Дилмурод Дўст: Юрт қадри

dilmurod dostИЖОДИЙ МАШҚЛАР

Бу шеърлар шунчаки хом хаёл эмас,
Бу шеърлар эртадир, бу шеърлар тақдир.
Сени ҳам, уни ҳам кўнглимга солган,
Ягона ёлғиздир, ягона Ҳақдир.

****
Мен тирилсам,
Товуш бўламан
.
Усмон АЗИМ.

Мен қачон товуш бўламан?!
Қачон тириламан?!

Тирилгач ундош товуш бўлаймикин,
Ва, ёки унли?..

Ундош товуш бўлиш анчайин мушкул.
НАФАС йўлларида қанча тўсиқларга
дучорланиши аён барчага.

Тўсиқлардан сесканиб,
Қарор қилаймикин ёки унли бўлишга?!

Билмадим…
Бу энди, мен билан бирга
НАФАС йўлига ҳам узвий боғлиқдир.

… Фарқладим. Ундош товушнинг ҳам,
хили кўп экан.

Ниҳоят, НАФАС йўлидаман…
Ва, шу ондан аҳд қилдим;
Бўлмоқликни, фақатгина УНДОШ ТОВУШ!
Ундош бўлганда ҳам-
Сонор-овоздор, жарангли, албат!
(Худо хоҳласа!)

Айни дам дидимга маъқул товуш-Р!
Шундан сўнг муродландим,
Ундош товуш-Р бўлмоққа!

Токи, менга мурожаат қилганларнинг,
Ун пайчаларида,
Мудом титроқ туғилаверсин!

Январ. 2011 й.

* * *

Насроний иҳлоси жўшиб дафаътан,
Излар лаб босмоққа, Исо хочини.
Ернинг қай бурчида шу тоб мусулмон,
Адо этаётир, ўз меърожини.

Гарчи иккисининг ибодатлари,
Бир-биридан фарқли…
Бироқ алҳазар!
Бир ҳилдир уларнинг қалбида мудом,
Жаннатга талпиниш, дўзахдан ҳазар.

2008 й

* * *

Бармоғим ўпади, чироқ тугмасин
Зулмат йиқилади, хонамга шу он.
Менинг ғафлат тунда бедорлигимга,
Очиқ деразадан, ой боқар ҳайрон.

Сўнг яна бармоғим ўпар тугмани,
Шиша лампа сочар, қизғонмай нурни.
Ой ҳайрон…
Мен эса, унутолмайман…
Кеча тўйи бўлган,
Бир гўзал ҳурни.

Такрор ўпаверар, тугмани бармоқ…

2007 й

* * *

Халқ меҳри-энг кучли мўмиё.
Асрлар пўписаси ҳеч гапмас унга.
Мўмиё!!!
Мен сенга сиғиндим.
Ва, яна эгилдим, эгилгум токи
сочларим тупроқни супурмагунча.

Қоғозга тўкилган кўк ҳасратларим,
ўйларим, изҳорим, кўк ҳайратларим.
Сиз ҳам лойиқ бўлинг шу мўмиёга!
Ва, албат, ишонинг сизларни фақат
Бир У олиб ўтгай пўпсадан омон.
15.02.2011й.
ЮРТ ҚАДРИ
Бу йигит кетганди узоқ элларга
Боргач, хатлар ой-у… йиллар жўнатди.
Шароитим яхши, топишим яхши,
Дея хатга қўшиб, пуллар жўнатди.

Ота-она хурсанд, хотини хурсанд,
Келган пулларга зўр иморат солди.
…Мусофирчиликда йигитни дўсти,
Сотиб, чув тушириб, сўнг қочиб қолди.

Хиёнат нишлари бағрин этиб қон,
Йигит кўкси ёниб, кулга айланди.
Имонсиз дўстига ишонган, содда
Оқибат сотилиб, қулга айланди.

Неча йиллар елиб ўтди орадан
Ота-она кутиб кўзи тўрт бўлди.
Аввал ўғил расмин қучоқлаб она,
Эшикка термилиб, сўнг ота… ўлди.

«То қиёмат содиқ бўламан!..» деган,
Аҳд-у, вафосини унутди, хотин.
Кўп ўтмай тунлари ўзин уйида
Эркак жазманларин шод кутди, хотин.

Бевафо хотинга нафрат ёғдириб,
Қариндош, қўшнилар жонлиқ сўйишди.
Йигит кийимларин лаҳадга жойлаб,
Майитсиз қабрга оқ тош қўйишди.

Кунлар эргаштириб, тунларни аста
Фурсат ўтаверди боқмай ортига.
Дараксиз йўқолиб «ўлди»га чиққан,
Сарсон йигит қайтди бир кун юртига.

Келди-ю, онасиз ҳамда отасиз,
Кўзларига дунё кўринди тордай.
Хотин хиёнати, дўст хиёнати…
Ўликка тепкидай, ўликка дордай.

Қанча қийналсанг ҳам лек, Ватанда бўл!
Йигит йироқларда юрт қадрин билди.
Оқшом тупроқ қучиб ухлагач, тонгда
Уйғониб, ўз қабрин зиёрат қилди.

2011 й.

* * *

Синфдошим Азамат Жалиловнинг
хотирасига

О! Азамат дўстим, қайдасан ун бер!
Дўстлар жам, кетяпмиз йўлни тўлдириб.
Бу охири йўқ – йўл, қайга бошлар из,
Сени биздан мангу айро қолдириб?!

Бугун дўстлар бирга ҳамон йўлдамиз,
Ҳар ким ҳар тарафга бурилиб юрди.
Кимдир ўнгдан юрди манзилга қараб,
Кимдир баъзан чапга бурилиб турди.

Йўлдамиз… ортда-чи қолса ўлик он,
Тупроққа қоришиб орзулар қолди.
Қолса янги армон, сўз билмас виждон,
Булоқ сувдек тоза туйғулар қолди.

Йўлдамиз! Биз учун муҳими ҳам шу,
Қўлимиздай қалта, ўйларимиз ҳам.
Елкадаги ғамни рўй-рост кўрсатиб,
Чўзилиб турибди, бўйларимиз ҳам.

Хуллас, яшаяпмиз қўлга қўл бериб,
Қувонч-у ғамларни тенг бўлаяпмиз.
Кимдир юпун қолса умр қишида,
Биргалашиб ёқа, енг бўлаяпмиз.

Ҳар ким ҳар тарафга йўл буриб кетди,
…Мен ҳам кўпга Сўздан гул сочмоқчиман.
Баланд парвоз билан (Худо хоҳласа!)
Қишлоғимдан Кўкка йўл очмоқчиман!

Илкда тутиб ТАҚДИР номли харита,
Йўл излаб кетяпмиз Сен томонларга.
Кўринмас харита бизни ишқилиб,
Бошлаб борсин, илло, о-осмонларга.

О! Азамат дўстим, қайдасан ун бер!
Дўстлар жам, кетяпмиз йўлни тўлдириб.
Бу охири йўқ – йўл, қайга бошлар из,
Сени биздан мангу айро қолдириб?!

Ҳар ким ҳар тарафга йўл буриб кетди,
…Мен ҳам кўпга Сўздан гул сочмоқчиман.
Баланд парвоз билан (Худо хоҳласа!)
Қишлоғимдан Кўкка йўл очмоқчиман!!!

13.06.2012 й.

***

Гоҳ кунимдан Ой чиқди,
Тунимдан Қуёш чиқди.
Ишончим чил-чил бўлгач,
Юрагимдан ёш чиқди.
Биргина ишонганим,
Бу юрак бебош чиқди.
Кўзсиз бу яраларга
Малҳам недир билмадим.

Бахтсизликлар тўпланиб,
Бахтимдан дарак берди.
Бошга тушиб, кўз кўрган
Барисин фалак берди.
-Меҳр бериб, меҳр кўр –
Деб гулдан малак берди.
У гулни шамоллардан
Мен эҳтиёт қилмадим.

Кўпчиликни ўзимдан
Бездириб қўйдим охир,
Кўнгилга қул эканим
Сездириб қўйдим охир,
Ниҳоят, ўзни-ўздан
Ўздириб қўйдим охир,
Лекин, аммо ўзимдан
Ўзиб, кўп вақт елмадим.

Бас! Энди ҳар сўзимни
Кўнгилларга битурман.
Нурни қучиб зулматнинг
Туб-қарига етурман.
Бир кун… руҳни танимдан
Озод этиб кетурман.
Лекин, мен бу ҳаётга
Ўлиш учун келмадим!

12. 08. 2012 й.

* * *

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

Лекин, бир бор бўлса ҳам
нега овқат емасанг –
оч қолишингни,
Китоб ўқимасанг – зерикишингни
ўйлаб кўрганмисан?!

Йўқ, албатта! Сен бу ҳақда
ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмагансан.
Чунки…

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

24. 06. 2012 й.

* * *

Ҳали ҳеч ким етмай, етолмаган ҳам,
Осмонни пастсан деб айбга буюрманг.
-Бошим тегиб қолди Осмонга! Уни
Баландроқ кўтар – деб, Ғайбга буюрманг.

Сиз боққан кўзгулар сал ҳира экан,
Ўзингизни тиниқ кўзгуга солинг.
Ҳа, яна ягона ўтинчим сиздан;
Шифт билан Осмонни ажратиб олинг!

24. 06. 2012 й.

* * *

Шеърларим!..
Худодан тилаб олганим,
Кўнглимдан қоғозга томган сўзимсиз.
Оҳангда ғарибим, бежилва, ҳомуш,
Қуйиб қўйган каби менинг ўзимсиз.

Шеърларим!..
Сир узра нафис кўпригим,
Дилдан дилга борар йўлимсиз, йўлим.
Ором аразлаган тунларим ҳаққи,
Келтирармикинсиз ўлимсиз ўлим ?!
08.09.2011.

* * *

Ёз.
Саратон.
Табиат яшнаб,
меваларин кўз-кўз қилар дарахтлар…

Куз.
Шамол дарахтларни савалаб-савалаб,
нобут айлагач…
Ёмғир билан ювди,
обдон эринмай.
«Ув»лаб жаноза ҳам ўқиди сўнгра.

Тун.
(Мен англолмадим нелар бўлганин
то тонгга қадар…)

Тонгга яқин эса…
Қиш – табиатни кафанлаб қўйди.

2011й

* * *

Ишдан ҳориб, чарчаб келаман секин,
Суянганча икки оёғимга жим.
Кўзим хотирасин йўқотганми ё
қоронғиданми?..
Уларга таниш кўринмас ҳеч ким,
Ижара уй мени қаршилар мудраб,
Тили калимага келмай,
Эшик ҳам,
Остонада қолди…
Оғзин очиб ланг.
Куни билан ким ўзарга
Пойга ўйнашиб,
Туфлиларим йиқилди,
Ҳориб, ҳоли танг.
Чироқни ёқаман,
Шифтдаги лампа
Хонани тун қўйнидан суғириб олди.
Шимим гиламда…
Кўйлагим эса стулга суянганча
Ухлади, қолди.
Менинг эски дўстим қари каровот,
Ташрифимдан шод,
Ғичирлаб айлади, хониш.
Кўрпам мени кутиб ухлаб қолганин,
Юзларимдан ўпиб шивирлар болиш.
Мен секин кўрпамни қуча бошлайман,
Елкасига қўйиб,
икки қўлимни.
Чироқни ўчирмай,
Кўзимни юмиб,
Сўнг қарши оламан иссиқ ўлимни

2010 й

* * *

Пашшага ҳаётда яшамоқ қийин,
Ўтхўрмас, гўштхўрмас, қонхўр ҳашорат.
Чақмаса очликдан, чақса инсоннинг
Зарбидан ўлиши аниқ башорат.

Баъзи инсонларнинг умрига боқсанг,
Пашшанинг қисматин эслатар гоҳ-гоҳ.
Қаноат топталиб нафсга эргашиб,
Ажалнинг зарбидан йиқилган ногоҳ.

2010 й

ТУН

Кўҳна Саҳна.
Доимгидек, у саҳнага,
Қора парда туширилгач чиқиб келади.

Чиқиб келади-ю,
мисли кўрилмаган КУЧ билан,
бутун инсониятни ишғол этади.

У қандай сеҳрли кучга эга-ки,
жами одамзодни йиқитар тиғсиз?!

Ваҳмли нигоҳига қарашга ботинолмай,
Одамлар, бирин-кетин кўзларин юмиб олишар.

Қизиғи шунда-ки – мағлуб инсонларнинг
бари чалажон.

Ўлиб – ўлик эмас,
Ва, ёки тирик!..

Январ. 2011й.

* * *

Мен кўкка интилиб яшайвераман,
Кўкка эса ёқмас бу интилишим.
Қора булутларни юборар, такрор
Қийинлашсин-дея, «юриш» қилишим.
Елкамга мингашиб қора булутлар,
Пастга…
Пастга…
Пастга босиб боради.
Барча сафдошларим каби менинг ҳам,
Оёқларим ерга ботиб боради.
Буюк ғалабани сўраб Оллоҳдан,
Интиламан…
Ботиб қоп-қора терга.
Қўрқаним…
Мендан олдин интилганларни,
Булутлар чўктириб юборган ерга.

Март. 2011й.

ҚОРИН ҒАМИ…

Менинг энг катта душманим ичимда,
Унга умримни кўп қисмини сарф этдим.
У сабаб- вақт баъзан бахт ва виждонни
бой бериб,
Кўзимгача гуноҳга ботиб кетдим…

У бўлмаганда мен қанча оламшумул,
Ишларни қилишга улгурармидим?!

Бир кунда уч бора исён, қўзғолон…

Ёшлигимда Онамдан ўрганган усулим билан
исённи босаман аранг.
(Шу он Онамни ҳар қанча алқаш мумкин.)
Шундайин душманни,
Шундайин ёвни,
Фақат,
нон чайнаб бериб,
алдаш мумкин.

03.04.2011й.

НАЖОТКОР УМИД

Дўстим Нурбекка

Инсоннинг тафтини инсон оларкан,
Дилни азоб тиғсиз қонатган чоғи.
Унут бўларкан-у барча аламлар,
Лекин, ўчмас бўлиб қоларкан доғи.
Бурним қон, лек дилда орзу-ла ўсдим,
Ҳар кимга бир даврон келади дўстим!

Тақдир кўчалари ўйимдай чалкаш,
Бизлар берк кўчага дуч келавердик.
Синовли кунларда бўлишиб дилкаш,
Орзуга эргашиб, куч йиғавердик.
Бизнинг ой ҳам бир кун тўлади дўстим,
Ҳар кимга бир даврон келади дўстим!

Кўзланган манзиллар гарчи олисдир,
Қимирлаб қир ошиб етурмиз, албат!
Бизга куч бағишлар бу йўлда дуо,
Ҳам содиқ ҳамдамли оташ муҳаббат!
Ишқда синов – ҳижрон бўлади дўстим,
Ҳар кимга бир даврон келади дўстим!

Кимга ғам келгани, кимгадир қувонч,
Сабру ҳаракатдан толмасак бўлди.
Ой ўн беши зулмат, ўн беши ёғду,
Зулматда адашиб қолмасак бўлди.
Бу кун – ҳали унут бўлади дўстим,
Ҳар кимга бир даврон келади дўстим!

Биз тонгни кутяпмиз, тонг узоқ эмас…

29.09.2011й.

ОЁҒИ ЕРДАН УЗИЛГАНЛАРГА

Атрофдагиларга юқоридан қарагани
учун фақатгина жирафани кечирса бўлади.

Цаль Меламед.

Инсон ер билан тирик,
Ер эса инсон билан.
Бир кун… ерга қайтамиз,
Хайрлашиб жон билан.
Қушмассан қанотинг йўқ,
Ҳам қанотли отинг йўқ.
Ердан узиб оёғин…
Кўкка учган зотинг йўқ!
Тилинг ғийбатда бўлса
Охир, дил ранжли бўлур.
Қанча, «учсанг» шунчалик,
Қулаш аянчли бўлур.

28.12.2011й

* * *
Фариштага

Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри,
Менинг хаёлларим ўғирлаб кетган.
Яна тортиб олиб ихтиёримни,
Изига изларим тўғирлаб кетган.

Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри,
Шўрини қуритиб неча-нечани.
Бир қараб оромсиз этиб кишини,
Тонгларга улатган узун кечани.

Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри,
Кўнгилни ўғридан тозалаб бўлмас.
Энг алам қилгани сендай ўғрини,
Ҳеч бир қонун билан жазолаб бўлмас!

Сен гўзал ўғрисан, энг гўзал ўғри!..

08.09.2011.

Т Ў Р Т Л И К Л А Р

Мухаббат ёғдуси кўнгилга ташриф,
Ғам-алам юракда унитилган ҳур.
Гар сенга бермоқлик бўлсамда таъриф,
Бағоят гўзалсан, ҳиссиз ва мағрур.
2008й
* * *
(Куюнчак китобхондан эшитганим)
«Шоир» «Сайланма»си чиққач нашрдан,
«Тақриз»чи китобни қуёшга босди.
Унда «Шоҳ асар»лар кўплиги учун,
Шу кун… адабиёт ўзини осди.

ИЗҲОРСИЗ СЕВГИ

Тор йўлак.
Ортингдан кузатиб бораман.
Ўн қадам орамиз…
Қоронғу йўлакда ҳеч ким йўқ,
Сен, мендан бўлак.

Ортингга қарайсан гоҳи-гоҳида,
Қарашинг-УМИДдир менга.
Ўн қадам орамиз…
Ортингдан келишим
бу сўзсиз изҳорим сенга.

Тор йўлак.
Ўн қадам орамиз…
У ён, бу ён чопиб халак,
Шу оралиқда изҳорсиз севги.
Биз эса шу зайил кетиб борамиз.

Тор йўлак.
Ўн қадам орамиз…

2011й

РАШК

Сени ўзимдан ҳам қизғониб, аммо
Гулларга берибман қучоқларингни.
Ўзим тишламайин бир бора ҳатто,
Зиракка берибман қулоқларингни.

Қизғониб, қизғониб нурли юзингни,
Қуёш нурларига силатиб қўйдим.
Сочингни ўйнаган шамолни бугун,
Қалбимга қамаб сўнг, ухлатиб қўйдим.

Қўлингдан тутмадим ҳеч қачон бироқ,
Қаро мунчоқларга ушлатиб қўйдим.
Изҳорга атаган журъатимни мен,
Сенга бир қарашга ишлатиб қўйдим.

Кўзларингга боқиб бахтни хис қилдим,
Аммо, рашким келди икки кўзимга.
Аллоҳ насиб этса бир кун висолинг…
Қандай раво кўрай сени ўзимга?!

2010й

* * *

Оҳ!..
Сенсизлик босиб олар мени кўрпадай,
Ерга кириб кетолмайман,
Чорламас осмон.
Жануб-Шимол, Шарқу Ғарбга
қарамайман лек,
мен борар жой энди фақат,
Бешинчи томон.
Кўз тикаман, кўзларимга сиғмайди дунё,
Кенг дунёга сиғмас, аммо
Кўнглим шул замон.
Бевафо ёр!..
Дунёнг энди ўзингга сийлов,
Мен кетяпман;
Қайлардасан БЕШИНЧИ ТОМОН?!

19.02.2011й

* * *

Кўчага боқаман ойна ортидан.
Ташқарида қор…
Ташқари совуқ.
Хаёлим қорларга ботганча, ана
кетиб бораяпти уйингга яна…

…Одобсиз хаёлим берухсат кириб,
Даҳлизда турганча сўрайди сендан,
-Хаёл уйдами?..
Сенинг жавобинг,
-Уйда йўқ.
Кетганди, сўрамай мендан.

Хафсаласиз, мадорсиз қайтар хаёлим,
Йўлда неча тўхтаб, куч йиғиб олар.
…Қайтиб.
Остонада киролмай турган,
Сенинг хаёлингга дуч келиб қолар…

19.02.2011й.

* * *

Ёмғир ёғаяпти, ташқарига боқ…
Дарахтлар баргини ювиб ёғаяпти.
Бир қара кўчага, қанчадан-қанча
Одамни, уйига қувиб ёғаяпти.

Ёмғир ёғаяпти, ташқарига боқ…
Аксингни кўрсатар асфалть кўчалар.
Ёмғирпўшни пана қилиб йигит-қиз,
Бир сайр баҳона, бирга кўчалар.

Ёмғир ёғаяпти тингла овозин,
Номаълум нотада куйлайди майин.
Кўлмаклар саҳнида, гўё атайин,
Томчилар раққосдек кўрсатар нозин.

Ёмғир ёғаяпти…
Ташқари чиқдим.
У юзларим силаб ёғаверди жим.
Тўкилиб йиғладим ёмғир баҳона,
Йиғлади-деб хаёл қилмади ҳеч ким.

29.09.2011й.

* * *

Куз.

«Ҳазонрез» куйининг энг авж палласи,
Дўстим қалдирғоч билан ҳайр-хўшлашдик.

Эсимда…
Кетар чоғи кўкдан туриб шундай деганди,-
«Ер юзида сепкилларнинг сон-саноғи йўқ!»

Қиш.
Ер бугун Осмонга чиройли кўриниш учун,
Эрталабдан сепкилли юзига упа сурмоқда.

2010 й

ШЕЪР ЁЗИШ ОЛДИДАН…

Ҳажвий фантазия

Бозордан бир қути «сукунат» олдим.
Келиб тўкарман, деб хонам ичига.
Бир елим ҳалтага «дард»дан ҳам солдим,
Илиб олдим уни, бармоқ учига.

Навбатга туриб сўнг «вақт» харидига,
Туртиниб-суртиниб ниҳоят етдим.
Йўлни ўнгга буриб, шахд ила сўнгра,
«Илҳом» сотадиган дўконга кетдим.

Борсам, у ерда ҳам тирбанд-тиқилинч,
Шоир-шоиралар навбат кутарди.
Халқнинг муҳаббатин қозониш учун,
Навбат кутиш билан умри ўтарди.

Худога шукур! Мана, мен ҳозир…
«Илҳом»лардан танлай бошлайман жўшиб.
Сотувчи айтади: -Уч қоп олсангиз,
Майли, мен бераман ярим қоп қўшиб.

Менда уч қоп учун, топилмас чақа,
Акси олиб, чиқмас ишлар ҳам «мойлик».
Секин сотувчига шивирлаб дейман:
-Қарзга бериб туринг, чиққунча ойлик.

Базўр рози бўлар сотувчи йигит,
Мен шодон қайтарман, пиёда уйга.
Биров ўқиб, ўқимаган… шеър учун
Дўстларим тушмадим, бугун не куйга.

ЁЗИЛМАГАН МАКТУБ

……..га

Ўзини ичкари урар ойнадан,
Кўчада туғилган шовқин-суронлар.
Ойнадан кириб жим, лол бўлиб қолар;
Хонада рақс тушар Сукунатхонлар.

Зерикиш ёнимда, иккимиз бирга
кузатамиз…
Ўйнар, Сукут қизлари.
Улар рақсин адо этмасдан туриб,
Чапак чала бошлар оёқ излари.

«Илгакда осилиб озган кастюмни,
Бироз семиртириб юборар тана.»
Бисотида танҳо мусиқа билан,
Кўчага кузатар эшигим яна.

Ҳеч англаёлмайман, қайга кетаяпман?!
Гўё оёқларим меники эмас.
Йўлда дуч келганлар манзилим сўраб,
Лоақал биттаси — Йўл бўлсин?.. — демас.

Ҳа, улар ўрганиб қолишган менинг,
Ҳар кеча шу йўлда пайдолигимга.
Эҳ! Улар билишмас шу кўчада бир,
«Санамлар Шоҳ»ига шайдолигимни.

Худди-ки ҳижроннинг йўлларидай тор,
Йўлакдан ўтарман мен бу кўчага.
Ростини айтганда сенинг деразанг,
Ўзгача файз бериб турар кўчага.

Сен эса уйингда… Мендан бехабар,
Муҳаббат ҳақида китоб ўқийсан.
Кўзларинг толиқса, хаёлга чўмиб
Ўзингча умидбахш шеърлар тўқийсан.

Мен ҳамон кутаман…
Умрим кутишдир.
Бир шеърга дўнади мен билан кеча.
Васлингга етарман, Сенга етарман,
Ҳаммадан ва, албат, ўзимдан кеч-а…

29.09.2011й.

ЖУДО АЙЛАДИНГ…

Сен мени боримдан жудо айладинг…
Ўзи ҳеч нимам ҳам йўқ эди шундоқ.
Бор бойлигим эди покиза севги,
Кўп кўрдинг, мен энди яшарман қандоқ?

Сен мени боримдан жудо айладинг…
Овунчоғим эди хаёлим тунлар.
Ўғирладинг ҳатто хаёлимни ҳам,
Энди ўйларимда аччиқ тутунлар.

Сен мени боримдан жудо айладинг…
Уйқуни соғиниб ўтмоқда кўзим.
Сен ҳақингда қанча ўйласам, шунча
Унутиб борарман ўзимни-ўзим.

Сен мени боримдан жудо айладинг…
Қалбимни эгаллаб олибсан, билдим.
Бугун ўшал сени сўроқсиз севган,
Юракдан воз кечиб, уни оқ қилдим.

Сен мени боримдан жудо айладинг…

2008й

БЕАДОҚ РАШК

Ҳуснингга термулар, тўймай ютоқиб
Сенинг чиройингга ташна кўзларим.
Секин шивирлайман: Тўйиб бир боқиб,
Чақна, қувон яна яшна кўзларим.

Қитмир шамол яна рашким қўзғатиб,
Сочларинг тортқилаб, ўйнар басма-бас.
Йўл-йўлакай кўзинг тушган тераклар,
Шамшод қоматингга қилурлар ҳавас.

«Оқар сувга юзинг ювсанг қўрқаман,
Ҳуснингни оқизиб, кетмасин»- дея.
Раҳмим келар баъзан пиёлаларга,
Лаб тафтидан қизиб кетмасин, -дея.

Ҳавасим келади, оддий ёстиққа
Юз боссанг… У ўпар… Тонглар отади.
Жуда рашк қиламан, кўрпангга чунки
Бутун тун, у сени қучиб ётади.

Оҳ!..
Бу азоблардан менга йўқ омон,
Рашк тиғидан бир кун йиқилсам керак.
У дунёда бўлиб, сени бегумон…
Ҳатто, бу дунёга рашк қилсам керак.

2009й

* * *

1. Қуёшни еб қўяр яна…
Оғзи қон,
Еб тўймас, бу – Ер.

Одам. Қоронғу хонада.
Оппоқ чойшабга ўраниб,
ётар ўрнида.

Хуррак ўткир тирноқлари ила,
Сукут юзин тимдалай бошлайди.

Юзлари доғли фалакнинг,
Саҳар кўзи ёриди…
У фарзандин исмини ҚУЁШ деб қўйди.

Дилбандин ВАҚТга ишонган фалак,
Оқибат, ундан жудо бўлди яна.

Одам. Ўз ҳаётини шу норасида
Қуёш умри билан ўлчайди ҳамон.

Ҳомиладор фалакнинг чеҳраси ёришиб,
Юзига қизил қон югуриб қолди.
-Унинг кўзи ёриди!.. У ҚУЁШ туғди!..
-Суюнчилай бошлайди, қушлар ўз тилларида.

Ер.
Ногоҳ,
Чанг солар бу гал Одамга!
Бу томошага гувоҳ Қуёшнинг,
иссиғи чиқиб,
тафти юзларида акс эта бошлар.

Содда Одам!.. Эҳ, содда Одам!..
Ҳотиржам, умрини ишониб ВАҚТга,
кутилмаганда унинг хиёнатига дучор…

2. Қуёшни еб қўяр яна…
Оғзи қон,
Еб тўймас, бу – Ер.

Одам. Қоронғу хонада.
Оппоқ чойшабга ўраниб,
ётар ўрнида.

Оҳ!..
Сукутнинг юзлари бунчалар гулгун!..
29.01.2011й.

ҲАЁТ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Туғилиш — ўлимга қўйилган биринчи қадам.
(И.В.Гёте.)

Туғилдинг, бу ҳаёт остонасида,
Сени қарши олди, бир ёғоч бешик.
Улғайиб, яшаб сўнг кўзинг юмганда,
Қабринга кузатди, тебранмас бешик.
Бу ҳаёт – шу икки бешик ораси…

Туғилдинг, ўрашиб оппоқ йўргакка,
Эркалаб, эъзозлаб, севиб-суюшди.
Руҳ оҳир танангни тарк этган куни,
Яна оқ йўргакга ўраб қўйишди.
Бу ҳаёт – шу икки йўргак ораси…

Кўз очиб, ҳаётни кўрганинг заҳот,
Одамлар йиғингга жим қулоқ осди.
Бандаликни бажо келтирган кунинг,
Дунёни ўзгалар кўз ёши босди.
Бу ҳаёт – шу икки йиғи ораси…

Шу қисқа ҳаётда энг муҳим юмуш,
Яхши ном қолдириб, яшамоқ экан.
Англадим, туғилиш аслида дўстим,
Ўлимга илк қадам ташламоқ экан.
Ҳаёт – туғилиш ва ўлим ораси…

2007 й

* * *
Ижара уйимда Сен меҳмон бўлдинг,
Деворда гуллади гулқоғоз шу тун.
Зумда бир гулзорга айланди хона,
Иккимиз кузатдик, бўлганча мафтун.

Тирноқдан тер бўлиб оқди хижолат,
Ҳаммаёқ бетартиб (йиғмадим хисоб.)
Китоб жавонимда ёстиғим, ана
Ёстиғим ўрнида бир қучоқ китоб.

Кел, мана ўзинг кўр ҳаммаёқ қоғоз,
Барида ўзингга аталган шеърлар.
Ишқингда шунча шеър битсам ҳам яна,
-Сен унга муносиб эмассан,- дерлар.

Айт, нима қилайин?..
Не ҳам қилардим.
Мумкиндир тонггача ўқимоғим шеър.
Мен учун Сен – шеърсан, шеър эса Сендир,
Ўтинчим, ўзингни менга қайтиб бер…

Дераза юзлари оқара бошлар,
Дийдор қотили – тонг унда акс этар.
Сен эса кетарга чоғланаркансан,
Қор ёққан юзингда лабим рақс этар.

Сен чиқиб кетарсан, гуллар қовжираб,
Деворга ёпишар қоғозга дўниб.
Кетарсан… Яна бир келиш шарти-ла,
Мен эса қоларман шартингга кўниб.

27.11.2011й.

* * *

Тонгга ишонмайман
чунки, у ҳар гал
Шомга бураверар менинг йўлимни.

-Орзу-чи?..
-Армонга!
-Ишқ-чи?..
-Ҳижронга!..
Кўмар…
Кўмаверар ўнг-у сўлимни.

Фақатгина ҲАЁТга ишонардим мен…
Ишонгандай худди ёлғиз Аллоҳга.
Оқибат…
ўлимга рўбарў қилиб,
У ҳам ташлаб кетди,
қоронғу чоҳга…

20.12.2011й.

* * *

Ҳаёт учун умрим нима деган гап?..
Эътиборда – қадрсиз хасча бўлмайди.
Менсиз бағри камиб қолмаган каби,
Бир мен билан ҳам унинг
бағри тўлмайди.

Умр – эгнига гоҳи оқ,
гоҳ қора кийиб,
Йўрғалайди…
Эргаштириб гуноҳ-савобни.

Манзил аниқ!..
-Лекин, қачон етаман?-дея.
Ногоҳ!..
Топиб олар,
саволига-жавобни…

20.12.2011й.

* * *

Ғам ютдим, ичимга ютавердим жим,
Кўз ёшга айланиб, юракка томди.
Ошкор йиғлолмадим, йигитман дедим,
Олд юрдим… кўтариб бойлиги—Жомни.

Жом минг чега эди,
Йўқ, юз минг чега…
Кўрган кунларимдан кўпдир синиғи.
Жондан тўйдирганди ТАҚДИР исмли,
Жиддий ҳазилкашнинг турфа қилиғи.

Шунда ҳам ҳеч кимга бир сўз демадим,
Гарчи, тинглагувчи сўздан кўп эди.
Мингдан бир дардимни айтдим қоғозга,
Фақатгина ундан кўнглим тўқ эди.

Шоирларни кўрдим кўп қофиябоз,
Нафасга қафасни тиркаб қўярди.
Дил сўзига пулни, эркка берк дея,
Дилга сиёҳини суркаб қўярди.

Ўшанда ёш эдим, ўйламас эдим,
Бахтли инсон ким-у, кимдир бахтсизлар.
Бугун ўтган ҳар он уқтирар менга,
«Бахтсизлар, бахтсизлар асли дардсизлар!»

Вақтнинг сўзларини таржима қилиб,
Икки сатр шеърга ном қўйдим…
БАХТЛИ
Дардга доя дунда абадул-абад,
Фақат дарди борлар яшашга ҳақли.

БУҚАЛАМУНГА

Эҳ, буюк даҳолар, буюк даҳолар,
Ҳар кимга беришиб ҳар хил баҳолар.
Эҳ, буюк даҳолар, буюк даҳолар,
Нархин билмай, ўзга нархин баҳолар.

Қушни оёғидан тортавердингиз,
Елкасига тузлар ортавердингиз,
-Бундоқ уч, ундоқ уч – айтавердингиз,
Эҳ, буюк даҳолар, буюк даҳолар,

Пиёдасин кети эгарга тегса,
Узангги ер қучиб узилай – деди.
Бирдан ўсиб қолган қўллар-чи, анов
Кўкда турган ойга чўзилай – деди.

Тупроқ ғиштга дўниб, ердан баландга
Чиқмоқни орзулаб, ётаверди жим.
Қазган чоҳин кўмиш учун тупроқни,
Ердан ҳам пастроққа отган айтинг ким?!

Наздимда, мияни қоринда сақлаб,
Улар арзон фикрин қонун билгудай.
Эҳ, қўйиб берсангиз, бизнинг «даҳолар»
Ҳатто-ки, Худони танқид қилгудай.

10.03.2012 й.

* * *

«Мен Сени Севаман!..»
Лабларимдан отилган бу – ўқ сўзлар,
Учиб борар, сенинг нишон – қулоқларингга.

Ўқ нишонга теккач,
Юрагинг қадамлари тезлашиб кетар,
Ва кипригинг шаффоф қони оқар овозсиз.

«Мен ҳам…»
Бирдан сен ҳам ўқ узасан нишонларимга.
Сўнг, тўсатдан ўқ отарлар тўқнашиб кетар…

24.03.2012 й.

***
Айланиб қолсайдим шамолга,
Ҳавони кесгувчи шамолга.
Инсоннинг сокин дил дарёсин,
Сийпалаб эсгувчи шамолга.

Шунда ул дарёлар жўш уриб,
Кўринмас қирғоқдан тошарди.
Шамолдан туғилган тўлқинлар,
Дил уйғотмоқликка шошарди.

Айланиб қолсайдим шамолга,
Тўлқинлар уйғотсам дарёда.
Тўлқинлар мавжининг шавқидан,
Мудроқ дил қолмаса дунёда.

12.05.2012 й.

ЎН БАРМОҚЛИ ТИЛ

Вокзал.
Ўн саккиз ёшли бир гунг йигитча,
Тирикчилик қилар эди
ҳаммоллик қилиб.

…Бир гўзал қиз уни имлади,
(Қўлларида икки оғир йўл қути.)
Қизнинг ақли юпкасидан ҳам
калталигини билиш мушкул
бўлгани каби,
Қийин эмас эди, фаҳмлаш
Унинг дидин белидан ҳам нозиклигини.

Лекин
Ҳаммол йигит буларни ўйламас эди.

У севиб қолганди!
(Бекор эди
қолган барча нисбий нарсалар.)
Қўлларида эса оғир йўл қути.
У ишқин изҳорига имконсиз эди.
Йўл қутилар банд қилганди унинг тилини.

31.03.2012 й.

***

Майдон.
Чопиб борар бир майдон одам,
Тулпор минган ҳам бор, эшшак минган ҳам.
Шу ерда ҳаммаси: учган эшшак ҳам,
Чўқ тулпор (олд чопиб, бели синган) ҳам.

Менга ҳеч қизиқмас, айтган сўзингиз,
Билиб қўйинг, ғийбат сўйлаётганлар.
Менга фақат ҳайрат берар, майдонда
Эшшагин тулпор деб ўйлаётганлар.

15.05.2012 й.

СУКУТ СЎРОҒИ

Қадимда шовқинли шаҳар бағрида,
Бир шоир яшарди, кўнглида, сокин.
Бирдан таъби сукут истаб, тоғларга
Йўл олди, сочмоққа шовқиннинг ҳокин.

Яланғоч кўксини керган қоялар,
Овозсиз қўшиқлар куйлаб беришди.
Куйларига жимлик қарсак чалгач, сўнг
Улар кўксин яна баланд керишди.

Шоирга чанг солди, илҳом ҳуружи
Ёзмоққа топмади қалам, майда тош.
Шунда чап қўлини тишлай бошлади,
Ваҳший қонхўрлардай бўлиб бағритош.

Кўрсаткич бармоғин қонга ботириб,
Қоялар кўксига шеърини ёзди.
Яланғоч кўкракли қоя кўксига,
Айтмоқчи бўлгани, дерини ёзди.

Тинмай ёзаверди, қояларга у,
Алвон кўйлак кийди, қоялар кўкси.
Миллион йиллик умри бўйида илк бор,
Қонли дардни туйди, қоялар кўкси.

Кўксин ушлаб шоир йиқилди, ногоҳ
Ранги қонсиз, оғзи очиқ… қароқдай.
Кўкдан боқсанг, кўксин қучган бу шоир,
Туюлар, минг йиллик кўҳна сўроқдай.

13.05.2012 й.

1938 – ЙИЛ

Бу боғда дарахтлар гуллади қийғос,
Ифордан чайқалди тоғ-у тошлар ҳам,
Улар гуллай олди дарахтларга хос.

Кузда ҳам ҳуддики баҳордагидай,
Гуллаб тураверди, боғда дарахтлар…
Бўй сочиб баҳорги наҳордагидай.

. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .!!!

Бесавод ўтинчи боғ оралади,
Қуриганга қўшиб Гулдарахтларни
Тиши занг аррасида арралади.

Дарахтлар йўқ, лек улардан тўкилган
Гуллар безаб турмиш бугун боғларни.
Ул гулларга шайдо не-не булбуллар,
Куйлаб, бағрин қон айламиш зоғларни.

Шукур!
Бугун бу боғ, ўшал гуллаган
чоғлардайин гулга кириб яшнаган!
Ҳислати-ки, бу боғдаги дарахтлар,
Куз фаслин ҳам баҳордайин яшаган.

Бугун боғни қўрир, ёш бир ўспирин,
Боғ ҳадикмай гуллар ҳар ўткинчидан.
Энди қийғос гулга кирар, қўрқмайин
Занг аррали, бесавод ўтинчидан.

13.05.2012 й.

УСМОН НОСИР

Қандай ҳузур экан шу холинга ҳам,
Сени кўролмаслар борлиги, эй Дўст?!
Сен юрган йўлардан чанқоқ, оч-наҳор,
Сендай юролмаслар борлиги, эй Дўст.

Ўйлайсиз – Қанотин қирқсам учолмас,
Ерда кўк қучгувчи қуш хилиданман.
Билиб қўйинг агар билмас бўлсангиз,
Қанотсиз учгувчи қуш хилиданман.

Ҳар сония ўйлайсиз, минг битта чора,
-Не қилсам, ўрнини эгалларкинман?!
Тулпор бўлмаса ҳам, майлига, ҳачир
Эшшагим «тулпор» деб эгарларкинман?!

Ер юзида мавжуд, жами шеърларим,
Ёқиб… нишонлайсиз ўлганлигимни.
Демак, сиз билмайсиз, шеърни қоғозмас,
Кўнгилларга ёзиб бўлганлигимни.

15.05.2012 й.

Т Ў Р Т Л И К

Бир пайтда, дунёнинг икки ерида,
Икки шоир ёзди, салкам бир хил шеър.
Фарқи-ки; бириси ХАЛҚИМ деб ёзса,
Бири эса фақат ХАЛҚУМ, ХАЛҚУМ дер.

13.06.2012 й.
* * *
Ҳар сония умримга қасд қилаверди,
Мен-чи, йўлда фақат ҳижронгул тердим.
Тошкент ёзларининг сокин тунида,
Умримни сенингсиз онларга бердим.

Ўн уч рақами бор трамвай қайтар,
Ширин хотирларни жамлаб, изига.
Эсимда, ўшанда термулгандим, жим…
Заминнинг энг сулув, гўзал қизига.

Беғубор жилмайиб, сўзлар эди у,
Мен юрагим билан тинглаб борардим.
Унинг қаршисида нақадар ожиз,
Ғариб эканлигим англаб борардим.

Бугун ўшал мени орзуга элтган,
Трамвай ортидан бўзлаб қарайман.
Ўшанда ўзингга айтаолмаган,
Изҳортус гапларим сўзлаб қарайман.

Ҳар сония умримга қасд қилаверди,
Мен-чи, йўлда фақат ҳижронгул тердим.
Тошкент ёзларининг сокин тунида,
Умримни сенингсиз онларга бердим.

Бас, йўлга отлангум ҳозироқ, шахдам,
Сенсиз кунларимга якун ясайман.
Самарқандга элтган ҳар қадамимда,
Тобора ўзингга яқин яшайман.

Измимни топшириб олис йўлларга,
Орқалаб борарман ёруғ кунларни.
Ҳар қадамим мени ўзингга элтар,
Ҳар қадам орқалаб борар тунларни.

Аразларингни қўй, унут барчасин,
Шундоғам дилни кўп азобга солдик.
Келақол, уялма, ахир дунёда,
Бир улкан ишқ билан сену мен қолдик.

***

Сенинг юрагингга кириб борурман…
Мана шу тўпори байтларим билан.
Ўзгалар ёдида мангу қолурман,
Бахт учун курашган пайтларим билан.

Сенинг юрагингга кириб борурман…
Зулм кор қилмагай, Ҳақ мен томонда.
Сени ҳеч ким мендай севолмаслигин,
Ич-ичингдан англаб борарсан онда.

Сенинг юрагингга кириб борурман…
Доим шундай кулиб қарши ол мени.
Сен аллақачонлар юрагимдасан,
Юрагимда асраб юрибман сени.

Сенинг юрагингга кириб борурман…
Унгача паймонам тўлмаса бўлди.
Бахтимизга дунё қарши бўлса ҳам,
Фақат Тангрим қарши бўлмаса бўлди.

Сенинг юрагингга кириб борурман…

***

Бу шеърлар шунчаки хом хаёл эмас,
Бу шеърлар эртадир, бу шеърлар тақдир.
Сени ҳам, уни ҳам кўнглимга солган,
Ягона ёлғиздир, ягона Ҳақдир.

Даъволар ҳавода қолмас муаллақ,
Улар бир кун… бориб кўкка етади.
Ҳақ берган сўзларим ҳар он, ҳар жойда
Изимни, юзимни ёруғ этади.

Ростин айтар бўлсам, ҳар кеч ухламай
Ёруғ хаёлларинг ичра сузаман.
Баъзан қалам олиб, оппоқ қоғозга
Сен ҳақда ўйларнинг расмин чизаман.

Бу расмга боққан сени кўргуси,
То уни чизгунча минг тиндим, жўшдим.
Унга ишлатилган бўёққа — умрим
Ва гўзал бўлсин деб кулгунгдан қўшдим.

Чизгини шеър дея номлаш илинжда,
Теппага исминг-ла сарлавҳа ўйдим.
Ширин титроқ ичра расмга охир,
Дилмурод Дўст дея имзо ҳам қўйдим.

Бу шеърлар шунчаки хом хаёл эмас,
Бу шеърлар эртадир, бу шеърлар тақдир.
Сени ҳам, уни ҳам кўнглимга солган,
Ягона ёлғиздир, ягона Ҳақдир.

Дилмурод ДЎСТ.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn