“АДАБИЁТ ИНСОННИ ЁЛҒИЗЛИКДАН ҚУТҚАРАДИ”

ramiz ravshan”Китоб дунёси” газетаси 11.06.2014 йил 11-сонида қардош шоир Рамиз Равшан билан бўлган суҳбатни сиз азиз мухлисларга ҳавола этди… Инсон қалби ва ижод завқи, шу билан бирга етук шоирнинг бугунги кунда китоб ва унинг мутолааси борасидаги фикрлари сизларни бефарқ қолдирмайди. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Рамиз РАВШАН,
Озарбайжон шоири


— Адабиётнинг миллати бўлмайди. Шу маънода ишонч билан айтишимиз лозимки, Озарбайжоннинг таниқли шоири Рамиз Равшанни ҳам ўзбек китобхони ўз шоири деб билади. Мана шу азиз инсоннинг Сўз орқали ҳаётда эришган ютуқлари ҳақида ўртоқлашсак.

— Ўзбек ўқувчиси мени ўз шоири деб эътироф этишини эшитмоқ жуда ҳам ёқимлидир. Табиийки, шеърият ҳам тил сингари алоҳида-алоҳида халқларга, жамиятларга эмас, балки инсонларга хос саналади. Шоир ва ўқувчи ўртасидаги алоқа салоҳият даражаси қадар сирли, ҳузурбахш муносабатдир. Нима учун ўқувчилар ўзга шоирларни эмас, маълум бир шоирни севадилар? Бу саволга жавоб бериш баъзида ўша севимли шоирнинг ўзи учун ҳам қийинчилик туғдиради. Эҳтимол, ушбу жавобга ҳеч бир эҳтиёж ҳам сезилмас. Чунки, айни саволнинг жавобини топган шоир ўша дамдан эътиборан ҳар бир ёзган шеъри орқали ўқувчининг муҳаббатига эришмоқ учун ҳаракат қилади ва бора-бора ўз ўрнида уйғонган меҳрни секин-аста йўқотади.

Мен шеър ёзарканман, ҳеч вақт ўқувчи ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Шунинг учун бўлса керак, мен унинг олдида сира ҳижолат чекмайман. Пировардида шеърларимни ўқиб ёқтириб қолганларнинг, ҳатто ёдлаб олганларнинг барчаси ўша сатрларда мен айтмоқчи бўлганларимни бутунича тушуниб етганлар қабилидаги фикрдан йироқман. Шоир ёзганини битади, ўқувчи ўқийдиганини мутолаа қилади. Анна Ахматова айтадики, ўқувчи ўз сўзидек қабул қилган, “тилимнинг учидаги сўз” деб тан олган шеър энг яхши шеърдир. Албатта, ўқувчининг бундай тасаввури алдамчи, аммо бунда ҳам бир ҳақиқатнинг улуши бор. Негаки, шоир фақатгина ўзи ҳис этганини эмас, бошқаларнинг ҳам кўнгилдан ўтказган, лекин тил билан ифодалай олмаган туйғуларини, дардларини, оғриқ ва изтиробларини сўзга кўчиради ва қайсидир маънода ўша инсонларни қайғуларидан халос этади. Шу жиҳатдан, “Адабиёт инсонни ёлғизликдан қутқаради” деганда Лев Толстой ҳақ эди.

— Қандай китоблар Сизни ҳайратга солади?

— Тўғриси, мени ҳайратлантирган китобларни жуда кичкиналигимда, ёшлигимда ўқиганман. Кўпдан бери, Нозим Ҳикмат айтганидек, сўз мени сархуш эта олмаётир. На ўзимники, на ўзганики… Кўринадики, бунинг сабабларидан бири мен фақат ўқувчи эмас, ёзувчи ҳам бўлганимдадир. Мен мутолаа қилганларимни истайманми, йўқми мутахассис нигоҳи орқали кузатаман, ўша адабий матнларнинг (шеър ҳикоя, роман ва ҳ.к.) фақатгина “юз”ини эмас, “астар” қисмини ҳам кўраман: ёзувчининг “бичим”ларини, ниманинг қаердан келганини ва қаерга боражагини…
Ўрни келганда айтайинки, мен киносценарист ҳамман. Ёзган сценарийларим асосида бир қанча бадиий фильмлар суратга олинди. Аммо негадир кино учун ўзимни мутаассисдек эмас, оддий томошабин каби идора эта оламан. Унинг камчилик-нуқсонларидан кўз юмаман, баъзида эса ўртамиёна фильмдан ҳам таъсирланишим мумкин. Бироқ бунда ҳам мен худди китобхон сингари ўта талабчанман. Аёнки, бу ҳам бадиий сўзга нисбатан хасислик билан ёндашишим сабаблидир. Шу ўринда, ёзувчи фантазиясининг антиқа ва сирли эканлиги билан мени жуда ҳам таъсирлантира олган охирги асар мен бундан тахминан 25 йил олдин ўқиган олмон адиби Зускинднинг “Аттор” романи бўлди. Таассуфки, худди шу роман асосида суратга олинган шу номли фильм мени у қадар ҳаяжонга солгани йўқ.

— Жаҳоннинг машҳур адибларидан бири Эрнест Хемингуэй ўз шогирдига ҳаёти мобайнида ўқиши зарур бўлган 15 та асар рўйхатини берган экан. Сиз ҳам устоз сифатида бугунги ёш авлодга қайси асарларни ўқишни тавсия этасиз?

— Менинг назаримда, кимгадир қайсидир китобни ўқиш борасида маслаҳат бериш бирор кимсага қандайдир дармондорини тавсия этишдек гап. Айни дармондори сингари шу китоб ҳам ҳар хил одамга турли йўсинда таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо ҳар ҳолда мен ёш ёзувчиларимизга, аввало, ўзимизни танимоқни, Шарқнинг буюк сўз санъаткорларини мутолаа қилмоқни маслаҳат берардим: Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”ини, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг “Хамса”ларини, Юнус Эмронинг шеърларини, Фузулийнинг ғазалларини… Асарлари ҳам ташқи, ҳам ички маъно-мазмунга, серқирра ташбеҳ ва ўхшатишларга бой бўлган бу сўз санъаткорилардан бугун жуда кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Айни пайтда бу шоирларнинг бутунлай акси бўлган, ҳеч қандай безак-жилосиз, иборасиз, муболағасиз, содда ва жўн тилда ёзилган, бир неча сатр орқали туйғунинг манзарасини, яхлит бир поэтик лавҳани ярата олган хитой уйғониш даври шеърияти шоирлари (Ли Бо, Ван Вэй, Ду Фу) нинг шеърларини, япон хоккуларини ўқишини ҳам маъқул кўрардим: оз сўзда кўп нарса айта олмоқ маҳоратини эгаллаши учун. Умуман, дунё шеъриятида мен севган ва баъзиларини она тилимга таржима қилган шоирларимни санаб кўрсам, ҳисобдан адашмоғим аниқдир. Ҳолбуки, мен ҳам у шоирлардан 15 нафарини қайд этиш билан кифояланаман: Шарль Бодлер, Артур Рембо, Пол Верлен, Пол Элюар, Гиём Апполинер, Райнер Мариа Рилке, Эмил Верхарн, Роберт Фрост, Федерико Гарсиа Лорка, Побло Неруда, Вячеслав Незвал, Борис Пастернак, Осип Манделштам, Анна Ахматова, Марина Цветаева.

— Биламизки, ҳозир биз ахборотлар доираси шиддатли тарзда кенгайиб бораётган, инсоннинг онги, қалби ва шуурига салбий таъсири бўлган турли иллатлар урчиб бораётган даврда яшамоқдамиз. Мана шундай шароитда китобнинг қудрати инсоннинг маънавий қиёфасини сақлаб қолишига етадими?

— Маълумки, ҳаво, эфир аслида модда, ушлаб бўладиган, қўлга олиб кўриладиган нарса эмас. Минг йиллардан бери мушоҳада қилиб келадилар: эфир – руҳнинг заминидир. ХХ асрда радио, телевидение ва ниҳоят, интернетнинг кашф этилиши орқали эфир забт этилди. Яъни, руҳнинг замини ишғол қилинди.
Информация оқими ҳар тарафдан келиб, устимиздан дамба-дам ёғиб ўтмоқда ва бу чиркли ҳавода чиримоқ ҳавфини кучайтирмоқда. Шу жиҳатдан, ютуқларимиз шубҳа остида қолса ҳам, йўқотганларимиз кўз олдимизда. Бу ўринда мен биргина маънавий, ахлоқий томондан ютқизиқларимизни назарда тутмаяпман. Қизиқки, Совет даврида бой бериб қўйишдан қўрқан, жон жаҳдимиз билан ҳимоя қилган она тилимиз бугун тобора кирланиб бормоқда. Энг ҳайратланарлиси, бу шоирлик, ёзувчилик даъвосида юрганларнинг тилга муносабати орқали содир этилаётир. Номини ёдимдан чиқарганим бир ёш шоирнинг қачондир бир журналда тилга оид билдирган фикрларини ҳанузгача унутолганим йўқ. У тилимизни тозалаш, унинг яратувчанлик хусусиятидан маҳрум этиш иддаосида бўлган. Бу тахминан қайиқ билан сузмоқни истаган одам ўз денгизини қуритмоқ даъвосида бўлгандек кулгили ҳолатдир. Агарда кулгили саналмаса, ўша йигитнинг ўз она тилисига қарши душманлиги, нафрати эди.
Бугун она тилимизда бўлган гўзал асарларни мутолаа қилиш бизга ушбу мулоқот воситамизнинг кенг имкониятларини, улуғворлигини ва ҳайратомуз жиҳатларини яна бир карра ҳис этиш имконини беради. Мен дидактик адабиётни, шогирдига дарс берган шоир ва ёзувчиларни ҳеч қачон ёқтирмаганман. Аммо минг йиллардан бери яратиб келинаётган дунё адабиётининг энг гўзал намуналари биз учун дарс беради: муҳаббат дарсини ўтади. Буюк илоҳий ишқдан оддий инсоний севгига қадар.
Бундан кўп йиллар аввал Япония билан боғлиқ бир қизиқ хабарни ўқиб қолгандим. Экологик жиҳатдан ҳавоси жуда ифлосланган Токио шаҳрида телефон будкаларига ўхшаш “ҳаво будкалари” қурилган. Ҳар бир одам ўша будкаларга кириб, тўлов орқали бўлса ҳам, бир неча дақиқа мобайнида тоза ҳаводан нафас олиши мумкин экан. Бугун нафақат табиий, балки маънавий экологияси ҳам ҳаддан зиёд кирланган дунёмизда гўзал китобларни мутолаа қилмоқ, айнан ўша тоза, соф ҳаводан нафас олмоқ кабидир.

— Ижодкорнинг биринчи қаноти, шубҳасиз, истеъдод. Сизнингча, унинг иккинчиси нима? Эътиқодми, билимми, тоза қалбми?

— Санаб ўтганларингизнинг барчаси санъаткор учун жуда муҳимдир. Ҳатто соф қалбли, яхши одам бўлиш ҳам. Буюк рус шоири Борис Пастернак қайсидир шоирнинг таърифини берганда, таажжуб билан сўрашган экан: “У қанақасига яхши шоир бўлиши мумкин? У ёмон одам-ку, ахир!”
Аммо шоир учун истеъдоддан сўнг энг керакли хислат, менимча, самимиятдир: ўқувчига самимиятидан кўра шоирнинг ўзига нисбатан самимияти. Шоир ўзига боғлиқ вазиятни шеърларида самимий тарзда ифодалаётган чоғида уни шу ҳолатга солган муҳитнинг манзарасини тасвирлайди. Шу жиҳатдан, баъзида энг шахсий мавзуларда битилган шеърлар ҳам истайсизми, йўқми, ижтимоий мазмун касб этади. Артур Шопенгауэр айтадики, асл поэзия ўз даври ҳақида тарих китобларидан кўра яхшироқ тасаввур уйғотади.
Ва таъкидлашим керакки, ўзига нисбатан самимий бўлмаган, ёлғон ёзган шоирлар фақатгина адабий эмас, тарихий сохталикка ҳам дахлдор бўлиб қоладилар.

— Баъзи ижодкорлар ижодга иложсизликдан топилган чора, дея баҳо берадилар. Сизнингча, ижодкор ижод қилиши учун қийин вазиятга тушиши шартми?

— Ўз даврида қадр-қиммат топмаган, муҳтожлик ва йўқсилликда яшаган доҳийлар оз эмас. Ва бир қатор санъаткорларнинг ўз даври билан, муҳити билан зиддияти, тўқнашуви дунё адабиётида кўпгина гўзал асарларнинг яратилишига сабаб бўлган. Бу тахминан тишли чархларнинг бир-бирини тортиб-тортиб, ҳаракатга келтиришига ўхшайди. Аммо истеъдод ўз яратувчанлик қудратини биргина азоб-уқубатдан, муҳтожлик ва қашшоқликдан олганда эди, Лев Толстой номли ёзувчи ўтмаган бўларди. Аслида эса, барча икир-чикир муаммолар, шу жумладан, турмуш ташвишлари ижодкор одам учун фақатгина маъно касб этади. Шу маънода Маркеснинг бир фикри билан кифояланаман: “Ўша – шоирлар, ёзувчилар ҳақида кўп мушоҳада қилганларнинг, “яхши ёзиш учун ёмон шароитда яшамоқ лозим”, деганларнинг ўзларини шундай ҳаёт кечирмоққа мажбурлаш керакки, кўрсинлар, бу қанчалик натижа беради.”

— Ғарб адиби Жеймс Жойснинг “Ҳар бир ёзувчининг перосида битта романга етадиган сиёҳ бўлади,” – деган ижод сири билан боғлиқ жуда характерли сўзлари бор. Шоирнинг шеърий кайфияти, шеър билан, қоғоз билан юзма-юз бўлиш жараёни, шубҳасиз, ҳайратли жараён. Битта шеърни ёзган шоир бошқа лирик ҳолатга кўчишида мутлақо бошқа руҳий жараённи бошдан кечиради. Шу ўринда, бутун ижоди давомида фақат битта асар ёзиш, яъни услуб – ижодкорнинг ўзидир, деган мазмундаги юқоридаги фикрга қандай қарайсиз?

— Услуб, аслида, ҳар бир шоирнинг, ёзувчининг ўзини ифода этиш шаклидир. Дунёнинг буюк санъаткорларини ўқир эканмиз, биз ўзини ифода этмоқнинг турлича йўлларини ва усулларини кузатамиз. Аммо сиз ўзингиз жалб этарли бўлмасангиз, ҳеч қандай гўзал услуб, шакл сизни мароқли, қизиқарли қилолмайди. Мен шакл ахтариш билан ёшлигимда, хусусан, 60-йилларнинг охирларида банд бўлиб қолганман. Ўша йиллар мен учун ўзни тасдиқ этиш даври эди. Санъатда ҳам, ҳаётда ҳам, фарқли кўринишга, ўхшаши бўлмасликка интилиш; фарқли ёзиш, фарқли кийиниш демакдир. Лекин айни пайтда суҳбат асл поэзия ҳақида бораётган экан, ҳар бир шеър ўз ифода шаклини, оҳангини, интонациясини ўзи олиб келишини айтмоқчиман. Ва шоирнинг фарқлилиги, бетакрорлиги унинг дунёга қандай кўринаётганида эмас, балки у дунёни қандай кўраётганидадир.

— Ёшликнинг ўзи ёзадиган шеърлари бор. Ўз навбатида маълум бир улғайиш даври бўлган, ҳаётга ўта жиддий қараб, мулоҳаза қилиб, битиладиган шеърлар ҳам мавжуд. Руҳ ўлмасдир, дейилади муқаддас китобларда. Шоир руҳи, шеър руҳи бизнинг ўткинчи умримиз билан қандай ҳисоблашаркин?

— Шеъриятда, мусиқада, умуман, маданиятда илоҳий ибтидонинг мавжудлиги, шубҳасиздир. Қадимги Лотин маданиятида сўз икки маънода қўлланилади: kultura agri – тупроқдан яралмоқ ва kultura Dei – Оллоҳга етишмоқ. Истеъдод Оллоҳнинг инъомидир. Уни бирор нарса билан қўлга киритиш, эгаллаб олиш мумкин эмас. Аристотел шоирларни “Тангри девонаси” деб атайди. Тангри ўлимсиз бўлганидек, моҳиятида илоҳий ишқ бўлган шеърият ҳам ўлимдан ҳолидир. Биз Худосизлик (атеизм) дарси ўтилган СССР ўлкаларининг мактабларида тахсил олган эсак-да, Худосиз бўлмадик. Агар 60-йиллар биз учун шеъриятимизда шакл излаш, дунёга юз очиш даври саналган бўлса, 70-йиллар ўзга қайтиш даври бўлди. Инқилобдан сўнг шериятимиздан худди йиринг босган шишдек кесиб олиб ташланган метафизик тушунча, Оллоҳ ва инсон муносабатлари шу йилларда поэзиямизга янгидан қайтди. Ва Ғарбнинг экзистенциализм фалсафаси билан Шарқнинг сўфийлик қарашларидан гўзал ва бетакрор бир синтез пайдо бўлди. Таассуфки, бу поэзия вақтида лойиқ даражада таржима қилиниб, дунёга тақдим эта олинмади. Ишонаманки, кеч бўлса ҳам, бунга ҳали эришамиз.
Исо Пайғамбар (а.с): “Менсиз ҳеч нарса ярата олмайсиз,” – деб марҳамат қилган эдилар. Афсуски, бугун “яратувчилар дунёси”да эмас, фойдаланувчилар оламида яшамоқдамиз. Ва бунинг бир намунаси: бугун кенг тарқалиб бораётган постмодерн адабиёт ва маданиятдир Турли-туман жанрларда ўз ҳолича яратилган ушбу намуналарнинг, моҳиятига эроник маънолар аралашган хар ҳил шаклларда, мароқли ё мароқсиз тарзда “қайта ишланган” бу маданиятнинг наср ва кинодан фарқли ўлароқ, поэзияда бирор жиддий ютуққа эриша олмаётганининг ягона асосий сабаби бор: шеърият сунъий “урчитиш” йўли билан яратилмайди ва шеър фақатгина тил ҳодисаси, сўзларнинг турлича комбинациялари ҳам эмас. Энг асосийси, ўша жонсиз сўзларга ҳаво олиб кирган поэтик руҳдир. Аммо бу жараён қайси томонга йўл олмоқда? Бу саволга жавоб бериш жуда мушкул. Чунки, бу ҳолат энди адабиёт эмас, кимёгарликдир. Буюк дараматургимиз Мирзо Фатали Охундовнинг бир саҳна асарида ҳажв қилинганидек, мисдан олтин олмоқ ҳаракатидир. Ва ҳайратланарлиси шундаки, бу шеъриятда мумкин бўлган ҳодисадир.

— Шеърда энг муҳими нима? Албатта, қуйидаги омилларнинг ҳар бирини истеъдод ва муҳаббатга таянган ҳолда тилга олаётирмиз: образлилик, теран фикр ва фалсафий хулосалар, руҳий манзараларнинг оний ҳамда боқий тасвирлари ёки ҳаётийлик. Сизнингча, буларнинг қай бирини олд ўринга қўйиш мумкин?

— Шеърга рецепт тақдим этиш жуда қийиндир. Қайсидир шеърда санаб ўтган барча “масаллиқ”ларингиз ортиғи билан бўлиши мумкин, аммо у шеър ҳатто Сизнинг сатрингизни ҳам “ўйнатолмайди.” Ушбу “масаллиқ”ларнинг ҳеч бири бўлмаган, 2*2=4 қадар содда шеър, эҳтимолки, Сизни ларзага сола олар. Умуман, истеъдод содда нарсаларни мураккаб деб айтмоқ эмас, энг қийин, мураккаб нарсаларни содда демоқ маҳоратидир. Буюк шоирларнинг ижодига назар ташласангиз, унинг тобора соддалашиб борганини кузатасиз. Ҳатто, Пастернакдек жуда мураккаб шоирнинг ҳам сўнгги шеърлари ақл бовар қилмас даражада соддалик билан битилган. Аслида, тажриба бизга ёзмоқдан кўра, бузмоқни кўпроқ ўргатади. “Поэзия мусиқий бўлишга интилади.” Бу машҳур иборада катта ҳақиқат бор. Тўғриси ҳам шу, шеър ўзининг энг юксак нуқтасида мусиқа сари эврилишга, барча ортиқча нарсалардан, ҳаттоки, сўздан озод бўлишга интилади. Аммо афсуски, бу мумкин эмас.

— Алишер Навоийнинг “Хамса”си 300 нусхада битилган. Шундай бўлса-да, у Турону Хуросонда ўз вақтидаёқ машҳур эди. Бугун Нобель лауреати бўлган адибларни ҳам танимаймиз ёки номини ўша мукофотни олган чоғида биламиз. Унутиб юбориш ҳам ҳеч нарса бўлмай қолди. Шу маънода машҳурлик деган сўзнинг шоир қисматидаги ўрнини қандай кўрасиз?

— Машҳурлик, атоқлилик истеъдоднинг асосий белгиси эмас, танилмаган истеъдодли шоирлар ҳам бор. Аммо ҳар ҳолда машҳур бўлиш учун ҳам истеъдод керак. Чунки, машҳурлик шеърларимизнинг ўқувчи қалбидан келган акс-садосидир. Айни пайтда совуқ, мазмунсиз шеърлар орқали кимнингдир юрагини тебрата олиш қийин масаладир. Бир сўз билан айтганда, машҳурлик шоир учун ҳамма нарса эмас, аммо уни гўёки, ҳеч нарса деб ҳисоблаган шоирларнинг самимиятига ҳам ишонмайман. Негаки, уларнинг оз нафарли ўқувчи эътиборидан қанчалик севинганларини кўп кузатганман.

— Ёзолмаган кунларингиз аламини қандай оласиз? Ёки ижодкор ҳамиша мунтазам ёзиши шартми?

— Мен ўзимдан шоир “ясамайман.” Табиийки, шеър ёзмаган кунларим шеър ёзган кунларимдан бениҳоя кўпдир. Ёшлигимда шеърга, сўзга кўчирмоқчи бўлган ҳар бир фикримни, туйғумни, қўйиб юбормасдим. Энди эса сўзга янада хасисман. Аслида, нима бўлса, унга шеърий таъриф бериш, қайдайдир сўзлардан поэтик комбинациялар қуриш унчалик қийин иш эмас. Бу дунёнинг чангидан тортиб, юлдузига қадар бўлган борлиқ тилга киришни, фикрлашишни, сўзга айланишни истайди. Назаримда, биз ёзган шеърларимиз бизсиз ҳам бор эди. Ва бундан кейин битажак сатрларимиз ҳам бизсиз мавжуддир. Фақат биз ўша шеърларни кўра олишимиз ёки кўролмай, ёнидан ўтиб ҳам кетишимиз мумкин. Уларни кўриш учун ҳамиша шеър кайфиятида яшамоқ керак. Турмуш ташвишларига ўралашиб қолган шоир тонгданоқ бурнининг учида турган шеърни ҳам кўра олмайди. Бир тасаввур борки, инсон ўлғайгач, ташвишлари озаяди ва шунинг қайғусини чека бошлайди. Аммо мен кузатган манзара аксинчадир: ёш ўтган сари дардларимиз ҳам ортиб бораверади. Ушбу айтаётганларим кам ёзганимни оқлаш эмас, албатта. Яна бир гапки, оз ёки кўп ёзиш англашнинг ҳам шартидир. Масала қанча ёзишда эмас, нимани ёзишдадир. Ёшликдан фарқли ўлароқ, мен бугун хаёлимдан ўтган, битилмоқни истаган барча шеърларни эмас, балки мен фақатгина ёзишни хоҳлаган шеърларни ижод қилаётирман. Шуни ҳам эътироф этайки, ҳозиргача ёзган юзлаб шеърларимнинг ҳеч бири мен том маънода ёзишни истаган шеърларим эмас. Ҳар сафар ёзиш истаги билан битганим орасида қандайдир таъсирнинг, зиддиятнинг мавжудлигини ҳис этаман. Ва менга шундай туюладики, бу ўша йўқотганимнинг, балки ёзмоқчи бўлганимнинг энг гўзал сабабидир.

— Сизнинг “Сут тишининг оғриғи” достонингиз ва кўплаб шеърларингиз ўзбек шеърхонига яхши таниш ва уларнинг барчасидан Рамиз Равшан деган бир катта оғриқни, изтиробни, ҳижронни, муҳаббатни, умуман, тирик ва ҳассос бир Юракнинг волаларини тинглаб келаётирмиз. Бугун шу шоирни кўп безовта қилган нарсалар нималар?

— Бизнинг барча сатрларимизда, ҳатто ўта абсурд, абстракт асарларда ҳам ўз таржимаи ҳолимиздан ташқарида бўлган бир қатор мақомлар бўлса ҳам, шеърларда ифодаланган бутун дард-оғриқларни шоирнинг ўзига мутлоқ тегишли деб тушуниш хато бўлади. Бундан 500 йил аввал яшаган буюк Фузулий айтганди: “Дард кўп, ҳамдард йўқ.” Шоирлик фақатгина дард чекиш эмас, азоб тортганларга ҳамдард бўлиш ҳамдир. “Адабиёт ҳаётнинг кўзгусидир” дейдилар. Аммо у биргина ҳаётда кўрганларимизни, эшитганларимизни битиш, тасвирлаш эмас, ҳаётда йўқотганларимизни бадиий тахайюлнинг қуввати орқали оппоқ қоғоз узра қайтадан “тирилтирмоқ”қа, яшатмоққа уринишдир.
“Қачондир яшаган масканларимизга яна қайтиш мумкин бўлса ҳам, умргузаронлик қилган йилларимга қайтолмайман.” 90-йилларга, Қорабоғдаги муҳорабага қадар бу фикр мен учун аксиомадек туюларди. Аммо бугун қачонлардир истиқомат қилган, кезган, севган ерларимга қайтиш, ҳаётини яшаб бўлган йилларимга қайтиб бориш қадар имконсиздир. Бу чорасизлик менинг қайғуларим “қатор”идан ўрин олган янги бир дарддир.

– Агар яна Рамиз Равшан каби шоир туғилади, деб айтилса, Сиз унга қандай маслаҳат берардингиз?

— Агарки, қачондир Рамиз Равшан сингари шоир дунёга келар бўлса, мен унга иккинчи Рамиз Равшан бўлишдан кўра, Ўзидек биринчи бўлмоқни маслаҳат бераман.

— Адабий жамоатчиликнинг етук вакили сифатида икки қардош халқнинг келажаги, дўстлиги, равнақи йўлида амалга оширилаётган адабий алоқалар ҳақида ўртоқлашсангиз.

— Мустақилликка эришилгач, ҳар бир биродар ўз уйи, ўз оиласига эга бўлди ва табиийки, муносабатларимиз ҳам бироз сийраклашди. Бугун мана шу алоқаларни қалинлаштириш учун эҳтиёж бор, аввало алоқаларимизнинг гўзал анъанасини давом эттиришдан, Бокуда Ўзбекистоннинг, Тошкентда эса Озарбайжоннинг адабиёт ва маданият кунларини ўтказишдан бошламоқ лозим. Қолгани ўз-ўзидан амалга ошиб боради.

— Ўзбек халқига самимий тилакларингиз.

— Ўз халқимнинг келажаги билан боғлиқ гўзал орзуларимни, тилакларимни қардош ўзбек халқига ҳам соғиниб қоламан.

 

АЙРИЛИҚ

 

Яна бу шаҳарда юзма-юз келдик,
Наилож, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Балки биз бахтиёр бўла олардик,
Эҳтимол, бахтлимиз, хабаримиз йўқ.
Орадан, о, қанча йил ўтиб кетди,
Танимай қолибман кечиргин мени.
Ўйлардим мен сенсиз ўлиб қоламан,
Мен сенсиз ўлмадим…
Кечиргин мени.
“Ўлмадим,” — дейману, бу сўз кўп оғир,
Ўлиб бўлгандирман балки мен сенсиз.
Қабрсиз, кафансиз ўлганман аниқ,
Ўлимдан оғирдир ахир айрилиқ.
Балки биз ўшанда айрилмасайдик,
На мен аввалгиман, на сен эндиги.
Айрилдик, шайтонни кулдирдик у дам,
Бу йилу, бу ойнинг бу кунидаги,
Мана бу кўчада учрашиб турган,
Мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик у дам.
Ён-атроф тўладир одамлар билан,
Қўл ушлашган эркак-аёллар ўтар.
Ўзидан бехабар хаёллар билан,
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар.
Ўтар ўз қонига ботган одамлар,
Ҳолбуки, қон қани?
Оҳ-воҳлар йўқдир.
Ҳамма гуноҳкорлар дунёда аммо,
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.
Бизсиз ёзилмишдир бу толе, бу бахт,
Сопқондан отилган бир жуфт тошмиз биз.
Балки бу дунёда ўн-ўн беш йилмас,
Минг йилдан кўпроқдир айрилиғимиз.
Биз йўлда адашиб кетдик ногаҳон,
Бир манзилни кўзлаб йўлга чиққан он.
Фироқда яшаймиз минг йилдан буён,
Минг йиллик хатога бўлганмиз қурбон.
Эҳтимол, алмашиб қолган қиш-баҳор,
Эҳтимол, алмашган қишлоғу шаҳар.
Балки ўз қорнида ўгай оналар
Ўгай болаларни кўтариб юрар.
Балки бошдан оёқ ёлғондир умрим,
Балки, толейим ҳам аслида ёлғон.
Ҳов йўлдан ўтган қиз онамдир балким,
Балки ўғлимиздир анави ўғлон.
Бу ёлғон умримда сен ўзи кимсан?
Балки, севгилим ҳам бўлмагандирсан?
Балки онамдирсан, опам, бувимсан,
Бир Оллоҳ билади — Сен кимсан, кимсан?
Бизни ким қутқариб олар фироқдан?
Оҳимизга етар на само, на ер,
На ўлик, на тирик. Аммо йироқсан,
Кел, ҳеч йўқ, ўпаман. Қўлларингни бер!
Дейсанки, мурдаман. Мени ўпмагин,
Кафтларим ичида совуқ ер қўлинг.
Дейсан, раҳминг келсин, мени ўпмагин,
Қўлимдан ҳидлари келар ўлимнинг.

Суҳбатдош ва таржимон:
Хосият РУСТАМОВА

www.facebook.com/hasiyet.rustamova

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn