Ҳожилик машаққатлари

xorazmiy domla1Ахмад ҳожи Хоразмий

Исломнинг бешинчи фарзи бўлмиш Ҳаж зиёратини қилиш мақсади менинг ёшлигимдан орзуим эди. Ҳожилар тўғрисида эшитиб ёки ўқиб қолсам юрагим қалқиб кетарди. Ҳожи бўлишликни Оллоҳдан доим тилаб юрардим.

Қуръони карим Бақара сурасининг 196-оятида “Ҳаж ва умрани Оллоҳ учун комил суратда адо қилинг” дейилади. Ҳаж сурасининг 26-оятида Ҳажнинг асосий шарти Байтуллоҳ (Оллоҳнинг уйи)ни тавоф қилиш эканлиги уқтирилади.

Қуръони каримда кўрсатилишича Одам алайҳиссалом жаннатдан ерга тушганларида Оллоҳнинг амри билан, барпо қилган биринчи уй Байтуллох бўлган. Нух пайғамбар замонидаги тўфонда фаришталар уни еттинчи осмонга кўтариб кетганлар.
Оллоҳнинг амри билан Иброҳим алайхиссалом ва ўғли Исмоил алайхиссаломлар томонидан Байтуллох қайтадан бунёд этилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад САВ замонига келиб Байтуллоҳ капитал таъмирланади ва ҳозирги кунги кўринишга келади. Хожар Асфадни эса Пайғамбаримиз шахсан ўз қўллари билан ўрнатганлар.

Ҳаж ибодати Исломнинг бешинчи фарзи бўлиб, у Муҳаммад умматлари учун ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинган. Ҳаж – Каъбатуллоҳни тавоф қилмоқ, Сафо ва Марва тоғлари орасида югурмоқ, Қурбон ҳайитининг Арафа куни Арофат майдонида маълум вақт бўлмоқ, Мино, Муздалифа майдонларида тегишли амалларини бажариш ибодатидир.

* *

Менда Ҳаж зиёратига бориш фикри ва истаги 4-5 ёшларимда раҳматлик Абдулла қори (Махсим бобо) таъсирида пайдо бўлган. 1997 йилгача (45 йил) шу истак ва тилак билан яшадим. 1984 йилга келиб Ҳажга бориш учун менда ҳалол маблағдан молиявий имконият юзага келди.

Яъни уч йил чет эл(Африка)да ишлаган пайтларимда маошни АҚШ долларида олардик ва унинг бир қисмини СССР Ташқи Иқтисодиёт банкида 17194448 номерли шахсий счётимида йиғилиб борди. Уч йил ичида бу банкда 17 минг доллардан ортиқ пул йиғилган эди. Бу пулдан иморат солдим, машина ва бошқа буюмлар олдим. Лекин бир неча минг долларни Ҳаж учун ният қилиб шу банкда қолдирдим. Уни ҳар қандай зарурат бўлганда ҳам олмадим.

1995 йилга келиб, Ҳажга кетиш учун реал сиёсий имконият пайдо бўлди. Бу пайтда Мен Боғот районлараро “Узсельхозхимия” бирлашма раиси бўлиб ишлардим. Кўпчилик қатори мен ҳам Ҳажга бориш учун ариза бердим. Бу йили ҳаж зиёрати учун 60 минг сўм топшириш керак эди. Тўғрисини айтганда бу миқдордаги маблағ бошқалар қатори менда ҳам бор эди.

Лекин Ҳаж шартларининг бешинчи бандига асосан, Ҳаж зиёратлари билан боғлиқ харажатлар пешона тери билан топилган ҳалол маблағ ҳисобига бўлиши кераклиги, ҳамда 1984 йилда Ҳаж учун ният қилиб қўйган Москвадаги пулимни олиб Ҳажга ишлатиш учун, бу долларни олиш ҳаракатига тушдим.

Москвадаги Внешэконом банкидаги менинг 17194448 номерли счётидаги маблағимни, Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар миллий банкининг 07352094 номерли корреспондент счётига ўтказишларини сўраб ариза билан мурожат қилдим. Внешэконом банк, шахсий счётлар бўлими бош иқтисодчиси Сафанова Л. имзоси билан ҳозирги пайтда Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки билан операция тўхтатилганлиги муносабати билан маблағини Москвага келиб, нақд олишини тавсия қилишлари ҳақида хат олдим. Афсуски шундай қилиб бу галги Ҳаж сафаридан кеч қолдим.

Кейинги марта, 1996 йилнинг бошида, Москвадаги доллар пулимни олиб келиш учун қўшним Илхомбой Отажоновга Нотариусдан тасдиқланган ишонч хати бериб юбордим. Афсуски бу гал ҳам битмади. Ишонч хати фақат давлат нотариал идорасидан тасдиқланган бўлиши керак экан.

Бу йилги Ҳаж зиёрати харажатлари 80 минг сўмни ташкил қилган эди. Бу миқдордаги маблағ кўпчилик қатори менда ҳам бор эди. Лекин юқорида қайд қилинганидай, Ҳаж шартларининг бешинчи бандига мутлақо тўғри келиши учун, бу гал ҳам қолишга тўғри келди.

Учинчи (1997) йили Парвардигор йўлимни очди. 02.02.1997 йил 7732 номерли ордер билан 17194448 номерли шахсий счётидаги 2151 доллар пулимни олдим. Уни 114 минг сўм пулга курс бўйича айлантириб, Урганч шаҳридаги Имом Фахриддин Ар-Розий ислом мадрасасининг кассасига 10-март 1997 йил 16-чи номерли квитансия бўйича топширдим. Лекин бу билан ҳам ҳаж зиёратига кетиш билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлмаган эди.

1997 йили Ҳаж зиёратига квота бўйича Хоразм вилоятидан 75 киши кетиши керак эди, лекин кетиш учун ариза топширганлар сони 350 дан ошиб кетган эди. Булар ичидан энг лойиқларини олиш мақсадида 12 кишидан иборат ҳайъат тузилиб, улар Ислом шариати ва Ҳаж ибодатлари бўйича Ҳажга кетувчилардан имтихон олдилар.

Юқоридаги раҳбарият кўрсатмасига биноан, биринчи навбатда қарияларни ўтказиш керак экан. Бундан ташқари, ҳар бир имтихон олинадиган жойда бўлганидек, таниш–билиш, қода-қойим деган нарсалар борлиги сезилиб турарди.
Менинг ёшлигим, таниш-билиш, қода–қойимини қилмаганлигим (чунки бунда Ҳаж шариатлари бузилади) учун ҳам имтихонга қаттиқ тайёргарлик кўрган эдим.

Бу имтихондан Ислом ва шариатдан (балки эътиқоддан ҳам) хабари кам бўлган одамларнинг “муваффақит” билан ўтаётганини кўриб қанчалик хуноб бўлсангиз, Ислом мадрасаларини ўқиган, катта-катта жомеъ масжид имомларининг (айримлари имтихон олувчилардан билимлироқ ҳам эди) имтихондан ўта олмаётганини кўриб хафа бўлиб кетади киши.
Гал менга келганида, айниқса вилоят ҳокими маъсул ходими А.Рўзметов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти (имоми) вакили А.Саидов, вилоят Ар-Розий мадрасаси раҳбари Атоуллолар янада сергаклашди. Чунки, Исломни ўрганишни 3 ёшидан бошлаган, 5 ёшига етганида Қуръони каримнинг ярмидан кўпроғини ёд олган, “Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар”, “Ҳадиси шариф ўгитлари” каби рисолалар ёзган, умр бўйи турли туман имтихон топширавериб ва имтихон олавериб, бу борада профессионал бўлиб кетган профессорни йиқитиш осон кечмаслигини билишарди.

Менинг имтихон топширишим анчага чўзилди. Мени бирон жойда асосли тутиша олмади. Савол-жавоб Исломдаги 40 фарзга етиб келганида имтихон жанжалга айланиб кетди. Улар менга: “Исломнинг 40 фарзини айтиб беринг-чи?”, деб сўрашди (очиғини айтганда, 40 фарзни тўлиқ ва тўғри айтишни ҳатто масжиддаги айрим имомлар ҳам уддалай олмайди).

Имтихон олувчилар мени йиқитиш учун махсус ҳаракат қилаётганлари учун асабийлашиб ўтирганим сабаб: “Ислом фарзларини қанчалик тўғри ва тўлиқ айтганимни баҳолаш учун, ўзларингиз тўлиқ биласизларми уни?”, деганимни билмай қолдим.

Менинг бу гапим (қарама-қарши саволим) имтихон комиссиясига хийла оғир ботди ва вилоят имоми Ахмаджон Саидов имтихон олувчиларга: “Майли, 40 фарзни айтиб беринглар, шу билан профессорнинг жавобини берамиз”, деди жаҳл билан.
Имтихон олувчилар: ”Ҳеч замонда мударрис (имтихон олувчи) ўз саволига ўзи жавоб берадими”, деган маънода бир-бирига қараб, ўз ичларидаги фаолроғи ҳисобланган Ар-Розий мадрасаси раҳбари ва мударриси Отауллога: “Санаб беринг”, деб имо қилишади. У бўлса гох бошидан, гох охиридан қилиб, айрим фарзларини 2 мартадан санаб, зўрға 38 та фарзни санаб берди.

Тошкентдан келган юқори мартабали имтихон олувчи Отауллога: “Бопладинг!”, дегандай ўқирайиб бир қаради-да, ўзи санашга киришди ва 36 та фарзни зўрға санади.

Имтихон комиссияси ўнғайсиз бир аҳволда қолди ва: “Нима қиламиз?”, дегандай вилоят имомига тикилишди. Бу тадбирнинг ташкилотчиси бўлмиш вилоят имоми (Ўзбекистон мусулмонлари идораси(вазирлиги)нинг Хоразмдаги вакили): “Тақсир, 40 та фарзни ўзингиз айтиб бермасангиз бўлмайди шекилли”, деб қолишадими, деган хавотирда: “Нимагадир менинг мазам қочаяпти”, деганича имтихон бўлаётган хонани тарк қилди.

Мен бу 40 фарзни бирма-бир санаб, уларнинг ҳар бирини шархлаб ҳам бердим. Имтихон олишни давом қилдиришдан фойда йўқлигини тушинган домлалар, бораверинг ўтдингиз, деб менга рухсат қилишди. Юқоридаги айрим раҳбарлар бундан ҳижолатда қолиб мени имтихондан йиқитиш у ёқда турсин, ўзлари йиқилиб юрган домлаларни эртасигаёқ домлаликдан (имтихон олишдан) четлатишди.

Шундан кейин ҳам айрим ёшуллилар менга Ҳаж зиёратига боришдан воз кечишни маслаҳат беришиб, акс ҳолда мансабингиздан айрилиб қолишингиз ҳеч гап эмас деб шаъма ҳам қилишди. Мен бўлсам ҳар қандай мансабларнинг барчасини Ҳаж зиёратига алмаштирмаслигимни расмий равишда, баралла айтганимдан кейингина бундай шаъмалар тўхтади.
1997 йили 8-апрель куни Ҳаж зиёратини ният қилиб, Урганчдан Тошкентга учиб бориб, “Россия” меҳмонхонасига жойлашдик. Шу ердан Изор ва Ридо (ҳар бири 1,5-2 м келадиган сочиқ типидаги материал) сотиб олиб эртаси бомдод намозини ўқигандан кейин, таҳорат ва ғусл қилиб, Изор ва Ридо ўраб, 2 ракат нафл намозини ўқиб, Эхромга кирдик ва Тошкент аэропортига чиқдик.

Бу ерда мен “Ахборот” программаси учун интервью бердим. Буни 9.04.1997 йил кечки ва 10.04.1997 йил эрталабки рус тилидаги ахборотда кўрсатган. ИЛ-86 русумли самолётга ўтириб Жидда(сурат-2)га соат ўн еттидан қирқ дақиқа ўтганда келиб тушдик. Жиддага тахминан 300 км қолган пайтда, Мийком (Эхромга кириб талбия бошланадиган ер) бошланди ва шу ерда “Лаббайка” талбиясини айтишга бошладик.

Жидда аэропортида ҳужжатларни расмийлаштириб, кечаси автобусда Маккаи мукаррамага жўнадик, ва у ерга 10 апрель куни тонгда, тўртдан ўттиз дақиқа ўтганда етиб келдик. Бир пас дам олиб, таҳоратни янгилаб, Байтуллоҳ жойлашган ер – Масжид ал-Ҳарамга йўл олдик.

Талбия айтган ҳолда Масжид ал-Ҳарамга кириб бордик. Каъбатуллоҳ(сурат-3)га кўзим тушган заҳоти, қаттиқ ҳаяжондан юрагим урушидан бутун гавдам ларзага келарди. Оллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, деб такбир ва таҳлил айтгандан кейингина ўзимга кела бошладим. Каъбанинг қоратош (Хажар ул-Асфад) ўрнатилган бурчагига қарши туриб, унинг чизиғи устида, эзгу мақсадларимизнинг ҳосил бўлишини сўраб дуо қилдик.

Тавоф қилиш қоратош чизиғи устидан бошланади ва Каъба атрофидан етти марта айланилади. Ҳар бир айланган(тавоф қилган)да қоратош ўпилади. Унга етиш имконияти бўлмаса қўл ёки бошқа нарса текизилади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса қоратош чизиғи устига келганда унга қўлингизни узатиб юзга сурилади. Бу ҳажнинг суннатларидан ҳисобланади.
Тавофнинг олдинги учтаси елка очилган ҳолатда енгил югуриб адо этилади ва қолган тўрттаси елкалар тўла ёпилган ҳолатда секин-аста юриб тугатилади. Каъбани илк бор зиёрат қилиш Тавофи Қудм – кўришув тавофи дейилади ва у ҳажнинг вожибларидан ҳисобланади.

Тавофи Қудм ниҳоясига етказилгач, Иброҳим ҳалилуллоҳ мақоми (Каъбанинг шарқий томонидаги ёй шаклидаги 1 м баландликдаги пахса ичи)да икки ракат нафл намози ўқилади. Кейин пастга зам-зам ҳавзасига тушиб, сувдан тўйиб ичилади ва Ҳажнинг кейинги рукнларини бажаришга киришилади.

Ҳаж вожибларидан яна биттаси Сафо ва Марва (сурат-12) тоғларига етти марта бориб келмоқ (сайъ қилмоқ)лик ҳисобланади.

Ривоят қилинишича Иброхим алайҳиссаломнинг кейинги рафиқаси Хожар биби Исмоил алейҳиссаломни туғганидан кейин сув қидириб, бу икки тоғ оралиғида етти марта тўхтамасдан гоҳ югуриб, гоҳ юриб бориб келган. Чунки унга сароб сув бўлиб кўринган. Оллоҳнинг қудрати билан ҳали чақалоқ бўлган Исмоил алайҳиссалом оёқларининг тагидан ҳозирги зам-зам булоғи отилиб чиққан.

Шунинг учун ҳам сайъ пайтида йўлнинг бир қисми югуриб, бир қисми юриб ўтилади. Агар чарчаб ёки бошқа сабаб билан сайъ қилиш бир варакайига етти мартага етказилмаса, бу рукн бошидан бошланади.

Бу рукнларни тугатгач, яна икки ракат шукрона (нафл) намозини ўқиш мақсадга мувофиқ. Шундан кейин эркаклар сочларининг ҳар томонида, аёллар эса учидан қирқиб ташлайдилар ва Эхромдан чиққан ҳисобланадилар. Бу Эхромдан чиқиш ҳам ҳажнинг вожибларининг биттасидир. Шундан кейин, Зулуҳижжа ойининг саккизинчи куни, кечқурунгача тоат ибодат, Қуръон ўқиш ва Каъбатуллоҳни тавоф қилиш билан машғул бўлдик.

14-апрель кечқурун, яна Эхромга кириб, автобусда Маккадан 5-6 км узоқликдаги Мино тоғига бориб у ерда тунадик. Эртасига 15-апрель, кундуз соат 8-9 ларда биз ўтирган ердан тахминан 1 км наридаги палаткада жойлашган медицина пунктидаги газ балон портлаб кетиши натижасида, ёнғин бошланиб кетди.

Бахтга қарши шамол ҳам анча кучли эди. Бу ёнғин 50 гектарга яқин майдондаги минглаган палаткаларни ёндириб, икки-уч соат ичида биз ўтирган ерга ҳам етиб келди. Мисли кўрилмаган саросималик бошланди. Ҳар ким ўз жонини қутқариш билан овора эди.

Группа бошлиғи (А.Рўзметов) бир гуруҳ аёлларни олиб чиқиб кетди. Қолган барча аёллар ва қариялар билан мен энг охирида қолдим. Олов 6-7 м яқин келганди. Дахшатли манзара бўлаётган эди. Бангладеш, Покистон ва бошқа ердан келган ҳожилар ичида ногирон ва касалвандлари оловда тирик ёна бошладилар. Уларнинг дод фарёди осмону фалакка чиқарди.

Орқасига қайрилиб, бизни изма-из қувиб келаётган оловни кўрган аёллар бирин-кетин йиқилиб тушар, уларни анча жойгача судраб боришга тўғри келарди. Шунинг учун ҳам уларни иложи борича оловга ва унда ёниб, фарёд қилаётганларга қаратмасликка ҳаракат қилардим.

Бундай даҳшатдан кўпчилик ўзини йўқотиб қўйган эди. Ҳатто айрим одамлар ва аёллар ёниб келаётган оловдан қочиш ўрнига, унга қараб кетганлари ҳам кўп бўлди. Шундайларнинг бири, Шовотлик 71 ёшли бир аёл эди. Қолганларини кўп азоблар билан меҳмонхонага етказиб келдим.

Уларнинг кўпчилиги анча вақтгача ўзига келаолмай, гангиб юришди ва бир неча кунга меҳмонхонада қолиб кетишди. Биз бирнеча кишим кечга томон Минога қайтиб бориб (сурат-4), ёнмаган лекин эгалари қочиб кетган, палаткада тунадик ва ибодатни давом қилдирдик.

Ҳалиги Шовотлик аёлнинг жасадини уч кундан кейин касалхонадан топдик. Кечаси соат 12:30 да, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистондаги консули келиб Боғот тумани И.Дўсов хўжалигидан келган Болтабой ака Хўжаевни чақириб, Ҳукумат номидан таъзия билдирганда бечора Болтабой аканинг капалаги учиб кетди.

Бориб бир неча жасадлар ичидан қазо қилган умр йўлдошини таниб олиш кераклигини айтгандагина у анча ўзига келиб: “Менинг умр йўлдошим ўтганига 14 йил бўлган эди” , деди. Шундагина бу аёлни Болтабой ака Хўжаевга маҳрам (эри) қилиб ёзиб юборишгани маълум бўлди. Бу аёлни Минодаги қабристонга дафн қилдик.

Эртаси чин арафа куни бомдод намозини ўқигач, Арафт майдонига автобусларда жўнадик. Бу ерда қуёш қиёмдан оғгандан сўнг, бир азон ва икки такбир билан имом раҳбарлигида пешин ва аср намозларини қўшиб ўқидик. Арафа куни Арафатда бўлиш ҳажнинг фарзларидан биридир.

Арафат майдони шунчалик каттаки, унда бир варакайига бир неча миллион ҳожилар ўзларининг палаткалари ва машиналари билан сиғадилар. Бу майдоннинг ўртасида пастқамроқ кичкинагина бир тоғ (сурат-5) жойлашган бўлиб уни Раҳмат чўққиси дейдилар. Бу чўққига чиқиб, Каъба томонга юзланиб, қилган гуноҳларимиз учун сидқидилдан тавба қилиб, Оллоҳга ёлвориб раҳмату мағрифат сўрадик ва икки ракат раҳмат намози ўқидик. Бу эса суннат амалларидан бири ҳисобланади.

Ривоят қилинишича, Одам ота билан Ховво она гунахкор бўлганлари сабаб жаннатдан туширилганларидан кейин, бир неча юз йил бир-бирини излаб юришиб шу Арафат майдонида учрашишган. Улар шу Раҳмат чўққисига чиқиб Оллоҳдан тавбаларини қабул қилишини ва раҳмату мағрифат сўраб илтижо қилишган. Оллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиб раҳмат қилган. Ана шунинг учун ҳам бу Арафат майдони ва ундаги раҳмат чўққиси мўътабар жой бўлиб қолган ва ҳаж рукнларига киритилган бўлса ажаб эмас.

Шу (16 апрель) куни кечқурун автобусларда Муздалифа (Арафатдан 5-6 км) майдонига етиб келдик. Бу ерда шом ва хуфтон намозларини бир азон ва икки такбир билан қўшиб ўқидик. Бунда хуфтон намози (фарзи) каср қилиб, тўрт ракат ўрнига икки ракат ўқилади. Шундан кейин Муздалифа майдонида тунаб қолдик. Тонг саҳарда туриб ҳар биттаси данакдай келадиган 70 та тош териб, белбоғимизга солиб қўйидик. Бомдод намозини ўқиб, қуёш чиқмасдан Минога қайтдик.
Ривоятларги қараганда Оллоҳ томонидан тавбаси қабул қилинган Одам алайҳиссалом ва Ховва она шод хуррам бўлиб, Муздалифага етиб келадилар. Бу даврда Муздалифа сойлар оқиб турган, турли туман мевалар пишиб, гуллар очилиб, бубуллар сайраб турган жаннатмакон ер бўлган. Улар шу ерда кечаси биринчи марта эр-хотин сифатида қовушдилар. Балки шунинг учун ҳам Муздалифада кечаси тунаш ҳаж ибодатларига қўшилган бўлса ажаб эмас.

Минога 17-апрель эрталаб етиб келгандан кейин, белгиланган палаткаларга жойланиб, нонушта қилиб сўнг, шайтонларнинг рамзи сифатида қўйилган бетонлар (сурат-7) томонига борилади ва катта шайтонга қараб еттита тош отилади. Ҳар бир тошни отган пайтда, Оллоҳу акбар, дейилади ва отилган тошлар шайтон тимсолига тегиши шарт.
Тош отаётган пайтда Каъбатуллоҳ чап томонингда, Мино ўнг томонингда бўлиши керак. Тош отиш муддати қуёш чиққандан пешин вақтигачадир. Шундан кейин (яъни соат 10-11 ларда) шайтонга тош отилган ерга қарама-қарши томонида иккита қоя (тоғ)дан кейинги дарада аввалдан пуллари тўлаб қўйилган қўчқорларни ҳар бир ҳожининг исмини зикр қилиб қурбонлик (сўйилади) қилинади.

Агар истаги бўлса ўз қурбонлигини ҳар бир ҳожининг ўзи сўйиши мумкин. Қурбонликлар сўйилиб бўлгандан кейин эркалар сочини олдириб (ёки қисқартириб) аёллар сочининг учидан қирқиб Эхромдан чиқилади. Бу Эрхомдан чиқишни кичик таҳлил дейилади.

Ривоят қилинишича, Иброҳим ҳалилуллоҳ ўғли Исмоил алайҳиссаломни Оллоҳ йўлида қурбонлик қилиш учун олиб бораётганда шайтон буларнинг олдидан чиқиб, Исмоилни отасининг ниятидан огоҳ қилиб, қочишга бир неча бор ундайди. Шунда Исмоил алайҳиссалом шайтоннинг бу қилиғидан дарғазаб бўлиб бир неча бор унинг кўзига, юзига тош отиб уни ҳайдайди. Ана шу ерларга шайтоннинг рамзи ўрнатилган.

Ҳозирги қурбонликлар сўйиладиган ерларга келганда отаси Исмоилнинг қўл оёоқларини боғлаб бўғзига пичоқ тортади. Пичоқ унинг бўғзини кесмайди. Пичоқ ўтмас бўлиб қолган, деган гумон билан пичоқни ёнидаги тошга уради, пичоқ бу тошни осонгина иккига бўлиб ташлайди.

Кейин яна пичоқни Исмоилнинг бўғзига уради. Лекин пичоқ унинг бўғзини яна кесмайди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом Оллоҳга, -Бу не синоат? деб илтижо қилади. Парвардигор ўз Ҳалилига: -Бу билан менга бўлган эътиқоду муҳаббатингни синаб кўрдим. Исмоилнинг ўрнига мана бу қўчқорни қупбонлик қилгин, деган.

Минодаги масжиднинг қўчқор деб аталиши қурбон ҳайити куни бу ерда асосан қурбонлик учун қўчқор сўйилиши кабиларнинг боиси балки шу бўлса ажаб эмас.

Эхромдан чиққандан кейин Маккага қайтиб келиб Каъбатуллоҳни етти марта айланиб тавоф қилинади. Бу тавофни “Тавофи ифода” яъни ҳаж тавофи дейилади ва у оҳиста юриб бажарилади. Бу эса ҳажнинг асосий фарзи ҳисобланади.
Шундан кейин оби зам-замга келиб тўйиб сув ичилиб кейин юз қўллари ювилади. Каъба эшиги билан қоратош оралиғини мултазима деб аталади ва у ерда дуо, илтижолар қилинади. Бу макон дуолар мустажаб бўладиган жой ҳисобланади. Энди Эхромдан тўлиқ чиққан ҳисобланади.

Шундан кейин Минога қайтиб кетилади. Минода ҳайитнинг биринчи, иккинчи, учинчи кунлари ташриқ кунлари дейилади ва шу кунларда ҳар кун пешин намоздан кейин кичик, ўрта ва катта шайтонларнинг ҳар бирига еттитадан тош отилади.
Шундай қилиб Оллоҳнинг инояти билан, 19-апрель аср намозигача Ҳаж намозининг фарзи, вожиби ва суннатларини тўкис бажариб “Ҳожи” бўлишга муяссар бўлдик ва 20-апрель, бомдод намозидан кейин, автобусларда Маккага келиб ўз меҳмонхоналаримизга жойлашдик.

20-апрелдан 28-апрелгача Каъбатуллоҳни тавоф қилиш ва умра зиёрати билан шуғулландик. Умра зиёрати қуйидагича амалга оширилади: Каъбадан 15-20 км ғарб томонда (Макка шаҳрининг ғарбий четида) Ойша (Ойшаи Сиддиқ) онамизнинг масжидлари бўлиб (сурат-9), у масжид ал-Умро ҳам дейилади.

Унга бориб ғусл қилиниб, Эхромга кирилади ва икки ракат нафл намози ўқилади. Бу намознинг ниятида шул умра ҳажини ўзим, отам ёки бошқа бировлар учун ният қилдим дейилади ва намознинг охирида “Эй Парвардигор унинг гуноҳларини кечиб ушбу умра ҳажини қабул қилгайсан” деб дуо қилинади. Кейин шаҳар автобусида Лаббайка дуосини айтган ҳолда Каъбага келинади.

Каъбани етти марта айланиб тавоф қилиш, Сафо ва Марва тоғлари орасида сайъ қилиб, охирида шул умро ҳажни (. . . . . . .) учун қабул қилинишини Оллоҳдан илтижо қилиб икки ракат намоз ўқилади ва сочининг ҳар томонидан қирқилиб Эрхомдан чиқилади. Умра ҳажини неча марта бажарилса шунча марта юқоридаги амаллар бажарилади.

Мен 20-28 апрель кунларида ўзим, отам, онам, Арали эшон бобо, Ширвали бобо, буюк Хоразмийлар, фарзандларим: Ойбек, Улуғбек ва умр йўлдошим учун (уларга ният қилиб) умра Ҳажини сидқидилдан бажардим. Айрим кунлари икки марта ( тушгача бири тушдан кейин иккинчиси) умра ҳажини адо қилган кунларим ҳам бўлган.

Маккадаги кунлари беш вақт намознинг деярли барчасини Каъбатуллоҳнинг тагида ўқидим. Бир неча намозни Каъба эшигининг тагида, имомнинг шундоққина орқасида туриб ўқишга муяссар бўлдим. Кўп марталаб Каъба эшигининг тагида марҳумларнинг жанозасини ўқишда иштирок қилдим.

28-апрель куни Каъбатуллоҳда пешин намозини ўқиб бўлгач видолашув тавофини (аввалги тавофлар каби) адо қилдик. Кейин буюк эътиқод ва ҳурмат билан кўзларимни Каъбатуллоҳдан узмаган ҳолда, орқа билан юриб, бу буюк маконни яна зиёрат қилиш имкониятини Аллоҳдан сўраб кўзларимда ёш билан, Масжиди ал-Ҳарамдан чиқдим. Лекин бутун вужудим ва рухим гўё шул Каъба олдида қолган эди, фақат жисмимгина юриб борарди.

1997 йил 28-апрель соат 19 да автобусларга ўтириб, Мадинаи Мунаввара томон кетдик. Мадинага ярим кечадан кейин етиб келдик ва Муҳаммад алайҳиссалом масжидларига 2-2,5 км бўлган Қурбон Нозил кўчасидаги “Иморат ал-Вуқайс” меҳмонхонасига жойлашдик.

Эрталаб нонушта қилгандан сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (САВ)нинг равзаи саодатлари жойлашган масжид(сурат-10)га йўл олдик. Масжидга ўнг оёқ билан кирилади ва Пайғамбаримиз минбарлари билан қабрлари (дафн қилинган жойлари) ўртасида туриб икки ракат таҳиййатул масжид намози ўқилади.

Сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) алайҳиссалом қабрларига бориб, бош тарафида, қиблага қараган ҳолда Салом берилади. Шундан кейин ҳажга келаётганда Пайғамбаримизга салом айтишни илтимос қилган кишиларнинг саломини Пайғамбаримизга етказилади. Сўнгра Абу Бакр ас-Сиддиқ, Умар иби Хаттоб қабрларининг бош томонларига ўтиб салом берилади. Шундан сўнг Пайғамбаримиз қабрларининг бош томонларига қайтиб Қуръон тиловат қилиб, унинг ҳаққига дуои ҳайрлар қилинади ва масжид ичига кириб икки ракат намоз ўқилади.

Мадинада бўлинган кунлари 5 вақт намознинг барчаси улуғ масжидлардан бири ҳисобланмиш Пайғамбаримиз масжидида ўқиш мақсадга мувофиқ. Ривоят қилинишича Масжид ал-Харам(Каъба)да ўқилган ҳар ракат намоз (бошқа ерда ўқилган намозга қараганда) 100 минг, Мадинадаги Муҳаммад алайҳиссалом мажиди ва Куддусдаги Ал-Ақсо масжидларида ўқилган намозларининг ҳар бир ракати 50 минг ракат ўрнига ўтар экан.

Мадина четидаги “Ал-Вакил” қабристонида Ислом учун жон берган саҳобалар ётибди, шунинг учун у ерни зиёрат қилиш мустаҳаб амаллардан ҳисобланади. Бу қабристон девор билан ўраб олинган, шунинг учун ичига кирилмай ташқарисида туриб бу ерда ётган саҳобалар руҳига Қуръон тиловат қилиниб дуо қилинади.

Шунингдек, Исломда машҳур жанг бўлган Уҳуд тоғига, Қиблайто, Қубо, Сабъо ва Ҳазрати Билол масжидларини ҳам зиёрат қилиб, уларда намоз ўқидик. Қубо масжиди (сурат-11) икки қиблали масжид ҳам дейилади.

Ҳижратнинг иккинчи йили Пайғамбаримиз намозини (ўша пайтларда қибла бўлган) Ал-Ақсога қараб ўқиб турганларида: “Юзингизни масжид Ал-Харамга қараб буринг (2-сура, 144-оят), у шубҳасиз Парвардигорингиз буюрган ҳақ қибладир (2-сура 194-оят), деган оятлар нозил бўлади ва улар юзини (180 градус орқага) Каъбатуллоҳга қаратиб буриб, намоз ўқишни давом қилдирадилар. Шундан бошлаб Маккада жойлашган Масжид Ал-Харамдаги Каъбатуллоҳ барча мусулмонларнинг юзланиб намоз ўқийдиган Каъбаси бўлиб қолди.

Манбаларда қайд қилинишича Пайғамбаримиз ўзлари вафот қилган ерларида (яъни ўзларининг масжидлари ичига) дафн қилинган. Кейинчалик бу жой устига мақбара (яшил гумбаз) бунёд этилган. Бу мақбара (гумбаз) ичида 4 та жой (ўрин) бўлиб, биринчисида Пайғамбаримиз дафн қилинган, устига ҳеч қандай қабр солинмаган (теп текис).

Иккинчиси бўш, ҳеч ким қўйилмаган, учинчисига Абу Бакр Ас-Саддиқ, тўртинчисига Умар ибн Ҳаттоб қўйилган бўлиб, иккиалаларининг ҳам устида қабри бор. Буларнинг барчаси панжарали дарвоза орқасида бўлиб, улар ётган жойлар қоронғу бўлганлигидан ғира-шира кўриниб турибди.

Ривоят қилинишича, охири замон яқин қолганда Исо (Исус Христос) алайҳиссалом осмондан ерга тушиб, Ислом динига кириб, 40 йил хукмронлик қилиб, ер юзида Ислом ҳукумини юргизар эканлар (43-сура, 61-оят). Муҳаммаднинг уммати бўлиб вафот қилганларидан кейин, Муҳаммад алайҳиссалом ёнидаги бўш турган ерга дафн қилинар экан.

Шуни унутмаслик керакки, ҳаж зиёрати билан боғлиқ ибодат(рукнлар)нинг кўпчилиги катта қийинчилик (айрим пайтлари эса инсон ҳаёти) эвазига бажарилади. Шунинг учун ҳам ҳаж ибодатларини бажариш шартларининг бешинчи бандида “Қодир бўлмоқлик” (яъни ҳаж зиёратини жисмоний жиҳатдан бекаму кўст бажаришга қодир бўлмоқлик) деб бежиз айтилмаган. Лекин ногирон, камқувват кишиларнинг (ҳақини тўлаб) бошқаларнинг ёрдамида ҳаж рукнларини бажаришга ҳам изн берилган.

Ҳаво ҳарорати 50-60 градусгача етадиган шароитда бош ва оёқ яланг, ғоятда тиқилинч шароитда, Каъбани етти марта айланиш, Сафо ва Марва тоғлари орасини етти марта юриб ва югуриб ўтиш каби амалларни бажаришни ҳамма ҳам ундалай олмас экан. Бу рукнларни бажариш шароитида бош (айниқса тепа кал бўлса) ва елкалардан қуёш куйдириши натижасида терилари шилиниб кетиб, ҳатто қон оқа бошлайди.

Айниқса Каъбани тавоф қилиб Хожар Асфадни ўпиш (ёки қўл узатиб тавоф қилиш) ғоят тиқилинчлиги сабаб жуда машаққатли кечади. Тўғрисини айтганда мен – 49 ёшли, жисмоний бақувват йигит бўлсамда Каъбани шунча марта тавоф қилиш давомида Хожар Асфадни тавоф (бир марта ўпиш, икки марта қўл уриш) қилиш, уч мартагина насиб этган холос. Хожар Асфадни таввоф қилиш учинги тиқлинчда ҳар куни ўнлаб одамлар қаттиқ лат еб майиб бўлар, айримлари эса оёоқ остига тушиб қолиб шу ернинг ўзида оламдан ўтадилар.

Минодаги катта шайтонга тош отиш рукнини адо этиш қанчалик машаққат эканлигини ҳажга келган кўпчилик одамдар яхши билишади. Эрталаб қуёш чиққанидан, тушгача бўлган ярим кун вақт ичида бир неча миллион зиёратчилар тош отиш учун бир неча км йўлни яёв босиб, жазирамада бир ерга оқиб келиши ва бир шайтонга етти марта тош отишни бажариш, катта жисмоний қувват ва чидамни ҳам талаб қилади. Тош отиш учун одамлар қуршовини ёриб кириш, айниқса ундан ёриб чиқишда, анчагина одамлар суякларининг синиб кетиши, йиқилиб одамлар оёғи остига тушганлардан кўпларининг шу ернинг ўзида оламдан ўтиши оддий ҳол бўлиб қолган. Қари ва камқувват одамлар ва аёллар ўрнига уларнинг тошларини катта шайтонга отишни мен ва бошқа жисмоний бақувват ҳожиларга топширганликларининг боиси ҳам шунда.

Мен ҳар доим шулардай оғир рукнларни бажаришда эътиқоди кучли, лекин жисмоний камқувват бўлган бир неча одамларни ўзим билан бирга (савоб учун) олиб юрардим ва бу оғир рукнларни бажаришда уларга кўмаклашардим.

Катта шайтонга тош отиш пайтида мендан ушлаб юрган Хивалик Абдушариф ака Мадримов(сурат-8)ни одамлар тўлқини мендан юлиб олиб кетди. Ёши 60 дан ошган, бунинг устига юраги ҳам хаста бўлган бу олимнинг ҳаёти хавф остида қолди. Бечора бор овози билан дод мени қутқаринг, деб бақирарди.

Унга ўхшаш минглаб одамларнинг дод фарёди ичидан унинг фарёдини илғаш ҳам осон эмас эди. Мен бор кучим билан унга етиб, одамлар тўлқинидан зўрға судраб чиқардим. Агар бир неча сукунд кечикканимда Худо биларди… Абдушариф ака бир неча соат ўзига келаолмай ўтирди ва зўрға суяб палаткагача етказиб олиб бордим. Врачларнинг бир неча кунги даволаши натижасида анча ўзига келди.

Ватанга қайтиб келганларидан кейин Абдушариф ака уйига Хоразмдаги кўпчилик ҳожиларни йиғиб, бу бўлган воқеани эслаб, ҳаждан омон келишига аввало Худо, қолаверса Аҳмаджон сабаб бўлган, дея миннатдорчилик билдирган. Оллоҳга шукурки бу борадаги менга билдирган бундай миннатдорчилик фақат шугина эмас эди.

Ҳаж рукнларини бажариш жараёнида меҳмонхона ва палаткаларда яшаш шароити талабалиик даври пахта теримидаги Сирдарё чўлларида дала шийпонлари(барак) даги ҳаётни эслатади. Ётиш ҳам овқатланиш ҳам бир хил: 1 суткада 100 грамм нон, 10 грамм мураббо, 10 грамм пишлоқ, 20 грамм пирожний, 200 грамм иссиқ овқат, 300 грамм ичимлик, 1 дона олма ёки апельсин, 4×3 лик хонада 6-7 киши жойлашади.

Ҳамманинг кийими бир хил: Изор ва Ридодан иборат. Ким камбағалу, ким бой, ким (зохирий) олиму, ким жоҳил, ҳамма баб-баравар, Худонинг хузурига келган бандаларни эслатади ва улар фақат иймону эътиқоддангина фарқланадилар. Бу ҳол эса мўътабар китобларда тасвирланган охир замондаги Машҳар ерини эслатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси муфтий Абдуллаевнинг илтимоси бўйича мен бир неча одамларнинг ҳаж ва умра рукнларини бажаришга кўмаклашган бўлсам, унинг фатвоси билан бир неча одамлар ўрнига ҳаж ибодатларини (шайтонларга тош отиш каби) бажариб бердим. Дин идораси маъсул ходимлари зиёратчиларнинг ҳаж рукнларини қай даражада бажараётганларини назорат қилиб бордилар.

Мадинага жўнаш олдидан ўтказилган катта йиғинда Муфтий сўзга чиқиб: -“Ҳажга келган одамларнинг айримлари жисмоний ожизлиги сабаб, айримлари ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, айримлари тижорат илинжида юриб, ҳажнинг кўпчилик суннатларини, вожибларини, ҳатто айрим фарзларини ҳам бажармадилар.

Лекин шу билан бирга, Фарғона водийсидан палон-палончилар, Тошкент, Бухоро, Самарқанддан палон-палончилар Хоразмдан Хошимжон, Ахмаджон каби ҳожилар ҳажнинг барча ибодатларини нафақат ўзлари бекаму кўст бажариб ҳожи бўлдилар ва Ислом байроғи ранги бўлмиш яшил рангли салла кийиш ҳуқуқига ҳам эга бўлдилар. Улар ҳатто кўпчилик одамларнинг ҳожи бўлишига сабаб бўлиб, Оллоҳнинг ажри ва раҳматига дохил бўлдилар иншАллоҳ!” – деди.
Шундай қилиб, Мадинадаги барча зиёрату ибодатларни бекаму кўст бажарганимиздан кейин Қуръони каримнинг Мулк (Таборак) сурасини тиловат қилиб унинг савобу самараларини Муҳаммад алайҳиссалом, 4 чориёр ва барча саҳобалар рухи покларига бахшида қилгандан кейин, биринчи май 1997 йилда, автобусларда Жиддага қайтик.

Жидда – Она демакдир. Чунки Ховва она шу ерга дафн қилингани учун бу шаҳарга Она-Жидда деб ном берилган. Жиддада ҳар бир ҳожига Саудия Арабистон ҳукумати номидан битта Қуръони карим китоби, битта Қуръон оятлари тиловат қилинган аудио кассетаси ва 5 л Оби зам-зам суви совға қилинди. 2-май куни кечаси Ватанга учдик ва 3-май соат 8 да Тошкентга келиб тушдик.

1997 йил 4-май куни Урганч аэропортида Хоразмлик ҳожиларни тантанали равишда кутиб олишди. Мен фақат 20 л Оби зам-зам суви, 5 дона Қуръони карим китоби, 5 та жой намоз сотиб олиб келдим холос. 4-май куни мен эсон-омон келганимизга шукур қилиб, элга садақа (Худойи) бердик.

Садақага келган барча одамларга 1 қултумдан зам-зам сувидан совға қилинди. Шу ернинг ўзида Иморат бобо, Арали эшон бобо, Нуржон бобо, Туркманлик маҳалла маркази, Урганчдаги қурилаётган (Хоразмий) масжидларининг ҳар бирига битта жой намоз, битта Қуръони карим китобини совға қилдим. Бу совғалар юқорида айтилган ҳар бир масжид имомига топширдик. Бу топширилган китоб ва жой намоз шу масжидлар намозхоналарининг сажда қилинадиган (қибла) томонига осиб қўйилган. Ҳар бир намозхон кўзининг уларга тушиб туриши улар учун ҳам мен учун ҳам чексиз қувонч бўлаяпти.

Ахмад ҳожи Хоразмий,
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn