Ҳасанбой Ғойиб: ”Эту тирноқ бўлган икки халқни ҳеч қандай куч ажрата олмайди!”

hasan_gayubҲасан Ғойиб Тожикистонда энг яхши танилган ўзбек шоирларидан биридир

Тожикистонлик таниқли ўзбек шоири Ҳасанбой Ғойиб bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Тожикистон Журналистлар Иттифоқи аъзоси Ҳасанбой Ғойиб 1968 йилнинг 1-январида Тожикистон Республикаси Регар (Турсунзода) шаҳри Сешанбе жамоатида дунёга келган.
Отаси Холмирзо Ғойибов ”Правда” давлат хўжалигида ишчи, онаси Инобат Давронова уй бекаси эдилар.
Болалиги Сешанбе жамоатининг Боғбон қишлоғида ўтган.
Турсунзода шаҳридаги 59-ҳунар техника билим юртига ”Кўприкли кран машинисти” ихтисоси бўйича ҳужжат топширди.
1983-86 йилларда шу билим юртида таҳсил олди.

1986 йили билим юртини имтиёзли диплом билан якунлаган Хасанбойга билим юртидан Қозоғистон Политехника институга йўлланма берилади.
У Олма-ота шаҳридаги Политехника институтининг металлургия бўлимига ўқишга қабул қилинади.
1987-1989 йиллар Совет Армияси сафида, аввал Хабаровск шаҳрида тайёрлов курсида, сўнгра Пертоповловск- Камчатск шаҳарларида хизмат қилди.

Ҳасанбой Ғолиб армия хизматидан сўнг илм олишни яна давом эттирди.

Политехника институтининг ”Инженер механик” ихтисоси бўйича тамомлагач, Тожик Алюминий корхонасида иш фаолиятини аввал слесар-таъмирловчи, сўнгра Пресслаш бўлимида муҳандис-механик, Электролизёрларни капитал таъмирлаш бўлимида катта механик, Механик таъмирлаш бўлимида бошлиқ ўринбосари, пўлат-чуян қуюв бўлимида бошлиқ ўринбосари вазифаларида хизмат қилди.

2009-йилдан Техник мудириятига қарашли таъмирлаш бўлимида янги ташкил этилган ”Мониторинг ва таъмир ишларини планлаштириш” бюросида бошлиқ бўлиб ишламоқда.

Ҳасанбой Ғойиб 1984 йилдан буён Тожикистон матбуотида ўз мақола ва шеърлари билан қатнашиб келади.

Илк мақоласи 1984-йилда ”Ленин йўли” газетасида ”Самарқанд сайли” номи билан чоп этилган.

”Ўн олти ёш” ва ”Баҳор” шеърлари ҳам шу йили чоп этилган.

Бугунги кунда Ғасанбой Ғойибнинг ижод намуналари ”Ватандош”, ”Дунё ўзбеклари”, ”Зиё истаган қалблар учун”, ”Стихи.ру”, ”Муносабат”, ”Ижодкор” каби интернет сайтларда ва турли газета журналларда рус ва ўзбек тилларида чоп этилган бўлиб, кўплаб адабиёт мухлисларига танишдир.

Унинг ”Висол” (2001), ”Руҳим ранглари” (2002), ”Уйғониш фасли” (2004), ”Кўнглим гуллари” (2007), ”Юракнинг маҳзун тунлари” ва ”Ҳажрида куяр кўнгил” (20012) номли китоблари чоп этилган.

Шеърлари рус ва тожик тилларига таржима қилинган.

Рус тилида шоирнинг ”Ожерелье” номли шеърий тўплами нашр этилиш арафасида.

Рус шоирлари Иван Бунин, Валентин Сидоров, Аполлон Майков ва тожик шоирлари Мирзо Турсунзода, Носиржон Маъсумий, Лоиқ Шерали, Гулназар, Раҳмат Назрий, Гулрухсор, Зулфия Атойи, Камол Насрулло, Раънои Мубориз, Нуқра Суннатниё, Меҳмон Бахтий, Сайидали Маъмур, Ҳидоятулло Раҳмоний, Султонмурод Одина, Волий, Хайрандеш ва Сирожиддин Икромийнинг ижод намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

Кузатувчиларга кўра, шоир шеъриятининг асосини икки халқ – ўзбек ва тожик халқлари дўстлигини тараннум этгувчи, инсонларни эзгуликка, иймонга чорловчи шеърлар ташкил этади.

Ҳасанбой Ғойиб шеъриятининг таҳсинга лойиқ яна бир жиҳати – унинг мумтоз адабиёт билан боғлиқлиги.

Унинг шеърлари қаторида учрайдиган аксар ғазаллар бунинг яққол мисолидир.

Мунаққидлар фикрича, Ҳасанбой Ғойиб шеълари ўзининг мусиқийлиги билан қўшиқ санъатига ҳам яқин туради.

Бугунги кунда унинг шеър ва қўшиқлари Тожикистонлик ва Ўзбекистонлик ҳофизлар томонидан ижро этиб келинмоқда.

Ғасанбой Ғойиб Тожикистон Матбуот Аълочиси унвони билан тақдирланган.

Усмон, Ню-Йорк: Ҳасанбой сизга Тожикистонда яшаб, ижод қилиш қийин эмасми? Сизга нисбатан босим йўқми?

Ҳасанбой Ғойиб: Тожикистон менинг туғилган юртим. Ватанни танламайдилар деган гап бор. Мен шу заминда туғилиб, вояга етганимдан, шу жафокаш халк билан ҳамнафас бўлганлигимдан ҳамиша ифтихордаман. Кейин мен эркин ижодкорман. Ҳукумат органларида ёки газета, журналларда ишламайман. Мутахассислигим инженер-механик. Компанияда ишлайман. Шунинг учун ўзимга нисбатан босимни ҳам, ёрдамни ҳам сезмаганман. Кейин мен шу қадар асар ёзаман деб ҳеч кимдан мажбурият ҳам олмаганман. Ёзганларим кўнглим буйруғи холос.

Киндик коним тўкилган юрт
Менинг киндик қоним тўкилган юртим,
Жонимни сен учун айлайман тортиқ.
Сенинг дардинг асли бу менинг дардим,
Мен сени севарман ўзимдан ортиқ.
Ҳар бир ютуғингдан қувонгай кўзим,
Тожик элим менинг- қадрдон элим.
Туркзабон шоиринг бўлсам ҳам ўзим,
Сенинг-ла диним бир, бир эрур дилим.
Оғир синовларни бошдан ўтказдик,
Ҳамон дилдан кетмас унинг оғриғи.
Шу азиз кунларга Тангри етказди,
Оламларни тутди сенинг довруғинг.
Давр чархпалаги айланмасин терс,
Айланса Ҳақ йўлни топмоқлик қийин.
Миллатни олдинга олиб чиқмоқ – чун,
Меҳнат қилмоқ керак тун-кун тинмайин.
Токим дунё аҳли бизларга қараб,
Нокас, тиланчи деб қилмасин таъна.
Она еримизни айлайлик обод,
Келар авлод учун асрайлик яна.
Токим арзимаган мушкулликни деб,
Муқаддас ғоядан ортга қайтмайлик.
Қарам бўлиб яшаш минг марта хуб деб,
Қуллик қўшиғини қайта айтмайлик.
Токим англаб етсин ҳар битта юрак
Ватан олдидаги муқаддас бурчни.
Жўмард фарзандларни йўлламоқ керак
Масъул мансабларда ишламоқ учун.
Беш қўл баробармас деганларидек
Миллат душманлари юрар ғимирлаб.
Бир хато топдими тилидан қўймас,
Эрта кеч ғийбатлар қилар шивирлаб.
Қалбим озор чекар бундай гаплардан.
Дейман нега булар бунча бетайин.
Бош чиқариб юрсак битта ёқадан,
Толеъ бизга кулиб боқиши тайин.
Биз ваҳдат жомини кўтарган халқмиз
Дош бериб даврнинг туғёнларига.
Элим, ободликни истасанг агар
Ишонгин мард, ботир ўғлонларингга.

(2008)

Ҳожиаҳмад, Тошкент: Ҳасанбой ака, айтингчи, ўзбек-тожик адабий муҳити ҳозирги кунда парокандаликка учрагани бу – сиёсий тўқнашувларга боғлиқ, деб ўйлайсизми? Сиёсий баҳсу мунозаралар ва сиёсий кескинлашувларда адабиёт, санъат ва маданият жабр чекиши қанчалик тўғри бўлади?

Ҳасанбой Ғойиб: Мен икки мамлакат ўртасидаги келишмовчиликнинг сабабини иктисодий омилларда деб биламан. Яъни нафс васвасасида. Бунақа ҳолатлар ўтмиш тарихда ҳам бўлган бугунги пайтда ҳам дунёда кузатилади. Шундай ҳолатларда инсонларни инсофга чақириш, уларни меҳр-муҳаббатли булишга ундаш адабиёт ахлининг зиммасига тушади. Чунки Тагорнинг таъбири билан айтганда ”Инсонларни қалбини боғлаш адабиётнинг қўлидан келади. Адабиётнинг вазифаси ҳаммани бирлаштириб, ҳамжиҳат қилишдир”.

Энди ўзбек-тожик адабий муҳити ҳозирги кунда парокандаликка учрагани, менимча, вақтинчалик ҳолат. Мен кўплаб тожик шоирлари ва ёзувчилари билан мулоқотда бўлиб шунга амин бўлдимки, ушбу алоқаларнинг узилиб қолганидан ҳеч ким хурсанд эмас. Дилларда соғинч ва бир-бирларига нисбатан ҳамон ҳурмат-эҳтиром бор.

Икки мисол келтирмокчиман: биринчиси, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон мендан у кишининг ва Сулаймон Раҳмоннинг номидан Тожикистон халқ шоири Камол Насруллога салом айтишимни илтимос қилдилар. Мен устод Камолга устозлар саломини етказганимда Камол ака шунчалик хурсанд бўлдиларки, асти қўяверасиз. Ва мендан барча Ўзбекистонлик адаб аҳлига оташин саломларини етказишимни илтимос қилдилар.

Иккинси мисол, бир суҳбат чоғида Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи Раиси устоз Меҳмон Бахтий : ”Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ва бошқа шоирлар менинг энг яқин қадрдонларим бўлишади. Афсуски, сўнгги пайтларда муносабатлар бошқача тус олди. Бир нарсани унутманг, Марказий Осиёдаги бирор бир миллат ўзбек халқига тожиклардек яқин эмас. Шунинг учун кўп ҳолатларда мен ҳамиша вазминлик қилиб келаман. Ишонаманки, муносабатларимиз албатта яхшиланади,” дедилар. Устознинг сўзлари туртки бўлибми, ушбу сатрларни қораладим. Ушбу ёзганларимни сизлар билан баҳам кўришни истардим.

”Ўтган ишга–саловат”

Бизлар дину диёнати бир хил миллат
Ўртамизда қачон пайдо бўлди иллат?
Биз Иброҳим Халилуллоҳ наслиданмиз
Ҳам Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарга содиқ уммат!
Кимки бизнинг дўстлигимиз истамагай,
Иблис-ўша! Демак унга бўлгай лаънат!
Кўҳна Турон исломият бешигидир,
Шундан Дунё аҳли ҳануз қилар ҳурмат.
Кин, адоват ярашмагай мўъмин зотга,
Мўъмин бўлсанг бир-бирингга айла ҳиммат!
Етти марта Каъба тавоф айлагандан
Бир мўъминнинг дилин олмоқ турар қиммат.
Бир хил эрур ҳатто тўю маъракамиз,
Бул ҳам бўлса Парвардигор берган неъмат!
Туронмизми, Туркистонми, Тожикистон-
Бизлар азал қондош, жондош бўлган миллат!
Динимиз ҳам дилимиз ҳам ягонадир,
Ола қараш бизларга ёт бўлган иллат.
Ғойиб сўзин оғир олманг оғаларим
Бағрикенглик, рафоқатда бўлинг ибрат!
Унутайлик адовату гиналарни,
”Ўтган ишга–саловат” деб, шудир суннат!

(24.07.2013-йил)

Шуҳрат, Тошкент: Ҳасанбой ака, Тожикистонда ўзбек адабий муҳити қандай?

Ҳасанбой Ғойиб: Бугунги кунда Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқида Ўзбек бўлими фаолият юритяпти. Бўлим бошлиғи атоқли шоир – Ўлмас Жамол. Ўзбек ижодкорларидан ёзувчилар Ўринбой Усмонов, Эшмуҳаммад Донохонов, Жўрақул Ажиб, Омонбой Жуманов, Гулнора Саид Али, шоирлардан Жамшид, Абдулла Зуҳур иттифок аъзоларидир. Камина ҳам Ўзбек бўлими томонидан ҳам тавсия қилинганман. Юқорида тилга олинган ижодкорларнинг 5-6 тадан китоблари ҳам нашр этилган. Ўзбек тилида Тожикистон ҳукумати нашри бўлмиш ”Халқ овози” газетасидан ташқари, ”Замондош” ҳафтаномаси, ”Сирдош” журнали ҳамда ”Ўқувчи” газеталари, Ўзбек жамиятининг ”Ҳақ Сўз” номли газетаси, Хўжандда Ўзбек маданияти марказининг ”Шарқнома” журнали мавжуд. Турсунзодада ”Диёри Турсунзода”,”Ҳидоят” ва ”Регион”, ”Алюминии Тожикистон” газеталари тожик, ўзбек ва рус тилларида чоп қилинади. Хуллас, ижод намуналарини чоп қилиш учун имкониятлар етарли. Бир неча йил давомида ”Замондош” газетаси муассиси маърифатли инсон Ҳайдар Усмонович Жўраевнинг ташаббуси билан ”Замондош-шоу” адабий кечалар ташкил қилинар эди. Ушбу кечаларда Тожикистонлик ижодкор шоир, ёзувчилар, санъаткорлар, журналистлар иштирок этиб, бир-биримиз билан танишиш имконига эга бўлдик. ”Халқ овози” газетаси ҳам ўзбек ижодкорларининг ижод намуналарини мунтазам равишда бериб боради. Бугун ҳам ёзувчи Ёқубжон Абдуманнон муҳаррирлик қилаётган ”Халқ овози” газетаси ҳамда ”Замондош” ҳафтаномаси Тожикистонлик ижод аҳлининг маркази десам муболаға бўлмас.

Эркин, Душанбе: Ҳурматли шоир, Тожикистондаги ўзбекзабон ижодкорлардан уч тоифа: катта-устоз ижодкорлардан, ўзингизга тенгдош ижодкорлардан ва ёш ижодкорлардан кимларни танийсизу кимларни эътироф этасиз? Қимматли маълумот ва мулоҳазаларингиз учун олдиндан раҳмат!

Ҳасанбой Ғойиб: Тожикистонда яшаб, ижод қилаётган ижодкорларнинг деярли барчасини танийман. Уларнинг ҳар бири ўз овозлари билан ажралиб турадилар. Агар мумкин бўлса, саволни кенгрок қўйсак. Яқинда муборак 80 ёшини қаршилаётган устоз Ўлмас Жамол ”Чор Девон” яратиб Тожикистонлик ўзбекзабон ижодкорларнинг яловбардори эканликларини яна бир бор исботлаб турибдилар. Мендан катта ёшли ижодкорлардан устоз Абдулла Зуҳур ва Саййид Неъмат Иброҳим менинг учун ҳамиша ўрнак булиб келганлар. Бугунги кунда интернет орқали танишганим шоир Одил Икром ҳам забардаст ўзбекзабон шоирларимиздан ҳисобланадилар. Бир пайтлар машҳур хофиз Шерали Жўраев қўшикларини куйлаган шоир акамиз Шодмон Жўраев билан ҳам муносабатларимиз яқин. У кишининг ўзига хос ижоди ҳам ўрганишга арзийди. Тенгдош шоирлардан Эркин Шукур ва Абдулла Саидларнинг шеърлари менда катта таассурот қолдирган. Улар оз бўлса ҳам, соз ёзганлар. Нисбатан ёшроқ бўлган шоирлардан Раҳматжон Умаров, Дилмурод Қурбоновнинг номларини айтишим мумкин.

Рустам Насимий, Токио: Цензурага дучор бўлганмисиз? Умуман чоп этишга журъат этолмай юрган мақолаларингиз борми?

Ҳасанбой Ғойиб: Биз демократик, дунёвий, ҳуқуқий жамият қуриш йўлини танлаган эканмиз, цензура йуқ. Агар сиз рус тилида чикадиган ”Азия-плюс” ҳафтаномасини ўқиб борсангиз, бунга амин бўласиз. Аммо ҳукумат нашрлари назорат қилинади менимча. Бирор муаммо ҳақида ёзсангиз, ҳамкорлик қилишга чақирадилар. Албатта, чоп этилмаган шеърларим ва мақолаларим бор. Масалан, ”Дунё ўзбеклар”ида чоп этилган мақоламни ҳукумат нашрларига бермаганман. Мен эмас газета ходимлари журъат қилишмайди чоп этишга.

Зоҳида, Хўжанд: Ўзбекистондаги адабий жараёнлардан хабарингиз борми? Умуман бугунги ўзбек адабиёти аҳволини қандай баҳолаган бўлардингиз?

Ҳасанбой Ғойиб: Мен интернет орқали мунтазам равишда ”Зиё истаган қалблар учун”, ”Шарқ юлдузи”, ”Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси”, ”Дунё ўзбеклари” интернет сайтларини ўқиб боришга ҳаракат қиламан. Бундан ташқари кўплаб Ўзбекистонлик шоир ва ёзувчилар билан интернет орқали танишман. Мен Бугунги ўзбек адабиёти деганда фақат Ўзбекистондаги ижодкорлар ижодини тушунмайман. Масалан, мен Австрияда яшаб ижод қилаётган устоз Ёдгор Обидни бугунги энг халқпарвар ўзбек шоири деб биламан. Ҳазрат Навоийдан кейин ”Чор Девон” яратган устозим Ўлмас Жамолни ҳам Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, ўзбек адабиётининг энг пешқадам вакилларидан бири, деб ҳисоблайман. Ўшда яшаб ижод қиладиган Муғанний домланинг шеърлари, Тожикистонда яшаб ижод қилаётган мумтоз шоиримиз Неъмат Иброҳимнинг ғазалу, рубоийлари ўзбек шеърияти дурдоналаридан десам, хато бўлмас.

Бахтиёр, Торонто: Ўрта Осиё мусулмон халқлари, айниқса, ўзбек ва тожиклар орасида осонликча ассимиляция бўлишади. Тожикистон ўзбеклари орасида мустақилликдан сўнгра ўз она тилини унутиб, тожиклашиш даражаси қандай деб ўйлайсиз? Умуман, бу кетишда Тожикистон ўзбеклари ўзлигини сақлаб қолишига ошонасизми?

Ҳасанбой Ғойиб: Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, афсуски бундай ҳолатлар бор. Аммо улар оммавий характерга эга эмас. Аммо Тожикистонлик ўзбек зиёлилари бобомиз Алишер Навоий анъаналарига содиқ қолиб ҳар икки тилда сўзлашишни ўзларига ор деб билишмайди, аксинча, бу уларнинг ютуғидир. Биргина мисол: Ўлмас аканинг тўртинчи девонларига у кишининг тожик тилида ёзган шеърлари ҳам киритилган. Тожикистондаги ўзбекзабон ижодкорлар бир томондан тожик адабиётини тарғиб этаётганлари учун ҳам қадрлидирлар. Устоз Ўлмас Жамол, Жўрақул Ажиб, Омонбой Жуманов, Отабек Ғойибов ва камина ҳам тожик шоир, ёзувчиарининг асарларини ўзбек тилига ўгирганимиз ва бу ишимизнинг тожик адибларига ҳам маъқул эканлиги сўзларимнинг исботи бўла олади. Фахр билан айтишим мумкин бўлган яна бир гап – бугунги кунда устоз Жамол Камол ва шодравон шоир Асқар Маҳкам бошлаб берган Мавлоно Румийнинг ”Маънавий-Маснавий” асари таржимасини шоирлар Абдулла Зуҳур ва Одил Икромлар амалга оширмоқдалар. Абдулла Авлоний айтганларидек ”Тил яшар экан, миллат яшайди”.

2. Аҳолини рўйхатга олиш ўтказилганда ўзбек халқи сонини камайтириш мақсадида ўзбек ва лақай, деб бўлиб юборилганини қандай баҳолайсиз? Бунга норозилик билдирганмисиз? Раҳмат.

Ҳасанбой Ғойиб: Бир пайтлар шунақа маълумотга кўзим тушган эди. Албатта, норози бўлганман. Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган ”Парасту-2013” фестивалида Тожикистон халқ артисти Ҳабибулло Абдураззоқовнинг айтган бир гапини эслатмоқчиман. Суғд вилоятидан ташриф буюрган Ўзбек драма театри Душанбедаги Абулқосим Лоҳутий номли Театрида Ёзувчи Ўринбой Усмоннинг ”Қулф” асари асосида спектаклни намойиш қилган эди. Намойиш сўнгида сўзга чиққан устод Ҳабибулло Абдураззоқов шундай деган эди: Бугунги кунда Тожикистонда бир миллион олти юз минг ўзбек миллатига мансуб аҳоли яшайди. Шунинг учун ушбу спектаклни Оинаи жаҳон орқали намойиш этмоқ керак”.

Муҳаммадкарим, Ўш: Ўзбек-тожик халқлари дўстлигини сақлаб қолиш учун нима қилиш керак?

Ҳасанбой Ғойиб: Ушбу саволга юкорида қисман жавоб бердим. Икки халқ дўстлигини авайлаб асраш ҳар бир имонли инсоннинг бурчи деб биламан. Биз асрлар давомида бирга яшаб келганмиз. Менимча ҳеч бир куч бу дўстликни буза олмайди, Иншаоллоҳ! Жамол Камол таъбири билан айтганда, сиёсатчилар соҳилларни бузадилар, шоирлар эса соҳилларни бирлаштирадилар. Шундай даврларда ижодкор зиёлиларнинг масъулияти яна ҳам ортади.

William Wallace, Scotland: Тожистонда ўзбекларнинг сиёсатдаги ўрни қандай? Ички ишлар ёки армия сафларида ўзбеклар борми?

Ҳасанбой Ғойиб: Тожикистонда ўзбеклар тожиклардан кейинги энг кўп аҳоли қатламини ташкил қилади. Шунинг учун албатта армия сафларида ҳам, ички ишлар сафларида ҳам хизмат қиладилар. Менинг устозим журналист Тўйчи Ханжаров Турсунзода шаҳар Раиси аппаратининг раиси бўлиб ишлайди. Миллий мажлиснинг намояндалар мажлисида ўзбеклардан депутатлар бор. Тожикистонда Ўзбек Жамияти фаолият юритяпти. Аммо бир қисм ўзбек зиёлиларининг фикрича, Тожикистондаги ўзбеклар диаспора эмас, шу Ватанда туғилиб ўсганлар ва Ўзбеклар жамиятига эҳтиёж йўқ. Бунинг ўрнига Ўзбек Маданияти Марказларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Ўзбекларнинг кўпчилиги қадимдан шу ерда яшаб келишган. Сўзимнинг охирида Фейсбукда да эълон қилинган ”Икки тилли бир миллат” мақоламдан парча келтирсам тўғри бўлади, деб ўйлайман:

”Бизнинг динимиз бир, миллатимиз бир, мазҳабимиз бир, қадимдан бир маконда, бир хил шароитда яшаб келаётган бўлсак, Оллоҳнинг ўзи бизни тақдирдош қилиб яратган экан, нега энди биз бировларнинг иғвосига учиб, сену менга боришимиз керак? Бугунги иқтисодий бўҳронлар ҳам ўтиб кетади. Бизнинг аждодларимиз ҳеч қачон бир-бирига мушт ўқталмаган. Аксинча, уларда ҳамиша бағрикенглик, раҳму шафқат туйғулари устувор бўлган. Бугунги кунда ҳам ”Мўъмин-мўъминнинг биродари” деган ақидага риоя қилиб, икки халқ ўртасидаги биродарлик, дўстлик ришталарини янада мустаҳкам боғлашимиз даркор. Даврлар ўтаверади, лекин иймоним комилки, эту тирноқ бўлган икки халқни ҳеч қандай куч ажрата олмайди!” (30.01.2014-йил.)

BBC

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn