МУСЛИМБЕК МУСАЛЛАМ: САБР

muslimbekШеърлар

Зиёвиддин Мансуров, Дилором Эргашева каби устозлар мактабидан сабоқ олиб, улар меҳридан баҳраманд Муслимбек Мусалламнинг шеъриятида ўзига мафтунликдан йироқ, хавфу умид орасида яшаётган, унутилган битта ғарибгина шеър орзусида Худованд томон покланиб бораётган Одамни кўраман. Шунингдек, адабиёт мулкида унинг “ўйчан сурати” билан бирга тирик сатрлари ҳам қолишига ишонаман. Ростини айтсам, нафратсиз, ғафлатсиз, қўрқув ва кибрдан холи, меҳрибон дарахтларга ҳаваси келган Муслимбекка бир мухлис сифатида ҳавас қиламан ва Худога оналар кўнглидан ўтиб бораётганига ишонтиролган бир ўзбек шоири юрагининг қақроқ ерида унган Ватан деган табаррук гиёҳ нафаси, атри, сабри Сўз билан қадрдон кўнгилларга етишидан, иншаоллоҳ, умидворман.

Одил Икром

***

Бир кун кирсанг жаннатга кулиб ,
Тоатларинг ҳузурий бўлса .
Навоийнинг кўлидан ўпсанг ,
Ҳузурингда Фузулий бўлса .

* * *

Ўлчалган тортилган чизиб қўйилган ,
Битилган битик бу инкори ёмон .
Фосиқсан ,жоҳилсан ҳар қалай яна ,
Покланиб борасан Худованд томон .

Англайсан самодан кимдир кузатар ,
Шошасан юзингдан оқиб кетар тер.
Сенинг ҳам ,менинг ҳам умр йўлимиз ,
Унутилган битта ғарибгина шеър .

* * *

Учиш керак, бу эски мавзу
Ва азалдан қолган тушунча .
Эмаклашни ўрганиш керак ,
Қанотларинг тўла чиққунча .

Ҳаволаниб кетмаслик керак ,
Ҳаволарга сочиб ғамингни .
Унутмасанг бўлди, Азизим ,
Сенга қанот берган заминни .

* * *

Дарахтларга хавасим келар ,
Дарахтларнинг нафрати йўқдир .
Одамлардай мудрамоғи-ю
Одамлардай ғафлати йўқдир .

Новдалари гўёки ханжар ,
Кўрқувларга берилмайдилар .
Жиндек қилган ибодат учун
Бош силкитиб керилмайдилар .

Дарахтларга ҳавасим келар
Золимликдан забони йўқдир .
Улар бари бирдек мулойим ,
Дарахтларнинг ёмони йўқдир .

* * *

Ёшим томди чумолининг сўқмоғига ,
Силаб қўйдим мусичанинг патларидан .
Ватан деган бир табаррук гиёҳ унди ,
Юрагимнинг қақраб ётган қатларидан .

Бу Ясаввий ,бу Кубронинг додимасми?..
Кетавердим Хожа Аҳрор хоки қадар .
Қаранг Тангрим ватан сўзин тикиб қўймиш ,
Юрагимнинг энг омонат чоки қадар .

Не замонлар ,не урушлар ,не ғавғолар ,
Не нафаслар ютилмасдан ташда қолди .
Бешигида гўдаклари инграб ,инграб ,
Айвонида тикилмаган кашта қолди .

Ундан айро тутолмасман ҳеч ўзимни ,
Азиз менга илонларнинг қолган пўсти .
Кўкрагимни ерга бериб ётган эдим ,
Мана бугун кўкрагимда Ватан ўсди .

* * *

Тақдирлар тақдирга омонат экан ,
Нигоҳлар нигоҳда эриб кетаркан
Шу бугун эришган соҳир лаҳзалар ,
Эртага соғинчин бериб кетаркан

Дунёлар дунёдан олар имтиҳон ,
Кўнгилнинг четидан ўчиб кетар доғ .
Одамнинг умрига ўхшаб кетаркан ,
Ярми яшил, ярми сап-сариқ япроқ .

* * *

Ёмғир бўлиб ёғиб тушдим кўк саҳнидан ,
Деразангиз ёпиб қўйманг, ўкинаман .
Кўлингизни узатсангиз бошим қўяй ,
Қўлингизни тортиб олманг, ўтинаман .

Ёғаётган юрагимнинг зардоблари ,
Шундай қисмат тақдиримда бордир нетай .
Соябонсиз ташқарида айлансангиз ,
Сочларингиз орасига сингиб кетай .

Ёмғир бўлиб …

* * *

Майсалардан тўкилар шабнам ,
Тўкилоқнинг лаззати боқий .
Дунёларни ўртар бир садо ,
Бу ишқ мангу ,бу ишқ илоҳий .

Ситамлари жонинга ботган ,
Соҳирий нур кўксингда ётган .
Ҳазрат Румий жандасин отган ,
Бу ишқ мангу, бу ишқ илоҳий .

Нидо қилди Ясаввий ғордан ,
Сўрма ҳаргиз дунёси бордан
Сўра Машраб осилган дордан ,
Бу ишқ мангу, бу ишқ илоҳий .

* * *

Менга қайта умр берсалар ,
Шоирликни сўрамас эдим .
Онамдайин соддадил халқни ,
Ёлғон сўзга ўрамас эдим .

Менга қайта умр берсалар ,
Ҳаётимга тартиб қўярдим .
Барчасидан кечиб Бедилнинг ,
Ковушини артиб қўярдим .

* * *

Сочларимдан ёғилди соғинч ,
Толасидан кўринмадими ?
Ёнингизга бемаврид келдим ,
Хаёлингиз бўлинмадими ?

Қадаҳ тутиб турган ғофиллар ,
Сийратга жон бердилар, майли
Фақат сизнинг кўзларингизда ,
Мен Худони кўргандим, Лайли .

* * *

Буён бозор тамон йўл ,
Буён мозор тамон йўл .
Бирда алдоқчи кўзлар ,
Бирда очиқ кетган қўл .

Бирда шовқинли дунё ,
Бирда сокин тиниши
Менга ёқди қирсиллаб
Чап кўкрагим синиши .

* * *

Тунлар зор-зор йиғлайман ,
Йиғлаб жоним куюкдир
Маним ўзим ғарибу
Маним кўнглим буюкдур .

Баландлардан жой берма ,
Жойим мудом пастдадир .
Мақомим ҳам йўқ бунда ,
Дилим куйиб хастадир .

Дунёйингдан сўзлама ,
Нелар солди бошингга .
Лекин, фидо бўлгим бор
Ҳақ деб тўккан ёшингга .

Менга Румийдан гапир ,
Жоним ташна жон бўлган .
Сўзла, қайси ошиқда
Ё мартаба шон бўлган?..

Шундан зор-зор йиғларман ,
Йиғлаб жоним куюкдур .
Маним ўзим ғарибу
Маним кўнглим буюкдир .

* * *

Жойнамознинг ярми қайрилган ,
Ярми ўчиб ётибди гилам .
Бугун сенга қўнғироқ қилдим ,
Кўнглим ,дилим юрагим билан

Ўртамизда сокинлик узун ,
Дунё копток ва ёки шарми?
Жойнамоздек қайрилиб қолди ,
Умримизнинг гуллаган ярми

* * *

Тун қадаҳда сузилиб турар ,
Оҳу чопиб тўймайди қирда.
Худо шундоқ берган кўнглимни
Бой берсам-а йигирма бирда.

Пойгокларда эзилди кўнгил ,
Эриб битди илоҳий шамлар
Тирноғимдай ўсиб бормоқда ,
Тирноғимдай кичкина ғамлар

* * *

Эй мўъмин дарахтлар ,муслим дарахтлар ,
Санобар дарахтлар ,салим дарахтлар .
Ҳар битта япроғи Хақни эслатган ,
Ҳалима дарахтлар ,Ҳалим дарахтлар .

Мен дайди йўловчи ,мен бир мусофир ,
Бу қаро умримга бир оқлик керак
Одамлар пойини ўпмоқлик куфр ,
Дарахтлар пойига чўкмоқлик керак .

* * *

Тушиб келар зиналардан жим ,
Қайтиб кетар яна изига .
Ширин-ширин шеърлар қолдирар ,
Балкондаги дўмбоқ кизига .

Мазах қилар рафиқаси гоҳ ,
Пичинг отар кўнглига доир .
Бурчакларда ўтириб ночор ,
Тунга арзин айтади шоир .

* * *

Одамлар қаерга шошилмоқдалар ,
Деразамни очиб хўрсинаман оҳ .
Минг йиғи ,минг фарёд ,қўлдаги тобут ,
Маним ўлимимни эслатар ногоҳ .

Дераза пардасин ёпаман аста ,
Дунёни бир четга сураманда бас .
Бу лоқайд, бепарво замин ичинда ,
Юракни кўтариб яшаш осонмас .

* * *

Кўксим ичра оғринди юрак ,
Дардига ҳам даво йўқ, лекин .
Сен келдингми қарайман шошиб
Деразалар очилар секин .

Майсаларда тиловат базми ,
Мен бурчакда ўлтираман жим .
Деворлардан бир садо янграр ,
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Сен келдингми …

* * *

Бунча кузим ўйчан ва маъсум ,
Нега дилим яродир ,яро?
Бугун йиғлаб кетаётирман ,
Икки дунё ва бир дил аро .

Қисматимдан нолиганим йўқ ,
Ҳар бир гиёҳ танитди ҳақни.
Дунёларга алишмагайман ,
Саъдий ётган муаззам шарқни .

Ишқим дилда пинҳоний эрур ,
Оҳим Машраб оҳидан томган .
Ҳазрат Аттор илоҳийсидан ,
Жисму жоним ўт бўлиб ёнган .

Бироқ, танга исёним сиғмас ,
Куйиб кўксим яродир –яро .
Бугун йиғлаб кетаётирман ,
Икки дунё ва бир дил аро .

* * *

“Энди ишлаш керак бу кенгликларда…”1
Пешонангдан терларинг сизиб
Юз йил ўтса шундай ҳолингда ,
Суратингни қўйсалар чизиб .

Эркак бўлиб тушгин суратга ,
Танқидларга юрагим тўлди .
Кетмон тутиб турсанг майлига
Қалам тутиб турмасанг бўлди .

_______________
1- Шавкат Раҳмон сатри

* * *

Гоҳ шамали, гоҳо шамасиз ,
Гоҳ қурумли кунларим кечган .
Ҳаёт деган шу пиёлада ,
Дунё бизнинг қонимиз ичган .

Сен билмайсан, мен ҳам билмайман ,
Ғамларни ҳам ғамлаб қўйишган .
Минг йил аввал тақдиримизни ,
Шу чойнакка дамлаб қўйишган .

* * *

Ўйларимни ям –яшил қилгин ,
Ё ҳаворанг ва ёки пушти .
Тонгда туриб дилни покладим ,
Дилга, ахир, нигоҳинг тушди .

Нунга бордим нун мисол бўлиб ,
Бир сиффотинг учратдим долда .
Қиёматда уйғотгил, Раббим ,
Сафсар гулга ўралган ҳолда .

Фёдор Михайлович Достоевскийнинг
“Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар”
романи мутолаасидан сўнг

* * *

Петербургда, балки, ҳозир қиш ,
Оппоқ қорлар ёғар бўралаб .
Достоевский юзлари сарғиш ,
Пардалардан карар мўралаб .

Симит йиғлар рўпарасида ,
Ким сафсата ,ким ғийбат сотар .
Қаҳвахона бир чеккасида ,
Азоркаси жон бериб ётар .

Оҳ ,Эхменов бошлайди баҳсни ,
Наташа жим хаёлга толар .
Адиб ,шоир бўлар бариси ,
Инобатсиз деб қўя қолар .

Кўнглим оғрир майсадай кўнглим ,
Йиғлаб ётар сокин саҳарда .
Юр, кетайлик Наташа синглим ,
Бизга кун йўқ нотинч шаҳарда .

Йиртгим келар романни бирдан ,
Ёмонликни сўкиб бўралаб
Шу китобнинг бир чеккасидан ,
Достоевский турар мўралаб .

* * *

Атиргуллар кўриб сарин туш ,
Қолиб кетди ишқ соҳилида .
Кўксимдаги пати тўзғин қуш ,
Учиб кетдинг куз ёмғирида .

Колавердим исминг шивирлаб ,
Бунча ишқнинг ғамлари узун?
Кетмоқдаман боғлар оралаб ,
Соябоннинг остида маҳзун .

Ташлаб қўймас шу ҳолда мени ,
Куйган бўғзим тирнаб ётган дод .
Оламдаги бор майсаларнинг
Бошларини силаб турган зот .

Сен қайғурма сира, чекма оҳ ,
Айрилиқ бор ишқ охирида .
Фақат, ўзга юракка ногоҳ ,
Кириб борма куз ёмғирида .

* * *

Деразанинг бу ёғида мен ,
Деразанинг у ёғи йўлак .
Ўртадаги омонат парда ,
Тор хонада сиқилар юрак .

Япроқлари сарғарган ўрик ,
Бир чеккада қимтинар кактус .
Деразанинг бу ёғи баҳор ,
Деразанинг у ёғида куз .

* * *

Булбул қилгин, димоғи куйган
Хонишини оламга тарат .
Фақат, Тангрим, зурриёдимни ,
Машаққатнинг ярмида ярат .

Мен бошини бошдан кечирдим ,
Ўртаси хам хатарли экан .
Бир дорбоздай оёқ учида ,
Юрдим, чунки, пойларим тикан .

Ҳасад билан термулади дўст ,
Тун бағридан ўқ узар ғаним .
Чигирткалар йиғлайди унсиз ,
Малол келди инсон эканим .

Кафтларимда авайлай уни
Хонишини оламга тарат.
Фақат, Тангрим, зурриёдимни ,
Куйган булбул қалбидан ярат .

* * *

Шунча тортдинг оёқ-қўлимдан ,
Мадорим хам қолмади, аттанг .
Юрай десам, юрар йўлимдан ,
Тикон булиб ўсди сафсатанг .

Ёлғонларинг ёлғонни бошлар ,
Ҳеч кетмади ғамларинг нари .
Кафтларимда сачраган ёшлар,
Кўзларимнинг маҳбубалари .

Юрагимда минг алам фарёд ,
Сен қалбларга чўккан ғуборсан .
Балки, яхши бўларди, ҳаёт ,
Қўлларимдан қўйиб юборсанг .

* * *

Ғариб дилни лой кўчага қордим тонгда ,
Йиғлаб-йиғлаб минг хорликка бордим тонгда .
Юрагимни қоқ иккига ёрдим тонгда ,
Лой кўчага силкиб-силкиб шеър тўкилди .

Руҳ талпинди, талпингани осмон бўлди ,
Соғинч фаслин япроқлари армон бўлди .
Кўкдан яна тўкил, деган фармон бўлди ,
Лой кўчага силкиб-силкиб шеър тўкилди .

Яшай дедим ситамларга кўксим тутиб ,
Ёмғирларга кафтим тутиб ,соғинч ютиб .
Шеър ханжари кўкрагимни тешиб ўтиб ,
Лой кўчага силкиб-силкиб шеър тўкилди .

* * *

Қайтса, фақат, Худодан қайтсин ,
Яшамаган кунларим олдин .
Сен ўлимни Худога солдинг ,
Мен ҳаётни Худога солдим .

У барчасин кўриб турган Зот ,
Чалкаштирар қисматнинг йўлин
Бир кун сенга қайтади ҳаёт ,
Бир кун менга қайтади ўлим .

* * *

Кузги боғлар хўрсиниб йиғлар ,
Дарахтларга бағримни тутдим .
Қувиб ўтди бир-бирин йиллар ,
Мен соғинчни соғиниб кутдим .

Деразамга маҳзун боқди боғ ,
Кун хўрсиниб оқшомга етди .
Тушларимда соғинчнинг ногоҳ ,
Қобирғаси қирсиллаб кетди .

Ёмғир билан оқиб кетди тун ,
Сўнг заминга тирадим муштим .
Мен бахтлиман, чунки ўша кун ,
Кўзларингда суратга тушдим .

* * *

Эсингдами учрашганимиз ,
Нилуфарлар унган кун эди .
Боғингдаги сафсар гулларга ,
Ниначилар қўнган кун эди .

Эсингдами сўзлашганимиз,
Бинафшалар хандон отарди .
Пойларингда титраниб ҳар тонг
Ниначидай биржон ётарди

Эсладингми айрилганимиз ,
Дилга озор етган кун эди
Боғингдаги сафсар гуллардан ,
Ниначилар кетган кун эди .

* * *

Олдинда не йўллар ястаниб ётар ,
Ғариб дилни кимга ёрса бўлади?
Ҳурматли ҳайдовчи, илтимос, айтинг ,
Худога қай йўлдан борса бўлади?

Ё йўллар шунчаки синов учунми?
Бекатлар мунғаяр ,бекатлар жимдир .
Илтимос, шу ерда қоламиз дея ,
, Елкамни туртганча ўтади кимдир .

Бир ўксиб йиғлагим келади бирдан ,
Ярим жон ўртанар яна фироқда .
Ҳурматли ҳайдовчи, илтимос, айтинг ,
Худонинг даргоҳи қанча йироқда?

Билмайман ,билмайман, илтимос, тўхтанг ,
Қайтадан келаман мадорим етса .
Йўлимга интизор пойи жаннатим ,
Мен қандоқ қиламан тўкилиб кетса .

Ман асли адашдим кўнглин ранжитиб ,
Унга-да кўнгилни ёрса бўлади .
Ҳурматли ҳайдовчи, билдим, Худога
Онамнинг кўнглидан борса бўлади .

* * *

Руҳ йиғлайди кўнгил ўксиб чиқар тундан ,
Ўзингизга ҳаё олинг, тартиб олинг.
Чердакларда чанглар босиб ётмасинлар ,
Гўдакларни бешикларин артиб олинг .

Кимдир олис хаёлида юртлар бўйлар ,
Кимдир тўлиб Амриқодан айтажакдир .
Дуо қилинг, дуоларни қабул қилгай ,
Ҳали Кубро ,Яссавийлар қайтажакдир .

Кафтларида алқаб сизни катта қилди ,
Турк ,Туроннинг меҳри турсин мудом танда .
Гўдакларнинг йиғисига тўлар дунё ,
Бодомлари оппоқ бўлиб гуллаганда .

Момоларнинг тафти келиб турар ундан ,
Эскилик деб ташлаб кетиш унут нечун?
Хали унда Темурийлар ётажакдир ,
Бешикларни асраб қўйинг шу юрт учун .

* * *

Остонангда ётган тошларга ,
Битиб қўйдим соғинч исмини .
Сенга бердим эшитяпсанми ?
Юрагимнинг катта қисмини .

Дунё билан дўст чиқишмадим ,
Аразлашга етмади кучим .
Андаккина тавозе қилдим ,
Беш кунгина яшашим учун .

Чарчаб кетдим иложсизликдан ,
Қўлларингни узатсанг дедим.
Хумга солиб руҳу кўнглимни
Ва қайтадан тузатсанг дедим .

Оҳларимдан ўт сачраб кетди ,
Сўнгра ёздим соғинч исмини ,
Сенга бердим эшитяпсанми ?
Юрагимнинг катта қисмини .

* * *
Умримни парчалаб ўтаётир он ,
Кимнинг қўлида гул ,кимнинг кафти қон
Силкиниб-силкиниб чиқаётган жон ,
Қобирғам қаърида қотиб кетган вақт.

Эшитмасдан қанча зорли унларни ,
Бошидан шарт олиб қаро тунларни .
Машаққат-ла кечган аччиқ кунларни ,
Кўз ёшин таъмини тотиб кетган вақт .

Хаёлинг кетади кўклам чоғларга ,
Синчалаклар учган жаннат боғларга ,.
Вақтни пойлаб турган қонхўр зоғларга ,
Булбуллар номини сотиб кетган вақт .

Ҳаёт бир қил кўприк, қулатма ногоҳ ,
Сен кечмиш сирлардан огоҳсан ,огоҳ .
Чўлпондайин буюк зотлар билан оҳ ,
Сибирлар ортига ботиб кетган вақт .

* * *

Энди Ватан сўзини айтсам ,
Анжирдайин эриб айтаман .
Шафтолилар пишган боғига ,
Ҳар бандимни бериб айтаман .

Майсасидай мулойим сокин ,
Кипригимда бир ёш айтаман .
Чўпон ота қучоғидаги ,
Қўзисидай ёввош айтаман .

Қизғалдоққа тўлган қирларин
Пойларига чўкиб айтаман .
Анҳорларнинг бўйида тонгда ,
Тутдай жоним тўкиб айтаман .

Шолизорда қолган бобомнинг ,
Ковушидай ивиб айтаман .
Энди Ватан сўзини айтсам ,
Юрагимдан севиб айтаман .

* * *

Бу қирларда яшайди тарих ,
Тулпорлари туёқ қоқарлар .
Синглимдайин мулойим, маъсум ,
Хўрсинади кунгабоқарлар .

Ажриқлари ҳикматга молик ,
Ғорларида яшайди хотир .
Томчи сувга маҳтал тошлари ,
Эртасидан олар хавотир .

Пастлаб борар бунда одамлар ,
Баландлашар қирларнинг қадди.
О ,бу қирлар не не зотларнинг ,
Айтолмаган энг буюк дарди .

* * *

Ҳеч нарса дейишга менинг ҳаққим йўқ ,
Ҳеч нарса дейишга сенинг ҳаққинг бор .
Қаршимда йиғлайди юрак бағри чўғ ,
Қизимнинг сочини ўрмаган баҳор .

О ,июлъ оқшоми оғриверар қалб ,
Мен бундан кетаман йўлимни тўсма .
Ҳовлимда туради ўксиниб йиғлаб ,
Қизимнинг қошига кирмаган ўсма .

Яна доғ қўшилди дил доғларимга ,
Хотира, хотира бу маҳзун эшик .
Кел ,сени суртайин қароғларимга ,
Қизимнинг бағрига кўчмаган бешик .

Куйиб кетди бағир, аммо, йўқ таскин ,
Хушим йўқ йиғи-ю азаларга .
Хар тонгда уйғониб қарайман секин ,
Нигоҳлари қолган деразаларга .

* * * *

Табиат қўллари хиноли ,
Қизғалдоқ очилган кўҳна қир .
Табиат онамдай чиройли ,
Лабидан тушмайди Вал фажр .

Табиат қулоғин четига ,
Аммамдай райҳонлар илади .
Ярадор неча минг қалбларга ,
Ўксиниб чилёсин қилади .

Табиат синглимдай маъсума ,
Оролни қайтар деб оҳ қилар .
Ярим тун уйғониб анҳорга ,
Челакни кўтариб чопқилар .

Табиат бувимдай хўрсиниб ,
Овулда сибизға пуфлайди .
Табиат қўлларин мушт қилиб ,
Бешикда боламдай ухлайди .

* * * Кўз ёшимни артиб қўйгин ,
Ғамларингни ортиб қўйгин .
Сал йўлингдан нари кетсам ,
Қулоғимни тортиб қўйгин .

Қадрим йўқ ер юзасида,
Миннат кўп дўст иззасида .
Қиёматда уйғот мани ,
Микоилнинг тиззасида .

Оҳ, кўнглимни босди ғубор ,
Жаброилга яқин юбор .
Манам мундоқ ёнай дедим ,
Кўксим узра чақин юбор .

Маним Мажнунлигим бу ишқ ,
Маним Лайлолигим бу ишқ .
Ҳузурингда нотавонман ,
Маним пайдолигим бу ишқ .

* * *

Тун ошиқлар чекади фарёд
Ва келади тонгнинг нафаси .
Ойга қараб йиғлайди узоқ ,
Қушчаларнинг маъсум қафаси .

Китоблари алғов-далғов уй ,
Деразасин оҳиста ёпдим .
Мен шу кеча озодлик сўзин ,
Қушчаларнинг қалбидан топдим

* * *
Яраладим қалбинг билмайин ,
Фақат, ўзим ғамимни ебман .
Она ,сени рози қилмайин ,
Миртемирдай бўламан, дебман .

Печларинга ўтин ёқмасдан ,
Томга ёймай олма қоқини,
Юзларинга бир бор боқмасдан ,
Кўпайтирдим сочинг оқини .

Тирикликнинг ташвиши оғир ,
Полапонлар ризқин кутганда .
Наҳот, мендай ношуд бир ўғил ,
Сўровмидинг тўлғоқ тутганда?..

Паналарда сақлаб ётдим жон ,
Ич-этимдан шилинмадим-ку
Тонгда сенга тўртта иссиқ нон
Ва меҳримни илинмадим-ку .

Қандоқ қилиб Миртемир бўлай ,
Қандок қилиб Ойбек бўлай, айт?
Ўзгаларга меҳримни сочдим ,
Сен меҳримга интиқ турган пайт .

Юрак йиғлаб дил тўлди додга ,
Бу шеърларим бир четда турсин .
Она ,рости адабиётга ,
Она деган ўғлонлар кирсин .

* * *

Шундай ўтсанг дунёдан ,
Япроқлар йиғлаб турса.
Бинафшалар оҳ уриб ,
Жисмини тиғлаб турса .

Лабларингдан томгани ,
Алиф бўлса ,дол бўлса .
Ниначилар жисмингни ,
Ювгани ғассол бўлса.

Мажнунтоллар чўк тушиб ,
Қалбини қучса ғусса .
Чучмомалар саф тизиб ,
Тобутингга қўл чўзса .

Қизғалдоқнинг бағри қон ,
Мозорингга қуласа .
Мункар накир келганда ,
Қобирғангда гулласа .

Майсалар оят ўқиб ,
Бошингдан жилмай қолса .
Шундай ўтсанг дунёдан ,
Одамлар билмай қолса .

* * *

Деразангда яна ўчди шам ,
Дайди итлар инграган саҳар .
Ойналарга юзини босди ,
Оппоқ қорни соғинган шаҳар .

Деразангда яна ўчди шам ,
Дарахтларга қарадинг хомуш .
Оламдаги жами майсалар ,
Яратганни кўрар эди туш .

Деразангда яна ўчди шам ,
Юрагингга ғамлар чўкди тиз .
Ҳеч ким сени англай олмади ,
Шамдай эриб бораётган қиз .

* * *

Она ,сени кўп қийнадик биз ,
Қароғингдан ёшларинг тўкиб .
Етти тоғни парвариш қилган ,
Жуссаларинг қолмишдир чўкиб .

Етти фарзанд етти қуш бўлиб ,
Парвоз чоғи очилдик ,сўлдик .
Юрагингда етти шодликмас ,
Юрагингда етти ғам бўлдик .

Кечир, она ,кечиргин, она ,
Ишқдан бўса олган тушингни .
Ҳаёт дееган жангда ўқ тегиб ,
Етти ёнда ётган қушингни .

\ * * *

Тилашни билмадим тилакларимни ,
Гердайдим, шайтоннинг хислати юқди .
Биргина итчалик бўла олмадим ,
Нон сўраб эгасин пойига чўкди .

Ман надин пойинга чўкмадим, Эгам ,
Ман ташдин улдурман, ман ичдан булман .
Пойингга кунда бош қўйсам, ахир, кам ,
Мен, ҳатто, итдан ҳам ожизроқ қулман .

* * *
Фузулийнинг даврига қайтсанг ,
Кўркам бўлсанг ҳамда ёш бўлсанг .
Ҳафта ўтмай чақирса сени ,
Фузулийга сартарош бўлсанг .

Дуо килса сенинг ҳақингга ,
Ғазал айтса ўйларга толиб .
Сўнгра қайтсанг бугунги кунга ,
Фузулийга айланиб қолиб .

* * *

На иш қилдинг ,на дил овладинг ,
На бир очнинг қорнин тўйдирдинг .
Шеър ёздингми, шеър ёзиш билан ,
Сен онангни ёмон куйдирдинг .

Шартми, ахир, бировни алдаш ,
Ахир, сезиб турибди юрак .
Шунча ёзганларингни ўғлинг
Варрак қилиб учирса керак .

* * *

Ҳаётимга чиздим чизгилар ,
Ўртасига ташлаб қўйдим оқ .
Маним йўлим тумонат гуллар ,
Маним умрим омонат япроқ .

Майсаларда худони кўрдим ,
Бир қалқдию титради арча .
Маним ёзган ҳар битта шеърим ,
Ҳаётимдан энг гўзал парча .

* * *

Кафтлариндан томиб турса гуноҳларинг ,
Савобингни садқа этсанг, садқа этсанг .
Бир исмни шивирласа дудоқларинг ,
Дунёлардан олис кетсанг ,олис кетсанг .

Кўнгил ёрсанг қумурсқалар турса йиғлаб ,
Дил ғамларинг кўчкилардай кўчиб кетса .
Умид сўзин луғатингга қўйсанг жойлаб ,
Дунё сўзи луғатингдан ўчиб кетса .

Олис кетсанг ,олис кетсанг, йиғлаб кетсанг .

* * *

Соғиняпман фараҳбахш тонгда ,
Яна сенсиз бошланмоқда кун .
Битта гулнинг устида йиғлаб ,
Милён соат ўлтириш мумкин .

Сенсизликка кўнолмайди дил ,
Лабларимдан томмасин видо .
Ҳар тонг турсам гул япроғида ,
Дийдорингни кўрсатсин Худо .

* * *

Уфққа ботиб кетмоқда қуёш ,
Юлдузларни сочиб қўяр тун .
Япроқларнинг шивирида Алиф ,
Майсаларнинг дудоғида Нун .

Лабларимда ҳаяжон, титроқ ,
Юрагимдан отилади сўз .
Соғинаман менга майсалар
Нигоҳидан ташламайсан кўз .

* * *

Пешонангдан ўпиб қўйса кўзинг силаб ,
Кўнглинг ичра бир жаннатни қуриб қўйса .
Нола қилсанг меҳробига бошинг уриб ,
Аршнинг секин дарвозасин суриб қўйса .

Сенга боқса, сени севса сендан ортиқ ,
Муҳаббатдан юрагингни қўйса тиғлаб .
Ҳузуридан кеткизмаса сени Худо ,
Хонишингни тинглайверса йиғлаб-йиғлаб .

* * *

Дарахтлар айтгани чиндир дунёда ,
Маним лойқа қалбим тиндир дунёда .
Бу кеч қаламимни синдир дунёда ,
Маним айтганларим ёлғона ўхшар .

Қаёна югурдим паришон кездим ,
Ҳафиза дилимни бунчалар эздим .
Юрак меҳробига бош қўйиб сездим ,
Дунё хаёлимни олғона ўхшар .

Ўзингга йиғладим тунлари т ў либ ,
Баҳоридан айро куздайин сўлиб .
ў Маним хаста кўнглим ҳулводай бўлиб ,
Машраб девонида қолғона ўхшар .

Турк деган каломнинг залвори оғир ,
Бағримга Чўлпоннинг кўз ёши ёғур .
Капалак умримда англадим охир
Ишқдан қолғонлари ёлғона ўхшар .

Дунё хаёлимни олғона ўхшар…

* * *

Мен улкан дарахтман сувнинг бўйида ,
Илдизи минг битта томирлар отган.
Тунов йили маним чап кўкрагимга ,
Чақинлар санчилган ,чопқилар ботган .

Ҳануз жим яшайман сабрли зотдай ,
Сесканиб кетаман дўстлар қўлласа .
Аммоки бу юрак интиқиб кетар ,
Ёнимда ёш ниҳол кийғос гулласа .

Ҳар баҳор умид-ла кўкка термулиб ,
Дунёдан дилимни ишққа ўгирдим .
Соямда ўлтирган ҳар битта зотга ,
Тангридан ўтиниб дуо ёғдирдим .

Маним умрим, балки, бежиз кетмади ,
Омон чиқдим қуюн, қаро дудлардан .
Аммоки бу юрак қўрқади, Ё Раб ,
Илдизим пойлаган майда қуртлардан .

* * *

Баҳорнинг муздайин ҳовурин тотиб ,
Ёзнинг кўрпасида хандалар отиб .
Тангридан шафоат тиланиб ётиб ,
Майнинг ёмғирлари илиқ қуйилди ,
Сенинг нигоҳларинг синиқ туйилди .

Айтмоқчи бўлгандим, айтмайин қайтдим ,
Ғурурим йўл қўймас, қайтмайин қайтдим .
Кўзингдан томчи ёш қулатган пайтим ,
Майнинг ёмғирлари илиқ қуйилди ,
Сенинг нигоҳларинг синиқ туйилди .

Сен мендан олиссан, мен ўзим қаён ,
Тўғрими, ишқ сирин айласам баён?
Кафтингга тўкилган ёшимдай аён ,
Майнинг ёмғирлари илиқ қуйилди ,
Сенинг нигоҳларинг синиқ туйилди .

Хайр деб йиғладинг настарин гулдай ,
Мен айтдим ишқ аҳли бўлмагай бундай .
Сен билан айрилган ҳув ўша кундай ,
Майнинг ёмғирлари илиқ қуйилди .
Сенинг нигоҳлароинг синиқ туйилди .

* * *

Жунун саҳросида адашган Шероз
Майхона излаган Хайёмман ёки
Сенинг исминг билан тирилган руҳим
Сенинг исминг билан тўкилгай токи

Юсуф инграб ётган қудуқдир дунё ,
Кўксимга Яқубнинг сабрин ўрадим
Дунё сўрамадим дунё оний туш ,
Тангридан ёлвориб дийдор сўрадим

Мен замон Мажнуни ,мен замон Қайси
Англолмадим яхши ё ёмон қайси
Зоҳирин сидирсам, ботини инграр ,
Айтинг, аё, дўстлар, Ҳақ тамон қайси

Тўзғиган сочимнинг тўзонида ишқ ,
Дил даштин жамбилу райҳонида ишқ
Бистомийдай йиғлаб ётмиш тонг саҳар ,
Мажруҳ юрагимнинг айвонида ишқ

* * *

Бу тақдир, бу кечмиш иккимизники ,
Тангри арш саҳнидан заминга отди
Тарсо эшигида Санъондай йиғлаб,
Бу кўнгил бир дийдор тиланиб ётди

Умрнинг устуни сабрдан сабрдан ,
Нечун бу кўзларинг ҳасратда сўнмиш?
Қишнинг айвонида гўдак йиғлади
Бугун умид сўзи туғилган кунмиш

МУҲАММАД ЖЎРАГА

Шаҳар шовқинларда ҳоритмиш ,
Айвонлари бунча зор этмиш
Бир уй маним кунглим ёритмиш
Чортоққа ин қурди лайлаклар

Боролмадим бу баҳор, она ,
Мунча қалбим тош экан, она
Маним файзсиз кулбам айлона
Чортоққа ин қурди лайлаклар

Тош шаҳарда чўкиб қолдим тиз ,
Болалигу буғдойзор олис
Юртга қилиб дуолар холис
Чортоққа ин қурди лайлаклар

Бир бор келиб ҳолимни сўра
Ўтиб кетган болалик зўр-а.
Сен бормисан, Муҳаммад Жўра,
Чортоққа ин қурди лайлаклар

Майсасида ўмбалоқ отсам
Қани меҳрин мағзини тотсам
Мен Чортоқни соғиниб ётсам
Чортоққа ин қурди лайлаклар

* * *

Атиргул атрини ҳис қилдим бу тоғ ,
Буғдой-ла сирлашдим, офтобда пишдим
Ғарбнинг оҳанги бор сохта шеърларни
Бинафша таъми бор шеърга алмашдим

Бу баланд қоялар, пурвиқор тоғлар ,
Ҳамонки асрайди кўнгилда ҳаддин
Мен манов сарғайган ажриқнинг дардин ,
Қачон ўз шеъримда баланд кўтардим

Йироқлаб кетдимми ўз кечмишимдан ,
Жийданинг шохидай эгилдим саҳар
Битта Навоийни сўради Ҳақдан ,
Мингта Лермантовдан зериккан шаҳар

Айвоним четига қалдирғоч қўнди ,
Ярим аср умрим ўйлаган пайтим
Шеър айтсам, момомнинг обдастасию ,
Бобомнинг чанг босган тўнидан айтдим

* * *

Кет дединг тишимни тишимга босдим ,
Палтойим узатдинг нафрат билан сўнг
Шамол эшикларни қарсиллаб ёпди ,
Билдим тақдиримиз ҳеч келмади ўнг

Менга алам қилди бу дунё ичра ,
Шунча соддалигим, хору хаслигим
Сен, ахир, билардинг, икки дунёда ,
Кет деган жумлани ёқтирмаслигим

* * *

Сариқ пардаларни кўтардим аста ,
Сарғайган боғларга боқдим бемаврид
Атроф жим пойимда шитирлар хазон ,
Дунё бозоридан ғам қилдим харид.

Сунг яна ортимга қайтдим хўрсиниб ,
Шамоллар юзимга босиб олди юз
Пушкин китобини кўксига қучиб ,
Бекатда ўксиниб йиғлар эди куз

* * *

Ёлғизликда йиғладим юз йил ,
Чинорларнинг кўксини силаб
Дурмон, сендан кетаётирман ,
Шавкат Раҳмон умрини тилаб

Куксимдаги оғриқларимни
Бир бор эшит ,бир бора ҳис қил
Аё, Тангрим, маним қалбимни ,
Миллат деган сўзга эгиз қил

Бисотингда милён хил ранглар ,
Менга бергин яшилдан ,оқдан
Фақат, асра бу дунёда сен ,
Шунчаки шеър айтиб кетмоқдан

* * *

Август келаётир дуркун боғларга
Майсаранг хаёллар ичинда кездим
Гулларнинг пойига йиқилдим беҳуш
Чинорларда оғир хўрсиниш сездим

Илонлар тилинда тиллашгим келди ,
Чаёнлар нишига нишимни қадаб
Мен сенга оламча ишқ бирлан келсам ,
Сен менга неларни қўйгандинг атаб

Ҳижронми ,фироқми ёки зулмми ,
Кўксимга минг битта наштарлар сайдинг
Аммо, мен умримни пойингга экдим ,
Нечун гулламадинг ,нечун сарғайдинг

Нечун жим турибсан сукутинг оғир ,
Қанотимни кесдинг, учмоқ истасам
Мен Тангримга йиғлаб айтаман ,
Хазонга айланган умримга қасам

Мен сабр сўзининг сарғайган ранги ,
Устим ҳамон жулдур ,руҳим ҳамон ёт
Қовжираб борётган дилим даштига ,
Битта сафсар гулни экиб қўй, ҳаёт

УСТОЗ РАУФ ПАРФИГА

Тириклик даштинда саргардон кездим ,
На мақом, мартаба тиладим Ҳақдан
Ота Турк оғриғин ҳис қилиб сездим ,
Кўнглим қуёш бўлиб ёришди шарқдан

Мен на олим эдим ,на бир авлиё ,
Кўнгил деб йиғлаган битта қул эдим
Сабр дарахтининг новдаларидан ,
Заминга тўкилган кўҳна гул эдим

Ҳаққа ҳижрат қилдим йиғлаб ҳар оқшом ,
Пойимга чўзилди мовий бир гилам
Туркистон қайғуси, умрим қайғуси ,
Тушимда йиғладим Яссавий билан

Аёл йўқ ,фарзанд йўқ ,дўстдан дарак йўқ ,
Нажоткор қўлимни кўкка узатдим
Бу қонхўр дунёнинг қонли қисматин
Муйсафид нигоҳи билан кузатдим

Чарчадим кетаман бошимни олиб ,
Куксимда эзилди мусичам қумрим
Сизга жумбоқ бўлиб қолгай абадий
Шеъру достонларга сиғмаган умрим

* * *

Қушларнинг бошини силабсан тонгда ,
Чумолига оқ йўл тилабсанг тонгда ,
Жийда гулларида гуллабсан тонгда
Мен қақшаб ётибман, нечун келмайсан?

Баҳор замин узра ялпиз кўк илди ,
Кўнглим эҳромлари бир ,бир сўкилди
Суякни синдирсам қумлар тўкилди
Мен қақшаб ётибман, нечун келмайсан?

Ҳижронни висолга юз йил йигирдим ,
Кўзимни қонини йиғлаб сидирдим
Мажнундай сочларим тўзғиб қидирдим
Мен қақшаб ётибман, нечун келмайсан?

Аттордай бу ишқнинг захмини тотсам ,
Икки қоп сомонга боримни сотсам
Сен, ахир, бир томчи оби ҳаётсан
Мен қақшаб ётибман, нечун келмайсан?..

* * *

Ортда қолди энди кўҳна Шош ,
Тавонингдан чечак отибсан
Наманган, сен довондан ўтсам ,
Юрагимда гуллаб ётибсан

Дийдоримни тиладинг тонглар ,
Қошинга мен бормадим нечун
Майсанг ўпиб йиғладим олис
Соғинч эзган кунларим учун

Сен онамнинг кўзидай мунис ,
Отам айтган мулойим сассан
Айвондаги қалдирғочларнинг ,
Тумшуғидан тўкилган хассан

Гузардаги улкан чинорлар ,
Машраб оҳин айтаётгандай
Севиняпсан шунчалар қаттиқ ,
Бобурийлар қайтаётгандай

Беҳиларда осилган сузма ,
Челакларда чайқалган сутсан
Соғинч бўлиб, минг соғинч бўлиб ,
Бағрим ёриб очилган юртсан

* * *

Ёзганларим асли маҳмадона сўз ,
Абадиятга ҳеч дахли бўлмаган
Бир аср тупроқда ётибди Усмон ,
Усмоний сатрлар ҳали ўлмаган

Менга етмаяпти озгина шиддат ,
Шеърларим бағридан бурқсийди тутун
Мендан кўра, ўттиз баҳор кўрмаган ,
Абдулла Тўқайнинг юраги бутун

Кўксим ловуллайди ўт бўлиб ёнар ,
Юрак унда пишиб турган лахча чўғ
Излайман миллатнинг дардин кўтарган ,
Шавкат Раҳмондайин энди шоир йўқ.

Тангрим, юзларимга ёруғлик бергин ,
Майдалаб қўймагин мени ҳаётда
Маним уйчан турган суратим эмас ,
Бирор сатрим қолсин адабиётда

* * *

Куз боғларда йиғлар ҳазин ,
Бузилди сўз ,туроқ , вазн
Кетиб борар ўтли назм
Ҳувиллаган боғлар қолди

Усмон дедим, Усмон қаён ,
Сибирлари қилмас баён
Булбуллари кетиб аён,
Калхатлару зоғлар қолди

Фурқат кетди юртни ташлаб ,
Дорга бошин тикди Машраб
Қодирийнинг қони сачраб
Ватанда минг доғлар қолди

* * *

Изғирин кафтида эзилди жисмим ,
Бойчечак ўтиндим , ялпизни сўрдим
Даричадан боққан ўйчан онамнинг
Кўзларида мунис баҳорни кўрдим

Баҳор деб ҳайқирдим, атроф сукунат ,
Бошимга аёзнинг тиғи урилар
Қаҳратон қаҳрига дош беролмасдан ,
Қаро тутун қусди шўрлик мўрилар

Йулингга зор бокдим, бўғзимда соғинч ,
Юракни алдадим, сабр ичирдим
Сенсиз оқармади қанча тонгларим ,
Сенсиз қанча қаро кунни кечирдим

Кўксимда қовжираб ётган юракка ,
Масиҳ нафасинг-ла бир жон туҳфа эт
Ёзда сўроқладим, кузда йиғладим
Баҳор деган номинг ҳаққи, келиб кет

* * *

Мана, ҳаммасига сен қўйдинг нуқта,
Мана, ҳаммасига мен бўлдим рози.
Бугун етмаяпти маним умримга
Бир ўжар шоирнинг ўктам овози

Молини бой берган кимсадай маҳзун ,
Виждоним олдида туриб қолдим тик.
Дунё, ахир, сен-ла покиза дилни ,
Ўлдириб қўймоққа келишмагандик

* * *

Сен қайтиб келмаган йўлларга боқдим ,
Устимга ташладим соғинчли жанда .
Бу йул бунча оғир синовли десам ,
Тиғлари кўксимга ботган экан-да .

Туманлар тўкилди мовий щаҳарга ,
Гумбазлар қуббаси қировга тўлди .
Ок кўнгил тераклар ҳаққи-ҳурмати ,
Ишқ деган кўнглимдан кечмасанг бўлди .

Сени минг йил йиғлаб изладим ахир ,
Дарахтлар шохига дардимни осдим .
Остонангга қадар бордим телбавор ,
Оёғингга қонли бағримни босдим .

Айт, мени қайларга ташлаб кетдинг сен ,
Нега ранглари йўқ ранглар истасам .
Тирноғимга қадар сенга боғландим ,
Истасанг ишқ ҳаққи ичаман қасам

Кароғим четидан сизган ёшимда ,
Жунун саҳросида бир гул очилди
Сен қайтиб келмаган йўлларда билсанг ,
Анор донасидай умрим сочилди .

УСТОЗ ХУРШИД ДАВРОНГА

Бўғзимда куйди сўз айтмоқ истадим ,
Кўксимда қовжираб минг додим синди.
Наздимда олислаб бормоқда тоғлар,
Қирларга кунимиз қолгандай энди.

Ногоҳ бир тоғ ўсиб ёрди заминни,
Юрак фориғ бўлди аста доғлардан
Ё, Раббим, биз каби ирмоқларга ҳам
Обу ҳаёт оқсин буюк тоғлардан.

* * *

Куз яна боғларда йиғлайди ёлғиз ,
Ўриндиқни ювар ёмғирлар маҳзун.
Титраниб ,титраниб турар бир япроқ,
Бунча соғинч узун ,айрилиқ узун?

Қайдадир шиллиққурт дили шилинар ,
Чумоли саргардон тополмасдан ин.
Ёмғирда патлари синган қушчадай ,
Сенинг дийдорингни соғинганим чин

* * *

Менда яшаяпти бир парча юрак ,
Бир парча кўнгил бор дунёга боққан ,
Ҳа, ўша мен эдим тунда қон ютиб
Тонгги насим булиб дарчангиз қоққан

“Ўшанда куз эди” нигоҳи сарғиш ,
Қушлар кўкда қўшиқ айтиб елмаган
Сизнинг кўзингизга боқиб англадим ,
Бу боғларга ҳали баҳор келмаган.

* * *

Яна ботди кўксимга оғриқ ,
Ҳаволарга ёздим сўзимни
Кузойнакка яшириб қўйдим ,
Ёшга тўлиб кетган кўзимни

Ва барини ичимга ютдим ,
Буғзимга қон келиб турган пайт
Сен не учун кузойнакчалик ,
Куз ёшимни асролмадинг, айт?!..

* * *

Кўзларимда қолган кўзингнинг хуни ,
Кўксимда эзилган сўзларинг эзгин ,
Нега қуёши йўқ ,нега ойи йўқ ,
Сенинг фаслларинг бунча изғирин?

Нега дарахтлари мева тугмаган?..
Ногоҳ бир қурт тешиб чиқар олмасин
Худойим, Худойим, бу хазонбоғга
Маним фаслларим тушиб қолмасин…

* * *

Нима бўлди бирдан билмадим ,
Дарахтлар хам мунгли аламда .
Она ,энди қандоқ, яшайман ,
Қалдирғочлар кетган оламда?..

* * *

Тобора олислаб борар турналар ,
Қалдирғочдан энди келмайдими сас .?
Дарахтга айланиб қолиб шу оқшом ,
Худди, япроқлардай оламан нафас .

Куз, бунча ҳорғинсан, кўзларинг маъюс?
Ойнинг ёғдусидан томган хаёлсан .
Айрилиқлар ичра ,азоблар ичра ,
Изтироб кўйлагин кийган аёлсан .

Ёки адашдимми ёки чиндан чин,
Анорнинг бўғзидан қон оқар нечун?
Кекса чинорларни қулатди ҳаёт ,
Япроқлар жон берди муҳаббат учун

2013

* * *

Кўзни юмдим, оппоқ туманлар ,
Атиргулга қиров инган кун .
Ўртамизда шаррос ёмғирлар ,
Укпар қорлар ёғиб тинган кун .

Сиз келдингиз, бирдан тўхтадим ,
Бу қандай ҳол,бу қандайин иш?
Оҳ, декабр кетмай, хонамга
Бойчечакни олиб кирди Қиш .

2013

* * *

Ақлинг бўлса, менга эргашма ,
Аклинг бўлса, мендан кет нари .
Юрагимда тунади бугун ,
Туркистоннинг кабутарлари .

Сенга сира зиёним йўқдир ,
Менга нишинг қадамасанг бас .
Яссавийни соғинганларнинг
Соғинчини қиламан ҳавас.

Менга етар шу сокин кунлар,
Севаяпман яшаган сари.
Юрагимдан кетмаса бўлди ,
Туркистоннинг кабутарлари

БИТМАГАН ОҒРИҚ

Мен Рауф Парфиман минг йил аввалги ,
Ичимда бир оғоч ,ичимда исён .
Қайғули ўтмишдан сўйлар ҳар барги,

Мен ҳали ўлмайман қиёматгача ,
Ҳали не қалбларга қураман маскан ,
Ўлимидан олдин ўлганлар қанча.

Қодирий кўксини тешиб ўтган ўқ,
Маним юрагимда ётди олтмиш йил ,
Виждонимни сотиб кун кўрганим йўқ .

Мен Рауф Парфиман минг йил аввалги…

* * *

Деразалар очилди қия ,
Пардаларни кўтардинг ғамгин .
Ташқарида асаларилар ,
Ташқарида табиат рангин .

Қайларгадир термулдинг олис
Ва хўрсиндинг тоғлардй оғир .
Ичкарида ҳар кунги ҳаёт ,
Ташқарида шитирлар ёмғир .

* * *

Шеър ёзмайман энди ҳеч қачон ,
Кимга шунча ёлғон тўқийман .
Ундан кўра Нодиранинг жим ,
Қисматини йиғлаб ўқийман .

Шеър ёзмайман энди ҳеч қачон ,
Бу одатим буткул ташлайман .
Қолган умрим савоби ҳаққи ,
Усмон Носир учун яшайман .

Шеър ёзмайман энди ҳеч қачон ,
Кўнглим Худо пуфлаб қўйган най .
Тушларимда негадир йиғлаб ,
Шеърлар ўқир Абдулла Тўқай .

Шеър ёзмайман энди ҳеч қачон ,
Бир кўзага солиб ғамимни .
Майсаларни тинглаб ётаман ,
Кучоғимга босиб заминни .

Шеър ёзмайман энди ҳеч қачон ,
Бу одатим буткул ташлайман .
Адабиёт эй покиза нур ,
Қолган умрим сенга яшайман .

* * *

Опа ,сен бунчалaр сабрли зотсан ,
Йиллар дилдан олди диёнатларни .
Қандайин жимгина кечиб яшадинг ,
Ўттиз йил бу оғир хиёнатларни .

Ичнгда оғриниб ётар изтироб ,
Емоққа нонинг йўқ, киймоққа либос.
Аҳволингдан хабар олгудай бўлсам ,
Дейсан яшаяпман умматларга хос.

Бироқ бу дунёнинг отган тошлари ,
Оёғинг остида суринар, опа .
Сенинг шу жимгина туришларингда ,
Шарқнинг назокати кўринар, опа .

Опа, сен бунчалар сабрли зотсан ,

* * *
Борган сари ақлинг улғаяр ,
Борган сари қалбинг тирилар
Борган сари омонат кўприк ,
Пойлаб турар қонхўр бўрилар .

Борган сари тандан кетар жон ,
Борган сари айтиб видони .
Борган сари, о,борган сари ,
Соғинасан, фақат, Худони .

* * *
Оламни тортишиш кучини бугун ,
Закий бир шоирда учратдим бирдан .
Ичдаги йиғилган исёнин копток ,
Мисоли урди-ю сўнг учди ердан .

Унга ҳавас қилди ҳамма ерликлар ,
У эса тақдирдан роса оғринди .
Нъютон бошига тушган олмадай ,
Заминга қайтмоқни жуда соғинди .

* * *

Ҳамма гуноҳимни елкамга олиб ,
Толстой айтгандай иқрорим тилда
Бугун кўп тўнғизлар яшаб юрибди ,
Сийратлари, худи, одам шаклида .

Мен ҳам секин бориб ойнага боқдим ,
Иккига бўлиниб кетди қоқ юзим .
Бир ёнда нафсимни талотўплари ,
Бир ёнда имоним, виждоним, сўзим .

Бирдан тўхтаб қолдим, зил кетди юрак ,
Вақт келиб ханжарин дилга ўқтади .
Беруний айтгандай, аслида сонлар ,
Бирдан бошланди-ю бирда тўхтади .

* * *

Сиз қайтасиз бир кун юракка ,
Ўша бир кун, ўша бир лаҳза .
Етмиш икки томирларимда
Униб чиқар ям-яшил майса .

Сиз қайтасиз бир кун юракка ,
Деразамни очиб афтода .
Ҳис қиламан минг йил илгари ,
Яшаганим Одам Атода .

Сиз қайтасиз бир кун юракка
Қаранг, тўзиб ётган елдайман
Ўша бир кун , ўша бир лаҳза ,
Мен дунёга қайта келгайман .

* * *

Ичимда инграйди сибизға оҳи ,
Қобирғам бир найдир, мундоқ синдирсам .
Лойқа сувдай кечган бутун умримни ,
Битта пиёлага қуйиб тиндирсам .

Туб-тубига тушса барча гардлари
Тинган лаҳзасини ҳаққа узатсам .
Кани имкон бўлса, қиёматгача
Шу лойқа умримни ҳар кун кузатсам .

* * *

Кўзим, сизни йиғлатдим бекор ,
Сўзим, сизни исрофга тутдим .
Муҳаббатдан, меҳрдан айро ,
Қанча ишқсиз тунлардан ўтдим .

Етиб келдим, ниҳоят, мана ,
Кўзимда ёш, сочларимда қор .
Кетиб борар уфққа ғамгин ,
Кузакларда топталган Баҳор .

* * *

Тўхтаб қолди қаршимда йиллар ,
Шудрингларга юзимни чайдим .
Қароғимдан оққан ёшимнинг ,
Томчисида сизни кўрсайдим .

Англасангиз бу ишқ ҳақлигин ,
Ва сезсангиз гуллар тоатин .
Сизни кутиш оғирлигидан ,
Қўлларимда синди соатим .

* * *

Сен шунчалар нозик бир гулсан ,
Тўкиласан қўлим текса гар .
Минг йил бўлди қароғимдасан ,
Юрагимда туш кўрган Дилбар .

Мен кўрқаман ишқсиз тунлардан ,
Дейман йиллар чангин солмаса .
Бу юрагим юракмас илло ,
Муҳаббатни асраб қолмаса .

* * *
Тангрим, маним қисқа умримда ,
Яна қанча изтироблар бор .
Яна қанча кўз ёшли тунлар ,
Яна қанча қайғули Баҳор .

Яширмайман барии, рост айтсам ,
Ҳасрат сизиб турар ноламда .
Мен бу қисмат қаҳрамониман ,
Аммо, бахтим бошқа оламда .

ГУЛНОРА РАҲМОНГА

Қаёққа қарасам, ҳаммаёқ тасвир,
Мусаввир кузимдан ранглар сочилган .
Ҳаётнинг қайсидир нуқтаси сўлғин ,
Қайсидир нуқтада ранглар очилган .

Жимгина кузатар бир теран нигох ,
Бирда шодлик яшар ,бирида алам .
Маним қисматимни чизар жимгина ,
Дунё суратини чизган мўйқалам

* * *

Умрим бўйи сизни изладим ,
Дарахтлардан тиландим таскин .
Минорларга елкамни қўйиб ,
Машрабдайин йиғладим мискин .

О, ортимда бесамар йиллар ,
Йўқотганди рангли тусини ,
Қиш, Худойим қор килиб сочди ,
Юрагимнинг куйиндисини .

Ҳорғин тортди маъюс дарчалар ,
Лойчанг томлар безанди оққа .
Нега сизнинг журатингиз йўқ
Ҳаётимга кириб келмоққа?..

* * *

Ҳар кимга ҳам айтмоқ жоизмас ,
Беишқларга қилмагил кўз -кўз .
Ўттиз йилки юракда ётар ,
“Севги” деган битта жумла сўз .

Айтолмадим уни ҳеч кимга ,
Ёки лойиқ зотни топмадим .
Ишқдан айро тушган зотларга ,
“Севги”сўзин арзон сотмадим .

Олиб қўйдим қиёматга деб ,
Дунёсида буғриқди оҳим .
Икки дунё муҳаббатингга ,
Восил қилгин бизни, Оллоҳим .

* * *

Она, йиллар мендан ўтдилар ,
Она, йиллар сиздан ўтдилар .
Оғамиздан айирди йиллар ,
Отамиздан соғинч тутдилар .

Оғир ботди бари юракка ,
Дарак келиб турди ўлимдан .
Она, кечир бу лаҳзаларни ,
Тутиб қолмоқ келмас қўлимдан .

* * *

Ўйлаб кўриш керак, эҳтимол ,
Гуллар качон гул бўлганини .
Сулаймоннинг тилло тахтлари ,
Вақт қаърида кул бўлганини .

Ўйлаб кўриш керак, эҳтимол ,
Тошлар бежиз тошмаслигини
Тупроқ ёриб юксалган тоғлар ,
Бевақт ҳаддан ошмаслигини .

Ўйлаб кўриш керак , эҳтимол ,
Япроқлардан оқиб яшил қон .
Дарчаларга урилиб ёмғир ,
Қайдан келиб, қайга кетди жон .

Ўйлаб кўриш керак, эҳтимол ,
Ҳаёт оғир бир юклигини.
Кўпни кўрган донишманд дунё,
Сизу биздан буюклигини .

Ўша куни эсингиздадир…
Хосият Рустамова

* * *
Ўша куни йиғладим оғир ,
Юзларимни босиб заминга .
Хаёт, яна дуч келдим, наҳот,
Кутилмаган зарбаларингга .

Ўша куни йиғладим оғир,
Онам боқиб қолди ойнадан .
Маним умрим бунчалар фақир ,
Ҳаёт кибор ,ҳаёт бой надан .

Назарига олмади, ҳатто ,
Кетаверди сўзидан тона .
Босиб кетди оппоқ изтироб ,
Ўша куни сочимни, она .

* * *
Мен излаган рангларни топдим ,
Мен излаган сўзлар ўлмади .
Бор дардингни борлиққа сочиб ,
Дарахтлардай йиғлаб бўлмади .

Мен тушундим, шоирлик қисмат ,
Нури кўчмиш сочим оқига .
Гоҳо чақин урди умримнинг ,
Гуллаётган ҳамма ёғига .

Сизиб ,сизиб ичимга оқдим ,
Яратгандан тилаб тўзимни .
Бу қоронғу дунё бағрига ,
Қолдираман ёруғ сўзимни

* * *

Ўйга толиб қолди Пастернак ,
Нимадандир кўнгли бўлди ғаш .
Рoссияда қор ёғди тинмай ,
Кундузлари ёмғир аралаш .

Соябонин икки ёнидан ,
Ёмғир сизиб тушди майинлаб .
Пастернакни тушунди бугун ,
Бу ердаги оппоқ қайинлар .

Тушунмади одамлар, фақат
Оғринарди тонглари юрак .
Бу ерлардан бир қуш мисоли ,
Учиб кетди сўнгра Пастернак

* * *

Сизнинг кўзингизда қон талаш кунлар ,
Хаёллари сарғиш ,уйлари сарғиш
Сиздайин юракни асраб қолмаган
Дунёга ҳар куни ўқийман карғиш
Ҳар куни шошаман қайгадир йиғлаб ,
Бир юрак излайман ер юзасидан
Ногоҳ нигоҳингиз кўриб қоламан ,
Нотаниш автобус деразасидан
Демак, сиз тириксиз, демак, сиз борсиз
Кайғулар ғаминда ,ўйлар ғаминда
Марина, о, менинг шўрлик шоирам ,
Демак, сўз яшайди рўйи заминда

ФУРУҒ ФАРРУХЗОДГА

Бир ой бўлди учрашдим сиз-ла ,
Кўзингизга ногоҳ тушди кўз .
Етмас эди маним умримга ,
Сиз дунёга ташлаб кетган Сўз .

Куз кетарди боғларда йиғлаб ,
Турналардан айрилган онда
Майингина сочингиз силаб ,
Ёмғир ёғиб чиқди Теҳронда.

Оғирлашди юрак деган юк ,
Тупроқ ўпиб ётар бошингиз .
Бу ёғётган ёмғирлар, Фуруғ,
Кўзингизда қолган ёшингиз…

АЙТИЛМАГАН ОҒРИҚ

Устоз Дилором Эргашевага

Истамбулга тун чўкди ғамгин ,
Оғир ,оғир босиб қадамлар .
Ойналарни очиб шаҳарга ,
Ўйчан боқиб қолди одамлар .

Кўчаларни кездим дарбадар ,
Не қалбларга ишқ ўтин ёқдим .
“Умр нима”, умр дегани ,
Ёмғирлардай тўкилдим, оқдим .

Кетганлари кетди ёнимдан ,
Қолганлари дилга санчди ниш .
Истамбулни кездим дарбадар ,
Кўчалари нақадар таниш .

Бироқ, сени соғинганим чин ,
Ҳузурингга бордим хаёлан .
Нега мени тушунмайсан сен ,
Ахир, мен ҳам Ҳазрат Аёлман.

* * *

Бекатларда қолганча ёлғиз ,
Унутаман барча-барчасин
Ахматова очади маҳзун ,
Юрагимнинг эски дарчасин .
Хаётига минг ташвиш солган ,
Fамларини сочиб ташлайди .
Юрагимнинг димиқиб қолган ,
Хоналарин очиб ташлайди .
Ва мен билан йиғлайди бироз ,
Юзларига урилиб эпкин .
Шарқнинг маъсум аёлига хос ,
Дарчаларни ёпади секин .
Сўнг ёмғирлар ёғади бирдан ,
Мусичалар мудрайди пича .
Қобирғамни бир банди синди ,
Ахматова йиғлаган кеча.

* * *
Далаларга тушди оқ туман
Совуқ кундан бериб дараклар
Гуё бугун сўнгги япроғин ,
Ерга бериб қўйди дарахтлар

Секингина эшикни ёпдим ,
Қароғларим ҳоргин тортди-да,
Кетаётган кузга ачиниб ,
Йиғлайвердим эшик ортида

Сўнг кўчага чиқдим отилиб ,
Тойиб кетдим, оёқ остим муз
Борай десам, баҳор куп олис ,
Қайтай десам, кетиб бўлган куз…

* * *

Қорли кунлар келар яқинлаб ,
Таскин излар қўшиқдан, шеърдан .
Бу боғларга боқар Ноябрь,
Хеч кетгиси келмас бу ердан

Кетар. Қўлларида ёмғирпўш ,
Юрагида оғриқ-зорлари .
Кипригига кўнади ногоҳ ,
Декабрнинг оппоқ қорлари .

“Столида совуган қаҳва”,
Аёз кириб келар ниш билан .
У яшаган кулба хеч қачон ,
Келишолмас энди қиш билан .

* * *

Чорлайверар ҳар лаҳза, ҳар он ,
Тушларимда жаннатнинг боғи .
Сизга келдим минг олислардан ,
Нигоҳимда йилларнинг доғи.

Кўзларимда йиғлади Аюб ,
Юнус каби тутқундир руҳим .
Робиядай боқдингиз маъюс ,
Балолардан асраган Нуҳим .

Сизга келдим, сўнгра чўкдим тиз ,
Нурингиздир сочимнинг оқи .
Тарсо бўлиб синаган ҳам сиз ,
Вужудимда Санъоннинг оҳи

Инонмайсиз бу ишқ хақ десам ,
Кўринг жигар қонаётганин .
Ёки ёқар Намруд ўтида ,
Иброҳимдай ёнаётганим .

Куйиб ётар бўғзимда бир шеър ,
Куйиб ётар, ҳатто, тилимда .
Сиз деб жонни берсам, азизим ,
Саодат бор бундай ўлимда .

УСТОЗ ЧОРИ АВАЗГА

Жуда эрта кетдим .Жудаям эрта
Кўксимда виждоним ,кўксимда орим .
Наҳот, кузак билан келди юзма –юз
Гуллаш-чун дунёга келган баҳорим

Жуда эрта кетдим .Жудаям эрта ,
Наҳотки, шу дардлар жисмимни еди .
Тўёлмадим, ахир, болам кўзига ,
Дўст, сизни бағримга босмоқчи эдим .

Жуда эрта кетдим .Жудаям эрта ,
Нетай, ўлим чиқиб қолди ўртага .
Майли, кўзларимни ёпгин, Худойим ,
Абадий ҳаёт бер, фақат, эртага.

* * *
1

Оппоқ қорларини элар декабръ,
Исфарага боқиб қолдим ойнадан .
Кўзимга ёш қалқиб келди негадир .

2
Кўз ёшим тўкилди, ўғлим, эртанга ,
Сенга дилбар кулгу тиламоқчийдим ,
Бошинг келиб қўйдинг қонли елкамга .

3
Минг бора айланди ўз уфқида ер ,
Мана, мен кетяпман, тўйиб қараб қол .
Дунёга келмайди энди бундай шеър .

* * *

1
Энг оғири, ҳеч ҳунарим йўқ ,
Куйиб кетди шаҳодатномам .
Эҳ, эртамдан хавотирим кўп .

2
Бой берилган канча гўзал вақт ,
Дарахтлардай тураман хомуш ,
Мен ношудни танийсанми, Бахт .

3
Излайверди мендан битта нур ,
Ўпкасини шамолга берган,
Чап кўкраги қонаётган гул .

4
Наҳот, энди ҳаммаси сароб ,
Ичаман, қўлимда титрайди ,
Кўз ёшимдан сузилган шароб .

* * *

1
Сизга келдим, эй Одил Икром,
Дил ёргали, эшитяпсизми ?
Бунча оғир шоир деган ном?
.
2
Бу оғриқлар сиғмайди сўзга ,
Ака, сени соғинганларим
Кўз ёш бўлиб қуйилар кўзга .

3
Тушунмадим бу дунё надир,
Тушунмадим бу хатар қайдан?..
Бор изтироб шоирларгадир.

* * *

Мен сени ўлдириб қўяяпман, дил ,
Кундузимда ёмғир ,тунимда ёмғир .
Ҳаёли кўзларга термулиш оғир ,
Энди юзларимни яшир, Худойим .

Қушдайин учмадим, айландим тошга ,
Оғриғу изтироб, аламли ёшга .
Ғийбат шамоллари айланди бошда ,
Дўстларим туҳматим ташир Худойим .

Иродам етмади, гуноҳкор тунлар
Мунофиқ кимсалар ёйди ҳукмлар .
Сочилди бошимдан қаро кукунлар ,
Қилмадинг умримни яшил, Худойим .

Мажнундай саргардон, ҳар дам изладим
Нимани изладим надан изладим
Дунёдан бир муслим одам изладим…
Қисматнинг шароби тахир, Худойим

Олсанг, олиб кетсанг нур ,зиё билан ,
Йилларни бой бердим минг риё билан
Дилимни ўлдирган бу дунё билан ,
Қандайин келишай, ахир, Худойим?!..

* * *
Мен сизни танидим, энг яқин дўстсиз ,
Кўрганда қўясиз маҳкам қучоқлаб
Аммо, бир кун менга санчилиши ҳақ ,
Қўйнингизда асраб юрган пичоқлар.

* * *
Яшолмайман бу сўз бўлмаса ,
Тўхтаб қолар юрак уриши
Ҳаёт, сенга оғир ботмасми
Бир шоирнинг тирик юриши?..

* * *

Арчалар шохида турар тилло зар ,
Яшил чироқларда безанди шаҳар .
Мунглиғ дарчалардан боқдингиз саҳар ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон .

Ёғётган қор каби кўнглингиз оқда ,
Бу ерда ҳаммаси ёлғону сохта .
Чаккангиз четида очилган пахта ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон .

Мен йўқ, қурум босиб ётар мўрилар ,
Анори сочилиб ётган сўрилар .
Болам деб дарвоза ғамгин сурилар
Янги йил муборак бўлсин, онажон

“Кетдик” дер юрагим, сира кўнмади , ,
Тўрт фасл дилимда райҳон унмади .
Бу ерда бўронлар ҳали тинмади ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон .

Баҳорни соғиндим ,кузни англадим ,
Меҳрли, меҳрсиз юзни англадим .
Мусофир кунларда Сизни англадим ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон.

Дейсиз, сен келгунча сира ўлмайман ,
Тангри дер, ҳар кимни ҳар кун қўллайман .
Сиз учун хайрли дуо йўллайман, ,
Янги йил муборак бўлсин, онажон .

* * *

Сени ёлғизлатиб қўйдим, шеърият ,
Гоҳо тириклигу гоҳ эса рўзғор .
Сени англамасдан ўтган умримнинг ,
Қара ,сочларига оралабди қор .

Мен ўша, ақлини йиғмаган нодон ,
Унутдим гуллару қушлар сасини .
Сен эса руҳимни бағрингга босиб ,
Сингдирдинг гўзаллик фалсафасини .

Гохо тойиб кетдим тубан тунларда ,
Қароғим ичинда ёшим эзилди .
Бу файзсиз давралар ,файзсиз одамлар…
Негадир, шу бугун ўрнинг сезилди .

Сен ўша, қишлоқнинг пастқам уйлари ,
Қизғалдоқ очилган бахтли томида .
Бувим тонг саҳарлаб илинган қаймоқ ,
Тандирдан узилган иссиқ нонида .

Бахмал адирлардан кетмайди баҳор ,
Ариқлар ҳайратда сувлар нозидан .
Мен сени топганман бошимни қўйиб ,
Бобомнинг чанг босган жайнамозидан .

Мен энди англадим, ҳалоллик қайда ,
Мен энди англадим поклик надандир.
Шеърият ,шеърият, онамдай мунис ,
Ўзбекистон деган қутлуғ Ватандир ,

* * *

Тушунсанг-чи, ҳозир қаҳратон ,
Қара, йўллар муздан яхлаган .
Уйғонмади уйқудан дунё ,
Бойчечаклар олис ухлаган .

Тушунсанг-чи, ҳозир қаҳратон ,
Шеър ёзолмай тўлади бағир .
Соғинтириб юборди қуёш ,
Соғинтириб юборди ёмғир ,

Тушунсунг-чи, ҳозир қаҳратон ,
Юлдузларни эзар оғир ғам .
Осмонига қайтмаган ойдай ,
Қайтолмайман қошинга мен ҳам

Тушунсанг-чи, ҳозир қаҳратон …

* * *

Йиғлатади, боқсанг дарахтлар ,
Ўйлатади карғалар оҳи .
Тушларингни бузиб киради ,
Қорда қолган ғунчалар гоҳи .
Уйғонасан ярим тун пайти ,
Печ ёқасан, ташқарида қор .
Қаерларда юрибди дайдиб ,
Бизни эсдан чиқарган Баҳор?..

ОПАМГА

Фаррош аёл ғамлари ғамгин ,
Қара, ҳаёт нелар этмайди .
Қанча ювиб ташла, барибир,
Ўтмишдаги доғлар кетмайди .

Шоирлик не? Сўрайсан ўйчан ,
Мунглиғларнинг мунглиғ сасидир .
Кўзларингдан томаётган ёш
Юрагимнинг таржимасидир .

* * *

Сенга нимасини айтайин, гулим ,
Ҳар лаҳза бошимда қилич ўйнади .
Шоирлик ,шоирлик, о, бу шоирлик ,
Қуруқ мақтов билан қорин тўймади .

Фақат, сал танимга эрк берганиму ,
Бечора ақлимнинг озгани колди .
Биз каби маддоҳлар ўтди дунёдан ,
Фақат, Навоийнинг ёзгани қолди .

ОДИЛ ИКРОМГА

Очсанг эшикларни, мўъжиза бўлса,
Ёпсанг, ортда қолса ситамлар, ғамлар .
Шаҳар кўчаларин дарбадар кезсанг,
Шоирни англаса бир кун одамлар .

Ҳорғин кечаларда пардани суриб ,
Қонли кунларимни ичимга ютдим .
Ёғди, ёғаверди ойнани очиб ,
Кузги ёмғирларга бағримни тутдим .

Умрнинг нақадар омонатлигин
Боламнинг кўзига боқиб илғадим
Қалтис лаҳзаларда покликни сотган
Мунофиқ кимсалар учун йиғладим .

Умр қайтиб келди ўз ўзанига,
Кўз ёшим қуйилди кафтимга муздай.
Шаҳар кўчаларин кездим дарбадар
Риндликни қўмсаган Хожа Ҳофиздай.

* * *
Ботиб турар кўксимга бир тош ,
Сўз айтмадим элга айтарли .
Бу йўлларнинг боши хайрли ,
Бу йўлларнинг сўнги хатарли .
Кимга борай энди дил ёриб ,
Ким тинглайди бир дил арзини?
Ахир, ҳар кун бу шўрлик тупроқ
Сўрайверар мендан қарзини .

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn