Абулфайз БАРОТОВ: Икки ҳангома

abulfayz-akaЭРИ КАЛ ЭМАС ЭКАН

Биринчи ҳангома

1965 йилда Пайариқ туман “Коммунизм байроғи” газетасида илк марта техник –котиблик вазифасида иш бошладим, таҳририятга келган хатларни рўйхатдан ўтказиб, бўлимларга тарқатаман. Ойлик маошим – 50 сўм. Аммо оз маош мени ташвишга солмайди, чунки мен мухбирман, ҳамма танийди деб ўйлайман, ўзимни ҳатто мени бу ерга ишга жойлаб қўйган қариндошимиз, туман халқ банкининг бошқарувчиси Шукур Сафаровдан ҳам устун қўяман. У вақтларда туман газеталари ҳам анча катта тиражда босилар, мавқеи ҳам баланд эди, жамоатчи мухбирлардан кўплаб хат-хабар келарди.
Кунларнинг бирида маданият бўлимининг мудири Ўрол Чиниқулов туман бирлашган касалхонасидан тажрибали ҳамшира ҳақида материал тайёрлашимни сўради. Талантинг бор, хатлар билан ўралишиб қолмай, ижод билан шуғуллан, деди. Бош шифокор ўрта ёшар ҳамширани тасвия этди. Ўта мулойим, сўзамол ҳамшира экан, юзидан нур ёғилиб, ҳар гапидан бол томади. Анча суҳбатлашдик, терговчига ўхшаб роса сўроққа тутдим. Гапимнинг охирида катта газета мухбирларидек, оилавий ҳаёти ҳақида гап очдим. “Бахтлиман!” –деди ҳамшира опа оғзидан болини оқизиб. – фарзандларим, меҳрибон ва севимли умр йўлдошим бор. Бир инсон бахтли бўлса, шунча бўлар-да.
Мақолани “Оқ йўл, шафқат ҳамшираси”, деган дабдабали ном билан атадим. Ёзганим ўзимга маъқул келди. Аммо мақолада нимадир етишмаётгандек эди. Ўйлаб-ўйлаб етишмаётган нарсани топгандай бўлдим. Инсонни улуғ қиладиган унинг фазилати, гўзал хулқи билан бир қаторда ташқи гўзаллиги ҳамдир. Мадомики шундай экан, опани ром қилган нарса эрининг зулукдек сочи бўлгани аниқ. Соч фақат қиз боланинг кўркигина бўлмай, балки, йигит кишининг ҳам кўркидир. Бу менинг фалсафам эди, алқисса топқирлигимдан ғоят қувониб кетганим ҳолда, ҳамшира опа тилидан, “мен эримнинг зулукдек қоп-қора товланган сочларига маҳлиё бўлиб у кишига текканман, деган жумлани мақоламга киритиб юбордим.
Мақоламни ўқиб чиққан Ўрол ака, “эрининг сочига учиб тегадиганлар ҳам бор эканда, зўр-ку”, -деб қўйди. Мақолам газетада босилиб чиқди. Иккинчи куни эрталаб эса коридор ғала-ғовур бўлиб кетди. “Оғзингдан қора қонинг келгур мухбир қани”,- деган аёл кишининг шанғиллаган овози эшитилди. Хонамга Ўрол ака югуриб кирди. “Ҳой, сен ҳамшира опангни шарманда қилибсан-ку, эри бижиган кал экан, эргаштириб келибди.
Ўрол ака мени хонасига олиб кириб, устимдан қулфлаб қўйди. Хотин шанғиллаганича анча вақт мени қидириб юрди. Афтидан ҳамшира опа, “мен зулукдек сочига учиб эримга текканман”, деган сўзни валло-билло айтмаганман, бетовфиқ мухбирга”, деб, эрини мен билан юзлаштиришга олиб келгани аниқ. Мен ҳам анойилардан эмасман, оғзидан бол томиб, эрини мақтаганига ишонганман-да. Севишганлар бир-бирларининг сочларини силаб эркалатишлари ҳаммага кундек аён-ку. Шу вақтгача бирон киши хотининг думбасини силаб эркалатган бўлмаса керак. Эринг кал экан, нега оғзингдан бол томиб уни мақтадинг!“
Эрталаб Ўрол ака мени эшик тагида кулги билан қарши олди.
-Газетамиз ҳеч қачон бугунгидек машҳур бўлмаган бўлса керак, деди у ҳамон кулар экан. – Газета сўраб келганлар қанча. Энди сен универмагга кира кўрма. Опангнинг эри ўша ерда сотувчилик қилар экан. Жўралари, зулукдек сочингни бир кўрсат деб, унинг безорини чиқаришибди. Жаҳлига чидай олмаган эри хотинини дўппослаб, юзини моматалоқ қилибди.
Бир неча кун юрагим така-пука бўлиб ишга келиб кетиб юрдим. Хайрият, “шафқат ҳамшираси” мени бошқа безовта қилмади.

****

НАФСИ ЎПҚОН ФЕРМА МУДИРИ

ва дўстим Абдуолим

Иккинчи ҳангома

Пайариқ туманининг “Пайариқ” совхозида (Ҳозириги хўжа Исмойил Бухорий зиёратгоҳи мажмуаси жойлашган Хартанг қишлоғи). Абдуалим Тўлабоев деган синфдош дўстим яшар эди. Унинг отаси Тўлабой ака уруш йиллари Пайариқдан мен туғилиб ўсган тоғлар орасидаги Ўгат қишлоғига вольфрам ишлаб чиқарадиган конда ишлаш учун қолган, кейинчалик ва шу ердан уйланган бўлиб, икки ўғли бир қизи бор эди.
Тўлабой ака вафот этганидан кейин, унинг қариндошлари Абдуалимни онаси ва укалари билан Пайариққа, Тўлабой ака туғилиб ўсган Хартанг қишлоғига кўчириб олиб кетишди. Ўшанда иккаламиз ҳам Ўгатдаги етти йиллик мактабни эндигина тугатган эдик.
1957 йилда отам Дангал ўғли мулла Барот вафот этди. Оилада олти фарзанд етим қолдик. Тўнғич фарзанд мен бўлганим учун мактабда ўқишимни ташлаб, тирикчилик йўлига ўтдим. Ҳали вояга етмаганим сабабли ишга жойлашишим қийин бўлди. Хайрият, геология экспедициясига ишга жойлашишга муваффақ бўлдим. Вазифам – турли жойларда буравой ёрдамида қазилган артезиан қудуқлардан намунага сув олиб, ҳар ҳафтада бир марта Қўйтошдаги лабараторияга анализ учун топшириб келишдан иборат эди.
5-6 та шиша солинган халтани елкамга ташлаб, аввал 3 километрча нарида жойлашган пастки Ўгатга бораман. Шишанинг биттасигага ип боғлаб, қудуқчадан сув оламан. Кейин нақ 5 километрча масофада жойлашган Михлибой овулига зинғиллайман. Юқори Ўгатнинг шундоқ биқинида 12 оиладан иборат нуқул қариндошларимиз яшайдиган Ўлармансой бор. Унга бу номни ҳозирги кунда Тошкентда яшайдиган доришунос қариндошим Абдулаҳат Абиров қўйган. Ўлармансойда 2-3 та артезиан қудуғи бор. Хуллас, ҳар ҳафтада бир марта ушбу қудуқчалардан сув олиб, 12 километр узоқликда жойлашган Қўйтошга элтаман-да, бир ҳафта мазза қилиб дам оламан.
Аввал қизиқарли кўринган ишим аста-секин жонимга тега бошлади. Гарчи ишимга яраша маош тўлаб туришган бўлсада, вазифам ўзимга ўта беъманидек туюлди. Бир куни шишадаги сувни уйимиз орқасидан оқиб ётган ариқ сувига солиштирган эдим, туси ўзгармаслигини амин бўлдим. Калламга келиб қолган доно фиердан мамнун бўлиб, шишаларни ариқ сувига тўлдириб, Қўйтошга элтдим. Аммо бу ишимни икки мартагина такрорлашга улгурдим. Учинчи марта борганимда, “фирибгарлиги учун вазифасидан бўшатилсин,”- қабилидаги буйруқни қўлимга тутқазишди.
Тирикчиликнинг турли кўчаларига кириб чиқдим. 1962 йилнинг бошида Ғаллаорол туман комсомол Қўмитасининг йўлланмаси билан чўлни ўзлаштиришга отландим. Жиззах туманидаги янгидан барпо этилган “Боғдорчилик” (Ҳозирги Пахтакор туманидаги “Пахтакор” сув истеъмолчилари уюшмаси) совхозида қурилиш ишларини олиб бораётган “Янгиерводстрой” трестига қарашли 6-қурилиш –монтаж бошқармасига бетончи бўлиб ишлай.бошладим. Совхоз участка нозири идораси қошида ташкил қилинган кўнгилли халқ дружиначилари штаби аъзоси сифатида кечалари навбатчиликка чиқиб, халқ осойишталигини сақлашга ўз ҳиссамни қўшардим.
1963 йилнинг 2 январидан 3 январига ўтар кечаси навбатчилик пайтимда безорилар ўқига учраб оғир аҳволда касалхонага тушдим. Бир йилдан ошиқроқ вақт даволандим. Беш марта оғир операцияни бошимдан ўтказдим. Оқибатда танамда қолган 76 та сочма ўқ билан касалхонани тарк этдим ва қишлоғимга қайтиб келиб, абгор бир ҳолда уйда ўтириб қолдим. Ишлай десам жисмоний ишга ярамайман, енгил иш қилай десам маълумотим йўқ. Ана шунда Самарқанд вилояти, Пайариқ туманидаги давлат банкида бошқарувчилик қилаётган узоқроқ қариндошимиз Шукур Сафаров менга ёрдам қўлини чўзди. Ғаллаоролнинг узоқ бир бурчагида жойлашган Ўгат қишлоғидан Пайариғига ана шу тариқа бориб қолган эдим.
Абдуалим совхоз фермасида молбоқарлик қиларди. Бир галги борганимда у ферма мудирининг юлғичлиги ҳақида шикоят қилиб қолди. Унинг гапларини эшитиб, соғ молларни касал бўлиб, ҳаром қотди деб, далолатнома тузиб гумдон қилаётган ферма мудирига нисбатан ғазабим тоборо алангаланиб борарди. Ниҳоят у ҳақда фелетон ёзиб, таҳририят қишлоқ хўжалик бўлимининг мудири Нормўмин Эгамназаров қўлига тутқаздим. Фельетонни кўрган маданият бўлими мудири Ўрол Чиниқулов, ишқилиб бу танқидинг калчасига ёзилмаганми?”-деди. “Йўқ!”-дедим ғўдайиб. –Фермада синфдош дўстим Абдуалим Тўлабоев молбоқар бўлиб ишлайди, фактларни ўша берди.
Фельетоним чинакам шов-шувга.сабаб бўлди Совхоз директори газетани кўтариб, нақ райкомнинг биринчи котиби ҳузурига кирди. Муҳарриримизни райкомга чақиришди. Райкомдан ранги-қути учган ҳолда қайтиб келган муҳаррир, фельетонимдаги фактларни текшириш учун совхозда махсус комиссия тузилиб, натижаси ҳақида ёзма равишда жавоб қайтарадиган бўлишибди.
Тинчим йўқолди. Совхоз директори илгари туманда райкомнинг биринчи котиби бўлиб ишлаган экан. Демак, пихини ёрган закончи бўлса керак. Ишқилиб Абдуалим дўстимнинг берган фактлари тўғри чиқсинда. Бўлмаса муҳарриримиздан омон қолмайман. Бунга сабабларим бор. Бир куни қариндошимизнинг ҳовлисида қип-қизил бўлиб очилиб ётган атиргуллардан бир даста узиб келиб, кабинетимиздаги сув тўла графинга солиб қўйдим. Доим “бир коп ташвиш”га ўхшаб юрадиган муҳарриримиз (Бу ўхшатишни ўзим ўйлаб топганман). ҳар куни кабинетимизга шоша-пиша киради-да, гулни хуриллатиб узоқ ҳидлайдиган одат чиқарди. Гулни янгилаб қўйинг,”-деб топшириқ ҳам беради. Аччиғим чиқди. Унинг “хурмача қилиғи”га чек қўйига аҳд қилдим. Бир гал гулни яхшилаб дасталаб ўртасидаги каттагина атиргулга бир сиқим носвой жойлаб қўйдим. Муҳарриримиз ҳар галгидек шоша-пиша хонага кирди-да, одати бўйича гулга бурнини тиқиб ғўриллатиб ҳидлади. Кейин типирчилаб бошини кўтарди, қўлларини юзига босганича гандираклаб кабинетдан чиқиб кетди. Бироздан кейин муҳаррир ўринбосари Абдулла Юсупов келиб, “гулга носни сиз сепганмидингиз?” –деб.сўради “Йўқ” ишорасини қилдим. Абдулла ака, “яхши иш бўлмади-да”,- деб чиқиб кетди.
Қачон жавоб келар экан деб, кунларни санаб ўтказаман. Почтальон ҳар куни бир даста хат-хабар ташлаб кетади. Дарҳол саралайман, жавоб келмаган бўлади. Илгари хаёл ўтмай, хонамга мўралаб, “жавоб келмадими?” –деб сўрайдиган муҳаррирнинг ўрнига, энди жавоб келган-келмаганини маданият бўлими мудири Ўрол Чиниқулов сўрайдиган бўлди. У киши, ўлганнинг устига тепган қилиб, “жавоб келса дарҳол муҳаррирга етказинг”, -деб қўяди.
Ниҳоят жавоб келди. Дарҳол яширдим. Уйга бориб хатни ўқидим. Комиссия дегани менинг авра-астаримни роса титкилаб текширган кўринади. Совхозга ҳар ойда ташриф буюрганимдан ташқари, жўрамнинг жўраникисига ҳам неча марта борганим, нечта арақ ичганимиз ҳақида ҳам жавобда роса ўтлашибди. Лекин фермернинг юлғичлиги ҳақида гап жуда кам эди. Фақат, мухбир оғзига келганини ёзиб юбораверган, ферма мудири бунча молни гумдон қилганлиги ақлга сиғмайдиган гап қабилида жавобга хотима ясалган эди.
Ковушимни тўғрилаб қўядиган гаплар йўқ эди жавобда. Шунга қарамай, ферма мудири молларни қандай гумдон қилган бўлса, мен ҳам хатни шундай гумдон қилиб қўя қолдим. Негадир Ўрол ака ҳам хатни сўрашни бас қилди. Кейин маълум бўлишича, совхоз директоринг кунлик газеталарни кўздан кечирираётиб, фельетонга кўзи тушиб қолган. Фиғони фалакка чиққан директор ўша куни у райкомга билан бораётган бўлган. Райкомга кела сола подадан олдин чанг чиқариб юборган. Комиссия тузиб, фактларни текшириш масаласи ҳам директордан чиққан.
Кейинги борганимда, ферма мудири уйига келиб ётиб олди, деган эди дўстим. -Директорни бир амаллаб тинчитдим, дўстинга айт, мени бошқа ковла-ковла қилиб юрмасин яна, хизматга доим тайёрман деб, ялинибди. Ўшанда Абдуолим кулиб шундай деганди:
-Ферма мудири уйимга анча-мунча нарсаларни ташлаб кетди. Ун, чой, макарон дегандай. Илгари семиртираётган новвосимга бир неча марта озроқ жем сўраганимда бермаган эди. Сенинг танқидинг туфайли анчагина жемли бўлиб қолдим..
Кейин ҳазил аралаш гап қотди:
-Яна фельетонбоп иш бор, ёзасанми?
-Нима бало, жеминг тугаб қолдими дейман?
Иккаламиз бароварига кулиб юбордик.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn