Ҳамроқул Асқар: Исмат Хушевга мактуб

hamroqul asqarИлдиз узсанг, хаёли Ватан!
Бедил

1.

Тикка боққанмидинг.,
дўстим Исмат Хуш.,
Ўзбек девларининг биронтасига?!
Қисмат довуллари ногоҳ учирмиш –
Олис Канаданинг Торонтасига…

Оддий мухбир эдинг, қўлингда қалам,
Халқ – миллат дардида куйиб юрардинг.
Ҳатто, душманингнинг боласини ҳам,
Худди ўз болангдек суюб юрардинг.

Мухбирлик, шоирлик бари жамул – жам,
Зўр келса достонлар ёзиб ташлардинг.
Камбағални эзса бирор муттаҳам,
Дарҳол ўша билан уруш бошлардинг.

Не, не аждаҳолар оғзидан кириб,
Жигарини эзиб, бутун чиқардинг.
Кундуз – юртбошининг қўлини сиқиб,
Кечқурун – биз билан шароб ичардинг…

Сендай ёвқур мухбир кирмаган эрди,
Ўзбек матбуотин дарвозасидан.
Абдулла Ориф ҳам сал нолиб дерди:
– Қўрқаман., Исматнинг овозасидан….
2.
Сени укам деган улуғлар аста.,
Мақтаб тўғри йўлдан чалғитар бўлди.
Йўлларига кимки тўғаноқ бўлса –
Сенинг қўлинг билан қалқитар бўлди…

Барчанинг душмани асли ўзидир,
Юракларни эзар кеч келган алам.
Ким айтар матбуот элнинг кўзидир –
Қасос қуролига айланса қалам!

Элга келган тўй., элдан қолмай деб,
Уч бора судланиб, қамалиб чиқдинг.
Совуқ зиндонларнинг қотган нонин еб,
Хаста юрак билан ямалиб чиқдинг…

Яна сени сийлаб домонгир қисмат,
Улуғлар сафидан жой олдинг қайта.
Қанча эгилса ҳам синмайди Исмат.,
Ошнолар қутлади қадаҳсўз айта…

Яна Дон Ки Хотдай олишдинг ёвқур.,
Яна тамға тушди мағрур номингга.
Иғволар тарқалди ҳар хил, бўлмағур –
Шикаст етмадими., азиз жонингга?!

Кундузи нигоҳинг бамисли қуёш,
Аҳли аёлингдан сир тутиб дардинг…
Тунлари пинҳона тўккандирсан ёш,
Поймол бўлганида ғуруринг, қадринг!

Кулиб эслайдилар ҳангомаларни,
Тупроқни соғинар узилган илдиз.
Қўрқоқлар тўқийди жангномаларни –
Токи, осмон борки порлагай юлдуз!

Дўст бўлиб ҳолингдан олмадик хабар,
Қанча шаҳарларни кездинг дарбадар.
Исмат Амеркани забт этди., дерлар,
Ўтда ёнмасларни дерлар самандар!

Орадан кўп йиллар ўтди хавотир.,
Соғинч андуҳлари дўстларни йиқди.
Келажак авлодга бўлиб асотир –
“Дунё ўзбеклари” оламга чиқди.

Бутун ер юзида мухлисларинг бор,
Сирдошларинг борми., дўст деб атарлик.
Сени мафтун этар ҳануз ҳукмдор –
Билмадим сен учун қайси хатарлик?!

Исм қисмат., дерлар бул кўҳна ҳикмат,
Бир кун бирлашади барча исматлар.
Лекин, унутилмас чекилган заҳмат,
Ватан олдидаги буюк хизматлар…

3.
Ватанга келибсан., сал кеч эшитдим,
Дўсту, биродарлар дуолар айтмиш.
Барча ёзганларинг бир-бир ўқидим –
Қаламинг чархланиб аслига қайтмиш…

Зотан, замин битта, осмон серюлдуз,
Лекин, оралиқда масофа олис.
Ватан ташвишлари мавзунгдир ҳануз –
Хабаринг етказар интернет холис.

Кимлардир кимларга қўй берганини,
Гўё, эшитмаган билмаган эдик…
Шоир Маматқулнинг тўй берганини –
“Дунё ўзбеклари” орқали билдик…

Ўтган улуғларни бир – бир ёдлабсан,
Марҳумлар руҳини этибсан обод.
Ҳатто, ўзингни ҳам ҳеч аямабсан –
Ҳавойи манманлик бўлипти барбод…
4.
Балким, орзуйингга энди етгансан,
Мақолангни ўқир дунёнинг ярми.
Истасанг пошшога мактуб ёзасан,
Сендай бахтли журналист борми?!

Тилагим, соғ бўлсин жон ила танинг,
Наздингда, ғанимлар тинчиб тургандир.
Балким, шу лаҳзада ёвуз душманинг –
Қадаҳ уруштириб ичиб тургандир…

Ёруғ кунлар келар., бўлгай сарҳисоб,
Тарихга ёзилур ҳар айтган сўзинг.
Омонат умримиз ўзи бир китоб,
Муаллифи ўзинг, қаҳрамон ўзинг.

Бош ёстиққа ботиб умр сўнгида,
Дилларни эзмасин афсус надомат!
Дўстларнинг сиймоси кўзинг ўнгида –
Авлодлар камоли олий саодат!

Шукрким, фарзандлар ёнингда эрур,
Наргиз нафасида жаннатнинг бўйи.
Ширин набиралар райхонларингдур –
Ватанда бўлгайдир уларнинг тўйи…

5.
Бобир бобомиз ҳам мусофир ўтган,
Гарчанд, Ҳинд элига бўлса ҳам султон.
Фурқат нажот топди олис Қашқардан.
Ватанда қисмати бўлгач зимистон…

Муқимий Фурқатга бермишдир таскин,
Элкезар шоир., деб бағишлаб ғазал.
Ватанда қул бўлиб яшашдан мискин,
Олисда ҳур бўлиб соғинмоқ афзал…

Ҳали, орзуларнинг қаноти бутун,
Иймонларга буткул ўт кетгани йўқ.
Ҳеч кимса дунёга бўлмагай устун –
Ҳали умид тирик, шундан кўнгил тўқ.

Биламан, тунларинг ўтар уйқусиз,
Барчани хотира айлайди таъқиб.
Улуғ устозлар ҳам эмас қайғусиз,
Барчасин ичинда бир сирли рақиб…

Гуноҳ ўтин бўлса, гулхандир тавба,
Сўраб кўр билағон бутунларингдан.
Дунё ўзбеклари жамул жам бўлса –
Ҳатто, кул қолмайди ўтинларингдан!

Ҳеч кимга ялинма., омонат бул тан.,
Асло, эгилмасин ўшал мағрур бош.
Қачон сафимизга қайтар экансан:
– Ўғлим Исмат., дея сийлайди Ватан!

Тошкент – 09.11.13.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

www.dunyouzbeklari.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn