Навоийнинг ўзи бир неча жойда қўллаган.
–Хўш, ундай бўлса, эшитайлик.
Холиқ, ҳадик билан, этагимдан тортди. Мен:
Шоҳ тожи хилъатиким, мен тамошо қилгали,
Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас, – деб шоир байтини айтдим.
Домла ўнг қўли шаҳодат бармоғи билан шифтга ишора қилиб:
–Кўрдингларми, илмнинг тубига етиб бўлмайди дегани ана шу. Мен – профессорнинг кўзим шу байтга тушмабди, бу билар экан, яша! – деди.
Танаффус чоғида гуруҳдошларим энди ўқиш билан видолашишимни каромат қилишди. Чунки бу маҳмадоналигим биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас эди. Эртаси куни ишга келсам, Саноат Нуралиева бир йигит билан бир қизга шеър қандай бўлиши хусусида маслаҳат бераётган экан:
–Биласизларми, машқларингиз маъқул, фақат булоқнинг кўзи ҳали кўр, уни очиш керак, – деди.
Ёшларга жавоб берди-да мендан:
–Янгиликни эшитдингизми? – дея сўради.
–Йўқ.
–Душан Файзий вилоят теле-радио қўмитасига раисликка тайинландилар.
–Хайрият, идорамизда ишламай маош олувчилар сони биттага камайибди, – дедим андишасизлик билан.
–Манга қаранг, бу нима деганингиз? Маошни чўнтагингиздан тўлаяпсизми? Сизга фарқи нима? Умуман, Душан Файзий ким-у мен ким-у ўзингиз ким, биласизми? Мен обком комсомолнинг котиби бўлганман! Сизда ҳали олий маълумот ҳақида диплом ҳам йўқ.
–Сиз билан Душан Файзийдақа дипломликларни лойдан ясайман. Гап дипломда бўлса, яқинда оламан ва бундай ишлагандан заводга бориб, ишчилик қиламан, –кесатдим.
Шу гапдан сўнг икки ҳафта ўтиб, профессор Раҳим Муқимов бўлимимизга раҳбар қилиб тайинланди. Янги бошлиғимиз университетда дарс бериш билан бирга ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимини ҳам бошқарадиган бўлибди. Камина университетни битириб, дипломни олдим. Бироқ бўлимимизда ишкал чиқди: Раҳим Муқимов талабалардан имтиҳон олиш жараёнида пора билан қўлга тушибди, деган гап тарқалди ва у кишини қамашди. Вилоят адабиётининг тақдири Нуралиева билан мен – «кўрбулоқ» «шоир» тасарруфимизда қолиб кетди. Камина бу идорада ишлашдан ор қилдим ва дипломни Нуралиевага кўрсатдим-да, ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзиб, Муқимовнинг столи устига қўйдим. У киши эса ҳибсхонада эди. Гўё Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатининг раиси, машҳур шоир Мирзо Турсунзода Раҳим Муқимов масаласида Шароф Рашидовга қўнғироқ қилган ва Республикамиз раҳбарининг кўрсатмаси билан бошлиғимиз қамоқдан озод этилган эмиш деган миш-мишлар тарқалди. Яна валлоҳу аълам биссавоб. Раҳбаримиз ишга чиқиб, аризамга қўл қўймоқчи бўлмади. Камина эса ишлашни истамадим ва кетдим.

45.

Инсон маънавиятини камол топтириш мутасаддилигига даъво қилувчи адабиёт муассасаси раҳбарининг пора олганликда айбланиб, қамалиши ва Республика бош раҳбарининг кўрсатмаси билан (суд қарорисиз) озод қилиниши жамият таназзулининг чуқурлигидан дарак беради. Факультетга бориб, пора тўплаб берган талабалар билан учрашганимда, воқеа содир бўлганлигини тан олишганди. Тузумнинг бу иллатига иддао қилиб, рўзғорим тинчини ўйламай, ишдан бўшаганим, энди билсам, телбанинг шамолга қараб тупуришига ўхшаган экан.
Ўша кунларда Матлуба ўзимиз ўқийдиган факультет сиртқи бўлими котибалигига қабул қилинган эди. Ишдан кетиш ҳақида ариза ёзган куним у хурсанд ҳолда уйга келди. Қўлида бир қоғозга ўроғлик нарса.
–Эт (у ер) зўр жой экан, – қувониб, ишини мақтади ва тугунчани менга тутқазди. – Битта маълумотнома ёзиб берсам, уч сўм беришаркан. Бир кишининг ёнида пули йўқ шекилли, олтита пияла об кепти.
Қўлимда тутиб турган «пияла»ларни тепага кўтариб, ерга ташлаб юбордим.
–Вой ўлмасам, нима қилдингиз? – ҳаяжонланди.
–Ўғлимиз ҳалқумини ҳаромдан асрадим.
Чиройли пиёлалар чил-чил бўлиб синганидан унинг кўзлари намланди.
–Бугун олтита пиёла оламиз, эртага олтита чойнак келади, аста-секин порахўр бўлганимизни сезмаймиз, – ўзимча панд берган бўлдим.
Рўзғоримизда эса яшаётган уйимиз эгаси берган иккита лаби учган пиёла бор эди. Матлуба бир кун:
–Бунақа пиялада мушугимизга ҳам овқат бермасдик, – деди.
Эр танлаши қанчалик қимматга тушаётганлигини била туриб, таассуфини мутлақо сездирмаганлиги учун унга меҳрим ошиб борарди. Хотинимнинг бу ҳаракатлари «уйланмоқчи бўлсанг, бувиси тарбиялаган қизни топ», деган нақл ҳақлигини кўрсатарди.
Тийнатимдаги телбаликлар билан дунёни ўзгартираман деб ўйлаганман. Қани эди ҳамма шундай фикрласа. Одамлар бир ўзим нима ҳам қила олардим, ундан кўра кўпчиликка эргашганим маъқул, деб ҳисоблайдилар. Бироқ омма бир кишидан бошланади. Искандар Зулқарнайн дунёнинг ярмини забт этди, юзлаб шоҳларни тиз чўктирди. Унга қарши чиққан бирор султоннинг қўли баланд келмади. Аммо Искандарни битта ПАШША чақиб ўлдирган. (Пашша чақиб, безгакка йўлиқиб, вафот этган). Бу илмий жиҳатдан исботланган тарихий ҳақиқат. Пашшачалик ҳам эмасмисиз? Искандардан азият чекканлар ўша пашшага тилладан тоғдек ҳайкал қўйсалар арзийди.
Саноат Нуралиеванинг дипломим йўқлиги ҳақидаги таънаси ва бошлиғимнинг пора билан қўлга тушганига исён сифатида олий маълумот билан ҳам заводда ишчилик қилиш мумкинлигини исботламоқчи бўлиб, тракторларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган «Красный двигатель» (ҳозир Алпомиш деб аталади) заводига ишга кирдим. Унгача завод касаба уюшмаси қўмитаси раиси Алексеев билан ҳамкорликда бир неча марта ишчилар ва ёзувчилар учрашувларини уюштирган эдик; у киши мени яхши таниб қолганди. Корхонага бориб, унга учрашдим ва бирор ишга жойлаб қўйиишини сўрадим. «Бу ерда сен боп иш йўқ», деди у. Оддий ишчи бўлмоқчилигимни эшитиб, ишонгиси келмади. «Олий маълумот билан ишчи бўлмоқчимисан?» дея ҳайратланди. Мени энг оғир цехга юборишингиз мумкин, дедим. У ходимлар бўлимига қўнғироқ қилиб, мени ишга олишларини, иккинчи қуюв цехига юборишни топширди.
Бу цехда чиқинди сувлар тизимида ишлатиладиган люклар (канализация люклари) тайёрланар экан. Бино жуда кенг бўлиб, ишчилар, қум-қум ўйнайдиган болалар сингари, уйиб қўйилган қум тепачалар устида ишлашарди. Ичкарида шу даражада чанг эдики, беш метр наридаги кишининг фақат сояси кўринарди. Оғиз-бурунни чангдан тўсувчи ҳеч нарса тақилмасди. Люклар қопқоғини тайёрлайдиган станоклар тақир-туқуридан ёнингиздагининг овозини эшитмасдингиз. Цех ишчиларидан деярли йигирма фоизининг бир кўзи ўйилган ва улар сўқир дийдаларини махсус чарм ниқоб билан тўсиб юришарди. Мени бир ишчига шогирдликка қўйишди. Юқорида айтганим – махсус қумдан ҳосил қилинган тепачани қўллар билан ўйиб (чуқур ковлаб), ичига 45-50 килограммалар келадиган қолип қўйилади ва у қум билан кўмилади. Шундан кейин вазни беш-олти килограммлик темир дастали босқон (катта болға) билан уриб, шиббалаш (трамбовка қилиш) керак. Шу жараён маромига етказиб бажарилмаса, эриб турган чўян қолип ўрнидаги кавакка қуйилганида портлаш содир бўлади. Юқорида эслатилган ишчилар кўзари шундай портлашлар оқибатида кўр бўлиб қолган. Бу цехда йигирма йил ишлаган эркаклар эллик беш ёшда, аёллар эллик ёшда нафақахўрликка чиқар экан. Шу сабабли кўзари ўйилиб тушганлар ҳам, бошқалар ҳам чидаб ишлашарди.
Қолип атрофи ва ичи шиббаланганидан сўнг қумдан ясалган шаклни бузмасдан уни чиқариб олиш лозим. Шундан кейин мисдан япалоқ қилиб тайёрланган махсус ускуна ёрдамида шакл ичига тушган қум ва тошчалар, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, тозаланади. Люкнинг қулоқ қисмини ҳосил қилувчи бўлаги алоҳида тайёрланиб, ўша қум шакл қўлда келтирилиб, ўрнига қўйилади. Хуллас, бу ўта катта жисмоний куч ва нозикликни талаб қилувчи мураккаб юмуш эди. Ҳар бир малакали ишчи бир кунда 21 та люк тайёрлаши керак. Фаолиятимнинг тўртинчи кунида шогирдликдан мустақил ишлашга ўтказдилар. Ўша куни ҳеч қандай нуқсонсиз маҳсулот тайёрлаб, белгиланган режани бажарибман. Бешинчи куни цех бошлиғи – 45-47 ёшлардаги (кўринишдан 65-70 ёшлига ўхшарди) рус аёл, мени хонасига чақирди. У ўтирадиган хона (кабинет) усти очиқ, эшик ва деразасиз чордевор экан. Ўтирган столининг ўнг томонидаги деворга «Начальник цеха» деб ёзилган тахтача қоқиб қўйилган. Ҳамма ёқни қалин чанг босиб ётарди. Бошлиқ кўзларининг ости кўкимтир тусда, юзлари жигарранг ва шишинқираган, овози эркакларникига ўхшарди. Бу унинг спиртли ичимликка ўчлигини кўрсатарди. Ниҳоятда исқирт столи устида чекилган сигареталар қолдиғи солинган идиш турибди. У менга ҳамма нарсага бефарқ кишидек назар ташлади-да:
–Ты раньше формовщиком работал? – дея сўради.
–Нет.
Столи тортмасидан бир дона сигарета олиб, тутатди.
–Неври. У нас ещё никто в первый день самостоятельной работы так, как ты без брака в норму не укладывался. Так, что признавайся.
Илгари бу иш билан шуғулланмаганимни қайта таъкидладим. Шундан кейин у бундан буён ҳам шу тарзда ишласам, кечки саноат техникумига ўқишим учун йўлланма беражагини, ўқишни битирганимдан кейин уста (мастер), катта уста ва ҳатто цех бошлиғи бўлишим мумкинлигини айтди.

46.

Ишимни ўзгартирганим одамларда шубҳа уйғотиши табиий. Биров бу гапда тўқима бор деса, бошқаси заводда кўпроқ пул тўлаган деб ўйлайди. Буни ўшандаёқ билганман. Шу ҳақда ёзганимдан кейин Нусрат Раҳмат: «Ёзувчилар уюшмасидан заводга ишга ўтишингизнинг сабабига ўқувчи ишонмайди. Сизга ўшанда кўпроқ пул керак бўлган, шунинг учун ишчилик қилгансиз», дедилар. Ёзувчилар уюшмасида ойига 200-250 сўмгача маош олардим. Заводда шунчалик оғир меҳнат ва шароитга қарамай, ойига 100-110 сўмдан ортиқ пул ололмаганман. Бу ҳаракатим замирида, аслида, бемаъни хаёлпарастлик ва таваккалчилик, феълимда танишларим – Ғуломризо ҳамда Самижон Соқий хулқ-атворидаги китобийлик, дарвешлик аломатлари бўлган деб ўйлайман. Қизиғи шундаки, бундай қилишимга Саноат Нуралиеванинг «дипломинг йўқ» деган гапи туртки бўлган аммо заводга кетганимни у киши билмаган, билишини истамаганман ҳам.
Бундай ҳаракатни баъзилар «қаҳрамонлик», «ватанпарварлик»ка йўйишлари мумкин. Менда эса на униси ва на буниси бор эди, бундай туйғуларим ҳозир ҳам жуда кучли деб ўйламайман. Бироқ ҳақ гап учун ҳамиша ўзимни томдан ташлашга тайёр бўлганлигимни айтишим керак. Бу телбанамо қилиғимдан тезда афсусланганман бироқ дарҳол ишдан кетишдан ҳам уялганман. Бугун мазкур битикларни ўқиётган биродарлар буни қандай баҳолашса баҳолашар, лекин унинг бошқа ҳеч қандай сабаби бўлмаган.
Цехимизда ишловчиларнинг аксарияти эронийлар (қадимда Эрон Озарбайжонидан келиб қолган озарбайжонлар), қрим ва қозон татарлари билан оз сонли ўзбек, тожик ва бир рус (цех бошлиғи) эди. Завод иккинчи жаҳон уруши йилларида Волгограддан кўчириб келинган. Қрим татарлар ҳам ўша пайтда ватанларидан биз томонларга қувилганлар ва, иложсизликдан, бу ерга ишга жойлашганлар. Завод эронийлар маҳалласида жойлашганлиги боис, улар ҳам кўпчиликни ташкил қиларди. Менга уч кун иш ўргатган бир кўзли Асан Гаспаров – ўта камгап, яшашдан безиб қолгандек, одамови киши эди. Қолипловчиларнинг аёллари ҳам, эркаклари ҳам ибо деган тушунчани билишмасди. Ишга келганда, кетаётганда ёки танаффус пайтларида нуқул сўкинишар, бегона эркак билан аёл ўртасидаги муносабатлар хусусида ҳеч тортинмай гаплашишарди. Асан Гаспаров эса бу ғиди-бидиларга мутлақо қўшилмасди. Танаффус пайтида ва тушки овқатдан кейин цех ҳовлисининг энг чеккасидаги ўриндиққа бир ўзи хаёл суриб ўтирарди.
Бир кун уйга кетаётганимда Асан Гаспаров билан бир пайтда кўчага чиқдик. У ҳам мен борадиган томон – эски шаҳарга қараб йўл олди. Ўзим гап қўшмасам гапирмаслигини билиб, сўз қотдим:
–Регистон томонда турасизми?
–Ҳа, 6-мактабнинг кунботарида яшайман.
–У мактабда ишлаганман, – суҳбатимиз қовушаётганидан мамнун ҳолда гапни давом эттирдим.
Асан Гаспаров индамади.
–Армани бўлсангиз керак-а?
–Йўқ, қрим татарман.
–Фамилянгиз Гаспаров…?!
–Каспарян эмас-ку!
Унинг кесатганини ҳам, ҳазиллашганини ҳам тушунмадим. Шунга қарамай, қайта савол беришга истиҳола қилдим. Гаспаров сезди шекилли, ўзи гапирди:
–Ялтанинг кунботарида Гаспара деган қишлоқ бор, аждодларимиз ўша ерли бўлишган. Фамилиям, аслида, Гаспаров эмас, Гаспарали. Эшитганмисан, йўқми, қримлардан Исмоилбей Гаспарали деган машҳур киши чиққан, ўшанинг набираси бўламан.
Бу гап миямга ялдо тунида чақнаган ёлқиндек таъсир қилди ва нима дейишни билмай қолдим. Исмоилбей Гаспарали ҳақида, кўп бўлмаса-да, баъзи нарсаларни эшитгандим. Во ажаб, тақдирнинг ўйинини қара, дедим ўзимга ўзим. Исмоил Гаспарали ким-у мен ким. Бугун у кишининг набираси билан гаплашиб кетяпман. Наҳотки ўшандай одамнинг зурриёди шу аҳволга тушса? Хаёлим айқашиб кетди.
–Сен – ёш, қўлингдан ҳар иш келадиган йигит, бизнинг цехда умрингни хазон қилиб нетасан? – дабдурустдан гапни бошқа ўзанга бурди Гаспаров.
Саволига савол билан жавоб бердим:
–Ўзингиз-чи? Гаспаралидек кишининг набираси бу ерда нима қилиб юрибсиз?
–Бизни тақдир шу йўлга солди, ука. Уруш қизиган қирқ иккинчи (1942) йилда бутун бошли миллатимизни бу ёқларга улоқтирдилар. Завод ҳам ўшанда Самарқандга кўчирилди. Унда танклар учун эҳтиёт қисмлар тайёрлардик.
Суҳбатимиз шу жойга етганида йўлимиз ажраладиган бўлди. У одам ҳақида бошқа нарса билолмадим.
Гаспаров, мен ўйлагандек, одамови, яшашдан безиган эмас, аксинча, ҳар ким билан гаплашишни истамайдиган, ёқтирганига дилкаш суҳбатдош экан. Бобоси – Исмоил Гаспаралини биламан деганимдан кейин у, қариндошини топгандек, ўзини менга яқин тута бошлади. Танаффус пайтида ёнимга келиб ўтирар, ишдан чиққанимизда, бирга кетарди. Бир кун тушлик овқатдан кейин:
–Шунча одам орасида фақат сенинг миллатингни билолмадим. Тожик билан тожикча, ўзбек билан ўзбекча гаплашасан, кимсан? –деди.
Миллатимни тушунтирдим.
–Саййидлардан бўлсанг, гапларим сенга қаттиқ ботмайди. Ёшим элликдан ошиб, туркийлардек ўзбошимча, худбин ва тарқоқ миллатни кўрмадим. Ботирлиги ҳам шундан бўлса керак. Жаҳон тарихчилари Александр Македонскийга тенглаштирадиган Аттиласи, Чингизхон-у Темурхонларини эсла. Феълидаги терслик туфайли юзлаб уруғ-у аймоққа парчаланиб кетган. Мана, биргина ўзбекларни ол. Тўқсон икки уруққа, уларнинг шохобчалари билан ҳисобласанг, беш юзга яқин соқаларга бўлинган. Қўйиб берсанг, ҳар бир уруғи бир давлат тузаман дейди.
Университетни битириб, ҳали Аттила деган туркий ботир ўтганлиги, ўзбеклар уруғларининг сони беш юзга яқинлигини билмаганим ва у ҳақда бу бир кўзли, исқирт одамдан эшитаётганимдан уялдим.
–Тарихчимисиз? – Хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди.
–Депортация (кўчириш) қилингунимизга қадар Қримдаги Таврия университетининг тарих факультетида ўқирдим. Бу ёққа келгандан кейин ўқишни давом эттиролмадим, – надомат билан жавоб қайтарди.
–Туркийлар тўғрисидаги гапларингиз жуда қизиқ.
–Қизиғини сен ҳали эшитмагансан. Шу ҳақда бир қизиқ гап айтайми?
–…
–Ўзбекларинг биз, татарлар, ҳақимизда: ”татар бор жойда – хатар бор“, дейишади, эшитганмисан?
–Эшитганман, лекин бундан хафа бўлиш керак эмас, бу – сўз ўйини, холос. Биз, қаршиликлар, ҳақимизда ҳам айнан шундай гап бор: ”қаршиликдан чиқмас яхшилик“, дейишади.
Нақл Гаспаровга ёқди, у роса кулди.
–Бундан чиқди, ўзбек нафақат татарни, ўз уруғини ҳам шундай камситар экан. Энди бошқасини эшит:
–Катта миллат (кўп сонли) орасида яшовчи майда (оз сонли) миллат ҳамма ёмонликлар «сабабчиси» ва ҳамиша «уқувсиз» ҳисобланади. Буни яҳудийлар, лўлилар, арманилар ва бошқа миллатлар ҳаёти мисолида тасдиқлаш мумкин. Масалан, ўзбекларда «Пули куйган фалончи совунни ебди», деган кинояли нақл бор. Мамлакатнинг Туркманистон билан чагарадош ҳудудларида: «Пули куйган туркман совун ебди», дейишса, Қирғизистон билан бақамти яшовчи ўзбеклар: «Пули куйган қирғиз…», дейдилар, Қозоғистон билан чегарадош ҳудудларда «…қозоқ…», Тожикистон ҳудуди билан туташ жойлардагилар «Пули куйган тожик совун еган», дейишади. Чунки туркман, қирғиз ёки тожиклар ҳам ўша совунни «ўзбек еган», дейиши табиий. Бу, деярли, барча миллат ва элатларга хос худбинлик аломати. Шу туфайли туркийларнинг боши қовушмайди.

47.

Шу суҳбатимиздан кейин Гаспаровга ром бўлиб қолдим: у билан учрашгим, гаплашгим келаверар, айниқса, туркийлар ҳақидаги фикрларидан жуда ажаблангандим ва ўша мавзуни давом эттириш иштиёқида эдим. Унга университетни битирганлигимни айтдим. Шанба куни иш тугаганида Гаспаров:
–Эртага – дам оламиз, сени уйимга таклиф қилмоқчиман, –деб қолди.
–Уйингизни билмайман, – дедим.
–Амир Темурнинг бош қароргоҳи – Кўксарой қасри ҳақида эшитганмисан?
–Эшитганман-у, қаердалигини билмайман.
–Сен ишлаган 6-мактабнинг жануби-ғарбидаги ташландиқ жарлиг-у тепаликлар ўрнида амир саройи бўлган; ўша ерда яшайман.
–Вой-бўй! Амир саройида турасизми? – киноя қилдим.
–Руслар портлатган сарой тагкурсиси устига кулба қуриб олганман. Россия бу ерларни босиб олгунича барча темурийлар ва шайбоний хонлари, Бухоро манғит амирлари Амир Темурнинг мен яшайдиган жойдаги саройида турган кўктошга ўтқазилиб, хон ёки амир кўтарилганлар. Ҳозир у улкан иншоотдан “Тепақўрғон” деган ном, кўктош (у айни пайтда Гўри Мир мақбараси ҳовлисида турибди) ва тупроқ уюмлари қолган, холос…
Якшанба куни Гаспаровнинг ҳовлисига бордим. У шаҳарнинг қоқ маркази: кунботарида вилоят партия комитети, жануби-ғарбида опера ва балет театри бинолари, университетнинг, мен ўқиган, филология факультети, Гўри Мир ва Амир Темур пири – Бурҳониддин Соғаржий мақбаралари, кунчиқарида эса Регистон мажмуаси, Бибихоним мачити ҳамда мадрасаси жойлашган ҳудудда яшар экан. Гаспаров ва унинг, асосан, қрим татарларидан иборат қўшнилари турадиган жой дунёга машҳур шундай иншоотлар орасида аммо ниҳоятда хароб эди. Ҳовли атрофи пастгина девор билан ўралган, саҳни ўнга ўн беш метрлар чамаси бўлиб, уй қўл учида, гувала ва пахсадан қурилган. Томи сомонли лой билан сувалиб, устига шифер босилган. Шифер устига, шамол учириб кетмасин учун, қайроқ тошлар, пишиқ ғишт парчалари, темир-терсак, хуллас, нимаики қўлга илинса, ташлаб қўйилган. Хонадон атрофини маймунжон буталари ўраб олган. Кичкина эшикчадан бўлак жойдан унга киришнинг иложи йўқ. Пастроқда сувидан қовурилган буғдой ҳиди анқиб турувчи ариқ оқарди. Ҳаводан ҳам шу ис келиб турарди. Чунки Гўри Мир мақбараси ёнида арақ заводи бор эди.
Ҳовли ўртасидан сим тор тортилган бўлиб, бир чеккасида ранги унниққан гилам, иккинчи томонида яқинда ювилган кийимлар осиғлиқ. Улар орасида шим, эркак ва аёл кишининг кўйлаклари, ички кийимлар бор эди. Етмиш беш ёшлардаги оқсоч кампир кичик таёқ билан унниққан гиламни қоқаётган экан. У саломимга алик олмади; “Асан ака уйдами?” деган саволимга ҳам жавоб қайтармади. Овозимни эшитган Гаспаров ичкаридан чиқди ва мени киришга таклиф этди. Икки хона бир даҳлиздан иборат уйнинг ўнг томондаги қисмига кирдик. Кичкина, кўримсиз деразадан ташқари кўриниб турарди. Гаспаров дарвозаси ёнидаги ошхоначасига чой қўйгани кетди. Кампир ҳамон гилам қоқарди. Бироқ ҳар қанча урмасин, рангсиз гиламдан чанг чиқмасди.
–Бу киши – онам, – қайтиб келган Гаспаров кампирга ишора қилиб, изоҳ берди, – хаёли жойида эмас. Қирқ иккинчи йилда (1942 йил) Боғчасаройдан кўчиб келаётганимизда бир қиз, бир ўғлини, кўз ўнгида, поезд босиб кетди. Онам шундан буён телба. Ўттиз йилдан бери гилам қоқади, ҳеч ким билан гаплашмайди. Хотиним ҳам шу туфайли мендан ажралди. Жиннихонага топширолмадим; умримни унга бағишладим.
Ўзимни аллатавр ўнғайсиз сездим, бу бадбахт одамларга ачиндим. Демак, кирларни бу одамнинг ўзи ювган. Гаспаров яна ташқарига чиқиб, чой билан чебурек келтирди. Гиламнинг гуппиллаган овози эса тинмасди.
–Чебурек – миллий таомимиз, сен учун атайлаб пиширдим.
Орага чўккан ўнғайсизликни бартараф этишга уриниб гапирди у.
–Ўзимни дали деб юрсам, сен мендан ҳам телбага ўхшайсан, – чебурекни ўраб, оғзига солмасдан, гап қотди мезбон. – Университет дипломи билан иккинчи қуюв цехида ишлаш фақат жиннининг хаёлига келиши мумкин. Ё илгариги иш жойингда бирон кори-ҳол юз берганмиди?
–Йўқ, ишдан ўз хоҳишим билан кетганман.
–Унда чиндан жиннисан.
Мени бу гаплардан кўра уй соҳибининг туркийлар, бобоси – Исмоилбей Гаспарали тўғрисидаги фикрлари қизиқтирарди. Ўзи ҳам шулар ҳақида суҳбатлашиш учун чақирганди. Кўнглимдагини англагандек, гапни керакли мавзуга бурди:
–Французлар бобомни Нобель мукофотига тавсия қилишгани ҳақида эшитганмисан?
–Эшитмаганман.
–Афсуски, Нобель комитети унга бу мукофотни бермаган.
–Бобонгиз “Таржимон” деган газета чиқарганларини биламан, холос.
–Ҳа, бобом туркийларни ягона миллат тарзида бирлаштириш ғоясини, асосан, шу газетаси орқали амалга оширишга уринган. Нобельни олмагани билан, бошқа кўплаб давлатлар орденлари билан мукофотланган. Ҳатто Бухоро амири Абдулаҳадхон билан учрашганида у “Шарқнинг ёрқин юлдузи” деб аталувчи олтин нишон билан тақдирлаган. Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий билан учрашган. Жадидларингиз унинг ишидан илҳомланишган, эргашишган. Эҳ, нимасини айтасан. Бир кун келиб набиранг Самарқандда, шу харобалар ичида, яшайди, десалар, раҳматли бобом ишонармиди? Билганида мен учун қаср қуриб қўярди.
У маъюс бир кўзини дераза томонга тикди, онасининг гилам қоқишига термулганча, жимиб қолди.
–Сенга баъзи ҳужжатлар, китобларни кўрсатмоқчиман. Исмоилбей кўзлаган режа амалга ошганида бугун мен татар, сен ўзбек деб ўтирмасдик. Туркийлар дунёнинг энг кўп сонли ва улуғ миллатларидан бирига айланарди. У Узоқ Шарқдан Болқонгача, Уралдан Месопотамия паст текисликларигача эгаллаган ягона халқ бўларди. Ҳатто Америка қитъасида яшовчи туб аҳоли (индеецлар) ҳам, аслида, туркийлар эканлигини ҳозирча билишмайди. Вақти келиб, бу исботланади. Америка қитаъси жуда олисдек туйилади. Аслида туркийларнинг дастлабки ватани Узоқ Шарқ билан Аляска ярим оролини ажратиб турган Беринг бўғозининг эни атиги саккиз километр. Ундан баъзилар ёз ойларида ҳатто сузиб ўтадилар. Демак қадимги қавмларимиз ўша оралиқдан Америкага ўтиб кетишган. Бундан ташқари кўринишимиз, тилимизда ҳам ўхшашликлар бор. Амир Темур тузукларида “Аппачи” деган ном учрайди. Аппачилар америкалик тубжой аҳоли орасида ҳам бор ва ҳоказо. Кўрдингми, туркийлар нақадар улуғ миллат бўлиши мумкин эди.
–Бунга нима тўсиқ бўлди? – қизиқдим.
–Сабаби кўп. Биринчиси, ўзига ўта ишонганлиги, феълидаги қўрслик ва ўзбиларманлиги, бошқаларга, ҳатто ўз қавмига ҳам, бўйин эголмаслиги. Тағин ХIХ асрнинг иккинчи ярми, ХХ аср бошларида барча туркийларни бўйсундирган Россия империясида юритилган миллий сиёсат таъсири. Шулар туркни пароканда қилди. Сўнгги парчаланишнинг бош сабабчиси бу қавмнинг ашаддий душмани – Ильминский деган (Н.Ильминский) нокас. Исмоилбей Гаспарали туркийлар бошини қовуштиришга уринган пайтда Ильминский унга тескари иш олиб борган.
Гаспаров ўрнидан туриб, хонанинг тўридаги кичик стол устидан бир китоб олди.
–Мана бунга қулоқ сол. Ильминский 1878 йил 12 майда Қозон ўқув маҳкамаси раҳбарига бундай деб ёзади: «Татар тилидаги эски китоблар ва маҳаллий лаҳжалар асосида туркий имлони яратиш мумкин. Аммо бу мақсадимизга зиддир. Мен татар тили билан бошқа қардош туркий тиллар ва маҳаллий лаҳжалар орасидаги алоқани узишга ҳаракат қилиб, Қозон губернияси чўқинган татарларининг бошқа шевалардан ажралиб қолган лаҳжасида ўқитишни атайлаб танладим ва уни чўқинган татарларга насроний таълим асоси сифатида тавсия этдим. Шу боис улар қандай сўзлашишса, шундай ўқитишни йўга қўйдик… Туркийларнинг ҳар бир уруғи ўз лаҳжасида сўзлашганидагина уларни парчалаб ташлаш мумкин ва бундай халқлар мустаҳкам қарор топишолмайди. Охируламал ҳаётнинг ўзи бу қавмларни рус халқи билан қориштириб ташлайди…».
Китобни ўқишдан тўхтаган Гаспаров «бунга нима дейсан?» дегандек, ягона очиқ кўзини менга тикди.
–Ильминскийнинг бу ҳаракатига чўқинган татарлар билан Иброҳим Олтинсарин сингари руслашган қозоқ зиёлилари хайрихоҳлик билдирдилар; оқибатини эса кўриб турибсан. Шунинг учун чўқинган татар ёки руслашган қозоққа: «нарсанг сочилиб кетди», десанг, «нишево, потом собирать этабиз», дея жавоб қайтиришидан ажабланмаслик керак. Рус тилини билмайдиган туб туркий халқлардан қайси бири бу гапни тушунади?
Туркийлар ва бобосининг ишлари ҳақида Гаспаров узоқ гапирди. Тушга яқин ташқарига чиқиб, онасини ҳовличаси чеккасидаги ёғоч каравотга ўтқазди; обдаста ва дастшў келтириб, қўлларига сув қуйди; олдига дастурхон ёзди. Қадоқланган чинни чойнакда чой ва тўрт дона чебурек берди. Кампир таом чайнаганида, оғзида тишлари йўқлигидан, ияги тиғли бурни учига тегай-тегай дерди. Ўғли онасининг олдида ўтирди; қария овқатланиб бўлганидан сўнг дастурхонни йиғиштирди. Кампир эса таёқчасини олиб, тағин гилам қоқишга киришди. Ҳовличадан, бировга тушунтириш қийин бўлган, аллақандай, нохуш кайфият билан, чиқиб кетдим.

48.

Уйимга келиб, кундалигимга: “Онаси лозимини ювиб, торга илган ва хиштакли жойини номаҳрам кўздан пана қилиш учун оқ чит рўмол билан ёпган ранги заҳил, бир кўзи ниқобли, иккинчиси катакдаги қари маймун кўзларидек маъюс ва ўйчан Асан Гаспаралининг ўхшовсиз дағал қўлларини ўпгим келди”, деб ёзиб қўйдим.
Мезбоним мени кузатаётганида бир китобча тутқазиб:
–Ўзингча журналистман деб юрибсан. Вақти келиб, балки журналист бўларсан ҳам. Китобчани ўқиб, қайтарасан, ҳеч кимга кўрсатма, –деган эди.
Китоб аллақандай америкалик мутахассис томонидан ёзилган, рус тилига ўгирилган ва, махфий йўллар билан, Гаспаров қўлига тушган экан; унда ахборот ва тарғибот, уларнинг бир-биридан фарқи тўғрисида ёзилган эди. Китобчадаги: “Совет газеталари, телевидение ва радиоси ахборот тарқатмайди, коммунистик партия ғояларинигина тарғиб қилади. Буни ахборот деб бўлмайди… Аммо улар ўзларини оммавий ахборот воситалари деб аташади”, деган гаплар қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билмасам-да, жуда таажжублантирди.
Ўша кунларда Матлубанинг бод касали хуруж қилиб, юраги ва бош миясига таъсир кўрсатаётганлиги боис шифохонага ётқизгандим. Ўғлимга қаратиш учун онамни қишлоқдан келтирдим. Гаспаровникидан қайтганимда онам болани оёқлари устига ётқизиб, алла айтаётган эканлар. Гаспаровнинг волидасига қилаётган ғамхўрлигидан таъсирланганимдан, онам ёнларига келиб, секин пешоналаридан ўпдим. Бу меҳрибонимга умримда биринчи марта кўрсатган самимиятим эди.
Гаспаров билан яқиндан танишганимиздан кейин цехимиздагилар мени бирор текширувчи ташкилот томонидан юборилган айғоқчи деб гумонсирай бошлашди. Демак, у мен ҳақимда бошқаларга маълумот берган. Ҳамма менга ёвқараш қиларди; Гаспаровдан бўлак, деярли ҳеч ким, яқинлашмайдиган, гаплашмайдиган бўлди. Аёллар ёнимда сўкинишмас, эркаклар партия ва ҳукумат ҳақида латифалар айтишмас, Брежнев номини энг саводсиз қолипловчи ҳам “ўртоқ Брежнев” деб тилга оладиган бўлди. Корхонада радди маърака қилинган кишига ўхшаб қолдим. Жамоадан ажралишнинг ёмонлигини шунда билдим ва буни тушунтириш маҳол. Бу ерда ишлашим қийинлигини англадим-у, ариза бериб, бўшадим.
Самарқандга келганимга ўн йил тўлди; тағин ишсиз, маблағсиз, уйсиз хотин ва бола билан “кўчада” қолдим. Бир неча кун иш изладим. Вилоят “Ленин йўли” газетаси биноси олдидан ўтардим-у, иш сўраб киришга юрагим бетламасди. Бу даргоҳни ўшанда мачитдан ҳам муқаддасроқ деб билардим. Кўнглимга маъқул иш топмаганимдан кейин, бор иродамни тўплаб, таҳририятга келдим. У 1917 йил октябрь тўнтаришидан аввал руслар аслзода қизлари институти бўлган бинонинг иккинчи қаватида жойлашган эди. Қабулхонага кириб, муҳаррирни сўрадим. Котиба: “у киши бўш, кираверинг”, деди, бефарқгина қараб.
–Келганлигимни айтмайсизми? – ажабландим.
–Аҳмаджон ака бунақа расмиятчиликни ёмон кўрадилар, кираверинг.
Мачитдан муқаддасроқ деганимча бор экан деб ўйладим. Чунки иш излаб қайси ташкилотга борган бўлсам, бирорта котиба раҳбарига менинг келганлигимни олдиндан айтмай, ичкарига киритмаган эди. Бу ҳол кўнглимни кўтариб юборди. Муҳаррир хонаси эшигини очиб, мумкинми? дедим.
–Келинг.
Муҳаррир ўрнидан туриб қўл чўзди. У ҳали қирққа кирмаган, тўладан келган, буғдойранг, кўзлари катта-катта, қора сочи орқага силлиқ таралган, қошлари қалин, пешонасидаги бир тутам толага оқ аралашган, салобатли йигит эди. Кўйлак ва костюмининг оҳори кетган. Ўзим ҳам ранги унниққан костюмда эдим-у, бироқ муҳаррирнинг башанг кийинмаганидан бир оз ажабландим.
Столи устида “Ленин йўли”нинг бугунги сони турганди. У қайси бир мақолага кўз ташлаб:
–Қулоғим сизда, оғайни, – деди.
–Иш сўраб келгандим.
–Журналистликка қизиқасизми? – Газетадан нигоҳини узмай сўради.
–Ҳа, Самарқанд тумани газетасида ишлаганман.
–Шунақами? – Муҳаррирнинг бу саволида “Ленин йўли”дек нуфузли газета олдида туман газетанг нима бўпти, қабилидаги енгил кибр оҳанги бор эди. – Унда “Ленин йўли”ни кузатиб борсангиз керак?
–Ҳа.
–Газета ҳақида қандай фикрдасиз? – У киши мени синаб кўраётган эди.
Гаспаров берган китобчадан ўқиганларим эсимга тушиб, бу соҳада “билағонлигимни” кўрсатиб қўймоқчи бўдим ва баландпарвоз гап қилдим:
–Совет матбуотидан фарқ қилмайди.
Газетасига маҳлиё бўлиб ўтирган муҳаррир менга илкис назар ташлади. Нигоҳида енгил ҳайрат аломати бор эди. Гапим газетасига беписандлик билан баҳо берилгандек эшитилди.
–Қизиқ, совет матбуоти қанақа?!
Муҳҳаррир энди мен билан бепарво гаплаша олмаслигини ҳис этдим ва “ақлингдан ўргилай, Гаспаров”, деб қўйдим ичимда. Темирни иссиғида бос, деганларидек, бўш келмадим.
–Совет матбуоти ахборот воситаси деб аталади-ю, аслида битта ғоя тарғиботи билан шуғулланади. Ахборот билан тарғибот ўртасида эса фарқ катта…
Бундай гаплар у пайтларда СССРдаги энг нуфузли университетларнинг журналистика факультетларида ҳам айтилмасди. Мухторов энди газетасини эсидан чиқарган эди. У киши оғзини очиб, пастки иягини аввал чапга, кейин ўнг томонга кериштирди. Шими чўнтагидан вазелин қутичасини олиб, қопқоғини очди; қутичадан қопқоқ билан бир отим нос олди ва тили тагига ташлади. Салобатли гавдасини ўриндиғининг орқадаги тўсинига суяди ва менга синчков назар ташлаб:
–Қаерликсиз? – деди.
–Қашқадарёликман.
Бошлиқ аллатавр безовталангандек бўлди; лабларини жипслаб, ичкарига – тишлари орасига тортди.
–Қашқадарёлик Лутфулла Ҳамроев, Нормурод Нарзуллаев, Исроил Мирзаев, Аҳад Турсунов, Поён Равшанов деган журналистларни танийсизми?
–Йўқ, фақат Нормурод Нарзуллаев деган шоир ҳақида эшитганман, баъзи шеърларини ўқиганман.
Суҳбатдошим чеҳрасидаги сергаклик пайсал топгандек бўлди.
–Улар газетамизда ишлашган.
Шу аснода муҳаррирнинг чап томонидаги пастроқ ва энсиз стол устида турган тўртта телефон ускунасидан бири жиринглади. У гўшакни олиб, қисқа ва терс оҳангда:
–Да! – деди.
Гўшакдан келаётган овозни эшитиб, ирғиб ўрнидан турди ва:
–Здравствуйте, Владимир Николаевич! – деди. – Хорошо, хорошо, сделаю, досвидания.
Виқор билан ўтирган раҳбарнинг бу рус кишига бунчалик хушомад қилганини тушунмадим. Олдимда телефон орқали аввал қўпол гапириб, кейин ўрнидан шошиб турганидан хижолат тортди.
–Обкомни биринчи секретари Қодиров, – дея ўнғайсиз ҳаракатига изоҳ берди.
Вилоят парти комитетининг биринчи котиби Қодиров эканини эшитгандим-у, Владимир Николаевичлигини билмас эканман. Мухторов муҳаррирликка яқинда тайинлангани боис ҳаракат ва гапларида ўзига сезилмайдиган (бу ҳол кўпчилик раҳбарларда учрайди, жумладан, ўзим ҳам буни бошдан кечирганман) такаббурлик белгилари телефон қўнғироғигача сезилиб турган эди. Энди у хусусиятлардан нишона ҳам қолмаганди.
–Шундай қилиб журналистман, денг, – гапи оҳангида энди илгаригига нисбатан самимият сезилиб қолди. – Сизни ишга оламан. Ҳужжатларингиз ёнингизда бўлса, ҳозир ариза ёзинг.
–Аризага нима иш деб ёзай?
–Хатлар бўлими ҳисобчиси деб ёзинг.
У кишига ажабланиб қарадим.
–Ҳа, оғайни, олти ойлик синов шарти билан хатлар ҳисобчиси бўлиб ишлайсиз.
Шундай деб, оғзидаги носни тупурди.
–Олти ойга чидай олмайман, – иқтисодий аҳволим оғирлигини назарда тутиб, эътироз билдирдим.
–Нима учун чидай олмайсиз?
–Оиламда бир ўзим ишлайман, хотиним касалхонада ётибди. Ўғилчамга онам қарайдилар, ижара ҳақи дегандек… Хатлар ҳисобчисининг маоши кам бўлиши керак.
Аҳмаджон ака ўйланиб қолди.

49

Шу аснода эшик очилиб, сочлари занжиларникидек жингалак, жиккаккина киши хориқулодда ичкарига кирди. У жуда оташин эди. Чап қўли бош ва шаҳодат бармоқлари билан оғзининг икки кунжини силаб, ҳаяжон аралаш:
–Аҳмаджон Ғуломович, бу редакцияда ё мен ё Суръат ишлайди, машинисткалар олдида мени бебурд қилди. Бу қандоқчакин гап? Масалани партия йиғилиши муҳокамасига қўйдириш керак, – деди.
Муҳаррир зарда билан айтилган бу гапдан, безовталаниш ўрнига, кулди.
–Аҳмаджон Ғуломович! Мен кулгили гап айтганим йўқ, – бадтар тажанглашди у киши.
–Суръатжон партия аъзоси эмас, уни партия йиғилишида қандай муҳокама қиламиз? – Кулгисига изоҳ берди Аҳмаджон Ғуломович. – Хит бўлманг, Очил Тўйчийич, Суръатжон билан гаплашаман.
Шундай деб, муҳаррир столи тагидаги тугмачани босди. Очил ака оғзини бармоқлари билан силаб, чиқиб кетди ва котиба кирди.
–Суръат Ориповни чақиринг!
Суръат ака бу ерда мени танийдиган ягона одам эди.
–Лаббай, Аҳмаджон Ғуломович, – деди Орипов, ичкарига кириб.
Менга кўзи тушгач:
–Ия, саломатмисиз? – деди.
–Сизлар танишми? – ажабланди муҳаррир.
–Ҳа, бу – шоир, – ярим киноя, ярим жиддий оҳангда жавоб берди Суръат ака. – Эсингизда бўлса, “Шеър парвози – оригиналликда” сарлавҳали обзорда шу йигитнинг шеърини мақтаган эдик.
Муҳаррир бир оз ўйланиб турди-да:
–Эсимда, – деди. – Лекин редакцияга Орипов деган битта шоирнинг ўзи кўплик қиляпти, яна шоир пайдо бўлдими? – Кинояга киноя қилди Мухторов, –бу масалаларни кейин гаплашармиз, Очил Тўйчийичга нима дедингиз?
–Қурумсоқ дедим.
Аҳмаджон ака кулди.
–Мен ҳазиллашмаяпман, Суръатжон.
–Мен ҳам жиддий айтяпман. Очил ака машинисткалар олдида “пулим кўп, сен нуқул ичиб юрасан учун чўнтагингда ҳимиринг йўқ”, деб мақтанди. Сиз дуруст овқат емасангиз, арақ ичмасангиз, аёллар билан юрмасангиз, албатта, пулингиз кўп бўлади-да. Лекин орқангизга бармоғимни тиқсам, қуруқ чиқади, дедим.
Муҳаррир яна кулиб юборди-да, менга қаради. Кейин Суръат акага:
–Бир кўйлак бўлса ҳам, сиздан ортиқ йиртган, ҳозир бориб узр сўранг, яхшимас, –деди.
Орипов чиқиб кетгач:
–Шоир-да бу, шоир. Тўғрисини айтган, лекин аёллар олдида ўсал қилган-да, хумпар, – бўлган гапларга хотима ясади. – Бизда демократия қилиб бўлмайди, оғайни. Хонамга пўшт-пўштсиз кириб келишаверсин деб, ўзимча одамларга эрк бермоқчи бўлдим. Оқибатини кўряпсизми? Меҳмон билан гаплашяпти, кутиб турай дейишмайди. Тапир-тупур қилиб кириб келишаверади, гапни гапга қўшгани қўйишмайди. Эҳ, бизни бу тўпори одамлар! – Афсус билан гапини тугатди муҳаррир.
Эшик очилиб, котиба кўринди:
–Биринчи шаҳар телефонида янгам, Аҳмаджон Ғуломович, – деди у.
Мухторов гўшакни олди.
–Ҳа, Анбар, нима гап?
Хўжабека ниманидир сўради.
–Йўқди, билмман, – жавоб берди Аҳмаджон ака. –Ош соат нечада тайёр бўлади?
Янганинг жавобини эшитиб:
–Ҳозир Амин боради, касал кўргани бир коса ош, майда-чуйда қилиб, бериб юбор, – дея қўшиб қўйди.
Бу сўзларни эшитиб, ҳайратландим. Негаки, Аҳмаджон Мухторовни ўзбек деб ўйлагандим. У киши эрон озарбайжонларидан экан. Бу қавм “йўқ” сўзини унинг қадимги талаффуздаги кўринишига яқин тарзда, яъни “йўқди” (йўқдур) деб, “билмайман” сўзини “билмман” дея ишлатади. Муҳаррир бошқалар билан сўзлашганида шева аломатини мутлақо сездирмади. Аммо хотини билан ўз лаҳжасида гаплашди. Телефон гўшагини жойига илиб, менга юзланди.
–Эртадан бошлаб хатлар бўлимининг ҳисобчисисиз. Ҳозир шофёримиз Амин билан бизникига борасиз, янгангиз касал кўргани ул-бул солиб беради. Касалхонага бориб, келиндан хабар оласиз; биздан ҳам салом айтинг. Рўзғорингиз бўлса, бир гап қилармиз.
Бу Самарқандга келганимдан буён мутлақо нотаниш одамдан кўраётган биринчи илтифотим эди. У кишига ҳеч нарса демадим. Мухторов котибани чақириб, ҳайдовчига мен билан уйига боришимиз керакигини айтиб қўйишни буюрди. Таҳририятга, ҳеч бўлмаганда, мухбирликка кираман деган умидим, кутганимдек, пучга чиқди. Аммо кўнглим равшан, хаёлимда ишим юришиб кетадигандек эди.
Муҳаррирнинг ҳовлиси атрофдагилардан хароброқ: устини қор, ёмғир сувлари ювган, сувоқсиз пахса девор билан ўралган, кичкина дарвозали, кўримсиз эди. Ҳайдовчи дарвоза зулфинини тақиллатди. Ичкаридан жуссаси меҳнатда қотган, қошлари терилмаган, қуюқ ва табиий қора, кўринишидан шикастанафс хотин чиқди.
–Анбар, биз келдик, – деди ҳайдовчи.
Амин аканинг муомаласига қараганда, улар ё қариндош ёки бир-бирларини жуда яхши биладиган кишиларга ўхшашарди.
–Ҳозир, – деганча ичкарига қайтиб кетди янга.
Ҳовлидан ёши етмишларга борган оппоқ соқолли, бошида оқ саллали қария чиқди.
–Саломалайкум, амулло, яхшисизми? – жуда қуюқ сўрашди Амин ака.
–Ҳа, хўжайин келмадими? – алик олмай сўради, юзларида самимий кулги акс этган “амулло”.
–Хўжайин ҳамиша банд. Ҳамма жойда биз балогардон, бензининг борми, запчастни қаёқдан оласан деб сўрайдиган йўқ, – менга қилаётган хизмати учун нафратини сочиб, шикоятомуз жавоб қайтарди ҳайдовчи.
Қария кўчага чиқиб кетди. Амин ака:
–Ғулом амулло – редакторни отаси, амаким, – деди.
Юқорида айтганимдек, “амакимулла” сўзини ҳам эронийлар “амулло” деб талаффуз қилишади. Шу пайт қўлида тугун билан янга чиқди. Уни олдим-да, уларга раҳмат айтиб, жўнадим. Ҳайдовчи олиб борай демади. Айтганида ҳам у билан кетмасдим.

50

Газета таҳририятидан олган биринчи таассуротим икки боланинг бир-бирига ўчакишиб, оталарига арз қилишларидан олинган таассуротга ўхшарди. Муқаддасдек туюлган даргоҳ ёзувчилар уюшмасидан ҳеч фарқланмайдигандек эди. Мухторов мени хатлар бўлимигача кузатиб, мудир Матлаб Эрмуҳаммедовага таништирди.
–Хатлар ҳисобчиси керак дегандингиз, мана сизга ҳисобчи, олти ой синаймиз, – деди мени кўрсатиб. –Эҳтиёт бўлинг, ҳам қашқадарёлик, ҳам шоир, – киноя қилди.
–Иби, бо қашқадарёликми?! – ажабланди бўлим мудири.
–Сиз билган қашқадарёликлардан эмас бу.
–Хай, ўлмасак, кўрамиз, – кўз қири билан менга назар ташлаб, гапга якун ясади Эрмуҳаммедова.
У ёши элликлардан ошган, қошларининг чекка томонлари тўла терилган ва тук ўсадиган жойдан тепароққа ўсма сурилган, лаблари юпқа, сезилар-сезилмас қирмизи рангга бўялган, бетларига упа суртган, бўйи ўртадан пастроқ, ёшлигида офатижон бўлганлиги сезилиб турадиган хотин эди. Мени хайрихоҳлик билан қабул қилди. Муҳаррир кетганидан кейин кичик хонанинг бир бурчида ўтирган кўзлари катта-катта йигит:
–Хайрият, хат ташишдан олти ойга қутилдим, – деди. – Аҳмаджон акага улай-булай одам ёқмайди. Олти ой деди-қўйди-да. Ҳали итнинг орқа оёғиға ўхшаб судрали-и-б юраверасиз.
–Бачча бечорани қўрқитманг, Абулфайз, – гапга аралашди Эрмуҳаммедова. – Аҳмаджонни билмайсиз, бу киши ёқиб қолса, бўлимимизга бир ҳафтаям қўймайди.
–Қашқадарёлик экансиз-да, – қизиқди Абулфайз. – Айтиб қўяй, бу ердагилар қашқадарёликлар билан кўп ўчакишишган. Омма (аммо) самарқандликлар ҳамюртларингизни томирини қуритишди.
–Баратов, шу бемаъни гаплар кимга керак? – дакки берди Матлаб опа.
Айтишларича, газетанинг қашқадарёлик Лутфулла Ҳамроев деган муҳаррири бўлган. У киши, Мухторов мендан сўраган, Нормурод Нарзуллаев, Исроил Мирзаев сингари бир неча ҳамюртларини ишга олган. Муҳаррир ўринбосари Аҳмаджон Мухторов билан муҳаррир ўртасида келишмовчилик чиқиб, таҳририят икки гуруҳга бўлинган ва тарафкашлик бошланган. Охируламал самарқандликларнинг қўли баланд келиб, рақибларини битта-битта кетказишган. Мухторов мен билан суҳбатлашганида қашқадарёлигимни билиб, аллатавр бўлганлиги ва Эрмуҳаммедова “Иби, бо қашқадарёликми?” деганининг сабабини шунда тушундим.
Абулфайз Баратов хатлар бўлимида адабий ходим экан. Ғаллаоролнинг Қўйтош қишлоғидан. Ўта содда, ҳазилкаш йигит.
–Аҳмаджон ака валламат одам, – деди у, – ишбилмас, порахўр, миллатчиларни жинидан ёмон кўради. – Бу ерга ишга кириш жуда қийин. Сизни ҳалиям ҳисопчи қиб опти. Область (вилоят) молия бўлимининг бошлиғи Шукур Сафаров ҳамқишлоғим, ўша киши илтимос қип, мени ишга олдирган. Эмаса яқинлашолмасдим. Энди партияга кирай (“коммунистик партия аъзолигига кирай”, демоқчи) деб ҳаракат қиляпман, омма Аҳмаджон ака рўйхушлик бермаяпти.
Шу пайт ранги сўлғин, ўнг қўлининг номсиз бармоғида тилла узукли, тишлари тилладан, озғин киши хонага кирди.
–Бу – улуғ қрим халқ ёзувчиси Иса Абдураман, – таништирди Абулфайз.
Абдураҳмонов касалванд одамга ўхшарди: гапириши, ҳаракатларида аллақандай, ҳорғинлик сезилиб турарди.
–Беқилиқлигинг қолмади-да, Баратов, – гап ёқмади Исо акага. – Мана бу шикоятни область (вилоят) ОБХССига (отдел борьбы с хищениями социалистической собственности – социалистик мулкни ўғирлашга қарши курашиш бўлими) жўнат!
–Жаноб Абдураҳмоновга маълум бўлсинким, бугундан бошлаб хатлар бўлимининг ҳисобчиси мана бу дўстимиз, – у мени кўрсатди. – Менга қара, Исо, Ҳамроқуловни (Синдор Ҳамроқулов халқ депутатлари вилоят кенгаши ижроия қўмитасининг раиси, Шароф Рашидовнинг тоғаваччаси) хотинига ўхшаб ҳамма ёғингни тиллага буркаб опсан…
Бу гапдан Эрмуҳаммедова қаттиқ кулди. Абдураҳмонов, бир менга, бир Эрмуҳаммедовага қаради-да:
–Ойти, ҳамина (бадиий тилда “ҳаминро” бўлиши керак) як лағат занамми? (Опа, шуни бир тепайми?), – деди.
–Исоқул, занед, сахттар занед (…уринг, қаттиқроқ уринг), – рози бўлди “ойти”.
Исо ака шошмасдан келиб, Абулфайзнинг оёғига тепди ва лапанглаб юрганча, хонадан чиқиб кетди.
–Бу – қрим татар, бала (бало), ўзбекчани она тилидек билади. Русчани сув қип ичган, тажикчаниям баладай гапиради. Қрим татар тили-ку, ўз тили, ўзбекчада бир неча китоби чиққан, – ҳавас ва ҳасад аралаш гапирди Абулфайз. – Шунчалик билан бечарани партияга олишмайди. Айби – қрим татарлиги. Булардинг олдида биз, галварсларга, йўл бўлсин. Самарқанд ўзи бир қизиқ жай-да, мони шул редаксиядагиларнинг ярми тажик, араб, татар, эрони бўлса кераг-ов, чуғур-чуғур қиптурун тажикча гаплашишади-да, эртанг газетасини ўзбекча чиғариб юбарди. Бош корректоримиз Зоя (Забаржад Маҳмудова) апа – қозон татар. Ҳей, уруш йиллари Шароф Рашидов газетамизга редакторлик қилганда ҳам у корректор бўлган. Зоя ападан редактор ҳам қўрқади. Чунки апа, ҳамма қатари, ундан ҳам диктант олади. Редактор – эрони, ўринбосарининг бири араб, бири тажик. Бир фотомухбир Тимченко – украин, рассом Мазуркевич – белорус, босмахонадаги ҳарф терувчимиз Люба Штукатурова – рус. Шунинг учунам бизда миллатчилик қип бўмайди.
Баратов ҳамма нарсадан хабардор. Қашқадарёликлар билан тарафкашлик қилинганда ким қайси гуруҳда бўлган, ким муҳаррирнинг эркаси-ю, ким асосий бўйинтуруқни тортувчи, хуллас, ҳамма гапни билади, таҳририятнинг қомуси эди. Мен эса келган хатларни жамлаб, илова тўлғазиш, муҳаррир назоратидан ўтказиб, бўлимларга тарқатиш, керакли жойларга текшириш учун жўнатиш, қайси шикоятга жавоб кечикаётганини билиб туриш сингари ишлар билан банд эдим. Бир кун хатларни муҳаррирга олиб кирсам, савдо,саноат ва қурилиш бўлими мудири Манноп Нажмиддинов бошлиқ билан гаплашиб ўтирган экан. У андижонлик бўлиб, ёши элликдан ошган, қийиқ кўзлари салқиган, лаблари дўрдайган ва ашаддий тамаки чекувчи лабларидек қирмизи тусдаги ҳамиша тажанг киши эди. Мухторов мен келтирган хатлар ичидаги имзосиз шикоятни кўздан кечира туриб:
–Леонид Ильичнинг (Леонид Ильич Брежнев – Совет иттифоқи коммунистик партияси марказий қўмитасининг бош котиби, СССР Олий Совети президиумининг раиси) ўринларида бўлганимда имзосиз шикоятларни текширишни тўхтатардим. Аноним ёзувчилар ҳамманинг жонига теккан, – деди.
–Аҳмаджон Ғуломович, – Манноп ака хушомадгўлик билан гапга қўшилди, – шикоят ёзувчилар ҳақида Саид Аҳмаднинг бир гапини эшитганмисиз?
–Йўқ, – ўқиётган хатидан кўзларини кўтармай, жавоб берди муҳаррир.
–Саид Аҳмад бир колхозга борибди, – гапини давом эттирди Манноп ака, – раис одамларни клубга тўплаб, учрашувни очибди:
–Ўртоқлар, шоир Саид Аҳмад бугун меҳмонимиз.
Саид Аҳмад раҳбарга эътироз билдирибди:
–Ука, мен шоир эмас, ёзувчиман.
Раис бу гапга парво қилмай, сўзини давом эттирибди:
–Сизлар шоир Саид Аҳмад асарларини ўқигансиз.
Ёзувчи бундан яна безовталаниб:
–Эй, ука, мен шоир эмасман, – дебди.
Колхоз раҳбари бунга ҳам пинагини бузмай:
–Ҳозир сўзни шоир Саид Аҳмадга берамиз, – дея гапига хотима ясабди.
Жаҳли чиққан Саид Аҳмад:
–Сиз қанақа одамсиз ўзи. Мен неча марта шоир эмасман дедим, беписанд қилиб, гапимга эътибор бермайсиз! – дебди зарда билан.
Шунда раис:
–Э-э, ака, кимлигингизни яхши биламан, ёзувчиларнинг ҳаммаси пастда, залда ўтирибди, сиз – шоирсиз, – деган экан.
Манноп ака ўзи айтган латифадан ҳузур қилиб, ҳаҳолади. Мен ҳам унга қўшилиб кулдим.
Мухторов авзоида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Хатдан бошини кўтарди-да:
–Манноп ака, – деди, жиддий оҳангда, – имзосиз хат ёзувчилар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Аммо ҳақиқатни ёқлаб шикоят ёзувчилар ҳам ўша раис айтган “ёзувчилар” қаторига кириб кетаётгани ачинарли-да. Яхши ёзувчиси асарларини ўқимайдиган, ҳақиқат учун курашиб, ариза ёзувчиларни “ёзувчи” деб калака қиладиган ва ундайларга нафрат кўзи билан қаровчи халқ униб-ўсмайди. Чинакам жонкуярларни “ёзувчи”лик тамғаси билан бўғишга фақат порахўр, диёнатсизларгина ҳаракат қилади. Авом эса ўша муттаҳамларнинг тегирмонига сув қуяди, – деди.
Бу етти ухлаб, тушимга кирмаган гап эди. Ёш муҳаррирнинг ўзидан ўн ёшлар катта одамга бу қадар терс гапириши менга жуда эриш туюлди. Қизиғи шундаки, Манноп ака Мухторовдан тўққиз ёш катта эди. Муҳаррир ўринбосари Отахон Хўжаев Манноп акадан тўққиз ёш катта, Мухторов мендан тўққиз ёш катта, мен эса кейинчалик шу газетага муҳаррир бўлган Ҳабиб Темиров, Фармон Тошевдан тўққиз ёш катта эдим. Шунинг учун ҳам ёшлар феълидаги қизиққонликни ўрта ва кекса ёшлилар мувозанатга солиб туришарди.

(Давоми бор)

www.facebook.com
www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn