Умид Холлиев: Йиртқич ови (ҳикоя)

umid xolliyevБу воқеа содир бўлганда маҳаллий ҳалқ ёдидан бўриларни чорва молларига қиладиган ҳужумлари ҳақидаги бўрттириб-безатилган воқеалар аллақачон хотираларидан кўтарилиб бўлган ва яқин атрофдаги чўлларда тирик бўри борлигига ҳеч ким ишона олмасди ҳам. Негаки, собиқ иттифоқ даврларидаёқ чорва молларига етказган зарари туфайли бу ҳудудларда яшайдиган барча бўриларга тамоман қирон келтирилганди. Мана ўттиз – қирқ йил бўлибдики, ҳали бирорта ҳам қўйларга бўри ҳужум қилгани ҳақида ҳеч гап йўқ эди. Аммо замонавий техника ва уловлар туфайли сахро билан шаҳарнинг ораси бир қадам эмасми, ҳар куни бу янгидан пайдо даҳшатли бўри ҳақидаги хабар бутун туман бўйлаб тарқаларди. Бугун кечаси у бир чўпонинг саксонта қўйни бўғизлагани ҳақида хабар келса, эртасига тонгга яқин бошқа бир чорвадордан йигирма қўйни бўғизлагани ҳақида хабар келарди. Чўпонларнинг айтишитча ҳатто бу бўри кундуз пайтлари ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, кутилмаганда қўйларга ҳужум қилиб қолар ва яна тўсатдан ғойиб бўларкан.

Бу хабарлар орасида шундай қўрқинчлилари ҳам бор эдики, эшитган одамнинг танаси сесканиб кетарди. Туманимиз ҳудудга тегишли саҳрода яшовчи қозоқ миллатига мансуб бир чорвадор билан шундай воқеа содир бўлибди. Ота мерос касби чорвадорлик бўлган бу йигит бир неча йилдирки, шу саҳрода муқим яшаб қоракўлчилик совхозга тегишли қўйлардан бир отарини боқиб тирикчилик ўтказаркан. Бошқаларнинг эътироф этишича у моҳир ва қўрқмас мерган ҳамда саҳро тилини тушинадиган тенгсиз чорвадор ҳам экан. Хулласи калом чўлдаги чўпон борки, моли йўқолиб қоладими ёки отарда бирор ҳайвонларга хос касаллик тарқаладими аввало шу йигитга мурожаат этарканлар.

Қўққисдан пайдо бўлган бўри отарларга бирин-кетин ҳужум қилиб қўйларни бўғизлаб кетавергандан кейин кўпчиликнинг хаёлидан шу қозоқ йигити ўтибди. Гўёки уларнинг назарида бу офатга бас келадиган ягона инсон ўша қозоқ йигити Сайлон эди. Аммо тақдирни ўйинини қарангки, барчани умидини чипакка чиқариб этни сескантирадиган воқеа ҳам айнан шу йигит ўтовида содир бўлибди.

Эмишки, бу хунук вақеадан хабар топган ва бўрилар табиатини яхши тушинадиган Сайлон туни билан ухламасдан ёнига иккала този итини шерик қилиб отарни ўша даҳшатли маҳлуқдан ҳимоя қилиб тонг оттирибди. Қуёш тепага кўтарилиб атроф чароғон бўлгандан кейин отарни кўрага қамаган Сайлон ҳеч қандай кўнггилсизлик содир бўлмаганидан хурсанд бўлиб хотинига туяларни суғоришга олиб боришини тайинлаб уйқуга кирибди. Бир пайт боласининг чинқириғидан уйғониб кетган Сайлон бу овозни тушида эшитдими ёки ўнгида аниқлай олмай овозни қайта такрорланишини кутиб ўтовнинг очиқ эшигига термулганча карахт бўлиб турганда, тўсатдан баҳайбат бўри эшик олдида пайдо бўлибди. Бир зум унга тикилиб турган бўри уни афсунлаб қўйган шекилли тили калимага келмай, ўрнидан ҳам қўзғала олмабди. Ўзининг айтишича милтиғи қўл узатса етадиган жойда ҳар эҳтимолга қарши ўқланган ҳолатда турган экан. Аммо уни шу милтиқни олишга ҳам мажоли қолмабди. Боласининг такрорий чинқириғидан ўзига келган Сайлон сапчиб туриб милтиқни икки қўлида отишга шай ҳолда тутганча ташқарига отилибди. Аммо кўзи тушган манзара натижасида ҳосил бўлган хавотирли ҳаяжондан оёқларида мажол қолмай чўкалаб қолибди. Негаки ҳалиги бўри унинг тўққиз яшар ўғли Алданни ёнига яқинлашиб борар ва орадиги масофа атиги 2-3 метрлар чамаси қолганди. Ўқ узай деса ўқ ўзининг боласига ҳам тегиши мумкин экан. Шунинг учун бу мерган йигит нафасини ичига ютиб юрак чангаллаганча Оллоҳга илтижо қилиб бу даҳшатли воқеани давомини кутишдан ўзга чораси қолмабди. Илтижоси ижобат бўлган шекилли бўри болани бир искаб кўриб, уни ўзи билан милтиқ ситволи орасига тўсиқ қилганча кўра олдида турган ёш қўзичоқни бўғзига оғиз солиб бир силтаб елкасига олгану кўранинг нариги томонига ўтиб кўздан ғойиб бўлибди. Бўрининг бу марҳаматидан беҳад хурсанд бўлган Сайлон унга текиза олишига кўзи етмасада миннатдорчилик рамзи сифатида ўқ узишдан ўзини тийибди ва қалтираб титраганча боласини бағрига босиб йиғлаб юборибди. Ҳаёжони сал босилгандан кейин эса туяларни суғоришга кетган хотини эсига тушибди. Бир қўлида ўқланган милтиқ иккинчи қўлида боласини бағрига босганча қудуқ бошига келса ҳеч нарсадан хабари йўқ хотини туяларни суғориб ўтовга қайтаётган экан.

Бўрини йўқотиш учун Сайлондан мадад сўраб келган чўпонлар шу гапни топиб келибдилар. Янаким у бўри бошқа бўрилардан фарқли равишда жуда улкан ва туси ҳам улардан фарқ қилар экан. Бу далилни узоқдан бўлсада уни кўриб қолган бошқа чўпонлар ҳам тасдиқлабди. Бўрининг ҳужуми такрорланавергандан кейин эса чорвадорлар совхоз дректори бошчилигида турли-туман чораларни кўра бошлабдилар. Бу чоралар шундан иборат эдики, дастлаб совхоз директорининг талаби билан туман санитария-эпидемология ходимлари бутун сахрони тулки ва бўриларни ўлдиришда ишлатиладиган кимёвий моддалар билан ишлов берилган гўшт бўлаклари билан тўлдириб чиқдилар. Олган натижалари шу бўлдики, 20 яқин тулки ва қарийиб шунча миқдорда чўпон итлари нобуд бўлди. Тўқайларга ташлаб чиқилган захарланган қўй бўлакларидан ҳам натижа чиқмади. Бўрининг ҳужуми эса давом этаверарди. Дастлабки чавақланган саксон қўй ўзининг шахсий мулки бўлган директор аламига чидай олмай чўлда юришга мослашган машина ёллаб чўпонлар ва туманда донғи кетган овчилардан иборат қуролланган гуруҳ тузиб саҳро бўйлаб барча ўнгиру, тўқайларни тинтиб чиқибдилар. Аммо натижа йўқ эмиш.

Бу орада бу улкан бўри томонидан бўғизланган қўйларнинг сони икки юзтадан ошибди. Ҳадик, хавотир ва уйқусизликнинг зўридан саросимага тушган чўпонлар иложсизликдан яна бор умидларини совхоз директорига тикдилар. Бир неча йилги иш тажрибаси давомида бундай талафотга биринчи марта дуч келаётган ва ўзи қўллаган чоралардан ҳафсаласи бир бўлган директор охир – оқибат минг бир андиша билан туман ҳокимининг ҳузурига борди. Бу андишанинг моҳияти шундан иборат эдики, биринчидан туманга янги ҳоким сайланганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлмай бу қисқа вақт орасида директор унга ҳали бирор совға-салом юбориб муборак бўлсин қила олмаганди. Кейинги сабаб шу эдики, шу бир дона бўрига бас кела олмай қандай қилиб савхозга директор бўлиб ишлаб юрибсан деган танбеҳдан қўрқаётганди.

Узоқ йиллик тажрибага эга директор анойи одам эмасди. У ўзининг ишидаги камчиликлар ва туман ҳокими ғазабининг олди олинмаслиги бошига қандай кунлар солишини яхши биларди. Шунинг учун котиб, кираверинг деганидан сўнг ҳам минг бир истиҳола билан ичкарига қадам босди ва иккала қўлини олдинга чўзганча қалтироғини босишга уриниб тўрга қараб юрди. Салгина урнидан қўзғалиб саломга жавоб қайтарган ҳоким унга ўтириш учун жой кўрсатди. Мавжуд урф-одатга хос мулозамат билан ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганларидан кейин мақсадга ўтилди.

-Қандай шамол учирди сизни бу ерларга келгандан бери таърифингизни эшитамизу ўзингиздан дарак йўқ,- деди истеҳзоли оҳангда ҳоким.

Бу истеҳзонинг сабаби шу эдики, ҳоким совхоз дректори билан мажлислардан ташқари биринчи марта юзма-юз учрашиб турган бўлсада у ҳақда етарлича маълумотга олиб улгурганди. У директорни жуда давлатманд одам эканлиги ҳақида эшитган аммо ўзини (ўзидан кўра лавозими юқори одамни) ҳалигача бирор совға-салом билан йўқламагани учун ёмон кўрарди.

-Сизни бир кўриб дуои-фотиҳангизни олай дедим-да, ҳокимбова, – деди директор зўрама-зўраки ўзини хурсанд кўрсатишга уриниб.

Бу мулозамат ҳокимнинг димоғини чоғ қилиб юборди. Негаки, у ўзини эътиқодда жуда мустаҳкам мусулмон деб ҳисоблар ва бошқалар томонидан ўзига нисбатан қўлланиладиган “мулла” деган лақабидан завқ оларди.

Бундай даражанинг соҳиби сифатида эса ўзини ҳақли равишда дуои-фотиҳа беришга лойиқ нуроний одам деб биларди.

(Аслини олганда эса уни ўз эътиқодининг мустаҳкам эканлигига ишонтирадиган далиллардан бири шу эдики, у туман аҳолиси ичимлик учун ишлатадиган сувни таҳоратга ҳам яроқсиз деб пойтахтдан келтириладиган қадоқланган сувда таҳорат оларди, иккинчи далил эса зиёфатларда бўккунча арақ ичгандан кейин уйига келиб соат тунгги икки бўлса ҳам ўзини ҳалоллаш учун балиқ пиширтириб ерди. Ва еган балиғи шариат қоралайдиган шаробдан танасини онадан туғилганидек тозалашига чиппа-чин ишонарди.) Янаким унга бу хуш кайфиятни ато этаётган сабаблардан бири шу эдики, директорнинг ташрифини у ҳозир ўз ақлига мононд равишда табирлаётганди. Шунинг учун ҳам ўзгарган кайфиятидан келиб чиқиб директорга луқма ташлади.
Бенжамин Франклинникидан қолишмайдиган нурли сиймонгиз бору, бир келиб ҳол-аҳвол сўрагай ҳам демайсиз?.
Бу шамани маъносини тўғри тушунган директор дастлаб ҳокимнинг шарафига хушомадлар ёғдирди ва аста- секинлик билан мақсадга кўчди.

-Ёрдамингизга муҳтож бўлиб қолдиқ бошлиқ, чорвага бўри тинчлик бермаяпти, 200 дан ортиқ қўй-қўзидан айрилдик, кўрмаган чорамиз қолмади, -деб бўрини йўқотиш йўлидаги қилган ишларини бирин кетин санай бошлади.

Хаёли директорнинг эмас ўзининг ташвишида бўлган ҳоким бу кутилмаган хабарга жавобан эса:

-Ана бизнинг улушни бўриларга едириб бўлибсан-ку, ўз вақтида келтирганингда сенинг бошингга шу кулфат келар эдими, – деб гарчанд ўзидан уч-тўрт ёш катта бўлса ҳам директорни сенсирашга ўтди пайғамбарона оҳанг билан ҳоким.

Узоқ йиллик иш тажрибага эга бўлган директор раҳбарлар билан қилиниши керак бўлган муомала маданиятини роса ўзлаштирган одамлар тоифасидан эди. У энди яна қандай гап ҳокимнинг кайфиятини эски ўзанига қайтариши мумкин эканлигини яхши биларди.

-Сизнинг ҳақинггиз ҳеч бир зиёнсиз турибди ҳокимбова, истаган вақтингизда келтириб бераман, аммо ҳозир бизга ёрдам қўлини чўзмасангиз бўлмайди, – деб қўйларга қирон келтираётган бўрининг довруғини эшитганлари бўйича таърифлай кетди.

Директорнинг бу гапидан кейин ўз улуши ҳақида хотиржам бўлган хоким унинг жаврашларига жавобан астойдил нимадир ёрдам қилмоқчи бўлди. Аммо ҳарчанд уринмасин унинг хаёлига милтиқ, ўқ-дори, овчи деган тушунчалардан бошқа нарса келмасди. Гарчанд овчилардан ҳеч натижа чиқмаганини директорнинг ўз оғзидан эшитган бўлса ҳам. Директор эса ҳамон унга умидвор тикиларди. Шунда бир нуқтага маъносиз термулиб қолган ҳокимнинг хаёлига тўсатдан бир нарса тушиб қолди шекилли у телефон гўшагига ёпишди ва туман милиция бошлиғига телефон қилиб тезда етиб келишини сўради.

Орада ярим соатлар чамаси ўтгандан кейин хонада уч кишидан иборат гуруҳнинг йиртқич бўрини даф этиш масаласи бўйича музокараси давом этарди.

-Мен юқоридан топшириқ бўлмагунча бирор қарор қабул қила олмайман, ундан ташқари ҳар бир отилган патронни акт қилиб топширишимиз керак, – деди туман милиция бошлиғи.

-Шу бўрини тинчита оладиган кишига каттароқ соврин қўй ва бугунинг ўзидаёқ бу хабарни барча овчилар етказ, мени битта бўридан бошқа ташвишим камми, экиш мавсуми бўлса, – деди ҳоким барча музокарага нуқта қўйиб ва энди хонани бўшат дегандек қилиб директорга тикилиб турди. Бошқа ҳеч қандай гапга эътироз қолмаганининг исботи сифатида милиция бошлиғи “ишларим кўп” деб директордан олдин хонани тарк этди.

Сўнгги илинжи туман ҳокимидан бўлган бечора директор умидсизлик гирдобида хонани тарк этишга чоғланди. Энди қўлини эшик дастасига юборган ҳам эдики;

-Майли ҳозир бошларингда салгина ташвиш бор экан, мен ревизияни бироз кечиктириб тураман, аммо бу дегани ревизия батамом бўлмайди дегани эмас, тайёр турларинг, – деди ҳоким дўқ аралаш директорнинг юрагига яна бир бор ваҳима солиб. Бу пўписани “ ўлганни устидан тепиш” деб таъбирлайдиган бўлсак, бу таъбиримиз албатта хато бўларди. Негаки, аслида унинг тактикаси шунақа эди. Олдига бирор шикоят ёки тинчлигига рахна соладиган сабаб билан келган кишиларни у биринчи навбатда ўзига ҳужумга ўтиб, турли – туман усуллар билан қўрқитиб шикоятчини келганига қирқ пушаймон қилдирар ва имкони бўлса 4-5 сўм ундириш пайида бўларди.

Ҳафсаласи пир бўлганча ҳокимнинг ҳузуридан тўғри чўпонлар олдига қайтган директорни бу ерда бир хуш хабар кутиб турарди.

Қўшни туман худудига яқин жойларда қўй боқувчи бир чўпон бу йиртқичга бас кела оладиган одамнинг дарагини топганди. У овчи йигитнинг амакисидан эшитган ов тавсилотлари ва унинг овдаги маҳорати ҳақидаги гапларни оқизмай томизмай хушхабар сифатида директорга етказди.

– Агар шу бўрининг терисини олиб келса битта “Тико” автомашинасини совға қиламан, туман хокими шундай совға ваъда қилдилар – деди директор ёлғон ишлатиб.

Бу хабар ўша куниёқ куёш ботгунига қадар нафақат саҳро қўйчивонларига балки у билан бир қаторда бутун туманга тарқалди. Бўрининг боши учун қўйилган янги Тико автомобилининг довруғи туман бўйлаб шов-шувга айланди. Кимдир йўқотилган 200 дан ортиқ қўйни пулини Тиконинг пулига солиштириб кўриб бу мукофотни шу иш учун арзийди деб, яна кимдир бу совринни шунчаки алдов, сал қувроқ одамлар эса бўрини шунчаки важ аслида директорнинг ўзи қўйларни жиғилдонига уриб айбни йўқ бўрига тўнкаяпти деб ҳисоблардилар. Ахир ҳозир бутун сахрони элакдан ўтказсанг ҳам битта тирик бўри топа олмайсанда – дерди учинки фикр тарафдорлари. Хулласи калом турли жойда бу даҳшатли йиртқич ҳақида турлича мунозаралар давом этиб унинг шухрати соат сайин ошиб бормоқда эди.

Тунни хизмат машинаси ичида минг бир хадик билан ўтказган савхоз директори тонгга яқин ухлаб қолди. Совхознинг чўлдаги маркази ҳисобланадиган, бир хона ва зарур шароитлар учун ем хашак сақланадиган омбордан иборат бу маскан туман марказидан 80кмлар чамаси узоқда жойлашган бўлиб чорвадан хабар олишга чиққан идора ходимлари ўз вазифаларини адо этгунча шу ерда қўним топардилар. Директор шу ерда тунаб қолганидан хабар топган ҳалиги чўпон шунинг учун овчи йигитни тонг отиши билан тўғри шу ерга бошлаб келди. Қуёш шарқдан бош кўтарганига икки соатдан ошибди ҳамки ҳали директор уйқудан бош кўтармасди. Туни билан ухлай олмаганини ҳайдовчисидан эшитган бу ердаги кишиларнинг ҳеч қайсиси уни уйғотишга юраги бетламади. Директор токим қиблага қарата қўйилган машина ойнасидан замин узра кўтарилган қуёш нурлари бетига тушиб безовта қилгунча ухлади. Сўнгра қанча уринса ҳам энди ҳузурланиб ёта олмаслигини билиб машинадан пастга тушди. Теварак атрофидагиларнинг ялтоқланиб олдига югуриб келишларига ҳам эътибор ҳам қилмай ҳожатхона томонга равона бўлди. Кейин қўл-бетини ювиб чой ичишга тутинди. Бу ерда йиғилган чўпонлардан тортиб то савхоз амалдорларигача барчаси унинг чой ичиб бўлишини сабр билан кутиб туришди. Савхоз амалдорларининг ичкарига киришларига рухсат тегиши нонушта тугганлигининг белгиси эди. Улар савхоз директоридан керакли топшириқларни олиб сахронинг турли бурчакларига равона бўлганларидан кейин навбат ҳалиги овчи йигитни бошлаб келган чўпонга етди. Директорни олдига тўғридан-тўғри қандай киришга ийманиб хижолат бўлиб турганида директорнинг ўзи уни ичкрига чақириб бу вазиятдан олиб чиқди. У ҳужра ичкарисига қадам босар экан топиб келган овчиси ўша лаънати бўрини даф қила олишига тамоман ишонарди. Негаки бу содда ва самимий одамни овчининг амакиси жиянининг овчилик маҳораттини таърифлаш орқали бунга ишотирганди. Шунинг учун у ҳозир ўзини директорга муҳим ишда нафи тегаётган одамдек ҳис қилаётганди.

-Уст-бошингни тозалаб кейин ичкарига кирсанг бўлмайдими, -дўқ урди директор эшик олдида пайдо бўлиши билан унинг шимига илашган хас-хашакка ишора қилиб

Миннатдорлик эшитишга илинжида турган бу содда инсонни кутилмаган бундай совуқ муомаладан капалаги учиб нима қилишини билмай эшик олдида довдираб қолди. У ичкарига яна бир қадам ташлашга ёки орқага қайтишга ҳам ҳайрон эди. Уни бу иккиланишдан яна бошлиқнинг ўзи қутқарди.
Майли ташқарида кутинглар ҳозир ўзим чиқаман.

Вазиятни сал юмшаганидан енгил тортган чўпон елкасини босиб турган зил-замбил юкдан халос бўлган кишидек енгил тортиб овчи йигитнинг олдига қайтди. У бутун вужуди билан Самандарни (дарвоқе овчи йигитнинг исми Самандар эди)ўша йиртқич бўри устидан зафар қучиб бу бадқовоқ директор олдида юзини ёруғ этишини хохларди. Негаки, бу икки қиёфали ва самимийлик деган фазилатдан бутунлай бебахра бўлган директор қарамоғидаги барча чўпонлар каби бу инсонга ҳам мудом қўпол муомала қилар, унинг бола-чақасининг риcқига чанг солишдан ҳам тоймасди. Чўпон эса бу амали шу муомалани юмшатиш йўлида восита бўлишидан умидвор эди. Агар энди савхоз директори ҳақида гапирадиган бўлсак уни раҳбар ва тоъбе олдида фақатгина муомаласи эмас балки унга монанд равишда қиёфаси ҳам тубдан ўзгарарди. У тоъбелар олдида ўзини бадқавоқ, жиддий ва рахмсиз инсон қиёфасида намоён этар ва бу ролининг қойилмақом ижросига рахбарликдаги муаффақиятининг гарови сифатида қарарди. Ҳозир ҳам у ўз амолларига содиқлигини сақлаш орқали бу ердаги инсонларга ҳукмини ўтказиб мавжуд муҳитни ўтирган жойида бошқараётганди назарида. У худди шундай кайфият билан ташқарига чиқди ва овчи йигит миниб келган спорт русумидаги мотоциклини беписандлик билан кўздан кечира бошлади. Мотоцикл орқасидан махсус юкхона қилиниб ўша ерга жойлаштирилган овчилар халтасига қанчалик тикилиб қарамасин барибир унинг ичида умид бахш этиши мумкин бўлган қандай сир-синоат жойлаштирилганини чамалай олмади. Аввало шу спорт русумидаги мотоцклнинг ўзи унинг ғашини келтираётганди. “Бир бекорчи ҳаваскорни бошлаб келибдида, мотоциклда ҳам ов қилиб бўладими” хаёлига келган фикр шу бўлди. Кейин нигоҳини омбор девори ёнидаги тапчанга ёзилган кигиз устига ўтирволиб милтиғини тозалаш билан овора бўлган йигитга қаратди. Узун бўйли, қорамағиз, қотмадан келган бу чайир йигит бир варашдаёқ унинг табига ўтирмади. Негаки у директорга парво ҳам қилмай ўз иши билан овора эди. Аммо қўлидаги “Бешотар”га кўзи тушган директор қурол танлашга чакки эмас экан деб ўйлади ва виқор билан қадам ташлаганча Самандарга яқинлаша бошлади. Унинг мақсадини англаган ҳайдовчиси дарҳол машинадан кўрпача олиб кигиз устига ёздида унинг ўтиришига жой ҳозирлади. Бу мулозаматга ўзини ҳурматли одам эканини исботлайдиган бир белги сифатида қарайдиган директор Самандарнинг саломига жавобан менсимайгина қўл узатиб кўришиб кўрпача устига чўкди. Бир зум унинг ишларини кузатиб турди. Сабри чидамади шекилли уни саволга тута бошлади.

-Кимнинг жамоасидансан?

-Мен бу ерлик эмасман, танимайсиз, Жондорликман, -жавоб қайтарди Самандар.

-Шу пайтгача бирор марта бўлсада бўри овлаб кўрганмисан ўзи?- писанда қилди директор ҳар қандай кишининг ҳам асабини бузар даражадаги оҳанг билан.

Табиатан камсуқум аммо муросасиз ва қайсар бўлган Самандар директорни саволини бир неча лаҳзага бўлсада жавобсиз қолдирганча ишида давом этаверди.

Мавриди келгандан фойдаланиб энди бу йигит билан ҳам яхшилаб танишиб олсак.
Болалик йиллариданоқ илму-фанга бўлган қизиқишни саҳро сир-синоатларига алмаштирган Самандар мардлик ва довюраклик каби фазилатларни чорвадор ва чавандоз бўлган бобосидан ўзлаштириб олганди. Ўн икки ёшидан бошлаб ов қуролидан фойдаланишга ўрганган бу йигитга ўша вақтлардаёқ мактаб ўқитувчиларининг дўқ-пўписаларию, синфдан қолдириш ҳақдаги қарорлари писанд эмас эди. У бобосининг чўлга кетиш дарагини эшитиши билан ота-онасининг қаршилигига ҳам қарамасдан бобосига шерик бўларди. Кейинчалик эса ўқитувчиларининг илтимоси билан бобоси уни ташлаб кетсада бир ўзи адашмасдан пиёда юриб сахро ўртаси қўй боқаётган бобосини топиб борадиган бўлганди. Шундай қилиб Самандар учун ўрта маълумот олиш ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди. Мактаблараро ўтказиладиган жанггавор қуролдан отиш мусобақаларида вилоят босқичининг икки марта биринчи ўрнини забт этганлиги аввало мактаб директорининг мудирдан рахматнома эшитишига сўнгра эса ўзининг ўрта маълумот олганлиги ҳақидаги ҳужжатни олишига сабаб бўлганди. Акс ҳолда дарсларга қатнашиш муаммоси туфайли етуклик аттестатини олиши ҳам даргумон эди. Ундан кейинги икки йиллик Польшада ўтказилган ҳарбий хизматни эътиборга олмаганда Самандарнинг бутун ҳаёти саҳро билан боғланганди. Баъзи- баъзида унинг овчилик маҳоратидан хабардор бўлган бошқа вилоятлардаги бобосинининг чавандоз дўстлари уни бўри овлашга олиб кетардилар.

Фашистларга қарши урушда Берлин остонасигача бориб қайтган бобоси одамларни мартабасига эмас балки ахлоқи – характерига қараб қадрларни. Барким урушда кўрган-кечирганлари туфайлидир, у қанчалик мулоҳазакор бўлса шунчалик камгап бир инсон эди. Бобосининг дунёдан ўтганига анча йиллар бўлган бўлса ҳам ҳали-бери уни таниган билган кишилар унинг мардлигига тасанно айтардилар. Болалик йиллари тўлалигича саҳрода бобосининг ёнида ўтган Самандар қайсар ва муросасизлигини эътиборга олмаганда қолган барча фазилатлари билан ўша чавандоз бобосини эслатарди. Аммо ҳақиқатни тан оладиган бўлсак ундаги муросасизлик ва қайсарликни тажанг одамларга хос ўжарлик билан солиштириб бўлмасди. У аслида ноҳақликка нисбатан қайсар ва адолатсизликка қарши муросасиз бўлиб .ўсганди. Кенг тафаккурга эга бўлмасада уни бобосининг таъсирида шаклланган одамийлик тушунчалари мантиқ ва аҳлоқ қоидалари доирасидан ташқарида эмасди. Касби-кори рахбар ходим тарзидаги муносабатлар билан боғлик бўлмаган бу йигит уйланиб катта ҳаётга қадам қўйгандан кейин ўз характеригига монанд равишда рахбарларнинг беҳуда инжиқликларига рўпара келинадиган жойлардан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилар ва ҳеч қачон терс гапга юмшоқлик билан жавоб қайтармасди. Унинг бундай хулқ-атворидан хабардор бўлган ўқувчига ҳозир у директорга қандай жавоб қайтариши шубҳасиз қизиқ. Директорнинг саволи ва оҳангги эса одамни камситар даражада эди. Аммо ҳозир у негадир савхоз директорининг саволига биз кутганимиздек терс жавоб қайтармади .

– Уйимда шу йилги қиш мавсумида Жиззах тоғларидан отиб келган бўриларнинг беш-олтита ошланган тулуми турибди – деди у сиполик билан ва ишини тугатиб суҳбатга тайёр эканининг билдириш учун қуролини ғилофга солиб директорга юзланди.

Биринчи саволига жавоб олишни анча кутган директор бир муддат гапни яна нимадан бошлашни билмай жимиб қолди. У узоқ давом этган раҳбарлиги давомида қўл остидагиларни ялтоқланиб мурожаат қилишига тамоман ўрганиб қолганди. Самандарнинг ўзига нисбатан бундай бетакаллуфлигидан ғазаби қўзиётган бўлсада унинг ўзига тобе эмаслигини эслаб ноилож ғазабини босишга мажбур бўлаётганди. Бундай совуқ қарши олинишини асабини бузган Самандардан эса садо чиқмасди. Ахири бўлавермагач директорнинг ўзи гапни узил-кесил ҳал қилишга аҳд қилди шекилли:

-Сен билан бир нарсага келишсак, агар шу бўрига бас кела олишингга ишонсангина ҳозирданоқ шу ишга кириш, бўлмаса вақтни беҳудаги ўтказмайлик, –деди ҳаддан ортиқ жиддий одам қиёфасига кириб.

-Ҳали бирор марта бўлсада мени тақибимга учраган бўри омон қолмаган, буниси ҳам уч-ёки нари борса тўрт кунга бардош берар, бешинчи куни терисини қўлингизга тутқазаман,- деди Самандар дадиллик билан.

-Гапларинг жуда баландпарвоз-ку, уни қўлга тушириш учун бизлар сенгача нима чораларни қилмадик, агар билсанг мен сенга ўхшаган овчиларнинг йигирмадан зиёди билан бутун сахрони элакдан ўтказдим. Тағин уялиб қолма. Аммо сенга данггалини айтай бўрини тинчитмасдан туриб бирор нарсадан хомтама ҳам бўлма – деди у Самандарга ишонмаётганини яширмай.

-Бўрини қўлга тушириш тушуриш қуён ёки ёввойи чўчқа овлаш эмаску, уни кўпчилик бўлиб чанггалзордан қувиб чиқариб сўнгра отсанг. Унинг ўзи овчи шунинг учун бўри овлайдиган киши унданда моҳирроқ бўлиши керак. Озроқ сабр қилсангиз ваъдамни устидан чиққанимни кўрасиз, бу ишда менга сизнинг ҳеч қандай ёрдамингиз керак эмас, ов жараёнида керак бўладиган барча жиҳозларим ёнимда,- жавоб қайтарди Самандар.

-Унда вақтни беҳуда ўтказмай ишни бошламайсанми, шахсан ҳокимимизнинг ўзлари бу иш учун катта соврин қўйганлар, -Самандарни илҳомлантиришга уринди директор.

Бундай шамолли кунда қумдаги излар бир соатга қолмай йўқ бўлиб кетади, мен таваккал қилиб йўлга чиқолмайман ҳеч бўлмаганда менга уни тоза босилган бир дона оёқ изи керак…… .

Директорнинг тоқатсизлигидан Самандарни кейинги гапи оғзида қолиб кетди.

-Сен ҳали шу мотоциклнинг билан уни қувиб тутмоқчимисан. У сенга анойими текис йўлдан қочса!!!

-Мен ундай демадимку, шунга ҳам ақли етмайди деб ўйлайсизми? Мен бўрини ҳамма вақт яёв тақиб қиламан.

Директорнинг ҳайрати қанчалик ошса унга бўлган сал-пал ишончи ҳам шунчалик сўнди. У бўрини яёв тақиб қилиб уни мавҳ этишни ҳеч ақлига сиғдира олмаётганди-да.

-Сендан бир натижа чиқадиганга ўхшамаяпти, совринни катталиги хаёлингни ўғирлаган кўринадиёв. Сенга бир бало-қазо бўлиб тағин касофатига мен қолмай.

-Хотиржам бўлинг ака мен учун бу биринчиси эмас бундан ташқари бу яқин 200км атрофда мен билмайдиган унгурнинг ўзи йўқ, янаям мен совринга учиб эмас анаву кишининг илтимоси билан келдим – деб уларга ўттиз метр нарилардан улар томонга хавотирланиб қараб-қараб қўяётган чўпонни кўрсатди Самандар.

Бу гапдан кейин директор Самандарга узоқ тикилиб қолган бўлсада ҳеч нарса демасдан ўрнидан туриб хонага кирди ва бир оздан кейин у ердан ҳам чиқиб ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан машинага ўтириб саҳронинг ичкарисига қараб йўл олди. Кун ботишига икки соатлар қолгандан кейин шамол ҳам тинчиди. Шуни кутиб турган экан шекилли, Самандар ҳам мотоциклини ўт олдириб кенг саҳрода кўздан йўқолди. Милтиғи ва ов халтасини қўйиб кетмаганлиги ва хеч нарса демаганлиги сабабли уни олиб келган чўпон директорнинг гапларидан аразлаб кетиб қолди деб ҳисоблаб директорга кўринмаслик учун яёв отарига йўл олди. Бу ерга келиб-кетувчи бошқа кишиларга эса унинг келган-кетганининг асло фарқи йўқ эди. Аммо тун кириши билан у яна мотоциклида қўналғага бошқа тарафдан кириб келди. Қоровул унга овқат таклиф қилганди у овқатдан бош тортиб ётиш учун жой сўради. Ва ҳеч қанча вақт ўтмай қоровул тайёрлаб берган жойда ухлаб қолди. Тун ярмидан ўтгандан кейин директор ҳам қайтиб келди. У кечагидан фарқли ўлароқ машинада эмас хонага кириб ухлади.

Атроф энди ғира-шира ёришганди ҳам қўналғага от чоптирганча бир киши ҳаллослаб кириб келди. Унинг айтишича шу тунда қанчалик ҳушёр бўлмасинлар яна қўйларига бўри ҳужум қилибди. Талофот камроқ экан бўри бир совлиқни бўғизлар тоза туғилган қўзичоқлардан бирини оғзига олиб кўздан йўқолибди. Бу пайтда Самандар уйғониб қўл-бетини ювиб тонг ёришишини кутаётганди. У қоровул ва отлиқнинг гапларини эшитиб ичқаридан чиқди ва уларга яқинроқ кела бошлади. Афтидан отлиқ ва Самандар бир-бирларини танир эканлар шекилли:

– Мен сизларга бу кеча ҳушёр туринглар деб айтгандимку, деб ораларидаги масофа уч-тўрт қадам қолганда йўналишини ўзгартириб мотоциклга минди ва отлиқнинг жавобини ҳам кутмасдан уни ўт олдириб ним қоронғуда кўздан йўқолди.

Талофат юз берган жойга директор етиб келганда Самандар аллақачон таъқибни бошлаб юбориб бу ерлардан анча узоқлашиб кетганди. Қўшалоқ ўсган саксовуллар орасига суяб қўйилган мотоцикли эса унинг бу ерда бўлганини исботловчи восита сифатида турарди.

-Бунинг эгаси қаерда? – мотоциклга ишора қилди директор чўпонларга мурожаат қилиб.

-Бўрининг изига тушди, – қисқа жавоб қилди бош чўпон.

-Сизларга ҳеч нарса демадими?-саволга тутди уни директор.

-Бу бўрининг изига ўхшамаяпти деди холос, бошқа ҳеч нарса демай милтиғи, пластмасса идишда 3 литр сув ва 4-5 дона ёнидаги патир нонни олиб йўлга тушди-елка қисиб унинг ҳаракатларидан ҳеч нарса тушинмаганини ифодалади бош чўпон.

-Ҳамма огоҳлантирилган, эндиги ўлган қўйлар учун ўзларингиз жавоб берасизлар, деб бош чўпонга дўқ урганча директор бошқа отарга йўл олди.

Эндиги гапни Самандардан эшитсак. Кеча кун ботгунича отарларни айланган Самандар айнан шу отарга келиб бўрининг ҳужум қилиш эҳтимоли борлигидан огоҳлантирганди. Агар шу ҳол юз берса тезда хабар етказишларини тайинлаб манзилини ҳам берганди. Хабар етиб боргач эса тахмини тўғри чиққанини фаҳмлаб дарҳол воқеа жойига етиб келди. Ўлган қўйни ичак-чавоғини олиб ташлаш билан банд бўлган чўпонга эътибор ҳам қилмай кўра атрофини айланиб бўрининг изларини қидира бошлади. Изга дуч келиши билан ёнига етиб келган қўйчивонга ҳам эътибор қилмай изни синчиклаб кузата бошлади.

– Бу из бўриникига ўхшамаяпти – бош чўпонга айтган бор-йўқ гапи шу бўлди сўнгра мотоциклини саксовул соясига тиқиб ундан ов халтаси ва милтиғини олди. Халтадан ортиқча нарсаларни олиб мотоцикл юкхонасига жойлаштирар экан, елим идишда 3литр сув ва кўринишидан 4-5 дона бўлган патир нони халтага жойлаб елкасига осди. Белидаги камарига осилган пичоқ ва патронларни мустаҳкам турганини бир бора кўздан кечириб бир қўлида милтиқни ушлаганча излар бўйлаб тақибни бошлаб юборди. Таъқибни давом эттирар экан уни ҳайратга солаётган икки нарса шу эдики, биринчиси излар, иккинчиси эса бўри кўрадан олиб чиққан қўзичоқ. Изларнинг ғалатилиги шунда эдики, одатда бўри ва ит изларини солиштирганда уларнинг фарқи яққол кўзга ташланарди. Бўри товонинг ўрта қисми анча кенг ва ясси бўлиб тирноқлари ерга чуқур ботиб юрганда орқага тупроқ сочиб кетса, итники аксинча товонинг ўрта қисми кичикроқ, тирноқлари ерга билинар-билинмас ботиб юрарди. Яна бир фарқи жуссаси итникидан кичик бўлган бўрининг товони ҳам албатта итникидан катта бўларди. Бўри зотини кўп бора тақиб қилган Самандарни ҳайратлантираётган нарса шу эдики ҳозирги таъқиб қилиб бораётган излари катталиги ва тирноқлар ерга чуқур ботиб орқага қум сепиб бориши билан бўрининг панжасини эслатса, товонининг ички қисми билан итларнинг панжасини эслатарди. Бу аломатларга қараб эса унинг ёввойи ит ёки бўри эканини аниқлашга қийинчилик тўғилаётганди. Иккинчи шубҳаланаётган омили шундан иборат эдики, бўри ҳеч қачон ўлжасини узоқ вақт оғзида кўтариб юрмасди. Бу далилдан фақат ёш болалари шу яқин атрофда бўлган бўригина мосуво бўлиши мумкин. У ҳолда эса уни қўлга туширишдан осони бўлмасди. Лекин овчи ва ўлжа воқеа жойидан мана 30кмлар чамаси узоқлашдилар ҳамки ҳануз тақиб деярли тўғри чизиқ бўйича давом этарди. Излар аниқ ва равон таъқибда ҳали ҳеч қандай қийинчилик йўқ эди. Кун тиккадан оғгандан кейин бўри таъқибни сезиб қолгани Самандарга аён бўлди. Негаки у эди изларини йўқотиш учун гоҳ қалин қумлар орасидан юрса гоҳида буталар оралаб юриб изни йўқотишга ҳаракат қиларди. Унинг бу айёрликлари Самандар учун одатдаги бир ҳол эди. Аммо излар бўйлаб адашмай тақибни давом эттираётган овчи тўсатдан излар диаметри бир километрга ҳам етмайдиган ярим айлана ясаб келган йўлига тескари йўналишда орқага бурилганини сезиб қолди. Эндиги таъқиб аввалги йўналишга тескари бўлган параллел чизиқ бўйлаб давом этарди. Самандар бир нарсани аниқ билдики, бўри уни орқага қайта туриб обдон кузатган. Энди шошилмаса из йўқолиши муқаррар. У тезлигини олдинги маромидан ошириб бўри уни кузатган жойга етиб келди. Қум тепанинг ёнбошига ётиб бўри дамини ростлай туриб уни роса кузатган, оғзидаги қўзичоқни ҳам қум устига қўйган аммо негадир уни бурдалаб емаган. Сўнгра яна йўналишини ўзгартирмай йўлида давом этган. Таъқибни давом эттирар экан у бўри йўлни ўнгга буриб юқори арнанинг кўприги томонга бурилганини кўрди. Кўприкдан ўтгандан кейин эса изни йўқотди. У бўрининг шумлигини тушуниб етди. Из туман марказига қайтиладиган йўл томонга бурилиб йўқолганди.

Вазиятни тўғри баҳолай олган Самандар йўлга перпендикуляр равишда сахро бўйлаб қуйи арна томонга юрди ва сал ўтмай тозагина босилган изларга дуч келди. Бу сафар бўрининг ҳийласини ўз вақтида пайқай олганидан илхомланган Самандар тезликни оширди. Ўн километрлар чамаси юриб бўрининг дам олган жойига дуч келди. Бу ерда у сабри чидамай бўри қўзичоқни бурдалаб еб кейин сал нарига бориб овчини чалғитганига ишонган чоғи саксовул панасида дамини ҳам ростлабди. Қўзичоқ терисини олиб халтасига солган Самандар ҳам бу куннинг ҳисобидан биринчи марта овқатланди. Унинг назарида бўри ҳийла ишлатаман деб ўзини қопқонга туширганди. Негаки юқори ва қуйи арнанинг ораси нари борса уч километрдан ошмасди. Арналар Амударёга қуйиладиган жойга боргунча оралиқ дерярли ялангликдан иборат бўлиб қимир этган нарса борки кундуз куни кўзга ташланмай қолмасди. Изларга тикилиб борар экан Самандар бўри билан ораларидаги масофа жуда яқин қолганига асло шубҳаланмасди. Овни бу қадар тез якунлаш унинг хаёлига ҳам келмаганди. Назарида ҳализамон шўр сув ичиб бўккан бўри унинг ўлжасига айланадигандек эди. У қадамларини тезлатиб таъқибни кучайтирди. Мақсади кун ботмасдан туриб ишни бир ёқли қилиб тезроқ ортга қайтиш. Аммо кун бота бошлагач мақсади бугун амалга ошмаслигини тушунди ва изларга эътиборни кучайтирди. Ярим соатлардан кейин чўнтак фанаридан фойдаланишга мажбур бўлди.

Кўприкдан йигирма километрлар узоқлаб кетганидан кейин бу бўрининг қанчалик маккор эканини тушиниб етди. Уни ўзига жуда яқин келишига имкон бериб изидан шунча ичкарига эргаштириб келган бўри Самандарни ғафлатда қолдириб энг тезоқар жойда ўзини шартта сувга отиб нариги қиргоққа сузиб ўтганди.

Апрел ойининг биринчи ўн кунлиги эмасми сув этни жунжуктирадиган даражада совуқ. Янаям бу тезоқар жойдан бунча анжомлар ва ўқ-дорига нам текизмасдан ўтиш қанчалар мушкул. Ортга қайтиб айланиб келай деса ортиқча қирқ километр йўлни яна яёв босиши керак. У узоқ иккиланмади, негаки йигитлик ғурури у учун барча нарсадан устун эди. Шартта кийимларини ечиб ов халтасига жойлади ва милтигининг ситволига маҳкамлаб уни бир қўли билан сувга тегмайдиган даражада кўтариб бўрининг изидан ўзини муздек сувга ташлади. Нариги қирғоққа чиқиши билан дарҳол кийимларини кийиб то тонгга қадар таъқибни тўхтатмади. Таъқибнинг кейинги икки куни ҳам бўрининг ҳийлаларига жавоб топиш билан ўтди. У гоҳ чап, гоҳ ўнг томонга бурилиб кенг сахро бўйлаб жуда катта диаметрли айланалар ясаб овчини чалғитишга уринар, айрим вақтларда эса отарларга жуда ҳам яқин келиб изини йўқотишга ҳам муаффақ бўларди. Зийрак овчи эса қийналиб бўлсада яна изларни топарди. Таъқибнинг тўртинчи куни эди. У илк бора бўрининг ўзини кўришга муаффақ бўлди. Айни тушлик чоғи эди. излар уни дарё бўйларидаги юлғунзорга етаклаб келди. Орадаги масофа 150 метрлар чамаси қолганда бўри тўсатдан яширинган жойидан чиқиб қочди. Шунда Самандар унинг бутун ҳайбатию ранги-тусини аниқ кўрди. У жуда йирик бўлиб, тузилиши ва бичими билан бўри наслидан эканлиги аниқ намоён қилсада ранги Ўрта Осиё бўриларидек кулранг эмасди. Орқасидан қараганда унча билинмасада, бурилиб қараган вақтларида мўйнасининг туси овчарка итларини эслатарди. Ҳали мўлжалга олишдан фойда йўқ, ўқ бундай масофада нишонга тегмаслиги аниқ. Таъқибнинг давом эттиришдан ўзга ўзга чора қолмади.

Судралиб босилган излар бўрининг чарчаганлигидан нишон бўлиб у таъқиб қилавериб чарчаган овчига умид бахш этарди. Аслида Самандар таъқиб бошлангандан бери охирги кун ҳисобидан озроқ муддат пинак қилиб олганди тамом. Шундай бўлсада ёнидаги овқат ва сув захираси туфайлигина у жисмоний жиҳатдан ўзини ҳали тетик сезаётганди. Аммо унга барибир қойил қолмай иложимиз йўқ. Тўғрисини айтадиган бўлсак унинг бор-йўғи 3литр сув ва 4дона патирдан иборат бўлган захираси бошқа ҳар қандай одамни бир кундан ортиқ тўқ сақлай олмасди. Табиатан чўлу-биёбонда кун кўришга мослашган йирқични бу даражада ҳолдан тойдираётган нарса аслида унинг мардликни тамойилга айлантирган иродаси эди. Бобосининг ўгитлари, ўз касбига бўлган мехр ва йигитлик ғурури Самандарни йиллар давомида ана шундай мустаҳкам эркак қилиб тарбиялаганди. Мана шу тўрт кун мобайнида у бир марта бўлсада ортга чекиниш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Захирасида атиги яримтадан ортиқроқ патир нон ва бир литрга яқин сув қолгани ҳам уни ташвишлантирмаётганди. У мақсад сари матонат билан илгарилаётганди.

Таъқибнинг бешинчи кунига ўтиб доимий хавотирдан чарчаган бўри тез-тез дам олишга тўхтайдиган бўлди. У эди Самандарни кўриши билан бекинган жойидан қочиб кейинги пана жойга беркинарди. Ўша кун негадир ҳали апрел ойи бўлсада туш вақтига келиб ҳаво одатдагидан кўпроқ қизиди. Бу очлик, сузсизлик ва таъқиб дастидан қийналаётган бўрининг аҳволини баттар оғирлаштирди. Аҳволи бўриникидан қолишмайдиган Самандар уни дарё бўйига жуда яқин жойлардаги қум барханлари ёнигача қисиб борди. Барханлар таъқибда овчи учун қулай имкон яратса, бўри учун эса аксинча қийинчилик туғдирарди. Шундай бўлсада тинка мажоли батамом қуриган бўри негадир текис йўлдан қочмай оёқларини қумдан базур суғурганча барханлардан бирининг юқорисига қараб ўрмалай бошлади. Бўрининг бундай оғир йўлни танлаши ораларидаги масофани жуда қисқаришига сабаб бўлди. Энди уни ҳеч қийналмай аниқ нишонга олиш ва бир ўқ билан барча машаққатларига чек қўйиш арзимас ишга айланиб қолганди. Самандар бўрининг айёрликни тўғри фаҳмлаб турган бўлсада бундай рақибга нисбатан номардлик қилмай унга имкон бериб кейин унинг устидан ҳалол ғалаба қилишни мўлжаллади. Сўнгги ҳамлага тайёрланаётган бўри овчини жуда яқин қолган болалари ва жуфтидан чалғитиб сўнгги имконидан фойдаланмоқчи бўлаётганди.

Бўри юқорига томон ўрмалар экан Самандар қанчалик шовқин кўтармасин, у бирор марта бўлсада унга қайрилиб ҳам қарамади. Гўёки у ўлимига тайёрдек сўнгги кучини тўплаб барханинг энг юқори нуқтасига чиқди ва ўзини кўздан панага олди. Шошилмаса бу имкон бошқа такрорланмаслиги ҳам мумкинлигини пайқаган Самандар дарҳол бешотарни отиш ҳолатига шай қилиб бўрининг изидан ўн метрлар чамаси узоқдан у ҳам юқорига ўрлай бошлади. Ейишга ҳеч вақоси қолмаган бўлсада у ҳали бўрига нисбатан анча тетик эди. Ва ўз вақтида бўрининг мақсадини ҳам сезиб илгарилаётганди. Барханинг юқорисидан пастга силжиётган сезилар-сезилмас қум оқимларининг унга томон яқинлашиб келиши унинг тахмини тўғри эканини исботлади. Мажоли қолмаган бўрининг сўнгги илинжи юқоридан пастга қараб қилинадиган ҳужумнинг афзаллигида эди. Бўри ҳужум қилишга қулай пайтни пойлаб у томонга пусиб кела бошлади. Бу пайтда Самандар ўз тахминларига ишонқирамай мўлжал анча юқорига кўтарилганди. Аммо энди кеч, орқага чекиниш бўрининг имконини яна икки мартага оширарди холос. Сабр билан унинг ҳужумини кутиш керак. Бошқа чора йўқ. Вазиятдан фақат овчиларга хос бўлган эпчиллик ва чаққонликгина қутқаради.

Бўри юқоридан-пастга қараб шиддат билан Самандарга ташланган вақтда у қумга ётиб олиб милтиқ нилини юқорига тўғирлашга улгурди. Орадаги масофа беш метрлар чамаси қолганда гумурлаган овоз бутун сахро бўйлаб таралди ва бир неча сония ичида бўрининг жонсиз танаси Cамандарнинг устида оша пастга қулади. Бош қисмига қаратила отилган ўқ унинг оғзидан кириб бошининг орқа томонидан жони билан бирга ўпириб чиқиб кетганди. Шунинг учун ҳам у келиб тушган жойида қилт этмасдан ётарди. Бўрининг жасадига кўз қирини ташлаб қўйган Самандар ҳам қимир этмай ётган жойида идишда қолган сувини охиригача ичиб тугатди. Сўнгра бошини қумга қўйганча анча вақт жим ётди. Бирмунча вақтдан кейин пастга тушиб бўрининг терисини шилишга тутунди. Уни яқиндан кузатар экан товон изларидаги жумоққа ҳам ечим топилди. Деярли бир ой ичида 200 дан ортиқ қўй-қўзини жонини олиб ҳозир эса қаршисида мурдага айланиб ётган даҳшатли йиртқич энди унга бўри ва овчарка  зотли итнинг қўшилишидан дунёга келгани аён бўлди.

Қишки мавсумдан кейин тулаб қайта чиққан жунлар рангги билан овчаркани эслатсада бўриники каби майин эди. Унинг содир этган ёвузликларини бир зум хаёлида тасаввур этиб кўрган Самандар вақтни ўтказмай терисини шилишга тушди. Ишини тугатгандан кейин орқага қайтишга шошилмади. Негаки, унинг тахмини бўйича шу яқин атрофда унинг жуфти, уяси ва болалари бўлиши керак. Олдига қўйган мақсадига эришган бўлсада барибир Самандар орқага қайтиш ўрнига барханларни ёқалаб дарё томонга юра бошлади. Бўри уясини қидира бошлаган Самандарни ўз ҳолига қўйсакда эндиги гапни савхоз директоридан эшитсак.

Нари борса саҳро қўйнига тун чўкиши билан сўппайиб қайтиб келиши кутилаётган Самандардан тўрт кун ўтиб ҳам дарак бўлавермагач директор саросимага туша бошлади. У турли хил нохуш хаёллар гирдобига ғарқ бўларкан биргина берган ваъдасидан уялиб уйига жўнайворган бўлса керак деган фикр билангина ўзига таскин берарди. Аммо ҳар сафар таъқиб бошланган отарга келиб кўзи қўшалоқ саксовул орасига тиқиб қўйилган мотоциклга тушар экан дили яна хуфтон бўларди. Самандарнинг йўл учун олиб кетган озиқ овқатни эслар экан бир одам ўла қолса бу захира билан тўрт кеча-кундуз тирикчилик қила олишига асло ишона олмасди. Йиртқичларга ем бўлган бўлсая, ёки кенг саҳрода адашиб оч-сувсиз қолиб кетдимикан? Бу мулоҳазаларга қараб туриб директор овчи йигитнинг ғамини еяётган бўлса керак деб ўйласак ва кейин бу йўлда кўрган бошқа амалий чора-табирларидан хабар топсак унинг қанчалик тубан одам эканлиги бизга аён бўларди қолади. Беш кундирки уйига қайтмаган директор ваҳиманинг зўри ва ўз қайгуси важидан воқеа гувоҳларини эрталабдан олдига йиғиб келтирди. Ва уларни бирин-кетин олдига чақиртириб бир фалокат содир бўлган тақдирда “биз ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ” деб гувоҳлик беришга ўргатди. Овчи йигитни бошлаб келган чўпондан эса “директоримиз у йигитга якка ўзинг бу ишни уддалай олмайсан уйинга кетавер деб айтдилар” деган мазмунда тилхат ёздириб олди. Ва ҳар қадамида бу фикрни теварак атрофидагиларга сингдириш учун дўқ уриб такрорлайверди.
Мен топиб келдими уни, ёки сендан илтимос қилгандими – жазавага тушиб ўшқирди Самандарни топиб келган чўпонга. Бор йўқол агар бирор фалокат содир бўлган бўлса сени жавобгар этаман.!-ўшқирарди у ўзидан катта одамга.

Ички қиёфасини нотанти одамларга хос бўлган бундай амаллар билан юзага чиқара бошлаган директор воқеанинг бешинчи кунига келиб батамом саросима ичида қолди. Гўёки унинг назарида бу поёнсиз биёбоннинг номаълум бир бурчагида Самандар аллақачон бу ёруғ олам билан видолашиб бўлгану ҳализамон келиб унинг ўлимида директорни айбдор деб топадилар.

Чўпонлар қўйларни кечки боқувга ҳайдамасларидан туриб директор шошилинч равишда таъқиб бошланган отарга яна қайтиб келди. Сиртдан билдирмасликка уринсада унинг телба-тескари гаплари ичидан зил кетаётганини ошкор қилиб турарди.

-Мен бу ерга яқин ўн кунликда бирор марта ҳам келмадим тушундингми? – машинадан тушар-тушмас бақириб кетди олдига югуриб келган отар бошлиғига.

-Тинчликми, – каловланди директорнинг вожоҳатидан ҳовлиқиб қолган бош чўпон.

-Сенлар мени бишимга бало олиб келдинглар, кўзимдан йўқот анов матоҳни ҳам – ишора қилди мотоциклга ишора қилиб директор.

-Ҳозир, ҳозир бажарамиз бошлиқ деганча чўпонбобо ҳаллослаб мотоцикл томонга ошиқди.

Бу жойдан ҳам, Самандар тақибни бошлаган кундан бери қўйларга бирор талофот етмаётганидан ҳам ўзига таскин топа олмаган директор: Айтганларимни икки қулоқларинга қуйиб олинглар- деганча бир чуқур нафас олиб машинага қайтди ва бизга номаълум бўлган томонга қараб йўлга тушди.

Энди ўртоқ директорни мавжуд воқеага нисбатан ўз ақлига монанд равишда кўраётган чора – тадбирлари билан бирга қолдириб яна Самандарни ёнига қайтсак.

Шу яқин атрофда бўрининг уяси бор деб тахмин қилган Самандар дарё томонга қараб барханлар ёқалаб бораркан хеч қанча юрмай бўрининг уясига дуч келди. Охирги барханнинг тугаш жойида тиққислигидан бир-бирига чирмашиб ўсган юлғунлар остидаги ковак бўринг уяси эканлигига шубҳа йўқ эди. Негаки, юлғунларнинг тиқислиги қумни силжишига имкон бермаслиги натижасида ковакдан бир ярим метрлар пастликда ҳосил бўлган майдончада қўй-қўзи ва бошқа сахро жониворларинг бош суяги, чирий бошлаб ўзидан қўланса ҳид таратаётган танасининг бошқа қисмлари сочилиб ётарди. Уяга яқин бориш ўлжани қўлдан чиқариш деган гап. Одатда бўри ўз уяси олдида хаддан ортик ҳушёр бўлади ва бирор хавфни сезиши билан бу масканни бир умрга тарк этади. Кейин эса уни қўлга тушуришнинг ягона йўли яна машаққатли таъқиб. Самандар ов халтасидан бўри ғажиган қўзичоқнинг терисини олди ва ортга қайта туриб уни келган йўли бўйлаб судраб изларни йўқотди. Шамолни йўналишини аниқлашдан фойда йўқ негаки бўрининг қайси йўналишдан уясига қайтиши ноъмалум. Биргина барханнинг устидан қайтмаслиги аниқ. Шунинг учун Самандар уянинг шимолий тарафи бўйлаб юқорига чиқди ва қулай жойдан қумни ёриб ўзига жой ҳозирлади. Кейин ҳидларни йўқотиш учун милтиқ стволини қўйнинг пешоби билан артди, ўқ дорилар устидан камар бўйлаб саримсоқ бўлакчаларини суртиб чиқди. Пешоб шимдирилган пахтани ствол учига тиқиб қўяркан анча хотиржам бўлганча юқоридан туриб теварак атрофни кузата бошлади. Амударёнинг Туркманистон чегараларидан чиқиб Ўзбекистон ичкарисига кириб келадиган бу ҳудудларга аҳён-аҳёнда ташриф буюрадиган чегарачи ҳарбийларни айтмаганда деярли одам оёғи тегмасди. Сал нарида саҳрони қоқ ёриб оқаётган асов дарё. Яқин атроф эса сувининг кўпайиш ва камайиши натижасида тупроқ унумдорлиги ошиб дарёнинг қирғоғи бўйлаб чўзилган тўқайзор. Бир замонлар ўрмон хўжалиги томонидан экилган ва бир неча йилки эътибордан четда қолиб кетган ёввойи жийдазорлар, паттазорлар. Хулласи калом бу ердаги сирлиликдан одамни ваҳима босадиган ёввойи табиатнинг гўзал бир манзараси. Самандар анча йиллар аввал бу ерларга рахматли бобоси билан тустовуқ овлашга келганини эслади. Шунда бобоси уни якка ов қилишига рухсат бермаганди. Тўқайга якка кириб бўлмайди деганди бобоси. Бобоси билан боғлиқ хотираларни эсларкан беш кундирки ўзини уйқусизликка маҳкум этган Самандар қачон ухлаб қолганини эслай олмади.

Туш кўрибди. Тушида жуда чанқаб дарё томон ошиқармиш. Дарё лабидан қулай жой топиб энди сув ичишга эгилган вақт қулоғига бўрининг даҳшатли ириллаган товуши эшитилибди. Ўгрилиб қараса бир неча соат олдин ўзи ўлдирган бўри орқасида ҳужум қилишга шай турганмиш. Орадаги масофанинг жуда қисқалигидан у ўрнидан туришга ҳам улгурмай бўри унга ташланибди.

Ваҳимали тушдан уйғониб кетган Самандар дастлаб қаерда ётганлигини эслай олмай анча қийналди. Негаки саҳро қўйнига тун чўкиб бўлганди. Зим-зиё қоронгуликка термулиб вазиятга аниқлик киритишга уринди. Аста-секин кўзлари қоронғуликка мослашгани каби фикрлари ҳам тиниқлаша бориб уйқу таъсиридан халос бўлган хотира аввалги ҳолатини тўлиқ қайта тиклади. Ва у яна ботаётган ярим ойнинг хира ёруғлигида она бўрининг уясига қайтишини кута бошлади. Уя олди эса жим-житлик. Самандарнинг тахмини бўйича у ерда бўри болалалари бўлиши керак. Аммо улардан ҳам садо чиқмасди. Бу табиий она бўри теварак атрофда хавф йўқлигига ишора бермагунча болалари ўзини сездиришга ҳаққи йўқ.

Кутилмаганда жуда яқин масофадан бўрининг юракни эзадиган даражада мунгли оҳанг билан увлаб юбориши Самандарди сергак тортдирди. Она бўрининг изини узмасдан, тинимсиз қилаётган нолаю-фиғонидан у ўз жуфтининг жасади устида эканлигига шубҳа қолмади. Энди унинг бу ерларда қолмаслиги аниқ. Аммо кетиш олдидан уясига келиб болаларини олиб кетиши муқаррар. Бу имкон қўлдан чиқарилмаса бас. Ов майдонларида дийдаси қотган Самандар бўрининг нолаларига парво ҳам қилмай ўша қулай вазият келишини сабр билан кута бошлади. Асосийси бўрига пистирмасини сездирмаса бас. Ораларидаги масофа қанчалик яқин бўлмасин тун ярмига яқинлашиб, ойнинг сўнгги хира нурлари кўздан ғойиб бўлгунича ҳам она бўридан бирор нишон бўлмади. Атрофни юлдузлардан бўлак йилт этган ёруғлиги йўқ сахро тунига хос зимистонлик ўз қаърига олгандан кейингина она бўри нақадар ҳушёрлик билан уясига яқинлаша бошлади. Самандар энди унинг эҳтиётлаб босаётган қадам товушларини яққол эшита бошлаган бўлса ҳам ҳушёрлик юзасидан у томонга ўгрилиб қарамади. Сабр билан она бўрининг милтиқ стволи йўналишига келишини кутиб тураверди. Унинг билишича она бўри эҳтимоли бор хавфдан аллақачон хабардор бўлган, аммо пистирма айнан қаерда жойлашганини аниқлай олмай қийналаётганди. У теварак атрофга олазарак боққанча пистирма остидан ўтиб уясига яқинлаша бошлади. Унинг сезилар-сезилмас овоз билан берган ишорасига жавобан ичкаридан ғингшиганча бир-бирини уриб-туртиб болалари чиқиб кела бошлади.

Қоронғуликда Самандар бўри болаларининг сони нечта эканини аниқлай олмади. У секин қўл узатиб ствол учидаги пахтани олиб бўрини нишонга олишга шайланди. Шу пайт чақмоқни тортишга шайланган қўли қумда сирғалиб деярли сезилмас даражада овоз чиқарди. Нақадар ҳавотир ичида турган она бўрига шунинг ўзи кифоя эди. У Самандар томонга бир қайрилиб қарадию, пистирмани пайқаб болаларини ҳам ташлаб дарҳол қочишга тутинди. Самандар яхши кўра олмаётгани учун ярим таваккал билан чақмоқни тортди. Умбалоқ ошиб тушган бўри бутун саҳрони бошига кўтариб анггилай бошлади. Бу зимистонда уни йиқилган жойини аниқ кўришнинг имкони бўлмасада овознинг бир нуқтадан чиқишига қараб унинг жараҳат олиб ўрнидан тура олмаётганини пайқаш қийин эмасди. Пистирмадан чиққан Самандар милтиқни отишга шай қилганича овоз келаётган томонга ҳушёрлик билан яқинлаша бошлади. У яқинлашгани сари ўқ орқа сон суягини мажақлаб биқинининг ярмини ўпириб ташлаган она бўри жон азобида қочишга уринарди. Жудаям яқин келган Самандар қўлидаги фонар ёруғлигини бўрига тўғрилаб, унинг барча ҳаракати энди беҳуда эканини тушунди. Негаки биқиннинг ўприлган жойидан ичак-чавоғи кўриниб турган бўри нари борса яна ярим соат яшаши мумкин. Кўзига тушаётган Ёруғликни пайқаши билан бўри судралишдан тўхтаб тишларини иржайтириб ҳамла қилишга шайланди. Самандар ўз тажрибасидан яхши биладики, жароҳат олган йиртқичга яқинлашиш мумкин эмас. Шунинг учун у яна бир ўқ ишни якунига етказишга қарор қилиб фонарни ерга қўйиш учун сал эгилди. Уни қум устига қўйиб энди қаддини ростлаган ҳам эдики, шунчалик тажрибаси билан ҳам хатога йўл қўйганини тушуниб етди. Жон талвасасида бир ҳамла билан орадаги қисқа масофани йўққа чиқарган бўри унинг чап қўлига оғиз солиб жароҳат етказишга улгурганди. Тепки зарбидан аввалги жойига қайтиб келиб тушган бўри рақибига кучи етмаслигини сезиб ундан қочиш учун судрала бошлади. Шу пайт бошининг орқа қисмидан кириб икки кўзининг ўртасидан чиқиб кетган ўқ унинг ҳаётига хотима қўйди. Эгнидаги куйлакни бир енгини йиртиб олиб жароҳатини боғлаган Самандар зудлик билан она бўрининг терисини ҳам шилиб олди. Унинг болалари билан эса қизиқмади ҳам.

Шошилмаса бўлмайди, аммо жуда чанқаган. Сув олиш учун дарё томонга юрай деса анча вақтни йўқотади, орқага қайтай деса энг яқин отаргача 45-50кмлар чамаси юриши керак. У узоқ иккиланмади. Ўз олдига қўйган мақсадини ортиғи билан уддалаб юзини ёруғ этганди. Бу ерда энди қиладиган иши ҳам йўқ. Тонг отгунча кўзлаган манзилига етиб бора олса бўлгани.

Учинчи фермага тегишли отарлардан бирига етиб келганда тонг отганига анча вақт бўлганди. Илк бахор нурлари афт-ангорини қорайтириб юборган ва бир неча кундирки соқоли устара кўрмаган, ҳорғин нигоҳ билан боқаётган бу йигитни бирор жиноятчи деб ўйлади шекилли отар бошлиғи дастлаб жуда совуқ қарши олди. Аммо сал ўтиб унинг кимлигию, қандай қилиб бу аҳволга тушгани ва бу ерга келишидан мақсади нима эканлигидан хабар топгач унга ўз фарзандидек меҳрибонлик кўрсата бошлади. Самандарга соқолини олиш учун илиқ сув ва керакли жиҳозларни тайёрлаб берар экан ўғлига ювиниш учун ҳам шароит тайёрлашни буюрди. Эрталаб эчкилардан соғиб олинган сутни қозонга солиб тагига олов ёқтирди ва ўтовга дастурхон ёздириб Самандарни кута бошлади.

-Жуда хушсурат йигит экансан-ку, – ўрнидан сакраб турди чол қулочларини кенг ёйганча ювиниб-тараниб чиққан Самандарга пешвоз чиқар экан.

-Мана бугун уйдан чиққанимга ҳам етти кун бўлди-чолнинг мехрибонлигига жавобан меҳр билан унга томон қучоқ очиб келаркан жавоб қайтарди Самандар.

-Бобонг раҳматли сендан ҳам новчароқ эди. У кўпкарига кирса борми унча-бунча чавандозни унинг ёнига яқин йўлашга ҳам юраги бетламасди – деди чол Самандарни бағридан бўшатиб дастурхонга таклиф этар экан.

-Аввало жароҳатимни боғлаб олсам- деди Самандар бобосини хотирлаган чолга ҳурмат юзасидан қўлини кўксига қўйиб таъзим бажо келтираркан.

-Нега шуни дарҳол айтмадинг – деди чол маъдалаб бошлаган жароҳатни синчиклаб кўздан кечирар экан. Бўрининг тиши захарли бўлади, тағин қутирган бўлмасин.

-……

Тезроқ қайноқ сувингдан келтир – ташқарига қараб қичқирди чол.

Қайноқ сув тайёр экан шекилли ҳаёл ўтмай ичкарига қумғон кутариб кирди ўғли. Сув келгач эса чол уни бир литрли банкага солиб устидан бир пиёла туз ҳам қуйиб аралаштирди ва намакобга тоза латтани ботириб у билан жароҳатни яхшилаб тозалади. Сўнгра латтанинг қолган қуруқ қисми билан жароҳатни яхшилаб боғлади. Ва Самандарнинг соғлигини ўйлаб ўғлини отга миндирганча бу хабарни дарҳол ферма марказига етказишини тайинлади. Самандар бир коса қайноқ эчки сути ва озроқ суви қочган нон билан тамади қилгунича чол бўри териларини обдон тамоша қилиб бўлиб кейин тузлаб қўйди. Неча кунки бундай ҳаловатдан мосуво вужуди қайноқ сут ҳароратидан роҳатланиб кетган Самандар чолнинг ижозати билан уйқуга кетди.

Овчи йигитнинг тирик эканлиги ва бир оз жароҳати борлиги ҳақидаги хабарни эшитиб хурсанд бўлган директор дарҳол туман марказига хизмат машинасини юбориб мутахасис шифокорлардан бирини олиб келтиртирди. Сўнгра ўзи ҳам уларга қўшилиб Самандар турган отар томонга қараб йўлга тушдилар. У дилхираликдан ўзини қўярга жой топа олмай турган вақтда хотиржамлик ато этган бу хушхабардан хурсанд эди. Аммо бу хурсандчилик ҳам ўлим шарпасини ҳис этганда ўз-ўзидан ғойиб бўладиган барча лаззатли туйғулардек узоққа чўзилмади. Иши битиб эшаги лойдан ўтган директор эди йўл давомида овчи йигитга ваъда этилган мукоффотдан қандай қутулиш ҳақида ўйлаб борарди. Эндиги мақсади барчасини ўз кўзи билан кўрганидан кейин шу кунинг ўзидаёқ, асло кечиктирмасдан овчи йигитнинг ташвишидан бир амаллаб қутулишдан иборат бўлиб қолганди. Улар отарга етиб келганларида кун ярмидан оғган бўлиб, Самандар ҳали ухлаб ётган экан. Бундан хабар топган директор унинг уйқусига ҳалақит қилмаслик баҳонасида шифокорни ҳам ташқарида қолдириб ёлғиз ўзи ичкарида қадам ранжида қилди. Овоз чиқармасликка ҳаракат қилиб секин Самандарга яқинлашди ва иссиқ ўтов ичида устига бирор нарса олмай боши тагини баланд қилиб осмонга қараб ухлаб қолган Самандарни овозсиз кузата бошлади. Кўзига Самандарни тўрт мучаси сопа-соғ кўринди. Бундан кўнгли янада хотиржамлашди. Наҳоки, ўйларди у “ наҳотки шундай йиртқич бўрини туну-кун ухламасдан таъқиб қилиб қўлга туширган бўлса”, “наҳотки, мен қанчалаб пул сарфлаб уддалай олмаган ишни мана бу йигит бор-йўғи 3 литр сув ва тўрт дона нон билан беш кунда ёлғиз ўзи ниҳоясига етказса”, “тан бермай бўларканми”. Директор унинг чайир мускуллари, келишган қомати ва ухлаб ётганда ҳам қаътияти ифодалаб турган юз қиёфасига суқланиб термулар экан уни илк бора кўрганида калласига келган нохуш хаёлларидан уялиб кетди. Лекин бу уят ҳиссининг умри ҳам узоққа чўзилмади. Ҳокимнинг дағдағасию, қаршисида ётган йигитга берилиши лозим бўлган мукоффотни яна бир бор эслаши билан у ҳиссиёт ҳам қайноқ сувга ташланган муз бўлагидек калласида айланаётган минг бир хаёллар ичра эриб кетди. У ҳозир икки гирдоб аро қийналар, аниқроғи овчи йигитнинг жасоратию ва шу жасоратни муносиб тақдирлаш ўртасидаги мутаносибликка аниқлик кирта олмай иккиланарди. Охир- оқибат иккиланганда тўғри қарор қабул қила олмайдиган барча кишилардек у ҳам хаёлан ўзининг фойдасига қарорлар қабул қила бошлади. Ўзинининг жисмоний имкониятларини Самандарники билан солиштирар экан, сахро бўйлаб бир соат ҳам яёв юра олишига ҳоли келмаслигини эслаб унга жавобан “менга Худонинг ўзи шундай, қийинчиликларга рўпара келинмайдиган ҳаётни раво кўрган” деб якуний хулоса чиқарди. Саҳронинг бир четида йиртқич бўри билан юзма-юз келишдек Самандарга хос бўлган жасорат ҳақида ўйларкан “ҳозир бундай жасорат кимга керак, асосийси пулинг бўлсин, пул қаерда бўлса барча ҳурмат эътибор ҳам ўша томонга қараб оқаверади” деб ўзига таскин берди. “Ким танийди бу йигитни мени эса бутун туманда Икромбой деган отим бор, мени ҳамма танийди”.У яна ўзи ва Самандарни орасидаги инсонийлик тарозисига солганда ярқ этиб кўзга ташланадиган бошқа тафовутларни таққослар экан номардлик қилаяпман деган гапни ўзига асло яқин ҳам келтирмади. Аксинча уларнинг барчасида ҳаётни шундай яратган Оллоҳни айбдор қилиб қутилиб қўяқолди. Сўнгра Икромбой ухлаб ётган Самандарнинг тепасида ўз топқирликларига маҳлиё бўлганча мукоффот ҳақидаги жумбоққа ҳам ечим топди. Режалаб қўйган тадбиридан кўнгли хотиржам бўлганидан кейин эса секин турткилаб Самандарни уйғотди ва шифокорни ичкарига чақирди. Жароҳатни очиб кўраркан унинг сабабчиси бўрининг жағи эканлигидан хабар топган шифокор биринчи навбатда Самандарга қутириш касалига қарши укол қилди. Кейин уни инфекцияларга барҳам берувчи эритма билан жароҳатни яхшилаб тозалаб устига малҳам қўйиб боғлади. Ва Самандарни уйига бориши билан 24 соат ичида албатта шифокорга учрашиши лозимлигини тайинлаб огоҳлантирди. Сўнгра Самандарни қўлидаги жароҳатни кўриши билан ташқарига қочиб бўри тулумларини томоша қилаётган директорга ишини тугатганини айтди. Бу ерда қилинадиган бошқа иш қолмаганидан кейин қайтишга шайландилар. Шу пайт ҳалиги чол отардан бир семиз қўчқорни тутиб олиб Самандарга тортиқ қилди. Негаки саҳрода шундай қонун бор, бўри ўлдирган овчига ҳар бир чўпон бир бош қўй совға қилиши лозим. Удум шунақа. Савхоз директори чолнинг бу марҳаматига жавобан истеҳзоли бир кулиб қўйиб машинага чиқди. Улар кун ботиш арафасида Самандарнинг мотоцикли қолган отарга етиб келдилар. Тезроқ уйга боришим лозим деб Самандарни мотоциклга ўтириб йўлга тушишидек кутилмаган имконият муҳтарам директоримизни ич-ичидан хурсанд қилиб юборди. Энди у берган ваъдасидан тониши учун минг қиёфага кириб турли-туман баҳонаю, важлар топиб қийналиб ўтириши шарт эмас.

– Аввало шу бечора чўпонларга қилган яхшилигинг учун сенга катта рахмат, бизни бир балойи-офатдан қутқардинг, ҳеч қачон қилган ёрдамингни тагида қолиб кетмаймиз. Шахсан ўзим бош-қош бўлиб сени мукоффотингни уйингга етказаман. Қачонки биз томонларга ўтсанг азиз меҳмонимиз бўл – деб сохта мулозамат кўрсатди директор Самандар билан хайрлашар экан.

Аслида айни дақиқаларда уни хурсанд қилаётган нарса Самандарни хизмати учун ундан ҳеч нарса таъма қилмасдан секин уйига жўнаётгани эди. Хизмат машинасида шифокорни изига қайтариб юборган директор ўйлаб қўйган режасини амалга ошириш учун яна бир тун чўлда тунайдиган бўлди. Эрталаб ҳар отардан бир киши ва бошқа савхоз ходимларига хабар етказдириб уларни тушликка қадар ўзи турган жойга йиғидириб сўнгра мажлис бошлади. “Хабарларингиз бор шу бир ой ичида кўрган талофотимиздан гап бошлади у. Бир бўрининг касофатига ҳатто туман ҳокиму, милиция бошлиғигача аралашишга мажбур бўлдилар. Ўзимиз, сизлар қанча овора бўлдингизлар. Барибир ҳеч наф бўлмай 200 дан ортиқ қўй-қўзидан айрилганимиз қолди. Ана Рустамака (Рустам – Самандарни бошлаб келган чўпонинг исми) топиб келган йигитнинг отасига минг рахматки бизни бу балодан қутқарди”- деб йиғилганларга Самандарни овчилик маҳоратини мақтай кетди. Ва гапининг охирида ўтирганларга қарата “Ё гапим нотўғрими” –деб мурожаат қилди.

Йиғилғанлардан кимдир бош ирғатиб яна кимдир “тўғри-тўғри” деб унинг гапини тасдиқладилар. Бундай ён беришдан илхомланган директор яна тилга кирди.

“Энди ўртоқлар шу йигитни мехнатини муносиб тақдирлашимиз керак. Шахсан туман ҳокимининг ўзи бу воқеалардан хабардор. Мен туман ҳокимининг олдида берган ваъдасини устидан чиқа олмайдиган беъбурд бўлиб қолишни истамайман. Таклифим ҳар отардан беш бош қўй йиғиб овчи йигитга хохласа пулини, хохласа ўзини беришимиз керак. Аммо бир гапни айтай давлат молига тегиниш йўқ, ҳар ким ўз шахсий молидан беради”.

Чиқимнинг кўплигидан норози бўлиб даврада кўтарилган бинойидек ғала-ғовурни директор ўзининг сохта ташаббуси билан бостириб юборди.

“Шахсан мени қўйларимдан беш дона олиб шу ерга келтирасан” буюруқ берди ҳайдовчисига директор баланд овоз билан. Бундай оҳангжамо қарордан кейин ҳеч кимни чурқ этишга журъати етмай мажлис тарқатилди. Ҳамма жим.

Мажлис ўтказилган куннинг эртасигаёқ бу қарорни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди ва деярли икки кун ичида иш якунига етказилди. Қанчалик умидвор бўлмасин бу ишнинг ижросида ҳатто Самандарни бошлаб келган Рустам чўпонга ҳам ҳеч бир имтиёз берилмади.

Ўн икки отардан йиғилган 60 бош қўйдан бобосининг қадрдони бўлган чолнинг берганини ҳам қўшиб ҳисоблаганда беш боши Самандарникига етказилди. Бир боши эса қўйларни йиғишда кўрсатган хизмати ва оғзини ёпиб юриши учун қайта-қайта огоҳлантириш билан ҳайдовчига тортиқ этилди. Қолган 54 тўрт бош қўй эса бозорга чиқариб аввал пул ҳолига кейин доллор шаклига келтирилиб камига бир зиёфат қарзи билан хокимтўранинг чўнтагига етказилди. Ва шу баҳонада хоким билан муносабатини яхшилашга эришган директор турли давраларда бўрини ҳокимимизнинг зукко ақли енгди деб мақтаниб юрди. Ва ўз ваъдасига қанчалик содиқ эканини исботлаш учун Самандар жароҳатини битказа олмай касалхонага қатнаб юрган кунларнинг бирида у қулайини пойлаб хокимни ўз уйига зиёфатга чақирди. Икки бўрининг ошланган тулуми ҳокимтўрага ҳадя қилиниб унинг шаънига мақтов сўзлари ёғилаётган тунда Самандар қўлини олиш учун эркаланиб жароҳатланган қўли устига ётиб олган ўғлининг ухлаб қолишини кутиб ётарди.

3.11.2013 йил.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn