Хосият Рустамова: ШЕЪРЛАР ВА БАДИАЛАР

xosiyat19 март — таниқли шоира Хосият Рустамова таваллуд топган кун.

Хосият Рустамова Ўзбекистондаги таърифи дунёга таралган Наманган вилояти Чуст туманидаги Олмос қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Осмондаги уй” (1997), “Нажот” (2003), “Ридо” ( 2004), “Девор” (2006), “Август” (2008), “Ишғол” (2011), “40:0” (2011) ва яна бир қатор китоблари чоп этилган. Шеърлари кўплаб тилларга таржима бўлган.

***

Ё Тангрим,
Сен менга куч бер,
Бер чидам –
Худди дарахтлардай кўтарайин қад.
Ичимга қор ёғиб турганида ҳам,
Мен кулиб туришим керак ҳамма вақт.
Қушлар дарахтларни айласа ҳам тарк,
Чидар.
Аёзлардан ўтар типпа-тик.
Шунда ҳам олмалар ёзаверар барг,
Шунда ҳам гуллайди бечора ўрик.
Ўргат, тошларга ҳам гапирай майин,
Аёлман!
Худойим, келтирмайин шак.
Мен ҳам дарахтлардай гуллайверайин,
Мен ҳам дарахтлардай ёзайин куртак.

Озодлик

Осмон ҳар майсадан бошлар сўроқни,
Заминнинг кўксига санчиб олар туғ.
Ёнғоқ ёриб чиқар яшил пўстлоқни –
Тупроқдан отилиб чиқар ҳар уруғ.

***

Қаерларда қолиб кетдинг Сен,
Жоним, шунча кўпми юмушинг?
Фақат Дунё бениҳоя кенг –
Қийин бахтни излаб топишинг.

***

Қайси ақл билан экдим бу гулни
Кўра-била туриб синган тувакка.
Бугун гул қошида кўриб булбулни,
Ваҳима, ғулғула тушар юракка.
Нима қилсам экан?
Кўнгил тўла мунг,
Бир ёқда ғижимлаб турибди юрак.
Гул эса бепарво ўсар кундан-кун,
Кундан-кун кичрайиб бормоқда тувак.
Дўкондан бошқа бир гултувак олдим,
Юмшоқ бир тупроқдан қориб солдим лой.
Болажон, бўйларинг чўзилиб қолди –
Ишқилиб бутунми,
Сен туғилган жой?!
Биз Ватан ҳақида ўйламаймиз ҳеч,
Улғаяверамиз кун ўтган сайин.

***

Пойлайман.
Оғзингдан чиқмайди бир сўз,
Қовоғинг уйилган – қиласан зарда.
Мен пиширган нонга ташламайсан кўз –
Мен пиширган овқат қолар қозонда.
Ишингга кетасан – демай ҳеч нима,
Майли, оч кетсанг кет – бузмайман пинак.
Мени ҳам хонамда кутар Марина,
Мени ҳам хонамда кутар Пастернак.

***

Жуда оғир – эсга тушган чоғ
Ўйлаб кетар умр сўнгини.
Ой – осмоннинг кўксидаги доғ,
Хира қилиб турар кўнглини.
Кўкка ёлғон ҳилолни илиб,
Тунлар бузмай турганда пинак.
Қора халқни қоронғу қилиб
Пардасини туширар фалак.

***

Янаям юрибман ҳаёт қўйнида
Сезсам ҳам, сезмаган каби хатарни.
Бошқа биров бўлса шамол ўрнида,
Таг-томирим билан юлиб отарди.

***

Қизариб кетгандир кўзим йиғидан,
Қўлимда эзилиб кетгандир киприк.
Бошқа нарсаларни ўйлайин, десам,
У ҳамон хаёлда юрибди тирик.
Неча бор юзимни ювар совуқ сув,
Ўзимга келтирар шамол ўртаниб.
Барибир юракдан қараб турар
У, Қовурғаларимга суяниб.

«ЁМҒИР ЁҒАЁТГАН ЭДИ» ТУРКУМИДАН

СУРАТ

Ёмғир ёғаётган эди… Ашқол-дашқол сотиб ўтирган кекса кампирдан Пушкиннинг суратини сотиб олдим. Ёмғир ёғаётган эди. Суратни сумкамга яширдим. Ёмғирни ивитиб юбориши мумкин-да сурат. Икки қизимни эргаштириб бахтиёр кетавердим йўлак бўйлаб. Ҳамма кўзимга Пушкин бўлиб кўринади. Ҳаммани яхши кўриб кетавердим. Аммо, менинг сумкамда нима борлигини ҳеч ким билмайди. Менинг эса тезроқ бориб хонамга кўрсатгим келади суратни. Хонамдаги бари даҳоларни ҳайрон қолдиргим келади. Ҳатто баъзиларини ўтакаси ёрилиб ўлишини ўйлаб мийиғимда кулиб қўяман. Чунки уйимда Дантес ҳам бор-да… Юрагим титрайди. Ёмғир эса тинмайди… Ҳамма ўзи билан. У-бу нарсаларини тезроқ сотишса-ю, тезроқ уйга даф бўлишса.
— Ойижон, Пушкинни билмайдиганлар ҳам борми, — кичкина қизимнинг саволидан ўзимни йиғаман.
— Бор, қизим. Пушкинни назар-писанд қилмайдиганлар ҳам бор.
— Шунинг учун сотишдими унинг суратини?
— Пушкин бу суратга биз учун тушган. Шунинг учун бу суратни бизга сотишди. Ўртадаги бир растада мен олмоқчи бўлган кўйлакни бошқа бир аёл илиб кетди. Индамайман. Чунки сумкамда Пушкин бор, уяламан.

ҚАРЗ

Менинг ёшлигимни қайтариб бер, Ҳаёт! Қарзимни сўраб турибман эшигинг олдида. Сен эса эшитмаганга оласан ўзингни. Мен эса ўзингдан ўрганган ақидамни қўллайвераман — эшигинг олдида сурбетларча туравераман — Сенинг чиқиб қолишингни кутиб. Сен барибир чиқасан-ку, тўғрими? Мени кетган дея гумонсираб барибир чиқасан-ку…
Ўшанда мен Сенинг оёқларингга йиқиламан. Йиғлаб ёлвораман: Ёшлигимни қайтариб бер, Ҳаёт! Фақат сен ҳеч нарса сўрама… “Сен ҳам олган қарзларингни қайтар”, дема. Менинг олганларим олдида сеники ҳеч нарса эмас… Уларни сўрай кўрма. Уларга тегма. Ахир фарзандларим олдида ёшлигим нима деган гап.
…Ҳаёт, мени кечир. Ҳеч йўқ титраётган қўлларим ҳаққи, кундан кунга нурсизланиб бораётган кўзларим ҳаққи, мени кечир. Мен сендан ҳеч нарса сўраганим йўқ. Сен ҳам сўрама…

ЁЗАСАН, ДЕБ АЙТ

Сенга суяниб ўзимни кўтармоқчи бўляпман, зинҳор ўзингни олиб қочма… Таскин бер! Бугун ёзмасанг, эртага албатта ёзасан, деб айт. Ёзишимга мени ишонтир.
Менинг ҳаётимга сен шаҳдам қадамлар билан кириб келганинг йўқ, Сен мен билан бирга туғилгансан. Тўғри, Сен урушда бўлдинг… Мен курашларда омон қолдим. Йўлларим дўстларим ўйлаганчалик равон эмас. Баъзан йиқилиб ўлишга, баъзан ўлиб йиқилишга тўғри келади. Мен ҳар куни умримнинг қайсидир йўллари билан хайрлашгим, қайсидир йиллари томон кетиб қолгим келади. Оғир сукунати билан ўлимни эслатиб турувчи тирилтириш хоналарида Сенинг ёш томчилаган киприкларингга осилиб тирилганман. Бирдан тирилиб қолганимни кўрган шифокорлар ёқа ушлашгача боришган. Мен бутун борлиқни ўша кундан кейин яхши кўриб қолганман. Дарахтларидан тортиб қушларигача юрагимга қамаб қўйганман.
Дунё билан келишолмай қолган кунларим мен сенинг юрагингга рухсатсиз кирай, изн бер. Изн бер, мен Сени олдингидан ҳам кўпроқ муҳаббат билан севай.

ПУШКИН

Туғилган кунингиз билан табриклайман, шоирим. Ўзимни туғилган куним каби қадрли бир кун. Ўзимнинг туғилган кунимдан ҳам азиз бу кун.
Ўша куни Қуёш куйиб кетган бўлиши керак. Осмон бир силтаниб олгандир. Оймомо жой топа олмагани учун қоронғулик ичига яширингандир…
Пушкин! Илк бор рус тили муаллимимдан эшитгандим Сиз ҳақингизда. Ва Сизни қидира бошладим. Йўқ, унча ҳам узоқ қидирганим йўқ. Чунки Сиз менинг хаёлларим ета оладиган ҳамма жойда бор эдингиз.
Муаллимим бир куни Сиз ҳақингизда гапираётиб “Дуэл” деган сўзга қоқилиб кетди. Кўз косалари ичида бир зум айланиб, менинг нигоҳларимга тўқнашди. Мен эса қўлларим билан қулоқларимни бекитиб олдим…
Шу куни туни билан ухламай чиқдим. Тезроқ тонг отса-ю мактабга бориб, муаллимдан Сиз ҳақингизда сўрагим келаверди…

Муаллим бу куни дарсга картина билан кириб келди. Бу мен ҳатто кўришга қўрққан, остига “Дуэл” деб ёзилган картина эди.
Шу куни менинг болалик тасаввуримга илк маротаба қора қон сачради. Ўлим кўзимга ёмон кўринди. Мен муаллимдан бир кунга уйга олиб кетиш учун картинани сўраб олдим. Деворга осиб аввал роса томоша қилдим. Картина чапланиб кетди. Ўқ узаётган ким — билиб бўлмай қолди. “Пушкин ўлди, аммо йиқилмади”, деди мени кузатиб турган синглим. Унинг қаҳқаҳасидан ўзимга келиб қарасам, қаро терга ботиб ётибман бир аҳволда. Иссиғим чиқиб кетган. Гумбурлаган ўқнинг овози мен томонга учиб келаётганга ўхшайверади.
Бироздан сўнг ўзимга келиб, панжаларим орасидан деворга қарадим: Пушкин.
Дантес эса йўқ. Пушкин Дантесни аллақачон уйдан ҳайдаб чиқарган эди…
Мен шу куннинг ўзида ҳаётимни Пушкин билан боғладим. Ўзимдаги барча муаммоларни Пушкин билан еча бошладим. Ҳамма нарсага “Пушкиннинг олдида нима бўпти”, дейдиган, “Пушкин бор жойда Унга нима бор?” қабилида иш кўрадиган бўлдим. Ҳаётимнинг Пушкиндан бошқа ҳамма ёзувларини чизиб ташладим.

ЁЗУВ СТОЛИМДА

Кеча шифокор ёзиб берган дорилар рўйхати ёзув столим устига қандай тушиб қолди — билмайман. Худди атайлаб қилингандай — кимдир келиб қўйиб кетгандай асабимни ўйнамоқда бу қоғоз.
Нима бўлганда ҳам тўғри эмас. Келиб-келиб ҳозир-а… Юрагим буюклик даъво қилаётган бир пайтда-я? Жинимдан баттар ёмон кўрадиган одамлар ҳақида хаёл суришга ўхшамайдими бу ахир? Яна қаерда турибди денг — Пушкиннинг сурати билан Цветаеванинг китоби ўртасида. Мен қоғозни майдалаб ташладим. Умримни узайтириш учун дори ичишдан воз кечдим.

МЕНИНГ ҲАЁТИМ

География дарси тугагандан сўнг Белгия ўрмонлари ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолгандим. Кўзимга осмонўпар дарахтлар уларга тиллақош каби осилиб турган олмахонлар, бўрилардан қочиб юрган — ўтакаси ёрилаётган қуёнлар келарди. Айниқса, менга ўрмонни бошига кўтариб, ўкириб чиқиб келаётган шерлар ёқарди…
Шундай пайтлар дарсга кириш учун чалинган қўнғироқларнинг овозидан учиб тушардим. Бир-бирларига ҳазиллар қилиб, сув сепиб юрган синфдошларимни кўриб эса, ўрмон аллақачон эсларидан чиқиб кетганига ҳайратланардим.
Йўлнинг икки четидаги пастак дарахтларни (менга шундай кўринарди география дарсидан кейин) Белгия ўрмонзорларидаги баланд-баланд дарахтларга солиштириб уйга қайтардим. Елкамга ботиб кетган оғир сумкамни кўтарганча уйга кириб келсам, синглим телевизори бор уйга чопиб кириб алланарсани олиб чиқади-да, онамнинг орқасига яшириниб менга кўз-кўз қилиб ея бошлайди.

Бобомнинг вафотидан кейин аза кўйлагини ҳали ечмаган ойим чўнтагидан нимадир олиб менга ҳам узатади. Бу устига қуённинг сурати туширилган конфет эди. Менинг хурсанд бўлиб кетишимни кутган ойим индамай қўяқолганимни кўриб, қанд берганига пушаймон бўлгандай ошхонага кириб кетади.
Ичкарида жойлашган ўзимнинг кичкина хонамга киришим билан ортимдан қўлида қалам ва ўчирғич кўтарганча синглим кириб келади. У менинг конфетни еб қўйишимдан қаттиқ чўчиган бўлса керак, улгуриш учун терлаб ҳам кетганди.
— Алмаштир, — дейди конфетдан кўзини олмай.

Менга қалам билан ўчирғич ниҳоятда зарурлигини синглим қаердан била қолди экан? (Бугун ўрмоннинг расмини чизмоқчи эдим.) Лекин ирис қандни ҳам егим келаётганди-да. Ҳа, майли, қалам билан ўчирғич кўпроқ керак! Синглимга қўлимни узатсам, у ҳам менга қўлини узатди. Аввал ирисни қўлига олиб, кейин қўлидагиларни менга берди-да ирисни қоғозидан бўшатиб, шундай ея бошладики, умрбод кўзимнинг олдида қолди! Ундан ҳам кўра менга таъсир қилгани бошқа нарса эди. Кийимларимни алмаштириб ҳовлига чиқаётсам, қўлида қалам, ўчирғич ва чиройли гуллар ва қушларнинг суратлари туширилган расм дафтари билан ойим кириб келсалар бўладими? “Ялт” этиб синглимга қарасам, синглим аллақачон ирисни еб бўлган кўйи менга тиржайиб турибди.
Кейин маълум бўлишича, онам синглим билан шаҳарда яшайдиган опасиникига боришган ва йўл-йўлакай ўқув қуроллари сотиладиган дўконга кириб, у-бу нарсалар харид қилишган. Ҳеч нарсадан қуруқ қолмайдиган синглим ҳам хархаша қилиб қалам билан ўчирғич олдирган. Ирисга келсак, онамнинг опаси болаларингга берарсан, деб бир кафт ирисни чўнтакларига солган, синглим эса онамнинг тишинг оғриб қолади, дейишларига қарамай йўл-йўлакай еб келган экан…

Куни бўйи синглим кўзимга ёмон кўринди. Куни бўйи қуённи тутмоқчи бўлган бўридай хезланиб юрдим. Наргиз ҳам ўз айбини билиб мендан қочиб юрди.
Кечга томон телевизорда намойиш этилган табиат мавзусидаги кўрсатувгина кўнглимдаги ғуборни туман каби тарқатиб юборди. Унда ўрмонда бўлаётган воқеалар намойиш этилаётган эди.
Шерлар бир-бири билан уришаётган, илонлар жамики майда жонзотларни еб битираётган, мен номларини билмайдиган қайсидир ҳайвонлар қайсидир ҳайвонларни тишларида эзғилаганча, оғзиларидан қон томиб чопиб кетаётган эди…

Эрталабдан буён хотирамдан чиқаролмаётганим — ўрмон кўзимга жуда ваҳший бўлиб кўринди.
— Кеча газетадан ўқидим, Россия ўрмонзорларида бўрилар кўпайиб кетган эмиш, — дедилар дадам телевизордан кўз узмай.
Қарасам, ҳозиргина бидирлаб турган синглим кўрпача устида ғужанак бўлиб ухлаб ётибди.
Ойим қарамай турган пайтларида билдирмайгина юзидан ўпиб қўйдим.

ЕСЕНИН

Пушкин билан урушиб кетмасмикан Есенин. Туни бўйи мижжа қоқмайман. Икки портретга қараб чиқаман.
Есенинни урушқоқ бўлган деб эшитганман-да ахир. Аммо, менинг уйимдаги Есенин ҳечам урушқоқ эмас. Мен уни бир кўришдаёқ ёқтириб қолганман. Фақат Есениннинг чилим чекаётган кўринишда тасвирлаган рассом озгина хато қилган. Чунки Есенин чилимсиз ҳам чиройли кўринади.
Мен уни сотиб олган куним — унинг учун Пушкиннинг ёнидан жой ажратдим.
Иккаласи ҳам бир томонга қараб турган портретлар ёнига ўзимнинг потретимни осиб қўйиб, узоқдан (худди биров қараётган каби) томоша қилдим. Қизиқ, менинг суратим ҳам улар қараётган томонга қараб турарди.
Пушкин ва Есениндан кўра анча ёш пайтимда тушган бу суратим уларнинг бефарқ қолдирмаслигини ўйлаб ғурурланиб қўяман.
Барибир Пушкин анча мағрур эди. Унга қарасам ҳам кўзим куйиб кетади. Есенин эса анча содда. У бечора бекорга ўйинчи қизни севиб қолмаган-да… Ичимда нимадир қўзғалаётганини сезаман. Ким биландир урушгим келади

http://kh-davron.uz

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn