Суҳайлий: Навоий ғазалига мухаммаслар

suxayliyТАСВИР ЭТКАМЕН

Ҳусни мулкунгни ғурур-ла элға таъбир эткамен,
Ғайри дилларда ғараз, нуқсонни таъмир эткамен.
Сен дегайсен лек мени ким, балки тазвир эткамен,
Оразинг нақшин кўнглум лавҳида тасвир эткамен,
Бўлмаса тақдир ани кўрмак, не тадбир эткамен.

Ишқ аро шаҳдурмен, аммо киссада йўқ ҳемири,
Халқ дегайким, воажаб, ганж топиш қўлнинг кири.
Ошиқу маъшуқ, дилида ёшурун ишқнинг сири,
Эй қаро кўз, бўлмасун ул юз шавқидин юздин бири,
Кўз қаросидин агар юз нома таҳрир эткамен.

Минг хил ўй ҳамда фикр ўткучидур бул мухдин,
Бал хазар қилғай санам мендек дили мажруҳдин.
Чин вафо кутғучидурмен лек гўзал гулруҳдин,
Ёшурун қолғайму ишқим, бўйлаким ул шўхдин,
Чиқса бир сўз бехабар, юз қатла тақрир эткамен.

Ҳурлиқо ким, бебаҳо ким – бу даҳлдор наслиға,
Ҳар бири ҳам тортадурким бора-бора аслиға.
Мен киби минг ошиқи зор ул санамнинг ҳусниға,
Не жунундур буки, ҳар тун ул париваш васлиға,
Юз хаёл айлаб, яна бориға тағйир эткамен.

Севги ҳам Одам Атодин қолғон асли ибтидо,
Ким бўлур ёрға муносиб, ким бўлур ёрдин жудо.
Куйғон ошиқ оҳ чекурким қалбидин айлаб нидо,
Эйки, дерсен васл коминг бўлса, жон қилғил фидо,
Ул муяссар гар бўлур, мен худ не тақсир эткамен.

Бахт келур деб осмондин туну кунлар кутмағил,
Минг машаққат, минг азоб бор, лек дилға ютмағил.
Чин вафо йўлида зинҳор ёрни ташлаб кетмағил,
Ишқ азалдиндур насибим, носиҳо, манъ этмағил,
Манъ қилсанг ҳам, нетиб мен маъни тақдир эткамен.

Ошиқ аҳли мунтазирдур ўз ҳуру аълосиға,
Бир умр етмоқни истар васл уйин маъвосиға,
Бул ажаб Суҳайлийким қолди ишқ ғавғосиға,
Эй Навоий, нақди жон бергил дединг савдосиға,
Бўйла савдо гар муяссар бўлса, тавсиф эткамен.

РАФТОР АЙЛАМАНГ

Ул пари руҳсораларға ўзни хуштор айламанг,
Ўзни чун ишқида ҳеч дардға гирифтор айламанг.
Мисли гар бадбўй алафни мушки тотор айламанг,
Ёр келса, дўстлар, оҳанг рафтор айламанг,
Имфиолимдин нафас урмоқни душвор айламанг.

Ишқ эли дардини айтур ёлвориб дилдориға,
Чин вафо бирла садоқат кўрсатур ўз ёриға.
Бевафолиқ қилмайин мен чопмадим ҳар сориға,
Ёлғиз уйда қайда ёро боқмағим руҳсориға,
Ҳолатим тағйиридин сирримни изҳор айламанг.

Мадҳ этиб тинмайди доим дил қушим сайратмаси,
Интизорлик, беқарорликдур анинг кўрсатмаси.
Ишқ аро боғландим, аммо келмағай ўргатмаси,
Токи кўнгул изтиробию таним титратмаси,
Сокин ўлмас нуқта айтурға мени ёр айламанг.

Мутриби дер, сен ғазалдин, куйларингдин нолима,
Лек ўзум маҳзун эрурмен ҳар даме аҳволима.
Кўп мени қайғуга солди бевафо ёр – золима,
Соате чунким ўтуб бу нави келсам ҳолима,
Сўз аро ошиқлик алфозини такрор айламанг.

Гар вафо қилмаски дилбар, гул киби сўлғумдурур,
Таъзим айлаб келса ногоҳ шодланиб кулгумдурур.
Ҳам чунон масрурлиғимдин тан аро тўлғумдурур,
Чунки бўлса мултафит чун ер ўпиб ўлгумдурур,
Ҳар жафо қилсам ўзумға манъ зинҳор айламанг.

Майли мен рози эрурмен, жамшид базмин бошлангиз,
Тўлдириб ғамга дилимни, кўзларимни ёшлангиз.
Ондин айлабким жудо, бул телба кўнглум ғашлангиз,
Эмдиким ўлдум, таним ёр итлариға ташлангиз,
Лек ағёрим бу маънидин хабардор айламанг.

Ишқ ўти шундай балоким, билмас ҳеч макон, ҳудуд,
Чун юракни куйдирурким, мутлақо чиқмайди дуд.
Қилди бу Суҳайлийни гоҳи ҳуд, гоҳи беҳуд,
Қайси ошиқким Навоийдекдурур, эй аҳли зуҳд,
Ишқ маънин айлабон кўнглумға озор айламанг.

ЖОН ТОМАДУР

Ёр фироқ ўтида куйса, ашки ҳар он томадур,
Ўзгалар сезмас ва лекин дилда пинҳон томадур.
Орази узра тушубким, чашми гирён томадур,
Жон берур элға агарчи, лабидин қон томадур,
Ваҳ, даме қон томадур, балки чучук жон томадур.

Беғубор тоза муҳаббат бахш этур дилларға руҳ,
Рашку ҳижрону аламлар бирлашиб бўлғай гуруҳ.
Барчасиға сен ўзунг дору қил, эй жанон гулруҳ,
Ноз ўқи бирла кўзум мардумин этдинг мажруҳ,
Ашки гулгун дема, ваҳмидин анинг қон томадур.

Рашку ҳижрон бирлашибким кўнглума солғуси ғул,
Не қилурмен гар ажабким бўлса тақдиримда шул.
Лек ўзунг пинҳон дилимда соф эрурсен тоза гул,
Ваҳ ярам ичра не қондур, буки девона кўнгул,
Топса таскин турадур, айласа афғон томадур.

Қай кун эрдиким санга мен чун бўлибмен мубтало,
Андалиб эрдим куйингда, англадинг зоғу ало.
Тингламас эрдингки оҳим, ҳар тараф урсам сало,
Гўйиё фитна саҳобидин эрур сели бало,
Рашкидин қатранг, жавлон аро ҳар ён томадур.

Оҳу зорим ёлғон эрмас, куймагум ҳам эрди чин,
Гарчи куйганлар билурким севгининг сеҳру кучин.
Меҳру шафқат бўлса дилда маъшуқа олмас ўчин,
Томчидек ашким эмас, кўнглум ўти дафъи учун
Гаҳ бадан кулбасини қилғали вайрон томадур.

Бул муҳаббат беададким, билмағай асло ҳудуд,
Тан ёнур балки демангларким, куйгуси борлиқ вужуд.
Неча минг куйсамда гарчанд, чиқмағай зарраки дуд.
Ваҳ, гул шамъин ўчурмаклик учундур гар ҳуд
Қатра ўрниға булутдин дурри ғалтон томадур.

Сенға деб биттим ғазаллар, туздум ондин куллиёт,
Асрағай кўз қорасидек неча йиллар зурриёт,
Маст ўлуб Суҳайлий куп чун тинглағай ондин баёт,
Лаъли васфида Навоий сўзидин оби ҳаёт
Қилса пайдо оқадур, айласа пинҳон томадур.

ҚОШ ЭРУР

Дер эмиш ишқ аҳли сени фитнаким бебош эрур,
Сирларинг пинҳон эрурким, ким сенга сирдош эрур?
Сени кўп эъзоз этқон мендаги бардош эрур,
Оразинг ҳуснин фузун қилғон ҳилолий қош эрур,
Ёҳуд ул ой шамъини ёрутғали минқош эрур.

Сарв, шомшод бўлариким, юзи гул, қоши камон,
Ташламас гоҳо нигоҳин ўтқанида биз томон.
Дард чекиб ҳижрон аро тобораким ҳолим ёмон,
Кўз ёшим дуриятимни маҳрами ишқ айламон,
Ҳар нечаким пок гавҳардурур ва лекин ёш эрур.

Зор васлингда юрурлар неча минг ошиқким,
Мен аларнинг биттасимен, бисёр эрурким рашким.
Йиғларимдин кўзларимда сел мисоли ашким,
Онча ёғдурди бало тошин танимға ишқким,
Юз минг эл ишқ аҳли гар кўксиға урса тош эрур.

Бир ғариб бечорадурмен, йўқ эрур маҳрам кишим,
Ҳеч кима маълум эмастур дарду ғамлар чемишим.
Ёр висолиға етишмоқ дилда орзу, хоҳишим,
Ҳўблар лаъли хаёлотин биширмактур ишим,
Шуълалиқ кўнглум бу соғларға гўё дош эрур.

Бесамар оввора бўлдум бул ўжар сиркаш аро,
Рашк, алам, ҳижронда қолдим дўст дебон дардкаш аро.
Кўрмадим роҳат, фароғат мунисим дилкаш аро,
Қолди аввал тоғ аро Фарҳоду Мажнун дашт аро,
Ишқ йўлинда манга икки ажаб йўлдош эрур.

Бесамар пинҳон ўлдурурким севгини бода нўши,
Телба ошиқ аҳлинингким ўнгидан келмас туши.
Чунки ҳеч ўрнида бўлмас доимо ақлу хуши,
Ул Масиҳ анфос тарсо сайдидур кўнглум қуши,
Ким, малак дайри равоки кунжида хуффош эрур.

Чиқмағай доною оқил ҳеч қачон ишқ аҳлидин,
Лек камол топғусидурким яхши инсон нахлидин.
Топдиким бу Суҳайл эс ақлу идрок, фахмидин,
Чун оғиз очти Навоий кўнгли ҳар ён заҳмидин,
Не ажаб гар ёшурун дарди эл ичра фош эрур.

НОЗИ ҚОЛИБТУР

Дилбар юзида ончаки пардози қолибтур,
Новак ўтидин дилдаги андози қолибтур.
Кеттию шитоб, қўлдаги тор, сози қолибтур,
Ёр бордию кўнглумда анинг нози қолибтур,
Андоғки қулоғим тўла овози қолибтур.

Йўқ ақлу хушим телбанамо айлади бу ишқ,
Кўнглумда алам, ҳажр ўтидин ортдику сиришк.
Ғайрилар ила ўйнаса ёр куйдиради рашк,
Кўз хонасини қилди барандохта бу ашк,
Кўз борди, вале хонабарандози қолибтур.

Рашким ўтидин дилда ғазаб қайнади, тошти,
Чун қаҳру ғазаб олдида ақл ҳаттоки шошти.
Ҳайратда қолиб сиз сориға хаёлим ушти,
Кўнглум қуши то сунбулингиз домиға тушти,
Булбул киби ҳар гул сори парвози қолибтур.

Гар этса хиром гулзор аро чун бўй сочқай,
Гуллар чекиниб ҳар бириси ҳар сори қочғай.
Сунбули райҳони ажаб ёр барини қучғай,
Ул қуш сафар айлаб, не тараб гулбунин очқай,
Ким боғ аро бир сарви сарафрози қолибтур.

Кулбамға қўнуб, гоҳида дам-дам гузар этким,
Лек барча мунофиқ рақибимдин хазар этким.
Ишқингни солиб қалбима ногоҳ озар этким,
Мен ишқ рамузин демай ўлдум, назар этким,
Фарҳод ила Мажнун ўкуш рози қолибтур.

Хуршидим эрур кўкда ўзи, тунда гўзал моҳ,
Фармону амр айлагали чорласа боргоҳ.
Лек менга назар айламади ҳолима э воҳ,
Тақлид қилиб кўнглума ишқ аҳли чекар оҳ,
Ул иттию эл ичра саровози қолибтур.

Ишқ бирла умр ўтгучидур, лаҳзалик, оний,
Сўз неки дедим, барчаси дур, ганжи маоний.
Эй Суҳайл, сен, ишқ йўлида бўлма ҳавоий,
Ҳижрону висоли кўпу оз дема, Навоий,
Юз шукр деким, кўпи кетиб, ози қолибтур.

ҲАРГИЗ

Ошиқ дилиға ҳар дам тушгуси озар ҳаргиз,
Демаким, кўнгулларни ишқ ўти ёзар ҳаргиз.
Менга гар кўзунг тушса этмагил хазар ҳаргиз,
Куюнг борида қилмон жаннатға гузар ҳаргиз,
Қаддинг қошида солмон тўбиға назар ҳаргиз.

Маҳбубинг севар бўлса, истиқболиға отил,
Дил амрини чун изҳор этгувчи эрурким тил.
Чин севги, муҳаббатким бўлмайди сира ботил,
Ўқунгға кўнгул мойил, мужуб недур, эй қотил,
Ким ўтқанидин бўлмас кўнглумға хабар ҳаргиз.

Асрабон садоқатни ҳар сориға интилманг,
Бўлса гар вафоли ёр, мутлоқ бевафо билманг.
Рашк, алам ўти бирла бағрингизни ҳам тилманг,
Бу жисми низор ичра кўнглумни гумон қилманг,
Шохеки кўрур, анда ким кўрди самар ҳаргиз.

Мен телбаи ошиқни қилмағил кўп мазаллат,
Чун ўртада бисёрдур ғоят ҳурмату иззат.
Мен сенга тилайдурмен туну кун аро назрат,
Лаълингда малоҳатдин жон комидадур лаззат,
Бу таъм қачон бергай туз бирла шакар ҳаргиз.

Чун ўлди гирифторким ҳусниға ажаб кўнгул,
То хануз муҳаббатға икки дил эрур машғул.
Мен ошиқи саргардон, ул боғда очилғон гул,
Кўнглиға фиғонимдин раҳм ўлмаса, эй булбул,
Гул ғунчасиға борму нолангдин асар ҳаргиз?

Васлингға етишган кун бўлмас сени ҳеч ўпмай,
Лек ҳаё ибосидин кўнглум турадур чопмай.
Туғён урса ҳис-туйғу, бўлмаски уни ёпмай,
Нил ўлса сенинг ҳасминг, десангки зарар топмай,
Бир пашшаға оламда еткурма зарар ҳаргиз.

Ҳар ошиқ гадо ўзни кўрсатур фидойидек,
Сарф этур умрни ишқ йўлинда адойидек.
Булки Суҳайлий тузғон манбаълар бодойидек,
Махлас тиласанг ғамдин даҳр ичра Навоийдек,
Қўймағайсен илгингдин соғарни магар ҳаргиз.

ЎЗГА НАВЪ

Қадлари ғоят санамнинг сарв, шамшод, ўзга навъ,
Кўп паривашларни чиндан этти иршод, ўзга навъ.
Балки чин ошиқлариға бўлди сайёд, ўзга навъ,
Ул пари ҳар дам қилур мажнунларин шод ўзга навъ,
Лек этар мен телбаға ҳар лаҳза бедод ўзга навъ.

Ғунчадек дилбар очилди, лек гулдек сўлмади,
Даврада ўлтирди, аммо менла ҳамдам бўлмади.
Васлиға ошуфта эрдим, лек бу кўнгул тўлмади,
Ёрни мен кўрмай ўлдум, ул кўруб ҳам ўлмади,
Ишқ аро мен бормен ўзга наву Фарҳод ўзга навъ.

Сайр этиб кўрдум бу олам мағрибу машриқларин,
Севгида кўрдум янаким бевафо маъшуқларин.
Чун алар инкор қилди чин муҳаббат, ишқларин,
Зикр этар базм ичра лутфу меҳр ила ошиқларин,
Лек мени бадрўзи расвони қилур ёд ўзга навъ.

Ҳусну меҳрига ажабким ташнадурмен интизор,
Ул малак васлини қўмсаб, чун юрурмен хору зор.
Сеҳр ила банд айладиким, йўқ ўзумда ихтиёр,
Ишқ аро ўзни манга ўхшатма, эй булбулки, бор,
Лаҳну оҳанг ўзга наву, оҳу фарёд ўзга навъ.

Эй, мени ҳақ йўлиға солғил, сен ўзунг, ё Раббано,
Арзу ҳолим сенға дейман тун бўйи айтиб сано.
Мажнуну девона янглиғ телбагар бўлдим мано,
Шайху талқини риёким, солини дайри фано,
Бизға қилмиш дарду ишқ ойинин иршод ўзга навъ.

Чарх уруб учтим самода мисли бир шаҳбозким,
Тингладим сайёралардин турфа хил овозким.
Ҳар бириким бир навоким, ҳар бири ҳам созким,
Сиз чекинг нўши висол, эй аҳли айшу нозким,
Биз бўлубмиз заҳри ҳажр ичмакка мўътод ўзга навъ.

Телба ошиқлар жаҳонда ҳур ва ҳам озод юрур,
Ғам, алам, қайғуни билмас, қалбида шодлик, сурур.
Дарс ўтуб Суҳайлий ҳам, барчаға имдод берур,
Кўнгулдек сўрма Навоийники, қилмоғлиғ эрур
Қушни озод ўзга наву, қулни озод ўзга навъ.

НОЛАИ ЗОҒИМҒА БОҚ

Умрим ўтти, водариғо, дилда асроримға боқ,
Кўрмишам жабру жафолар ҳоли афгоримға боқ.
Огоҳ айлар охиратдин афти ангоримға боқ,
Чиқса жоним айб қилма, жисми беморимға боқ,
Куйса жоним ҳайрат этма, нолаи зоримға боқ.

Бул фалак бедодлиғидин тортиб ўттимки фиғон,
Ночору афгорлиғимдин танда қолмиш хаста жон.
Ҳасратим қалбимға сиғмас, кўнглум ичраким ниҳон,
Ҳажр даштининг гули гар лола бўлса, сели қон,
Қилмағил, эй гул, таажжуб, чашми хунборимға боқ.

Гар дилинг пок бўлса албат, ком бўлғай ҳосила,
Неки орзу, ниятинг бор, ёлғиз Оллоҳдин тила.
Чин вафодор бўлса ёринг, билки улдур оқила,
Эйки, кўрмайсен қуруқ шохе безалған гул била,
Ҳажр тошидин саросар жисми афгоримға боқ.

Кексалардин ол сабоқким, гар ўзунг йўл билмасанг,
Барчадин ортда қолурсан олдинга интилмасанг.
Ҳақ йўлин билмайсан асло бир-икки қоқилмасанг,
Зулфин очти ул санам, эй шайх, бовар қилмасанг
Ким, асири куфрмен, бут бирла зунноримға боқ.

Ҳақ таоло, ёр васли ошиқ аҳлининг ўйи,
Мен тутубмен чин ҳақиқат йўлини умрим бўйи.
Тирнағай қалбимни ҳар дам рашк ила ҳижрон куйи,
Ер била тенг қилди хокий тан уйин ашким суйи,
Ишқ селидин йиқилғон эски деворимға боқ.

Бу умр ўткинчидур деб, айлама асло насҳ,
Минг азоб, ғурбат аро ўз-ўзунг қилма забҳ.
Бесамар, ножўя ишлар қилмағил, бўлғай қабиҳ,
Қилмасанг тавбамни синдурғонни бовар, эй фақих,
Ҳирқаи чокимни кўр, ошуфта дасторимға боқ.

Ёш ўтуб, кетганда кучлар қолмағай кўзларда нур,
Хафсала пир бўлса албат йўқ бўлур дилда ғурур.
Бўлмасун, асло Суҳайлий, ҳеч пок дилинг асло кўмур,
Бош кўтармай майдин эктим журм тухми барча умр,
Эй Навоий, умр этиб зойи, сару коримға боқ.

ВАФО ҚИЛСАНГ

Севги ва муҳаббатға бағримни маъво қилсанг,
Не қилғум агар менга бу йўлда даъво қилсанг.
Ногоҳон мени қийнаб, телба, бенаво қилсанг,
Не бўлди дардима, эй бевафо даво қилсанг,
Вафоға ваъда қилиб, ваъдаға вафо қилсанг.

Дилрабо, сеҳр бирла мени ташлабон кеттинг,
Бир телба паришонмен, ақлимни олиб неттинг.
Билмам сен рақибим-ла анда орзуға еттинг,
Танимни қурб фазосида хоки роҳ эттинг.
Бошимни васл эшикиға ошно қилсанг.

Умрда севги дарди, воажаб гулгун фасл,
Лек дарду аламларни орттирурким муттасил.
Чиқсам гар ҳузурингға бу кўнгил бўлур восил,
Сунуб қўлумни юзунгға, мурод этиб ҳосил,
Очуб юзунгни, кўзум ҳожатин раво қилсанг.

Бу дайри фано ичра қолибмен ажаб бекас,
Сен сори қанот ёзсам, етмағай бу панж даст.
Ашки селобим оқиб, бўлдики гўёки фасд,
Висол ашки бийик, эй кўнгил қуши, сен паст,
Етишмак анда ё мумкин, агар ҳаво қилсанг.

Умр ўткинчи дерлар, эмасдир у ҳеч боқий,
Ки Мажнундек кезиб дашт, чу ўлсамда мен фоқий,
Неча йиллар ниҳоят юрур эрур эрдимки тоқий,
Жаҳон ғамин чу олур, бер қадаҳни, эй соқий,
Олурмен, икки жаҳон мулкиға баҳо қилсанг.

Юрагимға ишқ ўтин чунон бисёр жойларсен,
Рақибимға дил боғлаб, бул хастани найларсен,
Мени ҳажронда қуюб, кимлар йўлин пойларсен,
Замона аҳли жафосин тағофул айларсен,
Алар тағофул этиб, кош сен жафо қилсанг.

Ажаб баъзи дарёнинг сувлари шитоб оқмас,
Салом айлаб дилором бизларға қошин қоқмас.
Эҳтимолки Суҳайлий ул ёр кўнглиға ёқмас,
Агарчи аҳли наводур, вале ул ой боқмас,
Навоий, неча булбул киби наво қилсанг.

БАНД АЙЛАДИНГ

Кўргузуб ҳусну жамолинг, дилни пайванд айладинг,
Балки билмасдин кўнгул изҳор гарчанд айладинг.
Сўнг ани рад этғаликим, чалғитиб панд айладинг,
Ғам тошин жисмимға пайконинг била банд айладинг,
Ул самарни бу йиғочқа баргпайванд айладинг.

Раҳм қилмай бул ғарибға бемажол аҳволида
Ташладинг ҳижрон ўтиға мажруҳ, афгор ҳолида.
Минг шифо бордур бироқ бўса таъмининг болида,
Чун шакар ширинлик изҳор этти лаълинг оллида,
Демайин, қилдинг табассумким, шакарханд айладинг.

Мен қачон дедим санго, ранжу алам бошимға сол,
Куйдуруб кул айладинг, телба деб Мажнун мисол.
Воажаб, бисёр эканким, сендаги турфа хисол,
Элға ишрат бодаси туттунг ёйиб хони висол,
Ваҳки, бизни қон ютуб ғам ерға хурсанд айладинг.

Кўп йироқ эттинг мениким, неча базму даврадин,
Бенасиб қилдинг бироқким улки юксак маррадин.
Кофире янглиғ аламда қолғудек бўлдим бедин,
Истамас бўлсанг мени булбул киби шайдо, недин
Юзни гулгун бода бирла гулға монанд айладинг.

Ҳар кўнгул қўмсайди албат, ёшлигу ёз мавсумин,
Сен начук инкор этурсан мен киби мард мардумин?
Алдадинг телба ғарибни ит мисол боғлаб думин,
Қилдинг ул юз жаннатидин айру бул кўз мардумин,
Одаму ҳар сори ёшин анга фарзанд айладинг.

Ўзгалар бирла қилурсен айшу ишрату сафо,
Мен киби бечораларға айладинг жабру жафо.
Йиғласа рашку аламдин, не самар куй ва наво,
Даҳр боғининг гулида йўқтурур бўйи вафо,
Ўзни, эй булбул, агар парканд-парканд айладинг.

Водариғо, ҳасратингдин қоматим дол, нун киби,
Дилда қайғу, мотамингдин ашки селоб хун киби.
Дарбадар бу Суҳайлийни айладинг жунун киби,
Эй пари, дебсан Навоий бор эмиш Мажнун киби,
Бир йўли ул телбани қайдин хирадманд айладинг.

ДИЛИСТОНИМ СЕН МЕНИНГ

Бир умрлик ёри дилдор жовидоним сен менинг,
Чун узунг жуфти ҳалолим, меҳрибоним сен менинг.
Кўп фироқу жабр қилғон пуштибоним сен менинг,
Гар жафо қил, гар вафо қил, дилистоним сен менинг,
Гар мени ўлтур, агар тиргузки, жоним сен менинг.

Ҳусну мулкунгға ажабким, рашк этур шамсу қамар,
Айласанг жабру ситамлар ким учун бўлғай самар?
Хоҳласанг меҳру мурувват, илтифот кўрсат магар,
Хоҳ раъво қад била борғил ёнимдин жилвагар,
Хоҳ кел қошимғаким, сарви равоним сен менинг.

Бор бисотим ҳадя этгум, тилдағи болим санга,
Чун яна маълум эрурким мушкул аҳволим санга.
Мен нетай, борлиқ эрурким бахту иқболим санга,
Кўнглум ичра сенсену, ишқинг, не дей ҳолим санга,
Чун бу янглиғ маҳрами рози ниҳоним сен менинг.

Кўп куюб ҳижрон, аламда мен юрурмен сарғайиб,
Чорасиз беморлиғимдин қолдим ажабким мунғайиб.
Ногаҳон келсанг қошимға бўлғуси илму ғайб,
Жилва айлаб ҳар замон, афғону оҳим қилма айб,
Ҳам сен – ўқ, чун боиси оҳу фиғоним сен менинг.

Ул парининг меҳри, сеҳри то хануз пинҳон, гумон,
Мен эса меҳру вафо айлаб юрурменким ҳамон.
Ҳасратидин қолди дилда минг азоб, бағримда қон,
Лаълидин бир-икки сўз мазкур қил, эй хаста жон,
Бори бу бир-икки дамким, меҳмоним сен менинг.

Хор этиб Мажнун гадони зору сарсон қилмағил,
Ит киби саҳрода инграб, ўлмоғимни ўйлағил.
Балки ўлғонимда ҳам ҳеч якка, ёлғиз қўймағил,
Телбалардек гарчи рад қилдинг мени, лек англағил,
Ким, пари руҳсоралардин танлағоним сен менинг.

Ваъда айлаб тузғон улким аҳду паймонлар қани,
Бир умрлик ғамгузорим бавафом дердим сани.
Охири Суҳайлий дер – шармисор эттинг мани,
Ўлди меҳрингдин Навоий, бевафо дебсен ани,
Эртаки нозук мижоз бадгумоним сен менинг.

ФОШ ЭТМАҒИЛ

Ҳулқу одобингни сақлаб, ўзни бебош этмағил,
Ғайриларнинг зулмиға лек, асло бардош этмағил.
Ишқ аро қалбингни гарчанд кекса ё ёш этмағил,
Эй кўнгул, мен тарки ишқ этим вале фош этмағил,
Мен сенга сиррим дедим, сен элни сирдош этмағил.

Жилва айлаб ҳар пари пайкар ўзини кўргузар,
Маҳлиё этқанда гоҳо ҳам сенинг феълинг бузар.
Лек дилинг пок эрса албат, сен алардин қил ҳазар,
Эй кўз, эмди айладинг ҳар чеҳрадин қатъий назар,
Қил таҳаммул доғи атрофимни қон ёш этмағил.

Менки Мажнун бўлсам ишқда излаюрмен Лайлини,
Ёки Фарҳоддек Шириннинг олсам деюрмен майлини.
Чун қувар эрдим кўнгилдин ногаҳон тун хайлини,
Соқиё, қуйдум оёғингға сиришким лаълини,
Лутф этиб, бу майға жоми ҳажр подош этмағил.

Маъшуқа ошиқиға мойил этурким жуссасин,
Васлиға етқонда ҳосил бўлғучи дил хоссасин.
Икки дил бир-бирлариға еткузур ишқ ҳиссасин,
Риштаи меҳр уздум, эй машшота, зулфи қиссасин
Қўл узотиб, нотовон кўнглумға чирмош этмағил.

Қилу қолдин, аҳли ошиқ, кулмағайсен фитнаға,
Хоҳ рақибинг бўлса ҳамки, олмағайсен фитнаға.
Чунки ўзни эларо ҳам солмағайсен фитнаға,
Гар десанг қаддингни хам, қолмағайсен фитнаға,
Кўз солиб ҳусниға, майли ул кўзу қош этмағил.

Ишқ аро мен телба бўлсам, ҳеч киши қилмас таъқиқ,
Лек ўзунг менға ҳамеша айлағил меҳру шафиқ.
Айрилиб қолдик ниҳоят, бўлмади бизға тавфиқ,
Ҳажр тоши ёғдирурким, қовди, ўлсам, эй рафиқ,
Қабрим устида тўкар тошинг жуз ул тош этмағил.

Охират савдосини ҳам ўйлағил, сен дам-бадам,
Даҳр аро ўткунчидурким кетма-кет ҳар бир одам.
Билсанг агар Суҳайлий, сен, энг ғанимат ушбу дам,
Эй Навоий, фақр йўлинда ер ўпкил ҳар қадам,
Яъни ул йўлда қадам сайр ичра жуз бош этмағил.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn