Раҳмат Қурбон: ”Хасталик дафтари” (2)

рахимжон-рахмат-224x300Раҳмат Қурбон қаламига мансуб бу шеърлар бундан икки йиллар муқаддам ”Янги Дунё” саҳифасида эълон қилинган ва кўплаб баҳсларга сабаб бўлган эди.

Муаллифнинг муҳаррир Юсуф Расулга мактуби:

Ассалому алайкум Юсуфжон!
Юборган бир қисм шеърларимни сайтингизда эълон қилганингиз учун сиздан миннатдорман. Шеърларимни ўқиб, қимматли фикрларини билдирган таниш ва нотаниш шеър иҳлосмандларига ҳам раҳмат дейман.

Шеърларим шунчаки эрмак, хавас кетидан ёзилмаган, балки улар ичимдан отилиб чиққан нолаларимдир. Тириклайин ўтга ташланган бечора бақирмай ҳеч иложи йўқ. Мен узоқ вақт жисмоний азоб ва руҳий изтироб ўчоғида ўтиндай ловиллаб ёндим. Шеър ёзиш, ичимдаги ҳамма гапимни шеър тилида айтиш мен учун нажотдай гап эди. Елкасига ажал миниб олган одам ҳаётда из қолдирмай иложи йўқ экан. Мен қўлимдаги қалам ёрдамида миям ичига беркиниб олган аждар билан олишдим.

Мен ўз вақтида ижод психологиясини ўрганганман ва бу мавзуда мақолалар ҳам ёзганман. Шоир қай вазиятда шеър ёзади, ўқувчи эса қандай руҳий ҳолат мажбурияти билан берилиб шеър ўқишини тахминан биламан. Ичидаги дард-изтироб соғлигига зарар етказар даражада кучайиб кетганида шоир шеър ёза бошлайди, яъни, “…булар мени енган сўзлар “ дейди. Сурункали изтироб исканжасида қолган оддий инсон эса шеър ўқишга муккасидан кетади. Тиббиёт тили билан айтсак, руҳиятга йиғилиб қолган заҳарли токсинлар шеър воситасида ташқарига хайдаб чиқарилади.

Кўнгил изтироби инсонни ростдан ҳам ёмон қийнайди.Танадаги оғриқ эса унчалик қўрқинчли эмас. Жисмоний оғриқ кучайса, инсон хушидан кетади ва оғриқнинг зарарли тасиридан қутилиб олади. Шунингдек, тиббиётда оғриқдан азоб чекаётган одамни бир зумда ухлатиб қўядиган дорилар жуда кўп. Лекин кўнгилдаги дард-азобни йўқотадиган дори қани? Кўнгил даҳашатли азоб билан юзма-келишга мажбур.

Худо инсонни шундай яратганки, кишининг руҳий ва жисмоний соғлигига путр етказадиган зарарларга қарши иммун тизими охиригача курашади. Шеър ёзиш ҳам иммун тизимининг киши руҳиятида дард-изтиробга қарши олиб бораётган курашидир. Ибн Сино дейдики, сўзламаган тана заҳарга тўлади. Демак, шоир ҳақ гапларни шеър қилиб ёзар экан, бу билан у худо томонида яратилган иммун тизими қонунига бўйсунаётган бўлади. Бу демак, сўзлаш орқали киши заҳарларан халос бўлади.

Бироқ, маълумки, кўнглидаги ҳақ гапни тилга чиқариш ҳар доим хатарли бўлиб кетган. Атрофимизни ўраб турган ва тақдиримизни ҳал қилиб ташлашни даъво қилаётган объектив реаллик ( принсип реалности) биз айтган ҳақ гаплардан ғазабланиши турган гап. Аслида илҳоми жунбушга келган шоирнинг эҳтиёткор ақли бир сумга сўнади. Бу пайтда шоир ёзган шеъри учун жазоланишини ўйлаб ҳам кўрмайди. Шеър ёзиб бўлингач эса шоирнинг ақли ўзига келиб, ёзган шеъри унга қанчалик зарар етказишини чамалаб кўриб, уни эълон қилиш ва қилмаслик ҳақида астойдил бош қотира бошлайди. Илҳом сабаб бир зумлик жасорати дастидан бутун умрини ҳароб қилишни истамай қолади. Объектив реаллик томонидан шиддатли жазоланишини билгани ҳолда ҳақ сўзлар акс этган шеърларни ўқувчилар ошкор этадиган машрабнамо ёки чўлпоннамо шоирлар эса хаддан зиёд кам учрайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари билан ўтирганларида бир қўпол, баттол кимса келиб бад сўзлар айтибди. Пайғамбаримиз эса унга мулойим сўзлабди. Саҳобалар ҳайрон бўлиб: “Нега унга мулойимлик қилдингиз” деб сўрабди. Шунда: “ Балодан хазар”…деган эканлар хазарати Муҳаммад (с.а.в)

Сўз ростдан ҳам қиличдан ўткир ва кучли. Шу боис қадимда подшолар ўз ватанига бостириб келадиган душмандан кўра ҳақ сўз айтар шоирни кўпроқ ёмон кўрган. Танқидий руҳдаги шеърларини кенг ўқувчиларга ошкор этаётган шоир бир азиз нарсаларини йўқотишини олдиндан билади ва ўзини шу фожиага тайёрлаб қўяди. Аслида бу дунёда ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Юзлаб қўйларнинг қорнини ёриб ташлаган бўри ҳеч қачон ўзини ноҳақман, ўз табиатимга қарши иш қиляпман деб ўйламайди.

Барибир бу дунёнинг ҳокими зўрлар ва зўравонлардир. Тарихни кўринг. Қайси жаҳонгир кўп одам ўлдириб, қанча кўп миллатларни асоратга солган бўлса, ўша жаҳонгирнинг номи машхур. Куч адолатдадир деган гаплар бор. Лекин ҳар қайси жамиятда куч ўз манфаатига мослаб адолат ўрнатади. Шунингдек, ўз жамиятларида адолат ўрнатган халқлар ўзга халқларга нисбатан адолатли бўлолмайдилар. Ўз мамлакати манфаатини четлаб ўтган ҳолда адолат ўрнатаман деган мард ҳозирча туғилгани йўқ. Бу ҳақиқатни, айниқса, биз ўзбеклар жуда яхши биламиз. Мустамлака даврини қўя турайлик, ҳозирги кунда ҳам ҳар турли давлатлар миллатимизга арзон ишчи кучи сифатида қарайди ва, биз билан муносабатга киришар экан, биринчи галда бойликларимизни кўпроқ қўлга киритишга харакат қилади.

Юсуфжон! Сиз, мен ва бошқалар муқобил равишда ижтимоий адолат учун курашдик, миллатмизнинг оғири енгил бўлсин деб бир нималар қилишга харакат қилдик. Бугун эса, ёшимиз элликка етиб, қилган ишларимизни бир сарҳисоб қилиб кўрсак, биронта ҳам мақсад ва ниятларимиз амалга ошмагандек кўринади. Худди сувни талқон қилишга уринганга ўхшаймиз. Ёки Сизиф каби машаққатли меҳнат ва заҳматларимизнинг боши кесик экан. Балки бизнинг куюнишаримиз, баъзан соғлигимиз ва ҳатто ҳаётимизни хатарга кўйиб дилимиздагини тилимизга чиқришимиздан миллатга етган фойдани кўз билан пайқаш мумкинмасдир.
Ёки биз нотўғри йўлдан кетганмидик. Барибир вазиятимиз жуда мураккаб. Балки бизларнинг юрагимизни қон қилиб юборган, еган овқатимизни заҳарга айлантирган, кимнидир ватанидан айирган муаммолар вақти-соати келиб ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетар.

Ўзи яшаётган жамиятга нисбатан муҳолифлик зиёлий кишининг бирини вазифаси ҳисобланади. Бу ўринда муҳолифлик билан душманлик сўзини бир-бирига аралаштириб юбормаслик зарур.Чунки айрим ҳолларда халққа яхши бўлсин деб жамиятни танқид қилган одамни душман деб ҳисоблашлар учраб туради. “ Шу азиз ватан барчамизники “ дейди Ўзбекистон Президенти. Шу гапнинг тагидаги маъно кўлами ҳақида ўйлаб кўрганмисиз. Сиёсий кураш туфайли жамиятимизда бир-бирига мухолиф партиялар ва шахслар пайдо бўлди. Шахсан мен сиёсий қарашларим сабаб бўлиб жуда кўп дўстларимдан айрилганман. Президент айтмоқчики, қайси сиёсий партияга мансуб бўлишингиздан ва дунёқарашингиз бошқаларникидан фарқланишидан қатъи назар Ўзбекистон сизнинг ҳам ватанингиздир. Масалан, Дадахон Ҳасаннинг миллат учун қилган хизматлари ва ватан тақдири деб куюнишларини қадрламасликни сира иложи йўқ. Хуллас, Президент айтмоқчи “ Шу азиз ватан барчамизникидир”.

Ижодкорларимиз Худо берган неъмат – ўз истеъдодларини ўткинчи ғоялар шамолида совурмасликлари лозим. Миллатга фойда келтириш учун зиёлиларимиз ҳар доим ўз қалбларига қулоқ тутишлари керак. Зиёли одамнинг қалбида эса мамлакатга фойда келтирадиган фикр-ғоялар етарлича топилади.

Истеъдод – шоирнинг номуси. Чин шоир ҳеч қачон талант деган номусини йўқотиб қўйишни истамайди. Ғаразли ният билан шеър ёзган шоир номузсиздир. Психоаналитиклар айтадиларки, ўзининг маънавий- аҳлоқий ва ижтимоий-сиёсий ақидаларига зид иш қилган кимсанинг инсоний ва ижодий истеъдоди пайсайиб йўқ бўлади. Жудам қўрқинчли бу эътироф. Худо сизни сўз санъатида моҳир қилиб яратди. Сиз эса ғаразли мақсадда ёлғон шеър ёздингиз. Бу – томом дегани. Худо тўхтовсиз сизни истеъдоддан махрум қилиб ташлайди. Тўғри, бундан кейин ҳам қулоч-қулоч шеър ёзаверишингиз мумкин, фақат уларда руҳ бўлмайди, руҳ ўлган бўлади, яна ҳам очироқ айтсак, шоир номусини бой берган бўлади.
Яна бир гап. Ҳар қандай шоирнинг шеърларида ифодаланган ғам-қайғуни шахсий-интим ходиса деб хукм қилиш ҳам нотўғри.
Шоир юргидан отилиб чиқаётган нолаю фиғон манбаси уни ўраб турган ҳаётдир. Балиқ сувга боғланган бўлади, сув қуриса балиқ ўлади. Шоир ҳам ўз халқи дарду машаққатини юрагига яқин олмаса, шеърлиги суст бўлади. Ваакуумда бир неча кун сақланган одамнинг ҳис қилиш ва фикр юритиш қабилияти бутунлай пасайиб кетар экан. Ўзини халқ қайғу-азоби ва аламли интилишларидан ҳоли қилиб олган шоир ҳам ваакуумдаги кимса ҳолига тушади.

Раҳмат Қурбон ( Раҳматжон Қўлдошев)

Фарғона вилояти, Данғара тумани,

Қирқлар қишлоғи

****

 

ДОРМАН ЎЗИМ

Бир тўйиб йиғлай десам,
Кўзларимда кўзёш йўқ.
Ҳаётим лахадмикан,
Осмонимда қуёш йўқ.

Боши берк кўча ўзим,
Юрадиган йўлим йўқ.
Мендек бир бедавога
Тайёр турган ўлим йўқ.

Йироққа кетай десам,
Ҳар недан йироқ ўзим.
Тупроққа кетай десам,
Бир сиқим тупроқ ўзим.

Бир ётиб ухлай десам,
Қирқ ёшли уйқу ўзим.
Заҳарми ичай десам,
Қирқ йиллик оғу ўзим.

Борадиган жойим йўқ,
Ҳар жойда борман ўзим.
Ўз ҳаёти осилган
Энг баланд дорман ўзим.

2007-йил, Қирқлар

ҲАЛОЛ БЎЛАМАН

Лахадга қўйишар мурдамни – бадбўй,
Бир йилда топ-тоза тупроқ бўламан.
Бир қишни ўтказиб, келгуси баҳор,
Дарахтнинг шахида япроқ бўламан.
Қуёшни соғинмай бўларми ахир,
Адрнинг безаги – чечак бўламан.
Атига етти йил, бошим осмонда,
Қишлоқда энг баланд терак бўламан.
Айрилиқ узоққа чўзилмас, гулим,
Бир ойдир, қирқ кунда жилға бўламан.
Озгина сабр қил, яна биргамиз,
Сен учун аталган сирға бўламан.
Қуш тилин унутиб қўйма, севгилим,
Юрагим бир йилда булбул бўлади.
Мен сени севаман, дейман ҳар саҳар,
Яна қалбинг қувонч, завққа тўлади.
Вужуд қафасидан қутилган соғинч-
Сочингни тараган шамол бўламан.
Бу дунё севгини гуноҳ деб айтар,
Бир ўлиб, сен учун ҳалол бўламан.

ДУНЁ
Дунё серташвиш,
Тўрт фасли ҳам қиш.

Шодлик,қувонч кам,
Ҳамма кунлар ғам.

Бошга уриб тош,
Кейин берар ош.

Дўсту душман –бир,
Барин кўнгли кир.

Қози порахўр,
Шоҳнинг кўзи кўр.

Амирлар қотил,
Муллолар ботил.

Бу дунёни қўй,
Сассиқ ва бадбўй.

Эй инсон насли
Бу дунё асли

Дайди итга мос,
Қонхўр битга мос.

Боқ ўзинг,қара,
Гўнг титган қарға,

Балчиқда тўнғиз,
Сасиган қўнғиз,

Заҳарли илон,
Ақли йўқ ҳайвон

Бари хурсанд,шод,
Кулади ҳаёт.

Дилида ихлос,
Улар учун мос

Бу дунё асли,
Эй инсон насли.

КЕТГАНИМ ЯХШИ

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Бўйнимадан балчиққа ботганим яхши.
Кимҳоб чопонларинг ўзингга сийлов,
Кафанга ўралиб ётганим яхши.

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Ўзимни дарахтга осганим яхши.
Юмшоқ тўшакларинг тўшама менга,
Ёниб турган чўғни босганим яхши.

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Аму ёки Сирда чўкиб ўлайин.
Сенинг дастурхонинг мен учун – ахлат!
Очлик азобини чекиб ўлайин.

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Ўзимни бозорда сотганим яхши.
Бу шаҳар меники дейдиган бўлсанг,
Ҳайвонлар ичига кетганим яхши.

ҲАҚҚИМ БОР

Г.га бағишланади

У дунёга кетгим йўқ,
Бу дунё ҳам керакмас.
Қулаб тушсин коинот
Жонон омон бўлса бас.

Дерлар жаннат,кавсар бор,
Ҳатто аршга хушим йўқ.
Жонон бўлса ёнимда
Ҳар нарсадан кўнглим тўқ.

Мусибату ғам қайғу
Қила олмас қаддим дол.
Юрагимда Жонон бор
Юрагимда бахт,иқбол.

Дерлар:хаста,беморсан,
Ажал келиб этар хор.
Мен Жононни севаман-
Тирилишга ҳақим бор

БАС

Дўзаҳ аҳли, олингиз,
Менга дунё керакмас.
Саҳар туриб ҳар куни
Қон йиғласам бўлди, бас.

Ана тилло, ана таҳт,
Қучоғингга бос, золим.
Сенинг билан бир куни
Туташмаса, бас, йўлим.

БИР КЎРСАМ ДЕЙДИ

Г.га бағишланади

Боқмай хаста ҳолимга менинг,
Жонон сари талпинар дилим.
Мен ёримнинг ёнига борай,
Ҳей,йўлимни тўсмагин,ўлим.
Мен ёримнинг ёнига борай,
Қоч йўлимдан,қорангни ўчир.
Сен мунча ҳам бемаврид келдинг,
Келган еринг- қаро ерга кир.
Ўз жонимда ҳаққим йўқ менинг,
У Оллоҳдан менга омонат.
Омонатни қайтар деган кун,
Нажот келди,дейман ниҳоят.
Мен хастаман,ночон,бечора,
Бир истакдан бағрим кўп куйди.
Жон танамдан чиқмасдан бурун
Жононимни бир кўрсам дейди.

КУЙГАН ДИЛИМ

Ай,дилим,куйган дилим,
Ҳақ сўзни суйган дилим.
Сенга тошлар отдилар,
Сассиқ сўзлар қотдилар.
Ҳақгўйлик оғир экан,
Сенга санчдилар тикан.
Ичинг тўла қайғудир,
Дунё сенга оғудир.
Бундан кетмоқ истайсан,
Мени қаттиқ қистайсан.
Юр,кетамиз, эй, дилим,
Ўзимнинг севган гулим.
Кўзёшинг артай ўзим,
Эй менинг кўрар кўзим.
Осмонларга кетамиз,
Омонларга кетамиз.
Вужуд у бир кир латта,
Ечармиз уни шартта.
Кўзёшинг артай ўзим,
Эй менинг синиқ созим.

КЕНЖА СИНГЛИМ

Ўзимнинг дилим,
Эй кенжа синглим.
Кўзёшинг дарё
Сотқиндир дунё.
Гуллар узилган,
Боғлар бузилган.
Сенга макон йўқ ,
Дардга дармон йўқ.
Терс боқар жаҳон,
Ичинг тўла қон.
Дўст дея чопдинг,
Номардни топдинг.
Ёрни кутгандинг,
Қонлар ютгандинг.
Ёринг бўлди ёт,
Қилди хиёнат.
Йиғлама, дилим,
Эй кенжа синглим.
Куйиб кул бўлдинг
Йиғлаб сил бўлдинг.
Юзингни силай
Сен учун ўлай.
Юр кетдик бундан
Ғам ўтди жондан.
Ўзимнинг дилим
Эй кенжа синглим.

ЁРИМ,АЛВИДО

Г.га бағишланади

Охират йўли очиқ,
Севган ёрим, алвидо.
Бу шароб мунча аччиқ,
Севган ёрим, алвидо.

Кўзимда “дув-дув” ёшлар
Севган ёрим, алвидо.
Кўксимда ўлик қушлар,
Севган ёрим, алвидо.

Қотил заҳар қонимда,
Севган ёрим, алвидо.
Жон қолмади жонимда,
Севган ёрим, алвидо.

“Оҳ” менинг кўнглим синиқ,
Севган ёрим, алвидо.
Олтмиш эмас,ёшим қирқ,
Севган ёрим алвидо.

Ёргинамнинг кўзлари,
Сизга айтай алвидо.
Ойдай тиниқ юзлари,
Сизга айтай алвидо.

Ёргинамнинг бармоғи,
Сизга айтай алвидо.
Лола қизил яноғи,
Сизга айтай алвидо.

Бирга юрган йўлларим,
Сизга айтай алвидо.
Ёрга берган гулларим,
Сизга айтай алвидо.

“Оҳ”менинг кўнглим синиқ,
Севган ёрим алвидо.
Олтмиш эмас,ёшим қирқ,
Севган ёрим алвидо.

СОҒИНДИМ

Г.га бағишланади

Бу ўткинчи дунёга
Келишимнинг сабаби-
Кўзларингни соғиндим.

Ойга боқиб “оҳ”тортиб
Дард чекишим сабаби –
Юзларингни соғиндим.

Кеча-кундуз гунг бўлиб
Юришимнинг сабаби-
Сўзларингни соғиндим.

Ҳар кўчада ит каби
Дайдишимнинг сабаби –
Изларингни соғиндим.

ОШИҚОНА

Г.га бағишланди

Ҳаридор бўл,ўзимни
Қул бозорда сотаман.
Ўпқон бўлсанг жонимни
Қучоғингга отаман.

Жаллод бўлгин,бошимни
Сенга қиламан тортиқ.
Ўткир бўлсин қиличинг,
Бахт борми бундан ортиқ.

Шамол бўлсанг,шам бўлай,
Бир лаҳзада ўчиргин.
Ёки нозик ниҳолман –
Илдизимдан кўчиргин.

Камон бўлсанг,нишонинг
Мана менинг юрагим.
Ўқ отарда мўлжалдан
Адашмагин,малагим.

Сендан келган жафолар
Жаннатдан минг аълодир.
Муҳаббатсиз бу ҳаёт
Бошга битган балодир.

ҚЎШНИ СИНГИЛ ЗИЛОЛАГА

Қўшни сингил Зилола,
Икки юзинг гул лола.
Нур сочади жамолинг,
Мунча етук камолинг.
Бахт пойласин йўлингни.
Шоҳзодалар қўлингни-
Сўраб ерга қўйсин бош,
Сен эса кўкда қуёш.
Кўнгли ёмон куяди,
Куйса, қаттиқ суяди.

Қўшни сингил Зилола,
Эй сочлари шалола.
Ойга бир бор қарагин,
Ундан ҳолин сўрагин.
Хуснинга қилиб хавас,
Дейди: Осмон жойиммас…
Атргулга бир қара,
Атай ундан гап сўра.
У,бошидан учиб хуш,
Дейди: Ўнгмас,бу қиз туш.

Қўшни сингил Зилола,
Қадди нозик хилола.
Жамолинг кўрган ошиқ,
Шод бўлиб айтар қўшиқ.
Дейди:Ҳар куним байрам,
Бу дунё боғи Эрам.
Ҳеч бўлмасин кам-кўстинг,
Омад бўлсин чин дўстинг.
Тақдир сени сийласин,
Бахтли аёл айласин.
Яратгандан сўрайман,
Узоқ умр тилайман

ЎЗИНГСАН

Г.га бағишланади

Олов ёққан ўзингсан,
Энди сира ўчмайман.
Куйиб кул бўлсам, хатто,
Гулим,сендан кечмайман.

Олов ёққан ўзингсан,
Энди роса куяман.
Куйишимга куйинма,
Куйсам, қаттиқ суяман.

Қара,менга қўшилиб
Юлдуз ёнар,ой ёнар.
Чин роҳатим ўзингсан,
Жаннат деган жой ёнар.

Олов ёққан ўзингсан,
Оловга бир тўяман.
Ҳеч кимга йўқ омонлик,
Дунёга ўт қўяман.

Ишқ олови офтобдир,
Баҳор бўлинг куз,қишлар.
Ишқ асли бир кимёдир,
Тилло бўлинг кумушлар.

ҚИЗИМ МЕҲРИБОНГА
1
Эй Меҳрибон қизгинам
Менинг ёруғ юзгинам.
Юрагимнинг нақшисам,
Яхши,жуда яхшисан.
Менга ўхшар юз-кўзинг,
Ёруғ бўлсин юлдузинг.
Сен дунёга келганда,
Дилим хурсанд кулганди.
Қанду новвот асалсан,
Сен ҳаммадан гўзалсан.
Сен ўзингча ўйнардинг,
Сенга боқиб ўйлардим:
Оллоҳ тинглаб ноламни,
Қайтиб берди Энамни.
Шунинг учун қизгинам,
Менинг ширин сўзгинам-
Сизни Энам дейман кўп,
Энам яхши эди ҳўб.
2
Одам бир кун қарийди,
Куч-қуввати арийди.
Миниб ажал отига,
Қайтиб кетар ортига.
Қизим,Оллоҳ қўлласин,
Бахтли аёл бўласан.
Шунда сен ҳам нола қил,
Оллоҳ қодир,раҳмдил.
У арзингни тинглайди,
Ниятингни англайди.
Боқиб ўғил-қизингга,
Шодлик тошар юзингга,
Шунда дейсан бўлиб шод:
Мунча ширин бу ҳаёт.
Дейсан: Шукр Худога,
Меҳрибон ва Аълога.
Бор айлади адамни,
Қайтиб берди дадамни.

Шаҳнозага

Юлдуз бўлса ёнида
Ойнинг юзи ёришар.
Ой мунча гўзал дея
Унга таъриф беришар.

Юлдуз бўлса ёнида
Ойнинг юзи кулади.
Ойга боқиб одамлар,
Унга хавас қилади.

Юлдуз бўлса ёнида,
Ойнинг кўнгли яйрайди.
Шунда ҳамма севиниб,
Ойга тўйиб қарайди.

Юлдуз бўлса ёнида,
Ой ҳаммадан бой бўлар.
Ортар хусну чиройи.
Шунда тўлин ой бўлар.

ДАВО

Мен ҳастаман,дардимга
Бол каби сўзинг даво.
Кел,бир мартта ўпайин,
Сал қисиқ кўзинг даво.

Мен хастаман,дардимга
Ой каби юзинг даво.
Кўчамизга келгин ,ёр,
Ердаги изинг даво.

Мен хастаман,дардимга
Тенги йўқ хуснинг даво.
Минг бор такрор айлагум,
Эй Жонон,исминг даво.

Мен хастаман,дардимга
Қўнғироқ сочинг даво.
“Кўргани келдик сизни,
Эшикни очинг” даво.

БИТТА ГУЛИМ БОР

Сен бўлсангу мен жаҳонда мавжуд,
Бўлса яна коинот нобуд.
“Лайли ва Мажнун”достони,
Алишер Навоий

Бу дунёда битта гулим бор,
Гўзал жонон дерлар исмини.
Оч бўрилар ғажиб ташласин
Бу дунёнинг қолган қисмини.

Бу дунёда битта гулим бор,
Бу дунёнинг қолган қисми чўл.
Фақат менинг гулим кўкарсин,
Бу дунёнинг қолган қисми – сўл!

Бу дунёда битта гулим бор,
Доим унга тилайман иқбол.
Бу дунёнинг қолган қисмига
Соғинаман мусибат,завол.

Бу дунёда битта гулим бор,
У- кўксимдан отилган нола.
Фақат менинг гулим яшасин,
Кафан кийсин минг битта олам.

Бу дунёда битта гулим бор,
Уни дея тирик юрибман.
Туҳмат деган ҳаётга аранг
Йиғламасдан чидаб турибман.

ЯРАДОРМИЗ

Ярадормиз,дил оғрир,
Дардимизга дармон йўқ.
Кунлар кунмас,у бизга
Дўсту душман отган ўқ.

Ярадормиз,дил оғрир,
Дардимизга дармон йўқ.
Билиб қўйинг, душманлар,
Ўлсак,бизда армон йўқ .

Жаллод деди: Ишқ – гуноҳ,
Юрак-бағринг ғашлайман.
Севгингни юлиб олиб,
Ўт-оловга ташлайман.

Деди яна: Бошингга
Итнинг кунин соламан.
Ишқинга қўшиб энди,
Жонингни ҳам оламан.

Оҳ, бу жаллодлар бераҳм,
Не азоблар кўрмадик.
Ўлим яқин келса ҳам,
Ишқимиздан кечмадик.

Дилимизга аямай,
Тикан, игна санчдилар.
Сўкиб, қарғаб бизларни,
Оёқ билан янчдилар.

Ярадормиз, дил оғрир,
Дардимизга дармон йўқ.
Севги доим биз билан,
Ўлсак асло армон йўқ.

МАЛОЛ

Бу ерда малол,
Истагим висол.

Унвоним фоний,
Ҳаётим оний.

Кундуз мангу қиш,
Чин ҳаётим туш.

Вужудим хирмон,
Ҳосили сомон.

Емишим жабр,
Ичмишим сабр.

Кутганим қазо,
Топганим ризо.

Қўрққаним гумон,
Душмоним шайтон.

Умид нон-ошим,
Нажот кўзёшим.

Мақомим меҳмон,
Манзилим осмон.

ИЗЛАБ КЎРАЙЛИК

Мени излаб кўрайлик
Қайда юрган эканман.
Балки мўмин,ёйинки,
Озор бергич тиканман.

Мени излаб кўрайлик,
Борманми бу дунёда.
Балки чўкиб кетганман
Нафс деган дарёга.

Мени излаб кўрайлик,
Эшман мумкин ёмонга.
Имонимни олдириб
Қўйгандирман шайтонга.

Мени излаб кўрайлик,
Балки яқин заволим.
Учиргандир ақлимни
Қаҳру ғазаб шамоли.

Мени излаб кўрайлик,
Қайда экан бу Раҳмат.
Эзиб томом қилгандир
Чексиз қайғу,машаққат.

Мени излаб қўрайлик.
Боқиб кўзи шаҳлога,
Балки кетиб қолганман
Мажнун каби саҳрога.

Мени излаб кўрайлик,
Топиларман тез,осон.
“Раҳмат бунда”-дер балки
Бега кетган барг ҳазон.

Ўзни излаб кўрайлик,
Ростдан ҳамми биз инсон.
Қир йил бўлди,ўзимни
Тополмадим мен ҳамон.

ТОНГ ОТДИ

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна бошдан йўқолди тинчим.
Яна дилни қийнар муттасил,
Чидаб бўлмас азоб – соғинчим.

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна хомуш ўйларга толдим.
Юзларингга ўхшатиб яна,
Яна ойга термулиб қолдим.

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна қалбда хаяжон,титроқ.
Яна улар сенинг кўзларинг-
Юлдузларга қарайман узоқ.

Яна сенга кўзим тушдию,
Сен ўшасан – тенги йўқ малак.
Ёш боладай севинар яна,
Ҳеч меҳрга тўймаган юрак.

Яна сенга кўзим тушдию
Яна ўйлар чалкашиб кетди.
То тонгача кўча айландим,
Кўз ўнгимда оппоқ тонг отди.

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна тилда хиргойи, қўшиқ.
Ўн саккизга кирибди яна,
Қирқдан ошган сочи оқ ошиқ.

МАЛИКА

Маликага ошиқ бўлибман,
Ол,Маликам,қалбим сеники.
Тупроққа тенг гадодирман мен,
Жисминг эмас,исминг меники.

Шаҳзодангнинг ёнига боргин,
Ерда қолган изинг меники.
Шаҳзодалар бари бевафо,
Кўзёшларинг – кузинг меники.

Сенга нисор айлайин десам,
Бойлигим йўқ жонимдан бошқа.
Ол,Маликам,жонимни олгин,
Арзийдими бир боқишингга.

Сочинг билан боғла бўйнимдан,
Сенинг содиқ итинг бўлайин.
Жаллод бўлиб жонимни олгин,
Фақат юзинг кўриб ўлайин.

Шаббодага айланиб хушбўй,
Сочларингни тарай оламан.
Юлдуз бўлиб, баланд осмондан
Ётоғингга қарай оламан.

Боғ айланиб кўнглинг шод бўлар,
Сочларингга қўнар капалак.
“Маликанинг бахти очилсин”,
Булбул сенга тилайди тилак.

Гуллар сени кўрибоқ, дейди:
“Маликамиз мунча ҳам кўркам”.
Бу боғ менинг қалбимдир,жоним,
Ишонмайсан, ўзим айтсам ҳам.

Маликага ошиқ бўлибман,
Ол,Маликам,қалбим сеники.
Тупроққа тенг гадодирман мен,
Жисминг эмас,исминг меники.

ЖОН БЕРДИМ

Г.га бағишланади

Жононага жон бердим,
Баттол ўлим мот бўлди.
Ҳаста, ночор юрагим
Қўш қанотли от бўлди.

Жононага жон бердим,
Етти осмон паст бўлди.
Саккиз жаннат пойимда
Қурига чўп – ҳас бўлди.

Жононага жон бердим,
Еру осмон бир бўлди.
Жонни қайга яширдим,
Ажалга ҳам сир бўлди.

Жононага жон бердим,
Жонон бўлди исмим ҳам.
Ва тиллога айланди
Тупроқ тўда жисмим ҳам.

Жононага жон бердим,
Хайр, дедим дунёга.
Томчи эдим шўр, етим,
Етиб бордим дарёга.

БОШЛАНДИ

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яна дунё айниган, бадбўй.
Яна дилни ўртар бетиним
Ўлиш керак деган қора ўй.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яна тундман, хаёлга банда.
Тупроқ ости нажот кўринар,
Яшашга жон қолмади жонда.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яна қалбни босиб олди куз,
Бу дунёга нимага, нечун
Келдим деган надомат, афсуз.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Дар дақиқа, ҳар лаҳза – ханжар.
Нега келиб жоним олмайди,
Ҳозир қайда юрибди ажал.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Душман бўлдим ўзимга ўзим.
Ҳеч нарсани кўрмас, пайқамас
Катта- катта очилган кўзим.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яқинларим, ҳозир қайдасиз?
Нега мени ташлаб қўйдингиз,
Мен ҳақимда қандай ўйдасиз?

Яна ёмон кунлар бошланди…

ДЕГАН

Ўлимни неъмат деган
Ичингдаги аслингдир.
Ўлимни даҳшат деган
Еб тўймаган нафсингдир.

Ўлимни неъмат деган
Дилиндаги Олоҳдир.
Ўлимни даҳшат деган
Елкангдаги гуноҳдир.

Ўлимни неъмат деган
Қалбингдаги имондир.
Ўлимни даҳшат деган
Бу ноумид шайтондир.

Ўлимни неъмат деган
Дилдаги ишқ – гулингдир.
Ўлимни даҳшат деган
Лайлиси йўқ дилингдир.

ҲАВАС

Тиззангизга бошимни қўйиб,
Кўзингизга боқсам, қанийди.
Сочларингиз тўлқинларида
Тохир бўлиб оқсам, қанийди.

Юзингизга юзимни босиб,
Жоним сиз, деб айтсам, қанийди.
Тун-кечалар қучоғингизга
Қуёш бўлиб ботсам, қанийди.

Меҳрингизнинг наҳру баҳрида
Фароғатга ғарқ бўлсам эди.
Ишқ тилида ёзилган хатман,
Тилингизда шарх бўлсам эди.

Тонг-саҳарлар кўзимни очиб,
Фақат сизни, сизни кўрсайдим.
Ёнингиздан бир қадам жилмай,
Олтмиш эмас, юзни кўрсайдим.

Лекин булар ҳаммаси хавас,
Сиз чамансиз, мен қуриган хас.

ИШҚ

Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Жаннат эшик очади,
Бундан аъло савоб йўқ.

Висолингга етай деб,
Ер остига кетяпман.
Жон берарда исмингни
Минг бор такрор айтяпман.

Қабрим ичин ёритган
Ойимсан, офтобимсан.
Машҳарда берилажак
Саволга жавобимсан.

Дунё менинг ичимда
Ўзга бир дунё кўрди,
Бўстонидан қувлади,
Саҳрони раво кўрди.

Дунё менинг ичимда
Ишқ деган бир гул кўрди,
Рашки келиб, аямай
Кўксимга ханжар урди.

Сен деб чеккан азобим
Бошга ёққан раҳматдир,
Борлигингни ҳис этиб
Жоним сезган лаззатдир.

Бир гуноҳим ишқ эди,
Кўрдим минг тур жафони.
Жаннатда сийлагайсан
Мендек жони фидони.

Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Изланг, икки дунёда
Ишқдан аъло офтоб йўқ.

НЕГА БЕРДИНГ

Нега бердинг бу жонни,
Уни фақат қийнайсан.
Қафасга қамаб қўйиб,
Қийнаб-қийнаб тўймайсан.

Бу жонга севги гулин
Экиб кўрсин, дедингми.
Сўнг айрилиқ азобин
Чекиб кўрсин, дедингми.

Нега бердинг бу жонни,
Яшатмасдан, ўлдирдинг.
Ҳақ сўз айтиш азоби
Не эканин билдирдинг.

Менга битта жон бериб,
Дард-аламни минг қилдинг.
Қалбим айтиб йиғлайди,
Нега тилим гунг қилдинг.

Жоним куяр, жонимдан
Чидай олмай, жон кетди.
Ўзинг буюрганмидинг,
Нодон унга тош отди.

Нега бердинг бу жонни,
Дўсту душман қийнайди.
Азобимни хуш кўрар,
Бир тортишда сўймайди.

Нега бердинг бу жонни,
Золимга нишон қилдинг.
Ўзинг берган бу жонни
Ўзингга қурбон қилдинг.

ЎЗГА ҲАЁТ БОР

Тушларимга кирар ўликлар,
Бари хурсанд, бари бахтиёр.
Бари менга кулиб қарайди,
Ер остида гўё жаннат бор.

Тушларимга кирар ўликлар,
Бир фикрни айлашар такрор:
Бунда экан ҳаётнинг зўри,
Ер устида юрибмиз бекор.

Тушларимга кирар ўликлар,
Бир нарсага бўламан иқрор:
Балки қора тупроқ остида
Биз билмаган ўзга ҳаёт бор.

Ўликларни кўраман фақат,
Кўринмайди лекин ой, юлдуз.
Қуёшни ҳам кўрмадим, ,бироқ
Ер остида ҳамиша кундуз.

Тушларимга кирар ўликлар,
Гоҳо улар қуш каби учар.
Тиригида душман бўлган ҳам,
Мени кўриб қучоғин очар.

Тушларимга кирар ўликлар,
Бари тирик, ҳаммаси омон.
Бир отанинг боласи каби
Бир бирига аҳил, меҳрибон.

Тушларимга кирар ўликлар,
Тарқалади дилимдан гумон.
Ер остида ўзга ҳаёт бор,
Инсон ўлди деган гап ёлғон.

ХАФАМИ

Г.га бағишланади

Нега дилдор – хафами –
Менга хатлар ёзмайди.
Ёки бағри тошмикан,
Соғинганим билмайди.

Нега дилдор – хафами –
Мени сира эсламас.
Тўрт энлик мактуб ёзиб,
Тирикмисан ҳам демас.

Нега дилдор – хафами –
Аҳволимни билмайди.
Неча ойки, кутаман,
Ёримдан хат келмайди.

Қор ва совуқ зимистон,
Мен томонда қишмикан.
Ёрим иссиқ ёқларга
Учиб кетган қушмикан.

Юзим куйди, лабим шўр,
Кўздан оққан ёшмикан.
Ёрга ёзган хатларим
Сувга тушган тошмикан.

Ёрдан хабар кутаман,
Мени бир ёдга олсин.
Соғинчимни, севгимни,
Худо дилига солсин.

Ёримдан мактуб келса,
Дарё бўлиб тошаман,
Умрим узоқ бўлади,
Яна юз йил яшайман.

Ёримдан мактуб келса,
Тилло топиб оламан,
Ўша кун ўзбекларнинг
Подшоси мен бўламан.

Содда ҳикматлар

1
Туғилдингми йўлинг шу:
Бир кун келиб ўларсан.
Шохликнинг шурти ушбу:
Охир гадо бўларсан.

2

Оллоҳ суйган бандасин
Ҳақ ишига ёр этар.
Мен-чун қурбон қил деб сўнг
Золимга дучор этар.

3

Дўстим кўп деб керилма,
Аслида сен бечора:
Бир келиб хор бўлиш,
Ёлғизликка ишора.

4

Халқим дея куюнсанг,
Мозоринг гулга тўлар.
Қотилинг ҳам шубҳасиз
Шу севган халқинг бўлар.

ЕР УСТИДА

Ер устида чекканинг заҳмат,
Ер оситида шафқат ва раҳмат.

Ер устида сабр ва бардош,
Ер остида ой ҳамда қуёш.

Ер устида Оллоҳдан ҳаё,
Ер остини тўлдирган зиё.

Ер устида мардлик ва ҳиммат,
Ер остида ётиш на роҳат.

Ер устида Ҳаққа бағринг оч,
Ер остида бошга кийин тож.

Ер устида очилса кўзлар,
Ер остида баҳор ва ёзлар.

Ер устида Ҳаққа таваккул,
Ер остида ёринг қизил гул.

ҲОЗИР
Ер устида йўқдирман ҳозир,
Ер остидан изламанг мени,
Осмон эса қулаб тушгандир.

ҲИС ЭТИБ БЎЛДИК

Ўлим – даҳшатини ҳис этиб бўлдик,
Дўзаҳ –азобини ҳис этиб бўлдик,
Жаннат –роҳатини ҳис этиб бўлдик,
Оллоҳ хузурига борурмиз энди.

ЯҚИНЛАШМА

Яқинлашма ёнимга,
Бермагин ҳар-хил савол
“Нечун келдим дунёга”,
Билолмайин ўзим лол.

Яқинлашма ёнимга,
Керак эмас сўз,савол.
Хануз тирик юрганим
Келаяпти кўп малол.

Яқинлашма ёнимага,
Бўлма бунча серсавол.
Дунё сассиқ бир ўра,
Сену мен бунда увол.

Яқинлашма ёнимга,
Бўлолмайман сенга эл.
Ажал бўлсанг мабода,
Секинлама,тезроқ кел.

БОШИМДАГИ ОҒРИҚЛАР

1

Қирқ ёшимда, Оллоҳим
Соғлигимдан айирдинг.
Бургутдайин қуш эдим,
Қанотимни қайирдинг.
Ўғил-қизим хали ёш,
Аёлим жуда кўркам.
Осмонда қуёш порлар,
Менинг эса бошим хам.
Қирқ ёшимда,Оллоҳим,
Касалликка чалиндим.
Йўлбарс эдим мард,қўрқмас,
Қопқонингга илиндим.
Ҳолим кўриб душманим
Лой-балчиққа белади.
Ўлаксахўр итларинг
Ҳар томондан талади.
Дўстларим ташлаб кетди,
Кимга керак хаста бош.
Дўстларим излаб кетди,
Қайда гўшт бор,қайда ош.
Кимдир йўқлаб келарми,
Эшикка кўз тикаман.
Бошга ташвиш келганда
Нега ёлғиз,яккаман.

2

Бошимдаги оғриқлар,
Қайдан келиб қолдингиз.
Жонгинамни минг азоб,
Қийноқларга солдингиз.
Бошимдаги азоблар,
Мунча ёвуз, бешафқат.
Мендан нима истайсиз,
Ўзини оссин(ми) Раҳмат!
Бошимда минг турли дард,
Яшагани қўймайди.
Уч йил бўлди,нега у
Мени қийнаб тўймайди.
Менинг болам,уйим йўқ,
Бошимда бордир оғриқ.
Менинг дўстим, ёрим йўқ,
Бошимда бордир оғриқ.
Бир жойда ётиб қолдим,
Қамоқдаман – қамоқ йўқ.
Тирик эмас, мурдаман,
Тупроқдаман, тупроқ йўқ.

3
Ичим йиғлар,Оллоҳим,
Кўр-чи,кўнглим синиқми?
Инсон деган маҳлуқни
Шарифлиги аниқми?
Ўзинг кўриб турибсан,
Ҳар одими гумон-ку!
Одам эмас буларинг,
Заҳарли бир илон-ку!
Нега золим қўлига
Ханжару қилич бердинг.
Эй Оллоҳим,кўнглимга
Ҳеч кетмас ўкинч бердинг.
Булбулга,эй Оллоҳим,
Туганмас хижрон бердинг.
Қарға,қузғун,зоғларнинг
Лабига хандон бердинг.
Бор, бахтингни топ дея
Жаллод бир замон бердинг!?
Ватан дея не учун
Қоронғу зиндон бердинг!?

4

Бошимга пичоқ санчган
Золимингдир, Оллоҳим.
Моховга қўш қилдилар,
Ҳақ сўз эди гуноҳим.
Бошимдаги оғриқлар
Куйдигувчи бир ўтдир,
Кўнглим осмонидан
Кетмаётган булутдир.
Бошимдаги оғриқлар
Сотқинларнинг ўқидир.
……………………………..
……………………………..
Бошгинамни оғритган
Ватан деган армондир,
…………………………………,
……………Ўзбекистондир.
5
Шеърим – қалбим ноласи,
Эгилмаган бошимсан.
Золимни нишон қилиб
Отган сўнгги тошимсан.
Шеърим – қалбим ноласи,
Менинг сўнгги ўқимсан.
Золимнинг бағри-дилин
Куйдиргувчи чўғимсан
Шеърим – қалбим ноласи,
Қишни қувган баҳор бўл.
Эркка ошиқ кўнгилнинг
Бўйнидаги тумор бўл.
Шеърим – қалбим ноласи,
Кундай юзи ёруғ бўл.
Қарға, қузғун, зоғлардан
Доим баланд, улуғ бўл.
Шеърим – қалбим ноласи,
Тунда ёнган чироқсан.
Халқингга тазим айла,
Пойидаги тупроқсан.

Бошимдаги оғриқлар,
Мунча ёвуз, бешафқат…

Тошкент,Себзор,2007-йил,декабр

СЎРА

Сен мени уясига қайтмаган қушдан сўра,
Остингда ким ётибди (деб) энг оғир тошдан сўра.

Баҳорга бермагин савол, гул фаслим бўлди увол,
Кимга қилич санчдинг деб қаҳратон қишдан сўра.

Мунча ширин экан жон, ҳаққа айладим қурбон,
Сен мени ҳақ сўз айтиб, узилган бошдан сўра.

Манзилим дашту бало, ошиққа қийноқ раво,
Руҳингга ваҳм солган даҳшатли тушдан сўра.

ЎЗБЕКНИНГ ШОИРЛАРИ

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ ёшда отилади.
Отилмаса, нон дея
Золимга сотилади.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ йил яшайди, холос.
Қирқ ёшида ўлмаса,
Ёлғонга қўяр ихлос.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ ёшида ўлади.
Ўлмай қолса, ё хаммол,
Ё амалдор бўлади.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ йил умр кўрар, бас.
Қирқ ёшда омон қолса,
“Вой, халқим”, деб йиғламас.

Чин шоирнинг қирқида
Ётар жойи гўр бўлар.
Қирқда ўлим топмаса,
Икки кўзи кўр бўлар.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқида қўксин тилар.
Қирқида ўлмаганлар
Халқига тухмат қилар.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ ёшда отилади.
Отилмаса, сотқиндек
Бир пулга сотилади.

ҚАДИМГИ ҚЎШИҚ

1

Қўрсатгин, бир кўрайин
Золимнинг мурдасини.
Вайрон бўлган кўшкию
Бузилган ўрдасини.

Кўрсатгин, бир кўрайин
Золимнинг кўз ёшини.
Узун чўпга суқилган
Тандан жудо бошини.

Кўрсатгин, бир кўрайин
Золимнинг жони чиқсин.
Аламзада бир одам
Қорнига пичоқ тиқсин.

Кўрсатгин, бир кўрайин
Мазлумларга кулиб боқ.
Золимнинг мурдасини
Ерга кўмма, ўтда ёқ.

Кўрсатгин, бир кўрайин
Золим ҳам энди ўлсин.
Ўша кун мамлакатда
Катта байрам, тўй бўлсин.

Кўрсатгин, бир кўрайин
Золимни менга сўйдир.
Золим нуқул қон дейди,
Ўз қони билан тўйдир.

Кўрсатгин, бир кўрайин,
Сўнг йўлингдан юрайин…

2

Еру осмон подшоҳи
Золим итдай қутирди,
Мазлумларни аямай
Қизил қонга ботирди.

Еру осмон подшоҳи
Борлигингни билдиргин,
Қонлар ичиб тўймаган
Золимингни ўлдиргин.

Еру осмон подшоҳи
Золимни айла тупроқ,
Осмондан ўлим юбор,
Измингда ахир чақмоқ.

Еру осмон подшоҳи
Қудратингни билайлик,
Сувга чўктир золимни,
Томошабин бўлайлик.

Еру осмон подшоҳи
Золиминг бугун ўлсин,
Мендек зулм кўрганлар
Қўй сўйиб, байрам қилсин.

Еру осмон подшоҳи,
Золим кимнинг гуноҳи…

2007- йил, 25-ноябр,Тошкент,Себзор

УР, ҲАНЖАРНИ
1
Юракка ур ханжарни
Чорла бу ён ажални.

У мени олиб кетсин
Бу дунё қолиб кетсин.

Бағрим ёмон эзилди
Умидим ҳам узилди.

Вужудимда сиҳат йўқ
Ҳаётимда роҳат йўқ.

Қулоғимга тегди ўқ
Дармондан ҳеч дарак йўқ.
2

Шогирдлар шайтон экан
Қўш тилли илон экан.

Жуда арзон сотдилар,
Номим лойга отдилар.

Шайбон деган шогирдим,
Шайтон деган шогирдим

Дилимни кўп ғашлади,
Кўзимга чўп ташлади.

Бошим олиб нишонга,
Сирим сотди душманга.

Дўстим эдинг Замира,
Кутмагандим мен сира,

Қойил сендек дўстимга,
Сомон тиқдинг пўстимга…

Душман берди топшириқ,
Кўрсатдинг минг бир қилиқ.

Ўқни урдинг нишонга,
Номим чиқди ёмонга.

Адолат Нажим қизи,
Сўз айтади,йўқ тузи.

Аслида сен Адолат,
Бошга солинг фалокат.

Бу тулкилар,илонлар,
Дўстлик билмас чаёнлар

“Озодлик”да ишлайди,
Катта-катта ошайди.

Эркдан айтар тиллари,
Асли қулдир диллари.

Улар бари сотқин-ку,
Тили тилмас, тиқин-ку.

Мухбирлик у ниқобдир,
Беркингувчи бир қопдир.

Оғзига қуйинг оғу,
Қилар ишлари ушбу:

Мухолифат сирини,
Тирноқ ости кирини,

Хидлаб босган изларин,
Айтган хар хил сўзларин-

Етказар Тошкент томон,
Бўри тўқдир,қўй омон.

Сотқинларнинг каттаси,
Сирли гаплар халтаси,

Замирадир –қора қиз,
Ҳеч тузалмас яра қиз…

3
Шогирдларим –кўз ва қош
Қувладилар олиб тош:

“Соғ пайтинг керак эдинг,
Биз учун тиргак эдинг.

Энди хаста,ночорсан
Бизга ташвиш,озорсан.

Сендек касал керакмас,
Кўздан йўқол,бўлди,бас”
4

Бўлдим ишга яроқсиз,
Уйим қолди чироқсиз.

Аёлим кўп ўйланди,
Ўғил- қизим қийналди.

Мастон қизим Меҳрибон,
Катта ўғлим Паҳлавон,

Кўзларимдан оқар ёш-
Мен хастаман,сизлар ёш…

Эҳ бечора аёлим,
Кўзи тўла саволим.

Сенга кўп жабр бўлди,
Суянганинг сабр бўлди.

Ҳамма пулим,бойлигим
Энг охирги ойлигим

Кетди дори-дармонга
Дўхтир деган ёмонга.

Лек касаллик кетмади,
Жароҳатим битмади.

5
Суянганим Оллоҳим
Агар бўлса гуноҳим,

Ғаффордирсан, кечиргин,
Шифо майин ичиргин.

Ҳолдан тойган жонимга,
Заҳарланган қонимга

Ўзинг қувват,дармон бер,
“Тузал”!- дея фармон бер.

НЕГА

Менда қасдинг борми эй фалак,
Азобингни мунча мўл қилдинг.
Гулларимни юлиб ташладинг,
Юрагимни саҳро, чўл қилдинг.

Дард-азобсиз ўтган куним йўқ,
Пешонам шўр,қисматим тахир.
Мен бандангни севмас экансан,
Нега мени яратдинг ахир.

Бу оламинг чексиз,кенг экан,
Нега золим феълин тор қилдинг.
Юракка ишқ солган ўзингсан,
Ёр йўлига нечун зор қилдинг.

Гиёҳ ўсмас чўлингни кўрдим,
Чаманзоринг,бўстонинг қани.
Ҳамма кунлар қоронғу, зулмат,
Ёруғ кунинг, ҳандонинг қани.

Энг чиройли саждам ушбу деб
Тошга уриб бошим ёрайми.
Омонатинг оғир келди- ку,
Бир лаҳзада қайтиб берайми.

ТУЗАЛИБ КЕТАМАН

Мен тузалиб кетаман ўғлим,
Дард ўткинчи,дард асли меҳмон.
Қанча дард бор –бари барига
Оллоҳ бериб қўйибди дармон

Мен тузалиб кетаман,ўғлим,
Кучга кирар бу хаста тана.
Юзлаб мартта олиб бораман
Ғофур Ғулом боғига яна.

Мен тузалиб кетаман,ўғлим
Яна бирга копток тепамиз.
Шу қиш ўтсин,баҳор ҳам яқин
Биргалашиб кўчат экамиз.

Мен тузалиб кетаман,ўғлим,
Яна чопқир отинг бўламан.
Ишдан қайтар вақтимда кўп-кўп
Ўйинчоқлар олиб келаман.

Мен тузалиб кетаман,ўғлим,
Дадам касал дея нолима.
(Мендан баттар қийналиб кетдинг,
Эҳ,ўзимнинг полвон балам-а)

СЕЗАСАН

Юз ёшида вафот этган
Чолнинг азасида
Юз ёшлик умр ҳам
Узу-уу-ун эмаслигин сезасан

БИЛАСАНМИ СЕН

Ўлганларнинг ҳаммаси мағлуб
Эмаслигин биласанми сен.
Қолганларнинг ҳаммасин ғолиб
Эмаслигин биласанми сен.

Ҳолдан тойган ҳақиқат учун
Қон бергандир ўлган одамлар.
Ё ҳақиқат ўлмасин дея
Жон бергандир ўлган одамлар.

Ҳақиқатни бир жаллод бўлиб,
Ўлдиргандир қолган одамлар.
Дунёдаги энг кўркам гулни
Сўлдиргандир қолган одамлар.

БУ ЮРТНИ

Бу юртни Бобур Мирзо
“Оҳ” дея ташлаб кетган.
Фурқат ҳам Қошғар томон
Кўзларин ёшлаб кетган.
Бу юртнинг хон, беклари
Машрабни дорга осган.
Ким авлиё, ким доно,
Юзига оёқ босган.
Бу юртнинг хон, беклари
Халқни жондан тўйдирган.
Бухоролик бир жаллод
Нодирани ўлдирган.
Бу юрт Усмон Носирни
Сибирга сургун қилган.
Кесак отиб, тош отиб
Ойбегини гунг қилган.
Бу юрт Фитрат, Чўлпонга
Тахт эмас, тобут булган.
Қодирийдек улуғ зот
Бекафан нобуд бўлган.
Бу юртнинг хон, бекларин
Қўлида қон изи бор.
Ўз халқига тош отар,
Душманга нон, тузи бор.
Ўзбекни душман эмас,
Хон, беклари этар хор.
Хушёр бўлгин эй халқим,
Орамизда душман бор.

УСТОЗ ТИЛИДАН

Шогирдларим, аълосиз,
Зийрак, хушёр, доносиз.

Сўз айтаман, сиз тингланг,
Мазмун, маъносин англанг.

1ни тоқ деб айтаман,
Қорни оқ деб айтаман.

Дейман тўғри сўз Худо,
Айланг унга жон фидо.

Бу дунёда золим кўп,
Ёлғон айтар олим кўп.

Берса ҳамки олтин зар,
Уларга бўлманг аскар.

Ким илмсиз ва нодон,
Йўлдан урар шум шайтон.

Гул бериб алдаб кўрар,
Пул бериб алдаб кўрар.

Ҳеч ишонманг шайтонга,
Асли маълун, ёмонга.

Гар йўқолса хурлик, эрк,
Бахт йўлининг бари берк.

Ҳеч кимсага қўл бўлманг,
Ёниб битган кул бўлманг.

Ёмон ният кўнгилдан,
Сизлар учун олдиндан,

Тайёрланган кишанлар,
Ҳар хил сохта нишонлар

Чириб,занглаб, узилсин,
Топтаб ташланг, эзилсин.

Ватан асли сизники,
Шердил ўғил қизники.

Ватан ичра ҳар доим,
(Шундай бўлсин илойим),

Асранг эрк ва хурликни,
Бошин янчинг зўрликни.

Зўрлик келмасин ғолиб,
Хайданг уни тош олиб.

Кимки бўлса бўш, қўрқоқ,
Лапашанг ва нўноқ,

Ўз юртида қул бўлар,
Хаста бўлар, сил бўлар.

Ватан асли сизники
Шердил ўғил қизники.

ЎЛИМ

Дардимга даво ўзинг,
Ҳам менга жазо ўзинг.

Қандай экан бу дардим,
Ўлим,сендадир ёдим.

Тун-кун йиғлаб бўзлайман,
Сендан нажот излайман.

Ёмон хаёл сураман,
Минг бор ўлиб кўраман.

Чирт юмганча кўзимни
Гоҳ осаман ўзимни.

Пичоқ санчсам юракка,
Тез етарман тилакка.

Ё топиб ичсам заҳар,
Қисматим тез бўлар ҳал.

Топилсайди тўппонча
Осон бўларди анча.

Оқар сувга айтиб роз,
Ё дарёга чўксам соз.

Буларнинг қайси бири
Ўлимнинг осон йўли.

Ўлим,асли қайдасан,
Мен билмаган жойдасан.

У дунёни кўзладим,
Сени минг бор изладим.

Топилмадин,келмадинг,
Муштоқлигим билмадинг.

Энди ҳар ён чопаман,
Сени излаб топаман.

Бораман баланд тоққа,
Хатарли тик қирғоққа.

Оловга бир тўяман,
Ўзимга ўт қўяман.

Йўқдир Оллоҳ ризоси,
Келмас инсон қазоси.

У ўзи истаган он,
Қандай қилиб ва қачон

Омонатин олади,
Ажал етиб келади.

Мен ўламан,тез ҳозир,
Менга айтса бўлар сир.

Ўлим недир,ҳаёт не,
Руҳим,ўзинг бир сўз де.

Ғайб сирин ошкор қил,
Ошкор эмас, бозор қил.

Танамни ер ейди,
Тананг меники дейди.

Жон танадан чиққан он
Парвоз қилар қай томон.

Ё қуш бўлиб учарми,
Юлдуздай нур сочарми.

Осмон кенг ва улкандир,
У руҳ учун макондир.

Токи ўлиб кўрмасанг,
Гулдай сўлиб кўрмасанг,

Ақлнинг кучи бекор,
Ғайб сири бўлмас ошкор.

Оллоҳ ишин сири кўп,
Биз билмаган ери кўп.

Балки бизни ўлдириб,
Паймонамиз тўлдириб,

Йўллар ўзга дунёга,
Зулмат эмас, зиёга.

Ўлим йўқдир, ҳаётим
Наслу насаб ва зотим

Давом этар боламда,
Доим борман оламда.

Оҳ қанчалар қийиндир,
Минг азоби тайиндир,

Кўнгил тўлиб ризога,
Рози бўлиш қазога.

Йил ўтади, ой ўтар,
Ҳаётдан ёшлик кетар.

Бадан аста қарийди,
Ундан иссиқ арийди.

Гар демаса ўлим, бас,
Ҳаётга тўйдим демас.

Ўлим недир, ҳаёт не,
Руҳим, ўзинг бир сўз де.

Туғилишдан маъно не,
Ўлишдан –чи, бир сўз де.

Заҳмат, меҳнат, фарокат,
Ғам, қайғу ва касафот,

Бунда қандай маъно бор,
Асосли бир даво бор.

Инсон қаён кетмоқда,
Уни нелар кутмоқда.

Яшашдан мақсад недир,
Руҳим, сирини билдир.

Мен ўламан тез, ҳозир,
Менга айтса бўлар сир.

Ғайб сирин ошкор қил,
Ошкор эмас, бозор қил.

Қара одам феълини,
Бу дунёнинг элини.

Бир бирини сўяди,,
Ҳар томон ўт қўяди.

Инсон дерлар отимиз,
Асли шариф зотимиз.

Лекин итга ўхшаймиз,
Деч келганни тишлаймиз.

Бутун бўлсин дея нон
Уришамиз тўкиб қон.

Дил берсанг бу дунёга,
Суви сассиқ дарёга,

Уни севиб алқасанг,
Ҳар корида оқласанг,

Ўлим даҳшат туюлар,
Қалбда қўрқув уюлар.

Севсанг агар Оллоҳни,
Ҳар ишингдан огоҳни,

Унга дилинг боғласанг,
Унга жонинг чоғласанг,

Унинг-чун тўксанг кўзёш,
Ўлим порлоқ бир қуёш.

Ўлим ширин, у роҳат,
Олиб борар беминнат

Яратганнинг ёнига,
Жон қўшилар жонига.

Ай, қўрқувлар, ваҳима,
Даҳшатингни чақирма.

Қайдан келдинг эй кўлка,
Юракни қилма тилка.

Ўлим доим бор эди,
Менга ҳамдам ёр эди.

Ҳар лаҳза, ҳар онимда
Яшар эди жонимда.

Бу бунёнинг наҳсидан,
Шанғиллаган баҳсидан,

Милён ғусса аламдан,
Иблис ҳоким оламдан

Ўлим айлайди халос,
Кўнгилда унга ихлос.

Ай, қўрқувлар, ваҳима,
Даҳшатингни чақирма.

Қайдан келдинг эй кўлка,
Юракни қилма тилка.

Ўлим ахир ёрим –ку,
Бу дунёда бори- ку.

Ўз ёридан ким қўрқар,
Ёрига қартираб боқар.

Бу дунёдан кетман,
Ёр олдига етман.

Менга заҳар ичирган,
Ҳаёт шамим ўчирган,

Дунё асли жаллод- ку
Ичи тўла фасод -ку.

Сўз айтиб кўйди тилим,
Менга заҳар берган ким.

Эй пардалар, ечилгин,
Янги дунё, очилгин.

Сенда қандай сирлар бор,
Кўрай дея тикдим дор.

Лаззат тўла жоймисан,
Ёки балчиқ, лоймисан.

Майса, гуллар, япроқлар,,
Яқинлар ва узоқлар,

Тупроқ, гиёҳ эй тошлар,
Баланд учган эй қушлар,

Мана, ҳозир ўламан,
Мен сизники бўламан.

Сизлар уммон, мен ирмоқ,
Уммонни изладим узоқ.

Мана топдим сизларни
Кутиб олинг бизларни.

Жонинг эмас омонат
Дема бу сўз хиёнат.

Қиёмат қўпган кеча
Қабрдан тургай барча.

Ўлим олган жонингни
Нафасингни қонингни

Қайтариб берар Оллоҳ
Ёнида ўзи гувоҳ.

Жонинг танда бақодир
Қонинг мангу оқадир.

ФАРД

Ўликни одамлар елкага олар,
Боиси ўликдан молу мулк қолар.

Адолат Нажимовага

Шўринг қурсин Адолат
Бошга солдинг фалокат.

Доим йиғла, кулмагин,
Шодлик нима, билмагин.

Ҳар кунинг бўлсин аза,
Мен хурсандман, зўр, маза.

Ҳар сўзингда ўсал бўл,
Элда ёмон масал бўл.

Баланд томдан йиқилгин,
Қилтаноққа тиқилгин.

Ёки сувга чўкиб ўл,
Азобларинг бўлсин мўл.

Эринг қўйсин уч талоқ,
Иштон кийгин минг ямоқ.

Мохов бўлгин, пес бўлгин,
Итлар есин ўлигинг.

Кир тиқилган тароқ бўл,
Бахт, иқболдан йироқ бўл.

Икки кўзинг бўлсин кўр,
Хурсанд бўлиб дейман: Зўр!

Сўнг ақлинг олсин Худо,
Борингдан бўлгин жудо.

Оёқ- қўлинг бўлсин шол,
Тўшакка михланиб қол.

БУЙРАК

Ҳ.нинг ҳотирасига

Икки ёнда иккита хатар
Буйрак бир кун ишлашдан тўхтар.
Шишиб кетар оёғинг, юзинг,
Танимайди ҳатто ўз қизинг.
Қон ўрнида оқади пешоб,
Заҳар бўлар ичга кирган об.
Юрак, мия сийдикка бўкар,
Жигар чарчаб, белини букар.
Алмаштирса бўлар буйракни,
Буйрак недир, ҳатто юракни.
Бунинг учун катта пул керак,
Пул бўлмаса, узоқ йил керак.
Камбағалсан, сенда пул қайда,
Ҳамма пуллар ўғрию бойда.
Пулсиз касал, очиқ мозор топ,
Алвидо! деб дарё томон чоп.
Дўхтир сенга асло боқмайди,
Қуриқ бўйинг унга ёқмайди.
Пулим йўқ де, лаби буришар,
Пешонаси хунук тиришар.
Бу дунёнинг касаллари кўп
Ноиложу ўсаллари кўп.
Касал бўлиб ўлган бандалар,
Қалбингизга тўлсин хандалар.
У дунёда азоб чекмайсиз,
Кўздан аччиқ ёшлар тўкмайсиз.
Сизни кўриб дўзаҳ қочади,
Жаннат эса эшик очади.
Бу дунёнинг роҳати қисқа,
Бу дунёнинг меҳнати қисқа.
Бир озгина сабр қилинг, бас,
Бари тугар, ҳаммаси абас.
Toshkent,Sebzor,10-fevral

www.yangidunyo.org 2010 йил.
www.mumosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn