Франц Кафка. Ҳикматлар

franz-kafkaҲақиқий йўл баландликда эмас, балки шундоққина ер устига тортилган дор орқали ўтади. Бу йўл одим отишга эмас, балки ҳамиша қоқилиш учун мўлжалланганга ўхшайди.

* * *
Инсон ҳамма хатоларининг моҳияти тоқатсизлик, изчилликдан барвақт воз кечиш, сохта ишга сохта диққат-эътиборни қаратишдадир.

* * *
Ҳамма бахтсизликларни келтириб чиқарадиган иккита асосий инсоний гуноҳ бор: бу – тоқатсизлик ва бепарволик. Тоқатсизлик сабаб инсон жаннатдан қувилган, бепарволиги туфайли у ерга қайтиб бора олмайди. Эҳтимол, битта асосий гуноҳ: тоқатсизлик бордир. Тоқатсизлик учун қувилган, тоқатсизлик сабаб қайта олинмайди.

* * *
Ёвузликнинг энг таъсирчан васвасаси – курашга даъватдир.

* * *
Катак қушни излаб кетди.
* * *
Сен – жумбоқсан. Атрофда эса уни ечишга қодир бирорта ўқувчи йўқ.

* * *
Мақсад бор, аммо йўл йўқ; биз йўл деб атайдиган нарса – бу сусткашликдир.
* * *
Мен авваллари нега саволимга жавоб олмаслигимни тушунмас эдим, бугун мен қандай қилиб умуман сўраш мумкин деб ўйлаганимга тушунмайман. Лекин мен ўйламаганман, фақат сўраганман.

* * *
Ёвузликка қарзни муҳлатини чўзиб тўлаш мумкин эмас – аммо муттасил шунга интиладилар.
* * *
Уларга шоҳ ёки шоҳ жарчилари бўлишни ўзлари танлашлари ҳуқуқи берилганди. Уларнинг ҳаммаси худди болалардек шоҳ жарчилари бўлишни ҳоҳлашди. Шу сабаб фақат жарчилар бор, бу кимсалар дунё бўйлаб елиб юрадилар ва шоҳ йўқлиги учун маъносини йўқотган хабарларни бир-бирларига етказадилар.
* * *
Тараққиётга ишониш тараққиётга эришилди дегани эмас.

* * *
У Ернинг ҳур ва ҳимоя остига олинган фуқаросидир. Зеро, у заминдаги барча кенгликларга ета оладиган даражада узун занжирга боғланган, аммо бу занжирнинг узунлиги шунчаки, унинг Ер доирасидан чиқишига имкон бермайди. Айни пайтда у яна фалакнинг ҳам ҳур ва ҳимоя остига олинган фуқаросидир. Чунки, фалак занжирига ҳам худди шу тарзда боғланган. Агар у Ерга талпинса, бўйнидаги фалак сиртмоғи бўғади, фалакка интилса – Ернинг сиртмоғи. Шунга қарамасдан унда ҳамма имкониятлар бор, буни у ҳис қилади, ҳатто у бунинг даставвалги янглишув эканлигини тушунтиришдан ҳам бош тортади.
* * *
Ўзингни инсонийликда синаб кўр. У иккиланувчиларни иккиланишга, ишонадиганларни ишонишга мажбур қилади.

* * *
Руҳ таянч вазифасини ўтамасагина эркин бўла олади.

* * *
Ишонч кундага тушаётган болтадек ҳам залварли, ҳам енгил.

* * *
Ўзинг билан дунё ўртасидаги курашда тинчлик ҳаками бўл.

* * *
Атрофимиздаги ҳамма уқубатлардан биз ҳам азоб чекишимиз керак. Ҳаммамизнинг танамиз бир эмас, лекин биз бир хил ривожланамиз. Шу сабабли биз у ёки бу шаклда барча дардларни бошдан кечирамиз. Гўдак улғайиши давомида то қаригунча ва вафот этгунга қадар ҳаётнинг барча босқичларидан ўтгани каби, биз ҳам инсоният билан боғлиқлигимиз сабабли улғайишимиз давомида бу дунёнинг барча уқубатларидан ўтамиз. Бундай аҳволда адолатга ўрин йўқ. Шу билан бирга уқубат олдида қўрқинчга ёки уқубатни марҳаматдек талқин этишга ҳам ўрин йўқ.

* * *
Гуноҳ ҳамиша ошкор ҳолда келади ва дарҳол ҳис этилади. У ўз илдизи орқали ортга қайтади ва уни юлиб олиш шарт эмас.

* * *
Биз идрок дарахти мевасидан баҳраманд бўлишимиз учунгина эмас, шунингдек, ҳаёт дарахти мевасидан баҳрамандлигимиз учун ҳам гуноҳкормиз. Гуноҳимиздан қатъи назар, шу ҳолатда бўлишимизнинг ўзи гуноҳдир.

* * *
Ҳаёт муқаддимасининг икки вазифаси бор: ўз доирангни тобора чеклаш ва мунтазам равишда ўз доиранг ташқарисида қаердадир бекиниб олмаганлигингни текшириб бориш.
* * *
Салбий ишга қўл уриш – бу ҳали зиммамизга юкланадигани; ижобий ишларга қўл уриш – бизга инъом этилгани.

* * *
Эзгулик, қайсидир маънода, хурсандчилик эмас.

* * *
Унинг, эҳтимол, эгалик қилиши, лекин мавжуд эмаслиги ҳақидаги тасдиққа жавоби фақат титраш ва юрак уриши бўлди.

* * *
Агар сен текис йўлдан ўз ихтиёринг бўйича кетаётган ва шунга қарамасдан орқага чекинган бўлсанг, ниятинг пучга чиқарди; бироқ сен қияликдан юқорига тирмашар экансан ва бу қиялик пастидан ўзинг унга осилиб қолгандек туюлсанг, орт томон қадам қўйилиши фақат замин хусусиятлари туфайли бўлиши мумкин ва бундан тушкунликка тушмаслик керак.
* * *
Шундай саволлар борки, агар биз табиат томонидан улардан ҳалос этилмаганимизда, бу саволлар ёнидан ўтиб кетолмаган бўлардик.
* * *
Баъзан ёвузлик қўлдаги қуролга ўхшайди; уни танисанг ҳам ёки танимасанг ҳам, ироданг билан четга суриб қўйишга қаршилик кўрсатмай, изн беради.
* * *
Ёвузлик – инсон тафаккурининг муайян ўтиш ҳолатларидаги нуридир. Сохта хаёллар моҳият жиҳатидан ҳиссиёт дунёси эмас, балки унинг ёвузлигидир; лекин у бизнинг нигоҳимизга ҳиссиёт дунёси бўлиб кўринади.

* * *
Ҳақиқат бўлинмайди, демак, у ўзи-ўзини идрок эта олмайди; ким уни идрок этмоқчи бўлса, ёлғонга айланиши керак.

* * *
Бу дунёда ким ўз яқинларини яхши кўрса, бутун оламда фақат ўзини яхши кўрадиганларга қараганда кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас адолатсизлик қилади; бунда фақат битта савол қолади: яқинни яхши кўриш мумкинми?

* * *
Ким дунёдан воз кечса, барча инсонларни яхши кўриши керак, зеро у уларнинг дунёсидан ҳам воз кечмоқда. Бу билан у инсониятнинг ҳақиқий моҳияти нимадан иборат эканлигини англай бошлайди: чунки сен инсониятга мансуб экансан, уни яхши кўрмаслик мумкин эмас.

* * *
Биз жаннатда яшаш учун яратилган эдик, жаннат бизга хизмат қилиши учун яратилган эди. Биз нима учун яратилганлигимиз ўзгартирилди; лекин жаннатнинг яратилишига нима бўлганлиги ҳақида лом-мим дейилмайди.
* * *
Муайян нуқтадан бошлаб орқага қайтиб бўлмайди. Бу нуқтага етиб бориш керак.
* * *
Бизнинг санъатимиз – ҳақиқатдан кўр бўлишдир.

* * *
Ёвузликка сенда ундан яширадиган сиринг борлигига ўзингни ишонтиришига изн берма.
* * *
Маънавий дунёдан бошқа ҳеч нарса йўқ; биз ҳиссий дунё деб атайдиган нарса маънавий дунёдаги ёвузликдир, биз ёвузлик деб атайдиган нарса доимий тараққий этишимизнинг қайсидир лаҳзасидаги зарурат холосдир.
* * *
Ҳеч кимни, шу жумладан, дунёни ҳам у ғалабага эришганлиги билан алдаб бўлмайди.
* * *
Илоннинг воситачилиги зарур эди: илон инсонни авраши мумкин, лекин ўзи инсон бўла олмайди.
* * *

Сен турган замин икки оёғинг кафти босиб туришга етарли бўлганидан катта эмаслигини англаб етиш – бахтдир.

* * *
Рақибинг ҳақиқий бўлса, вужудингни чексиз матонат қамрайди.

* * *
Инсоний тараққиётнинг ҳал қилувчи лаҳзаси боқийдир; шу сабабли ўтмишдаги барча нарсани арзимас деб эълон қиладиган инқилобий маънавий ҳаракатлар ҳақдир, зеро, ҳали ҳеч нарса содир бўлгани йўқ.
* * *
Худди кузги йўлакдек: уни ҳозир шипирган бўлсалар-да, шу заҳотиёқ қуруқ япроқлар билан қопланади.
* * *
Рўпарамиздаги ўлим – тахминан синф деворида Искандар Зулқарнайннинг жангги тасвирланган суратдек. Аммо, ҳамма гап бу ҳаётда ана шундай суратни ўз ишларинг билан безаш ёки манзарани батамом ўчиришда эканлигидадир.
* * *
У тошни сиққан қўлдек бақувватдир, қўл эса тошни иложи борича узоқроққа отиш учунгина маҳкам сиққан; лекин йўл ўша олисликка ҳам олиб боради.
* * *
Сен дунё азобларидан ўзингни четга олишинг мумкин, сен учун бунга изн берилади ва бу табиатингга мос; лекин, эҳтимол, ана шу ўзингни четга олиш сен дучор бўлмаслигинг мумкин бўлган яккаю ягона азоб бўлар.

* * *
Инсон иродасининг эрки бор, бу уч хил кўринишдадир. Биринчидан, у мазкур ҳаётни хоҳлашда эркин эди; энди эса, у бу эркини орқага қайтариб ололмайди, чунки ҳозир унинг ўзи ана шу эркни хоҳлаган пайтидагидек эмас. Иккинчидан, у бу ҳаёт йўлини ва унда қандай юришни танлаш эркига эга. Учинчидан, у қачонлардир яна ҳаётга келадиган инсон ҳар қандай шароитда ҳаёт орқали ўзлигини топиш учун танлаб олган бўлса ҳам жуда чалкаш йўл орқали одим отишга ўзини мажбурлай оладиган иродага эга эканлиги учун ҳам эрклидир. Аммо бунда ана шу ҳаёт йўлларининг биронтасига одам қадами етмай қолмайди. Эркин ироданинг бу уч тури, айни пайтда, моҳият даражадан шу даражада бир хиллиги эркин ирода учун ҳам, эрксизи учун ҳам жой қолдирмайди.

* * *
Ҳиссий муҳаббат самовий муҳаббатни яширади; бир ўзи бунинг уддасидан чиқа олмасди, лекин у англамаган ҳолда самовий муҳаббат белгиларини ҳам ўзида мужассамлаштиргани учун буни эплай олади.

* * *
Ҳамма нарса лаҳзада. У ҳаётни белгилайди.

* * *
Инсоният уқубатларининг кишанлари идора қоғозларидан ясалган.

* * *
Тасодифлар фақат бизнинг миямизда, чекланган тасаввуримизда мавжуддир. Улар тафаккуримиз чегараларини акс эттиради. Тасодифларга қарши кураш – ҳамиша ўзимиз билан кураш, биз ҳеч қачон ғолиб чиқмайдиган курашдир.
* * *
Ҳаёт тўлақонли эканини англаган кимса ўлим қўрқинчини билмайди. Ўлим олдидаги қўрқинч фақат омадсиз ҳаёт оқибатида бу ҳаётга қилинган хиёнат ифодасидир.
* * *
Бахт қариликни истисно этади: гўзалликни идрок этадиган одам қаримайди.
* * *
Гуноҳлар жаннати орқали эзгулик дўзахига йўл оласан.

* * *
Соғлом инсон учун ҳаёт, аслини олганда, фақат ўзинг тан олмайдиган ва англамаган ҳолдаги қочишдир. Бу эртами-кеч ўлишинг кераклиги хақидаги ўйдан қочишдир. Касаллик ҳамиша англамаслик ва кучни синашдир; шу сабабли хасталик, оғриқ, азият чекиш – диний эътиқоднинг энг муҳим манбаидир.
* * *
Агар тақдирим тақозоси шу бўлса, пешонамга фақат вафот этиш эмас, балки ўлгунимга қадар бунга қаршилик кўрсатиш ҳам битилган.

* * *
Театр ҳаётга таъсир кўрсата олиши учун кундалик ҳаётдан кучлироқ, жўшқинроқ бўлиши керак. Ўқ отаётганда мўлжални юқорироқ олиш лозим.

* * *
Ҳамма нарса, шу жумладан, ёлғон ҳам хақиқатга хизмат қилади.
* * *
Соялар қуёшни сўндира олмайди.
* * *
Ҳаётнинг моҳияти унинг ниҳояси борлигидадир.

* * *
Йўл чексиздир, уни на узайтира, на қисқартира оласан, аммо ҳар бир одам унга ўз ҳолича қаричини қўшади. Албатта, сен бу қўшган қаричингни ҳали ўзинг босиб ўтишинг керак, бу сенинг ҳисобинга ёзилади.

* * *
Ўз турмасига кўникиши – ҳаётининг мақсади бўлиши мумкин эди, аммо катакнинг панжараси бор эди, панжара узра ёруғ дунёнинг шовқини худди ўз уйига кираётгандай бефарқ, ҳукмронларча бостириб кираверар эди. Маҳбус амалда озод, ҳамма нарсада иштирок этиши мумкин эди, ташқаридаги бирон нарса нигоҳидан қочмасди, у ҳатто катакни тарк этиши мумкин эди. Чунки панжара симлари бир-биридан бир метр оралиқда маҳкамланганди, у ҳатто маҳбус ҳам эмасди.

* * *
Инсон организмидаги курашда муттасил ўзгариб туриш, янгиланиш, ўлиш, тирилишнинг табиий кўринишлари мавжудлигини инкор этиш учун бизда ҳамиша куч топилади, лекин матонатимиз йўқ. Ҳолбуки, яшаш – инкор этишдир, демак, инкор этиш – бу тасдиқлашдир.

* * *
Унинг икки рақиби бор: бири аввал – бошдан уни орқасидан итариб келади. Иккинчиси – олдинга юришига тўсиқ бўлади. У ҳар иккиси билан курашади. Биринчи рақиби уни иккинчиси билан курашда қўллаб- қувватлайди, чунки уни олдинга сурмоқчи бўлади. Иккинчиси ҳам уни биринчи рақиби билан курашда қўллаб-қувватлайди, чунки уни орқага сурмоқчи бўлади. Аммо бу фақат назарияда шундайдир, чунки фақат ана шу икки рақиб эмас, унинг ўзи ҳам бор. Аслида, унинг ниятини ким билади? Ҳар ҳолда у қачонлардир ҳеч қачон аввал дуч келмаган зимистон тунда жанг майдонидан чиқишни ҳамда жанговар тажрибаси туфайли бир-бири билан курашаётган рақиблари устидан ҳакамлик тайинланишни орзулайди.

***
У Архимеднинг таянч нуқтасини топди, лекин уни ўзига қарши ишлатди. Афтидан, унга бу таянч нуқтасини топиш учун худди шу шарт билан имкон яратилган бўлса керак.
***
Айтилган фикр ўз моҳиятини дарҳол ва узил-кесил йўқотади; ёзилган фикр ҳам моҳиятини ҳамиша йўқотади, бироқ баъзида янги фикрга айланади.

* * *
Ёшлик боқий бўлиши мумкин эмас; бошқа бирон тўсиқ бўлмаса ҳам у ўзи-ўзини кузатиши бундай имкониятни истисно этади.

***
Менинг турган-битганим адабиётдир.

***
Ғариб ёзувчилар маҳаллий намуналарга тақлид эвазига кун кўрадилар.
***
Ўзимни тарк этишга ҳақим йўқ, чунки мен шундайига ҳам мутлақ ёлғизман.
***
Ўз фарзандларидан марҳамат кутувчи ота-оналар худди фойдани кўзлаб, таваккалга пул бераётган судхўрга ўхшайдилар.
***
Агар мен ҳикояларни тунда қоғозга тушириб қолмасам, улар рўёдек ғойиб бўладилар.
***
Кўлмакда машқлар ўтказиш билан одамларни денгизларнинг оғир синовига тайёрлаб бўлмайди, бироқ кўлмакдаги керагидан ортиқ машқлар оқибатида одамни денгизчи бўлиш имкониятидан маҳрум этиш мумкин.

***
Албатта, қўрқув – бахтсизлик, лекин жасурлик – бахт дегани эмас, зотан, бахт бу – қўрқув қаршисида довдираб қолмасликдир.
* * *
Миядан қаламгача бўлган йўл, миядан тилгача бўлган йўлга қараганда, анчагина узоқ ва машақатлироқдир.

* * *
Шеърият – касалликдир… Иситмани тушириш ҳали соғайиш дегани эмас. Аксинча! Иситма одамни поклайди ва онгни равшанроқ қилади.

* * *
Шоирлар одамлар кўзларини алмаштиришга, бу билан эса, воқеликни ўзгартиришга ҳаракат қиладилар.
* * *
Санъат – кўзгудир. Баъзан у соат каби илгарилаб кетади.

* * *
Ҳақиқатдан ҳам катта сир мавжуд эмас. Санъат – ҳамиша фақат ҳақиқатни топиш учун сафардир.
* * *
Ҳақиқат билан ўйнашиш – ҳамиша ҳаёт билан ўйнашишдир.

* * *
Ижодкор учун ижод – азобдир. Бу уқубат орқали у ўзини янги азобларга тайёрлайди.
* * *
Ҳаёт ҳаммавақт эътиборимизни чалғитади ва биз у нимадан чалғитаётганини ҳам сезмай қоламиз.
* * *
Менинг турмахонам – менинг қалъамдир.

* * *
Айримлар қуёшни далил қилиб кулфатни рад қиладилар, у эса кулфатни далил қилиб қуёшни рад этади.
* * *
Аждодларнинг ким тўғрисидадир фикри замондошларникига қараганда тўғрироқлигининг сабаби вафот этган шахс билан боғлиқ. Агар сен танҳо бўлсанг, бутун ўзига хослигинг вафотингдан кейин намоён бўлади. Ҳар бир кимса учун ўлим – мўри тозаловчилар учун шанба оқшомидагидек: улар танадаги дудни тозалайдилар. Ўшандагина ким кимга: замондошлар унга ёки у замондошларга кўпроқ зарар келтирганлиги яққол кўринади. У замондошларга кўпроқ зарар етказган бўлса, ҳақиқатдан ҳам буюк инсон ҳисобланади.
* * *
Одамлар билан биргаликда бўлиш – қандай бахт!

* * *
Даҳо. У ўз ожизлигининг хўжайини бўлишдан даҳшатга тушарди.

* * *
… Мавҳумликка эврилиш! Бу қандай дахшатли.
* * *
Ўз фантастик ички ҳаётини тасвир этиш хоҳиши барча бошқа нарсаларни йўққа чиқарди…
* * *
Фақат чидаб бўлмас даражада бахтсиз бўлгандагина мен ҳақиқий ўзлигимни топаман.
* * *
Бальзак “барча тўсиқларни яксон қиламан” шиори битилган асони олиб юрарди. Менинг шиорим эса “барча тўсиқлар мени яксон қилмоқда” мазмунида бўларди.
* * *
Мен ўзимга ишончни йўқотдим, аммо чексиз айбдорлик ҳиссига эга бўлдим.
* * *
Санъат ҳақиқат атрофида гулхан атрофидаги капалакдек учиб юради, лекин қатъий нияти – куйиб қолмасликдир.

* * *
Асар битиш антиқа, сирли, эҳтимол, хавфли, эҳтимол, халос қилувчи таскин ато этади: у “ҳаракат-кузатиш, ҳаракат-кузатиш” ҳалокатли қайтарилиш доирасидан қутилиб чиқиш имконини беради.

* * *
Асар ёзиш – ибодат қилиш шаклидир.

* * *
Табиий кўриниш ҳисобланган инкор этиш учун бизда ҳамиша куч топилади, лекин матонат етишмайди: чунки яшамоқ — инкор этмоқдир, демак инкор этмоқ – тасдиқлашдир.
* * *
У сув ичишни истайди ва уни булоқдан буталаргина ажратиб туради. Аммо ўзи иккига бўлакланган: бир қисми нигоҳи билан ҳамма нарсани қамраб олади, у шу ерда турганлигини ва булоқ ёнида эканлигини кўриб туради; иккинчи қисми эса ҳеч нарсани пайқамайди, балким биринчи қисми ҳамма нарсани кўраётганлигини сезаётган бўлиши мумкин, бироқ у ҳеч нарсани пайқамаётганлиги учун ташналигини қондира олмайди.

* * *
Агар бахтдан вафот этиш мумкин бўлса – бу тез орада мен билан содир бўлиши мумкин; агар кимдир унинг пешонасига ўлиши ёзилган бўлиб, бахт сабабли тирик қолса – демак, мен ҳам яшашни давом эттираман.

* * *
Муҳаббат – сен жисмни чавақлаётган пичоқсан.

* * *
Мақсад ҳақиқатан ҳам мавжуд, аммо у томон олиб борадиган йўлнинг ўзи йўқ.
* * *
Инсоният ўзини таниганидан анча илгари гапга кўмилиб ётарди, бошқа томондан эса нутқ ёлғон сўзлаш зарурати туғилгандагина пайдо бўлганди.

* * *
Иқрор бўлиш ва ёлғон айнан ўхшаш. Иқрор бўлиш учун алдашади. Сен мавжуд эканлигингни ифода этиб бўлмайди, зеро, сенинг борлигинг хақиқат: сенинг йўқлигингдан, яъни, ёлғондан хабардор қилиш мумкин эмас.
* * *
Бу ёпиқ дунё, мен – унинг фуқаросиман; бу ерда ҳам худди ердагидек: пайдо бўлибсанми, орқангдан Азройил келгунга қадар яшайвер.

* * *
Ижодий ҳаёт нафас олишини тўла ҳис эта олмаган кимса ҳар қандай ишда хасталанади.
* * *
Мен кўтарилишим учун қурбим етмайдиган даражада ўзимдан юқори қўя оладиган нарсанигина яхши кўришим мумкин.

* * *
Ҳамиша ҳам қутқарилиш учун қочилмайди, шамол гулхандан кўтарган кул қутқарилиш учун учиб кетмайди.
* * *
Ҳаёт шу қадар ишонтириш кучига эгаки, ҳақ ва ноҳақликка биронта ўрин қолдирмайди… Худди, шунингдек, ажал чангалида ноумидликдан типирчилаётганингда адолат ва адолатсизлик ҳақида мулоҳаза юрита олмайсан, айниқса, улар ҳақида умидсизликка тўла ҳаётингда мулоҳаза юритишнинг имкони йўқ.
* * *
Тажриба ҳеч нарсадан бирор нарса пайдо бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.
* * *
Адабиёт – нуфузли жой: у гўё сен бир лаҳзага бўҳрон ва шафқатсизликлардан муҳофаза қилинганингдек, дунёга эркинроқ назар ташлашингга имкон беради; у антиқа ва сирли таскин беради.

* * *
Вақт ғилдирагидан қўлингни олишинг билан у олдингда шу қадар тез айлана бошлайдики, қўлингни яна унга қўйиш учун ҳеч қандай имкониятга эга бўлмайсан.

ХХ аср адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Франц Кафка (1883-1924) миллати яҳудий, яшаш жойи бўйича прагалик, гарчи чех тилини она тили деб эътироф этган бўлса-да, ижоди ва адабий анъаналари бўйича немис ёзувчисидир. Унинг шахси ноёб тарихий-маданий маконда, Габсбурглар қурама империясининг ўзига хос муҳитида ва унинг пойтахтларидан бири бўлган Прага шаҳрида шаклланган. Ушбу шаҳар ўз даврида Европанинг маданий марказларидан бири бўлган. Бу ерда Эйнштейн ва Гашек каби ноёб истеъдод эгалари ишлаган ва ижод қилган.

Франц Кафка маълумоти бўйича ҳуқуқшунос бўлган. У Прага университетининг юридик факультетини тамомлаган, ҳуқуқшунослик доктори илмий даражасига эга бўлган. Франц Кафканинг кенг қамровли ҳуқуқшунослик тафаккури кўпчилик асарларида ёрқин ифодасини топган.
Бу адиб бадиий ижодининг ўзига хослиги шундаки, у оламшумул машҳурликка вафотидан кейин муяссар бўлган. Бу ҳам бахтли тасодиф туфайли рўй берган. Унинг яқин дўсти ва васийси Макс Брод ёзувчининг васиятига амал этмасдан, Франц Кафка вафотидан кейин унинг асарларини чоп эттирган, таржимаи ҳолини ёзган, роман ва қиссалари, бошқа ижод намуналарини оммалаштириш учун кўп саъй-ҳаракатлар қилган. Франц Кафканинг тугалланмаган уччала романи ҳам вафотидан сўнг: “Маҳкама иши” – 1925 июлда, “Сарой” – 1926 йилда, “Америка” – 1927 йилда чоп этилган. Ҳозирга келиб тўпланган барча асарлари катта ҳажмдаги ўнта жилдга жой бўлган.
Франц Кафка ижоди китобхонларда катта қизиқиш уйғотади. Унинг роман ва қиссалари, ҳикояларида ўз даврининг ўткир сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий муаммолари, инсон руҳиятининг энг мураккаб қирралари, оддий одамларнинг фожиавий қисматлари юксак маҳорат билан, бетакрор усулда тасвирланган.
Тадқиқотчиларнинг синчиклаб ҳисоблаб чиқишларига қараганда, нашрлар, тадқиқотлар, тақризлар, иқтибос келтиришларнинг сони бўйича Франц Кафка ўз замондошларидан анчайин ўзиб кетган. Ана шу кўрсаткичлар, шунингдек, халқаро ким ошди савдоларидаги қўлёзмаларнинг баҳоси бўйича ҳам Франц Кафка ўзи бутун умри давомида худди тангридек сиғиниб келган Гётега тенглашиб қолган. Шунинг учун Германияда энг машҳур адиблардан бири, Нобель мукофоти лауреати Ҳерман Ҳессе Франц Кафкани “немис насрининг ҳуфиёна қироли” деб атаган.
Франц Кафканинг асарлари кўп жиҳатдан ўзининг ўта умидсиз оилавий ва ижтимоий муҳитда кечганга ўхшаш, фикри тор майда хизматчининг ғамгин ҳаёти ва онгини чулғаб олган азобли қўрқинчлар ҳақидаги ҳикояларнинг узвий давоми ва ички ҳиссиётлари инъикосидир. У, ўз таъбири билан айтганда, “ҳамма нарсани ичига ютиб, дунёни фақат ўз тимсолида ҳис этиб ва ўзи орқали ўтказиб” яшаган.
Франц Кафка романлари, қиссалари, ҳикоялари, кундаликларини ўқир экансиз, тез-тез халқ мақол ва маталларидек қуйма сатрларга дуч келасиз. Тағин қанақа денг, кафкача, жуда даҳшатли, телбаликка қараганда ўзгачаликнинг мудҳиш тусига эга ҳикматлар.
Адибнинг ўзи бу афоризмларни “Ҳақиқий йўл тўғрисидаги мушоҳадалар” деб атаган. Уларда ҳаммага қўллаш мумкин бўлган ҳаёт донолиги жуда ҳам кам, бироқ, Франц Кафканинг ўзига дахлдорлиги, унинг тасаввурлари ва тажрибасига мансублари жуда кўп. Афоризмлардан қаҳр уфуриб туради, бу билан улар Ницше афоризмларини эслатади, лекин улардан ташқари бу ҳикматларда беҳоллик ва қўрқинч жуда кўп, бу эса – худди Кафкадир. Бундай афоризмлардан иқтибос келтириш жуда қийин, чунки улар Кафканинг романлари каби бадиий асарлардир, фақат афоризмларнинг ҳар бири эмас ҳаммаси жамланган ҳолдагина.
Франц Кафка афоризмлари фақат муаллиф – қаҳрамонга нисбат берилган шахсий кечинмалар мажмуидир. Улар шу даражада шахсий, шахсий тажриба, кечинма ва изтироблардан шаклланган бўлишига қарамасдан, четда турган китобхон ҳам бу афоризмларни идрок этибгина қолмасдан, ўзига нисбатан қўллай ҳам олади. Франц Кафка ҳикматларида китобхон тубсизликни ҳис этади, аммо бу, масалан, унинг эмас, балки Франц Кафканинг шахсий телбалиги тубсизлигидир.
Сизга тақдим этилаётган ҳикматлар худди шундан далолат беради.

Акмал САИДОВ,
профессор

www,ijod.uz

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn