ИЛОҲИЙ ИШҚ ТАРОНАСИ

nematullo ibrohimДИЛМУРОД ҚУРБОНОВ

(Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг айрим ғазалларига чизгилар.)

Шоир қалбида жунбушга келган ҳис-туйғулар вулқондек отилиш тараддудига тушиб қолганда, кўнгилдаги дарду алам, шодлигу севинч, ишқу муҳаббат, таҳайюр, завқ-шавқ ўзининг авж пардасига етганда -ШЕЪР туғилади. Ана шундай ҳолатларда ёзилган шеър ҳақиқий, барҳаёт, ўзи етган қалбга бир умр муҳрланиб қоладиган шеър бўлади.

Бугун сиз азизлар билан ана шундай ҳақиқий, барҳаёт шеърлар ижодкори, ҳозирги замон ўзбек тасаввуф адабиётининг йирик вакили, ориф шоир – устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг айрим ғазаллари хусусида суҳбатлашсак нима дейсиз?!

С.Н.Иброҳим -серқирра ижодкор. Устод йигирмадан зиёд бадиий ва илмий-оммабоп асарлар муаллифидирлар. У киши бадиий таржима борасида ҳам анча ишларни амалга оширганлар. Қуйида устоз тафаккурининг маҳсули бўлган китобларни санаб ўтмоқчиман:

“Рангонтоғ қўшиғи” -1988.
“Оқ кабутар” -1992.
“Ҳижрон қўшиқлари” -1992 (ҳали нашр этилмаган).
“Муборак маъво” -1995 (нашр этилиш арафасида).
“Ақл кўзи билан боқ бу оламга” -2001.
“Абулмаъоний Мирзо Бедил. Тарих. Бадиа. Тафсир.” 2001 (Энди нашрга тайёрланмоқда).
“Шифо топай десангиз”-1 -2002.
“Шифо топай десангиз”-2 -2003.
“Дарвишона” -2003.
“Ҳаллож киприклари” -2004.
“Румиёна” -2004 (нашр этилиш арафасида).
“Шифо топай десангиз”-3 -2005.
“Йигирма уч ҳикмат” -2009.
“Муборак аврод” -2011(нашр этилиш арфасида).
“Ҳижрон чечаклари” -2011.
“Тааббуд” -2011.
“Шифо топай десангиз”—4 2012.
“Рангон тулпорлари” -2012.
“Таҳайюр” -2012.

Бундан ташқари устоз Мир Саид Али Ҳамадонийнинг “Авроди фатҳия” асарини (2001й.), Урфий Шерозий ашъорларини, Муҳаммад Иқболнинг бетакрор рубоийлари-ю Камол Хўжандийнинг дурдона ғазалларини ҳамда Фирдавсийнинг безавол “Шоҳнома”сидан бобларни юксак маҳорат билан таржима қилиб, Ўзбек адабий меросининг бойишига улкан ҳисса қўшди.

Шу кунларда шоирнинг икки жилдлик сайланмаси чопга ҳозирланмоқда: 1-жилд “Кўнгил иқлимлари” 350 саҳифа, 2-жилд “Ишқ, эй Ишқ!” –девон, 375 саҳифа.

Албатта, кичик бир мақолада устознинг ижодлари ҳақида тўлиқ маълумот бериш умуман имконсиздир.

Мен устоз ижодларининг фақат айрим қирраси, аниқроғи, ўз орифона ғазалларида илоҳий ишқ туйғусини ўта юксак поэтик
маҳорат билан тараннум эта олгани хусусидаги баъзи фикрларимни баён этмоқчиман, холос.

Шоир ғазалларини ўқир экансиз, ўзингизни илоҳий ишқ билан йўғрилган сўлим, сирли, жилоли ва нурли бир масканга келиб қолгандек ҳис қиласиз! Сиз бевосита ғазал муаллифининг қалбидаги инжуларни териб олаётган бўласиз:

Бир Ишқ, анинг сиррини бу қон била олмас,
Бир нур, анинг важҳини бу жон била олмас.
Бир дард, анинг жабрига олам чидаёлмас,
Бир аҳд, анинг ҳаддини Кайҳон била олмас.
Бир сирки, маним жонима ўтлар соладир, бас,
Беҳуда эрур сўйламак, Инсон била олмас. (“Дарвишона”дан)

Илоҳий ишқ- шундай бир бебаҳо неъматки, унинг сирини бутун коинотни яратган, ўз ишқини инсон юрагига жойлаган Парвардигори оламдан бошқа ҳеч кимса билишга қодир эмас!

Илоҳий ишқ –бир нурки, унинг важҳини-сабабини бирор жон билолмагай!
Илоҳий ишқ –бир оғир дардки, унинг лаззатли қийноғига ҳамма ҳам чидай олмас!
Илоҳий ишқ –бир аҳдки, унинг андозасини еру осмонлар бағридан топиб бўлмас!
Илоҳий ишқ –бир сирдирки, унинг моҳиятини ишқ ўтида обдон тобланган ҳақиқий ошиқларгина англаб етмаса, бошқалар ҳаргиз англаёлмас!

Буни “Ҳаллож киприклари” тўпламидаги “Ҳазрат Жунайднинг субҳидамда ўз-ўзига деганлари” ғазалидан ўқиганимизда англагандек бўламиз:

Эй муҳаббатлиғ кўнгил, ҳижрон муборак бўлсин-эй,
Ўт аро бу топганинг имкон муборак бўлсин-эй.

Ошиқ дил ўз-ўзига мурожаат қилиб Ёр ҳажрини муборакбод этмоқда. Албатта, бу ҳижрон -энг муборак ҳижрон. Бу ҳижрон охири неъматларнинг энг-энг улуғи Ҳақ васлига етиш билан тугайди.Ҳар қанча қийноқ, азоб, риёзатлар бўлмасин, ошиқлик жуда катта бир Имкондир.

Доманингга субҳидамда гул тўкар маҳбуб ниҳон,
Чун димоғинг ичра хуш райҳон муборак бўлсин-эй.

Саҳар вақтидаги ибодат ва зикрнинг бошқа пайтлардагидан афзаллиги кўп манбаларда айтилган. Бундан ташқари қудсий ҳадисда Аллоҳ(Ж.Ж) кечанинг охирги қисмида ер юзига нозил бўлиб, ибодатларни қабул қилиши, дуоларни ижобат қилиши айтилади.

Ким муҳаббатдан жудодир, ақли-жузъ, иймони суст,
Ақли куллар наздида иймон муборак бўлсин-эй.

Қайси бир юракдан илоҳий ишқ жой олар экан, бу юрак эгаси учун дунё моли, дунё матоси ва бошқа кўп нарсалар қадр-қимматсиз бир нарса. Ҳақиқий ошиқ юрак фақат ошиқ юракларнигина тан олади.Ҳақиқий иймон ҳам Ҳаққа етган ошиқнинг иймонидир.

Худди шу нарса ушбу тўпламдаги “Шоҳ Машраб баёни” ғазалида янада бошқача бир оҳангда берилади:

Сўнгагим ичра ҳажрдин сирқирар жоним менинг,
Ишқсиз макруҳ эрур ҳар лаҳзаю оним менинг.

Ошиқ қалб ҳажрдан изтироб чекади, суяк-суягигача сирқирайди, лекин бу азоб – лаззатли азоб. Чинакам ошиқ ишқсиз ўтган умрни умр ҳисобига қўшмайди, ҳатто, ишқсиз кечган бир лаҳзани ҳам макруҳ ҳисоблайди.

Ҳар бир ашёдин ўзингга бенишон нур иста дил,
Мўъжиза бирла тўлиқ бу ҳайратистоним менинг.

Ҳаққа етган қалб эгаси ҳар бир ашёда Аллоҳнинг мислсиз қудратини кўради, атрофдаги ҳар бир мавжудот, ҳар бир наботот, ҳар бир зарра ошиқ кўнгилга Аллоҳдан сўзлайди, Аллоҳдан роз айтади.Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида инсонлар табиатдаги ҳайвонот ва ўсимликларга қараб тафаккур қилсалар, Аллоҳнинг қудратини англаб етишлари осон кечиши айтиб ўтилган. Тафаккур эгалари эса Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида мақталган.

Эй фақиҳ, сен ҳам ҳақиқат илмини қилгил талаб,
Бўлди макнун ҳол ичинда дину иймоним менинг.

Ориф дил фақиҳга (шариат аҳкомлари билан шуғулланувчи олимга) мурожаат қилиб:
-Сен менинг ҳолимни англашинг мушкулдир, чунки менинг дину иймоним ҳол ичида яшириндир.Ошиқликни англашинг учун сен ҳам ҳақиқат илмини талаб қилгил! -, дейди.

Англамас асрори кўнглим зоҳиди беишқлар,
Англамаслар аҳли Хўқанд ҳам Намангоним менинг.

Албатта чинакам ошиқ кўнглини ошиқларгина англай оладилар.Ишқ нималигини билмайдиган, муҳаббатдан бебаҳра кимсалар буни тушунмайдилар. Шунинг учун Ҳаллож дорга тортилди, Машрабни кўп жойлардан қувиб солдилар, ва ниҳоят ул зот ҳам марги муааллаққа маҳкум этилди.

Расули Акрам(САВ) муборак ҳадисларида марҳамат қилиб, шундай дейдилар:
-Кимки Аллоҳни севса, балога тайёр турсин.

Бунинг маъноси шуки,Аллоҳ таборак ва таоло қайси бандасининг дилига ишқи илоҳийни жойлар экан, уни минг бир чиғириқдан ўтказади.Турли оғир синовлар билан ошиқ қалб эгасини имтиҳон қилади. Устоз ўз орифона ғазалларидан бирида буни жуда ажойиб тарзда тасвирлаганлар:

Топса ёр ўз хайлидан сирдошини,
Севдириб, хун айлагай кўз ёшини.
Чун Аҳад ошиқни кўрса роҳида,
Имтиҳон қилгай унинг бардошини.
Сабрига жабрин баробар айлагай,
Бошига қўйгай тегирмон тошини.
Ишқ –асрори илоҳий, сақлагил,
Ўлдирур Маъшуқ унинг сирфошини.
Нурга маҳрам ошиғин ардоқлагай,
Ҳайдагай даргоҳидан хуффошини.*
Кўрса гар меъмори ишқни, суйгай ул,
Бир умр мулзам қилур наққошини.
Чунки сийрат бирла сурат бир эмас,
Ажратар ул сиддиқу қаллошини.**
Асли ошиқ Мансури Халлож каби
Тиккай ул Ёр дорига ўз бошини.

*Хуффош-кўршапалак, **қаллош-ҳийлагар, маккор.

Бу ғазал бирор изоҳга муҳтож эмас. Бунда Аллоҳ ўзига ошиқ қулини қандай имтиҳон қилиши содда, шу билан бирга ҳаққоний, жозибали бўёқларда берилган.

“Жон ўзи” ғазалида шоир инсонни огоҳликка, ҳушёрликка чақириб, ажалнинг ногоҳонда келиб қолишини, шунинг учун ҳам ҳар сония бунга тайёр бўлиб туриш лозимлигини жуда гўзал иборалар билан таъкидлаб ўтади. Кейинги байтда ишқсизлар кўнгли қаро тун янглиғ зулматли бўлишини ва унда бахиллик дея аталмиш жирканч иллат макон қуришлиги, илоҳий ишқ билан мунаввар қалблар эса мисли райҳондек атрофга хуш ифор таратиши айтилади. Учинчи байтдан олтинчи байтгача умрнинг ўткинчи эканлиги; қиёмат куни барча ҳайвонлар тупроққа айланиб, инсон ўз қилмишлари туфайли Ҳақ олдида шармисор бўлиб қолишлиги; дилнинг бир хароба эканлиги, бу хароба фақат иймон билан тикланиши; кишининг молу мулки вафо қилмай, охир оқибатда бисотида хайрли амаллар ва иймони қолиши таъкидланади.

Ғазал мақтаъсида эса юқоридаги фикрлар жамланиб, гўзал бир хулоса ясалади:

Нури ҳақдин озиғин олган фақат
Жон эрур ул, жон эрур ул, жон ўзи!

Охиратда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло висолига етишга Аллоҳнинг илоҳий нуридан озиқланган, Ҳақ ишқида ёнган, унга бир умр итоатда бўлиб, барча қайтариқларидан қайтган жон эгасидан бошқа ким ҳам ҳақлироқ бўлиши мумкин? Ана шундай жон ҳақиқий роҳат-фароғатга, лаззатга, мукофотга, энг буюк неъмат -Аллоҳ таборак ва таоло висолига лойиқ жондир!

Устознинг “Тополмассиз мени” ғазалида ориф юракнинг ишқдан бебаҳра кимсаларга хитоби ўз ифодасини топган:

Эй олами ботилнигоҳ, танноз, тополмассиз мени,
Ағёр ила сиз ҳамнишин, ҳамроз, тополмассиз мени.

Эй дунёга ботил кўз билан қаровчи танноз, мени ўз оламингиздан тополмайсиз, Сиз ағёр билан, яъни шайтон билан ҳамнишин(бир жойда ўлтирувчи), сиз шайтон билан ҳамроз экансиз, мени тополмайсиз.

Озод эмассиз бир нафас, олти томонингиз қафас,
Ахтармангиз энди- абас, сиз боз тополмассиз мени.

Дарҳақиқат, инсон бу дунёда ҳисобсиз хусронлар ичрадир. Уни мол-мулк, аҳли-аёл, бола-чақа, дунё ташвишлари машғул қилиб қўйган. Инсондаги нафс, ҳою ҳавас, дунё муҳаббати тўртмас, олти томонидан қафасдек қамаб туради. Қуръони карим оятларининг бирида “Сизларни Аллоҳни эслаш(номоз ва зикр)дан бола-чақа ва мол-мулк тўсиб қўймасин. Бас, ким шундай бўлса, ана ўшалар зиён кўргувчилардир” дейилган.Бунда “бола-чақа”дан мурод барча аҳли-оила, “мол-мулк”дан мурод эса қилинадиган касб-кор, ҳамма дунёвий ишлардир.

“Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ(барча гуноҳларни кечириб юбораверади,-деб)алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир, 5-оят)

Фақат ориф, ошиқ инсонларгина юқоридаги гапларнинг асл моҳиятини тушуниб етади ва амал қилади.Уйғоқ юрак эгасигина нафс ва дунёвий ҳою ҳавас қафасларини парчалай билади, руҳ озодлиги, қалб хотиржамлигига эриша олади.

Бунда камолим бор маним, бунёд –заволим бор маним,
Нозик хаёлим бор маним, эй ноз, тополмассиз мени.

Орифнинг камолини, унинг бунёдини, унинг хаёлини оддий инсон қаердан ҳам билсин.

Ҳурлар менга ҳамхонадир, севган гулим фарзонадир,
Ўзга кўнгил бегонадир, эй роз, тополмассиз мени.

Аллоҳдан бошқани ўйламайдиган ошиққа нафақат ҳурлар, балки бутун махлуқот, мавжудот,жонли-жонсиз барча нарсалар мусаххар этилади.Бундан валийларнинг каромати зуҳур этади. Муборак динимиз тарихида бунга мисоллар жуда кўп.

Топдим дилим, бўлдим адам, маҳшаргача то –бир қадам,
Бўлгай абас иззат, карам…Эъзоз, тополмассиз мени.

Имом Ғаззолий ўзларининг “Кимёи Саодат” асарларида дил ҳақида шундай дейдилар: ”…дилни ва анинг сифатларини танимоқ ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу ва таолони танимоқнинг калидидур.Жаҳди тамом қилғилки, дилнинг ҳақиқатини танигайсен. Дил бу олам манзилгоҳида …мусофирлик учун келибдур.” Демак, ўз дилини таниган киши ориф ҳисобланади. Орифга эса, албатта, маҳшаргача бир қадам.

Қилманг хаёлки—санг дилим, битмас-туганмас ранг дилим,
Бир жовидон оҳанг дилим, эй соз, тополмассиз мени.

Тасаввуф шеъриятида рангу ҳид бу Дунё тамсили ҳисобланади. Оллоҳнинг солиҳ бандалари, юзаки қараганда, атрофдаги воқеа ҳодисаларга бефарқдек туюлади. Аслида ундай эмас. Биз—оддий инсонлар турмушимиздаги салгина вақтихушликдан ҳаддан ташқари севинамиз, чапак чаламиз, қийқирамиз, ва ҳаказо. Салгина қийинчиликдан ўзимизни йўқотиб қўямиз, қўрқувга тушамиз, хафа бўламиз, бошқаларга нолиймиз, айюҳаннос соламиз.

Орифлар-чи?.. Орифлар ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржам, тинч, осуда, сокин… Уларнинг ана шу ҳолати бизга ўхшаган зоҳир кўзи очиқ бўлгани билан ботин кўзи ожиз кишиларга салбий ҳолат бўлиб кўринади. Аслида улар бошқа кишиларнинг дардини ўз дарди деб биладилар.”Мўъмин мўъминнинг биродари”, “Ўзингга нимани раво кўрсанг, бошқага ҳам ўшани раво кўр” каби ҳадисларга орифларгина амал қилади. Шунинг учун ҳам устознинг орифона ғазаллари инсонлар фақат ўзинигина ўйлайдиган бўлиб қолган бугунги даврда яна-да улуғроқ аҳамият касб этади.

Аллоҳнинг дўстларида буюк қалб хотиржамлиги мавжуд.Аллоҳ дўстларининг дили– битмас—туганмас ранг билан музайян, Аллоҳ дўстларининг дили—барҳаёт илоҳий оҳанг.

Мана, азизлар, устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим қаламига мансуб бўлган ғазалларининг айримларини кўриб чиқдик ва улардаги маъно мағзини чақишга ҳаракат қилдик. Бир ҳақли савол туғилади. Хўш, бу ғазаллардаги Аллоҳ ишқида ёнган ошиқ ким? Ўз дилини топиб, маҳшаргача бир қадам ҳисоблаган, юраги илоҳий рангларга олуда Ориф-чи?…

Шу ўринда марҳум устоз Асқар Маҳкамнинг “Оқ Китоб”идан парча келтирмоқчиман:” Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг шеърлари унинг фитратига жуда монанд. Шеърига ўхшамаган шоир– шоир эмас… Ҳақиқий шоирнинг сўзи унинг жонидан чиқади, яъни жондек чиқади, шоирнинг сўзлари томоғидан қондек отилиб чиқади, қусуқдек эмас.Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг шеърлар мажмуасида ана шундай “қонга беланган” шеърлар бор. …Сиз уни ҳохланг Баҳоуддин денг, ҳохланг Яссавий, ҳохланг Саййид Неъматуллоҳ… Ҳеч тафовути йўқ. Уларнинг бари бирдек – ошиғи зор.”

Дарҳақиқат, шундай.Мен “Оқ Китоб”ни анча йиллар олдин ўқигандим. Устоз билан учрашиш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш орзусида юрардим. Қадрдон дўстим, истеъдодли шоир—Раҳим Абдураҳмон менинг бу истагимни эшитгач, устознинг ҳузурига олиб борди ва иккимизни яқиндан таништирди. Ва илк учрашувдаёқ “Оқ Китоб”даги маълумотларнинг юз чандон тўғрилигига амин бўлдим. Умрим давомида ўз кўзим билан кўрган инсонлар ичидан энг одоблиси, энг ҳалими, энг ғамхўри, энг фасоҳатлиси, энг маърифатлиси билан учраштирган Аллоҳ таборак ва таолога ҳамду санолар айтдим.

Энди кўриб ўтмоқчи бўлган иккинчи мавзумиз—устоз С.Н.Иброҳимнинг поэтик маҳоратлари ҳақида ўртоқлашсак. Устоз– Арузда ижод қилаётган камёб истеъдодли шоирлардан бири. Таниқли шоир, маҳоратли таржимон—Одил Икром Би-би-си радиосида бўлган суҳбатларида қайд этганларидек тепасига “Ғазал” ёки “Рубоий” деб ёзиб қўйилган, аслида арузнинг “А” ҳарфиям бўлмаган “шеър”лар учраб туради(Аруз ҳақидаги дардли фикрларимни алоҳида мақола қилиб, эътиборингизга ҳавола этиш нияти йўқ эмас).

Устоз С.Н.Иброҳим Навоий, Бобур, Машраб ва бошқа мумтоз сўз санъаткорларининг анъаналарини давом эттириб, ўз навбатида арузда ўз ўрнини топган, ўз йўлини кашф этган ҳассос ижодкордир. Устознинг аксарият ғазаллари 11, 14, 16 ҳижолик ғазаллар. Ғазалларнинг кўпчилиги арузнинг Ҳазаж ва Рамал баҳрларида ёзилган. Бу икки баҳр бошқа баҳрлардан ўзининг оҳангдорлиги билан ажралиб туради. Айниқса, рубоий баҳри бўлган Ҳазаж баҳри ниҳоятда оҳангдор. Лекин бу баҳрларда асар ёзиш шоирдан жуда катта истеъдод талаб қилади.Мақола бошида кўриб ўтган “Била олмас” радифли ғазал арузнинг Ҳазажи мусаммани ахраб баҳрида ёзилган. Устознинг 2003 йил “Нафосат” нашриётида чоп этилган “Дарвишона” тўпламидаги ғазалларнинг қарийб ҳаммаси Ҳазаж баҳрида ёзилган.

Фейсбук саҳифаларида берилган ғазалларнинг ”Керак эрди”дан бошқа ҳаммаси Рамал баҳрининг турли шажараларида ёзилган.

Қадимий ва бой адабийтимизда юздан ортиқ бадиий тасвир воситалари—шеър санъатлари мавжуд. Устоз ўз ғазалларида бу сўз санъатларининг аксариятидан унумли фойдаланганлар. Шулардан айримларини кўриб ўтамиз.

Ички қофия камёб бадиий тасвир воситаларидан биридир. У шеърда оҳангдорликни кучайтиради, кўтаринки бир руҳ беради, жозибадорлик бахш этади. Мумтоз адабиётимизга назар ташласак, фақат Навоий, Бобур, Машраб каби даҳо ижодкорларнинг асарларидагина ички қофия кўп учрайди. Ўз навбатида шуни ҳам айтиш керакки, ички қофияли ғазал ёзиш жуда катта маҳорат талаб қилади. Устоз С.Н.Иброҳимнинг сизга таниш “Тополмассиз мени” ва “Эй ишқ” ғазаллари тўла ички қофияли ғазаллардир. Бу ғазалларда сўзлар шу даражада юксак маҳорат билан терилганки, улардан бирортасининг ўрни алмашса, бирортаси олиб ташланса ёки бошқа сўз билан алмаштирилса, бутун бошли ғазалнинг кўркига путур етиши аниқ.

Биринчи таҳлил қилган ғазалимизнинг радифидаги “эй” ундовига эътибор беринг-а:

…ҳижрон муборак бўлсин-эй,
…имкон муборак бўлсин-эй,
…райҳон муборак бўлсин-эй,
…иймон муборак бўлсин-эй.

Мана шу биргина “эй” ундовининг ўзи ғазал оҳангига ҳам ўйноқилик , ҳам ёқимлилик бахш этяпти.

Бу ғазалда бундан ташқари таносиб, тазод, ташбеҳ каби сўз санъатлари ҳам моҳирона қўлланган. Иккинчи байтнинг ўзида ҳам таносиб, ҳам ташбеҳ бор:

Доманингга субҳидамда гул тўкар маҳбуб ниҳон,
Чун димоғинг ичра хуш райҳон муборак бўлсин-эй.

Байтнинг ҳар икки мисрасида бир-бирига боғлиқ сўзларнинг келтирилиши таносиб дейилади. Бунда биринчи мисрадаги “гул” сўзи иккинчи мисрадаги “райҳон” сўзи билан боғлиқдир.

Субҳидамда Аллоҳ(ж.ж.) ўз дўстларига файзу барокот ато этиши “гул тўкиш”га ўхшатиляпти. Бу файзу барокот, саҳар вақтидаги ибодат ва зикрдан олинадиган лаззат эса райҳоннинг димоққа келган хуш исига ўхшатиляпти. Нақадар гўзал тасвир! Нақадар гўзал ташбеҳ!

Учинчи байтда муҳаббатдан жудо кишилар ошиқларга—ақли кулларга қарама қарши қўйиляпти. Бу тазод санъатига мисолдир:

Ким муҳаббатдин жудодир, ақли—жузъ, иймони суст.
Ақли куллар наздида иймон муборак бўлсин-эй.

“Ишқ имтиҳони” ғазалида ҳам худди шу каби ва бошқа бадиий тасвир воситаларидан унумли фойдаланилган.Бу ғазалда таносиб, тазод ва ташбеҳдан ташқари талмеҳ санъати ҳам қўлланган. Шеъриятда бирор тарихий шахсга ишора талмеҳ дейилади. Ғазал мақтаъсида 10 асрда Бағдодда яшаган улуғ авлиё Мансур Ҳаллож номи зикр этилган:

Асли ошиқ Мансури Ҳаллож каби
Тиккай ул Ёр дорига ўз бошини.

Бундан ташқари “Эй ишқ” ғазалининг 4, 5, 6, ва 7-байтларида ҳам талмеҳ санъати қўлланган:

Қайда у Шайх Санъонларинг ҳам Юсуфи Канъонларинг?
Қайда кўнгил кайҳонларинг? Ул қадди мавзунлар қани?
Ихвонларинг қайда букун? Қурбонларинг қайда букун?
Султонларинг қайда букун—Маҳмуду Маъмунлар қани?
Қайда ўшал Ҳалложларинг? Шоҳ Машрабинг—нур тожларинг?
Куброларинг—мерожларинг, Бедилу мадфунлар қани?
Боқ бир нафас роҳингга сен, дарддошу дилҳоҳонгга сен,
Шамсу қамар—моҳингга сен, Румий—жигархунлар қани?

Устознинг барча ички қофияли ғазаллари яна бир ажойиб тасвир воситаси тарсеъга мисол бўла олади.Сўз ёки иборанинг икки мисрада вазнда ҳам, қофияда ҳам бир хил бўлиб келиши тарсеъ дейилади.Қуйидагиларга эътибор беринг,:

“Тополмассиз мени” ғазалида—

Озод эмассиз бир нафас…
Ахтармангиз энди абас…
Бунда камолим бор маним…
Нозик хаёлим бор маним…
Ҳурлар менга ҳамхонадир…
Ўзга кўнгил бегонадир…
Топдим дилим, бўлдим адам…
Бўлгай абас иззат, карам…
Қилманг хаёлки—санг дилим…
Бир жовидон оҳанг дилим…

“Эй ишқ” ғазалида:

Қайда ўшал саҳроларинг…
Кўрсам дедим савдоларинг…
Ишқсиз кўнгилдир чун қафас…
Қаддингга қилгувчи ҳавас…
Қайда у Шайх Санъонларинг…
Қайда кўнгил кайхонларинг…
Ихвонларинг қайда букун…
Султонларинг қайда букун…
Қайда ўшал халложларинг…
Куброларинг—мерожларинг…
Боқ бир нафас роҳингга сен…
Шамсу қамар моҳингга сен…

Устознинг ғазалларида кўриб ўтилган сўз санъатларидан ташқари тажоҳули орифона, тажнис, лаф ва нашр, ҳусни таълил ва бошқа кўп нодир бадиий тасвир воситаларини кузатганман. Шу боисдан ҳам С.Н.Иброҳимнинг ижоди, ҳатто, ҳар бир ғазали катта тадқиқни талаб этади.Юқорида айтганимиздек, кичик бир мақолада у кишининг ижодиёти хусусида тўлиқ маълумот бериб ўтишнинг умуман имкони йўқ. Бу ёзганларимиз эса шоир ижодиёти хусусида айтиладиган фикрлар уммонидан бир томчи, холос.

Хулоса қилиб айтганда, устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим мумтоз адибларимиз анъаналарини давом эттириб, ўзининг нодир орифона ғазаллари билан ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, анчадан бери сўниб бораётган ўзбек тасаввуф адабиёти шамчироғини ўз ижоди билан янада равшанроқ нур таратишига улуш қўшаётган забардаст қалам соҳибидир.

Устоз ҳозир айни ижод ёшида—табаррук олтмиш ёш арафасидалар. Яратган Эгамдан устозга мустаҳкам соғлик, куч-қувват, ижодий ишларида файзу барокот тилаб қоламиз!

ДИЛМУРОД ҚУРБОНОВ 11-12 август 2013 йил. Турсунзода. Работ/

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn