Даврон Ҳотам: Март

davron hotamҲикоя

У қишни яхши кўради. Қиш қанчалик узоқ ва совуқ келса, унга шунча яхши. Аслида у қишни эмас, қалингина, мўйнали тўнини севади. Шунинг учун у қишни яхши кўради…

Бир вақтлар эгнига илган тўни билан кўчага чиқаркан, ўзини анча хавфсиз ва муҳимроқ ҳис этади. Кимгадир дўқ ураркан, тўн унинг ички увадаларини яширади. Бироқ, бугун ойнадан тушаётган нурлар кайфини тирриқ қилди. Боши айланиб, кўз олди қоронғулашди. Ўрнидан туриб шахт билан тўнини эгнига илди. Ниманидир ўйлади-да, одатга хилоф тарзда яна жойига қайта ётди.

Шифтга тикилиб ётаркан, соат миллари уни ташқарига ЧИҚишга ундарди…. Ташқарида баҳор дараклари кўрина бошлаган. Бир кун аввал бу кўчалардан ўтаётган бир икки одамни ҳисобга олмаса, деярли ҳеч ким кўринмасди. Онда – сонда тўқнаш келганинг одамларнинг эса қовоқлари солиқ, юзлари тунд эди. Бугун эса гўёки бошқа бир ердан кўчиб келгандек, кўча одамлар билан тўлган. Ҳамма ўзини офтобга соларди. Кайфиятлар эса латифабоп.

У латифани ёқтирмайди. Айниқса сиёсий латифалар унинг энсасини қотиради. Бироқ бу унинг жиддий одамлигини билдирмайди. Шунчаки авваллари латифанинг керакмас ерларида кулиб қўйиб кўп панд еган…

Унинг эътиборини дераза пардасини тимдалаб, нурга талпинган Қоравой тортди. У қўлига илинган бир пой пайпоғини мушукка қараб ирғитмоқчи бўлди-ю, бунга ҳам салиқа қилмади. Негадир пайпоқни ҳидлади. Ичида “ювилмаган пайпоқда ўтмиш ҳиди бор”, дея пичирлади. Ҳаёлида файласуфона фикр айтдимми, деган фикр югурдию кулгиси қистади. Кулги эса йўталга айланди….

У чўтир юзини силаганча, деразадан ташқарига маъносиз тикилди. Бирдан кўзлари катта катта очилиб кетди. Ташқарида қор ёғаётганди. Елкасидаги юкдан қутилган букридек, ирғишлай ирғишлай ташқарига отилди. Шошилиб гуллаган бодомга истеҳзо билан боқди. Қор устида юмалаб, ўйнаш истагидан ўзини зўрға тийди-да, кечагина қаҳ- қаҳа отаётган одамларни кўзи билан қидира бошлади… ”Кулгулар аёзда ях қотган”, деган тасалли, калласига келиб, юраги хотиржам тортди. Бироқ, одамлар гавжум ерни топиш илинжида, тўнига бурканганча йўл босди….

Кўп узоқлашмаёқ Март ўз ишини қилиб бўлганини тушуниб етди. Унинг Декабри, унинг Феврали энди йўқ эди. Зудлик билан ортга чекинди. Мунғайганча кулбасига қайтди. Ҳар сафар пешвоз чиқиб, оёғига суйкалувчи қоравойнинг ҳам қораси кўринмасди. Уй ҳақиқий юхога айланганди….

Бир неча кун англанмас кайфият билан ўтди. Ташқарида эса шовқин -сурон тобора авж оларди. Хаттоки балиқларга ҳам тил битгандек….Қаердадир Қоравой ёш боладек инграйди, эгасидан арз қилётгандир балки….

Ва ниҳоят У ўрнидан турди. Нур тушиши мумкин бўлган барча тирқичу ойналарни ўзи ҳақида ёзилган газетлару, журналлар билан тўсиб чиқди. Хонадаги барча эски-ю янги совутгичларни ишга солди. Музлатгич эшигини очди ва унга бошини тиққанча чуқур нафас олди. Хона аста- секин совуй бошлади…

Ташқарида эса ҳаёт давом этар… Уйқудан уйғонган халқ мовий осмон остида тириклик қиларди. Ичкарида эса мўйнали, иссиққина тўннинг янги эгаси Қоравой, совуқни ҳис қилмай тўн енгида хуриллаб ухлаб ётарди.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn