НУҲ ТЎФОНИ: АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТЛАР

туфонҲамидбек ЮСУПОВ

Тарих энг яхши устоз бўлиб, унинг шогирдлари энг ёмон шогирдлардир.
Индира ГАНДИ

1. ДУНЁНИ ТУТГАН АФСОНА

Дунё халқлари оғзаки ижодини ўрганган олимлар уларда айрим умумийликлар борлигини қайд этишган. Дунёнинг яратилиши, илк одамнинг пайдо бўлиши каби воқеалар қатори умумдунё тўфони тўғрисидаги афсона кўпчилик халқлар мифологиясида турлича тафсилотлар билан акс этган. Олимларнинг аниқлашларича, бунақа афсоналарнинг умумий сони беш юздан ошар экан; буларнинг тарқалишида динларнинг (хусусан, Библия ва Қуръон каби китобларнинг) таъсири катта бўлса-да, улардан мус¬тақил тарзда юзага келган афсоналар ҳам бор экан. Турли халқ¬ларда афсона қаҳрамонининг номи ўзига хос – насроний халқ¬ларнинг кўпчилиги уни Ной деб аташса, мусулмон халқлар Нуҳ, юнонлар Девкалион, ацтеклар Нене, Қадимги Яқин Шарқ халқ¬лари Атрахасис, Утнапиштим, Ксисутрус ёки Зиусудра дейишади. Ҳиндлар афсонасида инсониятни тўфондан Ману сақлаб қолса, «Авесто»да қаттиқ совуқ ва қорли бўрондан бутун тирик жонзодни Йима (Жамшид) асрайди.
Бу афсоналарнинг барчасида диққат марказида турувчи, умумий боғловчи жиҳатлар бўлиб, уларни қисқача шундай келтириш мумкин: ер юзида одамзод ёмонликка юз тутади, Худо уларни қириб ташлашга қарор қилади. Лекин солиҳ амалли бир киши Худо марҳаматига сазовор бўлиб, огоҳлантирилади, у кема ясаб, ўсимликлар уруғларидан ва ҳайвонлардан жуфт-жуфт қилиб олиб, ўзига яқин, эътиқоди бутун одамлар билан бирга кемада тўфондан сақланиб қолади. Тўфондан кейинги одамзод насли ўша киши авлодидан тарқалади.

2. ТЎҚЛИККА ШЎХЛИК

Нуҳ тўфони ҳақида Тавротнинг илк китоби бўлмиш «Ибтидо»да, шунингдек, Исломгача бўлган бошқа динлар манбаларида турли маълумотлар келтирилган. Барча динларнинг охиргиси ва энг маъқули бўлмиш Исломда ҳам бу масалага катта эътибор берилган ва мусулмонларга ибрат учун келтирилган. Қуръони Карим ва Ҳадисларда, исломий олимлар китобларида келтирилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда, Нуҳ алай¬ҳиссалом ва унинг давридаги тўфон воқеасини қисқа ҳолда қуйидагича келтириш мумкин.
Одам Атонинг фарзандлари кўпайиб, инсоният жамияти шакл¬ланиб, Ер юзига тарқала бошлади. Уларнинг ҳаёти тобора яхшиланиб, турмушлари фаровонлашиб боргани сайин Худо берган неъматларга шукр қилишни аста-секин эсдан чиқардилар. Бу ҳам етмагандек, улар турли бутлар ясаб, уларга сиғинишга ўтишди. Шунда Оллоҳ бутун Ер юзи халқини иймонга даъват этиш, одамларни залолатдан қутқариш учун Нуҳни уларга пайғамбар қилиб юборди.
Йирик олим Носируддин Бур¬ҳонуддин Рабғузийнинг «Қисаси Рабғузий» асарида келтирилишича, Нуҳ даврида шу қадар тўкин-сочинлик бўлган эканки, бирор қарич ер одамлар тасарруфидан ташқарида бўлмаган. Ҳатто деҳқончилик қилишга ер торлик қилиб, одамлар тоғларга тупроқ чиқариб, ўша ерда экин-тикин қилганлар. Ҳамма ер серҳосил бўлиб, хирмонлар тоғдек, мева-сабзовотлар ҳам баракали бўларкан. Рабғузийнинг таъкидлашича, Нуҳ замонасидагидек ободончилик энди то қиёматгача бўлмасмиш. Ўша давр¬да мушук томдан-томга сакраб юрса юз чақирим юргудек уйлар бўлган эмиш. Шу қадар фаровонликда яшаб туриб ҳам одамзод ўзига ато этилган бу неъматларга шукр қилмади, Худони унутиб, тўғри йўлдан адашди.

3. ДАЪВАТ

Нуҳ ўзининг пайғамбар эканлигини айтиб, одамларни иймонга даъват эта бошлайди. Бироқ халқ унинг устидан кулиб, масхара қилади: «Агар сен айтаётган худойинг чиндан пайғамбар юборса, фаришталардан юборарди. Сен эса биз қатори оддий одамсан, бизни лақиллатмоқчи бўляпсанми?» Одамлар пайғамбарни жиннига чиқаришади, лекин шунда ҳам сабр ва сабот билан Оллоҳнинг амрини бажаришда давом этаверади. Натижада кам сонли камбағал кишиларгина унга эргашадилар.
Энди юрт катталари бўлган бадавлат кишилар Нуҳга: «Агар ёнингдаги ялангоёқларни ҳайдасанг, кейин гапингга қулоқ соламиз», дейишади. Бунга жавобан Нуҳ: «Ҳеч кимни ёнимдан қувмайман, ким иймон келтирса, у Худонинг марҳаматига эришади, ким даъватимга эргашмаса, улар устига Оллоҳнинг балоси ёғилади», дейди. Кофирлар унинг устидан кулишда давом этадилар, шунда Нуҳ Худога илтижо қилади: «Эй Худо, Ўзинг гувоҳсанки, улар мени жиннига чиқариб, иймонга келиш ўрнига менга азоб етказмоқдалар. Барча кофир аҳлини ҳалок қилғил!» Шунда унга ваҳий келади: «Бас, шу пайтгача мусулмон бўлганлардан бошқа ҳеч ким энди иймонга келмайди. Албатта, уларни муқаррар ҳалокат кутмоқда. Сен эса кофирларга аталган бу офатдан сақланиб қолиш учун катта бир кема ясагин. Вақти келиб сенга белги берилади, ўша пайтда ўз аҳли оилангни ва атрофингдаги мўминларни тўплаб, жониворлардан ҳам бир жуфтдан олиб, кемага чиқасан».
Нуҳ бунга амал қилиб, Оллоҳдан келган ваҳий – кўрсатма асосида уч қаватли кема ясашга киришади. Буни кўрган одамлар яна уни мазах қилишга тушадилар: «Аввал пайғамбарман деяётгандинг, энди дурадгор бўлдингми? Кема ясаяпсан, ҳеч қаерда сув йўқ-ку, нима, қуруқ ерда сузмоқчимисан?» Нуҳ бўлса уларга Оллоҳ юборажак фалокат ҳақида яна бир бор эслатиб, ўз ишида давом этаверади. Шунда одамлар: «Қани ўша худойинг юборадиган офат? Агар ростдан ҳам шунақа бўлса, биз тайёрмиз, ҳозир келсин ўша фалокатинг!» дея кулишадилар. Нуҳ: «Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор, шошмасангиз, тез орада бу қилмишларингиздан афсусланадиган пайт келади», дейди.

4. ОФАТ

Белгиланган кун яқинлашганда, Нуҳга ваҳий келади ва у ўзига эргашган саксон нафар мусулмонни, уч ўғли ва келинларини олиб, кемага чиқади. Улар барча ҳайвонлардан ҳам бир жуфтдан – бир эркак, бир урғочи қилиб ўзлари билан олиб чиққандилар. Кеманинг пастки қаватига ҳайвонларни жойлаштиришади, ўрта қаватига одамлар, устки қаватига эса қушлар жойлашиб оладилар. Нуҳ ва шериклари кемага чиқиб олишлари билан кучли жала қуяди, ер ёрилиб, сувлар фаввора бўлиб отила бошлайди. Бутун кофирлар, шу қатори Нуҳнинг гапига кирмаган хотини ва Канъон исмли бир ўғли ҳам тўфон сувларида ғарқ бўлишади.
Қирқ кечаю қирқ кундуз узлуксиз давом этган жала туфайли ҳамма ёқни сув босади, тоғларнинг чўққилари ҳам тўлқинлар остида қолиб кетади. Нуҳнинг кемаси эса олти ой давомида сувда сузади, сўнг сувлар камайгач, Жудий деб аталган бир тоғнинг устига қўнади. Одамлар кемадан чиқиб, шу атрофда уйлар қура бошлайдилар. Аммо олти ойлик кема саёҳатидан сўнг бирдан қуруқликка чиққан кишиларга касаллик тегиб, Нуҳ ва унинг уч ўғлию келинларидан бошқа ҳаммаси нобуд бўлишади. Инсониятнинг шундан кейинги насли эса мана шу уч ўғил – Хом, Сом ва Ёфасдан тарқалган. Шунинг учун Нуҳни «Одами соний», яъни «Иккинчи Одам Ато» деб ҳам айтадилар. Манбаларда келтирилишича, туркий халқлар Нуҳнинг кенжа ўғли Ёфас авлодидандир.

5. ТАДҚИҚОТ ВА МУНОЗАРАЛАР

Муқаддас китобларда келтирилганларидан ташқари, турли халқлар мифологиясидаги тўфон воқеаси тасвирланган 86 та афсонани (улардан 20 таси Осиёда, 3 таси Европада, 7 таси Африкада, 46 таси Америкада, 10 таси Австралия ва Океанияда тарқалган) қиёсий ўрганган олим доктор Ришар Андре шундай хулосага келди: улардан 62 таси мутлақо мустақил, яъни бир-биридан олмасдан яратилган. Агарки бутун дунёда шу мазмундаги афсоналар мавжуд экан, демак, балки чиндан ҳам узоқ ўтмишда шундай бирор фалокат рўй бергандир?
Бу масала устида бир неча асрлардан бери мунозаралар давом этиб келмоқда. Кўпчилик диндор олимлар муқаддас китоблардаги ҳақиқатни исботлаш мақсадида, мазкур воқеаларнинг тарихда бўлиб ўтганлигини асослаб бериш учун археологик қазишмалар, изланишлар олиб борган, халқлар фольклоридан буюк тўфон «из»ларини қидирганлар. Атеистлар айнан мана шунинг асоссиз эканлигини исботлаш ниятида тадқиқотлар қилганлар. Шу афсоналарнинг дунё халқлари мифологиясидаги вариантлари (ёки мазмунан шунга яқин бўлган бошқа афсоналар)¬дан элшунослар турли халқларнинг ўзаро қариндошликлари ришталарини излаган бўлсалар, фольклоршунослар шу объектдан халқлар орасидаги маданий-адабий алоқаларни ўрганишда фойдаланганлар. Бу мунозаралар, тадқиқотлар натижасида юқорида тилга олинган фан соҳалари вакиллари орасида дилювиализм (лотинча «diluvial» – «тўфон» сўзидан) таълимоти ҳам юзага келди.
Инглиз олими, элшунос, фольклоршунос, дин тарихчиси Жеймс Жорж Фрэзер ўзининг «Қадимги Аҳдда фольклор» китоби «Буюк тўфон» бобида бу соҳа бўйича қимматли маълумотлар берган. Олим Осиё, Европа, Африка, Америка, Австралия қиъаларида ҳамда дунё океанининг турли ерларида жойлашган оролларда, турли ижтимоий муҳитда яшаётган, ҳар хил эътиқодларга мансуб бўлган халқлар, элатлар ва қабилалар мифологиясида мавжуд бўлган тўфон тўғрисидаги афсоналарни келтирар экан, уларнинг ўхшаш ва фарқли томонлари, ўзаро таъсир ва алоқалари ҳақида ўзининг асосли фикрларини баён этади.
Фрэзер ва ундан кейинги кўп олимлар умумдунё тўфони рўй берганини рад этишади. Ҳатто тад¬қиқотчилардан биттаси ҳисоб-китобларга асосланган муҳим бир фактни ҳам келтиради: агар Ер юзидаги барча қору музларни ҳам эритса, ҳаводаги буғларни ҳам сув ҳолатига келтириб унга қўшса, булар натижасида океан сувининг сатҳи атиги бир километрга яқин баландликка кўтарилар экан! Начора, фактлар ўжар бўлади, бунга қўшилмай илож йўқ. Аммо…

6. ИСБОТЛАР ҲАМ БОР!

Замонавий рус олими А.Скляров ҳам бу соҳадаги барча маълумотларни қиёсий ўрганиб ва бош¬қа янги маълумотларни тўплаб, «Тўфон ҳақидаги афсона: ҳисоб-китоблар ва воқелик» номли илмий-таҳлилий асарини яратган. Бунда у диний китоблардаги, халқ¬лар афсоналаридаги маълумотлардан ташқари, археологик қазишмалар орқали очилган янги кашфиётларни, шунингдек, баъзи астрономик ҳодисаларни ҳам ҳисобга олган.
Маълум бўлишича, Ер юзининг турли бурчакларида тўфон излари мавжуд экан: Ҳиндистондаги Шанидар ғорида 65-60 минг йиллар бурун ҳам одамлар яшашган бўлиб, уларнинг ҳаёт қолдиқларини айнан денгиз моддалари босиб кетган! Жанубий Америкадаги Анд тоғлари тепасида – 4300 метр баландликдаги Тиауанако деган жойда археологлар икки метрлик денгиз лойи қатламини топишган, унда одамлару ҳайвонлар, уй-рўзғор буюмлари аралаш-қуралаш бўлиб ётган экан. Аляскада ҳам шундай, баланд музликларда ҳар хил турдаги ҳайвонлар подалари ва кишилар скелетлари сув ости моддалари билан чалкашиб ётгани топилган. Тадқиқотлар натижалари кишини ҳайратлантиради – Ер юзининг турли бурчакларидаги бу каби қолдиқларнинг бари тахминан бундан ўн уч минг – ўн бир минг йил илгариги даврга оид экан!
А.Скляров фазовий жисмлар ҳаракатини ва Ер юзидаги энг қадимий иншоотларнинг жойлашишини ҳисоблаб чиқиб, аниқ математик амаллар асосида муҳим хулосалар чиқаради. Унинг хулосасини қисқача қилиб шундай ифодалаш мумкин: эрамиздан аввалги 10480–10420 йиллар орасида Ерга бир катта метеорит келиб урилган ва бунинг натижасида сайёра ўз ўқини бироз ўзгартирган. Ҳозирги Филиппин денгизи ҳудудига тушган ўша метеорит зарби таъсирида атмосфера иқлими бирданига ўзгарган ва океан суви тошиб, дунёни босган. Скляров Ер ўқининг ўзгаргани, унинг қутблари сурилганини бир қанча фактлар билан кўрсатиб беради: сайёра юза қатламидаги ўзгаришлар, Гольфстрим оқими, Мисрдаги ва Теотиуакандаги (Америка) пирамидаларнинг жойлашиши ва ҳоказо…

Юқорида келтирилган фактлар ҳам Нуҳ давридаги бутун жаҳон тамаддуни ва ҳаётни деярли йўқотиб юборган улкан тўфон ҳақидаги маълумотларни исботлаш учун етарли. Қизиқ, инсониятнинг бундан ибрат олиши учун нима етишмаяпти экан?

www.facebook.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn